Текст книги "Тахмина"
Автор книги: Солих Каххор
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 24 (всего у книги 34 страниц)
VI
Шанба куни Тахмина учун кутилмаган воқеалар билан бошланди. Дўконга келиб, Наталья билан у-бу юмушлар хусусида гаплашиб турувдики, Одессадан қўнғироқ бўлиб қолди. Алим ота экан. Мўйсафид ҳансираброқ, бўғиқ ва хирхироқ товушда Тахминадан Тошкентда ҳаёт қандай кечаётганини сўради.
– Ҳаммаси жойида, – деди Тахмина. – Яхшиси, ўзингиздан гапиринг. Овозингиз хастароқ, тинчликми?
Алим ота Қримга мослаша олмаётгани, намлик кўплигидан ёшлигида кечирган бўғма асорати қўзғаб, азоб бераётгани, ўғлининг турмуши айтарли яхши эмаслиги, бу ерларда фақат нафақа пули билан яшаб бўлмаслиги ва боз устига, кампири ҳам иссиқ жойимни совутдинг, дея дашном бераётганини узуқ-юлуқ маълум қилди. Охирида:
– Яна Тошкентга қайтиш ниятимиз бор, сиз бунга нима дейсиз?–деб сўради.
– Мен нима ҳам дердим. Келсангиз ўз жойингиз, – жавоб берди Тахмина. – Қўлимдан келган ёрдамимни аямайман.
Алим ота унга миннатдорчилик билдирди ва охирида илова қилди: – Бугун Ҳаётнинг туғилган куни. Сиздан илтимос, уни бизнинг номимиздан ҳам табриклаб қўйсангиз.
Тахмина унга сўз бериб, гўшакни жойига қўяркан, бугун Ҳаётникига бирров ўтиб қўйиш тўғрисида ўй суриб қолди. Кейин Натальяни қайта ёнига чорлаб, «Ҳайдовчи йигитга қандай совға танласак экан?» – деб ундан маслаҳат сўраган бўлди.
Наталья бу йигит Тахмина учун фақат шофёргина эмас, балки унинг яқин ва содиқ дўсти эканлиги ва шу боис ҳам ёш хоним бу масалани жиддий ҳисоблаб, у билан бамаслаҳат иш тутаётганини тушунди.
– Ҳаёт ўттизга тўлипти, так что круглая дата, – деди Наталья ширу шакар қилиб. – Шунинг учун ҳам совғамиз арзигули бўлгани яхши. Например, қимматбаҳо костюмми ё тилла соатми…
– Ҳаёт қимматбаҳо нарсаларни ёқтирмайди, – унинг сўзини бўлди Тахмина. – Бирон оригинал нарса лозим.
– Ундай бўлса… унга хотинликка бирорта қиз топиб берсак-чи? – ҳазиломуз кулиб қўйди Наталья.
– Қизларни ҳам жини суймайди.
– Ну и дурак. Как жаль, что самые сочные годы он теряет.
Тахмина унинг бу сўзларидан истеҳзоли жилмайиб қўйди ва ногоҳ миясига бир фикр келиб, чеҳраси янаям ёришиб кетди:
– Есть идея!
Ўрис қиз унга саволомуз боқиб қолувдики, Тахмина «бу ҳозирча сир» деган маънода бармоғини лабига босиб қўйди. Шу чоғ Тахминанинг қабулига ёши етмишлар атрофида, қоқсуяк гавдаси хиёл эгик, оппоқ сочлари очиқ чеҳрасига ҳусн бағишлаб турган бир нуроний аёл кириб келди. Унинг ёнида олти-етти ёшлар чамасидаги қош-кўзлари порпираб турган чиройли ўғил бола…
Ногоҳ Тахмина кампирга эмас, нафасини ичига ютганча ана шу болага, бола эса ҳайрат тўла кўзларини «чиройли ая»га тикканча, бир дам қотиб қолишди!
Тахминанинг кўзларига беихтиёр севинч ёшлари қалқиб чиқди. У бола томон уч-тўрт қадам пешвоз юрди-да, кейин чўнқайиб, иккала қўлини чўзганича унга бағрини очди:
– Акмалжон! Мени танияпсанми? Эсингдами? Қани бери кел, асалим!
Бола бир дам ийманиб, иккиланиб турди-да, сўнг кутилмаган ҳолда илдам юриб келиб, Тахминанинг бўйинларидан маҳкам қучиб олди. Улар энди гўё илгари бир-бирларини йўқотиб қўйиб, яна топишиб олган она-боладек беҳад шодон эдилар. Таажжубки, Акмал бир вақтлар «ўзи ёқтириб қолган, уни шоколад билан сийлаган чиройли ая»дан сираям тортинмас, аксинча, бу аяни жуда-жуда соғиниб, узоқузоқлардан қидириб келиб топиб олгандек хурсанд, энди унинг ҳам кўзлари яшнаб турарди.
Тахмина, айниқса, Акмалнинг илдам келиб уни қучиб олгани, уни ўз онасидек билиб ўпишиб-эркаланишидан, боланинг бу учрашувдан қанчалик қувониб, кўзлари оловланиб кетганидан сўнг ўзини йўқотиб қўяёзди. У Акмални кўксига маҳкам босганича, унинг юз-кўзларидан бетиним ўпар, бошларини, сочларини, елкаларини силаб-сийпаларкан, кўзларидан ёш сизилиб, ҳаяжонини асло босиб ололмасди.
– Асалим, дўмбоғим! Сени менга худо юборди. Бу ёруғ дунёда мениям йўқловчи фаришта бор экан-ку!
У болани кўксидан қўймай олиб бориб, оромкурсисига ўтказдида, кейин шошиб келиб, кампир билан қўл олишиб кўришди.
– Мени кечиринг, холажон. Биз Акмалжон билан эски танишмиз, – деди у бироз хижолатда рўмолчаси билан кўз ёшларини артиб. – Қани, марҳамат, манави ерга ўтириб олинг.
Кампир фотиҳага қўл очиб, ёш хонимга «Бахту саодат, умрига ва мартабасига, ризқу рўзига, давлатига барака, тақдирига кушойиш, муҳтожларга сабру бардош ва омад, бетобларга омонлик ва саломатлик» тилади.
– Мен ана шу қадрдонингиз Акмалжоннинг ён қўшниси Меҳри хола бўламан, – деди у кейин ётиғлик билан.
Тахмина эндигина Акмалдан унинг ойиси ва дадасини суриштирмоқчи бўлиб турувдики, яхшиям бунга улгурмади. Нақ бўлмаса, боланинг ўксик қалбига наштар уриб қўяркан. Кампирнинг ўзи унга бўлиб ўтган ишларни анча ачиниш билан, бафуржа ҳикоя қилиб берди.
Маълум бўлишича, боланинг дадаси Анвар тижорат ишлари билан Россияга қатнаб юриб, Сибирнинг Сургут деган шаҳрида бир татар қизга илашиб қолган экан. Яқинда ўшанга уйланипти. «Ростини айтишга мажбурман, мени кечир. Сенга жавоб. Ўғлимни шу ёққа олиб келишга бориб қоларман», деган мазмунда хотини Дилдорага хат жўнатибди. – Анвар ҳам, Дилдора ҳам болалар уйида ўсиб, бир-бири билан топишишган. Бу дунёда ана шу боладан бошқа ҳеч кимлари йўқ, – деди Меҳри хола. – Тўғри, Дилдоранинг узоқ бир қариндоши бор. Манғит тарафларда. Икки-уч йил бурун Дилдорага онасидан қолган узукни олиб келиб берганича, дом-дараксиз кетган. Энди гап бошқа ёқда, Тахмина хоним…
Акмални ёнига олиб, Меҳри холани тинглаб ўтирган Тахмина сергак тортди.
– Ойиси қани, тинчликми ахир?–хавотирланиб сўради у кампирдан.
Меҳри хола бир дам жим қолди. Ногоҳ ёшланган кўзларини рўмолчанинг бир учи билан артган бўлди-да, кейин Акмалга зимдан назар солиб, вазмин сўз қотди:
– Дилдора оғир бетоб, балнисада. Акмалжон мен билан бирга. Иншооллоҳ ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
– Қаерда ётипти, нима бўлди унга? – саросима билан сўради Тахмина.
– Борсангиз, олиб бораман. Бизни Дилдоранинг ўзи жўнатди олдингизга.
Учовлари ярим соатга қолмай, шаҳарнинг энг чекка ва сўлим гўшасидан жой олган онкология шифохонасига кириб боришди. Япянги сутранг «Нексия»ни ўзи бошқариб келган нақадар сулув, қимматбаҳо кийимларда ловуллаб турган, ён-атрофга бепарво ва жиддий қиёфали ёш хонимга узоқдан кўзи тушиб, бош шифокорнинг ўзи унга пешвоз чиқди. Бирон-бир йирик мансабдорнинг хотини ёки қизи, деган фикрга келиб, Тахмина билан анча мулозаматли мулоқотда бўлди. Бемор ётган палатага ўзи олиб кириб: «Сизлар бемалол гаплашиб олинглар, мен ўзимда бўламан», дея, кейин чиқиб кетди.
Тахмина бундан бир неча ой бурунги Дилдорани хаёлидан кечирганди. Ўшанда эрининг ёнида гулдек очилиб турган ёш жувон эди. Энди-чи? Озиб-тўзиб, бир аҳволга тушиб қолипти. Фақат чиройли, шаҳло кўзларигина гўё ёруғ дунё жамолига тўйиб олиш саросимасида янаям катталашгандек, нигоҳлари чанқоқ ва интиқли эди…
– Сизни ташвишга қўйдик, – Дилдоранинг кўзлари ёшга тўлди. – Бундай деманг. Мана, баҳонада Акмалжон билан топишиб олдик. Дилдора ётган жойида ўғлини бағрига олиб, унинг пешонасидан, юз-кўзларидан ўпди.
– Мана, чиройли аяни ҳам топиб олибсан,– бемажол сўз қотди у Акмалга.–Энди бу хонимни ҳам ая десанг бўлаверади, аяча дегин… Шундай жувоннинг ёш умри ва қисмати учун юраги ачишиб, ўзини базўр тутиб ўтирган Тахмина ҳам энди кўз ёшларини тўхтата олмади.
– Дилдора, сиз ҳали соғайиб кетасиз, – деди эзилиб. – Акмалжон катта йигит бўлади. Худо хоҳласа, орзу-ҳавасларингизга албатта етасиз.
Дилдора энди бир четда хомуш ўтирган Меҳри холага нигоҳини қаратди:
– Илтимос… Сиз Акмалжон билан бир дам ташқарида бўлиб туринглар. Мен Тахмина хоним билан…
Дилдора анчагина беҳоллиги боис ўртадаги мулоқот анчагина қисқа бўлди. Бемор жувон умр йўлдошининг хиёнатидан бирозгина ёрилди, холос. У кўпроқ ўғилчаси Акмалнинг бундан кейинги тақдири учун қайғурди.
– Менинг соғайиб кетишим даргумон, – деди у ҳазин овозда. – Юрагим тобора безовта уряпти. Сизни эслаб, йўқлатишим боиси… Мен сизни яхши биламан. Сизнинг имкониятларингиз катта. Истаган жойингизга қўлингиз етади. Гапингиз ўтади. Акмални ҳимоянгизга олинг, синглим. Жон синглим. Бола шу ерда ўсиши керак, Ўзбекистонда. Ўз она юртида. Отаси бир аёлни деб… Ватанидан, оиласидан воз кечган бўлса, унгаям жазо берадиган худо бор-ку.
– Дилдора, жуда яхши қилибсиз, мени эслаб. Ҳаммаси сиз айтгандай бўлади. Лекин ҳаётдан умидингизни узманг. Қирқ йил қирон келса ҳам, ажали етган ўлади, дейишади-ку, ахир. Сиз албатта оёққа турасиз, ҳали узоқ йиллар яшайсиз.
– Яна бир гап… – Дилдора ёш хонимнинг бу сўзларини шунчаки тасалли бериш учун айтилгандек қабул қилиб, васиятида давом этди: – Сиздан илтимос… Менга бирон гап бўладиган бўлса, ҳимматингизни дариғ тутманг. Қиёматли синглим бўлинг. Ўша… сиз берган эллик мингниям дадаси Россияга олиб кетиб, гумдон қилди. Мендан рози бўлинг. Узук сизда қолаверсин. Бир вақт келиб, Акмалимни уйлантирсангиз, келинчакнинг бармоғига тақарсиз…
Дилдора бўғзига нимадир тиқилгандек, бошқа гапиролмай қолди. Тахмина унинг кўзларидан сизиб оқаётган шашқатор ёшларни рўмолчаси билан артаркан: «Бундан кейин сиздан ўзим хабар олиб тураман. Телефонимни врачларга ёзиб қолдираман. Акмалжондан ҳечам хавотир олманг», дея уни яна тинчлантирган бўлди. Ҳалиги бош шифокор билан ҳам унинг ҳузурига кириб гаплашиб кўрди.
– Аҳволи оғир, – деди дўхтир. – Лекин биз қўлдан келганча беморнинг ҳаёти учун курашишга бурчлимиз, хоним…
Тахмина унга ўз телефонини ёзиб берди, бемор учун нимаики лозим бўлса, зудлик билан менга қўнғироқ қилинглар, деб тайинлади. Қайтишда эса, йўл-йўлакай Акмалга бир сидра янги кийим-бош, аллақанча ўйинчоқлар олиб берди. Кампирни ҳам хурсанд қилди. Унга битта жемпер билан кўйлаклик мато харид қилди ва «Дилдорага қатнаяпсиз», дея чўнтагига пул ҳам солиб қўйди.
Меҳри холанинг эшиги олдида хайрлашаркан, Тахмина энди унинг этагидан маҳкам тутиб олган болани яна бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпди. Акмал ҳам «Чиройли ая»нинг бўйнидан маҳкам қучиб олган, ундан ажралгиси йўқдек эди.
– Акмалжондан кўнглингиз тўқ бўлсин, – деди кампир уларнинг бир-бирларига меҳрибончилигидан тўлқинланиб. – Бу ерда болагинамнинг ўртоқлари кўп, ўйнаб юришади. Лекин сиз билан бунчалик элакишиб қолгани жудаям ажойиб бўлди!
Тахмина учун бугунги кутилмаган воқеалар шу билангина тугамади. У дўконга келиб, эндигина нафас ростлаб ўтирувди ҳамки, ногоҳ телефон жиринглаб қолди.
– Менга Тахмина бону керак эдилар…
Гўшакдан эшитилган нотаниш аёлнинг босиқ ва мулойим товуши Тахминани ҳушёр торттирди.
– Мен Тахминаман. Гапиринг…
Нотаниш аёл бир дам тин олиб, кейин сўз қотди:
– Безовта қилаётганим учун узр, қизим. Мен… Ўктамбекнинг онаси Шаҳодат бонуман.
Сира кутилмаган бу «янгилик» Тахминани беихтиёр саросимага солиб қўйди. Юраги жизиллаб, ҳолсизлик тортгандай туюлди. Нима дейишини билолмай, каловланиб қолди.
– Ажабланманг қизим, – Шаҳодат бону бу ҳолни сезгандек эди, – мен сизни билганимдан, ҳурмат қилганимдан гаплашгим келиб қолди…
Тахмина бу дам ўзини босиб олишга, тақдир энди Ўктамбекнинг онасига рўпара қиляптими, ўша Иброҳим ҳожи билан мулоқотда ўзини қандай тутган бўлса, ҳозир ҳам худди шу меъёрни сақлаб қолишга қарор қилди.
– Раҳмат хоним, қулоғим сизда…
Шаҳодат бону худди эски қадрдонлардек ёш хонимдан аввалига ҳол-аҳвол сўраган бўлиб, кейин мақсадга кўчди:
– Менинг аҳволимдан хабарингиз бордир, қизим. У ёқ-бу ёққа чиқишнинг иложи йўқ. Ўктамбегимиз билан ўрталарингиздаги илиқ муносабатларни эшитиб… сиз билан би-ир чойлашгим келиб қолди. Вақтингизни аямай, ақалли савоб йўлида мени бирров йўқлаб кетсангиз бошим осмонга етарди.
Тахмина унга жавобан нима дейишини билолмай, лол қолди. Шаҳодат бону ҳарҳолда она. Аёл киши. У Иброҳим ҳожи эмас. Боз устига, уни жудаям одамохун, ширинсўз, андишали аёл, деб эшитган. Шу боис, унинг ҳам кўнглида алланечук илиқлик уйғонгандай бўлди. – Сиз билан ҳамсуҳбат бўлиш бахти ҳаммагаям насиб этавермас, хоним. – Тахмина энди ўзининг Иброҳим ҳожи билан эмас, балки азиз Ўктамбегининг волидаи муҳтарамаси, Шаҳодат бонудек мулойим, оқила ва хастадил аёл билан сўзлашаётганини ҳам ҳис этиб турарди. – Бек акамлар сиз ҳақингизда оғизларидан бол томиб гапирадилар. Шу боис, кўпдан бери сизни кўриш орзусидаман. Бироқ… ҳожи отадан ийманиб, бу ниятим амалга ошмай турувди.
Тахмина шундай дейишга деди-ю, бироқ шу ондаёқ меъёрни сал ошириб юборганидан афсус чекди. «Бек акам»ларга, «ҳожи отадан ийманиб»ига бало бормиди! Айтмайдими, мани телефонимга маҳтал бўлиб турган экан, деб. Аввал ўйла, кейин сўйла, деганлари бежиз эмас…
– Ҳожи отангиздан хотиржам бўлинг. У киши даргоҳимизга яхши ният билан кириб келган ҳар қандай одамни кафтига кўтарадилар. Шундай қилиб, бир келиб-кетишга фурсат топарсиз, деб ишонсам бўлаверадими?
Тахмина ноилож қолди. Бир томондан, Ўктамбек… Иккинчидан, унинг онаси–неча йиллардан бери тўшакка михланиб ётган бир мўътабар аёл ундан илтижо қиляпти. Учинчидан… ўртадаги савдоларга Шаҳодат бону билан бўлажак учрашув узил-кесил чек қўйиши ҳам мумкин.
– Албатта, хоним. Фурсат топибоқ, олдин сизга қўнғироқ қилиб, кейин ўтарман…
* * *
Тахмина Ҳаётларникига тушдан кейин, соат учларга яқин кириб келди. Тошкентда шунча йил яшаб, бу томонларни биринчи кўриши. Алгоритм мавзесининг Заргарлик маҳалласини топиб олиш унчалик қийин бўлмади, керакли ҳовлини суриштириб кириб бориш учунгина вақт кетди.
– Шунақа гадойтопмас жойлардан кўра, сентирда, менинг подвалимда яшаганинг афзал эмасми, ошна? – ҳазиллашди Тахмина ўзи томон илжайиб келаётган Ҳаётга.
– Сенинг подвалингда чивинлар яшайверсин, – бўш келмади йигит ҳам. – Ҳали кўрамиз, бир кун келиб ўзинг Заргарликдан жой сўраб қолмасанг, Ҳаёт отимни Мамот қўяман.
Икковлари завқланиб кулишди. Тахмина унга қўлидаги гулдастани тутқазди-да, ирим юзасидан йигитнинг қулоғидан чўзиб тортиб, хамир учидан патир ўрнига пешонасидан ўпиб қўяркан, ҳазиллашди:
– Фу, пешонанг мунчаям шўр бўлмаса, болам…
– Шўр бодрингга бошқоронғи бўлиб туғмаганингда, шу аҳволга тушмасдим, ойи.
Бу гал энди улар овозларининг борича хандон отиб кулишди. Сал нарироқдаги харракда гап сотиб ўтиришган уч-тўртта қўшни аёллар, шусиз ҳам ўзи оддий шўпир йигитникига бунчалар «Олий насаб Зуҳро юлдузи»нинг келиб турганига ҳайрон эдилар. Энди уларнинг бир-бирлари билан бунчалик қаймоқлашаётганидан янаям ҳайратга тушишди.
Ҳаёт Тахминани ичкарига бошлади.
Рўпарадаги ҳашамдор айвонга дастурхон тузалган бўлиб, у ерда бир тўп йигит-қизлар ўтиришарди. Ҳаммалари Тахмина хонимга ҳурмат бажо келтириб, ўринларидан туришди. Кимлардир уни танир, кимлардир танимас, бироқ бу ёш хоним тўйчи йигитнинг энг азиз меҳмони эканлигини ҳис этиб туришганидан, уларнинг барчаси ҳам Тахминага алоҳида илтифот ва мулозаматда бўлишди.
Ҳаётнинг ёши олтмишлардан ошган, новча бўй, полвон келбат, Қумриниса исмли хандон чеҳра онаси бор экан. Тахминанинг ташрифидан чунонам хурсанд бўлиб, унинг атрофида парвона бўлиб қолди. Она ҳам ҳазилкаш, бир гапириб ўн куладиган аёллар хилидан экан.
– Ҳов бола,–дейди у ўғли Ҳаётга қараб,–кўряпсанми, худойим эркакларнинг бахтига шунчалик чиройли қизларни яратиб қўйипти. Сендақа шапкўрлар ғафлат уйқусидан уйғонгунча, бу гулларнинг шарбатини асаларилар сўриб битириб, сенларга шимилдириқ сақичи қолади. Бўлди кулги, бўлди кулги. Шундан сўнг Тахмина ўтирганлар қошида Ҳаётни туғилган куни билан табриклади. Сумкачасидан иккита мўъжазгина қутича чиқариб, уларни очиб кўрсатди-да, Ҳаётнинг қўлига узатиб, деди:
– Мана шу бир жуфт келин-куёв узугини сенга тақдим қилишдан мақсадим, ҳозиргина аямиз айтиб ўтганларидек, тезроқ ғафлат уйқусидан уйғонишингга, тезроқ оилавий бахт топишингга тилакдошман…
Ҳаёт Тахминага яқинлашиб, ҳазиломуз унга юзини тутди. Лекин ёш хоним ширингина жилмайганча, уни ўпиб қўйиш ўрнига, иккала бетига мулойимгина шапатилаб қўйди.
Кулги-қийқириқ аралаш, яна ҳазилкаш Қумри аянинг Ҳаётга дашноми эшитилди:
– Қизларга бетини тутадиганнинг жазоси шу.
Ўтириш асносида ёшларнинг ўйин-кулгиси, табриклар, шеърхонлик, хаёлда йўқ мавзуларда ўзаро баҳслашувлар ва ҳазил-мутойибалар қизигандан-қизиб борди. Бу орада Тахмина Ҳаётга Алим ота уни Одессадан табриклаганини етказди. Икки-уч бор рақсга ҳам тушиб берди. Кўпчиликка қўшилиб, «Ўзим ҳар жойдаман, кўнглим сендадур»ни айтишди. Ва албатта, ўзи билан доимо бирга олиб юрувчи Лола ашулалари кассетасини ҳам қўйиб берди. Ёшларга, айниқса, «Юрагимни очолмийман», деган янги қўшиқ жудаям хуш келиб, уни қайта-қайта эшитишди:
Ёнгинамда бир йигит бор,
Юрагимни очолмайман,
Бодроқ бўлган ҳисларимни
Шамолларга сочолмайман.
Кўрмай дейман, иложим йўқ,
Ундан асти қочолмайман.
Шул бепарво тошбағирни
Куюк дилга босолмайман.
Қиз боламан, кўнгил очиш
Мушкуллигин билсанг қани.
Ёниб турган бир ғунчани
Назарингга илсанг қани…
Ҳаётнинг ёши йигирмаларга етиб бормаган Гўзал исмли синглиси бор экан. Истараси чўғли, ширмондеккина қиз. Онасига ўхшаб очиқ чеҳра, кўзлари кулиб турган, қадди-қомати дуркунгина. Базми жамшид иштирокчиларига елиб-югуриб хизмат қилиб турипти.
Бир пайт Тахминанинг ёнига келиб: «Опажон, сизни кўриб жудаям хурсанд бўлиб кетяпман», деб қолди.
– Раҳмат. Лекин… мен ҳақимда эшитганмидингиз?
– Ҳа, акамдан. Оғзидан бол томиб мақтайди сизни.
– Унчалик ишонмийман,–Тахмина ўзидан сал нарироқда кўзойнакли бир дўсти билан қизғин мулоқотда бўлган Ҳаётга зимдан боқиб қўйди.–Негаки, акангиз унча-мунчани назарга илмайдиганлар хилидан… – Сиз ахир, унча-мунчалардан эмассиз-да.
Ёш хоним бу сўзларни истеҳзоли жилмайиш билан тинглади.
– Яна, дугонам Зилоладан ҳам кўп эшитганман,–илова қилди қиз. – Зилола?! Қумқўрғонлик Зилолани айтяпсизми?
– Ҳа. У менинг дугонам бўлади. Билим юртини бирга битирганмиз. – Афсус. Билганимда, бирга олиб келар эканман.
– Бугун Зилола навбатчиликда, – деди Гўзал атрофдагиларга олазарак боқиб қўйиб ва паст товушда илова қилди: – Опажон, сиздан бир нарса сўрасам…
– Майли, бемалол.
– Ҳозирги «Юрагимни очолмайман» деган қўшиқ худди мен ҳақимда битилгандай.
– Тушундим. Уям… шунақа бепарвоми?
– Ҳа, лекин бошқа бировга кўнгил қўймаган. Буниси аниқ. Фақат мен дардимни очолмай азобдаман. Айтинг, нима қилиш керак?
Тахмина бир зум ўйга толди-да, майин жилмайиб деди:
– Бошқа бировга кўнгил қўймаган бўлса… сизники бўлиш эҳтимоли ҳали олдинда экан. Бироқ ҳушёр тортиб юринг, бирон чаққонроғи илиб кетмасин.
– Шуни айтаман-да, опа. Лекин у мени суймаса ё кўнгил боғлаган бўлсаям, ёрила олмаса… унда нима қилиш керак?
– Суймаганга суйканма, деган гап бор. Лекин суйса-ю, ёрила олмаса, унда ўзингиз унга ёрдамлашиб юборинг.
Гўзал бу сўзлардан бир лаҳза хомуш тортиб қолди.
– Йўқ, – деди у ниҳоят, – мен икки дунёдаям биринчи бўлиб, «Сизни севаман», деёлмайман.
Тахмина бокира қизнинг елкасига қўлини беозор қўйиб, унинг мунис кўзларига ҳавас билан боқди:
– Ҳа. Бизнинг бахтимиз ҳам, фожиамиз ҳам ана шунда, синглим. Шу пайт меҳмонлардан ҳалиги кўзойнакли йигит барчанинг эътиборини ўзига қаратиб, буларнинг ҳам суҳбатини пароканда қилди. – Ҳо-ов азизлар, бу ўзи нима гап? Соқий билан тўйчи йигитнинг озгина бепарволигидан фойдаланиб, даврамиз гуруҳларга бўлиниб кетипти-ку?! Қани, бутун дунё севишганлари, бирлашингиз!
Яна ўйин-кулги авжига минди.
Шу тариқа Тахминанинг хаёлларини хиралаштириб турган айқашуйқаш ташвишлар булути анча тарқалгандек бўлди. Ҳатто бугун эрталабки воқеалар, ёш жувон Дилдоранинг аянчли қисмати, шўрлик Акмал бошида муаллақ турган мудҳиш жудолик хавфидан кўнглига чўккан азият юки ҳам хийла ортга чекингандек эди. Фақат… Мана шу мўъжазгина даврага бир дунё файз бериб турган беғубор йигитқизларнинг, улар орасида ўз умр йўлдоши билан жуфт-жуфт бўлиб ўтиришган бахтиёр ёшларнинг шодон чеҳраларига боқиб, Гўзалдек оддийгина бир қиз оламидаги безавол иффату ҳаё туйғусидан таъсирланиб, уларга астойдил ҳавас қилиб қўяркан, беихтиёр кўнглининг туб-тубида ўз ёшлигининг ортда қолган йўллари учун ўкиниб олди.
VII
Миллий хавфсизлик хизмати идорасининг ҳовли боғи бугун эрта тонгда шаррос ёғиб ўтган ёмғирдан сўнг бошқача чирой касб этган. Кўк қўйнига яйраб чиққан офтобнинг мулойим ва роҳатижон тафтидан куз мавсумининг зарбоф либосидаги дов-дарахту сокин хиёбонлар четидаги жонсарак гуллар қайтадан қад ростлаб, ўз ҳусну тароватини бор бўйича очиб юборгандек эди.
– Мана шу оддийгина табиий аломатга эътибор берайлик, Авазбек. Ҳозир кеч куз палласи. Агар офтоб ўз саховатини дариғ тутмай тураверса, қиш ойлари кириб келган тақдирда ҳам йилнинг яшиллик дунёси жон сақлаб қолади. Қўйиб берса, мана шу дов-дарахтлар, гуллар қайтадан барг чиқариб, қайтадан очилаверади. Инсоннинг табиати ҳам шундай. Ҳеч кимнинг ўлгиси келмайди.
– Тўғри айтасиз, Маҳмуд Имонович. Қани эди табиат ўзининг шафқатсиз ҳукмини одамига қараб, шошмайроқ чиқарса…
– Бундай бўлмайди. Тақдири азал олдида барча борлиқ хомушдир. Қуёш барчага баравар нур сочади. Яхшигаям, ёмонгаям. Тўғригаям, ўғригаям. Эсингдами, шоир Огаҳий шоҳ Ферузга бағишлаган ғазалида нима деган?
Эй шоҳ, карам айлар чоғи, тенг тут ёмону яхшини,
Ки меҳр нури тенг тушар вайрону обод устина.
Ҳа, ҳеч ким бу нурни қоплаб олиб, ертўласига босиб қўёлмайди. Чунки у ёлғиз Оллоҳнинг мулки.
Бири кексароқ ёшдалигига қарамай басавлат, яғриндор жуссаси адл, қадам ташлаши ва сўзлашидан руҳи анча тетик ҳамда бақувват одамлиги сезилиб турипти. Қора чарм кепкаси остидан чиқиб турган оппоқ сочлари нуроний юзига файз ва улуғлик бахш этган.
Хиёбон сайрида унинг ҳамроҳи ўттиз ёшлар чамасидаги хушбичим ва истаралигина йигит бўлиб, эгнидаги милиция капитани формаси ўзига худди қуйиб қўйгандек ярашиб тушган.
Авазбек ўртага ора-сира, ўшандаям қисқагина гап қўшиб қўяр ва бу билан мўътабар ҳамроҳининг мушоҳадаларига изн бериб, ундан кўпроқ нарсаларни уқиб олиш пайидалиги кўриниб турарди.
– Албатта, ҳаммаям кўпроқ яшашга интилади. Бу табиий ҳол, – сўзида давом этди Маҳмуд Имонович. – Лекин ҳар ким ўз ёшини яшаб, ўз ошини ошаб ўтсин. Бошқа бировнинг умридан, бахтидан, ризқу рўзидан тама уйғонган жойдан ёмонлик сарҳади бошланади. Икковлон бир дам ўз хаёлларига берилганча жим боришди. Авазбек катта ҳаёт йўлини босиб ўтган кекса зобитнинг мушоҳада пировардига тезроқ етиш ниятида уни яна мулоҳазага чорлади:
– Маҳмуд Имонович, маълумки, яхши одам ёки ёмон одам деганлари нисбий тушунчадир. Лекин яхшилик ва ёмонлик омилларини нимада, деб ҳисоблайсиз?
Мўйсафид беш-ўн қадам яна ўйчан юриб борди-да, кейин йигитнинг тирсагидан тутганча аста сўз қотди:
– Яхши ва ёмон деган нарсалар иккита омилга боғлиқ, капитан. Бу омиллар сувайдо ва тарбиядан иборат. Сувайдо деганлари қорачиқ, юрак ўртасидаги қора нуқта… Бу нуқта оталик ва оналик уруғларининг бирикувидан ҳосил бўлади. Яхшилик ва ёмонлик аъмоллари ана шу туфайли қонга ўтиб, инсоннинг ҳатто ташқи қиёфасида ҳам акс этиб туради. Яъни, ботиндан зоҳирга кўчади. Асли кетар наслига, деганларида ана шу нуқтага ишора қилинади. Энди иккинчи омил– тарбия ҳам баъзан яхшини ёмонга, ёмонни эса яхшига айлантира олиши мумкин… Авазбек «чурқ» этмай бораверади. Маҳмуд Имонович ҳали-ҳануз ўша туриши. Бир вақтлар Тошкент олий ўқув юртларида Авазбекларга ҳуқуқдан маъруза ўқиган йиллари ҳам, ундан кейин Фарғонада, ички ишларда бирга ишлаган пайтларда ҳам худди шундай – у ўз ўғлидек суйиб қолган шогирди Авазбек Ҳожиболаев билан жиддийроқ мавзуда сўзлашганда, ундан ўз вақтини аямасди. Масала моҳиятини чуқур мушоҳада элагидан ўтказиб бориб, ундан кейингина асосий мақсадга кўчадиган одати бор унинг.
Маҳмуд Имонович мана неча йилдирки, яна Тошкентда, миллий хавфсизлик идорасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлайди. Авазбек ҳар гал пойтахтга қайси юмуш билан келган бўлмасин, устоз-шогирд албатта юз кўришишади, ҳамсуҳбат бўлишади. Бироқ уларнинг бу сафарги учрашувлари мутлақо махфий бир масала билан боғлиқ бўлиб, Авазбек Фарғонадан шу иш бўйича бир неча кунга хизмат сафарига келган. Ҳозир уларнинг қўмитада тор доирада ўтказилиши кутилаётган йиғилишдан олдин бир дам тоза ҳавода айланиш учун ташқарига чиққан пайтлари эди.
– Хабаринг бордир, «сенинг Истаминг» билан кўп йиллардан буён танишмиз. Мен бу иблиснинг кирдикорларидан анча хабардорман. Ўшанда беш йил ўтириб қайтганидан сўнг ногоҳ кўчада учрашиб қолдик. «Турмада мана, кўп нарсани ўрганиб чиқдим, сиздан бир умр миннатдорман»,–деди у. «Энди буёғига эсингни йиғ, яна қўлимизга тушгудек бўлсанг, ўша турмадан бошқа қайтиб чиқмайсан», дедим. Ўшанда у: «Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади», деган алам билан. Шундай қилиб, Истам эсини йиғиб ололмади. Лекин «ҳассасини бошқа йўқотиб қўймаслик учун» жудаям эҳтиёткорлик билан иш юритиб яшай бошлади. Яна наркобизнесга, валюта бозорига, турли хил қинғир ва ҳаром ишларга киришиб кетди. Қанчадан-қанча одамларни қон қақшатди, бахтсиз қилди, уларнинг умрига, ризқ-рўзига зомин бўлди. Ана шу йўл билан у битмастуганмас ҳаром бойлик орттирди. Бу бойликни асраш ва кўпайтириш мақсадида ўз атрофига жиноятчи унсурларни йиғди. Биз бу аҳволни сезиб, кўриб турдик. Лекин қўлга тушмаган ўғри эмас, деган ҳикмат бор. Истам ўзи билан ҳамтовоқ, қонун қозонида бўлмиш айрим мафиозлар кўмагида қулочни янаям кенг очиб суза бошлади. Мана энди, кўриб турганимиздек, у оддий жиноятчидан қотилга, қотилликдан ўз халқига, ватанига қарши хоин даражасига кўтарилди. Менимча, паймонаси тўлди, деганлари шу бўлса керак.
Истамга доир бу мулоҳазалар Авазбек учун янгилик эмасди, албатта. Бироқ гапнинг «оддий жиноятчидан қотилга» деган жойи капитанни сергак торттирди. «Наҳотки биз хабар топмаган қотиллик жинояти ҳам бўлса?» – кўнглидан ўтказди у. Шу боис, сезиларли саросимада суҳбатдошига гап қотди:
– Қотиллигидан хабаримиз йўқ экан.
Маҳмуд Имонович унга жавобан индамади. Қўл соатига қараб қўйди-да, йигитни энди орқага бошлади.
– Мана шундай. Ҳеч ким ўламан, демайди. Яхши ҳам, ёмон ҳам. Фақат, яхши инсонлар кўпроқ яратиб қолайин, яшнатиб қолайин, деб жон куйдирадилар. Ёмонлар-чи? Кўпроқ йиғиб қолайин, кўпроқ кўриб қолайин, деган жазавада ўзларини дуч келган жойга урадилар. Албатта, ёмонларнинг барчаси ҳам Истамдек тубанликка бормас…
Улар яна бир неча одим тин олиб боришди. Авазбек аллақайси андишалардан сўнг, бироз тортиниброқ сўради:
– Маҳмуд Имонович, Тошкентда яшаётган Тахмина исмли аёл ҳақида эшитгандирсиз?..
– Гапир…
– У асли биз томонлардан келиб қолган. Истам бир вақтлар унинг ҳам бахтига тажовуз қилган экан. Тахминани севадиган Акмал деган йигит унинг учун Истамдан ўч олиб, қамалиб чиққан. Кейин Акмал шу ёққа…
– Биламан, биламан, – қўл силтади Маҳмуд Имонович, – ҳаммасидан хабарим бор. Сен яхшиси, мақсадга кўч.
Капитан бир дам фикрини йиғиб олиб, сўз қотди:
– Тахмина билан ҳам учрашсамми, дейман.
– Мақсад?
– Истам ҳақида қўшимча маълумотлар олиш учун.
– Йўқ. Бу аёлни бошқа безовта қилмаймиз. Эндигина рўшноликка чиққан бир бахтиқаронинг дардларини янгилаш инсофдан эмас. Бу–бир. Иккинчидан, Истам ҳақида маълумотларимиз етарли. Қўшимчаси билан шуғулланаётганлар ҳам йўқ эмас. Учинчидан…– Маҳмуд Имонович бир дам жимиб олиб, қўшимча қилди:–Сен ҳали Истамни қотиллигидан хабаримиз йўқ экан, дегандай бўлдинг. Бироқ сендан яширмайман, Акмал фожиасида унинг қўли бор, деган гумондамиз.
– Бу фожиа билан боғлиқ воқеалардан яхши хабардорман. Фақат бир нарсадан ҳайрон эдим. Нима учун Тошкент шошма-шошарлик қилиб, Акмалнинг ўлимида гўё жиноят излари йўқ, дея делони ёпиб қўйди?
Маҳмуд Имонович унинг саволларини жавобсиз қолдирди. Қўл соатига қараб қўйди, «Қани ичкарига» деган ишорани қилди. Зинапоядан ёнма-ён кўтарилишар экан, шундагина Авазбекка жавоб қайтаргандай бўлди:
– Тошкент сабр-тоқатли. Шунинг учун ҳам унинг арқони узун… Буни тушунмаслик сен учун айб, капитан.
Кенгашда ҳаммаси бўлиб саккиз киши иштирок этди. Республика прокуратурасидан Альберт Строганов, Ички ишлар вазирлигидан Самадов ва Қурбонов деган кишилар-у, Фарғонадан милиция капитани Авазбек Ҳожиболаев. Қолганлари мазкур даргоҳнинг масъул ходимлари. Кенгашни Маҳмуд Имонович бошқарди. У ҳозир бўлганларни бирбирига таништириб, кейин капитан Ҳожиболаев келтирган пакетдаги махфий маълумотлар хусусида тўхталди. Истам мафиоз бошлиқ уюшган жиноятчилик гуруҳи кейинги пайтлар ўз фаолиятини янаям кучайтирганлиги, улар айниқса, Фарғона водийси ҳудудларида кенг кўламда наркобизнес операцияларини амалга ошираётганликларини маълум қилди. Эндиликда эса, мустақил Ўзбекистоннинг хорижий ғанимлари ҳамда ички риёкорлар билан тил бириктириб, мамлакатимизга четдан қурол-яроғ киритилишига уринаётганлигини айтди. – Истам шу кунларда Тошкентда эди. Тўрт кунлик виза билан кеча хорижга чиқиб кетди. Унинг шаҳримизга ташрифидан асосий мақсади иккита, – деди Маҳмуд Имонович хонанинг бир четида йиғилиш баённомасини ёзиб ўтирган ёрдамчи йигитларга ниманидир ишора қилиб. – Бунисини ҳозир ўзларингиз англаб оласизлар…
Йигитлардан бири стол устида турган магнитофон тугмасини босди. Унда Истам билан Кинг-Конг ўртасидаги кеча эрталаб «Олтин соққа»да бўлиб ўтган махсус суҳбат жонланди.
– Порошок бор, эллик пачка, аввалги упаковкадан. Сифат кафолати юз фоиз. Гарчи вазиятлар оғирлашиб, сарф-харажатлар анча ошиб кетганига қарамай, мен сизга ўша, аввалги нархда бераман.
– Маъқул, оламиз. Фақат бизга, у ёқ-бу ёғимизни йиғиштириб олгунимизча, беш-ўн кун вақт керак бўлади.
– Узоқ кутолмаймиз. Мен бугун хорижга чиқиб кетяпман. Учтўрт кунда қайтаман. Ўшангача муомалага тайёр бўлиб турсангиз мол сизники.
Маҳмуд Имонович ишора билан магнитофонни тўхтаттирди. Суҳбатлашаётган икки кишининг биринчиси Истам, иккинчиси Тошкентдаги «Олтин соққа» фирмаси бошлиғи, ҳозирда «Кинг-Конг» лақабли Бойтўра Жонтўраев эканлигини маълум қилди. Шундан сўнг яна суҳбатни бошидан эшитишди. Охирроғига бориб Маҳмуд Имонович қуйидаги гапларга эътиборни жалб этди:
– Гап бундай, Тошкентга келтирилиши лозим бўлган бир юк бор. Биз бу юкни сотиб олмаймиз ҳам, сотмаймиз ҳам. Вазифамиз уни қабул қилиб олиб, маълум муддатга сақлаб бериш ва талаб қилинганда ўз эгаларига қайтаришдан иборат, холос. Шунинг ўзигагина оғзимизга сиққан миқдорда хизмат ҳаққи оламиз. Гап жуда катта маблағ устида кетяпти. Албатта, бундай хизматга шай одамлар Тошкентда йўқ эмас. Бироқ ҳаммага ҳам ишониб бўлавермайди. Сиз… синалган дўстимизсиз. Сиздаги тажриба ва имкониятлар биз учун айни муддаодир.
– Бу юк нималигини билсам бўладими?
– Албатта. Лекин олдиндан айтиб қўяй. Мабодо бу масалада келиша олмасак, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолаверади.
– Хотиржам бўлинг.
– Гап қурол-яроғ устида боряпти…
– Афсус. Бу таклифингизни қабул қила олмайман, Истамбек жаноблари.
– Иҳм… Шундоқ денг? Хўш, нима учунлигини билсак бўладими? – Нима десамикин. Мен… ким бўлишимдан қатъи назар, ўзбекман… Истам билан Кинг-Конг ўртасидаги суҳбатни охиригача тинглашди. Кенгаш иштирокчилари бу махфий учрашув матнини магнит тасмага олиб берган одамга ичларида тан бериб қўйишди. Лекин бу ҳақда оғиз очишга ўрин йўқ эди.
– Ҳа, шу жойи, айниқса, характерли, – деди таклиф қилинганлардан бири. – Ҳатто Кинг-Конг, жиноят оламининг йирик бир вакили бўла туриб, ўз миллати ва ватанига хоинликдан бош тортяпти.