Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 20 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
Биринчи муаллим
Деразаларни ланг очаман. Хонага соф ҳаво оқими кириб келади. Ғира-шира тонг ота бошлаганда туриб, бошлаб қўйган хомаки этюдларимни қайта-қайта кўздан кечираман. Улар талайгина бўлиб, мен уларни бир неча бор қайтадан ишлаганман. Бироқ сурат ҳақида ҳукм чиқариш, ҳали эрта. Нималар бўляпти ўзи. Ҳали калаванинг учини топганимча йўқ. Эртанги ёз ёғдусини тутиб бўлмаганидек, тутқич бермай тобора зўрайиб бораётган дил розини ҳам тутиб, тушунтириб бўлмасди. Тонг сукунатида юриб ўйга толаман ва ҳар сафар менинг чизиб қўйган суратим ҳали шунчаки кўнгилга тугиб қўйилган бир орзуният эканлигига ишонч ҳосил қиламан.
Ҳали тугалланмаган нарса ҳақида ҳатто яқин дўстларимга ҳам элдан бурун сўз очишни хуш кўрмайман. Бу менинг ўз ишимга ўта қизғанчиқлик билан ёндашаётганим белгиси эмас, бешикдаги гўдакнинг ким бўлиб вояга етишини олдиндан айтиш мушкул бир иш бўлганидек, ёзиб тугалланмаган асар ҳақида ҳали бир нарса дейиш қийин. Аммо бу сафар доимий одатимни тарк этиб, тўғрисини айтганда, поёнига етмаган суратим ҳақида гап очиб, одамлар билан фикр алишсам, деган умиддаман.
Бу, қайд этиб ўтилганидек, инжиқлик ёки бўлмаса ўта талабчанлик аломати эмас, албатта, бундан бошқа йўл ҳам тута олмасдим. Нега деганда, кўпдан бери юрагимга ғулғула солиб, эртаю кеч тинчлик бермай, қўлимга қалам олишга ундаб келаётган бу воқеа менга шунчалик улуғвор туюлар эдики, ёлғиз ўзим унинг уддасидан чиқолмаслигимга кўзим етиб, тўла қадаҳни чайқатиб тўкиб юбормасам, деб қўрқардим. Шу важдан одамлар худди рассомларнинг дастгоҳи ёнида туриб масалани ҳамжиҳатлик билан ҳал этганларидек, сизлар ҳам менинг ёнимда туриб, гарчи хаёлан бўлса-да, маслаҳат бериб, кўмаклашиб, қувончу ҳаяжонларимни баҳам кўришларингизни истардим.
Қалб қўрингизни дариғ тутманг, яқинроқ келинг, бу воқеани сизларга ҳикоя қилиб беришга бурчлиман…
* * *
Овулимиз ясси тоғ даралари бўйлаб шарқираб оқиб келаётган Гуркуров дарёчаси соҳилларида жойлашган. Овулимизнинг пастки қисмида эса то Қоратоғ тизмаларигача қора тасмадек чўзилиб кетган темир йўлнинг иккала томонида Сариқ чўл – бепоён қозоқ даштлиги ястаниб ётарди.
Овулимиз тепасидаги адирда иккита улкан терак бўларди. Мен уларни эсимни таниганимдан бери билардим. Улар ҳали-ҳамон савлат тўкиб турибди. Қачон қараманг, овулимизга қайси томондан келманг, аввало кўзингиз ана шу қўш теракларга тушади. Улар худди тоғлардаги машъаллар янглиғ кўз ўнгингда намоён бўлади. Ёшликдаги таассуротларимми ёки касбим рассом бўлганиданми, қандай тушунтиришимни ҳам билмайман, ҳар қалай, поезддан тушиб даштлик сари овулимиз томон борар эканман, биринчи галда, мен учун қадрдон бўлиб қолган ўша тераклар томон сабрсизлик билан кўз тикаман.
Тераклар қанчалик баланд, қанчалик улуғвор бўлмасин, улар олисдан хиралашиб кўринса-да, барибир кўз ўнгимда ёрқин гавдаланаётгандай бўларди.
Неча бор узоқ ўлкалардан овулимиз Гуркуровга қайтиб келар эканман, ҳар сафар чексиз соғинч билан: “Овулимизга барвақт етиб бориб, тепаликка чиқиб, қўштеракларни тезроқ кўрсам, сўнг уларнинг остида узоқ туриб, япроқларнинг шовуллашини завқланиб тингласам, деб ошиқардим.
Овулимизда турли хил дарахтлар ўсарди. Бироқ қўштеракларнинг ўзгача ўрни, ўзгача хислату хусусиятлари бор эди. Улар қачон қарама, куну тун шохлари чайқалиб, япроқлари титрашиб, турфа оҳангда куйлашарди. Гоҳида улар кимнидир қўмсаб, соғинч ўтида ёниб, сукут сақлаб, бир зумда жимиб қолгандай, гоҳида тўсатдан бутун танаси билан чайқалиб, бир-бирларидан мадад олаётгандай увиллашар эдилар. Шитоб билан бостириб келаётган ёмғирли булут аралаш кучли шамол эса шохларни эгиб, япроқларни узиб ташлаганда тераклар ўчакишгандай тебраниб, баттар гувиллаб қўйишарди.
Кейинчалик, орадан йиллар ўтиб, ёшим улғайгандан сўнг қўштеракларнинг сир-синоатларини англаб етдим. Чор атрофи яйдоқ тепаликда турганлари учун ҳам уларнинг япроқлари қилт этган шамолга дарҳол жавоб қайтарар эдилар. Лекин бу оддий ҳақиқат мени ўша болалик кезларимдаги тушунчаларимдан маҳрум этиб, кўнглимни совута олмади. Қўштераклар бир умрга хотирамда сақланиб қолган бўлиб, ҳанузга қадар жонли, аллақандай сирли, сеҳрли мавжудотлардай кўз ўнгимда гавдаланардилар. Болалигимнинг олтин фасли – мана шу тераклар ёнида ўтган лаҳзаларни ҳамон қайта-қайта туйгандай бўламан.
Ўқишимиз тугаб, таътилга чиқишимиз биланоқ қуш боласини оламиз деб чувиллашганча ўша томон югуришиб қолардик. Ҳуштак чалиб, шитоб билан тепаликка кўтарилганимизда улкан тераклар, ҳар галгидек, у томондан-бу томонга тебраниб, турфа оҳангда шовуллаганча меҳрибонлик билан салқин соясига чорлаб қутлаётгандай туюларди. Биз оёқяланг шумтакалар эса, ўша кезларда, бирин-кетин теракларнинг шох-бутоқларига тирмашиб, қий-чув аралаш, жон-жаҳдимиз билан қушлар оламига ошиқардик. Безовталанган қушлар галаси чирқиллашганча шохдан-шохга учиб-қўниб, тепамизда гирдикапалак бўлишарди. Биз эса синфдошлар бунга парво қилмасдан, тиришибтирмашганимизча тобора юксакликка кўтарилардик. Шунда, ногаҳон, кўз ўнгимизда қуш учадиган баландликдан ҳамма ёқ кафтдагидек кўриниб, ажиб бир янги олам намоён бўларди. Оламнинг улуғворлиги бизни шу қадар ўзига мафтун этган эдики, шохдан-шохга кўтарилаётганимизда нафасимизни ичимизга ютиб, юрагимизни ҳовучлаб, олмоқчи бўлган чумчуқ болаларини ҳам ёдимиздан чиқариб юборар эдик. Каттакон бино деб юрганимиз колхоз ошхонаси осмону фалакдан оддий саройчадек кўринарди. Овулнинг нариги ёғида эса элас-элас қуруқ ерлар ястаниб ётарди. Кўз илғаганча борлиққа суқланиб назар ташлар эканмиз, теграмизда овулимиздан ташқари, ҳали биз кўрмаган ҳадсиз-ҳудудсиз бир олам, кумушдек товланиб оқаётган дарёлар аён кўриниб турарди. Биз бутоқлар орасида беркиниб олиб: дунёнинг нариги чеккаси шуми ёки ундан нарида ҳам шунга ўхшаш еру кўк, даштлигу дарёлар мавжудми, деб хаёл оғушига чўмардик. Шунда самовий шамол эсиб, япроқлар унга жўр бўлишиб, ҳали одам қадами етмаган манзилларда қанчадан-қанча ажойиб ва ғаройиб сирли ва сеҳрли ўлкалар ҳам бор, деб жавоб қайтараётгандай шивирлашарди.
Теракларнинг гувиллашию япроқларнинг тинимсиз шовуллашига қулоқ солар эканман, ўзимни дунёнинг нариги бурчагида қолиб кетаётгандай қўрқув ва қувончдан юрагим дук-дук уриб, қинидан чиқиб кетгудай сезардим. Лекин бир нарсани: бу теракларни тепаликка ким ўтқазди ва қандай орзу-ниятлар билан ўстирди? Ўша кезларда бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман.
Қўштераклар қад кўтарган бу тепаликни негадир “Дуйшэннинг мактаби” деб айтишарди. Агар бирор кимса от-уловини йўқотиб қўйиб, йўлда келаётган одамдан “Ҳой биродар, тўриғимни кўрмадингми?” деб сўраб қолгудай бўлса, кўпинча, “Ҳув ана, тепаликда, Дуйшэннинг мактаби ёнида йилқилар ўтлаб юришибди. Эҳтимол, ўша ердан топарсан”, – деб жавоб қайтаришарди. Биз болакайлар ҳам катталарга тақлид қилиб, “Қани кетдик Дуйшэннинг мактабига, чумчуқ полапонларини оламиз!” деб чуғурлашардик.
Айтишларича, қачонлардир бу тепаликда мактаб бўлган экан. Эндиликда эса ундан асар ҳам қолмаган. Болалик хотираларимга суяниб, сўрабсуриштириб, ҳеч бўлмаганда, унинг харобаларини топишга неча бор ҳаракат қилиб кўрганман. Лекин бирор нарса топмаганман. Яйдоқ тепаликни нега “Дуйшэннинг мактаби” дейишлари менга ғалати туюлди ва кейинчалик қариялардан Дуйшэннинг ўзи ким, суриштирсам, бири совуққонлик билан, қўлини силтаганча: “Дуйшэннинг ўзи ким, дейсанми? Ким бўларди. Ҳозир овулимизда яшаб юрган оқсоқ-қўй33
Оқсоқ-қўй – уруғнинг номи.
[Закрыть] Дуйшэн бўлади-да, – деб жавоб қайтарди. – Бунга анча бўлди. Дуйшэн ўша кезларда комсомолда эди. Тепаликда кимнингдир ташландиқ саройи бўлиб, Дуйшэн у ерда мактаб очиб, болаларни ўқита бошлайди. Мактаб қаёқда дейсиз, шунчаки номи бор эди. Эҳ, ажиб замонлар эди! Ўшанда отнинг ёлини тутамлаб, оёғи узангига етганлар ўзларини бошлиқ ҳисоблардилар. Дуйшэн ҳам худди шундай билганини қилди. Ҳозир ўша саройчадан нишона ҳам йўқ, қуруқ номи қолган, холос…”
Мен Дуйшэн исмли бу кишини унча яхши билмас эдим. У кексайиб қолган, баланд бўйли, серсавлат, бургут қовоқли одамни эслатарди. Унинг ҳовлиси анҳорнинг нариги томонида, иккинчи бригадага қарашли кўчада эди. Мен овулда юрган кезларимда Дуйшэн жамоада мироблик қилиб, бутун умрини далада ўтказарди. Меҳнатдан қорайиб кетган бу зот гоҳида катта кетмонини эгарнинг қошига танғиб олиб, ўзига ўхшаш қоқ суяк, ингичка оёқли отида кўчамиздан ўтиб қоларди. Кейин кексайиб қолгач, айтишларича, почтачи (хат ташувчи) бўлиб ишлаётган эмиш. Бироқ, гап бошқа ёқда. Менинг ўша вақтлардаги тушунчамга кўра комсомол деганда – кўз ўнгимда овулдаги энг жанговар, ишга ҳам, сўзга ҳам чечан, ўт-олов, мажлисларда сўзга чиқиб ишёқмас, ўғри-талончиларни газеталарга ёзишиб турувчи ёш-яланглар гавдаланарди. Бу серсоқол, беозор кишининг қачонлардир комсомол бўлганини, яна ҳайратли томони, етарли хат-саводи бўлмасдан, болаларни қандай ўқитганини ҳечам тасаввур қила олмасдим. Йўқ, бунга ақлим бовар қилмасди! Очиғини айтганда, мен буни овулда тарқалган сон-саноқсиз эртаклардан бири бўлса керак, деб ўйлардим. Бироқ, кейин билсам, гап ундай эмас экан…
Ўтган йил кузда мен овулимиздан телеграмма олдим. Ватандошларим жамоанинг ўз кучи билан қурган янги мактабнинг тантанали очилиши маросимига таклиф қилишибди. Овулимиз учун бундай қувончли кунларда уйда ўтиравермасдан дарҳол тараддудга тушиб, ҳатто бир неча кунлар илгари манзил сари йўл олган эдим. Шу баҳона атрофни мириқиб томоша қилиб юриб, янги расмлар чизаман, деб ўйлардим. Маълум бўлишича, маросимга таклиф қилинганлар академик Сулаймоновани кутишаётган экан. Айтишларича, у бу ерда бир-икки кун бўлиб, сўнг Москвага кетар экан.
Эндиликда донг таратган бу аёл болалигида овулимиздан чиқиб шаҳарга кетганлигидан хабардорман. Шаҳарда турганимда мен у билан танишиб олган эдим. Тўладан келган, ўқимишли, хушмуомала бу аёл анча ёшларга бориб қолган, оқ тушиб қолган қалин сочлари силлиқ таралган эди. Машҳур овулдошимиз университетда кафедрани бошқариб, фалсафа бўйича маърузалар ўқиб, академиядаги ишлардан ташқари чет элларга ҳам бот-бот бориб турарди. Гапнинг қисқаси, опа иш билан ўта банд бўлганлиги сабабли у билан яқиндан танишиш менга насиб қилмади. Бироқ ҳар гал биз, қерда бўлмасин, учрашиб қолганимизда, опа овулдагиларнинг ҳаёти билан яқиндан қизиқар ва жуда қисқа бўлса-да менинг ишим ҳақида ҳам ўз фикрларини айтарди. Ниҳоят, кунларнинг бирида унга шуни айтишга жазм қилдим:
– Олтиной Сулаймонова, овулга бориб, юртдошлар билан учрашсангиз яхши бўларди. У ерда ҳамма сизни билишади, сиз билан фахрланишади, бироқ билишганда ҳам орқаворотдан билишади, агар улар билан тасодифан учрашиб қолсангиз, машҳур олимамиз биздан ўзини четга олади, қадрдон овули Гуркуровга келишни ҳам унутиб қўйган, деганлар ҳам топилади.
Шунда Олтиной Сулаймонова, “Албатта бориб туриш керак”, деганча мийиғида нохуш кулиб қўйди. Ўзим ҳам кўпдан бери Гуркуровда бўлишни орзу қиламан, қишлоғимизга бормаганимга ҳам анча бўлиб қолди. Тўғри, овулда қавм-қариндошларим йўқ. Бироқ гап унда эмас, албатта бораман. Она юртим соғинчи юрак-бағримни ўртайди.
* * *
Олтиной Сулаймонова мактабнинг тантанали мажлиси очилиши олдида етиб келади. Деразадан унинг машинасини кўриб турган мажлис аҳли ёпирилганча кўчага чиқиб, ҳурматли меҳмонни шодиёна кутиб олишади. Танишу нотаниш, кексаю ёш – ҳамма у билан қўл бериб кўришишга ошиқарди. Олтиной Сулаймонова жамоа аҳлининг бунчалик илиқ кутиб олишини, эҳтимол, ўйламаган бўлса керак, ҳатто у менга ўзини йўқотиб қўйгандай туюлди. Қўлини кўксига қўйиб, одамларга таъзим қилганча президиумдан аранг жой олиб ўтиради.
Олтиной Сулаймонова ўз ҳаётида қанчалаб тантанали йиғилишларда бўлиб, уни ҳамиша ажойиб бир йўсинда шод-хуррамлик ва иззат-икром билан кутиб олишганлари турган гап. Бироқ бу ерда – оддий қишлоқ мактабида овулдошларининг бунчалик самимий кутиб олишидан беҳад ҳаяжонланган олима беихтиёр кўзёшларини яширишга ҳаракат қиларди.
Тантанали йиғилишда пионерлар азиз меҳмонга қизил галстук тақиб, гуллар тақдим этишиб, унинг номи билан мактабнинг янги фахрий китобини очадилар. Кейин мактаб ҳаваскорлари томонидан қизиқарли концерт берилади. Ниҳоят, барча меҳмонлар – ўқитувчию хўжалик фаоллари мактаб маъмурияти томонидан ташкил қилинган зиёфатга таклиф этилади.
Меҳмондорчиликда ҳам Олтиной Сулаймонованинг овулга ташриф буюриши хусусида қанчалаб илиқ гаплар айтилди. Уни гиламлар билан безатилган энг фахрли ўринга ўтқазиб, қўлларидан келгунча иззат-ҳурматини бажо келтиришга ҳаракат қилардилар. Бундай пайтларда меҳмонлар, одатдагидек, олағовур ичида Олтинойнинг саломатлигига қадаҳ кўтаришиб, хушвақтчилик қилишиб, шукуҳли ўтиришга ўзгача руҳ ва файз бағишлар эдилар. Шунда, хонага ўспирин-йигитча кириб келиб, мезбонга бир даста телеграммани узатади: мактабнинг очилиши муносабати билан собиқ ўқувчилар йўллаган табрик телеграммалар қўлма-қўл бўлиб кетади.
– Ҳой йигит, бу телеграммаларни Дуйшэн чол келтирдими? – сўради директор.
– Ҳа, – жавоб берди йигит. – Йиғилишга етиб борайин, телеграммаларни халойиқ олдида ўқиб беришсин учун бутун йўл бўйи отни қамчилаб келган бўлсам-да андак кечикиб қолдим, деб хижолат бўлиб турибди, оқсоқолимиз.
– Бориб айт, отдан тушиб дарҳол бу ёққа кирсин.
Йигит Дуйшэнни чақириш учун эшик томон йўналди.
Ёнимда ўтирган Олтиной Сулаймонова, кутилмаганда, нимадир эсига тушиб қолгандай алланечук бўлиб кетди-да, қайси Дуйшэн ҳақида гап бораётганлигини мендан сўраб қолди.
– Колхоз почтачиси ҳақида, Олтиной Сулаймонова, сиз Дуйшэн чолни танийсизми? – деб сўрадим. У дудмал бош ирғаб қўйди-да, сўнг ўрнидан туришга тараддудланаётган ҳам эди, шу пайт дераза ёнидан аллаким отини елдириб ўтиб кетди. Ортга қайтган хўжайинга деди:
– Оғай, у кишига йўқлаганингизни айтдим, бироқ тушмади. Бошқа мактубларни ҳам жой-жойига етказиши керак-да.
– Майли, етказса – етказақолсин, уни кечиктирмаслик зарур. Қариянинг ҳам суҳбатлашадиган ўз тенгқурлари бордир, – деди кимдир кўнгли тўлмагандай бўлиб.
– Э! Бизнинг Дуйшэнни билмас экансизлар! У қонун-қоидадан чиқмайдиган киши, хизматини қойиллатмагунча бирон ёққа жилмайди, – қўшиб қўйди иккинчи бир кимса.
– Тўғри, у ҳақиқатдан ҳам ажойиб инсон, уруш тамом бўлиб, Украинада госпиталдан чиққандан сўнг ўша ерда яшаб қолган. Келганига ҳам нари-бери беш йил бўлди. Боёқиш шу зайлда дунёдан тоқ ўтиб кетяпти.
– Ҳар ҳолда, бир кириб ўтганда яхши бўларди… Ҳа майли, – хўжайин қўл силтаб қўяқолди.
– Ўртоқлар, эсларингда бўлса керак, бир вақтлар Дуйшэннинг мактабида ўқиб юрган кезларимизда, – овулнинг фахрли кишиларидан бири қадаҳ кўтараркан, – унинг ўзи ҳам алифбо ҳарфларини тўлиқ билмасди, албатта. – Сўзловчи бу гапларни айтишга айтди-ю, ҳайратга тушгандай, бошини сарак-сарак қилиб, андишасизларча кўзларини қисиб кулиб қўйди.
– Худди шундай, у тўғри айтяпти, – мазах қилиб кулишди бошқалар.
– Нимасини айтасан! Озмунча найранглар кўрсатмади дейсанми ўшанда бу Дуйшэн деганинг. Биз бўлсак, уни ҳақиқий ўқитувчи, деб юрган эканмиз.
Хохолаб кулишлар пасайгандан сўнг қадаҳ кўтарган одам сўзини давом эттиради:
– Мана, эндиликда одамларимиз кўз ўнгимизда ўсиб улғайишди. Академик Олтиной Сулаймоновани бутун мамлакат билади. Деярли барчамиз ўрта маълумотли, кўпчилигимиз эса олий маълумотли бўлдик. Биргина шунинг ўзиёқ ҳаётимиз эндиликда қанчалик ўзгариб бораётганлигидан далолат бериб турибди. Шундай экан, қани, ватандошлар, келинг, Гуркуров овулимиз ўғил ва қизлари бундан буён ҳам ўз замонасининг илғор кишилари бўлиб қолишлари учун қадаҳ кўтарайлик!
Йиғилиш аҳли яна шовқин кўтариб, бу таклифни қувватладилар. Аммо фақат Олтиной Сулаймонова ғоятда хижолат бўлиб, қизариб кетганча рюмкани лабига тегизиб қўйди, холос. Ўшанда хушчақчақ кайфиятда ўтирганлар ғалағовур ичида унинг қай ҳолатга тушганини пайқаганлари ҳам йўқ.
Олтиной Сулаймонова бир неча марта соатига қараб қўйди. Сўнг меҳмонлар сайр қилиш учун ташқарига чиққанларида у одамлардан нарида, тепаликда ариқ бўйида, куз шамолидан сарғиш тусга кирган қўштераклардан кўз узмай, кўнгли ғаш тортиб, хаёл суриб турарди. Қуёш ғира-шира оч бинафшаранг даштлик узра чизиқ тортиб, уфқ сари ботиб борарди. У сўниб бораркан, теракларнинг уч-учларидаги тўқ қизғиш рангни тобора хиралаштириб, алланечук ҳазинлик туғдирарди.
Мен Олтиной Сулаймоновага яқин келиб:
– Ҳозир улар япроқларини тўкишяпти. Сиз уларни баҳор фаслида, айни гуллаган пайтида кўрганингиздами, – дедим унга.
– Ҳа, мен ҳам шуни айтмоқчи эдим, – Олтиной Сулаймонова уф тортганча чуқур хўрсиниб олди-да, худди ўзига-ўзи гапираётгандек бир лаҳза жимликдан сўнг яна қўшиб қўйди: – Ҳа шундай, оламда ҳар бир мавжудотнинг ибтидосию интиҳоси – баҳорию кузи бор, – деди маъюсланиб.
Шу аснода Олтиной Сулаймонова ажин босган сўлғин юз-кўзларига ғамандуҳ кўланкаси югургандай хотин-қизларга хос назокатли бир ачиниш билан тераклардан кўз узмай, ҳамон эзилган кишидек хаёл оғушида турарди. Ногаҳон, ёнимда академик Сулаймонова эмас, балки оддийгина қувонч аралаш ўйчан қирғиз аёли турганини кўрдим. Бу ўқимишли аёл, чамаси, ёшлик чоғларида айтиб келинган ашулаларини эндиликда энг баланд тоғ чўққиларига чиқиб, бор овоз билан айтиш мумкин эмаслигини эслаётгандай эди. У теракларга назар солар экан, яна ниманидир демоқчи бўлди-ю, фикридан қайтди ва қўлида ушлаб турган кўзойнагини дарҳол тақиб олди.
– Москва поезди шу ердан соат ўн бирда ўтади, шекилли?
– Ҳа, кечаси ўн бирда ўтади.
– Демак, йўл ҳозирлигини кўришим керак.
– Нега энди мунча тез? Бир неча кун туришга ваъда берган эдингиз-ку, Олтиной Сулаймоновна? Халойиқ ҳали рухсат ҳам беришмас.
– Йўқ, ҳозирда жўнаб кетишим керак, зарур ишларим бор.
Юртдошларим хафа бўлишларини айтиб, уни кўндиришга қанчалик ҳаракат қилишмасин, Олтиной Сулаймонова ўз қароридан қайтмади.
Қуёш ботиб, қоронғилашган пайт. Овулдагилар Олтиной Сулаймоновадан кўнгиллари тўлмагандай, кейинги келганда кўпроқ туришга ваъда олиб, уни машинага ўтқазиб жўнатиб қўйишди. Мен Олтиной Сулаймоновани станциягача кузатиб бордим.
Олтиной Сулаймонова, кутилмаганда, бунчалик кетишга ошиқяпти? Айниқса, шундай қувончли дамларда элатларини бунчалик ранжитиб кетиши ҳақиқатдан ҳам менга ғалати туйилди. Йўлда бораётиб мен ундан бу ҳақда неча бор сўрамоқчи бўлдим-у, аммо юрагим дов бермади. Андишасизлик қилиб қўйишимдан ташқари, барибир унинг бирон сўз айтишига кўзим етмасди. У бутун йўл бўйи чурқ этмасдан хаёл оғушида борарди.
Станцияга етиб келгач, ниҳоят мен ундан сўрадим:
– Олтиной Сулаймонова, нимадандир кўнглингиз ғаш кўринади, балки сизни бирон нарсадан ранжитиб қўйгандирмиз?
– Йўқ! Асло ундай фикрга борманг! Кимдан ҳам хафа бўлардим? Хафа бўлганда ҳам ўзимдан хафа бўлишим керак.
Шу билан Олтиной Сулаймонова йўлга равона бўлди. Мен шаҳарга қайтиб келганимдан сўнг, орадан бир неча кунлар ўтиб, кутилмаганда ундан мактуб олдим. У мактубда илмий ишлари билан банд бўлиб, Москвада узоқ муддат туриб қолганлиги ҳақида шундай ёзибди:
“Ишларим қанчалик кўп ва қисталанг бўлмасин, уларнинг барчасини бир четга қўйиб, сизга ушбу мактубни ёзишга қарор қилдим… Агар мактубда ёзганларим сизни қизиқтирса, унда айтганларимни халойиққа етказиш ҳақида ўйлаб кўришингизни ўтиниб сўрайман. Бу нафақат овулдошларимиз, балки ҳамма учун, айниқса ёшларимиз учун зарур, деб ҳисоблайман. Бу менинг одамлар олдидаги эътиқодим, уни адо этишни ўз бурчим деб биламан. Бундан қанчалик кўп одам хабардор бўлса, мен виждон азобидан шунчалик кўп холи бўламан. Сиз мени ноқулай аҳволда қолдирмайин, деб тортиниб ўтирмасдан, борини очиқ-ойдин ёзаверинг…”
Бир неча кун ушбу мактуб оғушида юрдим ва ниҳоят барча тафсилотларни, энг яхшиси, Олтиной Сулаймонованинг ўз тилидан ҳикоя қилишга жазм этдим.
* * *
Бу воқеа 1924 йилда содир бўлган эди. Ҳа, айни шу йили…
Ҳозирги хўжалигимиз жойлашган ерда ўша вақтлар кичик бир овул бўлиб, унда бир қисм ўтроқ камбағал оилалар яшарди. Мен ўша кезларда ўн тўрт ёшимда ота-онамдан етим қолиб, амакимнинг қарамоғида яшардим.
Ўша йили, кузда давлатманд чорвадорлар қишлов учун тоққа кўчиб кетганларидан сўнг, орадан кўп ўтмай, овулимизда мен илгари кўрмаган аскар шинелли нотаниш йигит пайдо бўлиб қолди. Унинг шинели, негадир, қора мовутдан тикилганлиги учун ҳам эслаб қолган эдим. Элу халқдан, марказдан узоқда, тоғлар ёнбағридаги овлоқ жойдан макон топган овулчамизда ҳарбий кийимдаги бу кишининг пайдо бўлиши кутилмаган воқеа эди.
Аввал уни армияда командир бўлиб юриб, сўнг овулга бошлиқ бўлиб келибди, дейишди. Кейин билишса, у мутлақо командир эмас, балки очарчилик йиллари овулдан кетиб бир муддат темир йўлда ишлаб юриб, ниҳоят дом-дараксиз бўлиб кетган ўша Тоштанбекнинг ўғли Дуйшэн экан. Ҳукумат уни овулда мактаб очиб, болаларни ўқитиш учун юборганмиш, дейишди.
Ўша замонларда “мактаб”, “ўқиш” деган сўзлар янгилик бўлиб, кўпчилик ҳали уларнинг маъносини яхши англаб етмасди. Бу миш-мишлар ростми, ёлғонми, энди нима бўлар экан, деб турганларида, иттифоқо, халойиқ овул ўртасидаги тепаликка йиғилишсин, деган хабар тарқалди.
Амаким бўлса, узоқ вақт: “Буниси яна қанақа мажлис экан? Қачон қарама, одамларни чалғитиб, ишдан қолдиришгани-қолдиришган”, – деб жаврашни қўймасди, сўнг, нима бўлганда ҳам, одатдагидек, ўз ҳурматини қилиб, қирчанғи отини эгарлаб минганча йиғинга жўнаб кетди. Унинг ортидан қўшни болаларга қўшилиб мен ҳам югуриб қолдим.
Биз ҳаллослаганча одатдагидек, ҳар гал йиғилиш ўтказиладиган тепаликка етиб келганимизда бир тўда пиёда ва отлиқлар орасида ўша қора шинелли, рангпар йигит нутқ сўзлаётган экан. Биз унинг сўзлари яхши эшитилмаганлиги боис яқинроқ келдик. Аммо шу пайт жулдур пўстинли бир қария, худди уйқудан чўчиб тургандай, бирдан унинг гапини бўлди:
– Эй, болам, – деди у лаби-лабига тегмай дудуқланганча, – илгарилари болаларни муллалар ўқитишарди, биз отангнинг ким эканлигини биламиз: у ҳам бизга ўхшаган камбағал-бечора кимсалардан эди. Қани айт-чи, сен қачондан бери мулла бўлиб қолдинг? – деди.
– Мен мулла эмасман, оқсоқол, комсомолман, – дея зудлик билан жавоб қайтарди Дуйшэн. – Болаларни энди муллалар эмас, балки ўқитувчилар ўқитишади. Мен армияда юриб хат-саводимни чиқариб келдим, унгача ҳам бир оз ўқиган эдим. Мана, қанақа мулламан.
– Ҳа, бу бошқа гап…
– Баракалла! – деган овозлар янгради.
– Шунақа гаплар, комсомол мени болаларингизни ўқитасан, деб муаллимликка юборди. Бунинг учун эса, қанақа бўлса ҳам, бино топишимиз керак. Ана у тепаликдаги эски отхонани тартибга солишда сизлар албатта ёрдамлашасизлар, деган умиддаман. Хўш, сизлар бунга нима дейсизлар?
Одамлар, ақлдан озган бу келгинди қаёққа ошиқаяпти, дегандай сукут сақлаб туришарди. Шунда анчадан бери эгарнинг қошига тирсаги билан суяниб, гапни тинглаб турган жанжалкаш йигит Сатимқул ора-сира тиш орасидан тупуриб қўйиб, тинчликни бузганча сўз қотди:
– Э, қўйсанг-чи бу сафсаталарингни, – кўзларини қисиб, худди уни нишонга олгандай. – Қани, айт-чи, бизга мактабнинг нима кераги бор ўзи?
– Нима кераги бор эмиш! – Дуйшэн нима дейишини билмай қолди.
– Тўғри, у ҳақ гапни айтди! – деди оломон ичидан аллаким унинг гапини қувватлаб. Ҳамма бирданига ҳаракатга келиб, шовқин кўтара бошлади.
– Биз азал-азалдан деҳқон меҳнати билан шуғулланиб келганмиз. Бизни кетмон боқиб келган. Энди бола-чақаларимиз ўқиб амалдор бўлишармиди? Хат-саводли бўлиш бошлиқларга керак, биз бўлсак оддий халқмиз, кўпам бошимизни қотирма, йигит!
Орага жимлик чўкди.
– Наҳотки, болаларнинг ўқишига қарши бўлсаларинг? – таажжубланиб сўради Дуйшэн, атрофдаги тикилиб турган одамларга назар ташлар экан.
– Агар қарши бўлсак, мажбур қилармидинг? У замонлар ўтиб кетган. Энди биз озод, эмин-эркин халқмиз, қандай истасак, шундай яшаймиз! – деди бир кимса.
Бу гапларни эшитган Дуйшэнни чақмоқ ургандай бўлиб, ранг-рўйлари бўздай оқариб кетди. Қалтираган бармоқлари билан шинели илгакларини узиб юборгудай гимнастёркаси киссасидан шоша-пиша тўрт букланган қоғозни олиб очиб, боши узра кўтарганча деди:
– Демак, сизлар ҳукуматнинг болаларни ўқитиш керак, деб муҳр босилган ушбу ҳужжатига қаршисизлар, шундоқми? Ундай бўлса, сизларга еру сувни, эрку озодликни ким берди? Қани, ҳукуматнинг қонунларига ким қарши? Жавоб берсин!
“Жавоб берсин” сўзини у шу қадар зарда билан ҳайқириб айтдики, гуё илиқ куз сокинлигини бузиб отилган ўқ тоғ қояларига урилгандай акс садо берарди. Бу гал бирон кимса оғиз очишга журъат этмади, ҳамма бошини қуйи солиб ўтирарди.
– Биз ахир камбағаллармиз-ку, – деди Дуйшэн ҳовуридан тушиб, сўзини давом эттирар экан, – улар бизни бир умр камситиб, хўрлаб-ҳақоратлаб келишди. Биз зуғум ва зулматда яшадик. Энди ҳукумат бизни ёруғликка чиқсин, ўқиб хатли-саводли бўлсин, деяпти. Бунинг учун эса болаларимизни ўқитмоғимиз даркор…
Дуйшэн ўзининг айтган сўзларига жавоб кутаётгандек сукут сақлаб турган эди, шунда сен қачондан бери мулла бўлиб қолдинг, деб сўраган ўша жулдур пўстинли қария, муросага келгандай минғиллаб деди:
– Ҳа, майли, кўнглинг шуни жуда истаб қолган бўлса, ўқитавер, бизга нима… Биз қонунга қарши эмасмиз.
– Аммо менга ёрдам беришларингизни сўрайман. Биз ана у тепаликдаги бойдан қолган отхонани таъмирдан чиқариб, жар ариққа кўприк солишимиз, мактабга ўтин тайёрлашимиз керак ва ҳоказо…
– Шошмай тур, йигит, жуда чаққон чиқиб қолдинг-ку, – Дуйшэннинг сўзини бўлди ўжар Сатимқул.
У одатдагидек тишлари орасидан чирт этказиб тупуриб олди-да, кўзларини қисганча, яна Дуйшэнни нишонга олгандай деди:
– Сен, йигит, “мактаб очаман!” деб бутун овулга жар соляпсан. Бундай қараганда, на устингда тўнинг, остингда отинг, ҳайдашга бир парча еринг, на қўрада боқиб қўйган биронта молинг бор! Бу аҳволда қандай яшашингни бир ўйлаб кўрдингми ўзи, азизим? Нима, от ўғирлаб кун кўрмоқчимисан?.. Аммо бизда ундай отлар йўқ. Улар тоғликларда бўлади.
Дуйшэн бир нима деб кескин жавоб қайтармоқчи бўлди-ю, яна бир зум жим қолиб, вазминлик билан деди:
– Бир нави ҳаёт кечирарман. Ҳукумат менга маош тўлайди.
– Э-э, боядан бери шуни айтмайсанми! – Сатимқул ҳам қаноат ҳосил қилгандай истеҳзоли жилмайиб, эгар устида ғолибона қаддини ростлаб ўтирди. – Энди билсак, гап бу ёқда экан. Сен йигит, ўз билганингни қилиб, ҳукумат берган ўша имтиёз маошинг билан болаларни ўқитавер. Ҳукумат хазинасида пул етарли. Бизни эса тинч қўй, Худога шукур, ташвишимиз ўзимизга етиб ортади…
Шу сўзларни айта туриб Сатимқул отининг бошини бурганча уйи томон жўнаб қолди. Унинг ортидан бошқалар ҳам аста-секин тарқала бошлашди. Дуйшэн бўлса, қўлида қоғозини ушлаганча туриб қолди. Боёқиш уни нима қилишини билмасди…
Бечорага раҳмим келиб кетди. Ундан кўз узмай турарканман, ёнимдан ўтиб кетаётган амаким:
– Ҳа, пахмоқ соч, сен бу ерда нима қилиб анграйиб турибсан, қани, туёғингни шиқиллатиб, уйга жўнаб қол-чи! – Мен ҳам болаларнинг ортидан югуриб қолдим. – Буни қара-я, сен тирранчалар ҳам йиғилишга жуда серқатнов бўлиб қолдиларинг!
Эртаси куни қизлар билан сувга бораётган эдик, йўлда Дуйшэнни учратиб қолдик. У белкурак, кетмон, болта ва яна қўлида қандайдир эски пақир кўтарганча анҳорнинг нариги қирғоғига ўтиб кетаётган экан.
Шу-шу, қора шинель кийиб олган бу сўққабош кимса ҳар куни саҳарлаб туриб сўқмоқ йўл орқали тепаликдаги ташландиқ отхона сари йўл олар ва ҳар куни алланималар билан машғул бўлиб, ярим тунда овулга қайтиб тушарди. Биз уни кўпинча каттакон бир боғлам куурай44
Куурай – бир неча хил ўсимликларнинг таркибий қисми.
[Закрыть] ёки похол орқалаб кетаётган ҳолда кўрардик. Уни узоқдан кўрганлар узангига оёқ тираб, қўзғалиб, кафтларини соябон қилганларича, бу ким бўлди экан, дегандай ажабланиб сўз юрита бошлардилар:
– Ана у ўтин кўтариб кетаётган Дуйшэн муаллим эмасми?
– Худди ўзи.
– Эҳ, шўринг қурғур бечора. Ўқитувчилик ҳам осон иш эмас экан-да.
– Бўлмасам-чи. Нима деб ўйловдинг. Кўтарган юкига қара, бойнинг батраки ҳам бунча юк кўтармайди.
– Унинг сўзларини эшитдингми, гапга жуда чечан кўринади!
– Чунки қўлида муҳр босилган қоғози бор-да: мана гап қаёқда.
* * *
Кунлардан бирида, одатдагидек, адирдан тезак териб келаётиб, мактаб томон бурилдик: муаллимнинг нима қилаётгани бизни қизиқтирарди. Лойдан қурилган бу сарой бир вақтлар бойнинг отхонаси бўлган. Қиш кунлари қулунлаган бияларни болалари билан шу ерда боқишарди. Совет ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг, бой қаёққадир кўчиб кетиб, отхонадан фақат вайрона қолган эди. Шу-шу бу ерга биронта кимса йўламай қўйгани боис, унинг атрофини айқаш-уйқаш ўт-ўланлар, чакамиғу55
Чакамиғ – йирик баргли ёпишқоқ, тиканли ўсимлик.
[Закрыть] бошқа тиканли ўсимликлар босиб кетган эди. Энди бўлса, тиканлар илдизи билан суғуриб олиниб, бир чеккага уйиб қўйилган, қўра тозаланиб, тартибга солинган: ёмғирдан нураб-қулаб тушган деворлари лой билан шувалиб, қавжираб, тоб ташлаб ва турфа оҳангда қийшайиб кетган очилиб-ёпиладиган эшик тавақалари эса қайта эпақага келтириб, саранжом-саришта қилиб қўйилган эди. Хуллас, мактаб янги қиёфа касб этган эди.
Бироз дам олайлик деб, тезак тўла қопларимизни ерга қўйиб турганимизда эшикдан уст-боши лойга беланган Дуйшэн чиқиб қолди. У бизни кўриши билан ҳайратлангандай, юзларидаги терларини артиб, хушмуомалалик билан кулимсираб қўйди.
– Э, келинглар, қизлар. Тезак териб юрибсизларми?
Биз қоплар ёнига чўкка тушганча тизилишиб ўтириб, уялганимиздан, ҳа дегандай бош ирғаб, бир-биримизга қараб қўйишдик. Дуйшэн тортиниб турганимизни дарҳол сезди-да, далда бергандай кўз қисиб қўйди:
– Қопларингиз ўзларингиздан ҳам катта-ку. Бирров бўлса-да кириб ўтганларингиз айни муддао бўлди, қизларим, ахир шу ерда ўқишларинг керакку, мактабларинг ҳам тайёр бўлай деб қолди. Ана, кўряпсизларми, ҳозиргина бурчакка печкани эслатувчи ўчоқ боши қуриб, ҳатто томидан мўри ҳам чиқариб қўйдим! Энди қишга ёқилғи тайёрлашимиз керак. Ҳа, бундан ғам емасак ҳам бўлади – атрофимиз тўла қуурай. Қарабсизки, ерга похолни қалинроқ тўшаймиз-да, ўқишни бошлаб юборамиз. Қалай, ўқишни хоҳлайсизларми, мактабга келасизларми?
Дугоналарим ичида каттароғи мен эдим. Шунинг учун ҳам, бир энтикдимда, жавоб беришга журъат этиб:
– Агар холам рухсат берса, қатнаб тураман, – дедим.
– Нега рухсат бермас экан, албатта рухсат беради. Исминг нима?
– Олтиной, – жавоб бердим мен, йиртиқ тиззамни кафтим билан ёпарканман.
– Олтиной – чиройли исм экан. – Унинг эркалаётгандай мулойим кулиб боқишидан менинг ҳам дилим ёришиб кетгандай бўлди. – Сен кимнинг қизи бўласан?
Мен нафасим ичимга тушиб, сукут сақлаб турдим: раҳмдиллик қилганларни ёқтирмасдим.
– Ҳеч кими йўқ, етим қолган, амакисиникида яшайди, – шипшитишди дугоналарим.
– Бўлмаса, гап шундай, – деди Дуйшэн менга яна кулимсираганча разм солиб турар экан, – сен бошқа болаларни ҳам бирга ўқиймиз, деб мактабга бошлаб кел. Маъқулми? Қизлар, сизлар ҳам эшитдиларинг-а?
– Маъқул, амаки.
– Мени муаллим, деб атайверинглар. Мактабни кириб кўрасизларми? Тортинманглар.
– Йўқ, боришимиз керак, – дейишдик уялганимиздан.
– Майли, уйларингга борақолинглар. Мактабни эса бир йўла ўқишга келганларингда кўрасизлар. Мен бўлсам шом туша бошлагунча яна бирров қуурайга бориб келайин.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?