Электронная библиотека » Чингиз Айтматов » » онлайн чтение - страница 48


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:29


Автор книги: Чингиз Айтматов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 48 (всего у книги 67 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ўразқул ўз ҳаётини кўрарга кўзи йўқ. Ҳаёти ўзи истаганча эмас. Бу ҳаёт Мўмин чаққонга ўхшаганларга хос. Унга эса нима ҳам керак? Умри меҳнатда ўтяпти, бир кун дам олиш йўқ. Умрида эса бирон инсон унга қарам бўлган эмас, у эса ҳаммага қарам бўлиб келган, ҳатто ўзининг кампирига ҳам – чол ҳатто унга бир сўз қайтармайди. Шундай шўрпешана эртак билан ҳам бахтиёр бўлаверади. Ўрмонда буғуларни кўриб, худди юз йил дунёда излаган ака-укаларини учратгандек, кўз ёши қилиб юрибди-я.

Эҳ, нимасини гапирасан…

Улар ахири сўнгги манзилга чиқишди, у ердан узун тик йўл дарёга тушиб боради. Тин олгани тўхташди.

Дарёнинг нариги бетида, қоровулхона ёнидаги Ўразқулнинг уйи олдида қандайдир буғ кўтариларди. Буғга қараб самовар қайнаб турганини билса бўларди. Демак, уни хотини кутаётибди. Лекин бундан Ўразқул енгил тортмади. У оғзи билан энтикиб нафас олар, ҳаво етишмасди. Кўкраги, боши оғрир, юраги гупиллаб урарди. Пешанасидан тер қуйиларди. Олдинда эса ҳали узоқ ва тик нишаб турибди. Уйда эса пуштсиз хотин кутиб ўтирибди, самовар қўйиб ўтирганларига куяйми, кўнглимни топмоқчи… Бирдан чопиб бориб, бу қориндор самоварни бир тепиб, учириб юборгиси келиб кетди. Кейин эса хотинига ташланиб, ўлгудай урса. У хаёлан хотинининг дод-фарёдини эшитиб, унинг бахтсиз қисматини тасаввур қилиб, ҳузур қилди.

«Яхши бўпти, – ўйларди у. – Ажаб бўпти. Мен қийналганимда нега у роҳат қилиб ўтириши керак?»

Унинг хаёлларини Мўмин бўлди.

– Мен эсимдан чиқараёзибман, ўғлим, – шоша-пиша хатосини тузатмоққа уриниб Ўразқулнинг олдига келди. – Мен болани олгани мактабга боришим керак, ахир. Дарслари тугади-ку.

– Хўш, нима бўпти? – атайин вазмин оҳангда сўз қотди Ўразқул. – Нима қил дейсан?

– Жаҳлинг чиқмасин, болам. Ёғочни шу ерда қолдирамиз. Ўзимиз пастга тушамиз. Сен уйингга бориб овқатланасан. Мен шу пайтда отда чопиб мактабга бориб келаман. Болани олиб қайтаман. Кейин келиб ёғочни олиб кетамиз.

– Шуни ўйлаб топгунча анча бош қотирдингми, чол? – заҳархандалик билан гап қотди Ўразқул.

– Бола ахир йиғлайди-да.

– Нима бўпти шунга? – қизишди Ўразқул. Ниҳоят чолни хумордан чиққунча сўкишга баҳона топилди. Кун бўйи Ўразқул жанжалга баҳона ахтарди, мана энди Мўминнинг ўзи унга баҳона топиб берди. – У йиғлар экан деб биз ишимизни ташлаб кетайликми? Эрталаб, мактабга олиб бораман, деб бошни қотирдинг. Олиб бординг, яхши. Энди мактабдан олиб келаман дейсан. Мен нима сенга? Ё биз майнабозчилик ўйнаяпмизми бу ерда?

– Кераги йўқ, ўғлим, – зорланди Мўмин. – Шундай кунда. Менга-ку майли-я, бола кутади-да, шундай кунда йиғлайди-да…

– Нима шундай кунда? Бу қанақа хосиятли кун ўзи?

– Буғулар қайтди. Нима кераги бор эди шундай кунда…

Ўразқул довдираб, ҳатто ҳайратидан жим бўлиб қолди. У тиканли буталар орасида юмалаб, қўрқувдан юраги ёрилаёзганда сакраган соялари лип этиб ўтгандай кўзга ташланган бу буғуларни аллақачон унутган эди. Ёғоч билан пастга юмалаганда биргина дақиқада тақдири ҳал бўлиб кетарди. Унинг буғуларга қарашга ҳам, чолнинг вайсашига қулоқ солишга ҳам ҳоли келмай қолганди.

– Сен мени нима деб ўйлаяпсан? – деди у секин ва жаҳл билан чолнинг юзига пишқириб. – Афсус, соқолинг йўқ, бўлмаса бошқаларни ўзингдан кўра аҳмоқроқ деб ўйламаслигинг учун юлиб ташлардим. Сенинг буғуларингни бошимга ураманми. Нимасига яна мен уларни ўйлашим керак экан. Сен мени гап билан чалғитма. Қани тур, ёғочни ушла. То дарёдан олиб ўтмагунимизча, бирон нима ҳақида ғинг дема. У ёқда ким мактабга боряпти, ким йиғлаяпти – менинг ишим йўқ. Бас, энди кетдик…

Мўмин ҳар сафаргидек бўйсунди. У токи ёғоч жойига бормагунча Ўразқулнинг қўлидан қутулиб кетолмаслигини билиб, сукут сақлаганча жон-жаҳди билан ишларди. Қалби туғён уриб ётса ҳам, у бошқа бирон сўз қотмади. Набираси уни мактаб олдида кутиб турибди; ҳамма болалар уй-уйига тарқаб кетишган, фақат ёлғиз унинг етим набирасигина йўл пойлаб, бобосини кутмоқда.

Чол барча синфнинг болалари мактабдан қандай ер тепиниб отилиб чиқишини, қандай уй-уйига чопқиллаб кетишини кўз олдига келтирди. Оч қолишган. Улар йўлдаёқ ўзларига тайёрланган овқатнинг ҳидини сезишади ва қувончга тўлиб, ҳаяжонланиб уйларнинг деразаси остидан чопиб ўтишади. Оналари аллақачон кутиб ўтиришибди. Ҳар бирининг чеҳрасида одамни қувонтирадиган табассум. Она ўзига оғирми, енгилми, боласи учун табассум қилишга ҳар қачон ўзида куч топа олади. Ҳатто она: «Қўлларинг-чи? Қўлларингни ким ювади?» – деб ўшқириб турганда ҳам барибир унинг кўзларида ўша табассум яширинган бўлади.

Мўминнинг набираси ўқишга тутинган кундан бери қўли сиёҳдан аримай қолди. Бу бобосига ҳатто ёқиб тушарди: демак, йигитча иш билан машғул. Ана, ҳозир унинг набираси сиёҳли қўлларида шу йил ёзда сотиб олинган портфелини ушлаб йўлда турибди. У, эҳтимол, кутавериб чарчаган ва энди кўзини узмай, отда йўртиб келаётган бобом дўнгликда кўриниб қолмасмикан, деб безовталаниб тургандир. Ахир у ҳамиша ўз вақтида келарди-ку. Бола ҳар сафар мактабдан чиққанида бобоси сал нарида уни тоқатсизлик билан кутиб турарди. Ҳамма уй-уйига тарқаб кетар, у эса бобоси томонга чопарди. «Ана бобом турибди, чопдик!» дерди бола портфелига. Чопиб бораётиб ҳаяжонга тўлганча тўхтаб қоларди. Агар ён-верида ҳеч ким бўлмаса, у бобосига ташланиб, эски уст-бошларининг ва ёзги қуруқ пичаннинг ўзи кўникиб кетган ҳидидан нафас олиб, юзларини унинг қорнига ишқаб қучоқлаб оларди. Ўша кунлари бобоси нариги қирғоқдан пичан таширди, қишда қалин қорда у ерга етиб бўладими. Яхшиси кузда ташиб келтирган маъқул-да. Кейин анча пайтгача Мўминдан тўзғиган пичаннинг ачқимтил ҳиди келиб юрди.

Бобо болани ўзининг орқасига, отнинг сағрисига мингаштириб олар, шу билан у ёқдан-бу ёқдан гаплашиб етиб келиб қолганларини сезишмасди. Тоғ тепалигининг икки чўққиси орасидаги пастқамликдан ошиб, тўғри Сан-Тошга келишарди.

Боланинг мактабга қаттиқ берилгани бувисининг аччиғини келтирарди. Бола кўзини очган заҳоти, апил-тапил кийиниб, портфелига китобдафтарларни соларди. Кечаси ҳам портфелини ёнига қўйиб ётишидан бувисининг жаҳли чиқарди:

– Бу ярамас портфелга бунча ёпишиб қолдинг? Шу сенга хотин бўлиб қолгандами, қалинига бизни сотиб ер экансан-да…

Бувисининг гапи боланинг у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетар, қолаверса, гап нима ҳақда бораётганини ҳам унча тушуниб етмасди. Унинг учун энг муҳими мактабга кечикмаслик эди. У ҳовлига отилиб чиқиб бобосини шоширарди. Фақат мактаб кўзга ташлангандагина тинчланарди.

Бир сафар улар барибир кечикиб қолишди. Ўтган ҳафтада тонг хиёл ёришганда Мўмин отда нариги қирғоққа йўл олди. Эрталаб барвақт пичанга бир қатнов қилишга қарор қилганди. Ҳаммаси жойида бўлаётганди, лекин йўлда пичан сочилиб кетди. Яна ҳамма пичанни қайта боғлаб, яна отга ортиш керак эди. Шошиб боғланган пичан қирғоқнинг ўзида яна сочилиб кетди.

Набираси эса нариги томонда кутиб турарди. У ғадир-будур тошнинг устига чиқиб, портфелини силкир ва қичқириб аллакимни чақирарди. Чол шошар – арқон чалкашиб кетган, ечиб бўлмас, кўр тугун тушиб қолганди. Бола эса ҳамон қичқирарди, шунда чол унинг йиғлаётганини англади. Пичанни ҳам, арқонни ҳам ташлади-да, тезроқ набирасининг олдига етиб бориш учун отга миниб, уни кечувдан ҳайдаб кетди. Дарёдан ўтгунча ҳам анча вақт ўтди: кечувдан ўтиш осонмас, сув кўп, оқим тез. Кузда ҳали унча қўрқинчли эмас, ёзда отни чаппа ағдаради. Мўмин ниҳоят дарёдан ўтиб набирасининг олдига борганида у ҳўнграб йиғларди. Бобосига қарамас, фақат йиғлар ва сўйланарди: «Кечикдим, мактабга кечикдим». Чол отдан энгашиб, болани эгарга кўтариб олдида, йўртиб кетди. Бу мактаб қурғур яқин орада бўлгандами, боланинг ўзи ғиз этиб бориб келаверарди. Шунинг учун бутун йўл бўйи тўхтамай йиғлади, чол уни ҳеч нима билан овутолмади. Мактабга ҳам ҳўнграб йиғлаган ҳолида олиб келди. Дарс бошланиб кетган эди. Тўғри синфга олиб кирди.

Мўмин муаллима олдида қайта-қайта узр сўраб, бунинг бошқа такрорланмаслигини айтиб сўз берди. Лекин ҳаммасидан ҳам чол кечиккани учун набирасининг куйиб-пишганини ва зорланиб йиғлаганини кўриб изтироб чекди. «Илоҳим мактабни ҳамиша шундай севсин-да», – хаёлига келтирди у. Ҳарҳолда болапақир нимага бунчалик йиғлади. Демак, юрагида бир армон борда…

Ҳозир ҳам ёғочнинг атрофида чарх уриб, гоҳ у томонига, гоҳ бу томонига чопиб ўтар, тоғдан тезроқ пастликка сирғалиб тушсин, ҳеч қаерга илиниб қолмасин деб, ёғочнинг остига пишанг солиб, итариб бораркан, Мўминнинг хаёлидан набираси кетмасди – нима бўлди экан-а?

Ўразқул эса шошмасди. У отни етаклаб борарди. Бу ерда кўп шошиб бўлмайди – узун, тик нишабликдан қиялаб юришга тўғри келади. Лекин унинг гапини инобатга олиб, ёғочни шу ерда қолдириб, кейин келиб олиб кетиш мумкин эмасми? Эҳ, куч-қуввати бўлгандами, ёғочни шартта елкасига қўйиб, дарёдан ўтган ва машинага ортиладиган жойга элтиб ташлаган бўларди. Мана-э, олинглар ёғочларингни ва йўқолинглар. Мўминнинг ўзи бўлса набирасининг олдига отилган бўларди.

Қаёқда дейсиз, булар хомхаёл. Ҳали тошлар ва шағалликлардан юриб қирғоққа етиш, сўнг кечувдан ёғочни от билан судраб нариги томонга олиб ўтиш керак. Отнинг силласи қуриди – у тоғда қанча паст-баландликларга чиқиб тушмади… Ишқилиб, охири бахайр бўлсин, агар ёғоч дарё ўртасида тошларга илиниб, ёки от қоқилиб йиқилиб тушса иш чатоқ!

Улар сувдан кечиб ўтишаётганда Мўмин бобо дуо қилиб турди: «Ўзинг қўлла, Шохдор она буғу, илоҳим ёғоч илинмасин, илоҳим от йиқилмасин». Этикларини елкасига ташлаб, иштонининг почасини тиззасидан юқори шимариб олган ялангоёқ Мўмин бобо қўлда пишанг билан сувда сузиб бораётган ёғоч ортидан аранг етиб улгурарди. Ёғочни оқимга қия қилиб судрашарди. Дарё суви қанча тоза ва тиниқ бўлса, шунча совуқ ҳам эди. Кузнинг суви-да.

Чол бунга бардош берарди: Майли, оёқ узилиб тушмайди. Ишқилиб, ёғоч тезроқ олиб ўтилса бўлгани. Барибир ёғоч илиниб қолди, аксига олгандай, сертошли ерга келганда таққа тўхтади. Бундай ҳолларда отга жиндай дам бериб, кейин яхшилаб бир «чу!» дейилса – кучли силтов билан ёғочни тошлар панжасидан тортиб олса бўлади. Лекин отга миниб олган Ўразқул толиқиб кучдан кетган жониворни қамчи билан аямай савалади. От орқа оёқлари билан чўққайиб, сирғалиб, қоқиниб кетар, лекин ёғоч жойидан қўзғалмасди. Чолнинг оёқлари музлаб қолди, кўзи тина бошлади. Боши айланди. Жарлик, жарлик устидаги ўрмон, осмондаги булутлар пастга туша бошлади, дарёга шўнғиб, шўх оқимда сузиб, яна жойига қайтди. Мўминнинг мазаси қоча бошлади. Лаънати ёғоч! У қуриб ётганда эди, бошқа гап эди, сувда ўзи сузиб кетарди. Буни эса ҳозиргина қирқишди-ю, дарров дарёга судраб тушишди. Ким ахир шундай қилади! Оқибати шу бўлади-да. Ўйланмай қилинган ишнинг охири вой. Қайрағочни қурисин деб ташлаб келишга Ўразқулнинг раъйи йўқ. Инспексиянинг кўзи тушиб қолса, тақиқланган ўрмондан қимматли дарахтларни ўғирликча қирққан, деб акт тузади. Шунинг учун ҳам қирқилган ёғочни шу заҳотиёқ гумдон қилиши керак.

Ўразқул ўкчаси билан отни ниқтар, қамчи билан бошига урар, сўкинар, худди ҳаммаси учун гўё у, Мўмин айбдордек, чолга бақирарди, ёғоч эса жойидан жилмасди, у баттар тошга ўрнашиб борарди. Чолнинг сабр-тоқати тугади. У бутун умрида биринчи марта ғазаб билан овозини баландлатди.

– Туш отдан! – у Ўразқулнинг ёнига жиддий бориб, уни эгардан тортди. – Отнинг тортолмаётганлигини кўрмаяпсанми? Ҳозироқ туш!

Ҳайрон қолган Ўразқул жимгина бўйсунди. Эгардан этиги билан тўғри сувга сакради. Худди шу дақиқадан бошлаб, у гаранг ва қулоғи битиб қолгандай, ўзини йўқотган эди.

– Қани кел. Кўтардик! Қани ол! – Мўминнинг командаси билан улар ёғочни жойидан бир оз кўтариб, уни тошларнинг сиқувидан бўшатиб, пишангнинг устига миндирдилар.

От нақадар ақлли жонивор! У айни шу пайтда тошларга қоқиниб, тойиниб пастромкани тордай таранг тортиб олдинга силкинди. Лекин ёғоч ўрнидан бир қўзғалди-ю, тойиб яна ботиб қолди. От яна бир силкинди ва ўзини тутиб қололмай сувга йиқилиб тушиб, типирчилаганча эгар-жабдуғига ўралашиб қолди.

– Отни! Отни кўтар! – Мўмин Ўразқулни туртди. Улар биргаликда отни базўр оёққа турғазиб қўйишди. От совуқдан титрар, аранг сувда турарди.

– Еч отни!

– Нимага?

– Еч деяпман сенга. Бошқатдан боғлаймиз. Пастромкани ол.

Яна Ўразқул жимгина бўйсуна қолди. Отни ечиб бўлгач, Мўмин унинг юганини қўлга олди.

– Энди кетдик, – деди у. – Кейин келамиз. От дамини олсин.

– Қани, тўхта-чи! – Ўразқул чолнинг қўлидан юганини тортиб олди. У худди уйқудан кўз очгандек бўлди. Бирдан яна асл ҳолига қайтди.

– Сен кимнинг бошини қотиряпсан. Ҳеч қаёққа бормайсан. Ёғочни ҳозир чиқарамиз. Кечқурун ёғочга одамлар келишади. Гап-сўзсиз отни эгарла, эшитяпсанми?

Мўмин жимгина бурилди-да, совуқ қотган оёғи билан оқсаганча саёздан қирғоқ томон юрди.

– Қаёққа кетяпсан, чол? Қаёққа деяпман?

– Қаёққа! Қаёққа! Мактабга. Набирам у ерда роса тушдан бери кутяпти.

– Қани қайт-чи! Қайт!

Чол қулоқ солмади. Ўразқул отни далада қолдириб, салкам қирғоқда, тошлоқ устида Мўминга етиб олди, елкасидан ушлаб ўзига тортди.

Улар юзма-юз туриб қолишди.

Ўразқул эпчиллик билан чолнинг бўйнига осилган эски кирза этикни юлиб олди-да, қайнотасининг бошига, юз-кўзига икки марта қулочкашлаб урди.

– Қани юр! – хириллади Ўразқул этикларни бир чеккага улоқтираркан.

Чол этик олдига бориб, уни ҳўл қумдан кўтариб, қаддини ростлаганда лабларидан қон тирқираб оқарди.

– Ярамас! – деди Мўмин қонни тупураркан, этикни яна елкасига илиб.

Бу ҳеч кимнинг сўзини қайтармаган Мўмин чаққоннинг сўзи эди. Бу совуқдан кўкарган, эски этикларини елкасига илган, лаблари қонаб кетган бечора чолнинг сўзи эди.

– Юр!

Ўразқул уни судради. Лекин Мўмин куч билан унинг қўлидан силтаниб чиқди-да, орқасига қарамай жимгина нарига кетди.

– Хап саними, қари аҳмоқ! Энди кунингни кўрсатаман! – Ўразқул унинг орқасидан муштини дўлайтириб дағдаға қилди.

Чол қайрилиб қарамади. У «ётоқ туя»нинг олдидаги супачага бориб ўтирди, этигини кийди ва уйига тез юриб кетди. Ҳеч ерда тўхтамай, тўғри отхонага кирди. У ердан Ўразқулнинг дахлсиз, меҳмонга миниладиган, пойгада чопадиган, биров эгарлашга ботинолмайдиган бўз оти – Олабошни етаклаб чиқди. Худди ёнғин чиққандек Мўмин уни ҳовлидан эгарсиз, узангисиз миниб чиқиб кетди. У деразалар ёнидан, ҳали ҳам шақиллаб қайнаб ётган самовар ёнидан от чоптириб ўтганида ташқарига отилиб чиққанлар – Мўминнинг хотини, қизи Бекей ва ёш Гулжамол чолга бир гап бўлганини дарров фаҳмлашди. У ҳеч қачон Олабошга минмас ва ҳеч қачон ҳовлидан бунчалик шошилиб чиқмаганди. Бу Мўмин чаққоннинг исёни эканлигини улар ҳали билишмасди. Кексайган чоғидаги бу исён уни нималарга гирифтор қилишини ҳам билишмасди.

Қирғоқ томондан эса отни етаклаб Ўразқул уйга қайтарди. От олдинги оёғини оқсаб босарди. Аёллар жим туриб, унинг ҳовлига яқинлашиб келишига кўз тикиб туришарди. Ўразқулнинг кўнглидан нималар кечаётганини, у ўша куни уларга қандай ғам-аламлар келтираётганини ҳали аёллар хаёлига ҳам келтиришмасди…

У ҳўл, шалоплаган этикда, ҳўл иштонда вазмин ва оғир қадамлар билан улар олдига яқинлашиб, аёлларга ғамгин назарда хўмрайиб қаради. Хотини Бекей безовталаниб қолди:

– Нима қилди, Ўразқул? Нима бўлди? Ҳамма ёғингиз ҳўл бўлиб кетибди-ку. Ёғоч оқиб кетдими?

– Йўқ, – қўл силтади Ўразқул. – Ма. – У юганни Гулжамолга узатди. – Отни отхонага олиб бор. – Шундай деб ўзи эшик томонга юрди. – Юр уйга,– деди у хотинига. Кампир ҳам улар билан бирга бормоқчи эди, Ўразқул уни остонага йўлатмади.

– Сен нари тур, кампир. Сенга ҳеч қандай иш йўқ бу ерда. Уйингга бору, хап ўтир.

– Нима бўлди сенга? – хафа бўлди кампир. – Бу нимаси? Чолимга нима бўлди? Нима гап?

– Унинг ўзидан сўра, – жавоб қилди Ўразқул.

Уйда Бекей эрининг ҳўл уст-бошларини ечиб, унга пўстин берди, самоварни олиб кириб, чой қўйишга тутинди.

– Чойни қўй, – қатъий рад қилди Ўразқул. – Ароқ бер.

Хотини очилмаган яримталикни олиб, стаканга қуйди.

– Тўлдириб қуй, – буйруқ қилди Ўразқул. Бир стакан ароқни сувдек ичиб юборгач, пўстинга ўралди-да, кигизга чўзилиб, хотинига деди:

– Қўйдим, сен менинг хотиним эмассан, мен сенинг эринг эмасман. Жўна, бу уйда сенинг изинг қолмасин. Қорангни ҳам кўрсатма. Вақт ғаниматида жўнаб қол!

Бекей уҳ тортди, каравотга ўтирди ва ҳар галгидек кўз ёшларини ичига ютиб, секин гапирди:

– Янами?

– Нима, янами? – бўкириб юборди Ўразқул. – Йўқол!

Бекей уйдан отилиб чиқди ва ҳар доимгидек қўлларини букиб, ҳовлини бошига кўтариб ҳўнграб йиғлай бошлади:

– Мен, бахти қаро, бу дунёга нега келган эканман-а…

Бу чоқ Мўмин чол Олабошда набираси олдига йўртиб борарди. Олабош – чопқир от. Лекин барибир Мўмин икки соатдан зиёдроқ кечикди. У набирасини йўлда учратди. Болани муаллиманинг ўзи уйига олиб келаётганди. Ўша муаллима бешинчи йил кияётган, шамол ялаб кетган, енглари қўпол, ҳеч ўзгармас палтосида. Ҳориган аёлнинг қовоғи солиқ кўринарди. Анчадан бери йиғлайвериб кўзлари шишган бола қўлида портфели билан бечора ва хўрланган қиёфада унинг ёнида келарди. Муаллима Мўмин чолни қаттиқ сўроққа олди. Чол эса аёлнинг олдида отдан тушиб, бошини қуйи солиб турарди.

– Агар вақтида келиб олиб кетмайдиган бўлсангиз, – деди муаллима, – болангизни мактабга олиб келманг. Менга ишонманг, ўзимда ҳам тўрттаси бор.

Мўмин яна узр сўради, бундай ҳол бошқа такрорланмайди деб, яна сўз берди.

Муаллима Жилисойга қайтиб кетди, бобо билан набира эса уйга йўл олишди.

Бола отда бобосининг олдига ўтириб жимгина борарди. Чол ҳам унга нима дейишини билмасди.

– Жуда оч қолдингми? – сўради у.

– Йўқ, муаллимамиз нон берди, – жавоб берди набира.

– Нега бўлмаса миқ этмай келяпсан?

Бола шунда ҳам гапирмади.

Мўмин гуноҳкорона жилмайди:

– Оҳ, аразгўй болагинам. – У боланинг фуражкасини олиб, бошидан ўпди ва яна фуражкасини бошига кийгизиб қўйди.

Бола қиё ҳам боқмади.

Иккаласи ҳам шундай маъюс ва жим кетишди. Мўмин жиловни маҳкам тутиб, салт отда бола уриниб қолмасин деб, Олабошнинг бошини бўшатмай борарди. Энди шошишнинг ҳам кераги йўқдай эди.

От тезда ундан нима талаб қилинаётганини пайқади-да, ярим йўрғалаб юриб кетди. У ерга нағалини тақиллатиб уриб, пишқириб борарди. Шунақа отда қани энди ёлғиз ўзинг хиргойи қилиб кетсанг. Одамнинг ёлғизликда куйлайдиган қўшиғи озми? Рўёбга чиқмай қолган орзулар ҳақида, ўтган умр ҳақида, севган чоғларинг, бошдан кечирган воқеаларинг ҳақида…

Инсон кўнглида армон бўлиб қолган нарсаларни эслашни хуш кўради. Аслини олганда инсоннинг ўзи ҳам нимадан армон қилаётганини унчалик тушуниб етмайди. Лекин ҳар замон-ҳар замон шу ҳақда ўйлаб қўйгиси, унинг тагига етгиси келади.

Яхши от – меҳрибон ҳамроҳ…

Мўмин чол набирасининг сочи тақир олинган энсасига, ингичка бўйнию шалпанг қулоқларигача қараб ўнгмаган ҳаётида буткул ишию меҳнатидан, чеккан барча ташвиш ва ғамларидан энди фақатгина ёлғиз мана шу ҳозирча ночор бола қолганини ўйларди. Бобоси уни оёққа турғизишга улгурса яхшику-я. Лекин у ёлғиз қолсами – оғир бўлади. Ўзи муштдек-ку, аммо феълли-ҳўйли. Унинг оддийгина, мўмингина бўлгани яхши эди…

Ахир Ўразқулга ўхшаганлар уни ўлгудай ёмон кўриб, бўрининг таъқибига тушган буғучадай бурда-бурда қилиб ташлайди-ку…

Шунда Мўмин боягина лип этиб шитобли соя солиб ўтган ва кўксидан ҳайрат ва шодлик хитоблари отилиб чиқишига сабабчи бўлган ўша буғуларни эслади.

– Биласанми, ўғлим, нима? Буғулар юртимизга қайтиб келди, – деди Мўмин бобо.

Бола елкаси устидан ялт этиб қаради:

– Ростми?

– Рост. Ўзим кўрдим. Уч бош.

– Қаёқдан келганикин улар?

– Менимча, довон орқасидан. У ерда ҳам ўрмон бор. Ҳозирги куз худди ёздагидай-да, довон очиқ. Шунинг учун бизга меҳмон бўлиб келган.

– Улар биз томонда қоладими?

– Ёқса қолади. Ҳеч ким тегмаса, яшаб юраверади. Озуқа сероб бизда. Бу ерда хоҳла мингта буғу боқ. Илгариги вақтларда, Шохдор она буғу даврида, бу ерда уларнинг сон-саноғи бўлмаган…

Бу хабарни эшитиб боланинг музлаган кўнгли эриб, хафалиги тарқалганини сезган чол яна ўтган замонлар ҳақида, Шохдор она буғу ҳақида ҳикоя қилишга тушиб кетди. Ўзининг эртагига ўзи ҳам берилиб кетиб, қани энди бирдан шундай бахтли бўлиб қолсанг-да, бошқага ҳам бахтингни улашсанг! – деб қолди. Бутун умр шундай яшасанг. Мана шундай, худди ҳозиргидай, худди ҳозирги соатдагидай. Лекин ҳаёт бундай қурилмаган, бахт билан ёнма-ён, изингдан изма-из юрадиган, ҳеч маҳал аримайдиган бахтсизлик қалбингга, ҳаётингга бемаврид дахл қилиб туради. Ҳатто ҳозирги дамда, у набираси билан бахтиёр бораётган чоғида ҳам, чолнинг қалбида шодлик билан ташвиш ёнма-ён турарди: у ёқда Ўразқул нима қилди экан? У яна нима шумликни тайёрлаб турган экан, қанақа зулм? Унга итоатсизлик қилишга журъат этган чолга қанақа жазо ўйлаб қўйди экан? Ахир Ўразқул буни шундай қолдирмайди-ку. Бўлмаса уни Ўразқул дейишмасди-да.

Қизини ва унинг ўзини кутаётган бахтсизлик тўғрисида ўйламаслик учун Мўмин набирасига буғулар, бу жониворларнинг каромати, марҳамати, гўзаллиги ва учқурлиги, худди шуларнинг шарофати билан ҳар қандай балони даф қилишлари ҳақида ҳикоя қиларди.

Болага яхши эди. У уйда нима кутаётганлигини билмасди. Унинг кўзи ва қулоқлари ёнарди. Наҳотки буғулар қайтиб келган бўлса? Демак, ҳаммаси тўғри экан-да! Бобосининг айтишича, Шохдор она буғу одамларнинг ёвузлигини кечирган эмиш ва ўз болаларига Иссиқкўл тоғларига қайтишга рухсат этганмиш. Бобоси айтадики, бу ер қандайлигини билиш учун ҳозирча учта буғу келган, агар уларга ёқса, унда ҳамма буғулар яна ватанига қайтади.

– Бобо, – деб бобосининг сўзини бўлди бола, – балки, Шохдор она буғунинг ўзи ҳам келгандир? Балки, бу ер қандайлигини унинг ўзи кўриб, кейин болаларини чақирмоқчидир?

– Эҳтимол, – деди Мўмин ишончсизгина. У тутилиб қолди, ўзини нохуш сеза бошлади: ортиқча берилиб кетгани йўқми, бола унинг сўзларига ортиқча ишониб юборгани йўқми? Лекин Мўмин чол набирасини ишончдан қайтаришга уринмади. Бу энди жуда кеч эди.– Ким билади, – елкаларини қисди Мўмин.– Балки, балки, Шохдор она буғунинг ўзи ҳам келгандир. Ким билади…

– Ҳозир биламиз-да. Юринг, бува, сиз буғуларни кўрган жойга борамиз, – деди бола. – Мен ҳам бир кўрай.

– Улар ахир бир жойда турмайди-да.

– Биз изидан борамиз. Уларнинг изидан узоқ-узоқларга излаб бораверамиз. Уларга кўзимизнинг қири тушди дегунча, қайтамиз. Шунда улар одамлар тегмаслигини билиб олади.

– Гўдаксан-да, – кулимсиради бобо. – Уйга борайлик, ўша ерда маълум бўлади.

Улар қоровулхонага яқинлашиб, уйлар ортидаги сўқмоқдан боришарди. Уйлар орқа томондан – худди елкасини ўгириб турган одамга ўхшарди. Учала уй ҳам ичида нима бўлаётганидан ҳеч бир нишон бермай турарди. Ҳовли ҳам бўм-бўш ва жим-жит. Мўминнинг юрагини нохуш ваҳм босди. «Нима юз берган бўлиши мумкин? Ўразқул унинг бахтсиз қизи Бекейни урдимикин? Ёки маст бўлгунча ичганмикин? Яна қандай фалокат юз бериши мумкин? Нега бунча жимжитлик, нега шу маҳалда ҳовлида ҳеч ким йўқ? Агар ҳамма нарса жойида бўлса, бу машъум ёғочни дарёдан судраб чиқиш керак, – ўйлади Мўмин. – Қўй, шу Ўразқулни, яхшиси у билан алоқани узиш керак. Билганини қилиб, қолган ҳаммасига тупуриш даркор. Эшакка унинг эшак эканлигини исботлаб беролмайсан-ку».

Мўмин отхонанинг олдига келди.

– Туша қол. Мана, етиб ҳам келдик, – у набирасига ҳаяжонланганини билдирмаслик учун хотиржам гапирди. Бола қўлида портфели билан уйга чопмоқчи бўлганида, Мўмин бобо уни тўхтатди: – Тўхта, бирга борамиз.

У Олабошни отхонага боғлаб чиқди-да, болани қўлидан ушлаб, уйга қараб юрди.

– Менга қара, – деди бобо набирасига, – агар мени сўкишса, сен қўрқмагин ва у ердаги ҳар хил гапларга аҳамият қилмагин. Бунинг сенга дахли йўқ. Сенинг ишинг мактабга қатнаш.

Бироқ айтадиган ҳеч нима содир бўлмади. Улар уйга келишганда, фақат кампир Мўминга хушламайгина тикилди-да, лабини тишлаб, яна ўзининг тикаётган ишига берилди. Мўмин чол ҳам унга ҳеч нима демади. У хона ўртасида қовоғини солган ҳолда сергак туриб, кейин қозондан катта косадаги ун ошини олиб, нон ва қошиқ келтирди-ю, набираси иккаласи кечиккан тушликка ўтиришди.

Жимгина овқатланишди, бувиси эса ҳатто улар томонга қайрилиб ҳам қарамади. Унинг жигарранг сўлғин юзида ғазаб тўнгиб қолганди. Бола қандайдир мудҳиш ҳодиса содир бўлганини пайқади. Чол-кампир эса жим эди.

Болага шундай ваҳимали, шундай ташвишли туюлдики, томоғидан овқат ҳам ўтмай қолди. Овқат устида одамларнинг жим қолиб, ўзларининг аллақандай ёмон ва шубҳали хаёлларига берилишидан ёмони йўқ. «Балки, бунга биз сабабчидирмиз?» – деди бола хаёлида портфелига. Портфел дераза токчасида турарди. Бола хаёлан портфели билан шивирлаша бошлади:

«Сен ҳеч нима билмайсанми? Бобом нега бунча ғамгин? Унинг гуноҳи нима? Бугун нега у кечикди, нега Олабошни эгарсиз миниб борди? Ахир ҳеч қачон бундай бўлмаганди-ю. Балки у ўрмонда буғуларни кўриб қолиб, ушланиб қолгандир?.. Эҳтимол, ҳеч қандай буғу йўқдир. Бу ёлғондир? Унда нима? Нега бўлмаса гапиради? Агар у бизни алдаган бўлса, Шохдор она буғу қаттиқ ранжийди-ку…»

Мўмин овқатланиб бўлгач, болага секингина деди:

– Сен ҳовлига чиқавергин, бир иш бор. Менга ёрдамлашасан. Мен ҳозир чиқаман.

Бола итоаткорона чиқиб кетди. У эшикни ёпган замон, бувисининг овози келди:

– Қаёққа?

– Ёғочни келтиргани бораман. Боя дарёда тиқилиб қолганди, – жавоб қилди Мўмин.

– Ҳа, пайқаб қолдингми! – қичқирди кампир. – Эсингга тушди! Сен бориб қизингнинг ҳолини кўр. Уни Гулжамол уйига олиб кетди. Сенинг туғмас телба қизинг кимга керак энди. Бор, кимга ўхшаб қолганини энди ўзи айтсин. Эри уни уйидан қутирган итдай ҳайдади.

– Хўш, нима бўпти, ҳайдаса ҳайдапти-да, – деди қизиқ устида Мўмин.

– Эҳ, сени қара! Кимсан ўзинг! Қизларингни бари саёқ, набирангни ўқитиб амалдор қилмоқчи бўласанми? Кутавер. Ўзингни балога гирифтор қилганингга арзиса эди. Тағин Олабошни миниб чопибди. Сени қара-ю! Кўрпангга қараб оёқ узатганингда эди, ким билан ўйнашаётганингни билардинг… У сенинг бўйнингни сапчадай узиб ташлайди. Сен қачондан бери одамларга гап қайтарадиган бўб қолдинг? Қачондан бери ботир бўлиб қолдинг? Қизингни бизникига етаклаб келишни хаёлингга ҳам келтирма. Остонага йўлатмайман…

Бола маъюс бош эгиб ҳовлида секин-секин юрарди. Уйдан кампирнинг қичқириғи келарди, кейин эшик тарақлади ва Мўмин уйдан отилиб чиқди. Чол Сейдаҳмаднинг уйига йўл олди, йўлда эса унга Гулжамол дуч келди.

– Яхшиси ҳозир эмас, кейин, – деди у чолга. Мўмин бўшашиб тўхтаб қолди. – Йиғлаяпти. Урди уни, – пичирлади Гулжамол. – Айтадики, улар энди бирга яшамасмиш. У сизни қарғаяпти. Ҳаммасига отам айбдор, деди.

Мўмин чурқ этмади. Нима десин? Энди уни ҳатто ўз қизи ҳам кўришни истамайди.

– Ўразқул ўзиникида ичиб ётибди. Ҳайвон ҳайвонлигини қилади-да, – пичирлаб гапирди Гулжамол.

Улар ўй суриб қолишди. Гулжамол ачиниб хўрсинди.

– Ҳеч бўлмаса, бизнинг Сейдаҳмад тезроқ кела қолса эди. Бугун қайтиши керак. Биргалашиб шу ёғочни олиб чиқсаларинг бир балодан қутулардиларинг.

– Гап ёғочдами? – бошини чайқади Мўмин. У ўйлаб қолди ва ёнига келиб турган набирасини кўриб, унга:

– Бор, сен ўйна, – деди.

Бола нарига кетди. У молхонага кириб, яширган дурбинини олди. Уни артди. «Ишларимиз ёмон, – у дурбинга ғамгин сўзлай бошлади. – Бунга биз портфель иккаламиз айбдорга ўхшаймиз. Бирон-бир жойда бошқа мактаб бўлганда эди. Биз портфелим билан ўша ёққа ўқишга кетардик. Ҳеч кимга билдирмасдик. Фақат, бобомга қийин бўлади, қидиради. Сен-чи, дурбин, ким билан оқ кемага қарайсан? Ўйлайсанки, мен балиқ бўлолмайманми? Мана кўрасан. Оқ кемага сузиб бораман…»

Бола пичан ғарамининг орқасига беркиниб, дурбинда атрофга қарай бошлади. Узоқ қараш кўнглига сиғмади. Бошқа вақтда бўлса, қараб кўзинг тўймайди:

куз ўрмонларига қопланган тоғлар кўринади, юқори оппоқ қор, паст ял-ял ёнади, қип-қизил чўғ.

Бола дурбинни жойига қўйиб, саройдан чиқаркан, бобосининг эгаржабдуқли отни ҳовлидан олиб ўтиб кетаётганини кўриб қолди.

Бола бобосининг олдига чопаман деб турганди, уни Ўразқулнинг қичқириғи тўхтатди. Ўразқул ички кўйлакда, елкасига пўстин ташлаган, башараси сигирнинг шишган елинидай қип-қизил эди.

– Эй! – дағдаға билан қичқирди у Мўминга. – Отни қаёққа олиб кетяпсан? Қани, жойига киритиб қўй. Сенсиз олиб чиқамиз. Қўлингни тегиза кўрма. Энди сен бу ерда ҳеч ким эмассан. Мен сени ишдан бўшатаман. Хоҳлаган томонингга жўна.

Бобо аламли кулимсираб отни қайтариб отхонага олиб кирди. Мўмин қўққисдан беҳад кексайиб ва чўкиб қолгандек бўлди. У чориғини шапиллатиб, атрофга боқмай борарди.

Бола бобоси тортган жабрдан бўғилиб, йиғлаганини ҳеч кимга кўрсатмаслик учун дарё қирғоғи бўйлаб чопиб кетди. Олдидаги сўқмоқни туман босганидан гоҳ кўз илғамас, гоҳ яна оёғи остида кўриниб қоларди. Бола кўз ёшларини оқизиб чопиб борарди. Мана унинг суюкли харсанглари: «танк», «бўри», «эгар», «ётоқ туя». Бола уларга ҳеч нима демади: улар ҳеч нима тушунмайди, жойида қотиб тургани-турган. Бола фақат «ётоқ туя»нинг ўркачини қучоқлади ва сарғиш тошга энгашиб, иложсиз дарду ҳасрат ўтида ўртаниб ҳўнграб йиғлади. У йиғлай-йиғлай юрагини бўшатди ва тинчланди.

Охири бошини кўтариб, кўзини артди-да, олдинга қараб донг қотиб қолди.

Нақ унинг рўпарасида, нариги қирғоқда, сувда учта буғу турарди. Ҳақиқий буғулар. Тирик. Улар сув ичгани келган, энди ташналикни қондирганга ўхшарди. Биттаси– энг катта шохлиси яна сувга бошини эгиб сув симирар экан, сувга гўё шохларини ойнада кўрмоқчи бўлиб тикилаётгандек туюларди. У қўнғир тусли, кўкракдор ва кучли эди. Бошини силкитганда юнгли, оқиш лабидан томчилар сачраб тушди. Эркак буғу қулоқларини қимирлатиб болага диққат билан разм солди.

Лекин ҳаммасидан ҳам кўра майда шохли, икки биқини дўппайган оқ буғу болага кўпроқ тикилди. Унинг шохлари калтароқ, лекин жуда чиройли, худди Шохдор она буғунинг ўзгинаси эди. Кўзлари шаҳло, тип-тиниқ. Ўзи эса ҳар йили биттадан қулунлайдиган қоматдор бияга ўхшайди. Шохдор она буғу бу хум калла, шалпанг қулоқ болани қаерда кўрганини эслаётгандай, унга кўз узмай қараб турди. Унинг кўзлари намли ялтираб, узоқдан ёниб турарди. Бурнидан енгил ҳовур кўтариларди. Унинг ёнгинасида шохсиз буғуча орқасини ўгириб толнинг новдасини кемирарди. Унинг ҳеч нима билан иши йўқ. Семиз, ғайратли, қувноқ. У бирдан новда кемиришни қўйди-да, дикирлаб елкаси билан она буғуга туртиниб кетди ва унинг атрофида ўйноқлаб, эркалана бошлади. Ўзининг шохсиз бошини Шохдор она буғунинг биқинига ишқалади. Шохдор она буғу бўлса ҳамон болага тикилиб турарди.

Бола нафасини ичига ютиб, тошлар панасидан чиқди ва худди тушдагидай, қўлларини олдинга чўзиб қирғоққа, сувнинг ўзига яқин келди. Буғулар ҳеч бир ҳуркмади, нариги қирғоқдан унга бамайлихотир қараб тураверди.

Ўртада, сув остидаги тошлар устидан ирғишлаб, тез-оқар, кўм-кўк тиниқ дарё қайнаб оқиб ётарди. Агар уларни айириб турган шу дарё бўлмаганда гўё буғуларнинг олдига бориб уларга қўл теккизиш мумкиндай эди. Буғулар текис, тоза шағал устида туришарди. Уларнинг орқасида, шағал тугаган жойда зич ўрмоннинг кузги хазонрезгиси алвон тусда товланарди. Ундан юқорида – жар тепасида қарағай ва тоғ тераги ял-ял ёнади. Ундан ҳам юқорироқда чексиз ўрмону тоғ тизмасидаги оппоқ қор кўзга ташланади.


  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации