Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 22

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 22 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
IV

Неча кундирки, Иброҳим ҳожининг қовоғидан қор ёғади. Тўнини тескари кийиб олган, ўғли билан гаплашмайди. Нечукдирки, отанинг насиҳатларига қулоқ илмади, унинг айтганини қилмади, сенинг гапинг фалонга, дегандай иш тутди. Тошкентдай шаҳри азимнинг эркак зоти йўқки, «Тахмина» номини тилга олмаган ёки эшитмаган, улардан қанча-қанчаси бу аёл билан ишрат орзусини қилиб юрмаган бўлса! Ана шу бетавфиқ маккора кимса – шаҳарнинг энг обрўли зотларидан бўлган, уч марта ҳаж амалларини бажариб қайтган Иброҳим ҳожининг суқсурдек ўғли Ўктамбекка қайлиқ эмиш. Улар бир-бирларини севар эмишлар! Ҳожи, нечтадан қолган бетайин Тахминани покиза хонадонига, мўътабар Шаҳодат бонусига келин қилиб тушириб келиши лозим эмиш. Ё, Ғавсулаъзам! Ахир у бу бедодликка қандай чидайди?! Бундан кўра, Иброҳим ҳожининг ўлиб кетгани афзал эмасми?!

У Тахминанинг уйига ташриф буюргунга қадар ҳарҳолда ёруғликка умид боғлаб келди. Менинг гапларим ерда қолмас, иккаласи ҳам ўткинчи ҳиссиётлардан воз кечишар, ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолиб кетар, деган ишончда эди. Йўқ, натижа у кутганча бўлмади. Тахмина осонликча жон таслим қилмайдиган кўринади. Шайтоннинг сурнайига ўйнаётган гумроҳ ўғил эса, отадан узр сўрамади. Ўша куни ҳожи Тахминанинг уйидан нарироқ бориб, машинаси ёнида уни кутиб турди. Лекин «бола» қайтмади, бу ерга келганинг учун жазойинг шу дегандай иш тутиб, дўзахи жувон ортидан ичкарига кириб кетди! Бу кунларга қолгандан кўра, ҳожининг ҳар нима бўлгани яхши.

Бу ҳақда у уч-тўрт кунгача Шаҳодат бонуга билдирмай юрди. Унинг олдида ўзини одатдагидай хотиржам ва хушнуд қиёфада тутишга, ўғли билан ўртада рўй берган совуқликни сездирмасликка ҳаракат қилди.

Бироқ сезгир, зукко аёл ота-бола бир-бирлари билан учрашишдан қочаётганликлари, она олдида Ўктамбек отаси ҳақида, ҳожи эса ўғли ҳақида гапирмай қолишгани ва умуман, бундан олдин тез-тез тилга олиниб келган бўлажак келин ва тўй ҳақидаги ширин орзулар билан боғлиқ гаплар энди нечундир барҳам топганлигидан ўз хулосасини чиқариб олди: ўртада қандайдир жиддий ихтилоф туғилган! Ҳожи Шаҳодат бонуни авайлаб, ўз изтиробларини ичида сақлаб келяпти. Ўктамбек ҳам шундай. У кейинги ҳафта ичида, айниқса, анчагина озиб-тўзиб қолгандай.

Шаҳодат бону қулай фурсат топиб, эри билан ёлғиз ўтириб қолишганида унга оҳиста ёрилган бўлди:

– Кўнглингизга оғир ботмасин, ҳожим. Кейинги кунлар нимадандир азият чекаётганингизни сезиб, руҳан эзиляпман…

Ҳожи унга жавобан нима дейишни билолмай, вақтни чўзмоқ ниятида бир дам ўйга толган бўлди.

– Ўктамбегимиз ҳам кўзимга алланечук паришонхотир кўриняпти,илова қилди бону.– Мабодо ораларингда бирон гап ўтган бўлса, мендан яширманг…

«Тамом. Сезяпти. Лекин барибир бир кунмас бир кун бу сир сув бетига қалқиб чиқиши аниқ эди. Энди нима қилиш керак? Қандай қилсам, бу жароҳат Шаҳодат бону учун оғриқсиз кечаркин?»

– Тўғри… Шубҳангиз ўринли, бону,– вазмин сўз қотди ҳожи бу муаммога ортиқча урғу бермасликка уриниб.– Бироқ бу, одатда, ҳар қандай ота-бола ўртасида кечадиган оддий бир тушунмовчилик бўлгани учун…

– Илтимос, очиқроқ гапиринг.

– Нима десамикин… – ҳожи беихтиёр томоқ қириб олди.– Ўғлимиз… Ўзингиз эшитган марҳум Мумтознинг беваси Тахминага… кўнгил боғлаган экан.

Шаҳодат бону бир титраб олди. Ундан нигоҳини олиб қочиб ўтирган ҳожи буни сезмади. У ўз фикрини имкон қадар силлиқлаш учун яна қўшимча қилди:

– Албатта, ёшликнинг кўнгил кўчалари бу…

Бону бир дам хомуш тортиб, кейин вазмин оҳангда сўз қотди:

– Ўктамбек билан ўзим гаплашарман. Фақат… сизнинг дилингиз зинҳор озор топмасин, дадаси. Шояд ҳаммаси ўз ўрнини топар.

Ҳожи унинг мулоҳазаларини тушунди. Баногоҳ Ўктамбекдан отанинг дили оғриб қолмасин, деган ҳадикда у ўз ичида ниш урган дардни яшириб бўлса-да, унга тасалли бермоққа уриняпти.

– Мен ҳам шу фикрдаман, ортиқча ташвишга ўрин йўқ,ҳожи гап калаваси чўзилиб, юз берган воқеалар тафсилоти юзага чиқиб қолишидан чўчиди-да, бехос ўрнидан қўзғалди.– Дарвоқе, кеча Икромиддин билан бафуржа суҳбатда яна ўша масалага шама қилиб ўтдим. «Кўнглингиз тўқ бўлсин, сизларга қуда бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермас», дедилар.

Бу ёқимли хабардан хастадил бонунинг кўзларига энди севинч ёшлари келди. Икромиддин деганлари жудаям яхши одам, туман прокурори, ҳожининг энг яқин дўстларидан. Ўктамбек ҳозир унинг идорасида терговчи бўлиб ишлайди. Зодагон оиланинг Заррина бону деган беназир бир гули бор экан. Дунёга бергусиз қиз эмиш. Ана шу қизни Ўктамбекка мўлжаллаб келишарди.

– Хайрият. Энди бу ёғини тезлаштиринг, дадаси. Ёшларни бир учраштириб, гапларини олсак, ундан кейинги иш совчиларга қолади. Ҳожи Шаҳодат бонунинг руҳи тетиклашганидан бироз енгил тортди, бироқ кўз олдида яна гумроҳ ўғли билан «илоннинг ёғини ялаган» Тахмина жонланди. «Эҳ, хотин, ишимиз ҳали осонликча кўчмаслигига кўзинг етсайди,– кўнглидан ўтказди у.–Яна энг даҳшатлиси, Ўктамбек билан Тахмина ўртасидаги воқеалардан бўлажак қуда томон хабар топиб қолса, унда мен ким деган одам бўламан?!»

У хотини қаршисида ич-этини кемириб турган ташвишлар кўланкаси юзида зоҳир бўлиб қолишидан чўчиб, ташқарига шошилди. Шаҳодат бону ёстиққа бемажол бош қўйди. Оёқлари остига ташланган адёлни устига тортиброқ олди. Кўзларини юмганча, хаёл оғушига сингди.

Эҳ, соддадил болам… Наҳотки шу гаплар рост бўлса?! Қайси ақлу идрок билан наҳс йўлига кириб қолдинг? Биз сени оқ ювиб, оқ тараб ўстирувдик. Дид нима, фаросат нима, ҳарому ҳалол нима, поклигу нопоклик нима, ҳаммасидан бохабар эдинг-ку? Нега энди иймон йўлидан адашдинг? Кўзларингни хиралаштириб, идроку иродангни синдирган нарса нима? Наҳотки сени сароб шаробларига бўктириб, чинакам ҳаёт ва муҳаббат оламидан маҳрум этмоқчи бўлсалар-у, сен эса алдамчи эҳтиросларнинг итоаткор қулига айланиб, ўзингда йўқ сархуш юрган бўлсанг? Ким у Тахмина? Бу бадбахт, бахтиқаро, дайди қиз ҳақида унча-мунча эшитганларим бор… Мен уни қораламайман. У ҳам инсон, у ҳам муҳаббатга, оналикка даъвогар, Оллоҳ яратган жамики неъматлардан бошқалар қатори баҳраманд бўлиб яшашга ҳақли бир аёлдир. Лекин, нега энди сен унинг қурбони бўлишинг керак?..

Ёинки… Тахмина билан Ўктамбекни боғлаб турган ришталар, ҳожим айтмоқчи, ғўр ёшликнинг кўнгил кўчаларида рўй берувчи шунчаки бир булҳаваслик ҳодисасими? Йўқ, улар мени авайлаб, кўп сирни пинҳон тутаяптилар. Ўртада кечаётган ишлар унчалик жиддий бўлмаганда, ҳожим ҳозирги эътирофидан ўзини тийиб қолган бўларди. Демак, Ўктамбекнинг ўзи билан бу ҳақда юзма-юз гаплашмагунимча, аниқ бир хулосага келиш қийин кўринади…

Бонунинг хаёллари нохос Иброҳим ҳожига кўчди. Бунақа эр, бунақа оталар камдан-кам учрайди. У билан турмуш қуришганига мана ўттиз йилдан ошибдики, эру хотин бирон марта сану манга боришмаган. Бир-бирларини ҳамиша авайлайдилар, ардоқлайдилар, бир-бирларининг кўнгли учун, иззату шаъни учун жон тикканлар. Фақат бону… кейинги йиллар бошига тушган қисмат учун хижолат чекади, ўзини ортиқча бир юкдек ҳис этади, ҳожининг мўътабар умрига зомин бўлиб турган дардисар, деб ҳисоблайди. Бироқ ҳожи ҳамон Шаҳодат бонуни еру кўкка ишонмайди, ўша-ўша, бир-бирлари билан топишган дастлабки кезлари қанчалар фидойи, парвона ва ширинсўз бўлган бўлса, ҳозир ҳам худди шундай, ҳатто ортиқроқ ҳам дейиш мумкин. Ҳожининг ўз болалари учун қанчалар меҳрибонлиги ва шу билан бирга талабчанлигини айтмайсизми! Шундай отани қадрламай, иззату ҳурматини жойига қўймай бўладими? Бундай отанинг сўзига, раъйига, иймон даъватига қарши бориш гуноҳи азимдир.

Бону Иброҳим ҳожи билан ўтказган умрининг энг ширин дамлари оғушига чўкди. Кўз олдида бундан ўттиз йил бурун бўлиб ўтган ўша унутилмас тўй кечаси жонланди. Улар бир-бирларини яхши танишмас, фақат ота-оналари ва атрофдагилар орқалигина бир-бирлари ҳақида хира тасаввурга эга эдилар.

Улар илк бор чимилдиқда юзма-юз бўлишди.

– Мен сизни кўпдан бери излаб юрувдим, – деди куёв унинг сочларини майин-майин силаб.

– Мен ҳам…– ийманиб, хижолатда лов-лов ёниб жавоб қилди келинчак.

– Мен сизни ғойибона севиб қолганман…

– Мен ҳам…

Ўша-ўша, бу оиланинг омад ва бахт кошонаси чинакам севги ва садоқатнинг ёлқинли шуълалари билан чароғондир.

Шаҳодат бону нашъали хотиралар бешигида кўзи уйқуга илинган экан, бир вақт ҳовлига кириб келган Ўктамбекнинг машинаси шовқинидан уйғониб кетди.

…Дадасининг Тахминаникига ташрифидан буён Ўктамбек ўзини ўзи еб юрипти. Кўнглига қил сиғмайди, бошидан нуқул «Нега? Нега?» деган савол аримайди. Тахмина ҳам бу ҳақда тафсилотга берилмади. Чунки шусиз ҳам ҳаммаси аён, асосий мақсад, «халақит берма, Ўктамбекни тинч қўй»– деб таъкидлаб қўйишдан иборат эди. Ваҳоланки, Тахминани ҳоли-жонига қўймаётган менинг ўзимман-ку! Бечора: «Мени тинч қўйинг, Сиз менга ҳеч қачон уйлана олмайсиз», дея неча бор нолаи зор қилганлари, ҳатто уни уйига қўймагани ёки уйдан ҳайдагандек қилиб чиқариб юборганлари-чи! Нега энди яна калтак келиб шўрлик маҳбубамнинг бошига тушаркан? Йўқ, мен уни ҳимоя қиламан, унинг шаънига ҳеч ким дахл қилолмайди!

У дадасидан дили қаттиқ озурда эди. Лекин отанинг юзига боқиб, дилидагини тилига кўчиришга юраги дов бермасди. Отанинг мавқеи, салобати унинг елкасидан тоғдек босиб турарди. Шу боис ҳам: «Дадамнинг ўзлари ёрилиб қолса, бу сафар дадилроқ гаплашаман», деган ниятни кўнглига тугиб қўйган. Бироқ негадир ҳожининг дами ичида, ўртадаги янги савдоларга акс садодан ҳали дарак йўқ эди.

Ўктамбек барча андишаларни бир четга суриб қўйиб, қачонлардан бери юрагини ўртаб келаётган пинҳоний кечинмалардан ойисига сўз очгиси ҳам келди, бироқ бунга журъати етмади. Тўғрироғи, суюкли фарзандининг бахту иқболини ўйлаб, не-не орзулар оғушида яшаб турган касалманд она учун бу нарса оғир юк бўлиб тушишидан қўрқди. Бироқ кўриб турганимиздек, «чипқон» Ўктамбексиз ҳам аллақачон етилиб бўлган ва уни олдинда яна янги-янги синовлар, изтироблар кутиб турганидан у ҳали бехабар эди.

Она-бола одатдагидек самимий кўришишди. Бону ёнгинасига келиб ўтирган ўғлининг бошини кўксига олиб, худди ёш болани эркалагандек, унинг пешонасидан ўпди, юз-кўзларини, елкаларини меҳр билан силабсийпалади. Ўғил ҳам онанинг муаттар ҳидидан сармаст ҳолда бир дам эркаланиб ўтирди, унинг соғлиғи ва кайфиятини суриштирган бўлди. – Сени хурсанд кўрсам бўлди, болам,–бонунинг мунаввар чеҳраси янаям ёришиб кетди.–Она учун бундан ортиқ нимаям керак?

– Бахтимизга ҳамиша омон бўлинг, ойижон, – Ўктамбек онанинг кўзларига муҳаббат билан боқди. – Юрагингиздаги ҳамма орзуларни кўриш насиб этсин.

– Раҳмат, нуридийдагинам…

Бону учун кўнглида тугун бўлиб турган муаммони ечиб, ишни ўз ўзанига юриштириб юборишнинг қулай фурсати эди-ю, бироқ она буни ҳозирча лозим топмади. Ахир ишдан ҳориб-чарчаб келиб, ҳали ечиниб-ювиниб улгурмаган бўлса. Кейин, шундай хушвақт бўлиб турган пайтида ўртага томдан тараша тушгандек қилиб, куйиниб турган юракни намакобга ботириш ҳам инсофдан эмас.

Кечки овқат пайтида, бугун ҳам одатдагидек ота-бола ўртасида яна совуқ хомушлик зоҳир бўлди. Қовоғини уйиб олган ҳожи ўғлининг саломига ғўнғиллаб жавоб қайтаргани учун олган алиги чалароқ чиқди. Мулзамлик ёхуд азиятданми, иккала бети бўғриққан Ўктамбек ҳам дадил овоз чиқариб, отадан дуруст-қуруқ аҳвол сўролмади.

Фақат Шаҳодат бонугина бугун алҳол хотиржам, чунки шу кунларда ота-бола муносабатларида сезилиб қолган норасолик сабаблари энди унга аён ва у, бунинг учун ортиқча аҳамият бериш ножоиздир, чунки ҳамма нарса барибир ота-она хоҳишича изга тушиб кетиши аниқ, деб ҳисобларди. Ўктамбекнинг рафторидан юраги сиқилиб, хаёлида етилиб келаётган аллақандай нохуш воқеалардан таҳликага тушиб бораётган ва шу кунларда жаҳл устида ўғлини ёмон кўйларга солиб қўйишдан ҳам чўчиб, «астағфируллоҳ»ни тилидан қўймай юрган ҳожи ногоҳ хотинининг: «Ўктамбек билан ўзим гаплашаман», деган сўзларини эслаб қолди. Пиёладаги чойни ҳам охирлатмай, ўрнидан енгил қўзғолди.

– Менга узр, бону. Ҳужрамда бўламан.

Шаҳодат бону эрини тушунди. «Сизларни ёлғиз қолдиряпман», дегани бу. Ўғил ҳам сезди: дадаси, афтидан, унга ўз ҳукмини ўтказмагунча муросага келмайдиган кўринади. Лекин Ўктамбек ҳам энди ҳар нарсага мутелик билан қўл қовуштириб турадиган кечаги ўспирин эмас. У ўз инсоний ҳуқуқлари ва эрки йўлида қатъиятли, ўз бахтини ўзи излаб топишга аҳд этган ва албатта, ҳаёт сўқмоқларидаги ҳар қандай чигалликни сабру тоқат ва мушоҳада билан ечишга одатланаётган йигитдир. Тўғри, ота чекаётган азиятдан у ҳам руҳан эзилмоқда. Бир томондан, падари бузруквори қаршисидаги аҳволидан куюнса, иккинчи томондан, хаёлида гўё кун сайин, соат сайин ундан йироқлашиб бораётган Тахмина ҳамда унга бўлган оловли муҳаббатининг қисмати не кечишидан чуқур ташвишда, хавотирда эди.

У онанинг оғзини пойлар, мабодо гап орасида унинг уйланиши масаласига ишора бўлиб қолса, бу гал энди ойисига бир амаллаб юрагидаги дардидан сўз очмоқни ният қилиб қўйган.

Лекин Шаҳодат бону гарчанд ўзи ҳам шу мавзуда тезроқ гап очишга ошиқаётган бўлса-да, одатдаги вазминлик ва сиполикни қўлдан чиқармади. У аввалига ўғлининг ишлари қандай бораётганлигию, яна алланималар хусусида бир муддат мулоҳаза юритиб ўтирди. Ва ниҳоят, Ўктамбекнинг «дил торини чертиб ўтмоққа» жазм этди.

– Болагинам… Сен бизнинг яккаю ягона эркатойимиз, энг суюкли фарзандимизсан. Нуридийдамизсан. Даданг ҳам, мен ҳам сенинг бахту иқболинг учун жонимизни тикканмиз. Мана, Оллоҳга беадад шукрларки, камолга ҳам етдинг. Соғлом, ақлли, билимли йигит бўлдинг. Эндиги орзуимиз сени уйлаш, фарзандларингни ҳам кўриб, қувонишдир, болам. Вақт деган нарса шамолдек елиб, ўтиб кетаверар экан. Борган сари умрнинг омонатлиги кексалар ҳаётига тез-тез соя ташлаб тураркан. – Ойижон, бундай деманг, – унинг сўзларини бўлди Ўктамбек, ойисининг кўзлари намланганлигини кўриб.–Энг рўшнолик йилларингиз ҳали олдинда.

– Айтганинг келсин, чироғим,– Шаҳодат бону рўмолчасини ёшли кўзларига мулойим босиб қўяркан, сўзида давом этди,– эсингдадир, бундан олдин ҳам бу ҳақда сенга айтганмиз. Танлаганинг бўлса айт, бўлмаса биз қидирамиз, дегандик. Лекигин сен ҳамон жимсан… Ўртага оғир жимлик чўкди. Ўктамбек онага нима деб жавоб беришни билолмай қолди. У яна бир муддат сукут сақлашга, гап охири нимага бориб қадалишини билиб олмоққа қарор қилди. Шаҳодат бону эса Тахмина тўғрисида сўз очмасликни афзал билди. Лозим бўлса бу ҳақда Ўктамбекнинг ўзи ёрилгани маъқул, деган фикрга келди.

– Ўзинг тушунарсан, – сўзида давом этди бону. – Ҳеч қайси ота, ҳеч қайси она ўз боласига ёмонликни раво кўрмайди. Уни уйлайдиган-жойлайдиган бўлса, фарзандининг жуфти ҳалоли ўзига мос бўлишини истайди. Бўлажак келин ёки куёвнинг таг-тугини, насл-насабини суриштиради. Янги оила бахтли бўлсин, куёв-келин қўша қариб, ували-жували бўлишсин, деб орзу қилади. Шундай экан, фарзанд ҳам ўз ўрнида ота-онанинг маслаҳатларига қулоқ солса, уларнинг раъйига қараб иш тутса ёмон бўлмас. Ота-она ҳарҳолда кўпни кўрган, яхши билан ёмонни, аччиқ билан чучукни ажратавериб суяги қотган одамлар-да, ахир.

– Сиз ҳақсиз, ойижон,– унинг сўзларини маъқуллаган бўлди ўғли.– Мен ўз бахтимни сизларсиз тасаввур қилолмайман.

– Баракалла, ўғлим. Шу боис ҳам биз сен билан фахрланамиз, сени ҳақингга дуолар қиламиз, – бону шундай дея кўнгилдан ўтказди: «Энди гапнинг индаллосини айтиб қўяверсам бўлар».– Даданг иккимиз кўп мулоҳазалардан сўнг сен учун бир қизни мўлжалга олдик…

Ўктамбек бир нафас дами ичига тушиб ўтирди-да, кейин сир бой бермаслик ниятида ўсмоқчилаб сўради:

– Ким экан у, ойижон?

– Дунёга бергусиз қиз, дейишади. Даданг бир-икки бор кўрган эканлар. Қисқаси, дадангни дўстлари, ўзинг ишлаётган идоранинг бошлиғи Икромиддин домланинг қизлари Заррина бону!

Ўктамбек кутилмаган бу таклифдан лол қолди. Кўз олдида прокуратурага, дадасининг ҳузурига баъзан келиб, компьютерда алланималарни ёзиб, чиқариб кетувчи, чиндан ҳам сулув ва шўх-шаддод Зарина жонланди. Икковлари оз-моз таниш, бир марта ҳатто идоралари ёнидаги ошхонада бир столда ўтириб, тушлик ҳам қилишган.

…Ўша куни Заринанинг ёнида иккита дугонаси ҳам бор эди. Мўъжазгина ошхона тушлик пайти эканлигидан одамлар билан тирбанд, битта бўш жойлари борлигидан, қўлидаги баркашни қаерга қўйишни билмай турган Ўктамбекни қизлар ёнларига имлашди.

– Келаверинг, амаки… – деди биттаси.

– Қўрқманг, еб қўймаймиз, – деди иккинчиси.

– Ҳушёр бўлинг, қоқиниб кетасиз, – деди учинчиси.

Ҳазилкаш қизларнинг бу қочиримидан Ўктамбек яйраб кетди. У ҳам ўз ўрнида қизларнинг ёнига келиб қўнаркан, ҳазил аралаш жавоб қайтарди:

– Иштаҳага барака, опажонлар…

Қизлар ўзаро кўз уриштириб, «пиқ-пиқ» кулиб олишди. Кейин Ўктамбек даврага жон киритиш мақсадида ўртадаги графиндан ҳаммаларига шарбат қуйди.

– Қани, қизлар, сизларни саломатликларингиз учун!

Ёшлар ярим соатча вақт ичида бир-бирлари билан танишибиноқлашиб олишга улгуришди. Анча-мунча ҳазил-мутойибалар бўлиб ўтди ўртада. Бир вақт хайрлашув чоғида Зарина шундай деб қолди: – Адангизлар бизникига келиб туришади. Сиз ҳам ўтинг, кеннойим билан албатта…

– Бўпти, – деди Ўктамбек ҳам ҳозиржавоблик билан. – Қачон уйлансам, ўшанда кеннойингиз билан бирга ўтамиз.

Мана энди тақдир тақозосини кўрингки, қайсидир олий ўқув юртини тугаллаётган ўша шўх-шаддод Заринага уни уйлантиришмоқчи. Бунга у ҳам розими-йўқми, унинг ҳам балки ўз суйгани бордир, буёғи катталарни қизиқтирмайди.

– Сиз айтаётган Зарина бонуни танийман, ойижон,–босиқлик билан суҳбатга аралашди Ўктамбек.–У чиндан ҳам ҳавас қилса арзигулик…

– Ана кўрдингми, – унинг сўзини бўлди Шаҳодат бону. – Адангни дидлари баланд. Сенга унча-мунча қизни раво кўрмайдилар.

– Тўғри, лекин…

– Нима лекин? – хавотирланиб сўради она.

– Мени кечиринг, ойижон. Фақат кўнглингизга оғир олмасангиз айтаман.

– Айт…

– Менинг ўз суйганим бор,– томоғига нимадир тиқилгандек базўр сўз қотди ўғли.

У ойисидан: «Суйганинг ким?!» – деган саволни кутди. Лекин она бу ҳақда «чурқ» этмади. Демак, ойиси Тахмина билан унинг ўртасидаги савдолардан хабардор…

Ўртага оғир сукунат чўкди. Она-бола энди бир-бирларининг юзига боқолмас, ҳар бири ўзича сув бетига қалқиб чиққан ҳақиқат мушоҳадасига берилганди.

– Ўзбекнинг эр йигитига муносиб бўлмаган ишни қилма, болам,ниҳоят сўз қотди она.– Наҳотки ор-номус, ҳамият деган нарсани бир четга суриб қўйишнинг иложи бўлса? Майли, ота-онангни тириклайин ўлдиришингни, оиламиз шаънини оёқ ости қилишингни Оллоҳ кечирсин. Лекин сен ўзингдан қочиб қутула оласанми? Тенгдошларинг, дўстларинг истеҳзосидан сақлана оласанми? Қайси юз, қайси виждон билан тўйга одам чорлайсан, кўчага чиқасан, ишга борасан? Қани, гапир…

Ўктамбекнинг пешонасида тер йилтиллади. Ҳа, она ўз йўлида ҳақ, у тўғри гапиряпти. Бироқ нега энди Ўктамбекнинг вужудида олов бўлиб кўпираётган ҳиссиётлар, Тахмина билан иккови ўртасидаги муҳаббатнинг шаъни, тақдири ҳеч кимни қизиқтирмайди? Нечун бизнинг қовушишимиз ор-номуснинг топталиши, деб баҳоланади? Нега энди мен ўз суйган ошимни ичишга ҳақли эмасман?!

– Мен барибир Тахминани дейман! – энди қатъиятлироқ оҳангда сўз қотди ўғил.

Шаҳодат бону бир дам нималарнидир мушоҳада элагидан ўтказиб олди-да, кейин вазминликни қўлдан бермаган руҳда гапирди:

– Ўша Тахмина деганинг мабодо бировдан қолган бева бўлмаганида эди, унинг ким эканлигидан қатъи назар, унга уйланишингга розилик берардим…

Ўктамбек энди тақводор ва билимдон она билан унинг тафаккури доирасида гаплашишга қарор қилди:

– Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам жаноблари ҳали рўзғор кўрмаган йигирма ёшларида икки марта турмуши бузилган учта болали Хадича онамизга уйланганларини эсдан чиқармайлик…

Шаҳодат бону ўғлидан бу қиёсни кутмаганди. Ичида унинг иймон юлдузи бўлмиш пайғамбаримиз ҳаётларига таяниб мисол келтирганидан бир қадар қувониб қўйди. Шу тоб ўғлига жавобан: «Буниси тўғри. Аммо пайғамбаримиз ва ул зотнинг умр йўлдошлари нопоклик, зинокорлик каби гуноҳи азимдан буткул фориғ буюк зотлар бўлишган», демоқчи эди-ю, лекин айтолмади. Суюкли фарзандини чуқур хижолатга солиб қўйишдан чўчиди.

– Ул зотлар вужудидан иймон нури ёғилиб турган, болам. Бунинг мағзини ўзинг чақиб ол, – деб қўя қолди.

Шундай қилиб, ортиқча гап-сўзга ҳозир ўрин йўқлигини сезган Шаҳодат бону ўғлига жавоб берди. Ўктамбек шошмади. Қўлтиғига китоб қистириб кириб келган жория хола олдида бемор онанинг юз-кўзларидан ўпиб, унга хайрли тун тилади. Ўз хонаси томон ўтиб кетаркан, ногоҳ кўз олдига «лип» этиб Тахмина келди. Дарди қайта янгилангандек бўлди. Бироқ шу асно адолатпеша ва андишали онанинг кўнглида: «Ўша Тахмина деганларини бир кўриб, у билан юзма-юз гаплашсам бўларкан», деган фикр уйғонганини билганида эди, ўртадаги муз эҳтимол кўчиб кетишига умид боғлаган бўлурмиди…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации