Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 34

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 34 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Сўнгсўз

Азизларим! Қаро кўзларим!

Асаримга сўнгги нуқта қўяётирман. Сизни ҳаётнинг мураккаб, ҳатто мудҳиш сўқмоқларидан етаклайвериб, аччиқ қисматлар оламига олиб кириб, бироз толиқтириб, қалбингизда дард уйғотган бўлсам, узр сўрайман. Зеро, ҳаёт фақат байрамлардан иборат эмас-ку, унинг қувонч ва шодликлари дард ва аламлар билан бирга юради-ку.

Менинг мақсадим мутлақо сизга покдил инсонларни тубанлардан ажратишни ўргатиш эмасди. Йўқ. Одам бу оламга покиза хилқат бўлиб нур ва ишқ билан ташриф буюради. Бироқ инсон қалбидаги ана шу нур қайси вужуддадир ортиб, қайсисидадир сўни-иб, сўниб бораверади. Оқибатда бизнинг тушунчаларимизда эзгулик ва разиллик, покдомонлик ва фаҳш деган батамом бир-бирига зид тасаввурлар пайдо бўлади ва қаршимизда кетма-кет саволлар туғилиб бораверади. Одамлар баданига ёпишиб олган олчоқлик, фаҳш, сотқинлик, хоинлик каби иллатлар қаердан пайдо бўларкин, деб ўйлаймиз.

Аслида шундаймикин? Ахир бу Ер юзига тахминалар бегуноҳ инсон бўлиб келган эдилар-ку? Ана шу аччиқ қисматлар учун орамиздаги донилар, истамлар, мумтозлар сабабчи эмасми?

Тирик оламдаги бани одамизот бир вужуддир, улар бир жавҳардан пайдо бўлган, агар шу вужуднинг атиги энг кичик, ҳатто кўзга кўринмас бир жойига бирор мараз юққудай бўлса, бутун вужуд чириб бораверади, деган эди буюк Саъдий Шерозий.

Сиз билан бутун асар давомида ўз қилмишлари, дард ва қайғулари, изтироблари билан ҳамроҳ бўлиб келган Тахмина ҳам бир узвимиздир, у ҳам биз билан бир ҳаводан нафас олади, ўй суради, сизу биздан айри яшолмайди.

Инсон умрини кўпроқ ўз ўрнини алмашиб турувчи кунлар ва тунларга қиёс қилгим келади. Одамзод шундай яратилипти, у ҳам уйғоқ, ҳам ғафлат уйқуда! Уни ҳамиша уйғоқликка даъват қилиб бўлмайди, чунки ҳаётнинг ўзи табиатан шундай қурилган. Тунлар ҳам ўз ўрнида шифокордир. Инсонга ўз умри моҳиятини англашга, идрок этишга, зиё билан рўёни таққослаб, ундан манфаатли хулоса чиқаришига хизмат қилади. Бас, шундай экан, уйғоқ умримизга мазмун ва фароғат бахш этувчи тунларимизни ҳам ўз ўрнида тўғри баҳолайлик. …Қўлингиздаги асарнинг учинчи фаслини қоғозга туширмоқ ниятим йўқ эди. Бироқ бир гал Тошкентга қўниб, энди ўз дилбандимга айланган Тахмина бонудан хабар олмак бўлсам, унинг кейинги кечинмаларидан воқиф топиб, тақдирнинг ажабтовур ўйинларидан ҳайрат ва ҳаяжонга тушиб, уни сизларга сўзлаб бермакка шошилдим. Эндиликда Ҳаёт билан гулло-гул яшаётган, Акмалчадан сўнг қизчали бўлган Тахминамизу, ўз қисматига ниҳоят тан ва бардош бериб, яқинда Зилолага уйланган Ўктамбек ўртасидаги етим қолган муҳаббатнинг заволлик илдизларини қидирдим. Буни қанчалик уддаладим – ҳукм чиқармак сизлардан.

2000–2010 йиллар

ҚИСМАТ ҲАКАМИ – КИТОБХОН

Солиҳ Қаҳҳорни кўп йиллардан бери биламан ва содиқ дўстларимдан бири, деб қувониб юраман. Унда камтарлик ҳам меъёрида, ғурур ҳам. Шўхлигини айтмайсизми – одамижон.

Шўро замонида Термиз – вилоят пойтахтида эса-да, унга тўғридантўғри киришнинг иложи йўқ, чегара-шаҳар ҳисобланади. Шунинг учун узоқ бўлса ҳам Душанбе орқали борардик юртга. Табиий, Душанбеда танишлар бор, уларнинг энг яқини – Солиҳ Қаҳҳор эди. Ўша кезлар у ўша шаҳарда яшар ва жумҳуриятнинг ўзбекча газетасида адабий ходим бўлиб ишларди. Нафсиламри, ўша редакцияга кириб қолганимда Солиҳ билан танишганман.

Ўшанда у кўпроқ ҳажвий ҳикоялар ёзар, мен эса бунақа иқтидордан йироқ эдим.Айниқса, ҳажвиядаги кулгу характерларнинг табиатидан келиб чиқмаса, ундай асарларни ёзган ҳажвчига шунчаки хайрихоҳлик билан қарардим, холос. Аммо Солиҳ Қаҳҳорнинг адабий саводи, катта адабиётдан бехабарлиги мени баъзан ҳайрон қолдирарди.

Душанбега боришларимнинг бирида дўстим Ўлмас Умарбеков билан йўлимиз бир тушиб қолди. Манзилга етган кунимиз Умарбековни Солиҳ билан таништирдим ва Солиҳ ўша куни бизни уйига чақирди. Чоғроқ ижодхонасида ўтирган эдик, Ўлмас Умарбеков жовонларини тўлдирган, ҳатто дераза рафларида ҳам қалашиб ётган китобларга қизиқиб қолиб, уларни кўздан кечирдию: «Шукур, буларнинг бари – дунё адабиёти-ку? Дўстимизда бир гап бор…» – деди. «Мен ҳам шу фикрдаман, лекин ҳозирги ёзганларини мақтай олмайман», дедим. Гурунгимиз қизиб кетиб, узоқ давом этди. Дарвоқе, бу гапларнинг бўлганига ўттиз йилдан ошди… Кейинроқ Тожикистон воқеалари арафасида у туғилган юрти Фарғонага ўтиб кетганини эшитдим. Бироқ ундан кўп вақтлар дарак бўлмади.

Ниҳоят, бундан икки йилча бурун Солиҳ Қаҳҳор Тошкентга келиб ва мени дала-боғимдан топиб, бир қўлтиқ қўлёзма ташлаб кетди.Дўстинг учун заҳар ют деганларидек, бошқа ишларимни йиғиштириб қўйиб, қўлёзмани ўқий бошладим. Ўша кунлар мени энг бахтиёр кунларим сарасига киради. Биринчидан, дўстим нима ёзибди, қандай ёзибди, деб юракни ҳовучлаб ўқиркансан. Иккинчидан… қандайдир гумонларнинг чиппакка чиқиб кета бошласа, пироварди, рўпарангда профессионал қўл билан ёзилган роман бўлса, одам бошқача бўлиб кетаркан. Оқибат Солиҳга ғойибона раҳматлар айтиб, асарнинг учдан икки қисмини ёшлар газетаси «Туркистон»га тавсия этдим. Худодан бўлиб, асар уларга маъқул тушиб кетди-ю, қисмларини тўлалигича чоп этиб юборишди. Қарабсизки, роман газетхонларга ҳам жуда маъқул бўлибди. Тағин қарабсизки, унинг харидорлари – ноширлар ҳам чиқиб қолибди. Алқисса, «Дайди қизнинг дафтари» бир-икки йил орасида тўрт маротаба нашр этилди.

Яқин йилларда бундай «воқеа» бўлмаган эди. Тўғри, романнинг мавзуси ҳам, воқеалари ҳам қизиқ, ҳаётда кўрилган-у, адабиётда кўрилмаган эди. Аммо унинг ёзилиш тарзини… Ҳа, Солиҳ Қаҳҳор ўтган йилларда профессионал ёзувчи бўлиб қолган экан. Тилдан ҳам, тасвир йўсинларидан ҳам, қаҳрамонларга ички ҳурмату холисликдан ҳам, қўйинг-чи, хато изласангиз – тирноқ остидан чирк излаганга ўхшаб қоласиз. Балки, хатоликлар, тажрибасизлик қилинган жойлари бордир; аммо ўшалар ҳам менга фазилат бўлиб туюлди дейман.

Мен Солиҳ дўстимни бу ижодий муваффақияти билан табриклайман ва ўқувчиларни ҳам шундай ўқишли роман билан қутлайман. Аминманки, бу асар ёшларимизнинг тарбиясига кўп ижобий таъсирлар кўрсатади. Омон бўлинг, Солиҳжон.

Дўстингиз Шукур Холмирзаев,
Ўзбекистон Халқ ёзувчиси.
Тошкент, 2003 йил февраль

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации