Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
– Эшитганман, биламан. Бир пайтлар ўзингиз айтгандингиз. Чотқолга кетишган, деган эдингиз, – деб эслатиб қўйди Саида.
– Тўғри, тўғри, бу ҳақда ҳеч кимга айтма, деб ўзим огоҳлантириб қўйган эдим-ку. Акаларим бақувват, меҳнаткаш одамлар эди. Келишгач, юр, сени ўзимизга яқинроқ жойга кўчириб олиб кетамиз, бу ерда ўғлинг билан беваликда кун кечириб нима қиласан? Ҳали ёшсан, балки бошқа эр ҳам топилиб қолар. Ҳаётда нималар бўлмайди дейсан. Бу ерда эса ёлғизсан, акаларинг қанотида бўлсанг, совчиларнинг йўқлаши ҳам осонлашади. Биз билан юр, сенга ёрдам берамиз, қолгани тақдирдан… Мен эса уларга: “Раҳмат, акажонларим. Сизлар каттасизлар, мен эса ёшман. Гапларингизга кираман, фақат муҳлат беринглар. Марҳумнинг йилини лозим бўлганидек, шу ерда, у дафн этилган жойда ўтказай, у ёғи бир гап бўлар. “Кел” дейишларингиз ҳамоноқ ўғлим билан сизларга яқинроқ жойга борамиз”, – дедим. Ҳа, Саида, келинжоним, Ҳусанқул ва Ўринқул акаларим билан шундай суҳбат бўлган эди. Бир йил ўтиб, маъракадан сўнг мен ўйлаб, ўйимга етгунча, халқни қулоқ қилишга тушишди. Энди ҳар икки акам, Ҳусанқул ҳам, Ўринқул ҳам отларини вақтида эгарлаб, довон ошганча Чотқолга бош олиб кетишди. Оилалари ҳам уларга қўшилиб кетди. Ўша ерда қўноқ топишди. Чотқол тоғларида фақат ёзда бир ойгина довон очилади, ўшанда отда ёки пиёда ўтиш мумкин бўлади, бошқа пайтлари эса у ердан фақат қушларгина учиб ўта олади, башарти тоғ-тизмалар оша учаётган вақтда қанотлари музлаб қолмаса. Ана ўша жойларга кетган акаларим. Ўзим-ку у ерларда ҳеч қачон бўлмаганман, лекин одамлар шундай дейишади…
Бексаат кампир бир зум ўйга чўмиб, жим бўлиб қолди, ўчоқдаги тезак чўғини куйиб кетган косов билан тўғрилаб, чўғ устида яна ўғлининг кўйлагини қуритишга тутинди. Унинг кўзёшлари тинган, демак, кўнглини бўшатиб олган. “Эй Тангрим, ўлиб қолмаса бўлди, – қўрқув ичида ўйлади Саида, кампирнинг қути ўчган, беҳол юзига қараркан. Қайнонасининг соғлиғи анча оғирлашган эди, худди кузги сўқмоқ йўлда музлаб қолган чигирткадай. – Яшаб турса бўлди. Усиз ҳолим не кечади?”
Шу пайт кутилмаганда хаёлига аллақандай бир фикр келди, бироқ у шу қадар ноаниқ эдики, охиригача ўйлаб ҳам ўтирмай, кампирдан шунчаки сўраб қўя қолди:
– Нима деётган эдингиз, эна, Чотқол ҳақида гапираётган эдингиз-а?
– Гап шундаки, – жавоб берди у, – акаларим оилалари билан худди ўша Чотқолга кетишган. Бир нимани сезишган-да. У олис ўлкаларда биров бировнинг устидан ҳукмрон эмас. У ерда фақат тоғлар ҳукмрон: қўлингдан келса, чорва боқсанг, тирик қоласан, қўлингдан келмадими, ўзингдан кўр, тоғ ошиб, ўзбекларнинг ҳузурига борасан. Акаларим таваккал қилиб кетди, ё ҳаёт, ё мамот, деганлари шу бўлса керак. Уйларига эса қўшнилари ўт қўйиб, кулини кўкка совуришди. Лекин бундан фойда чиқмаслигини билишар эди. Кейин эса очарчилик бошланди. Унгача озми-кўпми мулки бор одамларни қулоққа чиқаришди. Ҳамма овулларни ғалвирдан ўтказишди. Қанчадан-қанча одамлар Сибирга бадарға қилинди. Акаларим эса тирик қолишди. Ўшандан кейин биз улар билан бошқа кўришмадик. Айтишларича, ўша ерда палак ёзиб, яхши яшаб кетишибди. Урушдан олдин, ёзда, эсингдами, қизим, бозорга темирйўл бекатига борганимизда, олдимга бир одам келганди, қора юзли, аслида шу ерлик бўлиб, у ҳам қулоққа чиқарилганди. Эринг билан сен ўзингга рўмол танлаётган пайтда биз у киши билан қисқа суҳбатлашгандик. У акаларим Ҳусанқул, Ўринқул тирик ва соғ-саломат эканини, бизга салом йўллашганини айтган эди. Тўғри, анча кексайиб қолишганмиш. Энди улар у ерда – Чотқол оқсоқоллари, турмушлари ҳам ёмон эмас экан. Мен уларга саломимни етказишни сўрадим. Яна ўғлимни уйлантирганимни, келин, яъни сен бизникида эканингни ҳам айтдим.
– Кейин-чи? Нима демоқчисиз, эна?
– Нима демоқчиман? Ўз тақдирим ва сизларнинг ҳаётингиз ҳақида ўйлаяпман. Акаларим Чотқолга кетганда, мен ёлғиз қолган эдим. Қанчалик оғир бўлмасин, бошимга тушган барча кўргиликларни енгиб ўтдим. Жамоа хўжалигида ишладим. Ўғил ўстирдим. У тракторчи бўлди. Яхшигина пул топар эди. Кунларнинг бирида сен, нури дийдам, гул бўлиб хонадонимизга кирдинг. Ҳаётимиз изига тушгандек эди-ю, бирданига уруш бошланиб кетди! Кейин нима бўлганидан хабаринг бор. Энди ўйласам, қанчадан-қанча азоб-уқубатлар чекмадик, бир умр тақдир бизга соя солди. Болаларим ўлди, эрим ўлди, акаларимни қулоқ қилишди, жамоа хўжалигида тонгдан тонггача ишлаб, кексайиб касалманд бўлиб қолдим. Аммо ҳаммасидан ҳам даҳшатлиси уруш бўлди, бахти қора ўғлим эса қочқинда, уни лаънатлай олмайман: ахир урушни у чиқаргани йўқ-ку, тўғри-да, унинг ҳам қурбон бўлгиси келмайди, бунинг азобини энди сен тортяпсан, худди қуш боласидай ухлаб ётган фарзандинг – неварагинамнинг ҳоли не кечади? Буни ҳеч ким билмаслиги керак, сир тутмоқ лозим…
– Ҳамма гапингиз тўғри, – оғир тин олди Саида мойчироқ ёруғида бир пиёла буғдой доналарини тозалар экан. – Начора, сиз билан менинг пешонамизга шундай бахтсизлик ёзилган бўлса. Биз-ку, уйда, иссиқ жойда ўтирибмиз. У-чи, ғорда нима қилаётган экан? Олов ёқиб бўлмаса, айниқса тунда, одамлар сезиб қолиши мумкин. Ўзингиз биласиз, у камгап, эркакларнинг ҳаммаси шунақа, фикрларини ичда сақлашади. Яқинда менга айтишича, – бу гапни Сизга айтмаган эдим, – у далада кетаётиб, айнан шу жойда биринчи марта ер ҳайдагани ёдига тушибди. Ўшанда трактордан тушгим келмаган, дейди, иш қайнаган ва у умр бўйи ғалла экиш учун ер ҳайдашни орзу қилган экан. Энди эса шу даладан худди осмондан чангал ташловчи калхатдан ёки бирор йиртқич ҳамласидан чўчигандек ўтаётибди. Ҳа, у шулар ҳақида сўзларди.
– Ҳа, мен ҳам шуни айтмоқчи эдим, – қўшиб қўйди Бексаат кампир, кўз ёшларидан ўзи юз ўгиргандек, уларни қўлидаги мато билан артаркан. – Қайси гуноҳларимиз учун пешонамизга бундай тақдир битилди? Нимамиз билан ёқмадик Тангрига? Ўз ўғлимни қарғай олмайман, лекин иккалангизга ёрдам бериш ҳам қўлимдан келмайди, аҳволим жуда оғир, биқинимни тош эзғилаяпти, аввалгидек, ўғлимни кўкрак сутим билан боққан пайтлардагидек ёш-яланг ва соғ-саломат бўлганимда-ку, уйда ўчоқ бошида ўтирармидим? Мен уни қўлларимда кўтариб, довон ортига олиб кетардим, абадий қорлардан ўтиб, ҳамма ўз ҳаётини ўзи қурадиган Чотқол тоғларига борардим. Қўлингдан келса, яхши, келмаса, ўзингдан кўр. Ана, бизникилар қулоқлаштириш пайтида кетиб, жонларини сақлаб қолишди. Энди сиз ҳам, агар ёзгача амал-тақал қилиб етиб борсак, Чотқолга йўл олсангиз, деб ўйлаб турибман. Жигаргўшаларингни олиб кетинглар, у ерда акаларим ёки уларнинг фарзандларини топасизлар, мен эса шу ерда ажалимни кутаман…
– Тўхтанг, эна, тўхтанг! – гапини бўлди Саида. – Чотқолга дейсизми? – қувониб кетди у: чунки унинг ўзи ҳам шу ҳақда ўйлаётган эди-да. – Фақат, келинг, ҳаммасини пухта ўйлаб, режалаштирайлик, – дея таклиф киритди Саида ва орага беихтиёр сукунат чўкди. Қайнона чўғ устида кирларни қуритишга киришиб кетди, келин эса бор диққатини жамлаб, буғдой донлари орасидан хасчўпларни териб оларди. Кейин улар яна суҳбатни давом эттиришди.
Ўша туннинг ўзидаёқ Исмоил уйга келганда, Саида унга Чотқол сафари режаси ҳақида сўз очди. Бу чиндан ҳам буюк воқеага айланди. Бу таклиф гўё Исмоилнинг кўз ўнгида кутилмаганда кимсасиз қалъа деворида эшик очилгандай таассурот қолдирган эди. У онаси ва хотини уйда бирдан-бир тўғри йўл ўйлаб топишганидан ҳайрон эди, негаки унинг учун ўзини ўзи тутқун қилган вазиятдан қутулиш йўли топилди.
– Қойил! Қандай ўйлаб топдингизлар буни? – дея ҳайратланиш ва тасанно айтишдан тўхтамасди Исмоил. – Демак, бундан чиқди, Чотқолда менинг туғишган тоғаларим яшар экан-да. Ахир буни Худонинг ўзи ғойибдан сизларнинг дилларингизга солган, Эгамнинг ўзи буюрган: ўйлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Энди асосийси, ёзгача сабр қилиш, кейин довон очилса, бир кунни ҳам, бир соатни ҳам зое кетқазмасдан йўлга тушиш керак… Эҳ, нега ўзим бу ҳақда ўйламабман-а? Ахир, аниғини билмасдим-да. Бу воқеалар қачон бўлганини ҳатто эслай олмайман ҳам. Албатта, сен айтмагансан, қўрққансан, сир тутгансан: улар қулоқ қилинган. Яхшиямки, улар қулоқ қилинишган. Энди улар Чотқолда, уларни излаб топиш керак. Қулоқлар! Улар ким учундир қулоқ, ким учундир ундай эмас! Чотқолга етиб борсак, бирор одамдан Ҳусанқул ва Ўринқул тоғаларим қаердалигини сўраб оламиз! Шундайми, эна? Ҳе-ей, Худога шукрки, шундай акаларингиз бор экан…
Исмоилнинг қувончи чексиз эди. Ҳайратидан дили ёришиб кетганди. Бироқ ҳали бирон иш қилингани йўқ, аёзли қиш қиличини қайраб турибди, олдинда шилт-шилт лою ёмғирли баҳор, ҳали ёз узоқ, ҳали тоғ этакларию қирадирлардан қор кетгани йўқ, ҳали Улуғ тоғдаги асовли тошқинлар қутурганича йўқ, ҳали тоғлардаги даҳшатли ўпирилишлару кўчкилар йўлларни тўсиб қўйганича йўқ, ҳали бундай оғир сафарга ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган, ҳаммаси ҳали олдинда эди. Исмоил бўлса ўзини қаерга қўйишини билмасди. У гоҳ ўрнидан туриб, дераза ёнига борар, сабрсизлик билан осмонга, ярим тунда кўкимтир чўққилари тепасида юлдузлар порлаб турган Чотқол томонга тикилиб қарар ва ошиб бўлмас тоғлар билан қуршаб олинган Чотқол водийси қандай бўлиши кераклигини хаёлан ўзича тасаввур қилар; сўнг ўчоқдаги совиб қолган таоми томон қайтар; бошқа кунлари уни овқат солинган косадан ташқари ҳеч нима қизиқтирмай, мотамсаро ўтирарди, энди бўлса овозлари қўнғироқдай жаранглаб, кўз қарашлари аввалгидек ўзгариб яна ўз ҳолига келган эди. Майли бу ўзгариш унда шу пайтга, қисқа фурсатга тўғри келган бўлса-да, орадан бирикки кун ўтиб у яна дилида қайнаб тошган умидсизлик ғазаби билан қишни, тоғларни, аёзли кунларни, қўйингки, бутун оламни лаънатлаб, тақдирдан нолиб тупурар, қуш бўлиб довонлардан Чотқол сари учиб ўтолмаганидан жиддий афсусланарди. Буни чуқур ҳис этган хотини ва онаси унга тўла ҳамдард бўлишар, чунки улар қочоқлик ҳаётининг ҳар бир дақиқаси қанчалик қимматга тушишини билар эдилар, негаки ўз бошини қутқараётиб, унинг ҳолига тушган одамнинг танлаган йўли моҳият эътибори билан худди урушдагидек ҳалокатли эди. Урушда уни душманлар, бу ерда эса ўзимизникилар ўлдириши мумкин эди…
Бу икки аёл эса – онаси ва хотини – ўз бурчи ва садоқатининг қурбони бўлиб, унинг мусибату бахтсизликларини бирга баҳам кўришарди, очлик ва совуқдан ҳам даҳшатлироқ жинояту хўрликлардан сақлаб қолишни ўз зиммаларига олганлар ҳам ўшалар эди. Тақдирнинг энг оғир зарбаларини – одамлар ўртасидаги миш-миш гаплару қонун шафқатсизликларини, қўшниларнинг шивир-кичир қилишиб, айбсиз айбдор ғарибларни аяб, юзига айтмаётганларини ҳам улар билишарди. Уруш қатнашчиси, бир қўли йўқ Мирзақул ҳам узоқ қариндошлари бўлишига қарамай, қишлоқ Кенгашининг раиси бўлиб юрганда Саидага қўл кўтариб, ғазабидан уни қамчилашгача борди, эзилиб мусибат чеккан хотини билан онаси эса Исмоилни деб аёлларга хос сабр-бардош билан буни ҳам ичга ютдилар. Энди эса Исмоилнинг қутулишига, андак бўлсада, умид учқунлари туғилгач, улар ўзларини эркин ва бахтиёр ҳис этар ва шу воқеага дахлдор бўлганларидан қувонар эдилар.
Исмоил эса, худди янги кун келиши биланоқ бу рўй бериши мумкиндек, Чотқол довонидан ошиш режаларини тузар эди. Ва улар – онаси билан хотини жон-диллари билан бунга қувонишарди, чунки ҳаётнинг мўъжазгина бир чеккаси ёришиб, ҳаммаларини мафтун этиб, қутқарувчи ғояга – Чотқолга кетишга чорларди. Аммо, шу билан бирга, онаси ҳам, хотини ҳам ўйланган ишни амалга ошириш унчалик енгил кечмаслигини юракдан ҳис этишарди – буни фақат гапириш осон, аммо қорли довонни забт этишда йўловчини қандай хатарлар кутиши, у ерларда одамлар дамба-дам қор кўчкилари остида ҳалок бўлиши, баландлик ва аёздан нафаслари қайтиб ўлиши ҳақида улар сўз юритмасликка интилишарди. Чотқолга етишганида ҳам ҳаммаси қандай бўлишини фақат Оллоҳнинг ўзи билади. Аммо ўша дамда улар, ўзаро келишиб олгандек, Исмоилнинг режасини қониқиш билан маъқуллаб, уни рағбатлантиришарди. Айниқса онаси унинг руҳини кўтаришга кўпроқ интиларди. Кекса Бексаат ўзини қўлга олишга тиришиб, нафас сиқилишини, биқинидаги санчиқ азобини ўғлига сездирмаслик учун ўзини дадил тутишга уринар эди, чунки бу учрашувга кўланка солишни, ёшларни ўз дарду ҳасратлари билан чалғитишни хоҳламас эди, гарчи ичида Оллоҳга ёлбориб, тонггача – ўғли ўз кулбаси томон кетгунига қадар сабр беришни тилаб турган бўлса-да, ўшандан сўнггина бемалол йиғлаши, ўкириши мумкин бўлади ва Оллоҳдан бор овози билан зорланиб илтижо қилади; даҳшатли қийноқларга дучор этмасликни Худодан илтижо қиларди, чунки ҳозир касал бўлишнинг мавриди эмас, айниқса табиб ва дуохонларга мурожаат қилиш пайти эмаски, уйга қизиқсинувчи бегона кимсаларнинг эътиборини қаратмаслик керак, ахир ўғлининг тақдири қил устида-ку. Она ўз муножоти давомида башарти унинг ажали етган бўлса, то ўғли Чотқол довонидан эсон-омон ўтиб олгунига қадар озроқ муҳлат беришини Оллоҳдан ёлбориб сўраган бўлар эди. Агар вақти-соати етган бўлса, нима ҳам қила олардик, майли унда ўша қудратли Эгам уни маҳв эта қолсин. Аммо ҳозирча унинг жонини олмай турса дуруст бўларди. У бу муҳлатни асло ўзи учун эмас, балки фақат ўғли ва оламда унинг учун азиз бўлган келини учун сўраётган эди. Агар гап ҳаётнинг моҳияти, одамнинг бу дунёда нима учун яшаши, умри давомида ҳаётда қандай рўшнолик кўргани ҳақида кетса, ўшанда бахтсиз, ўғли давлат қочқини бўлган кекса Бексаат, тақдир унга шундай инсонни – унинг Саидасини туҳфа этганидан беҳад шод ва мамнун эканлигини айтган бўлармиди. Ва агар унинг келинига бахт дариғ этилган бўлса, у ҳам шундай шўрпешона бўлса, унда бахт кимга, нимага хизмат қилади, у қандай аёл зотига туҳфа этилган?.. У нега одамларни йўлдан оздиради? Ахир усиз бу ёруғ дунёда яшаш амри маҳол-ку…
Бундай ўй-хаёллар кампирни ҳолдан тойдирарди. Ўйламасликка ҳам унинг иложи йўқ эди, биқинидаги оғриқ қадалиб, тинчлик бермас эди. Дард дардманд билан ҳамиша бошқаларга эшиттирмай суҳбатлашади. Кекса Бексаат дилида нималар кечаётганлигини ошкор этмасликка астойдил ҳаракат қиларди. Исмоил ўшанда ёз бошланиши билан қай йўсинда Чотқолга йўлга чиқишларини орзу қилиб ва маълум бир қарорга келиб: “Чотқолга бутун оиламиз билан бирга жўнаб кетамиз. Шунга тайёргарлик кўриш керак, ҳаммасини атрофлича ўйлаб кўрмоқ даркор”, – деяр экан, онаси:
– Ўғлим, энди мен қариб қолдим, ўзларинг бораверасизлар, мен эса бу ерда қолиб, сизларни дуо қилиб ўтираман.
Исмоил бунга астойдил ва очиқ кўнгиллик билан эътироз билдирди:
– Йўғ-э, сиз нима деяпсиз, шу сўзни айтишга қандай тилингиз борди? Биз сизни нега қолдириб кетар эканмиз? Бу бўлмаган гап. Сизсиз бир қадам ҳам силжимасмиз. Йўқ-йўқ, мен сизни зинҳор ташлаб кета олмайман. Бунақаси кетмайди. Ўзим сизни опичлаб бораман, эна.
– Оҳ, ўргилай сендан, болажоним, сўзларингни Оллоҳим эшитсин. Қувватим етганда ўзим ҳам эмаклаб бўлса-да борган бўлардим, хасталигу қарилик қурсин, – дея қўшиб қўйди журъатсизлик билан ўғлини ранжитмаслик учун. – Сизлар билан бирга бўлиш мен учун, албатта, яхши бўлар эди-ку, аммо бу ёғи ҳали нима бўларкин?
– Эҳ, менинг жонсарак энажоним! Мен сени яхши тушунаман, эна, аммо бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. – Саида қайнонасини қувватлаб, жилмайди. – Худо хоҳласа, унгача яхши бўлиб кетасан. Ана айтди деярсан. Ўшанда бир қарорга келамиз-да жўнаб кетамиз. Ва сени Чотқолдаги акаларингга: “Мана, биз келдик, қабул қилинглар! Синглингизни ҳам олиб келдик, у билан бирга ўзимиз ҳам қўноқ бўламиз…” – деймиз.
Унинг сўзларидан беихтиёр ҳаммалари қўшилишиб кулиб юборишди. Қайнона эса келини гапни унинг касали ҳақида бораётганидан чалғитишга интилаётганини тушунди. Ҳа, у тўғри қилган эди.
Ўзаро умидбахш ва кўнгил очувчи бу суҳбат билан кеча ўтиб борарди. Айниқса Исмоил кўтаринки руҳда эди. Икки марта ухлаб ётган Омонтўрани қучоқлаб ўпиб, унга пичирлади: “Мана, сен билан Чотқолга, тоғаларимизникига жўнаймиз. У ерда ҳамма одамлардек яшаймиз. Сенга кичкина тойчоқни ўргатиб бераман, сен уни миниб, тоғларда чоптириб юрасан. Ана ўшанда буни кўрган момонг билан онанг қувончдан чўчиб кетишса керак-а?”
У энди Чотқолга жўнаш учун нима қилиш кераклигини батафсил тавсифлаб беришга киришди.
“Авваламбор ёзни, йўлнинг очилишини кутмоқ керак. Ҳозирча эса бирон кимса шубҳаланиб қолмасин учун сир сақлаб яшириниб туришга, сўнгра эса вақтни бой бермай, дарҳол йўлга тушишга тўғри келади. Бунинг учун эса ҳаммасини олдиндан мўлжаллаб, тайёрлаб қўймоқ керак. Довонда қиш ариганича йўқ. Ҳали бўронлар кўтарилиши мумкин дейишади. Демак, иссиқ кийимлар, айниқса пойафзал ҳозирлаб қўймоқ даркор. Тоғ-тошлардан, сўқмоқлардан, қор уюмларидан чидамли пойафзалсиз пиёда ўтиб бўлмайди. Сўнг бир ҳафтага етарли овқат ғамлаб олишимиз керак. Кўпроқ талқон, ҳамда қайнатиб пиширилган ва хом гўшт, қозонча, тузи, ўтини билан. Довонда қор ва шамолдан бошқа ҳеч нарсани тополмайсан. Мен бу хусусда кўплаб ҳикоялар эшитганман. Гўшт ёғли бўлиши керак, деб тўғри айтарди энам. Чўпонлар фақат шу билан тирикчилик қилишади-ку. Улар довонларга қандай боришни яхши билишади. Ҳамма кўч-кўронларни, кийим-кечакларни ҳамда болаларга мўлжалланган баъзи бир кўрпа-тўшакларни хуржунларга жойлаштириб олишарди. Хуржунларни эса эшакларига юклар эдилар. Эшакларни эса қаёқдан оламиз? Иккита эшак керак. Бирига юкларни ортамиз, иккинчисида эса қўлида набираси Омонтўра билан энам кетишади. Ўзимиз эса пиёда борамиз. Шошмай тур, Саида, ҳозир эшаклар хусусида айтаман. Хўш, Оллоҳнинг ўзи бизларни ёрлақади. Бир пайтлар Қўйтош сойлигида олтин қазувчилар ташлаб кетган еттитача яғир эшак кезиб юрганини сенга айтган эдим, эҳтимол, ёдингдан кўтарилган бўлса керак. Ким билсин, бу келгиндилар қазишгани олтинмиди ёки бошқа бир нарсами, ҳар қалай ўз ишларини тугаллаганларидан сўнг эшакларни ташлаб кетишган, ўзлари эса, эҳтимол, поездда жўнаб кетишгандир. Бу эгасиз эшаклар куздан бери ўша ерда, яйловда ўтлаб, истаганча ғарам чеккаларини ғажиб, бултурги похол уюмларини титиб кун кечирарди. Балки уларни кимдир кўргандир, аммо улар кимга, нимага ҳам керак дейсиз, овулнинг ўз эшаклари етарли. Бу билан нима демоқчиман? Бир жуфтини кўз остимга олиб, аста-секин боқиб парвариш қиламан. Вақти-соати келиб, тунда ҳайдаб келаман. Юкларни ортиб, ярим тунда Чотқол сари равона бўламиз, чунки эрта тонгда овулдан қанчалик узоқлашсак, шунча яхши бўлади…”
Орадан кўп ўтмай аввал олисдаги, сўнг қўни-қўшниларнинг хўрозлари қичқириша бошлади. Исмоилнинг жўнаш пайти ҳам келди. У тараддудланар экан, кетиш олдидан кичкинтойи тепасига келиб эгилди, сўнг хайрлашиш олдидан онасига айрим сўзларни тайинлади. Ўшанда тонг ёриша бошлаб, ҳали бутун овул уйқуда эди. Қор ёғадиганга ўхшарди – осмонни бутунлай булутлар оқими қоплаб олган эди. Саида уни ҳовлига кузатиб чиқар экан:
– Исмоил, қулоқ сол, агар эртага сени шу жойда кутиб турган бўлмасам, сен уйга кирмагин, шу заҳотиёқ ортингга қайтиб кетавер, – деди.
– А нега, нима бўлди? – Исмоил хавотирлана бошлади.
– Энамнинг касали оғирга ўхшайди. У сени хафа бўлмасин деб билдирмасликка ҳаракат қилди. Аммо уни даволаш зарур. Уни табибга кўрсатиш керак. Ахир бошқа йўли йўқ-ку.
– Ҳа, ҳали гап бу ёқда экан-да, – деди Исмоил гапни чўзиб. – Оғир касал дегин-а. Майли, гапингни инобатга оламан. Даволагин. Балки бирор гиёҳ ёрдам берар.
Шу билан улар хайрлашдилар. Саида яна анчагача ундан нигоҳини узмай кузатиб турди. У томорқалар бўйлаб ўзига таниш сўқмоқлардан кетиб борарди, мана чеккадаги қўшнилар – Сотимқул ва Тўтиой холанинг ҳовлисидан ўтиб, катта ариққа бурилди ва кўздан ғойиб бўлди. У бирон зот кўринмайдиган жойлар орқали, чийзорлар орасида яшириниб, ўзининг тоғ этагидаги ғорига қандай қилиб етиб олишини ва зилдай пўстинга бурканиб, ухлагани ётишини Саида ўзича тасаввур қиларди. Лекин бу сафар унинг дили хиёл равшан эди, чунки Чотқолга кетиб яшаш нияти амалга ошаётгандек эди.
Саида уйга қайтиб, остона ҳатлаб кириши биланоқ, худди уни кутиб тургандай, фалокат ёпирилган эди – қайнонаси ҳушидан кетиб, секин инграб ётарди. Саида у томон отилиб, тиз чўкканча кампирни қучоқлаб олди. Кампирнинг аҳволи оғир эди. Бағрига босаркан, унинг қанчалик нимжонлашиб, чўпдек озиб-тўзиб кетганлигини сезди. Агар рўмоли остидан чиқиб турган оппоқ соч толаларини айтмаганда, уни ўспирин йигит деб ўйлаш мумкин эди: аранг нафас оларди. Саида қайнонасининг сўниб бораётган кўзларига қарашга чўчиди.
– Эна, энажон, тинчлан. Ҳозир енгил тортасан, ўзингни қўлга ол. Ҳозир сенга ёрдам бераман! – саросимага тушиб гапирарди Саида. – Қаеринг оғриётганини менга кўрсат. Мана шу ерми? Нима қилиш керак энди? Ҳозирча иссиқ кигизни, сўнгра эса қиздирилган донни босаман. Қайноқ чойни ҳам… Сен фақат чидаб турсанг бўлгани.
Уйнинг у ёғидан бу ёғига елиб-югуриб, товада маккажўхори донларини қиздириб, кейин уларни тугунчаларга солиб касал қайнонасига босиш учун олов ёқаётиб, Саида саросимага тушган ҳолда энди нима қилишини ўйларди. Бундай пайтларда одатда кечиктирмай касални биладиган одамларга кўрсатиб, маслаҳатлашиб олиш, кейин эса – бу энг муҳими – шу атрофдаги биронта таниқли табибни таклиф қилиш зарур бўлади. Аммо яшириниб юрган Исмоил учун бунинг ҳаммаси ногаҳоний қўрқинч туғдирар эди. Эрини яшириш эса Саида учун, ҳар қандай ҳолатда ҳам, муҳимлигича қолаверарди.
Боёқиш Саиданинг эри ва қайнонаси орасидаги ўй-фикрлари қоришиб кетган эди. Кейин эса кампирни тўшакка ётқизгач, у бироз исиб олиб, инграшу оҳвоҳлари андак тинчигандан сўнг, Саида бир қарорга келди.
Тонг отиб қолган эди. Саида боласини тезгина эмизгандан сўнг уни қўшниси Тўтиойникига, ўз болалари билан бирга, бир-икки соатга қараб туриш учун элтиб берди. Ўзи эса бир йил аввалги доя момоси олдига, нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳатлашгани жўнади. Доя момо ўзи билан таниш бўлган кинначи аёлни ҳам бирга олиб боришга ваъда берди. Ниҳоят, улар пешинга яқин, Саиданинг сабр косаси тўлиб-тошган кезда етиб келишди. Аммо уларнинг ташрифи ҳамдардлик кўринишидагина бўлди. Ўтиришди, сўраб-суриштиришди, чой ичишиб, кекса Бексаатга яхши ниятлар билдириб, уни тинчлантиришди ва дарё ортидаги Арча овулчасида истиқомат қилувчи машҳур кекса табиб – Муса эмчини чақириш лозимлигини тавсия қилишди. Яна Саиданинг қўшниси Тўтиойдан қайнонаси олдида ўтириб туришни илтимос қилишига тўғри келди ва яхшиям қўшни касалга ва бира тўла болага қарашга рози бўлиб, ўзининг болаларини ҳам олиб келди.
Саиданинг ўзи эса баъзан йўл билан, баъзан сўқмоқ орқали дарё ортидаги Арча овулига, табиб Муса эмчининг олдига югуриб кетди. Уни уйида учратганидан беҳад қувонди. Табиб кечга яқин етиб боришини айтди. Саида яна уйига шошилди, яна қишда саёзланган дарёни кечиб ўтганида тиззадан ошган муздек сув заҳри суяк-суягидан ўтиб кетди. Тезда пойафзалини кийиб, тоғ ёнбағирлари бўйлаб жадал юриб ўзига келди, сўнг эса ҳатто қизиб ҳам кетди.
Боришда ҳам, келишда ҳам, бутун йўл бўйи, унинг миясида фақат биргина фикр – бу оламда нимаики содир бўлар экан, Яратганнинг иродасисиз бўлмас, илоҳим, унинг Ўзи қайнонасини паноҳида асрасин, чунки унинг аҳволи соат сайин оғирлашиб бормоқда… Бироқ унинг қалбини тирнаётган нарса фақат шугина эмас эди. Бу ёғи энди нима бўларкин, қайнонаси касал бўлса, ўйлашича, бу узоқ давом этса, боласи нима бўлади, унга ким қараб туради, эрининг аҳволи не кечади, энди у уйга бош тиқа олмаслиги, ўзи ҳам унинг тоғдаги яширинган жойига югуриб боролмаслиги ҳақида ўйлайвериб гарангсиб қолган эди.
У қайнонасига шифо бериб, аввалгидек ғимирлаб, уйда бирон юмуш билан машғул бўлишини, энг муҳими – ҳадиксиз, эмин-эркин яшаш орзу қилинган ўша ажойиб кунлар келиши билан бутун бир оила бўлиб Чотқолга йўл олганларида онаизорнинг эгарланган эшакда кета олишига мадад сўраб илтижо қиларди. Ахир қанчалаб одамлар касалланадию яна соғайиб кетишади, наҳотки унинг тақдирида бу ёзилмаган бўлса? Ўйларди у. Агар қайнонаси касаллигича қолса, унда Чотқолга бориши нима бўлади – ёлғиз ўзини ташлаб кетиб бўлмайди-ку? Агар касалнинг ёнида қолса, унда Исмоилга нима бўлади? Унда бу кун бўлмаса эртанга кун уни кўриб қолишлари турган гап-ку: кўрибсизки эрта-индин далаларда турли-туман баҳорги ишлар бошланиб, молларни яйловга ҳайдашади, борадиган жойи қолмайди, униси бўлмаса буниси уни кўриб қолиши мумкин, шу билан ҳаммаси тамом вассалом…
Саида музлаб қолган ўнқир-чўнқир ерлардан елиб борар экан, бу мушкул аҳволдан қутулиш йўлларини излаб, хаёл гирдобида сузарди.
Энди унинг бутун умидлари шифокор Муса эмчида эди. Ҳурматли қариянинг донғи теварак-атрофга кетган бўлиб, одамларни гиёҳлар ва сут билан даволарди. Энди Саида Муса эмчини даволашнинг шундай сирасрорларини қўллашда Оллоҳнинг Ўзи мададкор бўлишини сўрарди. Бексаат бир неча кун ичида касалдан фориғ бўлиб яна уй юмушлари билан шуғулланиб юриши, яна тунлари Исмоилни кутиб, ҳозирлик кўришлари ва ўша кунлар насиб этиб, ҳаммалари иккала эшакда юклари билан Чотқолга жўнашлари ҳақида суҳбатлашар эдилар…
Ўзи ваъда берганидек, Муса эмчи кечга яқин етиб келди. Бундан бироз илгари Саида қария уйларини адашмасдан топиб келсин учун уни тепалик ёнида кутиб турган эди.
Унинг тулки телпакда, кулранг эшакчада келаётган қиёфасига кўзи тушгач, биқинидаги оғриқ кун бўйи, эрта тонгдан то оқшомгача ҳаловат бермаган, эмчининг келишини эшитиб бироз тетикланган касал учун ҳаммаси илоҳим яхшиликка бўлсин, дея яна Оллоҳга илтижо қиларди.
Муса эмчи – жуссадор, норғул, қорачадан келган, қирғий бурунли, оппоқ соқолли ва кўринишдан ўта салобатли, синчков бир қария эди. Ана шу қарашларию сўзлашиш оҳангида унинг бутун борлиғи намоён этилган эди.
– Қизим, бу ерда совқотиб қоласан-ку, ўзим Бексаатнинг уйи қаерда деб сўроқлаб топиб келардим-ку, – деди у йўғон овозда, Саида кутиб турган жойга яқинлашар экан.
– Зарари йўқ, безовта бўлманг, совқотганим йўқ, – жавоб берди Саида, – Сиздек эмчи отамизни кутиб олмасак, кимни кутиб олардик! – деди у чолга жилмайиб.
– Йўғ-э, ростданми, – давом этди отахон, – қани бошла, у қаерда, бечора Бексаат, унга нима бўлди? Офатни қаранг-а, ўғил урушда, ўзи бетоб, теваракатрофда совуқ ва очарчилик ҳукмрон…
Қария эшакдан тушди, иккалалари уй томон йўналишди.
– Эрингдан хабар борми? – қизиқди Муса эмчи.
– Йўқ, кўпдан бери ундан бирон хабар йўқ, – бу саволдан у алланечук бўлиб кетди. Қария сукут сақлади-да яна қўшиб қўйди. – Нима ҳам дердик, урушуруш-да. Аммо ҳамманинг пешонасида ўз ёзиғи бор.
“Бу билан у нима демоқчи бўлди?” – ўйлади Саида ва чол ҳозир кутилмаганда: “Сенинг Исмоилинг қочиб юргани ростми?”, деб сўраб қолишини кутди.
Аммо чол ҳеч нима демади, шу пайт улар ҳовлига кириб келишган эди. Саида қарияга кўмаклашиб, уйга бошлади, остонага яқинлашгач, Муса эмчи тўхталиб:
– Қизим, сенга қанчалик оғир эканлигини тушунаман, – деди у панднасиҳат қилгандай, юзига осойишталик билан қараб. – Ҳаммаси яхшилик билан тугайди деб умид қиламиз. Беморни кўздан кечириб, уни қандай даволаш зарурлигини назарда тутган ҳолда гиёҳларни ўзим билан бирга олиб келдим. Мана уларни эслаб қолгин – мен ўзим айтганимдан ташқари ҳеч нимани сўрабсуриштириб ўтирмагин. Тушундингми, мени?
– Ҳа, Эмчи ота, сизни тушундим.
Муса эмчи остонадан ҳатлаб ўтгач, аввало оппоқ оқарган мўйловлари остидан жилмайиб, бурчакда ётган касалга:
– Бу нимаси, Бексаат, бемаврид касал бўлибсан, сабр қилиб турсанг бўларди.
Қайнонаси табибга шу оҳангда жавоб қайтаришга куч топмади.
– Кони азобга қолдим, Муса эмчи, – зўриқиб, изтироб ичида инграб гапирарди кампир. – Балки бирон дори-дармон топарсан.
– Қани-қани, ҳозир бир йўлини ўйлаб топармиз.
Саида халал бермаслик учун бир бурчакда жимгина турарди. Муса эмчи бемор қаршисида ўз иши билан машғул бўлиб турганда, Саида бунақа кечада ёлғиз ўзи қолмаслиги учун овулдаги биронта кампир ёки қўшнисини чақириб келиш зарурлигини ўйлаб, энди бу ерга йўлай олмайдиган Исмоил учун жуда қайғурарди. Эри учун ҳам ва овулнинг шундоққина биқинида яшаб туриб, пиёда ярим соатлик йўл юриб ёлғиз ўғлини кўриш имкониятидан маҳрум бўлган қайнонаси учун бундай аламли ачинишу изтиробли кечинмалар унинг қалбини тирнарди.
Шу пайт Муса эмчи диққат билан, худди бошқаларга номаълум бўлган товушларни илғаётгандек, қовоғини уйиб, беморнинг томир уришини пайпаслаб кўрар экан унинг ориқлаб кетган қоқсуяк қўллари худди ёш болаларнинг қўлчаларини эслатарди. Сўнгра табиб, одатдагидек, дам кафти билан беморнинг қорнию биқинларини силаб, дам бармоқлари билан секин босиб, унинг қаршисида ўтирганича фақат ўзига маълум бўлган нарса хусусида жиддий ўйлар экан, унинг нигоҳида умидсизлик аломатлари шунчалик бўртиб кўринарди. Саида буни сезмасдан қолмади. У печка ортидаги бурчакда табибнинг юз-кўзларида ифодаланаётган маънони уқиб олаётгандек юраги орқага тортиб кетди. Қария Муса эмчининг узоқ сукут сақлаши эса борган сари уни ташвишга соларди. Саида шу топда касалнинг ўзи бошидан нималарни кечираётганини англаб, уни олдинда яна нималар кутаётганини билишга ҳаракат қиларди. Шу топда унинг ҳоли не кечди экан, онасидан хавотирсираётганмикин, аммо иложи қанча, бу хусусда унга бирон нима дейишга ҳақи йўқ. Ҳаммаси учун қайғуради, ҳаммаси учун хавотирсирайди, ҳаммасидан ҳадиксираб яшаб, ҳамма бало-қазолару азоб-уқубатларни ўз гарданига олишга тайёр эди, аммо тобора ҳолдан тойиб, ўлим сари юз тутаётган қайнонаси олдида у ожизу нотавон эди. Кўз ёши қуйилиб келар, лекин кўзини бемордан олиб қочар, аммо ўзини босиб олиш учун эса катта сабр-тоқат керак эди.
Қария Муса эмчи эшагига ўтириб дарҳол жўнаб кетмади, қоронғи тушиб қолган эди, у ҳовлида Саида билан хайр-маъзурлашаркан: уйда энди бир ўзинг ёлғиз ўтирма. Мени бошқа кутманглар, – деди.
Гап нима ҳақда кетаётганини Саида ярим оғиз сўздан тушунди.
Деразадан елган совуқ шабада ортидан уйга ҳам кўзга кўринмас совуқ нафас кириб келганидек, кекса табиб эшагида қоронғулик қаърига шўнғиб ғойиб бўлиб кетгандан сўнг у бутун вужудини чексиз ёлғизлик қамраб олганини ҳис этди. Саида ҳам рутубатли кунлар яқинлашиб келаётганига қарамасдан ўз келинлик бурчини адо этишга тайёр эди. Ҳаммасини ўз елкасига олиш энди унинг зиммасига тушарди. Ўзи учун ҳам, қариянинг ўғли ва қулоқларга қарши кураш дастидан Чотқолга қочган ака-укалари Ҳусанқул ва Ўринқулларнинг қариндош-уруғлари учун ҳам сўнгги нафасигача қайнонасининг бошида бўлишни у кўнглига тугиб қўйди. Ҳаётдан кўз юмаётган қайнонаси олдида ҳамма учун ва ҳамма нарса учун тириклар зиммасига тушган юкни энди Саиданинг бир ўзи кўтаришга тайёр эди. Уйга бош суқар экан, у “ўлим барҳақ, у одамларни иноқлаштириши керак, ундан бошқаси бекор” деган аҳду-паймонни ўз дилига туккан эди.
Шу ондан бошлаб Саида жон талвасасида ётган қайнонаси ёнидан бир қадам ҳам жилмай қўйди. Қийналиб, азоб чеккан кекса аёлнинг ҳаёт шами сўниб борарди. Тобора тилдан қолаётган эса-да бор кучини йиғиб, оғир нафас олган ҳолда, ғам-андуҳли ва аянчли бир қиёфада келинининг юзига боқар экан, аёл унга сўнгги видо сўзини айтмоққа чоғланган кўринарди. Бу дил тубидаги ва олдин ҳам эмас, кейин ҳам эмас, балки умрининг энг охирги дақиқаларида айтилиши мумкин бўлган видолашув сўзи бўлса ажаб эмас, бироқ уни ифода этишга аёлнинг мажоли етмасди. Бу пайтда ундан-бундан қария Бексаатнинг жони узилаётганини эшитиб, ҳовлида одамлар тўпланиб қолишди. Улар жимгина келишарди. Одамларнинг бир қисми ачиниш ва изтироб чеккан ҳолда, ўз муносабатларини оғир хўрсиниш билан ифодалаб келиб-кетишар, айримлари эса, ортиқча шов-шувсиз, бундай пайтларда олдиндан уйда кўриладиган тайёргарлик пайидан бўлишарди: бирлари ўтин ташиган, кимдир товоқчада ун, куйдирилган мой келтирарди. Яна бировлари қўни-қўшнилардан идиш-товоқ йиғишар, ҳовлида эса оёқ остига сомон сочиб чиқишарди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?