Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 33

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 33 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XVIII

– Тахмина…

– Нима дейсан?

– Намунча ўй-санога чўкмасанг? Ё… мени ўйлаяпсанми?

– Нега сени ўйларканман. Сендан бошқа ташвишим йўқмиди.

Рулда бораётган Ҳаёт пешонадаги ойначадан орқа ўриндиққа ўғринча назар солиб қўйди. Тахминанинг қошлари чимирилган, ташқарига лоқайд қадалган кўзлари хиёл қисиқ, рангпар юзларида аллақандай ҳазинлик зоҳир эди.

– Бир сулув қизгина дўконга кириб, сотувчи йигитдан манави матонинг метри неча пул, деб сўрапти,–уни бегона хаёллардан чалғитмоқчи бўлди Ҳаёт.–Қиммат эмас, асал қиз, бор-йўғи ҳар метрига битта бўса, холос, деб жавоб берипти сотувчи йигит. Шунда қизгина, жуда яхши, менга беш метр ўлчаб беринг, мана менинг адресим, ҳақини бувим тўлайдилар, деган экан.

Ҳаёт ойначадан яна орқага қараб қўйди.

– Қалай, маъқулми? – сўради илжайиб.

Тахмина индамади.

– Кулмасанг кулма,–қўшиб қўйди йигит.–Эсиз латифа, сувтекин кетди.

Энди ёш хонимнинг «ғаши» қўзғаб, ҳайдовчи йигитга дашном берган бўлди:

– Нима, сани бемаъни латифангга пул тўлашим лозимми?!

– Албатта-да, бу дунёда ҳеч нима бекорга берилмайди.

Бу гапдан ҳалиги сотувчи йигитнинг мато учун қўйган «баҳо»си кўз олдига келиб, Тахмина ўзини тутолмади. Лабини қимтиганча, димоғида пиқиллаб кулиб қўйди. Ҳаёт ичида енгил тортди, лекин жўрттага қовоғини уюб, уям энди ундан ўпкалаган бўлди:

– Куладиган бўлсанг, дурустроқ кул. Яримта кулгига зор қолган жойим йўқ.

Тахмина чеҳраси ёришган бўлса-да, ҳарҳолда маҳзунлик билан жавоб қилди:

– Ҳар нарса ўз мавриди билан, ошна. Мен кўп нарсага кўниколмаяпман…

Ҳаёт бир дам жимиб борди-да, кейин Тахминага жавобан деди: – Дарахт қурийди, тош емирилади, одам кўникади, деган мақол бор… Ташқарида ҳаво чароғон, эрталабки шаҳар кўчаларида машиналар ғужғон, одамлар ғужғон. Назарга тушган каттаю кичик борки, барча умид билан қаергадир дадил ошиқаётгандек.

Ҳаёт, айниқса шу кунларда, Тахминанинг юрагини кемириб турган рутубатли, изтиробли кечинмаларни сезиб-билиб, кузатиб турибди. Ҳа, у Ўктамбекни севади. Ўктамбек ҳам. Бироқ улар ўртасидаги чоҳни олиб ташлаш ва шу бахтиқаро, ўз ҳаётида тиним топмаган қизнинг эндиликда бу ёруғ дунёдан ягона умиди, илинжи бўлмиш бисотидан маҳрум этмаслик, беғубор туйғуларга омухта муҳаббат чашмасига йўл очиб бермоққа нечун журъат этмаяптилар? Бу имконият, бу калит ўз қўлида бўлган томон нечун муқаддас хоҳиш-иродага қарши турипти? Агар Ўктамбекдаги муҳаббат туйғулари чин бўлса, қонли, жонли, оловли жон ришталари билан пайванд бўлса, нечун у ўз қобиғидан чиқиб кетолмаяпти? Нечун у шу севги йўлида ҳар қандай қурбонликка шай эканлигини амалда кўрсата олмаяпти? Муқаддас ниятлар қаршисидаги мужмаллик, нотавонлик нечун?

Ҳаёт бу ожиза хилқатнинг қалб томирларига мабодо жаҳолатнинг заҳарли, беаёв тиғи ботгудек бўлса, ўзи ҳам унга пинҳона кўнгил боғлаб, қалбида, кафтида авайлаб-асраб турган бу гулнинг ҳоли не кечишини тасаввур этолмайди. Қани энди бу ҳалокатнинг олдини ололса, қани энди Тахминанинг кўнгил сурурлари жиловини қўлга киритолса! Дарахт қурийди, тош емирилади, одам кўникади…

Ҳаёт Тахминанинг бахти, қувончлари, орзу ва ниятлари билан омон ва гулгун, безавол яшамоғи учун жон нисор этишга тайёр.

Тахмина Ҳаётнинг ҳам беихтиёр ўйга чўмиб қолганини кўриб, энди ўзи унга киноя қилди:

– Жаноби олийлари, нечук жимиб қолдилар? Мабодо мени ўйлаётганлари йўқми?

Ҳаёт мийиғида жилмайиб қўйи. Олдинда йўлни банд қилиб, ланжлик билан бораётган «Жигули»ни қувиб ўтиб, кейин машинани бир маромда шитоб билан елдириб бораркан, Тахминага жавобан деди:

– Раҳматли дадамнинг бир гаплари ёдимга тушиб қолди. Қайси бир китобдан ўқиганман, дердилар. Дунёда тўртта ажойиб нарса мавжуд эмиш…

– Нима экан у тўртта нарса? – бетоқатлик билан сўради Тахмина.

– Унинг бири шуки, қанча есанг ҳам камаймайди–у ғамдир. Иккинчиси–қанча берсанг ҳам тураверади–у инсофдир. Учинчиси–қанча оқизсанг ҳам тугамайди–бу кўз ёшларидир. Тўртинчиси – қанча синса ҳам қиймати пасаймайди – бу дилдир…

Иккови ҳам жимиб қолишди. Тахмина кутилмаганда Ҳаётнинг елкасига қўл учини тегизди:

– Намунча шошмасанг. Ўша дўкон, ўша тиллолардан кўнглим совуб кетган. Ҳозир ўзи… ишга боришга юрагим бетламай турипти.

Ҳаёт машинани йўлнинг ўнг қанотига олиб, тезликни пасайтирди.

– Қаерга олиб борай бўлмаса?

– Истаган жойингга.

Йигитнинг юраги ҳапқириб кетди.

– Бирров бизникига ўтсак-чи? Ойим сани сўравотудила. Гўзалнинг мазаси йўқроқ, уйда ётипти.

– Гўзал?! Нима бўлди унга?

– Билмадим. Нима гаплигини айтмайди…

– Ҳайда. Тезроқ ҳайда.

Қумри ая Тахминани кўриб, хурсандликдан ўзини йўқотиб қўяёзди.

– Вой, айланай келганингиздан! Бугун ўзи тушимда аён бўлувди. Бир фаришта келиб ҳовлимизга гул экиб кетди. Мана, таъбири аён бўлди.

Гўзал равоқдаги диванда ётган экан. Тахминани кўриб ёстиқдан бемажол бош кўтарди.

– Келинг, опажон. Кечирасиз…

– Ётаверинг. Нима бўлди сизга? – унинг ёнига қўнди Тахмина. – Ҳозиргина акангиздан эшитдим.

– Ҳеч нима, шунчаки…

Қумри ая билан Ҳаёт уларни ҳоли қолдиришди,Тахмина қизнинг кўзларида маҳзунлик, дилида алланечук андуҳ ва шикасталик зоҳирлигини дарров пайқади.

– Мендан яширманг. Сизни нима қийнаяпти, Гўзал?

Қиз ундан нигоҳини олиб қочди. Мижгонларида ёш ҳалқалаганини кўриб, Тахмина эҳтиёткорлик билан сўради:

– У… ҳануз бепарвоми?

Гўзал бу саволни жавобсиз қолдирди. Энди кўзларидан ёш қалқиб, ғунча лабларини қимтиганча, бош томонида турган тумба устидаги магнитофон тугмасини босди. Тахминанинг ўзи ҳадя қилган кассета экан, унда фарғоналик Лайлонинг маҳзун «Турналар» қўшиғи таралди:

 
Фарғонамнинг осмонидан учиб ўтса турналар,
Ўксик дилим хўрсинади, юраккинам тирналар.
Олислардан қолган эртак, шавқинг шунча зўрмиди,
Илк муҳаббат тиғи ҳамон бор-будимни бурдалар.
Лола кўксин доғ қилиб сен, ғойиб бўлган нормидинг,
Сохта гулнинг ярқираган жамолига зормидинг.
Чин муҳаббат, ахир жоним, жонга пайванд ришта-ку,
Билмас эдим, сен мунчалар ҳиссиётга хормидинг.
Фарғонамнинг осмонидан учиб ўтса турналар,
Манзилимдан узоқ ёрни эслаб жоним қийналар.
Ўз бахтини четлаб ўтган омон бўлсин, майлига,
Пушаймоннинг заҳри бир кун унинг ўзин қиймалар.
 

– Гўзал, агар у… чиндан ҳам бошқа билан топишган бўлса, сиз ундан ўкинманг. Ўзингизни қийноққа солманг, – деди Тахмина қўшиқдаги нолаю гирядан ўзи ҳам эзилиб. – У сизни алдамаган, унда гуноҳ йўқ. Севиб, севги изҳор қилиб, кейин бир четда қўл қовуштириб турадиганлардан худо асрасин.

– Ҳа, тушунаман… – қиз Тахминанинг қаршисида мулзамлик тортиб, рўмолчаси билан кўзларини артди. – Мен фақат… қалдирғоч умидларим поймол бўлганига ачинаман.

– Бунисига кўникинг, синглим. Сиз ҳали бокира қизсиз. Ҳеч нимани йўқотганингиз йўқ. Бардам бўлинг.

Уларникидан қайтар чоғи, йўлда яна Тахминанинг хомуш тортганини кўриб, Ҳаёт ўртага кутилмаган гап ташлади:

– Тахмина…

– Нима дейсан?

– Қани айт-чи, мен… қанақа йигитман?

– Тушунмадим.

– Мен… э-нг зўр қизлар севса арзийдиган йигитманми-йўқми, демоқчиман.

Тахмина бу савол замиридан маъно қидириб ўтирмади. Ўз хаёллари исканжасидан бўшалмаган ҳолда жавоб қайтарди.

– Арзийсан, ошна. Сен… бошқа сайёрадан келиб тушгансан.

Ҳаётнинг баҳри-дили яшнаб кетди. Тахминанинг бу фикрига мукофот тарзида, уни бир кулдириб қўймоқчи бўлди:

– Худо аввал кимни яратган, эркакларними ё аёлларни, биласанми? – Йўқ.

– Аввал эркакларни яратган экан.

– Нега?

– Чунки аввал аёлларни яратса, иш жудаям чатоқ кечаркан. Навбат эркакларни яратишга келганда, аёллар бўлар-бўлмас маслаҳатлар беришиб, бизни не кўйларга солиб қўйишлари мумкинлигини худойим олдиндан сезиб қолган экан-да…

Тахмина беихтиёр хандон отиб кулиб юборди.

– Қаердан топасан бунақа гапларни, а?!

– Ёлғиз илҳомим ўзингсан…

Тахмина аввалига бу эътирофга эътибор бермади, лекин орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас миясига урилган фикрдан кескин ҳушёр тортди. – Мени эзмаган энди сен қолувдинг…

Бу гапдан Ҳаёт ичида хўрсиниб қўйди.

***

Тахминани ўз дўконидаги иш кабинетида Ўктамбек қарши олди. Йигит шинам кийинган, маҳбубаси билан орзиқиб кутилган учрашув шавқи ва ҳаяжон бутун вужудига, юз-кўзларига кўчиб, ловуллабяшнаб турарди.

Улар бир-бирларининг оғушига отилдилар. Бир-бирига интиқ ва ташна диллар висол чашмаларидан обиҳаёт симириб, бутун борлиқ фараҳ ва лаззат уммонига шўнғиб кетди. Уларни шу тоб мутлақо ҳеч нима қизиқтирмас, гўё бу ёруғ олам танҳо Тахминадан, танҳо Ўктамбекдан, фақат уларнинг жисмидан, ҳароратидан, овозидан, гупуриб турган юрагидан, меҳр ва илтижо туйғулари кўпчиган кўзларидангина иборат эди.

– Мен сизни… бир умр севиб ўтсам керак, – Тахминанинг кўзларидан дув ёш қуйилди.

Ўктамбек унинг нима демоқчи бўлганини англаб етмади. Бунга эътибор ҳам бермади. Кафтлари билан қизнинг кўз ёшларини сидириб, унинг ловуллаб турган дудоқларидан, ёноқларидан, мастона лабларидан шарбат тотаркан, беихтиёр ўзининг ҳам кўзлари энди ёшга тўлиб, илтижо баён этди:

– Мени кечиринг. Мен сизни қийнаб юбордим. Энди бундай бўлмайди. Энди бирга бўламиз.

Тахмина ҳолсизланди. Йигитнинг оғушидан беозор бўшалиб, креслога чўкди. Кўзлари юмуқ ҳолда шивирлади:

– Бас. Мени холи қўйинг, бек.

Ўктамбек Тахминанинг оёқлари остига чўккалади. Унинг тиззаларини оғушига олиб, бош қўйиб, ҳамон кўзларидан ёш тўкканча, гўё умр бўйи орзу қилиб келган нарсасига етишган кафангадо дарвешдек шодон, энтикиб сўзлади:

– Мени қутланг, Тахмина. Мен ютиб чиқдим! Уйдагиларни кўндирдим! Улар розилик беришди.

Тахмина кўзларини очди. Ўнг қўли билан йигитнинг қўнғироқ сочларини беихтиёр сийпалаб, унинг кўзларига маҳзун боқди:

– Қутлуғ бўлсин, бек. Мени энди бемалол олиб кетаверасиз… Бошқа сўрайдиган одамингиз йўқ…

Тахмина шундай дея ўрнидан вазмин қўзғалди-да, хона деразаси ёнига бориб, ташқарига боқди. Дўкон олдидаги майдонча четида машина ойналарини обдон артаётган Ҳаётга кўзи тушиб, беихтиёр хўрсиниб қўйди. Ортига бурилиб, суюкли маҳбубаси билан ҳозиргина кечирган лаззатли онлардан, қолаверса, қалбида ошён қурган энг буюк орзуниятлари амалга ошаётганидан ҳамон сармаст турган Ўктамбекка юзланди: – Боринг энди, азизим. Мен ёлғиз қолишни истайман…

Йигит унга яқинлашиб Тахминанинг елкаларидан тутди. Кўзлар кўзларга қадалди. Қиз ҳамон кўз ёшлари сел бўлиб, яна йигитнинг майлига изн берди. Бироқ Ўктамбек бу галги қайноқ бўсалар ўзи учун сўнгги бор эканлигини тасаввур ҳам этмасди.

* * *

Тахмина туни билан тўлғаниб, эзилиб чиқди. Изтироблар заҳридан, аччиқ-аччиқ кўз ёшларидан қонталаш юраги тутдек тўкилиб, охири ҳолдан тойган ҳолда тонгга яқин кўзи уйқуга илинди.

Кеча кутилмаганда Шаҳодат хоним қўнғироқ қилиб қолди. Тахмина билан оғзидан бол томиб гаплашди. Қуюқ ҳол-аҳвол сўрашувлардан сўнг, хушнуд оҳангда муддаога кўчди:

– Тахминахон, қизим, биз бу ерда ҳожи отангиз ва ул кишининг сингиллари Пошшохон отин билан маслаҳатлашиб, ниҳоят шундай қарорга келдик: сиз бизга келин бўласиз. Ўктамбегимиз қанчалар қувонганини айтмайсизми!

Тахмина телефон гўшагини қулоғига тутганча, ўтирган жойида шам каби қотиб қолди. Демак, Ўктамбек айтган гап рост. Кўз олдида фаришта суврат Шаҳодат хоним жонланди. Ўшанда Тахминани астойдил суйиб, ўз боласидек оғушига тортган, уни тушунган, иззат-нафсониятига, ҳис-туйғуларига ҳурмат бажо келтириб, ундан оналик меҳригиёсини дариғ тутмаган Аёл! Тахмина ўз ҳаётида илк бор ана шу Аёл сиймосида асл Она қиёфасини, руҳини, тафти ва муҳаббатини туйди. Бу сиймо қаршисида унинг нигоҳларига, ўйларига, аҳду паймонларига, орзуҳавасларига қарши бориш гуноҳи азим эканлигини, ақл бовар қилмас тубанлик ҳисобланишини идрок этди. Оналар ўз фарзандлари учунгина фидойи бўлиб қолмай, балки бошқа полапонлар тақдири учун ҳам бефарқ эмаслигини ва шу боис ҳам бу зот ҳақли равишда Она деб аталишига ишонч ҳосил қилди.

Мана, Ўктамбек билан Тахмина ўртасидаги илоҳий туйғуга шак келтирмаган, уни эътироф этган ва бу муҳаббат ришталарини узилиб кетишдан асраб, муродлар ҳосил бўлмоғи учун жон куйдираётган инсон ҳам ана шу Аёл, ана шу Она бўлиб турипти.

Тахмина тушунади, ҳис этади – қисматнинг бу кинояси Она учун қанчалар оғир кечаётганини. Бироқ забардаст Иброҳим ҳожи кўтара олмаган юкни ана шу мажруҳ, нимжон ва хастадил Она ўз кифтига олиб, уни таъна ва маломатлар қил кўпригидан ўтказиб юбормоқчи! Йўқ, онажон, мен сизни қийнамайман. Мен сизнинг жуссангиз, қалбингиз, жонингиз озор топмаслиги, сиз ўз ўйларингизда, ботиний туйғуларингизда, орзую ҳавасларингизда, яккаю ягона ўғлингизга илинган кошоналарингизда яйраб қолишингиз учун ҳар қандай қурбонликка тайёрман!..

– Тахминахон қизим, мени эшитяпсизми? Нега жимиб қолдингиз? – Эшитяпман, хоним… – Тахминанинг бўғзига заҳар-заққум бир нима тиқилгандек, нафас олиши оғирлашиб, кўзларига ёш қуйилди. – Овозингиздан айланай, қизим. Энди буёғини эшитинг: ҳозиргина ҳожи отангиз сингиллари Пошшахонникига кетишди. Тўй тадорикларини маслаҳатлашиб олгани. У ердан тўғри сизникига ўтмоқчилар. Сиз борманг, аммани жўнатинг, десам қўймайдилар. Мен ўзим бормасам, масала ҳал бўлмайди, дейдилар. Мабодо ўтиб борсалар, сиздан илтимос, ҳурматини жойига қўярсиз, деган умиддаман. Хўпми, жоним?

Тахмина нима дейишни билолмай, бир дам каловланиб қолди. Шаҳодат хоним ундан жавоб кутиб турганини ҳис этиб, ниҳоят вазмин сўз қотди: – Хоним, у ерда қандай қарорга келганларинг ўз йўлида… Бироқ, мен бу ҳақда ҳали ўйлаб кўрганимча йўқ. Ҳожи ота келаётган бўлсалар, эшигим очиқ. Аммо хулосамиз қандай чиқади, бу ёғига худо пошшо. Шаҳодат хоним бу гапдан бир зум жимиб қолди-да, кейин руҳиятидаги кўтаринкиликни бой бермаган ҳолда, яна хушнудлик билан деди:

– Иншоллоҳ, ҳамма нарса ўз жойига тушади. Бу ёғи энди фақат ўзингизга боғлиқ…

Иброҳим ҳожи билан мулоқотлари қисқа ва лўнда бўлди. Тахмина у келгунича бу хусусда анча бош қотириб олди, ҳожи билан ўртада кутилаётган саволларга қандай жавоб қилиш ва ҳар қанча оғир туюлса-да, бугун бу масалага ўз аҳди бўйича сўнгги нуқтани қўйишга қарор қилиб қўйди. …Иброҳим ҳожи учун Тахминанинг ҳузурига бу гал «бош эгиб» кириб келиш қанчалар оғирлиги аён эди. Бироқ, у яккаю ёлғиз ўғлининг аҳди қатъий эканлигини англаб етганлигидан ва «вақтинча» бўлсада, унинг хоҳишига изн беришга мажбур бўлганидан, акс ҳолда Ўктамбеги бирон кори ҳол кўрсатиб, обрўли бошига ҳозиргидан кўра жиддийроқ нохушликлар тушишидан чўчиб, ва ниҳоят, арзанда синглиси Пошшохоннинг раъйига қараб, шу қурбонликка бормоқда эди.

Бу хонадонга бугун ўзим кириб бормасам бўлмайди ва «ғолиб» чиққан Тахминанинг олдига мен ҳам ўз шартларимни қўйишга ҳақлиман, деб ҳисоблаган ҳожи, ойсулув ёш беканинг уни хурсандлик билан қарши олишига ва ҳожи билан ипакдек мулойим муносабатда бўлишига умид боғлаган эди. Бироқ, не ажабки, бундай бўлиб чиқмади. Тахмина уни ўтган сафаргидан ҳам беписандроқ, лоқайд ва совуқ қарши олди. Иброҳим ҳожи бу ҳолни аввалига: «Демак, Тахмина бизнинг қароримиздан бехабар. Шаҳодат бону унга қўнғироқ қилиб қўйишни унутган чоғи», деган фикр билан хулосалади. Шу боис ҳам ўзининг ташрифи нима билан боғлиқлигига шама қилувдики, Тахмина ҳеч бир таажжубсиз, лоқайд жавоб берди:

– Хабарим бор. Шаҳодат хоним қўнғироқ қилувдилар.

Иброҳим ҳожи Тахминанинг ўз тақдирида нақадар муҳим бўлган масалага бу хил муносабатидан ажабланиб қўйди.

– Қўнғироқ қилишган бўлса, аёнингиздурким, биз сизни келинликка лозим топдик, Тахмина бону.

– Менга билдирган ҳурмат ва мурувватингиз учун миннатдорман, ҳожи ота.–Гапни ўз ўрнига қўйди Тахмина.–Бироқ мен сизга ўтган сафар келганингизда айтувдим чоғи… Ўғлингиз Ўктамбек иккимиз бир-биримизга кўнгил боғлаганимиз рост. Лекин мен унга хотин бўлишни ҳеч қачон орзу қилган эмасман, кўнглингиз хотиржам бўлсин, девдим. Иброҳим ҳожи кўнглининг аллақаерида «милт» этиб нўхатдек шуъла пайдо бўлганини ҳис қилди. Товушсиз томоқ қириб олиб, Тахминани ботамкин маъқуллаган бўлди:

– Шундоқ, қизим, шундоқ. Лекин тақдири илоҳиёт олдида бандаси ожиз экан. Насиба боғланиб туриптими, бас, бу риштани ҳеч ким узиб юборишга қодир эмас. Биз мана шуни тушунган, ҳис қилган ҳолда, қўлингизни сўрашга ботиндик, бону.

– Бунинг учун мен сизларни гуноҳга буюрмайман, ҳожи ота. Келинликка номзод танлаш ўғли бор ҳар бир ота-она учун ҳам фарз, ҳам суннат, дейишади. Бироқ ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳамиша ҳам гулни гулга қўшмоқ жоиздир, шундай эмасми?..

Ҳожи қоқвош ва «шайтона» Тахминанинг тили бурро, фикри хийла теранлигига яна бир бор тан бериб, жиловни қўлдан бермасликка уринди: – Аслида шундай, бону. Бироқ, Аллоҳнинг даргоҳи кенг экан. Наврас қулларига жуфти ҳалолини танлашда ўз кўнгил кўчасига қараб иш тутиш ҳуқуқини марҳамат қилиб қўйипти.

Тахмина шу чоғ ҳожига, бу ҳақиқатни энди англаб етдингизми, дея маломат билдириши мумкин эди-ю, лекин азиз Ўктамбегининг падари бузрукворлигини инобатга олиб, индамай қўя қолди. Шусиз ҳам ҳожининг ўзи ҳозир шу ҳикматга урғу бериб, ўз бурдига путур етказганидан ичида мулзамлик тортди.

Тахмина буни сезиб, уни хижолатдан чиқармоқчи бўлди:–Лекин, барибир, ўз фарзандини тўғри йўлдан бошлаб боришга ота-она бурчлидир. – Ақлингизга тасанно, бону! Шу боис ҳам камина ўрталарингиздаги муносабатларга даставвал қаттиққўллик қилганимдан хижолатдаман,енгил нафас тортди ҳожи.– Энди гап бундай, қизим. Биз эртага туш чоғи синглим Пошшохон отин, Ўктамбек ва яна бир домла билан сизникига келишга қарор қилдик. Бир йўла шу ерда хутбани ўқитиб қўя қоламиз. ЗАГС ҳозирча шарт эмасдир, деб ўйлайман. Тўйни эса, ҳафтанинг охирида бамаслаҳат бизнинг ҳовлидами ёхуд бирон четроқдаги ошхонадами, ими-жимида ўтказиб олармиз.

Тахминанинг вужудидан совуқ тер чиқиб кетди. Ўзига, ўз ақидаларига бунчалар бино қўйган ана шу савлатли, салобатли оқсоқолнинг унга кўрсатаётган енгил-елпи муносабатидан даҳшатга тушди. Бироқ у ўз уйида эканлигини назарда тутиб, ўзини қўлга олишга уринди:

– Сиз мени тўғри тушунинг, овоза бўлмасин, дейман,–илова қилди ҳожи Тахминанинг ранги оқаринқираганини пайқаб.–Энг муҳими, сизлар бир-бирингиз билан қовушаётганингизда, шундай эмасми?

Тахмина шу чоғ ўзини умрида энг оғир, энг аянчли зарбага дуч келгандек ҳис этди. «Мени булар кўчада ётган сариқ чақа, деб ҳисоблашяпти,– кўнглидан ўтказди у. – Истасалар, ердан кўтариб олишади. Истамасалар, ерда қолиб кетавераман. Ҳатто бу сариқ чақа кимники, дея атиги бир марта сўраб ҳам қўймайдилар. Чунки мен эгасиз, мен учун жони ачишадиган одам йўқ, беқадр бир нарсаман…» Тахмина миясига урилган бу фикрдан ҳушёр тортиб, аламини ичига ютишга мажбур бўлди.

– Ҳа, шундай, – деди у Иброҳим ҳожига. – Энди мени маъзур тутасиз. Бир дугонамникига меҳмондорчиликка шошиб турувдим…

Ҳожи ўрнидан қўзғалди. Кўнглида алланечук ғашлик уйғонганига қарамай, Тахмина билан илиқ хайрлашди.

… Бу тун Тахминани безовта қилган, айқаш-уйқаш, аччиқ-аламли изтиробларга солиб, қон қақшатган дард ана шундан эди.

Субҳидам палласи бошида… чиройли кийиниб олган дадаси Собир турганини кўриб, Тахмина қўрқувданми ёки шодликдан, қичқириб юборди. Бироқ бўғзида нимадир бор, овози чиқмасди.

– Дада, дадажон!– кўзларида шашқатор ёш билан Тахмина ёстиқдан бош кўтариб, қучоқ очганча унга томон талпинди. Собир ёнгинасига чўкиб, қизининг бошини кўксига олди. Сочларини майин-майин силади. – Қўрқма, мен тирикман, – деди. – Мени бу ерга сенинг Ҳаётинг топиб келди…

– Ҳаёт? Қандай қилиб?! Энди мен билан бирга қоласизми?

– Йўқ, қизим… Мен бу ерда қололмийман. Қани айт-чи, нега рангларинг сўлғин? Сени нима қийнаяпти?

– Мен… бу дунёга сиғмаяпман, дадажон!

– Ундай дема. Сен яшашинг керак.

– Юракларим зардобга тўлиб кетган. Нафас ололмаяпман.

– Бошингни кўтар, болам. Мағрур яша, мағрур, мағрур…

Тахмина ўрнидан даст бош кўтарди. Бироқ дадасини ушлаб қололмади, у ғойиб бўлганди. Апил-тапил оёққа туриб, хона ичига жавдираб боқди. Бир четдаги кроватда Акмал ширингина ухлаб ётипти. Залга чиқди. Ўртадаги стол устида бир қучоқ гул ловуллаб турипти. Қаердан пайдо бўлди гулдаста?! Ўзига келмоқ ниятида саросима билан ваннахонага ўтди. Шоша-пиша бет-қўлини ювиб, яна залга қайтиб чиқувдики, қаршисида илжайиб Ҳаётни кўриб, ҳаяжонга тушди:

– Ҳаёт!? Дадам қанилар?!

Йигит уни тушунди. Тахмина ўзида эмас. Афтидан, туни билан нечундир безовта бўлиб чиқиб, дадаси тушига кирган кўринади…

– Туғилган кунинг билан, Тахмина! – Ҳаёт стол устидаги гулдастани олиб, уни афтодаҳол қизга тутқазди. – Бахтингни топ, умринг ана шу гуллардек ҳамиша яшнаб турсин.

– Туғилган куним? – ажабланди Тахмина. – Дарвоқе… Ўзимнинг ҳам эсимда йўқ. Неча йиллардирки, мени ҳеч ким туғилган куним билан қутламаган эди. Раҳмат сенга, Ҳаёт!

У йигитга яқинлашди. Унга қўлидаги гулдастанинг ажабтовур малоҳати, ёлқини, муаттар бўйлари кўпчиб турган юз-кўзларини тутди… Ҳаёт ўзи туғилган кун Тахмина ҳадя этган иккита мўъжазгина қутичани чўнтагидан чиқарди-да, уларни оҳиста очиб, стол устига қўйди. Олтин узуклардан бирини олиб, Тахминанинг бармоғига тақди. – Сен бахтли бўлсанг, менинг бахтиёр бўлганим шу, фариштам. Тахминанинг пешонасига марварид резалар қўнди. Қиз гулдастани стол устига қўйиб, эҳтиёткорлик билан иккинчи узукни олди. Юзлари оловланиб, сезиларли ҳаяжон қалтироғида уни… Ҳаётнинг бармоғига тақди.

– Бахт инсоннинг қадр-қимматида экан, Ҳаёт…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации