Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 25

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 25 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Барибир биз ундан қаҳрамон ясолмаймиз,–деди Маҳмуд Имонович.–Кинг-Конг ҳисобда турган йирик жиноятчи. Ҳозирги йиғилишимиздан асосий мақсад, назарда тутилаётган наркобизнесга қарши операцияни қандай ўтказиш бўйича фикрлашиб олишдан иборат, холос.

Альберт Строганов кекса ҳамкасбига бир қараб олиб, ундан розилик сўраган бўлди-да, қўшимча қилди:

– Эътиборларингиз учун бир нарсани маълум қилиб қўяй. Истамнинг қурол-яроғ тўғрисидаги таклифи, унинг хорижга сафарида қандай мақсад кўзланаётгани, Тошкентда кимлар уни қўллабқувватлаши мумкинлиги алоҳида ўрганиляпти. Ҳозир биз, Маҳмуд Имонович айтганидек, фақат наркобизнес операцияси масаласида гаплашамиз. Аниқроғи, бу тезкор операцияни ўтказиш ҳозирча шартмийўқми, мабодо ўтказилган тақдирда, қурол-яроғ масаласида аниқланаётган ғоят муҳим ишга халақит бериб қўймаймизми–ана шулар ҳақида фикр алмашиб олсак бас.

Дарҳақиқат, «порошок» бўйича олди-сотди чоғида Истам ва Кинг-Конгнинг қўлга олиниши табиий равишда бошқа эшикларни тақатақ ёпиб қўйиши аниқ эди. Бу ҳол, ўз ўрнида, мамлакат учун таҳдид уйғотаётган ёвуз кучларни аниқлашга жиддий путур етказарди. Бироқ хорижнинг, айниқса Афғонистон минтақасида тайёрланаётган «ажал талқони»ни Ўзбекистон ҳудудлари орқали четга ошириш ҳоллари узлуксиз рўй бериб турган бир пайтда, бу йирик операцияни тўхтатиб туриш ҳам мақсаддан узоқроқ эди.

– Истам таклиф этаётган «порошок», афтидан, Тошкентда. Унинг йигитлари қўлида. Демак, улар паноҳ топган жойни назардан қочирмаслик керак, – деди Ички ишлар вазирлиги вакили Қурбонов. – Олди-сотди Истам хориждан қайтгач амалга ошади. Лекин қачон ва қаердалигини аниқлаш масаласи турибди.

– Бу ёғи назоратга олинган, фақат Кинг-Конг ваъдасидан қайтмаса бўлгани, – жавоб қилди Маҳмуд Имонович.

– Шундай бўлиши ҳам мумкин, деб ҳисоблайсизми?

– Ҳа. Кинг-Конг ниҳоятда айёр. У таваккалига боришдан аввал минг бир тешикни ҳидлаб чиқадиган тулкилардан. Истамдан бешўн кун фурсат сўрашдан мақсади ҳам шу, деб ўйлайман.

– Кинг-Конг таваккалига бормаган тақдирда ҳам, Истам ўз молини барибир Тошкентда кимгадир оширади,– қўшимча қилди прокуратура вакили Строганов.–Демак, асосий эътиборни Истам гуруҳига қаратиш лозим. Шу ўринда, Тошкентда рўй берган бир қотиллик излари худди шу гуруҳ фаолиятига бориб қадалаётгани тўғрисида прокуратура хулосаси ишлаб чиқилаётганини ҳам сизларга маълум қилиб қўймоқчиман.

Авазбек билан Маҳмуд Имонович беихтиёр кўз уриштириб олишди. – Жиноятчиларни қўлга олиш бўйича тезкор гуруҳ ўз ишини бажарди, деб ҳисоблайлик, – яна Қурбонов сўз олди.– Лекин навбатда турган иккинчи муҳим масала бўйича «изолятордаги Истам»дан кўнгилдагидек фойдаланиб бўлармикин?

– Узр сўрайман, – ўзини тутолмади ёш капитан, – далиллар етарли бўлгач, душманлик кирдикорларини фош этиш учун ўша қуроляроғнинг марказга кириб келишини кутиш шарт эмасдир?

Маҳмуд Имонович унга томон «Шошма…» деган маънода оҳиста бош чайқаб қўйди-да, кейин ўтирганларга қараб деди:

– Сўз капитан Авазбек Ҳожиболаевга. Унинг Истам ҳақида қўшимча фикр-мулоҳазаларини эшитамиз.

Бироз шошқалоқликка йўл қўйиб, устозининг пинҳона танбеҳидан сезиларли хижолатга тушиб қолган Авазбек ўрнидан ийманиброқ турдида, кейин бир лаҳзадаёқ ўзини тутиб олди. У ўзи келтирган пакет асосида ҳалигина Маҳмуд Имонович маълум қилган маълумотларга қўшимча ҳолда, асосан мафиоз Истамнинг шахсий дунёси, кейинги беш-ўн йил ичидаги жиноий кирдикорлари ва жиноят оламидаги мавқеи ҳамда усулларидан қисқача ва лўндагина ҳикоя қилиб берди. – Менинг шахсий фикрим шуки, Истам ва унинг гуруҳларидаги жиноятчилар пойига имкон қадар тезроқ болта урилмаса, ўргимчак уяси кун сайин кенгайиб боряпти, – деди у ўз сўзини якунларкан ва Маҳмуд Имоновичга беихтиёр бир назар ташлаб олиб, яна илова қилди: – Юқорида баён этилган фикру мулоҳазалар ҳали бизга маълум бўлган маълумотлар атрофидагина, холос…

– Фарғоналик ҳамкасбларимиз анча жиддий иш олиб боришяпти,рўпарасида лочиндай туриб ахборот берган хушқомат ёш капитандан ғурурланиб қўйди Ички Ишлар вазирлиги вакили Самадов. – Дарҳақиқат, Истам каби риёкорлар фақат Фарғонанинг эмас, балки бутун мамлакатимиз юрагидаги санчиқ бўлиб турипти. Биз бу дарддан, капитан айтганидек, имкон қадар тезроқ фориғ бўлишимиз керак.

– Демак, гап бундай, – яна Маҳмуд Имонович сўз олди:– Истам бошлиқ уюшган жиноятчи гуруҳнинг паймонаси тўлиб етган, деб ҳисоблайлик. Шундай қилиб, энди уларнинг «маршрути» Тошкентда ўз ниҳоясини топади. Улар мўлжалга олган ишларнинг қанчалик хавфли ва махфийлигини, инчунин, уюшган гуруҳнинг ўта маккор ва устомонлигини, ўртада анча жиддий, оловли тўқнашувлар ҳам юз бериши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда, уларга қарши дастлабки тадбирларимизни аниқ белгилаб олайлик. Бу хусусда таклифлар бор…

* * *

…Худди шу маҳал «Олтин соққа» фирмасининг қабулхонасида Кинг-Конг ўзининг тансоқчиси Бойўғли билан кечаги учрашув тафсилотларига боғлиқ масалада савол-жавоб юритиб турарди.

Кинг-Конг бугун эрталабдан бери авзойи бузуқ юрипти. Бунга яна ўша соқов аёл сабабчи бўлди. Хўжайин ишга келиб хонасига ўтиши биланоқ, орқасидан соқов кирди. Худди ўтган сафаргидек алланималарни бидирлаб, қулоқ-мияни еди. Кинг-Конг аввалига тоқат қилиб, ҳеч нимани англамаётган бўлса-да, унинг «гап»ларига қулоқ солган бўлди. Лекин қулоғи том битган аёл тобора авжга минди. Энди Кинг-Конгга яқинроқ келиб, тупук сачратиб, нима балоларнидир «муфассал» ҳикоя қила бошловдики, хўжайиннинг бирдан жазаваси тутди. Кўзлари ола-кула бўлиб, овозининг борича бўкириб юборди:

– Шову-ул! Йўқот бунингни! Йўқот дейман!!!

Шунда аёл гўё ҳеч нимани тушунмагандай, хўжайинни бирданига жин чалиб, қўрқиб кетганидан жазаваси тутди, деб ўйлабми, стол устидаги графиндан шоша-пиша ҳовучига сув олиб, унинг юзига сепиб юборди. Унинг бу иши ўлганнинг устига тепган бўлди. Шу тобда Кинг-Конг уни бўғиб қўйиши ҳеч гап эмас эди, яхшиямки Шовул ичкарига ўқдай отилиб кириб, аёлни бир четга тортиб қолди. – Ўзингизни босинг, хўжайин. Ўзингизни босинг, – деди у Кинг-Конгга. – Ҳозироқ нима гаплигини аниқлаймиз.

Шовул энди аёлга юзланиб, унга имо-ишора билан «нима демоқчисан?» дегандай бўлди. Қўрқувдан ўзининг ҳам ранги докадай оқариб кетган соқов энди унга алланималарни шошилинч «тушунтирган» бўлди-да, кейин «ақлдан озиб қолди», деган маънода кўрсаткич бармоғини бошининг чаккасида эзғилаб хўжайин томон ишора қилувдики, унинг бу қилиғи энди Кинг-Конгни батамом портлатиб юборди. Ҳозиргина Любаша стол устига қаҳва билан бир бўлак гулдор торт қўйиб кетган эди. Кинг-Конг ана шу тортни ликопчаси билан соқов томонга отди. Бироқ торт бориб ўртага суқулиб кириб қолган Шовулнинг бетига чапланди, ликопча эса бурчакдаги сервант ойнасини чил-чил синдирди.

Шовул апил-типил бир қўли билан бетини сидириб, иккинчи қўли билан шамдек қотиб қолган соқовни тортганча хонадан отилиб чиқиб кетди.

Асаби таранглашиб, юзи бўғриққан Кинг-Конг шундан кейин нима қиларини билмай, қўллари қалтираганча қаергадир шошилинч қўнғироқ қилди.

– Алло, Соҳибжонми? Ассалому алайкум. Бу мен, «Олтин соққа»дан Бойтўраман. Ҳа, яхши. Раҳмат. Ҳаммаси жойида. Фақат… Сизга бир масалада… илтимос, хафа бўлманг. Мен ҳамиша хизматингиздаман. Гап шуки, бизда фаррошлик қилаётган опангиз билан тил топишолмаяпмиз. Уни бирон бошқа жойга ўтказсакмикин, демоқчийдим…

Бироқ шу жойга келганда Кинг-Конгнинг гапи бўғзида қолди. Нариги томон: «Гапни кўпайтирма, Борис. Опам ҳеч қаёққа бормайди. Сани идорангда ишлайди», дея телефон гўшагини жойига қўйди.

Солиқ назоратида ҳозир бошлиқ бўлиб қолган танишининг бу совуқ муносабати Кинг-Конгни янаям талвасага солди. У энди Шовулни қайта ҳузурига чорлади.

– Бу бадбахт аёл менга нима демоқчи ўзи?

– У сизга яхшилик қилмоқчи бўлган экан…

– Яхшилик? Қанақа яхшилик? Кечаги… гулга ўхшабми?– Кинг-Конг шошилиб бурчакдаги гулдонга қараб қўйди. Кечаги гулдаста ўрнида йўқ эди. – Дарвоқе, кеча гулини қайтариб олиб кетдими?

– Олиб кетди. Сиз меҳмон кузатаётган пайтингиздаёқ қайтариб олган.

– Қани, гапир. Нима деяпти у алвасти?

– Кечаги меҳмонларингиз чатоқ одамларга ўхшайди, улардан эҳтиёт бўлинг, демоқчи экан.

– Чатоқлигини у қаёқдан била қолипти?

– Ҳув нарида яна битта қора машина турган эди, ундан одамлар пастга тушишмади, демоқчи бўлган экан…

Ана шу нарсага Кинг-Конг эрталабдан бери ўй-санода эди. Бу машина Истамга қарашли бўлса, у ҳолда ортиқча ташвишга ўрин йўқ. Чунки у ўз хавфсизлигини таъминлаш учун қилган бу ишни. Лекин буларни орган ходимлари кузатаётган бўлса-чи?

– Соқчилари қанақа машинада юришипти?

– Қора «Мерседес»да. Лекин номери Тошканники.

Кинг-Конг унга: «Бунинг қийинчилик жойи йўқ», деган маънода қўл силтади. Соқов хотин айтган қора машина ана шу «Мерседес» эканлигига ишончи ошиб, енгил тортгандай бўлди.

– Маллани ҳозир қаерда ётипти, деб ўйлайсан?

– У кеча Истам билан бирга учиб кетди.

– Қолганлари-чи?

– Афтидан, Чаманнинг лозимида…

Орага жимлик чўкди. Кинг-Конг нималарнидир мушоҳада қилиб олиб, кейин гап қотди:

– Кеча икковинг бир соатдаёқ икки шишани бўшатибсанлар. Шунчалик аймоқлашгандан кейин гап орасида: «Нега эски «Жигули» ҳайдаб юрибсан?» – деб сўраб қўймадингми?

– Сўрадим. «Мерседес»им ҳам бор, деди. Афтидан, ҳозир миниб юрган машинани айтган. Лекин унча-мунчага маст бўлмасакан, даюс. – Яна қандай маълумотлар йиғолдинг?–қовоқ уюб сўради Кинг-Конг.

Бойўғли ундан чақчайган кўзларини олиб қочди.

– Ўзинг яхши йигитсан-у, лекин ичингга ароқ кирдими бас, дунёни сув боссаям тўпиғингга чиқмай қолади.

Шу маҳал кутилмаганда Тахмина телефон қилиб қолди. Кинг-Конгнинг ёқимли овоздан чеҳраси ёришиб, у билан анча қуюқ сўрашишди. Оромкурсига базўр жойлашиб, тиқилиб ўтирган баҳайбат Бойўғли хўжайиннинг зуғумидан осонгина қутилганига шукр қилиб, бу ердан тезроқ чиқиб кетиш учун ўрнидан қўзғалган эди ҳамки, Кинг-Конг унга яна қовоқ уюб, «ўтир» ишорасини қилди.

– Кеча Мирзамат кулол ўзи айтган малласочни суратидан таниганини шофёрим айтди. Шунга… ишлар юришяптими, деб сўраб қўймоқчийдим.

– Худди шундай, Тахмина хоним. Гумонимиз тўғри чиқадиганга ўхшаяпти. Лекин ҳозир сизга телефонда бундан ортиқ ҳеч нима деёлмайман…

Кутилмаганда Тахминанинг ишвали қичқириб кулиб қўйгани эшитилди. Кинг-Конг нима гаплигини тушунолмай, бироз ўйғайсизланди. – Ажабланманг, Бойтўра жаноблари. Сизнинг гапингиздан ногоҳ бир нарса эсимга тушиб кетди.

– Агар сир бўлмаса, ўша нарсани биз ҳам билсак бўладими?

– Тўғрироғи, латифа. Бир фирманинг бошлиғига уйидан хотини телефон қилиб: «Полвонгинам, нима қилиб ўтирибсан?» – деб сўрабди. «Иш қилиб ўтирибман»,– дея жавоб берибди хўжайин ўша пайт тиззасига ўтирган котибасини оғушига босиб.

– Ўша ишингнинг ярмини менга берсанг, ёрдамлашиб юборардим…

– Бу иш аёлларнинг қўлидан келмайди, жоним.

– У қанақа иш эканки, аёлларнинг қўлидан келмаса?

– Мени кечир, ҳозир телефонда бундан ортиқ ҳеч нима деёлмайман,–деб жавоб берган экан эр эҳтиросдан ҳансираб.

Икковлари қўшилишиб кулиб олишди.

– Раҳмат, Тахмина хоним. Руҳимни анча кўтардингиз, – Кинг-Конг ёш хонимнинг ўз ўрнида шакаргуфторлик ҳам қилиб қўйиш одатига тан берди.–Лекин айтиб қўяй, менинг олдимда ҳозир Бойўғлидан бошқа ҳеч ким йўқ.

Тахмина энди хандон отиб кулиб юборди.

– Олдингиздаги Бойўғлига буюринг. Мундоқ бошини кўтариб, тезроқ ҳаракатини қилсин. Мен узоқ кутолмийман.

Сўз ўйинларига унчалик тушунавермайдиган Кинг-Конг ҳар эҳтимолга қарши Тахминанинг бу гапига ҳам қўшилишиб кулди-да, кейин у билан қайноқ хайрлашиб, гўшакни жойига қўйди.

Бойўғли хўжайин билан Тахмина ўртасида ҳазил-мутойиба бўлиб ўтганини тушунди. Бироқ унинг номи тилга олинганда нега яна бунчалик кулишганига ажабланиб турувди ҳамки, Кинг-Конг қайтадан юзига жиддийлик бериб, у билан узилиб қолган гапини давом эттирди. – Гап бундай. Малла қайтгунча ҳамма ишни пухта ўйлаб қўйинглар. Эҳтиёт бўлларинг, ҳиди чиқмасин.

– Истам билан олди-бердидан олдинми ё кейин иш кўрамизми?.. – Бу ёғини шароитга қараб, кейинроқ ўзим айтаман.

VIII

Ўша куни Ҳаётникидаги ўтириш шомга бориб хотима топди. Меҳмонлар анча сархуш эдилар. Улар бир-бирлари билан қуюқ хайрлашдилар. Айниқса, Тахмина билан хайр-хўшлашиш янаям қуюқроқ кечди. Ахир давраларига шунчалар сулув, латофатли, қатордагилар билан мулозаматли, хушчақчақ бир ёш хоним келиб қўшиладию қувонмай бўладими?

Тахминанинг ўзи ҳам ҳаётида бирон бор оддий ва софдил тенгқурлари даврасига тушиб бунчалар яйраганини эслолмайди. Шу боис ҳам «бирров кўриниш бериб қайтиш» ниятини унутиб, охиригача ҳузур қилиб ўтирди.

Қумри ая бўлса фақат гирдикапалак, жони ҳалак эди. Ҳатто ўғлини бир четга тортиб, шипшиган бўлди:

– Шу қизга уйлана қолсанг-чи. Боши очиқ экан…

– Нималар деяпсан, ойи. Тахмина мендек бир сўтакка тегиб қўярмиди, – кулиб жавоб қилди Ҳаёт.

– Нега тегмас экан?

– У ахир осмондаги ойга ўхшайди-я?!

– Чирой ошга қатиқ бўлмайди, болам. Ҳусн юзда эмас, тузда дейишади. Бу дегани, одамнинг чиройи унинг таъмида, бамаънилигида. – Худо Тахминага ҳусн ҳам, таъм ҳам, кетмас давлат ҳам бериб қўйипти. Мен унинг олдида сариқ чақаман, ойи.

Қумри ая ширакайф ўғлининг бу гапига енгил қўл силтаб қўйдида, яна меҳмонлар билан овора бўлиб кетди.

Тахмина янги танишларининг ва албатта, Ҳаётнинг кўнглига қараб, уларнинг қистови билан оз-моз ичкиликка оғзи текканлиги боис, машина калитини Ҳаётга бериб, уйига таксида қайтди.

Албатта, Ҳаёт уни уйигача кузатиб қўймоқчи ҳам бўлганди, бироқ Тахмина жўрттага қошларини чимириб, унинг шаштини кесди:

– Ҳаддингдан ошма, ошна…

Ҳаёт ҳам жўрттага унга қўл силтаган бўлди:

– Ўғирлаб кетишса, ўзингдан кўр.

Ўшанда бу гапга фаришталар омин, деб юборишган экан чоғи…

* * *

Тахмина уйига қош қорайганда кириб келди. Эшикни очиб, ичкарига қадам қўйиб улгурмаган эди ҳамки, осмондан тушдими ёки ердан чиқдими, дафъатан иккита барзанги пайдо бўлиб, унинг қўлтиғидан ушлашди.

– Овозингни чиқарма, – деди улардан бири хирхироқ товушда.–Бўлмаса, шу ердаёқ тилиб ташлаймиз.

Тахмина бундай ҳолларга ўз ҳаётида кўп дуч келгани боис, ўзини йўқотиб қўймади, албатта. Фақат гап нимадалигини англолмай, эсҳуши пароканда, тили калимага келмасди.

Зўравонлар ўз ортларидан эшикни маҳкам ёпиб, кейин Тахминани ўртага олганларича ичкари хонага ўтишди.

– Ўтир, – буюрди уй эгасига ғилай кўзли иккинчиси.

Тахмина оромкурсисидан, улар эса унинг қаршисидаги стуллардан жой олишди. Иккови ҳам 30–40 ёшлар ўртасида, ранги совуқ, бесўнақай эркаклар эди.

– Мендан нима истайсизлар?–ниҳоят ўзини тутиб сўради Тахмина. – Вақтимиз зиқ, акс ҳолда, сендан нима исташимизни айтмай туриб ҳам олган бўлардик, – жавоб қилди хирхироқ.

– Ахир… машҳур Мумтоз ҳофиздан етим қолган юлдуз билан исиниб олишга нима етсин, – хихилаб унга илова қилди Ғилай.

Тахмина титраб кетди. Эй худо, энди булар бормиди мени хўрламаган! Қачонгача бу қашқирлар изимдан соядек эргашадилар? Қачонгача? – Етар, бас!!!–ғазаб билан қичқирди у даст ўрнидан туриб.–Бу гапларинг учун жавоб берасанлар ҳали! Қани, ҳозироқ йўқолинглар бу ердан!

– Бўпти, бўпти. Ҳозирча муроса қилиб турамиз.–Хирхироқ энди пастроқ келиб, чўнтагидан телефон чиқарди ва қаергадир қўнғироқ қилди.–Ҳозир бир киши билан гаплашиб олсанг, сендан нима исташимиз аён бўлади-қолади.

– Мен ҳеч ким билан гаплашишни истамайман! Ҳозироқ йўқолинглар, бўлмаса…

– Ўпкангни бос, ўтир. Гапимизга кирмасанг, ўзингга қийин бўлади. – Хирхироқ энди телефон билан боғланган одамга деди: – Ҳаммаси жойида, хўжайин. Фақат, хонимчанинг охури баланд. Афтидан, денрожденида нормасидан кўпроқ олворганга ўхшайди…

– Демак, булар қайси бир ниятда изимдан тушган айғоқчилар…кўнглидан кечди Тахминанинг.–Бошлиқлари ким бўлдийкин? У мендан нима истайди? Демак, ҳозирча тишни тишга босиб туришга тўғри келади. – Трубкани бер… – бўғиқ овоз келди нариги томондан.

Тахмина гўшакни Хирхироқнинг қўлидан тортиб олиб: «Нима дейсан, мен Тахминаман?!» – деди.

– Тахмина бону, сизнинг номингиз тилга олинганда қуёш келиб ерга қўнади, бутун олам ёшариб, муҳаббат чашмалари…

– Мақсадга кўч, кимсан?

– Ўзингизни босинг, дағаллик сизга ярашмайди. Мен… Самандарман. Раҳматли эрингиз Мумтоз ҳофизнинг яқинларидан…

Тахмина бу одамни шахсан танимаса-да, у ҳақда кўп эшитган. Фаҳш мафияси бошида турувчи, Чаман сингари қўшмачилар фаолиятини тебратувчи, айтгани айтган, дегани деган бўлиб юрганлардан.

– Самандар бўлсанг ўзингга. Менда нима ишинг бор, деяпман? – Майли, сабрнинг таги олтин. Қўполлигингизга чидаб турамиз. Энди гап бундай: Уйимда узоқдан келган бир меҳмон бор. Сизни кўриб қайтмоқчи. Кимлигимни ҳозирча айтманг, деб турипти.

– Мени ким уйига таклиф қилса, кетаверадиган саёқ аёл, деб ўйладингми?

– Янглишяпсиз, бону. Мен сизни ҳурмат қилганимдан, иззатикром билан олиб келинглар, деб иккита азаматни жўнатдим. Агар улар қўполлик қилишган бўлса, қулоқларини ўзим чўзиб қўяман…

– Бу итваччаларинг билан ўзим ҳисоб-китоб қилиб оламан. Албатта, сен билан ҳам!–Тахмина шундай дея гўшакни Хирхироқ томон отмоқчи бўлди-ю, ногоҳ бугунги майхўрлик таъсириданми ёхуд эски ўжарлиги тутибми, ҳарҳолда унда энди ана шу Самандар деганлари билан юзмаюз гаплашиш, бу бедодлик учун у билан иссиғида ҳисоблашиб қўйиш истаги туғилди.–Лекин мен бугунги ишни эртага қолдирадиганлар тоифасидан эмасман. Паймонинг тўлган эканми, мени кут, бораман! Тахмина гўшакни гезариб-бўзариб турган зўравонлар оёғи остига ташлади.

– Иккаланг ҳам ташқарига чиқ, ҳаммаёқ сасиб кетди!

– Овозингни ўчир, қанжиқ!–ўшқирди Ғилай.–Қани, олдимизга туш!

– Сен ўчир овозингни, к…вачча! Мен керак эканманми, ташқарида кутасанлар. Ўзим чиқаман… Ярим соатдан кейин!

– Бўпти. Лекин нағма кўрсатадиган бўлсанг, биздан омонлик кутма! – таъкидлаган бўлди Хирхироқ ва шеригига «кетдик» ишорасини қилди.

Чор атрофи баланд девор, ўртада боғ-роғ, гулзор ва фавворали, ўз ҳашамати билан бу жойларда ягона ҳисобланган мазкур кошона Самандарнинг қишин-ёзин кети узилмас меҳмонлари учун фароғатли оромжой ва албатта, ёши бир жойга бориб қолаётган хўжайин учун тўрт кунлик омонат дунё ташвишларидан қочиб, ишрат ва роҳат топадиган қўрғон вазифасини бажаради.

Бу қўрғоннинг ўзига хос яна бир жиҳати шундаки, у билан девордармиён, бироқ ўртага кирди-чиқди учун эшик ўрнатилган яна бир дабдабали уй-ҳовлиси бор. Самандар сал «нобопроқ» чиққан ён қўшнисини бу ердан бадарға қилдириб, унинг эски уйи ўрнига солдирган янги иморатига шаҳарда «тиқилиб» яшаётган қўшмачи Чаманни кўчиртириб келган. Эндиликда Чаманнинг хуфиёна «фирма»си бевосита Самандарнинг паноҳида янаям дадилроқ ва кенгроқ фаолият юритаётган пайти эди ҳозир.

Қўшни давлатлардан ва мамлакатнинг узоқ-яқин гўшаларидан турли йўллар билан илаштириб келтирилаётган суюқоёқ қизлар худди шу ерда вақтинча қарор топишади ва навбатма-навбат бошқа жойларга тақсимлаб юборилади.

Қўрғонга Самандарнинг оила аъзоларидан ҳеч ким келмайди, келолмайди. Хўжайин ўрнатган тартиб ана шундай. Қароргоҳнинг барча юмушларини Самандарнинг ишончини қозонган одамлар бошқаради…

Кечагина Фарғонадан қадрдон биродари Истам кириб келди. Унинг юклари ҳали шу ерда. Йигитлари ҳам. Ўзи хорижга чиқиб кетди, эрта-индин қайтиши керак. Бугун Олмаотадан ташриф буюрган Давлатберди у билан шу ерда учрашиши лозим.

Марҳум дўсти Мумтоз бундан беш-олти ойча бурун олмаоталик Давлатберди билан яна бир меҳмон – теҳронлик Қутбиддинни шу ерга олиб келиб, Самандарга таништириб кетувди. Ундан кейин рўй берган жиддий нохушликларга қарамай, Давлатбердининг бу ердан пойқадами узилган эмас, албатта. Улар ўртасида ўтган сафар амалга оширилган битта операциянинг ўзидан бу қароргоҳ хазинасига тушган чўтал ҳазилакам бўлмади. Бу галгиси эса… жудаям катта бўлишига Самандарнинг ишончи комил.

Шу боис, қароргоҳ хўжайини бугун барча ишларини бир четга йиғиштириб қўйиб, Давлатбердининг кўнглини хуш этиш учун қўлидан келган ҳамма ҳунарини пояндоз қилиб турипти.

Маишат чоғи гап бориб, чиройли аёллар мавзусига қадалди. Давлатберди мезбондан ногоҳ Тахмина ҳақида суриштириб қолди. – Юрипти. Ҳамон кўпчиликни куйдириб юрипти,–жавоб қилди ширакайф Самандар.– Эрга теккани йўқ.

– Тегмайди, у энди қандай яшаш кераклигини билади…– ўйчан сўз қотди Давлатберди ва қўлидаги сигаретни кулдонга эзғилай туриб, илова қилди: – Ей богу, бунақа чиройлиси ҳеч қаерда учрамайди. Шунда Самандар «ерунда» деб қўл силтади ва хизматкор жувондан сўради:

– Мани Афсонам нима иш қивотти?

– Видео кўрвоттила, хўжайин.

– Унга айт, бизга бир кўриниш берсин…

Давлатберди ажабланган бўлди:

– Афсона? Бу ном менга танишдек туюляпти.

– Наҳотки унутган бўлсанг? – тиржайди Самандар. – Биринчи учрашувимизни эсла. Мумтоз сотиб олган помири қўғирчоқ…

– Бўлди, бўлди. Наҳотки ўша қизча?

– У энди қизча эмас. Яқинда ўн олтига тўлди. Домла чақириб, никоҳлаб олдим. Кел, яхшиси ана шу муносабат билан биттадан қадаҳ кўтарайлик.

– Хорошо, – коньяк тўлдирилган қадаҳни қўлга олди Давлатберди.– Кўшкингга келиб қўнган янги юлдуз учун!

Шундан кейин мавзу асосан Тахмина устида кетди. Самандар меҳмонга Тахминанинг Мумтоздан қолган мерослардан бош тортиб, энди у ўзи мустақил иш юритаётгани, шаҳарда бир нечта заргарлик савдо нуқталари очгани-ю, росаям давлатманд бўлиб кетганлиги, Ўктам деган йигит билан унинг ўртасидаги пинҳоний муносабатларгача маст-аласт гапириб берди.

– Рости гап, мен бу хонимча билан унчалик қизиққаним йўқ. А-то, буниси ҳам бугун менинг ҳарамимдан жой олган бўларди,– керилди у. – Тўхта, тўхта, есть идея! Мана шу соҳибжамолни… сани қўйнингга солиб қўйсам-чи?!

Давлатбердининг юраги гупириб қўйди. Лекин ичидагини сиртига чиқармади. Чунки, барибир бу маҳлиқога мушарраф бўлишнинг иложи йўқдек эди. Ахир Тахмина мен билан Қутбиддин туфайли чеккан азоб-уқубатларини унута олармиди? Самандар ўртада бўлиб ўтган воқеалардан қисман хабардор, холос. У Сожидани танимайди. Тахминага жуда яқин бўлган бу аёл унинг айби билан қамоқда ўтирганини билмайди.

Бироқ ноумид шайтон. Самандарнинг гапи олмосдай ўткир шамширки, бир ожизанинг бўйин товлаши қаерга ҳам борарди…

– Қани энди,–ана шу андишалардан сўнг Давлатберди ҳар эҳтимолга қарши мезбонга эркаланган бўлди.–Мабодо шу иш амалга ошгудек бўлса, мен ҳам сени қуруқ қўймасдим, албатта.

– Қўйсанг-чи,– унга қўл силтади Самандар.– Мен ҳам Олмаотага ўтиб борсам, суришиб кетармиз ахир…

Остонада Ғилай пайдо бўлди. У хўжайинига «олиб келдик», деган маънода бош ирғади. Самандар Давлатбердига қараб қўйди. Меҳмон уни шу лаҳзадаёқ тушунди.

– Мен ҳозирча спалнида бўламан, – деди у ўрнидан қўзғалиб. Лозим бўлганда ўзим чиқаман.

Шундан кейин Самандар ўзи ўтирган айланма курсини Ғилай томонга буриб, «Кирит!» деган ишорани қилди. Орадан уч-тўрт дақиқа ўтиб ичкарига… Самандар бундан илгари атиги икки-уч марта тантанали базмларда Мумтознинг ёнида кўргани–ўша офатижон мўъжиза, бироқ бугун ул таманноли хилқат ўрнида қиёфаси жиддий, мағрур ва салобатли, нигоҳлари ўткир ва изғиринли Тахмина бону пайдо бўлди. Самандар беихтиёр ўрнидан туриб кетди. У ҳали Тахмина билан телефонда жўрттага сертакаллуф бўлиб «сиз»лашиб, мулойим гаплашган бўлса-да, ҳозир уни совуқроқ қарши олиш, ундан устун туриш ва ўз ҳукмини ўтказиш ниятида эди. Бироқ бунга бардоши етмади.

– Келинг, келинг. Хуш кўрдик! – деди у ялтоқланиб. – Сизни безовта қилганим учун минг бор узр, Тахмина бону.

Тахмина қора костюм, қора плашчда эди. У виқор билан юриб кеди, қаршисида мулойим супурги бўлиб турган кекса Самандар билан юзма-юз бўлди.

– Мана, мен келдим,–деди у қатъиятли оҳангда.–Меҳмонинг қани?

– Меҳмоним… дам оляпти. Ҳозир чақирамиз. Сиз марҳамат қилиб, ечиниб… ўтиринг,–Самандар уни дастурхонга таклиф қилди.– Илтимос, ўзингизни босинг. «Паймонаси тўлган» камина, аввало, сиздан узр сўради. Ахир, эгилган бошни қилич кесмас, деганлар-ку?!.

Тахмина қайси бир андишада ўзини вазмин олиб, кўрсатилган жойга эмас, нарироқда қатор турган курсилардан бирига омонатгина қўнди. Уй эгаси бош чайқаб ичида кулиб қўйган бўлди-да, кейин келиб ўз жойини эгаллади. Шундан сўнг эшик олдида қоққан қозиқдек туришган Хирхироқ билан Ғилайга қараб олиб, кейин Тахминага бир дам ўйчан назар солиб чиқди.

– Андишанинг отини қўрқоқ қўймайлик, бону, – заҳархандалик билан сўз бошлади у.– Мен марҳум дўстим ҳурматидан сизга мулозамат кўрсатиб турсам-у, сиз эса менинг обрў-эътиборимни, ёшимни ҳисобга олмай, худбинлик қиляпсиз.

Тахмина ундан нафратли нигоҳини узмаган ҳолда, барибир юқори пардадан пастга тушмади:

– Сен мени ҳақорат қилдинг. Уйингга зўравонлик билан олиб келмоқчи бўлдинг. Марҳум дўстинг ҳурматидан кўрсатган мулозаматинг шуми? Самандар унга бир дам тек қараб қолди-да, кейин энди «сен»сираб жавоб қайтарди:

– Эшитишимча… зўравонлик сани бир умр таъқиб қилиб келган. Шу боис, бу нарсага аллақачонлар кўникиб кетгандирсан, деб ўйловдим. – Йўқ. Мен зўравонликка кўниколмадим,– заҳархандалик билан деди Тахмина.– Шу боис ҳам ноҳақликни асти кечиролмайман. Йўлимдан ҳуриб чиққан ит борки, уни пешонасидан отиб ўтсам, дейман. Бу гап Самандарнинг ҳамиятига янаям қаттиқ ботди. У гезариббўзариб, лабларини бир-икки қимтиб олди.

– Яхши, яхши. Демак, фоҳишадан фаришта чиқибди, шундайми? Тахмина титраб кетди.

– Сендайин иблислар туфайли бир фаришта қиз фоҳишага айланганда, нега энди фоҳишадан фаришта чиқмас экан?

Шу пайт кутилмаганда, ҳамон ясовуллик қилиб, хўжайинидан буйруқ кутиб туришган Хирхироқ билан Ғилайнинг ўртасидан илдам қадам ташлаб ўтиб, ичкарига Афсона кириб келди. Шоирлар ибораси билан айтганда, қомати ниҳолдеккина, юзлари ширин кулча-ю, лаблари ғунча, шаҳло кўзларида оташ бирмунча. Эгнида пистақи ранг ҳарир танпўш, кўксидан бош уриб турган қўш анор уни тешиб чиқаман, дейди…

Самандар қизни ортига қайтариш ниятида эндигина ишора қилмоқчи бўлувди ҳамки, яна қайси бир фикр миясига урилиб, индамай қўя қолди. Афсона тўғри келиб унинг тиззасидан жой олди ва хўжайинининг бўйнидан қучиб, тўлғаниб эркаланган бўлди. Рўпарада ўтирган хонимга эса қиё ҳам боқиб қўймади.

Тахмина бунчалик ёш, ғунчадек чиройли қизнинг ҳечам тап тортмай, бир бижғиган бесўнақай эркак оғушида кўрсатаётган нағмаларига лол қолди. Лол қолди-ю, шу лаҳзада ўзининг ҳам бир вақтлар, айниқса, Куйдирги билан бирга кечирган даврларидаги қилиқлари кўз олдидан «лип» этиб ўтиб, куюк дилига намакоб сепилгандек бўлди. Одамлар орасида бундайин разолат қачонгача яшаркин? Қачонгача гумроҳ бокиралар ҳаром ишратларнинг қурбони бўладилар? Инсон қиёфасидаги иблислар қачонгача иффат гулшанини топтайдилар?

Бу қиз, афтидан, нимадандир маст, карахт эди. У ҳозир нима қилаётганини билмаса керак. «Қизни бу ахлатхонадан тезроқ қутқариш лозим, – шундай фикрга келди Тахмина.– Мен чеккан жафоларни энди бу бечора чекмасин».

Самандар Тахминанинг кўз ўнгида қизни обдон эркалаб, қучибўпиб, оғушидан беозор бўшатди-да: «Энди бор, Афсона. Ҳалироқ ўзим чақираман», дея уни чиқартириб юборди.

– Сенда ор-номус, виждон деган нарса бўлса, неваранг тенги қизча билан ялашиб ўтирармидинг…–деди Тахмина уй эгасига янаям нафрати ошиб.

Самандар унинг бу сўзларига эътибор бермасдан ўз мушоҳадасини аён қилди:

– Кўрдингми, мен истаган пайтимда сендан кўра ёшроқлари, сендан кўра чиройлироқлари хизматимда бўлишади. Сени бугун уйимга келтиришимдан мақсад ўзим учун эмас…

– Мен кутиб турибман, меҳмонингни чақир! – унинг сўзини бўлди Тахмина.

Самандар ногоҳ Тахминанинг тиззалари устига қўйиб олиб ўтирган сумкачасига эътибор бериб қўйди.

– Ҳозир чақираман. Лекин олдиндан келишиб олайлик. Мабодо бугун менинг хоҳишимга қарши боргудек бўлсанг, йигитларни тўплаб, ертўлада хомталаш қилдириб юбораман. Так что, хотирингни жам қилгин-да, мен билан муроса қилиб, иш тут.

– Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан, бижғиган тўнғиз? – бўш келмади Тахмина. – Сен ҳали мени совунимга кир ювмабсан, ифлос! Шу пайт ичкаридан Давлатберди кўриниш берди. У, афтидан, ҳозир бирон хунук кор-ҳол юз бериши аниқлигини сезгандек эди.

– Нима гап ўзи, тинчликми? – ўсмоқчилаб сўради у. Кейин гўё Тахминани тўсатдан кўриб қолиб, бундан беҳад қувониб кетгандек, «юзлари балқиб», шодон қичқирди:

– Тахмина?! Кого я вижу! Какая радость!

Давлатберди қўл очиб, илдам юриб келаркан, Тахмина ҳам кутилмаган учрашувдан ажабланиб, ўрнидан турди, лекин у томон пешвоз қадам ташламади.

Аксинча, қовоқ уйган ҳолда:

– Тўхта, менга яқинлашма! – деди.

– Тахмина, наҳотки мени танимаётган бўлсанг?!

– Нега танимас эканман, танидим. Лекин сен номардда ҳам менинг ўчим бор.

Давлатберди турган жойида туриб қолди. Икки қўлини кўксида чалиштирганча, хиёл бош эгиб, деди:

– Тушунаман… Лекин ишон, мен Сожидани турмадан чиқариб олиш учун келганман.

– Бас қил. Сожидани қонуннинг ўзи чиқариб олади. Унинг ўрнига сен бориб ўтиришинг керак!

Давлатберди Самандарга бирров нигоҳ ташлаб қўйди. Уй эгаси ҳамон қизариб-бўзариб ўтирарди. У меҳмоннинг бу қараб қўйишидан «Хулосангни чиқар» демоқчилигини тушунди.

– Бўпти, – деди Самандар ўрнидан вазмин қўзғала туриб.–Яна муросага борамиз…

У энди қадаҳларга коньяк тўлдирди.

– Келинглар. Бир-биримизни кечирайлик-да, бу ёғига бамаслаҳат иш тутайлик.

– Жахси, – деди Давлатберди уни қувватлаб ва шошиб бориб, қадаҳлардан иккитасини олди-да, Тахминанинг ёнига келди. Бу орада Самандар алёр айтишга ҳам улгурди:

– Мен икковингни ишларинг юришиб, бахтларинг очилиб кетиши учун ичаман…

Тахмина гап нимадалигини тушуниб етди. Сожидани қон қақшатган Давлатберди энди унга хомтама бўляпти. Демак, бу ерда ана шу ҳақда гап бўлган. Самандар унга кўмаклашишга сўз берган. Тахминани сенга зўрлаб ҳам бўлса қўшиб қўяман, деган.

Энди нима қилиш керак, қандай иш тутмоқ лозим? У қўл соатига разм солиб қўйди. Яна ўн дақиқа! Ана шу ўн дақиқада Тахмина ташқарига чиқмаса, Самандарнинг кўшкига ўт кетади. Ҳали Тахмина билан изма-из иккита енгил машинада шошилинч йўлга чиқишган олти нафар йигит қўрғон атрофида беркиниб туришипти.

Тахминанинг нияти, аслида, юқорида ҳам айтилганидек, Самандар билан юзма-юз бўлиб олиш, унинг бир таъзирини бериб, иккинчи бунақа бемаъниликка йўл қўймайдиган қилиб қўйиш, ва албатта, агар рост бўлса, ўша меҳмон ким ва унинг нияти нимадалигини билишдан иборат эди. Йўқ, агар белгиланган муддат ичида Тахмина қўрғондан ташқарига чиқмаса, демак, гап бошқа ёқда. Унда йигитлар ичкарига бостириб киришади…

Тахмина бу ерда Давлатбердини учратиб қолишни хаёлига келтирмаган эди. Демак, бу риёкор батамом йўқолиб кетмаган, унинг ҳали Тошкентдан қадами узилмаган. Бу ерда у ўз «бизнес»ини давом эттираётган бўлиши аниқ. Эҳтимол, бу ҳақда милицияга хабар бериш лозимдир? Чунки бу ифлос қанчалик тез қўлга олинса, унинг асл башараси қанчалик тез фош этилса, Сожида шунчалик тез оқланиб, озодликка чиқади-ку!

Тахмина ана шу мушоҳадалардан келиб чиқиб, шундай қарорга келди: демак, ҳозирча Давлатбердини ҳам, Самандарни ҳам чўчитмай туриш керак. Қолган ишларни керакли жойнинг ўзи ҳал қилиб олади. Шу боис, у Давлатберди келтирган қадаҳни қайтармади, уни қўлига олди, «Ҳақиқат тезроқ қарор топиб, Сожиданинг тезроқ озодликка чиқиб кетиши учун», дея лабига теккизиб қўйган бўлди. Кейин Давлатбердига: «Мен кетдим. Биз яна кўришамиз», деди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации