Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 31 (всего у книги 67 страниц)
ИККИНЧИ БОБ
Эртаси куни одатдагидан барвақтроқ, тонготарда турдим. Кеча ўтовда ётиб ўзимча шундай аҳд қилган эдим: бор кучимни ишга солиб шундай ишлайинки, бирон киши койишигина эмас, ҳатто таъна ҳам қила олмасин. Ўзимнинг бошқалардан кам эмаслигимни бир кўрсатиб қўяй.
Даставвал ёнилғини келтириб, бакларга ўзим қуйиб чиқдим. Сўнгра, иш бошлагунга қадар тракторларнинг радиаторларини сувга тўлдириб қўяй деб, аравам билан булоқ томон жўнадим, ундан кейин нонушта қилиб олишга улгуриш ва бирор дақиқани ҳам зое кетказмай яна сув ташиш керак. Ҳозирча иш мен ўйлагандек бораётганди.
Бу орада ғира-шира, оқимтир туман қопланган уфқ ортидан аста-секин қуёш бош кўтара бошлади. У гўё чексиз чўзилиб кетган Анорхой даштларига назар ташлашдан чўчиб, анча вақтгача ўрнидан қўзғалмай турди. Сўнг яна бир қараганимда қиё боқиб, жамолини кўз-кўз қилаётгандай кўринди. Қуёш тиғ ураётган пайтдаги дашт манзарасидан гўзалроқ нарса бўлмаса керак! Гўё улкан ложувард денгиз ўз қирғоқларидан кўтарилиб чиққану, шу бўйича мовий тўлқинлари музлаб қолгандай, унда-мунда қуйқа тортиб қолган қисмлар тўқ кўк ва сарғиш тусда жилваланади.
О, Анорхой, о, бепоён дашт! Нега сукут сақлайсан, нималар ҳақида хаёл сурасан? Асрлар бўйи нималарни сир сақлаб келяпсан, келажакда сени нималар кутяпти?
Мен бор-йўғи бир сувчиман, лекин бунга ўксинмайман. Ҳали мана шу ерларга ҳам, машиналарга ҳам ўзим ҳукмрон бўламан. Ахир иккита тракторимиз, бу ерда қилинаётган ишларнинг ҳаммаси – ишнинг бошланиши, холос. Мен тадқиқотчиларнинг Анорхой даштида катта ер ости дарёлари бор, деган фикрини аллақаерда ўқиган эдим. Эҳтимол, бу ҳали тахминдир, аммо нима бўлса ҳам, ишончим комилки, кишилар бу ерларга сув келтирадилар. Анорхойда кўмкўк боғ-роғлар шивирлашиб, соя-салқин ариқлардан сувлар шарқираб оқади, дашт шамоли майин эсиб, олтин буғдойзорлар ҳосилини кўз-кўз қилади. Бу ерда шаҳару қишлоқлар бунёдга келади. Бизнинг авлодларимиз бу чўлни фахр билан Анорхой бўстони деб атайдилар. Яна бир неча йиллардан сўнг бу ерларга менга ўхшаш бирор ўспирин йигит келганда, эҳтимол, унга сув ташувчи арава билан чўл бўйлаб кун бўйи санқиб юришга ва қандайдир бир бадфеъл ўзбошимчанинг сўкишларини эшитишга тўғри келмас.
Лекин ҳарҳолда, мен унга ҳасад қилмайман, чунки мен бу ерга биринчи бўлиб келганларданман!..
Аравани тўхтатиб қўйиб, эрталабки Анорхой кенгликларини томоша қилдим. Мана шу дамда ўзимни ер юзидаги энг бахтиёр, энг кучли, ҳатто энг гўзал одам деб ҳис қиламан. Ҳа, Анорхой ерлари саноат ўлкасига айланади!..
Ниҳоят, уфқ ортидан заррин нурларини сочиб, баркашдай қуёш кўтарилди.
Куннинг бошланиши ёмон эмас. Моторлар ҳам ишлаб турибди. Сувни пешма-пеш ташиб келтиришга ҳам улгуряпман. Аммо ҳали кечга узоқ…
Сувга қатнаб юрганимда бир вақт булоқ бошида қўй-қўзиларнинг кичик бир қўтонини учратиб қолдим. Уларни бу ерга бир қизча ҳайдаб келган экан. У қўйларни булоққа яқинлаштирмай, ариқчада суғормоқда эди. Қаёқдан келиб қолди у! Эҳтимол, биздан этакроқдаги қўш тепалик ортидан, сойлик томонидан келгандир. Чўпонлар ўша ёқда ўрнашган эди. Қизнинг чеҳраси менга танишдай туюлди. Мен қайси бир журналда худди шу қизга ўхшаш, кокили пешанасига тушиб турган ёшгина хитой қизнинг суратини кўрган эдим. Балки шунинг учун мен уни қаердадир учратгандай бўлаётгандирман.
Биз бир-биримизга жимгина қарадик. Менинг кутилмаганда бу ерда пайдо бўлиб қолганим унга қанчалик ғайритабиий туюлган бўлса, унинг бу ерга келиб қолиши ҳам менга шундай кўринди. Бироқ ҳеч нарса бўлмагандай аравадан сакраб тушдим-да, ишбилармон кишилардай булоқдан сув олиб, бочкани тўлдира бошладим.
Шу маҳал қўйлар ҳам сув ичиб бўлишди, қиз уларни бир чеккага ҳайдай бошлади. Ёнимдан ўтиб кета туриб:
– Бу булоқнинг оти нима? – деб сўради.
Мен ҳозир сув олганимда лойқаланиб қолган, нурсиз жилваланиб турган булоқ кўзига термилганимча ўйланиб қолдим. Дарвоқе, яккаю ягона булоғимизнинг бирон номи бўлса керак, ахир? Мен ҳамон ўйланиб турарканман, бу орада сув тиниб, юзи равшанланиб, туби қуюқ кўк тусга кирди.
– Бўтакўз! – дедим қизга қайрилиб.
– Бўтакўз булоғи? – пешана сочини бир силкитиб табассум қилди қизча. – Жуда гўзал экан оти! У ҳақиқатан ҳам бўталоқнинг кўзига ўхшайди, ўйчан кўринади.
Биз гапга киришиб кетдик. Қиз бизнинг томонлардан экан. У ҳатто ўқитувчим Олдиёровни ҳам таниркан. О, бу кимсасиз чўлда нотаниш қиз оғзидан севимли ўқитувчимнинг номини эшитиш қандай яхши! Эҳтимол, у ҳам Анорхойга ана шу муаллимнинг гапи билан келгандир. Қиз ўтган йили мактабни, бизникини эмас, бошқа мактабни тамомлаб, ҳозир сақмончи– қўйларнинг қўзилаш даврида чўпон ёрдамчиси бўлиб ишлаётган экан.
– Қўрамиздаги қудуқнинг суви шўр, – деди. – Мен бу ерда булоқ борлигини эшитгандим. Ўзимнинг ҳам оқин сувларни кўргим келиб кетди, қўзиларим ҳам зилол сув қанақа бўлишини билишсин дедим! Қўзиларни боқиб, катта қилиб чўпонга топшираман, кейин университетга ўқишга кетаман…
– Вақт-соати етса мен ҳам ўқимоқчиман, – дедим. – Бироқ мен механизация мактабига кираман. Мени аслида бу ерга тракторда ишлаш учун юборишган эди, манави эса, шунчаки, вақтинча… – бочкани кўрсатдим унга. – Вақтинча ёрдамлашяпман… Сув ташигани бошқа бировни юборишлари керак.
Мен бу гапни чакки айтиб қўйдим, оғзимдан чиқиб кетганини ўзим ҳам сезмай қолдим. Уялганимдан аъзойи баданимдан иситма чиқиб кетди, аммо яна шу ондаёқ музлаб кетдим – узоқдан Абубакирнинг «ёқимли» овози эшитилди:
– Ҳееей, академик, жағингга тушираман!
– Оббо, кўп гапириб юборибман-ку!
– Нима бўлди? – ҳайрон бўлиб сўради қизча.
– Ҳеч нима. Шундай, сувни олиб бориш керак, – дедим қизариб.
Қизча қўзиларини келган йўли билан ҳайдаб кетди. Абубакир шудгорнинг узоқ чеккасида, трактор кабинасидан туриб муштини ҳавода силкитганича, томоғини йиртиб бақирарди.
– Кетяпман-ку, ахир, кетяпман! Овозингни ўчирсанг-чи! Одам деган бегона қиз олдида шунчалик ҳам бақирадими? – дедим ғазаб билан ва отни чоптириб кетдим.
Бочкадаги сув шалоп-шулуп чайқалиб, сачраб, бошимдан оёғимгача шалаббо қилди. Тўкилса тўкилаверсин, менга деса бир томчиси ҳам қолмасин! Мен бундай хўрликка ортиқ чидаёлмайман!
Абубакир кабинадан сакраб тушди-да, яна ўтган сафаргидай менга ташланди. Мен жиловни тортиб, отни таққа тўхтатдим-да:
– Агар сен шунақа бақираверадиган бўлсанг, ишни ташлайману кетаман, – дедим жаҳл билан.
У кутилмаганда бу гапдан довдираб қолди, лекин ҳуштак чалиб юборди-да, етти пуштим қолмай сўка бошлади.
– Сен лапашанг академиксиз ҳам Анорхой бор эди, бундан кейин ҳам ўт тушкур бу чўл қуриб кетмайди! Йўқол бу ердан тезроқ! Энди сен қолган эдинг менга тил тегизмаган, иштонсиз студент!
Мен аравадан сакраб тушиб, қамчини трактор орқасига улоқтириб юбордим-да, одимлаб кетдим.
– Тўхта, Камол! Ундай қилма! Қаёққа борасан, тўхта! – деб орқамдан қичқирди Қалипа.
Бу гап мени баттар қизиштирди, қадамимни яна тезлаштирдим.
– Тўхтатма уни, қўявер, қуриб кетсин! – Абубакирнинг овози эшитилди орқамдан. – Усиз ҳам эвини қилармиз!
– Сен одам эмассан, ваҳший ҳайвонсан, нима қилиб қўйдинг! – дашном берарди унга Қалипа.
Уларнинг аллавақтгача жанжаллашгани қулоғимга чалиниб турди.
Тобора олдинга интилиб, қадамимни тезлаштирдим. Қаерга боришим – аҳамиятсиз. Атрофда тирик жон йўқ, тўрт томоним қуп-қуруқ дала. Булоқни, дала шийпонини орқада қолдириб, тош ҳайкал турган тепаликни ҳам босиб ўтдим. Дарғазаб бўлиб тиржайиб турган тош кампир бўм-бўш қолган қоп-қора ва нурсиз кўзлари билан мени кузатиб, узоқ асрлар давомида ерга қандай ботиб турган бўлса, ҳозир ҳам шу тахлитда бақрайиб турарди.
Мен ҳеч нарсани ўйламай кетиб борардим. Фақат биргина истагим бор эди, у ҳам бўлса – кетиш, иложи борича бу ердан тезроқ кетиш. Бу лаънати Анорхой даштини елкамнинг чуқури кўрсин.
Кўз ўнгимда ҳувуллаб ётган қуруқ чўл. Барча паст-баландликлар, қиру сойлар, чор-атрофдаги ҳамма нарса бир-бирига ўхшарди. Бу жонсиз, бир-бирига ўхшаш манзарани ким яратди экан? Нега таҳқирланган, хўрланган мен бу аччиқ шувоқзор, шўр босиб ётган бепоён кенгликларни кезиб чиқишим керак экан? Қаёққа назар ташлама – қуп-қуруқ, жонсиз биёбон, яйдоқ дала. Бу ерда одамзод учун нима бор? Унинг яшаши учун бошқа жой қуриганми? Эрталабки ўй-хаёлларим энди менга жуда кулгили бўлиб туюлди.
Мен ўзимнинг ожизлигимни, бошпанасизлигимни ва тушкун аҳволдалигимни бутун вужудим билан ҳис этиб: «Мана сенга ёвшанзор гўзал даштлару, мана сенга Анорхой ўлкаси!» деб ўз-ўзимдан кулардим.
Тепамда осмони фалак, теварак-атрофим чексиз дашт, ўзим эса гўё бу ерга аллақаердан келиб қолганману эгнимдаги қавилган фуфайка, оёғимдаги кирза этик ва ранги ўчиб кетган шапкада муштдай одамга ўхшаб кўринардим.
Шу ҳолатда йўлсиз кетавердим. «Бирор ерда темир йўл изига чиқиб қоларман, – деб ўйлардим ўзимча, – сўнг бирон разъездда юк вагонларига осилиб оларман. Одамлар олдига бораман…»
Ортимда туёқларнинг дукур-дукурию отларнинг пишқириғи эшитилганда ҳам ҳатто қайрилиб қарамадим. Бу Сорокин. Ундан бошқа одам бўлиши мумкин эмас. Ҳозир ҳойнаҳой койиб беради, сўнгра ялинади, майли, нима бўлса бўлар! Лекин орқамга қайтмайман, қайтишни хаёлимга ҳам келтирмайман.
– Тўхта! – хитоб қилди паст овоз билан Сорокин. Мен тўхтадим. Сорокин терга ботган отида менга яқинлашди. Малла қошлари остидаги кўм-кўк, ўткир кўзлари билан менга жимгина тикилиб турди-да, сумкасига қўл солиб ундан бир қизил қоғоз олди – бу даштга келган кунимоқ, зўр ифтихор билан унга топширган комсомол йўлланмам эди.
– Ма, буни қолдириб кетиш мумкин эмас, – у йўлланмани хотиржамлик билан менга узатди.
Мен унинг боқишида на таъна, на дашномдан асар кўрмадим, у мени айбламасди ҳам, ачинмасди ҳам. Бу қараш – мушкул ишларни бажариб, ҳар қандай тасодифий қийинчиликларга кўниб қолган одамнинг жиддий нигоҳи эди. Сорокин кафти билан ҳорғин, соқол босган юзларини артиб оларкан:
– Агар разъездга бормоқчи бўлсанг, ҳув анави сойлик томон ўнгроққа қараб юр, – деб кўрсатди у менга ва отини буриб, секингина орқасига қайтиб кетди.
Мен ҳайрон бўлиб, унинг орқасидан қараб қолдим. Нима учун у мени уришмади, нега бу ерда қолишга ундамади? Нега у бошини қуйи солган, от устида бунчалик ҳорғин ўтирибди? Оиласи – хотин, бола-чақалари аллақаёқларда, узоқда. Ўзи бўлса бу ерда йил – ўн икки ой чўлни кезиб юргани-юрган. У қанақа одам ўзи, бўм-бўш Анорхойнинг нимаси қизиқтираркин уни?
Нима сабабданлигини ўзим ҳам билмайману, бироқ унинг орқасидан астасекин эргашиб боравердим.
Кечқурун биз ҳаммамиз ўтовда тўпланишдик. Ҳеч ким чурқ этмасди. Ўртага сукунат чўккан, фақат гулхандаги ўтинларгина чарс-чарс ёнарди. Бунинг ҳаммасига айбдор мен эдим. Ҳамон ҳеч ким оғиз очмади. Лекин Сорокиннинг хафақон ва жиддий чеҳрасида унинг нимадир демоқчи эканлиги сезилиб турарди.
– Хўш, энди нима қиламиз? – деди Сорокин ниҳоят ҳеч кимга қарамай.
– Нима бўпти, Анорхойни сел босибдими? – деди Абубакир заҳарханда қилиб.
Шундан сўнг Садабек оҳиста ўрнидан туриб, жимгина ўтовдан чиқиб кетди. У Абубакир билан бўлган муштлашишдан сўнг у билан гаплашмас, афтидан, ҳозир ҳам гапга аралашмоқчи эмас эди. Унинг укаси, прицепчи Эсиркеп ҳам ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, аммо фикридан қайтиб, яна жойига ўтирди.
Абубакир у билан ҳам чиқиша олмасди. Бир куни илтимосимга кўра Эсиркеп мени Садабекнинг тракторига бириктирилган плугга ўтқазди-да, ўзи сув ташийдиган аравага чиқди. Бироқ у сувни бир оз кечиктириб келтирган экан, Абубакир унга ҳам дўқ урибди. Аммо Эсиркеп ўзини ҳақоратлашга йўл қўймабди. У ҳам беллашадиганлардан. Ахир у мендан уч ёш катта.
Абубакирнинг гапига ҳеч ким жавоб бермасди.
– Бу ерда ўйлаб ўтиришнинг нима ҳожати бор, – қўшимча қилди у, – ишни ким тўхтатган бўлса, ўша жавоб бераверсин.
– Гап ким ҳақу ким ноҳақ эканлигида эмас! – жавоб қилди Сорокин унга қарамай. – Бу ерда бир ёш йигитнинг тақдири ҳал бўляпти, у энди нима қилиши керак?
– Тақдир эмиш! – ғижинди Абубакир. – Бунақа академикларнинг тақдири аллақачон ҳал бўлган, булар бир пулга қиммат, қўлидан иш келмайди! – менсимай қўл силтади у. – Хўш, ўзинг ўйлаб кўр-чи, Сорокин, булар нимага ярайди? Биз ўз кучимиз билан ғалла етиштирганимизда улар ўн йиллаб ўқиб юришди. Уларни биз боқдик, кийинтирдик, хўш, нима натижа чиқди, мактабда буларга нимани ўргатишди? Машинани билишмаса, отга бўйинча солишни эплай олмаса, ҳатто айилни ҳам дурустгина тортолмаса… Нега энди мен унинг учун тер тўкишим керак экан. Унинг олимлигини бошимга ураманми, тош ҳайкалларнинг сирини билса билибди-да, нима бўпти? Қўлидан бирон иш келмаса. Бас, шундай экан, ўзгаларни ҳам ишдан қолдирмай, туёғини шиқиллатиб жўнаб қолсин! Сен ҳам, Сорокин, менга ёпишаверма, мен ёлғиз ўзим сменачисиз ишлаяпман, ҳеч кимдан тап тортадиган жойим йўқ! Агар ортиқча кўринаётган бўлсам – эртагаёқ бу ердан ғойиб бўлишим мумкин. Аммо тилимни тиймайман: мен бунақа академикларни бир тийинга олмайман!..
– Бас қил! – деди Сорокин, ҳамон Абубакирнинг юзига қарамай, унинг сўзини чўрт кесиб. – Буни биз сенсиз ҳам биламиз. Гап бунда эмас. Қани айт-чи, Камол, ўзинг нима демоқчисан?
Мен ҳадеганда жавоб қайтаролмадим. Абубакирнинг гапларини тинглаб ўтириб, унинг сўзларида ҳам жон борлигини англадим. Аммо бу сўзларнинг ҳаммаси ғайирлик ва адоват билан айтилган эди. Нега? Ахир мен қўлсизоёқсизманми ёки Абубакир қилган ишни ҳеч қачон қила олмайдиган, ўтакетган ландавурманми? Ёки саводлилигим менга халал беряптими? Мен буни тушуна олмасдим. Бироқ шундай бўлса ҳам, Сорокиннинг саволига иложи борича бамайлихотир жавоб беришга уриндим.
– Мен бу ерга прицепчи бўлиб ишлаш учун келганман. Менга мана шуниси аҳамиятли. Эгар-жабдуқни бўлса уддалай оламан. Буни ҳамма билади, ҳатто Абубакирнинг ўзи ҳам билади. Бундан кейин ҳам худди шундай ишлайверишим мумкин эди. Аммо сув ташишни хоҳламайман. Хоҳламайман, вассалом!
– Бизда бошқа иш йўқ, – деди Сорокин.
– Демак, кетишим керак экан-да! – таъкидладим. Қалипа менга қаради-да, ғамгин хўрсиниб қўйди:
– Камол, мен ўз ўрнимни сенга бериб, сенинг аравангда сув ташийверардиму, аммо сен бунга кўнмайсан-да…
Бу кутилмаган гап бўлди. Қалипа ўзининг раҳмдиллигиданми ёки Абубакирнинг бақириб, сўкинган пайтларида хижолат тортиб ҳар вақт нима биландир унинг қўполлигини юмшатишга ва билинтирмасликка ҳаракат қилганиданми, ҳайтовур, шу сўзларни айтишга журъат этганди. Мен ҳам ўйлаб-нетиб ўтирмай қизиқ устида:
– Кўнаман! – деб юбордим.
Ўтов сув сепгандай жим бўлиб қолди. Гулхандаги ўтиннинг чирс-чирс этиб ёнаётганигина эшитиларди.
Ҳамма ҳайрон бўлиб менга қаради. Балки мени, эси-ҳушини йиғиб олиб, сўзидан қайтар деб ўйлаётгандирлар? Шундай бўлиб чиқдики, мени кўролмайдиган ва менга ҳеч қандай яхшиликни раво кўрмайдиган киши чангалига ўзимни ўзим тутиб бердим. Лекин бошқа ҳеч нарса демадим. Айтилган сўз – отилган ўқ. Сорокин менга яна бир синовчан назар ташлади-да:
– Шу гапинг гапми? – деб сўради.
– Ҳа!
– Менга барибир! – деди Абубакир ва гулханга тупурди. – Аммо олдиндан айтиб қўяй: сал гап бўлса, каллангга тушираман! – Унинг менсимай истеҳзо ва адоват билан ўқрайган кўзлари қоронғида совуқ чақнади.
– «Сал гап бўлса» деганинг нимаси? Нега элдан бурун дўқ қиляпсан? – деди ҳозиргача ўзини тутиб ўтирган Эсиркеп ортиқ чидай олмай. – Эплаб кетади, бу шунчалик мушкул ишми, донишмандлигингни қараю! У менинг плугимда ишлаган.
– Сендан ҳеч ким сўраётгани йўқ, бировнинг ишига аралашма. Ҳали кўрамиз. Тракторга ҳам, ишга ҳам мен жавобгарман…
– Бас қил! – Сорокин яна норозилик оҳангида Абубакирнинг сўзини бўлди ва менга қараб: – Эртадан ишга туш, – деди-да, ўрнидан туриб эшик томон юрди. – Хайр, энди дам олинглар.
Ўша кеча деярли ухлай олмадим. Абубакир билан ишимиз қандай бўларкин? Ахир ҳозиргача у билан аҳён-аҳёндагина учрашардим, эртадан бошлаб эса тункун унинг ихтиёрида бўламан. Гарчи прицепчининг вазифаси чидам ва сабрматонатни талаб қилса ҳам, мени унча чўчитмасди. Албатта, керакли жойларда плуг тишини илдам ва аниқ кўтариб туширишга кўникиш керак, токи тракторнинг ҳаракати бирор дақиқа ҳам тўхтаб қолмасин. Ундан ташқари, мен тракторчига ҳамма ишда – машинани ювиб артишда ҳам, ремонт қилишда ҳам ёрдамлашишим керак. Қани, Абубакир сўраган ключиними, болтними, гайкасиними ёки яна бошқа зарур нарсаларни дарҳол топиб бермай кўр-чи…
Кейин билсам Алдей ҳам мижжа қоқмабди. У қоронғи кечада ёнимга келиб ўтирди-да, бошимни силади:
– Ўйлаб кўрсанг бўларди, Камол, сен у билан чиқиша олмассан, оқкўнгил, ювошгинасан. Унинг кўнглидагини топа олмассан. У сени қийнаб қўяр.
– Мен унинг кўнглини топмоқчи эмасман! Қийноқларига бўлса кўникиб қолганман.
– Майли, ихтиёр ўзингда, ўзинг биласан, – деди паст товуш билан ва хўрсинганича ўз жойига кетди.
УЧИНЧИ БОБ
Абубакир билан биринчи кунданоқ тўқнаша бошладик.
– Уйқу элитиб прицеп остида қолсанг, мен жавобгар эмасман! – Абубакирнинг иш олдидан айтган бирдан-бир сўзи шу бўлди.
Бироқ ухлаш хаёлимга ҳам келмасди. Бутун хаёлим аниқ ва бенуқсон ишлаш билан банд. Фалокат босиб тишлар остига тушиб кетиш мумкин, деган хаёл билан доим қийналгандан кўра, яхшиси, ҳозироқ бу ишдан бош тортиш маъқул эди-ю…
Рама устида икки ёққа керишган оёқларим тагидаги кронштейнларга пўлат тишлар маҳкам бириктириб қўйилган эди. Плуг тишлари қўриқ ер қатламларининг буғланиб ётган бағрини бирин-кетин тилиб, ағдариб, ёнма-ён қиялаб боришарди. Трактор ёвшанларни босиб-янчиб, тинимсиз гуриллаб, ғилдирак занжирларини шалдиратиб шахдам юриб борарди.
Абубакир орқасига бир марта ҳам қайрилиб қарамасди, мени борми-йўқми деб ҳам қизиқмасди. Мен фақат унинг йўғон бўйнини кўриб турардим. Бу билан гўё у менинг то ишни ташлаб кетмагунимча ёки сабр-тоқатимга ишонч ҳосил қилмагунча синамоқчидек эди. Эҳтимол, у мени ҳолдан тойдириб, бу ишдан воз кечдириш учун тракторни тинимсиз қувиб ҳайдаётгандир. Ҳеч қанақа амортизацияси бўлмаган қаттиқ темир курсида, чанг-тўзон ва мотордан чиқаётган газдан нафаси бўғилиб ўтириш нақадар маза эканлигини Абубакир яхши билади. Аммо мен таслим бўлишни ўйламасдим. Ғоят катта куч билан ишлаётган асаблар, кўз-қулоқлар ва плуг штурвалини маҳкам ушлаб олган қўллар – менинг туриш-турмушим шундан иборат. Иш давомида ғиқ этмай ўтирдим, ҳатто жаҳл билан тракторни тошлоқ ерларга солиб борганида ҳам, плуг дам-бадам жўяклардан сакраб чиқиб кетиб, тишлари чақмоқ тошларга урилиб, учқунлар сачраганида ҳам, ўтирғичдан сакраб-сакраб кетганимда ҳам ғинг демадим.
Кечқурун Абубакир тракторни ишдан тўхтатганда шундай чарчаган эдимки, умримда бунчалик бўлган эмасман. Оғиз-бурним, кўз-қулоқларим – ҳаммаси чанг ва қум билан тўлган эди. Мукка тушиб, шу ердаёқ ухласам дердим. Лекин қимир этмай Абубакирнинг буйруғини кутиб турдим.
– Лемехни кўтар! – деб қичқирди у кабинадан бошини чиқариб. Ўзи эса тракторни шудгордан чиқарди-да, моторни ўчириб, плуг ёнига келди, эгилганча плуг тишларининг дамини кўздан кечирди.
– Алмаштириш керак, ўтмаслашиб қолибди. Эрталабгача тайёр бўлсин! – деди.
– Хўп, – дедим мен.
– Запас тишларини қолдириб, плугдан тракторни ажрат.
Мен унинг талабини бажаргач, жимгина шийпон томон кетди. Орқасидан қараб қоларканман, унинг хатти-ҳаракатига фақат аччиқланибгина қолмай, унга ҳасад қилаётганимни сездим. У гўё сира чарчамагандай, бамайлихотир, лапанглаб кетиб борарди. Менинг-ку, албатта, жонимни олди-я. Бироқ унинг ўзи ҳам тинчимайди, ахир. Ишнинг кўзини билишини қаранга, аблаҳнинг!
Мен бир хўрсиниб қўйдим-да, ўтин-чўпларни териб, қучоқ-қучоқ қилиб плуг ёнига уя бошладим. Тунда плуг тишларини алмаштириш учун гулхан ёқиш керак эди. Каттагина ўтин ғарамини тайёрлаганимдан кейин кечки овқатга кетдим.
Нақадар мушфиқ ва меҳрибон бу Алдей! Менга олиб қўйган шилпилдоқни индамай ер эканман, унинг менга ич-ичидан ачиниб қараб турганини кўрсангиз эди. Баҳузур ўтириб овқатланишга вақтим йўқ. Мен ундан ҳар эҳтимолга қарши сақлаб қўйиладиган фонарни сўрадим.
– Бу сенга нима учун керак? – деди у фонарни бера туриб.
– Керак, плуг тишларини алмаштираман.
– Ахир, шу ҳам иш бўлдими, бу қандай гап! – дея бақирди у Абубакирга қараб. – Бунга йўл қўймайман! Муштдай болани таҳқирлашга ҳаққинг йўқ.
– Менга нима, қўймасанг қўйма, – қўрслик билан жавоб қайтарди Абубакир ёта туриб.
– Аралашма! – жеркиб берди хотинини Садабек. – Камолнинг ҳам ўзига яраша ақли бор.
– Ҳечқиси йўқ, Камол, сенга ўзимиз ёрдамлашамиз. Кетдик, Эсиркеп, – дея мен билан бирга кетмоқчи бўлиб ўрнидан турди Қалипа.
– Керак эмас, ташвишланманглар. Ўзим уддалайман, – дедим-да, фонарни кўтариб ўтовдан чиқиб кетдим.
Атрофни сукунат, чексиз зулмат қоплаб олган. Мен сув ичиб олайин деб булоқ томон қайрилдим. У қоронғи, сокин чуқурлик ичида секин-аста биқирлаб қайнар ва зулмат оғушида йилт-йилт товланиб атрофга салқинлик таратарди. Ҳақиқатан ҳам у бўталоқнинг кўзини эслатаркан, қўққисдан ўша сақмончи қиз эсимга тушиб қолди. Ўша кезда унинг исмини ҳам билиб ололмаган эканман. Қаерда экан ҳозир ўша хушовоз гажакдор қиз?
Плуг олдига етиб келгач, дарҳол ишга киришдим.
Тишларни имкони борича юқорига кўтариб, ўт ёқа бошладим. Фонарнинг ҳам албатта фойдаси тегди. Гайкаларни бураб бўшатиб олдим-да, йўқотиб қўймаслик учун шапкамга солиб қўйдим. Бутун тун бўйи плуг остида ётиб ишладим. Гайкаларни бураб чиқариш жуда мушкул, ўнғайсиз эди. Улар қўл бормайдиган жойларга ўрнатилган. Бунинг устига, гулхан ҳам дам-бадам ўчиб қоларди. Мен плуг остидан ўрмалаб чиқиб, ётган жойимда ўтни пуфлаб ёндирардим. Қанча вақт ўтганини билмайман, аммо ҳамма тишларни алмаштириб бўлгунимча тинмадим. Шундан сўнг кўз ўнгим қоронғилашгандай бўлди, оёқларимни аранг судраб трактор олдига етиб олдим-да, кабинага кириб ётдим. Шилинган, тилинган, жонсиз қўлларимдан олов чиқиб, зирқираб оғрирди.
Эрта тонгда мени Қалипа уйғотди. У сув ташувчи аравада келганди.
– Радиаторга сув қуйиб бўлдим. Кел ювин, Камол, қўлингга сув қуйиб юбораман, – деди Қалипа.
У мендан ҳеч нарсани сўраб-суриштириб ўтирмади, мен ҳам унинг бу ишидан миннатдор бўлдим. Бировларнинг раҳмдиллиги ҳамма вақт ҳам ёқавермайди. Юз-қўлимни ювиб бўлгач, Қалипа аравадан тугунчада овқат ва бир шиша квас келтирди. Қовурилган дондан тайёрланган нордон муздек квас жуда лаззатли бўлиб, ҳовурингни чиқариб юборарди. Бу, албатта, Алдейнинг ғамхўрлиги эди.
Абубакир ҳам келди. У ҳеч нарса дегани йўқ. Ишимдан бирор нуқсон тополмагач, нима ҳам дея олар эди. Жимгина бориб тракторни плуг олдига ҳайдаб келди. Мен плугни тиркадим. Сўнг яна ишга киришдик.
Шу кундан бошлаб плугни дадил бошқарадиган бўлдим. Ўзимга ишонч ҳосил қилдим. Модомики, биринчи синовдан ўтдимми, энди охиригача чидайман!
Қаршимда кабина деразачасидан ҳамон ўша йўғон, чайир бўйин кўриниб турарди. Трактор ҳам бир текисда, шиддат билан гуриллаб, олға босмоқда. Бир маромда, штурвалга маҳкам ёпишганимча кетяпман.
Пешинга келиб Абубакир кутилмаганда трактор моторини ўчирди.
– Туш, танаффус, – деди у.
Биз трактор соясида, ерда жимгина ўтирардик. Абубакир папиросни асабий тишлаб, чайнаб чекарди, сўнг комбинезон ва кўйлагини ечди-да, қуёшда тобланай деб кийимлари устига ётди. Унинг елкалари кенг, мускуллари таранг тортиб турарди. Менинг ҳам қуёшда тоблангим келиб кетди. Кўйлагимни ерга ёзиб, эндигина чўзилмоқчи бўлган эдим, Абубакир бошини кўтариб менга хўмрайиб қаради-да:
– Орқамни қашиб қўй, – деб буюрди ва гўё мен унинг буйруғини дарҳол бажаришимни олдиндан билгандай, зилдай бошини қўли устига қўйиб ётди.
Мен жим туравердим.
– Эшитяпсанми, йўқми? – бошини кўтармай ғазаб билан елкаларини силкитди.
– Қашламайман!
– Мен айтдимми, қашлайсан! – У ўрнидан даст турди-да, қўлларини белига тираб олдимга келди. – Хўш? Яна қанча кутишим керак? – Мен бир оз орқага тисарилдим.
– Сен доим мен ишчиман, мен ҳаммани боқаётибман, деб кўкрагингга урганинг-урган. Аммо сен фақат ишлаётганлигинг учунгина ишчисан, чин кўнглингдан ишчи эмассан. Сен аслида бой бўлишинг керак эди!
– Бой ҳам бўлсам бўлардим! Лекин сен менинг жаҳлимни чиқараверма, – деди-да, тўсатдан бурнимга бир чертди.
Мен сакраб турдим-да, мушт кўтариб унга ҳамла қилдим. Абубакир худди шуни кутиб турган эди. Сўнгги кунларда тўпланган бутун нафратини муштига жамлаб шунақаям туширдики, соққадай думалаб кетдим. Аранг тиззамда туриб, беихтиёр ғазаб билан яна Абубакирга ташландим. Унинг ҳар зарби мени оёқдан қулатарди.
– Мен сенга мушт қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман! Асабга тегишни ҳам кўрсатиб қўяман! – деди у чўяндай мушти билан устма-уст тушираркан.
Аммо мен ҳам ўрнимдан қайта-қайта туриб, овоз чиқармай жон-жаҳдим билан унга ёпишардим. Ҳар гал юзини – ваҳший башарасини мўлжаллаб урмоқчи бўлардим, лекин у қорнимга, биқинимга, кўкрагимга аниқ мўлжал билан туширарди.
Мен яна ўрнимдан туриб, секин унга яқинлаша бордим. У қўлини кўтарди ва худди қассоблардай томоқ қириб, қулочкашлаб гарданимга яна бир мушт туширди. Мен чурқ этмай, лабларимни маҳкам тишлаб, ерда чўзилиб ётардим.
– Ётибсанми, академик? Қани, ҳидлаб кўр-чи, ердан ниманинг иси келаркин! – деди у оғир нафас олиб, ёрилган лабларидаги қонни тупуриб ташларкан. – Бу сенинг тош ҳайкаллар ҳақидаги лекциянг эмас.
У оёқларимиз остида топталган кийимлари томон кетди ва гўё ишни қойил қилиб қўйган кишидай, кийимини қоқиб, бамайлихотир кия бошлади. Менинг бу жангда ҳам ғолиб чиққанлигимни сезмас эди. Ҳа, гарчи мен ер тишлаб ётган бўлсам ҳам енгилмаган эдим. Ҳақиқат учун куч, мушт ишлатиш ҳам мумкин эканлигига ишондим. Кимки сени урса, сен ҳам уни уришинг мумкин ва зарур экан. Бу мен учун ғалаба эди.
Абубакир комбинезонини кийгунча нафасимни ростлаб ўзимга келиб олдим. У моторни ёндириши биланоқ сакраб ўрнимдан турдим-да, тезлик билан кийимларимни кийдим. Плугга чиқиб, ўз ўрнимга ўтириб олдим.
Трактор гуруллаб, шудгор бўйлаб юриб кетди. Ўша бесўнақай чайир бўйин кабина деразасидан ҳамон кўриниб турар, мен ҳам плуг штурвалига ёпишганча борардим.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.