Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 54 (всего у книги 67 страниц)
– Меники ҳам!
– Менинг отам ҳам!
– Меники ҳам!
Тиналиев қўлини кўтарди:
– Мен ҳаммасини биламан, болалар. Эртадан кечгача фақат колхоз иши билан овора, деб ўйламанглар. Ҳаммасидан хабарим бор: кимлар армияда-ю, кимлар госпиталда эканлигини биламан. Сизларни ҳам яхши биламан. Шунинг учун сизларнинг олдингизга келдим. Гап шу. Онатой, отангга нон етказиб беришга сен ҳам борасан. Сен ҳам бир йилчами, кўпроқми мактабни қўя туришингга тўғри келади.
– Мен ҳам! Мен ҳам! Мен ҳам! – деб баъзи болалар ўринларидан сапчиб тура бошладилар. Негаки бунақа пайтда ҳар ким ҳам ботир бўлиб кетади. Буёқда мактабга қатнашдан қутулади. От ҳайдайсан, холос. Бундан ортиқ яна нима керак?
– Йўқ, шошманглар! – деб уларни тинчитди раис. – Бунақаси кетмайди. Фақат плугда ишлаганлар боради. Мана сен, Эркинбек. Сен ҳам ер ҳайдаганмисан? Мен биламан, отанг Москва остонасида ҳалок бўлган. Кўпгина оталаримиз, акаларимиз ҳалок бўлганлар. Сендан ҳам илтимос, Эркинбек, бизга ёрдам бер. Ўқиш ўрнига сенинг ҳам ер ҳайдашингга тўғри келади. Бошқа чорамиз йўқ. Онангга бўлса ўзим тушунтираман…
Кейин раис яна икки кишининг – Эргаш билан Қуббатқулнинг исмини айтди. Эртага эрталаб ҳаммалари отхонада, бригадирларнинг эрталабки иш тақсимотида ҳозир бўлишларини тайинлади.
Уйда, ярим кечаси ётишга ҳозирланаётганларида Султонмурот колхоз раиси мактабга келганини онасига гапириб берди. Онасига жимгина пешанасини силаб, ҳорғингина қулоқ солди. У кун бўйи колхозда, фермада, кечқурун уйда болалари билан банд эди. Тентак Ажимурот бўлса, беҳуда қувониб ўтирибди:
– Вой-бўй! Ўқимас экансан! От қўшиб плугда ер ҳайдар экансан! Мен ҳам ер ҳайдайман!
– Дарсингни тайёрладингми? – сўради онаси.
– Ҳа, тайёрладим, – деди Ажимурот.
– Бор, ётиб ухла, унингни чиқарма! Тушундингми?
Катта ўғлига эса ҳеч нима демади.
Қизларини ўринларига ётқизиб, чироқни ўчириш олдидан маъюс тортиб, ўйланиб қолди. Афтидан, Султонмуротни ухлаб ётибди деб ўйлади шекилли, бошини қўллари орасига олиб йиғлаб юборди. Нозик елкалари титраб, унсиз узоқ йиғлади. Султонмуротнинг юраги эзилиб кетди, ўрнидан туриб, қандайдир яхши гаплар айтиб онасини юпатгиси, овутгиси келди. Бироқ безовта қилишга журъат этмади, майли, юрагини бўшатиб олсин. Ахир, онаси ҳозир отаси ҳақида ҳам (у ёқда, урушда қандай аҳволда экан, деб), болалари ҳақида (улар тўртта), уйи ва ҳар хил бошқа эҳтиёжлар ҳақида ўйлаяпти-да.
Аёл киши аёллигига боради. Ўқтин-ўқтин йиғлайди. Раис Тиналиев синфдан чиқиб кетганидан сўнг муаллима Инкамол опанинг ҳам кўнгли жуда бузилиб кетди, ҳатто ўзини йўқотиб қўйди. Аллақачон танаффусга қўнғироқ чалинган бўлса ҳам ўрнидан қўзғалмади. Синф ҳам уни кутиб ўтирар, ҳеч ким ташқарига чиқмас, ҳамма муаллиманинг ўрнидан туриб, эшик томон юришини кутар эди. Эшик олдига келганида Инкамол опа йиғлаб юборди. Ўзини тутишга ҳарчанд уринмасин, бўлмади. Кўзида ёш билан чиқиб кетди. У унутиб қолдирган харитани ўқитувчилар хонасига олиб кирган Мирзагул ҳам кўзлари ёшга тўлиб қайтиб келди. Ҳа, аёллар аёллигига боради. Ҳаммага ачинишади улар, шунинг учун кўп йиғлашади. Нима қилибди, бир йил ўтар, икки йил ўтар, уруш тугаши билан яна ўқишни давом эттиришар…
Султонмурот мана шулар ҳақида ўйлар экан, ташқарида учқунлаб ёғаётган қор шивирига қулоқ тутганча ухлаб қолди.
Эртасига ҳам яна ўшандай учқунлаб қор ёғди. Изғирин музлаган ер устини яларди. Булутлар карвони осмонда вазмин сузарди. Отхонага етиб боргунча Султонмурот совқотиб кетди.
Раис Тиналиевнинг режалари Султонмуротнинг кеча ўйлаганидан мушкулроқ чиқиб қолди. Аввалига раис ва озғин, сариқ соқол, ҳаммаларига тўрттадан нўхта тутқазган бригадир Чекиш чол билан эски отхона олдидаги қўрага боришди. Қор босган қўрада аравага қўшиладиган отлар бошларини эгиб, қуруқ охурлардаги нишхўрд хашакни чимдишарди. Маълумки, ёзда отлар семиз бўлади, қишда эса эт ташлайди. Лекин буларнинг фақат терисию устухони қолган, холос. Уларни ишлатиб-ишлатиб, қиш келиши билан оғилхонага қамаб қўйишибди. Боқадиган, парвариш қиладиган одам йўқ. Ем-хашак танқис. Борини ҳам баҳорги ер ҳайдашга сақлаб қўйишганди.
Болалар саросимада тўхтаб қолишди.
– Нега қаққайиб қолдиларинг? – деб бақирди Чекиш чол. – Бизга Манас тулпорларини қўш қўллаб тутқазишади, деб ўйлаганмидинглар? Бир чеккадан танлайверинглар, адашмайсизлар. Яна йигирма кундан кейин бу қирчанғиларнинг ҳар биттаси буқадай ирғишлайдиган бўлиб қолади. Буларнинг зуваласи пишиқ – фақат ем беру парвариш қил! Бошқаси билан ишларинг бўлмасин!
– Олинглар, болалар, ҳамма керакли нарсалар билан таъминлаймиз, – деб қўшиб қўйди раис. – Бошланглар. Ҳар бирингга тўрттадан. Дуч келганини олаверинглар.
Шунда кутилмаган ҳол юз берди. Бу ташландиқ қўрадаги қаровсиз ориқ отлар орасида отасининг Чопдор ва Чонтор деган отлари ҳам юрар эди. Султонмурот аввал Чопдорни, кейин Чонторни таниб қолди. Уларнинг калладор, ҳурпайган, туртсанг йиқилгудеклигини кўриб Султонмурот ҳам қувониб, ҳам қўрқиб кетди. Отаси билан шаҳарга тушганларини эслади. Қандай отлар эди-я, булар отасининг қўлида эканлигида! Тетик, бардам, кучли. Энди бўлса…
– Ана, қаранг, ана, отамнинг отлари! – деб қичқирди Султонмурот раисга ва бригадирга қараб. – Мана, Чопдор, мана, Чонтор!
– Тўғри! Ҳақ гап! Улар Бекбойнинг отлари! – дея тасдиқлади Чекиш чол.
– Ундай бўлса, ола қол шуларни! Отангнинг отларини ола қол, – деб буюрди раис.
Султонмурот отасининг отлари ёнига яна иккита отни – Оқдум ва Бурулни қўшиб олди. Кейин қолганлар ҳам ўзларига от танладилар.
1943 йилнинг қишида уларни мактабдан ажратган муҳим иш ана шундай бошланди…
Иш ўйлагандан ҳам кўпроқ эди. Ҳар куни отхонага боришлари, кекса Парпи ва унинг оқсоқ босқончисига ишлашларига зарур бўлган плугларни ремонт қилишга ёрдам бериш учун темирчилик устахонасига чопишлари керак эди. Авваллари кераксиз деб ташлаб юборилган ҳамма темир-терсакларни энди йиғишга ва тозалашга тўғри келди. Ҳатто ўз вазифасини ўтаб, ўтмаслашиб қолган плуг тишларини ҳам қайтадан ишга мослаштирдилар. Темирчилар болға билан уриб уларнинг дамини ўткирлаштирар, олов ва сувда обдан тоблар эдилар. Плуг тишларининг ҳаммасиниям чархлаб бўлмасди, бироқ агар уддасидан чиққудек бўлса, Парпининг боши кўкка етарди. Шундай пайтлари у босқончисини устахона томига чиқариб, отхонадаги болаларни чақиртирарди.
– Ҳой, қўшчилар! – чақирарди уларни томдан туриб оқсоқ босқончи. – Бу ёққа чопинглар, уста ака чақиряпти!
Болалар чопиб келишар ва шунда Парпи чол ҳали иссиқ, салмоқли, қорамтир-кўкиш тусдаги, янгитдан ўткирланган плуг тишини токчадан оларди.
– Ма, ол, – узатарди у ўткирланган янги тишни олиш навбати келган одамга, – ол, қўлингга ушлаб кўр. Яхшилаб қара. Бор, плугингга солиб боқ. Эҳ! Чиройлилигини-чи! Худди узукка кўз қўйгандек! Шудгор қилаётганингдами, худди Тошкент ойнасидай ярақлаб туради. Бунақа тишларда юзларингни томоша қилиб юрасизлар! Балки бирорта қизга кўзгу ўрнида совға қиларсизлар-а? Зап совға бўлади-да! Энди у ёққа, токчангга қўйиб қўй. Кейин далага олиб борарсан. Ана шундай, кейинги сафар бошқа бирингга ясаб бераман. Ҳаммага ясаб бераман. Ҳеч ким тишсиз қолмайди. Ҳаммага уч жуфтдан ясаб берарман. Фақат ўзимга янги тиш қилолмайман. Сизларга тишларни етказиб берамиз. Ҳали сизлар, болалар, бизларни далада кўп эслайсизлар. Ахир плугнинг энг муҳим қисми тиши-да! Бошқа барча қисмлар азбаройи тиш деб қурилган. Тиш кучли бўлса, шудгор ҳам кучли бўлади. Тиш ўтмас бўлса, қўши ҳам ожиз. Мана шунақа…
Ажойиб одам эди Парпи чол. Умр бўйи темирчилик қиларди. Мақтанишни яхши кўрарди-ю, аммо ўз ишига пухта эди.
Эгар-жабдуқ устахонасига ҳам тез-тез бориб туришга тўғри келарди. Чекиш бригадир абзалларни ҳозирлашга ёрдам қилинглар, деб тайинлар эди. Абзалсиз ҳеч қаёққа боролмайсизлар. Плуглар ҳам, отлар ҳам бор дейлик, аммо абзалсиз ҳаммаси уч пул. Бу тўғри гап. Шунга кўра уларнинг ҳар бири жон куйдириб, қўлларидан келганча ўз отларига эгар-жабдуқларни тезроқ тайёрлаш учун саррочларга ёрдамлашарди.
Энг муҳим, энг асосий иш – отларни боқиб парвариш қилишдан иборат эди. Кун бўйи, эрталабдан кечгача отхонада бўлиб, ишдан кеч қайтишарди. Уйга фақат тунда, отларнинг сўнгги улушини, хашакни бериб бўлгач, қайтишарди. Жуда шошилиш керак эди!
Вақт жуда зиқ эди. Январнинг охири тугаб борарди. Уловни ишга солишга ўттиз, нари борса, ўттиз беш кунча қолган эди. Отларни оёққа турғазишга ва шудгор бошлангунча кучларини тиклашга улгуришадими-йўқми – буёғи энди уларга, плугчиларнинг ўзларига боғлиқ эди. От ухлаяпти, унинг олдидаги охурда доим, кечасию кундузи ем туриши шарт, жонивор шундай мавжудот…
Тиналиевнинг ҳисоби бўйича февралнинг охири, ерлардан қор кетиши билан плуглар Оқсой участкасига чиқиши керак эди. Қачонлардир, узоқ вақтлар муқаддам, одамлар Оқсойни шудгорлаб уруғ сочишган. Аммо кейин негадир Оқсой далалари ташлаб кетилган. Балки Оқсой узоқ ва кимсасиз бўлганидандир, балки у ерлар суғориладиган майдон бўлмагани, бунинг устига, тепаликларда жойлашгани учундир. Бригадир Чекишнинг таъкидлашича, отаси унга шундай деган экан: Оқсойга чиққан қўшчи ё ҳеч вақосиз қолиб хонавайрон бўлади, ё хирмонни ташиб ололмай одам ёллайди. Биринчи шарти – вақтида экиб олиш. Иккинчиси– Оқсойдаги ҳосил ёмғирга ҳам боғлиқ. Чекиш чол ана шундай дер эди.
«Деҳқон доим таваккал қилади, аммо доим умидвор бўлади», – дер эди Тиналиев. Тиналиев шунга суянар ва бахтимизга ёмғир ёғиб, Оқсойнинг ғалла хирмони уйилиб қолади, деган умид билан қўшчиларни ғайратлантирар эди…
Кунлар ўтди. Ҳафта охирига бориб отлар сезиларли даражада жонланиб, бир оз этга кириб, ишлар юришиб қолди. Кунлар илий бошлади. Қиш гўё хаёл суриб, кетишга чоғланиб қолгандай эди. Шунинг учун ҳам кундуз кунлари отларни офтобга, ташқаридаги охурларга олиб чиқишар эди. Офтобда отлар яхшироқ қавзаниб, тезроқ эт олишарди. Йигирма бош Оқсой десанти девор олдидаги узун охурлар бўйлаб тўртта-тўрттадан саф тортишганди. Раиснинг эрталабки текширувида болалар ўз отларининг ёнида шай туришарди. Уларга Оқсой десанти деб Тиналиев ном қўйганди. Шу-шу бригадирлар ҳам, аравакашлару отбоқарлар ҳам уларни айнан десантчи, десантчилар, Оқсой отлари, Оқсой пичани, Оқсой плуглари деб атай бошлашди. Одамлар отхона ёнидан ўтаётиб, десантнинг иши қандай кетаётганини билмоқ учун кўз ташлашарди. Оқсой десантчилари ҳақида бутун овул гапирарди. Тиналиев Бекбойнинг ўғли Султонмуротни десантчиларга командир қилиб тайинлаганини ҳам ҳамма биларди. Бу ишга, албатта, Онатой қарши чиқди. У дарҳол баҳслаша бошлади:
– Нега энди Султонмурот командир бўларкан? Балки биз уни хоҳламасмиз!
Бу сўзлар Султонмуротни ёндириб юборди. Чидаб туролмай деди:
– Мен умуман командир бўлишни хоҳламайман! Хоҳласанг ўзинг бўлавер!
Болалардан Эркинбек ва Қуббатқул ҳам баҳсга аралашишди:
– Онатой, унга ҳасад қиляпсан! Сенга нима? Айтдиларми, бас, командир Султонмурот!
Эргаш эса Онатойнинг ёнини олди:
– Онатойнинг қаери кам? У бақувват! Фақат бўйи Султонмуротникидан сал пастроқ. Мактабда синфкомни сайлагандик, келинглар, командирни ҳам танлаб сайлаймиз… Қачон қарасанг – Султонмурот, Султонмурот!
Тиналиев уларни жимгина тинглаб турди, кейин эса жилмайиб қўйди ва бошини чайқаб, бирдан жиддийлашиб жаҳли чиқди.
– Қани жим бўлинглар-чи! – буюрди у. – Бу ёққа келинглар. Сафланинглар. Мана бундай, бир қатор бўлиб. Десантмисизлар, десантдай бўлинглар. Энди эса менга қулоқ солинглар. Эсларингда бўлсин, командир сайланмайди. Командир юқоридаги бошлиқ томонидан тайинланади.
– Ўша бошлиқнинг ўзини ким тайинлайди? – сўзини бўлди Эргаш.
– Яна ҳам юқорироқдаги бошлиқ!
Орага жимлик чўкди.
– Гап бундай, болалар, – давом этди раис. – Уруш кетяпти, ҳарбийчасига яшашимизга тўғри келади. Билиб қўйинглар, мен сизлар учун бошим билан жавоб бераман. Иккитангизнинг отангиз ҳалок бўлган, учтангизнинғ оталарингиз фронтда. Мен сизлар учун тириклар ва ўликлар олдида ҳам жавобгарман. Аммо мен бу жавобгарликни сизларга ишонганим учун оляпман. Сизлар плугларингиз билан олисга, Оқсойга бориш олдида турибсизлар. Худди алоҳида топшириқ олган парашутчилар десантидай анча куну тунни чўлда ёлғиз ўтказасиз. Агар салга баҳслашадиган ва бақиришадиган бўлсангиз, қандай яшайсиз ва қандай ишлайсиз у ерда?
Раис Тиналиев отхонада, болалар сафи олдида туриб ана шу тахлитда сўзлар эди. Собиқ парашутчи ҳамон ўша кулранг армия шинели, ўша кулранг ҳарбий қулоқчинида, чўзинчоқ юзлари ташвишли, ҳали ёш бўлишига қарамай, бир томонга майишиб қолган, қовурғалари майиб, қачон қарасанг, дала сумкасини осиб юрадиган раис Тиналиев болалар қаршисида тик турар эди.
Бекбойнинг ўғлини командир қилиб тайинлаган раис Тиналиев Оқсой десанти сафи олдида туриб ана шу алфозда сўзлар эди.
– Ҳаммаси учун сен жавоб берасан, – деди у, – одамлар учун ҳам, плуглар учун ҳам, от-уловлару эгар-жабдуқлар учун ҳам. Оқсойдаги шудгорга ҳам сен жавоб берасан. Жавоб бермоқ – бу топшириқни бажармоқ дегани. Эплолмасанг командир қилиб бошқа одамни тайинлайман. Ҳозирча эса ҳеч қанақа ва ҳеч кимнинг эътирозини инобатга олмайман.
Раис Тиналиев ўша куни отхонада кичкинагина Оқсой десанти сафи олдида туриб, ана шу тахлитда сўзларди.
Қўшчилар ихлос ва ҳайрат билан унинг юзига тикилиб, ҳар қандай буйруғуни бажаришга тайёр туришарди. У болаларнинг олдида худди Манасга ўхшаб ҳайбатли, пахмоқ соч, совутда, улар бўлса унинг ёнида содиқ ботирларидай туришарди. Гўё қўлларида қалқон ва белларида қиличлари бордай эди. Манас ўз умиди, ишларини ишониб топшириб қўйган ўша азаматларнинг ўзлари кимлар эди?
Биринчи паҳлавон – Султонмурот. Майли, энг каттаси бўлмаса ҳам у ўн бешга кирган эди. Аммо ақли ва ботирлиги учун командир қилиб у – Бекбойнинг ўғли Султонмурот тайинланган эди. Унинг отаси эса оталарнинг ичида энг зиёди, бу пайт узоқ сафарда – катта урушда эди. У ўзининг жанговар оти – Чопдорни Султонмуротга қолдирди. Султонмуротнинг кичик укаси Ажимурот ҳам бор. Укасини у гоҳо жиғига текканига қарамай яхши кўрар эди. Султонмурот яна гўзал Мирзагул бекачни ҳам пинҳона севарди. Мирзагул бекачнинг табассумидан гўзалроқ табассум йўқ. Туркистон терагидай сарвқомат, юзлари оппоқ қордай, кўзлари эса зулмат тоғ бағридаги гулхандай…
Иккинчиси – машҳур паҳлавон Онатой ботир эди. У отрядда энг каттаси, қарийб ўн олти ёшга тўлиб қолганди. Бўйи оз-моз пастроқ бўлса ҳам, у ҳеч кимдан ҳеч нимада қолишмасди. Аммо куч беллашганда ҳаммадан ўтарди. Унинг оти, ботирнинг ўз номига ўхшаш Оқтўриқ камон ўқидай сапчирди! Онатойнинг отаси ҳам улкан урушда, узоқ сафарда эди. Онатой ҳам ўша ой юзли Мирзагул бекачни пинҳона севар эди. Соҳибжамолнинг бўсасига интиқ эди…
Учинчи паҳлавон – ёқимтой йигитча Эркинбек ботир эди. Оиланинг тўнғичи. Ажойиб ва садоқатли дўст. Гоҳо у маъюс уҳ тортиб, пинҳона йиғлаб ҳам оларди. Унинг отаси ўша узоқ сафарда Москвани ҳимоя қила туриб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган эди. Эркинбекнинг жанговар оти ботирга мос Оқпайпоқ – яъни, оқ пайпоқли тулпор, деб аталарди.
Тўртинчи паҳлавон – Эргаш ботир эди. У ҳам дўст, ҳам ўртоқ. Ўн беш ёшларда. Ўз фикрларини айтишни яхши кўрар, баҳсларга аралашаверарди. Аммо ишда эса унга ишонса бўларди. Унинг отаси ҳам жангу жадалда – узоқ сафарда. Эргашнинг оти ўзига уйқаш Олтинтуёқ деб аталарди.
Бу ботирларнинг ичида бешинчиси – Қуббатқул ботир эди! У ҳам ўн беш ёшларда, у ҳам оила тўнғичи. Қуббатқулнинг отаси ўша узоқ сафарда, ўша жангу жадалда, Белоруссия ўрмонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Қуббатқул толиқишни билмайдиган меҳнаткаш. Ҳар қандай ботир каби ўз оти Ипакёл тулпорини жуда севади.
Тиналиевнинг қаршисида мана шундай ботирлар туришарди. Уларнинг ортида ингичка бўйинлари ва бошлари орқасида, от боғланадиган жойдаги узун охур ёнида икки тишли плугларга қўшилган, Оқсой томон жўнаши керак бўлган йигирмата от турарди…
Қор кетиши билан улар Оқсойга, Оқсойга шудгор қилишга кетишади!
Оқсойга, ер селгиши билан Оқсойга қўш ҳайдашга боришади!
Аммо атрофда қор кетганича йўқ, ҳали у ерни қоплаб ётарди. Бироқ кунлар яқинлашиб, ҳамма нарса ўша кунга шай турарди…
БЕШИНЧИ БОБ
Ниҳоят, ўша кунлар яқинлашмоқда эди…
Оқсой учун ажратилган отларни ҳамма ҳар хил – кимдир десантчи, кимдир Оқсой отлари деб атар, аммо муҳими шундаки, икки ҳафталардан кейин улар отхонадаги бошқа отлар ичида кўзга ташланиб турадиган бўлиб қолишди. Тўйғазилган, суғорилган, ювиб-тараб қўйилган Оқсой отлари кучга тўлиб бораётган мускуллари, тетик кўринишлари ва зийрак чимирилган қулоқлари билан кўзни қувонтириб, десант охури бўйлаб бир қатор тизилишиб туришарди. Уларнинг ҳар бири яна ўзига хос қилиқларини қилиб, олдинги алфозга қайтган эдилар. Унутиб қўйилган одатлари яна пайдо бўлганди. Отлар ўзларининг янги хўжайинларига кўникиб қолишган эди. Таниш овоз ва қадам товушларини эшитишлари билан ўгирилиб қараб, эркаланганча, секин, гўё пичирлашаётгандай кишнаб қўйишар, юмшоқ лабларини қимтиб суйкаланишарди. Болалар ҳам отларнинг остига шўнғиб, хўжайинлардек қичқиришга ўрганиб қолишди: «Қани, оёғингни торт! Тўхта дейман, каллаварам, ҳозир! Қаранг-а, турткилаб эркалик ҳам қилади маккор! Овора бўласан, менинг қўлимга қараган биргина сен эмассан».
Дастлабки кунларда отлар сувлоққа сув ичгани базўр боришарди, кейинчалик, айниқса, дарёдан қайтишда ўйноқлайдиган бўлиб қолишди. Уларнинг ҳар бири ўзининг жанговар отини – Султонмурот Чопдорни, Онатой Оқтўриқни, Эркинбек Оқпайпоқни, Эргаш Олтинтуёқни ва Қуббатқул Ипакёлни миниб олишарди-да, уларнинг ҳаммасини биргаликда дарёга ҳайдашарди.
Қишда сувлоқ қулай бўлиши, унга тушар жой тийғаноқ бўлмаслиги керак. Бир нечта от сув ичишга тушиши айниқса зарур. Шунинг учун олдиндан қирғоқларда отнинг туёғини тутиб турадиган жой ҳозирлаш, хавотирли ерларга похол тўшаб қўйиш лозим. Қаттиқ совуқларда эса музни тешишга тўғри келарди. Султонмурот бу ерда ҳам ким қайси кун сувлоқни ҳозирлаши ҳақида қатъий навбатчилик ўрнатди.
Отлар болалар назорати остида муздай оқар сувдан шошилмай, турткилашмай ичишарди. Сув бу ерда муз остидан чиқиб саёз тошлоқ бўйлаб оқар ва яна муз остига сизиб кетарди. Муз остида ҳам қулқиллаб, жилдираб, овоз чиқариб оқарди.
Отлар гўё қулоқ тутгандек сув ичишдан тўхтар, йилт этган қуёш нурларида ўзларини тоблаб олгач, яна сувни симиришарди. Сув ичиб бўлишгач, шошилмай йўлга чиқишар, отхонага қайтишда ўйноқлашиб, пишқириб, кишнаб, думларини силкитиб дам олдинга, дам орқага сапчишар, оёқларини кўтариб тик туришарди. Болалар атрофда от чопиб, гижинглатиб шовқин солишарди.
Орадан кўп вақт ўтмай одамлар десант отларини завқланиб томоша қиладиган бўлиб қолишди. Гўё улар ўша эски қирчанғи отлар эмас, қайтадан туғилгандай эди. Кексалар назар-эътибордан қолдирмай бу хусусда шундай хулоса чиқаришарди: агар у меҳнаткаш, меҳрибон одамнинг қўлида бўлса, дунёда отдан вафодори бўлмайди. Сен унга зиғирча яхшилик қилсанг, юз ҳисса қилиб қайтаради. Сўнгра кексалар қадимда аломат бедовлар бўлганлиги ҳақидаги ривоятларни сўзлай кетишади.
Фақат раис Тиналиевдан мақтов олиш қийин. У талабчан, тикандек қаттиқ нигоҳи билан отларни, ҳаммадан аввал десантчиларнинг ўзларини бир-бир кўздан кечириб чиқади. Ҳамма нарсани ипидан игнасигача текширар, плуглар қалай, абзаллар тайёрми дер, ҳатто кимнинг шимининг тиззаси йиртиқ бўлса – нега йиртиқ, онасининг қўли тегмаса, ўзи қўлига игна олиб тикиб олиши шунчалик қийинми, дея ижикилаб сўрарди. Отнинг жабдуқлари-чи, қачон ахир тайёр бўлади жабдуқлар, деб қистовга олиб қоларди. Оқсойга отхонани кўчириб кетолмайсан, тунлари чўлга совуқ тушади. У вақт зиқлигини, Оқсойда ҳозир бугунги ишни эртага қўйиб бўлмаслигини тинмай таъкидларди. Гоҳо бақириб сўкишга қадар бориб етар, аравакашлар плугли отга, айниқса, Оқсойга кетадиган отларга сақланаётган бедани ўз вақтида етказиб беролмаганлари учун Чекиш бригадирга қаттиқ дашном берарди.
Бўлаётган воқеалардан у қадар севинмаётган кишилар ҳам бор: булар – оналар. Ҳали униси, ҳали буниси келиб, бу қандай кўргилик, умримиз бино бўлиб қулоқ эшитмаган десантни ўйлаб топишибди, эрларимизнинг урушдалиги етмасмиди, энди ўғилларимиз ҳам аскар бўлиши қолганмиди, на уйга ёрдами тегади уларнинг, на дийдорига тўйиб гаплашиб ўтириш бор. Куну тун отхонадан бери келишмайди… Хуллас, гапирса гап кўп.
Султонмуротга ҳаммадан кўра оғир, ахир командир-да. Ҳаммаси учун у жавоб бериши керак. Ҳаммасидан ҳам оналар олдида жавоб бериш оғирроқ. Онаси қўлини ювиб, қўлтиғига урди, ҳорғин: «Фақат отанг урушдан тирик қайтса бўлгани, нима қилса ўзи қилади. Тўйиб кетдим. Мен кўз юмгач, эсинг жойига тушади-ю, аммо унда кеч бўлади…» – дерди. Онасига жуда қийинлигини Султонмурот билади, лекин қўлидан нимаям келарди, унинг ўрнида ҳар қандай одам ҳам ҳеч нарса қилолмасди. Десантчиларнинг ҳар бирининг қўлида тўрттадан от ва отдан ташқари қанчадан-қанча юмушлари бор. Ем бер, суғор, тагини тозала, ем-хашак тайёрла, яна ем бер, гўнгини тозалаб ташқарига олиб чиқ ва қайта шу ишларни такрорлайвериш… Отларнинг яғринларини ювиш, яраларини даволашнинг ўзи шундай машаққатки… Участка ветфельдшерининг ҳар хил суртиладиган қуюқ-қуюқ дориларни қолдириб кетганини айтмаса, умуман, ўзларининг даволашларига тўғри келади. Ҳар куни дориларни суртиб туриш керак, бўлмаса даволаб бўлармиди. Боқишга-ку, амаллайсан-а, аммо яранинг устига бўйинча осиб қўёлмайсан-ку. Шу-да. Бирорта соғ от йўқ, ҳаммасининг яғринларини яра-чақа босиб кетган, оёқлари шикастланган эди. Уни даволаётганингни ҳайвон тушунмайди, қани тинч турса-чи!
Отларнинг танаси эт олиб, оёққа туриб олганларидан кейин совитиш керак бўларди. Ҳар бир отни ҳар куни бир ярим соатча йўрттириш керак, акс ҳолда, бригадир Чекиш айтганидай, «плугга қўшганда терлайди-ю, суроби тўғри бўлади-қолади».
Иттифоқо, кўнгилсиз ҳодиса юз берди…
Бир куни бешовлон ўз «жанговар» тулпорларини совитиб келишга отланишди. Султонмурот Чопдорида, Онатой Оқтўриғида, Эркинбек Оқпайпоғида, Эргаш Олтинтуёғида, Қуббатқул Ипакёлида эдилар. Аввалига одат бўйича отларни йўрттириб боришди. Отхона атрофидан, кейин кўчадан юриб қишлоқ четига чиқишди ва қор қопланган дала бўйлаб йўртиб кетишди. Қуёш чарақлаб, қорлар жимирлар, жилвакор осмон баҳор нурларига йўғрилганди. Тоғлар оппоқ, шундай сокин ва ёруғ эдики, агар ўша оқ чўққида пашша учса эшитиладигандай ва кўринадигандай туюларди. Қиш даврини суриб бўлган, қуёш аста-секин қиздира бошларди. Отлар шитоб билан чопиб боришарди. Улар ҳам увушган оёқларининг чигилини ёзишга ва елдек учишга жуда зориққан эдилар. Болалар жиловни бўшатишиб тезроқ, тобора тезроқ от сургилари келарди. Шундоқ чоптиришни истардиларки… Олдинда Султонмурот бормоқда эди. Онатой орқадан уни шоширарди:
– Бўл тезроқ, бунча имилламасанг!
Бироқ Султонмурот командир сифатида тезликни оширишга унчалик рўйхуш бермади. Совитиш – бу пойгада чопиш эмас сенга. Бу – отларни машқ қилдириш, кейин плугга қўшган пайтда тортишга қийналмаслиги учун қилинадиган тадбир. Десант бўлган болалар шундай боришарди. Даладан бурилиб энди ортга қайтмоқчи эдилар, тепалик ортидан қий-чув эшитилди. Болалар мактабдан қайтмоқда эдилар. Десантчиларни кўришлари билан бақирибчақириб, қўлларини силкита бошлашди. Уларга жавобан десантчилар ҳам қичқиришар, қўл силкишарди. Синфдошлари, еттинчидагилар ҳамда бошқа синф ўқувчилари дарсдан қайтмоқда эдилар. Тўда сурон кўтариб келишарди. Тўда ичида Султонмурот Мирзагулни дарров таниди. Уни қандай тополганини ўзиям билмайди-ю, бир парча шол рўмол остидаги йилт этиб кўринган юзи, нозик жуссаси, рафтори ва овозидан бу Мирзагул эканлигини ҳис қилди. Қиз ҳам уни таниди шекилли – бошқаларга қўшилишиб нималарнидир қичқириб, сумкасини ўйнатиб, тепаликдан тушиб кела бошлади. Ҳатто «Султонмуроот!» – деб чақиргандай ҳам бўлди. Қўлларини ёзиб унга томон югуриб интилаётгани хотирини ярқ этиб, жонлантириб юборди ҳамда шу кунларда қизни ўйлаб юрганини ва соғинганини шу лаҳзада сезди. Шунда қандайдир бир тўлқин уни ўз оғушига олиб, аллақаёқларга гирдикапалак қилиб учириб кетаётгандай ҳис қилди…
Нимадир бўлди-ю, шу заҳоти улар беихтиёр тўдалашиб ўша томонга, синфдошлари тушиб келаётган тепалик сари йўртиб кетишди. Бир зумда далани ортда қолдиришиб, нишабликдан ғойиб бўлишди. Улар тепалик ёнбағри бўйлаб саф тортишиб, отларини гижинглатиб, ҳайратланган болаларнинг ёнидан ўтиб, отхона томон ўтиб кетишлари ҳам мумкин эди-ку. Султонмуротнинг режаси ҳам шундай эди. Шу пайт Онатой олдинга отилиб чиқди. Унинг Оқтўриғи учқур от эди.
– Қаёққа, тўхта! Чоптирма! – огоҳлантирди уни Султонмурот, аммо Онатой ҳатто пинагини ҳам бузмади.
«У Мирзагул олдида ўзини кўрсатмоқчи!» – деган фикр ярқ этиб Султонмуротнинг миясига урилди. Унинг жаҳли чиқиб, чидаёлмай, жўшиб кетди ва Чопдорнинг жиловини бўшатиб, ҳой-ҳойлаб, отнинг ёлига ёпишиб олганча Онатойни қува кетди. Онатой бўлса яна отга устма-уст қамчи босди. Улар пойга чопгандай, ким ўзарга, ким биринчи бўлиб қизга етиб боришга, ким ўзининг абжирлиги ва устунлигини кўрсатишга ошиққандай қувишиб кетишди. Эҳ, шундай ажойиб пойга чопдилар-а! Отаси бекорга Чопдорда ажойиб тулпор хислатлари бор демаган экан, у ҳақиқий бедовлигини кўрсатмоқда эди. Онатойга қуюндай етиб олган Султонмурот тантана қиларди! Уларнинг беллашувини кузатиб тўхтаб қолган синфдошлари тўдасига аста назар соларкан, улар орасида қизга кўзи тушди, аслидаям уни кўрмоқчи эди-да. Ахир шу қизни деб бу беллашувда қатнашмадими. Ғалаба қозонди ҳам! Онатойни қувиб ўтгач, қизга яқинроқ бориш учун тепаликка йўналди. Чопдорнинг бошини, яхшиямки, сал тепаликка бургани, омади бор экан, бўлмаса бу ҳангома нима билан тугашини ким биларди. Чунки сўнгги дақиқаларда Онатой етиб, уни қувиб ўтаётганида рақибига бир нарса бўлгандай бўлди. Бирдан ҳамма қичқириб юборди. Султонмурот жиловни тортиб, орқасига ўгирилса, Онатой йўқ. У шиддат билан чопиб бораётган отини базўр тўхтатиб орқага қайрилди-ю, Онатойнинг Оқтўриғи қорда из қолдирганча суриб тепаликдан юмалаганини, Онатойнинг ўзи эса бир четга отилиб кетганини кўрди. Болалар гавдасини аранг қордан кўтариб тураётган Онатой томон югуриб кетишди.
Султонмуротнинг кайфи учиб кетди. Етиб келиб Онатойнинг қонга беланган қўлларини кўргач, яна ваҳима босди. Бир лаҳза кўзлари Мирзагулнинг нигоҳлари билан тўқнашди. Қўрқиб оқариб кетган бўлишига қарамай у жуда гўзал эди… Онатой ўзини ўнглаб олиб, пастда, қор уюмида типирчилаб ётган оти томон югурди. От тизгинга ўралиб қолган эди. Бу орада орқада қолган десантчилар ҳам етиб келишди. Ҳаммалари отни оёққа туришга кўмаклашиб юборишди. Шундагина Султонмуротнинг қулоғига товушлар чалиниб, ҳамма нарса жойида шекилли, дея ўзига келди.
Ботирларнинг Мирзагул бекач олдида ўзларини кўрсатишга уринишлари ана шундай кўнгилсизлик билан тугади. Қизнинг кўзларига қарашга уларнинг юраклари дов бермасди. Отхонага қайтар вақт бўлгани учун чурқ этмай, апил-тапил йўлга отландилар. Фақат овулга етай деб қолганларида Эргаш Онатойнинг Оқтўриғи оқсаётганини сезиб қолди.
– Тўхта! – қичқирди у. – Нима, отингнинг оқсаётганини билмаяпсанми?
– Оқсаётганини? – ғўлдиради Онатой.
– Ҳа-да! Оқсаганда қандай!
– Қани, олдинга ўт-чи, – буюрди Султонмурот. – Кўрайлик-чи, олдинга ўт.
Ҳақиқатан, Оқтўриқ олдинги ўнг оёғини зўрға босарди. Пайпаслашиб қарашса, отнинг тўпиғи шиша бошлаганини кўришди. Жуда ёмон иш бўлди-да. Энди нима қилишни билишмасди. Отларни плугга роса тайёрлашиб-тайёрлашиб, охирида ҳаммаси чиппакка чиқди. Қор билан қопланган тепаликда ким от чопади, ахир ҳар қадамда отлар сирпаниб пастга юмалашлари мумкин эдику. Шундай бўлди ҳам. Хайриятки, ўзлари омон қолишди.
– Ҳаммасига сен айбдорсан! – деди жаҳл билан Онатой қизариб-бўзариб. – Қувишни биринчи сен бошлаб бердинг.
– Орқангдан: «Тўхта, қаёққа?» – деб бақирмадимми?
– Бўлмаса нега қувлаб ўтмоқчи бўлдинг?
– Ўзинг отни нега чоптириб кетдинг?
Бақиришиб, талашиб, сал бўлмаса муштлашиб кетай дейишди. Лекин эсларини йиғиб олдилар. Бу от совитишдан сўнг отхонага оқсоқ отни жимгина, ҳорғин етаклаб кириб келишди. Отларни, оқсоқланаётган Оқтўриқни ҳам шовқин-суронсиз охурларига боғладилару, энди нима қилишларини билмай туриб қолдилар. Таҳлика остида ҳеч биридан бир фикр чиқмай чурқ этмай туришарди. Бу қилмишлари учун жавоб бериш кераклигини яхши билишарди. Болалар Онатойга юзланиб: секин, нима бўлганини отбоқарларга айтиб кўр. Оқтўриқ оқсоқланиб қолди, нима қилайлик, деб сўрагин, дейишди. У кўнмади:
– Нега энди мен борар эканман? Мен айбдор эмасман. Бизнинг командиримиз бор. Ўзи бориб айтаверсин.
Яна баҳслашдилар, яна муштлашиб кетишларига сал қолди. Ҳаммадан ҳам Онатойнинг ўзини айбдор ҳисобламаётганлиги Султонмуротга алам қилиб кетди.
– Хотин экансан! – деди тутақиб. – Сен фақат оғиздагина ботирсан! Сал нарсага четда писиб турмоқчимисан! Қўрқади деб ўйлаяпсанми? Бўлар иш бўлдими – ўзим бориб айтаман ҳаммасини.
– Боравер! Шунинг учун ҳам командирсан-да, – бўш келмади Онатой.
Султонмурот ўзини қўлга олиб, ҳаммасини қандай бўлса шундайлигича отбоқарга айтиб беришга жазм қилди. Отбоқар ҳовлиқиб югуриб бориб қоқинган отни кўздан кечира бошлади. Тўс-тўполон кўтарилди. Нақ шудгор қилиш олдидан отдан айрилиш ҳазилми ахир. Шу заҳоти Чекиш бригадир келиб дағдаға қила кетди. Буни ким бўлса ҳам етказишга улгурибди-да. Отбоқар бу вақтда Оқтўриқнинг оёғини кўздан кечириб, шикастланганми ёки суяги синганми, аниқлаётган эди. Шу пайт орқадан от туёғининг дўпир-дўпири эшитилди. Бошларини ўгириб қарашса, от устида Чекиш бригадир турибди. У индамай отдан тушди. Яқин келиб ҳайбат билан тутақиб сўради:
– Нима бўлди?
– Пайи чўзилганми ёки суяги дарз кетганмикин, шуни билмай турибмиз, оқсоқол.
– Билишмасмиш! – бақирди Чекиш жаҳлдан бўзариб. – Ҳаммангни ҳозироқ трибуналга ҳайдайман! Жой-жойингда отиб ташлайман!
Чекиш қамчисини ўйнатиб қўшчилар томон отилди. Болалар ҳар томонга тумтарақай қочиб қолишди. Чекиш уларни қува кетди. Ҳеч кимни тутолмай, баттар бўғилиб, бўзариб қамчисини силтаб дўқ қила бошлади:
– Плугга қўшиладиган отларни биз кимларга ишониб ўтирибмиз? Булар душман экан-ку! Фашистлар! Битта қўймай отиш керак! Қанча меҳнат, қанча емни елга совурди булар! Энди шудгор нима бўлади?
У отхонани бошга кўтариб қичқирар, сўкинаркан, Султонмуротга тўқнаш келиб қолди. Болалар қочиб кетишганда ҳам Султонмурот жойидан жилмаганди. Қўрқувдан ранги қув ўчиб, жавоб беришдан бош тортолмай бригадирга термилди.
– Ҳа, ҳали бу сенмисан! Қилар ишни қилиб қўйиб, яна менга қараб турибсанми! – Чекиш чол ўзини тутолмай десантчилар командирининг елкасига қамчи тортиб юборди. Бироқ яна қамчисини кўтарди-ю, негадир урмай пишқира кетди:
– Қоч, итвачча! Қоч, дейман! Йўқол кўзимдан! Йўқса, боплаб савалайман!
Султонмурот орқага чекиниб, беихтиёр қўллари билан юзини тўсиб, жавдираган кўзларини бригадирдан узмай турарди. У чўғдай қамчи елкасини ўйиб ўтишини кутарди. Бунга чидаш, бардош бериш, қочмаслик учун бор кучини тўплаб турар эди…
– Ҳа, майли! – деди кутилмаганда Чекиш йигитчанинг ўжарлигидан ҳайратланиб. – Қолганини отанг урушдан қайтгач оласан. Бу қилмишларинг учун сени отангнинг олдида ҳам савалайман!
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.