Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 30

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 30 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XIV

Кинг-Конг билан «соқов» аёл ўртасидаги кулгили ихтилофлар гувоҳи бўлмиш «олтин соққа»чилар бугун эрталаб ҳайратдан лол қотишди. Айниқса, кечаги «урди-сурди»дан кейин энди бу ердан оёғини узиши лозим бўлган фаррош гўё ҳеч нима рўй бермагандек хотиржам ва хушҳол кириб келди ишхонага. Ҳатто одатига хилоф ҳолда, у бугун бироз пардоз-андоз ҳам қилволган, уст-бошиям анча оҳорли эди.

Аслида, биз учун маълум бўлган милиция катта лейтенанти Дилшода хўжайин учун қаҳва тайёрлашга уннаб турган Любаша билан ҳам, бармоғидаги олтин узукни обдан «куф-куф»лаб артиб ўтирган Шовул билан ҳам ҳар кунгидек «йигитчасига» қўл ташлашиб сўрашди. Ўзича нималарнидир жувирлаб, улардан ҳол-аҳвол сўраган бўлди-да, кейин қўли билан бошлиқнинг эшиги томон «Ўзидами?»–деган маънода ишора қилди.

Унга жавобан Шовул ҳам имо-ишора билан: «Ҳа, ўзида. Лекин сен унинг олдига кира кўрма», дея тушунтирган бўлувдики, Дилшода бунга парвойи фалак, ўтирганлар «ҳай-пай» дейишга улгурмаёқ Кинг-Конгнинг хонасига кириб кетди.

– Капут, – деди Шовул. – Кинг-Конг энди уни ғажиб ташлайди! – Очень жаль,–илова қилди Любаша.–Соқов бўлсаям, яхши аёл эди…

Улар нафас ютишиб беш дақиқа, ўн дақиқа кутишдиямки, жимжитлик эди. Шундан сўнг Любаша Шовулга елка қисганча ажабланиб қараб қўйди-да, шошиб бориб хўжайиннинг эшигини итариб кўрди. Эшик ичкаридан маҳкам эди. Энди қулоқ тутиб кўрди, бирон-бир товушдан асар ҳам йўқ.

– Тиригича ютиб юборганга ўхшайди.

– Нималар деяпсан, дўндиқ,–ваҳима билан сўради Шовул,эсингни едингми?!.

– Ҳаммаёқ сув сепгандек…

– Ўтир жойингга. Конечно, бирон нима қиладиган одам бундай пайтда шовқин-сурон чиқариб ўтирмайди. Тем более Кинг-Конг. Но тут, по моему, дела идут иначе. Охири бахайр бўлсин.

Орадан яна бироз фурсат ўтибгина, сира кутилмаганда ичкаридан фаррош аёл ҳамон ўша хушҳол чеҳрада чиқиб келди. Шошилиброқ ташқари томон йўл оларкан, ўтирганларга: «Мен ҳозир қайтаман», деган маънода ишора қилиб қўйди.

Шовулнинг юраги орқасига тортгандек бўлди. Соқовнинг эгнибошига, қўлларига боқиб қўйди: «Ишқилиб, Кинг-Конгни бирон бало қилиб чиқмаган бўлса!»

Любаша хўжайиннинг хонасига ўқдек отилиб кирди. Кинг-Конг ўз ўрнида, фақат афтидан – икки бетига қон кўпчиб тургани, ўнг қўли билан иягини эзғилаб ўтирганидан кайфияти жойида эмаслиги аниқ эди. «Момақаймоқ»нинг ҳамиша эшикни ичкарига оҳиста очиб, ипакдек мулойим, эшилиб кириб келишига одатланган Кинг-Конг бу гал унинг ранги қув ўчган ҳолда хонага шамолдек урилишидан бадтар тутоқди: – Нима гап ўзи?

– Мен… Соқов…

– Ҳе ўша соқовингни…

Любаша қайтиб чиқиб кетишниям, кетмаслигиниям билмай қолувдики, Кинг-Конг унга буюрди:

– Зудлик билан Чаманникига ўт. Бугун соат ўн бешда Новосибирск самолётини кутишсин. Хўжайинга қўнғироқ бўпти, де. Балхаш оққушлари келишяпти, олти нафар. Унга тайинлаб қўй. Вазият чатоқ. Ҳаммасини пода қилиб уйига ҳайдамасин. Аэропортнинг ўзидаёқ клубларга тарқатиб юборсин. Уқдингми?

– Окей, – деди Любаша ўз одатича, бироқ чиқиб кетишга шошмади. – Бирон нима демоқчимисан?

– Шу гапларни Чаманга телефонда айтиб қўя қолсам-чи?

– Мен сенга ўзинг ўтиб кел, дедимми, вассалом. Бу ерда энди на телефонга, на бошқага, ҳеч кимга, ҳеч нимага ишониб бўлмайди. Любаша Кинг-Конгнинг кечадан буён ажабтовур феъл-атворидан, ҳозиргидек жумбоқли гапларидан янаям ҳайратланиб, лаб қимтиб олди. Кейин журъат қилиб, унга томон юрди.

– Кайфиятинг анча бузуқ. Сенга нималар бўляпти, айиққинам? Кинг-Конг ичида бир хўрсиниб қўйди-да, Любашанинг меҳрибончилигига монелик кўрсатмади. Тиззасига келиб қўниб, бошини қучганча мушукдек эркалай бошлаган дўндиқчанинг уёқ-буёғини эҳтирос билан силаб-эзғилаб, ўпиб-сўриб дегандай, кўнглидаги ғуборлардан бироз енгиллаган бўлди.

– Эркакларнинг бахтига яхшиям сенлар борсан. Бўлмаса, бу дунёда ёрилиб ўлиб қолиш ҳеч гапмас…– Кинг-Конг шундай дея бир дамлик вақтихушликка якун ясади…– Бор энди, капалагим, топшириқни бажар.

– Саволимга жавоб бермадинг. Нимадандир хафасан…

– Бас қил, эсимга солма. Шопирга айт. Тезроқ обориб келсин.

Любаша ундан беозор бўшалиб, таманно билан чиқиб кетаркан, афтидан, бу қизнинг ҳам ичкарида гумдон бўлиб кетганидан ваҳимага тушган Шовул пайдо бўлди остонада. У «эсон-омон» чиқиб келаётган Любашани кўрибоқ ортга бурилмоқчи бўлувдики, Кинг-Конг уни тўхтатди: – Қани, буёққа кел-чи…

Шовул хўжайиннинг важоҳати чатоқлигини дарров сезди. Унга томон юраги увишиброқ яқинлашаркан, Кинг-Конг ўшқириб сўради: – Сен бадбахт, соқовликка қатта ўқигансан?!

– Тушунмадим, шеф…

– Соқовлар билан гаплашишни, деяпман!

Кутилмаган саволдан Шовул бир дам каловланиб қолди.

– Бундан қирқ йил бурун… шунақа мактабда ўқиганман, кейин Бухорои шарифда кар-соқовлар мактабида дарс берганман. Тинчликми, шеф?

Кинг-Конг шу дам аллақайси мулоҳазага бориб, энди ҳалигидан кўра пастроқ оҳангда деди:

– Анави фаррошимиз… туғма кар-соқовми ё кейинроқ бўлганми, шунисини айтиб бер-чи…

Шовул бу савол хўжайинни бежиз қизиқтирмаётганини англади, бироқ нима учунлигини ўйлаб туришга фурсат йўқлигидан дангал жавоб бера қолди:

– Туғма, деб ўйлайман.

Кинг-Конг титраб кетди. Кўзлари қисилиб, тишларини ғижирлатиб олди. Лекин қайси бир андишада ғазабини ичига ютиб, алам билан деди:

– Йўқол… Йўқол кўзимдан! Яҳудийликка ҳам иснод келтирдинг, сен галварс!

Шовул нима гап бўлаётганини англолмай, елка қисганча чиқиб кетишни афзал билди. Хона ичига чўккан сукунат энди Кинг-Конгнинг юрагини кемира бошлади.

– Қандай қилиб?! Қандай қилиб мен, бутун умри эҳтиёткорликда яшаб келган мендайин одам, кечагина тухумдан чиққан бир мелиса ходимининг, яна келиб-келиб бир найрангбоз аёлнинг тузоғига илиниб ўтирибман?! Шунчалар гўл, шунчалар гумроҳ бўламанми!..

Бугун у туни билан мижжа қоққани йўқ. Кеча кечқурунги нохуш воқеалар унинг ич-этини ўйиб, куйдириб чиқди. Милиция бошқармасидаги савол-жавоблару, соқов фаррошнинг ички ишлар ходими бўлиб чиқиши, ночор вазият-у, минбаъд милиция билан ҳамкорлик қилишга розилик бериши ва ундан кейин Малланинг Авазбек бошлиқ тезкор гуруҳ қўлига топшириш «маросими» – барчаси тегирмон тоши бўлиб, елкасидан босиб тушди.

– Ўзбошимчалик билан жиноятда гумон қилинаётган шахсни бунчалик эзиб урганлигинг учун ҳали жавоб берасан, Кинг-Конг, – деди унга Авазбек Маллани милиция машинасига юклашаётганда.

Албатта, Кинг-Конг ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Бу пўписага яраша ўринли жавоб қайтаришга уринди:

– Маллани ким урганлиги номаълум, жаноб капитан. Биз уни шу аҳволда кўчадан топиб олдик. Кўриб турибсиз, ўлгудек маст, арақдан бижғиб ётипти. Қаерда калтакланганини ўзи айта қолсин. Тўғрими Малла, ёки бўлмаса…

Малла Кинг-Конгнинг овозини эшитибоқ қалтироққа тушди:

– Йўқ, йўқ, булар яхши. Булар урмаган…

… Вақт алламаҳал бўлиб қолганига қарамай, Кинг-Конг Тахминага қўнғироқ қилди:

– Ҳаддим сиғиб, бевақт безовта қилаётганим учун афу этасиз, хоним. Бироқ ноиложман, мени беш-ўн дақиқага қабул қилсангиз, ҳозироқ етиб борардим.

Тахмина Акмалчани эндигина ухлатиб, оромкурсисида хаёлот уммонига шўнғиб ўтирган пайти эди ҳозир.

У кейинги пайтлар, аниқроғи, Шаҳодат бону билан учрашувидан сўнг ўз руҳиятида аллақандай ҳазинлик, мунгли ва аламли бир ҳиссиёт ниш уриб, ҳаётидаги озми-кўпми жўшқинлик ҳароратидан, орзуумидларидан, ўзига бўлган ишонч ва ғурур шавқидан путур кетаётганлигини сеза бошлаганди. Бўлмаса, бугун у кечаги Тахмина эмас, балки энди яшамоқдан, курашмоқдан, ўз умрини бамаъни кечираётган одамлар орасида тайинли ўрни борлиги ва шу неъматлар завқидан баҳраманд бўлиб юрган Инсон-ку, ахир. Шундай бўла туриб, барибир қалбига аллақандай мавҳумлик риёси чўкаётгандек, ўй-хаёлларини, ойдин ниятларини чалғитиб, уни алланечук рангсиз, совуқ ва маънисиз манзиллар томон ундовчи бир бадкирдор руҳ ғимирлаб тургандек эди.

Бугун унга Нью-Йоркдан Ўктамбек яна телефон қилди: «Сизсиз яшаш қийин экан, Тахминам. Қани энди қанот чиқариб, ҳозироқ Тошкент томон учсам!– деди у.– Бизникига ўтибсиз, ойим сизни мақтадилар. Бу ердан етиб боришим биланоқ ишимиз юришиб кетади. Сиз бунга ишонинг».

Ўктамбекнинг овозини эшитишдан, унинг болаларча беғубор ҳаяжонидан, ширин эътирофи ва қувончидан юраги ҳапқириб, вужудига олов югуриб турган Тахминанинг кўзларида беихтиёр ёш ҳалқаланди. Ўктамбекка жавобан ҳеч нима деёлмади. Томоғида недир тиқилгандек бўғилиб тураверди.

– Тахмина, жоним, нега индамаяпсиз? Мени эшитяпсизми?

– Ҳа…

– Мен шу кунларда бориб қоламан. Тўғри сизникига ўтаман. Худо хоҳласа, ҳаммаси жойида бўлади!

Тахмина гўшакни жойига қўйиб, бир муддат беҳол ўтириб қолди. Хаёлида Ўктамбек ўша узоқ-узоқлардаги сафаридан гўё қайтиб келолмайдигандек, у умид боғлаётган яхши кунлар яқинлашиш ўрнига тобора узоқлашиб бораётгандек, қалбида асраб юрган яккаю ягона, энг азиз, энг қимматбаҳо бойлигини қўлидан чиқариб қўйиш хавфи муқаррардек қўрқинчли ҳадик хижиллигида эди у.

…Ёш хоним Кинг-Конгнинг ташриф буюриш эҳтимоли борлигини олдиндан билгандек, унинг илтимосини ҳеч бир таажжубсиз қабул қилди. Кинг-Конг узоқ куттирмади, худди осмондан тушгандек бир зумдаёқ пайдо бўлди. Уй бекаси ундан ҳеч нимани суриштирмади. Меҳмонни аввалига бир қадаҳ коньяк билан сийлади. Шундан кейингина у Кинг-Конгга:

– Мен сиздан хурсандман, ишни пухта бажаряпсиз, – деди. – Акмалим ўзини ўзи осиб ўлдирмаганини исботлаб, қотилларни қўлга тушириш, улардан ўч олиш ниятини қилувдимми, демак, бу ният амалга ошиши шарт эди. Фақат… интиқом гашти бизга насиб этмаслиги маълум бўлиб қолди. Майли, шунисига ҳам розиман. Қани, бугун нима ишлар бўлиб ўтди?

Кинг-Конг унга бўлиб ўтган воқеаларнинг ўзи лозим топган жойларини ҳикоя қилиб берди. Айниқса, кар-соқов фаррош аёлнинг соппа-соғ милиция зобити бўлиб чиқиши, «Олтин соққа» билан боғлиқ кўпгина махфий маълумотлар органга маълум эканлиги (ўзининг энди улар билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирганлигини яширди) ва капитан Авазбек Ҳожиболаевнинг Малла хусусида унга қилган дағдағасигача Тахминани хабардор этаркан, «Сизни бемаҳалда безовта қилишга мажбур бўлганлигим боиси шуки, хоним, мен милицияга барибир ишонмайман, – деди.–Аввалига тактика ишлатиб туриб, керагича фойдаланиб олиб, кейин катта қозонга ташлаб юбориши ҳеч гапмас. Мен ишонаман, сиз уларнинг эътиборидасиз. Айримлари билан алоқангиз ҳам чакки эмас. Агар эртагаёқ тонг саҳардан мени ҳам ҳар қандай нохуш эҳтимоллардан асраб туришга киришмасангиз, менинг бундан кейинги фаолиятим ва тақдирим учун жиддий хавф туғилиб турипти…»

Тахмина ундаги саросима ва таҳликанинг ўринли эканлигини тушуниб етди. Меҳмонга яна коньяк қуйиб узатаркан, хотиржам қиёфада тасалли берган бўлди:

– Бундай пайтларда биз ўз дўстларимизни тақдир тақозосига ташлаб қўймаймиз. Ташвишга асло ўрин йўқ, Бойтўра жаноблари. Бориб бемалол дамингизни олинг.

Бироқ бемалол дам олиш қаёқда, дейсиз. Турли хил эҳтиёт чораларини ўйлайвериб, тонг оттирди. Уни кўпроқ ташвишга солаётган нарса милицияга «сотилиши» эди. Марказ мабодо бундан хабар топиб қолса борми, уни бир кундаёқ гумдон қилишади!

Хўш, энди қандай иш тутиши лозим? Тўғри, ҳозиргина «фаррош» Дилшода ўзини тонг саҳарда бошқармага чақиртирилгани ва у ерда режадаги операция бўйича тузилган махсус гуруҳ бошлиғи: «Кинг-Конгни менинг номимдан яна бир бор огоҳлантириб қўй. Биз уни доимий назорат остига олганмиз. Ҳеч нимадан қўрқмай иш тутсин. Мабодо маккорлик йўлига киргудек бўлса, у ҳолда ўзидан кўраверсин», деб унга тайинлаб юборганини айтди.

Кинг-Конг бугун Дилшодани кечаги соқов аёл ўрнида эмас, балки изқувар милиция ходими сифатида қабул қиларкан, ўзини унинг олдида бениҳоя пачоқ, бачкана, нотавон ва уқувсиз ҳис этиб, бундан алам ва хўрлик аламини туйди. Хона эшигини ичкаридан ўз ҳолича зич ёпиб ва қулфлаб, қаршисидаги стулга келиб қўнган ана шу ожизани, ўз жуссасидан икки-уч баравар кичик бўлатуриб, эндиликда унга йўл-йўриқ кўрсата бошлаган бу маккорани қани энди эзғилаб ташлашнинг мавриди келса!.. – Ҳаммасини тушуниб турибман, сенга жудаям оғир, – деди Дилшода Кинг-Конгнинг аҳволига синчков назар ташлаб.– Лекин начора. Бошга тушганни кўз кўради…

– Ҳа, сен ҳақсан,–деди Кинг-Конг ниҳоят ўзини ўнглаб олган бўлиб,–лекин қўрқоқ деб ҳисоблама. Сендақаларни кўравериб, бу бошлар қотиб кетган.

– Бошинг қотиб қолганлиги учун ҳам бугун менинг домимга тушиб турибсан…

Кинг-Конг ўз фикрини тўғри талқин қилолмаганини сезиб, дағалроқ оҳангга кўчди:

– Бир бошга бир туғилмоқ ва бир ўлмоқ бор. Мен сендан барибир ўч оламан, буни олдиндан айтиб қўйяпман.

– Унгача худо пошшо, Кинг-Конг. Ҳозир эса, бўладиган ишни қилайлик,–хотиржам жавоб қайтарди Дилшода.–Гап бундай: Истам мабодо телефон қилиб қолса, кечаги маслаҳат бўйича иш тутасан. Яъни, пулни тайёрладим, де. Товарни қачон ва қаерда олишингни келишиб олларинг. Бу, бир. Иккинчиси: кейинги таклифингиз бўйича ҳам ҳозирча бировга индамай туринг, деб шама қилиб қўясан. Ҳозирча топшириқ шу. Давомини кейинроқ гаплашармиз.

Дилшода ўрнидан қўзғаларкан, унга «Гапинг борми?» деган маънода қараб қўйди, бироқ Кинг-Конг хўмрайганча жим ўтираверганидан у ичида бир кулиб қўйиб, илова қилди:

– Мен ҳозир ярим соатга бир жойга бориб келаман-да, кейин идорангни уборка қиламан…

* * *

Истам ва унинг Ажал лақабли тансоқчиси «Зарафшон» меҳмонхонасининг олий мартабали мусофирлар учун мўлжалланган энг шинам номерларидан бирини банд этишганди. Хўжайин бугун об-ҳавонинг тундлигидан қон босими бироз ошиб, бўйин томирлари лўқиллаб тургани учунми, барвақт уйғонган бўлишига қарамай, ўрнидан қўзғалмай ётаверди. Ётган жойидаёқ Ажал келтирган иссиққина лимонли кўк чойдан икки-уч пиёлани устма-уст бўшатиб, руҳиятиям хийла равшан тортиб, ўрнидан турди. Бугун қилинадиган ишлар бир талай… Аввало, Кинг-Конг билан боғланиш лозим. Пулни тайёрладими, йўқми? Тайёр бўлса, олди-бердини тезроқ ўтказиб, юкдан ҳарна енгиллагани маъқул. Ундан ортганига ҳам харидор тайёр. Олмаоталик Давлатберди Самандарнинг қароргоҳида унинг бир оғиз гапига муштоқ ўтирган бўлиши аниқ…

Бу ишлар, албатта, ўз йўлида. Бироқ Истам учун ҳам, унинг жиловини тутиб турган бир тўда мафиозлар-у, яширин ҳаракатдаги ташкилотлар тегирмонига сув қуяётган йирик-йирик корчалонлар учун ҳам мўмай даромад энг муҳим нарса бўлиб қолаверади. Истам ва унинг тоифасидаги кимсалар учун қолгани икки пул. Улар учун энг зарури – шу гирдоб орқали ўз хазиналари бордонига чўкиб келаётган беҳисоб олтинлардир… Ўз ниятини амалга оширишда Истам кўпроқ Кинг-Конгга умид боғлаган ва мабодо у билан тил топишган тақдирда, операция бинойидек амалга ошишига ишончи комил эди. Негаки, биринчидан, бутун умри жиноятчилик олами билан боғлиқ кечаётган одам ҳеч вақт ўз сафдошларини сотмайди, хиёнатга бормайди. Иккинчидан, ҳар қандай ночор вазият туғилиб қолган тақдирда ҳам, Кинг-Конгга ўхшаганлар осонликча тутқич бермайди, ишнинг хайрли хотима топиши учун жонини ҳам аямайди. Чунки бир иш билан қўлга тушгудек бўлса, бошқалари ҳам очилиб кетиши муқаррарлигини яхши билади. Учинчидан, бундай одамлар ўта эҳтиёткор бўлишади. Кинг-Конглар Самандарларга ўхшаб енгилтабиат, бачкана ва маишатпараст, оёғининг тагиниёқ кўзлаб яшаётган пандавақилардан эмас…

Тўғри, Кинг-Конг унинг таклифини рад этди. Чунки у яхши билади, Кинг-Конг узоқни кўзлаб иш тутадиган ва ниҳоят, ўзини тарозига солиб яшашни ёқтирадиган одам.

Ваннахонадан анча енгиллашиб чиққан Истам нонушта келтирган кўҳликкина, ғунча лаблари устида нўхатдеккина холи бор сарвқомат хизматкор қиз билан Ажалнинг хийла қаймоқлашиб турганига кўзи тушиб, ичида бир хўрсиниб олди-да, кейин уларга ўшқириб берди: – Гапни бас қилинглар! Нонуштага нима бор?

– Ширгурунч билан бедана кабоб, – саросима билан жавоб қайтарди қиз. – Манави акамлар шуни буюрудила. Агар истасангиз… – Яна ниманг бор?

– Кийик гўштидан лангет…

– Керак эмас, бор ишингдан қолма!

– Хўп бўлади, жаноб, – хизматкор қиз шоша-пиша хонани тарк этаркан, Истам энди Ажалга юзланди:

– Ярим тунда хонангга кимнидир олиб кирдинг. Шу қиз эмасмиди?

Ажал хўжайиннинг сергаклигига яна бир бор тан берди. Энди наилож. Бу одамга ёлғон сўзлаш қабул қилинмаган, акс ҳолда ковушингни тўғрилаб қўйишади…

– Бошқаси эди, шеф…

– Мен билан сафарга чиққанингда минбаъд «муштумингни» қисиб юр, Ажал. Вазифангни бажариб, ўлан-тўшагингга эсон-омон қайтганда, менга деса, оғиз-бурнинггача чўкиб кетмайсанми…

Ажал устамонлик билан оқсоқ Истамни нонуштага ўтқазиб, унинг бўйнига оппоқ сочиқчани қистириб қўяркан, ёқимли иштаҳа тилаб, кейин ўзи ҳам столнинг бир четидан жой олди.

Нонушта чоғи иккови ҳам жим ўтириб овқатланишди. Истамнинг хаёлида ҳануз бугун қилинадиган ишлар жонланаётган бўлса, Ажалнинг тасаввурида хўжайин ундан аразлаб қолгани учун индамаётгандек эди. Бўйи икки метрча келадиган, кифтлари бир майдон, жуссасидан куч ва салобат ёғилиб турган, ҳаракати абжир-чаққон, келиб чиқиши асли мавритан бўлган бу йигитдан, аслида, хўжайиннинг кўнгли тўқ. Бунақа зотли, садоқатли ва уддабурро қўриқчига эга бўлиш ҳаммагаям насиб этавермайди. Бундайларни фақат, яъни бизнинг «шароитимиз»дан анчайин бехабар хизматкорларни оз-моз тарашлаб олинса бас. Бошқа жиҳатлари узукка кўз солгандек ейишиб кетаверади, чунки томирларида барибир мусулмон қони оқиб турибди.

Албатта, Истамнинг куни фақат Ажалга тушиб қолганича йўқ. Уни қуршаб турган бунақа йигитлардан яна қанчаси бор. Уларнинг ҳаммасига эски қадрдони Малла бошчилик қилади, вазифаларни белгилаб беради, ижрони назорат қилиб туради. Истам овқатланиб бўлгач ҳордиқхонага ўтди-да, билқиллама курсига чўкиб, Кинг-Конгга қўнғироқ қилди. «Олтин соққа»чилар султони Истамни овозиданоқ таниб, у билан қуюқ сўрашди. – Бугун ўзи сўроқлаб қолишингизни кутиб турувдим, Истамбек жаноблари, – унга кўтаринки кайфият билан деди Кинг-Конг. – Ниятлар холис-да, айтганим келди.

– Настроенингиз яхши кўринади, бундан мен ҳам чандон хурсандман, Борис дўстим. Дарвоқе, мен билан учрашишга тайёрмисиз? – Худди шундай. Бироқ баъзи нарсаларни олдиндан келишиб олишимиз учун, агар сиз рози бўлсангиз ҳозироқ бирров кўришиб қўйсак.

– Қарши эмасман, – Истам қўл соатига қараб олди. – Роса бир соатдан кейин…

Истам у билан телефон алоқани узиб, энди Самандарга қўнғироқ қилди.

– Алло, ўзингмисан?

Самандар афтидан ҳали ўрнидан турганича йўқ эди. Буни унинг уйқу аралаш овози-ю, ёнида ётган қиз боланинг нафис ва нозли инқиллаб қўйганидан сезди.

– Офтоб терак бўйи бўп қолди. Ҳалиям чўчқадай бижғиб ётибсанми, ошна? – ҳазиломуз гап отди Истам.

– Ия, Истамбек жаноблари-ку!?–сергаклашди Самандар.–Ўрнимдан турганман, ҳов ҳали турганман. Ташқаридаман, гулларга сув очвобман. – Ёлғон гапирма. Мен ҳаммасини кўриб турибман. Ёнингда ҳозиргина орқасини ўгириб олиб ғужанак бўлиб ётган Афсонанггача… – Йўғ-е, бундай эмасди-ку… – унинг топқирлигига тан берди Самандар. – Энг муҳими, саҳари мардондан сизнинг овозингизни эшитдимми, бўлди. Демак, бугун омадли кун бўлиши аниқ.

– Бўпти, бўпти, тўн кийдирма, – гапни бўлди Истам. – Дарвоқе, меҳмон-измонинг йўқми?

– Нега бўлмасин, Олмаотадан Давлатберди келган. Сизга мунтазир… – Гўлсан, жудаям гўлсан, Саман. Номини тилга олиш шартми, мен ахир ундан бошқа кимни сўроқлашим мумкин?

– Тушундим. Бош оғривотти, хаёл жойида эмас, Истамбек жаноблари.

– Мениям номимни ҳадеб тўтиқушдек такрорлайверма, ошна.

– Бўпти, бўпти. Айтвопманку ахир, калла ишламаяпти.

Истам бир зум жимиб, кейин ҳамтовоғига дашном берди:

– Сен шўнғиётган ҳовузнинг туби йўқ, биродар, ўзингни сал авайла…

Самандар пиқиллаб кулиб қўйди.

– Бугун ташриф буюрадиларми?

– Ҳалироқ қўнғироқ қиламан.

Истам телефондан халос топиб, ҳамон қўшни хонада жилмай ўтирган Ажални чорлади. Бир лаҳзадаёқ остонада ҳозир бўлган девқомат йигитга бир дам синчков назар ташлаб, кейин унга танбеҳ берди:

– Негадир қовушмайроқ турибсан. Бу ерда сал нарсагаям эътибор беришади…

– Нима қилай, шеф?

– Биринчидан, «шеф» эмас, «хўжайин» дейишга ўрган. Иккинчидан, мўйлов қўйсанг бас. Соқолингни қирдириб ташлаб, бошингга дўппи кийиб ол…

– Хўп бўлади, хўжайин.

* * *

Бойўғли «Нексия»ни қора «Мерседес» ортига олиб бориб тўхтатди: – Мана шу машина ўшаларники…

– Жуда соз, – деди Кинг-Конг унга жавобан. – Ичида ҳеч ким йўқ шекилли?

– Ҳув анави «Газ-вода» олдида турган новвосга кўзим тушгандек бўлувди. Хўжайини кўринмайди.

– Хўжайини мени кутиб турипти. Сен жойингдан жилма, буёғига мен ўзим… – деди Кинг-Конг машинадан тушаркан.

… Икковлари анча илиқ кўришишди. Оқсоқ Истам билан хиёбон кезиш имкони йўқлигидан, харракда ўтириб гаплашишди. Товарнинг баҳоси бўйича бир муддат тортишишиб, ниҳоят муросага келишдилар. Бироқ олди-бердини қачон ва қаерда ўтказиш хусусида сўз борганда, Истам:

– Мен бу ҳақда ўйлаб қўйдим. Яхшиси эртага кечқурун соат ўнларда Самандарнинг чорбоғида учрашамиз, – деди. Лекин Кинг-Конгнинг бир дам ўйланиб қолганига дарров эътибор бериб, илова қилди: – Бу албатта, менинг фикрим…

– Нега энди бугун эмас-у, эртага? – сўради Кинг-Конг.

– Юк бу ерда эмас. Келишилган вақтда айтилган жойга келтирилади. Аслида юк Самандарникида, бир ҳафтадан буён йигитлари уни қўриқлашиб ётганини яшириб, Истам ҳар эҳтимолга қарши ёлғон маълумот билан Кинг-Конгнинг эътиборини чалғитмоқчи бўлди. Лекин Кинг-Конг унинг бу гапига барибир ичида шубҳаланиб қўйди.

– Истамбек жаноблари, биз биринчи марта иш қилаётганимиз йўқ, – мулоҳаза билдирди у. – Шу боис ҳам бир-биримизга бўлган ишончни ҳамиша сақлаб қолайлик.

– Қулоғим сизда…

– Гап шундаки, мен учун бугунми-эртами, бунинг аҳамияти йўқ, албатта. Лекин савдомизга расмий тус бериб, эртага кечгача кутиб туриш ва ундан кейин, учинчи шахснинг уйига командаларимизни тўплаб туришга ҳожат бормикин?..

– Таклифингиз?

– Ҳар қандай балодан ҳазар, деганлар. Кечқурунги иш, барибир, атрофда гумон туғдиради. Яхшиси, бугунми-эртами вақтингизга қараб, кундузи менинг уйимга «меҳмон» бўлиб келинглар. Ўша ерда гаплашиб қўя қоламиз, нима дедингиз?

Истам Кинг-Конгдаги «самимийлик»дан унга ишонч ҳосил қилди. – Яхши, бу фикрингизга қўшиламан. Эртага туш пайтида, соат роппа-роса бирда кутинг. Пули тайёр бўлса, товарга гап йўқ.

– Буёғига хотиржам бўлинг, Истамбек жаноблари. Фақат… сиздан бир илтимосим бор. Олдиндан қолган ўттиз минг «кўкатни» узиш учун менга яна бир ой муҳлат берсангиз.

Истам жимиб қолди. Бир муддат аллақайси мулоҳазаларни хаёлдан ўтказиб, кейин сўз қотди:

– Бўпти. Лекин бир ойдан ортиққа чўзилмасин. Аслида… Менинг махфий юк бўйича иккинчи таклифимдан бўйин товламаганингизда, бу пуллар бизга тегадигани олдида чепуха эди.

Кинг-Конг уни тушунди. Жўрттага ўзини ўйланиб, иккиланиб қолган одамга солди.

– Ҳали ҳам кеч эмас. Дурустроқ фикр юритиб кўринг, – деди Истам унинг руҳий ҳолатини тушунгандай.

– Ҳаммаси бўлиб… менга қанча ҳақ тегади?

– Ҳаммаси бўлибми? Масалан, дейлик, юз минг. Ҳозирги қарзингиздан воз кечиб, устига яна етмиш минг бераман.

Кинг-Конг бу таклифга шундай қилиб, гўёки «ноилож рози бўлди». Истам эса ўзининг барибир ҳақ бўлиб чиққанлигидан қувониб, пул деган нарса олдида «жилпанглашингга» бало бормиди, Кинг-Конг!?» – деб қўйди ичида.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации