Текст книги "Тахмина"
Автор книги: Солих Каххор
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 23 (всего у книги 34 страниц)
V
Ҳаёт Мирзамат кулолни тайинланган жойга оёғини ерга теккизмай олиб келди. Кеча кечаси қўшнисининг тўйида ўқланган арақ бормиди, пивомиди ё виномиди, дуч келганини аралашига бўкиб қолгунча ичганидан боши тарс ёрилай дер, оёқлари мажолсиз, тиззалари дир-дир титраб, кўз олдини қоронғулик босиб борарди. Ҳаёт уни машинадан тушириб, қаҳвахона эшигига етакларкан, ичкаридан димоғига спирт ҳиди урилиб, кўзи оз-моз равшан тортгандек бўлди. «Хайрият, омон қоламан чоғи», хаёлидан ўтказди у ва Ҳаётга бир ниманинг илинжида мунгли, илтижоли боқиб қўйди.
Уларни ичкарида бир ўрис йигит қарши олди. Ҳаётга: «Шу одамми?!» – дегандай боқувдики, у боши билан «Ҳа» ишорасини қилди ва «Мен чиқиб кетаверайми?», деб сўради.
– Йўқ, биз билан қоласан, – деди кутиб олувчи ўз тилида.– Бу одам ўрисчани билмаса, бизга тилмочлик қиласан.
Кейин у икковини ўзи банд қилиб қўйган стол томон бошлади. Ўтириб нафас ростлагунча ҳам бўлмай, кулолнинг вужудидан буғланаётган бадбўйликни ва унинг рангу аҳволини кўриб, ҳалиги нотаниш киши дарровгина буфетдан бир шиша пивою юз грамм арақ келтирди.
– Давай, вмажь, пахан. А то помрёшь…
Кулол арақни шоша-пиша кўтариб, ортидан пиво симираркан, гўё қуриб-қақшаб қолган томирларига қон югургандек, бир зумдаёқ одам бўлди-қолди. «Ўрисга етадигани йўқ, – хаёлидан ўтказди у. –Бундай пайтларда одамни яхши тушунади…»
Бу ерга ўзини нима учун олиб келишганидан мутлақо бепарво кулол шу аснода ана шу ўрис йигит билан улфатчилик қилгиси келиб қолди. Лекин анави, қаршисида кулолнинг аҳволига масхараомуз боқиб ўтирган ҳайдовчи йигит ортиқча бу ерда; маишатнинг белига тепиши аниқ. Шу боис ҳам у шериклари учун сира кутилмаганда соф ўрис тилида деди:
– Вот что, братан. Переводчика нам не понадобится. Ты отпусти шофёра, пусть в машине посидит.
Ўрис йигит «янгилик»дан қойил маъносида бош қимирлатиб, «Молодец, пахан. А вот я по-узбекски бум-бум»– деб қўйди. Кулол ана шунда тушунди: бу йигит россиялик меҳмон, демак, чўнтагида пули кўп. Лекин унинг мўлжали амалга ошмади. Ўрис йигит Ҳаётга жавоб бермади, кулолни бошқа сийламади ҳам. Негадир унинг нимжон елкасига оғир қўлини ташлаб, мақсадга кўчди:
– Биз бу ерда бироз бирга бўламиз. Сен кўча томондан кўз узмай ўтирасан. Анави сариқ бино олдидаги майдончага ҳали-замон иномарка машина келиб тўхтайди. Эҳтимол, «Нексия»да келишар. Мен уни сенга кўрсатаман. Сен ана шу машинадан тушувчи одамларни синчиклаб кузатасан. Улар орасида… сенга таниш бирон киши бормийўқми, шуни аниқлаб берасан. Масалан, дейлик, Қумқўрғонга Акмални сўроқлаб борганлардан…
«Акмал» сўзини эшитиб, кулол анча ҳушёр тортди. «Булар ўзи кимлар? Нега мени жанжалга тортишяпти?» – деган саволлар энди унинг миясига урилди.
– Оставь меня в покое, – деди у ўрис йигитга. – Я человек пожилой. Не надо меня втягивать в чужие скандалы.
– Бас қилинг, – унинг сўзларини чўрт кесди Ҳаёт. – Сиз бу ерга Тахмина бонунинг буйруғи билан келиб ўтирибсиз.
Шундан кейингина Мирзамат кулол гап нимадалигини ғира-шира эслагандек, «маъқул» маъносида бош ирғади ва ўрис йигитга мурожаат қилди: – Пиво неси…
Бу пайт Кинг-Конгнинг идорасида ҳам меҳмонларни кутиб олишга тайёргарлик борарди. Ҳар эҳтимолга қарши хўжайиннинг хонасига икки кишилик ва қўшни хонага эса тўрт кишилик стол тузаб қўйишди. Мезбонлар назарида ҳамма нарса кўнгилдагидек муҳайё этилган эди. Фақат Кинг-Конгнинг таъбини бирмунча хира торттирган нарса шу бўлдики, ҳалиги кар-соқов фаррош аёл ҳамон идорада уймалашиб юрар ва стол тузалган хоналарга қайта-қайта бош суқиб, дуч келган нарсани қайта-қайта «артиб-тозалаб» чиқарди. Ҳар гал хўжайинга рўпара келиб қолганда эса: «Бу ишларни ўзим кўнгилдагидек қилмасам, бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайди», демоқчи бўларди шекилли, астойдил чуғур-чуғурга тушиб кетар ва шунда Кинг-Конг юзига қон тепиб: «Бас, бас! Сеники тўғри, йўқол!» – дея ундан зўрға қутуларди. Ахийри, Кинг-Конг яна Шовулни зуғумга олди:
– Ҳов, гап уқмас! Мен сенга манави аёлнинг айтганини бер-да, бугунча кўзимдан даф қил, демабмидим?! Ё бўлмаса, мен бу ердан чиқиб кетайин-у, меҳмонларни ана шу саришта хоним икковинг қабул қилиб олларинг, хўпми?!
Шу пайт улар қаршисида яна пайдо бўлиб қолган фаррош аёл гап нимадалигини тушунмасдан хўжайинга хушомад ўрнида: «Сенинг гапинг тўғри», деган маънода унга калласини ликиллатиб, бош бармоғини «Во!», деган маънода тик қилиб кўрсатувдики, Кинг-Конг, ниҳоят, ақлдан озган одамдай қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
– Вой-вой, бу аёл мени ўлдиради. Бошимга битган бало қилиб худо юборган буни!– Кинг-Конг шундай дея, иккала қўли билан қорнини чангаллаганча ўз иш кабинетига кириб кетаркан, Шовул аёлни имоишоралар билан «нарироқ тур» дегандай қилиб, кейин ўзи хўжайиннинг ортидан кирди-да, оромкурсида букилиб ўтирган, икки бети қонталаш Кинг-Конгнинг ҳовурини пасайтириш пайида бўлди:
– Кўнглингизга олманг, хўжайин. Худо урган бир заифа хизматимизни қилиб юрипти-да орамизда. Ўзи чинданам бугунги супур-сидир, куйдирпишир, югур-югурда кўпроқ шу бечора асқотяпти. Мен ҳали топшириғингиз билан унга пул бердим. Бугун жиянининг туғилган куни экан. Идорамизга меҳмон келишини англаб қолиб, ўша пулнинг ҳаммасига бир қучоқ гул олиб келиб, хонангиздаги катта гулдонга жойлаб чиқипти. Шунгаки ақли етибдими, ундан хафа бўлиш ножоиз, менимча.
Шу чоққача унинг сўзларини сабру тоқат билан «миқ» этмай тинглаб ўтирган Кинг-Конг бирдан портлаб кетди:
– Энди куним шу соқовнинг гулига қолдими?! Ҳозироқ чиқиб унга тушунтир, гулини кўтарсин-да, кўзимдан йўқолсин! Анави «Шаҳло»дан официантка чақир!
– Ҳай, ҳай, ҳай. Ўзингизни босинг, хўжайин. У ҳалиям гулини бу ерда қолдирмайди. Меҳмонлар кетишгач, уйига олиб қайтади. Бу–бир. Иккинчидан, мен ҳозир унга бу ердан йўқол, деб тушунтирсам борми, кейин кўрасиз томошани. Меҳмонлар олдида шарманда бўласиз. Бу–икки. Учинчидан, қўшни кафедан официантка чақир, дейсиз. Наҳотки шундай нозик, деловой учрашувга бегона одам гувоҳ бўлишини истайсиз?
Кинг-Конг қовоғини уйганча бир дам жим ўтирди-да:
– Бўпти, бўпти, – деди. – Сен жуҳуднинг билганинг билган. Фақат шундай қилки, учрашув чоғида бизга қорасини кўрсатмасин. Нимаики хизмат лозим бўлса, ўзинг билан Любаша бажаради. Йигитларимизни ҳам тек қўйинглар, уларнинг ўз ишлари бор.
…Кутилган меҳмонлар ўз вақтида етиб келишди. Бу ерда амал қилувчи қоидага кўра, меҳмон кутиб олиш учун ҳеч ким идорадан ташқарига чиқмайди. Майдончага келиб тўхтаган эски моделдаги «Жигули»дан куз ҳавоси очиқ ва анча илиқлигига қарамай қалинроқ кийинган, қора шляпаси ва қора кўзойнаги бетининг деярли ярмини тўсиб турган новча бўйли, ориққина, қўлига ҳасса тутган кексароқ бир киши чиқди. Аниқроғи, олдин ҳайдовчи (у ҳам қора кўзойнак таққан, қора чарм курткада, қуюқ малласочли, чорпахилдан келган, ҳаракатлари чаққон йигит) тушди. У тезда машинанинг ўнг томонига айланиб ўтиб, ҳалиги одамнинг машинадан тушишига кўмаклашиб юборди. Кейин икковлон ён-атрофга эътибор бермаган ҳолда олдинма-кетин ичкарига кириб кетишди. Уларни зимдан кузатиб турган киши бу идорага бирон юмуш билан келган оддий мижозлар деб ҳисоблаши аниқ эди.
Бироқ, ҳув нарироқда, йўлнинг нариги бетида «Жигули» билан изма-из келиб тўхтаган қоп-қора «Мерседес»дан ҳеч ким пастга тушмади. Машинанинг барча ойналарига қуюқ қора тон берилганидан, ичкарида неча киши борлиги-ю, улар нима қилиб ўтиришганини билмоқ амримаҳол эди.
Меҳмонларнинг пайдо бўлиши ва ташқаридагилар нигоҳидан ўчиши шунчалик тез ва кутилмаган ҳолатда юз бердики, «Шаҳло»да кўз-қулоқ бўлиб ўтирган ҳалиги учала танишимиз ҳеч нимага улгурмай қолишди.
– «Жигули!». Ичкарига кириб кетаётганларга қара! – саросима билан буюрди ўрис йигит кулолга.
– Ну ты даёшь! Мен уларни орқасидан қандай таний?– гапни салмоқлади қайтадан ширакайф бўлиб олган кулол. – «Нексияпексия» деб ўтирмай, олдинроқ айтсанг бўлмасмиди?
Ўрис унинг гапига эътибор бермади. Чўнтак телефонини олиб, ён-атрофдан эҳтиётроқ оҳангда ким биландир боғланди:
– Осечка. Встречный вариант!
У ёқдан чала ўрисча жавоб бўлди:
– Ничево. Ты ему номер три фото покажи.
Ўрис энди ички чўнтагидан бир нечта сурат чиқарди ва улар орасидан орқасига «№3» деб ёзилганини кулолнинг олдига қўйди:
– Танийсанми?
Кулол хумкалла, жингалак малласочли, тиржайиб турган тиллатишли йигитни суратидан дарров таний қолмади.
– Қаердадир кўргандекман. Эҳтимол, бирон пивнушкада улфатчилик қилгандирмиз…
– Сен уни Мумтознинг ўт кетган уйида кўрганмисан? Акмални сўроқлаб борган одам шу эмасми?
Кулол ниҳоят уни эслади. Ҳа, худди ўзгинаси. Лекин ёмон одамга ўхшамаганди, сволочь. Кулолга ҳатто машинасидан «Мозорбости. Дуо қилиб ичасиз», дея яримта «Жириновский» ароғидан чиқариб берувди ўшанда. Энди буёғи қандоқ бўлди?
– Эслолмаяпсанми?
– Эсладим, – деди кулол суратини ўрисга қайтариб. – Акмални сўроқлаган одам шу эди.
… Эски қадрдонлар ичкарида қучоқ очишиб, оғиз-бурун ўпишиб кўришдилар. Кинг-Конг Истамнинг қўлтиғидан олиб, уни ўз хонасига етаклади. Унинг тансоқчиси Маллани эса (биз уни шундай деб атаб қўя қолайлик) мезбон йигитлардан энг бақуввати, буқадек биққи, Бойўғли лақаблиси тўрт кишилик зиёфатхонага етаклади.
– Хуш келибсиз, Истамбек жаноблари. Бугун сиз билан учрашганимдан беҳад хурсандман,– деди Кинг-Конг қадаҳларга коньяк қуйиб. – Қани, марҳамат, дийдорлашганимиз учун!
Фарғоналик меҳмон унга миннатдорчилик билдириб, бугунги учрашувдан ўзининг ҳам хурсандлигини изҳор қилди ва қўлидаги қадаҳни яримлатиб стол устига қўяркан, Кинг-Конгнинг сигарет тутатаётганидан фойдаланиб, хона ичига пинҳона назар солиб қўйди. Бу–унинг одати. Қаерда бўлмасин–меҳмондами ё амалий учрашувлардами, бари-бир янги қароргоҳ ичига қизиқувчан назар ташлаб қўяди. Бу нарса унга бундан йигирма йилларча бурун, меҳмонхонада яширин видеокамера ўрнатилганидан бехабар, катта бир аҳмоқчиликка йўл қўйиб, оқибатда беш йил ўтириб чиққанидан сўнг одат тусига кириб қолган. Мана энди сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деганларидек…
– Янглишмасам, Тошкентга келмаганингизга ҳам уч-тўрт ой бўлди чоғи?–Истамнинг бир оёғи шу ерда эканлигидан яхши хабардор бўлсада, бу саволга жавобан нима дейиши билан қизиқиб, жўрттага ўзлари охирги марта учрашган вақтга ишора қилиб сўради Кинг-Конг.
Бироқ меҳмон ҳам анойилардан эмас. Мезбоннинг бу савол билан ниманидир ойдинлаштириб олиш мақсади борлигини дарҳол сезди. Жавоб қайтаришга шошмади. Олдидаги коладан фужерни тўлдириб симирди-да, кейин жўрттага: «Йўл ташналиги қурсин», деб қўйди ва меҳмоннинг ортиқча илтифотини ҳам кутмай, олдидаги каклик кабобни майдалашга уннаркан, ниҳоят саволга жавоб қайтарган бўлди: – Унчалик эмас, дўстим. Бироқ ким билан қачон юз кўришиш ҳам насибга боғлиқ экан.
– Тушунаман, тушунаман, – деди Кинг-Конг қадаҳларни қайта тўлдираркан. – Лекин ўзимиз кам кўришсак-да, абжир йигитларимиз ҳарҳолда топшириқларни ими-жимида бажариб туришипти.
Истам ичида бир сесканиб олди. Бу баттол нимага шама қиляпти? Ҳойнаҳой, гап ҳозир йигитларимиз орқали амалга оширилаётган операциялар хусусида эмас, чунки бу масала иккала томонга шусиз ҳам кундай равшан. Хўш, шундай экан, «ими-жимида» дегани нимага алоқадор бўлсайкин? Бирон ниманинг ҳидини олган бу туллаки ит. Истам ўзини бу гапга эътибор бермаганга олди. Қадаҳни яна яримталаб, бафуржа газак қилган бўлди-да, кейинги гапни бошқа ўзанга бурди:
– Ҳар ким ўз мўлжали ва шунга яраша ташвишлари билан яшайди. Гарчи сиз фарғоналик дўстларингизни умуман йўқламасангиз ҳам, биз бундан асло гина-кудурат қилмай, яна ҳамиша ҳузурингизга ошиқамиз. – Тўғри, тўғри, – унинг сўзларини бўлди Кинг-Конг. – Бу ёғига биз қарздормиз. Эшитишимча, яқин орада невара ўғилни уйлармишсиз. Мабодо эсдан чиқмасак, Фарғона тўрт қадамлик йўл… Истам ҳайратга тушди. Невара тўйи ҳақидаги маслаҳат бундан атиги бир ҳафта бурун, Фарғонадаги ўз яқинлари орасида, ўта тор даврадагина бўлиб ўтувди. Қандай қилиб бу маълумот Кинг-Конгга етиб келган? Демак, одамларим орасида икки томонга ишловчи каламуш ҳам йўқ эмас…
Кинг-Конг унинг юзида, овозида, хатти-ҳаракатида зоҳир бўлувчи энг оддий ўзгаришларни ҳам назардан қочирмай борарди. Бу қари тулкининг Акмал фожиаси билан боғлиқ жойи борми-йўқлиги ва албатта, бугунги амалий мулоқотнинг «шоҳмот ўйини»га қандай янги найранглар билан келганини бироз бўлса-да, англаб олишни истарди. Истам ҳам ўз ўрнида ҳушёр ва оғир тош бўлиб ўтирар, сен шохида юрсанг, мен баргида юраман дегандай, Кинг-Конгнинг ҳар бир сўзи ва шамасидан тегишли хулоса чиқариб олишга, у билан мулоқотда устунликни қўлдан бермасликка уринар эди.
– Невара ўғилни уйлаш ниятимиз бор, албатта. Бироқ ҳали келин танлаганимизча йўқ,– деди Истам жўрттага тўйга ҳали узоқ, дегандек қилиб.–Сизга хушхабарни анча эртароқ етказишибди. Шояд, фаришталар омин, деб юборган бўлсалар. Унда сиз тўйхонамнинг тўрида бўласиз, дўстим Борис…
Истам бу гапи билан бир йўла иккита нишонни урмоқчи бўлди. Биринчидан, мени калтафаҳм ҳисоблама, айғоқчининг борлигидан хабардорман, деган маънони англатиб қўймоқчи бўлса, «Борис» лақабли сендек оддий бир келгинди мен билан тенг ҳуқуқли дўст бўла олармиди, деб қўймоқчи эди.
Кинг-Конг уни тушунди. Шу ўринда ҳазил йўсинда: «Менга ҳатто ким билан қуда тутинганинг-у, тўй қачон бўлиши ҳам аён», дея бир уни «бурчакка қисиб» қўймоқчи ҳам бўлди. Лекин аллақандай мушоҳадага бориб, бу ҳақда қайтиб оғиз очмади.
Кинг-Конг сабрсизлик билан Любашанинг: «Бирон хизмат борми?», деган мазмунда ичкарига кириб келишини кутмоқда эди. Келишиб олингандек, Любаша қўлида бир дона чиннигул билан кўриниш беради. Агар чечак оқ бўлса, гумон тасдиқланмаган, яъни кулол айтган малласоч одам Истамнинг йигити эмас. Бордию гул қизил бўлса, гумон тўғри чиққан, яъни Акмални сўроқлаб борган ўша малласоч ҳозир Истам билан бирга келган йигитнинг ўзи…
Шу пайт Истамнинг ён телефони жиринглаб қолди. Кинг-Конг бу хархашага ўзини мутлақо эътиборсиз кўрсатиб, ўрнидан турди ва бориб, хона эшигидан Любашани чақирган бўлди.
Истамга қилинган телефон қўнғироғи эса ташқаридаги «Мерседес»дан эди. Тайинланган махсус топшириқ бўйича хўжайинга пастроқ товушда қисқа ва аниқ маълумот берилди:
– Кузатув бор. Тахминанинг машинаси турипти. Қаҳвахонада уч киши ўтирипти. Шофёр, кулол ва «меҳмон». Атрофда тинчлик.
Истам уларга жавобан индамади. Телефонни чўнтагига солди ва гўё ҳеч нима рўй бермагандек ўзини хотиржамликка олиб, олдидаги фужердан яна кола симирди. Бироқ унинг ичига ғулғула тушганди. «Демак, ҳалиги «ими-жими»нинг тагида гап бор экан, – кўнглидан ўтказди у. – Булар малланинг ҳидини олишган! Уни кузатишяпти. Акмал учун ўч олиш Кинг-Конгнинг зиммасига юкланган, буниси аниқ. Ҳойнаҳой, маллани ўзим билан бирга олиб келиб хато қилибман. Йўқ, аксинча. Ҳар сафар бирга юрган одамим бу гал кўринмай қолса, буларда шубҳа ошади. Майли, ҳозирча хотиржамлик зарур. Бу ҳақда холироқ, бошқа жойда ўйлаб кўрамиз…»
Остонада бир қучоқ олов бўлиб Любаша пайдо бўлди. Истам унга ҳатто қиё ҳам боқиб қўймади. Аксинча, мана неча йилдирки, у аёл зотини, айниқса, чиройли-чиройли аёлларни, гулгун-гулгун қизларни кўрганда юзини терс ўгиради. Кўрмайин ҳам, куймайин ҳам, дейди. Аслида ич-ичидан зил кетади, ўз тақдирига лаънатлар ўқийди. Бир вақтлар қанчадан-қанча нозанинларни, париваш рухсорларни анордек сиқиб, сувини ичиб юрган одам муддатидан олдин, эрта куннинг ёруғидаёқ «ҳеч нимага ярамайдиган» ногирон бўлиб ўтирса, бундан ортиқроқ хўрлик борми эркак зоти учун?!
У ўшанда, қандай қилиб ёлғиз ўзи, яна ўлгудек маст ҳолатда интиқом ўтида ёниб юрган навқирон Акмалнинг қўлига тушиб қолгани учун ўзини ҳеч қачон кечиролмайди. Акмал уни ётқизиб олиб, фақат бир жойига… тепаверди, тепаверди. Ичига қон қуйилиб, ўлиб қолай дегандагина унинг юзига бир тупурди-да, кейин кўздан ғойиб бўлди. Тўғри, Акмални тез орада милиция қўлга туширди, суд қилишди, қаматиб юборишди. Лекин Истам ўша-ўша ногирон бўлиб қолаверди. Турган гап, у Акмални унутолмади. «Мен-ку унча-мунчани кўриб, кейин ногирон бўлиб қолдим. Лекин сен ҳали ҳеч вақони кўрмай туриб, йигитликдан маҳрум бўласан!» – Истам ана шундай қарорга келган эди. У ўз муддаосига Акмал қамоқда эканлигида эриша олмади. Бироқ озодликка чиққанидан сўнг Тошкентга, онаси Сурайёнинг ёнига кетганини эшитиб, ортидан одам қўйди. Бу ишни бошқариш Малла бошлиқ гуруҳ зиммасига юклатилган эди. Истам уларга Акмални ўлдиришни буюрмаган, фақат худди ўзи каби униям бир умрга ногирон қилиб қайтишларини тайинловди. Лекин гиёҳвандликка ружу қўйган гуруҳ ўша тун бошқачароқ иш тутди. Ишни изсиз бажариш ва бундан сўнг ортиқча ташвишлардан холис қолиш мақсадида Акмални гўё «ўзини ўзи осиб қўйган»га чиқариш режасини амалга оширишди. Тўғри, ўша фожиали тун шаҳардан бетоброқ қайтиб, уйда танҳо ўзи иситмалаб ётган Акмал ҳам кутилмаган ҳужумга имкон қадар қаршилик кўрсатди. Қотиллардан бирининг боши, иккинчисининг жағи ёрилиб қайтишди. Боши ёрилгани қайта одам бўлмади, ҳозир жиннихонада ётипти…
– Лаббай, жаноб директор! Менга бирон хизмат борми?
Жойига келиб ўтириб, анор кесаётган Кинг-Конг қўлида бир дона қизил чиннигул билан остонада пайдо бўлган Любашага жавобан индамади. Жўрттага: «Бирон нима буюрасизми?» – дегандай қилиб, Истам билан кўз уриштириб олди. Бироқ бу кўз уриштиришдан асосий мақсад, «Гапинг бўлса гапир, ҳезалак!» деган маънога ишора қилиб қўйиш эди, холос.
Истам пинҳоний бу ҳақоратни англаб етди. Аламини ичига ютиб, базўр: «Ҳеч ниманинг кераги йўқ», деган мазмунда бош ирғаб қўйди. Шошма, ҳали сен билан ҳам ҳисоб-китоб пайти келар, кўнглидан ўтказди у.
– Қаҳва келтир, – Кинг-Конг шу баҳона билан Любашани ортига қайтарди.
Истамнинг кўз ўнгида шу чоғ беихтиёр Тахмина жонланиб ўтди. Ҳа, Акмал Тахминанинг юрагида тошдек қотиб қолган армондир. Бир армонки, уни ҳеч нима билан ўрнидан силжитиб бўлмайди. Фақат бирдан-бир йўл, бу армон юки ва захмини оз-моз бўлса-да енгиллатиш йўли билан фақат унинг учун ўч олишдан иборат! Истам буни тушунади. Тахминанинг қотилни топиш учун жувонмарг кетган Акмал ва ўртадаги муҳаббати учун ўз жонини ҳам тикиши аниқлигини билади. Энди наилож, буёғига шўрва катта қозонда қайнамаслиги учун эҳтиёт чораларини кўриб қўйишга тўғри келади, чоғи…
Любаша қайтиб чиқиб кетгандан сўнг, айниқса, Кинг-Конгнинг нигоҳида негадир сезиларли жиддийлик зоҳир бўлганлигини, бироқ у ўзини бир хил тутишга уринаётганини Истам уқиб турарди. Аммо бу ҳақда ҳозир ўй суриб ўтиришнинг асло иложи ҳам, фойдаси ҳам йўқ. Яхшиси, амалий ишларни тезроқ гаплашиб олиб, тезроқ бу даргоҳдан чиқиб кетиш лозим. Қолган ишларни хамирдан қил суғургандек қилиб, усталик билан бажариш имкони ҳам туғилиб қолар, ахир.
– Дўстим Борис, – деди ниҳоят Истам босиқлик билан, хаёлидаги машмаша фикрларни чиқариб ташлашга уриниб,– икковимиз ҳам бир охурдан ем еб яшаётган улоқчи отлармиз, шундай эмасми?
Кинг-Конг меҳмонга бир лаҳза синовчан назар ташлаб олди-да, кейин унинг бу билан нима демоқчилигига қизиқиб: «Шундай десак ҳам бўлаверади», деб қўйди.
– Яхши,–сўзида давом этди Истам.– Шундай экан, улоқ майдонида кимнинг дови қанчалик чопишидан қатъи назар, биз барибир бирбиримизни ғажиб, тепиб ўтмаслигимиз керак. Ўйин қанчалик очиқ ва ҳалол бўлса, умримиз ҳам, ризқимиз ҳам шунчалик баракали бўлади… Кинг-Конг Истамнинг эски одатига кўра мавзуни асосий мақсадга кўчириш олдидан ўзини ёши улуғ, мулоҳазакор ва ҳалол рақиб қилиб кўрсатишга уринишидан яхши хабардор. Бироқ бу «улоқчи» ўз нафси йўлида кези келса, дуч келганини яксон қилиб кетаверишидан, энг тубан ва риёкор одамнинг кўнгли чопмайдиган қабиҳликдан ҳам тап тортмайдиган иблис эканлигини яширмоқчи бўлади.
– Тўғри айтасиз, Истамбек жаноблари, – унинг сўзларини маъқуллаган бўлди Кинг-Конг. – Менимча, кейинги уч йил ичидаги ҳамкорлигимиз бу фикрингизни аниқ-равшан исботлаб турипти. Биз энди фақатгина умумий иш бўйича эмас, балки чиндан ҳам ўзаро ҳурмат ва оқибат кўрсатиб яшаётган оға-инилармиз. Шу боис ҳам бизнинг ўртамизда бирор-бир шубҳага асло ўрин бўлмаслиги лозим… Истам шубҳага ҳар қандай ўрин борлигига ишонса-да, ҳозир бироз енгил тортгандай бўлди. «Эҳтимол, унчалик ваҳимага ҳожат йўқдир, – хаёлдан ўтказди у. – Лекин барибир эҳтиёт шарт». Шу тоб Истам Кинг-Конг билан бу галги учрашувига пухта тайёргарлик кўриб тўғри иш тутганига хурсанд бўлди. Сезилиб тургандек, Кинг-Конг томонидан ҳам, эҳтимол назорат идоралари томонидан ҳам кузатув бўлмаслигига ким кафолат беради?
Икковлари яна биттадан қадаҳ бўшатиб, ноз-неъматлардан бироз тотинган бўлишди. Истам, ниҳоят, асосий мақсадга кўчди:
– Узоқларда иш қандай бораётганини билмоқчийдим…
– У томонларнинг кафолати ҳам, ҳар қанча инжиқлиги ҳам бизнинг гарданимизда, Истамбек жаноблари,– хотиржам жавоб берди Кинг-Конг.–Мени ҳозир бугунги таклифларингиз қизиқтириб турипти. Сиз ҳеч нимадан хавотир олмай, бемалол муддаога ўтишингиз мумкин. Истам оз-моз мушоҳадага бориб, кейин сўз қотди:
– Порошок бор, эллик пачка. Аввалги упаковкадан. Сифат кафолати юз фоиз. Гарчи вазиятлар оғирлашиб, сарф-харажатлар анча ошиб кетганлигига қарамай, мен сизга ўша, аввалги нархида бераман.
Кинг-Конг ичида ниманидир чўтлаб олгунча сукут сақлаб олдида, кейин жавоб қилди:
– Маъқул. Оламиз. Фақат уёқ-буёғимизни йиғиштириб олгунимизча, бизга беш-ўн кун вақт керак бўлади…
– Узоқ кутолмаймиз, – деди Истам, беш-ўн кунлик вақт «Кинг-Конг учун уёқ-буёғини йиғиштириб олишга» эмас, балки бошқа мақсадлар учун керак бўлишидан чўчиб. – Мен бугун хорижга жўнаб кетяпман. Икки-уч кунда қайтаман. Ўшангача муомалага тайёр бўлиб турсангиз, мол сизники.
Кинг-Конг розилик билдиришга мажбур бўлди.
– Дарвоқе, ўтган сафаргидан қолган ўттиз минг «кўкат»ни ҳам олиб қайтмоқчиман, – илова қилди Истам.
– Гап йўқ. Мабодо нишонга етолмасам, кемтикни қайтадан ямаб қўяверамиз, деб ишонаман. Ахир биз бегона эмас, ҳали ўзингиз айтгандек, бир охурга боғланган биродарлармиз…
Истам истеҳзоли жилмайиб қўйди.
– Бўпти, бўпти. Бу ёғи сизнинг хулқингизга боғлиқ, – деди у ва қаршисидаги қадаҳни қўлига олди. – Энди манавини бўшатиб қўяйлик. Кейин… сизга айтадиган бошқа гапим ҳам бор.
Кинг-Конг қадаҳни бўшатиб, сигарет тутатди. У Истамнинг «бошқа гап»ини босиқ ва бепарво қиёфада қарши олмоқчи бўлди.
– Гап бундай, – деди Истам овозини хийла пастлатиб, – Тошкентга келтирилиши лозим бўлган бир юк бор. Биз бу юкни сотиб олмаймиз ҳам, сотмаймиз ҳам. Вазифамиз уни қабул қилиб олиб, маълум муддатга сақлаб бериш ва талаб қилинганда, ўз эгаларига қайтаришдан иборат, холос. Шунинг ўзигагина оғзимизга сиққан миқдорда хизмат ҳақи оламиз. Гап жуда катта маблағ устида кетяпти.
Истам Кинг-Конгнинг юзида бирон ўзгариш юз берадими-йўқми, назардан қочирмай гапирарди. Суҳбатдошининг «қилт» этмай ўтирганини кўриб, сўзида давом этди:
– Албатта, бундай хизматга шай одамлар Тошкентда йўқ эмас. Бироқ шу замонда ҳаммага ҳам ишониб бўлавермайди. Сиз… синалган дўстимизсиз. Сиздаги тажриба ва имкониятлар ҳам биз учун айни муддаодир.
– Бу юк нималигини билсам бўладими? – гап нима ҳақида кетаётганини сезаётган бўлса-да, ўсмоқчилаб сўради Кинг-Конг.
– Албатта. Лекин олдиндан айтиб қўяй. Мабодо бу масалада келиша олмасак, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверади.
– Хотиржам бўлинг.
– Гап қурол-яроғ устида боряпти.
Ўртага оғир жимлик чўкди. Кинг-Конг бир дам хаёл суриб ўтирдида, вазминлик билан жавоб қайтарди:
– Афсуски, бу таклифингизни қабул қилолмайман, Истамбек жаноблари…
Меҳмон тишини-тишга босганча, чағир кўзлари беихтиёр қисилиб, сезиларли титроқда деди:
– Ҳм.. Шундоқ денг? Хўш, нима учунлигини билсам бўладими? – Нима десамикин? Мен… ким бўлишимдан қатъи назар, ўзбекман… – Тушунмадим. Сиз нима, мени ўзбек эмас, бирон-бир чулчит деб ҳисоблаяпсизми? – аламли тиржайди Истам.
– Хафа бўлманг. Мен ўзим ҳақимда гапиряпман.
– Тушундим, тушундим. Бундай ишларга ватанпарварлик туйғуларингиз йўл бермайди, шундайми?
– Шундай десак ҳам бўлаверади.
Истам оғиз очмай кулиб қўйди.
– Бу гаплар… тинчгина юриб, маоши ҳисобига яшаётган одамларга ярашади, дўстим.
– Шундайку-я, ўзи буёғиям етарли бўлиб турганда…
– Бўлди, бўлди. Гапни чўзмаймиз, – унинг сўзларини чўрт кесди Истам. – Хулласи калом, масала ёпиғлигича қолаверади, шундайми? – Шундай. Бу ҳақда сиз гапирмадингиз – мен эшитмадим,нечундир енгил тортиб, суҳбатдошини ҳам тинчлантиргандек бўлди Кинг-Конг.