Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 26

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 26 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Самандар ҳам, Давлатберди ҳам Тахминанинг руҳиятидаги бу кескин ўзгаришдан маълум даражада ажабланишди, албатта. Бироқ нима сабабдан бўлса-да, ўртадаги совуқлик кўтарилганига ишонишди ва ниятлари амалга ошишига ичларида умид уйғонди.

Тахминанинг «мен кетдим»идан сўнг Самандар: «Жавоб бераверайми?», деган маънода Давлатбердига қараб қўйди. Меҳмон розилик маъносида оҳиста бош ирғади, эшик олдида ҳамон қаққайиб турган йигитларига буюрди:

– Уйига олиб бориб қўйинглар!

Тахмина бир дам тўхтаб, Самандардан барибир яна икки оғиз нордон сўзини дариғ тутмади:

– Ташқарида мени бир эмас, иккита машина кутиб турипти, Худога шукр қил, кўнглим юмшоқлик қилди. Бўлмаса, яна беш дақиқадан сўнг энангни Учқўрғондан кўрган бўлардинг!

IX

Эртасига Ҳаёт одатдагидан анча барвақтроқ кириб келди Тахминаникига. Эшикни Дуся кампир очди. Кейинги пайтлар у кечқурунлари уй бекаси чақирса шу ерга чиқиб ётар, кундузлари эса уй йиғиштириш, ёнгинадаги бозорчадан ул-бул харид қилиш, ўзлари учун жиндаккина бўлса-да, таом тайёрлаш ва бошқа шунга ўхшаш майда-чуйда юмушлар ҳам унинг зиммасида эди.

Кампир Ҳаётни ичкарига бошлади.

– Мазаси йўқроқ, туни билан ухлолмади чоғи,– тўнғиллади у.–Мана ҳозир ҳам ўй-санода ўтирипти. Қачондан бери битта қуймоқни еб тугатолмайди, совуб-ла кетди.

Ҳаётни кўриб, Тахминанинг юзи бироз ёришгандек бўлди.

– Кел, ҳозиргина хаёлимдан ўтиб турувдинг, – ёнидан жой кўрсатди у. – Меҳмонларни кузатиб, яхши дам олдингми?

– Сен мени қўя тур, ўзинг қалайсан? Ранг-рўйингдан яхши ухламаган кўринасан…

Тахмина индамади. Хаёлини банд этиб турган ўйларнинг бу йигитга алоқаси йўқ. Бир умр хўрликка, ёлғизликка маҳкум этилган бадбахт ожизанинг изтироблари ўз йўлида. Инсонга ҳамдард бўлиш, сўз билан таскин бериш, овутиш бошқа-ю, бироқ унинг тақдирини бошқа ўзанга буриб юбориш бошқа. Бу нарса фақат Оллоҳнинг қўлидан келади, холос. Худо хуш кўрмагач, ҳеч нарса ўзгармас экан, ўзи ҳукм этган аччиқ қисмат исканжасида қийналиб яшайвераркан…

Ҳаёт Тахминадаги бугунги ўзгариш боисини, уни руҳан эзиб турган изтироб нелигини суриштиришни эп кўрмади. Унинг қалбига эҳтиёткорлик билан қўл солиб кўрмоқчи бўлди:

– Тахмина, мен бугун туш кўрдим…

– Туш? Қанақа туш экан?

Ҳаёт ўрис кампир келтириб қўйган қаҳвани қошиқча билан бир дам жимгина аралаштириб ўтирди-да, кейин жонланиб гап бошлади:–Бир боғ эмиш. Жудаям катта боғ. Мевалари ғарқ пишган, рангоранг гуллар очилиб ётипти. Булбуллар сайраяпти, овози ҳозирам қулоғимнинг тагида жаранглаб турипти. Каттакон анҳор эмиш, ўртадан сой ўтаётганмиш. Ана шу анҳор тўла сув, ичида сен турибсан, кеча бизникига кийиб борган кўйлагингда. Мен нафасим бўғзимга тиқилиб: «Тахмина-а, сувдан тезроқ чиқ, оқиб кетасан!» – деб, сен томонга қўлларимни чўзиб дод соляпман. Сув эса лойқа пўртана бўлиб, тобора кўпайиб бораётганмиш. Сен менга қараб: «Чиқолмайман. Оёғимга нимадир ўралашиб турипти», деб қичқирасан.

Мен ўзимни сувга отаман. Сув тагида ҳеч нимани кўрмайман, қўлларимга нуқул балчиқ илашади. Шунда ойимларнинг овози келяпти: «Тепага қараб суз, болам. Сувнинг бошини боғла!» – дедилар. Бир вақт сув пастга қараб тушаётган тепаликда пайдо бўлиб қолдим. Рўпарамда Ўктамбек турганмиш, ёнида бизнинг оқ «Нексия». Ўктамбек менга қараб, «Шошилинг, машинани калити сизда экан. Тезроқ ҳайданг, рулини ўнг томонга бурворсанг, лойқа сув тўхтайди!»– деяптилар. Жон алфозда машинани юргизиб, рулини ўнг томонга бурвордим.

Бир пайт, дегин, энди учаламиз ўша боғда ўтирибмиз. Анҳорда зилолдек сув оқяпти. Кийимларимиз қуп-қуруқ, тоза эмиш. Сен қиқир-қиқир куласан, Ўктамбек нималарнидир гапиряптилар. Мен эса шундоқ ёнгинангда сен учун гул теряпман…

– Хайрият,–деди Тахмина тушнинг охири яхши чиққанлиги учунми ёки узун тушнинг ниҳоят хотима топганлигиданми, ҳарҳолда енгил тортиб.– Худди индийский киноларга ўхшаган туш кўрибсан…

Ҳаёт унинг бу гапига кулгидан портлаб кетарди-ю, лекин ўзини базўр тутиб қолди. Жўрттага қовоғини уюб, ундан ранжиган бўлди: – Мен сени одам деб, юрагимни ёзсам-у, сен бўлсанг бепарво, хаёлинг аллақаёқларда…

– Вой, хайрият, дедим-ку ахир. Яна нима дей санга,–Тахмина ҳам унга энди аразнамо истиғно қилди.–Тушинг яхши экан. Худо мени ранжимасин, деб ичига Ўктамбекниям қўшиб қўйипти…

Ҳаёт бошқа чидолмади, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Уни кўриб Тахмина ҳам ханда отди. Буларнинг кулгисидан қувониб, ошхона томондан Дуся кампир ҳам илжайиб, кўриниш бериб қўйди.

– Ўлай агар, ўзинг бошқачасан, ошна,–деди Тахмина кулгидан ёшланган кўзларини артаркан. – Сен ёнимда бўлсанг, қуриб кетгур ғурбатлар орқа-олдига қарамай қочади!

– Чунки мен Ҳаётман-да, ахир…

– Ҳаёт бўлсанг, қани, биронта оҳори тўкилмаганидан айтиб бер.

– Бўпти, бўпти. Бугун эрталаб рўмолчамга тугиб чиққаним бор, эшит,–деди йигит кўзлари яшнаб.–Икки севишган тушлик қилиш учун ресторанга киришибди. Улар буюртма беришни ҳам унутиб, бирбирларининг кўзларига тикилиб ўтиришипти. Ниҳоят, йигит қизга депти: – Гўзалим, шоколадим, қанчалар ширинсан! Қани энди сени ҳозироқ еб қўйсам!

Унга жавобан қиз ҳам айтипти:

– Мен ҳам ҳозир сизни еб қўйгим келяпти.

Шу пайт стол ёнида ҳалидан бери тик турган официант ёлғондан бир-икки йўталиб, уларга дермиш:

– Ҳов, ёшлар, ҳеч бўлмаса чанқоқ босдига бирон нима ичсаларингиз-чи?..

Тахмина завқланиб кулди. Ҳаётдан латифани жуфтлаб қўйишни илтимос қилмоқчи бўлувди ҳамки, ногоҳ стол чеккасида турган чўнтак телефони жиринглаб қолди. Кинг-Конг экан. Икковлари қуюқ кўришишди. «Тинчликми?» деб бир сўраб қўймоқчи бўлган экан нариги томон.

– Раҳмат. Ҳаммаси жойида. Бир бетамиз қалтис ҳазил қилиб қўйиб, оз-моз бесаранжом бўлдик. Лекин тавбасига таянтириб қўйдик. Йигитларингиз учун сизга катта раҳмат.

– Арзимайди, хоним. Улар бундан кейин ҳам сизнинг хизматингизга шайдирлар. Фақат, пул бериб ўргатманг. Бу гал майли, кечирдим уларни.

Тахмина шу маҳал ундан Акмал масаласини ҳам сўраб қўймоқчи бўлувдики, унинг ўзи бу ҳақда оғиз очди:

– У ишимиз ҳам шу кунларда ҳал бўладиганга ўхшаб қолди…

Тахмина унга қайта миннатдорчилик билдириб, гўшакни жойига қўйди-да, Ҳаётга юзланди:

– Сен ажабланма, ошна. Кеча кечқурун бироз нотинчлик рўй берди, бу ҳақда кейинроқ сўзлаб бераман.

Ҳаёт уни маълум даражада тушунди. Демак, уникидан қайтгач, Тахмина Дуся кампирни чақиришга улгурмай, бу хонадонда нимадир рўй берган. Тахминани, эҳтимол, зўрлик билан кимнингдир, ҳозир айтилган «бетамиз»нинг ҳузурига олиб бормоқчи бўлишган. Шунда Тахмина бирон-бир йўл билан Кинг-Конгга телефон қилиб, унинг йигитларини ишга солганга ўхшайди.

– Кейинроқ сўзлаб бермасанг ҳам, ҳаммасини тушунгандай бўлиб турибман, – деди у ўзи учун хижолат бўлиб. – Менга фақат… ўша аблаҳнинг кимлигини айтсанг бас.

Тахмина бу ҳақда бошқа индамади. Ичкари хонага ўтиб, кийиниб чиққунча Ҳаёт телевизор томоша қилиб ўтирди.

– Қани, кетдик, – деди йигитга ва қўл соатига қараб олиб, илова қилди, – бизни бир жойда кутишяпти…

* * *

Самандарникидан қайтгач, Тахмина анчагача ўзига келолмади. Дуся кампир билан гаплашишга хоҳиши бўлмади. Ўз хонасида бетини болишга бостириб ётаверди. Аёллиги, ёлғизлиги, кимсасизлиги ва суянадиган суянчиғи йўқлиги, авлоддан фақат бир ўзи эканлиги ва бу авлод энди у билан барҳам топажаклиги, аросатда қолган муҳаббати – ана шулар кўз ўнгидан ўтиб, изтироб тўлғоғида озмунча кўз ёш тўкмади.

Бир вақт телефон жиринглаб қолди. Қайта-қайта жиринглади. Ноилож гўшакни кўтарса, Ўктамбек.

– Тахмина, нега жавоб бермаяпсиз? – бироз ташвишли оҳангда сўради у.

– Тинчликми? Қаердасиз?

– Идорадаман. Бугун ишимиз чўзилиб кетди. Уйга кетаётиб, бир сўраб қўймоқчи бўлувдим…

– Раҳмат. Яхши бориб, яхши ётинг, бек.

– Тўхтанг,–энди чиндан ҳам прокурорга хос салобатли, жиддий товушда деди Ўктамбек.–Овозингиз хастароқ туюляпти, нима гап ўзи?

Тахмина бошқа индамади, индолмади. Гўшакни ўз жойига бемажол, базўр қўйди-да, томоғига тиқилган аччиқ аламдан кўзлари қумга тўлди. Яна шашқатор ёш оқиб келаверди…

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Ўктамбекнинг ўзи пайдо бўлди. Тахминани ётган жойидан турғизиб, ундан ҳол-аҳвол сўради. Маҳбубасининг намиққан кўзларидан, ўйчан ва бемажол ҳолатидан хавотирланиб, нима гап ўтганлигини суриштирди.

Тахмина унга бўлиб ўтган воқеани айтиб бериб, юки анча енгил тортди. Ўктамбек Самандарни ҳам, Давлатбердини ҳам яхши танийди, улар билан ўзингизча иш тутмай, тўғри қилибсиз, буёғини бизга қўйиб берасиз, деди.

– Ўша, Давлатберди деганларида гап бор, – деди Тахмина.– Шунча ишлардан сўнг тап тортмай яна Тошканга қайтганлиги, Самандарникида ниманидир кутиб ётганлиги ҳам бежиз эмас, зарур жойларни бундан хабардор қилиб қўйилса, ёмон бўлмас. Шояд, Сожида тезроқ ёруғликка чиқиб кетса.

– Фикрингиз тўғри. Бу ишни мен ўз зиммамга оламан. – Ўктамбек шундай дея, Тахминанинг бошини кўксига босди, сочларини майинмайин силаб-сийпалади. – Менинг асалгинам, бахтим, қувончим… – Қўйинг, ундай деманг, – унинг оғушидан бўшалмоқчи бўлди Тахмина. – Ширин сўзларга ўрганиб, одамнинг териси юпқалашиб қоларкан. Кейин менга ўхшаб, жиндеккина изғиринга ҳам йиғлайвериб, бошқаларни хуноб қилиб юбораркан.

– Сиз учун жоним фидо, Тахминам, – Ўктамбек энди унинг юзини ўзига қаратди. – Сизнинг кўз ёшларингиз, изтиробларингиз учун гуноҳкор менман. Мендаги журъатсизлик учун, севгимиз қадру қимматини ўрнига қўёлмаётганим учун мени кечиринг.

Тахмина «Бу сўзларни қўйинг» деган маънода унинг лабларига бармоқларини босди. Кейин йигитнинг кўксига бош қўйганча: «Бир гап эшитдим…» – деди хўрсиниб.

– Қандай гап экан? – ютиниб сўради Ўктамбек.

– Сизни Заррина деган қизга унаштирмоқчи эмишлар…

Ҳали иккала томонда ҳам даргумон бўлган бир оғиз гап аллақачон Тахминага етиб келганидан Ўктамбек лол қолди. Бироқ бу таънадан у хижолат чекмади.

– Тўғри, шундай гап бўлган. Лекин шунга боғлиқ яна бошқа гап ҳам бор…

– Қандай гап экан? – Тахмина тобора ўзини маҳкамроқ оғушига тортаётган Ўктамбекдан беозоргина бўшалиб сўради.

– Худди шу бугун Зарина бону ва унинг йигити менга қўнғироқ қилишиб, бир ишим учун миннатдорчилик билдиришди.

– Тушунмаяпман.

– Қулоқ солинг…

…Амин билан Дамин деган ака-укалар бўларди Тошкентнинг бир маҳалласида. Уйлари девор-дармиён. Акаси Амин савдо дўконида ишлаб, ўзига тўқроқ яшарди. Укаси Дамин эса болаликдан хастароқ ўсиб, жиддий ишга ярамас, аллақайси кутубхонада кун ўтказиб, рўзғорини базўр тебратарди.

Рўзғори ҳам кичкина бўлган аканинг заҳар-заққум ва чиллашир хотини-ю, бир бало қилиб худодан тилаб олишган Отика исмли яккаю ягона, арзанда ва тантиқ қизлари бор эди.

Уканинг эса гавдаси ўзига уч баравар келадиган, ебтўймас полвон хотини-ю, Элчин деган ўғиллари ва Садаф исмли қизлари бор эди. Фалакнинг гардишини қарангки, болалар ҳали оқ-қорани танимай туриб ука ҳам, унинг хотиниям икки йил деганда бирин-кетин ўлиб бердилар. Уларнинг уйи ва хўжалиги ҳам, болаларнинг тақдири ҳам Аминнинг қўлида қолди.

Буёғи шундай бўлдики, етим болалар зиқна ва қаттиққўл амакию, илоннинг ёғини ялаб, қумнинг ҳисобини олган чиллашир аёлнинг қўлида бир амаллаб катта бўлишиб олди. Садафни қонундан пинҳона ўн беш ёшидаёқ тоғлик бир чўпонга пуллаб юборишди. Элчин эса ўнинчи синфни тамомлаб, амакисининг қаттиқ қаршилигига ҳам қарамай, ўз кучи билан институтга ўқишга кириб олди. У ўқишниям битирди, қадди-қомати келишган, кўрган одам ҳавас қиладиган йигит бўлиб, давлат берган квартирада танҳо яшарди. Лекин амакиси ва унинг оиласидан тез-тез хабар олиб турар, топган-тутганини улар билан баҳам кўрарди.

Аминнинг арзанда қизи Отика еттинчи синфни бир амаллаб тугатиб, ўшандан бери ўқимас, уйда чўзилиб ётишдан бошқа нарсани билмас, ҳозир ёши йигирма бешларга яқинлашиб қолган бўлса-да, совчи деган нарсадан дарак йўқ эди.

Эр-хотиннинг бирдан-бир ниятлари Элчинни қўлдан чиқармаслик ва уни ичкуёв қилиб олишдан иборат бўлиб қолди. Бу ҳақда йигитга оғиз очишган эдики, у ётиғи билан: «Отика менга сингил бўлиб қолган. Мен унга уйлана олмайман», деб жавоб қилди. Лекин амаки ва унинг хотини шу билан тинчиб қолмадилар. Энди улар Элчинни Отикага уйланишига мажбурлай бошладилар: «Уйлансанг ҳам, уйланмасанг ҳам уйланасан»га ўтиб олишди. Элчин уларга, ниҳоят, ўз дардини ёриб: «Менинг ўз яхши кўрганим бор», деб кўрди. Бўлмади. Тазйиқ газаклашиб, жанжалга ва ундан каттароғига бориб қадалди.

Кунларнинг бирида, Элчин уларникига хабар олиш учун келганида, эр-хотин унинг гирибонидан тутишди.

– Биз санларни ўзимиз емай едириб, киймай кийинтириб катта қилдик, – деди Амин кўзларини шокосадай чиқариб.– Энди тузлуғимизга тупуряпсанми, кўрнамак?! Элчин у деб кўрди – бўлмади, бу деб кўрди – бўлмади. Охири пичоқ бориб суякка етди чоғи, бу даргоҳдан этагини қоқиб чиқиб кетмоққа шайланганда, чиллашир аёл: «Сани борингдан йўғинг яхши!» – дея унинг бошига ўқлоғи билан туширди. Юзига қон сизилиб тушаётган йигит шунда аламига чидолмай аёлни бир тепувдики, у ҳушидан кетиб йиқилди. Амаки ҳам қараб турмади. Уям ҳалиги ўқлоғини олиб, Элчиннинг рўпара келган жойига тушира кетди. Йигит қараса, ўлдириб қўйишадиган. Шунда амакини қўлидан ўқлоғини тортиб олиб, буям уни савалашга тушди.

Охир-оқибат эр-хотинни «Тез ёрдам»да реанимацияга олиб кетишди, йигитни эса қамаб қўйишди. Тез орада Элчин устидан тергов ишлари бошланиб кетди. Бир ҳафтадаёқ соғайиб чиқишган эр-хотин уни кечиришмади, ўз айбларини тан олишмади. Аксинча, Элчин: «Ё мени яхши кўрган қизимга уйлантирасан, ҳовлини бўшатасан ёки пул берасан», деб зўравонлик қилди, дея тушунтириш хати беришди. Йигитни беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этиш айбномаси қўйилди. Судда Ўктамбек прокуратура қораловчиси сифатида қатнашди. Бироқ олиб борилган тергов ишлари кўпроқ бир томонлама бўлиб қолгани ва аниқланаётган гуноҳлар учун жазо тўхтамлари тўғри белгиланган бўлса-да, аслида йигитнинг гуноҳсизлиги аниқ-равшан эди.

Ёш прокурор Ўктамбек мустақил иш тутди. У ҳақиқатни очиб бериш, Элчинни суд залидан озод қилдириб юборишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. «Дело»га қўшимча тергов маълумотлари ва юз берган воқеада жиноят илдизларини аниқлаш бўйича янги хулосалар киритилди. Хуллас, бу иш бўйича Жиноят кодексининг жазолов моддаларини «томдан тараша тушгандек» қилиб бўйнига илиб қўйиш эмас, балки бир гуноҳсиз инсоннинг тақдири қил устида турганда буни ҳис этиш, адолат мезонлари бузилишига йўл қўймаслик учун уринди. У прокуратура қораловчиси бўла туриб, аслида оқловчилик вазифасини бажарди. Охир-оқибатда, Элчинга «йўл қўйган бебошлиги учун» жарима белгиланиб, у суд залидан чиқариб юборилди. Жўжани куздан олдинроқ санаган амаки ва унинг хотини эса бармоқ тишлаб қолаверишди.

Ҳозиргина икковлари тилга олишган Зарина бону ана шу Элчин деган йигитнинг севгилиси эканлигини Ўктамбек бугун билувди.

– Албатта, сизнинг кимга уйланишингиз ҳожи отанинг ихтиёрларида,–деди Тахмина унга ҳам ўкинч, ҳам кесатиқ оҳангда. Шаҳодат бонунинг эрталабки қўнғироғи ёдига тушиб, атайин «ота-онангиз ихтиёрида», деёлмади. – Зарина бону бўлмаса, яна бошқаси…

– Қўйсангиз-чи, Тахмина. Ахир мен ёш бола эмасман-ку. Мана кўрасиз, яқин орада… Дарвоқе, бир янгиликдан хабарингиз йўқ.

– Қанақа янгилик? – сезиларли саросимада сўради Тахмина.

– Янаги ҳафтанинг бошида Америкага учиб кетяпман. Нью-Йоркка?!

– Қандай яхши. Нима қиласиз у ерда?

– «XXI аср: шахс эркинлигини мустаҳкамлаш муаммолари» мавзусида ёш ҳуқуқшуносларнинг Халқаро анжумани бўларкан. Ўшанга.

– Шахс эркинлиги… У нима дегани, бек?

– Бу… демократик, адолатли жамият қураётган Ўзбекистонимизнинг янги қиёфаси, деган гап. Биз янги асрда ўз қонунчилигимизни янаям такомиллаштирамиз. Инсон ҳуқуқлари, шахс эркинлиги поймол қилинмайдиган, қонунлар кишиларимизнинг эркин ҳаёт кечириб, эркин ижод қилишларини таъминлайдиган вақтлар яқин, Тахмина. – Тушунмаяпман. Қонун бор жойда одам эркин яшолмайди-ку? – Ундай эмас. Қонун бўлмаган жойда одам эркин яшолмайди. Қонунлар инсон эркини ва ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Ноҳақликларга йўл қўйдирмайди. Бугун сиз айтаётган Самандар, Давлатберди сингариларни ўз вақтида жиловлаб қўяди.

– Оилада-чи, бек? Қонунлар оилада ҳам шахс эркинлигини таъминлайдими?

– Албатта. Ўзаро ҳурмат, иззат-икром деган ўзбекона фазилатларимиз тобора пойдор бўлиб бораверади. Лекин мутелик, яъни эркин фикр юритиб, эркин хулоса чиқаришга тўсқинлик қилувчи одатларимиз барҳам топади.

– Қандай яхши. Лекин мен унгача қариб қолсам керак…

Ўктамбек ўзича жилмайиб қўйди. Тахминани қайта оғушига тортиб, уни эркалай бошларкан: «Унчаликка бормас, хоним. Лекин сиз қариганингизда ҳам қирчиллама қизлардек чиройли кампир бўласиз», деди. – Ҳозирдан ортиқча юк бўлиб турганимда, кампирлигим кимга керак бўларди, – жавоб қилди Тахмина хўрсиниш билан. – Боринг энди, бек. Вақт алламаҳал бўлиб қоляпти.

Ўктамбек шошмади. Эҳтирослар жиловсиз қолди…

Қайтар чоғи Дуся кампирни Ўктамбекнинг ўзи чақириб чиқди ва унга бир дунё гапларни уқтириб бўлиб, Тахминага юзланди:

– Эртага ҳордиқ куни. Уч-тўрт киши шаҳардан четга чиқмоқчимиз. Сиздан илтимос, ёнимда бўлсангиз…

– Йўқ, бугунгиси ўзи етарли бўлди.

– Ундай деманг. Кўнгил ғуборларини ёзиб қайтамиз. Ҳеч бўлмаганда, менинг Америкага сафарим арафасида кўнглимни чоғ этган бўлардингиз. Тахмина бир дам ўй суриб қолди.

– Албатта… биронтага сўз бериб қўймаган бўлсангиз, – ҳазиллашган бўлди Ўктамбек.

– Ҳамма гап шунда-да, бек, – Тахмина ҳам шунга яраша жавоб қилди.– Ҳа, майли, буниси кутиб турар. Олдин Америкага кетаётганини хурсанд қилиб қўяй-чи. Шояд у ердан ҳали ҳеч кимга насиб этмаган совғалар келса…

– Буниси турган гап. Демак, келишдик. Эрталаб олиб кетаман.

– Йўқ, айтган жойингизга ўзим бораман. Ҳаёт билан.

– Бўпти. Соат роппа-роса тўққизда «Тошкент» меҳмонхонаси ёнида кутамиз.

Тахмина уни кузатиб қолди. Бироқ Ўктамбек билан ўтказилган бир-икки соатлик таскинбахш ва ширин дамлар ҳаловати узоққа чўзилмади. Умрида кўрмаган ва эшитмаган Муллахон деган одам телефон қилиб, ўзини Тошкентнинг энг давлатманд одамларидан эканлиги, марҳум Мумтоздан уч-тўрт ёш кичиклигини айтиб, агар Тахмина рози бўлса унга уйланиши ёки бўлмаса «любовница» қилиб олиши мумкинлигини таклиф қилди. Бундан Тахминанинг миясига қон қуйилишига сал қолди. Телефон аппаратини кўтариб ерга урди, симларини юлиб-юлиб ташлади. Туни бўйи яна хўрлиги тутиб, йиғлаб чиқди. Ҳозир энди Ҳаёт кириб келиб, кўнгли қайта равшан тортди. Ҳаётга: «Қани кетдик. Бизни бир жойда кутишяпти», дегани ҳам Ўктамбекнинг кечаги таклифи билан боғлиқ эди.

* * *

Тахмина учун яна кутилмаган воқеа рўй берди. Бу ерда у Авазбекни учратиб қолишини олдиндан билганида, Ўктамбекнинг таклифига асло кўнмаган бўларди.

Улар аллақачон тўпланишган, Ўктамбек шерикларини таништириб қўйишга жазм этган «яна бир азиз меҳмон», яъни Тахминани кутиб туришган экан.

«Нексия» улар яқинига келиб тўхташи биланоқ, Ўктамбек чаққонлик билан бориб олд эшигини очди. Ундан товусдек товланиб, малоҳатли ёш хоним тушди.

– Танишинглар, дўстларим. Биз кутаётган Тахмина бону…–Ўктамбекнинг юз-кўзлари ловуллаб кетди.

Тахмина йиғилганлар билан бирма-бир саломлаша бошлади. Ногоҳ, қаршисида турган таниш қиёфага беихтиёр тикилиб қолди.

– Сиз… адашмасам фарғоналик Аваз… акасиз, – Тахминанинг очиқ чеҳрасига бироз жиддийлик югурди.– Милицияда ишлайсиз. – Ҳа, адашмадингиз, бону, – мулойимлик билан жавоб қайтарди спорт костюмидаги ихчам жуссали Авазбек.– Лекин мен сизни эслолмадим…

Авазбек аслида Тахминани машинадан тушаётган пайтидаёқ кўриб таниган, лекин ҳозир қайси бир андишага бориб, жўрттага шундай деди.

Орага Ўктамбек қўшилди:

– Аваз ака қариндошим бўладилар. Тошкентга йўллари тушиб қолган экан. Бугун, мана, азиз меҳмонимиз бўлиб туриптилар.

– Хуш кўрдик, беҳад хурсандман, – деди Тахмина хотиржам оҳангда.

Жамоа етти кишидан иборат бўлди: Ўктамбек меҳмони билан, яна бир тенгқур дўсти рафиқаси билан, Тахмина ва икки ҳайдовчи.

– Етти киши жамоа бўлса, улардан бири Хизр, деган гап бор, – рафиқаси билан бирга келган Аҳаджон исмли йигит хушчақчақ экан, ўзини барча билан эски қадрдондек тутиб, руҳиятини кўтариб юборди.–Демак, бугунги сафаримиз хосиятли бўлади.

– Қани энди Хизр кимлигини билиб олсак, – унга илова қилди хотини Дилшода. – Мен ундан нималар сўрашимни билардим!

– Айтинг-чи, Дилшода, Хизр бувадан нималар сўраган бўлардингиз? – қизиқиб қолди Ўктамбек.

Кўзлари кулиб турган, очиқ чеҳрали Дилшода энди Тахминага мулойимгина боқиб: «Олдин сиз айтсангиз-чи?» – деди. Тахмина ийманиб ўтирмади, жўрттага қошларини чимириб, пешонасига бармоқ қўйганча бир зум ўйланиб қолган бўлди-да, кейин чиройли жилмайиб деди:

– Мен учун йил ўн икки ой баҳор бўлишини истардим!

– Мен эса, тилло балиқ қўлимга тушиб қолишини сўрардим, – унга илова қилди Дилшода.

– Илоҳо айтганингиз келсин, хоним, – хотинига жавобан деди Аҳаджон. – Фақат, мен ҳалиги, Пушкиндаги балиқчи аҳволига тушиб қолмасам бўлгани.

Енгил кулишиб олдилар.

– Қани, сафарга отландик. Ҳавотоғдаги «Малҳам» санаторийсига борамиз. Кўксув бўйида ажойиб коттежлари ҳам бор.

Машиналарга жойлашишди. Тахминанинг таклифи билан Авазбек Ҳаётнинг ёнига, ўзи эса Ўктамбек билан орқа ўриндиққа ўтиришди. Йўлда ора-чура гап-сўз, ҳазил-мутойибалар бўлганини ҳисобга олмаганда, Авазбекнинг ҳам, Тахминанинг ҳам шу тобда хаёлидан кўпроқ кечаётган нарса Фарғона хотиралари эди…

Тахминанинг Фарғонада Сурайё билан кечирган охирги йили улар бир-бирлари билан таниш эдилар. Авазбек шаҳар ички ишлар бўлимида наркомания ва фаҳшга қарши кураш бўйича инспектор, Тахмина эса… Кунларнинг бирида беш-олти нафар енгилоёқ қизларни бўлимга олиб келишади. У пайтлар ҳали лейтенант Авазбек қизлардан ҳар бири билан савол-жавоб, суҳбат ўтказиб, уларни инсофга ва тўғри турмуш тарзига қайтариш йўлини қидириши лозим эди.

Қизлар ичида фақат Тахминагина лойқа босган тилладек ажралиб турарди. У ўз тақдири ва қилмишлари учун хижолат чекиб ўтирганини ва боз устига, гап-сўзлари анча мантиқли, муомаласиям бирмунча босиқлигини кўрган Авазбек унинг фаҳш йўлига адашиб ёхуд кимлардир сабаб бўлиб кириб қолганини сезди. Шу боис ҳам, бир қатор тадбирларни белгилаб олди. Уни қўшмачи Сурайёдан ажратиш, бирон жойга ишга жойлаштириш, кечки мактабга ўқишга киритиб қўйиш пайидан бўлди. Бироқ бу ишларга лейтенант улгуролмади – Сурайё Тахминани тез орада Тошкентга олиб кетиб қолди.

Авазбек шу-шу Тахминани бошқа учратолмади ҳам, у ҳақда ҳеч нима эшитмади ҳам. Фақат мафиоз Истам билан боғлиқ жиноий ишлар қўзғалганда Тахминанинг ҳам исми «лип» этиб ўтгандек бўлди. Шу боис, у Тошкентда Тахминани топиб, у билан шу хусусда гаплашиб кўрмоқчи эди. Лекин устози Маҳмуд Имонович бу ишни унга маслаҳат бермади. Мана бугун энди, қариндоши ва қадрдон укахони Ўктамбек туфайли уни учратиб турибди.

Авазбекни ҳозир бироз ҳаяжонга солган ва ўйлантириб турган нарса – қизнинг ўша Тахмина бўлиб чиққанлиги эди.

Дадаси билан амакивачча бўлмиш Иброҳим ҳожини ва Шаҳодат аяни бирров зиёрат қилиб чиқиш учун кеча уйларига ўтганда, ҳожи унга аста арз қилган бўлди:

– Ўктамбегинг ҳамон эсини йиғиб олганича йўқ. Бир мўътабар оиланинг арзанда қизини келинликка мўлжаллаб қўйсак, бу гумроҳ бировдан қолган беванинг этагини бўшатмаяпти. Қандай кунларга қолдик…

– Кўнглингизга олманг, ҳожи дада. Шояд ҳаммаси сиз истаганча бўлиб кетса, – деб қўя қолди Авазбек. Лекин «мен унга насиҳат қилиб қўярман» дея, ҳожини умидвор қилолмади. Ўктамбек ақли солим йигит, ўша бевага кўнгил қўйган бўлса қўйгандир, ахир ҳар ким ҳам ўз суйган ошини ичади-ку…

Фақат бир нарса – у ҳам бўлса, Ўктамбек Тахминанинг ўтмишидан хабардормикин? Хабардор бўлса-ю, билиб туриб уни севиб қолган бўлса, ўз йўлига. Аммо бундан бехабар ҳолда унинг куйида оҳ-воҳ уриб, фақат шу жувонга уйланишни ният қилиб юрган бўлса-чи? Мақсадига етиб, кейинроқ қулоғига бир гап чалинганда, бахтиқаро Тахминадан воз кечиб, уни энди ҳалокат қаърига улоқтирмайдими? Авазбек Тахминани тушунади, унга ачинади, у ўз йўлини, бахтини топиб кетишига тилакдош. Шу боис ҳам ҳали у билан кўришганда: «Мен сизни эслолмадим», деди. Ўктамбек эса, Тахмина билан Авазбекни бир-бирлари билан таниш ёхуд нотанишлигига мутлақо эътибор бермади. Демак, Авазбек бу ҳақда ҳеч нима деёлмайди. Фақат: «Кимга уйланишингдан қатъи назар, чуқурроқ мушоҳада юрит. Бу – умр савдоси», дейиши мумкин, холос.

Тахмина эса ҳозир Авазбек туфайли ўз ўтмиши Ўктамбекка маълум бўлиб қолишидан ҳечам чўчиётгани йўқ. Аксинча, у ҳамма нарсадан воқиф бўлсин, шунга кўра иш тутсин. У Ўктамбекни жон-дилидан севади. Ўктамбек унинг муҳаббати, кўз қароғи, бу дунёдаги яккаю ягона суянчиғи, орзу-умидидир. У Тахминага уйланмаган тақдирда ҳам, унинг руҳи ҳамда нафасидан озиқ олиб, унинг муҳаббати билан яшаб ўтади!

Тахминани ҳозир хижолатга солётган ягона ўй, фақат унинг кимлигини беш қўлдек билган Авазбек қариндоши ва укахони Ўктамбекни: «Тахмина лақиллатиб, унинг бахтига зомин бўляпти-ку?» – деган фикрга келишиям мумкинлиги эди. Тахмина Авазбекни таниши ва кимлигини у билан рўбарў келган заҳотиёқ айтди. Лекин нима учун Авазбек уни «эслолмади»? Ёки у Тахминага худди илгаригидек ачиняптими, унга «раҳм-шафқат» қиляптими? Йўқ, Тахмина энди мағрур яшайди, у ҳеч кимнинг шафқатига, мурувватига муҳтож эмас. Тахмина шу хаёллар оғушига чўмиб, ўриндиққа бош суяганча бир лаҳза кўзларини юмувди ҳамки, Ўктамбек оҳистагина бир қўлини унинг тиззаси устига қўйди. Тахмина унинг қўлини беозоргина нари суриб қўяркан, ногоҳ пешойнадан Ҳаёт билан нигоҳлари тўқнашди. Тахмина унга билинар-билинмас кўз қисиб, табассум ҳадя этиб қўйди. Бундан руҳланган Ҳаёт бирданига тезликни ошириши билан ёнида ўтирган Авазбек ундан сўраб қолди:

– Исмингиз нима эди, ука?

– Ҳаёт.

– Исмингизга яраша иш тутинг. Ҳаётнинг бир маромда ва сокин кечгани яхши.

Ҳаммалари енгил кулишиб олишди.

Ўктамбек олиб борган жой чиндан ҳам роҳатижон экан. Юксакларга бош қўйган ям-яшил арчазорли тоғ этагида қатор кетган энг замонавий коттежлар ва ундан қуйироқда ёйилиб, яйраб тоғ дарёси Кўксув оқмоқда. Олдиндан келишиб қўйилган шекилли, санаторий бошлиғи Шобарот ака деган қориндор ва шопмўйловли киши уларни ўзи пешвоз чиқиб, анча қайноқ кутиб олди. Ташқарида ҳаво тундроқ эканлигидан коттежлардан бирига жой ҳозирлаб, қуюққина стол тузаб қўйишибди. – Шўрвамиз саҳардан бери биқирлаб қайнаб ётипти,–деди мулозаматли Шобарот ака.–Олдин оз-моздан тамадди қилиб олинглар. Кейин ким истаса бильярд, ким истаса хонбалиқ овига. Қармоқлар ҳозирлаб қўйилган.

Меҳмонларнинг ҳордиқ куни ана шундай хушкайфият билан бошланди. Шўрва билан бирга оз-моз майхўрлик ҳам бўлди, мусиқа қўйишиб, қўшиқ эшитишди, латифагўйлик ҳам бўлди. Ундан кейин Ҳаёт билан Аҳаджон бильярдга берилиб кетишди. Ўктамбек билан Дилшода эса яна бир шофёр йигит ёрдамида кабоб пиширишга қарашдилар.

– Биз яхшиси балиқ овига тушсак-чи?–Тахминадан сўраб қолди Авазбек.

– Мен… балиқ овини ёқтирмайман.

Тахминанинг бу гапида жон бор эди. У бир умр ўша бир вақтлар Дони билан «балиқ ови» баҳонасида бошидан кечирган фожиасини унутмайди. Балиқ ови деган гап у ёқда турсин, ҳатто балиққа кўзи тушиб қолганда бир титраб олади. Ана шу нарса баҳонасида рўй берган қабоҳатни, бутун умрини бадномлик ва бахтиқароликка гирифтор этган хиёнатни эслаб, вужудини совуқ тер босади.

– Агар истасангиз… бир дам айланиб келамиз,–илова қилди Тахмина Авазбекнинг сазасини ўлдирмаслик ниятида.

Улар ана шу фурсат баҳона ошкора гаплашиб олдилар. Тахмина Авазбекни нечундир ўзига яқин олди. Унга ўз ҳолича Тошкентда кечирган йиллари, Сурайё ўз ўлими олдидан эътироф этган аччиқ ҳақиқат, Мумтоз ва Акмал фожиалари, хорижлик Қутбиддин ва Давлатберди ҳақида оз-моз бўлса-да, ҳикоя қилиб берди.

– Акмал ўзини осгани йўқ. Уни ўлдириб кетишди. Лекин «Нега?» деган саволга жавоб йўқ, Аваз ака,–деди Тахмина. Бироқ «Нега ва ким?» деган саволга жавоб топиш учун ўзлари пинҳона иш олиб боришаётганини сир тутди.–Менда бир шубҳа бор. Ўша мебель гарнитурини Олмаотага жўнатган мафиоз Давлатберди ҳозир Тошкентда, Самандар деганникида ётипти. Эҳтимол, Акмал фожиасида унинг қўли бордир?

Авазбек ундан Самандарнинг кимлигини ўсмоқчилаб сўраб олди. Лекин ўзи фарғоналик Истам ҳақида Тахминага оғиз очмади. Маҳмуд Имонович тайинлаганидек, шусиз ҳам бахтиқаро ожиза эндигина рўшноликка чиққанида унинг ҳали битиб улгурмаган жароҳатларига туз сепгиси келмади.

– Аваз ака, сиздан бир нимани сўрамоқчиман…

– Марҳамат, асло тортинманг.

Тахмина худди кечагина, Фарғонада унга бошқа суюқоёқ қизлар қатори сенсираб муомала қилган Авазбекнинг бугун энди унга ишонч ва ҳурмат билдириб «сиз»лаётганидан кўнгли кўтарилиб, дилида тугун бўлиб турган саволни яширмади.

– Нега бугун кўпчилик олдида мени илгаридан танишингизни яширяпсиз?..

Авазбек бир дам жим қолиб, кейин сўз қотди:

– Тахмина, синглим, мен сизга чин дилдан бахт тилайман. У ўтмиш ортда қолгани рост бўлсин.

Тахминанинг кўзларида беихтиёр ёш қалқди.

– Сиздан яширмайман… Ўктамбек акамлар икковимиз бирбиримизни… севамиз. Лекин… – Тахмина бошқа ҳеч нима деёлмади. Авазбек уни тушунди. Тахминани қийнаб турган муаммога ўз муносабатини билдириши лозим.

– У… ҳаммасидан хабардор,–Авазбек шундай дейишга мажбур бўлди.–Лекин унга бугунги Тахмина керак. Бошқа ҳеч нимани билишниям, эшитишниям истамайди. Буни ростмана муҳаббат дейдилар. Кўк юзига чиммат бўлиб турган сурмаранг булутлар виқорли тоғ чўққиларидан шиддат олган шабадага дош беролмай, пароканда ҳолда чор атрофдан бошпана қидириб кетди. Малоҳатли табиат сийнасига интиқ қуёш жамол очди, унинг чароғи ва тафтидан бутун борлиқ ўзгача нашидага чўмди.

…Кун бўйи кўнгилдагидек дам олишган ёшлар ортига қайтишиб, яна эрталабки тўпланган жойларида хайрлашишаркан, Авазбек Тахминани четроққа олиб: «Менга бирон бир хизмат чиқиб қолса, Ўктамбек орқали топишингиз мумкин», деди. Унинг бу илтифотидан фойдаланиб, Тахмина ёдида турган бир нарсани ундан илтимос қилди: – Ҳалиги айтганим Самандарникида Афсона исмли ёшгина бир қиз тутқунликда яшаяпти. Агар иложи бўлса, уни ифлослар қўлидан юлиб олишга ёрдамлашинг. Афсонага ачинаётганим боиси, у менинг кечаги умрим, юрагимда тош бўлиб қолган армонларим…

– Тушундим, – деди Авазбек унга жавобан босиқлик билан.–Мен бунга қатъий ваъда беролмасам-да, уриниб кўраман. Фақат сиздан бир илтимос, ўша Самандар ва уникида ётган Давлатберди ҳақида бошқа ҳеч кимга оғиз очмай турасиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации