Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 21 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
Дуйшэн ўроқ, арқонларини олиб, далага чиқиб кетди. Бизлар ҳам қопларимизни орқалаганча овул сари пилдираб кетдик. Шунда, ногаҳон, хаёлимга бир фикр келиб қолди:
– Ҳой, қизлар, тўхтанглар! – дея қичқирдим. – Келинглар, тезакларни мактабга қолдириб кетамиз, қишга ўтин керак-ку.
– Уйга қуппа-қуруқ борамизми? Сени қара-ю!
– Ҳа, бориб қайта териб келамиз.
– Йўқ, кеч бўлиб қолди, уйдагилар нима дейди?
Шу йўсинда дугоналарим мени кутиб ўтирмасдан, қопларини кўтарганча уйларига жўнаб қолишди.
* * *
Ўша куни мени бу ишга нима мажбур этганини ҳанузгача тушуниб етганим йўқ. Дугоналарим менинг гапимга кирмаганлари учун ранжиганимданми ёки бўлмаса болалик чоғларимданоқ эрку хоҳишим поймол этилиб, нобоп кимсаларнинг дўқ-пўписаси остида яшаб келганимданми, ёки илгари кўрмаган, билмаган бир одамнинг кутилмаганда менга шунчаки бир-икки оғиз илиқ сўз билан илтифот қилиб кўнглимни кўтарганлиги учунми, ҳарқалай миннатдорчилик билдирсам, деган эдим. Чинакам тақдирим, ҳаётимнинг бутун қувончу сарсон-саргардонликлари худди ўша кундан, ўша бир қоп тезак ҳангомасидан бошланганини яхши англаб етган эдим. Бундай дейишимга сабаб, айни ўша куни ҳаётимда биринчи бор ўйламай-нетмай, танбеҳ беришларидан чўчимай, ички бир сезги билан кўнгил даъватини адо этишга журъат қилган эдим. Дугоналарим мени ташлаб кетганларида мен Дуйшэннинг мактабига бурила қолиб, қопдаги тезакни дарҳол бинонинг девори остига тўкдим-да, яна шу заҳотиёқ қайта тезак териб келиш учун жарлигу дашти-адирлар сари жадаллаб кетдим.
Гўё бирон ишни қойиллатиб қўйгандай, қувонганимдан юрагим жунбишга келиб, ҳовлиққанча қаёққа чопиб кетаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Бунчалик бахтиёр эканлигимдан қуёш ҳам огоҳдек эди. Ҳа, менинг қушдай эминэркин учиб бораётганимдан унинг ҳам хабардор ва мамнун эканига ишонч ҳосил қилган эдим. Чунки мен, андак бўлса-да, хайрли ишга қўл урган эдим.
Қуёш сўнгги заррин нурларини сочиб, аллақачон тепаликлар узра ёнбошлаган бўлса-да, назаримда, токи нигоҳимга тўйиб олмагунча ботадиганга ўхшамасди. У оёқларим остига поёндоз солгандай хира тортган кузги ерларни тўқ қизил, бинафша ва пушти рангларга безаб, кийилавериб увадаси чиқиб кетган камзулимнинг кумушранг тугмаларида оловдай ёлқинланиб, изғириндан қувраган чийларнинг66
Чий – чўл-адирларларда ўсадиган баланд, бошоқли ўсимлик.
[Закрыть] попукларига зеб бериб турарди. Мен бўлсам ҳамон чопқиллаб борар эканман, севинчим ичимга сиғмай, хаёлан еру кўкка, шамолга юзланиб: кўряпсизларми! Мен нақадар бахтиёрман! Мен энди сўзсиз мактабга ўқишга бораман! Ўзимгина эмас, бошқа тенгқурларимни ҳам бирга олиб бораман! – деб фахрланардим.
Шу кўйи қанча чопганимни билмайман, ногаҳон, тезак теришим керакку, деган ўй эсимга тушиб қолди. Қизиғи шундаки, бутун ёз бўйи бу ерларда қанчалаб моллар боқилиб, ҳар қадамда тезаклар учрарди, энди эса уларни худди ер ютиб юборгандай, нишона йўқ. Балки мен уларни илғамаётгандирман? У ердан-бу ерга қанчалик югуриб юрмайин, тезаклар шунчалик кам учрарди. Ўшанда қош қораймасдан қопимни тезроқ тўлдира қолсам, деб юрагимни ҳовучлаб, шошилганимдан чий буталари орасида адашиб қолибман. Ҳар қалай, наридан-бери қопимни қаппайтирганимда қуёш ботиб, кимсасиз, сукунатли борлиқни тун пардаси чулғаб олган эди. Бунақа бемаҳалда бийдай далада, ҳали ҳеч қачон ёлғиз ўзим қолиб кетмагандим. Даҳшатга тушганимдан, ўзимни йўқотиб, қопимни елкамга ташлаганча овул сари югуриб кетдим. Худо ҳаққи, ҳўнграб йиғлаб юборишимга оз қолган эди. Дуйшэннинг ҳалиги тасалли бериб айтган насиҳатомуз сўзларини эслар эканман, унинг ожизлигимни кўриб энсаси қотмасин, деган хаёлга бориб, худди у сиртдан кузатиб тургандай ор-номус кучлилик қилиб, ён-веримга қарамасдан, ўзимни дадил тутганча боравердим.
Ҳамма ёғим терга, чангга ботиб, ҳаллослаганча уйга етиб келдим. Оғир нафас олиб, остона ҳатлаб ўтган ҳам эдим, ўчоқ бошида ўт ёқиб ўтирган холам ўрнидан тура солиб, ҳўмрайганча мен томон хезланди. У ўта баджаҳл ва қўрс муомалали аёл бўлиб, важоҳатидан от ҳуркарди.
– Ер ютгур, қайси гўрда изғиб юрибсан? – дея ўшқирди у мен томон яқинлашар экан, оғиз очишга улгурганимча йўқ, қўлимдаги қопни тортиб олиб, четга итқитиб юборди. – Бор-йўғи шуми, кун бўйи санғиб юриб, терган тезагинг шуми?
Чамамда, дугоналарим аллақачон оғизларидан гуллаб қўйишган кўринади.
– Эээ, исқирт, ҳайвон! Мактабда ўйнаш топганмисан, мактабинг билан қўшмозор бўлгур! – холам жазаваси тутганча қулоғимни бураб, бошим, кўзим аралаш савалай кетди. – Ярамас, етимча – етти кўча! Бўри боласи ит бўлмас, дейдилар. Одамларнинг боласи уйга ташиса, сен бўлсанг уйдан четга ташийсан. Яна мактаб ҳақида сўз оча кўр-чи, оёғингни синдириб, мактаб қанақа эканлигини кўрсатиб қўяман…
Мен бақириб юборишдан ўзимни тийиб, миқ этмасдан туравердим. Кейин ўчоққа ўтин ташлаб, кулранг мушугимизни силаб, унсиз йиғлаганча кўз қиримни ташлаб, шумшайиб ўтиравердим. Мушугим эса, ҳар гал йиғлаганимни сезиб тургандай, дарҳол тиззамга келиб ўтириб оларди. Мен холамнинг дўқпўписаларидан йиғлаганим йўқ, уларга аллақачон кўникиб қолган эдим, балки у энди мени ҳечам мактабга юбормай қўяди, деган хаёлда йиғлардим…
* * *
Орадан, чамаси, икки кунлар ўтиб, эрта тонгда овулда итлар ҳуриб, баланд овозлар эшитила бошлади. Маълум бўлишича, Дуйшэн овулдаги уйларга бирма-бир кириб, мактабга болаларни тўплаётган экан. Ўша кезларда овулимизда ҳар ким ўз билганича, кўнгли хушлаган жойда пахса деворли уйлар қуриб яшайверишган, худди шунингдек, кўчаларимизнинг ҳам тайини бўлмаган. Дуйшэн ёнига ўн нафар болакайларни олиб, ана шу пастқам кулбалар оралаб иш битириб юрган экан.
Бизнинг уйимиз энг четдагиси эди. Айни шу маҳал биз холам билан ўғирда тариқ янчиб ётган эдик, амаким эса омборхона ёнидаги ўрада сақланаётган донни қазиб олиб бозорга элтиб сотмоқ учун ҳозирлик кўриб турган пайт эди. Биз босқончилар сингари зилдай ўғир дастасини навбат билан биримиз қўйиб, биримиз урар эканмиз, Дуйшэнлар яқинлашиб қолгандир, деган илинжда ер остидан ора-сира кўз қиримни ташлаб қўйишга улгурардим. Холам мени ўлса ҳам мактабга юбормаслигига кўзим етиб турган бўлса-да, яхши ният – ёрти мол деганларидек, Дуйшэннинг бу ерга келишини ва ҳеч бўлмаганда мени кўриб, қаерда қандай яшаётганимдан хабардор бўлишини истаб, илоҳим ҳовлимизга бирров кириб ўтишсин-да, дея Худодан илтижо қилиб, унинг келишини сабрсизлик билан кутардим.
– Ассалому алайкум, келинойи, ҳорманглар! Мана, бир гала бўлишиб сизларникига меҳмонга келяпмиз, кўряпсизми, биз қанчамиз! – дея ҳазил-ҳузул аралаш сидқидилдан саломлашди Дуйшэн холам билан, бир тўда бўлажак шогирдларни эргаштирганча ҳовлига кириб келар экан.
Холам, шунчаки жавоб тариқасида, алланима дегандай тўнғиллаб қўйди, амаким бўлса ўра қазиётган жойидан ҳатто бошини кўтариб ҳам қарагани йўқ. Дуйшэн бунга парво ҳам қилмади. У, аксинча, ишбилармон кишилардек, ҳовли саҳнидаги ғўлалар устига бориб ўтирди-да, қўлига қалам ва қоғоз олиб:
– Бугун биз мактабда ўқишни бошлаймиз. Қизингиз неча ёшда? – деб сўради. Энсаси қотган холам жавоб бериш ўрнига зарда билан ўғир дастасини гурс этказиб уриб қўйди. Мен бўлсам, энди бу ёғи нима бўлар экан деб, жон ҳовучлар турардим. Дуйшэн менга қараб кулимсираб қўяр экан, яна у галгидек қалбимга илиқлик югурди.
– Олтиной, неча ёшга кирдинг? – сўради у. Мен жавоб беришга журъат этолмадим.
– Бунинг сенга нима кераги бор, назоратчимисан! – ғазабга тўлган холам ўта андишасизлик билан бобиллаб берди. – Бунга ўқишни ким қўйибди. Бунга ўхшаган қанчадан-қанча ота-онасиз етим болалар ҳам ўқимасдан юришибдику! Сен ана уларнинг бир гуруҳини йиғиб олибсан, ана ўшаларни мактабингга олиб бориб ўқитавер, бу ерда эса сенинг ҳожатинг йўқ.
Дуйшэн сапчиганча ўрнидан туриб кетди.
– Бу лоқайдлик-ку, ақлга сиғмайдиган гап-ку. Етимлик унинг пешонасига ёзиб қўйилмаган-ку, ёки етим болалар ўқимасин, деган закон борми?
– Сенинг закон-паконинг билан ишим йўқ. Менинг ўз законим бор. Сен менга ақл ўргатма!
– Закон ҳаммамиз учун бир. Агар бу қизалоқ сизларга керак бўлмаса бизларга керак, ҳукуматга керак. Агар монелик қилсаларингиз, законимизни ҳам ишга солишимиз мумкин!
– Сен, ўзбошимча бошлиқ қаердан пайдо бўлиб қолдинг? – деди холам икки қўлини белига қўйиб гердайганча. – Ўзинг айт-чи, едириб-ичириб катта қилган бу қиз менинг ихтиёримда бўлиши керакми ёки сенга ўхшаган бетайин, келгиндиларнинг измида бўлиши керакми, такрор айтаман, унга ким жавоб бериши керак!?
Агар шу пайт белигача ярим яланғоч бўлиб олган амаким ўрадан кўриниш бермаганда, бу ҳангома нима билан тугашини ким биларди, дейсиз? У хотинининг ҳар бир ишга суқулаверишини зинҳор ёқтирмасди. Бу гал ҳам зардаси қайнаб кетди, шекилли:
– Эй, манжалақи! – қичқирди у, ўрадан чиқар экан. – Сен қачондан бери рўзғор бошлиғи, уй бошқарувчиси бўлиб қолдинг? Кўпам валдирайвермасдан ишингни қилсанг бўлмайдими? А, сен, Тоштанбекнинг ўғли, гапни кўпайтирмасдан қизни олиб кетавер, хоҳласанг уни ўқит, хоҳласанг пишириб е. Қани, энди бу ердан тезроқ туёғингни шиққиллатиб қол!
– Бу арзанда мактабда санқиб юрса, уй ишларини ким қилади? Балога балогардон бўлиб, яна рўзғор ишларига кўмилар эканман-да? – дея зарда қилиб йиғлай бошлаган эди холам, амаким:
– Чакагингни ўчир! Гап битта, айтганим айтган, деганим деган! – деди.
Ёмонлик бор жойда яхшилик ҳам бор, деганларидек, биринчи бор мактабга боришим ана шу ғалва интиҳосидан бошланган эди.
Шу кундан эътиборан, Дуйшэн ҳар куни эрталаб, ҳовлима-ҳовли юриб, бизларни мактабга бошлаб борарди.
Мактабга борган биринчи кунимизда ўқитувчи ерга тўшалган похол устига ўтқазиб, ҳар биримизга биттадан дафтар, қалам ва юпқа тахтача берди-да:
– Тахтачани ёзишга ўнғай бўлсин учун тиззаларингизгача қўйиб олинглар, – деб тушунтирди. Шундан сўнг, деворга ёпиштирилган суратни кўрсатиб:
– Бу доҳий бўлади! – деди.
Мен бу суратни бир умрга эсда сақлаб қолдим. Кейинчалик эса, негадир, мен бу суратни бошқа учратмадим ва уни ўзимча “Дуйшэн кўрсатган сурат” деб юрдим. У суратда доҳий бирмунча беўхшов ҳалпиллаган ҳарбий кийимда бўлиб, соқоллари ўсиб, озиб кетган эди. Ярадор қўлини бўйнига осиб, бостириб олган кепкаси остидаги меҳрибон кўзлари билан осойишта боқиб турарди. Унинг бундай мулойим, жозибали табассуми: “Болакайлар, келажагингиз қандай гўзал эканлигини билсангиз эди!” деяётгандай туюлганди. Ҳақиқатдан ҳам у шу осойишта дамларда менинг келажагим ҳақида ўйлаб тургандек эди. Дуйшэн бу суратни, чамаси, кўпдан бери сақлаб юрган бўлса керак, у оддий плакат қоғозга босилган бўлиб, четлари титилиб, йиртилиб кетган эди. Мактабнинг тўрт деворида шу суратдан бўлак ҳеч вақо йўқ эди.
– Болалар, мен сизларга ҳарфларни, сўзларни ва сонларни қандай ёзишни ва ўқишни ўргатаман, ўзим нимани билсам, сизларга ҳам шуни ўргатаман, – деган эди ўшанда Дуйшэн.
Дарвоқе, у билганларини ҳайратомуз бир тарзда, сабр-тоқат билан бизга ҳам юқтира бошлаганди. Ҳар бир ўқувчининг ёнига келиб қаламни қандай тутишни, сўнг эса тушуниш қийин бўлган сўзларни иштиёқ билан тушунтириб берарди.
Ҳозир ўйлаб қарасам, ҳақиқатдан ҳам сўзларни ҳижжалаб ўқийдиган, қўлида биронта дарслик, ҳатто алифбе китоби ҳам бўлмаган бу чаласавод йигитнинг бундай буюк ишга журъат этганлигидан ҳайратда қоламан. Отабоболари етти пуштигача саводсиз ўтган болаларни ўқитиш ҳазилакам иш эмасди. Дуйшэн ўқитиш дастури ва усуллари ҳақида заррача ҳам тасаввурга эга эмасди, албатта. Шу билан бирга, тўғрисини айтганда, у бунақа нарсалар борлигига шубҳа ҳам қилмасди.
У бизни ўзи билган, маъқул кўрган йўл-йўриқлар асосида ўқитаверди. Мен бўлсам, унинг чин дилдан жонбозлик кўрсатиб ишлаганига ишонч ҳосил қилган эдим. Ҳарқалай, унинг бошлаган хайрли ишлари, менимча, зое кетмади. Дуйшэн қаҳрамонлик кўрсатган бўлса-да, ҳали буни ўзи ҳам билмасди. Ҳа, бу чинакам қаҳрамонлик эди, чунки ўша кезларда овул ва мактаб ҳудудидан нарига ўтмаган биз қирғиз болалари учун тешик-тирқишларидан ҳамиша олисдаги қорли тоғ чўққилари кўриниб турадиган шу пахса деворли мактабда, агар уни мактаб деб аташ мумкин бўлса, мисли кўрилмаган ва қулоқ эшитмаган шу мактабда, ногаҳон, янги бир олам намоён бўлган эди.
Авлиё отадан ҳам, Тошкентдек азим шаҳардан ҳам неча бор катта – Москва шаҳри борлигини ва оламда Талас водийсини эслатувчи улкан денгизлар борлигини ва уларда тоғлардай улкан кемалар сузиб юрганини ўшанда билган эдик, шунингдек, бозорда сотиладиган лампа мойининг (керосин) ер остидан қазиб олинишини ҳам ўшанда билган эдик. Ҳаёт изга тушиб, саодатли кунлар келиши билан тангу тор мактабимиз ўқувчиларининг кенг ва ёруғ биноларда ўқишларига ҳам айни шу кезлардаёқ қатъий ишонч ҳосил қилган эдик.
Анча-мунча ҳарфларни ўрганиб олган бўлсак-да, ҳали “она”, “ота” атамаларини уддалаб ёза олмаган биз болакайларнинг биринчи ёзган сўзимиз “доҳий” бўлган эди. Сўз бойлигимиз эса: “бой”, “батрак”, “совет” деган тушунчалардан иборат эди. “Революция” сўзини ёзишни эса Дуйшэн бир йилдан сўнг ўргатаман, деб ваъда берган эди.
Дуйшэннинг фронтда оқларга қарши жанг қилгани ҳақидаги ҳикояларини тинглар эканмиз, ўзимизни у билан бирга ёнма-ён туриб курашгандек ҳис қилардик. У доҳий ҳақида эса худди ўз кўзи билан кўриб келгандек яна ҳам завқ-шавқ билан ҳаяжонланиб гапирарди. Дуйшэн айтган гапларнинг анчамунчаси, улуғ доҳий хусусида оғиздан-оғизга кўчиб юрган халқ ривоятларини эслатса-да, буларнинг барчаси, энди билсам, биз Дуйшэннинг ўқувчилари учун кундай равшан – ҳаётий ҳақиқат экан.
Биз бир куни очиқ кўнгиллик билан:
– Устоз, доҳий билан қўл беришиб кўришганмисиз? – деб сўраганимизда, муаллимимиз:
– Йўқ, болалар, доҳийни ҳеч қачон кўрмаганман, – дея бошини чайқаб, хижолат тортгандек энтикиб қўйди.
Ҳар ойнинг адоғида Дуйшэн иш билан волостга бориб, у ёқда икки-уч кун қолиб кетарди. Шунда биз уни муштоқлик билан кутардик. Агар жонажон туғишган акам бўлган тақдирда ҳам, мен уни, эҳтимол, Дуйшэннинг қайтишини кутгандай сабрсизлик билан кутмаган бўлар эдим. Холам сезиб қолмасин, деб ташқарига югуриб чиққанимча дашт йўлига зимдан узоқ муддат интизорлик билан кўз тикаман; хуржун кўтарган муаллимимиз кўриниб қолармикин, унинг жозибали табассумию маърифатга ундовчи сўзларига яна ошно бўлсам, дея ошиқардим.
Дуйшэн ўқитган ўн чоғли болалар орасида энг каттаси мен эдим. Эҳтимол, шунинг учун ҳамдир, синфдошларимизга нисбатан яхши ўқир эдим. Бугина эмас, муаллимнинг ҳар бир айтган сўзию кўрсатган ҳар бир ҳарфини ўзим учун муқаддас тутардим. Ва мен учун унинг берган сабоқларини онгу шууримга сингдириб олишдан ҳам кўра улканроқ ва олижаноброқ юмуш йўқдек эди бу оламда.
Қаёққа бормай, муаллимнинг берган дафтарини асраб-авайлардим. Ўзимча ўроқ учида ер чизиб, деворларнинг сиртию қорларнинг устига ҳарфларни ва сўзларни ёзиб, ўқиб юрардим. Мен учун Дуйшэндан кўра уддабурро ва билимдон киши йўқ эди, назаримда.
* * *
Бу орада, ана-мана дегунча қишли-қировли кунлар ҳам кириб келди. Биринчи қор тушганча биз тепалик остидаги шовуллаб оқаётган жарликдан қўл тутишиб кечиб ўтиб юрдик. Кейинчалик болаларнинг оёқларига сўзак кириб, тоқатлари тоқ бўлди, айниқса кичкинтой болакайларнинг аёзга дош беролмаганидан ҳатто кўзлари жиққа ёшга тўлган эди. Шунда Дуйшэн уларни навбатма-навбат, бирини елкасига, иккинчисини қўлида кўтарганча ариқдан ўтказиб қўярди.
Энди ўйлаб қарасам, буларнинг бари худди чўпчакка ўхшарди. Ўша кезларда одамлар нодонлигидан ёки бўлмаса тушуниб етмаганиданми, ҳайтовур, улар Дуйшэннинг устидан кулишарди. Айниқса, қишловни тоғларда ўтказиб, гоҳида тегирмонга ғалла оқлаш (янчиш)га келиб турадиган бой-бойваччаларни айтмайсизми. Бошларига сувсар телпагу эгниларига қўй терисидан пўстин кийиб олган бу кимсалар саркаш отларини ўйнатиб, неча бор кечувда бизга дуч келиб, ёнимиздан ўтаётганларида кўзларини бақрайтирганча Дуйшэнни масхаралашарди. Улардан бири:
– Кўряпсанми, бирини орқалаб, иккинчисини қўлда кўтариб олибди, – дея қамчиси билан қўшнисини туртиб, пиққиллаб кулиб юборди, бошқаси эса:
– Эҳ, бунақа меҳнаткашлигини олдинроқ билганимдами, ер ютган тақдирда ҳам, иккинчи хотинликка олган бўлардим! – дея қўшиб қўйди. Улар ҳар гал, шу зайлда пишқирган отларини қамчилаб, ҳамма ёғимизга шағал аралаш лой сачратиб, қаҳ-қаҳ уриб кулишганча ўтиб кетишарди. Ўшанда Дуйшэнга ичим ачиб, раҳмим келиб, бу фаҳм-фаросатсиз кимсаларга етиб олсам-да, отлари тизгинидан ушлаб олиб, бадбашара юзларига тик қараб: “Муаллимимиз ҳақида бундай беандиша сўзларни айтишга қандай журъат этяпсизлар! Садқаи муаллим кетинглар! Сизлар одам эмас, балки одам қиёфасидаги иблиссизлар!” дея қичқиргим келарди. Аммо жавобсиз қолган қиз боланинг нидосига, шу аснода, ким ҳам илтифот қиларди дейсиз? Менга эса аламли кўз ёшларимни ютишдан бошқаси қолмаган эди, холос. Ҳақоратланган муаллимимизга келсак, гуё у ҳеч нимани кўрмагандай, эшитмагандай, пинагини бузмасдан, аксинча, бу қўланса гаплардан бизларни алаҳситишга ва ҳазил-ҳузул қилиб кулдиришга ундарди.
Ариққа кўприкча қуриш учун Дуйшэн қанчалик ҳаракат қилмасин, ёғоч тополмади. Бир куни мактабдан қайтаётиб, болаларни сувдан ўтказиб қўйдик-да, иккаламиз соҳилда қолиб, тош ва чимлар ёрдамида ҳатлаб ўтадиган жой тайёрлашга қарор қилдик. Агар адолат юзасидан айтадиган бўлсак, овулимиз аҳли бир ёқадан бош чиқариб, бамаслаҳат иш тутиб, икки-учта ёғоч-тахта келтириб ташлаганларида олам гулистон бўлиб, кўприк ҳам битиб қолган бўларди. Гап шундаки, ўша кезларда ўқишнинг маънисига етмаган авом халқ бунга деярли аҳамият ҳам бермасди, Дуйшэнни эса бекорчиликдан болалар билан шунчаки умргузаронлик қилиб юрган бир телба-да, деб ҳисоблашарди. От устида сув кечиб юрган бу кимсаларнинг кўприк қуриш етти ухлаб тушларига кирганмикин? “Уддасидан чиқсанг – ўқит, йўқса тахта-ўқловингни йиғиштириб, уларни уй-уйларига тарқатиб юбор”, эмиш. Шу ҳам гап бўлди-ю. Бироқ, нима бўлганда ҳам, эл-улус бу эсли-ҳушли йигитнинг қанчадан-қанча қийинчиликларга, таҳқиру камситишларга бардош бериб, сабр-тоқат, қунт-матонат билан сабоқ бериб келаётганлигининг боиси нимада эканлигини танларига бир ўйлаб кўрсалар бўларди.
* * *
Ўша куни тошларни тахлаб ҳатлагич солаётганимизда биринчи қор тушиб, ҳафсаламизни пир қилди. Суякни қақшатувчи муздек сувда тинимсиз ишлаётган Дуйшэннинг сабр-бардоши мени ҳамон ҳайратга солади. Бир амаллаб ариқнинг ўртасидан ўтаётган эдим, сув оёғимни кесиб кетгудек бўлиб, бирдан томирим тортишиб, букчайиб қолдим. Бошим айланиб қичқиришимни ҳам билмай, қад-бастимни ростлай олмай, сувга йиқилаёзай деганимда Дуйшэннинг кўзи тушиб қолди. У қўлидаги тошни ирғитиб ташлади-ю, югуриб келиб, мени даст кўтарганча жар ёқасига олиб чиқиб, шинелига ўтқазиб қўйди. У гоҳ кўкариб, увишиб қолган оёқларимни уқалар, гоҳ музлаб қолган қўлларимни кафтлари орасига олиб силаб-сийпалар, гоҳ оғзига яқин келтириб, нафаси билан илитарди.
– Етар, Олтиной, сен энди исиниб ол, ўзим бир амаллайман, – деди Дуйшэн. Ниҳоят, ҳатлагичи тайёр бўлгандан сўнг этигини киятуриб, мени совуқдан ҳурпайган ҳолда кўрар экан: – Қалай, исиниб олдингми, ёрдамчи қиз? Шинелни мана мундоқ ёпиниб ол! – деб жилмайиб қўйди ва яна зум ўтмай: – У сафар мактабга тезакни қолдириб кетган сенмидинг? – дея сўраб қолди.
– Ҳа, – деб жавоб қайтардим.
– Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим! – деди Дуйшэн худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандай мийиғида кулганча.
Демак, муаллимимиз ўша арзимаган нарсадан хабардор экан, ҳали ҳам уни унутмай юрганидан бошим осмонга етди, қувончим ичимга сиғмай, юзларим оловдай ёнаётганини ҳамон эслайман. Ўшанда Дуйшэн ҳам қувончимга шерик бўлган эди.
– Чақнаган кўзларингдан айланай, оби ҳаётим, – деди у мени эркалаб. – Ўқишга иштиёқинг зўр… Қани энди қўлимдан келса-ю, сени катта шаҳарга юбориб ўқитсам! Ким бўлиб етишардинг, қароғим! – деди-да, бирдан ариқ томон бурилиб кетди.
Унинг қайроқи тошларни қучиб, шовуллаб оқаётган шаффоф сув бўйига келиб қўлларини орқасига чалиштирганча, олис тоғлар тепасида виқор билан сузиб бораётган паға-паға булутларга боқиб тургани ҳали-ҳали кўз ўнгимда.
Нимани ўйлаб турган экан муаллимимиз ўшанда? Балки, ҳақиқатдан ҳам, мени катта шаҳарга олиб бориб ўқитиш орзуси хаёлидан кечгандир. Мен эса ўша дақиқаларда Дуйшэннинг шинелига ўралиб олиб: “Э, Худо, ўқитувчим кошкийди менинг туғишган акам бўлақолса-ю, бўйнига осилиб эркалаб, қаттиқ қучсам-да, кўзларимни чиртта юмиб, бисотимдаги энг яхши сўзларни унинг қулоғига шивирлаб айтсам”, дея илтижо қилардим.
Биз ўшанда, гарчи ҳали ҳам мурғак болалар бўлсак-да, ўйлайманки, муаллимимизнинг одамгарчилиги ва бизнинг истиқболимиз ҳақида қайғуриб жонбозлик кўрсатаётганлигини қалбдан ҳис этиб, унга меҳр қўйган бўлсак керак. Бўлмаса ҳар куни нафасни бўғиб, жонни ачитувчи изғиринда қор кечиб, олис йўл босиб, не машаққатлар билан тепаликка қатнайверишга бизни ким ҳам мажбур этарди, дейсиз? Мактабга ўз хоҳишимиз билан борардик, ҳеч ким бизни мажбур қилмасди. Юз-кўзларимизу уст-бошимизни қиров босиб кетган бўлса-да, муздек хонада сабр-тоқат қилиб, мавриди келганда галма-гал печка ёнига бориб исиниб олардик, қолганларимиз эса ўз ўрнимизда Дуйшэннинг айтганларини завқ билан жимгина тинглаб ўтирардик.
Шундай аёзли кунларнинг бирида, эслашимча январнинг охирлари эди – Дуйшэн, одатдагидек, барча хонадонларни айланиб, бизларни тўплаб мактаб сари бошлаб кетди. У қош-қовоқлари бургут қанотидай ҳурпайиб, юзлари эса гуё ўтда тобланган темир сиёқ унниқиб, жиддий қиёфада сукут сақлаб борарди. Ўқитувчимизни ҳеч қачон бу ҳолатда кўрмаган эдик. Унинг авзойидан аллақандай нохуш воқеа юз берганини сезиб, бизлар ҳам чурқ этмай борардик.
Йўлда қалин қор уюмларига дуч келиб қолганимизда Дуйшэн одатдагидек ҳамиша ўзи йўл бошлаб борарди, ундан кейин мен ва менинг ортимдан бошқа болалар боришарди. Бу сафар ҳам тун бўйи қор босган тепаликка яқинлашганимизда Дуйшэн бизларга йўл очиш учун олдинга ўтиб олди. Гоҳида кишига орт томондан назар ташлар экансан, унинг ҳолатини, қалбида нималар кечаётганлигини дарҳол англаб олиш мумкин. Худди шунингдек, ўшанда муаллимимизнинг бошига бир мусибат тушгандай ғам-ғуссага ботган қиёфасини кўриш мумкин эди. У бошини қуйи солиб, оёқларини аранг судраб борарди. Ўшандаги даҳшатли бир кўриниш ҳали ҳам эсимда: бизлар тепалик сари турнақатор тизилишиб кетаётганимизда Дуйшэннинг қора шинель остидаги букчайган қадди-қомати, ундан тепаликда туя ўркачларини эслатувчи оппоқ қор уюмларию уларга чанг солаётган изғирин-шамол, ундан ҳам юқорида бўздек оқиш осмону фалакда эса қора доғ янглиғ яккаю ёлғиз булут кезиб юрарди.
Мактабга етиб келганимиздан сўнг Дуйшэн печкага ўт ҳам ёқмади.
– Қани, болалар, ўрнингиздан туринглар, – амр этди у.
Ҳаммамиз дарҳол ўрнимиздан турдик.
– Бош кийимларингизни олинглар.
Унинг ўзи ҳам телпагини бошидан юлиб олди. Биз нима бўлаётганини ҳали англаб етганимизча йўқ, муаллимимиз совуқдан бўғилиб, хириллаган овозда сўзлай бошлади:
– Доҳиймиз дунёдан ўтди. Ҳозир бутун ер юзи мотам тутмоқда. Сизлар ҳам ўз ўринларингдан қўзғалмай, мана бу суратга қараб, сукут сақлаб туринг. Бу кун бир умр ёдингизда сақланиб қолсин.
Мактабимиз гўё кўчки босгандай ҳувиллаб қолганди. Дераза тирқишларидан увиллаб эсаётган шамолу қор учқунларининг похол устига шитирлаб тушаётгани эшитиларди, холос.
Тинимсиз шаҳарлар сукут сақлаб, еру кўкни ларзага келтириб ишлаётган заводлару борлиқни янгратиб, учиб бораётган поездлар жойида тўхтаб қолганди, бутун олам мотам тутаётган ана шу қайғули дамларда элу халқнинг бир бўлагининг бир зарраси ҳисобланмиш биз ўқувчи ёшлар ҳам мактабимизда ҳали ҳеч ким кўрмаган, билмаган мана шу мактаб деб аталган муздек саройда нафасимизни ичимизга ютиб, муаллимимиз билан бир сафда турганча доҳий билан, унинг энг яқин кўрган, билган ва уни деб қайғу-алам чеккан кишиларидек хаёлан видолашардик. Доҳий эса бирмунча беўхшов-ҳалпиллаган ҳарбий кийимда ярадор қўлини бўйнига осганча ҳамон: “Болакайлар, келажагингиз қандай гўзал эканлигини билсангиз эди!” деяётгандай меҳрибон кўзлари билан осойишта боқиб турарди. Ҳақиқатдан ҳам у, шу осойишта дамларда, менинг келажагим ҳақида ўйлаб тургандек эди.
Кейин Дуйшэн кўз ёшларини артаётиб, деди:
– Мен бугун волостга жўнаб кетяпман, болалар. Партияга ўтмоқчиман. Уч кундан кейин қайтиб келаман…
Ўша кун мен учун аёзли кунларнинг энг оғир, энг аччиқ, мусибатли кунларидек келди. Гўё табиатнинг аллақандай қудратли бир кучи бу оламдан кўз юмган буюк зотнинг абадиятини тасдиқлаётгандай, унинг руҳиятига монанд равишда ўзига хос мотам марсиясини айтиб бўзларди: суякни қақшатувчи аччиқ изғирин ел ўзини қўярга жой топмай, тўрт тарафга югуриб ўшқирар, қутуриб бўралаган қор бўронлари эса аламидан исён кўтарарди.
Овулимиз сув қуйгандек жимиб қолди. Секин-аста ёпирилиб келаётган булутлар ғира-шира қорайиб кўринаётган тоғлар пойига келиб, сукут сақлаб қоларди. Қурум босган мўрилардан буруқсаган дуд эринчоқлик билан кўкка бўй чўзарди, одамлар бўлса уйларидан чиқмай қўйишган эди. Устига-устак, баногоҳ, бўрилар улиб қолишди. Қутурган бу махлуқлар ҳатто кундуз кунлари ҳам пинаги бузилмасдан йўллардан санқиб юришар, тунлари эса овул атрофида очликдан изғишиб, тонг отгунга қадар увлашарди.
Биргина юпун шинелда кетган муаллимимиз у ёқда, бундай совуқда нима бўлди экан, деган хаёлда хавотирланардим. Дуйшэн келадиган ўша куни эса эсҳушини йўқотиб, афтидан кўнглим аллақандай нохушликни сезиб турарди. Шу боисдан ҳам мен дам-бадам уйдан ҳовлига чопиб чиқиб, муаллимимиз йўлда кўриниб қолармикан, деган умидда кимсасиз қор босган даштликка кўз тикардим. Бироқ ундан дарак йўқ эди.
“Қайлардасан, устоз? Ялиниб-ёлвориб сўрайман сендан, кечга қолмай эртароқ қайтақолсанг-чи, эшитяпсанми! Биз сени сабрсизлик билан кутяпмиз!”
Бироқ бўзарган даштликдан унсиз ноламга садо чиқмаганидан сўнг негадир яширинча йиғлаб ҳам олдим.
Бўзчининг мокисидай эшикка қатнаб туришим холамнинг жонига тегиб кетди.
– Ҳой, шумқадам, сен бугун тинчлик берасанми ёки йўқми? Қани, дарҳол жойингга бориб ўтир-да, ипингни йигир! Болаларни ҳам совуққа қотирдинг, бўйнинг узилгур. Қани, яна эшик томон қадам босиб кўр-чи! – дея пўписа қилиб, уйдан чиқармай қўйди.
* * *
Қоронғи тушиб қолган эди, муаллимимизнинг келган-келмаганидан ҳамон хабарсиз эдим. Шу боисдан ўзимни қўярга жой тополмадим. Дуйшэннинг ҳали бирон марта овулда ваъда қилинган кунига етиб келолмай қолганини эслай олмайман. Балки у дафъатан тоби қочиб қолган бўлса, ҳолдан тойиб секин-аста келаётгандир, ёки бўронга қолиб, тунда даштликда адашиб кетган бўлса-чи, дея турли хаёлларга бориб, ўзимга-ўзим далда берардим. Ишим қовушмасди, ипни йигирмоқчи бўлардиму қўлим қалтираб, у қайта-қайта узилиб кетаверарди. Буни кўриб турган холамнинг эса жазаваси тутиб кетди.
– Бугун сенга нима бўлди, жин ургур? Қўлинг синганми? – дея еб қўйгудек ўқрайди. Сўнг тоқати тоқ бўлиб: – Ўҳ, оғзингдан қонинг келгур, ёмонга ўлим йўқ дейдилар! Тур ўрнингдан, ундан кўра Сайқал кампирнинг қопини элтиб бер, – деди яна дағдаға билан.
Бу мен учун айни муддао бўлди. Қувонганимдан ўрнимдан сакраб туриб кетишимга оз қолди. Ахир, Дуйшэн ўша Сайқал кампирнинг уйида яшар эди-да. Сайқал кампир билан Қартанбой отанинг она томондан менга узоқ қариндошлиги бор эди. Олдинлари уларникига тез-тез бориб турардим, гоҳида ҳатто тунаб ҳам қолардим. Холамнинг эсига шу нарса тушиб қолдими ёки худо ёрлақадими, ҳарқалай, қўлимга қопни тутқазганча яна қўшиб қўйди:
– Сен бугун жонимни ҳалқумимга келтирдинг, касофат. Қани, жўнаб қол, кўзимга кўринма, рухсат этишса ўша ёқда тунаб қолавер…
Мен сакраганча ҳовлига чиқиб кетдим. Забтига олган шамол нола тортиб ўтирарди. Сўнг эса қор учқунлари қўққисдан ҳамла қилиб, нафасни бўғиб, қизиб турган юзларимга тиканак санчилаётгандай туйиларди. Қопни қўлтиғимга қисиб олдим-да, эндигина отлар из қолдириб кетган йўлдан овулнинг нариги томонига югуриб кетдим. Хаёлимда эса “Ўқитувчимиз қайтиб келганмикин?” деган ўй ҳамон ҳукм сурарди.
Чопганча етиб бордим, қарасам – у йўқ. Нафасим бўғзимга тиқилиб, остонада донг қотиб турганимни кўрган Сайқал чўчиб кетди.
– Сенга нима бўлди? Мунча югурмасанг, бирон кўнгилсиз воқеа юз бердими?
– Йўқ, шунчаки ўзим. Мана, қопингизни олиб келдим. Бугун сизларникида қолсам майлими?
– Вой, қоқиндиқ, сен ётиб қолай дейсан-у, мен йўқ дермидим. Сал бўлмаса юрагимни қинидан чиқараёздинг. Ажабо, у ярамас сенга қутқу солиб, тинчингни бузган кўринади. Сен негадир куздан бери келмай қўйдинг. Қани ўтир, оловга исиниб ол.
– А, сен кампир, қозонга гўшт ташла, қизимизни меҳмон қил. Унгача Дуйшэн ҳам етиб келади, – деди дераза ёнида эски кигиз этикни тикиб ўтирган Қартанбой. – Аллақачон келиши керак эди, ҳа, майли, қоронғи тушганча келиб қолар. Тойчоғимиз уйга қайтарда илдам юради.
Аста-секин деразалар қоронғилашиб, тун ҳам кириб келди. Юрагимни ҳовучлаб, бутун диққат-эътиборимни бериб, эшикка кўз тикиб турар эканман, овулда итларнинг вовуллаши ёки одамларнинг овози эшитилиб қолганда бехосдан сесканиб тушардим. Дуйшэндан эса ҳамон дарак йўқ. Яхшиямки, Сайқал буви ундан-бундан гапириб, вақт ўтганини ҳам сезмай қолибмиз.
Ярим тунга бориб ҳолдан тойган Қартанбой ота:
– Қани, кампир, ўринни сол. Кеч бўлиб қолди, энди келмайди. Бошлиқларнинг иши бошидан ортиб ётибди. Бирон иш билан тутилиб қолгандир, бўлмаса аллақачон етиб келган бўларди, – деди-да, ётишга ҳозирланди.
Менга тўшакни печканинг нариги томонига, бурчакка солиб беришди. Бироқ ухлай олмадим. Чол дам-бадам йўталиб, у ёқдан-бу ёққа ағдарилиб, калима келтиргандай алланималарни пичирлаб ётди, сўнг эса безовталангандай:
– Отгинамнинг ҳоли у ёқда не кечди экан? Шаҳарда пулга ҳам ем-хашак топиш амри маҳол, – дея пўнғиллаб қўйди.
Қартанбой отанинг кўзи энди илинай деганда кучли шамол туриб, унинг тинчини бузди. Телбаланган довул панжалари билан том бўғотларию ойнакларни тимирскилаб тимдалаб, ҳамма ёқни остун-устун қилиб юборгандай. Ташқарида эса ялатма изғириннинг деворларга келиб урилаётгани эшитилиб турарди.
Қартанбой чолнинг сўзлари беором кўнглимга таскин бермади. Хаёлимда ўқитувчимиз бугун албатта етиб келадигандай, қор босган кимсасиз даштликда ҳоли не кечди экан, деган хаёл бутун вужудимни қамраб олган эди. Шу чоқ кўзим уйқуга кетган экан, дафъатан нимадир ёстиқдан бош кўтаришимга мажбур этди. Атрофда ёқимсиз увлаган товушлар таралиб, ҳавонинг қайси ерида музлаб қолгандай эди. Бўриларнинг овози-ку! Улар кўпчиликка ўхшайди. Қашқирлар даштликнинг турли томонидан бир-бирларини огоҳ этиб, жўр бўлишиб, гоҳ олисдан, гоҳ яқиндан шамол аралаш ғазабнок увлашиб, тобора овул бўсағасига яқинлашиб келаётгандай эшитилиб турарди.
– Отинг ўчгурлар ёвуз бўронни чақиришяпти, – пичирлаб қўйди кампир.
Чол бир фурсат сукут сақлаб турди-да сўнг ўрнидан ирғиб туриб кетди:
– Йўқ кампир, қашқирлар бекорга увлашмаяпти! Улар чамаси отними, одамними, ниманидир қувлаб, қуршаб олишяпти. Эшитяпсанми? Яна бизнинг Дуйшэн бўлиб чиқмасин. Уни ўз паноҳингда сақла, Худойим. Ахир, у унча-мунча нарсалардан тап тортмайдиган тентак-ку! – Қартанбой саросимага тушиб, қоронғида пўстинини ахтарарди. – Чироқ, чироқни ёқ, кампир. Худо ҳаққи, тез бўл!
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?