Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 52 (всего у книги 67 страниц)
– Ха-ха-ха, – деб ўтирганларнинг ҳаммаси кулиб юборишди. Айниқса, Ўразқул уларнинг ичида роҳатланиб куларди.
– Кейин биз сездирмасдан уларга яқин бордик. Агар уларнинг ўрнида бошқа ҳайвонлар бўлгандами, аллақачон хабар топиб кўздан ғойиб бўлган бўларди. Бу анқов буғулар эса биздан чўчимаётгандай қочмасди. Чўчимагани яна ҳам яхши деб ўйлайман, – ҳикоя қиларди Сейдаҳмад. – Мен милтиқ билан олдинда, чол кейинда боряпмиз. Шу ондаёқ менда шубҳа туғилди. Умримда чумчуқ ҳам отган эмасдим. Ҳозир шундай бир ҳолат юзага келдики, агар теккиза олмасам, ўрмонга қочади-кетади, кейин унинг орқасидан етиб бўпсан, довоннинг нариги ёғига ўтиб кетади. Бундай тайёр ўлжани ким қўлдан бой беришни истарди?
Бизнинг чол овчи бўлган, вақтида айиқни ҳам қулатган. Мен унга милтиқни бериб, мана чол, отинг, дедим. У бўлса йўқ, отмайман, ўзинг от, дейди. Мен бўлсам унга: Мен ахир мастман-ку, дедим. Ўзим эса оёқда туролмаётгандек тебранардим. У ўрмондан ёғоч олиб чиққанимизда сиз билан ичганимизни кўрган эди. Шунинг учун ҳам мен ўзимни айёрликка солдим.
– Ха-ха-ха.
– Мен теккизолмайман дедим, буғулар кетиб қолади, кейин қайтиб келмайди. Бизнинг эса қуруқ қайтиб боришимиз яхши эмас. Ўзинг биласан. Ўйлаб кўргин. Нега бизни бу ёққа юборишди? Индамайди. Милтиқни ҳам олмайди. Майли, ўзингиз биласиз, дедим-да, милтиқни ташлаб кетмоқчи бўлдим. У орқамдан эргашди. Барибир, Ўразқул мени ҳайдайди – совхозга бориб ишлайвераман, дейди. Қариганда қаёққа борасан, дедим? Яна лом-лим демади. Мен секин хиргойи қилдим:
Сариқ-сариқ тоғлардан
Сариқ отда мен келдим.
Оч эшигинг, эй, сариқ савдогар…
– Ха-ха-ха…
– Мени ҳақиқатан ҳам маст деб ўйлади. Милтиқни қўлга олиб жўнаб қолди. Мен қайтдим. Биз бир-биримиз билан тортишиб ётар эканмиз, буғулар бу орада бир оз нарироққа юрди. Кўряпсанми, дейман унга, кетиб қолди, кейин уларга етиб бўлмайди. Улар ҳали ҳуркиб қочмагунча отиб олиш керак. Чол қўлига милтиқни олди ва уларнинг орқасидан пусиб бора бошлади. У ҳамон:
«Кечир мени, Шохдор она буғу, кечир…», – деб ўз-ўзича шивирларди. Мен эса ўз-ўзимча: «Эҳтиёт бўл, теккиза олмасанг, сен ҳам ўша буғулар билан бирга бошинг оққан ёққа қараб кет, бошқа қорангни кўрсатма», – дедим.
– Ха-ха-ха…
Ичимлик ҳиди билан дуд ҳидининг бирга қўшилиб анқиши, унинг устига қаҳқаҳа уриб кулишлар боланинг иситмасини ошириб, янада димиқтириб юборди. Оғриқнинг зўридан унинг боши тарс ёрилиб кетаёзди. Назарида кимдир уни тепаётганга, кимдир болта билан миясини ёраётганга ўхшарди. Гўё биров унинг кўзини мўлжалга олаётгандай чап бериб бошини олиб қочишга интиларди. Иситма натижасида ҳолдан кетган бола муздек дарёда пайдо бўлиб, балиққа айланиб қолди. Қуйруғу танаси, сузгич қанотлари – ҳамма-ҳаммаси балиқники-ю, фақат оғриётган бошигина ўзича қолган эди. У қоп-қоронғи муздек сув остида сузиб борарди. Хаёлида умрбод шундай балиқ бўлиб қолишни ва тоққа ҳеч қачон қайтмасликни ўйларди. «Қайтмайман энди, – деярди у ўзича. – Яхшиси, балиқ бўламан, балиқ бўлиб яшайман…»
Бола каравотдан тушиб, секин уйдан чиқиб кетганини ҳеч ким пайқамай қолди. У зўрға бурчакка етиб борган ҳам эди, бирдан қайт қилиб юборди. У деворга суянганча инграб йиғларди. Ўпкаси тўлиб йиғлаганидан нафаси қисилиб ғўлдирарди:
– Йўқ, мен, яхшиси, балиқ бўламан. Бу ердан сузиб кетаман. Яхшиси, балиқ бўламан.
Ўразқулнинг уйи деразасидан эса маст кишиларнинг қаҳқаҳлаб кулишларию қийқириқ овозлари эшитиларди. Бу ёввойи қаҳқаҳа болани гаранг қилди, унинг қалбида чидаб бўлмас дард-аламларни қўзғади. Бу даҳшатли қаҳқаҳани эшитиш кўнглини беҳузур қилаётгандек туюлди. У бироз ўзига келиш учун ҳовлига чиқди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ, ҳувуллаб ётарди… Ўти ўчиб қолган ўчоқ ёнида ичкиликнинг зўридан ўлар ҳолатда ётган Мўмин бобога кўзи тушди. Чол тупроқда, ўша Шохдор она буғунинг кесиб ташланган шохлари ёнида ҳушсиз ётарди. Буғунинг майдаланган калласини ит ғажиб ётган эди. Булардан бошқа бирон кимса йўқ.
Бола бобосининг устига энгашганча унинг елкасидан тортқилади.
– Бобо, юринг, уйга кетамиз, уйга, – деди у. Чол жавоб бермади, у ҳеч нимани эшитмади, бошини ҳам кўтара олмади. Ҳа, у нима ҳам дея оларди?
– Қани, туринг, бобо, уйга кетамиз, – деди бола.
Ким билсин, у ўзининг болалик ақли билан бобосининг Шохдор она буғу ҳақидаги эртаги учун бу ерда таъзирини еб ётганини, ўз эрки билан унга қасд қилмаганлигини, унинг ўзи бу ҳақда болага ҳамма вақт насиҳат қилиб келганлигини – ота-боболар удумига, ўз виждони ва васиятларига зид борганлигини, бахти қаро қизини деб, набирасини деб шу ишга қўл урганлигини фаҳмлай олдимикин ёки англаб етмадимикин?..
Чол оғир аҳволга тушиб, ғам-алам ўтида ёниб, боланинг овозига жавоб қилмасдан, гўё ўлик сингари юзини ерга қилиб ётарди.
Бола бобосининг ёнига чўққайиб ўтирганча уни қўзғатишга ҳаракат қилди.
– Бобо, бошингизни кўтарсангиз-чи, – деди у. Боланинг юзлари оқариб, бўшашиб кетган эди, қўллари, лаблари қалтирарди. – Бобо, бу менман. Эшитяпсизми? – деярди у. Ўзимни жуда ёмон сезяпман, – дея йиғларди у. – Бошим оғрияпти, жуда қаттиқ оғрияпти.
Чол инграб, қимирлай бошлади, бироқ ҳамон ўзига келолмаган эди.
– Бобо, Қулибек келадими? – сўради бола бирдан кўзёши аралаш. – Айтинг, машинасида Қулибек келадими? – гап билан алаҳситмоқчи бўлди у чолни.
Бола бобосини ёнбош билан ағдарилиб ётишга мажбур этди ва ногаҳон маст ҳолда соқолларигача лой ва тупроққа беланиб, аянчли ҳолда ётган чолнинг юзига кўзи тушиб, сесканиб кетди. Бола шу дақиқада ҳалигина Ўразқул болта билан майдалаб ташлаган оқ буғунинг калласини хаёлидан ўтказди ва қўрқувдан ўзини четга тортди. Бобосидан нари кетар экан, деди:
– Мен балиққа айланаман, эшитяпсизми, бобо, сузиб кетяпман. Қулибек келганда балиққа айланиб қолганимни айтинг.
Чол ҳеч қандай жавоб қайтармади.
Бола юришда давом этди. Дарёга тушиб, сув кеча бошлади.
Боланинг сувда балиқ бўлиб сузиб юрганидан ҳали ҳеч кимнинг хабари йўқ эди. Ҳовлида маст кишиларнинг куйлаган қўшиқлари эшитиларди:
Ўркач-ўркач тоғлардан
Ўркач туяда мен келдим.
Оч эшигинг, букри савдогар,
Биз ичамиз ўткир винодан…
Сен сузиб кетдинг. Қулибекнинг келишини кутиб турмадинг. Афсус, минг афсуски, Қулибекнинг келишини кутиб турмадинг. Нега сен йўлдан чопиб бора қолмадинг. Агар йўлдан узоқ муддат чопиб борганингдами, албатта уни учратардинг. Қулибекнинг машинасини узоқдан таниган бўлардинг. Қўлингни кўтарганингда у шу заҳотиёқ машинасини тўхтатган бўларди.
– Сен қаёққа кетяпсан? – деб сўрарди.
– Мен сизни излаб кетаётган эдим! – деб жавоб берган бўлардинг.
У шунда сени машинаси кабинасига олган бўларди. Иккаловинг бирга кетган бўлардиларинг. Олдинда, йўлда эса ҳеч кимга кўринмасдан Шохдор она буғу елдай учиб борарди. Бироқ сен уни кўра олган бўлардинг.
Аммо сен сувда сузиб кетдинг. Сен бу қўшиқни эшитмадинг. Сен ўз эртагингдаги балиқ каби сузардинг, бўталоғим. Биласанми, сен ҳеч қачон балиққа айланиб қололмайсан ва Иссиқкўлгача сузиб боролмайсан, оқ кемани ҳам кўролмайсан ва унга: «Салом, оқ кема, бу мен!» – деб айтолмайсан.
Сен оқиб кетдинг.
Энди шуни айтишим керакки, сенинг гўдак қалбинг нимани нохуш кўрган бўлса, ҳаммасини рад этдинг. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шунда-да. Сен бир чақнаб сўнган яшин каби ҳаёт кечирдинг. Чақмоқларни само чақади. Само эса абадийдир. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шундада. Инсондаги гўдаклик виждони худди уруғдаги илк куртакнинг ўзгинаси, куртаксиз уруғ униб чиқмайди. Биз оламга келмасдан илгариёқ, токи туғилиш ва ўлиш бор экан, ҳақиқат тантана қилиб келмоқда.
Бўталоғим, сен билан видолашар эканман, сенинг сўзингни яна бир бор такрорлайман: «Салом, оқ кема, бу мен!»
Эрта қайтган турналар
Ўғлим Асқарга
Оқсой, Кўксой, Сариқсой – кезмаган ер қолмади, Лекин ҳеч бир ўлкадан ўхшашинг топилмади…
Қирғиз халқ қўшиғи
* * *
Иовга элтди чопар шумхабар: «Ўғлонлар кўксига санчилмиш ханжар…»
«Иов» китобидан
* * *
Қайта-қайта даласини шудгор қилар қўшчилар,
Қайта-қайта сепадилар ерларига уруғ, дон,
Қайта-қайта ёмғир билан сийлар уларни осмон…
.................................................................
Умид билан ер ҳайдайди одамлар,
Умид билан уруғ сочар одамлар,
Умид билан денгиз кетар одамлар…
«Тҳерагатҳа», 527–536 бетлар.Қадимги Ҳиндистон адабиёти ёдгорликларидан
БИРИНЧИ БОБ
Совқотиб, дағал шол рўмолга ўраниб олган муаллима Инкамол опа география дарсида Цейлон ҳақида, океаннинг Ҳиндистонга яқин қирғоқларида жойлашган ўша афсонавий орол ҳақида ҳикоя қилар эди. Цейлон мактаб харитасида бепоён ерга нисбатан бир нуқтадай кўринар эди. Яхшилаб тингласанг, нималар йўқ у ерда, маймунлару филлар ҳам, бананлар ҳам (қандайдир мевалар), дунёда энг яхши чой ҳам ва турли-туман ёввойи мевалар, нотаниш ўсимликлар ҳам бор. Ҳаммасидан ҳам у ёқ доим шундай иссиқ бўладики, йил бўйи бемалол юраверасан: этик ҳам, қалпоқ ҳам, пайтаваю пўстин ҳам керак эмас. Ўтинни-ку, умуман, кераги йўқ. Шундай бўлгач, кўрай териб келиш учун далага боришнинг, бурнинг ерга тегай-тегай деб шох-шабба, ўтин орқалаб келишнинг кераги ҳам йўқ. Мана, яшаш деб шуни айтади-да. Маза қилиб юравер, хоҳласанг офтобда исин, хоҳламасанг сояда ёт. Цейлонда кечаю кундуз ҳаво иссиқ, шундай роҳатки, ёзнинг ниҳояси кўринмайди. Қанча хоҳласанг шунча чўмилавер, хоҳла эрталабдан кечгача. Зериксанг туяқушларни қувла, туяқушларми, албатта бор у ерда. У ёқда бўлмай қаерда бўлсин яна бу каттакон овсар қушлар. Цейлонда ақлли қушлар ҳам бор, масалан, тўти. Агар хоҳласанг уни тутиб оласан-да, сайрашга, кулишга, ҳатто рақс тушишга ҳам ўргатасан. Тўти шундай қушки, ҳамма нарса қўлидан келади. Айтишларича, шундай тўтилар ҳам бор эканки, ҳатто ўқишни ҳам билармиш. Овулдагилардан кимдир ўқишни биладиган тўтини Жамбул бозорида кўрган экан. Тумшуғига газета тутсанг шариллатиб ўқиб ташлайверармиш…
Эҳ-э, нимасини айтасан, ажойиботларнинг ҳаммаси Цейлонда. Ҳеч нарсани хаёлингга келтирмай бемалол яшайверасан. Муҳими, плантация эгасининг кўзига кўринмасанг бўлгани. Қўлида қамчиси билан юради. Худди қулларидай цейлонликларнинг елкаларига қамчи билан тушириб қолади. Золим! Қулоқчаккасига қарсиллатиб туширсанг-да, кўзларидан олов чиқиб кетса. Қамчисини тортиб олиб, ўзини ишлашга мажбур қилсанг. Эксплуататорлару капиталистлар эркалигини йиғиштириб қўйсин, бошқа гап йўқ: ўзинг учун ўзинг ишла, ўз чориғингни ўзинг судра, вассалом! Ахир ўшалардан фашистлар келиб чиқади-да… Уруш ҳам ўшаларнинг иши… Овулларидан қанча киши ҳалок бўлди-ю, онаси ҳар куни йиғлайди, ҳеч нарса демайди-ю, йиғлайди, отасини ўлдириб қўйишларидан қўрқади. Қўшни хотинга эса, бир фалокат бўлса, қаерга бораман тўрт болам билан, дейди…
Совуқ синф хонасида жунжиккан, болалар йўталининг тўхташини тоқат билан кутиб турган Инкамол опа Цейлон, денгизлар ва иссиқ мамлакатлар ҳақидаги ҳикоясини яна давом эттирди. Эшитаётганларига гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай (жуда ажойиб таърифланар эди-да ўша ўлкалар) Султонмурот Цейлонда яшамаётганига ич-ичидан афсус қила бошлади. «Ана яшашу, ана сенга ҳаёт!» – ўйлар эди у кўз қири билан дераза томонга қараб-қараб қўяркан. У буни қойиллатарди. Гўё муаллиманинг сўзини тинглаётгандай бўларди-ю, ўзи эса деразадан кўз узмасди. Аммо ташқарида ўзгариш йўқ эди. Ташқарида ёғингарчилик. Бўралаб қор ёғарди. Қор учқунлари деразага урилиб шитирларди. Ойналар муз билан қопланган. Дераза ойналари хира. Деразаларнинг замаскалари ҳар жой-ҳар жойидан кўчиб, сиёҳга беланган дераза токчасига тушиб ётарди. «Цейлонда замасканинг кераги йўқ, – ўйларди у. – Кимга ҳам керак? Дераза у ёқда турсин, уйларнинг нима кераги бор. Чайла қуриб олиб, тепасини япроқлар билан ёпиб олгинда, яшайвер…»
Деразадан ҳамиша шамол уриб турар, ҳатто ромларнинг тирқишларидан ҳуштак чалиб ўтаётгани эшитиларди. Деразанинг ўнг ёнбоши айниқса совуқ эди. Чидашга тўғри келади. Дераза ёнига уни Инкамол опанинг ўзи ўтқазиб қўйган. «Сен Султонмурот, – деган эди у, – синфда энг бақувватсан. Совуққа чидай оласан». Авваллари совуқ тушгунга қадар, бу жойда Мирзагул деган қиз ўтирарди, уни Султонмуротнинг жойига кўчирдилар. У ер унчалик совуқ эмас. Шундай бўлса ҳам уни шу ерда, мана шу партада қолдирганлари яхши эди. Барибир совуқни Султонмурот тўсиб турарди. Ўтиришарди-да ёнма-ён. Энди бўлса танаффус пайти ёнига борсанг қизариб кетади. Бошқалар билан гаплашиб тураверади-ю, Султонмурот келиши биланоқ қизариб қочиб қолади. Орқасидан қувиб юриши ноқулай. Кулгига қолади. Бу қизлар ҳар хил уйдирмалар тўқишга жуда уста. Дарров ёзувлар пайдо бўлади: «Султонмурот – Мирзагул – ошиқ-маъшуқ». Бир партада ўтиришганида-ку, ҳеч нарса бўлмасди…
Ташқарида гупиллаб қор ёғарди. Ҳаво очиқ кунлари синф хонасидан туриб қарасанг шундоқ кўз олдингда тоғлар туради. Мактабнинг ўзи ҳам тепаликда, овулдан анча баландликда жойлашган. Овул пастда, мактаб тепада. Шунинг учун бу ердан, мактабдан туриб атрофни кузатиш осон. Узоқдаги қорли тоғлар худди расмдагидай кўринади. Ҳозир эса қоронғида уларнинг ғамнок туриши зўрға кўзга чалинади.
Қўл ҳам, оёқ ҳам увушиб қолади. Ҳатто белинггача совқотади. Эҳ, синф шундай совуқки. Авваллари, урушдан олдин мактаб қуритилган қўй қийи билан иситиларди. Худди кўмирнинг ўзи эди: зўр ёнарди. Энди бўлса похол олиб келишади. Похол печкада гур этиб ёнади-ю, ҳеч қандай иссиқ бермайди. Бирикки кун ўтгач, похол ҳам тугайди. Похолдан фақат кул қолади.
Афсуски, Талас тоғлари табиати иссиқ ўлкаларникидай эмас. Табиати бошқача бўлганида яшаш ҳам бошқачароқ бўлармиди. Ўз филлари бўларди. Худди буқаларни миниб юргандай филларни миниб юришарди. Нима бўпти, қўрқиб ўтирмасди. Биринчи бўлиб ўзи қоқ калласига, иккала қулоқлари орасига миниб оларди-да, худди дарсликдаги расмдагидай овул бўйлаб айланиб юрарди. Одамлар ҳар томондан: «Қаранглар, югуринглар, Бекбойнинг ўғли Султонмурот фил миниб юрибди!» – дейишарди. Ана ўшанда Мирзагул кўрарди-ю, ҳаваси келиб афсусланарди балки… Ўзига зеб берганини қара-ю! Яқинига йўлаб бўлмайди. Аччиғи чиқса маймун билан газета ўқийдиган тўти топади. Уларни фил устига, орқасига ўтирғизиб қўяди. Жой етади, филнинг устига бутун синф болалари билан ўтирса ҳам бўлади. Рост! Буни у биров айтмаса ҳам билади.
Тирик филни у ўз кўзи билан кўрган, буни ҳамма билади, тирик маймунни ва бошқа хил йиртқичларни ҳам кўрган. Бу ҳақда овулда ҳамма билади, ўзи неча марта айтиб берган. Ҳа, ўшанда омади келиб, уларни кўрган эди…
Урушгача, нақ урушдан бир йил олдин бўлиб ўтган эди унинг ҳаётидаги бу унутилмас воқеа. Ўшанда ҳам ёз эди. Пичан ўришаётган эди. Отаси Бекбой ўша йили Жамбулдан шу ердаги МТСнинг нефть омборига ёнилғи таширди. Ҳар бир колхоз ёнилғи ташиб келишга транспорт ажратиши керак эди. Отаси ҳазиллашиб ўзини ўзи мақтаб қўярди: мен, дер эди, оддий аравакаш эмасман, баҳоси йўқ аравакашман, мен учун, отларим ва аравам учун колхоз ҳукуматдан ҳақ олади. Мен, дейди, колхоз ҳамёнига даромад келтираман. Шунинг учун бухгалтер кўрган жойида отдан тушиб салом беради…
Отасининг араваси фақат керосин ташишга жиҳозланган эди. Кузовсиз, шундоқ тўрт ғилдирак устида темир қисқичларга ўрнатилган иккита темир бочкаю олд тарафда, энг олдинда, аравакаш ўтирадиган жой. Араванинг борйўғи шу. Аравакашнинг жойига икки киши ўтирса бўлади, аммо уч кишига торлик қилади. Лекин отлар шундай зўрки, улардан яхшисини тополмайсан. Отасининг отлари ажойиб, бақувват эди.
Бурул ахта Чопдор билан тўриқ ахта Чонтор. Уларга урилган жабдуқ ҳам пишиқ, ўзи ҳам лоп-лойиқ. Бўйинтуруқлари бойваччаларникидай ноёб, кўпдан қилинган абзаллари арава мойи билан мойланган. Минг тортсанг ҳам узолмайсан. Бундай узоқ йўлда шундай бўлиши ҳам керак-да. Отаси пишиқ, тартибли иш қилишга ўрганган. Доим отларни бир маромда йўрттирарди. Чопдор билан Чонтор баъзан ёлларини силкитиб, бир маромда чопиб, худди иккита балиқ баравар сузаётгандай сояланиб келардики, уларни томоша қилиш гаштли эди. Одамлар ғилдирак товушларини узоқдан эшитибоқ: «Бекбой яна Жамбулга кетяпти», – дейишарди. Бориш-келиш учун икки кун кетарди. Бекбой ортига қайтар экан, юзлаб километр йўл босганга сира ўхшамас, одамлар ҳайрон қолишарди. «Бекбойнинг араваси худди рельсларда юрадиган поезднинг ўзгинаси-я!» Улар бекорга ҳайратланмасдилар. Толиққан ёки сўлиғи ўйнаган уловни арава ғилдиракларининг овозидан ҳам пайқаса бўлади. Ёнингдан ўтгунча жонингни суғуриб олади. Бекбойнинг отлари эса доим енгил йўрғалайди. Балки шунинг учун ҳам энг қийин сафарларни унинг зиммасига юклашгандир.
Шундай қилиб, ўтган йили энди ўқиш тугаб, таътил бошланганида отаси шундай деб қолди:
– Шаҳарга бирга олиб борайми?
Султонмурот азбаройи қувонганидан нафаси бўғзига тиқилай деди. Бўлмаса-чи. Отаси унинг шаҳарни кўришни кўпдан бери орзу қилиб юрганини қаердан билдийкин? Ахир ҳали шаҳарда бирор марта ҳам бўлмаган. Қойил иш бўлди-да!
– Яна бу ҳақда мақтана кўрма, – жўрттага қўрқитиб қўйди отаси. – Бўлмаса укаларинг шундай жанжал кўтаришадики, кейин бирор жойга бориб бўпсан.
Тўғри гап. Ажимурот, ундан уч ёш кичкина-ю, ҳеч нимада, ҳеч қачон акасига ён бергиси келмайди. Эшакдай қайсар. Гоҳо отаси уйдалигида Ажимуротнинг дастидан унинг олдига ҳам боролмайсан. Отасининг елкасидан тушмайди. Гўё ёлғиз унинг ўзи-ю, бошқалар ҳисобда йўқ. Иккита сингиллари, улар ҳали кичкина эдилар ўша пайтлар, ҳатто ўшалар ҳам йиғи-сиғи билан аранг ота меҳрига муяссар бўлишарди. Намунча бу кичиги отасига ёпишмаса, деб қўшнилар ҳам ҳайрон эдилар. Орувхон момодан, баджаҳл, чўпдай, қалтироқ товушли аёлдан ҳамма қўрқарди. Шу кампир бир эмас, неча марта қоқшол қўллари билан Ажимуротнинг қулоғини бураб огоҳлантирган эди:
– Сен шумтаканинг отангга ёпишиб олганинг яхшилик аломати эмас! Ер юзида бир фалокат рўй берадиганга ўхшайди! Бу қандай гапки, ўғил бола типтирик отасига тўймай юрса! Бу қанақа бола, ўзи! Ҳой, одамлар, мана мени айтди дерсиз, бу бола бизларнинг бошимизга бир балони ёғдиради!
Онаси ғудраниб, туфлаб қўйиб, Ажимуротнинг танглайини кўтариб қўярдию, аммо Орувхон кампирга ботиниб бир сўз деёлмасди. Кампирдан ҳамма ҳайиқарди. Орувхон момо бежиз айтмаган экан. Шундай бўлди ҳам. Ажимуротга қийин бўлди. У энди кап-катта, учинчи синфда ўқийди, бировга билдирмайди, айниқса, онаси олдида ўзини тутади-ю, аммо ўзи ҳамон йўл пойлайди, отасининг бугунми-эртами фронтдан қайтишига илҳақ бўлади. Ётиш олдидан пичирлаб, худди катталардай, кечки дуосини ўқийди: «Э Худо, э Худо, ишқилиб, эртага отам қайтиб келсин». Ҳар куни шу аҳвол. Қизиқ, ўзича, ухлаб турса ҳамма нарса ўзгаради-ю, мўъжиза юз беради, деб ўйлайдими.
Агар отаси урушдан эсон-омон қайтиб келса, майли, уники, фақат Ажимуротники бўла қолсин. Майли, у Ажимуротни қўлларидан, елкасидан туширмасин. Фақат келса бўлди. Ишқилиб, нима бўлса ҳам у билан эсон-омон юз кўришсин. Унга, Султонмуротга ана шу бахтнинг ўзи етарли. Отаси қайтса бўлгани.
Отаси Чуй каналидан қайтиб келганида уйларида содир бўлган ўша воқеанинг яна такрорланишини у шундай хоҳлардики. У қурилишга бурноғи йили ёзда кетган эди, ўшанда ҳам аравакаш бўлиб беш ойга кетган эди. Ёз бўйи ва кузи билан ўша ерда тупроқ ташиганди. Стахановчи бўлган эди.
Уйга у намозшомда кириб келди. Тўсатдан ҳовлида ғилдирак товушлари эшитилди, отлар пишқириб қолди. Болаларнинг ҳаммаси ҳовлига отилишди. Отаси! Қорайиб худди лўлига ўхшаб қолган, озиб-тўзиб, соч-соқоли ўсиб кетганди. Усти боши ҳам, онаси кейин таърифлаганича, дайдиларникига ўхшарди. Фақат этиклари яп-янги хромдан экан. Ажимурот биринчи бўлиб югуриб бориб отасининг бўйнига осилади, ёпишиб олиб маҳкам қучоқлаб олади-ю, сира қўйиб юбормайди, шу кўйи нуқул йиғлаб бир сўзни такрорлайди:
– Отажон, отажоним, отажон…
Отаси уни бағрига босаркан, ўзининг ҳам кўзларига ёш қалқийди. Қўшнилар чиқишади. Икковига қараб улар ҳам йиғлашади. Онаси бўлса бирдан довдираб қолганидан айланиб-ўргилиб юрар, Ажимуротни отасининг бағридан тортиб олмоқчи бўларди:
– Отангни қўйиб юбор энди! Етар, сен бир ўзинг эмассан-ку. Бошқалар ҳам кўришсин. Қандай ақлсизсан-а, Худойимей, қара, одамлар кўришмоқчи…
Унинг бўлса парвойи фалак…
Султонмуротнинг ичидан нимадир узилиб томоғига тўпдай қадалиб қолгандай туюлди. Оғзи шўр бўлиб кетди. Тағин ҳеч қачон ва ҳеч нимага йиғламайман, дейди. У шу заҳотиёқ ўзини қўлга олди. Тетикланди.
Дарс ҳамон давом этарди. Инкамол опа энди Ява, Борнео, Австралия ҳақида ҳикоя қиларди. Яна ажойиб ўлкалар, мангу ёз. Тимсоҳлар, маймунлар, пальмалар ҳамда ҳар хил нотаниш нарсалар. Кенгуру бўлса ғаройиботлар ғаройиби! Боласини қорнидаги халтасига солиб олиб, югуриб юраверади. Ўйлаганини қаранг кенгурунинг, аниқроғи, табиатнинг…
У кенгуруни кўрмаган. Кўрмаганми, кўрмаган. Афсус. Лекин филни, маймунни ва бошқа ҳайвонларни яқиндан томоша қилган. Қўл чўзсанг етадиган ердан…
Ўша куни, отаси уни ўзи билан шаҳарга олиб кетишини айтганида у еру кўкка сиғмай юрди. Тоқатсизланганидан, қувонганидан тарс ёрилиб кетгудай бўлди, аммо гап шундаки, у бу ҳақда бировга айтишга журъат қилолмасди. Агар Ажимурот билиб қолса, катта тўполон чиқарди: нега Султонмуротга мумкину, менга мумкин эмас, нега отам уни ўзи билан олиб кетади-ю, мени олиб кетмайди? Шунинг учун ҳам беҳад қувонч ва эртанги саёҳатни кутиш туйғулари укаси олдида қандайдир айбдорлик ҳислари билан қўшилиб кетгандай эди. Нима бўлса-да, бўлажак воқеа ҳақида укалари ва сингилларига айтиб юборишига озгина қолди. Жудаям айтгиси келарди. Аммо отаси ва айниқса онаси бундай қилмасликни қайта-қайта уқтирарди. Майли, кичкиналар у йўлдалигида билишсин. Шундай бўлгани яхши. У ана шу сирни сақлаш учун ўзини базўр тутиб қолди. Ўлиб қолай деди сир тутаман деб. Аммо ўша куни у шундай серҳаракат, ҳаммага шундай сертакаллуф, шундай жонкуяр бўлиб қолдики, ҳеч қачон бундай қилмаганди. Ҳамма ишни қилар, ҳаммасига улгурар эди. Бузоқни ҳам жойига элтиб арқонлаб келди, томорқадаги картошкани ҳам чопди, кир юваётган онасига ҳам ёрдамлашди, энг кенжа синглиси Алматой лойга йиқилиб тушганида уни ювинтирди ва яна бошқа ишларни ҳам ўринлатди. Қисқаси, ўша куни у шундай сидқидилдан ишладики, ҳатто онаси ўзини тутиб туролмай бошини чайқаганча пиқиллаб кулиб юборди.
– Мунчалик ўзгариб қолдинг? – деди табассуми ни аранг яшириб. – Қани энди доим шундай бўлсанг, қанийди-а! Кўз тегмасин, ишқилиб! Балки сени шаҳарга юбормаслик керакдир? Сен ажойиб ёрдамчим бўлиб қолибсан-ку.
Лекин буни онаси шунчаки айтган эди, холос. Ўзи эса хамир қориб йўлга нон ёпар ва ҳар хил егулик ҳозирларди. Ёғни эритиб, уни ҳам йўлга ҳозирлаб шишага солиб қўйди.
Кечқурун бутун оила жам бўлишиб самовар атрофида иссиқ нон ва қаймоқ билан чой ичишди. Жойни эса ҳовлига, ариқ бўйидаги олма дарахтининг остига солишган эди. Отаси кичкинтойлар қуршовида ўтирарди – бир ёнбошида Ажимурот, бошқа ёнида қизалоқлари. Онаси чой қуяр, Султонмурот эса пиёлаларни узатиб, самоварга кўмир ташлаб турарди. У буларнинг ҳаммасини иштиёқ билан бажарарди. Ўзи эса мудом эртага шаҳарда бўлишни ўйларди. Отаси бир-икки марта у тарафга кўз қисиб имо ҳам қилиб қўйди. Укаси олдида озмунча муғамбирлик қиляптими ахир.
– Хўш, Ажике, – чой ҳўплаб туриб кичик ўғлига юзланди, – Қораёлингни ҳали ҳам минишга ўргатмадингми?
– Йўқ, ота, – шикоят бошлади Ажимурот. – У жуда асов чиқиб қолди. Орқамдан худди кучукдай эргашиб юради. Мен унга овқат бераман, суғораман, бир марта ҳатто мактабимизга ҳам эргашиб борди. Дераза тагида туриб танаффусга чиқишимни кутганини бутун синфимиз кўрди. Аммо ҳеч миндирмайди устига, дарров отиб юборади, шаталоқ отади…
– Уни минишга ўргатиш учун сенга ҳеч ким ёрдам қилмаяптими? – маслаҳат солгандай бўлди отаси гўё ўзини иш билан банд қилиб кўрсатгандай.
– Мен уни ўргатиб бераман, Ажике, – шайланиб тургандай жавоб қилди Султонмурот. – Албатта, ўзим ўргатиб бераман…
– Ур-ей! – деганча ўрнидан ирғиб турди укаси. – Кетдик!
– Қани, жойингга ўтир-чи! – Шаштини қайтарди онаси. – Тек ўтир. Одамларга ўхшаб чой ичиб олинглар, кейин улгурарсизлар.
Гап Ажимуротнинг икки ёшли ёқимтой хўтиги устида борарди. Ўша йили баҳорда уни болаларга тоғаси Нурғози инъом қилганди. Ёзгача хўтик ажабтовур ўсди, кучга тўлди. Узунқулоқни эгарга, ишга ўргатиш учун минишга кўниктириш вақти келган эди. Ахир хўжаликда эшак доимо, ҳали тегирмонга, ҳали ўтин-чўпга, ҳали майда-чуйда нарсаларга дегандай керак бўлиб туради-да. Шунинг учун ҳам Нурғози тоғаси унга совға қилганди. Аммо биринчи кунданоқ Ажимурот эшакни ўзиники қилиб олди. Ўжар, тўполончи бола эшакка шундай ғамхўрлик қила бошладики, бирор кишини унинг яқинига ҳам йўлатмас эди. Сал нарсага, хўтигимга тегманглар! Мен уни ўзим боқаман, ўзим суғораман, дерди. Бир марта ана шу хусусда ака-ука уришиб қолишди. Онаси каттасини жазолади, чунки кичиги ундан мушт еган эди-да. Ўшандан буён Султонмуротнинг алами ичида эди. Хўтикни минишга ўргатиш пайти келганда у ўзини четга олди: модомики сеники экан, ўзинг ўргат минишга, мени тинч қўй, ишим йўқ. Худди шундай ишларда устаси фаранг бўлганига қарамай, чап берди. Болалигидан унинг кўзи пишиб, эпчил бўлиб қолганди. Асовларни итоат қилдиришни яхши кўрар эди. Бу ҳам худди кураш – ким-кимни бўйсундиришдай гап. Қўшниларнинг барча тойчоқларини, буқаларию хўтикларини ҳамиша у ўргатарди. Ёш ҳайвонларни одатда эпчил болалардан бири ўргатади минишга. Катталарнинг вазни, оғирлиги, йўл қўймайди бунга. Одамлар Султонмуротга одатда ҳурмат билан шундай илтимослар қилиб келишарди: «Султонмуротжон, вақтинг бўлса бизнинг буқани ўргатиб берсанг». Ёки: «Султаке, азизим, бизнинг ҳангининг бир ақлини киритиб қўй. Елкасига пашшани қўндирмайди, тишлаб ўзини ҳар ёққа отгани-отган».
Бу ишда у ана шунақа таниқли бўлиб қолган эди, аммо ўз укасига йўқ дерди, бунинг устига, бир-икки марта укаси ардоқли эшагидан йиқилиб пешонаси ғурра бўлганида кулиб мазах қилиб, унинг жиғига тегди:
– У орқангдан худди итдай чопиб юради! Сен ҳали кунингни кўрасан ундан!
Эҳ, укасини ранжитиб қандай номаъқулчилик қилган экан-а. Фақат отаси ишора қилгандан кейингина тушуниб етди. У мана шунақа тентакнамо эди, укалари олдида ярашмаган қилиқларни қилиб юрарди. Мана энди, шаҳарга борадиган бўлганида, укаси буни билмайди, виждони шундай қийналдики, ҳатто шу заҳоти унинг олдига бориб кечирим сўрашга, нима деса шуни бажаришга тайёр эди.
Чой ичиб бўлишгач, отаси билан томорқалари ортидаги ўтлоққа йўл олишди. Аввал атрофдаги ҳамма тошларни териб олиб нариги ёққа ташлади. Кейин Қораёлни – Ажимурот ўз эшагини тантанавор қилиб шундай атарди – жиловлашга олиб келишди. Отаси Қораёлни қулоқларидан ушлаб турганида Султонмурот эпчиллик билан унга нўхта урди.
Кейин иштонини яхшилаб кўтариб олди. Ахир осон ишга бел боғламаган эди-да. Шу ернинг ўзидаёқ цирк томошалари бошланди. Ажимуротнинг қўли остида эркин юрган Қораёл ёмон қилиқ чиқариб олишга улгурган экан. Дарров шаталоқ отиб, орқа оёқларини кўтариб, ўзини ҳар ёққа ота бошлади. Узунқулоқ чавандозни эгардан улоқтириш ҳавосини олган эди. Аммо ҳеч нарса қилолмади. Султонмурот йиқилар, аммо дам ўтмай яна ўрнидан туриб олар, қорни билан Қораёлни устига ётиб олиб, кейин яна бир ҳаракат билан унинг белига миниб оларди. Эшак бўлса яна бўйсунмас, яна йиқилиш, яна миниш давом этаверарди.
Буларнинг ҳаммасини Султонмурот чапдастлик ва ҳатто қувонч билан бажарарди. Ҳамма гап йиқилишни билиш-да! Нима учун одамлар отдан ёки туядан кўра эшакдан ёмон йиқиласан, дейишади? Аксинча эмасми ахир. Сир шундаки, йиқилаётиб қўл билан тушишга улгуриш керак. Отнинг баландлиги, туянинг ундан ҳам баландлиги йиқилаётган кишининг мўлжал олиб улгуришига имкон беради. Эшакдан тажрибасиз чавандоз қопдек «гуп» этиб қулаганини ўзи ҳам билмай қолади…
Буни Султонмурот ўз тажрибасидан биларди. Бунинг учун ташвиш қилишнинг ҳожати йўқ эди. Шовқин солишиб, хурсандчилик қилишиб, қий-чув кўтаришди. Отаси қорнини ушлаб, ичаги узилгудай куларди. Шовқин-суронни эшитиб болалар келиб қолишди. Уларнинг ичида кимнингдир кучуги ҳам бор экан. У ҳам тўс-тўполонни кўриб, ўзини иштирок этиши керак деб ҳисоблагандай вовуллаб, Қораёлнинг кетидан қува кетди. Эшак бўлса қўрққанидан шаталоқ отди, Султонмурот эса ҳамманинг ҳавасини келтириб худди осоавиахимояловчиларга ўхшаб чавандозлигини кўрсата кетди. У чопиб бораётган Қораёлнинг устидан сакраб тушиб яна миниб олар эди.
Урушдан олдин осоавиахимовчи – отлиқ аскарлар қишлоқ совети олдидаги ўтлоқда мана шундай машқ қилишар эди. Овулларидаги йигитларнинг бари эса ишдан кейин машқ қилишарди. От устида чопиб бораётиб новдаларни кесиб ташлашарди. От устидан йўл-йўлакай ўзларини пастга отиб яна миниб олишарди. Уларни значоклар билан тақдирлашарди. Бу занжирли, винт билан бураб қўйиладиган жуда чиройли значоклар эди. Болаларнинг роса ҳаваси келарди-да. Улар осоавиахимовчилар машқини томоша қилгани доимо чопқиллаб келишарди. Ўша йигитлар ҳозир қаерда юрган эканлар-а? Отлардами ёки окоплар ичидамиканлар? Отлиқ армия ҳозирги урушда керак бўлмайди, дейишяпти…
Султонмурот дераза ташқарисига қаради-ю, отлар қишда совқотишади, танкларга эса совуқ ҳам писанд эмас, дея ўйлади. Лекин барибир отдан яхшиси йўқ!
… Роса томоша бўлган эди-да ўшанда. Тез фурсатда Қораёл тинчиб қолди. Ўзидан нима талаб қилишаётганини тушунди: одимлаб, йўрғалаб, даврани айланиб юра бошлади…
– Энди миниб ол, – укасини чақирди Султонмурот, – чу, де, ҳаммаси жойида!
Юзлари фахрдан ёнган Ажимурот товони билан Қораёлни тепиб у ёқ-бу ёққа чоптира бошлади – унинг қандай абжир акаси борлигини ҳамма кўриб турса-ю, мақтанмай бўладими!
Кеча ёруғ бўлиб, узоқ вақт қоронғилашмай турди. Улар уйга ҳориб-чарчаб, аммо мамнун бўлиб қайтишди. Ажимурот онасига кўрсатиш учун Қораёлни миниб, ҳовлига кириб борди. Шундан кейин у ҳеч нимадан шубҳаланмай дарров ухлаб қолди. Султонмурот эса сира ухлаёлмасди. Эртага шаҳарда бўлишини, у ерда нималар кўришинию ўзини нималар кутаётганини ўйларди. Кўзи уйқуга кетаётиб, отасининг онаси билан паст товушда суҳбатлашаётганини эшитиб қолди.
– Ўзимга қолса унисини ҳам олиб кетардим, иккалови бўлса яна қизиқроқ бўларди, – деди отаси, – фақат жой йўқ-да, бу шайтон аравада. Энг олдинда, бочкаларнинг устида ўтирасан. Йўл бўлса узоқ, болакай мудраб ғилдирак остига тушиб кетиши мумкин.
– Нималар деяпсан! – қўрқиб кетди онаси, – Худо кўрсатмасин, бу ҳақда ўйлаб ўтирма, кераги йўқ. Кейинроқ бир кун олиб борарсан. Сал катта бўлсин. Сен аввал унисига эҳтиёт бўл. Катта бўлиб қолди дейсан, қаёқда ҳали…
Султонмуротни ширин уйқу элитган эди, ота-онасининг паст овоздаги суҳбатини тинглаш ҳам мароқли, эртага эрталаб, саҳар туриб отаси билан йўлга тушишини ўйлаш ундан мароқли эди… Кўзи илинаётганда эса юраги орзиқиб, учиш шундай завқли эканлигини ҳис қиларди. Қизиқ, у учишни қаердан ўрганди? Юрмоқ, чопмоқ ва сузмоқ одамларга хос-ку. У бўлса учиб юрибди. Қушга ҳам ўхшаб эмас. Қушлар қанотларини силкитишади. У бўлса қўлларини ёзди-ю, бармоқлари учини қимирлатди, холос. Учганда ҳам бир текис, эркин учди, қаердан ва қаерга бориши номаълум, сокин ва «кулиб» турган бўшлиқда учиб юрарди… Унинг ё руҳи учарди, ёки туш кўрарди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.