Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 27

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 27 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Х

Онкология шифохонасидан бош врачнинг ўзи қўнғироқ қилиб қолди.

– Безовта қилаётганим учун узр, хоним, – деди у босиқ товушда.–Беморингиз яна оғирлашди. Ўғилчасини кўрмоқчи. Агар фурсатингиз бўлса…

– Гап йўқ, домла,– жавоб қилди Тахмина,– бир соатга қолмай етиб борамиз. Раҳмат.

Унинг дўкондан шошиб чиқиб, «Қани, жўнадик!» дейишидан Ҳаёт ҳам саросимада қолди, лекин ўз одатига кўра ҳазил аралаш сўради: – Ўт-пўт тушмадими? Қаёққа?

– Ёш бола катталарнинг ишига аралашавермайди, ҳайда дедимми, ҳайдайвер.

У бироздан кейингина Ҳаётнинг кўнгли учун қўшиб қўйди:

– Ҳозир Дўмбиробод томонга. Ундан кейин Қатортолдаги онкология шифохонасига ўтамиз.

Улар Меҳри холанинг дарвозаси ёнида тўхташаркан, шу ондаёқ Акмал пайдо бўлиб қолди.

– Аяча келди, аяча! – у ўқдай отилиб келиб машинадан тушиб улгурмаган Тахминанинг бўйнидан қучиб олди.

– Вой Акмалчам, асалгинам! Аячанг қоқиндиқ сенга! – Тахмина уни бағрига маҳкамроқ босиб, юз-кўзларидан бетиним ўпа бошлади.–Мен сени дарров соғиниб қолдим. Сен ҳам соғиндингми?

– Менам соғиндим, аяча. Йўлингизга қараб турувдим!

Тахминанинг нотаниш бола билан худди она-боладек муносабатидан Ҳаёт ажабланиб қолган эди.

– Ия! Билмас эканман, насиб қилсин,– деди у Тахминага ҳайратомуз боқиб.– Боланг боракан-у, айтмайсанам…

Тахмина индамади. Акмал билан етаклашиб, шошилинч ичкарига кириб кетди. Орадан ҳаял ўтмай, энди кампир билан қайтиб чиқишди. – Сўраб қўйинглар. Илоҳо, дардига шифо бергил, – деди Меҳри хола уларни дуо билан кузатар экан. – Акмалжонни қайтишда ташлаб ўтарсиз.

Бу гапга жавобан Акмал кутилмаганда:

– Бувижон, ман бугун аячамникига бораман, – деб қолди. Тахмина бир Акмалга, бир Меҳри холага саволомуз боқиб олди-да, кейин боланинг бошидан силаб туриб: «Ҳа, бугун Акмалжон меникига боради», деди кўзлари яшнаб.

Ҳаёт ҳайрон эди. Бу бола, бу кампир ким бўлди? Онкологияда нима ишлари бор? Кимнинг олдига боришяпти? Тахминани таниганидан бери булар ҳақида умуман гап бўлмаган эди-ку?

Ўзи сўраб ўтирмади. Тахмина ҳам бу ҳақда оғиз очмади, йўл бўйи орқа ўриндиқда «она-бола» бир-бирлари билан чуғур-чуғур қилиб боришди.

– Аяча, уйизда ман минан ўйнайдиган бола борми?

– Уйимда йўқ. Лекин қўшниларникида бор, зерикиб қолмассан. – Ман ўнинчи майда еттига кираман. Кейин мактабга бораман. Аяча, мактабиз қайда?

– Бизани мактаб уйимизни ёнгинасида.

– Ман ўшатта ўқийманми?

– Бу сенинг ихтиёринг, Акмалжон. Қаерда хоҳласанг ўшетта ўқитамиз. Сенга чиройли кийимлар, чиройли китоблар олиб бераман. – Валасапит ҳам оберасизми?

– Ҳа, валасапит ҳам обераман.

Дилдоранинг аҳволи кескин ёмонлашиб, уни реанимация бўлимига олиб ўтишган экан. У ерга ҳеч ким киритилмас, шу боис бола етаклаган Тахмина унга қўнғироқ қилган шифокорнинг қошида бўлди.

– Биз келдик…

Бош шифокор зодагон ёш хонимни одатдагидек хуш мулозамат билан қарши олди. Тахминани ҳам, Акмални ҳам ўз иш столи ёнидаги юмшоқ оромкурсиларига ўтирғизиб, котибага қаҳва буюрди.

– Йўқ, раҳмат. Вақтимиз зиқроқ,– деди Тахмина унинг илтифотини рад этиб,– илтимос, тезроқ мақсадга ўтсак.

Шундан сўнг шифокор бу ерда бола ўтирганини ҳисобга олиб, беморнинг исмини тилга олмаган ҳолда Тахминага қисқача маълумот берди: – Бугун тонг отишдан олдин реанимацияга ўтказилди. Кризис кечяпти. Кеча тушдан буён уч марта юрак хуружи рўй берган. Ишонинг, хоним, ўзим оптимистман. Бироқ ҳар қандай аянчли эҳтимолга тайёр бўлиб туришни маслаҳат бераман…

Ўртага бир нафас совуқ сукунат чўкди.

– Биз бемор ёнига киришимиз мумкинми?

– Рухсат бераман. Фақат эҳтиёткорлик талаб қилинади. Гапсўзга ортиқча ўрин йўқ, хоним. Ўғилчасини кўрса бас.

Тахмина елкасига оқ халат ташлаб, Акмал иккови реанимация палатасига кириб боришаркан, эшикка интиқ тикилиб ётган Дилдора бемажол товушда «Хайрият…» дея олди, холос. Бир дам нафас ростлаб, яна илова қилди: – Болам…

Акмал илдам юриб бориб, ойисининг юзига юзини босди. Она ҳам, бола ҳам жим, улар ёш тўла кўзлари билангина бир-бирларини ҳидлаб сўзлашардилар.

Тахмина бир қўлини Акмалнинг елкасига, иккинчи қўлини Дилдоранинг бошига қўйди.

– Дилдора, ўзингизни тутинг. Сиз соғайиб кетасиз, – деди аччиқ ютиниб.

Дилдора энди болани ўзидан оҳиста бўшатиб, Тахминанинг кўзларига боқди. Унинг нигоҳларидан чуқур ўкинч ва илтижони ўқиш мумкин эди.

– Хоним…

– Хотиржам бўлинг. Ҳаммаси айтилгандай бўлади. Ҳозир дўхтир билан гаплашдим, оёққа туриб кетиши аниқ деди…

Эшик олдида ҳамшира пайдо бўлди:

– Илтимос, беморни тинч қўяйлик.

Дилдора яна ўғлига тикилди.

– Акмалжон… Эсли бўл… Аячангдан қолма… – у шундай дея беҳол кўзларини юмди.

– Ойи… ойижон… – Кўзлари жиққа ёш Акмал яна қайта ойисининг юзига юзини қўйиб, уни ҳидлаб ўпди.

– Кел энди, қўзичоғим. Ойингни тинч қўяйлик, ухлаб ором олсин,Тахмина Акмални ташқарига етаклади.

Улар яна бош шифокор ҳузурига киришди. Шифокор қаршисида турган Тахминанинг нигоҳидан: «Энди нима қилиш керак?», деган саволни уқди.

– Мусулмончилик… Ҳар эҳтимолга кўра… бу ерга келиб-кетиб юрган холани олиб келинглар. У шу ерда бўлсин, жой қилиб берамиз, деди у Тахминанинг нигоҳидан кўзларини олиб қочиб.

Ҳаёт ичкаридан авзойи бузуқ чиққан Тахминага таскинбахш бирон нима демоқчи бўлди-ю, лекин бунга ботина олмади. У ҳарҳолда Акмал ким-у, бу ерда ётган бемор аёл кимлигини тушуниб етган ва бу бемор билан ҳалиги кампир Тахминанинг яқинроқ қариндошидир, деган хулосага келганди.

Қайтишда яна улар Меҳри холаникига ўтишди. Тахмина ичкарига кириб кетиб, беш-ўн дақиқа ичида иссиқроқ кийиниб, қўлига тугунча қилиб олган кампирни олиб чиқди.

– Ҳозир ишхонага ўтамиз. Акмал икковимизни қолдириб, холани ҳозир борган жойимизга элтиб қўясан. Бош врачга учраб, Меҳри холани олиб келдим, дейсан. Хўпми, ошна?..

– Окей, хўжайин.

Тахмина эрталабдан бери ўзи билан ўзи бўлди, Ҳаётни бирмунча хуноб қилиб қўйганини сезди-да, энди ундан бир оғиз ширин сўзни дариғ тутмади:

– Борингга шукр…

Ҳаёт бу сўздан руҳланиб, ёнида ташқарини берилиб томоша қилаётган Акмалдан сўради:

– Қишдан кейин баҳор келишини биласанми, йигитча?

– Биламан, тоға, – жавоб берди Акмал кутилмаган саволдан бироз ажабланиб. – Қишда қор ёғади, баҳорда гуллар очилади.

– Маладес. Бизани машинамизда қиш узоққа чўзилмайди. Муниям билиб қўй…

Тахмина кулиб юборди. Акмал аячасига ўгирилиб, унга ҳайрон боқувдики, у энди ҳайдовчининг гапига қўшимча қилди:

– Ажабланма, болам. Тоғангни меҳригиёси бор. Ҳар қанча қорни ҳам бир зумда эритиб юборади.

Акмал бу гапнинг нималигини тушуна олмай, яна ташқарини кузатишда давом этди. Фақат Меҳри холагина хиёл жилмайиб қўйди. …Ўша куни Тахмина шифохонага уч-тўрт марта қўнғироқ қилиб, Дилдоранинг аҳволини сўраб турди. Бир марта Меҳри кампирнинг ўзини телефонга чақиртириб: «Яхшиям сиз боракансиз, холажон. Энди бу ёғига ҳушёр бўлиб турасиз. Мен ё уйда, ё ишда бўламан. Лозим бўлиб қолсам, дўхтирларга айтинг, мени чақириб беришади», деб тайинлади. Бир вақт дўконга кутилмаганда Зилоланинг кириб келиши Тахминани қувонтириб юборди.

– Вой, келдингми Зилол?! Кўзимдан ўтиб турувдинг-а!– деди у қизни астойдил қучиб кўришар экан.

– Бугун таътилга чиқиб, мана биринчи куниёқ сизнинг олдингизга учиб келяпман,– қувониб жавоб берди Зилола ва бурчакдаги курсида қўғирчоқ автомашинаси билан овора Акмалга кўзи тушиб, янаям яшнаб кетди: – Вой манави йигитча ким бўлди?

– Бу йигитчанинг исми Акмал! Ўзини ойисига қўшиб, маниям аяча қилволди. Бугун бизани меҳмонимиз.

– Вой қандай яхши, – Зилола шошиб туриб Акмалнинг пешонасидан ўпди, – жудаям ширин бола экан. Отиям чиройли…

Тахмина ичида бир эзилиб олди. Кейин Зилолага болани бироз шаҳарни айлантириб, ундан нари «дом»га ўтишларини ва Дуся кампир ёрдамида бирор дурустроқ таом тайёрлашларини буюрди.

– Мани оз-моз ишларим бор. Уйга ҳалироқ ўтаман, – деди у ва шундан сўнг Акмалга: «Зилола опанг сени уйимизга олиб боради. Мен боргунимча зерикиб қолмайсанми?» , деб сўради.

– Йўқ, зерикмайман, аяча, – жавоб берди Акмал «Зилола опа»га бир қараб олиб. – Ҳалиги оқ «Нексия»да борамизми?

– Бўпти. Ўйинчоғингни олвол,–деди Тахмина унинг раъйини қайтаролмай ва Зилолага қўшимча қилди:–Ҳаётга айт, тезроқ қайтсин. Мен уни шу ерда кутаман.

* * *

Бу пайт уйига машинасида қайтаётган Иброҳим ҳожининг хаёлида яна Тахмина эди…

Ўғли Ўктамбекнинг Америкага жўнаб кетаётгани муносабати билан унинг бошлиғи, дўсти Икромиддинга бир учрашиб қўйиш ва шу баҳонада илгари ишора қилиб қўйилган «қудачилик хусусида» унинг аниқроқ фикрини овламоқ учун бугун прокуратурага ўтди.

Ичкарида одам бор экан, қабулхонада бир дам кутишга тўғри келди. Кабинет эшиги берк бўлишига қарамай, кимнингдир баланд овозда гапираётгани бемалол эшитилиб турипти:

– Мен бу дунёга келиб, жуда кўп нарса кўриб қўйган одамман, жаноб прокурор! Менинг иродам кучли, дийдам қаттиқ. Аксинча, хурсандман. Мени ерга қанча қаттиқроқ урсалар, шунчалик баландроқ кўкка сакраяпман, тагимга қанча кўп сув қуйсалар, мен шунча гуллабяшнаяпман.

Прокурорнинг унга жавобан нима дегани номаълум, лекин баланд овоз яна қўшимча қилди:

– Сиз мени тўғри тушунибсизми, отангизга раҳмат. Энди бу ёғини ўз ҳолимга қўйиб беринглар.

Ҳаял ўтмай прокурор Икромиддин ордену медаллар билан кўкраги тўла, қўлтиқтаёқли кекса бир кишини кузатиб қўйиб, кейин Иброҳим ҳожини ичкарига олиб кириб кетди.

Икковлари бир муддат қуюқ гаплашиб ўтиришди. Прокурор унга Ўктамбекни мақтади. У ўз ишини астойдил ва ҳалол бажараётгани, изланаётгани, инсон ҳуқуқи ва қонунлар устуворлиги мавзуларида матбуот ҳамда телевидениеда фаол қатнашаётгани боис, мана энди юқорининг назарига тушиб, Халқаро анжуманга кетаётганини гапирди. Бундай фарзанд билан ҳар қанча фахрланса арзийди, деди.

Албатта, Иброҳим ҳожи ўғлининг ишлари яхши бораётганлигини ўзи ҳам кўриб-билиб турипти. У ўз Ўктамбеги билан фахрланади, уни жон-дилидан севади, дуо қилади, алқайди, тоат-ибодатлари чоғида ана шу фарзанднинг бахтли, омадли, мартабаси улуғ, эл оғзида ва олдида бўлишини Оллоҳдан илтижо қилади. Фақат… ўғлининг ана шу ойдин йўлига булутдек кўланка ташлаб, унинг мавқеига жиддий путур етказиб қўйиши мумкин бўлган Тахмина турипти. Ҳа, бу ҳўл бало аллақачон ўз ишини кўрсата бошлади. Икромиддин бугун Ўктамбекни меъёридан ошириб мақташидан асосий мақсади Иброҳим ҳожи билан ўртадаги самимият ришталарини сақлаб қолишга, унинг ўғли ҳақида бошқа гаплардан мутлақо ўзини бехабар қилиб кўрсатиш эканлигини ҳам ҳожи сезиб турипти. Тахмина билан боғлиқ жароҳат тобора илдиз олиб, оғиздан-оғизга, қулоқдан-қулоққа ўтиб боряпти-ю, бу миш-мишлар прокурор Икромиддинни четлаб ўтармиди. Йўқ, у эшитган. Эшитгани аллақачон маълум бўлиб турипти. Шу боис ҳам Иброҳим ҳожига ортиқча мулозамат кўрсатяпти, унинг дилига озор етказиб қўймасликка ҳаракат қиляпти. Аслида нимадир ҳам демоқчи бўляпти-ю, лекин айтолмаяпти. Бундан шубҳаланган ҳожи Икромиддиннинг қўлтиғига қўл солиб қўйиш нияти билан «қудачилик масаласи»да ўзи оғиз очди:

– Шогирдингиз Амриқодан қайтиб келгач… шул ёмонимиз учун бир яхшингизни сўраб, даргоҳингизга бош уриб бориш ниятимиз ҳам йўқ эмас…

Иброҳим ҳожи дўстига гапни энди дадил айтишга журъат қилганининг боиси ҳам бор. У Ўктамбекнинг Тахминага уйланишига ҳеч қачон йўл қўймайди. Ўғлидан воз кечса кечадики, лекин бу иснодни гарданига йўлатмайди. Бу бир. Иккинчидан – Тахминанинг ўзи ҳам, ростмиёлғонми, ҳар ҳолда, ўғлингизга хотин бўлиш ниятим йўқ, деди. Гап ҳозир фақат Ўктамбекнинг ўзида. У истайдими-йўқми, ўзларига муносиб жойдан келин топиб, уни уйлантиради. Ўктамбек ҳам ёш нарса, ҳаётнинг лаззати нимада ва қаердалигидан ҳозирча бехабар, шояд тўйдан кейин ёш оиланинг бахти очилиб кетиб, Тахминалар унут бўлса…

Икромиддин ҳожига жавобан нима дейишни билмай, бир дам жимиб қолди.

– Нима десамикин… – хижолатомуз чайналди у. – Эсимда, ўзим ваъда қилувдим. Лекин айбга буюрмайсиз, дўстим. Бу тўғридаги гаплар икковимизнинг ўртамизда қолиб кетадиган бўлди.

– Аниқроғи?..

– Бир кунмас-бир кун барибир совчи юборишингизни билганим учун, ойисидан бу ишга қизимиз Зарина бонунинг муносабатини аниқлаб қўйишни буюрувдим. Қизимиз Ўктамбекни яхши таниркан, уни жудаям ҳурмат қиларкан. Лекин афсуски, ўз кўнгил қўйганим бор, депти. Начора, дўстим, ёшларнинг ҳам кўнглига боқиш керак. Замона зайли бу, кўнгилга олманг.

Иброҳим ҳожи ўзини бошига гурзи тушгандай ҳис қилди. Бироқ ночор ҳолатини сездирмасликка уриниб, сохта томоқ қириб олдида, кейин базўр унинг фикрига қўшилган бўлди:

– Албатта. Жуда тўғри иш тутибсиз. Лекин биз ҳамон эски удумларимизга бориб, худбинлик қилиб қўйибмиз, маъзур тутасиз. Эҳтимол, бизнинг Ўктамбегимиз ҳам худди Зарина бонудек фикр билдирган бўлурмиди…

Зарина ва Элчин воқеаларидан бехабар ҳожи юқоридаги мулоқот устида ўй суриб келаркан, демак, Икромиддин Тахмина ва Ўктамбек ўртасидаги ишқибозликдан хабар топган ва у энди мен билан қудачилик борасида ёпиғлиқ қозонни ёпиғлигича қолдирмоқчи, деган хулосага келди.

– Бу ҳали ҳолваси…– деди у ўзига.– Иброҳим ҳожининг сазаси гумроҳ ўғил туфайли биринчи марта ўтмас аррадек бир четда қолиши бу. Вақт ўтиб боргани сари унинг гапи тугул, ўзи ҳам эл назаридан қолади. Ҳа, худди шундай. Бу хўрликларнинг барчасига, энг аввало, Тахмина айбдор. Чунки ғунажин кўз сузмаса, буқа арқонини узмайди.

Ҳожи ана шу ўй-саноларда уйига кириб келди. Машинасини жойига қўйиб, равоқда ётган хотини Шаҳодат бону томон ҳорғин кўтариларкан, ҳамон миясида Тахмина ғавғоси чарх урарди.

Бўлди, бас! Андишага энди ўрин йўқ. Қайси бир бетавфиқнинг касофати билан у ўзининг мавқеига путур етишини истамайди ва яна энг муҳими, арзанда ўғлининг, юксак мартабалар зинапоясидан кўтарила бошлаган азиз фарзандининг бебурд ва бахтсиз бўлиб қолишига асло йўл қўймайди. Шу бугун-эртагаёқ қиз танлашга киришамиз. Амриқодан қайтиб келишига унаштириб, ундан кейинига – тўй!

У ана шу хулоса руҳи билан тетиклашиб, зинапоядан энди шаҳдам кўтарилди. Юқорида уни кузатиб турган Шаҳодат бонудан ҳар қачонгидек қуюқ ҳол-аҳвол сўради. Маълум муддат у ёқ-бу ёқдан хушнуд қиёфада гаплашиб ўтирди. Бироқ эрини дарвозадан кириб келишиданоқ кузатаётган зукко аёл унинг хаёлидан кечиб турган жиддийроқ нимадир борлигини ва буни у пинҳон тутаётганини сезди. – Ҳожим, бугун бироз чарчаган кўринасиз.., – унинг дилига қўл солди бону.

Ҳожи хотинининг зукколигига тан берди. Ундан ҳеч нимани яшириб бўлмайди. Яширолмайди.

– Чарчаганим йўқ, бону. Чарчаган тақдиримда ҳам, уйга қайтсам, сизни кўриб яшнаб кетаман, – деди у аёлнинг руҳини кўтариш мақсадида. – Тўғри, бугун мени бир нарса анча ўйлантириб қўйди… – У нима экан, ҳожим?

– Эрталаб прокурор дўстим Икромиддиннинг ҳузурида бўлдим! Ўктамбегимизни у чандон мақтади. Яхшилигидан мана, Амриқога боряпти, деди. Кейин… қудачилигимиз борасида гап чиқиб, мендан узр сўради. Қизлари Зарина бону ойисига бунинг иложи йўқ, менинг ўз кўнгил қўйганим бор, деганмиш. Шунга…

– Илоҳо бахти очилсин, – деди Шаҳодат бону мулойимлик билан.–Бунинг учун асло хафачилик жойи йўқ. Оллоҳнинг ўзи чевар, ҳар ким ҳам насибаси қўшилганга қўшилади.

– Шундайку-я, лекин Оллоҳ ҳам ақл билан иш тутгандан ўз марҳаматини дариғ тутмайди.

– Ҳамма нарсани фақат яхшиликка йўяйлик, ҳожим. Ўша, Тахмина бону билан ўғлимиз ўртасидаги ришталар ҳам шояд яхшиликка бориб боғланса. Чунки биз, худо деган одамлармиз, ахир.

– Бу тугун ўз-ўзидан ечилиб кетишига кўзим етмаяпти, бону. Вақт эса чопқир чавандоз. Орада гап-сўз ҳам кўпаяди, мавқега ҳам путур етади. Мен эртага эрталабоқ синглим Пошшохонга учраб, келинбоп қизларни суриштиринг, деб тайинламоқчиман.

– Буниси майли, ҳожим,–уни маъқуллаган бўлди хотини ва босиқлик билан илова қилди:–Мен Тахмина бонуни уйга таклиф қилиб қўйдим.

– Лаббай?! Уйга? – унинг сўзини бўлди ҳожи.

– Ҳа, уйга. Уни бир кўрсам, суҳбатлашсам деган ниятда. Тахмина бону таклифимни қабул қилди, фурсат топиб ўтаман, деди.

Ҳожи «ўша бетайин» Тахминанинг бул покиза ва мўътабар хонадонга ташриф буюришини ўзига сингдиролмади. Дили оғригандай бўлди. Лекин Шаҳодат бонуга «чакки қилибсиз» деёлмади. Биринчидан, ўзи ҳам Тахминаникига бориб, у билан гаплашиб қайтган. Шаҳодат бону ҳам у билан орани очиқ қилиб олса ёмон бўлмас. Иккинчидан, хотинининг уни уйга чорлашдан ўзга чораси йўқ…

– Яхши қилибсиз… – деди у ноилож. – Шояд ҳаммаси, ўзингиз айтгандай, яхшиликка буюрса.

Ногоҳ телефон жиринглаб қолди. Гўшакни ҳожининг ўзи кўтарди. Ўктамбек экан. Дадаси билан саломлашиб, ойисининг ҳол-аҳволини сўраган бўлди-да, кейин: «Ишдан кейин бир жойга ўтиб келмоқчиман. Бироз кечиксам, хавотир олманглар», – деди. Ҳожи индамади, гўшакни алам билан жойига қўйди. Яна Тахмина…

* * *

Ўктамбекнинг бугун Тахминаникига ўтиш нияти йўқ эди. Бу зарурат ҳалигина улар телефонда сўзлашишганда туғилди. Тахмина унга: «Ишдан қайтаётиб бирров меникига ўтсангиз», деб қолди.

Ўктамбек ойисининг Тахминага қўнғироқ қилгани ва уни уйларига таклиф этганидан бехабар эди. Тахмина вақт ўтиб бораётгани ва у ўз ваъдасига амал қилолмай, Шаҳодат бонунинг таклифини оқибатсиз қолдираётганидан чуқур хижолатда эди. Эрта-индин Ўктамбек хорижга чиқиб кетса, шу билан яна анча вақт бу масала орқага сурилади. Негаки, Тахмина Ўктамбекка бу ташрифни олдиндан маълум қилмай, у билан маслаҳатлашмай туриб ўзича иш тутиши, аввало, одобдан эмас ва қолаверса, бу нарса кутилмаган шикастликни келтириб чиқариши эҳтимолдан йироқ ҳам эмас. Ахир ҳар бир хонадоннинг ўзига хос удум-анъанаси, табиати, воқеликка муносабати, оилани бошқариб турган кишиларнинг ўз дунёқараши ва тафаккур ҳудудлари бўлади. Бу ҳудудлар хусусида тегишли тасаввурга эга бўлмай туриб ташриф буюриш нодонлик ҳамдир.

* * *

Ўктамбек Тахминаникига унинг ўзидан олдинроқ кириб борди. Уни Зилола қарши олди. Тобора нақшин олмадек оқи оққа, қизили қизилга ажралиб, гулдек очилиб, малоҳати ёлқинланиб бораётган сарвқомат бу қиз билан у Тахмина орқали анчадан бери таниш. Ўктамбек Зилолага: «Сен куёвга чиқишга шошилма, тиббиёт институтига кириб ўқийсан, ўзим ёрдамлашаман», деб ваъда ҳам бериб қўйган.

– Туф-туф, илоҳо кўз тегмасин. Янаям очилиб кетибсан, Зилола,деди Ўктамбек қаршисида фариштадек оҳор тўкиб турган қизга.

Зилола йигитнинг бу қочиримига икки бети ловуллаб, майин табассум ила жавоб қайтарди:

– Эҳтиёт бўлинг, ака. Деворнинг ҳам қулоғи бор…

– Бўпти, бўпти. Тавба қилдим, сотиб қўймасанг бўлгани,– деди Ўктамбек ўз эътирофини ҳазилга йўйиб. – Бону уйдаларми?

– Келганлари йўқ. Кираверинг.

Тахмина анчадан кейин, Ўктамбек кичкинтой Акмал билан танишиб ва аллақачон қадрдонлашиб, видеода мультфильм томоша қилиб ўтирганда, Зилола эса Дуся кампир иккови ҳафсала билан манти тугишиб, уни аллақачон пишириб бўлганда кириб келди.

– Меҳмонни чорлаб қўйиб, эсларидан чиқиб қолмадимми ишқилиб?– Тахминанинг кириб келишидан мамнун бўлиб, ҳазиллашган бўлди Ўктамбек.

– Узр. Мен сизни унутармидим, бек, – жавоб қайтарди уй бекаси Акмални бағрига босиб, ўпиб эркаларкан. – Бугун ишларим қалашиб кетди. Наталья бетоб эди, дўконлардан ўзим ҳисобот қабул қилдим. Акмалжонимни ойисидан ҳам хабар олдим, ундан кейин Ҳаётни уйига ташлаб келдим.

– Аяча, ойим яхши эканларми?

– Ҳа, ойинг сенга салом айтди. Мени соғиниб йиғламасин, деди… – Эртага яна оқ «Нексия»да ойимга борамизми?

– Ҳа, албатта борамиз, асалим –Акмал хушнуд қиёфада «аяча»дан бўшалиб, яна ўз жойини бориб эгалларкан, Тахмина ўзига ҳайрон боқиб турган Ўктамбекка изоҳ берди:

– Ҳаётнинг ҳовлисида ҳозирча телефон йўқ. Уни истаган вақтимда чақиролмийман. Шу кунларда вақт-бемаҳал машина ўзимда тургани маъқул, деб…– Тахмина телеэкранга тикилиб ўтирган болага зимдан ишора қилди.– Беморимнинг аҳволи оғир кечяпти…

Ўктамбек Тахминадан бошқа ҳеч нимани суриштирмади. Уни қизиқтираётган асосий нарса Тахминанинг уни уйга чорлашдан мақсади нимадалигини билиш эди.

Ҳаммалари бирга ўтириб овқатланишди. Катталарнинг барчаси ҳам кичкинтой Акмалга алоҳида меҳрибонлик кўрсатишди. Шундан кейин Дуся кампир: «Юринглар, мен сизларга бисотимдаги раққосалик либосларимни, тақинчоқларимни кўрсатаман» – дея, Зилола билан Акмални уйига олиб кириб кетди…

Инсон кўзига кўринмас, қўлга илинмас, бироқ уни бошқариб турадиган, етаклайдиган ва руҳлантирадиган, руҳият сели билан омухта қудратли бир омил борки, у – Кўнгилдир! Кўнгил кўйига, кўчасига қараб яшаймиз. Бошимизга, тақдиримиз чекига тушган қувончу ташвишларимизни, ҳасрату ҳаяжонларимизни, ўй-фикрларимизни ёхуд сир-асрорларимизни ҳам унинг авзойига боқиб, кейин ошкор этамиз. Кўнгил – Султон, у чиқарган ҳукм ижро этилиши учун жон куйдирамиз, бошимизни дуч келган жойга урамиз. Кўнглимиз риштаси билан боғланган нарса борки, у меники бўлсин, деймиз.

Кўнгил – Донишманд, у Ақл кўзи, Виждон ва Иймон нури ила узоқларни кўра олади, зоҳир кечиши кутилаётган шодлик ёхуд бахтсизликни олдиндан ҳис ҳам эта олади.

Муҳаббат ана шу Кўнгил мулкининг дахлсиз хазинаси, ҳеч кимга бергусиз энг арзанда, бебаҳо бойликдир. Кўнгил йўлида Инсон ўзини не кўйларга солса, Муҳаббат ардоғида жонини Жабборга беришдан ҳам тоймайди.

Тахмина тақдир тақозоси билан Ўктамбекни учратиб, унга кўнгил қўйди. Бу боғланиш бора-бора кучланиб, учқунланиб, нурланиб, Муҳаббат гулханига айланди. Улар бир-бирлари учун дунёдаги энг азиз Инсонга, энг бебаҳо бойликка, бир-бирлари учун нуридийдага, қалб қўри ва жон озиғига айландилар.

Хўш, қандай қилиб у ўз Кўнгил мулкининг дуру гавҳаридан, нуридийдасидан, жон озиғидан воз кеча олсин? Бу бойликсиз Кўнгил ўлади-ку?! Кўнгил ўлган куни Инсон ҳам ўлмайдими?

Тахмина Иброҳим ҳожига: «Мен ўғлингизни севаман. Лекин унга хотин бўлиш ниятим йўқ», деди. Бироқ бунчалик иродани у ўзида топа олармикин? У ўз бахтини, муҳаббатини, ҳаётини «Ўктамбекнинг бахти йўлида» қурбон қила олармикин? Ваҳоланки, бу қурбонлик, бундай ўйлаб кўрилса, «Ўктамбекнинг бахт йўлида» эмас, балки Иброҳим ҳожининг шунчаки хоҳиши йўлида содир этилмайдими? Ахир, Ўктамбек уни чин дилдан севса, Муҳаббати оташ бўлса, Тахминадан ажралиш унинг учун бахтсизлик эмасми?!

Бироқ ҳаёт қонуниятлари ўз ўрнида Султон кўнгилнинг истак ва фармойишларига бўйсунмас экан. Тўғри, Муҳаббатни ҳалок этишлари мумкин. Бироқ бу Муҳаббат устидан ғолиблик дегани эмас, балки ўжар ва бўйсунмас Муҳаббатнинг ҳаёт қонуниятларидан барибир устун бўлиб қолаверишидир.

Тахминанинг кўнгли аллақандай хавфдан ҳадиксираб турипти. Шаҳодат бону билан учрашув унинг Ўктамбек билан ўртадаги муносабатларига узил-кесил барҳам бериши мумкин. Шаҳодат бону Иброҳим ҳожи эмас, у – Она, у – Аёл! У Тахмина билан мулоқотда ўз ўғлининг «бахти ва мавқеи» йўлида андиша ва мулоҳазалардан ўзини йироқроқ тутиши табиий. Тахмина у билан фикрлашиб ўтиролмайди, табиатидаги мағрурлик, ўжарлик ва худбинлик хислатлари у аёл ҳар қанча фаришта ва мўътабар бўлган тақдирда ҳам, унинг қаршисида итоаткорлик ёхуд ожизлик майлларига йўл қўймайди.

Ойисининг Тахминани ўз кўзи билан кўришга аҳд қилиб, уни уйларига таклиф этгани ва Тахмина ҳам бунга розилик билдирганини эшитиб, Ўктамбек чандон хурсанд бўлди. Бу учрашув пироварди яхшиликка олиб келишига у умид ва ишонч боғлади.

Ўктамбек унга ўз хонадонларидаги тутум ва муносабатлар иқлимидан, отаси ва ойисининг беҳад кўнгилчан ва одамохун, ҳар қандай масала ечимида оқилона, адолат ва мурувват билан иш тутадиган кишилар эканлигини ҳикоя қилиб берди.

– Мана кўрасиз, ойим сизга маъқул тушиб қоладилар,–деди Ўктамбек соддадиллик билан.

– Лекин мен ойингизга маъқул тушмаслигим аниқ…

– Нега ундай дейсиз? Сизни кўриб, ёқтирмайдиган одам топилармикин бу дунёда?

Тахмина унинг бу гапига ғамгин жилмайиб қўйди.

– Қачон жўнайдиган бўлдингиз?

– Эртага тушдан кейин.

– Демак, хайр-маъзур. Яхши бориб келинг, бек.

– Хайрлашув олдидан…

– Йўқ, анавилар чиқиб қолишади, йўқ.

Бироқ Тахмина ўз қаршисида ёш боладек мўлтираб турган сухсур йигитнинг раъйини барибир қайтаролмади…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации