Текст книги "Тахмина"
Автор книги: Солих Каххор
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 34 страниц)
Шу пайт унинг кўз ўнгидами ёки хаёлидами Тахмина пайдо бўлди. Ёш, гўзал, виқорли Тахмина… У Сурайёга беписанд боққанча аста юриб келди-да, ҳалиги ажал калхатининг бошини силай бошлади. У энди Тахминанинг овозини аниқ эшитди:
– Бу Сурайё, бу Сурайё… Хуршида ўлган, буям ўлсин.
Тахмина шундай дея ортига ўгирилиб, яна кетиб бораркан, Сурайё қўлларини унга томон чўзганча илтижо қилади:
– Тахмина, тўхта! Кетма! Мени ўлдириб қўяди! Мен ўлмайин, ўлмайин!
Тахмина ногоҳ тўхтайди, лекин Сурайё томон боқмай, тик туриб қолади. Шу тоб ҳужра шифти томондан кимнингдир овози янграйди: – Тахмина қайтмайди. Сен уни ўлдиргансан, энди у сени ўлдиради. – Тахмина тирик, мен уни ўлдирганим йўқ, – зўр бериб инграйди Сурайё.
– Айт, айт. Гуноҳингдан фориғ бўл, дўзахи, дўзахи…
– Тахмина, Тахмина-а! Мени кечир, гуноҳимни кечи-ир!
Тахмина чиндан ҳам Сурайёнинг иккала қўлидан тутганча, уни тинчлантирмоқчи бўлди:
– Ўзингни бос, Сурайё, ўзингни бос. Нима бўлди сенга, қанақа гуноҳ? Нимани кечирайин?
Сурайёнинг қулоғи остида яна ўша овоз:
– Сен ўласан, ўласан. Дўзах. Дўзах…
– Йўқ, йўқ, йўқ-ўқ!
– Тахмина кечирмайди, кечирмайди…
– Кечир! Кечир! Мени кечир, Тахмина-а!
Тахминанинг энди кўнглига ғулғула тушади.
Сурайёнинг қўлларини шитоб билан силкиб, сўрайди:
– Гапир, гапир! Қайси гуноҳингни кечирай?!
Шунда Сурайё жон талашаётган кўзларини Тахминага қадаганча, ёстиқдан бош кўтармоқчи бўлади. Бош томонда ўтиришган аёллар уни елкасидан беозор олишиб, бироз юқори кўтаришади.
– Тахмина, сен кет. Кет бу ердан. Мумтоз, Мумтоз… Аянг… Хуршида минан… бўлган… Мен минан ҳам. Акмал… Мумтоздан…
Тахмина шундан кейин нималар бўлганини билмайди. У Сурайёнинг ҳужрасидан не аҳволда чиқди, Қўрғонни не аҳволда тарк этди, шаҳардаги ўз уйига қандай кириб келди – бунисини билмайди. Қанча вақт юм-юм, аччиқ-аччиқ йиғлаганча, ўз чекига яна такрор тушган шармандали ва даҳшатли тақдир оғриқларидан тўлғаниб, инграниб, ҳалокатли бу қисмат исканжасидан энди қандай қилиб халос топиш савдосида ётганини ҳам билмайди.
Мана, унут бўлаёзган жароҳат қайта янгиланди. У ўз ҳаётида йўл қўйган гуноҳлар қанчалар чўнглиги энди маълум бўлди. У ўзининг Тошкентга келиб топган ҳузур-ҳаловатлари, тотли-нашидали дамлари алдамчи бир сароб эканлигини, уни ҳали аччиқ тақдир интиқоми тарк этмаганлигини, инсон ўйлаб-ўйламай босиб ўтган ножўя йўллари учун қисмат олдида ҳам, худо олдида ҳам жавоб бериши муқаррарлигини илк бор ҳис этди.
Демак… Онаси… Хуршида ана шу ҳақиқатни англаб етгачгина ўзини ҳам, ўша Доникни ҳам бу ёруғ оламда яшаш ҳуқуқидан маҳрум этганлигини, бу билан у ўз гуноҳларини ювмоқчи ва яккаю ягона, бахтиқаро қизини навбатдаги гуноҳлардан асраб қолмоқчи бўлганини у энди тушунди! Ҳа, мен… гўллик қилдим, маккор Сурайёнинг измида қолганим учун ҳам Мумтознинг тузоғига илиндим. Унинг давлатига, сохта шуҳратига учдим. Мана, охир-оқибат етиб келган жойим…
Ногоҳ унинг кўз олдига Акмал келиб, баттар қақшади. Тақдир уни орзу ва умидларидан ҳам жудо этди. Тахминага бу қабоҳатли, тубан ва риёкор ҳалқадан чиқиб кетиш учун илинж ҳамда мадад зиёси бўлиб турган Акмални яна ундан олис-олисларга олиб қочиб кетди.
Мен энди бу кўргуликлар эвазига нима қилишим керак? Мен учун энди бу ёруғ дунёда яшашнинг нима қизиғи қолди? Мен энди Акмал сингари, Ўктамбек сингари, Зилола сингарилар юзига қандай қарайман? Бу кунимдан ўлиб кетганим, ҳамма-ҳаммасидан бир йўла халос топганим яхши эмасми!?
Бироқ Мумтоз-чи?! У яна яшайверади. Яна бошқаларни алдаб, ўз фароғатини давом эттираверади. Йўқ, мен ўзимдан аввал уни гумдон қиламан. Мен ундан ўч оламан. Ўзига, мол-дунёсига ўт қўяман! Тахмина ана шу қатъият билан ўрнидан бош кўтарди.
XV
Мумтоз меҳмонлари билан бирга тонготар маишатдан тўғри аэропортга кириб келишди. Олмаота самолётининг учишига ҳали бир соатдан ортиқ вақт бор, бироқ билетлар қайд этиладиган жойда йўловчилар аллақачон тўплана бошлаганди.
Қутбиддиннинг таклифи билан телефон қилиб, юкнинг жўнаб кетган-кетмаганлигини билиш ва албатта, Тахмина хонимга яна бир бор миннатдорчилик изҳор қилиб, у билан хайр-хўшлашиб қўймоқчи бўлдилар.
Не ажабки, телефон гўшагини ҳадеганда кўтарадиган одам бўлмади. «Нима бало, ҳаммалари қотиб қолишганми!?» – асабийлашди Мумтоз. Қайта-қайта уринишлардан сўнггина Зилоланинг овози келди:
– Эшитаман…
– Зилола, сенмисан? Қани бошқалар?
– Бошқалар…
– Юк жўнаб кетдими, йўқми?
– Жўнаб кетишган… Кечаси…
– Намунча чайналасан? Ёки сен ҳам ухлаб ётувдингми? Тахмина қани?
– Тахмина опам… шаҳар томонга кетдилар. Бўтда…
– Нима гап, тинчликми?
– Сурайё хола… қазо қилдилар.
– Нима-нима? Сурайё! Қачон?!
– Тонготарда. Пабрикадан Ойим ака келиб, ўликхонага жўнатворди. Маҳалладагилар ўзимиз кўмамиз, дейишсаям, унамади. Бу ердан ўлик чиқмайди, ўғли келса, ўзи кўмволади, деди.
«Ойим ака» номини эшитиб, Мумтознинг кўз олдидан кечаги бензин тўла канистр «лип» этиб ўтди.
Кўнгли хира тортди.
– Бўпти. Тўғри қилипти, – деди у тажанг оҳангда. – Ҳозир сен билан ким бор у ерда?
– Қўни-қўшнилардан уч-тўрт киши…
– Одам тўпланмасин. Қўрғон карвонсарой эмас. Чиқиб кетишсин. Мумтоз акамнинг аччиқлари келади, дегин.
Зилола унга жавобан индамай гўшакни жойига қўйди.
Мумтознинг юзи бироз тундлашганини кўриб, меҳмонлар ундан хавотирлик билан нима гаплигини сўрашди.
– Ташвишланманглар, юк кечаси жўнаб кетипти, – жавоб берди Мумтоз.– Фақат…
У Акмалнинг узоқ вақтдан бери бемор ётган онаси қазо қилганлигини айтмоқчи бўлди-ю, яна бу фикридан қайтди.
– Тахмина хоним чиқиб кетибди. Ҳозир телефон қилиб топамиз. Мумтоз меҳмонларнинг: «Ҳечқиси йўқ. Қидириб ўтирманг, хонимни безовта қилманг», дейишларига ҳам боқмай, шаҳардаги уйга ҳам, жавоҳирот дўконига ҳам қўнғироқ қилиб кўрди. Жавоб бўлмади. Шундан сўнг у: «Эҳтимол, Сурайёнинг ташвиши билан юргандир», деган фикрда ўзини тинчлантирди.
Учовлон билетларни қайд этиш бўлмаси томон бамайлихотир йўналишаркан, ногоҳ Мумтознинг рўпарасида ўзларидан ўн беш қадамча нарида улар томон қараб туришган тўрт нафар кишига кўзи тушди. Тўрттовиям қора чарм курткада, гавдали-гавдали йигитлар. Шу пайт улардан биттаси ажралиб чиқиб, улар томон пешвоз кела бошлади. Мумтоз уни дарҳол таниди: кечаги Эргаш, шаҳар дезинфекция станциясида ишлайман, деган одам. Чакки эмас, кийинишию юришидан кеча бошқа-ю, бугун бошқача. Ёки буям ўртоқлари билан сафарга жўнаяптимикан…
Ҳарҳолда, шу одамни кўриб, Мумтознинг яна таъби хира тортди. Афтидан, меҳмонлари бу одамга унчалик эътибор беришмаётганидан, уни танишмади.
Эргаш тўғри келиб, булар билан бирма-бир «илиқ»қина саломлашаркан, шунда Қутбиддин уни таниб қолиб, ясама мулойимлик билан деди: – Э-э, Беҳбуднинг ошнаси-ку, топдимми?
– Худди шундай, жаноб Қутбиддин, – жавоб қилди Эргаш.–Беҳбуднинг ошнасиман…
Шунда Эргашнинг шериклари ҳам булар томон аста юра бошлаганини кўриб, Мумтоз ҳадик ва саросима билан сўради:
– Сизлар ҳам сафаргами дейман, Эргашбой?
– Нима десамикин, сизларни кузатгани чиқдик, – ҳазил аралаш деди Эргаш.
– Кузатгани? Унда ошнангиз Беҳбуд қани?
– Ошнам Беҳбуд бир жойда ўтирипти. Аниқроғи, биз сизларни кузатгани эмас, кутиб олгани чиқдик…
Меҳмонлар тил билмаганликларидан буларга ажабланиб боқиб туришар, Мумтоз эса нималар бўлаётганини тушунолмай ҳайрон эди.
Эргашнинг шериклари келишиб, буларнинг атрофида тик туриб қолишди. Улар нега саломлашмаганидан тегишли хулоса чиқариб, Қутбиддиннинг ҳам, Давлатбердининг ҳам рангидан қон қочди. Аҳвол чатоққа ўхшайди!
Мумтознинг энди жаҳли қўзғади:
– Эргашбой, сиз назаримда… Катталар билан, айниқса, хорижий меҳмонлар билан муомалада меъёрий қоидалар борлигидан бехабарсиз чоғи?
Эргаш унга жавобан истеҳзоли жилмайиб деди:
– Кечирасиз, жаноб Мумтозбек. Сиз назарда тутаётган меъёрий қоидалар андозасига ҳамма ҳам муносиб келавермайди. Иккинчидан… Мен ҳозир ҳазиллашаётганим йўқ.
Эргаш ички чўнтагидан ҳужжат чиқариб кўрсатаркан, ўзларини танитиб, улар қўлга олинганликлари ҳақида маълум қилишди.
– Жамоатчилик жойи, бехижолат чиқиб кетайлик, дегудек бўлсаларинг жимгина юринглар,–буюрди Эргаш,–акс ҳолда, кишанлашга тўғри келади.
– Тўхтанглар, бизнинг гуноҳимиз нимада? – янаям ҳайратланди Мумтоз.– Ё кеча гарнитур бермаганлигим учунми?
– Гапни кўпайтирманг, жаноб Мумтозбек, – энди Эргаш қовоқ уйиб олди. – Қани кетдик.
– Ахир… Меҳмонлар самолётга кеч қолишади-ку?
– Меҳмонларингизни керакли жойга ўзимиз элтиб қўямиз.
Қутбиддин билан Давлатбердининг ранглари докадай оқариб, қалтираб жим туришганини кўрган Мумтоз энди чиндан ҳам ўртада «бирон гап борлиги»га ишонч ҳосил қилди.
Уларни олиб боришиб, аввалига алоҳида-алоҳида камераларга қамаб қўйишди. Кейин бирма-бир сўроққа чақиртиришди. Мумтозни полковник пўримидаги серсавлат бир кишининг ҳузурига олиб киришди. Бу одамни у қаердадир кўргандек, лекин эслолмади. Омаддан бўлиб, полковникнинг ўзи ёрилиб қолди:
– Биз ҳофиз Мумтозбекни тўю ҳашамларда, хурсандчилик давраларида кўриб ўрганганмиз. Шу боис ҳам сизни бугун бу ерда қабул қилаётганимдан хижолатдаман…
– Мен сизни эслолмаяпман,– босиқлик билан жавоб қилди Мумтоз. – Бунинг аҳамияти йўқ,–полковник уни ўтиришга таклиф қилди.–Энг муҳими, мен сизнинг гуноҳсиз бўлиб чиқишингизни истардим. – Мени ҳали ҳеч ким бирон гуноҳ билан айблагани йўқ, жаноб полковник.
– Шубҳамиз бор, холос, – юқори лавозимли зобит ўрнидан туриб келиб, Мумтозга яқинроқ стулга ўтирди. – Ўзингиз тушунарсиз, икковимиз унча-мунча ишлар билан ўралашадиган ташкилотда ўтирганимиз йўқ, ҳофиз.
– Илтимос, тезроқ мақсадга кўчсангиз, – тоқатсизланди Мумтоз. – Яхши, – полковник ўрнидан яна қўзғалиб, стол устида ётган иккита суратни олиб қайтди. – Меҳмонларингиз мана шу жанобларми? – Худди шундай. Улар нима иш қилиб қўйишипти?
– Энди буёғини диққат билан тингланг.
Полковник шундан сўнг унга бу жанобларнинг катта миқдорда наркотик моддалар сотиш билан шуғулланишлари ҳақида сўзлаб берганида, Мумтоз бу гапдан донг қотиб қолди.
– Мана, бу сафар энди улар сиздан фойдаланмоқчи бўлишди, – сўзида давом этди полковник. – Улар сизнинг фирмангиз учун жўнатилган мебель орасида ичига катта миқдорда қорадори қўйилган махсус гарнитурни ҳам қўшиб олиб келишди-да, кейин уни Тошкент орқали Олмаотага ўтказмоқчи бўлишди.
Мумтознинг кўз олдига бугун тунда Олмаотага жўнатилган «Наврўз» гарнитури келди. «Эҳ-а, мана гап қаерда экан!»–у беихтиёр безовталаниб, қўзғалиб олди. Полковник унинг бу ҳолатига эътибор берди. – Энди ҳамма гап, сиз улар билан қандай қилиб танишгансиз, сизларни ўртада боғлаб турган нарсалар нима, фирмангизга келган юкни қайси йўл билан, кимлар орқали, қайси мақсадда «разтаможка» қилдирмай туширгансиз, ва ниҳоят, кеча Олмаотага жўнатилган мебель ичида кўп миқдорда қорадори бўлганидан хабарингиз борми – ана шуларни аниқлаб олишимиз керак.
Мумтознинг бадани музлаб, пешонасида совуқ тер йилтиллади.
– Ўлимдан хабарим бор, лекин бу нарсалардан хабарим йўқ, – деди у юраги санчиб. – Мумкинми, билсам, кеча Олмаотага жўнатган машинам ҳозир қаерда?
– Машинангиз ҳам, одамларингиз ҳам ишончли жойда, хавотир олманг. Сиз фақат юк учун жавоб берсангиз бас.
– Юк учун… эгалари жавоб беришсин.
– Энди, гап бундай. Ҳозиргина мен таъкидлаб ўтган саволларга бирма-бир, тўлиқ жавоб тариқасида тушунтириш хати ёзиб берсангиз,– полковник стол устидан қоғоз, ручка олиб, Мумтознинг олдига қўйди.
… Унга кечга яқин жавоб беришди. Охирида яна ўша, эрталабки полковник шаҳардан четга чиқиб кетмаслик шарти билан Мумтоздан тилхат ёздириб оларкан: «Сизга ишонганим учун қонунга хилоф равишда жавоб беряпман», деди. Божхона масаласини ҳисобга олмаганда, ўзини бегуноҳ ҳисоблаб турган Мумтоз шунчаки бир «одоб юзасидан» унга: «Миннатдорман, яхши кунингизда хизматда бўлайлик», деб қўйди.
– Эртага эрталаб соат тўққизда сизни кутаман, – таъкидлади полковник. – Хижолатга қўймассиз, деб ишонаман.
Мумтоз бу даргоҳдан чиқиб кетиш учун рухсатнома олганидан енгил тортиб, унга жавобан:
– Йўқ, албатта. Мен ҳаммасини тушунаман, – деди.
Бугун кун давомида уни камерадан икки марта сўроққа, бир марта юзлаштириш учун олиб чиқишди. Мумтоз воқеалар қандай юз берган бўлса, шундайлигича сўзлаб берди, албатта. Бугун уни Қутбиддин ва Давлатберди билан учраштирмадилар. Божхонадаги дўсти Омонтой ва «Кеша» билан юзлаштиришди. Ишларни осонгина тўғрилаб берганликлари эвазига улар Мумтоздан нима олишгани билан қизиқишди. Мумтоз бунга жавобан: «Биз эски қадрдонлармиз. Илтимос қилувдим, холос», дейишдан нарига ўтмади. Омонтой Самантоев барибир Мумтозга «Расво қилдинг!», деган маънода пинҳона нафрат билан боқиб қўйди.
Мумтоз бугун унга тушлик келтирган сержант йигит орқали Акмал билан Сожида ҳам шу ерда эканлигини билиб олди.
– Улар билан бирга шопир ҳам бор, – деди сержант. – Маймун башара, оти нимаям…
– Беҳбуд…
– Ҳа, Беҳбуд. Менда гуноҳ йўқ. Очлик эълон қиламан, деб тўполон кўтарипти.
«Лаънати… Ҳамма ишкалликни илаштириб келган ҳам ана шу гиёҳванд-ку, ахир!.. – кўнгилдан ўтказди Мумтоз. – Мана энди уларнинг касрига биз ҳам ўтирибмиз бу ерда.»
Мумтоз полковник ҳузуридан чиқиб кета туриб, беихтиёр эшик олдида бир зум тўхтаб қолганлигининг боиси ана шу ҳадикбезовталикда эди.
– Менимча, бирон гап эсингизга тушиб қолди чоғи… – дарҳол бунга эътибор қилди полковник. – Марҳамат, қулоғим сизда…
– Йўқ, йўқ, мен ўзим… шундай… – аввалига чайналди Мумтоз. Лекин тўхташга тўхтадингми, энди буёғига дадил бўл, шу заҳотиёқ у ана шу фикрга келиб, полковникка синовчан боқди: – Менинг кимлигим ўзингизга аён, бемалол ишонсангиз бўлаверади…
– Сизга ишонганим учун қонунга хилоф иш тутиб, эртагача жавоб бераётганимни ҳозиргина айтдим-ку. – Унга далда бергандек бўлди полковник. – Так что, гапингиз бўлса, очиқ айтаверинг.
Мумтоз бундан руҳланиб, ортига бир-икки қадам ташлади. Кейин ийманганроқ оҳангда паст товушда деди:
– Меҳмон отангдан улуғ, деганлар. Агар иложи бўлса… Шулар Тошкентдан эсон-омон чиқиб кетишса, қолган гаплар икковимизнинг ўртамизда ҳал бўлаверарди.
Полковник бир дам ўтирган жойида сукут сақлаб қолди. Кейин оҳиста ўрнидан туриб келиб, ўзига ҳаёсиз боқиб турган Мумтоз қаршисида тўхтади.
– Жаноб Мумтозбек, мен сиздан бу гапни кутмаган эдим,–афсуслик билдирди у.–Модомики, ўзингиз ҳаромхўр экансиз, бошқаларни ҳам шундай деб ўйлаб, ўз ит ялоғингизга таклиф қилишга одатланманг.
Серсавлат Мумтоз доғ бўлиб турган ёғ ичидаги жизза каби бир лаҳзадаёқ буришди қолди.
– Кечиринг… – базўр ғўлдиради. – Мен… кетаверайми?
Полковник унга терс ўгирилиб, ўз ўрнига қайтаркан, димоғида «жавоб» деди ва яна илова қилиб қўйди:
– Эртагача жавоб.
Мумтоз ташқарига қандай қилиб чиқиб олганини билмайди. Оёққўлларидан дармон қочиб, юраги ҳилвираб тургандек эди. Ногоҳ, ҳув нарида, рўпарада турган «Мерседес»ни кўриб, бироз ўзига келди. Бечора Алим ака! У кун бўйи худди шу ерга қоқилган қозиқдек кутиб ўтирипти! Алим ака хўжайинни кўрибоқ шоша-пиша машинасидан тушди-да, унга тавозе билан орқа эшикни очиб берди. Гўё Мумтоз бу ерда кун бўйи давом этган аллақандай йиғилишдан ҳориб-чарчаб чиққандек. Алим ака ҳатто, «Тинчликми, хўжайин?» – деб сўраб ҳам қўймади. Мумтоз ҳам ҳозир ундан гарчанд хурсанд бўлиб кетган бўлса-да, буни сиртига чиқармади.
«Мерседес» шаҳардаги уй томон йўл олди. Мумтоз йўл-йўлакай бугунги нохушликларни бирма-бир кўз олдидан ўтказаркан, Тахмина ҳаммасидан хабар топдими-йўқми, уни ана шу қизиқтириб қолди. Мабодо меҳмонлар билан юз берган воқеани эшитган бўлса, бу масалага у қандай муносабат билдиради?
Автомашинадаги телефоннинг нима балосиям куйиб қолиб, бир ҳафтадан бери ишламаётгани, Алим ака шуни бир амаллаб тузаттириб олишга вақт тополмаётганидан Мумтоз ғашланиб қўйди. Лекин ҳозир шуни деб униям, ўзиниям диққат қилишни лозим топмади.
– Бугун Тахмина билан боғланганинг йўқми? – сўради у Алим акадан.
– Йўқ.
Мумтоз ундан бошқа ҳеч нима сўрамади. Барибир бу роботдан «йўқ» ёки «ҳа»дан бошқа гап ололмайди. У яна ўз хаёллари билан куймаланди.
Минг лаънат, ишнинг расвоси чиқди. Мумтоз оқланиб чиққан тақдирда ҳам, эрта-индин бутун шаҳарга, кейинроқ ундан нарироққа ҳам гап тарқайди. Билган у дейди, билмаган бу. Худо билади, ҳали миш-мишчилар Мумтоз ҳақида нималарни тўқиб чиқаришмайди.
Буниси ҳам майли, дейлик. Текшир-текширлар бошланиб кетиб, Мумтозга хуфиёна бойлик келтириб турган жойлар очилиб кетсачи!? Эй худо, шармандаликдан ўзинг асра!
У тезроқ Тахминани топиш ва бугун тонготарга қадар қўлдан келгунча у-бу ишларини саранжомлаб олишга қарор қилди.
Мумтоз учун кутилмаган ҳол рўй берди. Тахмина уйда йўқ, эшик қулф эди. Бу даргоҳ Мумтоз учун ҳамиша очиқ бўлиб келган ва шу боис у чўнтагида калит олиб юришга одатланмаган эди. Бугун биринчи марта остонадан қуруқ қайтиб кетишга мажбур бўлаётгани шусиз ҳам кўнгли хуфтон Мумтозга алам қилди.
У рўпара эшикда яшовчи ўрис кампирдан бугун Тахминани кўрганкўрмаганлигини суриштирди.
– Хоним тушгача уйда эдилар, – деди кампир, – бир марта сигарет ва яна бир марта ўн сўм пул сўраб кирдим. Иккала сафар ҳам йиғлаб ётганини кўрдим. Кимдир ўлиб қолган экан, йиғлайвериб, бир аҳволга тушиб қолипти. Насиҳат қилдим, ўзингизни қўлга олинг, дедим. Яхшиси, бир-икки юз грамм ичиб олинг, ғамни кўтаради, дедим.
– Гапни қисқароқ қил, бабуля, – тоқатсизланди Мумтоз.
– Кейин… – кампир эгнидаги халат чўнтагидан икки энли хат чиқарди.
– Мабодо хўжайин келиб суриштирса, шуни бериб қўясан, деб тайинлади. Соат иккилар эди чамаси.
Мумтоз кампирнинг қўлидан хатни зарда билан тортиб олди-да, ёзувга саросимали кўз югуртирди:
«Мен машинада Қўқонга кетдим. Эртага қайтаман. Тахмина».
«Аҳмоқ. Сенга нима эди, – кўнгилдан ўтказди у Тахминанинг кўз ёшлари-ю, унинг Қўқонга жўнаб кетишини Сурайёнинг ўлими билан боғлаб. – Ҳойнаҳой, қариндош-уруғларидан битта-яримта бўлса, топиб, хабар қилиб келади».
У энди ҳамма нарсага қўл силтаб, машинани Қўрғонга ҳайдашга буюрди.
…Кеча бу пайтда улар шаҳарнинг бир гўшасида, пиво заводи директори Самандарнинг ҳашаматли дала ҳовлисида ҳузурижон маишатда эдилар. Буюртма билан келтирилган гулбадан нозанинларнинг энг ёши, энг гўзали Мумтозники бўлди. Эндигина балоғат ёшига етган Афсона исмли бу «паризод» билан иккинчи марта учрашишди. Ўшлик бир қўшмачи аёл топиб келган лаъли бадахшонлик Афсонанинг қизлик шаъни учун у ўтган сафар минг долларни қурбон қилди. Қизгина ўзбекчани тушунмас, ҳуркак, лекин итоаткор чиқди. У Мумтознинг ниятини дарҳол тушунди.
Бу гал энди Афсона Мумтозни ўз қадрдонидек қаршилади. Тонготар маишат бўлди. Мумтоз уларга ўйноқи, эҳтирослар торини қитиқловчи қўшиқлар айтиб берди. Қизларни роса ўйинга солишди.
Хайрлашар чоғи, Афсона Мумтознинг елкасидан қучиб, чалачулпа ўзбекчада:
– Хўжайин, мени олиб кет. Мен сенга ўғил туғиб бераман, – деди.
Мумтоз тушунди, буни унга қўшмачи аёл ўргатган. У Афсонани Мумтозга пулламоқчи. Катта пулга ўтказмоқчи. Кўзлаган нарсасини Мумтоздангина олиши мумкинлигини у яхши билади.
Мумтоз шу пайт хаёлдан ўтказди: «Ҳарҳолда, Қўрғонга Тахминадан кўра буниси муносиброқ кўринади. Лекин бу иш осонлик билан кўчмайди, албатта».
У қўшмачи аёлни чақиртириб, унга бир даста пул тутқазди:
– Афсона меники. Оғзингга сиққанини оласан. Бошқа ҳеч кимга қўшмай асрайсан!
Қўшмачи аёл завқланиб тиржайди:
– Хўп бўлади, бой ака.
Мумтоз йўл-йўлакай ана шуларни кўз олдига келтириб, бугунги нохушликлар асорати ва чарчоғини оз-моз унутгандай бўлди. Бир хаёли ҳозир машинани ўша қўшмачи аёлнинг уйи томон буриш ва бу тунни Афсонанинг афсонавий дунёсида ўтказиш фикрига ҳам борди. Лекин юрагини куйиштириб турган бугунги нохушликлар аччиғи устун келиб, дами ичида қолаверди.
Ҳеч ким йўқ, дабдабали кўшк ҳувиллаган, сукунатли тун қўйнида ёлғиз ўзи сўппайиб, гўё бу атрофда беҳуда бош кўтарган азим ва жонсиз ҳайкалдек қотиб турарди.
Мумтоз ҳовлига кирибоқ, Сурайё ётган ҳужрага жирканч назар ташлаб қўйди. «Эртагаёқ дорилатиб ташлаш керак», хаёлидан ўтказди у. Кейин Алим акага буюрди:
– Сен бола-чақангни олдига қайт. Тонг саҳарда кел. Соат бешларда. Зарур иш бор.
– Хўп.
– Тўхта. Аввал орқага ўт, кучукларни қўйиб юбор. Олдиларига егулик ташла.
Шу тоб ўзининг ҳам очлигини ҳис этиб ошхона томон юрди. У ердан бир ликоб пўстдумба, бир шиша очилмаган коньяк кўтариб, оромхонага ўтди. Телевизорда Московдан аллақандай шаҳвоний фильм кўрсатилаётган экан. Ҳузур қилиб ўтириб, пўстдумба билан коньякни охирлатиб қўйди.
Ногоҳ телефон жиринглаб қолди. Тахминанинг сотувчи қизи Наталья экан. Айни бош қизиб турганда унинг қўнғироқ қилиб қолиши Мумтозга, гўшакни қачонлардан бери қорасини кўрсатмай юрган «қочқоқ» Мумтознинг шахсан ўзи кўтарганлиги эса Натальяга жудаям ёқиб тушди. Ўрис қизнинг омади гапи Тахмина хонимнинг бугун ишга бормаганлиги, кун бўйи уни телефонда суриштириб топишолмаганидан бошланди. Кимдир Натальяга Тахмина хонимнинг ўз «Эсперо»си рулида ҳалигина Қўрғон томонга ўтиб кетганлигини айтибди.
– Ёлғон,–деди Мумтоз унинг сўзини бўлиб,–Тахмина Қўқонга кетган. Эртагаям ишда бўлмаслиги мумкин. Менга ундан кўра, ўзингдан гапир…
Наталья бир дам жимиб қолиб, кейин эркаланди:
– Ўзим ҳақимдами? Ахир менда бек жанобларини қизиқтирадиган нимаям бўлиши мумкин?..
– Сен ҳамиша яхшисан, капалагим, – ширакайф Мумтоз энди унга ялтоқланди. – Кўпдан бери йўқламаганим учун узр, албатта. Агар истасанг, ҳозироқ етиб келгин. Сени жудаям соғинганман.
– Жон деб учиб борардим-у, бироқ, мазам йўқ…
Мумтоз уни тушунди. Овозига жиддийроқ тус берди:
– Мана, кўрдингми, менга деганда мазанг қочиб қолади. Энди ўзингдан кўр.
– Ей богу, больна. Поверьте, а то заплачу…
– Бўпти, бўпти. Сени йиғингга жой йўқ ҳозир, – Мумтоз унга ғойибона қўл силтаб қўя қолди. Кейин ўзини Натальянинг тақдирига бефарқ эмаслигини кўрсатиб қўймоқ мақсадида, ундан энди ҳол сўраган бўлди:
– Эр-пер қилай деяпсанми, йўқми? Ёки шундай ўтиб кетмоқчимисан?
Наталья бир дамлик сукут сақлаб, кейин босиқ овозда жавоб қайтарди:
– Умидим сиздан эди… Ўзингизни рухсатингиз билан топганимни эса худо менга кўп кўрди. Энди буёғига қўрқиб қолганман…
Шу тоб Мумтознинг кўз олдида Наталья бир кун унинг ҳузурига етаклаб келган Музаффар исмли йигит гавдаланди. Новча бўй, қотмароқ, қош-кўзлари порпираб турган латифгина ўспирин эди у. Етимликда ўсган бола экан. Аллақайси газетада ишларкан, сиртдан журналистикага ўқиркан.
– Биз бир-биримизни севиб қолдик, турмуш қурмоқчимиз,–деди Наталя ўшанда Мумтозга маъноли боқиб.–Сиздан рухсат олгани келдик…
Музаффар бу гапдан ажабланиб, Натальяга саволомуз боқди. Чунки қиз уни бу ерга: «Шефимдан фотиҳа олишим керак, бизда удум шундай», дея олиб келган эди. Энди эса, ундан фотиҳа эмас, рухсат сўраяпти…
Музаффар қаршисидаги юмшоқ курсида оёқларини чалкаштирганча иккала ёшга кибру ҳаво билан ҳамда сезиларли масхараомуз боқиб ўтирган «Мумтозбек жаноблари»ни яхши танийди. Бугун у маҳаллий журналистларнинг асосий кўпчилиги шаҳардаги бир чимдим жиноий гуруҳнинг сарвари сифатида эътироф этувчи, шу билан бирга, маиший бузуқлик ва бетавфиқликда кенг маълум бўлган бу одам билан шунчаки бир юзма-юз бўлиб қўйиш истагида, Натальянинг хоҳишига осонгина кўниб келганиди бу ерга.
Музаффарнинг юрагига ғулғула тушди: Наталья бу иблисдан беҳуда рухсат сўраётгани йўқ! Буни қарангки, сира кутилмаганда, ўрис қиз ўзининг соддадиллиги ва ростгўйлигига борди. У ўзича ҳайрон боқиб турган Музаффарга гуноҳкорона бош эгиб деди:
– Мени тўғри тушун… Мен… Рухсат сўрашга мажбурман…
Мумтоз шу тоб гапнинг ишкали чиқаётганини сезиб қолиб, шошапиша томоқ қирганча юзига жиддий тус берди-да, масалага нуқта қўйган бўлди:
– Яхши, яхши. Куёв йигит ҳам менга ёқиб турипти. Мен розиман. Фақат… Мени эсдан чиқариб қўймасанг… лар бўлгани.
Музаффарнинг пешонасида совуқ тер йилтиллади. Назарида, Мумтоз шу тоб гўё унинг оғзига тупуриб қўйгандек, кўнгли беҳузур тортиб, кўз олди бироз хира тортди. Лекин сир бой бермади. Фақат нимадандир қаттиқ жирканган қиёфада, Мумтозга жавоб қайтарди:
– Кечирасиз, ювиндихўрлик итлар учун буюрилган!
У шундай дея кескин ортига бурилганча хонадан чиқиб кетди. Гап нимадалигини англолмай қолган Наталья эса бир дам аланг-жаланг бўлиб турди-да, кейин у ҳам Музаффарнинг ортидан отилди. Мумтоз кутилмаган ҳақоратдан тош қотиб қолди, кейин курси суянчиғини қаттиқ чангаллаганча, қалтираб оёққа турмоқчи бўларкан, ғазаб билан қичқирди: – Ким бор?! Сапар, Ринат!
– Хизмат, хўжайин?!
– Ҳозир чиқиб кетган йигитни дарҳол тутиб келтиринглар!
– Хўп бўлади, хўжайин! – Айиқ шундай дея саросимада ортига буриларкан, курсига чўкиб қолган Мумтоз уни яна тўхтатди. – Тўхта… Кейинроқ…
Шундан кейин Наталья билан ўша йигитга турмуш қуриш насиб этмади. Музаффар қайси бир ўртоғининг тўйидан кечаси ширакайф қайтаётганда, йўлда уни кимлардир тутиб олиб жуда қаттиқ дўппослашган. Жигарини эзиб қўйишган экан, касалхонада бир ойча ётиб, оламдан кўз юмди. Бироқ ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиб кетаверди, етим йигит Музаффарнинг ўлими учун жавобгарлик ҳеч кимнинг бўйнига қўйилмай қолаверди.
Ҳозир Натальянинг телефонда: «Рухсатингиз билан топганимни худо менга кўп кўрди. Энди буёғига қўрқиб қолганман», дейиши ана шундан эди.
– Сен энди қўрқма,– деди Мумтоз унга жавобан.–Фақат… эр қилгудек бўлсанг, мўмин-қобилидан топ. Унча-мунча нарса билан иши бўлмасин…
Шундан кейин бугун Натальядан умидини узган ширакайф Мумтоз энди телефонда яна Афсонани қидириб топмоқчи бўлди. Пиво заводи директори Самандарга қўнғироқ қилди. Ошнаси уйида экан. Мумтознинг овозини эшитибоқ, ҳаяжон билан сўради:
– Тинчликми, Мумтоз? Сени қидириб телефон қилмаган жойим қолмади.
– Тинчлик…
– Биттаси эрталаб аэропортдан бўлмағур гап топиб келганига… Меҳмонларинг қани? Жўнаб кетишдими?
– Гапни кўпайтирма, Саман. Биласан-ку, ҳар қанча иш бўлса ўзим ҳал қилиб оламан.
– Ҳа, ҳа, албатта.
– Менга кечаги Афсонани топиб жўнатсанг бўлгани. Бир-икки соатга…
Самандар жимиб қолди. Ахир унинг ўзи бу тунни Афсона билан бирга ўтказишга келишиб қўйгани, фалон жойда яна бир соатдан сўнг Самандарни қўшмачи аёл билан ўша офатижон қиз кутиб олишлари лозимлигини Мумтозга айтиб бўлмайди-ку, ахир!
– Ҳа, ошна, тилингни тишлаб қолдинг? – тоқатсизланди Мумтоз. – Нега энди тилимни тишларканман,–дарҳол ўзини ўнглаб олди Самандар.– Кеча ўша аёлнинг адреси ёки телефонини олиб қолмаган эканмиз, шунга ўйланиб қолдим…
Мумтоз бу ердан ҳам иш унмаслигига кўзи етиб, «ҳе» йўқ, «бе» йўқ, телефон гўшагини тарақлатиб жойига қўйди.
– Аблаҳлар!
У энди асабийлаша бошлади. Нималар бўляпти ўзи?! Бугун нега энди ҳамма иш тескарисига кетяпти?!
Йў-ўқ, Мумтоз бунга йўл қўймайди! Ҳамиша у истаган иш бўлиб келганми, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолиши керак! Мен бу пулларни, бу молу дунёни беҳудага тўплаганим йўқ. Уни беҳудага сарфламайман ҳам. Фақат ўзим учун, ҳа, ўзимнинг ҳузур-ҳаловатим, маишатим учунгина сочаман. Бир марта берилган умрни ҳеч кимга насиб этмаган роҳат-фароғатда ўтказаман! Шундагина мен Тахмина, Наталья, Афсонага ўхшаганлардан яна қанчадан-қанчасини қўлдан ўтказишим, узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришим мумкин!
Бошидан кечирган бу фикрлардан у энди таскин ва ғурур топиб, яна коньяк кўтарди. Шундан сўнг сира кутилмаганда хаёлига бир нарса келиб, телефон гўшагини кўтарди. У энди ён қўшниси кулолникига қўнғироқ қилди. Гўшакни Зебинисо кўтарди.
– Мен Мумтозман. Эринг қани?
– Маҳаллада тўй бор. Қайтганлари йўқ.
– Тахминани кўрмадингларми?
Зебинисо Сурайёнинг ўлими олдидан айтган гапи эсига тушиб кетиб бир дам нафасини ичига ютди-да, кейин хастароқ товушда жавоб қайтарди:
– Эрталаб чиқиб кетувдила, кейин кўрмадим.
– Зилоланг уйда бўлса, айт, менга чой-пой қилиб берсин. Ўлгудек чарчаб қайтдим…
– Хўп бўлади, ҳозироқ чиқараман,–розилик билдирди соддадил аёл.
Зилоланинг бу ерга чиқиб, Мумтознинг ҳузурига ошхонадан бир чойнак чой дамлаб олиб кириб бергунича орадан ўн беш-йигирма дақиқагина вақт ўтди, холос.
Қиз одоб билан салом бериб кириб, чойнак-пиёлани Мумтознинг олдига қўйди-да, кейин эндигина ортига қайтмоқчи бўлувдики, Мумтоз уни тўхтатди.
– Чойни қуйиб бер.
Зилола ноилож унга чой қуйиб узатди. Шунда Мумтоз чаққонлик билан бир қўлида пиёлани олиб стол устига қўйди, иккинчи қўли билан қизнинг билагидан тутди:
– Қани берироқ кел. Ўтир. Уялма.
Қиз ногоҳ қўрқиб кетди. Билагини шашт билан тортиб олди.
– Нималар деяпсиз, бой дада?!
– Қўрқма. Мен сени еб қўймайман. Сенда икки оғиз гапим бор. Зилола ҳайронликда ёнгинадаги креслонинг бир четига омонатгина қўнди.
– Эшитаман…
Мумтоз шишанинг тагида қолган жиндеккина коньякни пиёлага қуйиб қизга узатди.
– Ма, ич.
– Мен ичмийман.
Мумтоз унга томон қўл силтади-да, коньякни ўзи кўтариб қўя қолди.
– Ичмасанг, ўзингга. Энди қулоқ сол. Мен сени деб, дадангни қарзини кечвормоқчиман.
– Мени деб? – ҳайронликда сўради қиз. – Нега?
– Сен яхши қизсан. Менга ёқасан. Жимгина, айтганимни қилиб юраверсанг бўлгани…
Зилола гап нимага бориб қадалаётганини сезди-да, даст ўрнидан турди. Энди у билан баравар бадмаст Мумтоз ҳам қўзғалди. Қиз томон яқинлашди.
– Мен сени тиллога кўмаман, – у Зилоланинг елкасидан тутган эдики, қиз уни зарб билан силтаб ташлади.
– Бу гапни бир айтдингиз, бошқа гапирманг!
– Нодон қиз… ўзингни, уйдагиларингни ўйласанг-чи. Камайиб қолмайсан-ку, ахир…
Зилола титраб-қақшади:
– Сиз… ифлос одамсиз! Лекин билиб қўйинг, ҳамманиям сотиб ололмайсиз! Биз фақир бўлганимиз билан ориятни олтиндан устун қўямиз!
Қиз энди йиғлаб юборди. Шашт билан ортига бурилиб чиқиб кетмоқчи бўлувдики, Мумтоз ғазаб билан қичқирди:
– Ким ифлос?!
У қизнинг кўйлагидан ушлаб қолиб, шиддат билан ўзи томон тортди-да, кейин уни маҳкам қучоқлаб олди.
Зилола унинг оғушида тузоққа илинган беданадай потирлар, Мумтоз эса зўравонлик билан қизнинг бўйнидан, бетларидан бетўхтов ўпа бошлади. Ногоҳ Зилоланинг бир қўли бўшалиб, стол устида турган бўш шишага бориб қолди!
Қиз энди не йўсинда унинг оғушидан чиқиб кетиб, ғазаб ва таҳликада шиша билан унинг бошига туширганини, уйдан ёқавайрон ҳолда ўқдай отилиб чиққанини билмайди.
У дод солмади, ақллилик қилиб қолди. Чунки бу ўзи учун, қизлик шаъни учун маҳалла-кўйда катта иснод келтиришини биларди. Эсономон қолганига ичида тасалли топаётган бўлса-да, Мумтозни эҳтимол «ўлдириб» қўйганидан ва умуман, юз берган бу хўрликдан даҳшат ичида юм-юм йиғлаганча уйлари томон ўтди. Кутилмаганда, ҳовлида унга ҳозиргина тўйхонадан ўлгудай маст ҳолда қайтган дадаси Мирзамат кулол рўпара келиб қолди. Қиз энди ўзини тутолмади. Дадасининг кўксига ўзини ташлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди.
* * *
Қумқўрғон Қумқўрғон бўлиб, бунақа ёнғинни умрида кўрмагандир! Ўша тун тонготаргача тун бўлмади. Азим гулхан шуъласи билан қўшилиб кетиб, ҳаммаёқни ёритиб юборди. Бу ерда ёнғин чиққудай бўлса, ўт ўчирувчилар келишини кутиб ўтиришмайди. Етти ёшдан етмиш ёшгача бир зумдаёқ отилиб чиқишиб, қўлма-қўл пақирларда сув узатишади, ёнғинни бинойидек тинчитиб қўйишади. Бироқ бу сафар алангани ўчириб олишга ҳеч ким ботинолмади. Чунки у жуда баландда, одамлар эса анча пастда эдилар!