Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 16

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Санжарнинг кўз олдида дадаси билан кеча аэропортдаги учрашув, ўша меҳмонлар ўтиришган «Мерседес» жонланди.

– Қани ўша Хуморинг? – бўғилиб сўради Санжар.

– Ичкарида. Ҳозиргина дам олгани кириб кетди… Чақирайми?

Санжар бир дам тин олди-да, кейин «йўқ» деди.

Индамасдан олдидаги арақни олиб симирди. Хурушига чўнтагидан сигарет чиқариб тортди. Энди кўзлари қисилган ҳолда сўради:

– Менга бу гапларни айтишдан мақсадинг нима?

– Индамай қўяверсам ҳам бўларди, лекин… – сезилар-сезилмас титроқ овозда жавоб берди Чаман. – Кўриб турибсан, менда асти гуноҳ йўқ. Энди даданг шу ишни жўрттага қилгансан, деб мендан ўч олмасмикин? Шунисидан қўрқяпман.

Орага жимлик чўкди. Бир дам ўтиб, Санжар жойидан вазмин қўзғалди. Унга қўшилишиб, хавотирли саросимада Чаман ҳам ўрнидан турди.

– Мен кетдим, – деди Санжар ва ташқари томон икки-уч қадам ташлаб, тўхтади: – Менга пул бериб турсанг…

Чаман ўз ташвишида бўлганлиги учун, гапни яна Мумтозга боғлади: – Мен… Нима қилай? Бирон ишкал чиқиб қолгудек бўлса…

– Хавотир олма. Буёғи мани ишим.

Чаман шоша-пиша ҳали ёстиқ остига қистириб қўйилган қозоқ пулини олиб Санжарга тутқазди.

– Ўзинг алмаштириб оларсан.

Санжар пулни олиб, уёқ-буёғини кўздан кечирган бўлди-да, кейин уни Чаманга қайтарди:

– Буниси ўзингга буюрсин. Менга ўзимизникидан бер. Барги карам бўлса, янаям яхши.

– Ундақаси қаёқда дейсан. Бозор касод. Қулочни катта очадиганлар ин-инига кириб кетишяпти.

– Бас қил. Менга чўпчак кетмайди. Берадиган бўлсанг, бер. Бермасанг, пошла…

Чаман миқ этмай ичкарига кириб чиқди-да, Санжарга бир чангал пул узатди:

– Кеча ўзинг берганларинг…

– Барибир қайтараман. Сеникини еб кетмайман.– Санжар шундай дея ён томонга «чирт» этиб тупурди-да, ташқарига шошилди.

Чамандан қайтариб олинган ана шу пул бугун Санжарни анча нари-бери олиб келди. Яна қаерлардадир санқиб юргани, кимлар билан яна қанча ичгани эсида йўқ. Бир вақт қайсидир хаёлда қиморбоз жўрабошини қидириб топди.

– Эҳа-а, Санжар ботир-ку… – олдида қуюқ дастурхон, парқув болишларга ёнбошлаганча суяк кемираётган жўрабоши остонада пайдо бўлган йигитга масхараомуз боқди. – Нечук, нечук? Баногоҳ кафтларига қарға тупириб, гарданингизда қуртлаб кетган қарзлардан халос топгани кирганингиз йўқми?

Жўрабоши – бош қиморчи. Тулкидек айёр, бурганинг оёғини тақалаган одам. Ўндан етти ўйиннинг хирмонини шу кўтаради.

Санжар кўпдан бери худди шу Тулки билан ит-мушук бўлиб келади. Қанийди, унинг чағир кўзларига дурустроқ чанг сололса. Юрагининг тубида аччиқ алами, адовати бор. Чунки бир вақтлар унинг уйини, хотинини қиморда ютиб олиб, унинг кўз ўнгида не бедодликлар кўрсатмаган бу иблис. Оёқда чайқалиб турган Санжар Тулкининг гапларига эътибор бермади. Унинг дастурхон четига осилиб турган меш қорни, бурам-бурам сурмаранг гўштдор юзига бир дам тик боқиб турди. Бошқалар қатори Санжар билан ҳам сенсираб муомала қилувчи Тулки бугун уни «сиз»лаб гапиряпти. Бу унинг Санжарни масхаралаётгани, таҳқирлаб кулаётгани. Шу боис, уни бошқалар қатори сийлаб келувчи Санжар ҳам ҳозир Тулкига беписанд сенсираб деди:

– Сен билан… тепишкани келдим.

– Тепишкани? Ниманг билан тепишасан? Ёки иштонингни орқа чўнтагида яшириб қўйган бисотинг борми?

Тулкининг бу гапидан дастурхон гирдидаги қиморбоз жўралар ҳузур билан ҳи-ҳилашиб олишди. Санжар жўрабошининг оёқ томонида ўтирган миқти гавда, бақалоқ юзли йигитга юзланди.

– Пончик, менга ўн кусок қарз бериб тур…

Тулки билан Пончик бир-бирлари билан маъноли кўз уриштириб олишди.

– Берасанми? – кинояомуз сўради Тулки Пончикдан. – Қарздор бўлмагани ўзи сен қолувдинг.

Пончик бир дам иккиланган бўлди-да, кейин:

– Санжар эски қадрдоним… – деди. – Фақат ҳозир чўнтагимда йўқ. Агар хўп десангиз… Сиздан олиб бериб туришим мумкин…

Тулки жимиб қолди. Қўлидаги суяк илигини бафуржа қоқиб, коньякка газак қилди. Кейин бир қарорга келиб, қўл-оёғини артаркан: «Бўпти. Сенга йўқ деёлмайман», деди Пончикка.

Санжар шундан сўнг индамай келиб, дастурхон четига ўтираркан, Тулки яна пичинг қилди:

– Мумтозбек жаноблари бепушт қўғирчоғи учун қоп-қоп пул сарфлаб қаср қуриб бераётган бўлса-ю, ўзининг пушти камаридан бўлган биттаю битта ўғли қарзга ботиб яшаса, алам қилмайдими…

– Қаср қуриб битказилган, шеф. Унинг жиҳозлари хориждан келаётган эмиш, – гапга қўшилди пойгакроқда карта шилиб ўтирган тақир бошли йигит.

– Мени эшитишимча, Тахмина хоним бугун-эрта кўчиб ўтармиш, – унга илова қилди бошқаси.

– Кўчиб ўтишса, ҳовли тўйига Санжар ботирни ҳам таклиф этишар? – киноя қилди Тулки.

Санжар бу гапларга эътибор бермади. Тақир калла йигитнинг қўлидан картани юлиб олиб, уни энди ўзи шиларкан, Пончик унга ярим пиёла арақ қуйиб узатди:

– Ол. Хафа бўлма. Довинг келиб қолса, ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетасан.

…Ўша кунги қиморбозлик ярим кечагача давом этди. Санжарнинг дастлаб омади келгандек бўлди. Пончик ҳисобидан олинган ўн минг сўмни ҳам, Тулкидан бундан илгари қарздор бўлиб қолган саксон минг сўмнинг ярмини ҳам узди шекилли. Бироқ шундан кейин чув тушаверди. Жами қарзи юз эллик минг сўмга етганда, Санжар билан бошқа ўйнамай қўйишди. Тулки бу қарзни узиш учун унга атиги бир ой муддат қўйди. Ана шу муддат ичида қарз узилмаса, Санжарнинг кўксига ханжар қадалади.

Тулки бу шартни ўртага қўйиб, ўрнидан зил-замбил қўзғалаётган Санжарга тасалли ҳам берган бўлди:

– Сен қарзлардан қўрқмасанг ҳам бўлади. Қўрғонга ҳовли тўйи куни бир канистр бензин туҳфа қилиб борсанг, бир қоп пул билан сийлаб қайтаришади…

Бу пайтлар Санжар бир танишининг вақтинча бўш уйида ётиб турарди. Пончик уни ўз машинасида ташлаб кетди. Буёғига зинапоядан қандай кўтарилгани, эшикни қандай қилиб очиб киргани-ю, қуруқ полга уч қават қилиб тўшалган эски кўрпасига қандай ташлангани қоронғу.

Санжар бир вақт чап биқинига тушган қаттиқ тепкидан уйғонди. Уйғонди-ю, гап нимадалигини англаб улгурмай, ўнг биқинига ҳам тепки тушди.

У энди ғужанак бўлиб олиб, чуқур ингради. Кейин бир амаллаб ёнбошга ағдарилди, кўзларини бемалол очди. Хира парда ортида уч киши тургандек эди.

– Нега… нега… – базўр овоз чиқарди Санжар.

Бу саволга жавобан энди унинг жағи аралаш тепки тушди. Санжарнинг кўзларидан ўт чиқиб кетди. Нафаси бўғзига келиб қадалди, бошқа индолмади. Қулоғига ғўнғир-ғўнғир овоз чалинди:

– Қон чиқмас жойига теп.

Устма-уст яна уч-тўрт тепки тушди.

– Бас. Ўлдириб қўйиб, хўжайиндан балога қолмайлик.

– Бу алкаш жон қазо қилмай туриб, омонат гапни унга уқдириб қўйиш керак.

Шу пайт биттаси унинг сочидан тутамлаб тортиб, бошини кўтарди. Санжар яна хиёл кўзларини очди. Нақ пешонасида важоҳатли бир башара турарди. У Санжарнинг юз-кўзларига тупук сачратиб, дағдаға қилди:

– Бугундан бошлаб дадангни кўзига кўринмайсан. У сани оқ қилди. Ора очиқ. Мабодо яна хиралик қилгудек бўлсанг, жонингдан умидингни уз. Тушундингми?

Санжар кўзларини юмди. Томоғини нимадир куйдирарди. Ҳалиги башара унинг сочидан қўлини бўшатган эдики, боши пол устига дўқиллаб тушди. Шу ётганича тушга яқин кўзларини очди. Оғриқ азобидан чуқур-чуқур ингради, аччиқ-аччиқ йиғлади, қон тупириб йиғлади. У ўз ҳаётида жуда кўп калтакланган, кўп марта пичоқланган, не-не хўрликлар, азобу уқубатлар заҳрини чекмаган. Бироқ ҳеч қачон ожизлик кўрсатмаган, сабру чидамли бўлган, ўлимларга чап берган, фақат яшаб қолиш, яшаганда ҳам бошқалардан кўра яхшироқ, мазалироқ умр кечириш орзусида ҳеч нимадан қайтмаган.

Санжар бугунга келиб илк марта ўзининг бу ёруғ дунёда ғариб ва кимсасиз, ортиқча бир вужуд эканлигини ҳис этди. Дунёда бундан кўра аянчлироқ бахтиқаролик бўлмаслигини англагандек бўлди. Назарида кўз олдидаги шип-шийдам хона унинг учун бир қабр-у, ўзи ўраниб ётган кўрпа эса кафан бўлиб туюлди. Гўё ҳозир кўз юмса, уйқуга кетса, бошқа қайтиб келмайдигандек эди.

Кўз олдига ойиси, опаси, синглиси Гуландом келди. Ҳозир Гуландом қаердайкин? Мумтоз уни қаерга гумдон қилиб келди? Санжар шу синглисини кўп яхши кўрар эди. Уни ўзи опичлаб катта қилган. Кейинроқ… тақдир уларнинг икковини ҳам дарбадарлик ва худбинлик йўлларига бошлаб кетди. Санжар синглисининг кечмишларидан, турмуш тарзидан оз-моз хабардор. Бироқ Гуландом билан тасодифан юз кўришиб қолган чоғларида унга дашном бера олмади. «Ўзингни эҳтиёт қил, худо бахтингни берсин», дейишдан нарига ўтолмади. Бундан беш-олти ой илгари, у билан охирги марта учрашганларида, Санжар Гуландомга бир ҳовуч олтин тақинчоқлар ҳадя этди. «Бундан ҳазар қилма, бегонаники эмас, – деди у синглисига. – Булар имонсиз дадамизнинг қўғирчоқ ойимчаси учун йиғиб берган бисотидан…»

Санжар баъзан танҳо қолиб, ўз қисмати, инчунин суюкли Гуландомнинг ҳам бахтиқаролиги, умуман ўз оилалари бошига тушган инқироз ва мусибатлар ҳақида ўй суриб қоларкан, буларнинг барчаси дадалари Мумтоз кўрсатган номардликлар оқибатида рўй берди, деган хулосага келарди. Бу номардликлар мана, ҳанузгача давом этиб келяпти. Мумтоз энди унга ота эмас, батамом бегона бир кимса. Бегона бўлгандаям, Санжарни даф этмоқчи бўлаётган разил ва ёвуз душман. Бас, етар, Санжар энди Мумтознинг адоғи йўқ номардликлари билан бошқа муроса қилолмайди. Унинг зардобларга тўла, қонталаш, аламзада дили фақат ҳисоб-китоблар билангина совиши мумкин.

Эзилган, топталган, калтакланган, таҳқиру хорликлардан, заҳару заққумлардан адойи тамом бўлаёзган Санжарни ана шу интиқом кучи сергак торттирди. Бу куч уни ўлиб қолмасликка, ташқарига чиқишга, чала қолаётган ишларни бажариб улгуришга ундаб турар эди.

ХII

Тахминанинг кўзига ҳеч нима кўринмай қолди. На ҳашаматли қўрғон, на антиқа хорижий жиҳозлар, на саховатпеша ва мулозаматли меҳмонлар. Қачонлардан бери орзиқиб кутилган, кўчиб ўтиш билан боғлиқ бугунги ширин ташвишлар ҳам ҳозир унга мутлақо алоқасиздек эди. Эри Мумтоз ҳатто унинг хаёлида гўё шу атрофда ўралашиб юрган шунчаки бир таниш қиёфа…

Акмал қоладиган бўлди! У шу ерда яшайди. Шу ерда ишлайди. Тахмина энди уни ҳар куни кўриши, у билан гаплашиши мумкин. У энди Акмалнинг олов яширинган кўксидан, вужудидан уфуриб турувчи ҳарорат билан таскин ва лаззат топиб яшайди. У энди ўзини ёлғиз ва ожиз, шўрпешона деб ҳис этмайди. Ҳаммаси ортда қолди. Ортда қолгани, илоҳо, рост бўлсин.

Тахмина ана шу эҳтиросли туйғулар оғушида лов-лов ёнар, бироқ аҳён-аҳёнда юрагининг қаеринидир куйдириб, ачиштириб, қувончли ҳаяжонларига кўланка ташлаб қўяётган бир хавотирлиги ҳам бор эди. Акмал шу ерда қолди, деб ҳисоблайлик. Орадан тўрт кун ўтмай, Тахминанинг кўз ўнгида анави Зилолагами ёки бошқа биронтасигами уйланиб олмайдими?! Ахир Акмал ҳали оила қурмаган қарчиғайдек йигит. Истаса-истамаса, у барибир уйланиши, Тахминанинг кўз ўнгида бошқа бир ёр билан қовушиши тайин. Э, худо, мен учун у кунни ўзинг ҳаром этгил.

Мумтоз истараси дилига ўтирмайроқ турган Акмалга: «Мен сенга шу бугуноқ янги юк машинаси бераман. Ўзимда ишлаб қол», дейишга ғурури йўл қўймасди. Биринчидан, Мумтоз киму, носқовоққа нос борми, деб юрган бу саёқ қаландар ким? Иккинчидан, Мумтозга шопир керак бўлса, унинг қўл остида ишлашга, айниқса, у таклиф этмоқчи бўлаётган янги юк машинасини қўлга киритишга иштиёқманд, ўтли-шудли йигитлар сон мингта. Бунинг устига, Тахминага шахсан таниш бўлган, у билан аллақандай илиқ бир қиёфада, ҳатто сенсирашиб гаплашаётган бу бўйдоқ давангирнинг узоқроқ юргани яхши…

Бироқ Мумтозни ҳозир оз-моз андишага солиб, Акмалга «нон» таклиф қилишга ундаб турган айрим сабаблар ҳам бор эди. Аввало, бир вақтлар уни ҳамиша суйиб қаршилайдиган қўқонлик марҳум амакининг ва албатта, гулгун ёшлигининг энг шарбатли дамларини ҳофиз Мумтоз билан бирга суришган, энг муҳими, Тахминадек маликаи шакаристонни унинг қўлтиғига тиқиб қўйган ва бугунга келиб ҳаёт билан видолашаётган бечора Сурайёнинг оз-моз бўлса-да, юз хотири бор эди ўртада. Бундан ташқари… Бир вақтлар Сурайё янгигина турмушга чиққан келинчаклик пайтидаёқ Қўқонга тез-тез ташриф буюриб турувчи ҳофиз Мумтоз билан хуфиёна тарзда дон олишиб турар эди. Ўртада бола пайдо бўлди, ана шу Акмал. Ўша вақтлар Сурайё бир гал Мумтозга бола гўё ундан бўлганлигини шипшитиб қўймоқчи эдики, Мумтоз ўша заҳотиёқ унинг дамига қилич солди: «Бу гапни бир айтдинг, иккинчи оғизга олма. Сен эринг билан яшаб қоласанми-йўқми, бола уники. Буни бир умр ёдингда тут!» Ўшаўша, Сурайёнинг нафаси ичига тушиб кетган. Акмал бироз гўшт олиб, оёққа турганда эса, унинг қиёфаси ва табиатида Мумтоз дунёсига хос айрим чизгилар намоён бўла бошлади. Бироқ Мумтоз бу чизгиларни ҳеч вақт тан олган эмас. Ҳозир ҳам шундай. Гарчи Акмалнинг бўйбасти, қош-кўзлари, овози ва табиатидаги баъзи бир ўхшашликлар эндиликда янаям очиқроқ кўриниб турган бўлса-да, бу ҳақда фикр юритишга Сурайёнинг ўзи ҳам, Мумтоз ҳам журъат этолмайдилар. Фақат бир нарсагина, бу йигит Мумтозга бозори энг чаққон бўлган шукуҳли ёшлик йилларини, айниқса, Қўқон билан боғлиқ шириншакар хотираларини эсга солиб турганлиги учун, юрагининг бир четида уни ўзидан дарҳол узоқлаштириб юбормаслик истагини ҳам қўзғаб турарди.

Мумтоз юқоридаги андиша ва мулоҳазалар пировардида шундай тўхтамга келди: Сурайёнинг аҳволи оғир, узоққа бормаслиги аниқ. Акмалнинг уйда чўзилиб ётишидан наф йўқ. Майли, вақтинча ишлаб турсин. Давлатберди билан бир-икки иш қилса, уёқ-буёғини саранжомлаб олади. Буёғи, Мумтоз ҳам ортиқча харажатлардан халос топади. Борди-ю, ақлли чиқиб, Мумтозга садоқат билан хизмат қилгудек бўлса, унинг ишончига кира олса, унда яна ўйлашиб кўрилар…

Шунда ҳам унинг ўзи Акмални чақириб, унга ўз таклифини маълум қилмади. Тахмина билан Давлатбердига тайинлади: «Сурайёнинг ўғли билан ўзларинг келишинглар. Ҳали-замон машина бўлади. Агар хўп деса, шу бугуноқ Олмаотага жўнаб кетсин. Топшириқни уддалаб қайтса, машина уники. Ўзимда ишлайверади. Мабодо йўқ дегудек бўлса, тўрт томони қибла…».

Тахмина хўжакўрсин учун ҳарчанд ўзини жиддий тутмоққа уринсада, унинг шодлиги, ҳаяжони ичига сиғмаётгани товушининг бўғилиб, қалтираб чиқаётганидан, ўз ҳаракатларини идора қилолмаётганидан, кўзлари яшнаб-ёниб, юзларида қизиллик кўпчиб турганидан шундоққина аён эди. Акмал буни кўриб-билиб, ҳис этиб турипти.

Юкнинг шу бугуноқ жўнаб кетишидан, уни Олмаотага бегона одам эмас, Мумтознинг ўз жияни олиб бориши мумкинлигидан хийла хурсанд бўлган Давлатберди Акмалга «олтин тоғлар» ваъда қилди: «Агар истасанг, бундан кейин бирга ишлаймиз. Олмаота билан Тошканд орасида қатнаб турсанг бўлди, тез орада муродингга етасан», деди. Бироқ ҳозир янги машина, янги иш, Давлатберди ваъда қилаётган мол-дунёдан ҳам кўра, Тахминанинг шу тобдаги туғёнли ҳолати, унинг «Акмал, хўп де, шу ерда ишлаб қол», деб зорланиши унга кўпроқ ўз таъсирини кўрсатди. Яна бир томони, ўғлининг «хўп» дейишини интиқиб кетиб, кўзлари ялиниб-жавдираб ётган бемор онаси, қолаверса, ғоят мушкул аҳволга тушиб қолган Зилолалар оиласи…

Акмал рози бўлди. У хонанинг бир бурчагида ётган эски жомадонини очиб, ундан ўз ҳужжатларини қидиришга тушаркан, хурсандликдан нима қиларини билолмай қолган Тахмина ўзини ташқарига отди. Шу вақт «Иш битдими?» дея ўзига пешвоз келаётган Сожидани қаттиқ қучиб, уни устма-уст ўпиб олди. Назарида, ҳозир ўзи қучиб ўпаётгани Сожида эмас, гўё Акмал бўлиб туюлмоқда эди.

– Иш битди, Сожида, иш битди! – деди у ҳаяжондан энтикиб. – Ўзингни бос. Ёниб кетибсан, – шивирлади Сожида унинг оғушидан бўшаларкан. – Эринг сезиб қолмасин…

Шундай қилиб, кечга яқин Қўрғон бозорга айланиб кетди. Олдин Беҳбуднинг автовагони кириб келди. Қушхонанинг қассобларидек енг шимариб, ишга шай туришган беш-олти нафар ишчи йигитлар ундаги контейнерларни очиб, мебелларни туширишди ва улардан ҳар бирини шахсан Мумтознинг кўрсатмаси билан бино ичидаги тегишли хоналарга олиб кира бошладилар.

Ёзги равоқда чақчақлашиб ўтиришган меҳмонлар ҳам юк кириб келиши биланоқ ўринларидан сапчиб туриб боришиб, хизматкор йигитлар ёнидан жилмай қолишди. Энди уларнинг эътиборини магнитофондан таралаётган Гугушнинг жигарпора ашулалари ҳам, дастурхонга тортилган антиқа таомлару, хорижий арзанда ичимликлар ҳам жалб қилолмай қолди. Айниқса, жаноб Қутбиддин машинадан туширилаётган мебель гарнитурларидаги ҳар бир бўлакни назардан қочирмас, «Буниси буёққа, униси уёққа!» дея жиддий қиёфада кўрсатма бериб турарди.

Давлатберди учун белгиланган «Наврўз» гарнитурининг ҳимоя тўсинлари бошқаларникига нисбатан анча пухта ишланган, зичроқ қилиб қоқилган, тахталари бақувват ва ҳеч бир ҳожат бўлмагани ҳолда, негадир алифлаб қўйилган эди. Ана шу гарнитур юкланиши лозим бўлган машина кириб келгунча жаноб Қутбиддин ҳам, Давлатберди ҳам анча безовталаниб туришганини Мумтоз ҳам, Тахмина ҳам сезишди. Бироқ улар буни табиий бир ҳол деб қабул қилишди. Ахир Олмаотадек узоқ жойга, инчунин реклама тарзида жўнатилаётган қимматбаҳо мебелнинг навбатдаги машинага тўла-тўкис ва беозор ўтказилиши учун қайғурмай бўлармиди.

Бошига оқ матоли кепка кийволган норғул жуссали Шорайим деганлари усти ёпиқ яп-янги «КамАЗ» билан кириб келганини кўриб, меҳмонлар янаям жонланиб қолишди. «Бисёр хуб, бисёр хуб!» дея жаноб Қутбиддиннинг ўзи энди шошилинч тарзда Мумтозни ҳам четлаб ўтиб, ичкарига юк ташиётган хизматкор йигитларга чалачулпа ўрисчада у ишларни тўхтатишни ва машинага «Наврўз»ни юклай бошлашни буюрди.

Мумтоз ҳам уни қувватлаб, бироз ҳайронликда ўзига боқиб қолишган йигитларга «маъқул» маъносида бош ирғаб қўйди.

– Машина юз фойиз сафарга тайёр, хўжайин! – унга рапорт берган бўлди Шорайим. – Калит минан путевойни кимга топширай? – Ҳов анави сариқ «спортивка»ли йигитга топшир. Олдин закунни қилиб, унинг номига ўзинг ёзиб бер. Оти Акмал, памилиясини ўзидан сўрайсан. Ҳужжатларини яхшилаб кўриб қўй…

– Хўп бўлади.

Мумтозни шу пайт телефонга чақириб қолишди. Гўшакдаги одам билан у сенсирашиб, анча қуюқ гаплашди. Охирида ўртага ёқимли бирон таклиф қўшилди чоғи, Мумтознинг чеҳраси янаям ёришиб кетди:

– Манави ишинг бошқа, ошна! Ўзимам ўшани яна бир кўрсам, деб юрувдим. – У товушини пастлатиб, атрофга хиёл олазарак боқиб олди. – Айтиб қўй, ҳофиз аканг келади, де. Сени соғинипти, де. Лаббай? Меҳмонларми? Ўзингни таъбингга боқ, ошна. Лекин саҳар аэропортда бўлишимиз керак, уларни Олмаотага учираман.

Шундан кейин Мумтоз меҳмонларниям, Тахмина билан Сожидани ҳам яна равоққа чорлади.

– Келинглар энди, ишлаётганларга халақит бермайлик, – деди у хушкайфиятда фаранги шампан очаркан. – Менинг йигитларим ҳамма ишни ўзлари тахт тиндиришади.

Бироқ жаноб Қутбиддин билан Давлатберди «хўп-хўп» дея «Наврўз»ни машинага кўнгилдагидек юклаб бўлишмагунча жойларидан жилишмади. Ахийри юк пухта жойлаштириб бўлинганига қаноат ҳосил қилишгач, бирин-кетин равоқ томон кела бошлашди. Шу маҳал кутилмаган бир ҳол рўй берди. Шорайим «КамАЗ» кабинасидан қоғозга ихчам қилиб ўралган, негадир устидан қизил ва қора лента тортиб боғланган бир канистр олиб, уни сал четроққа қўйди-да, кейин чўнтагидан аллақандай конверт чиқариб, Мумтоз томон шошилди.

– Хўжайин, кечирасиз. Эсимдан чиқай деб қолипти. Анави канистр тўла нимаям бор. Бир бола ташлаб кетди. Хўжайинингизди уйини билмайман, шу омонатни шахсан ўзларига бериб қўяркансиз, тоғам бервордила, деди.

– Ким экан у бола? Тоғанг ким, бу нима демадингми?

– Дедим, хўжайин, дедим. Тоғанг ким, деб сўрасам, танимайсиз, деди. Бу нима десам, Арслонбобни қимизи, деди. Лекин хўжайин… Шорайим гапининг давомида «Ҳидлаб кўрсам, қимизга бензиннинг ҳиди уриб қолипти», демоқчи эдики, яна ўзим балога қолмайин деган кўрқувда дамини ичига ютди. Мумтознинг ўзи ҳам унга эътибор бермаган ҳолда, шоша-пиша конвертни очаркан, унинг ичидан икки энли хат чиқди: «Бугунми эртага ё сен борсан, ё мен… Омонат қарз ўртада сарсон бўлмасин. Ярмини юборяпман. Қолган ярмини ўзим олиб бораман. Қарздоринг».

Мумтоз ҳеч нимани тушунолмай, донг қотиб қолди.

Уни кўриб, бошқалар ҳам ҳайрон. Тахмина «Тинчликми?» дея унинг қўлидаги қоғозни олиб кўз югуртираркан, уям ҳайратга тушди. – Бор, очиб кўр! – буюрди Мумтоз қаршисида анграйиб турган Шорайимга. – Ичидагиси заҳар бўлгандаям аввал ўзинг тотиб кўрасан!

Шорайим визиллаб бориб канистрни очди-да, оғзини очиб, ичидаги нарсани оз-моз кафтига қуйди.

– Бензин экан, хўжайин, бензин!

– Тотиб кўр дедимми, тотиб кўр!

Шорайим итоаткорлик билан кафтдагидан оз-моз тотинган бўлди. – Бензин деяпман-ку…

Ҳозиргина хушкайфиятда бўлган Мумтоз бирваракайига юзлари тундлашиб, лабларини қимтиганча ўйга ботди. Ҳатто меҳмонларнинг «Ўзи нима гап?» дея сўрашларига ҳам қисқагина «Ҳозир, ҳозир» деб қўяверди. Шунда Тахмина ҳеч нима юз бермагандек, хотиржам ҳолда, унга тасалли берди:

– Ўйланишга сираям асос йўқ, бегим.

Мумтоз унга «ялт» этиб юзланди-да, анча жонланиб сўради:

– Нега?!

Тахмина жавоб ўрнида Шорайимдан сўради:

– Шорайим ака, ишхонангизда хўжайинингиз ким?

Шорайим қамардек товланиб турган маликанинг кутилмаган саволидан эмас, унинг ипакдек майин, булбул оҳангидек ёқимли овозидан ва боз устига, «Шорайим ака» дейишидан каловланиб қолди: – Ишхонада… ишхонада пабрикамиз дириктири Ойим ака…

– Ойим ака?! – Тахмина хиёл кулимсираб сўради Мумтоздан. – Ҳеч жаҳонда эркак кишиниям оти Ойим бўладими?

– Ҳа, шундай,–унга жавоб берди Мумтоз.–Туғилганда оти Олим бўлган, дейишади. Метрика берадиган ўрис аёл «Л» ҳарфини тушириб қолдириб, «Оим» деб ёзгандан кейин «Ойим» бўлиб кетган экан.

Тахмина билан Сожида беихтиёр кулиб юборишди. Хонимларнинг кўтаринки руҳи ва кулгиси, ўз ўрнида меҳмонларга ҳам, Мумтозга ҳам анча таскин бахш этди.

– Мана, кўрдингизми,– яна Мумтозга юзланди Тахмина.– Бу канистр сизга эмас, ўша Ойим акага аталган бўлиши керак. Иккинчидан, конвертда ҳам сизнинг номингиз тилга олинмаган.

Мумтоз чиндан ҳам енгил тортди. Бетларига қон югуриб, кўзлари яшнаб қолди. Бироқ Тахминанинг ўзидан кўра ақллироқ бўлиб чиққанлиги, ўзининг эса «сал нарсагаёқ нам тортиб» қолиши мумкинлигини андавалаш учун:

– Буни ўзим ҳам кўриб-билиб турибман, – деди хотиржам оҳангда ва энди Шорайимга ўшқирди: – Қайси ҳўжайинга олиб боришингни айтдими-йўқми?

Шунда Шорайим канистрни келтирган бола «Жаноб Мумтозбекка» деганини аниқ эсласа-да, муроса учун «йўқ…» деб қўя қолди. Турган гап, бундай жавоб учун ҳам у «раҳмат» ололмасди.

– Роса галварс экансан-ку!? Шу калла билан қандай яшаб юрибсан?! – Кечиринг, хўжайин. Шошиб қобман…

– Ҳозироқ йўқот бунингни! Эгасига обориб бер!

– Хўп бўлади, хўжайин! – Шорайим шоша-пиша бориб, канистрни кўтарганча дарвоза томон йўл олувдики, Мумтоз уни яна тўхтатди: – Тўхта. Бензинни анави ҳужрага киритиб қўй. Мен барибир унинг эгасини кўришим керак. Хат ҳам менда туради. Лекин Ойим акага бўлган воқеани айтиб қўй. Гап нимадалигини эртага эрталаб менга доложит қилсин.

– Есть, хўжайин! – Шорайим шундай дея, бензин тўла канистрни дарвозанинг иккинчи қанотидаги бўш ҳужрага олиб кириб кетди.

Шундан кейин, гарчи Мумтознинг кўнглида барибир хиралик асорати қолган бўлса-да, унинг ўзи ҳам, бошқалар ҳам яна аввалгидек хотиржам ва хушкайфиятга қайтишди.

Бу орада «Мерседес» ҳам кириб келди. Алим ака Сожидага фирма дўконидан керакли қоғозларни келтириб берди.

– Мана энди иш пухта бўлди, – деди Давлатберди ва ўтирганлар олдида чўнтагидан намойишкорона бир нечта юз долларлик чиқариб Сожидага узатди.

– Йўлда ишлатасизлар. Таможнидами ёки мелиса-пелиса тамагирлик қилиб қолса, пулни аяманглар…

Сожида ўзида йўқ хурсанд. Сира кутилмаганда ҳаётида Давлатбердининг қайтадан пайдо бўлиши, унинг ҳали-ҳануз бақувват ва келишимли эканлиги, яна энг муҳими, бадавлат ва сахийлиги Сожидага бойиб кетиш учун имкониятлар эшигини очиб бераётганидан боши осмонда эди. У Олмаота сафарига бугун эрталабданоқ тайёрланиб олган. Зарур йўл анжомлари солинган жомадонини аллақачон машина кабинасига жойлаб қўйди. Ичкарида, ҳайдовчининг орқасида бир кишилик бемалол ётиб кетадиган жой ҳам бор экан. Акмал аясининг ҳужрасидан якандоз билан ёстиқ олиб чиқиб, шу жойга ўрин тўшаб берди.

– Бу ерда сиз бемалол ухлаб кетаверасиз,– деди у Сожидага.–Қолган ишларни ўзимга қўйиб берасиз.

– Ишқилиб, тинч-омон обориб-опкелсангиз, тўйингизда беминнат хизмат қиламан.

Тахминанинг кўнглидан шу тоб: «Йўлда Сожида Акмалнинг бошини айлантирмаса гўрга эди. Ундан ҳар нимани кутиш мумкин. Акмал бўлса, кўзи қонга тўлиб турган бўйдоқ йигит…» – деган фикр ўтди. Шу боис, гумонини ҳазилга йўйиб, Сожидага аста шипшиб қўйди:

– Жимгина бориб, жимгина кел…

Сожида уни тушунди. Ёниб турган чироқ пилигини жўрттага кўтариброқ қўйди:

– Буёғи тақдир-насибга боғлиқ…

– Ўлдираман,–яна ҳазиллашган бўлди Тахмина. Иккови ўз ҳолича, бири алам билан, иккинчиси ҳузур билан аста кулишиб қўйди.

Мумтоз ниҳоят Акмални ёнига чақиртириб, унга бироз йўл-йўриқ кўрсатган бўлди:

– Сенга ақл ўргатиб туришга ҳожат йўқдир, жиян. Машинани эҳтиёт қил. Юкни оборгач, уёқдан Давлатберди шакар юклаб беради. Боришдаям, келишдаям таможнилар билан яхши муомалада бўл.

– Биз эрталаб барвақт Олмаотада бўламиз,–унга қўшилди Давлатберди.–Борибоқ керакли жойларга телефон қилиб қўяман. Сизларни йўлда ҳеч ким қийнамайди.

Акмал таажжубланди. «Битта мебель гарнитури учун намунча ваҳима?! Мени, афтидан, умрида биринчи марта рулга ўтириши, деб ўйлашяпти чоғи».

– Ҳозир жўнайверайликми?–босиқлик билан сўради у Давлатбердидан.

– Йўқ. Тонг ёришмай туриб йўлга чиқасизлар, – таъкидлади Мумтоз. – Ҳар қандай иш кўпчилик ғафлат уйқусида эканлигида силлиқ кўчади. Шундай эмасми, азиз меҳмонлар?

Жаноб Қутбиддин билан Давлатберди уни маъқуллашди. Шундан кейин Мумтоз уларга бу кечани яқин бир дўстининг чорбоғида ўтказишларини маълум қилди. «Катта одам. Таклифини қабул қилмасликка ҳаддим сиғмади. Ҳарчанд меҳмонларим саҳар учиб кетишлари керак, десам ҳам кўнмади», деди. Мумтоз меҳмонлар таклиф қилинган чорбоғда зиёфат қандай уюштирилишини хаспўшламоқчи бўлгани билан, «бўладиган иш» жаноб Қутбиддин билан Давлатбердига ҳам, Тахмина билан Сожидага ҳам аён эди. Меҳмонлар эса, ички мамнуният билан бир-бирларига маъноли қараб олишди. – Кечирасиз, жаноб Мумтозбек, ўз вақтида учиб кетишга улгурамизми?

Мумтоз меҳмоннинг бу ташвишига асло ўрин йўқлигини изоҳлаб, кейин Тахминага юзланди:

– Жоним, бизга узр. Акмал билан Сожидага оқ йўл тилаб, бу ердан чиқарвориш сизнинг зиммангизда қоляпти. Агар бу ишим учун дилингиз оғригудек бўлса, ҳозироқ ошнамга телефон қилиб, боролмаймиз деб қўяман.

Табиийки, Мумтознинг меҳмонлар билан бирга бу ердан тезроқ даф бўлиб чиқиб кетишлари Тахмина учун беҳад қувонарли эди. Сафар олдидан ўзлари бироз яйраб ўтиришса, Акмал билан бемалолроқ гаплашиб олса, бундан улуғ иш бормиди? Кўнглида ўша, телефон қилиб буларни меҳмонликка чорлаган одамдан хурсанд бўлиб кетди. Бироқ ўз қувончини Мумтозга сездириб қўймаслик мақсадида, уни жўрттага «чақиб» олган бўлди:

– Бегим, таомилга кўра, уйингизга келган азиз меҳмонларни бировнинг чорбоғидан эмас, ўз уйингиздан кузатишингиз лозим эди… Мумтоз бундай мушоҳадани Тахминадан кутмаган эди. У чиндан ҳам хижолат тортди. Яхшиямки меҳмонлар ўзбекчани билишмайди. – Сиз ҳақсиз, жоним. Шунисини ҳисобга олмапман.

Тахмина яна ўз аҳдидан айниб қолмасин, деган қўрқувда шошапиша гапнинг буёғини ҳам тўғрилаб қўйди:

– Майли, энди. Меҳмонлар нима билан хурсанд бўлишса, шуни қилишга мажбурсиз. Ошнангизга ваъда берибсизми, энди ўз сўзингиздан қайтиш одобдан эмас.

Мумтоз енгил тортди. Қадаҳларга ичкилик қуйиб, меҳмонлар шарафига алёр айтди. Жаноб Қутбиддин ҳам, Давлатберди ҳам ўз ўрнида қуюқ меҳмондорчиликлар ва самимий мулозаматлар учун уй эгаларига миннатдорчилик билдиришди. Учала томон ҳам ўзаро бордикелдини йўлга қўйиш, меҳру оқибат, тижорат ишлари ривожи учун қадаҳ кўтардилар. Жаноб Қутбиддин, айниқса Тахминанинг шаънига бисотидаги энг яхши таърифларни келтирди. Мумтоз икковига оилавий бахт тилаш билан бирга хонимнинг навбатдаги сафарини интизорлик билан кутишини айтди. Ўз ўрнида Тахмина ҳам, уларнинг ташрифидан беҳад хурсанд бўлганини ва насиб этса, тез орада яна юз кўришиб қолишлари мумкинлигини билдириб, жаноб Қутбиддиннинг охурига оз-моз похол ташлаб қўйди…

Меҳмонлар Мумтоз бошчилигида хайр-хўшлашиб чиқиб кетар чоғида, яна кутилмаган бир-икки хижилликлар содир бўлди. Тахмина ҳовлидаги кўтар-тушир ишлари ниҳоясига етгач, Мумтозга: «Анави йигитларга жавоб берворинг. Ичкаридаги мебелларни эртага ўзингизни борингизда тиклашар. Мен бугун эркаксиз уйда ўзим ёлғиз уларга иш буюриб турмайман», деди. Бу гап Мумтозга маъқул тушди. Ҳаммага жавоб берворди. Охирида Беҳбуд билан Шорайим ҳам хорижий автовагонни ҳовлидан ташқарига эндигина олиб чиқишаётган эдики, дарвоза ёнига нотаниш бир «Москвич» келиб тўхтади. Ундан ёши қирқлардан ошиб-ошмаган, пишиқ-пухта гавдали, бодом қовоқ ва қуюқ қора қошли, кийиниш-туришидан ўртаҳол зиёлига ўхшаш киши тушди. Келиб, эркаклар билан бирма-бир қўл бериб кўришди, қисқача ҳол-аҳвол сўрашган ҳам бўлди-да, кейин кутилмаган бу ташрифдан ажабланиб турган Мумтозга:

– Мени кечиринг, бек ака. Бемаврид келиб қолдим чоғи, – деди.–Сиз мени танимайсиз. Мени отим Эргаш, дезинфекция истансасида началник атдил кадир бўлиб ишлайман…

– Хўш, хизмат? – таъби хиралашган Мумтоз энди енгил тортиб сўради.

– Менга жаноб Беҳбудхожа керак эдилар…

Эргаш бу гапни айтиб улгурмай, машина кабинасидан уни кўриб қолган Беҳбуд ўзини пастга отди:

– Э-э, бародари ман, бародари ман!

Икковлари қуюқ кўришишди. Маълум бўлишича, Эргаш деганлари ўша, Беҳбуднинг машинасига чегара божхонасидан ўтириб келган киши экан. «Туркманистонга бир дўстимникига тўйга борувдим. Қайтишда Беҳбудхожанинг машинасида келдим. Танишиб қолдик,–дея Эргаш ўзича тушунтира кетди Мумтозга.–Мана, бугун уни бир кўриб қўяй, деб келдим. Фабрикага ўтсам, Қўрғонда мебель туширишяпти, дейишди. Менам қизимга битта гарнитур олмоқчи эдим…» Мумтозга бу одам хуш келмади. Унинг гоҳ ўртада нима гап бўлаётганига ҳайрон боқиб, жим туришган хорижий меҳмонларга, гоҳ юк ортилган «КамАЗ»га синчков назар ташлаб қўяётганини сезиб турарди. Балодан ҳазар, дея ҳар эҳтимолга қарши Эргашга мулойимроқ жавоб қилди:

– Танишганимиздан хурсандман, Эргашбой. Сизга гарнитур керак бўлса, эртага мебель дўконимизга ўтинг. Ҳаммасини ўша ерга туширганмиз. Бу ерга келтирганимиз мен учун аталган…

– Хўп бўлади, бек ака, – қуллуқ қилди Эргаш.

– Агар рухсат берсангиз, Беҳбудхожани бир меҳмон қилиб қўяй, дегандим…

– Беҳбуднинг изми ўзида. Дарвоқе…

Мумтоз жаноб Қутбиддинга бу одамнинг кимлигини ва бу ерга нима мақсадда келганлигини русчалаб тушунтирган бўлувдики, у Беҳбудга форсийда: «Мен сенга сафарда бегоналар билан тиллашма, деб тайинлаганман. Ҳозироқ хобгоҳга қайтиб, ҳамроҳларинг билан бирга бўл. Уч-тўрт кун ичида юк бўлиб қолади, унгача жаноб Мумтозбекнинг измидан чиқмайсанлар», деган гапларни қилди.

Беҳбуд «Итоат соҳиб, итоат» дея қуллуқ қилди-да, Эргашдан узр сўраб ўз машинасига бориб ўтирди. Кейин сигнал берди. Олдинда «Москвич», унинг ортидан Беҳбуд билан Шорайимлар жилишди. Улар кетишга кетди-ю, бироқ Мумтознинг кўнглида яна алланечук ғашлик асорати қолди. Ҳануз Эргашнинг шубҳали ҳаракатлари жонланиб тураркан, ўзича: «Қитмирлик қиляпти. Унга ҳеч қандай мебелнинг кераги йўқ. Беҳбудни бекорга қидириб келмаган. Ё товламачи, ё айғоқчи…», деган хулосага келди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации