Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 66 (всего у книги 67 страниц)
Чингиз Айтматов XX аср муаммоларидан ҳеч қачон четда турган эмас. Унинг асарлари урушга қарши кучли айбномадир. Буни, айниқса, адибнинг «Сомон йўли» қиссасида яққол кўриш мумкин. Қиссада тарихнинг энг ҳаяжонли, энг даҳшатли воқеаларидан бири – Иккинчи жаҳон уруши эпизодлари тасвирланган. Ватан учун, халқ учун жон фидо қилиб, ер юзидаги энг олий, мўътабар зот – инсоннинг мангу барҳаётлиги учун кураш асарнинг асосини ташкил этади. Асарда ҳаётнинг ўзи бадиий новаторликнинг манбаи сифатида намоён этилган. Унда шахс ва ижтимоий бурч, эскилик билан янгилик ўртасидаги муросасиз кураш, соф севги ва инсонни улуғлаш каби муҳим мавзулар кескин зиддиятли ҳолатларда, кучли драматик вазиятларда ифода этилган. Мазкур қиссада воқеаларнинг йўналиши ва ривожланиш жараёни Тўлғаной билан Она Ер ўртасидаги рамзий, айни чоқда самимий инсоний савол-жавоблар асосига қурилган. Бунда соф ижтимоий ҳодисаларнинг мазмуни Ер томонидан талқин этилиши, чуқур гуманистик ва фалсафий мулоҳазаларнинг Ер образи тилидан баён қилиниши ўзгача маъно касб этади.
Асар қаҳрамонлари Тўлғаной, Сувонқул, Қосим, Жайноқ, Майсалбек, Алиман сингари гўзал қалб эгалари бутун фаолиятлари, интилишлари билан ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам манфаат етказувчи фидойи, олижаноб кишилар сифатида талқин этилган. Улар халқ ва Ватан олдидаги юксак бурчларини чуқур ҳис этадилар. Эзгулик, инсонга чексиз меҳр-муҳаббат уларнинг муқаддас шиоридир. Чингиз Айтматов яратган бу образлар жонли, ишонарли чиққанки, ёзувчи одамлар ва қуруқ фактлар йиғиндисидан иборат эмас, балки кишиларнинг шахсий характерига иложи борича чуқурроқ кириб боришга, қаҳрамонларнинг тақдирини ўзига хос индивидуал хусусиятлари, ҳолатлари билан очишга интилади. Ёзувчи қаҳрамонлари тўғрисида қуруқ сўзлаб ўтирмайди, балки улар фаолиятини жонли картиналарда чизади, ўз қаҳрамонлари ҳаётидаги индивидуал миллий хусусиятларни кўрсатишга катта аҳамият беради.
Қиссанинг бош қаҳрамони Тўлғаной ўзининг маънавий юксаклиги, интеллектуал бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Тўлғаной адибнинг «Юзма-юз» қиссасидаги Саида, «Жамила»даги Жамила, «Биринчи муаллим»даги Олтинойларнинг тажассуми сифатида вужудга келди, бу Айтматов ижодида ўзига хос бир босқични ташкил этади. Саида, Жамила ва Олтиной ўзларининг шахсий бахтлари ҳамда юксак инсоний муҳаббатлари учун курашган бўлсалар, Тўлғаной миллий характер доирасидан чиқиб, ўзида умумбашарий хусусиятларни акс эттирувчи одатий қирғиз аёлининг ҳақиқий образи сифатида гавдаланади.
Асар диалог шаклида ёзилган бўлиб, у Тўлғанойнинг Она Ер билан бўлган суҳбатидан бошланади ва шу суҳбат билан тугалланади. Асарнинг композицион қурилиши бирмунча ғайритабиий туйилса-да, муаллиф ўзининг реалистик услубидан чекинмайди, балки ўз истеъдоди, новаторлигини асослайди. Лекин гап шакл устида кетаётгани йўқ, албатта, «Сомон йўли» ўзининг катта ғояси, чуқур гуманизми билан уруш ҳақида, урушни лаънатлаш ва урушга қарши чексиз нафрат руҳида ёзилганлиги билан ёзувчи ижодида алоҳида ўрин тутади.
Асарда тасвир этилишича, омонсиз уруш Тўлғанойни умр йўлдошидан, сухсирдай уч фарзандидан ва севимли келини Алимандан бирин-кетин жудо қилади. Бироқ она қанчалик заҳмат чекмасин, бутун қийинчиликларни ўз зиммасига олади, катта хўжаликнинг жонкуяр раҳбари сифатида фронтга кетганлар учун тинимсиз меҳнат қилади, мислсиз жасорат кўрсатади.
Тўлғаной жамиятнинг гули, энг навқирони, куч-қудратга тўлган қисми урушга сафарбар қилиниб, бир-бирининг қонини тўкишни мутлақо ғайритабиий, ғайриинсоний ҳол деб билади. Қиссада она-Ернинг аллегорик образи яратилган. Ер тилга киради, она билан бирга қайғуради, онани юпатади. «Табиат томонидан яратилган энг олий мавжудотнинг энг буюги, одамзод, дунёни ўзига бўйсундирган ким – одамзодми, шундай экан, бир-бирига бунчалик зиён келтирмай, тинч-тотув яшолмайдими? Сирдош далам жавоб бер, айт жавобингни».
«– Қийин савол бердинг-ку, Тўлғаной. Мен билганимдан бери, одам одам бўлиб яратилгандан бери урушгани-урушган. Баъзан урушдан мутлақо қирилиб, ном-нишонсиз кетган эллар ҳам бўлган, кули кўкка совурилиб, тирик жон зоти қолмай, хонавайрон бўлган шаҳарлар ҳам бўлган. Неча асрлар одамзод изига зор бўлиб, бўм-бўш ётган вақтларим ҳам бўлган. Ҳар гал урушдан чиққанда, гап уққанларга урушманглар, қон тўккунча ақл ишлатинглар деб айтаман. Ҳозир ҳам айтадиган сўзим шу: «Эй одамлар, дунёнинг тўрт бурчагида яшаган одамлар, сизларга нима керак – Ерми? Мана мен ерман, мен барча одам боласига етаман, менга талашишларингнинг кераги йўқ, менга иноқлик керак! Меҳнат керак! Шудгорга битта дон ташласаларинг, юз дона қилиб бераман, хипчин санчсаларинг, чинор қилиб бераман, боғ қилсаларинг, мева тугиб бераман, мол ёйсаларинг, пичан бўлиб бераман, уй қурсаларинг девор бўлиб бераман, уруғаймоқларинг кўпайса, ҳаммаларингга жой бўлиб бераман! Мен тугамайман, мен хасис эмасман, мен конман, мен ҳаммаларингга баравар етаман!» дейман. Сен энди, Тўлғаной, одам боласи тинч яшай оладими, йўқми, дейсан. Ўзинг ўйлаб кўр-чи, у мендан эмас, сизлардан, одам боласининг ўзидан, сизларнинг иноқликларингиздан, хоҳишларингиздан, ақл-идрокларингиздан», фалсафий мушоҳадаларга тўлиб-тошган мана шу ғоя – инсонни улуғлаш, кишилар бошига кулфат ёғдирадиган урушни лаънатлаш ғояси «Сомон йўли» асарининг пафосини ташкил этади.
Юқоридаги парчада ёзувчи характер қирраларини очувчи диалогнинг ёрқин намунасини бера олган. Унда санъаткор ҳақиқий гуманист, оташин ватанпарвар ёзувчининг олижаноб эътиқоди, фуқаролик бурчини, унинг оламдаги барча моддий-маънавий бойликларини яратгувчи буюк зот – одамзодни бениҳоя севгани ва қалбидаги урушга бўлган чексиз нафратини Она Ер тилидан баён этиб, асарнинг реалистик қимматини оширишга муваффақ бўлган. Иккинчидан, бу диалог, ўз навбатида Тўлғаной характерини маълум даражада очувчи восита ролини ҳам ўтаган. Муаллиф мана шундай оригинал штрихлар, характерли деталлар орқали Тўлғаной характерининг миллий характер доирасидаги кенглигини, унинг инсониятнинг ташвиши, қайғу-алами билан яшашини, бинобарин, бошқа оналарнинг бундай ҳолга тушишини дилдан истамаганлигини кўрсатади.
Воқеликни ҳар томонлама кенг қамраб олиб, унинг ҳаётий деталларда, жонли бўёқларда бадиий инкишоф этиш жиҳатидан «Алвидо, Гулсари» қиссаси алоҳида аҳамият касб этади. Асарда ижтимоий ҳаётда юз берган икки хил мураккаб давр, яъни қишлоқ хўжалигини жамоалаштириш ва иккинчи жаҳон урушидан кейинги қайта қуриш даври қаламга олинади. Ҳар икки давр ҳам ўз ижтимоий муаммолари, турли-туман қийинчиликлари жиҳатидан бир-биридан қолишмасди. Ана шу ўта мураккаб давр воқелигини жонли персонажлар, тўлақонли ижтимоий типлар орқали реал гавдалантириб беришда муаллиф маҳоратининг янгидан-янги қирралари намоён бўлади.
Асарнинг марказий қаҳрамони Танабой юрак амри ва ижтимоий бурч даъвати билан гоҳ отбоқарлик қилади, гоҳ чорвачилик, гоҳ темирчилик билан шуғулланади; ҳамма ерда текинхўрларга, муттаҳам юлғичларга дуч келади ва уларга қарши муросасиз кураш олиб боради. Чунончи Танабой жамоалаштириш ва уни ривожлантириш йўлида учрайдиган ҳар қандай ғовларни мардонавор ва айни пайтда бешафқатлик билан даф этади. Шу хусусиятларига кўра Танабой ўз акаси Қулибойни ҳам аямайди, унинг қулоқ сифатида сургун қилинишига сабабчи бўлади, дўсти Жўранинг заифликларини кечирмайди. Танабойнинг колхоз тузумидаги бундай фаоллиги қишлоқдаги айрим кишиларга ёқса, айримларига хуш келмаслиги ўз-ўзидан аён… Шунинг учун айрим раҳбарлик ўринларига сайлаш пайтида кўпчилик Танабойга овоз беришмайди. Танабойнинг ғоявий эътиқоди бошига оғир кунлар тушганда, яъни арзимаган баҳона тўқиб чиқариб, уни партиядан ўчирганларида, айниқса сезилади. Ана шу психологик ва драматик ҳолатларнинг Танабой қалбида акс садо бериши асарда ғоятда табиий ва ишонарли чиққан.
Танабой Ватан ҳимояси учун кўплар қатори жангга отланади. У жанг майдонида муносиб хизмат қилиб элига қайтади ва йилқичи бўлиб колхозда хизмат қилади. Ана шу ерда у Гулсари исмли от билан топишади. Гулсарининг қулунлигидан тортиб бутун ҳаёти унинг кўз ўнгида ўтади. Демак, Танабойнинг кўпгина масрур дамларига Гулсари ҳам шоҳид эди. Танабой ва Гулсари – ажралмас ҳамроҳлар, қадрдон дўстлар, бир-бирларининг қалбини, нозик юрак сирларини гўё чуқур тушунадилар. Асар воқеалари давомида Танабой характеридаги кўпгина қирралар Гулсари образи билан боғлиқ ҳолда очила боради.
Муаллиф Танабойни юксак идеаллар учун собит курашчи, тарбиявий қувватга эга бўлган инсон сифатида кўрсатар экан, унинг камчиликларидан кўз юммайди. Бинобарин, унинг феъл-атворида ҳам оддий одамларга хос камчиликлар ўзининг чуқур ифодасини топади. Шунинг учун ҳам асарни ўқиганда Дуйшэн, Танабой тимсолларини идеал қаҳрамон деган хулоса келиб чиқмайди. Дуйшэн ўзи учун қалтис вазиятларда адолат тантанаси йўлида қаҳрамонлик кўрсатган пайтларида ҳам, Олтинойни ўқитганда ҳам ўз билимлари чуқур эмаслигини тушунади. Танабой эса ўз оиласи, бола-чақалари борлигига қарамай тунлари бошқа бир аёл билан учрашиб юради. Бугина эмас, «Алвидо, Гулсари» қиссасида Танабойнинг турли типдаги салбий райком секретарлари, партия ходимлари билан тўқнаштириш орқали муаллиф ҳаётни пардозлаб тасвирлаш ҳақидаги зиддият «назария»лари вужудга келган пайтда тарқалган: шўро адабиётида гўё партия аъзоларининг салбий образларини яратиш мумкин эмаслиги ҳақидаги қарашларга зарба беради. Чиндан ҳам бундай қарашлар ҳаёт ҳақиқатига зид эди. Хулоса қилиб айтганда, «Алвидо, Гулсари» қиссаси урушдан сўнгги давр қирғиз қишлоқларида юз бераёттан улкан инқилобий ўзгаришларни, энг муҳими янги ҳаёт қураётган меҳнаткаш қирғиз халқининг қалб урушини ўзида ифода этган йирик бадиий полотно бўлиб қолди. Шу боисдан ҳам асар ўз даврининг юксак мукофотларидан бири – Давлат мукофотига сазовор бўлди.
Адибнинг «Оқ кема» («Эртакдан сўнг»), «Соҳил бўйлаб чопаётган олапар» каби ажойиб, гўзал қиссаларида кўтарилган ҳаётий долзарб масалалар ўзининг реалистик тасвири билан кишини ғоятда ҳаяжонлантиради.
Улуғ рус рассоми Репин ўзининг навбатдаги нодир асарини яратиб бўлгандан сўнг: «Менинг энг яхши асарим ҳали олдинда» дейишни яхши кўрар экан. Чуқур мазмун касб этган бу иборани Чингиз Айтматов ижодига ҳам тўла татбиқ этиш мумкин. Ёзувчи юқорида қайд этганимиздек асарданасарга ўтган сари янгидан-янги маҳорат чўққиларини эгаллаб борди, унинг ҳар бир янги асари, шу жумладан, «Оқ кема» («Эртакдан сўнг») қиссаси Айтматов ижодида ажиб бир воқеа, бадиий бир кашфиёт бўлди. Бошқача айтганда, асар ғоявий-бадиий теранлиги билан жаҳон адабиётида яратилган машҳур асарлар қаторидан муносиб ўрин олди. Бу мухтасар, аммо мураккаб фалсафий асар дунё юзини кўриши биланоқ китобхонлар оламини тўлқинлантирди. Йиғинларда, гурунгларда муҳокама этилиб, танқидчиларни эса адабий мунозараларга чорлади. Асар босилиб чиққандан сўнг ўз даврининг машҳур нашрлари – «Правда», «Комсомольская правда», «Литературная Россия» газеталарида қатор тақризлар эълон қилинди. «Литературная газета» эса ўз саҳифаларида мазкур қисса юзасидан кенг миқёсда муҳокама ўтказди. Бу адабий баҳс ниҳоят муаллифнинг «Зарурий аниқлик учун» («Необходимое уточнение») мақоласи ва таҳририятнинг қисқача хулосаси билан якунланади. Шундай қилиб, бу қисса жуда катта эмоционал кучга эга бўлиб, айтматовча асарлар яратиш йўлидаги янги самара, яъни Чингиз Айтматов ижодий ривожидаги муҳим бир босқичдир.
Асарда ўртага ташланган фалсафий муаммолар: эртак ва ҳаёт, ҳаёт ва нафосат, инсон ва табиат, мозий ва келажак, зулм ва шафқат, эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва бадбинлик, маърифат ва жаҳолат, инсонпарварлик ва ваҳшийлик, ёзувчи ва воқелик – буларнинг ҳаммаси адибнинг ўткир қалами орқали замондошларимизнинг юксак ахлоқий идеаллари нури-ла мунаввар этилган.
Демак, «Оқ кема» қиссаси ҳам муаллифнинг кўпгина асарларига хос бўлган эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва бадбинлик ўртасидаги муросасиз кураш асосига қурилган. Қиссада баён этилган воқеа қирғиз тупроғида – Сантош дарасида бўлиб ўтади. Даранинг бир томонида Қоровул тоғи бўй чўзиб, шу тоғдан хушманзара Иссиқкўл кўриниб туради. Дарадаги ўрмон қоровулхонасининг аъзолари – ўрмон қоровули Ўразқул Болажонов, унинг хотини Бекай хола, қайнотаси Мўмин бува; Мўмин буванинг набираси – етти ёшли Бола ва буванинг кейинги хотини – Кампир, ўрмон ишчиси Сайдаҳмад ва унинг хотини Гулжамоллардан иборат. Булардан ташқари бу манзилга келиб-кетувчи совхоз шофери Қулибек, автолавка сотувчиси Кўкатой исмли шахслар ҳам бор. Ана шу ўн чоғли киши, шунингдек, Жаласойдаги Муаллима аёл қиссанинг асосий персонажлари бўлиб, улардан Мўмин бува ва унинг ота-онасиз қолган набираси – биринчи синф ўқувчиси бўлмиш Бола ва Ўразқул асарнинг бош қаҳрамонларидир.
Мўмин бува ва Бола қиссадаги ижобий кучлар гуруҳини ташкил этса, Ўразқул ва унинг ҳамфикрлари салбий кучлар саналади. Бу икки гуруҳ эстетик ва ахлоқий жиҳатдан бир-бирига қарама-қарши қутбларда жойлашган бўлса-да, Бекай хола, Сайдаҳмад, Гулжамол, кўчма дўкон сотувчиси – Йигит образлари кўпроқ мўътадил характердадир, яъни бу образлар Ўразқулнинг қўл остида, унинг амрига биноан иш тутсалар ҳам, уларда ижобий ва салбий томонлар ҳам мавжуд; бошқача айтганда, бу тўрт образ соф салбий характерга эга эмас. Шунингдек, Қулибек образи, бутун моҳияти эътибори билан Мўмин бува ва Бола билан ҳамфикр ва ҳамнафас эканлиги назарда тутилмаса, қиссанинг бадиий ғоясини тўла англаш мутлақо мумкин бўлмай қолади. «Оқ кема» («Эртакдан сўнг») қиссасининг бадиий мукаммаллиги шу даражада юксакки, бу яна бир бор Айтматов ижод мактабининг нақадар камолотга етганидан далолат беради.
Қиссанинг муҳим фазилатларидан бири унда реализм билан романтиканинг, реал ифодалар билан рамзий усулларнинг, ҳаёт билан эртакнинг узвий бирикиб кетганлигидир: ана шуларнинг ҳаммасини ягона бир бадиий ғояга бирлаштирувчи куч Шохдор она буғу образидир. Қисса етти қисмдан иборат бўлиб, унинг тўртинчи қисми бутунлигича Шохдор она буғу ҳикоясига бағишланган, бу қисм эртакдан бошланиб, ҳаёт билан якунланади. Лекин эртак соф эртак бўлмай, у мозийдан, халқ тарихидан, қирғизларнинг эрк ва мустақиллик учун олиб борган жангларидан сўзлайди. Бу жанглар тарихи эса халқнинг она табиати, унинг ўзига хослиги ва гўзаллиги билан чамбарчас боғланиб кетади. Шохдор она буғу ана шу она табиатнинг бир фарзанди, унинг бир қисми, айни пайтда халқ эртагининг ўлмас қаҳрамони ва нафосат рамзи сифатида талқин этилади. Шохдор она буғу бирданига уч маънони ифода этади. Биринчидан, у ҳам табиий ҳаёт, яъни табиат ҳодисасидир; иккинчидан, у халқ эртагининг афсонавий қаҳрамони, учинчидан эса у халқ эстетик идеалининг бир ифодасидир, яъни нафосат ва гўзаллик рамзидир. Бу кунги кишилар қандай яшамоқда, уларнинг табиатга ва инсонга муносабатлари қандай – бу масалалар «Оқ кема» («Эртакдан сўнг») қиссасининг сюжет тизимини белгилайди.
Халқ оғзаки ижоди мевасига асосланган «Оқ кема» ҳақида сўзлаб, муаллифнинг ўзи айтган эди: «Бу қиссамни ҳажми кичик бўлгани билан узоқ вақт ёздим. Аввал ҳикоя эди, атиги ўн варақдан ошмасди. Бироқ ҳикоянинг хотимасини топа олмадим. Беш варақ қўшдим – композиция бузилди. Кейин қайта-қайта ёзавердим. Натижада юз эллик саҳифадан кўпроқ асар пайдо бўлди. Бу қисса аввалги асарларимга сира ўхшамайди. Китобхон нима дер экан, деб тушларимда хавотир олиб чиқаман».
Аслида бу айтилганлар биргина мазкур «Оқ кема» асаригагина оид эмас. Умуман, Чингиз Айтматов асарларига асос қилиб олинган материалларнинг муҳимлиги, адиб истеъдодининг чўнг юксаклиги, асар устида узоқ ва қунт билан ишлаши, унинг ўқувчилар олдидаги жуда катта масъулият ҳиссини кўрсатди.
Шундай қилиб, қўлимиздаги қисса на эртак ва на мавҳум рамзий асар бўлмай, чинакам реал ҳақиқатдир. Реал бўлганда ҳам реализм услуби асосида яратилган асардир. Ундаги романтика, эртак ва рамзий усуллар реализмга бўйсундирилган бўлиб, ҳаётий воқеа-ҳодисаларни бадиий гавдалантиришга хизмат эттирилган. Шунинг учун ҳам «Оқ кема» қиссасига «Эртакдан сўнг» деган мўъжазгина сарлавҳа ҳам қўйилган, яъни бу қисса эртак эмас, балки эртакдан кейинги реал ҳаёт воқеалари бўлиб, унинг қаҳрамонлари бугунги кишилар, қирғиз халқининг типик вакилларидир.
Бир сўз билан айтганда, асар тасвирида ҳаётнинг гўзал ва салбий ҳодисалари ёнма-ён ва ўзаро уйғунликда тўлақонли тарзда ифодаланган. Юқорида қайд этилганидек, воқеликнинг гўзал ва зиддиятли томонларини ифодаловчи кучлар бир-бирига қарама-қаршидир. Бир томонда Мўмин бува, Бола, Қулибек, Муаллим аёл; иккинчи томонда эса Ўразқул ва Кўкатойлардир. Ўразқул – ҳўкизтабиат одам. У ғам-ғусса ва жаҳолатдан эсанкираб қолган кимса. Ўразқул қўл остидаги Бола (хотинининг жияни)га бирор илиқ сўз айтишни раво кўрмайди, яъни шундай сўз айтишга ўзида ички куч топа олмайди, ҳасад исканжасида дод солади. Ўразқул бахтсиз хотини Бекай холани ваҳшийларча ҳақоратлайди, калтаклайди. Қайнотаси Мўмин бувани ҳам худди шундай энг тубан сўзлар билан ҳақорат қилади, эзади. Ўразқул – жаҳолат ва ваҳшийлик, тубанлик ва разолат, нодонлик ва ёвузлик тимсолидир. «Ўразқулдай кишини аллақачон дарёга ташлаш пайти келганлигини ҳеч ким пайқамайди». Бу ёзувчининг ўз баҳоси. Аммо, Ўразқулларни йўқотиш осон эмас, чунки унга ўхшаган ёвузлар гўзал қалбли одамлар устидан ҳукмрондир. Улар яхшиларни оёқ ости қиладилар, масхаралайдилар, таҳқирлайдилар, чунки софдил, эзгу ниятли Мўмин чоллар курашга тайёр эмаслар. Чингиз Айтматов Мўмин чолларнинг ўта мўминлигини алам билан тасвирлайди ва бу билан ҳаётдаги пассивликни қоралайди. Мўмин бува бўлса меҳнатсеварлик ва инсонпарварлик, сабр-тоқатлик, меҳрибонлик ва олижаноблик, ўта соддалик, мўминқобиллик рамзидир. Мўмин бувага хос бу фазилатлар беғубор бола қалбида, биринчидан, эзгу ниятларни, олижаноб фикрларни туғдирса, иккинчидан, Ўразқул сингари виждонсиз, муттаҳам шахсларга нисбатан қаҳр-ғазаб ўтини алангалатади.
Зулм ва қабоҳатга нафрат билан қараш Мўмин бувада ҳам, Болада ҳам забун ҳолатдадир. Қулибек эса адолатсизликка қарши дадил курашади. Қулибек характерига хос жанговарлик ва курашчанлик фазилатлари ижобий кучлар томонидан қозонилиши муқаррар бўлган ғалабанинг ўзига хос тимсолидир. Шунга кўра, Бола ҳеч қачон руҳий тушкунликка берилмайди. Аввало шуни унутмаслик керакки, Мўмин бува Боланинг доимий ҳамроҳи, меҳрибони ва раҳнамосидир. Қулибек эса Шохдор она буғу авлодининг садоқатли ва ҳалол вакили сифатида аввал бошданоқ Бола билан бирга яшаб, кейин ҳам шу авлоднинг давомчиси бўлиб қолаверади. Бола билан ҳамнафас кишилардан Қулибекгина Ўразқулни енга оладиган, унинг юзига бутун ҳақиқатни айта оладиган бирдан-бир киши эди. Фожианинг шафқатсиз зарбасига дуч келган Бола ёвузликка зарба бера оладиган кучни Қулибекда кўради, унинг тасаввурида Қулибек қўлида автомат билан пайдо бўлади-да, ҳамма жиноятлари учун Ўразқул ва унинг ҳамтовоқларини уйдан ҳайдаб чиқаради. Ўразқулни эса деворга суяб, отмоқчи бўлади. Шунда Ўразқул эмаклаб, инграб дейди: «Ўлдирма мени, менинг ҳеч кимим йўқ-ку, ахир. Оламда танҳоман. На ўғлим бор, на қизим». Бола эмас, Ўразқул ёлғизликка маҳкумдир. Бола инсонпарварлик ва олижаноблик принципида изчил қолиб, фожиага дуч келган олчоқ Ўразқулни ўлдирмасликка рози бўлади. Лекин унинг «бу ердан кетишини ва ҳеч қачон қайтиб келмаслигини» талаб қилади. Шунда Ўразқул қўрқа-писа, лўкиллаганча қоча бошлайди. Бироқ Қулибек уни тўхтатади: «Тўхта! Сенга айтадиган охирги сўзим бор. Сенда ҳеч қачон бола бўлмайди. Сен ёвуз ва ярамас одамсан, сени бу ерда ҳеч ким ёқтирмайди. Ўрмон ҳам, бирорта дарахт ҳам, ҳатто бир дона гиёҳ ҳам сени хуш кўрмайди. Сен фашистсан. Сен бу ердан умрбод кет. Қани, тезроқ бўл!» Ўразқул олди-кетига қарамай югуради. Қулибек унинг орқасидан хахолаб кулар ва яна ваҳима солиш учун автоматидан ҳавога қараб ўқ узади.
Кўриниб турибдики, Ўразқулнинг фарзанд кўрмаслиги ва умуман ёлғизлиги фаталь суратда муқаррар бўлмай, балки ёвузлиги ва «фашистлиги»нинг оқибати самараси ҳамдир. Демак, Ўразқулнинг фарзандсизлиги салбий кучларнинг ёлғизлик рамзи ҳамдир. Ўразқулнинг адолат зарбидан қочиб қолиши – салбий кучларнинг мағлубиятини, Қулибекнинг қаҳқаҳаси эса Мўмин бувалар ғалабасининг тантанасини ифодалайди. Аммо булар – Боланинг хаёли эди. Хаёл бўлганида ҳам тўла рўёбга чиқиши муқаррар бўлган хаёл эди: чунки бу хаёлни амалга оширишга қодир бўлган қудратли ва навқирон куч – Қулибеклар ҳаётнинг чинакам қаҳрамонларидир.
Чингиз Айтматовнинг «Жамила», «Биринчи муаллим», «Сарвқомат дилбарим», «Алвидо, Гулсари», «Сомон йўли», «Оқ кема» каби қиссаларининг ҳар бири адиб ижодида, унинг санъат сирларини эгаллашдаги алоҳида довонларни ташкил этди. Шу билан бирга бу ажойиб асарлар муаллифининг биринчи романи «Асрни қаритган кун» асарининг яратилишига кучли замин бўлиб хизмат қилди.
Азал-азалдан маълумки, меҳнатсеварлик инсон қадр-қимматини белгиловчи мезонлардан биридир. Шу маънода асар бош қаҳрамони уруш қатнашчиси, кейинчалик эса оддий темир йўл ишчиси Эдигей Жонгелдин том маънодаги меҳнат кишиси типи сифатида талқин этилади. Одамларнинг айтишича, у заминни елкасида кўтариб турганларнинг бири. «Бўронли Эдигей образи менинг меҳнат кишисини ҳамиша ўзининг қаҳрамони қилиб олган реализм адабиётининг асосий ақидасига бўлган муносабатимдир», – дейди адибнинг ўзи. Демак, романнинг асосини ана шу етакчи ғоя, яъни инсон ва меҳнат муаммоси ташкил этади.
Романда талқин этилган барча муаммолар, хусусан тарихнинг мураккаб ҳодисалари, асримизнинг улкан ҳақиқат, бутун инсониятни ҳаяжонлантираётган, ташвишга солаётган муаммолар оддий меҳнаткаш инсон – Эдигей тақдири орқали, унинг бошидан кечган ғоятда мураккаб воқеалар орқали бадиий инкишоф этилган.
«Абадий ва ўткинчи ҳодисалар доим тўқнашиб турадиган бу дунёда, – деб ёзади адиб, – меҳнаткаш одам мен учун шахсияти, бой маънавий дунёси ва даврнинг қай жиҳатларини ўзида мужассамлаштиргани билан ҳам қизиқарли ва муҳимдир. Шу боисдан Эдигейни ўзим яшаб турган замондаги олам чархининг меҳварига, мени ҳаяжонга солаётган муаммоларнинг марказига қўйиб тасвирлашга интилдим».
Ёзувчи айтганидек, Эдигей образида бугунги кун кишисининг бой маънавий дунёси, унинг олижаноб орзу-умидлари, ташвиши ва ҳаяжонлари ёрқин бўёқларда реалистик акс эттирилган. Қаҳрамоннинг ҳаёт йўли ва унинг хаёлини банд этган муаммолар ўқувчи қалбини ларзага солиб, ўзига асир этиб олади. Шу тариқа оддий шахс, камтарона касб эгаси Эдигей чиндан ҳам асримизнинг улкан одамига, давримизнинг етук қаҳрамонига айланади. Бўронли Эдигейнинг энг яхши хислатларидан бири муаллиф қайд этганидек унинг меҳнатсеварлигидир. У қанчадан-қанча машаққатларга, турмуш фожиаларига дуч келмасин, ҳаёт тўфони уни қайси бир томонга итқитмасин, у сабр-тоқат билан, зўр матонат билан уларни бартараф этади, олға интилишда, курашда давом этади.
Эдигейнинг меҳнатсеварлиги унинг юксак инсонпарварлик хислатлари билан уйғунлашиб кетади. Ҳар қандай шароитда ҳам кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг тинчлиги, осойишталиги ва фароғати учун курашишни муқаддас бурч, олий мақсад деб билади. Эдигей ўзининг том маънодаги одамийлиги, маънавий юксаклиги билан, инсонга бўлган меҳр-муҳаббати, самимий садоқати билан китобхон кўз ўнгида яққол гавдаланади. Буни айниқса, яқин дўсти, темир йўл ишчиси Қазангап, урушнинг бутун мусибатларини бошидан кечирган Абутолиб Қуттибоев ва унинг оила аъзоларига бўлган самимий муносабатида ва муҳаббатида яққол кўриш мумкин.
Чингиз Айтматов қаҳрамонлари қалби кенг, ички дунёси ғоятда бой, ўз ишига, эътиқодига қатъий ишонган кишилардир. Шунинг учун ҳам улар ҳар қандай қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтадилар. Адибнинг «Юзма-юз», «Бўтакўз», «Жамила», «Сарвқомат дилбарим», «Биринчи муаллим», «Сомон йўли», «Оқ кема», «Эрта қайтган турналар», «Соҳил ёқалаб чопаётган олапар», ниҳоят фикр юритаётган асаримиздаги Эдигейлар ана шундай матонатли, жасур кишилар тимсолига киради. Айниқса, Эдигей ёзувчи ижодида мазкур асарлардаги образларнинг тажассуми сифатида алоҳида ўрин эгаллайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ёзувчи Эдигей образи орқали ўзида бунёдкорлик ғояларини ташувчи янги инсон идеалини эҳтирос билан, завқшавқ билан санъаткорона тадқиқ этади, Эдигей образи адибнинг характер яратиш маҳоратининг асардан-асарга ўтган сари юксалиб бораётганлигини намойиш этувчи яна бир янги босқич ҳисобланади.
Муаллиф олдинги асарларида бўлгани каби бу сафар ҳам афсоналарга, эртакларга, ривоятларга таянди. Бу асарида ҳам халқ оғзаки ижоди, афсона, эртак, ривоятлар ёзувчи учун замонавийликни тушунишда бир восита ролини ўтайди. Чунончи, Она байит афсонаси орқали меҳнаткаш халқнинг ўтмишда нақадар оғир ҳаёт кечирганлиги акс эттирилган бўлса, оқинлар – Раймали оға ва Бегимойлар тўғрисидаги ривоятда севгининг инсонга қанот бахш этувчи том маънодаги мўъжизакор қудрати жозибали эпизодларда зўр куч билан тараннум этилади.
Шундай қилиб, «Асрни қаритган кун» романи «Оқ кема» қиссаси сингари на эртак ва на рамзий асар бўлибгина қолмай, балки юксак маҳорат билан эртак ва рамзийлик оҳангларига чулғаб берилган чинакам реал ҳақиқатдир.
* * *
Эндиликда турмушимизиинг барча жабҳалари тубдан қайта қурилмоқда, асосийси инсон руҳияти, фикрлаш йўсини ўзгармоқда, бусиз том маънода янгиланиш, яшариш амримаҳол. Зотан, ҳар қандай омилнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам инсонга келиб тақалади.
«Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда, – деган эди муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов, – ёзувчининг башариятнинг эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда».
Инсоннинг халқ, Ватан, авлодлар олдидаги, замин ва замон олдидаги масъулияти ғояси ёзувчи ижодида марказий ўринни эгаллайди. Тўлғаной («Сомон йўли»), Танабой («Алвидо, Гулсари!»), Саида («Юзма-юз»), Сеит ва Дониёр («Жамила»), Дуйшэн ва Олтиной («Биринчи муаллим»), Эдигей ва Қазангап («Асрни қаритган кун»), Камол («Бўтакўз»), Султонмурот ва Чекиш чол («Эрта қайтган турналар»), Ўрхон бобо, Эмрайин ва Милгун («Соҳил ёқалаб чопаётган олапар»), Авдий Каллистратов, Исо Масиҳ ва Бўстон («Қиёмат»), Филофей – Крильцов, Борк («Кассандра тамғаси») образлари тинчлик, осойишталик йўлида, адолат, ҳақиқат йўлида, инсониятнинг бахт-саодати ва келажаги йўлида жон фидо қилган мардонавор курашчилар тимсоли сифатида гавдалантирилган.
Ўз-ўзидан маълумки, ҳар қандай воқеа бадиий таҳлил қилинмаса, қупқуруқ фактлар йиғиндисига айланиб қолади ва қаҳрамонлар маънавий оламини очишга хизмат қилмайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, «Асрни қаритган кун», «Қиёмат», «Охирзамон нишоналари» («Кассандра тамғаси»), «Қулаётган тоғлар» («Мангу қайлиқ») романларида қаламга олинаётган одам ва олам ҳақидаги муаммолар бадиий мантиқ асосида реал, теран ва атрофлича талқин этилган.
Адибнинг «Асрни қаритган кун» романидан сўнг дунё юзини кўрган катта эпик асари «Қиёмат» ҳозирги кунда бутун башариятни ташвишга солиб ўйлантираётган глобал муаммолардан ҳисобланган гиёҳвандлик, имон-эътиқод масалаларига бағишланганлиги билан аҳамиятлидир.
Мазкур роман илк бор «Новый мир» журнали (1986 йил 6, 8 – 9-сонлари)да эълон қилинди, сўнгра «Шарқ юлдузи» (1987 йил 8, 10-сонлари)да чоп этилди. Адиб «Шарқ юлдузи»га йўллаган мухтасар мактубида романнинг номи қирғиз тилида «Қиёмат», русчада «Плаха» дея атаганини алоҳида таъкидлайди. Ўзбекчада ҳам «Қиёмат» дейиш жоиз. Шундай ҳам бўлди.
Романда қаламга олинган воқеа-ҳодисалар, ўртага қўйилган муаммолар қайта қуриш даврининг энг долзарб масалалари билан ҳамоҳанг бўлиб, уларда қаҳрамонларнинг мураккаб, чигал тақдирлари, қалб туғёнлари ўқувчини ҳаяжонга солади, ўйга толдиради. Қаҳрамонлар қисмати воситасида эса ёзувчи яшашнинг маъноси, инсоннинг инсонлик шаъни, бурчи, масъулияти, эътиқоди масалаларини кўтаради, китобхонни улар ҳақида ўйлашга, мушоҳада юритишга, баҳсга чорлайди. «Қиёмат» романи, – деган эди муаллиф, – бу менинг дардларим, ҳасратларим, ташвишларим, туғёнларим. Маълумки, дунё жар ёқасида турибди, инсоният қайси йўлдан бормоқда? Инсониятни, цивилизацияни омон-эсон сақлаб қолиш мумкинми? Мумкин бўлса, қандай қилиб? Менинг романим ана шу умуминсоний ташвишлар ҳақида».
Асар юзага келиши биланоқ « Литературная газета», «Литературное обозрение», «Октябрь» каби кўплаб газета ва журналларнинг саҳифаларида қизғин муҳокама ва мунозаралар бошланиб кетади. Умуман олганда, асарда қамраб олинган макон ва замоннинг миқёси ниҳоятда кенг. Унда пайғамбар Иисус Христос, бизнингча айтганда, ҳазрати Исо ҳаёти билан боғлиқ икки минг йиллик бутун бир тарихий даврнинг мазмуни, мундарижаси, зиддиятларию йигирманчи аср охирларида руҳонийлар семинариясида таҳсил олиб, бутун ҳаётини эзгуликка бағишлаган Авдий Каллистратовнинг ёвуз душманлар томонидан Мўйинқум даштида саксовулга чормих қилиб кетишларигача бўлган давр воқеалари ҳаққоний ёритилган.
«Асар икки мингинчи йилнинг боши билан икки мингинчи йилнинг охирини туташтиргандай бўлди, Айтматов имон учун икки минг йиллик курашнинг мазмунини шу кичик асарга жойлаштириб беролди. Ҳамма халқларнинг ўз авдийлари, ўз бўстонлари, ўз исолари, ўз акбаралари, ўз қўчқорбоевлари, ўз бозорбоевлари бор. Ҳамма халқларнииг маданий тарихлари марказида имон учун кураш туради.
Имон жаҳондаги барча халқларнинг тарихларини бир-бирига яқинлаштиради.
Имон учун кураш – умуминсоний ғоядир. Ўғирлик, порахўрлик айрим халқлар учун бутунлай тушунарсиз бўлиши мумкин. Лекин имон барча халқлар, барча одамлар учун тушунарлидир.
Имон одам боласини ҳалокатдан сақлайди.
Имон бузилганда унинг биринчи жабри табиатга тушади. Романда тасвирланган улуғ Мўйинқумдаги қирғин ва қувғин мана шу имонсизлик туфайли рўй беради. Имонсиз муносабатлар туфайли она табиат оромсиз бўлиб қолди. Одамзотнинг заминдан, шу сув, ҳаводан ўзга паноҳи йўқ. Бизнинг замонамизга келиб ана шу паноҳ хавф остида қолди. Замин, ҳаво, сув одамнинг беписандлиги ва ақлсизлигидан титрай бошлади. Қаранг, Акбара билан Тошчайнар қандай паноҳсиз. Авдий паноҳсиз. Исо паноҳсиз. Бўстон паноҳсиз.
Ҳамма нарса гўё омонат. Ҳамма нарса гўё тубсиз зулмат чоҳ оғзига келиб қолган… Ҳамма нарса романда безовта титроқ ва харосонлик ичида»2525
И. Ғафуров. Оромсиз дунёда. // Чингиз Айтматов навечно в сердцах узбекистанцев. – Т.: «NOSHIR». 2008 йил, 197–198-бетлар.
[Закрыть].
Романнинг асосий қаҳрамонлари ва персонажлари талайгина бўлиб, уларнинг аксарияти қисматида, юқорида қайд этиб ўтилганидек, қиёмат кечади, фожиага учрайдилар. Муаллиф романда Ф.Достоевский реализмига хос бўлган ижодий йўл жамиятнинг юқори табақалари ҳукмдорлари томонидан «хўрланган ва ҳақоратланган», инсонлик қадр-қиммати оёқости қилинган «кичик» одамларни ҳимоя қилади. Бу бечоралар ҳаёти жиноятчиларга қарши тенгсиз кураш олиб борган ва паст табақа вакили, ҳуқуқсиз, эзилган бўлса ҳам, ўз инсонийлигини йўқотмаган ёш, соддадил, ўйчан йигит романнинг етакчи қаҳрамонларидан бири Авдий Каллистратов образи орқали очиб берилган. Кўп планли романнинг сюжет йўналишларидан бирида гиёҳвандлик ва унинг савдосига гирифтор бўлган доғули, жирканч шахс Гришан бошчилигидаги жиноятчилар гуруҳининг машъум ишлари тасвирланади. Романда очиқ айтилмаган бўлсада, сезилиб турибдики, ҳақиқий жиноятчилар, аслини олганда, булар эмас, балки жамиятнинг юқори табақаларига мансуб бўлган «қонун ҳимоясидаги» ўғрилардир. Гришанлар гуруҳи эса жиноят йўлига кирган кичик бир тўда, холос. Авдий Каллистратов жиноятчиларни «разолат чоҳидан халос этиб» ҳалол меҳнат, ҳақ йўлга қайтариш учун ўз ҳаётини қурбон қилишга ҳам рози бўлади. Натижада у гиёҳвандлар томонидан ўлар ҳолатга келтириб дўппосланади. Романдаги барча сюжет чизиқлари ичида, шубҳасиз, энг мураккаб, жафокаш образ Авдий етакчи ўринни эгаллайди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.