Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 17

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 17 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Энди Алим ака ҳам «Мерседес» эшикларини очиб, меҳмонларни ўтиришга таклиф қилиб турувдики, рўпарадаги ҳовли эшиги олдида Мирзамат кулол пайдо бўлди. Оёқда чайқалиб туришидан, дурустгина ичиб олгани аён эди. У ўз ҳолича Мумтозу, унинг меҳмонлари билан кўришмоқчи бўлиб, улар томон юрувдики, бироқ булар унга эътибор бермай машинага ўтиришди. Турган гапки, бундан ширакайф Мирзамат кулолнинг ҳамияти қўзғади. Қўлини пахса қилиб қичқирди:

– Ҳов, мусулмонмисан ўзи?!

Мумтоз бу аламзада бадмаст ҳозир орқадан тош-пош отиб, меҳмонлар олдида шарманда қилишиям мумкин, деган хаёлда машина эшигини қия очди-да, ўтирган жойида мулойимроқ жавоб берган бўлди:

– Шошиб турибмиз, қўшни. Хафа бўлмайсиз.

– Кетганлар қайтиб келмайди, бек. Мен бир кўришиб қолай, девдим. – Мирзамат кулол машинанинг очиқ ойнасига бош эгиб, ичкаридагилар билан қўл учида сўрашиб чиқди.

– Нима бало, бугун празникми, дейман? – ундан кинояомуз сўради Мумтоз.

– Худо берса, ҳар кун празник. Нима эди, яримтага эринг, демоқчимисиз.

– Мабодо… лотореяга пул-мул ютган бўлсангиз, бизаниям эсдан чиқарманг, демоқчиман…

Мумтоз бу гапи билан нимага ишора қилаётганини тушуниб қолиб, кулолнинг энди ўти чиқди:

– Пул ўлсин-а, пул ўлсин! Юзингда кўзинг борми, демайсиз! Одам боласи шунчаям беандиша бўладими, бек? Қўйсангиз шу ерда яшай, бўлмаса кўчиб кетай!

Мумтознинг энди жаҳли чиқди: «Бу эшак билан очиқроқ гаплашмасам бўлмайди чоғи», кўнглидан ўтказди у.

– Мен сизга аммангизни ўғли эмасман. Марҳаматни бошқа жойдан қидиринг, кулол. Қарзингиз битдай болалаб ётган бўлса-ю, ор-номус қилмай, яна мени олдимда ғоз турганингизга ҳайронман.

– Ор-номус?! Одам қонини зулукдек сўриб ётган ор-номусли-ю, биз беномусми?!

Очиқ турган дарвозанинг ички томонида уларни кузатиб туришган Тахмина, Сожида ва Акмаллар энди жанжал кучайиб, бирон нохушлик рўй беришини англаб қолишди. Тахмина Акмалга бир қараб қўювдики, у худди шу ишорани кутиб тургандай ўқдай отилиб бориб, Мирзамат кулолни даст қучоқлаб кўтарди-да, уни ўз эшиги томон олиб кета бошлади. Кулол йигитнинг бу ишига монелик кўрсатмади, бироқ Мумтоз томон ўшқиришда давом этди:

– Мен сенга даюс эмасман! Ҳали шошмай тур! Мен сенга Мирзамат кулолнинг кимлигини кўрсатиб қўяман!

Мумтоз сира кутилмаганда чекига тушган бу кўнгилсизликдан бетларига қон кўпчиб, машина суянчиғига қапишганча қотиб ўтирарди. Меҳмонлар ҳам лол, улар гап нимадалигини тушунолмай, гоҳ Мумтозга, гоҳ кулолга ҳайрон боқиб туришар эди. Алим ака умрида биринчи марта ўз бурчига хилоф равишда мустақил иш тутди. Хўжайиннинг буйруғини кутмаёқ машинани ўт олдириб, уни шиддат билан ҳайдаб кетди.

XIII

Ўктамбек Тахминанинг ҳузуридан чиққач, уйга шошилиши лозимлигини унутди. Унинг ўй-хаёлини, вужудини бугун ўзидан узоқлашаётган, ўз мунаввар жамолидан, балои жон оғушлардан, ўтли-ўтли бўсалар-у, мастона-мастона эркалашлардан, ҳаёт ва бахш чашмасидан уни энди маҳрум этаётган тошбағир ёр савдоси чулғаб олган эди.

Кифтига тегирмон тош бостириб қўйилгандек боши ғувиллаб, кўзлари тиниб, оғир-оғир қадам ташлаб бориб, шу орадаги сокин хиёбонда узоқ вақт ўтириб қолди.

Тахмина…

Мен сенсиз яшолмайман. Сенсиз бу замин устида юриш нима, умр кечириш нима, орзу-ниятлар қилиш нима – тасаввур этиш мумкинмиди? Сенсиз бу ёруғ олам ранглари ва тароватини кўролмайман, ҳис этолмайман. Одамлар юзидаги яшаш ва яратиш, бахт ва иқбол нашидаларини туёлмайман, қабул қилолмайман. Сенсиз яшагандан кўра, бу ёруғ дунё борлигидан бехабар қолган яхши эмасми? Мен уни нега учратдим? Уни нечун ёқтириб қолдим? Севиб қолиш, муҳаббат боғлаш деганлари шу экан-да. Муҳаббатнинг ришталари пўлатдек пишиқ экан, муҳаббатнинг эҳтироси вулқондек кучли экан, муҳаббатнинг ҳижрон жафоси олмосдек тиғли экан. Ё раб, мени нечун само кўксидаги қамар баробар юксакликларга кўтариб, унинг олий марҳаматларига мушарраф этдинг-у, яна ўзинг мени ўша олис баландликлардан ҳажр ситамлари гирдоб бўлиб турган жаҳаннам қаърига ташлаб юбормоқдасан!? Бу кўргуликлар қайси гуноҳларим учун? Ё қодир Оллоҳ, наҳотки мени ҳам ушалмас ёр ишқида ёниб кул бўлиб ўтган бахтиқаро ошиқлар қаторида яратган бўлсанг?!

Йўқ, йўқ, мен бунга чидолмайман. Мен Тахминасиз яшолмайман. Мен ўз муҳаббатим, ўз бахтим йўлида не қурбонликлар лозим бўлса, ундан қайтмайман. Лекин… қандай қилиб? Бошимга тушган бу мушкулотни қандай қилиб ечмоғим мумкин?

Мен… ожизман. Мен ўз олдимда, ўз иймоним олдида, отам-онам олдида ожиз бир қулман. Мен инсон сифатида идрок этаётган эрким ва бахтим учун курашмоқчун бу ожизлик қобиғидан чиқиб кетолмайман.

Йигитнинг кўзларида ғилт-ғилт ёш. Томоғини, кўксини аллақандай аччиқ, заҳар-заққумли бир нарса тўлдириб тургандай, нимадир ўзининг ўткир тирноқларини юрагига санчиб-санчиб олаётгандек эди. Унинг нафас олиши оғирлашиб, пешонасини, қўлларини совуқ тер босди. У бемажол ҳолда бир амаллаб кўкрак тугмаларини ечди-да, кўзларини юмди. Шу юмганча ухлаб қолдими, ухлолмадими, азобланиб инградими – буёғини билмайди. Бир вақт кимнингдир овозидан ўзига келди.

– Болам, мазанг қочвоттими?

Ўктамбек қаршисида турган фаррош аёлга миннатдор боқди.

– Сал-пал… юрагим санчди. Ўтиб кетди чоғи.

– Вой, юрак билан ҳазиллашма, болам. Дўхтур чақирайми?

– Йўқ, йўқ. Яхшиман. Раҳмат, холажон, – Ўктамбек аста ўрнидан туриб, вазмин қадам ташлаганча бу ердан узоқлашаркан, ортидан яна фаррош аёлнинг товуши чалинди:

– Юрак беҳудага санчимайди, болам. Санчиқни қаердан орттирган бўлсанг, давосини ўшатдан қидир.

…Ўша куни Иброҳим ҳожининг ҳовлиси анчагача бозор бўлиб турди. Жигарбандлар, қўни-қўшни ва бошқа қадрдонлар деганидек, кетма-кет келишиб, Шаҳодат бонуни туғилган куни билан табриклашди. Шундай хурсандчилик кунда негадир кенжа ўғилнинг кўзга ташланмаётганидан ажабланганлар бўлди, албатта. Айниқса, унинг опаси билан акаси. Улар Ўктамбекни қайта-қайта сўроқлашди. Бироқ ҳожи ҳам, бону ҳам сезиларли хижолат-ла: «Ҳали-замон келиб қолади», дейишдан нарига ўтишолмади.

Ана шу «ҳали-замон» ҳам ўтиб кетди. Намоз аср бўлиб қолди ҳамки, Ўктамбекдан дарак йўқ эди. Бонунинг бутун хаёли унда. Тўғрисўз ва хулқу одобли ўғилнинг «Тезда қайтиб келаман», дея чиқиб кетганича уззукун ҳаяллаётганидан шайтон уни минг бир кўйга судрайди. Айниқса, бугун, ойисининг жону дилдан ардоқловчи ўғилнинг ногирон ва кўнгли шикаста волидайи муҳтарамаси туғилган кунда зим-зиё кетиши бежиз эмас!

Бону ҳожидаги хижолат юкини қўзғаб қўйишдан, энг муҳими, мўътабар ота дилида ўғилнинг бу қилиғи учун жиндек бўлса-да ранжиб қолишидан чўчиб, ўзини имкон қадар вазмин ва бепарво, бугунги кун учун хушнуд ва хушчақчақ тутишга уринарди.

Ҳожи ҳам ўз ўрнида, фикру зикри Ўктамбекда эканлигини, ҳали қўй оғзидан чўп олмаган кенжа ўғилнинг сира кутилмаганда «иш кўрсатиб» турганлиги ва айниқса, бугун унинг бекорга кечикмаётганидан жиддий ташвишда эканлигини Шаҳодат бонуга сездирмасликка ҳаракат қиларди.

Кечга томон ҳаво бир қадар салқинлашиб қолганидан Шаҳодат бонуни яна равоққа олиб ўтишди. Уни ҳожи беозоргина кўтариб бориб, жория хола тайёрлаган юмшоқ ўринга жойлаштирар экан, бону сезиларли хижолат-ла ўнғайсизланганча, майин ва ҳазин товушда: «Бугун сизларни беҳуда ташвишларга қўйдим…» – деди.

Иброҳим ҳожи ҳаммасини тушуниб турипти. Бону бугунги вақтичоғлиқларни Ўктамбек боис ўзига унчалик сингдира олмади. Кўнглининг бир чеккасига ғашлик чўкиб қолган. Ана шу ғашлик тугуни мажруҳ она руҳиятини сусайтириб, шикаста дил қатидаги армон ва изтироб оғриқларини оз-моз қўзғаб қўймоқда эди. Ҳозир унинг, «бугун сизларни ортиқча ташвишларга қўйдим», дейишида: «Менга бугун туғилган кун қилишга не ҳожат бор эди…» – деган маъно ҳам ётипти. – Маъзур тутинг, жоним,–мулойимлик билан жавоб қайтарди ҳожи.–Қани энди ҳар бир кунимиз бугунгидек ширин ташвишларда ўтса!

Шаҳодат бону эрининг донишманд ва зукколигига яна бир бор тан бериб, унга миннатдор боқди.

– Сиз ёнимда бўлган ҳар бир кун учун ўзига беадад шукрона айтаман, – жавоб қилди у. – Бироқ…

– Хўш?

Шаҳодат бону бир дам жимиб қолди. Нигоҳини ҳожидан олиб қочиб, бошини хиёл эгганча, маъюс сўз қотди:

– Чорасизлик ва хижолат юки беҳад оғир экан…

Ҳожи унга жавобан дим қотди. Қовоқлари хиёл уюлиб, юзларига жиддийлик туси югурганлигини сезган Шаҳодат бону шу ондаёқ тушунди: беназир меҳрибон, садоқатли умр йўлдоши унинг бу гапини ҳазм қилолмади. Шу боис саросималик билан ўз «хато»сини тузатмоқчи бўлди:

– Кечиринг, ҳожим. Ўктамбегимиз ҳаяллаб қолганидан кўнглим ғаш тортиб турипти…

Иброҳим ҳожи ўртадаги асосий хижиллик тугунини ечиб ташлаш ниятида ўзини анча енгил ва эркин тутганча, хотинига ҳазил аралаш тасалли берди:

– Кўнглингиз ғаш тортмасин, жоним. Дарвозага боқинг, ўғлингиз ҳозироқ кириб келмаса, мен сизга катта бир шаҳар ҳадя этай.

Кутилмаган ҳол рўй берди. Орадан ҳаял ўтмай, ҳовлига чиндан ҳам Ўктамбек кириб келди. Эр-хотин бу ҳолдан бир-бирларига ҳайрон боқишиб, кейин ўзларича жилмайиб олишди.

– Сиз валийсиз, ҳожим. – Бону қувончини яширолмади.

– Оллоҳнинг ўзи чевар, – аста жавоб қилди эр.

Ўктамбекнинг сўник ва паришон қиёфаси икковининг ҳам назаридан четда қолмади, албатта. Ҳожи аста томоқ қириб, қовоқларини уйиб олди. Бону фарзандига интиқлик билан тикилиб турарди. Деразалари ланг очиқ равон тўридан дадасининг ҳам, ойисининг ҳам унга томон жим ва хавотир қиёфада боқиб туришганини кўрган Ўктамбек дарҳол ўзини қўлга олишга тутинди. Ичкарига шошиб кириб келиб уларга салом берди-да, кейин астойдил узр сўраб, ўзини оқламоқчи бўлди: – Худо ҳаққи, мени кечиринглар. Кутилмаганда шундай бўлиб қолди… – Ўктамбек ойисининг пинжига суқилиб, унинг юзларидан ўпди. – Мени кечиринг, ойижон. Ушланиб қолдим, борган жойимдан эртароқ чиқиб кетиш иложи бўлмади…

Оналар кечиримли бўлади. Шаҳодат бону Ўктамбекнинг бошини бағрига босиб, унинг тимқора қуюқ сочларини меҳр билан силаркан: «Бошинг тошдан бўлсин, болам. Балолардан, ёмон кўзлардан Оллоҳ ўзи асрасин», деди.

Бироқ ота ҳамон қовоқ уйганча жим ўтирарди. Ўғлининг борган жойидан эртароқ чиқиб кетолмаганини тасаввур этаркан, ичида ижирғаниб қўйди: «Албатта-да, тулкига айланиб кетган у бузуқи вужудидан нур ва куч ёғилиб турган бундайин соддадил, ўктам йигитга осонлик билан жавоб берармиди?»

Шундан сўнг ҳожи беихтиёр «Бўлар иш бўлди…» дея ғудраниб қўйди ва энди бу гапдан ўзига хижолатомуз боқиб турган ўғлидан босиқ товушда киноя билан сўради:

– Мен сизга… уйдан чиқиб кетар чоғингиз, «Боринг-да, бир йўла ундай давралардан ипни тезроқ узиб қайтинг», дегандай бўлувдим. Афтидан, у иплар хийла пишиқ-пухта экан чоғи?..

Ўктамбек дадасининг ҳамма гапдан хабардор эканлигига энди тўла ишонч ҳосил қилди. Боши қуйи эгилди. Бетлари ловуллаб кетди. Пешонасини тер босди. Кутилмаган ҳолдан ҳайрон қотган Шаҳодат бону ўзини тутолмади:

– Дадаси, қандақа давралар демоқчисиз? – У ҳожидан жавоб кутмай жим турган Ўктамбекка ҳам савол ташлади: – Ўғлим, нима бўлди сенга? Агар сир бўлмаса, айт-чи, қаерга борувдинг?

Иброҳим ҳожи хато иш қилиб қўйгани ва ҳозироқ бу хатоликка барҳам бермаса, шикастадил хотинига жиддий озор етказиб қўйишини дарҳол англади. Зудлик билан ўзигаям, ўғлигаям берилган саволларга бир йўла жавоб қилди:

–Бону, ўғлимизни ёмон давраларга боради, демоқчи эмасман. Бироқ бу тенгқур йигитлардан тўрттаси жам бўлдими, бас, у ерда албатта ичкиликбозлик бўлади. Мен Ўктамбекни ана шу нарсадан сақлансин, деган ниятда, ҳар қандай олди-қочди ўтиришлардан ипни узиб, бунинг ўрнига фойдали ишлар билан шуғуллансин, демоқчийдим, холос.

Ўғли ҳам, она ҳам энди енгил тортди. Айниқса, Ўктамбек дадасининг вақтинчалик «марҳамати»дан ичида миннатдор бўлиб қўйди. У барибир, ҳали олдинда ота билан ўртада бу масалада жиддий мулоқот бўлиб ўтишини яхши тушуниб турган бўлса-да, Тахмина билан боғлиқ ишлардан онасининг ҳозирча бехабар туришини истарди.

Шаҳодат бону ҳам ўз ўрнида, ота билан ўғил ўртасидаги бугунги муносабатлар замирида аллақандай мавҳумлик ва нохушлик зоҳирлигидан юраги бироз ғаш тортиб турган бўлса-да, буни уларга сездирмасликка уринди. Эрига жавобан мулойимлик билан деди:

– Иншооллоҳ, фарзандларимиз ҳеч қачон сизнинг раъйингизга қарши боришмас, ҳожим.

– Айтганингиз келсин, бону, – ҳожи шундай дея ўрнидан қўзғалди. Равоқдан чиқиб, кўшкнинг шундоққина ўнг биқинидан жой олган, тоат-ибодатлар ва мутолаалар учун мўлжалланган мўъжазгина ҳужраси томон ўтиб кетди.

Бироқ бу ҳали осмон шу билан батамом ёришиб кетди, деган маънони англатмас эди. Ўктамбек руҳан эзилар, миясида айқашуйқаш, бироқ юракни кемирувчи фикрлар чарх урар эди. У ҳали қандай қилиб бу «гуноҳ йўл»га кириб қолгани учун жавоб берибгина қолмай, яна энг даҳшатлиси, Тахминани энди ўз хаёлидан, қалбидан батамом юлқиб олиб ташлаши, уни бундан сўнг умуман хаёлига келтирмаслиги ва шу билан бирга, тез кунлардаёқ бошқа биронта қизга уйланмоғи лозим. Ё раб, мени не савдоларга солиб қўйдинг! Мен Тахминадан воз кечолмаслигимни, уни чиндан ҳам севишимни, мен фақат у билангина бахтли бўла олишимни қандай қилиб тушунтирай? Қандай қилиб бунга ишонтирай? Ёки… ойимга айтсаммикин? У билан дардлашсаммикин? Йўқ, йўқ, ойим бу юкни кўтара олмайдилар. Ҳозирча мен бунга журъат ҳам этолмайман.

Ўғлининг мулойим ва ширин мулозаматлари остида бирмунча сохталик борлиги, аслида унинг хаёлида ҳозир аллақандай ташвишли бир ўй кечиб турганлигини сезиб қолган Шаҳодат бону унга эҳтиёткорлик билан деди:

– Мен ҳали… агар сир бўлмаса, айт-чи, қаерга борувдинг, деб сўровдим.

Ўктамбек ойисига жавобан нима дейишини билолмай қолди. У ёлғон гапира олмасди. Мабодо ростини айтгудек бўлса-чи, унда у энди ўзининг она олдида ҳам батамом барбод бўлишини, мунису меҳрибон, кўнгли ярим азиз онажонини келиб-келиб бугунги хурсандчилик кунида адойи тамом қилиб қўйиши мумкинлигини яхши тушунади.

– Ойижон… Агар хафа бўлмасангиз… – чайналди Ўктамбек, – майлими, шу саволингизни жавобсиз қолдирсам?

Хайриятки, унинг бу жавобидан бону: «Демак, ўғлимизнинг биронта севган қизи бор-у, бугун ўша қиз билан учрашувга борган», деган фикрга келиб, шоша-пиша:

«Майли, майли болам. Сен қандай хурсанд бўлсанг, менинг қувонганим шу», деб қўйди. Бироқ хаёлан: «Афтидан, ҳожининг ҳаммасидан хабари бор. Ўғлим танлаган қиз унга маъқул эмас, шекилли. Бир йўла ипни узиб кел, дейишига сабаб ҳам шу бўлса керак», деган хулосага келди.

Иброҳим ҳожи кенжа ўғилни эртасига тонг саҳарда, бомдод намозидан сўнг ўз ҳужрасига ёлғиз ўтирғизиб, унга сиполик билан гап қотди: – Мен кеча эрталаб сизга… мабодо мўлжаллаган қизингиз бўлса, маълум қиларсиз, бўлмаса, шунга қараб иш тутайлик, дегандим. Шу гапни бугун яна бир карра эслатиб қўймоқчиман…

Ўктамбек салобатли ота қошида бош эгиб, хомуш ўтириб қолди, унинг итоаткорлик қиёфаси ҳожига далда берди.

– Ўзингиздан қолар гап йўқ, ойингиз тезроқ сиздан ҳам орзуҳавас топсин, дейман,– босиқлик билан сўзида давом этди у.– Ўзи шусиз ҳам уйланиш пайтингиз ўтиб боряпти, ортиқча кутиш нодонликдир, ўғлим.

Ўктамбек яхши тушуниб турипти. Ота гап мавзусини кечаги воқеага олиб бориб қадамоқчи. Ўктамбек мабодо ўзини оқлагудек бирон фикр билдирса, шу баҳона ўртадаги ҳисоб-китобга бир йўла нуқта қўйиб олмоқчи. Бироқ энди бошқа иложи йўқ. У отага жавобан нимадир дейиши лозим. Аччиқ бўлса-да, қийин бўлса-да, орани очиқ қилишга тўғри келади. Йигит минг бир азобу андишада ғўнғиллади:

– Дада, мен… мени… яхши кўрганим бор.

Ота сезиларли даражада сесканиб, титраб олди. Унинг қуюқ қошлари ўртасида тугун ҳосил бўлди. Бироқ имкон қадар вазминлик билан сўради:

– Айни муддао… Биз ҳам шуни билмоқчимиз. Сир бўлмаса, айтинг, ўзим совчи бўлиб борайин…

Ўктамбек бошқа нима деярини билмай бир дам довдираб қолди. – Кейинроқ, дада… – тили базўр калимага келди.

Ўртага оғир сукунат чўкди. Иброҳим ҳожи титраб-қақшаб, қайта сўради: – Мабодо Мумтоз ҳофизнинг завжасини айтмаяпсизми?

Ўктамбек тақдирга тан берди:

– Ҳа… Мен Тахминани яхши кўраман.

Ота бошқа тоқат қилолмади, аламу изтиробда ҳайқириб юборди: – Бас қил, лаънати! Сен иймон юзига, менинг юзимга оёқ босдинг! Бор, чиқиб кет ҳузуримдан!

Бироқ ўғил ўтирган жойида ўтириб қолаверди. Кўзларидан ёш қуйилди. У отани қақшатиб чиқиб кетишни асло истамасди.

– Дадажон, мени кечиринг. Тавба қилдим…

Ота ҳам энди ўзини босиб олмоққа уринди. Кўз олдига Шаҳодат бону келди. Мабодо ота-бола ўртасидаги ҳозирги воқеадан воқиф бўлиб қолса борми, тамом.

– Сен менинг олдимда эмас, Оллоҳга тавба қил, – сенсирашда давом этди у. – Майли, мен сендан озурда бўлмайин. Бироқ сени шу ниятларда, шу мақомда тарбиялабмидим? Эсиз, эсиз…

– Кечиринг, дада. Бизда айб йўқ. Бизни боғлаган нарса муҳаббат… Иброҳим ҳожи оғир сукут сақлаб қолди. Ўзича неларнидир мушоҳада элагидан ўтказиб, кейин ҳамон қизарган, қақшаган ҳолда яна деди: – Муҳаббат… Муҳаббатга тил теккизма. У илоҳий туйғу, иймон ва виждон туйғусидир. Сенлар эса, осий, зинокор бандаларсан, шундай эмасми?!

Ўктамбек энди тош қотиб қолди, отанинг сўнгги саволига жавобан гап йўқ эди. Иброҳим ҳожи гапирар гапини гапириб бўлди, энди гуноҳкор ўғлига ёрдам қўлини чўзиб юбориши лозимлиги, уни инсоф ва иймон йўлига солиб қўйишга бурчли эканлигини ҳис этди.

– Бу ёруғ дунё фақат яхшилар кифтида, иймон-эътиқод, ҳалолликпоклик кифтида турипти, болам. Алҳамдулиллоҳ, яхшилар кўпчиликни ташкил этадилар. Мен сени ана шу яхшилар сафида яшаб ўтишингни истайман. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: «Дўзахнинг энг тубида кимлар ётадур?» Ул зот жавоб бердилар: «Дўзахнинг энг тубида биринчи бўлиб судхўр, иккинчи бўлиб зинокор ётадур!» Сен бундан тегишли хулоса чиқариб ол.

Шунда Ўктамбек нимадир демоққа оғиз жуфтлади-ю, бироқ бунга журъат этолмаганини сезган Иброҳим ҳожи илова қилди:

– Албатта, бандасининг юрагига муҳаббат чўғини солувчи ҳам Оллоҳнинг ўзидир. Бироқ биз, беадад шукрлар бўлсинким, ислом фарзандларимиз, ҳалол билан ҳаром ўртасидаги сарҳадларни ҳамиша ажрата билишимиз, Оллоҳ берган муҳаббат туйғусини муқаддас билмоғимиз лозим. Бир бегонанинг никоҳида турган аёл билан шаҳватда бўлган эркакни-ю, ўз эрига хиёнат йўлини тутган аёлни, қани айтчи, кечириб бўлурми?

– Гуноҳим шунда… Мен тавба қиламан, – ниҳоят жавоб қайтармоққа журъат қилди Ўктамбек. – Лекин мен ундан… барибир воз кечолмайман, дада.

– Буёғи ўзингга ҳавола, ўғлим. Оллоҳдан сен учун ҳам, ўша аёл учун ҳам инсофу тавфиқ тилашдан ўзга чорам йўқ энди, – Иброҳим ҳожи бугунчаликка шуниси етар деган фикрда масалага босиқлик билан хотима берди: – Ҳали айтдим, мен сендан озурда эмасман, илоҳо, кўкариб яшнагин. Фақат бир нарсани асло унутма: минбаъд била туриб гуноҳ йўлига қадам босгудек бўлсанг, ўша кундан бошлаб мени ота дейиш ҳуқуқидан маҳрум бўласан!

Ўктамбек бошқа ҳеч нима деёлмади. Ҳужрадан отанинг ўзи шахдамлик билан чиқиб кетди.

XIV

Шундай қилиб, бу кеч уларнинг ўзларига қолди. Сафар билан боғлиқ тадорик ишлари тугагач, Сурайё ётган хонага дастурхон ёздилар. Меҳмонлар учун тайёрланган, бироқ уларга насиб этмаган тансиқ таомлару шарбатлардан, мева-чевалардан шу ерга олиб киришди. Магнитофон келтиришиб, мусиқа ҳам қўйишди.

Тахмина Акмалнинг ёнидан нари жилмас, унинг хаёлида гўё бугун у яна узоқ сафарга жўнаб кетаётгандек, уни тағин йўқотиб қўяётгандек туюлди. Шу боис ҳам бугун Мумтознинг ихтиёрий равишда уларни бирга қолдириб чиқиб кетгани, Акмал бугун унинг ёнида ва измида эканлигидан юраги ҳаприқиб, шодлиги ичига сиғмай турган бўлса, Акмалнинг Сожида билан биргаликда ҳали-замон уни тарк этишиб, бу ердан жўнаб қолишлари гоҳ-гоҳ кўз олдида жонланганда, бир зумда хурсандчилиги гум бўлар ва юрагининг бир чети куйишиб, ачишиб қоларди.

Ҳалигина баҳоли қудрат тинчгина ётган Сурайёнинг эса кўнглига қил сиғмай турипти. Унинг нафас олиши оғирлашган, ажал калхати яна унинг кўксига ўзининг ўткир тирноқларини ботираётгандек эди. Бироқ у ўзини бардам тутишга, ичида юз бераётган азобли безовталикларни сездирмасликка, айниқса, ўғли Акмални сафар олдидан ташвиш ва хавотирга қўймасликка ҳаракат қиларди.

Бугун кечга томон Сурайёнинг қовжираган, қонсиз ва юпқа лабларининг чап томонида мошдеккина сиёҳранг «хол» пайдо бўлиб қолди. Бунга Зилоладан бошқа ҳеч ким эътибор бергани йўқ. Қизнинг юраги бу ҳолдан ўзича шувиллаб қўйди. «Илоҳо, тинч турсин…» кўнгилдан ўтказди у.

Сурайё даставвал ётган жойида ёшлар билан очилиброқ гаплашди. Уларнинг турли хил ҳазил-мутойибаларига онда-сонда аралашиб, ўзини уларга анча тетик ва хушҳол кўрсатиб ётди. Дастурхондаги ноз-неъматлардан ҳам оз-моз тотинган бўлди, улар шўх-шўх мусиқаларга рақс тушишганда эса, маъюс жилмайганча «бор бўл, омон бўл» деб турди. Бироқ орадан бир-икки соат ўтар-ўтмай ҳолдан тойди, ранги қочиб, вужудини совуқ тер ва титроқ қоплай бошлади. – Энди… Сизлар равоққа чиқсанглар, – ўзининг ночор аҳволини сездирмаслик учун дадилроқ товушда деди Сурайё. – Мен чарчадим. Оз-моз ором олайин…

Зилола уни зудлик билан қўллаб-қувватлади:

– Тўғри. Мен холамга ҳозир укол ҳам қилишим лозим.

Буни оддий ҳол сифатида қабул қилишиб, ўтиришни беозоргина йиғиштиришди. Зилола укол учун шприц ва дори ҳозирларкан, Сурайё ҳужрадан чиқиб кетаётган Акмални тўхтатди:

– Болам… Бир зум шошма…

Акмал ортига ўгирилиб, Сурайё томон юрди.

– Тинчликми, ая?

– Тинчлик… Мендан хавотир олма… – Сурайё шундай дея, бир муддат беҳол жимиб қолди. Кейин кўзларини ёнига тиз чўкиб ўтирган ўғлига тикиб, илова қилди: – Тезроқ бориб кел, демоқчиман…

– Албатта. Бораман-да, қайтаман.

– Зилолани олдида… айтиб қўяй… Тезроқ Мумтоздан халос топинглар. Пулинг етмаса, менинг уйимниям сотинглар. Бир орзум бор…– Сурайё энди нарироқда қўлида «уколи» билан жим қотиб турган Зилолага мўлтираб боқди.– Жон қизим… Зилолахон… Акмал акангизга таянинг…

Акмал уни тушунди. Онаси Зилолага, «Акмал акангизга тегинг», демоқчи бўлди, лекин айтолмади. Бунга негадир журъат қилолмади. Зилола ҳам тушунди, бироқ унинг «тегинг» дея олмагани учун ҳозир ўзича хурсанд бўлди. Чунки бу сўзнинг хижолат юкини у Акмалнинг олдида кўтара олмаган бўларди.

– Вой, холажон, намунча бизни ўйлайсиз? – шоша-пиша гап қотди Зилола. – Сизга ҳозир кўп гапириш мумкин эмас. Жимгина ётиб ухлашга ҳаракат қилинг.

Акмал шу он Зилолага маъноли бир боқиб қўйди-да, унинг гапига илова қилди:

– Тўғри, сиз ором олиб, ухланг. Мен келгунча Зилола ёнингизда бўлади.

Шундан кейин Акмал беҳол ва бемор онани ҳали яна безовта қилмаслик ниятида, бир йўла ундан оқ йўл тилади. Сурайё қаршисида турган Акмалнинг бўй-бастига, унинг юз-кўзларига бир дам киприк қоқмасдан, ташналик билан боқаркан, беҳол пичирлади:

– Оллоҳ сени ўз паноҳида асрасин…

Акмал билан Зилоланинг бир дамгина бўлса-да, ичкарида қолиши Тахминанинг иззат-нафсига тегди. Булар билан кетма-кет чиқаётган Акмал яна нима учун ортига қайтди? Уни Сурайё чақирди чоғи. Ўлиб бораётган бу аёлда ҳали гап кўпга ўхшайди. У ўғлига зўр бериб Зилолани ёпиштирмоқчи бўляпти. Акмалнинг мен билан яқинлашувини астиям истамайди. Анави, кечагина тухумдан чиққан думбул қиз-чи?! Акмал, деса юраги гумириб кетаётгани шундоққина юзидан, кўзидан маълум бўлиб турипти. Ҳали қараб тур, сени…

– Мен оромхонада бўламан,– деди Тахмина бир дам равоқда Сожида билан ўтиргач ўрнидан қўзғалиб, – Акмалга айт, кираверсин… – Окей, сен бафуржа дам олатур,–жавоб қилди Сожида бир даста магнитофон кассеталари орасидан ниманидир қидираркан:–Арслонингни юрагида ўти бўлса, у ҳадемай устингга бостириб киради. Ҳа, Тахмина ҳамон ҳаяжонда эди. Бугунгидай қулай фурсатни унга худонинг ўзи етказди: бу кеч Акмал уники. Унинг оғушидан, оловли нафасидан, тафтидан тўйиб-тўйиб баҳра олади. Бир вақтлар кул остида қолиб кўздан ғойиб бўлган, ҳаттоки унут бўлаёзган лахча ўт қайтадан яшнайди, ёғду сочади, ҳарорат беради. Армон тошидек совуган, яхлаган, жувонмарг қотган бокира томирларни қизитиб, унга қайта ҳаёт бағишлайди. Бу томирларда яна қайтадан умид ва нашида эҳтирослари қон бўлиб оқади…

Тахмина ҳар гал Акмал хаёлига шўнғиб, қалб ва вужудини энтиктирувчи бундайин ҳаяжонли, лаззатли туйғулардан сармаст чайқаларкан, ногоҳ бу хаёлларнинг муваққат ва алдамчи эканлигидан, бу йигит билан унинг ўртасида ўтиб бўлмас бир чоҳ ётганлиги ва Акмал энди ҳеч қачон уники бўлолмаслиги ёдига тушиб, уни кимдир ёки нимадир туби йўқ жаҳаннам қаърига итариб юборгандек, бир лаҳзадаёқ қунишиб, шалвираб қоларди. Ҳозир ҳам сира кутилмаганда, худди шундай бўлди. Оромкурсига чўкканича чўкиб қолди. Вужудини чулғаб турган эҳтиросли туйғулар ўрнини аллақандай ғашлик, аламли ва изтиробли бир тундлик эгаллади. Дарвоқе, мен ўзим кимман? Акмалдан муҳаббат ва мурувват, журъат ва вафодорлик кутишга ҳаққим борми? Тўғри, мен уни севаман. Бироқ нега энди менинг ғариб ва ожиз, ҳуқуқсиз муҳаббатим эвазига у ўзини, ҳар бир инсон учун бир мартагина насиб этувчи умр баҳорини хазон қилиши лозим? Борингки, Акмалнинг менга бўлган муҳаббати чин бўлиб, шу боис у ҳар қандай қурбонликка борган тақдирда ҳам, мен уни авайлашим, уни инкор этишга, ундан узоқлашишга ҳаракат қилишим керак-ку? Ёки… Акмал менга шунчаки бир овунчоқлик учун, қари ва ҳиссиз Мумтоз беролмаётган оташ эҳтиёжи учунгина керакми? Эҳтимол, мен худбиндирман, ёшлик ёки нодонлик қилиб, шунинг учунгина алдамчи ҳисларга берилиб, мен унга муҳаббат даъво қилаётгандирман? Йўқ, бундай дегудек бўлсам, Акмалдан кўра ёшроқ, гўзалроқ, кучлироқ, тотимлироқ Ўктамбекни нега рад этдим? Нега энди мен Акмални эмас, Ўктамбекни кўпроқ авайлаяпман, уни юрагимдан юлқиб ташлаш қанчалар оғирлигини билиб туриб, бунинг учун ич-ичимдан эзилиб, ачиниб-йиғлаб туриб, у билан дадил хайрлашмоқчи бўляпман? Чин муҳаббатга, балки менинг Ўктамбекка нисбатан тутаётган муносабатларим, ҳис-туйғуларим кўпроқ алоқадор бўлса-чи?

Йўқ, йўқ, Ўктамбек мен учун олис бир масофада ловуллаб турган гулхан бўлиб қолаверсин. У мени ўзи томон қанчалик чорламасин, мени ўз ёғдуси билан қанчалик мафтун этмасин, мен энди унга бошқа кўринмасликка, ундан тобора йироқлашишга ҳаракат қиламан. Мен… йўл қўйган хатоларим учун ўзимни ўзим жазолайман.

Назаримда, муҳаббат деган нарсанинг маъносини мен эндигина тушуниб етяпман. Одамлар ҳамиша бахт қидиришади. Лекин ҳақиқий бахт нимадалигини ҳамма ҳам тушунолмас экан. Кимдир мол-мулки, давлати билан, кимдир узоқ умри ва ували-жували ҳаёти билан, кимдир тўрт мучасининг соғлиғи билан овуниб қолавераркан. Лекин чинакам бахтнинг посангиси асл муҳаббатда экан. Ҳа, ҳа, мен энди тушундим. Муҳаббатсиз одам бу дунёнинг ҳисоб дафтаридан четда қоларкан. Муҳаббатнинг қашшоқликка ҳам, бойликка ҳам, очлик ва тўқликка ҳам алоқаси йўқ экан…

Мен ўз бадбахтлигим сабабини энди англаяпман, мен муҳаббатсиз одамман. Мен севиш ва севилиш ҳуқуқидан маҳрум инсонман.

Бир вақтлар… Акмал билан илк бор қўшилганимизда, уни ўзимга узилмас ришталар билан боғлаб олганимда, бунга мен ҳақлимидим? Йўқ, ҳақли эмасдим. Мен Акмалнинг уволига қолдим.

Мен Ўктамбекни ўз оғушимга қабул қилиб, уни бир умрга занжирбанд этиб қўйдим. Бунга ҳақли эдимми? Йўқ, ҳақли эмасдим. Ҳар ким ўз ўрнида туриши, ўзига муносиб неъматдан баҳраманд бўлиши керак. Мен эса ўғирлик қилдим, Ўктамбекнинг ҳам уволига қолдим…

Ҳа, мен ўзимнинг кимлигимни, қаерга келиб қолганимни энди англаяпман чоғи. Кимларнингдир касри ва йўл қўйган ўз хатоларим учун худо мени жазолаб қўйипти. Тўхта, бу жазо нимада?

Мен инсон бўлиб келдим бу дунёга. Лекин одамлар ўртасида: «Мен инсонман, яхши инсонман!» – деб овоз чиқаришга ҳаққим йўқ.

Менга беназир ҳусн, қадду қомат насиб этибди. Лекин бу билан фахрланишга, менга ҳавас қилинглар, мени севинглар дейишга ҳақли эмасман. Мен соғлом, гўзал ва ёш аёл бўлатуриб, тенгқурларим даврасида севги тўғрисида, аҳил оила, ширин фарзандлар тўғрисида гап очишга ҳақли эмасман.

Қанчалар даҳшат, қанчалар бадбахтлик бу!

…Тахминанинг кўзлари ёшга тўлди. Бу кўз ёшлари жароҳатли юракнинг қонталаш селоби эди. Ногоҳ, унинг қаршисида жувонмарг дадаси Собир намоён бўлди. Усти-боши оҳорли, бўй-басти ҳам салобатлашиб кетгандек. Фақат чеҳраси тунд, ташвишли, ўнг қўли билан Тахминанинг бошини силайди:

– Қизим, йиғлама…

– Мен бадбахтман, дада.

– Сен ҳали бахтли бўласан, менга ишон.

– Менинг ҳеч кимим йўқ, дада.

– Сен уни кут. Унинг ўзи ҳаётингга кириб келади…

Тахмина шу зайлда ухлаб қолдими, ё ўз ёғига ўзи қовурилиб орадан қанча вақт ўтказди билмайди, бир пайт ташқаридан юк машинасининг гуриллаган овози уни ҳушига келтирди.

– Тахмина, биз жўнаяпмиз, – остонада Сожида турарди.

– Нима?! Жўнаяпмиз?! – у сергак тортиб, курси суянчиғидан даст бош кўтарди. – Акмал…

– Акмалга айтувдим… У… Майли, халақит бермайлик, дам олсин деди…

Тахмина беихтиёр жимиб қолди. Ранги оқаринқираб, лаблари хиёл қимтилди.

– Ҳозир-чи? Яна индамай кетвоттими?

– Йўқ. Тахминани айтиб чиқ, деди.

– Бораверинглар. Оқ йўл, – Тахмина яна суянчиққа бош қўйиб, кўзларини юмди.

Сожида бундай пайтлар ортиқча гапга ўрин йўқлиги, акс ҳолда Тахминанинг ғазабига дуч келиши муқаррарлигини яхши тушунади. Шу боис лом-мим демай чиқиб кетди.

Тахмина ишонади, Акмал барибир унинг ҳузурига киради. Шундай бўлди ҳам. Йигит унинг елкасига бир қўлини қўйиб, «Тахмина…» деганидан сўнггина кўзларини очди.

– Акмал…

– Биз жўнаяпмиз, жоним… – Йигит энди унинг тирсакларидан тутиб, аста ўрнидан турғазди. – Сенга нима бўлди?

– Ўзим шундай. Сени йўқотиб қўйишдан қўрқяпман… – Тахмина шундай дея йигитнинг кўксига бош қўйиб, яна йиғлаб юборди.

Акмал аччиқ ютиниб қўйди. Тахминани бағрига қаттиқ босиб, унинг сочлари ва елкаларини силаркан:

– Мен йўқолмайман, кўнглинг тўқ бўлсин, – деди. – Фақат…

Тахмина саросималик билан Акмалнинг лабларига кафтини босди: – Бошқа гапирма. Мен ўзим ҳаммасини яхши тушунаман…

Тахмина ўзи учун узоқ вақтлардан бери чинакам байрам бўлишига умид боғлаган бу кеча унинг ҳаётига яна не даҳшатларни олиб киришини ўйлабмиди. Бир вақт у Зилоланинг ваҳимали қичқириғидан чўчиб уйғонди:

– Тахмина опа-а, тезроқ! Тезроқ чиқинг!

* * *

Тўфон олдидан маълум бир муддат сокинлик чўкиши муқаррар бўлганидек, аҳён-аҳён жон талвасасига тушиб қолаётган Сурайё ҳам ўғли сафарга жўнаб кетар чоғи қайтадан анча тинчланди. Улардан сўнг ёнгинасида ёнбошлаб ётган Зилола билан у ёқ-бу ёқдан гаплашишди ҳам. Гап орасида бир амаллаб яна кўнглидаги орзуниятни қистириб ўтди:

– Сенга мингдан-минг раҳмат, Зилола. Мендан қайтмаса, худодан қайтар. Акмал акангни ҳам ташламасанг…

– Хола, тинчланинг. Бизни ўйламанг. Тақдирни худонинг ўзи белгилайди.

– Ҳа, бандаси ожиз экан…

Шундан сўнг беҳол Сурайёнинг кўзлари яна хира тортиб, уни бир муддат уйқу элитди. Бироқ бу ороми узоққа чўзилмади. Ажал калхати яна унинг кўксига келиб қўнди. Бу дафъа у жудаям оғир, қора-қўнғир қанотларини баралла ёйиб, уни бошдан-оёқ қамраб олган, ўткир ва заҳарли тирноқлари билан энди Сурайёнинг бутун вужудини қонталаш қилаётгандек эди.

У энди бу ситамларга, бешафқат азоб ва даҳшатларга бошқа дош беролмайди. Оғриқнинг зўрлигидан кўзлари косасидан отилиб чиқиб кетар даражада ола-кула бўлар, ўқтин-ўқтин ҳаво ололмай хириллар, нафас йўли очилганда эса лабларини зўр бериб қимтиб тишлаганча зор-зор инграрди. Зилола унинг бетўхтов қалтираётган қоқсуяк ўнг қўлини тиззаси остига олиб, бир амаллаб иккита укол қилди, бўлмади. У энди аҳвол чатоқлигини сезиб, зудлик билан ойисини ва яна бир қўшни кампирни телефон билан чақиртириб чиқди. Сурайёнинг аҳволи тобора оғирлашаётганини кўриб, энг сўнггида Тахминани бедор қилди. Энди Сурайё ёнида одам борми-йўқми, кимлар ўтирипти – буни мутлақо сезмайди. Унинг кўз олдида фақат ўша ажал калхати, Сурайёни зўр бериб қийнаётган, унинг қонини, жонини беармон сўраётган тиғли ва заҳарли калхат.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации