Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 57 (всего у книги 67 страниц)
САККИЗИНЧИ БОБ
Кечга бориб у Онатой билан ярашмаган бўлса-да, бироқ орадаги умумий ишлар уларни бир-бирига мурожаат этишга мажбур қилди. Барибир кўнгилда доғ қолди, воқеанинг бунақа аҳмоқона содир бўлгани уят эди. Аммо Султонмурот битта муҳим синовдан ўтганини тушунар, агар салгина юраксизлик қилганида эди, ўзини ўзи ҳурмат қилмай қўйишини биларди. Бундай одам эса десант командири бўлиши мумкин эмас эди.
Бунга у ўша куниёқ, кечга яқин отхонага раис Тиналиев билан Чекиш бригадир келганларида амин бўлди. Уларнинг отлари узоқ йўл юриб чарчаган, лойга ботганди. Тиналиев билан Чекиш чол тонгда Оқсой томон чиқиб кетишиб эндигина қайтиб келишганди. У ёқдан мамнун қайтишди. Энди уч-тўрт кундан кейин Оқсойга жўнашса бўлавераркан. Дашт ерлари лорсиллаб ётганмиш. Экишга қулай ерлар кўп бўлиб, кучинг етгунча ҳайдайверишинг мумкин экан. Қўраларга жой белгилашибди. Дашт уйғонибди. Шийпон учун жой танлашибди. У ерга жойлашиб олиш ва қиш бўйи тайёргарлик кўрган нарсаларини бошлаш қолган эди, холос.
– Хўш, ишлар қалай, болалар? – уларга юзланди Тиналиев. – Кайфиятлар қалай? Қандай таклиф ва мулоҳазалар бор? Кейин типирчилаб қолмаслик учун овулдан узоқлашиб кетмасданоқ гапириб қолинглар.
Болалар жим эдилар. Гўё фавқулодда ҳал қилиниши лозим бўлган нарса йўқдай эди. Барибир, ҳеч ким сўнгги сўзни айтишга журъат қилолмасди.
– Командиримиз бор, – деди Эргаш. – У ҳаммасини билади, ўзи айта қолсин.
Шунда Султонмурот ҳозирча ҳеч қандай камчилик ва муҳтожлик йўқлигини, ҳаммаси режалаб қўйилганлиги, пойабзаллар бус-бутун қилинганини ҳамда устбошлар ямаб-ясқалганлигини, ёпинишга эса пўстинлар олишлигини, қисқаси, ўзлари, уларнинг плуглари ва отлари ер етилиши билан истаган вақтда ишга киришишлари мумкинлигини айтди.
Кейин ҳар хил майда-чуйда ишларни – қозон-товоқ, ўтин, ўтовларни муҳокама қилишиб, умумий хулосага келишди: агар ҳаво айниб, қор ёғиб қолмаса, икки-уч кун ичида далага чиқишадиган бўлишди.
Ҳаво дуруст эди, кўк юзини булут қоплаган бўлса-да, қуёш гоҳ чиқиб, гоҳ беркинар, ернинг ҳовури кўтарилиб, қордан халос бўлаётган ердан нам ҳид анқирди…
Шундай кунлар яқинлашмоқда эди… Ҳамманинг фикр-хаёли шунга қаратилган эди…
Қанчалик тайёрланишмасин, барибир, жўнаш олдидан яна анчагина ишлар қилинмаганлиги аён бўлиб қолди. Иккита отнинг ёпиғи етишмас экан, борлари эса жуда эскириб, увадаси чиқиб кетган, уларни Оқсойга олиб боришнинг ҳожати йўқ эди. Илк баҳор тунлари совуқ, деярли қиш тунини эслатади, айниқса, шудгорлашнинг биринчи кунларида… Чекишнинг айтишича, авваллари ерни омоч билан ҳайдашган вақтларида, биринчи кунлар гоҳо тушгача кечаси совуқ музлатган ернинг эришини кутишаркан… Туни билан ёпиғи ёпилмай совуқ еб чиққан от эса улов бўлишга ярамай қолади.
Султонмуротнинг яна иккита яхши ёпиқ сотиб олишгунларича ҳали идорага, ҳали раисга, ҳали бригадирга, овулга, колхозга чопишига тўғри келди…
Мана шу югур-югур ва ташвишлар ичида у ҳаммадан кўпроқ отларни суғориш вақтини кутарди. Жўнаш олдидан худди ўшандагидай сойдан ўтиладиган жойда Мирзагулни кўргиси келарди… Ҳар гал умид қиларди-ю, аммо қизни учратолмасди. Султонмурот шошилар, кутишга сира вақти йўқ эди. Шунинг учун ҳам Мирзагул билан унинг орасида доимо айтилмаган қандайдир гап борлигини, айниқса, жўнаш олдидан улар учрашмаслиги ҳам мумкинлиги туфайли ўзини қандайдир гуноҳкордай ҳис этарди. Султонмурот Мирзагулнинг ҳам ўзи ҳақида ўйлашини билар ва бунга у қизнинг ўшандаги илк нигоҳ ташлаганидаёқ, Мирзагулда ўз аксини кўрган пайтдаёқ амин бўлган эди. Бироқ Мирзагулнинг ўзи учрашишга интилади, деб хаёлига ҳам келтирмасди. Қизлик ғурури, номуси бунга йўл қўймасди. Қиз унга тўқилган рўмолча тақдим этиб, нима демоқчилигини изҳор қилди, қолгани эса унинг иши, эркакларча…
Албатта, у жўнаш олдидан қиз билан учрашиши мумкин эди. Мана, яна бир кўнгилсизлик рўй бермаганида у шундай қилмоқчи эди. Оқсойга жўнаш арафасида, десантчилар ўз отларини охирги марта суғоргани олиб боришга ҳозирланишаркан, Султонмурот охирида қолиб Мирзагулни кутмоқчи бўлганди. Шунда улар сувлоққа томон йўл олиб энди дарвозадан чиққан эдилар ҳамки, Чекиш бригадир келиб қолди. Унинг қовоғи солиқ ва тунд эди. Малла соқоли титрар, тумоғини кўзларигача бостириб кийиб олганди.
– Қаёққа кетяпсизлар?
– Отларни суғоришга.
– Тўхтанглар. Гап бундай, Онатой, сен уйингга бор. Онанг касал бўлиб қолибди. Отдан туш. Сизлар эса, болалар, тезда сувлоққа бориб отларни тез суғориб орқангларга қайтинглар. Мен сизларни шу ерда кутиб тураман!
Сой томон отларни йўрттириб боришаркан, Султонмурот боришда ҳам, келишда ҳам йўлдан кўзини узмай келди-ю, аммо Мирзагулни кўрмади. Ҳали мактабдан қайтиш вақти бўлмаган эди. Нега Чекиш чол уларни бунчалик шоширди экан-а? Нима бўлдийкин? Агар шундай бўлиб қолмаганида эди, Мирзагулни албатта бугун кутиб олган бўларди! Сойнинг кечувида уни яна шундай кўргиси келардики…
Улар отхонага қайтишиб отларни жойларига боғлашгач, Чекиш чол тўртовларини бир четга чақирди.
– Гап бор, – деб минғиллади у.
Сўнгра ўтиринглар, деди. Ҳаммалари елкаларини деворга тираганларича чўнқайишди. Раис Тиналиев тик туриб гаплашишни яхши кўрар, бошқалар ҳам тикка тургани учун ўзи ҳам тик турарди. Чекиш бригадир эса, аксинча, шошилмасдан, бамайлихотир ўтириб гаплашишни ёқтирарди. Қария-да, Чекиш чол ўйчанлик билан ҳурпайган малла соқолини силаркан, гап бошлади:
– Йигитлар, сизлар энди ёш бола эмасликларингизни айтиб қўймоқчиман. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиш эрта бошларингга тушди. Жазирама тупроқда юриб, муздай ерда ётиш… Демак, тақдир шундай экан. Мана, бугун бирингизнинг бошингизга катта кулфат тушди – Онатойнинг отаси, Сатторқул фронтда ҳалок бўлибди. Сизлар энди ёш бола эмассизлар, агар бирингизнинг бошингизга кулфат тушса, иккинчингиз унга суянчиқ бўлмоғингиз лозим. Тайёрланиб туринглар. Одамларни қаршилаб турасизлар. Отларни боғлаб турасиз. Ҳозир раҳматли Сатторқулникида одамлар тўпланишади, сизлар ҳам ўша ерда бўлишларинг керак. Ёш болаларга ўхшаб Онатойнинг ёнида ҳиқилламанглар, ҳамонки йиғлар экансизлар, чинакамига қаттиқ овоз чиқариб эркакчасига йиғлангларки, бундан Онатойнинг содиқ дўстлари йиғлаётгани аниқ билиниб турсин. Мен билан ҳозир бирга борасизлар, шунинг учун ҳам сизларни шоширган эдим…
Улар сўқмоқ бўйлаб олдинма-кетин кўча охирида жойлашган Онатойларнинг уйи томон кетишди. Одамлар шундай сукут сақлаганларича отлиқ ва пиёда, турли томондан тўп-тўп бўлиб оқиб келишарди.
Ҳаво айниб турарди. Гоҳ қуёш чиқиб, гоҳ яна кўк булут билан қопланар, гоҳ бирдан ер қучиб болдирларни ачиштирувчи шимол шамоли эсиб қоларди. Султонмурот Онатойлар хонадонига қўрқувдан, надоматдан оғир изтиробга тушиб бормоқда эди. Яна бир-икки дақиқадан сўнг овул узра худди уйга ўт тушгани каби даҳшатли йиғи-сиғи садолари кўтарилади, мана шу бобокалонлари туғилиб ўсган тоғларда яна бир одамнинг азаси бошланади, энди у одам урушдан қайтмайди, ҳеч қачон, ҳеч ким уни кўрмайди, бу, албатта, қўрқинчли эди. «Кўпдан бери хат-хабар йўқ, отамга нима бўлди экан-а? Омонмикин? Онам бўлса ваҳимага тушиб ақлдан озаёзди. Ишқилиб, бундай бўлмасин, ҳеч бундай бўлмасин!»
Улар ҳовлига яқинлашиб қолганларида Онатойларнинг уйидан даҳшатли фарёд кўтарилди ва бу ўкирик кучайиб, одамлар тўпланиб турган ҳовли ва кўча бўйлаб ёйилди…
Десантчилар Чекишнинг орқасидан борарканлар, бор овозлари билан ўкиришар, чол ўргатгандай бир оҳангда:
– Ўв, Сатторқул отажон, топилмас Сатторқул отажонимиз, энди сени қайдан топамиз-а, азиз бошинг қайси тупроқда қолди? – деб расмана ҳўнграб йиғлашарди.
Шу дақиқада, бу қайғу умумнинг қайғусига айланган шу дақиқада, Онатойнинг отаси Сатторқул ҳақиқатан ҳам уларнинг ўз отасидай, шуҳрати кетган энг яқин кишисидай туюлиб кетди, чунки ҳар бир кишининг улуғлиги унинг яқинлари томонидан фақат ундан жудо бўлганларидагина билинади… Ҳамма вақт шундай бўлган ва доимо шундай бўлиб қолаверади.
– Ўв, Сатторқул отажон, топилмас Сатторқул отажонимиз, энди сени қаердан топамиз, азиз бошингни қайси тупроққа қўйдинг?
Десантчилар йиғлаб, Чекиш билан одамлар орасидан ўтиб ҳовлига киришлари билан эшик олдида турган Онатойни кўришди. Ғам одамни чўктириб қўяди. Уларнинг орасида энг каттаси, кучли ва барвастароғи Онатой ҳам ёш боладай бўлиб қолганди. У бошига тушган бу оғир кулфатдан эзилиб, ёш боладай нола билан худди ёмғирда қолган тойчоқ сингари мунғайиб деворга суяниб йиғларди. Юзлари йиғидан шишиб кетибди. Ёнида ўзидан кичик ука ва сингиллари ўкиришарди.
Онатойнинг дўстлари унинг олдига боришди. Онатой дўстларини кўриб бошига тушган қайғудан зорланиб, бошига тушган кулфатини уларга тўкиб-солиб янада қаттиқроқ йиғлай бошлади. Бу билан у гўё мадад сўраб, ёрдам кутаётгандай эди. Онатойнинг бу ёрдамга муҳтож ҳолати ҳаммадан кўпроқ Султонмуротга қаттиқ таъсир қилди. Болалар ўзларини йўқотишиб, унинг атрофида айланишар, нима қилишни, қандай қилиб уни овутишни билишмасди. Ҳеч ким унга ёрдам беролмайди. Бу пайт ҳеч ким Султонмуротнинг қўлига автомат олиб ҳовлидан отилиб чиқиб кетганини ва автомати билан тўппа-тўғри ўша ёққа – уруш кетаётган томонга югуриб кетганини хаёлига ҳам келтирмас эди. Унинг бир нафас тўхтамай тўғри фронтга борганини ва у ерда қаҳр-ғазаб билан наъра тортиб, қичқириб, фашистларни қийратаётганини, автоматдан тинимсиз ўт сочиб, дўсти Онатойнинг ўлдирилган отаси, овулга келтирилган қайғу ва кулфатлар учун ўч олаётганини билишмас эди…
Эсиз, автомати йўқ-да!
Десант командири эмасми, Султонмурот Онатойга шундай деди:
– Йиғлама, Онатой. Нима қилардик. Мана, Эркинбек ва Қуббатқулнинг оталари ҳам фронтда ҳалок бўлишди. Ўзинг биласан, менинг отамдан ҳам анчадан буён хат йўқ. Уруш. Тушунасан-ку. Сен фақат бир оғиз айтсанг бас, биз сенга ёрдам берамиз. Сен фақат ўзингга бир оз енгил бўлиши учун нима қилишимиз кераклигини айтгин…
Аммо Онатой деворга суяниб, елкаларини силкитганича энтикиб-энтикиб йиғлар ва ҳеч нарса деёлмасди. Бу сўзлар уни овутиш ўрнига, аксинча, ярасига туз сепгандай бўлди ва у дувиллаб оқаётган кўз ёшлардан бўғилиб, нафаси қисилиб, кўкариб кетди. Султонмурот чопиб бориб унга чўмичда сув келтирди.
Шу дақиқадан бошлаб у ўзини бу ерда содир бўлаётган воқеага жавобгардай ҳис эта бошлади. Одамларга қандайдир ёрдам қилиш зарурлигини тушунди. Тўрталови сойдан пақирларда сув ташишди, ўтин ёришиб, самоварларга ўт қўйишди, тўпланган қўни-қўшниларни кутишди, отлиқ чолларни уловга мингизиб юборишди.
Одамларнинг оёғи узилмасди. Бировлар марҳум оиласига таъзияга келишар, бошқалари эса таъзиядан ўз бурчларини ўтаб қайтишарди. Десантчилар кун бўйи Онатойларникида бўлишди.
Султонмурот муаллима Инкамол опа еттинчи синф қизлари, уларнинг орасида Мирзагул билан келиб қолишганларида жуда оғир дақиқаларни бошидан кечирди. Инкамол опа Онатойни қучоқлаб олганича шунчалик бўзлаб йиғладики, унга кўз ёшисиз қараб бўлмас эди. Машҳур фолбиннинг муаллиманинг ўғли ҳақидаги каромати тўғри чиқмади, зотан унга опанинг ўзиям ишонмаган эди. Дилидаги хавотирликни, ғамни тарқатиш, қайғу-ҳасратга тўлиб кетган юрагини бўшатиш учун у кўз ёшларига эрк бериб юборди. Қизлар ҳам муаллималари ёнида йиғлаб туришарди. Мирзагулнинг боши эгик, унсиз кўз ёш тўкар, балки шу пайт у отаси ва акасини эслаб эзилаётгандир. У Султонмурот томонга бирон марта ҳам қайрилиб қарамади. Мана шу ҳолатда ҳам, изтироб ва кулфат оғушида ҳам у ҳаммадан гўзал эди. Султонмуротда энг олий ҳамдардлик фахр ҳиссини уйғотди. У қизнинг ёнига боргиси, уни қучоқлаб йиғлагиси, қайғусига шерик бўлгиси келарди…
…Эҳ, Мирзагул, Мирзагул бекач,
Оқ каптар сен кўкдаги,
Мен туйғун қуш тўпдаги…
Шундан сўнг ҳовлида Қуръон ўқилгач, ҳамма ҳозир бўлганлар ўзлари билан ўзлари ёлғиз қолишиб, жимгина кафтларини очиб, худди тақдир китобига қарагандай унга термилганларича бундан минг йиллар муқаддам йироқ Арабистондан тарқалган, туғилганда ва ўлганда дунё мангу деб эълон қилган Қуръоннинг тантанавор ва қироатли оҳангини тинглаб туришарди. Бу гал Қуръон Онатойнинг отаси – урушда шаҳид бўлган Сатторқулга бағишланиб ўқилмоқда эди. Султонмурот ўша ибодат маҳалида ҳам кафтлари устидан кўзини очиб қизга қаради. Ҳамма қатори диққат билан разм солиб турган ёш Мирзагул ғоят гўзал эди. Қизнинг юзида чуқур ўйчанлик мавжуд. У Султонмурот томонга қарамади.
Шундай, қиз лоақал бир сўз қотмай кетди. Фақат у кетаётиб Султонмуротга қайғули нигоҳ ташларкан, бошини тебратиб қўйди. Эҳ, Мирзагул, эҳ, Мирзагул бекач…
Марҳум Сатторқул уйидаги фарёд бир оз пасайди. Атрофга жудоликка кўникишга даъват қилувчи даҳшатли сукунат чўкди. Йиғи – бу норозилик, ғалаён, туғённинг белгисидир, яқиндагина бўлиб ўтган воқеани қайтариб бўлмаслигига тушуниб етиш эса энг даҳшатлиси. Шундай дақиқаларда одамни энг қайғули фикрлар чулғайди.
Онатой девор тагида бошини хам қилиб ўтирарди. Султонмурот унга қарашга юраги бетламасди. Қўпол, кучли, баджаҳл Онатойни кулфат букиб қўйганди. Бундан кўра унинг бақириб йиғлагани, уст-бошини йиртиб, ўзини ҳар ёққа ургани яхшироқ эди.
Султонмурот қандай қилиб уни бу қайғули, ночор аҳволдан қутқаришни билмасди. Аммо у Онатойга ёрдам қилиши керак эди, қандай йўл билан бўлмасин, унинг ёлғиз эмаслигини, ёнида одамлар, унинг учун жонларини фидо этишга тайёр одамлар борлигини билдириши керак эди.
– Онатой, юр, сенга бир гапим бор, – деди унга Султонмурот.
Онатой ўрнидан турди ва улар бир чеккага ўтишди.
– Хаёлингга бошқа нарса келмасин тағин, Онатой, – деб сўз бошлади Султонмурот жуда ҳаяжонланганидан зўрға сўзлаб. – Ахир мен, ўша… Хоҳласанг ўша рўмолчани сенга бутунлай бераман.
Онатой маъюс жилмайди.
– Нималар деяпсан, Султон! Керак эмас, – деди у. – Рўмолча сеники, уни ҳеч кимга берма. Мен бўлсам… Сен мени кечир, кечир мени, унут ҳаммасини. Мен энди ҳеч қачон бундай қилмайман, Султон. Энди менга ҳеч нарсанинг кераги йўқ… Менинг отам, у шундай эдики… Биз уни шундай кутаётгандикки… – Онатойнинг ўпкаси тўлиб яна ҳўнграб йиғлаб юборди.
Энди улар икковлашиб ўзлари туғилган ва яшаётган шу даврлари билан холи қолиб йиғлашарди…
ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
Оқсой ерларида плуглар ишлаётганига уч кун бўлди. Уч кундирки, қўшчилар ўз отларини тўхтовсиз чу-чулашиб ҳайдашарди. Ерда Оқсой десантчиларининг илк меҳнатлари маҳсули бўлган қорамтир жўяк ҳосил бўлди. Жўяк соз олинган, кўриб кўз қувонарди. Энди ҳамма иш об-ҳавога қараб кетаверади.
Улуғ Манас чўққилари пойидаги бу бепоён тоғ этагида қадим-қадимдан ҳеч ким бузолмаган осудалик ҳоким эди. Чимкент ва Тошкентнинг сувсиз ерларига қараб чўзилган Оқсой дашти шу ердан бошланарди. Чўлнинг бу оёқ тегмаган бош қисмида плуг қўшилган уловлар орқаларидан узун из қолдириб, тепалик томон ўрмалаб кетаётган майда қўнғизларни эслатарди.
Ҳозирча учта плуг ишламоқда эди. Эргаш ва Қуббатқулни овулда, кузги экинларни бороналаб, илдиздаги намни йўқотишга ёрдамлашишлари учун бир неча кунга олиб қолишди. Бу ишнинг кечиктириб бўлмаслиги аниғу, бироқ Оқсойда ҳам вақт кутиб турмайди-да: уларнинг мўлжалича, ерни ҳайдашга улгуриш учун ҳамма десант плуглари эрталабдан кечгача ишлаши керак, бўлмаса улгуришолмай, бутун меҳнатлари чиппакка чиқади. Султонмурот қолган икки уловнинг шу кунларда келиб қолишини кутиб безовта бўлмоқда эди. Ваъда беришганлари туфайли ҳам у Чекиш бригадир билан қаттиқ айтишиб қолди.
– Бориб айтинг, оқсоқол, – деди у, – раис Тиналиевнинг ўзи келиб, ҳал қилиб кетсин. Учта плуг билан бу ерда ҳеч нима қилиб бўлмайди. Топшириқни бажара олмаймиз…
Чекиш чол нима ҳам дерди? Унинг ҳам қўли қисқа. Султонмурот ақлли, тадбиркор бригадирга колхозда ишлаш қанчалик қийин эканлигини тушунади. Унинг ҳам ҳаммасини ўз вақтида, тартиб билан саранжом-саришта қилгиси келади-ю, аммо худди тагингдан чиққан оловдай ташвиш оёғингдан олади, бунинг устига, баҳоргача уни-буни қилиб олишни кўзлайди-ю, одам йўқ, ишчи кучи йўқ, озиқ-овқат йўқ. Унисини қилсанг, буниси қолиб кетади. Кеча у ўтириб бош қотирди. Овулда қаҳатчилик. Захиралари тугай деб қолибди, янги ҳосилгача эса ҳали қайда. Ҳайвонлар қоқсуяк бўлиб қолган, емиш бўлмаса очдан ўлиши турган гап, уларни сўйишдан эса наф йўқ. Касал учун бир кило гўшт сотиб олгани от-улов қилиб бозорга боришади. Бир кило гўштнинг нархи илгариги бутун бир молнинг нархидан қиммат. Бироқ барибир керак-да, боришяпти. Ҳатто от-уловдагина эмас, пиёда бир парча эт деб ўттиз-қирқ километрлаб йўл босиб боришяпти. Салт отлар оёқларини аранг кўтариб босади. Йўлга чиқсанг, оралиқда қолиб кетасан. Қўш қўшиладиган отларни эса зўрға экиш мавсумигагина тайёрлашга улгуришди. Уловлар парвариш қилингану, аммо улар ҳам кўп юк кўтаришга узоқ дош беролмайди.
Агар буларнинг ҳаммасини ўйласанг ваҳима босиб кетади. Аммо ҳаммасидан ҳам ёмони уруш бўлиб, унинг ниҳояси кўринай демасди.
Биргина тасалли, биргина умид бахш этадиган нарса – немисларнинг мағлуб этила бошлагани, уларнинг ҳамма жойдан сиқиб чиқарилаётгани эди…
Бугун эрталабдан ҳаво жўнашиб кетгандай бўлганди. Ҳаво булутли бўлиб, тоғ тепасида гоҳо қуёш кўриниб қоларди, гоҳ осмон бошинг устида сайр эта бошларди-ю, бирдан ҳаво айниб, кўкка яна булут чиқиб қоларди. Тушга яқин бирдан ҳаво совиб, атроф қоронғилашиб кетди. Қорми, ёмғирми ёғиши аниқ эди… Атрофга бутунлай қоронғи чўкди. Тушдан кейин плугчилар бошларини қор ё ёмғирдан беркитиш учун далага қопларни олиб кетишга мажбур бўлдилар.
Аввалги ҳайдаб қўйилган жойдан бошлашиб жўякни ичкари томонга ағдариб боришарди. Биринчи бўлиб Султонмурот, ундан икки юз қадамлар орқада Онатой, ярим чақиримча нарида эса Эркинбек борарди. Бугун плугчилар далада ёлғиз эдилар. Уч плугчию олдинда салобатли чўққилар. Уч плугчи-ю ортда бепоён дашт. Раис Тиналиев бу ерда иш бошланган кунларигина бўлди. Иши кўп эмасми, у Чекиш бригадирни шудгорга кўз-қулоқ қилиб қўйиб, ўзи тезда қайтиб кетди. Бугун Чекишнинг ўзи ҳам овулда қолган Эргаш ва Қуббатқулни уловлари билан бу ерга олиб келиш учун жўнаб кетди. Шундай қилиб, учинчи кундирки, плугчилар ўз ҳолларича – плуглар, отлар, ҳосилини йиғиб-териб олиб, одамларни тўйдириш учун қайта-қайта ҳайдайвериш лозим бўлган ер билан рўбарў қолишди…
Майдон дала шийпонидан узоқда эди. Ўзлари яшаётган ўтовдан, беда ғарамларидан, қоплардаги емлардан, энди уларнинг уйларида нималар бўлса, ҳаммасидан йироқда эдилар. Дала шийпонида фақат кекса ошпаз кампир қоларди. Вақтида овқатни тайёрлаш ўрнига доим ўтин ҳўл, у йўқ-бу йўқ деб зорланиб юрарди. Даладагиларга бир бурда нон билан иссиқ атала бўлса етади-ю, кампир бўлса вайсагани-вайсаган, гўё биров ундан бир нима деб гина қилаётгандай ҳаётдан нолийверади. Овулда кампирни унча билишмасди. Қаерлардандир келиб қолган аёл эди у. Бошқалар уйини, болалари, рўзғор ишларини ташлаб келолмади, у бўлса плугчилар ёнида кун кўришни кўзлаб Оқсойга келишга розилик берди. Майли, еганича есину фақат овқатни ўз вақтида тайёрласа бўлгани. Кампир ҳамиша беҳудага елиб-югуради-ю, ҳеч нарсага улгуролмайди. Унга ёрдам қилишга эса плугчиларнинг вақти бормиди. От, бу ўт олдириб қўйсанг ўзи кетаверадиган машина ҳам эмас, бакини тўлдириб миниб кетаверадиган трактор ҳам эмас. Ишчининг ўзи далада худди отдай ишлагач, кейин плугдаги отларнинг қорнини тўйдиради, суғориб парвариш қилади-да, сўнг ўтовга базўр етиб бориб, ўзини таппа ерга ташлайди… Тонг саҳардан яна ишга… ҳаммадан қийини эрта саҳарда уйқудан туриш…
Плугнинг юриб туриши, отлар вазнини йўқотмай, қуввати баҳорнинг охиригача етиши плугчининг катта вазифасидир. Бу муҳим. Жудаям муҳим. Биринчи кунлари, шудгорлашни бошлаганларида, отлар ҳар ўн-ўн беш қадамда тўхтаб дам оларди, ҳансираб қолишарди. Шунда тишни сал кўтаришга, ерни саёзроқ ҳайдашга тўғри келарди. Бироқ бу вақтинча, отлар бўйинтуруққа ўргангунларича қўлланилди.
Бугун иш сезиларли даражада яхши кетди. Отлар энди кўникиб қолишганларидан плугни баравар тортишарди, тўрталови бир-бирларига яқин туриб олиб ерга энкайишиб, худди дарсликдаги бурлакларга ўхшаб жон-жаҳдлари билан олдинга интилиб боришарди. Қадамба-қадам, қадамба-қадам ер бағрини ёриб бораётган плугни тортиб боришарди.
Бироқ об-ҳаво панд беряпти-да. Мана, қор ҳиди келиб, учқунлар пайдо бўла бошлади… Демак, қиш ҳали ҳунарини кўрсатиб улгурмай кетиш олдидан яна бир бор ўзини эслатиб қўймоқчига ўхшайди. Бекорга бундай қиляпти. Айниқса, бу қўшчилар учун жуда ёмон бўлди…
Султонмурот бошига қоп ёпиниб олди, бироқ барибир қордан сақлана олмади. Ерни ағдариб бораётган отга миниб олиб, боши узра қамчи ўйнатиб бораркан, шамол унинг ёнларини очиб юборарди. Қалин ёғаётган ҳўл қор тезда эриб кетар, атроф живир-живир қиларди. Тоғлар қор пардасига чулғанган эди. Фақат бу сукунатда ёғингарчилик домида қолиб қий-чув кўтараётган қушлар қийқириғини эслатувчи плугчиларнинг отларни қичаб бақирибчақираётганликлари қулоққа чалинарди. Плуглар тинмай ишларди. Қоп-қора плуглар худди тўлқин устида жавлон ургандек гоҳ тепаликлар узра пайдо бўлиб қолар, гоҳ пастликларга шўнғиб ғойиб бўларди.
Унга қўшилган отлар энгашиб, худди тупроқ остидан чиқаётгандай, чуқур-чуқур нафас олиб, ўрмалаб боришарди. Қор уларнинг иссиқ, таранглашган елкаларидан бир онда иккала ёнига оқиб тушарди. Ер бўкиб кетган, туёқлар ости сирпанчиқ, жабдуқлар ҳўллигидан, зилдай оғир плуг тишларига ернинг ёпишқоқ қатлами ботиб қолганидан отларга жудаям қийин эди. Бироқ плугларни тўхтатиб бўлармиди. Ҳайдашни давом эттиравериш керак. Эртага қуёш чиққач бу жўякларга шабада тегиб, шудгор тайёр бўлади. Вақтни бой бермаслик зарур.
Плуг ерга тиқилиб қола бошлади. Султонмурот тез-тез эгардан тушиб қамчи дастаси билан тишларни лой парчаларидан тозалар, орқада келаётган Онатой ва Эркинбекларни чақирар, улардан жавоб овози келгач, яна ҳўл жабдуқли ва бутун баданлари шалаббо бўлган отлар орасидан жўяк тортаётган отга яқинлашиб, эгарга тирмашиб чиқар ва яна олға интиларди.
Қор эса ҳамон ёғишдан тўхтамасди. Қоп-қора плуг қўшилган отлар худди оппоқ туманда сузиб бораётган кемани эслатарди. Барча товушларни ютиб юбораётган қор сукунатида дала бўйлаб биргина плугчиларнинг ҳайқириғи янграрди.
– Онатоой!
– Эркинбеек!
– Султонмурооот!
Юзлардан сув оқар, бу эриган қорми, терми, билиб бўлмас, юган тутган қўллар шишиб, совуқдан муздек қор томавериб кўкариб кетган. Бир-бирига суйканишиб кетаётган отлар орасидаги оёқлар икки томондан қисилиб оғрир, уларни қаёққадир силжитгинг келадию, аммо жой йўқ. Бунинг устига, Султонмурот ортидан Онатой ва Эркинбек келаётганини, улар учаласи – олтита плуг тиши эканлигини, куппа-кундуз куни Оқсой ерларини ҳайдаётган бу тишларни тўхтатиб қўйишга ҳаққи йўқ эканлигини тушунарди. Фақат отлар чидаб берса, ҳолдан тойиб қолмаса бўлгани. Шунинг учун ҳам у хаёлан отларга мурожаат қилар, ўгит берарди:
«Сабр қилинг, Қамбар отадан1010
Қамбар ота – Отларнинг афсонавий ҳомийси.
[Закрыть] тарқаган зотлар, аҳиллик билан баравар тортинглар. Ахир ҳар доим шундай қийналмайсизлар-ку. Бугун қор ёққан бўлса, эртага эриб кетади. Олға, ҳа, олға, чу, жониворлар! Сабр қилинг, Чўлпон ота насллари, ҳув, ана, олдинда пайкал охирлаяпти. Ҳозир ўша ердан бурилиб орқага қайтамиз. Сабр қилинглар, қадамларни бўшаштирманглар. Сизларни плугдан чиқаришга менинг ҳақим йўқ. Биз шунинг учун ҳам сизларни қиш бўйи парвариш қилдик. Бошқа йўл йўқ. Мен сизларни юмшоқ, қаттиқ ерни ҳайдашга ундаяпман, биламан, сизларга оғир, бироқ шундай қилмасак нонсиз қоламиз-да. Чекиш чол шундай деган ва умрбод шундай бўлиб қолаверади, дейди. Нон, унинг ҳар бир бурдаси пешона терига йўғрилади-ю, фақат буни ҳамма ҳам билавермайди ва ҳамма ҳам нон тишлаганда бу ҳақда ўйлаб ўтирмайди. Бизга эса нон жуда керак. Жудаям керак. Мана шунинг учун ҳам биз сизлар билан Оқсойда юрибмиз.
Чопдор, сен менинг инимсан, сен менинг қўшчи отимсан. Сен ҳам плугни тортасан, ҳам мени устингда олиб юрасан. Сенга қамчи ураётганим учун мени кечир. Шу керак бўлиб қолди. Хафа бўлма, Чопдор.
Чонтор, сен чап томонда, ҳайдалган ердан юрасан, ҳаммасидан ҳам сенга қийинроқ, бироқ сен Чопдордан кейинги энг кучли отсан. Чонтор, сени отам Бекбой доим мақтар эди. Ёдингдами? Биз ҳаммамиз шаҳарга борганимиз ҳам эсингдами? Отамдан ҳануз хат-хабар йўқ, бундан жуда қўрқаман, сиз отлар буни тушунмайсизлар. Урушдаги одамлар узоқ вақт хат ёзишмаса бу жуда ёмон. Онам соғиниб, хавотирланаверганидан жудаям озиб кетган. Онатой отасининг азасида ҳаммадан кўп йиғлаган, қайғурган Инкамол опа билан онам бўлди. Улар бир нимани билишади, қандайдир кўнгилсизликни сезишади-ю, аммо айтишмайди. Улар бир нимадан хабардор… Чу, чу, Чонтор, сенинг бўшашишингга йўл қўймайман. Олға, Чонтор! Бўш келма!
Сен ҳам, Оққуйруқ, сен ҳам менинг инимсан. Сен менинг ўнг томонимда, отларнинг ўртасида борасан. Сен жон-жаҳдинг билан плугни тортишинг керак, чунки Чопдор билан икковингиз кучли отларсиз. Сен ажойиб, оқ думли чиройли отсан. Бироқ бўш келма, руҳинг чўкмасин, сенинг чарчашингга йўл қўймайман. Чу, чу, Оққуйруқ! Мени уятга қўйма!
Қоратўриқ тулпорим, сен оддийгина яхши отсан. Мен сени қўшга танлаётганимда сенга жуда ишонганман. Сен меҳнаткаш ва ювош отсан. Мен сени жуда ҳам ҳурмат қиламан. Сен энг чеккада юрганингдан доим кўзга ташланиб турасан. Сенга қараб ишимиз қандай кетаётганини аниқлаш мумкин, Қоратўриқ. Мен сени ҳам хафа қилмайман, фақат бўшашмай тортавер. Мен сенга сўз бераман: Оқсойда шудгорлаш, экишни тугаллаганимиздан кейин, овулга қайтаётганимизда ҳамма сени кўриши учун худди ҳозиргидай энг чеккада борасан. Биз Мирзагулнинг уйи ёнидан ўтаётганимизда у кўчага чопиб чиқиб энг аввало сени кўради, Қоратўриқ. Шунча ҳаракат қилмай, жўнаш олдидан у билан кўришолмадим. Унинг рўмолчаси ёнимда, шундоқ бағримда турибди. Унга қор ва ёмғир тегмайди. Мен Мирзагул ҳақида ҳамиша ўйлайман. Уни ўйламай туролмайман. Агар уни ўйламай қўйсам ҳаммаёқ ҳувиллаб қолади ва менга ҳаётнинг қизиғи қолмайди.
Чу, чу, Қамбар отадан тарқаган зотлар! Аҳиллик билан тортинглар, қани олға, олға! Чу! Чу!.. Қор ҳамон ёғяпти-я. Қандай намхуш қор. Ҳаммамиз бошдан-оёқ шилтайи шалаббо бўлдик. Шамол ҳам қўймаяпти. Агар ошпаз кампиримиз хашакни жуллар билан ёпиб қўйса яхши бўларди-я. Аммо бунга ақли етмаса, хашак ивиб исроф бўлади-да. Биз – ўн икки бош отни нима билан боқамиз ахир! Ишга жўнаш олдидан унга айтиб қўйиш керак эди-ю, эсимдан чиқибди, қор ёғиши хаёлимга келмабди.
У ғалатироқ кампир, кўзи суқ. Отларимизни мақтагани мақтаган, боқиб тўймайди. Қандай семиз отлар, яхши боқилган, дейди. Ёнбошларидаги ёғ икки энлидир, дейди. Эски вақтларда бунақа отлар катта маъракаларда сўйилар эмиш. Айтишича, ўша пайтларда гўштни тўйгунча ейишар экан. От гўштини қирқ челакли қозонларда пиширишганларида унинг юзига йиғилган ёғсардагини (топган гапини-чи!) сузиб, олиб ҳаммасини чўмич билан касал одамларга сузиб бериларди, дейди. Ўша ёғ бетоб одамга ичирилса дарров оёққа туриб кетарди, дейди. Мечкай, фақат ёғни ўйлайди, холос. Отларга кўзи тегмаса эди ишқилиб. Ўргилдим ундан! Мактабда кўз тегиш ёлғонлигини айтишган-ку. Нима деса деяверсин. Фақат овқатни ўз вақтида тайёрлаб турса бўлгани. Кеча ёввойи эчкини пишириб бизни роса ҳайратга солди. Ваҳоланки, эчки жуда ориқ эди. Ўтиб кетаётган қандайдир икки овчи ўтов томонда олов кўриб шу ёққа келишиб, ўлжасининг бир қисмини ташлаб кетишди, дейди. Раҳмат ўша овчиларга, урфу одатни билишар экан. Биринчи учратган кишисига тегишли ўлжа қолдирибдими, демак, кейинги сафар ҳам овлари юришишини ният қилишган. Агар улар тоғдан тушган бўлишса, биз биринчи учраган кишиларимиз, албатта. Атрофда эса бошқа ҳеч ким йўқ. Тоққа чопсанг, даштга от қўйсанг ҳам ҳеч жонзотни тополмайсан. Қор ҳалиям ёғяпти. Роса ёғди-да… Тинкалар ҳам қуриб кетди…»
Отлар жиққа ҳўл бўлиб тўхтаб қолишди… Султонмурот эгардан тушди-да, шишиб эзилиб кетган оёқларида базўр туриб худди маст одамдай гандираклаб отларнинг орасидан ўтди. Қора терга ботиб, қалтираётган, қулоқларидан туёғигача ҳўл бўлиб, силласи қуриб зўрға нафас олаётган отларни кўриб шундай ичи ачишиб кетдики, беихтиёр инграб юборди.
Қор эса ҳамон ёғар, отларнинг ҳовур кўтарилиб турган яғринларига тушиб эриб кетмоқда эди. Султонмурот ҳўл бўлиб оғирлашиб кетган қопни бошидан олиб ташлади. Ўзига итоат қилмаётган, музлаб қолган бармоқлари билан абзалларни еча бошларкан, беихтиёр ўзини тутолмай Чопдорнинг яғринини қучоқлаб туриб ҳўнграб йиғлаб юборди. Йиғи орасида лаблари отнинг терисидаги иссиқ тахир таъмни туйиб: «Кечиринглар, кечиринглар мени!» – деб пичирларди.
– Ҳа, Султонмурот! Нима гап? – эгат бўйлаб яқинлашиб келаётган Онатойнинг товуши эшитилди.
– Отларни бўшат! – бақирди унга жавобан Султонмурот.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.