Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Қарзга олинган пулнинг, ниҳоят, таги ҳам йўқолди. Мумтоз унга берган минг долларини фойда тарзида ўша дастлабки уч ойдаёқ қайтариб олган бўлса-да, Мирзаматнинг гарданига қўйилган қарз тошдек қотиб қолаверди. Бу қарз ҳар ойда уч юз доллардан кўпайиб, мана, бир йилда беш мингга яқинлашиб қолди…

Мирзамат энди кўчага чиқолмай, аламини ичкиликдан олавериб, ақлдан озай деб қолгани, бу оила бошига тушган мусибат боиси ана шунда эди. Мумтоз ўзига ҳамсоя оиланинг фожиали аҳволини кўриббилатуриб ҳамон парвойи фалак. Аксинча, тез-тез уларникига одам киритиб ёхуд Зилолага дуч келиб қолганда, қарзни қистайди, дўқпўписа қилади, қўрқитади.

Бир марта Сурайё орага тушиб, Мумтозга: «Азбаройи қўшничилик ҳурмати, бунинг устига Зилола қўли бўшади дегунча хизматимизни қилиб турипти, ўша қарзни кечиб юборсангиз. Сиз ахир бу билан ҳеч нима ютқазмайсиз-ку?»– деганда, ундан балога қолган. «Менинг пулим кўчада қолгани йўқ. Топсин, қизини сотиб бўлсаям қарзини узсин!» – деб ўшқирди унга.

…Ёлғизлик ана шундай. Киши ўзи билан ўзи бўлиб қолади. Хаёлингда бошдан кечирган воқеаларни қайтадан жонлантирсанг, хотиралар билан қайта яшайсан. Ўзинг билан ўзинг гаплашасан, тортишасан, хулоса чиқарасан.

Мана, ҳозир ҳам Сурайё танҳо ўзи деразадан ҳовли саҳнига мўлтираб боққанча хаёл оғушида ётипти. Қўрғондек данғиллама даргоҳда Сурайё ва иккита итваччадан бошқа жонзот йўқ.

Кутилмаганда дарвоза қўнғироғи устма-уст жиринглаб қолди.

VI

Аэропорт томон йўл олган «Мерседес» вақт ҳали бемалол бўлгани учун серқатнов шоссенинг чекка қисмидан пастроқ шиддат-ла елиб борарди. Орқа ўриндиқда ўтирган Мумтоз кайфияти яхшилигидан ичида ниманидир хиргойи қилади, кейин рулда мум тишлаб бораётган Алим акага гап ташлайди:

– Магнитофонинг ҳам ўзингга ўхшаб соқов бўлиб қопти-ку? «Уялма»ни қўй.

– Хўп.

Алим ака ўзи шунақа. Ундан ҳатто оддий бир гапниям оғзига омбир солиб тортиб оласиз.

Келиб чиқиши қрим татарларидан, бироқ кўп йиллардан бери Тошкентда яшаб келаётганидан «ўзбеклашиб» кетган новча, полвон келбат бу одамни топиб олганидан Мумтоз ҳамиша хурсанд. Мана, беш йилдирки, комфирқанинг Марказқўмида катталарни ташийдиган машинадан нафақага чиққан Алим ака унга садоқат билан ҳалол хизмат қилиб келаётир. Ишда унинг, айниқса, «кар ва соқов»лиги, лозим келганда эса ўзини «кўр»ликка олиши, итоаткорлиги-ю, буюрилган ишни ўз вақтида кўнгилдагидек бажариши, қолаверса, беҳад нозиктаъблиги ва озодаликни ёқтириши Мумтоз учун айни муддао эди.

Алим ака Мумтознинг ўз ижросидаги қўшиқлар орасидан «Уялма»ни топиш учун бир қанча ашулаларни магнит тасмасидан беомон чийиллатиб ўтказаётгани хўжайиннинг жиғига тегди:

– Бас қил. Керак эмас.

– Хўп,– Алим ака энди магнитофонни ўчириб қўйди. Бироқ унинг бу иши ҳам Мумтозга маъқул тушмади.

– Бундан кейин «Уялма» доимо стартда турсин.

– Хўп.

«Уялма ёр» деб аталувчи бу қўшиқ бир вақтлар эл орасида машҳур бўлиб кетган «Индамади», «Ўхшайди-ку» сингари, шу кунларда барчанинг оғзида эди.

Сўзлариям, оҳангиям анча ўйноқи ва жарангли, дилни қитиқловчи бу янги ашула, айниқса, кейинги пайтларда «кўринмай» қолган Мумтозни яна диққат марказига чиқариб қўйди.

Дарҳақиқат, Мумтоз энди «давлат тўлайдиган кулгили ва ачинарли маош»га, отарчилик йўли билан ранги минг сарғайиб топадиган ғижим пулларга қўл силтаб, ўзини ишбилармонликка, аниқроғи, молдунё, бойлик орттиришга ургандан буён, унинг ижросидаги қўшиқлар камдан-кам эшитиладиган бўлиб қолган, фалончининг ижросида янги қўшиқ, деган гап-ку, умуман йўқолиб кетганди. У энди телевизорга чиқмаса-да, тўй-ҳашамларга бориб отарчилик қилмаса-да, ҳофизлик касбини батамом бир четга йиғиштириб қўйгани йўқ. Йирик-йирик амалдорлар, сармоядорларнинг дабдабали тўйларида, энг яқин дўсту улфатлари ёхуд оҳори тўкилмаган нозанинлар билан ўтадиган пинҳоний кўнгилхушлик давраларида у ҳамон торини қўлга олиб, яна авжли пардаларда ёниб, куйиб куйлайди. Бу билан у эл орасида «ҳофиз куйлашдан тўхтамаган»лигини маълум қилиб қўйиш ва албатта, юқори табақа кишилари орасида ҳофизликдан орттирган шон-шуҳрати ва мавқеини сақлаб қолишни кўзларди.

«Уялма ёр»ни эса у атайин, Наврўз байрами арафасида ўтказилган фестивалга мўлжаллаб яратди. У яна биринчилар қаторида кўзга кўриниш, минг-минглаб шинавандаларнинг юрагига яна бир бор чўғ ташлаб қўйиш ниятида эди ва бунга эришди ҳам.

Мумтознинг шу пайт «Уялма»ни эслаб қолишига сабаб, ҳозиргина ишхонасидан чиқиб келаётганида уни телевизорда яна шу ашула билан кўрсатишганида эди. Айниқса, кўрсатувни олиб бораётган момақаймоқдек диктор қиз «Ҳаммамиз учун севимли, хушовоз ҳофиз Мумтоз ака» деганида бутун вужудидан ўтли ҳарорат югуриб ўтди. Ҳалигина оз-моз ичилган коньяк тафтиданми ёки ўша диктор қизнинг ҳусни-ю, ипакдек майин овози кўз олдига келибми, ҳарҳолда яна ўша ашуланинг завқи келиб қолганда магнитофоннинг иш бермаганидан Мумтоз ранжимади. У энди паст овозда ўзи хиргойи қила бошлади:

 
Ташна дилни ташла, деди ташна дили,
Ёр куйганда яшна, деди яшнаб дили.
Ишонмийман, дил риштасин узарми ёр,
Салгинага ўз аҳдини бузарми ёр?
Ўртанади ўшал дилга ошна дилим,
Инсоф берсин, изтиробни ташла, дилим.
Ёр жафоси оғир, тушса синамоққа –
Сен ҳам унинг кўзларини ёшла, дилим.
Худойимдан ўргилойин, офтоб чиқди,
Рухсорини кўз-кўз қилиб моҳтоб чиқди.
Пайванд дилни узолмадинг, уялма, ёр,
Хижолатдан қизил рангга бўялма, ёр…
 

Бир пайт шундоққина биқинларида оқ «Жигули»да ўтирган Иброҳим ҳожи пайдо бўлиб қолди. Рулда ўзи. У атайин тезликни сусайтириб «Мерседес»га бир сигнал берди-да, кейин яна газ босиб улардан ўзиб кетди. Гарчи буни ҳожи унга ҳурмат юзасидан қилган бўлсада, Мумтознинг бироз ҳамияти қўзғаб, Алим акага танбеҳ берди:

– Сениям «Жигули»га ўтқазсам бўларкан…

Шундан кейин Алим ака машина тезлигини кескин ошириб, энди ўрта йўлга ўтиб олди.

Мумтоз билан Иброҳим ҳожи кўп йиллардан бери яқин таниш, ўрталарида ўзаро ҳурмат ва маълум даражада дўстона муносабатлар ҳам мавжуд эди. Ҳожи ундан ёш жиҳатдан улуғроқ бўлса-да, баъзан улар учрашиб қолганларида бир-бирларига ҳатто ҳазил-ҳузул, аския ҳам қилиб қўйишар ва бу нарса, ўз ўрнида улар ўртасидаги илиқликни ҳамиша мўътадил тутиб турар эди.

Шу бугун Мумтозга ҳожи унчалик хуш келмайроқ қолди. Ҳозиргина машинаси билан ундан ўзиб кетгани учун эмас, албатта. Улар бугун эрталаб икковлари учун ҳам эски қадрдон Сиддиқ қассобнинг гўшт дўконида дуч келишганди. Ўша ерда иккови оз-моз аскиялашган бўлишди. Бироқ ҳожининг бу сафар аския баҳонасидаги тагдор гаплари Мумтозга нечукдир нишли, заҳарли, уни атайин камситиш, ерга уриш ниятида айтилаётгандек туюлди.

Тўғри, аслида Мумтознинг ўзи одоб юзасидан иш тутмади. Қисқагина салом-аликдан кейиноқ биринчи бўлиб, ёши ўзидан каттароқ ҳожига аския йўлида илмоқли гап ташлади:

– Қўшмачилик ишлари яхши боряптими, ҳожим?

Иброҳим ҳожи уни тушунди, Мумтоз «қўшма корхона» сўзини пайровга олди. Бироқ буни аниқ тушунган бўлса-да, бир лаҳза эти жунжикиб кетди. Хаёлида Мумтоз унинг кечадан бери ич-этини тирнаб турган нарсадан хабар топган-у, ҳозир ҳожига ана шуни шама қилаётгандек бўлиб туюлди.

Аммо табиатан вазмин ва зукко Иброҳим ҳожи дарҳол ўзини қўлга олиб, Мумтознинг даъватига мулойимлик билан жавоб қайтарди: – Хизр назар қилган йигитсиз, бек. Бўлмаса, мол бозорига даллол бўлармидингиз…

Мумтознинг дами ичига тушиб кетди. Боплади!

Уни бадбўй мол бозорида чўтал йиғиб юрган безбет даллолга ўхшатди.

Гап шунда эдики, Иброҳим ҳожининг ҳам, Мумтознинг ҳам ишбилармонлик фаолиятлари бир вақтнинг ўзида бошланган. Бироқ улар шуғулланаётган ишлар бир-биридан мутлақо фарқ қиларди. Иброҳим ҳожи қисқа вақт ичида хориж билан ҳамкорликда чарм пойафзал ишлаб чиқарувчи қўшма корхона қурдириб, ишга туширди. Эндиликда бу корхона етказиб бераётган олий сифатли оёқ кийимлари бевосита мамлакат эҳтиёжини қоплашга ёрдам берибгина қолмай, кўп миқдорда чет эл бозорига ҳам чиқарилмоқда. Табиийки, бундан давлат хазинаси ҳам, қўшма корхона ҳам, Иброҳим ҳожининг ўзи ҳам салмоқли фойда топмоқда эди. Кўпинча катта йиғинларда, телевидение ва матбуотда ана шундай ташаббусларни, шу қаторда Иброҳим ҳожини мақтаб қолишганида, Мумтознинг унга ғайирлиги қўзғар ва ўз-ўзига: «Ҳамма қўшма корхона очиши шарт эмас», дея тасалли бериб қўярди.

Мумтознинг ишбилармонлик фаолияти эса, кўпроқ хорижий нарсаларни нақд пулга сотиб олиб келиб, уни бир амаллаб, кези келганда сифатсиз маҳсулотни ҳам мол бозорининг даллолидек оғиз кўпиртириб мақтаб, баъзан эса алдов ва кўзбўямачилик йўллари билан қимматроқ нархларда сотишдан иборат эди. Кўриб турибсизки, бундан пул айланма ҳаракатга тушмай, четга чиқиб кетаётганидан давлат ҳам, оддий бир нарсани фалон пулга сотиб олишга мажбур бўлаётган харидор ҳам жабр чекиб турипти. Асосий ютуқ бўлса товар ишлаб чиқарган хорижлик корчалон билан ўртада бўзчининг мокисидек борибкелиб, олибсотарлик қилаётган Мумтознинг чўнтагида кетмоқда.

Иброҳим ҳожининг ҳозирги «даллол» сўзи унинг ана шу фаолиятига қочирим эди.

Мумтоз азбаройи сўз ўйини қоидасига риоя юзасидан ноилож жилмайиб қўйди ва шу биланоқ гапга нуқта қўймоқ ниятида гапни бошқа ёққа бурди:

– Буни қарангки, Сиддиқ қассобнинг зиёратига худди маслаҳатлашгандай бирга чиқибмиз.

Бироқ гап ўйини бошланганда қувлиги тутиб кетадиган ҳожи энди шу билангина кифояланиб қолмади. У ўйиндаги холни жуфтлаб қўймоқчи бўлди:

– Бугун эрталаб бир хабар топдим. Мол бозори касодга учраб, унинг даллоллари ит бозорига ўтишганмиш. Шу тўғрими, бек?..

Мумтоз яна чув тушди. Ҳожи энди уни мол бозоридан ит бозорига олиб ташлади. У Мумтознинг мучали итлигидан ҳам, бугун эрталаб ит бозорига тушганидан ҳам устакорона фойдаланди. Начора, сўз ўйини. Боз устига, ўзи бошлаб берган. Ўлганининг кунидан сохта ҳиринглаб қўйди. Кейин Ҳожининг мучали Сигир эканлиги бирдан эсига тушиб, бу ҳам энди «сигир» билан «қўшма» корхонани бирбирига қапиштириб ташлади:

– Сизга тўғри хабар етказишипти, ҳожим. Мол бозорининг касодга учраши бу йил қиш ичи сигирлар қисир қолганлигида. Ўшанчун мутасадди идоралар тушум тўхтаб қолмасин, деган ҳадикда мол бозорини ит бозорига қўшиб юборишипти!

Ҳожи навбатдаги «қўшма»дан ҳузур қилиб кулди. Лекин сўз ўйинига одатдаги тамойилга кўра, ёши улуғроқ Иброҳим ҳожи нуқта қўйиши керак эди. Шундай бўлди ҳам.

– Энди буёғи чиндан ҳам расво бўпти, бек. Чунки машойихларда, итдан бўлган қурбонликка ярамас, деган нақл бор.

Бу қочирим Мумтозга оғир ботди. Унинг юрагидаги жароҳатлардан оз-моз хабардор бўлган Иброҳим ҳожи ҳозир атайин ана шу гапи билан Мумтозга «сен ўзинг кимсанки…», дегандек туюлиб кетди.

…Мумтоз Тахмина туфайли ўз оиласидан ажрашиб кетган, хотини билан учта фарзанди – бир ўғил, икки қизи қолган эди. Хотини ҳам унга ўчакишиб, тез орада бошқа одамга эрга тегиб кетди. Барча қилган яхшиликлари эвазига куёвдан топган «сийлов»дан қаҳру ғазабга келган қайнота болаларни энди Мумтозга яқин йўлатмай қўйди. Тўнғичи қиз эди, куёвга узатди, лекин навбат энди бошқаларга етганда, ана шу одам тўсатдан ўлиб қолди. Шундан кейин қаердадир «дом»да яшаётган хотини янги эри билан ўша ҳовлига кўчиб ўтишган ва бўйи етиб қолган ўғли билан кенжа қизи энди уларнинг тарбиясига ўтишган эди.

Тўғри, кимсан – «жаноб Мумтозбек» бўлиб яшаётган давлатманд дада уч фарзандини тақдир тақозосига ташлаб қўйгани йўқ. У узатиб турган маблағ ҳар қандай катта оилага етиб-ортгудек эди, лекин болалар тарбияси билан жиддийроқ шуғулланадиган киши бўлмаганидан тез орада жиддий нохушликлар рўй бера бошлади.

Ўғли Санжар кимларгадир қўшилиб, Россиянинг узоқ шаҳарларидан бирига қочиб кетиб қолди. Ўша ерда у наша сотишда айбланиб, етти йилга кесилгани ҳақидаги хабар Мумтозга орадан икки йил ўтгач етиб келди.

Мумтоз дарҳол у ётган жойни аниқлаб, ўз одамларини у ерга жуда катта пул билан жўнатди ва ўғлини қутқаздириб олиб келиб, ўз ҳимоясига олди, Санжарга алоҳида уй олиб бериб, уйлантирди. Ўз савдо дўконларидан бирини хатлаб бериб, унга каттагина сармоя ҳам ажратди. Бироқ нашавандликка, ароқхўрлик ва қиморбозликка ўрганган Санжар дадаси ажратган бор бисотни кўкка совурди. Бир гал ҳатто Тахминанинг устига бостириб келиб, уни ўлдираман дея қўрқитиб, уйдаги жамики қимматбаҳо нарсаларни супуриб олиб чиқиб ҳам кетди.

Шундай қилиб, Мумтоз энди ундан «қўлини ювиб қўлтиғига артиб қўйган». У билан қизиқмайди, уни сўраб-суриштирмайди ҳам. Санжарнинг ўзи бот-бот дадасининг ишхонасига келиб ёки бўлмаса кўча-кўйда олдини тўсиб чиқиб, ундан пул талаб қилиб қолади.

Шунда Мумтоз одамгарчиликдан батамом чиқиб кетган, афт-ангори бир аҳволда тентираб юрган гиёҳванд ўғлига ич-ичидан ачинади. Бироқ начора. Яқинда эшитишича, уйниям, ёшгина хотининиям қиморга тикиб бой бериб юборипти. Кенжа қизи Гуландом эса унданам куйдирги бўлиб чиқди. Ўн беш ёшидаёқ ким биландир номаълум томонга қочиб кетганича бунисиям икки йил йўқолиб кетди. Ахийри қайтиб келди. У энди аввалги Гуландом эмас, иффатсиз, ор-номуссиз, майпараст ва кашанда, юзидан юлдузи қочган саёқ бир қиз эди. Гуландомнинг бу аҳволда пайдо бўлиши, яна тавбасига таянмай, шаҳар ва унинг атрофларида тўйма-тўй санқиб юрган отарчи бир гуруҳ таркибида раққосалик қилаётгани Мумтозни даҳшатга солиб қўйди.

У яна ўз одамларини ишга солиб, катта маблағ эвазига кимсасиз бир камбағал йигитни уни хотинликка олиб кетишга кўндирди. Шундай бўлди ҳам. Бироқ орадан ярим йил ўтмаёқ яқинда Мумтоз ўша йигитдан: «Берган пулингизга рози бўлинг, менда айб йўқ. Қизингизни ўзи қочиб кетди», деган мазмунда хат олди. Шу кунларда Гуландом яна Тошкентда пайдо бўлган дейишади. Ўз обрў-эътибори, шаънини ўйлаб қўрқувга тушган Мумтознинг одамлари уни қидиришяпти, бироқ ҳозирча жимжитлик эди… Ана шундай, девор заҳкаш эди. Гап мабодо фарзандлар устида боргудек бўлса, Мумтоз ўтирган жойида тутдай тўкилиб қоладиган одам.

– Мана, гўштниям нимталаб қўйдик, энди мақсадга кўчайлик,–деб қолди шу пайт Сиддиқ қассоб. – Бугунгиси ҳисори қора қўчқор, дадилроқ бўлинглар.

Ҳожи билан Мумтоз ҳурмат юзасидан бир-бирларига қараб қўйишди. Ниҳоят ҳожи гап қотди:

– Бизга беш-олти кило. Сонидан, тўшидан. Бироз чарви билан жигаридан ҳам қўшасиз.

Сиддиқ қассоб Иброҳим ҳожига айтгандай қилиб гўшт-ёғ тайёрларкан, Мумтоз уни кутиб туришга орланди.

– Бу гўштингизни бемалол сотаверинг, –деди у қассобга кибор билан. – Тушдан кейин соат иккиларда бошқа бир қўчқорни етаклаб, Қўрғонга ўтинг. Уйда одам бўлади, сўйиб бериб кетаверасиз.

Мумтоз шундай дея чўнтагидан бир боғлам пул чиқариб қассобнинг пештахтасига ташлади…

«Мерседес» аэропортга келиб тўхтаб, Мумтоз ичкарига йўл олаётган пайтда унинг қулоғига «Уялма ёр» чалинди, шошиб атрофга қаради. Ҳув нарироқда музқаймоқ еб туришган бир тўп қизларнинг магнитофонидан эшитиляпти. Мумтознинг яна кўнгли кўтарилди, кайфиятига оз-моз соя ташлаб ўтган ҳалиги нарса бир зумдаёқ хаёлидан кўтарилди. Соатига қараб қўйди: самолётнинг қўнишига яна ўн беш дақиқа бор.

Перрон кутиб олувчилар билан гавжум эди. Улар, асосан башанг кийинган серсавлат кишилардан, оппоқ-оппоқ ойимлар ва болалардан иборат. Қулоққа ўзбекча, ўрисча, форсча, туркча ва инглизча гаплар чалинади.

Ногоҳ Мумтознинг олдида новчадан келган, яғрини кенг, икки бети қип-қизил, бошдан-оёқ янги кийинган бир қозоқ киши пайдо бўлди ва дўриллаган овозда ўрисчалаб сўради:

– Извините, вы случайно не господин Мумтозбек?

Мумтоз унга бир дам ҳайрон боқди-да, кейин нотаниш бу одамга сиполик билан жавоб қайтарди:

– Вы угадали. Чем вам могу быть полезен?

– Очень рад знакомству, – у хушнуд қиёфада Мумтозга қўл узатди – Давлатберди…

Шундан кейин Давлатберди ҳам жаноб Қутбиддинни кутиб олишга чиққанини айтди. Қутбиддин унга ҳам қўнғироқ қилиб, фалон куни, фалон рейс билан Тошкентга учаман, ўша ерда бўл, шундай-шундай одам бор, таништириб қўяман, деган экан.

– Агар сир бўлмаса, жаноб Давлатберди қайси иш билан шуғулланадилар? – сўради ундан Мумтоз.

– Мен ҳам худди ўзларига ўхшаш…

– Хурсандман. Сиз билан танишганимдан беҳад хурсандман, – деди Мумтоз ўзига янги шерик топиб олганидан қувониб.

Улар шундан кейин четроққа ўтишиб биттадан сигарет чекишга улгурмаёқ самолёт ерга қўнгани эълон қилинди.

Қутбиддин Салоҳийнинг бир ўзи эди. Чиройли кийинган, бир қўлида плашчи билан ихчамгина дипломат, одимлари шахдам, хушкайфиятдан юзлари ловуллаб, кўзлари кулиб турипти. У Мумтоз билан Давлатбердини узоқданоқ кўриб, улар томон қучоқ очиб келди. Кейин улар кўп вақтлардан бери юз кўришмаган қадрдон дўстлардек қучоқлашиб қуюқ кўришишди.

– Ўзбек билан қозоқнинг қони битталиги кўриниб турипти,ҳаяжонини яширолмади Қутбиддин. – Мен уларни таништириб қўйгунча бўлмай ўзлари аллақачон бир-бирларини топиб олишипти-я!

Учовлон енгил кулишиб олишди. Кейин ташқарига йўл олишаркан, Қутбиддин Мумтоздан сўраб қолди:

– Тахмина хоним яхши юриптиларми?!

– Раҳмат, ҳаммаси жойида. Тахмина хоним ҳозир сизга мунтазир бўлиб турипти.

Мумтознинг бу гапидан меҳмон янаям қувониб кетди.

– Наҳот?! – у ички бир ҳаяжонда шундай деди-ю, кейин қандайдир андишага бориб, яна қўшиб қўйди: – Наҳотки Қўрғонга кўчиб ўтган бўлсаларинг?

– Тўла кўчиб ўтганимиз йўқ. Лекин сизни хушҳаво жойда қабул қилишни лозим топдик, – жавоб берди Мумтоз.

– Жуда соз, жуда соз! Мен «Ўзбекистон» меҳмонхонасига жой буюриб қўйгандим. Модомики, Тахмина хоним бунчалик илтифот қилган бўлсалар, мен бу таклифни бажонидил қабул қиламан. – Кейин у Давлатбердига юзланди: – Сиз бунга нима дейсиз?

Давлатберди «менга барибир» деган маънода ишора қилувдики, Мумтоз шошиб илова қилди:

– Жаноб Давлатберди ҳам биз учун энг азиз меҳмон…

Шундан кейин улар Мумтознинг илтифоти билан «Мерседес» кутиб турган жойга боришди. Алим ака машина эшикларини очиб, меҳмонларни ўтказаркан, шу пайт Мумтоз учун сира кутилмаган бир ҳол рўй берди. Орқа томондан «Пахан, тўхтанг» деган овоз эшитилди. Мумтоз «ялт» этиб овоз келган томонга ўгирилди. Ўн қадамларча нарида… маст-аласт, ёқавайрон ўғли Санжар турарди.

Мумтоз турган жойида музлаб қолди. Нима қиларини билолмай, ниҳоят меҳмонларга: «Узр, мен ҳозир» деганича, саросималик билан ўғли томон шошилди.

– Нима қилиб юрибсан бу ерда?

– Буёғи мани ишим, – чайқалиб жавоб берди Санжар.– Пулдан чўзинг.

– Албатта ҳозир, шу ерда сўраш керакми? Меҳмонлар борлигини кўрмаяпсанми?

– Кўряпман. Пулни чўзинг-да, кетаверинг…

– Бўпти. Эртага сен билан бошқача гаплашиб қўяман! – у шундай дея чўнтагидан пул чиқариб ўғлининг қўлига тутқазди. Аслида бу пулни у Санжарнинг юзига отмоқчи эди-ю, лекин орқасида меҳмонлар қараб туришганидан, ўзини тутиб қолди. – Аблаҳ!

Санжар унинг бу гапига эътибор бермади. Олган пулини ғижимлаганча чўнтагига соларкан, яна қўшимча қилди:

– Бу кам. Доллар беринг…

– Нима?! Долларни қаердан оламан?! – Мумтознинг хуноби ошиб, қичқириб юборай деди.

– Бошқа чўнтагингиздан. Ойимчангизга берадиган чўнтагингиздан. Бўлмаса, меҳмонларингиздан сўрайман.

Мумтоз энди даҳшатга тушди. Бу бола уни ўлдиради-ку! У қаҳру ғазаб билан чиндан ҳам бошқа чўнтагидан битта элликталик доллар чиқариб, энди унинг бетига отди.

– Эртагаёқ Тошкентдан оёғингни қуритмасам, Мумтоз отимни бошқа қўяман! – Мумтоз титраб-қақшаб кескин бурилди-да, машинага келиб ўтирди.

У хижолатдан қизариб кетган, сезиларли даражада қалтираб турарди. Меҳмонлар унга ҳеч нима дейишмади.

Аксинча, Қутбиддин ўзини Давлатберди билан нима хусусдадир берилиб гаплашаётганга солди.

Аҳволни кўриб турган Алим ака ҳам шу заҳотиёқ «старт»даги ашулани баланд овозда қўйиб юборди.

– Кетдик! – буюрди унга Мумтоз. – Қўрғонга ҳайда!

– Хўп.

VII

Тахмина қия очиқ қолган ҳовли эшигидан ичкарига кирди-ю, яна икки қадам олдинга босмаёқ, турган жойида туриб қолди: Акмал?! У кўзларига ишонмасди. Нималар бўляпти ўзи? Тушиммиўнгимми?

Чап биқиндаги ҳужра эшиги олдида Акмал унга жилмайганча боқиб турар эди. Рангсиз ва сўлғин юзига кўзларидан ёш қуйилаётган Сурайё унинг елкасига осилиб олган. Гўё уни қўйиб юборса, ўғли яна кетиб қоладигандек.

Акмал ўз қаршисида моҳтобдек балқиб, қувонч ва ҳаяжондан яшнаб, ял-ял ёниб, унга илиқ қараб турган Тахмина томон қадам ташлашга журъат қилолмади.

Буни сезган Сурайё энди уни ўзидан бўшатиб, «Бор, кўриш» деган маънода орқасидан аста нуқиб қўйди. Бироқ Акмал онанинг турткисидан далда олгунча бўлмай, Тахминанинг ўзи қучоқ очиб, унга томон отилди. У Акмалнинг бўйнидан қучиб, унинг юз-кўзларидан ўпиб-ўпиб олди. Тахминанинг кўзларида жиққа ёш, гўё умр бўйи қидириб, унга етишолмай юрган энг яқин, энг қадрдон кишисини топиб олгандай ҳаяжон ичида эди.

– Акмал… Қаерларда эдинг?! Мен сени жудаям соғиндим. Бугун сени тушимда кўрувдим!

Бироқ Акмал ҳануз ўзини ўнглаб ололмаган, ўзини йўқотиб қўйган эди. Энди унинг ҳам кўзларига ёш келди:

– Тахмина, мен ҳам сени соғиндим…

Тахминанинг ортидан кирган Сожида ҳам, ташқарида турган машинасидан ичкарига картон қутиларда ул-бул таший бошлаган ҳайдовчи йигит ҳам, ҳов нарида қўй сўйиб, унинг терисини ажратаётган Сиддиқ қассоб ҳам таажжубда қолишди: «Жаноб Мумтозбекнинг еру кўкка ишонмай юрган арзанда маликасига нима бўлди? Бу нотаниш ва бечораҳол йигитнинг унга оғуш очиб югурган Тахминага қандай алоқаси бор?»

Шу тоб буни Сурайё англаб етди, икковининг ёнига аста яқинлашиб, бемажол синиқ овозда: «Бўлди, қараб туришипти», деб қўйди. Шундан кейингина Тахмина ўзини ўнглаб, Акмални ҳоли қўйди. Кўз ёшларини артиб, бошқа ҳеч нима демаёқ, қаршисида азим чинордек савлат тўкиб турган ҳашаматли бино ичига югурганча кириб кетди.

Сожида унинг ортидан йўл олди. Тахмина қимматбаҳо жиҳозлар билан яшнаб-ярқираб турган меҳмонхона тўридаги оромкурсилардан бирида яна кўз ёшлари дув тўкилиб ўтирарди.

– Сенга нима бўлди, намунча кўз ёши?

– Севинганимдан…

– Ким ўзи у? Қаердан келиб қолди?

– Сен уни билмайсан. Мен йўқотиб қўйган одам…

– Бас қил, – гап нимадалигини оз-моз англагандай бўлди Сожида, – қиз бола эмассан. Ҳозирги қилиғингни эринг кўрганда борми… Топган одамингни яна йўқотиб қўйишинг ҳеч гапмас.

Ногоҳ Тахминанинг кўз олдида бир вақтлар Оҳангарон ўрмонзорида рўй берган ўша машъум воқеа, беомон калтакланган ва қонга беланган Ато билан Акмал, кейин эса Қиргулида уни хўрлаган ва таҳқирлаган Истам гавдаланди. Наҳотки Мумтоз ўша истамлар тоифасидан бўлса, наҳотки у ҳам Акмални бу ерга сиғдирмаса?! Йўқ, мен энди бунга йўл қўймайман…

Меҳмон кутиб олиш учун тадорик ишлари бошланиб кетди. Сожида норин тайёрламоққа киришди. Сиддиқ қассоб Акмалнинг кўмагида қўйни тинчитиб, уйдагилардан фотиҳа олди. «Ҳамиша чеҳрахандон ва меҳрибон, ёш ва чиройли Тахмина хоним» келганлиги ва уни йўқлатганидан қувониб кетган Зилола ҳам барча ишларини бир четга қўйиб, ҳатто Мумтоздан қолган эрталабки аччиқ ранжни унутиб, бирпасдаёқ пайдо бўлди. Тахмина билан қуюқ кўришиб олди-да, кейин енг шимариб ошхона ишларига киришиб кетди.

Ким нима билан шуғулланаётган, нима ҳақда ўйлаётган бўлмасин, Тахминанинг хаёлида Акмал, Акмалнинг хаёлида Тахмина чарх урарди. –« Акмал… У беш йил қаерларга йўқолиб кетди?

Уйландимикин? Аҳволи не кечдийкин? Бир вақтлар Атоникида Тахмина билан бирга ўтказилган ўша ширин оқшом, ўша ширин орзулар ёдидамикин?.. Бугун тушида кўрган қанотли оқ от таъбири нима бўлиб чиқаркин?»

– «Тахмина… Мен унинг олдида бир умр гуноҳкорман. Мен Тахминага севги изҳор қилдим. Уни энди сарсону саргардонликлардан, таҳқирлардан, хорлигу хўрликлардан қутқазаман, сени бахтиёр қиламан, деб ишонтирган эдим. У менга ишонди, не-не ширин умидлар билан менга оғуш очди. Лекин Тахминанинг умр бўйи чеккан изтироблари, азоблари, у кўрган не-не қабиҳликлар, номардликлар етмаганидай, ўз ҳаётида бир марта, биринчи марта ишонч билдирган кишиси бўла туриб, мен ҳам унга хиёнат қилдим. Мен Тахминани ҳимоя қилолмадим, уни яна ифлос зўравонлар чангалига ўз қўлларим билан топширдим. Мен ҳам одамманми, мен энди эркакмидим?

Узоқларда, номаълум гўшаларда унинг фақат хаёли билангина яшаб ўтсам бўлмасмиди?

Мен… азбаройи онам туфайли, онамнинг оғир бетоблигини эшитиб, уни бир кўриб қолиш илинжида келдим бу ерга. Бу она бошқа оналар каби бўлмаса-да, уни зиёрат қилиб қўймоқни фарзандлик қарзим, деб билдим. Бу она мениям бахтсиз қилди, бахтимга зомин бўлди…

Тахмина… Биз энди ҳеч қачон бирга бўлолмаймиз. У энди ўз уйидан тиниб-тинчиган, роҳат-фароғатда яшаётган бир аёл. Унинг оромини бузишга сираям ҳаққим йўқ. Мен онамга ҳам, Тахминага ҳам шу беш йил ичида қаерларда бўлганлигимни айтмайман. Ўша ифлос ва разил Истамдан ўч олганимни, уни бир умрга майибу мажруҳ қилиб, қамалиб келганимни айтишдан не ҳожат? Бу билан мен Тахминадан мукофот кутишим керакми? Асло».

Ўз ҳужраси ёнидаги катда картошка-пиёз арчиб ўтирган Сурайё бир четда кабоб учун қўра ўрнатиб, ўтин-кўмир тайёрлаётган ўғлидан нигоҳини узолмайди. Унга мўлтираб, меҳр билан тикилади, кўзларига ёш олади. Нуридийдаси ўз оёғи билан кириб келганига ишонолмайди. Қани энди кўзининг очиқлигида уни уйлантириб қўёлса, бу дунё азобларидан фориғ бўлган куни ўғли уни лаҳадга ўз қўллари билан қўйса…

Шу пайт ичкаридан лаган кўтариб чиққан Зилолага меҳру ҳавас билан боқиб сўрайди:

– Зилола қизим, ҳеч нимадан хабаринг йўқдек…

– Вой, нима эди, холажон?! – унга ҳайрон боқади Зилола.

– Бугун ахир ўғлим Акмалжон келиб қолди-ку, айтишмадими? Ҳали ўзим сендан суюнчи олай десам, Тахмина билан овора бўлиб, ошхонага ўтиб кетвординг.

– Вой, қуллуқ бўлсин, холажон! – Зилола энди уни қучиб, Сурайёнинг бетларидан ўпиб қўйди. – Ўғлингиз келгани рост бўлсин. Ҳув анави йигитми? Эътибор бермапман…

– Ҳа, худди ўзи. Дурустроқ қарагин…

Шу пайт Акмал турган жойга яқинроқда ўйноқлашаётган кучукларни қаёққадир ҳайдамоқ билан овора Тахмина қичқириб қолди:

– Зило! Жиндак гўшт олиб кел, манави қурғурлар гапга кирмаяпти. Бироқ Зилола ошхонага кириб чиққунча бўлмай, Акмал келиб иккала кучукни қўлтиғига олди-да, ҳовли ортига ўтиб кетди.

– Вой, ҳушёр бўл, Акмал. Тишлаб олмасин тағин! – Тахмина шундай дея, шошиб унинг орқасидан эргашди.

Ташқи ҳовли ичига раста қилиб ниҳоллар ўтқазилган экинзорлардан иборат бўлиб, чор атрофи баланд ғиштин девор эди. Акмал кучукларни бир четга ташлаб, шилдираб оқаётган ариқчада қўлларини ювди. Ўрнидан туриб ортга бурилган ҳам эдики, қаршисида унга тик боқиб турган Тахминани кўриб, юраги ҳаприқиб кетди.

– Акмал, мени соғинмадингми?..

– Соғиндим, дедим-ку…

– Нега мунча йўқ бўлиб кетдинг, бўлмаса?

– Мендан буни сўрама.

– Энди шу ерда қоласанми?

– Йўқ…

– Демак соғинмабсан, – Тахмина шундай дея, иккала қўли билан юзини тўсиб йиғлаб юборди.

Акмал келиб унинг қўлларини юзидан олди, кафти билан кўз ёшларини артди. Тахминанинг интиқ ва илтижоли кўзларига, хиёл титраб турган ғунча лабларига бир дам боқиб тураркан, ўзини тутолмади, уни шашт билан ўз оғушига тортди…

…Ҳовли дарвозаси ўз-ўзидан очилиб, ичкарига «Мерседес» кириб келиб тўхтади. Тахмина меҳмонларнинг келишидан бироз бурунроқ ясан-тусанни жойига қўйиб олган, у энди равоқ олдида товусдек ловуллаб турарди.

– Тахмина хоним, сизни кўрганимдан бошим осмонда! – машинадан тушибоқ унга томон шошилди Қутбиддин.

Тахмина ҳам унга назокатли табассум билан пешвоз чиқди.

– Мени Тошкентга сизни чароғон чеҳрангиз ва меҳрингиз тортиб келди. – Қутбиддин такаллуф ва тавозе билан Тахминанинг қўлини олиб ўпди.

Мумтоз сезиларли саросимада Тахминага иккинчи меҳмонни таништирди:

– Бу дўстимиз Давлатберди…

Тахмина унга ҳам чиройли табассум ҳадя этиб, «Хуш келибсиз» деб қўйди.

Ҳовли саҳни ўртасида катта мармар ҳовуз, унинг беш-олтита кичик-кичик, ўз жойида гир айланиб турувчи фаввораларидан отилиб тушаётган зилолдек тиниқ сувида тилларанг балиқлар ғуж сузиб юрипти. Ҳовуз ўртасида чор устун ва тоқлари нақшинкор равоқ бўлиб, унга мўъжазгина кўприкча орқали ўтилади. Меҳмонлар учун ана шу равоқда зиёфат ҳозирланган эди.

Бироқ улар дастурхонга шошилишмади. Қутбиддиннинг илтимоси билан Қўрғоннинг жиҳозлаб улгуришган ва шунингдек, пардозлов ишлари тугаган-у, бироқ ҳали жиҳозланмаган барча катта-кичик хоналарини бирма-бир айлантириб чиқишди. Айниқса, пастки қаватдаги ҳашаматли заллардан бири уларга жудаям маъқул тушди. Бу ердаги ости ва атрофларига манзарали мармар ётқизилган зилол сувли катта бассейн, барглари ажабтовур чиройли, шифт томон ўрлашиб кетган турли хил ям-яшил ўсимликлар, ранго-ранг гуллар, тиним билмай жақур-жуқур сайраётган қушлар овози кишига чиндан ҳам хушкайфият бағишларди.

– Бисёр хуб, бисёр хуб! – деди Қутбиддин бундан ҳаяжонланиб. – Бамисоли жаннат аст.

Шунда Мумтоз ўз ғурурини босолмади:

– Нариги дунёдаги жаннат бизга насиб этадими-йўқми, уёғи номаълум… Мен уни кўзим очиқлигида кўрмоқ истайман.

Меҳмон унга мулойимлик билан жавоб қилди:

– Унисини ҳам, бунисини ҳам Оллоҳ насиб этсин.

Тахмина Қутбиддинни Тошкентга ўзининг «чароғон чеҳраси ва меҳри тортиб» келмаганини, у албатта навбатдаги олди-сотди ишлари билан боғлиқ масалада юрганини яхши тушунади. Ҳойнаҳой, мебель гарнитурларини машинага ортиб жўнатиб, ўзи самолётда учиб келган. Фақат, Қўрғон учун ваъда қилинган мебель жиҳозлари хусусида Қутбиддин нима деркин, деган фикр уни қизиқтириб турарди. Шу боис ҳам улар ташқарига чиқишаётганида, Тахмина ҳазил тариқасида нимтабассум билан Қутбиддинга шама қилди:

– Жиҳозланмаган бўш хоналар учун айбга буюрмайсиз…

Қутбиддин уни тушунди:

– Мен шу кунлардаёқ Тахмина хонимга ваъда ўз вафоси билан улуғлигини кўрсатмоқчиман…

Тахмина ҳам Қутбиддиннинг нимага шама қилаётганини ҳис этиб, ичида ўзича унинг устидан кулиб қўйди.

Ташқарида аёллар кўзга ташланмайди. Сурайё ҳали пиёз арчар чоғи унинг аччиғи таъсир қилдими, бироз нафаси бўғилгандек бўлиб, ўз ҳужрасига кириб кетган. Сожида ошхонадан чиққаниям йўқ, меҳмонларнинг келишганини кўрганиям йўқ. Зилола эса унча-мунча ишларни тахт тиндириб, шийпондаги дастурхонни тузаб, бемор онасига укол қилиши лозимлигини айтиб, уйларига кириб кетган. Фақат Акмал билан Алим ака ҳовли четида тутун елпиб, кўмирни чўғ олдириш, сихларга гўшт тортиш билан овора эдилар.

Мумтознинг ҳалиёқ унга назари тушган, бироқ хизматга чиққан қўни-қўшнилардан биронтасидир, деган фикрда эътибор бермаганди. Тахмина ҳам бугун ўзини яшнатиб турган қувонч ва ҳаяжоннинг бош сабабчиси Акмал эканлиги, унга узоқдан тез-тез пинҳона назар ташлаб, бундан ҳузур ва ҳаловат топиб турганига қарамай, эрига бу ҳақда оғиз очмади. Бунга ҳали фурсат етмаган эди. Меҳмонлар бир четда қолиб, дарровоқ унга «Акмал келди!» деб суюнчилаши ёш боланинг ишидек бир гап эди. Иккинчидан, Тахмина яхши билади, Мумтоз ниҳоятда сезгир ва эҳтиёткор одам…

Орадан бироз вақт ўтиб, Акмалнинг ўзи уларнинг олдига кабоб келтириб қўяётганида ширакайф Мумтоз сўраб қолди:

– Маладес, зўр йигит экансиз. Отингиз нима эди?

Акмал Тахминага ўғринча назар ташлаб олди. Тахмина «пиқ» этиб кулиб қўйди, кейин ёрилишга мажбур бўлди:

– Танимадингиз, бегим. Бу йигит Акмал-ку… Сурайёнинг ўғли. – Нима, нима, Сурайёнинг ўғли?!–Мумтоз чайқалиброқ ўрнидан турди-да, Акмалга оғуш очгандай бўлди.–Қачон келиб қолдинг, қаердан?–У йигитнинг иккала кифтидан тутиб, уни силтаб-силтаб қўяркан,–Яхши, яхши. Азамат йигит бўпсан,–деди.–Қани, кел, биз билан ўтир. Майли.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации