Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 32

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 32 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XVI

Истам Тошкентдаги ишлари силлиқ кўчганидан хурсанд эди…

Кинг-Конг уни хушҳол ва хотиржам кутиб олди. Не ажабки, у ҳар эҳтимолга қарши, дея йигитларини ҳам жамламаган, ҳовлида ўзию тансоқчиси Бойўғли билан «кар-соқов пазанда» аёлдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бу ҳолни ўзига билдирилган ишонч ва ҳурмат ўрнида қабул қилиб, учрашувга бир йўла учта йигити билан кириб келганидан ичида бироз хижолат тортиб қўйди.

Меҳмонлар учун қуюққина зиёфат тайёрлашган экан. Лекин узоқ тўхташмади. Асосан йигитлар бир дам маишат қилиб олишди. Айниқса, соқов аёлнинг уёқ-буёққа ажина шамолдек елиб-югуриб хизмат қилишию, улар билан жуғур-жуғурини калака қилишиб, кулишиб ўтиришди. «Пазанда» аёл Истамнинг ҳам эътиборидан четда қолмади.

– Зап чаққон эканми?! – деди у Кинг-Конгга. – Кару соқов, қўли гул пазанда. Қаердан топдингиз бунақасини?!

– Худо еткизган…

– Менга ҳам худди шундайидан керак эди.

– Шунинг ўзини олиб кетсангиз-чи?

– Нега? – ажабланди Истам. – Кўнглингизга урганми, дейман? – Унчалик эмас,– деди Кинг-Конг ва жўрттага Дилшодага эшитарли қилиб илова қилди:– Фақат… ёши ўтиб қолди.

Истам бу гапдан мазза қилиб кулди.

Уларнинг олдига янги каржланган қовун келтириб қўяётган Дилшода Истамдан пинҳона «Ҳап, саними!» деган мазмунда Кинг-Конгга совуқ назар ташлаб қўйди.

Олди-сотди ваъдага мувофиқ бехавотир ўтди. Эллик ўрам «оқ талқон»ни Ажалнинг қўлидан Бойўғли санаб олиб, уларнинг қўлига пул солинган дипломатни узатишди. Истамнинг ўзи уни очиб, доллар тахламларини бирма-бир назардан ўтказгач, Кинг-Конгга мамнун боқди: – Сизга омад тилайман, дўстим Борис. Энди, иккинчи масалага кўчсак…

– Мен тугал фикрга келдим, Истамбек жаноблари. Биз розимиз. Фақат… Вазифа бағоят хавфли эканлигини ҳисобга олиб, соққани яна оширсак демоқчиман. Чунки менинг қўлимга қарайдиганлар озмунча одам эмас.

Кинг-Конг бу гапни Истамнинг ишончини оширмоқ ниятида айтди. Истам эса Кинг-Конг ўзини тарозига сола бошлади, деган хаёлга келди. Бироқ наилож, хориж ҳар қанча шартга ҳам тайёр…

– Биродари азиз, мен сизга ваъда қилаётган миқдорни ўзимнинг кўнглимдан чиқарганим, деб ҳисоблайлик. Бундан ташқари, топшириқ кўнгилдагидек бажарилса, юк эгаларининг қўшимча рағбатига кафолат бераман.

– Тушундим. Сиз учун гап йўқ, – деди унга жавобан Кинг-Конг. – Биз юкни қабул қилиб олишга уч кундаёқ тайёр бўламиз. – Келишдик. Уёғи билан бошқалар шуғулланади. Сиз билан ўзим боғланаман.

Истам шундай дея йигитларига «Кетдик» ишорасини қилди. Ногоҳ қайси бир мулоҳазага бориб, Кинг-Конгга синовчан боқди.

– Кўришгунча… Бирон савол туғилиб қолса, «соткам»ни биласиз. Биз эртага кечгача Тошкентдамиз.

Бу гапни у қайси мақсадда айтганини Кинг-Конг англади. Истам уни лақиллатмоқчи бўляпти. Бунча катта пул билан шаҳардан бирон кор-ҳолсиз чиқиб кетишнинг олдини олиб қўйиш ниятидаги нағмаси бу. Демак, улар аслида эртага эмас, шу бугуноқ жўнаб қолишади.

– Хайр, йўлингиз бехатар бўлсин.

Яқин орада, айтилган нарсалар Тошкентга кириб келгач, Истам бошлиқ гуруҳ ўлимга маҳкум этилиши муқаррарлигини ўйлаб, Кинг-Конг ана шу эски ҳамтовоғи учун ичида ачиниб қўйди. Бироқ унинг ўзи ҳам энди узоқ яшолмаслигидан, «Марказ» ўзининг хуфиёна малайи бўлмиш Любаша орқали Кинг-Конгнинг «мент»ларга сотилгани ҳақида хабар топиб, унга ўлим ҳукми чиқарилишидан бехабар эди…

Ҳозир Истамнинг Тошкентдан чиқиб кетиш олдидан қадрдони Самандарникига бирров қўнган пайти эди. Назарда тутилган ишлар силлиқ кўчганидан мамнун хўжайин ўз йигитларига Чаманнинг қизлари билан бир-икки соат маишат қилиб олишларига изн берди. Ўзи қуюқ зиёфат қошида мунтазир Самандар ва Давлатберди билан эндигина ҳол-аҳвол сўрашиб турувдики, кутилмаганда «Фарғонадан» Малла қўнғироқ қилиб қолди,

– Мунча овозинг ланж, касал-пасал эмасмисан? – сўради Истам жаҳл билан.

– Жирғатолда онам ўлиб қолди… Ҳозир жўнаб кетяпман,– хаста овоз эшитилди гўшакдан.

– Ўлган бўлса яхши бўпти. Ўша ёқда бирон ой турганинг маъқул, – Истам шундай дейишга деди-ю, садоқатли малайига яна ачиниб, илова қилди: – Бизникига кириб, янгангдан пул-мул олвол. Кампирнинг жойи жаннатда бўлсин…

Эҳтиёткор ва муғомбир Истам ўтириш олдиданоқ Давлатбердининг иши аллақачон битган бўлишига қарамай, нега энди жўнаб кетмагани ва бу ерда уймалашиб юргани билан қизиқди.

– Чала қолган ишларим бор, – деди Давлатберди ва бироз ҳазил йўриғида илова қилди: – Сизга қандай билмадим-у, лекин мен учун Тошкентдан кўнгил узиш ҳар сафар қийин кечади.

Унинг «чала қолган иши»дан Истамнинг ғашланиб қолганини сезган Самандар орага ойдинлик киритди:

– Сиздан яширадиган гапимиз йўқ. Давлатберди жанобларидан бугунча Тошкентда қолишларини бир маҳлиқо хоним илтимос қилганлар… – Ким экан у маҳлиқо хоним, билсак мумкинми? – босиқлик билан сўради Истам.

Самандар яна Давлатбердига қараб олди. Бу билан у «айтаверайми?» демоқчи эди. Олмаоталик Истамнинг гапига мутлақо бепарво ўтирганини ҳисобга олиб, жавоб берди:

– Балким биларсиз. Водий тарафлардан келиб қолган. Ҳозир Тошканнинг энг бойвучча хонимларидан бири. Раҳматли Мумтоз ҳофиздан тул қолган Тахмина бону…

Истам ичида бир қақшаб олди. Лекин юзида ҳеч нарсани сездирмасликка уриниб, олдида турган коньяк тўла қадаҳни бир кўтаришда симирди.

– Танимас эканман… Лекин у ким бўлсаям, барибир, мен сизларга хотинбозликни маслаҳат бермайман. Бу нарса менинг чўнтагимдан тушиб қолган. Яхшиликка олиб бормайди…

Орага жиндак сукунат тушди. Самандар ўтиришининг совуб қолишидан чўчиб, Истамга ялтоқилик қилди:

– Жаноблари сиполик қилаётганингизни биламиз. Агар жойи келса, ҳалиям бир кечада уч-тўрттасини ҳазм қилворадиган қурбингиз бор! Истам меҳмон олдида келтирилган бу таърифдан ҳузурланиб, унинг фикрини шиббалаб қўйди:

– Албатта, барчамиз ҳам эркакмиз, деб бош кўтариб юрипмиз бу дунёда. Лекин барибир эҳтиёт шарт. Аёл кишининг касофатидан худо ўзи асрасин.

Тахминанинг Давлатберди билан бугун Самандарникида учрашишга розилик бергани рост эди. Соҳибжамол хонимнинг аввалига булардан нафратланиб, икковини ҳатто итдек ўлдиртириб юбориш шаштида бўлгани ҳолда, кейин нечундир бирданига ҳовуридан тушиб қолгани буларни айтарли ажаблантирмади. Яхшиямки, бу ҳақда улар Истамга индамай қўя қолдилар. Акс ҳолда, қари тулки бу ҳақда бош қотирган ва тегишли хулосани чиқариб берган бўлурди.

Гап шунда эдики, капитан Авазбек билан келишувга мувофиқ, Тахмина Давлатбердини вақтинча ўзидан узоқлаштирмаслиги, унинг бу ердаги ишлари билан имкон қадар кўпроқ қизиқиши ва Тошкентдан чиқиб кетиш кунини аниқлаб бермоғи лозим эди. Бироқ Тахминанинг, айниқса, кейинги кунларда негадир хаёли паришон тортиб, ҳеч нима билан қизиқмай қолганлиги ва Авазбек билан телефонда мунтазам алоқада бўлиш ҳақидаги ваъдасини унутаётганлиги боис, фарғоналик капитаннинг ўзи уни дўконига бориб топди.

Табиатан қув ва очиқкўнгил Тахминанинг руҳий ҳолатидаги ҳорғинликни Авазбек дарров сезди. Ёш хоним ўзини ҳарчанд хушҳол ва жонсарак кўрсатишга уринмасин, капитан барибир гап нимадалигини аниқламоқ ниятида ҳарҳолда Ўктамбекдан сўз очди:

– Америкадан телефон бўлдими?

– Ҳа, икки марта…

– Кўрдингизми, биздақаларни эсламайди ҳам. Майли, майли. Ҳар ким ўз суйганидан қолмасин.

Тахмина бир дам тин олиб, кейин дадилроқ сўз қотди:

– Сиздан яширмайман. Биз назаримда… бизнинг йўлларимиз ҳеч қачон туташмайди чоғи.

Авазбек дард қаердалигини англаб етди.

– Тушунаман. Лекин… ноумид шайтон. Бардам бўлинг, Тахмина. Ўктамбек қайтгач, мен ўзим аралашаман бу ишга.

– Ҳожати йўқ, Аваз ака. Менинг пешонамдаги шўрни худодан бошқа ҳеч бир бандаси ювиб ташлолмайди, – Тахмина кўзларидаги ёшни рўмолчаси билан артиб, илова қилди: – Келинг, бу ҳақда бошқа гаплашмайлик.

Авазбек бир нафас хаёлга толди. Тахминанинг изтиробини кучайтириш мумкин бўлган бу мавзуда гапни чўзиш ўринли эмаслигини тушуниб, вазминлик билан муддаога кўчди:

– Сиздан илтимос қилувдим. Олмаоталик Давлатбердини ашёвий далил билан қўлга олишимизда ёрдамингиз зарур.

– Мени кечиринг. Ўзим билан ўзим бўлиб…

– У ҳалиям Самандарникидами?

– Эҳтимол. Мен уни ҳозироқ суриштириб кўраман.

– Гап бундай. Истамнинг Тошкентдан чиқиб кетишини кутамиз. Сизнинг вазифангиз Давлатбердини шунгача чалғитиб туришдан иборат. – Бу мен учун жудаям қийин туюляпти. Лекин начора…

…Самандар билан Давлатберди учун асл моҳияти ноаниқ бўлган, бироқ ҳозир уларни қувонтириб турган бўлажак учрашувга боғлиқ тафсилот ана шундан иборат эди.

Учовлон хийла мириқиб ўтиришди. Истамнинг бу ерга бирров қўниб ўтишдан мақсади Давлатберди билан Самандарни навбатдаги наркобизнес олди-сотдилар бўйича янги келшувлар ва шарт-шароитларидан хабардор қилиб қўйиш эди. Шу боис ҳам олмаоталик билан уй эгасининг бошида ғимирлаб турган маиший хаёлларга бошқа эрк бердирмади. Асосий мавзуни фақат ўз эътиборидаги ишларга бурди.

Самандар бу галги воситачилик хизматлари учун Давлатбердидан ҳам, Истамдан ҳам мўмайгина даромад топгани боис, уни жон қулоғи билан тинглади.

– Мана шу даргоҳ сизларники, – деди у. – Ҳар қанча ҳизмат бўлса тайёрмиз.

– Сен кўпроқ харидор қидиришинг керак, – таъкидлади унга Истам. – Фақат мижозларга ҳушёр бўл. Шароит оғирлашиб боряпти. – Бизда ҳам аҳвол чатоқ, – гапга қўшилди Давлатберди.–Одамларга ишониб бўлмай қолди. Айғоқчилар кўпайиб кетган.

– Сен юкингни қандай жўнатмоқчисан? – сўради ундан Истам. – Самолётда. Бир лётчик одамимиз бор. Аллақачон олиб кетди.

Ташқарида қаттиқ шамол туриб, дарахтларнинг шиддатли шовуллаши, шундан сўнг устма-уст момақалдироқнинг ваҳимали гумбирлаши эшитилди. Кўча томон деразаларидан ичкарига қутқу солиб, қудратли чақмоқларнинг олмос тиғлари ялтирай бошлади.

Истам тилла занжирли чўнтак соатини чиқариб қараб қўйди: тезроқ жўнаб қолиш керак. Айни муддао. Ҳамма ин-инига кириб кетган бўлади…

– Меникиларни чорла. Сафар қариди, жўнаймиз.

– Яхшигина ўтирувдик-ку… – илтифот билдирди уй эгаси.

– Шакарнинг ози ширин.

…Сира кутилмаган воқеа юз берди: Истамга қарашли иккита енгил машина ланг очилган дарвозадан бирин-кетин энди чиқиб кетмоқчи бўлиб турганда, атайин худди шуни кутгандек ичкарига шувиллаб «Нексия» кириб келди. Шамол андак тўхтаб, энди ёмғир томчилай бошлаган, ҳаво изғиринли бўлишига қарамай, ширакайф кузатувчилар – Самандар билан Давлатбердининг қуюқ, пойма-пой хайр-хушлари чўзилиб кетиб, Истам ҳали машинага ўтириб улгурмаган эди. У ҳеч нимадан тап тортмай, машинадан дадил тушиб келаётган сарвқомат соҳибжамолни дарров таниди: Тахмина!

Эгнида қора плашч, елкаси узра бошига чиройли қўнган оқ рўмоли ўзига хос сиполик бахш этиб турган бўйчан Тахминанинг юзларида жиддийлик зоҳир эди. У турган жойида шам қотган Истамни кўриб, ажабланмади.

– Тоғ тоғ билан учрашмаса ҳам, одам одам билан учрашаркан,деди Тахмина заҳархандалик билан. – Тошкентга мабодо мени излаб келганинг йўқми, итвачча?

Истамнинг вужудини совуқ тер қоплади.

Титраб-қақшаб Самандарга деди:

– Бу ойимча афтидан Чаманнинг дарвозаси билан саникини адаштириб қўйганга ўхшайди.

Тахмина бўш келмади:

– Менимча, сен киришинг лозим бўлган темир дарвоза бошқа ёқда эди…

Кутилмаган ҳолдан ҳайрон турган Давлатберди келиб, Тахминанинг тирсагидан тутди:

– Не надо. Ичкарига юр.

Тахмина унинг қўлини силтаб ташлади.

– Нари тур!–у яна Истамга нафрат ва ғазаб билан юзланди:Тахмина жимиб кетди, деб ўйлама. Ўртадаги ҳисоб-китобдан барибир қочиб қутулолмайсан!

Истам ўртадаги зиддиятнинг кескинлашувидан чўчиди. Тахминага қўл силтаганича, саросимада машинага ўтирди. Жўнаб қолишди.

Юз берган воқеа бу ердагилар учун Тахминанинг ташрифидан кутилаётган «ҳаловатли дамлар» гулханини сўндириб қўйгандек эди. Самандар билан Давлатберди «ноз-фироғи осмонда» бўлган бу паривашнинг нега энди ўз вақтидан эртароқ кириб келганига бир ажабланишса, унинг Истам билан таниш чиққанлиги ва боз устига, улар орасида аллақандай «ҳисоб-китоблар» борлигига яна ҳайрон қолишди. Шунга қарамай, мезбонлар меҳмонни ичкарига олишиб, гўё ҳеч нима рўй бермагандек, ҳазил-ҳузул, олди-қочди гаплар билан Тахминанинг руҳини кўтаришга, ўртада яхши кайфият уйғотишга ҳаракат қилдилар. Тахмина Истамнинг Тошкентда эканлигидан хабардор, бироқ у билан Самандарнинг дарвозаси олдида рўпара келишини кутмаган эди. «Талқон» операцияси бўйича махсус гуруҳ бошлиғининг кўрсатмасига кўра, Тахмина Самандарникига бугун кечки пайт ўз машинасида ҳайдовчисиз кириб бориши ва ҳамма нарса кутилганидек бўлса, у ердан гўё «уйга қўнғироқ қилиб, бетоб ўғилчасидан ҳол сўраб» қўйиши лозим эди. Бироқ Истам, Дилшода етказган хабарга кўра, Кинг-Конгникидан «ишларини биткизиб» тушдан кейиноқ чиқиб кетган, лекин унинг Самандарникига ўтиб, яна бир муддат тўхталиб қолиши назарда тутилмаган эди.

Қароргоҳга сал эртароқ келиб қолган Тахмина мўлжалдаги ишни барбод бериб қўйишдан чўчиб, Истам билан гапни калта қилди. Ҳозир ҳам ҳаргиз Истамга бўлган нафрати ва ғазабдан ўзини босолмаётган бўлса-да, ҳарҳолда Авазбекка берган ваъдаси устидан чиқишга уринди. Ўзини ниҳоят хотиржам бўлганга солиб, Давлатберди билан дунёвий ишлардан бемалолроқ гаплашиб ўтирди. Самандарнинг қўлидан ҳатто икки-уч марта коньяк ҳам олиб тотинди.

Шундан сўнг у «уйига» қўнғироқ қилиб, «Дуся кампирдан бетоб ўғлининг аҳволини сўраб қўйган» бўлди. Бу пайт ташқарида шаррос ёмғир ёғар, бироқ ҳали Истам ўйлаганчалик ҳамма ин-инига кириб кетмаган, тиниб-тинчимас одамлар ўз ишлари билан банд эдилар…

* * *

Чаманнинг дарвозасидан кимдир қўнғироқ берди. Ҳашаматли бино равоғида Истамнинг гўрсўхта йигитларидан янгитда бўшаган уч нафар қиз билан паловхўрлик қилиб ўтирган уй бекаси ҳушёр тортди. Ўзларидан сал нарида оштовоғи алоҳида, чордона қурганча пишиллаб ўтириб овқатланаётган барзанги Нашатирга «Бор, қара» ишорасини қилди. Нашатир ошига пашша тушган одамдек таъби хира тортиб, жойидан оғир қўзғолди.

– Нашат тоға, бирон пулдор келган бўлса берироқдан туриб гаплашинг…–гап отди унга қизлардан бири. Бошқалари кулиб юборишди… Барзангининг асли оти бошқа. Қовуғи заифлашиб қолиб, вужудига сийдик ҳиди уриб кетган бу эркакка хонадон нозанинлари ўйлаб топган лақаб бу. Лекин, кимсасиз ва бечораҳол барзанги бундан оғринмайди, узоқ қариндоши бўлмиш Чаманнинг даргоҳидан паноҳ топиб, эгнию қорин ташвишларидан фориғ яшаб юрганига хурсанд. – Бир жуфт қилларинг! – шундай об-ҳавода бу қўнғироқнинг бежиз эмаслигидан ҳадикка тушган Чаман уларга ўшқириб берди. Апил-тапил қўлини артаркан, қизлар орасида ёши каттароғи, қорачароқдан келган, дуркунгина Лора деганига буюрди: – Бор, ўзинг чиқ, олдин дарчадан боқинглар. Шубҳали одам бўлса очманглар. Айрипўрт закрит, тушундингми?

– Непогода. Нелётний день!–қўшимча қилди қизлардан яна бири. – Жим ўтир, ҳазилнинг вақтимас ҳозир!–уни жеркиб берди Чаман. Тўғри, Чаман деганлари унча-мунча хавф учуноқ юрагини ҳовучлаб қоладиган анойилардан эмас. Аёл зотидан кимдир умрининг талай вақтини уйқу учун, кимдир гап сотиш учун сарфласа, Чаманники дарвоза очишу ёпиш учун сарф бўлган. Ҳар қанақа одамларга, зуғумларга дуч келавериб, бетиям тарашадек қотиб кетган. Қолаверса, унинг ортида анави Самандардек унча-мунча жойга гапи ўтадиган, балойи қазолардан асраб турадиган одамлари ҳам бор. Чаманни кўпроқ ташвишлантирадиган, юрагини безиллатиб қўйган нарса – кутилмаган ортиқча сарф-харажатлардир. Ҳар балонинг ўз кушандаси бор деганларидек, бу ердаги тушумларни вақти-вақти билан «туя» қилиб кетадиган каламушлари ҳам йўқ эмас.

Бугун «карвонсарой» бозори анча чаққон бўлди. Келди-кетдининг кўплигидан, қизлар етишмай, яқинда Кинг-Конг орқали Читадан ташриф буюрган ва шу кунларда хуфиёна фаолият юритувчи айрим тунги клубларни «обод» қилиб туришган ўрису хитой маҳлиқоларидан ҳам олиб келишди. Чаманнинг доимий, давлатманд мижозларидан икки киши ҳозир ичкарида ана шу меҳмон қизлар билан айшу ишратда эдилар.

Ташқарида нима воқеа рўй берди–англамай қолишди. Яхши ёритилган ҳовли бетида ярми ҳарбий, ярми милиция кийимидаги бир гуруҳ қуролли эркаклар пайдо бўлишди. Ҳарбийлар Нашатирни олдиларига солишиб, Самандарникига олиб ўтадиган эшик томон шошилишди. Қолганлари эса Лора билан бирга равоқ ичига кириб келишди. Улардан биттаси–чорпахил келбатли, қаддароздан келган майори Чаманнинг қаршисида қолиб, бошқалари ичкарига томон ёпирилишди.

– Бу уйнинг хўжайини сиз бўласизми?

– Ҳа, айланай. Нима эди, нима гап ўзи? – кутилмаган воқеадан танг қотган Чаман энди дарҳол ўзини қўлга олиб, юзига ясама мулойимлик берди.

Майор унга ўзини танитиб, тинтув учун прокурор ордерини кўрсатаркан, Чаман тилёғламаликка ўтди:

– Аввал манаветга ўтиринг, қоқиндиқ. Қизлар хизматингизда. Бафуржа гаплашайлик…

Қизлар ҳам Чаманнинг гапини илиб кетишди:

– Майор ака, оҳори тўкилмаган йигит экансиз…

– Гаплашадиган эркагинг киройи мана шунақа спортивни бўлса… – Бас қилларинг!–уларга ўшқириб берди майор ва Чаманга юзланди: – Сиз фоҳишахона очиб қўшмачилик қилишда айбланасиз. – Вой, ундоқ деманг, қоқиндиқ. Ўзингиз эркак киши бўла туриб, раҳмат дейиш ўрнига…

Ичкарида ётганларни олиб чиқишди. Пала-партиш кийинган эркаклардан бири ёши элликларда, бақалоқдан келган, кўзойнакли киши бўлиб, иккинчиси унга нисбатан хийла ёш, қирғий бурун, ихчам гавдали йигит эди. Рангларидан қон қочиб, дирдираб турган қизлар юқорида айтганимиз – ўрису хитой миллатига мансуб «Балхаш оққушлари»дан эдилар.

– Сизлар бизани шахсиятимизга тегвотибсиз,–деди шу пайт кўзойнакли киши гуруҳ бошлиғи майорга.–Биз ҳеч қаерга бормиймиз!

– Икковингиз ҳам ҳужжатсиз экансизлар. Шахсларингизни аниқлаб олгунимизча, сизларни ички ишлар бўлимига олиб боришга мажбурмиз, жаноблар,– унга жавобан деди майор ва қайта Чаманга юзланди.–Қани, сиз ҳам, қизларингиз билан! Ташқарида машина кутиб турипти. Чаман бундай пайтлар лўлилик қилиб, сувдан қуруқ чиқиб кетишга уриниши турган гап эди. Бироқ шу пайт қўшни ҳовлида кетма-кет узилган ўқ овозидан ва қаршисида туришган милиционерларнинг биттасигина қолиб, қолганлари ўша томон отилишганидан, бугун ўз чекига тушган нохушлик балогардони Самандарнинг мусибати олдида оддий бир воқеа эканлигини ҳис этганча беҳол ўтириб қолди. Ёмғир шивалаб турганидан Самандарнинг ҳовлисида ҳеч ким кўринмади. Чаманнинг уйи томондан ўтишган йигитлардан иккитаси салобатли бино пойидаги мўъжазгина қоровулхона эшиги ёнида тўхташди. Бошқалари шиддат билан боришиб, дарвозани ланг очиб юбордилар. Ҳовли саҳнига бирин-кетин «Дамас» ва «Тико» автомашиналари кириб келиб, улардан апил-тапил қуролланган одамлар туша бошладилар.

Ногаҳоний машина овози ва чироқларидан ҳушёр тортиб, қоровулхонадан ташқарига ўқдай отилишган уч нафар давангир эшик ёнида турганлар билан тўқнашиб, ўртада беомон олишув бошланди. Янги кириб келганлар ёрдамга етиб келгунча бўлмай, «қўлга олувчи»лардан бири биқинига ботган ханжардан ерга қулади. Орадан кимдир кетма-кет ўқ узди. Деворга қапишиб, аста-секин ерга чўка бошлаган Ғилайга ҳеч ким эътибор бермади. Қолганларини тезкор гуруҳ йигитлари бир дамдаёқ тинчитишиб, қўлларига кишан солдилар. Худди олдиндан келишилганидек, гуруҳ йигитларидан иккитаси беихтиёр ажралишиб, ертўла эшиги томон шошилишди. Бошқалар бир лаҳзадаёқ икки қисмга бўлиниб, равоқнинг ўнг ва сўл бурчакларидаги мармар зинапоялардан (ўнгдаги йўл меҳмонхоналарга ва сўлдагиси эса аёллар оромгоҳи ҳамда ошхоналар томон элтарди) шиддат билан юқорига кўтарила бошладилар. Гуруҳлардан бирига Маҳмуд Имонович ва иккинчисига фарғоналик капитан Авазбек бош бўлиб борарди.

– Имкон қадар қурбонсиз қўлга олинсин! – Маҳмуд Имоновичнинг буйруқ овози эшитилди. Авазбек тўппонча тутган ўнг қўли билан «маъқул» маъносида ишора қилди.

Шу пайт кутилмаганда, юқоридаги иккала бурчак эшиклари ҳам бирваракайига ланг очилиб, ичкаридагилар булар томон пойма-пой ўт очишди. Отишув, олишув бошланиб кетди. Икки-уч жойдан аянчли ингроқлар эшитилди.

Дастлабки ўқ овозиданоқ даҳшат ва таҳликага тушишган Самандар билан Давлатберди беихтиёр Тахмина томон бақрайишди.

– Сен бошлаб келгансан, қанжиқ!–ўшқирди Самандар ва жон алфозда зал бурчагидаги сервант томон ташланиб, унинг тортмасидан тўппонча чиқарди.

Давлатберди ҳам ўзини ўқдек ичкари хонага урди ва бир зумдаёқ устки кийимида, қўлида тўппонча билан яна пайдо бўлди.

– Мен чиқиб кетишим керак, Саман! – қичқирди у қафасга тушган тулкидек хона ичида потирлаб турган уй эгасига.

– Тўрт томонинг қибла, ошна! Қўрқмасанг, ана, деразадан ташла! – Самандар шундай дея шошганча бориб хона эшигини очувдики, коридор томондан аллақайси хизматкорнинг таҳликали овози эшитилди:

– Хўжайин, чиқманг буёққа! Бостириб келишяпти!

Самандар шоша-пиша эшикни ёпиб, уни ичкаридан қулфлаб олмоқчи бўлди, бироқ калит жойида эмас экан.

– Тфу, энағар!

Тахмина ўтирган жойидан ҳатто қимирлаб қўйганича йўқ, юз бераётган воқеаларни гўё лоқайд кузатиб тургандек эди. У Самандарнинг ҳақоратига жавобан уни боплаб таъзирини бериб қўйиши мумкин эди-ю, бироқ шусиз ҳам ҳозир буларнинг шўрвасига шўр тўкилиши аниқлигини билганидан, ўзини тутиб қўя қолди. Ҳозиргина бир-бирлари билан оғиз-бурун ўпишиб, бир-бирларига қуюқ илтифотлар кўрсатиб ўтиришган икки ҳамтовоқнинг бирдан қўрслашиб, энди ҳар бири ўз жонини кўзлаб қолгани ва ҳар бири учун сичқоннинг ини минг танга бўла бошлаганини кўриб, ичида истеҳзо билан кулиб қўйди.

Ўқ овозлари ва шовқин-сурон тобора ичкарилаб келаётгани сезилиб турарди. Давлатберди бирдан-бир нажот йўли деразада эканлигини тушуниб, беш-олти метрлар баландлигига қарамай, ўзини ташқарига отмоққа шайланувдики, ўз фикри ўзига маъқул тушиб қолиб, Самандар ҳам унинг кетидан шошилди. Лекин шу пайт улар учун яна кутилмаган ҳол рўй берди. Қўлида тўппонча билан… Тахмина энди дераза олдида икковининг йўлига ғов бўлиб турарди.

– Биттанг ҳам уйдан чиқмайсан!

– Нима?! Нималар деяпсан, манжалақи!?

Самандар унга қутурган итдек ташланди. Ёш хоним ўқ узишга ботинмади, бироқ уй эгасининг кўзлари чатаноғига тушган қақшатқич тепкидан ола-кула бўлиб кетди, «Вой, единг-ку!» – деганча бир дам икки букланиб қолди.

Тахминанинг Самандар билан андармон пайтидан фойдаланиб, унга энди олмаоталик ташланди. Икковиям бир неча одим нарига устма-уст бўлиб йиқилишди. Тахминанинг қўлидан тўппонча учиб кетди. У Давлатбердининг чангалидан қутулиб чиқиб сал нарироқда ётган қуролини қўлга киритишга ҳарчанд уринмасин, бунинг иложини қилолмади. Норғул ва бақувват эркак унинг қўлларини орқасига қайириб, силтаб ўрнидан турғизаркан, алам билан деди:

– Как жаль, что не успел я тебя съесть.

Тахмина шашт билан ўгирилиб, Давлатбердининг юзига тупурди: – Ты ещё поплачешь, скотина!

Олмаоталик ёш хонимнинг юзи аралаш мушт тортиб юборди. Тахмина бу гал тўппончаси ётган жойга учиб бориб тушди. Мушт зарбидан боши айланиб қолганига қарамай, ўзини йўқотмади. Жон ҳалпида тўппончани олиб, дераза томон ташланган Давлатбердининг ортидан кетма-кет иккита ўқ узди. Давлатберди бир дам тиниб, ўнг сонини чангаллаганча полга чўкиб қолди.

Шу чоғ кўзлари қонталаш Самандар ўзига келиб, эндигина Тахмина томон ўқ узмоқчи бўлувдики, улгурмади. Залнинг қўшқанотли эшиги зарб билан очилиб, бўсағада пайдо бўлган капитан Авазбекнинг отган ўқидан бир қўли қонга беланиб, шалвираб қолди.

Жароҳатланган Давлатберди эса шу дам қайта ҳушёр тортиб, чаққонлик билан судралганча ўзини бурчакдаги телевизор остига олди-да, ётган жойида русчалаб қичқирди:

– Я сдаюсь! Я гость! Я не в кого не стрелял!

Ўтирган жойида букчайиб, нуқул инқиллаётган Самандар унга томон аянчли боқди.

Авазбек шошиб келиб, рангидан қони қочиб беҳол ётган Тахминани ўрнидан турғазди.

– Ўзингизни тутинг. Соғмисиз?!

– Ҳа… Раҳмат…

Тахмина капитаннинг кўмагида диванга келиб бемажол чўкаркан, йигитлар телевизорнинг остидан тортиб олишаётган Давлатбердига ишора қилди:

– Уни… мен отдим.

– Тўғри қилибсиз. Сизда гуноҳ йўқ, – унга жавобан деди Авазбек. Самандар билан Давлатбердини ўринларидан турғизиб, қўлларига кишан солишаётганда, бошқа хоналарни «тинчитиб», Маҳмуд Имонович кириб келди. Авазбек унга жиноятчилар қўлга олингани ва талафотлар йўқлиги ҳақида икки оғизгина, лўнда қилиб маълумот берди.

– Баракалла, йигитлар! Ташқарига олиб чиқинглар, – буюрди Маҳмуд Имонович ва шу пайт ёнида ҳозир бўлган милиция кийимидаги майордан сўради: – Чаманникида нима гап?

– Саккиз нафар қиз бор экан. Шахси ноаниқ иккита хотинбоз ҳам…

– Ҳаммасини Чаманга қўшиб, бошқармага олиб боринглар. Дарвоқе, анави хонада Афсона исмли бир қиз ўтирипти, униям!

– Хўп бўлади!

Шу чоғ Давлатберди ана шу кекса ёшли киши барчасининг бошлиғи эканлигига кўзи етиб, унга арз қилган бўлди.

– Жаноб начальник, мени ҳибсга олишга ҳақларинг йўқ. Мен… бошқа давлат фуқаросиман. Бу ерга меҳмондорчиликка келган одамман. Маҳмуд Имонович унга бир қараб олиб, жавоб қилди:

– Бошқа давлат фуқароси эканлигингиздан хабарим бор. Менга буни… сизнинг юкингизни самолётда олиб кета туриб, қўлга тушган лётчик ошнангиз айтиб берди.

Давлатбердининг дами ичига тушиб кетди. Унинг ортида бош эгиб турган Самандар эса, шу хабарданми, жароҳат оғриғиданми ёхуд номи ҳозиргина тилга олинган Афсонадан энди бир умрга маҳрум бўлганидан эзилибми, оғир инграб юборди. Авазбек Тахмина билан биргаликда залдан чиқишаркан, йўлакда ҳалиги майор ҳамроҳлигида қўрқувдан дир-дир титраб, қунишиб бораётган нозик ниҳол, маъсума қиз Афсонага кўзлари тушиб, беихтиёр тўхтаб қолишди.

– Шуми? – сўради Авазбек Тахминага берган ваъдаси эсига тушиб. – Ҳа. Сиздан илтимос…

– Бўпти. Ҳаракат қилиб кўраман. Лекин бугун эмас. Аслида, бу қизлар қонун бўйича ўз юртларига чиқариб юборилиши лозим.

Ташқарида ёмғир кучайгандан кучайиб борар, она табиат довдарахтларни, уйларни, бутун борлиқни устидан челаклаб сув қуйиб чўмилтираётгандек эди…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации