Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 19 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
– Ўғилми? – деб сўрадим.
Аёл бош ирғаб қўйди. Кўриб турибман, бечора совқотиб қолган, эгнида юпқа палто. Мен бўлсам қишда ҳам калта пўстин устидан плаш кийиб юраман: бизнинг иш шароитимизда бусиз мумкин эмас. Болани бир қўлимда ушлаб туриб, унга иккинчи енгимни чўздим.
– Плашимни ечинг. Бунақада шамоллаб қоласиз.
– Йўғ-э, қўйинг, овора бўлманг, – деб кўнмади у.
– Тортинг, тортаверинг! – деб туриб олдим мен.– Ёпиниб олинг.
У плашга ўралиб олди, шамол кирмасин деб этакларини оёғи остига қистириб қўйдим.
– Бироз исидингизми? – деб сўрадим мен.
– Ҳа, исидим.
– Йўлга намунча кеч чиқдингиз?
– Шундай бўлиб қолди, – деди у оҳистагина.
Шу пайт биз дарадан кетаётган эдик. Бу ерда кончилар посёлкаси жойлашган эди. Ҳамма уйқуга кетган, деразаларда биронта чироқ кўринмасди. Итлар вовиллаб машина кетидан чопишарди. Шунда бирдан, бу аёл қаёққа бораркин, деган фикр хаёлимга келди. Мен, нима учундир, у конга кетаётган бўлса керак, чунки у ёқда борадиган жой йўқ, довон, ундан кейин эса бизнинг участка, деб ўйлардим ўзимча.
– Сиз етган бўлсангиз керак? – дедим унга ва кабинани тақиллатдим. – Биз ҳам етай деб қолдик, довонга келяпмиз. Машина нарига бормайди.
– Бу ер қанақа жой? – деб сўради у.
– Кон. Сиз бу ерга келаётганингиз йўқми?
– Мен… мен шу ерга келаётгандим, – деди у қимтиниб. Кейин «дик» этиб турди-да, менга плашни бериб, қўлига болани олди. Бола ҳиқиллай бошлади. Мен бортга яқинроқ келиб, унга ёрдамлашиш учун ерга сакрамоқчи бўлдим. Бироқ бу бечорага бир гап бўлган, бошига бирон мусибат тушган кўринади, деб ўйлаб қолдим. Совуқ тунда ёлғиз ўзини ташлаб кетсак қандай бўларкин?
– Сизнинг борадиган жойингиз йўқ! – дедим мен унга рўйи-рост. – Ёмон хаёлларга борманг, тағин. Болани буёққа беринг! – деб қўлидан гўдакни шартта олдим. – Сўзимни қайтарманг. Тунни бизникида ўтказасиз, кейин ихтиёр ўзингизда. Кетдик! – қичқирдим шофёрга.
Машина қўзғалди. У бошини қуйи солиб, жимгина ўтирарди, билмадим, эҳтимол йиғлаётгандир.
– Хавотир олманг! – деб тинчлантирдим уни. – Мен сизга ҳеч қанақа ёмонликни раво кўрмайман. Мен йўл мастери Бойтемир Қулов бўламан. Менга бемалол ишонаверинг.
Уларни ўз хонамга жойлаштирдим. Ўзим унга тақаб қурилган бўш уйчамизга кириб, ёғоч каравотга ётдим.
Алламаҳалгача ухлай олмадим. Ўйлар гирдобида қолдим. Тинчимни йўқотдим. Сўраб-суриштириб ўтириш жуда ноқулай эди. Ўзим ҳам буни ёқтирмайман, аммо барибир айрим нарсаларни сўрашга тўғри келди. Эҳтимол у бечорага менинг ёрдамим керакдир. У саволларимга истар-истамас қисқа-қисқа жавоб қайтарарди. Бироқ мен айтилмай, унинг юрагида қолиб кетаётган гапларни ҳам англаб турардим. Агар инсоннинг бошига мусибат тушса, унинг ҳар бир сўзининг тагида яна айтилмай қолган ўнлаб сўз ётади. У эрини ташлаб, уйидан чиқиб кетибди. Такаббурроқ бўлса керак, азоб чекаётгани, куюнаётгани сезилиб турибдию, аммо ҳеч таслим бўлмоқчи эмасди. Нима ҳам дейиш мумкин, ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Нима қилса ўзи билади. Шундай бўлса ҳам бу ёшгина аёлга жуда раҳмим келарди. У ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қизчага ўхшарди, қадди-қомати келишган, чеҳрасидан нур балқиб турарди. Одатда у меҳрибон, ширинсўз эди, эҳтимол, самимий аёлдир. Шундай жувонни ҳамма нарсадан маҳрум этиб, бош олиб кетишга мажбур этган қанақа инсон экан-а? Бунга сира тушунолмасдим. Келинг, менга нима, бу уларнинг иши. Эртага бирор машинага ўтказиб қўярман.
Ўша куни ўйлайвериб чарчаб кетдим, кўзим илиниши билан ўзимни машинада кетаётгандек ҳис қилдим. Калта пўстиним остига жажжи болани ўраб олганмишман. Гўдакнинг баданига иссиқ югуриб, кўксимда маза қилиб ётганмиш.
Тонготарда ўрнимдан турдим. Йўлларни кўздан кечириб келгани кетдим, аммо тез орада қайтдим. Меҳмонларим нима қилишаётган экан, деган ўй миямдан кетмасди. Уларнинг уйқусини бузмаслик учун эҳтиётлик билан олд хонадаги печкага ўт ёқиб, самовар қўйдим. Аммо у аллақачон уйғониб, кетишга ҳозирлик кўраётган экан. У менга миннатдорчилик билдирди. Уларни чой ичирмай жўнатмадим, бир оз кутиб ўтиришга мажбур қилдим. Тунги кичкинтой ҳамроҳим ажойиб бола экан, одамга сира тортинмай келаверади, ҳеч нарса билан иши йўқ. У билан ўйнашиб ҳузур қилдим, хумордан чиқдим: у билан дарҳол кўникишиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетдим. Чой устида аёлдан сўрадим:
– Қаёққа боришингиз керак? Йўловчи машина тўхтатайми?
У бир оз ўйланиб турди-да:
– Рибачега, – деди.
– У ерда қариндошларингиз борми?
– Йўқ. Қариндош-уруғларим овулда, Тўсўрнинг нариги ёғида.
– Ээ, унда сиз ана ўша томонга борадиган бошқа машинага ўтиришингиз керак. Бўлмаса қийналиб қоласиз.
– Мен барибир у ёққа бормайман. Боришимиз ҳам мумкин эмас, – деди у ўғлига ўйчан боқиб. – Ўзимиз айбдормиз…
Мен уни ота-онасининг розилигисиз турмушга чиққан бўлса керак, деб ўзимча тахмин қилардим. Кейин билсам, ҳақиқатан ҳам шундай экан.
У кетишга тайёрлана бошлади, бироқ мен уни боласи билан шамолда туриб қолмасин деб бир оз уйга кириб кутиб туришга кўндирдим. Машинани бир ўзим тўхтатсам ҳам бўлади-ку, ахир.
Юрагим эзилиб, йўлга чиқдим. Уларнинг кетишини, ўзимнинг эса ёлғиз қолишимни ўйласам негадир яна қайғум ошиб, хаёлим паришон бўларди.
Аввал йўловчи машиналар келавермади. Кейинчалик бўлса биттасини кўра туриб атайин ўтказиб юбордим, қўл кўтармадим. Аммо бу қилмишимдан ўзим чўчиб кетдим. Нега бундай қиляпман? Ана шундан бошлаб мени дард-аламларим изтиробга солиб қийнай бошлади. Машиналар бирин-кетин ўтиб борарди, мен эса уларнинг бирортасини ҳам тўхтатмай, ғайриихтиёрий равишда вақтни чўзардим. Энди келганини тўхтатаман, дердиму, аммо қўлим яна кўтарилмасди. Уятдан юзларим лахча чўғ бўлиб ёниб, терлаб кетдим. Бу нима қилганим:
бировни алдаб, йўлидан қолдиряпман-ку! Қандай ҳаққим бор бунга? Уйда у менга ишониб умид билан кутиб ўтирибди. Йўл бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юра бошладим. Ўзимдан ўзим чўчирдим. Менга бир бало бўлаётгандек эди. Қандайдир баҳонаю сабаблар қидириб топардим. Гоҳ ойнаси синиқ экан, кабина совуқ бўлади, дейман; гоҳ машина кўнгилдагидек бўлмасди; гоҳ шофёри ёқмасди – ола-тасирчи кўринарди, эҳтимол, ичиб ҳам олгандир. Кабинаси банд машиналар ўтганда эса худди ёш болалардек қувониб кетардим. Ишқилиб, улар ҳозир кетмасайди, яна бир оз, яна беш-ўн дақиқа уйимда ўтира туришса яхши бўларди. «Ахир у қаёққа ҳам боради?– деб ўйлардим мен. – Ўзи айтди, овулга бориши мумкин эмас. Бошқа жойларда уларнинг ҳеч кими йўқ. Рибаче йўл устидаги серқатнов шаҳарча, у ерда ҳар хил одам яшайди. Боласи билан қаерга боради? Дурустроқ жой топгунча, қиш пайтида ўғлидан ажралиб қолади! Яхшиси, шу ерда бир оз яшаб туришсин, яна у ёқ-бу ёқни ўйлаб кўрсин, эҳтимол, эриникига қайтиб борар. Ё у хотинини излаб келиб қолар…»
Э, шўрпешона, яхшиси, тентираб юрмасдан унинг ўзини йўл ёқасига бошлаб келиб, жўната қолсам бўлмасмиди! Уч соатлар чамаси ер депсаб вақтни бекор ўтказдим. Ўзимдан-ўзим нафратландим: нега, нима учун бундай қиляпман-а? Йўқ, ҳозир уни бу ерга бошлаб келаман-да, ўзининг олдида машина тўхтатаман. Бўлмаса, ҳеч нарса қилолмай туравераман. Мен уйга қайтдим. У энди эшикдан чиқиб келаётган экан, кутавериб тоқати тоқ бўлибди. Мен уялиб кетдим, худди бирор гуноҳ қилиб қўйган ёш боладек унга жавдираб қарадим.
– Кутиб қолдингиз-а? – деб ғўлдирадим мен. – Йўловчи машиналар учрамади, тўғрироғи, учради-ю, аммо кўнгилдагидек эмас экан. Кечирасиз, тағин ёмон хаёлларга бориб юрманг. Худо ҳаққи, уйга кириб бироз ўтира туринг. Ўтиниб сўрайман!
У таажжубланиб, менга маъюсгина боқди-да, индамай уйга қайтиб кириб:
– Сиз менга ачиняпсизми? – деди.
– Йўқ, унинг учун эмас. Биласизми… Сиз учун ташвишланяпман. Қийналиб қоласиз. Қандай қилиб кун кечирмоқчисиз?
– Ишлайман. Суягим меҳнатда қотган.
– Қаерда ишлайсиз?
– Бирор ерга жойлашарман. Аммо уйга қайтмайман, овулга ҳам бормайман. Меҳнат қилиб кун кечираман.
Мен индамадим. Ҳаммаси тушунарли эди. У ҳозир ҳеч нарса ҳақида ўйламасди, кўзига ҳам ҳеч нарса кўринмасди.
Алам, ғурур уни номаълум томонларга ҳайдамоқда эди. Аммо «меҳнат қилиб кун кечираман», дейиш айтишгагина осон, ахир. Ишлаб кун кечириш тўғри-ку, лекин ҳадегунча унга эриша қолмайсан киши. Инсонни ўз эркига, хоҳишига қўймаслик ҳам яхши эмас.
Бола менга қараб талпинди. Уни кўтариб олдим. Унинг юзидан ўпарканман: «Эҳ, дўмбоғим, сендан ажралишга тўғри келяпти-ку. Қанийди сен билан бир умрга ажрашмасак. Ўз ўғлимдек қадрдон ва азиз бўлиб қолган эдинг менга», деб ўтказдим кўнглимдан.
– Ҳа, майли, юринг, – дедим кейин секингина.
Ўрнимиздан турдик. Мен болани кўтариб олдим, бироқ эшик олдига борганда тўхтаб:
– Иш бўлса бизда ҳам топилади, – дедим яна унга. – Шу ерда ишласангиз ҳам бўлади. Кичикроқ хона ҳам бор. Рост, қола қолинг. Шошилманг. Кетишга ҳар вақт улгурасиз. Яна ўйлаб кўринг…
У аввал индамай турди. Аммо мен ҳозирча бу ерда ишлаб туришнинг афзаллигини, сўнг нима қилиш зарурлигини ҳаёт ўзи кўрсатишини, кетгиси келса хоҳлаган вақтида кета олиши мумкин эканлигини айтиб, унда ишонч ҳосил қилдим.
Шундай қилиб, Асал ва Самад, ўғлининг исми шундай экан, бизнинг йўл участкамизда қолишди.
Ҳовлидаги қўшимча қурилган уйча совуқ эди, шунинг учун Асални ўғли билан менинг хонамда яшашга кўндирдим, ўзим бўлсам ўша ҳужрага кўчиб ўтдим. Менга шу уйча ҳам етарди.
Шу пайтдан бошлаб менинг ҳаётим ўзгариб кетди. Бир қарашда-ку, ҳеч нарса ўзгармагандек кўринарди, ҳамон аввалгидек сўққабош эдим, аммо мен ўзимни яна инсон ҳис қила бошладим, узоқ йиллик ёлғизликда совиган қалбим тағин илий бошлади. Мен энди якка ўзим яшамасдим… Одамлар билан кишилар орасида яшаш, ишлаш, дўстлашиш, умум ишини адо этиш, ёрдамлашиш ва ёрдам олиш нақадар яхши. Кунинг битиб, вақт-соатинг етиб ўлганингда ҳам бошқалардан кам қилиб кўмишмайди… Аммо шунга қарамай, ҳаётнинг бир томони борки, уни севгилингга бўлган меҳр-муҳаббатдан бўлак ҳеч нарса билан алмаштириб, тўлдириб бўлмайди… Мен кичкинтойга жуда ўрганиб қолдим. Участкага айланиб чиққан пайтларда ҳам уни иссиққина қилиб ўраб олиб, ўзим билан бирга кўтариб юрардим. Хуллас, бўш вақтимнинг ҳаммасини у билан ўтказардим. Шу пайтгача қандай қилиб яшаб келганимни тасаввур эта олмайман. Қўшниларим ҳам анча дуруст кишилар эди. Улар Асалга ҳам, Самадга ҳам меҳрибон эдилар. Болани ким севмайди дейсиз. Асалнинг ўзини олсак дилкаш, самимий, очиқ кўнгилли аёл, шунинг учун ҳам у участкадагилар билан тил топишиб, аралашиб-қуралашиб кетди. Менинг эса кичкинтойга ҳам, Асалга ҳам меҳру муҳаббатим янада ошиб кетди. Болага меҳрим онасига бўлган меҳр-муҳаббат билан пайваста эди. Ростини айтсам, ҳар қанча уринсам ҳам ҳис-ҳаяжонларимни ўзимдан ўзим яшира олмадим. Асални севиб қолган эдим. Бир умрга бутун қалбим билан ёлғизликда ўтказилган ҳижронли йиллар, барча азоб-уқубатларим эвазига уни беҳад севиб қолдим. Барча жудоликларим, ғам-ҳасратларим бу муҳаббатга мужассамлашган эди. Аммо буни унга ошкор этишга ҳаққим йўқ эди. Асал ҳамон эрини кутарди. Кутишга узоқ кутарди-ю, бироқ ҳеч сир бой бермасди. Биз йўлда ишлаётган кезларда унинг ҳар бир йўловчи машинани интизор ва умидвор кўзлари билан кутиб олиши ва кузатиб қолишини кўпинча сезардим. Баъзан ўғлини кўтариб йўл ёқасига чиқар ва у ерда неча соатлаб ўтирар эди. У кўрина қолмасди. У ким ва қанақа одам эканлигини билмайман, буни сўрамасдим ҳам, Асал ҳам буни ҳеч кимга сўзламасди.
Вақт ўтиб борарди. Самад ҳам улғайиб қолди. Оҳ, у жуда шўх, жажжи тойчоқ эдики, билмайман, биров ўргатганми ёки ўрганганми, ҳарҳолда у мени дада, дея бошлади. Кўрдими, бас: «Дада!» «Дада!» – деб бўйнимга осилади. Асал Самадга қараб ўйчан жилмайиб қўярди. Мен бўлсам ҳам қувонардим, ҳам юрагим ўртаниб азоб чекардим. Унга ота бўлишга минг бор рози эдиму, аммо нима ҳам қила олардим…
Ўша йили ёз кунларидан бирида биз йўл тузатаётган эдик. Машиналар бизни четлаб ўтиб борарди. Асал қўққисдан шофёрлардан бирига қараб қичқирди:
– Ҳей, Жонтой, тўхта!
Машина биздан бироз ўтди-ю, таққа тўхтади. Асал шофёр томон чопиб кетди. Уларнинг нима ҳақда гапиришганларини билмадиму, аммо Асалнинг тўсатдан кабинага қараб қичқира бошлаганини эшитиб қолдим:
– Алдаяпсан! Ёлғон! Ишонмайман! Йўқол бу ердан! Ҳозироқ йўқол!
Машина йўлига равона бўлди. Асал эса йўлни кесиб ўтиб, уйга қараб отилди. Афтидан, у йиғлаётган эди.
Латтадек бўшашиб, қўлим ишга бормай қолди. Ким бўлди у? Асалга нима деди? Шунга ўхшаган шубҳа ва тахминлар қамраб олди мени. Чидаб тура олмай, уйга юрдим. Асал ўғли билан уйда ўтирар эди. Ахири бўлмади, кечқурун унинг олдига кирдим.
– Самад қани? Уни жуда соғиниб қолдим! – дедим мен.
– Мана, бу ёқда, – деди Асал маъюсгина.
– Дада! – деб менга талпинди Самад. Уни қўлимга кўтариб, эркалатдим. Онаси эса ғамга ботиб, индамай ўтирарди.
– Нима бўлди, Асал? – деб сўрадим.
Асал чуқур хўрсиниб қўйди.
– Мен кетаман, баке, – деди у. – Бу ерда турмушим ёмон бўлганидан эмас, албатта, сиздан минг марта миннатдорман. Бироқ нега, қаёққа эканлигини ўзим ҳам билмайману, бошим оққан томонга кетаман…
У бу гапларни шунчаки айтгани йўқ, буни кўриб турибман, ғам-алам ичида кетиб қолиши мумкин. Ҳақиқатни айтишдан бўлак иложим қолмаган эди.
– Нима ҳам дердим, Асал, сени бу ерда ушлаб туришга ҳаққим йўқ. Аммо сен кетгач, бу ерда яшай олмайман, мен ҳам бош олиб кетишим керак. Вайрон бўлган уй-жойимни бир марта ташлаб кетганман. Ўшандан буён бир оз кўникиб қолгандек бўлувдим… Тасодифми бу ёки тақдирми, фақат сен ва ўғилчанг билан бирга бўлиб, ғам-ғуссаларимни унута бошлаган эдим. Буни гапириб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ, ўзинг биласан, Асал. Агар сен ҳозир кетадиган бўлсанг, бу ер ҳам Помирда қолиб кетган уйим каби мен учун ҳаромга айланади. Ўйлаб кўр, Асал… Мабодо у қайтиб келса ва қалбинг унга ундайдиган бўлса, сизларга заррача халал бермайман, доим эркинг ўзингда, Асал…
Мен шу сўзларни айтиб Самадни кўтариб олдиму, йўлга чиқдим. У ерда Самадни анчагача кўтариб юрдим. Бу тойчоғим ҳеч нарсани тушунмасди.
Асал шу кўйи вақтинча яшаб қолаверди. Аммо унинг нималар ҳақида ўйлаб юргани, қандай қарорга келгани менга қоронғи эди. Бу кунлар ичида мен озибтўзиб қорайиб кетдим.
Бир куни туш пайтида аллақандай иш билан ҳовлига кириб қолдим. Қарасам, Самад ажабтовур юришга интиляпти. Асал уни, тағин йиқилиб тушиб лат емасин, деб қўрқиб, сал ушлаб турарди. Мен тўхтадим.
– Баке, қара, ўғлинг энди юрадиган бўлиб қолди! – деди қувонч билан жилмайиб.
Нима деди у? Ўғлинг! Мен елкамдаги белкуракни ирғитиб юбордим-да, чўнқайиб ўтириб, тойчоғимни чақира бошладим:
– Той-той-той, бўталоғим! Қани, менга кел-чи, оёқларинг билан ерни тепкилаб юр-чи, дадилроқ бос!
Самад қулочини ёзиб юборди.
– Дада! – деб оёқчаларини энтак-тентак босиб, менга қараб чопди. Мен уни ушлаб олдим-да, бошим узра баланд кўтариб, бағримга қаттиқ босдим.
– Асал! – дедим мен унга. – Эртага бир болалар байрамини ўтказайлик-а. Сен оқ ва қора жундан тўқилган чилвир тайёрлаб қўй.
– Хўп, баке! – деб кулиб юборди у.
– Ҳа, ҳа, албатта оқ ва қора жундан тўқилган бўлсин.
Мен отга миндиму, чорвадор дўстларим олдига жўнадим, у ёқдан қимиз ва янги сўйилган гўшт олиб келдим. Эртасига эса биз кичкина байрамимиз – «чилвир кесиш» байрамига қўшниларимизни таклиф этдик.
Мен Самадни ерга ўтқаздим-да, оёқларини оқ-қора чилвир билан тушовладим, ёнига қайчини келтириб қўйдим. Сўнг ҳовлининг нариги чеккасида турган болаларга қараб буйруқ бердим:
– Кимки биринчи бўлиб чопиб келиб чилвирни кесса, ўшанга биринчи бўлиб мукофот берилади, қолганларга эса навбат билан улашилади. Қани, бошланглар, болалар! – деб қўл силтадим.
Худди пойгага қўйилган арғумоқлар сингари болалар бизнинг «ҳой-ҳув» ва шовқин-суронимиз остида қийқиришиб чопа кетишди.
Чилвир кесилиб бўлгандан кейин Самадга қараб:
– Қани, ўғлим, чопқиллайвер энди! – дедим. – Уни қўлидан ушлаб олиб юринглар, болалар!
Улар Самаднинг қўлидан тутишди, у ҳам болалар билан чопиб кетди. Мен эса уларнинг орқасидан, ҳеч кимга мурожаат қилмасдан, беихтиёр гапириб юборибман:
– Одамлар! Менинг тойчоғим чопқиллаб юриб кетди! У тулпордек илдам бўлсин!
Самад болалар кетидан чопқиллаб бора туриб, орқага қайрилиб: «Дада!» деди-да, думалаб тушди. Биз Асал билан иккимиз бараварига унга томон ташландик. Мен Самадни ердан кўтариб олганимда, Асал биринчи марта менга:
– Жоним! – деди.
Шу кундан бошлаб биз эр-хотин бўлиб қовушдик.
Қишда ўғилчамизни олиб овулга, чол-кампирлар олдига бориб келдик. Улар биздан жуда хафа эди, бироқ кейинчалик кечиришди, дуо қилишиб фотиҳа беришди.
Кунлар бирин-кетин сезилмай ўтиб борарди. Самад беш ёшга тўлди. Биз Асал билан жуда аҳил, жуда иноқ яшардик, фақат биргина нарса ҳақида оғиз очмас ва эсламас эдик. Асал у ҳақда ўйлармиди, ёлғиз қолганда уни эслаб ўйхаёлларга берилармиди, буни билмайман, бироқ биз гўё гап сўзсиз дилимизда ўзаро шартлашиб қўйгандек эдик: биз уни танимаймиз, биз учун у одам йўқ ва бўлмайди ҳам…
Аммо инсон кўнгли нималарни истамайди дейсиз. Бунинг устига яна шундай нарсалар ҳам борки, улардан қочиб қутула олмайсан. У яқиндагина бу ерларда пайдо бўлиб қолди.
Бир куни кечаси йўлда авария бўлиб қолди. Ёрдамчим билан икковимиз нима бўлганини билиш учун югурдик. Эҳтимол, бирор бахтсизлик юз бергандир. Етиб келдик. Аллақандай юк машинаси йўл чеккасидаги устунларга тумшуғи билан келиб урилибди. Ғирт маст шофёр ҳушидан кетиб тахтадек қотиб ётарди. Мен уни танидиму, аммо исмини эслаёлмадим. У бир куни бизни фалокатдан қутқарган ва машинамизни шатакка олиб, довонга олиб чиқиб қўйган эди. Дўланда эса машинани шатакка олиб юриш ҳазилакам иш эмасди. Илгарилари бу ерда бундай иш қилиш у ёқда турсин, ҳатто ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди. Бу шофёр бўлса, тиришқоқ, довюрак йигит экан, ҳар қанча оғир бўлса ҳам машинамизни участкагача судраб олиб келди. У менга жуда ёқиб қолди, кўнглимдагидек йигит экан. Ўша воқеадан кейин аллаким биринчи бўлиб довондан прицеп билан ўтмоқчи бўлибди, мақсадига эришишига оз қолган экану, аммо уддалай олмабди. Прицепни йўл ёқасидаги ариққа тушириб юборибдида, ташлаб кетиб қолибди. Мен ўшанда ўша довюрак йигитнинг иши эмасмикин, деб хаёлдан ўтказган эдим. Мард кишининг ўз мақсадига эриша олмаганига жуда ачинган эдим. Аммо ўша воқеадан кейин довондан прицеп билан ўтадиган бўлишди. Йигитлар машина ва прицепларни шароитга мослаштириб жуда тўғри иш қилган эдилар.
Виждонан айтсам, бу йигит Асал ташлаб кетган киши эканини билмасдим. Агар билганимда ҳам барибир шундай қилган бўлардим. Мен уни уйга судраб олиб келдим, шунда ҳаммаси ойдинлашди қўйди. Эшикдан ўтин кўтариб кириб келган Асалнинг кўзи унга тушди-ю, қўлидаги ўтинлари полга сочилиб кетди. Аммо гўё биринчи марта учрашаётгандек, бирортамиз ҳам сир бой бермадик. Айниқса мен ўзимни қўлга олишим керак эди, чунки эҳтиётсизлик қилиб бирон ноўрин сўз айтиб ёки ножўя ҳаракатим билан уларнинг кўнглига тегиб кетмасликка интилардим ва уларнинг бир-бировларини тушуниб олишларига халал бермаслик учун ўзимни тутишга ҳаракат қилардим. Энди мен ҳеч нарсани ҳал эта олмасдим. Энди ҳамма гап уларнинг ўзларида қолганди: улар орасида ўтмиш кечмишлари, мен бағримга босиб ва эркалаб каравотда олиб ётган ўғиллари бор эди.
Ўша туни бирортамиз ҳам мижжа қоқмадик, ҳар ким ўз ўйлари билан банд эди. Шу жумладан, мен ҳам.
Асал ўғли билан кетиб қолиши ҳам мумкин эди. Бу албатта уларнинг иши. Майли, улар юрак амри ва ақл-идроклари буюрганини қилишсин. Мен, мен эса… нима ҳам дердим, бунга менинг нима дахлим бор, масалани ҳал этиш менга боғлиқ эмас, уларга халақит бермаслигим керак…
У ҳозир ҳам шу ерда, мана шу йўлдан қатнайди. Шунча йиллар давомида қаерларда бўлганийкин у, нима билан шуғулландийкин? Аммо бунинг аҳамияти йўқ… Бу уларнинг иши…
Биз Бойтемир билан йўлни айланиб чиқиб, орқага қайтдик. Қош қорайиб қолган эди. Тянь-Шаннинг музли чўққилари устидаги осмону фалак баҳор оқшомининг бинафшаранг тусига кириб бораётганди. Машиналар йўлдан икки томонга қараб ғиз-ғиз ўтиб турарди.
– Мана, ҳаёт қанчалик мураккаб, – деди Бойтемир бироз сукутдан сўнг ўйчан. – Мен ҳозир уйдан кетишим керак эмас. Мабодо Асал кетиш хаёлида бўлса, майли. Фақат менга кетаётганини бир оғиз айтса бўлгани, ўғли билан сўнгги бор хайр-хўшлашиб, оқ йўл тилаб қоламан. Ахир Самад мен учун ўз ўғлимдай бўлиб қолган-ку. Бироқ уни ўз отасидан зўрлаб тортиб ололмайман. Шунинг учун мен ҳам ҳеч қаёққа бормайман. Айниқса Помирга… Мен буни сизга газета учун ҳикоя қилиб бераётганим йўқ, албатта. Шунчаки, инсон инсонга ўз дардини айтиб бераётгандек гапириб беряпман-да…
ХОТИМА ЎРНИДА
Биз Илёс билан Ўшда ажралишдик. У Помирга жўнади, мен бўлсам ўз ишларим билан кетдим.
– Бориб Алибекни топаман. Янгича ҳаёт бошлайман! – деди у йўл-йўлакай. – Мени энди тузалмас, тамом бўлган одам деб ўйламанг. Келажагим, ҳаётим ҳали олдинда. Кунлар ўтар, мен ҳам уйланарман, бошқаларга ўхшаб бола-чақали, уй-жойли бўларман. Ишлайман, дўст, ёр-биродарлар орттираман. Лекин фақат биргина нарса: умрбод, мангуга йўқотган нарсамни қайтара олмасам керак… Ўтган ишни ҳеч қачон қайтариб бўлмайди… Аммо ҳаётимнинг сўнгги кунларига қадар, то сўнгги нафасимгача Асални ва орамизда бўлиб ўтган ҳамма ширин дамларни сақлаб ўтаман.
Йўлга чиқиш олдидан кўлга, ўша тик тепаликка бордим. У ерда мен Тянь-Шань билан видолашдим, Иссиқкўл билан хайрлашдим. Хайр, Иссиқкўл, тугалланмай қолган оромбахш куйларим! Мовий тўлқинларинг ва олтин қирғоқларинг билан бирга қўшиб сени ўзим билан бирга олиб кетардиму, аммо севгилимнинг севгисини олиб кета олмаганимдек, сени ҳам олиб кетиш қўлимдан келмайди. Алвидо, Асал! Алвидо, қизил дуррачали сарвқоматим! Алвидо, севгилим! Бахтиёр бўлгил…
Мен Бойтемирдан эшитганларимни Илёсга сўзлаб бермадим. Ахир бу одамларнинг кўркамлиги ва қадр-қиммати ҳам уларнинг бир-бири ҳақида ҳеч нарса билмасдан туриб, бир-бирига шу қадар олижаноблик қилишида, инсоний муносабатда бўлишида эмасми! Шундай экан, бу гапларни унга сўзлаб нима ҳам қилардим…
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?