Электронная библиотека » Чингиз Айтматов » » онлайн чтение - страница 22


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:29


Автор книги: Чингиз Айтматов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 22 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Қўрқувдан қалтироқ босиб, биз ҳам ўрнимиздан туриб кетдик. Бу орада Сайқал чироқни топиб, уйни ёритгунча бўриларнинг дарғазаб увлаши дарҳол жимиди-қолди.

– Қувлаб етишди, лаънатилар! – дея Қартанбой ота бақириб юборди-да, қўлига ҳассасини олиб, эшик сари хезланган ҳам эди, шу пайт итларнинг вовиллаган овози эшитилиб қолди. Аллаким дераза ёнидан ғарч-ғурч қор босиб чопганча ўтиб кетди-да, сабрсизлик билан эшикни қаттиқ қоқа бошлади.

Хонага тўзон аралаш изғириқ ёпирилиб кирди. У тарқалиб кетиши билан кўз ўнгимизда Дуйшэн пайдо бўлди. Унинг ранг-рўйи ўчиб кетган, оғир ҳансираб остона ҳатлаб ўтди-да, гандираклаганча деворга суяниб қолди.

– Милтиқ! – деди саросимага тушган Дуйшэн аранг нафас олар экан. Биз унинг нима деяётганини англаёлмай ҳайрон бўлиб турардик. Кўз ўнгим қоронғилашиб, чол-кампирнинг:

– Қора қўй, оқ қўй бошингдан садақа радди бало! Муқаддас Баҳоуддиннинг руҳи сени қўллаб-қувватлабди. Бу сенмидинг, болам? – деган марсиянамо сўзлари қулоғимга чалинарди, холос.

– Милтиқ, милтиқни беринг! – такрорларди Дуйшэн, яна эшик томон юлқиниб.

– Милтиқ йўқ, қаёққа бормоқчисан, шаштингдан қайт, – дея қариялар Дуйшэннинг бўйнига осилиб олишди.

– Сўйилни беринглар!

– Нима қилмоқчисан, кўзимиз тирик экан, ҳеч қаёққа бормайсан. Ундан кўра бизни ўлдириб қўяқол! – дея қариялар яна ялиниб-ёлборишарди.

Баногоҳ аъзойи-баданим бўшашиб, ун чиқармай аранг тўшакка кириб ётдим.

– Улгуролмадим, уйга энди етиб келай деганимда улар ўраб олишди, – дея Дуйшэн энтикиб ҳансираганча қамчисини бурчакка улоқтириб ташлади. – От йўлда келаётгандаёқ мажоли қуриган эди, сўнг устига-устак бўрилар қувлаб қолгандан сўнг овулга аранг етиб келдию, гуп этиб қулаб тушди. Шу заҳотиёқ ҳаммалари қузғунлардек унга ёпирилишди.

– От бўлса садқаи сар. Муҳими, ўзинг омон қолибсан. Агар от йиқилмаганда улар сени ҳам ўз домига тортган бўларди! Яхшиямки, сени Баҳоуддин авлиё ўз паноҳида сақлабди. Қани энди ечин, оловда исиниб ол. Кел, этигингни тортиб қўяй, – дея бечора Қартанбой суюнганидан гирдикапалак бўларди. – Қани, кампир, бирон нарсанг бўлса, исит.

Улар оловга яқинроқ ўтиришаркан, Қартанбой бир хўрсиниб қўйди-да, бамайлихотир:

– Бўлар иш бўлди, тақдирда битилганидан қочиб қутулиб бўлармиди. Ўзинг ҳам йўлга мунчалик кеч чиқмасанг?

– Волкомда мажлис чўзилиб кетди, Қараке. Партияга ўтиб келдим.

– Буниси яхши бўлибди. Хўп, шундай экан, тунаб қолиб, эртасига эрталаб етиб келганингда ҳеч ким ёқангдан тутмас эди-ку.

– Болаларга бугун етиб келаман, деб ваъда берган эдим, эртага эрталаб дарсни бошлаймиз, – жавоб қайтарди Дуйшэн.

– Эҳ, нодон-э! – дея ҳатто ўрнидан сапчиб туриб кетди Қартанбой ва ғазабланганидан бошини сарак-сарак қилганча: – Эшитяпсанми, кампир, у болаларга, шу мишиқи тирранчаларга ваъда берган эмиш! Агар бирон фалокат юз берганда нима бўлар эди. Нима деяётганингни тушуняпсанми ўзи!?

– Бу менинг муқаддас бурчим, жонажон ишим, Қараке. Бу ҳам ўз йўлига. Ҳар гал волостга пиёда бориб, пиёда келар эдим, бу гал нима бўлди-ю, шайтон йўлдан уриб, отингизни сўраб олдиму қашқирларга ем қилиб келганимни айтмайсизми…

– Ҳа, гап унда эмас, ўша рамақижон, от бўлиб қаерга борарди. Азиз бошинг омон бўлсин, садқаи радди бало! – деди жаҳли чиқиб Қартанбой. – Умрим бино бўлиб отга ёлчимадим, бу ёғи ҳам бир гап бўлар…

– Ҳақ гапни айтдинг, чол, – ҳамдардлик билдирди Сайқал ўпкаси тўлиб юзи кўпчиб йиғламсираган овозда. – Алҳамдулилло, бошинг омон бўлса от топилар, совимасдан овқатингни ич, болам…

Орага жимлик чўкди. Бир оздан сўнг тезак чўғини титкилаб ўтирган Қартанбой хаёл аралаш сўз қотди:

– Биламан, эсли-ҳушли, ақлли йигитсан, мактабни деб, шу гўдакларни деб жонингни жабборга бериб бунчалик кони азоб чекаётганингга ҳайронман. Ёки бошқа иш топилмай қолдими сенга? Ундан кўра бирорта чўпонга ёлланганингда уст-бошинг бут, қорнинг тўқ бўлармиди…

– Менга ачиниб гапираётганингизни тушуниб турибман, Қараке. Фараз қилайлик, агар шу норасида болалар ҳам мактабни, ўқишни нима кераги бор, ўқиб ким бўлардик, деб туришса, унда ҳукуматнинг иши, келажагимиз нима бўларди? Мен учун ўқитувчилик кўргилик эмас, Қараке, қанийди қўлимдан келса болаларга яхшироқ билим берсам, асосий орзу-ниятимга эришган бўлардим. Ахир, доҳиймиз ҳам бу ҳақда айни гапни айтган-ку…

– Ҳа, шундай дегин… – гапни бўлди Қартанбой ва бир зум сукут сақлагандан сўнг: – Сен ҳам ғам-андуҳ ўтида жон-жаҳдинг билан ишлаяпсан. Ахир, кўз ёши билан доҳийни тирилтира олмайсан-ку! Эҳ, қанийди оламда шундай куч бўлса эди! Ёки сендан бошқалар қайғу чекмаяпти, деб ўйлаяпсанми?.. Бизнинг ҳам юрагимиз тарс ёрилиб, оташдек ёнаяпти-ку! Доҳийнинг дини бошқа бўлса-да, унга атаб кунига беш вақт калима келтираман. Иложимиз қанча, жон болам, қанчалик йиғлаб-сиқтамайлик, энди фойдаси йўқ. Мен бу хусусда ўзимча кексаларга хос шундай фикрга келдим: доҳий халқ онгига сингиб кетган, Дуйшэн, энди у қондан қонга, авлоддан авлодга ўтиб, барҳаёт бўлиб қолади…

– Ушбу сўзларингиз учун ташаккур, Қараке, бор гапни айтдингиз, раҳмат сизга. Гарчи у ҳаётдан кўз юмган бўлса-да, биз у тутган йўлни тутиб, у танлаган йўлдан борамиз…

Шу йўсинда уларнинг суҳбатини тинглаб ётиб, аста-секин ҳушимга келгандай бўлдим. Бошда ҳаммаси тушда кўрилгандай туюлганди. Анча вақтгача Дуйшэннинг шикастланмай, омон-эсон қайтиб келганига ўзимни ишонтиролмай ётдим. Сўнг эса тасалли топган қалбимга илиқлик югуриб, қувончим ичимга сиғмай, кўз ёши тўкиб, нафасим бўғзимга тиқилиб, ҳўнграб йиғлаб юбордим. Эҳтимол, ҳали ҳеч ким менчалик қувончга тўлмаган бўлса керак! Ушбу лаҳзаларда мен учун қарияларнинг пахса деворли кулбаси ҳам, ташқарида ўкираётган бўронли тун ҳам, изғишиб юрган бўри галалари ҳам, овул чеккасида тилкаланиб ётган Қатанбойнинг ёлғиз оти ҳам кўзимга кўринмай қолди! Бутун қалбим, вужудим, фаҳм-фаросатим билан нур каби тенги йўқ бахт-саодатга мушарраф бўлганимни ҳис этган ҳолда йиғи овози эшитилмасин учун оғзимни юмиб, кўрпага бурканиб олдим. Бироқ Дуйшэн дафъатан сўраб қолди:

– Ҳой, печка ёнида ҳиқиллаб йиғлаётган ким?

– Ҳа, бу Олтиной, ҳалиги воқеадан қаттиқ чўчиб кетган эди, ўшанга йиғлаяпти, – деди Сайқал кампир.

– Олтиной? У бу ерга қандай келиб қолди? – Дуйшэн ўрнидан ирғиб туриб, тепамга келиб тиз чўкиб ўтирди-да, секин елкамга туртиб: – И-е, Олтиной, сенга нима бўлди? Нега йиғлаяпсан? – деб сўради.

Мен бўлсам девор томон ўгирилдим-да, яна баттарроқ ҳўнграб йиғлаб юбордим.

– Ҳа, ёқимтой қиз, кап-катта бўлиб мунчалик қўрқмасанг. Қани, менга бир қара-чи…

Дуйшэннинг бўйнидан қаттиқ қучиб олдим, кўз ёшларим билан ювилиб ланғиллаб турган юзларимни унинг кўксига босиб, ўзимни тутолмай, ҳадеб ҳиқиллаб йиғлайвердим. Суюнганимдан қалтироқ босиб, ўзимни тинчлантиришга ожизлик қилдим.

– Ҳа, юраги қинидан чиққанми, дейман! – хавотирлана бошлади Қартанбой ва у ҳам ўтирган ўрнидан туриб кетди. – Қани, кампир, бир дуо ўқиб юбор, тезроқ бўла қол…

Баногоҳ уларнинг ҳаммаси бесаранжом бўлиб қолишди. Сайқал пичирлаганча куф-суф қилиб дуо ўқиб, юзимга гоҳ совуқ, гоҳ иссиқ сув пуркаб, дамбадам елкаларимни қоқиб, ўзи ҳам менга қўшилишиб йиғлай бошлади.

Эҳ, қанийди улар ўшанда ички кечинмаларим туғён уриб, юрагим буюк олий бахтдан баҳра олиб “юришиб кетганини” билишса эди, уни ҳикоя қилиб беришдан узоқдаман, эҳтимол уни таъриф ва тавсифлаб беришга ожизлик қиларман.

Тиниб-тинчиб уйқуга кетмагунимча Дуйшэн ёнимдан жилмай, қизиб турган пешонамни совуқ қўллари билан оҳиста-секин силаб ўтирди.

* * *

Қаҳратон қиш девор ортига кўчиб, борлиқ узра баҳор нафаси кеза бошлади, адирларга майса гиламларини ёйиб эрувгарчиликдан нам тортиб кўпчиган текисликларни илиқ ҳаво оқимига чулғаб, ўзи билан бирга гўё кўпирган сут ҳидини олиб келарди. У тоғлардаги ястаниб ётган қор уюмларию, музликларни эритиб, силжитиб, суриб ўзига йўл очиб, жилғалар сари шариллаб оқиб тушар, сўнгра эса йўл-йўлакай янада қудратли куч касб этиб, жарлик қирғоқларини ўпириб шиддат билан шариллаб оқарди.

* * *

Бу, эҳтимол, менинг илк ёшлик баҳорим даракчисидир. Ҳарқалай, нима бўлганда ҳам, у назаримда ҳар баҳорга нисбатан ҳам кўркамроқ туюларди. Мактабимиз ўрнашган тепаликдан табиат нурга йўғрилгандек янада нашъали, янада гўзаллик кашф этгандек кўзга ташланарди.

Еру замин гўё қучоқ очиб, баҳор элчиси ўзини тўхтата олмай сарсари тоғматоғ кезиб, ним кўкимтир рангга кирган поёнсиз даштликлар қуёш нурига ғарқ бўлиб кумушдек товланарди. Аллақаерларда мовий кўл мавжланиб ётган, аллақаерларда паға-паға булутлар узра саф тортган турналар таронаси олис сафарга чорлаётгандай кишига ўзгача ҳузур бағишларди.

Баҳор келиши билан биз болакайлар ҳам қувончимиз ичимизга сиғмай ғимирлашиб қолардик. Турли-туман ўйинларни ўйнаб, севинчимиздан хандон уриб кулишардик, дарсдан сўнг эса мактабдан то овулга қадар бир-биримизни қувлашиб шўх-шодон қийқиришиб борардик. Буни кўрган янгамнинг ҳар гал жини қўзиб, заҳрини сочмагунча кўнгли таскин топмасди:

– Ҳой, эси паст, мунча ирғишламасанг. Қиладиган ишинг йўқми, қари қиз бўлиб қолмоқчимисан? Сен тенги қизлар аллақачон турмуш қуриб, қариндошуруғ бўлиб яшамоқда, сен-чи… Мактаб баҳона, тараллабедод қилиб, вақтни бекорга ўтказиб юрибсан, мактабинг бошингдан қолсин… Ҳали шошмай тур, таъзирингни бериб қўймасам сени…

Очиғини айтганда, янгамнинг дўқ-пўписаларини ўзимга унчалик қаттиқ олмасдим: унинг дому дашномларига кўникиб кетган эдим. Ўзим ҳақимда эса айтиш керакки, қари қиз бўлиб қолди, дейиш мутлақо адолатсизлик эди. Тўғри, бу кўкламда бироз бўйга тортганимни айтмаганда, ўша-ўша қизалоқман…

– Сен сочи пахмоқ малла қизсан, – деб куларди Дуйшэн.

Унинг сўзларига ҳеч қанча ранжимасдим. Гарчи сочларим пахмоқ бўлсада, ҳарқалай ўзимни у даражада малла деб айтишга тилим бормасди. Бўйга етганимда шундай кўҳлик қиз бўлайки, ана ўшанда гўзаллигимни кўриб холам ҳайратда қолсин. Дуйшэн, сенинг кўзларинг юлдуз каби чақнаб, юзларингдан нур ёғилади, деб айтиб юради-ку!

Бир маҳал мактабдан югуриб келсам, ҳовлимизда иккита бегона от боғлоқлик турибди. Уларнинг эгалари тоғдан келган кўринади. Олдинлари ҳам улар бозордан ёки тегирмондан қайтаётганларида, йўл-йўлакай кириб ўтишарди.

Остонага яқинлашар эканман, янгамнинг алланечук ғайритабиий хохолаб кулган овози эшитилди:

“Эй, жиянча, кўпам қайғурма, камиб қолмайсан. Ҳали жазманингга етишганда, тўғри айтган экан, деб эсларсан, мени. Хи-хи-хи!”

Унга жавобан бошқаларнинг ҳам хандон уриб кулишлари эшитиларди. Эшикдан кириб келишим билан эса ҳаммалари сув сепгандек жимиб қолишди. Намат устига ёзилган дастурхон ёнида юзлари қизариб бўртиб кетган, гўё тўнкани эслатувчи бесўнақай одам ўтирарди. У тер босган пешонасигача бостириб кийиб олган қозондай тулки телпаги остидан менга кўз қирини ташлаб, яна томоқ қоққанча ерга боқиб ўтирди.

– Э-э, келдингми, келақол, жон қизим! – Холам мени шу зайлда дабдурустдан эркалаб, тилёғламалик қилиб мийиғида кулганча кутиб олди.

Наматнинг бир чеккасида ўтирган амаким менга нотаниш бир киши билан қарта ўйнаб, ароқ ичишиб, бешбармоқ тановул қилишиб ўтиришарди. Иккаласи ҳам ҳар гал қарта итқитганларида аллақандай ғалати ҳаракатлар қилиб, бош ирғатиб қўйишарди.

Кулранг мушугимиз дастурхонга яқин келган эди, ҳалиги қизил юзли кимса уни мушти билан бир урган эди, бечора мушук жон талвасасида миёвлаганча лип этиб ўзини четга отди-да, бурчакка бориб биқиниб турди. Оҳ, шўрликкина, калтак зарбини чекаётибди-да! Бу ердан қандай қилиб чиқиб кетишимни билмай турган эдим, яхшиям янгам шу пайт ҳожатимни чиқарди:

– Қизим, – деди у, – қозонда овқатинг турибди, совимасдан олиб ея қол.

Мен остона ҳатлаб чиқдим. Бироқ янгамнинг бундай тил учидаги мунофиқона муомаласи менга мутлақо ёқмади, ғашим келиб, беихтиёр ҳушёр торта бошладим.

Орадан икки соатлар чамаси ўтиб, келган кишилар отларига минишиб тоққа жўнаб кетишди. Янгам бўлса худди шу заҳотиёқ, одатдагидек, яна ҳақоратли қарғишларини ёғдира бошлади. Мен бўлсам ҳалиги сўзлари “Демак, мастлик устида айтилган гаплар экан-да”, деган хаёлда кўнглим таскин топгандай бўлди. Шундан сўнг сал ўтиб, бизникига қандайдир бир юмуш билан Сайқал кампир келиб қолди. Мен ҳовлида у-бу билан машғул бўлиб юрган эдим, унинг айтган сўзларини эшитиб қолдим:

– Қўй, болам, Худо хайрингни берсин, уни жувонмарг қилма, уволига қоласан!

Янгам билан Сайқал нима ҳақдадир бир-бирларига сўз бермай бобиллашганча баҳслашиб қолишди, сўнгра кампир уйдан ғазабланган ҳолда чиқиб, менга зарда қилгандай, айни чоқда ачингандай бир ўқрайиб қаради-да, сукут сақлаганча чиқиб кетди. У менга нега бундай қаради, яна қайси қилиғим унга ёқмай қолди? – дея кўнглим ғаш тортиб юрди.

Эртаси куни мактабда Дуйшэннинг руҳи тушиб, нимадандир ташвишланаётганини, аммо бизларга сир бой бермасликка ҳаракат қилаётганини, айни чоғда у негадир мен томонга разм солмаётганини ҳам дарҳол сезиб қолдим. Дарсдан сўнг биз галалашиб мактабдан чиққанимизда, Дуйшэн мени чақириб қолди:

– Тўхта, Олтиной, – муаллим ёнимга яқин келиб, диққат билан кўзимга тикилди-да, елкамга қўлини қўйиб, – сен уйга бормагин. Тушундингми? – деди.

Қўрқувдан донг қотиб қолдим. Фақат шундан кейингина янгам менинг устимдан нималар қилмоқчи эканини фаҳмладим.

– Сенинг учун мен ўзим жавоб бераман, – деди Дуйшэн. – Ҳозирча эса бизникида яшаб турасан. Мендан узоқлашмаган, хўпми.

Рангим ўчиб кетган бўлса керак. Дуйшэн иягимни кўтариб, ўзига қаратдида, кўзимга тик боқиб, меҳрибонлик билан жилмайиб қўйди.

– Қўрқма, Олтиной, – у одатдагидек жайдари кулиб қўйди. – Мен ёнингда эканман, ҳеч нимани хаёлингга келтирмай аввалгидек эмин-эркин ўқишингни ўқиб, ўйнаб-кулиб юравер. Ахир, сенинг қўрқоқ эканлигингни ўзим ҳам билар эдим-ку… Ҳа, айтганча, кўпдан бери сенга бир нарсани айтмоқчи бўлиб юрган эдим. – Афтидан, аллақачон ғалати бир нарсани эслаб яна қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.

– Ёдингдами, у сафар Қартанбой ака эрта саҳарлаб туриб, қаергадир ғойиб бўлган эди. Бир маҳал қарасам, биласанми кимни – сенга дам солиб қўйсин деб Жайноқнинг ҳалиги жодугар эмчи кампирини бошлаб келяпти. “Нега”, деб сўрасам лабини қимтиганча, “Олтинойнинг юраги қўқувдан қинидан чиққан кўринади, бир эмлаб қўйсин”, дейди. Мен бўлсам: “У жодугарни бу ердан тезроқ йўқотинг, акс ҳолда у битта қўйдан камига рози бўлмайди. Бизнинг эса, унга берадиган қўйимиз йўқ, ночор яшаймиз, биргина отимиз ҳам бўриларга ем бўлган”, деб уни ҳайдаб юбордим. Сен бу маҳал ҳали уйқуда эдинг. Қараке бўлса, “Сен мени кексайган чоғимда уятга қолдирдинг”, деб бир ҳафтагача гаплашмай хафа бўлиб юрди. Ҳарқалай, нима бўлганда ҳам, улар меҳр-оқибатли, ажойиб қариялар-ку. Қани, энди кетдик, – дея Дуйшэн мени ўзи билан бирга уйига бошлаб кетди…

Муаллимнинг дилини бекорга ранжитмайин, деб ўзимни қўлга олишга ҳар қанча ҳаракат қилмайин, бари бир, ташвишли фикрлар менга тинчлик бермасди. Ахир, истаган маҳалда янгам бу ерга бостириб келиб, мени куч билан олиб кетиши мумкин эди. У ерда эса ёвуз ниятли кимсалар менинг устимдан хоҳлаганларини қилишарди. Овулда эса уларни ҳеч ким тергай олмасди, мен бўлсам мусибатни кутиб, тун бўйи мижжа қоқмай чиқдим.

Дуйшэн қай аҳволда эканлигимни яхши тушунарди, албатта. Шунинг учун ҳам бўлса керак, у эртаси куни кўнглимни кўтармоқ учун мактабга иккита дарахтча олиб келди. Ўқиш тугаши билан у менинг қўлимдан етаклаб нарига элтди-да:

– Ҳозир иккаламиз бир иш қиламиз, Олтиной, – деди у ўзига севингандай менга кулиб қараб. – Мана бу кўчатларни сенга атаб олиб келдим. Иккаламиз буларни экамиз. Улар ўсиб, кучга тўлиб вояга етгунча, сен ҳам ҳавас қилса арзийдиган ажойиб қиз бўлиб етишасан. Сен қалби пок, зеҳни ўткир қизсан. Сен ҳали менинг назаримда ўқиб камол топиб, катта олима бўлиб таниласан. Ҳа, бунга ишончим комил. Ҳали айтди деярсан, бу менга худди пешонангга битиб қўйилгандек кўнглимдан ўтиб турибди. Сен ҳозир ёшгина қизсан, худди мана шу кўчатлар сингари навниҳолсан. Қани кел, Олтиной, бу кўчатларни яхши ниятда ўз қўлимиз билан ўтқазайлик. Илоҳим ўқишдан бахтинг очилсин, чақнаган юлдузчам.

Бўйим баробар ниҳоллар кўкимтир теракчалар эди. Мактабимиз яқинига тепаликка экиб қўйилган бу теракчаларнинг илк бор маржондек тизилишиб ўсиб келаётган япроқчаларига қирдан эсаётган енгил шабада гўё биринчи бор жон ато этаётгандай туюларди. Теракчалар тебраниб, япроқчалар шивирлашарди…

– Кўряпсанми уларнинг кўркамлигини! – деди Дуйшэн, – ортга тисарилганча уларга разм солар экан. – Энди бу ерга ана у булоқдан ариқ қазиб, сув келтирамиз. Улар тепаликдан худди икки ака-укалардек салобатли кўриниб туришади ва уларни кўрган кишиларнинг баҳри дили очилиб, кўзлари яшнайди. Ана унда ҳаёт ҳам ўзгаради. Олтиной. Ҳамма эзгу ниятлар ҳали олдинда…

Дуйшэннинг олийҳимматлигидан беҳад таъсирланганимдан эс-ҳушимни йўқотиб, унга тикилганимча тураверибман. Буни ҳозир ҳам сўз билан ифодалашга ожизман. Мен унинг юз-кўзидан ёғилиб турган раҳмдиллигини, қалбларга ҳузурбахш этувчи беғубор, жозибали табассумию кучли ва чапдаст қўлларини гўё биринчи бор кўриб тургандай ҳис қилардим. Аллақандай янги, нотаниш, эҳтиросли ҳис-туйғулар тўлқини қалбимни қамраб олиб ғужғон урарди ва мен: “Муаллим, сиз шундай одам бўлиб яратилганингиз учун раҳмат… сизни қучиб ўпким келяпти!” демоқчи бўлдиму уялганимдан бу сўзларни айтишга юрагим бетлай олмади. Балки айтиш керакмиди… Ўшанда эса биз тепаликда, очиқ осмон остида яшил рангга чулғанган баҳорги қир-адирлар қўйнида ҳар биримиз ўз орзу-ниятларимиз билан банд эдик ва ўша дақиқаларда кўнглимни ғаш қилиб турган хавф-хатарни бутунлай унутиб, эртанги кун мени нималар кутаётганини ҳам, негадир икки кундан бери янгам мени излаб келмаётганини ҳам бутунлай ўйламай қўйган эдим. Эҳтимол, улар мени унутишдими ёки ўз ихтиёримга қўйиб турайлик деган фикрга келишдими, билмадим. Аммо Дуйшэн бу ҳақда ўзича ўйлаётган экан.

– Сен кўпам қайғураверма, Олтиной, иложини топамиз, – деди у овулга қайтаётганимизда. – Эртадан кейин волостга бориб, сенинг ҳақингда ҳам гаплашиб келаман. Сени шаҳарга юбориб ўқитиш ниятидаман, балки бунинг имкониятини топарман. Сен буни истайсанми?

– Сиз нима десангиз, шу бўлади, муаллим, – дедим мен.

Гарчи шаҳар қандай бўлиши ҳақида тасаввурга эга бўлмасам-да, Дуйшэннинг айтган сўзларидан сўнг менда у ёққа бориб ўқиш орзуси тинчлик бермади. Гоҳ мен учун бегона бўлган юртда ҳолим не кечар экан, гоҳ яна йўлга ҳозирлик кўрсаммикан деган ваҳимали ўй-хаёллар бутун вужудимни чулғаб олган эди.

Эртасига мактабга борганимда ҳам шу ҳақда ўйлардим: шаҳарда кимникида туриб, қандай яшайман. Агар бирорта оила бошпана берса, буюрганини қиламан – ўтин ёраман, сув ташийман, кир-чирини юваман, нимани амр этса ҳаммасини уддалайман. Дарсда ўтириб шулар ҳақида ўйлар эканман, омонатгина турган мактабимизнинг деворлари ортидан от туёқларининг дупурдупури эшитилиб қолди. Бу тўсатдан юз бериб, отлар елдек учиб келардики, мана ҳозир мактабимизни яксон қиладигандек туюларди. Биз ҳаммамиз қўрқвдан қотиб қолдик.

Дуйшэн шошилинч равишда: – Чалғимасдан дарсингизни қилинг, – деди.

Аммо шу пайт эшик шарақлаб очилди-ю, остонада янгам пайдо бўлди. У ичиқоралик билан сурбетларча тиржайиб турарди. Дуйшэн эшик томон яқин келди-да, секин овозда:

– Хўш, сиз нима юмуш билан келдингиз? – деди.

– Қайси иш билан келганимнинг сенга дахли йўқ. Қизимни узатмоқчиман. Ҳой, сўққабош! – Янгам жон-жаҳди билан менга ташланди, бироқ Дуйшэн унинг йўлини тўсиб қолди.

– Бу ердагилар ўқувчи қизлар, турмушга узатиладиган қизимиз йўқ, – деди Дуйшэн қатъий ва бамайлихотирлик билан.

– Нима деяпсан, ҳали унинг бор-йўқлигини сенга кўрсатиб қўямиз. Қани, йигитлар, ушланглар у қанжиқни, қўл-оёғидан тортиб судранглар!

Янгам отлиқлардан бирини имлаб чақирди. Бу ўша тулки телпакли қизил юзли киши эди. Ундан сўнг, қўлларида сўйил ушлаган яна икки киши отдан тушиб келишди.

Дуйшэн эшик олдида қўзғалмай тураверди.

– Нима, сен дайди ит бировларнинг қизини ўз хотинингдек тасарруфингга олмоқчимисан, йўқол бу ердан!

Қизил юзли киши айиқ сингари Дуйшэн томон важоҳатли йўналди.

– Бу ёққа киришга ҳақингиз йўқ, бу мактаб! – деди Дуйшэн эшик кесакисига маҳкам ёпишиб олганча.

– Айтмовдимми! Жазмани бу қанжиқни кўпдан бери йўлдан уриб тузоғига илинтириб юрибди деб, – жазаваси тутиб чинқирди келинойим.

– Мактабинг билан қўшмозор бўл! – Қизил юзли одам қамчисини кўтариб бўкириб юборди. Аммо Дуйшэн унинг қорнига чапдастлик билан бир тепган эди, у ах деганча қулаб тушди. Шу заҳотиёқ сўйил ушлаб турган икки киши муаллимга ташланди. Болалар қий-чув кўтаришиб олдимга югуриб келишди. Муштлашиш зарбидан ёғоч эшикнинг тит-пити чиқиб кетди. Қўрқувдан менга ёпишиб олишган болаларни ҳам ўзим билан бирга бошлаб муштлашаётганлар томон югуриб бордик.

– Муаллимни қўйиб юборинглар! Уни урманглар! Мана, мени уринглар. Муаллимни тинч қўйинглар!

Дуйшэн менга ўгирилиб қаради. Унинг ҳамма ёғи қонга беланиб, нигоҳлари қўрқинч ва ғазабга тўлган эди. Ерда ётган тахта парчасини олиб, унга қулочкашлаб бораркан:

– Болалар қочинглар! Овулга қочинглар! Қоч, Олтиной! – дея қичқирди. У шунчалик бақириб гапирганидан овози бўғилиб қолганди. Бу аснода Дуйшэн синган қўлини кўксига босганча ортга чекинишга мажбур бўлди. Рақиблар бўлса, қутурган буқалардек ҳимоясиз ўлжасига ташланиб, уни яна дўппослай бошладилар:

– Ур! Ур уни! Бошига сол! Ўлдир!

Қутуриб кетган янгам қизил юзли киши билан сапчиганча ёнига келиб, сочимни бўйнимга ўраб, эшикка судраб чиқишди. Мен бўлса жон-жаҳдим билан сирғалиб чиқишга уринар эканман, қўрқувдан донг қотиб қолган болаларнинг дод-фарёди аралаш девор ёнида қонга беланиб ётган Дуйшэнга кўзим тушиб қолди.

– Муаллим!

Бироқ Дуйшэн менга ёрдам берадиган ҳолатда эмас эди. У золимларнинг калтаги зарбидан худди маст одамдай каловланиб аранг оёқда туришга ҳаракат қилар, улар бўлса ҳадеб дўппослашарди. Мени эса ерга йиқитиб, икки қўлимни чилвир билан орқамга боғлаётганларида Дуйшэн ерда юзтубан ағнаб ётарди.

– Муаллим! – деб қийқирганимни биламан, улар оғзимни ёпиб, отга ўнгаришди.

Отга ўтирган қизил юзли киши мени зилдай қўлларию бесунақай гавдаcи билан босиб тушди. Дуйшэнни дўппослаган ҳалиги икки киши ҳам отларига сакраб минганча биргаликда жўнаб қолишди. Янгам ҳам мени савалаганча отлиқлар билан ёнма-ён югуриб бораркан:

– Қалай, муддаонгга эришдингми! Итдек ҳайда, чиқараётирман сен ярамасни. Қилмиш-қидирмиш дейдилар, қилмишингга яраша бўлди. Ишонган муаллиминг ҳам кунпаякун бўлди… Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас, – дея бошимга ниқтаб кетаётган эди. Тўсатдан орқа томондан:

– Олтин-ой! – деб бақирган ҳазин овоз эшитилди. Саланглаган бошимни аранг кўтариб қарасам, ортимдан чалажон қилиб қонга беланган Дуйшэн қўлида каттакон тош ушлаганча югуриб келяпти. Унинг орқасидан эса додфарёд кўтарганча синфимиз болалари келишарди. “Тўхтанглар, ҳайвонлар! Тўхтанглар! Қўйиб юборинглар уни! Олтиной!” – деб бақирарди у жон талвасасида, бизга яқинлашиб келар экан.

Зўравонлар тўхтаб қолишди, у иккаласи эса Дуйшэннинг атрофида гир айланишарди. Дуйшэн синган қўлини ҳалал бермасин учун енгини тишлаб олиб, ёвузларни кўзлаб тош отди, лекин тош мўлжалга бориб тегмади. Шу пайт ҳалиги икки киши Дуйшэнни сўйил билан икки бор уриб кўлобга йиқитишган эди, кўз ўнгим хиралашиб кетди, фақат болаларимизнинг ерда ётган муаллимнинг тепасига югуриб келишиб, донг қотганча туриб қолганларини аранг кўришга улгурдим.

* * *

Улар мени қаёққа ва қандай олиб кетаётганларини эслай олмайман. Ҳушимга келиб, мундоқ қарасам, ўтовда ётибман. Ўтовнинг очиқ турган туйнугидан эса юз берган воқеадан бехабар, осойишта тонгги юлдузлар мўралаб туришарди. Аллақаерда, ёнгинамизда дарёнинг шовуллаб оқишию қўйчивонларнинг ғудирлашган овозлари эшитилиб турарди. Олови ўчиб қолган ўчоқ бошида бадқовоқ, қора юзи унниқиб, чўп-устихон бўлиб кетган бир кекса аёл ўтирибди. Мен бошимни ўгириб бошқа томонга қарадим… О, қани энди, қўлимдан келса-ю, бир нигоҳ билан уни асфаласофилинга жўнатсам!

– Ҳой, қорамағиз, уни ўрнидан турғиз, – деб буюрди қизил юзли киши.

Қора хотин ёнимга келди-да, дағал, таёқдек қўллари билан елкамдан силкиб тортди.

– Жазманингни нима бўлса-да кўндир. Акс ҳолда – ҳолинг вой бўлади!.. – деди ўша одамнусха ва жаҳл аралаш ўтовдан чиқиб кетди. Қора хотин бўлса ҳатто ўрнидан ҳам қўзғалмади, лом-мим деб оғиз ҳам очмади. Балки у соқовдир? Унинг совиб қолган кулни эслатувчи нурсиз кўзлари, калтак еган итнинг думи қисиқ келади, деганларидек, ҳали кичкиналигиданоқ нокас кишиларнинг ҳадеб уриб-ҳайдайверганларидан безиб қолган ва бунга аста-секин кўникиб қолган итнинг термилиб туришини эслатарди. Мен бўлсам, худди қоронғи гўр тубига тушиб кетгандай ўлик ёки тирик эканлигимни билмай, ўтирган жойимда сўппайиб ўтиравердим. Бироқ унинг ўта совуқ ва зулматни эслатувчи қайғули қарашларидан даҳшатли манзарани уқиб олиш мумкин эди. Қора хотиннинг сўник кўзларига яна назар ташлар эканман, мен ўзимни ҳаётдан кўз юмиб, қабрда ётган кишидек ҳис этдим. Агар сойдан оққан сувнинг шовуллаган овозини эшитмаганимда, мен бунга ишонч ҳосил қилган бўлардим. Сув шовуллаб, қияликдан акс садо берганча эркин оқиб келарди…

Минг лаънат сендай тошбағир янгага! Илоҳим умр бўйи оққан кўз ёшлариму тўкилган қонларимнинг уволи тутсин сени!.. Бу кеча ўн беш ёшимда мени зўрлаб бадном қилдилар. Бу балога гирифтор этган йиртқичнинг болаларидан ҳам ёш эканман…

Орадан икки кун ўтиб, учинчи тунга ўтар кечаси эс-ҳушимни йиғиб олиб, йўлу чўлда адашиб кетсам, орқамдан қувлаб бориб ушлаб олсалар ҳам, барибир, нима бўлганда ҳам, қочиб кетиб, муаллимим Дуйшэн сингари сўнгги нафасим қолгунча курашиб ўлганим яхши, деган қарорга келдим.

Қоронғида аста-секин эшик сари бориб пайпаслаб кўрсам, қил арқон билан мустаҳкам боғлаб қўйишибди. Устомонлик билан танғиб қўйилган арқон тугунларини эса қоронғида ечишнинг иложи йўқ эди. Шу боис ўтов девори остидан бир амаллаб сирғалиб чиқиб кетишга уриниб кўрдим. Бироқ қанчалик уринмайин, ҳаракатларим зое кетди – ўтов сиртқи томондан ҳам арқон билан ерга маҳкам боғлаб қўйилган экан.

Фақат қандайдир бир ўткир нарса топиб, эшик арқонларини кесишдан бошқа иложим қолмади. Қоронғида, наридан-бери, атрофни титкилай бошладим, қўлимга ёғоч қозиқдан бошқа ҳеч нима илинмади. Ноилож шу қозиқ билан ўтов остини кавлай бошладим. Бу уринишларим ҳам, албатта, беҳуда кетишига кўзим етиб турган бўлса-да, ноумид шайтон деганларидек, умидсизликка тушмадим. Миямда фақат биргина фикр чарх урарди – ё ўлиш, ё қолиш – бу зулмат қафасидан қочиб қутулсам-у, ана у тўнғизнинг пишиллашию хуриллашини эшитмасам, эрк учун таслим бўлишдан кўра курашиб ўлмоқ афзал! – деган тушунча бутун вужудимни қамраб олган эди.

Токол – иккинчи хотин! Эҳ, отинг ўчгур бу сўзни жинимдан баттар ёмон кўраман! Уни ким, қайси замонда ўйлаб топган экан-а?! Ҳам жисми, ҳам қалби менчалик қулликка гирифтор этилган одам зоти бормикин бу оламда? Тур, ғафлатдан, бахти қаро ғофил бандалар, инсоний ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум этилган жафокаш аёллар. Зулмат дунёни ларзага келтир! Буни мен, орангиздан ушбу тақдирни сўнгги бор ҳатлаб ўтаётган аёл айтяпти!

Бу сўзларни ўша машъум тунда нима учун айтганимни ўзим ҳам билмайман. Ортиқ даражада асабийлашиб кетганимдан жон-жаҳдим билан ўтов остини тирнаб қазийвердим. Бироқ тошлоқ ер экан, қўлларим шилиниб, бармоқларим қонаб кетди. Эндигина қўл сиғадиган тешик очганимда тонг отиб, овул уйғонгандай итларнинг вовуллашиб, одамларнинг гангур-гунгур овозлари эшитила бошлади. Шу аснода дупирлашиб, йилқи уюрларию қўй сурувлари ғизиллаганча сувлик сари ўтиб кетишди. Шундан сўнг кимдир – биров ўтовга яқинлашиб, унинг сиртдан чандиб боғланган арқонларни ечиб, кигизларни тушира бошлади. У ўша индамас қора хотин эди.

Демак, овул кўчишга ҳозирлик кўрмоқда. Дарвоқе, кеча кечқурун довон ошиб янги манзилга кўчиб кетиб, ёз бўйи ўша ерда қўним топиш ҳақида гаплашаётганлари қулоғимга чалинган эди. Қочиб қутулишим ўн чандон мушкуллашар экан-да, деган ўй-хаёл яна кўнглимни беҳузур қилди. Ўтов остини кавлаган еримдан жилмай ўтиравердим. Нима ҳам қила олардим? Барибир ўтовнинг таги ковланганини қора хотин кўрган бўлса ҳам, ҳеч нима демасдан ўз юмушини давом эттираверди. У ўзини дунё ишларидан мутлақо холи, оламни сув босса тўпиғидан келмайдиган ҳиссиз бир кимсадек тутарди. У ҳатто пўстини билан бошини кўрпага буркаб айиқ сингари хуррак отиб ётган эрини, ҳой турсангиз-чи, йўлга отланяпмиз, ёрдам беринг, деб уйғотишга ҳам журъат этмади.

Ҳамма кигизлар йиғиштириб олиниб, ўтов яп-яланғоч бўлиб қолган эди, мен бўлсам ҳамон қафасдаги қушдек, қимирламай ғужанак бўлиб ўтирардим. Сойнинг нариги томонидан одамлар ҳўкизлару отларга кўч-кўронларни ортмоқда. Шу маҳал аллақаёқдан уч отлиқ пайдо бўлди-да, ҳалиги одамлардан ниманидир суриштиргач, биз томон кела бошлади. Дастлаб булар кўчиришга келишган бўлса керак, деб ўйладим, кейин разм солиб қарадиму саросимага тушиб қолдим. Уларнинг бири Дуйшэн, қолган иккитаси – қизил ёқали милиционерлар эди.

Ўлигимни ҳам, тиригимни ҳам билмай мажолсиз ўтираверибман. Ҳатто бақирай десам овозим чиқмайди. Ногоҳон муаллимимизнинг тирик эканлигини кўриб, қувончим ичимга сиғмай кетди. Бироқ айни дамда таҳқирланиб, бадном этилганимни эслаганимда қалбим озурда бўлиб фарёд чекарди…

Дуйшэннинг боши бинт билан танғиб боғланган бўлиб, шикастланган қўли бўйнига осиб олинганди. У отдан сакраб тушиб, эшикни зарб билан тепди-да, ўтовга югуриб кириб, қизил юзли кишининг устидаги кўрпасини итқитиб ташлади.

– Тур ўрнингдан! – деди у ғазабнок овозда.

У кутилмаганда бошини кўтариб, кўзини ишқалаганча Дуйшэнга ташланмоқчи бўлган эди, тўпонча ўқталиб келаётган милиционерларни кўриб, турган жойида серрайиб қолди. Дуйшэн уни ёқасидан ушлаб, ўзига силтаб тортди.

– Ярамас! – деди у қони қочган лаблари билан пичирлаб. – Энди борадиган ерингга борасан!

У итоаткорона нари сурилди. Бироқ Дуйшэн уни яна елкасидан ушлаб шартта ўзига силтаб тортди-да, титроқ овозда юзига тик боқиб:

– Сен уни ҳали ўн гулидан бир гули очилмасданоқ пайҳон этдим, деб ўйлаяпсанми? Янглишасан, у замонлар ўтиб кетган, эндиги замон бизники. Шу билан энди сенинг ҳам кунинг битди ҳисоб!.. – деди.

Қизил юзли кишини этигини кийгизиб, икки қўлини орқасига боғлаб, отга ўнгарганча милиционерларнинг бири тизгиндан ушлаб етаклаб, иккинчиси унинг ортидан ҳайдаб олиб кетишди. Мен Дуйшэннинг отида, у эса ёнимда пиёда борар эдик.

Энди йўлга чиққанимизда, ортимиздан аллақандай даҳшатли ўкирик овози эшитилди. Мундоқ қарасам, ортимиздан ўша қора хотин югуриб келаётганди. У худди ақлдан озган кишидек, эри томон юлқиниб чиқди-да, унинг тулки телпагига тош билан тушира бошлади.

– Қонимни зулукдек сўриб, умримни хазон қилдинг, одамхўр! Сен қўлимдан тириклайин қутула олмайсан! – дея зор қақшаб бақирарди у. Қирқ йилдан буён қалбида йиғилиб қолган сабр-бардошу дард-аламлар энди туғён ура бошлаганди. Унинг қулоқни қоматга келтирувчи чинқириқ овози дара қояларига урилиб, акс садо берарди. У гоҳ у томон, гоҳ бу томон елиб-югурар, қўрқувдан ҳадиксираб букчайиб қолган эрининг устига гўнг, тупроқ сочиб, тош, кесак, хуллас қўлига илинган нарсани улоқтириб, дод-фарёд кўтарганча лаънатларди.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации