Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 51 (всего у книги 67 страниц)
– Нимага қараб турибсан, ёрдамлаш унга, – чолни секингина туртиб қўйди кампир. – ўзинг ҳам еч этигингни, сувга туш, – ғазабли пичирлади у.
Мўмин бобо Сейдаҳмаднинг этигини тортди, ўзиникини ҳам бир зумда ечиб бўлди. Шу пайтда Ўразқул билан Кўкатой машинага буйруқ беришарди:
– Бу ёққа ҳайда, у ёққа ҳайда.
– Чапга, озроқ чапга. Мана шундай.
– Яна озгина.
Машинанинг кўникилмаган ҳайқириғини эшитиб, буғулар сўқмоқда қадамини тезлатди. Олазарак назар ташлаб, жарликдан сакраб ўтди ва қарағайлар орасига яширинди.
– О, ғойиб бўлди! – хатосини бирдан англаб қолди Кўкатой. У шундай афсус билан энтикардики, худди қўлидаги ўлжасидан айрилгандай эди.
– Ҳечқиси йўқ, ҳеч қаёққа кетмайди улар! – унинг хаёлидагини топиб ва бундан хурсанд бўлиб Ўразқул керилиб қўйди. – Бугун кечгача жўнамайсан, менинг меҳмоним бўласан. Худонинг ўзи кам қилмасин. Иззат-ҳурмат билан мен сени меҳмон қиламан. – У хахолаб туриб ошнасининг елкасига уриб қўйди. Ўразқул хушчақчақ ҳам бўла оларди.
– Хўп, сен айтганча бўла қолсин, сен мезбон, мен меҳмон, – кўна қолди азамат Кўкатой, илжаяркан йўғон сариқ тишларини кўрсатиб.
Машина аллақачон орқа ғилдиракларининг ярмигача сувга ботиб қирғоқда турарди. Чуқурроқ кириб боришга шофёрнинг юраги дов бермади. Энди тросни ёғочга олиб бориш қолган эди. Агар трос калталик қилмаса, ёғочни сув остидаги тошларнинг асирлигидан тортиб олиш унчалик қийинчилик туғдирмасди.
Трос пўлатдан – узун ва оғир. Уни сув ичидан ёғочга тортиб бориш керак. Шофёр истамайгина этигини еча бошлади, чўчинқираб сувга қараб қўйди. У ҳали қатъий қарорга келолганича йўқ: сувга этик билан тушишга арзирмикин ёки яхшиси ечсамикин. «Ялангоёқ бўлганим маъқул шекилли, – ўйлади у. – Барибир сув қўнжимдан ошиб кетади. Чуқурлиги сал кам сонга келади. Кейин кун бўйи ҳўл этикда юриш осонми». Лекин у шу билан бирга ҳозир дарёда сув қанчалик совуқ бўлишини ҳам ўзича тасаввур қилди. Бу ҳолдан Мўмин бобо фойдаланиб қолди.
– Сен ечинма, ўғлим, – отилиб келди унинг олдига. – Биз Сейдаҳмад билан ўзимиз тушамиз.
– Э, қўяверинг, арзимайди, оқсоқол, – қаршилик қилди уялиб кетган шофёр.
– Сен меҳмонсан, биз шу ернинг одамимиз, сен рулга ўтир, – кўндирди Мўмин бобо уни.
Сейдаҳмад билан икки киши пўлат тросни ўрамдан бўшатиб сувнинг ичига кўтариб киришганда Сейдаҳмад додлаб, болохонали қилиб сўкинди:
– Уҳ, уҳ, сув эмас, муз!
Ўразқул билан Кўкатой мурувватли кулишиб, уни ғайратлантиришди:
– Чида, чида! Сени иситадиган нарса топамиз!
Мўмин бобо эса чурқ этмасди. У ҳатто муздай совуқни сезмади. Кўзга кўп ташланмаслик учун бошини елкалари ичига тортиб, сирғанчиқ сув ости тошлари устидан ялангоёқ бораркан, Худодан ёлғиз бир нимани сўрарди – ишқилиб, Ўразқул уни қайтармасин, ишқилиб, қувиб юбормасин, ишқилиб, одамлар олдида ҳақорат қилмасин, бу аҳмоқ бахти қаро чолни кечирсин.
Ўразқул ҳеч нима демади. У Мўминни одам ўрнида кўрмаганидан гўё унинг ғайратига ҳам эътибор қилмагандай эди. Қалбида эса тантанавор ҳис сезар, ахир ҳар қандай бўлмасин исёнкор чолни бўйсундирди-ку. Қандайдир ичи қоралик билан кулди Ўразқул ўзича, – эмаклаб, оёғимга йиқилдинг-ку. Эҳ, каттароқ амалдор бўлганимдами, бундан ҳам каттароқларнинг шохини қайириб қўярдим. Шунақаларни тиз чўктириб, тупроқда эмаклаттириб қўймасмидим. Менга ҳеч бўлмаса колхозними ёки совхозними беришса экан. Тартибга солиб қўйган бўлардим. Одамларни издан чиқариб юборишди. Энди эса ўзлари воҳ, раисни ҳурмат қилишмаётир, директорни ҳурмат қилишмаётир деб шикоят қилишади. Қандайдир чўпон ҳам бошлиқ билан худди тенгдек гаплашади. Сатқаи амал кет, аҳмоқлар! Улар билан шунақа муомала қилиб ўтириш керакми? Замонлар бўлган-ку, ахир, бошлар учиб кетган, ҳеч ким чурқ этмаган. Аксинча, кўпроқ яхши кўришган, кўпроқ куйлашган. Мана бу хўп замон бўлган-да! Энди-чи? Ярамасларнинг энг ярамаси ҳисобланган мана шу чол ҳам дабдурустдан гап қайтаришни ўйлаб топди. «Хўш, хўш, эмакла оёғим остида, эмакла», – бадхоҳлик билан кулди Ўразқул, ҳар замон-ҳар замонда Мўмин чол томонга қараб қўяркан.
У эса муздай сувда хаёлга чўмиб, томирлари тортишиб, Сейдаҳмад билан бирга тросни кўтариб бораркан, Ўразқул мени кечирган кўринади, деб мамнун бўларди. «Сен энди мен қари чолни кечир, шундай бўлиб чиққани учун, – хаёлан Ўразқулга мурожаат қиларди у. – Кеча чидай олмадим. Мактабга набирам олдига от чоптириб кетдим. Ахир у ёлғиз, мана шунинг учун ҳам ичинг ачийдида. Мана бугун эса у мактабга ҳам бормади. Тоби қочибди нимагадир. Эсингдан чиқар, кечиргин. Ахир сен ҳам менга бегона эмассан-ку. Ўйлайсанки, мен сенга ва қизимга бахтни раво кўрмайманми? Худо берса қани, набирамнинг ингалаганини эшитсам – Худо урсин, бахтимдан кўзимга ёш келарди. Фақат сен хафа қилма қизимни, кечир мени. Агар ишлаш бўлса, токи танимда жоним бор экан, ишлаганим бўлсин. Ҳамма ишни қиламан. Сен фақат буюрсанг, бас…»
Кампир қирғоқнинг бир бурчида тикка туриб, ўзининг имо-ишоралари ва бутун ҳаракатлари билан чолга: «Ҳаракат қилгин, чол! Кўрдингми, у сени кечирди. Менинг айтганимни қилавер, ҳаммаси жойига тушади», – дерди.
* * *
Бола ухларди. У бир мартагина аллақаердандир отилган милтиқ овозидан уйғониб кетди ва яна уйқуга чўмди. Кеча ги машаққатли уйқусизлик ва беморликдан сўнг бугун у бирмунча тинч ва мириқиб ухлади. У уйқуда экан, иситма аралаш бадан қақшоғи азобини тортмай, оёқларини эркин узатиб тўшакда ётиб дам олишнинг нақадар роҳат эканлигини ҳис этди. Агар бувиси билан Бекей хола бўлмаганда у шу ухлаганча ухлаб ётаверарди. Улар овоз чиқармай гаплашишга ҳаракат қилишса-да, идиш-товоқларнинг шақиршуқуридан бола уйғониб кетди.
– Мана бу катта косани ушлагин-да, овқат олгин, – деб жонланиб гапирди кампир нариги хонада. – Мен эса челак билан элакни олиб келай. Вой белим, мадорим қуриб кетяпти. Озмунча иш қилдикми? Худога шукур, жуда хурсандман.
– Эҳ, бувижон, нимасини айтасиз, мен ҳам шунчалик хурсандманки, кеча шундаям жонимдан тўйиб кетгандим. Агар Гулжамол бўлмаганда ўзимни ўзим ўлдирардим, – деди Бекей.
– У ҳақда уни-буни деб юрасан яна, – тинчитиб қўйди кампир. – Қалампирни олдингми? Кетдик. Сенинг тинчишинг учун Худонинг ўзи ёрдам қўлини чўзди. Кетдик, кетдик.
Уйдан чиқаётиб бўсағада Бекей хола кампирдан бола тўғрисида сўради:
– У ҳамон ухлаяптими?
– Майли, ухлаб тура қолсин, – жавоб берди кампир.
– Шўрва тайёр бўлганда иссиққина келтириб берамиз.
Бола ортиқ ухлай олмади. Ҳовлидан оёқ товушлари ва одамларнинг гаплашгани эшитилиб турарди. Бекей хола кулиб юборди, Гулжамол ва кампир ҳам унга қўшилиб кулди. Қандайдир нотаниш овозлар қулоққа чалинди. «Ҳа, булар, ҳойнаҳой кеча оқшом келган одамлар, – деб ўйлади бола. – Демак, улар ҳали кетишмабди-да». Фақат бобоси Мўмингина кўринмасди, овози ҳам эшитилмасди. У қаёқда экан? Нима қиляпти экан?
Бола ташқаридаги овозларга қулоқ солиб, бобосини кутиб ётди. У бобоси билан кечаги кўрган буғу ҳақида жуда гаплашгиси келарди. Ҳадемай қиш киради. Улар учун ҳам ўрмонда кўпроқ ем-хашак ҳозирлаш керак. Еб яйрасин. Уларни шундай ўргатиш керакки, одамлардан ҳеч қўрқмайдиган, тўппа-тўғри дарёдан ўтиб ҳовлига келаверадиган бўлсин. Бу ерда ҳам уларга шундай хўрак бериш керакки, улар учун бу жуда тансиқ бўлсин. Қизиқ, улар ҳаммадан кўра нимани яхши кўришар экан-а? Урғочи буғу боласини ўргатиб олсанг-да, у доим орқангдан қолмай эргашиб юрса. Қандай ажойиб бўларди. Сен билан мактабга ҳам бирга бориб келган бўлармиди?..
Бола бобосини кутарди, лекин ундан дарак йўқ. Бир вақт Сейдаҳмад келиб қолди. У нимадандир жуда мамнун. Оғзи қулоғида эди. Сейдаҳмад калласини чайқаб ўз-ўзича илжаярди. У яқинроқ келганда димоғидан спирт ҳиди анқиб кетди. Бола Ўразқулнинг ўзбошимчаликларини, бобоси ва Бекей холанинг азоб чекишларини эслатувчи бу бадбўй ҳидни жуда ёмон кўрарди. Лекин Сейдаҳмад ичганда ақлий жиҳатдан унча ҳушёр бўлмаса ҳам, жуда сахий, мулойим ва киши қалбига озор бермайдиган ҳазил-мутойибалари билан Ўразқулдан фарқ қиларди. Бундай вақтларда у билан бобоси Мўмин ўртасида тахминан шундай суҳбат кетарди.
– Нега бунча тентакларга ўхшаб куласан, Сейдаҳмад? Кайфинг тарақми дейман?
– Оқсоқол, мен сизни шундай севаманки. Ростини айтсам, худди ўз отамдек.
– Ээ, сени қара-ю, сенинг ёшингда… Бошқалар машина ҳайдаб юрибди. Сен бўлсанг гапингни уддалаб гапира олмайсан. Агар мен сенинг ёшингда бўлганимдами ҳеч бўлмаганда трактор ҳайдаган бўлардим.
– Оқсоқол, менга армияда командиримиз бу ишга лаёқатсизлигимни айтган эди. Бироқ пиёдалар сафида хизмат қилдим. Пиёда аскарсиз иш битмайдику ахир…
– Пиёда аскар эмиш! Пиёда аскар эмас, ишёқмассан. Хотининг бўлса… Худо ҳам тенгига қўшмас экан. Сенга ўхшаганнинг юзтаси битта Гулжамолга арзимайди.
– Шунинг учун ҳам биз эр ва хотин бу ерда юрибмиз-да, оқсоқол.
– Ҳа, сени гапга қўйса… Ҳўкиздай кучинг бор, ақл эса… – Умидсиз қўл силтаб қўйди Мўмин бобо.
– Мууу, – деб маърагандай кулиб қўйди Сейдаҳмад.
Шундан кейин у ҳовлининг ўртасида туриб олиб ўзининг аллақандай эшитиб олган ғалати ашуласини куйлай бошлади:
Сариқ-сариқ тоғлардан
Сариқ отда мен келдим.
Оч эшигинг, эй, сариқ савдогар,
Биз ичамиз сариқ винодан.
Қўнғир-қўнғир тоғлардан
Қўнғир отда мен келдим.
Оч эшигинг, эй, қўнғир савдогар,
Биз ичамиз қўнғир вино 3дан…
Шу тарзда давом этиб кетаверарди, чунки у баъзан тоғдан туяда келган бўлса, баъзан хўрозда, сичқонда, тошбақада, хуллас, нимаики жонивор бўлса, ўшаларда келаверарди. Маст Сейдаҳмад болага ҳушёрлигига қараганда ёқимлироқ кўринаётгандек эди. Шунинг учун ҳам Сейдаҳмад ширакайф бўлиб келганда бола очиқ кўнгиллик билан илжайиб қўярди. – Э-ҳа! – хитоб қилди Сейдаҳмад ажабланиб. – Сени касал дейишган эди-ку. Ҳа, сен умуман касал бўлмайсан. Сен ҳовлида нега ўйнамай қолдинг? Бунақаси кетмайди. – Сейдаҳмад боланинг тўшагига ағанаб ётди. Унинг қўлларидан ва уст-бошидан спирт ва янги сўйилган хом гўштнинг ҳиди анқиб турарди. У болани қучоқлаб ўпа бошлади. Унинг ўсиб кетган дағал соқоли боланинг юзларини тимдалаб ачитарди.
– Бўлди энди, Сейдаҳмад амаки. – Илтимос қилди бола. – Бобом қани, кўрмадингизми?
– Бобонг анави ёқда, – Сейдаҳмад қўлини ҳавода ноаниқ айлантирди. – Биз мана шу… Ёғочни сувдан олиб чиқдик. Ва бир оз исиб олиш учун ичдик. Ҳозир эса у гўшт пишираётир. Тур ўрнингдан. Кийимларингни кий, бирга кетамиз. Бу нимаси! Яхши эмас. Биз ҳаммамиз у ерда бўлсагу, сен бу ерда ёлғиз ётсанг.
– Бобом турмагин деган, – деди бола.
– Қўйсанг-чи бўлмаган гапни. Юр, томоша қиламиз. Бу ҳар доим бўлавермайди-ку. Бугун катта зиёфат. Қозон ҳам мой, чўмич ҳам мой! Тура қол, – Сейдаҳмад мастларга хос қўполлик билан болани кийинишга мажбур этди.
– Мен ўзим, – деб эътироз билдирди боши айланаётганини ҳис этаётган бола. Бироқ ширакайф Сейдаҳмад унинг сўзига қулоқ солмади. Модомики, бола ёлғиз уйга ташлаб қўйилган экан. Сейдаҳмад ўзининг унга қилаётган яхшилигидан жуда мамнун эди, айниқса, бугун шундай кунки, товоқ ҳам мой, қошиқ ҳам…
Гандираклаб бола ҳам Сейдаҳмад билан бирга уйдан чиқди. Ташқари шамол, ҳаво булут. Булутлар осмонда тез-тез бир-бирига қўшилишиб кетди. Бола айвондан чиққунча ҳаво икки бор кескин ўзгарди. Чарақлаб турган қуёшли ҳавони кўнгилни ғаш қилувчи қоронғилик босди. Бола бундан боши оғриётганини сезди. Шамол юзига гулханнинг тутунини олиб келиб урарди. Кўзлари ачишди. «Бугун кир ювишаётган бўлса керак», – ўйлади бола, чунки кир ювиш кунларида одатда шундай гулхан ёқилиб, учала уйдаги катта қора қозонларда сув иситиларди. Бундай қозонларни бир киши кўтара олмайди. Бекей хола билан Гулжамол икковлашиб кўтаришарди бу қозонларни.
Бола бундай кир ювиладиган кунни яхши кўрарди. Биринчидан, бундай кунларда гулхан уйдаги сингари ўчоқларда эмас, балки очиқ ўчоқларда ёқилиб, унинг атрофида ўйнаш мумкин эди. Иккинчидан, ювилган кийимларни илиш жуда гаштли бўларди. Оқ, кўк, қизил матоларнинг арқонда осилиб туриши ҳовлига зеб бериб турарди. Бола арқонда осилиб ётган кийимларга билдирмасдан секингина келиб юзларини теккизиб ўтишни яхши кўрарди.
Бу гал ҳовлида ҳеч қандай ювилган буюмлар кўринмади. Аммо катта гўшт бўлаклари билан лиқ тўлдирилган қозон остига кучли ўт ёқилган бўлиб, қайнаётган қозондан қуюқ буғ кўтариларди. Гўшт пишиб қолган эди: гўштнинг дами ва гулханнинг иси бирга қўшилишиб, иштаҳани қитиқларди. Бекей хола бўлса, янги қизил кўйлак, янги хром этикда гулли шол рўмолни елкасига ташлаб олганча қозонга энгашиб, чўмич билан кўпикларни олиб ташлаётган эди, Мўмин бобо эса унинг ёнида чўкка тушган ҳолда ўчоқдаги ёнаётган тарашаларни ағдариб қўярди.
– Ана, бобонг, – деди Сейдаҳмад болага. – Кетдик.
Ўзи бўлса:
– Сариқ-сариқ тоғлардан
Сариқ отда мен келдим, –
деб эндигина хиргойи қила бошлаган эди, сочи устарада тақир олинган, енглари шимарилган ва қўлида болта ушлаганча саройдан чиқиб кетаётган Ўразқулга кўзи тушди.
– Сен қаёқда тентираб юрибсан? – даҳшатли қичқирди у Сейдаҳмадга қараб. – Меҳмон бу ерда ўтин ёрсин, – у бош ирғаб ўтин ёраётган шофёрни кўрсатди, – сен бўлсанг қўшиқ айтиб юр.
– Э, ҳозир ана-мана дегунча, боплаймиз, – тинчлантирди уни Сейдаҳмад, шофёрга қараб йўналар экан. – Қани, ука, мен ўзим.
Бола эса ўчоқ бошида чўкка тушиб ўтирган бобоси томон яқинлашди. У орқа томондан келган эди.
– Бобо, – деди у. Бобоси уни эшитмади.
– Бобо, – деб такрорлади бола ва бобосининг елкасига қўлини тегизди. Чол ўгирилиб қаради, бола бобоси маст эканлигини сезмади. У бобосининг лоақал бирон марта ширакайф бўлганини кўрмаган эди. Тўғри, иссиқкўллик бирор чолнинг маъракасида ҳаммаси – ҳатто аёлларга ҳам ичиришарди. Бироқ бобосида бундай одат ҳали содир бўлмаган эди.
Чол болага қандайдир бегонадай, ғайритабиий ва ёввойи қараш қилди. Унинг юзлари қизариб кетганди, у набирасини кўриб яна ҳам қизариб кетди. Қизиллик ним пушти рангга кирди ва шу заҳотиёқ бобонинг юзлари оқара бошлади. Чол шошилиб ўрнидан турди.
– И-е, сенми? – деди у бўғиқ овоз билан набирасини бағрига босиб. – И-е, сенми, – бундан бошқа бирон сўз айта олмади. Ундаги тўлқинланиш болага ўтган эди.
– Тобингиз қочдими, бобо? – ташвишланиб сўради бола.
– Йўқ-йўқ. Ўзим шундай, – минғиллади Мўмин. – Сен бор, ўйнаб кел. Мен бу ерда ўт ёқаяпман, бу ҳаммадан…
У набирасини деярли итариб юбориб, гўё бутун оламдан юз ўгиргандай, яна ўчоққа қараб ўгирилиб олди. У тиз чўкканча, гўё фақат ўт билан банддай бирон ёққа бурилиб қарамасди. Чол набирасининг тарвузи қўлтиғидан тушганча, ҳовлида ўтин ёраётган Сейдаҳмад томон йўл олганини ҳам кўрмади.
Бола бобосига нима бўлганини, умуман, ҳовлида нима бўлаётганини тушунмасди. У саройга яқинлашгандагина юнги ерга қаратиб ёйилган тери устида янги сўйилган молнинг уйиб қўйилган гўштига кўзи тушди. Терининг чеккаларидан ҳамон хира қон томчилари сизиб тушаётган эди. Сал нарироқда ит ичак-чавоқларни ириллаганча силкилаб тортарди. Уюлган гўшт ёнида аллақандай қорадан келган, барваста нотаниш киши тўнкага ўхшаб дўппайиб ўтирарди. У Кўкатой эди. У билан Ўразқул иккаласи пичоқни олволиб, гўшт майдалашарди. Улар қисмларга ажратилган ёғ ва гўштларни ёзиб қўйилган терининг турли жойларига хотиржамлик билан, шошмасдан ирғитиб ташламоқда эдилар.
– Маза! Ҳидини айтмайсанми! – деди йўғон овоз билан ҳалиги барваста киши, гўшт ҳидлаб кўраркан.
– Ол, ол, ўз улушингга ташла, – сахийларча таклиф этди Ўразқул. – Буни сенинг келишинг шарафига Худо етказди. Бу ҳар доим бўлавермайди. – Ўразқул бу орада пишиллаб, ишдан бошини кўтариб, таранглашган қорнини силаб қўйди, унинг кўп еб, кўп ичганлиги билиниб турарди. Унинг нафаси қисилиб хириллаб қолди, эркин нафас олиш учун бошини бирдан юқори кўтарди. Унинг сергўшт, сигирнинг елинидек ялтироқ юзидан ўзига бино қўйганлиги ва тўқлик аломати сезилиб турарди.
Бола девор тагидаги шохли буғу калласини кўриб эсанкираб қолди, бадани музлаб кетди. Кесилган калла қоп-қора қон томчиларини оқизиб, чангда юмалаб ётарди. Бу – йўлда ётган эгри-бугри дарахтни эслатарди. Калла ёнида тиззадан қирқилган тўртта туёқ ётарди. Бола бу даҳшатли манзарани кўриб чўчиб кетди. У ўз кўзларига ишонмасди. Унинг олдида Шохдор она буғунинг калласи ётарди. У бу ердан қочиб кетишни истарди, лекин оёқлари унга итоат этмасди. У калла-поча қилинган оқ буғунинг қаршисида турарди. Кечагина Шохдор она буғу бўлиб юрган, унга оқкўнгиллик билан суқланиб қараган, хаёлан гапиришган ва шохида қўнғироқча тақилган сеҳрли бешик келтиришни илтижо қилиб сўрагани ўша буғу эди. Наҳотки буларнинг ҳаммаси ногоҳ шаклсиз бир уюм гўштга, шилинган терига, кесилган оёққа ва улоқтириб ташланган каллага айланиб қолса. Боланинг кетиши керак эди, лекин у тошдек қотиб, бу воқеанинг қандай ва нега содир бўлганини тушуна олмай турарди. Ҳалиги гўшт бўлаётган қора барваста киши уюлиб турган гўштнинг ичидан буйрак олдида, уни пичоқнинг учига санчиб болага узатди.
– Ма, бола, кабоб қил, лаззатли бўлади, – деди у. Бола қимирламай турарди.
– Ол! – буйруқ қилди Ўразқул.
Бола беихтиёр қўлини чўзди, сўнг муздек қўлида Шохдор она буғунинг ҳали ҳам иссиғи кетмаган юмшоқ буйрагини ғижимлаганча ушлаб турди. Шу пайт Ўразқул оқ буғунинг калласини шохидан ушлаб кўтариб кўрди.
– Эҳ, оғирлигини қаранг-а, – у каллани тебратиб, оғирлигини салмоқлаб кўрди, – битта шохининг ўзи қанча келади-я. – У каллани ғўлага кўндаланг қилиб қўйди ва болтани олиб шохини ажратишга киришди.
– Мана, шох! – ишлаб туриб гапирарди у ўткир болтани шохларининг тубига қадаб. – Бу сенинг бобонгга, – у болага қараб кўз қисиб қўйди. – Ўлиши билан бу шохни унинг қабрига қўямиз. Қани энди ким бизга у кишини ҳурмат қилмайсизлар, деб айта олар экан. Яна нима керак! Бундай шох учун ҳатто бугуноқ ўлсанг арзийди! – дея болтани мўлжалга оларкан, Ўразқул хахолаб куларди.
Шохни осонликча олиб бўлмайди. Уни олиш жуда қийин эди. Маст Ўразқулнинг болтаси нишонга бориб тегмасди, бу эса баттар жаҳлини чиқарарди. Калла ғўла устидан думалаб тушди. Шунда Ўразқул уни ердаёқ чопа бошлади. Калла сирғалиб чиқиб кетаверди. Ўразқул болта кўтарганча унинг орқасидан чопиб юрди.
Бола сесканиб кетди, ҳар гал кетмоқчи бўлиб беихтиёр тисарилса-да, бу ердан кетишга ўзини мажбур этолмасди. Жуда ёмон туш кўриб, уни аллақандай даҳшатли бир куч тутиб тургандай эди, у ўз жойида турганича шу нарсага ажабланар эдики, киприк қоқмай бақрайиб турган Шохдор она буғунинг кўзлари болтадан ўзини олиб қочмасди. Қўрқувдан қисилиб юмилмасди. Калла аллақачон лой ва тупроққа беланган бўлса ҳам, кўз қорачиғи мусаффолигича боқиб турарди, афтидан, у ўзини ўлимга маҳкум этган шу ёруғ жаҳонга тилсиз, унсиз ҳайратда қолиб, ҳамон боқиб тургандек эди. Бола маст-аласт Ўразқул билан кўзи-кўзига тушиб қолишдан чўчирди.
Шох ҳамон бўш келмасди. Ўразқул эса борган сари тутақиб, болтанинг гоҳ тиғи билан, гоҳ орқаси билан калланинг дуч келган жойига урарди.
– Бунақада шохни синдириб қўясан. Бу ёққа бер,– яқинлашди Сейдаҳмад.
– Нари тур! Ўзим! Қўлингдан келмайди, синдириб қўясан! – хириллаб нафас оларди Ўразқул болтани қулочкашлаб ураркан.
– Хўп, хўп, ўзинг биласан, – Сейдаҳмад тупурганча уйи томон одимлаб кетди. Унинг орқасидан ҳалиги қорадан келган барваста киши борарди. У қопда ўз улушини олиб кетаётган эди.
Ўразқул молхона орқасида маст-аласт ҳолда, қайсарлик билан Шохдор она буғунинг калласини тилкалашда давом этарди. Унинг бу ҳолати узоқ кутилган қасосини энди бажо келтиргандек туюларди.
– Эҳ, ярамас! Лаънати!.. – деб худди жонсиз калла эшитаётгандай этигининг товони билан уни тепиб жаҳл устида оғиз кўпиртирганча сўкинарди. – Кимни аҳмоқ қилмоқчисан! – У болтани ушлаганча калланинг тепасига қайта-қайта хезланиб келарди. – Дабдала қилмасам отимни бошқа қўяман. Мана сенга! Мана сенга! – Шундай деб болта билан каллани урди. Калла чирсиллаб ёрилиб, майда суяклар ҳар томонга учиб кетарди.
Болтанинг тиғи кўзга кўндаланг келиб текканда бола қичқириб юборди. Очилиб қолган кўз чаноғидан қопқора қуюқ суюқлик оқиб тушди. Кўз сўнди, барбод этилди…
– Мен бундан зўрроқ каллаларни ҳам майдалай оламан! Бундан бошқа шохларни ҳам суғуриб ола биламан! – деб жазаваси тутиб бўкирарди Ўразқул гуноҳсиз калладан нафратланганча.
Ниҳоят бу калланинг пешона суякларини ҳам майдалашга муваффақ бўлди. У энди болтани ташлаб каллани оёғи остига олиб, шохдан икки қўллаб ушлаганча ваҳшиёна куч билан бурай бошлади ва шохларни юлиб олди. Улар суғуриб олинган илдиз сингари қарсилларди. Бу шохлар – боланинг илтимосига кўра, Ўразқул билан Бекей холага сеҳрли бешик келтириши лозим бўлган ўша Шохдор она буғунинг шохлари эди…
Боланинг кўнгли беҳузур бўлди. У бурилди ва қўлидаги буйракни тушириб юбориб, секингина нари кетди. У қулаб тушаётгандек ёки бўлмаса одамлар кўзи олдида қайт қилиб юбораётгандек жуда қўрқди. У оқариб-гезариб манглайлари ёпишқоқ терга ботганча ўчоқ ёнидан ўтиб борарди. Ўчоқда ловуллаб ўт ёниб, қозондан бурқираб қайноқ буғ кўтариларди. Бахтсиз Мўмин бобо бўлса ҳамон аввалгидек юзини ўтга тутиб, ҳаммасига чап бериб ўтирарди. Бола бобосини безовта қилгиси келмади. У тезроқ ўринга етиб боришни ва тўшакка боши билан бурканиб ётишни истарди. Қани энди ҳеч нарсани кўрмаса, эшитмаса, унутса.
Қаршисидан Бекей хола чиқиб қолди. У ўзига оро бериб ясанган, бироқ юзида Ўразқулнинг калтаклаши натижасида ҳосил бўлган кўм-кўк қонталаш излар кўзга ташланиб турарди. Бемаврид қувониб, жонсараклик билан «катта гўштга» югуриб келаётган эди.
– Сенга нима бўлди? – У болани тўхтатди.
– Бошим оғрияпти.
– Бошгинангдан айланай, – деди меҳри тошиб ва устма-уст ўпа бошлади.
У ҳам маст эди. Ундан ҳам лаънати ароқ ҳиди анқиб келарди.
– Бошгинаси оғрибди-да, – минғирлади у раҳмдиллик қилиб. – Жигаргўшам менинг. Балки овқатлангинг келаётгандир.
– Йўқ, ҳеч нарса емайман. Ётгим келяпти.
– Кетдик бўлмаса, ўзим ётқизиб қўяман. Нима, сен яккаю ёлғиз ётаверар экансанми. Ахир ҳамма одам бизникида. Меҳмонлар ҳам. Гўшт ҳам тайёр бўлай деб қолди, – деди у ва болани ўзи билан бирга олиб кетди. Булар яна ўчоқ бошидан ўтиб кетаётганларида елин сингари қизариб тўлишиб кетган ҳолда молхонадан чиқиб келаётган Ўразқулга кўзлари тушди. У Мўмин бобо ёнига ўзи кесган буғу шохларини кеккайганча уйиб қўйди. Чол сапчиб тушди.
Ўразқул унга қарамасдан сув тўла пақирни боши узра кўтарди ва орқага эгилганча эгнига тўкиб-сочиб ича бошлади.
– Энди ўлсанг ҳам бўлаверади, – деди у бошини пақирдан кўтариб, яна пақирга тиқаркан. Бола чолнинг ғўлдираб гапираётганини эшитди:
– Раҳмат, ўғлим, раҳмат. Энди ўлсам ҳам армоним йўқ. Мен учун шунчалик иззат-ҳурмат…
– Мен уйга кетаман, – деди ўзини унча яхши сезмаётган бола.
Бекей хола кўнмади.
– Бир ўзинг нима қиласан у ерда. – Болани ҳоли-жонига қўймасдан уйига олиб кетди ва бурчакдаги каравотга ётқизди.
Ўразқулнинг уйида дастурхон мунтазир эди. Ҳар хил таомлар муҳайё эди. Буларнинг ҳаммаси билан кампир ва Гулжамол банд эди. Уй билан ҳовлидаги ўчоқ орасида Бекей хола қатнагани-қатнаган. Ўразқул билан барзанги Кўкатой гўштни кутиб, гулли кўрпачада ёстиққа ёнбошлаганча чойдан майда-майда ичишиб ўтиришарди. Улар тўсатдан ўзларига бино қўйиб, ўзларини тўра ҳис этишарди. Сейдаҳмад уларга пиёланинг тагида чой қуйиб ўтирарди.
Бола бўлса бир бурчакда ипсиз боғлангандай, бетоблик зарбига бардош бериб жимгина ётарди. Уни яна қалтироқ босди. У туриб кетишни истарди. Бироқ каравотдан тушиши биланоқ қайт қилиб юборишдан қўрқарди, шунинг учун ҳам у титраб-қақшаганча тишини-тишига қўйиб, қимир этмай ётарди. Ортиқча қимирлашдан қўрқарди.
Шу орада хотинлар Сейдаҳмадни ҳовлидан чақиришди. Катта сирланган товоқда тоғ сингари уюлиб, буғланиб турган гўштни кўтарганча Сейдаҳмад пайдо бўлди. У узоқ кутилган бу таомни зўрға кўтариб келиб, Ўразқул билан Кўкатойнинг олдига қўйди. Хотинлар унинг орқасидан яна турли хил овқатларни келтиришди.
Ҳамма жой-жойига ўтирди, пичоқ ва тарелкалар тайёрланди. Шу орада Сейдаҳмад стаканларга ароқ қуйди.
– Ароқнинг раиси мен бўламан, – дея шақиллай бошлади у бурчакдаги шишаларга ишора қилиб.
Ҳаммадан кейин Мўмин бобо келди. Чол бугун ҳар қачонгидан кўра ғалати ва аянчли қиёфада кўринарди. У бирор четроқ жойга бориб омонатгина ўтирмоқчи эди, лекин қора, барваста Кўкатой ҳиммат қилиб уни ўз ёнига таклиф қилди.
– Бу ёққа келинг, оқсоқол.
– Раҳмат. Биз мана бу ерга, ўзимизники-ку ахир, – эътироз билдирмоқчи бўлди Мўмин бобо.
– Ҳарқалай сиз оқсоқолимизсиз, – қаттиқ туриб олди Кўкатой ва ўзи билан Сейдаҳмаднинг ўртасига ўтқазди. – Қани, ичамиз, оқсоқол, сизнинг шундай муваффақиятларингиз учун. Биринчи сўз сизга.
Мўмин бобо йўталиб қўйди.
– Мана шу уйларда тинчлик бўлсин, – деди у қийналиб. – Қаерда тинчлик бўлса, бахт ҳам ўша ерда, болаларим.
– Тўғри, тўғри! – деб ҳамма ўз қадаҳини кўтарди.
– А, сиз-чи! Йўқ, бунақаси кетмайди! Куёвингиз ва қизингизга бахт тиласангизу, яна ўзингиз ичмасангиз, – деб Кўкатой хижолат тортиб ўтирган Мўмин бободан ўпкалади.
– Шуларнинг бахти учун бўладиган бўлса, – чол шошиб қолди ва ҳаммани ҳайратда қолдирганча салкам тўла стаканни охиригача кўтариб юборди ва гаранг бўлиб қолгандай бошини чайқай бошлади.
– Оббо, шоввоз-ей!
– Бизнинг бобо унақалардан эмас.
– Қойил, қойилмиз чолингизга!
Ҳамма шодланиб куларди, чолни мақтарди.
Уй исиб димиқиб кетган эди. Бола изтироб чекиб ётарди, боши айланарди. У кўзини юмиб ётганча маст-аласт кишиларнинг Шохдор она буғунинг гўштини чапиллаб, пишиллашиб овоз чиқариб еяётганликларини, бир-бировларига мазали гўшт қисмларини узатишиб сийлашаётганларини, кир стаканларнинг уриштирилаётганини, кемириб тозаланган суякларнинг товоққа қандай териб қўйилаётганини эшитиб турарди.
– Бай-бай-бай, мунчаям мазали-я! – мақтарди Кўкатой лабини чапиллатиб.
– Нима, биз аҳмоқмизми тоғда яшаб шундай гўшт ея олмасак, – деди Ўразқул.
– Тўғри-да, нега бўлмаса бу ерда яшаяпмиз, – маъқуллади Сейдаҳмад.
Ҳамма Шохдор она буғунинг гўштини мақтай кетди. Кампиру Бекей холадан тортиб, Гулжамолу Мўмин бобогача – ҳамма-ҳаммаси мақташарди. Болага ҳам тарелкада гўшт ва бошқа таомлардан киритиб беришди. Лекин у рад этди. Маст одамлар унинг тоби қочганлигини ҳисобга олиб безовта қилмадилар.
Бола тишини-тишига қўйиб ётарди. У шундай ётганда кўнгил беҳудлигидан бир оз қутулгандай бўлади. Бироқ Шохдор она буғуни ўлдирган бу одамлар билан бирон иш қилишга қодир эмаслиги уни ҳаммадан кўра қийнаётган эди. У болаларга хос ҳақгўйлик ғазаби ва дилхасталиги билан улардан ўч олишнинг турли йўлларини – қандай бўлмасин уларни жазолаш, гуноҳини тушунишга мажбур этиш, қандай ёвуз ишга қўл урганликларини кўрсатиб қўйиш йўлларини ўйларди. Бироқ хаёлан Қулибекни ёрдамга чақиришдан бўлак бирор дурустроқ йўл тополмади. Ҳа, ўша бўронли тунда аскарча камзул кийиб, ёш шофёрлар билан бирга пичан ортишга келган ўша йигитни чақирмоқ керак. У боланинг кўриб юрган одамлари ичида Ўразқулга бас кела олиши ва бутун ҳақиқатни айтиб солиши мумкин бўлган бирдан бир киши эди.
Боланинг чорлаши бўйича Қулибек машинада ғизиллаб етиб келди ва автоматни олдинга қарата қия ушлаганча кабинадан сакраб тушди: «Қани улар?» – Улар мана бу ёқда! Улар иккаласи Ўразқулларнинг уйи томон югуриб кетишди. Эшикни зарб билан очишди. «Қўзғала кўрма! Қўлингни кўтар!» – бўсағадан туриб даҳшат билан буйруқ берди Қулибек, автоматни тўғрилаганча. Ҳамманинг капалаги учиб кетди. Ҳамма ўтирган жойида донг қотиб, оғиздаги гўштлар бўғизларида қолди. Кўп еб қўллари, юзлари, оғизлари мойга ботиб, бўкиб қолган маст-аласт кишиларнинг эса умуман қимир этишга мажоллари қолмаган эди.
«Қани, ўрнингдан турчи, мурдор!» – Қулибек автоматини Ўразқулнинг чаккасига тиради. Қалтироқ босган Ўразқул дудуқланганича Қулибекнинг оёғига йиқилди. «Раҳм қил, ўлдирмагин». Лекин Қулибек раҳм қилмади. «Чиқ бу ёққа, мурдор! Энди тамом бўлдинг!» – У Ўразқулнинг чотига зарб билан тепиб юборди ва ўрнидан турғизиб уйдан чиқишга мажбур этди. Кайфи учиб саросимага тушиб қолган жамики кишилар жимгина ҳовлига чиқишди…
«Деворга бориб тур! – буйруқ берди Қулибек Ўразқулга. – Шохдор она буғуни ўлдирганинг учун ва унинг бешик кўтариб келган шохларини кесиб олганинг учун сенга ўлим!» Ўразқул тупроққа йиқилиб тушди. Эмаклаб инграганча зорлана бошлади: «Ўлдирма мени, менинг ҳеч кимим йўқ-ку ахир. Оламда танҳоман. На ўғлим бор, на қизим…»
Ундаги манманлик, кибр-ҳаво қаёққа кетди.
Ожиз, ярамас қўрқоқ. Бундайларни ўлдиргинг ҳам келмайди.
«Майли, ўлдирмайлик, – деди бола Қулибекка. – Лекин бу ердан абадий кетсин, қораси ўчсин. Бу ерда унинг кераги йўқ. Йўқолсин».
Ўразқул ўрнидан туриб шимини кўтариб олди ва ўгирилиб қарашга юраги дов бермай лўкиллаганча қочиб қолди. Унинг хомсемиз юзлари лорсиллаб, этигидан галифе шими осилиб қолган эди. Бироқ Қулибек уни тўхтатди:
«Тўхта! Сенга айтадиган охирги сўзимиз бор. Сенда ҳеч қачон бола бўлмайди. Сен ёвуз ва ярамас одамсан. Сени бу ерда ҳеч ким ёқтирмайди. Ўрмон ҳам, бирорта дарахт ҳам, ҳатто бир дона гиёҳ ҳам сени севмайди. Сен фашистсан. Сен бу ердан умрбод кет. Қани, тезроқ бўл!» Ўразқул олди-кетига қарамай югурарди. Қулибек унинг орқасидан: «Шнел! Шнел», – дея хахолаб кулар ва яна ваҳима солиш учун автоматидан ҳавога қараб ўқ узарди.
Бола ўзида йўқ шод эди. Ўразқул кўздан ғойиб бўлгач, Қулибек эшик олдида гуноҳкорларча турган бошқа кишиларга қараб: «Шундай одам билан қандай яшаб келдиларинг? Уят эмасми сизларга!» – деди.
Бола ўзини енгил ҳис қилди. Адолатли суд бажо келтирилди. У ўз хаёлларига шунчалик берилиб кетган эдики, ҳатто қаерда ётганини ҳам, Ўразқулнинг уйида нима муносабат билан ичкиликбозлик қилаётганликларини ҳам унутган эди. Қаҳқаҳлаб кулишлар уни бу оромбахш ҳолатдан яна ўзига келтирди. Бола кўзини очиб яна қулоқ сола бошлади. Хонада Мўмин бобоси йўқ эди.
Қаёққадир чиқиб кетган бўлса керак. Хотинлар идиш-товоқларни йиғиштиришиб, чой келтиришга ҳозирлик кўраётган эдилар. Сейдаҳмад ниманидир баланд овоз билан ҳикоя қилиб берарди, ўтирганлар унинг сўзларини эшитиб кулишарди.
– У ёғи нима бўлди?
– Давом эт!
– Сен шошилма, бу ёққа қара, қани яна бир қайтариб айт, – кулгидан ичаги узилган Ўразқул яна сўрай бошлади, – сен унга жавобан нима дединг? Уни қандай қўрқитдинг. Вой ичагим! Ха-ха-ха! – У ҳамон қорнини ушлаганча қотиб-қотиб куларди.
– Шундай қилиб, – дея Сейдаҳмад ҳикоясини яна бошидан бошлашга жон деб рози бўлди, – биз буғуларга яқинлашиб борсак, ўрмон ёқасида учтаси турган экан. Отларни эндигина дарахтга боғлаган ҳам эдик, чол ҳамроҳим қўлимдан ушлаб: «Биз буғуларни отишимиз мумкин эмас. Биз Буғубой авлодиданмиз. Шохдор она буғунинг фарзандларимиз!» деди. Ўзи бўлса болалардек термилиб турарди менга. Кўзлари ялиниб-ёлвориб илтижо қилаётгандек боқарди. Менинг эса ўлгидай кулгим қистарди. Лекин кулиб юбормадим. Ҳа, кулмадим. Аксинча, бу ҳақиқатан ҳам шундай-ку: «Сен нима, турмага тушгинг келяптими?» – дейман. «Йўқ», – дейди у. «Биласанми, бойлар замонидаги ҳикоялар камбағал халқни қўрқитиш учун тўқилган», – дедим. Шунда у тилга кириб: «Сен нима деяпсан ўзи», – деди. Мен бўлсам: «Шуни айтяпманки, сен бунақа гапларингни қўй, акс ҳолда қарилигингга ҳам қарамай, тегишли жойга ёзиб юбораман», – дедим.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.