Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 19

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 19 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XVI

– Кечирасиз, фоҳиша Тахмина кимингиз бўлади?

Ранги гезарган, туксиз чўзиқ юзи бироз тўр тортган, кўзлари чағир ва совуқ боқувчи бу одамнинг шу ерда милиция капитани пўримида терговчи бўлиб ўтирганига афсусланиб қўйдим. Тўғри, башараси кўримсиз ва муомалада табиатан совуқ бўлса-да, аслида қалби хуш ва беозор кишилар ҳам кўп. Бироқ, назаримда, бу одамнинг бутун вужудидан чакиллаб заҳар томиб турар эди.

– Тахмина… Менинг ҳеч кимим бўлмайди, – ўзимни тутиб босиқроқ жавоб бердим унга.

Терговчи иккала қўли билан стол устини аста шапатилаб қўйдида, кейин мендан кўз узмаганича шошмай ўрнидан турди.

– Тушунарли, тушунарли…

– Нимаси тушунарли?

– Нимаси бўларди, шунча жойдан уни бекорга қидириб келмагандирсиз ахир?

– Тахмина марҳум дўстимнинг қизи бўлади.

– Ҳм… Марҳум дўстингизни қизи шу даражага етиб боргунча индамай юраверибсиз-да? – иккала қўлини столга тираганча мен томон ингичка бўйнини чўзиброқ заҳарханда қилди у.

Жаҳлим қўзғади. Бу сўхтаси совуқни қонун тили билан бироз ҳовуридан тушириб қўйиш лозим чоғи.

– Сиз, афтидан, ким билан гаплашиб турганингизни ҳисобга олмаяпсиз, – дедим унга жиддий тусда. – Мен бу ерга сўроққа келган айбланувчи эмас, балки шу ишни ўрганаётган журналистман. Бу, бир. Иккинчидан, Тахминани фоҳиша дейишга ҳаққингиз йўқ.

Терговчи ишшайиб қўйди. Индамай яна жойига чўкди-да, менга энди кинояли боқди:

– Биз Тахминанинг кимлигини аллақачон билиб бўлганмиз. Ҳатто унинг бундан илгариям ўтириб чиққанидан хабардормиз, жаноб журналист.

– Буни ўзим ҳам биламан. Бироқ Тахмина ўз қилмиши учун қонун олдида жавоб бериб бўлган.

Терговчи бир зум жимиб қолди. Кейин маллатоб сийрак қошларини тугун қилиб, ғудранди:

– Бу ерга ҳеч кимни бекордан-бекорга олиб келишмайди, биродар. – Албатта. Лекин… ҳали маълум ҳам бўлар, Тахмина бу гал гуноҳсиз чиқишига ишончим комил, – подадан олдин чанг кўтарма, маъносида уни огоҳлантириб қўйдим. – Аёл киши ўз хонадонига, мол-мулкига… – Эриниям қўшиб… – гап қистирди у.

– …Ўт қўйиб юбориши эҳтимолдан анча йироқ, деб ҳисоблайман. Терговчи яна бир дам сукутга чўкди. Иягини қашиб, менга хаёлчан тикилган ҳолда ўзича қандайдир фикрга келди. Нигоҳи шубҳалироқ туюляпти, у энди менинг ҳам «қўлтиғимга қўл солиб» кўрмоқчи бўлди: – Қўрғонни Тахмина эмас, мен ёндирдим, деб яна икки киши ўтирибди камерада. Биттаси марҳум Мумтозбекнинг ўғли Санжар, яна бири ён қўшнилари Мирзамат кулол деган одам. Хўш, бу фоҳишани… ихм… то есть, Тахминани ҳимоя қилиб, бунчалар оғир жиноят юкини бу эркаклар нега ўз гарданига олишяпти? Дарвоқе, мен яна биттасини, Ўктамбек деганларини айтганимча йўқ. Тахминани деб, уям ўз бошини дуч келган эшикка уриб юрибди ҳозир. Эҳтимол, бу ишлардан балки хабарингиз бордир?

– Хабарим йўқ, буёғи сизнинг ишингиз,– жавоб бердим унга.–Мен фақат Тахминани кўриб кетиш учун келган одамман.

Терговчининг Ўктамбек тўғрисида «шу кунларда дуч келган эшикка бош уриб юрибди», дейишида жон бор эди…

Бу хабар ўша куннинг ўзидаёқ Тошкентга ёйилиб бўлди. Одамларнинг оғзида узунқулоқ гаплар: «Ҳофиз Мумтозни кимгаям рашк қилиб, кенжа хотини ҳашаматли кошонасию мол-мулкига қўшиб, ёқиб юборибди!». «Гўзалликда тенги йўқ ёш хоним Тахминани Эрон шоҳи яхши кўриб қолган экан, ўша ёқдан одам юбориб, ҳофиз Мумтозни гумдон қилдирибди». «Қўрғон маликаси чет элга қочиб кетаётиб, аэропортда қўлга тушганмиш». Бу хил миш-мишларга нисбатан ҳар хил мулоҳазалар билдирилар эди: «Афсус, Мумтоздек ҳофиз ўзини авайлаб юрса бўларди». «Ҳамма айб Мумтознинг ўзида, кейинги пайтлар босар-тусарини билмай қолувди», «Чиройлидан хотин олманг, куйиб ўларсиз, деганлари шу-да!»

Воқеани эшитибоқ, Тахмина кўйида карахт юрган Ўктамбек дабдурустдан чўққа тушган одамдек потирлаб қолди. Уни ваҳимага, таҳликага солиб, юрагини ачиштираётган бирдан-бир нарса Тахминанинг чекига тушган аччиқ қисмат-у, энди олдинда турган ва кутилаётган азобли кунларнинг аллақачон хуруж қила бошлаган дардли титроғи эди. У Тахмина учун ҳар қанча оғир синовларга, кураш ва заҳматларга тайёр. Фақат унинг ҳаётига яна осудалик қайтганини, азиз маҳбубасининг гулгун чеҳрасига ўша табассумлар қайта инганини кўрсагина бас, шунинг ўзи Ўктамбек учун энг олий бахт, шунинг ўзи унинг учун зарур бўлган бирдан-бир озиқ эди! Бир курсдош дўстининг акаси ички ишлар бошқармасида катта амалдор. Ўктамбек ана шу одам орқали воқеа рўй берган куннинг эртасигаёқ Тахмина билан учрашишга рухсат олди. Бироқ бу учрашув амалга ошмай қолаверди. Тахмина у билан учрашишни рад этди. Албатта, Ўктамбек бундан хафа бўлмади. У Тахминани тўғри тушунди. Майли, кўришмаса, кўришмай турар. Энг муҳими, Ўктамбек унинг ёнида, қанотида турганини ҳис этса, бас. Бунинг учун, шу кунларда вақти ғоят зиқлиги, олийгоҳнинг ҳуқуқшунослик факультетини битираётганлиги ва диплом ишини ёқлаш арафасида турган бўлишига қарамай, Тахминанинг ташвишида худди парвонадек ўзини дуч келган чироққа уришдан чарчамас эди. Тергов идораларими, прокуратурами, адлия ёки адвокатура кабинетларими – ишқилиб, қўли етган жойи борки, эшик қоқишдан, сим қоқишдан тинмайди.

Буларнинг барчасидан Иброҳим ҳожи яхши хабардор, у ҳаммасини зимдан кузатиб турибди. Лекин ўғлига лом-мим демайди, шу билан бирга, унинг ҳаракатларига монелик ҳам қилмайди. Ўктамбек ҳам буни яхши тушунади: агар дадаси унга хайрихоҳлик билдириб, айбланувчи томон озгина ён босса, унинг учун жон куйдирса борми, Тахминанинг бошига тушган кулфатлар тез орада ўз-ўзидан барҳам топган бўларди. Аммо бундай бўлиши жуда ҳам қийин, чунки тақводор ота ҳар қандай ишда адолат шайинини маҳкам тутган одам. У «енгил табиатли, суюқоёқ бир аёл»ни деб орага бош суқмайди, ўз мавқеига путур етказмайди, албатта. Ўктамбекнинг дадасидан бирдан-бир оғринган жойи ҳам худди ана шунда эди. Ҳа, Иброҳим ҳожидек зукко, буюк қалб эгалари, ҳатто, бундай масалаларда инсоннинг мураккаб руҳий оламига ҳамиша ҳам синга олмайдилар. Тўғри, дадасининг бу борадаги бир гапигина Ўктамбекнинг куйишиб турган юрагига озгина бўлса-да, малҳамдек туюлади. Оила аъзолари кечки овқат маҳали жам бўлиб ўтиришганди, Шаҳодат бону Мумтоз ҳақида «шу гаплар ростми?» – дея сўраб қолди. – Миш-мишларга ишонмаймиз… – вазмин жавоб қайтарди ҳожи қаршисида жимгина, истар-истамас луқма айлантираётган афтодаҳол Ўктамбекка зимдан нигоҳ ташлаб қўйиб.–Бандасига Аллоҳнинг амрисиз ҳатто тикан кирмас. Шу боис ҳам Мумтознинг бу қисмати учун ёш бека Тахминани рўкач этиш ножоиздир. Шояд гаплар ҳали бошқа ёқларда бўлиб чиқса-ю, бу бахтиқаро ожиза омонликда қолса…

…Кутилмаганда эшик очилиб, ичкарига подполковник пўримида барваста гавдали, кўзлари кулиб турган, очиқ чеҳрали бир киши кириб келди. Терговчи ўрнидан даст турди-да, унга чест бериб, нимадир демоқчи эдики, подполковник «ўтиравер» маъносида ишора қилди ва келиб мен билан қўл бериб саломлашди.

– Бу киши Фарғонадан, жаноб бошлиқ. Журналист…

Подполковник унга жавобан «Хабарим бор. Айтишди» дея, мендан сўради: – Фарғоналар жойидами, меҳмон?

– Раҳмат, ҳаммаси жойида.

– «Нефтчи» қойиллатяпти, маладес! – У шундай дея терговчига ўгирилди: – Ишни йиғиштир, икковимиз вазирликка ўтиб келамиз. Мен ташқаридаман.

Подполковник чиқиб кета туриб мендан узр сўраб қўйди. Кейин эшик ёнига борганда, нимадир ёдига тушиб, бир лаҳза тўхтади-да, терговчига қўшимча қилди:

– Шоматов, меҳмоннинг илтимоси ерда қолмасин.

Бу гап менга тааллуқли эдими ёки ўзларига алоқадорми, бунисини англаб етишга улгурмадим. Терговчи Шоматов «Хўп бўлади», дея ортиқча гап-сўзсиз Тахминани кўришим учун рухсатнома ёзиб берди.

* * *

Учрашув учун ажратилган хонада битта столу иккита курсидан бошқа ҳеч вақо йўқ. Қасмоқ боғлаб, ўзидан шуъла ўтказолмай қолган биттаю битта дарчанинг одам бўйи етмайдиган баландликда, у ҳам бўлса темир панжарали эканлиги, неча йиллардан бери таъмир кўрмаган деворларда нималар биландир тирнаб ёзилган аллақандай ёзувлар борлиги бу хонанинг ҳам бир вақтлар маҳбуслар сақланадиган камера бўлганини англатиб турарди. Узоқ куттиришмади. Бу ерга кириб беш дақиқа ўтирмасимданоқ, эшик очилиб, қаршимда ўша Тахмина, кишига виқорли ва шу билан бирга ғоят истарали боқувчи, қадди-қомати ва юзларидан ҳамон ҳусну малоҳат ёғилиб турган Тахмина пайдо бўлди!

– Собир ака?!

– Тахмина…

У қаршимда бир дам нима қиларини, нима деярини билолмай жим туриб қолди. Кейин у ўзини зудлик билан қўлга олишга, ҳаётида гўё ҳеч қандай воқеа рўй бермаган одамдек эркин ва бепарво тутишга уриниб, сохта жилмайди. Аммо унинг вужудида аччиқ ва аламли изтироб ўти гупириб турганини сезганимдан, ўзим бориб уни бағримга олдим. Шундагина Тахмина бошини кўксимга босганича, ўкинч билан йиғлаб юборди:

– Дадамнинг йўлида ёлғиз ёдгорим…

– Тинчлан, Тахмина. Сен… яхшисан.

– Мен… ёмонман. Кўриб турибсиз-ку.

– Ундай дема. Кел, ўтирайлик, – мен дастрўмолимни чиқариб, унинг кўз ёшларини артдим.

Тахмина менга энди қайноқ меҳр билан, бироқ хижолатомуз боқарди. – Сира кутмагандим. Лекин барибир бир кунмас-бир кун учрашишимизни билардим,–деди у мен тутган дастрўмолни ҳамон аримаётган кўз ёшларига босиб.–Фақат шу ерда учрашамиз, деб ўйламовдим. Индамадим. Бир лаҳзалик ноқулай сукутдан сўнггина сўрашга ботиндим:

– Нега бундай қилдинг, Тахмина?

У мендан нигоҳини олиб қочди.

– Сиз ҳали кўп нарсалардан бехабарсиз, Собир ака…

– Тошкентга келганимга бир ҳафтадан ошди. Сўраб-суриштириб, унча-мунча нарсалардан хабар топганман.

– Мен у билан бирга ўлиб кетишим лозим эди, – Тахмина бир зум жимиб қолди-да, кейин илова қилди:

– Сиз мени тушунасиз…

– Тушунаман. Лекин…

– Гапиринг, илтимос. Менга ачинишнинг, насиҳат қилишнинг ҳожати йўқ.

– Насиҳат қилмоқчи эмасман. Аммо ачинмасликнинг иложи йўқ. – Шундай дейсиз-у… Яхши ниятларга ғов бўлишса, эркингни бўғишса, ўз умрингни ўз билгингча яшашга қўйишмаса, на чора?

– Ҳаётнинг оддий ҳақиқати бу, Тахмина. Одамлар борки, осмонданда баланд. Одамлар борки, ердан-да паст. Кимдир яшнаб, гуркираб ўсган ям-яшил майсаларни, қулф очиб, тароват бериб турган рангоранг гулларни кўрганда, улардан завқланади, роҳатланади. Уларни ардоқлайди, қадрлайди. Аммо бошқа кимдир ана шу гўзалликка ҳайвонларча муносабатда бўлади. Уни оёқ остида беаёв эзғилаб ўтади. Фақат шуниси муқаррарки, ҳар бир одам ўз хулқига, қилмишига яраша интиҳо топади.

– Қайдам. Бироқ ёмон одамлар ўз қилмишларига яраша жазосини топгунча, қанчадан-қанча бегуноҳ умрлар хазон бўларкан. Бундайлар билан ишинг бўлмасин, улар бу дунёда бўлмаса, нариги дунёда ўз жазосини топади, деган гапларга ишонмайман. Мен ҳар қандай ёвузликнинг кули кўкка совурилишини ўз кўзим билан кўришни истайман. Орага яна жимлик чўкди. Бу дам Тахминага, унинг ўзи айтганидек, насиҳат қилиш ҳам, унга ачиниш ёхуд ҳамдардлик қилиш ҳам ножоиз эди. Бугун қаршимда ёш боши билан катта бир умрнинг аччиқ сабоқларини кечиб улгурган, тақдир чиғириқларининг ситамли ўйинларидан адойи тамом бўлаёзган, лекин ҳамон ўша соддадил ва танти, гумроҳ ва шўрпешона, сулув Тахмина ўтирипти.

Ҳозир мен ҳам, Тахминанинг ўзи ҳам ҳаётда қоғоздаги ҳеч бир қонун жазолай олмайдиган, бу қонунларнинг таҳлил ва амрмақомларига тушмайдиган, сиғмайдиган қабоҳатликлар ҳам кечиши ва уларни фақат орият, виждон ҳукми билангина даф этиш мумкинлигини билиб, ҳис этиб турибмиз.

– Мен бундан илгари ҳам бахтиқаролик нима, деган саволга кўп марталаб дуч келганман, – яна Тахминанинг ўзи сўз қотди. – Лекин мен бу нарсани ҳаётда бахти чопмаганлик, ночорлик, бошқаларга қарам бўлиб умр кечиришда, деб ҳисоблардим. Энди билсам, чинакам бахтиқаролик бошқачароқ экан…

– Тушунаман. Лекин сен ўзингни, айниқса, шу кунларда бундай хулосалардан узоқроқ тутсанг ёмон бўлмасди, – Тахминанинг сўзини бўлишга мажбур бўлдим.

– Нега энди? Нима учун, Собир ака?

– Сен… яшашинг керак. Чунки бу ишларнинг ҳаммаси сенинг айбинг билангина юз бергани йўқ.

– Кимларнинг айби билан юз берган бўлмасин, мен чиндан ҳам бахтиқаро бўлиб туғилган эканман. Ҳа, чинакам бахтиқаролик буёқда экан. Буни қарангки, мендан ҳатто ўлим ҳам юз ўгирди. Кимдир мени олов ичидан юлқиб олиб, ташқарига улоқтириб ташлади. Одамлар мендан юз ўгирди. Қаерга бориб яшамайин, ортимдан тавқи лаънат тошлари ёғилиб туради. Менга наслу насаб насиб этмади – уруғинг ким деб сўрашса, одамлар қатори дадил жавоб беришга ожизу соқовман. Жамики қилмишларим қонун эътиборидан четда қолиб кетди. Мана, бугун ҳам юз берган воқеалар бўйича кўрсатмаларимни сўзсиз тан олишга шошмаяптилар. Хўш, мен энди кимман, нимаман, Собир ака? Тахминанинг кўз ёшлари аримас, у бор вужуди билан титрабқақшаб ўтирарди.

– Сиз эса менга… яшашинг керак, дейсиз. Мен ахир одам бўлганимда, ажал мендан қочмаган бўларди. Бошқалар қатори, мен ҳам оддий бир инсонман, деган номга эга бўлганимда, бугун менга жазо беришаётганидан ҳатто қувонган бўлардим. Ҳар қандай жазони ғурур билан кутиб олардим. Энди билсам, одамлар қатори яшаш, ҳатто ўлиш ҳам, жиноятга йўл қўйсанг-у, бошқалар қатори жазога тортилсанг, шунинг ўзи ҳам катта неъмат экан. Ҳа, мен энди бугун билдим, бугун тушундим: мен бу ёруғ дунёга инсон бўлиб эмас, балки разолат қашқирлари учун шунчаки бир овунчоқ, эрмак, шунчаки бир завқми ё ҳузур бағишловчи қўғирчоқ қилиб яратилган эканман…

– Бас қил, – мен унинг дарду аламларига, изтироб тўлғоқларига бошқа тоқат қилолмадим. – Ўзига ўлим ҳукмини чиқарган кимса ўлиб кетиши ҳеч гапмас, Тахмина. Лекин сен ҳозир тушунмаётган, ҳис қилмаётган муқаддас бир туйғу ҳаётингга кириб келганидан бехабарсан. Сенда… ҳамма учун насиб этавермайдиган орият, виждон туйғуси уйғонибдими, шунинг ўзи инсон учун катта мартаба.

– Яшаб қолиш… – сўзимни бўлди у. – Ниманинг илинжида яшаб қолиш керак, Собир ака?

– Сени яшаб қолишга, Оллоҳ берган умрингни энди бошқалар қатори ёруғ юз билан яшаб ўтишга чорлаётган яна бир нарса бор, Тахмина…

Тахмина бошини даст кўтариб, юзимга ҳайрат билан боқди:

– У нима, Собир ака!?

– У… муҳаббат. Сени жондан ортиқ севадиган одам бор, одамлар бор…

Тахмина беихтиёр тин олди. У энди бош эгиб, иккала қўли билан юзини чангаллаганча ўтирарди.

– Муҳаббат… Мен бунга муносиб ҳам эмасман, ҳақли ҳам эмасман. Мени тинч қўйишсин…

– Ундай дема, Тахмина. Умид ва ишонч билан яшаган инсонга яхши кунлар албатта насиб этади.

– Яхши кунлар… Келинг, мени бошқа қийнаманг, Собир ака.

Ҳа, ўз ёғига ўзи қовурилиб турган Тахминага ҳозир яна таскин бериш, насиҳат қилиб ўтиришга ортиқча ҳожат йўқ эди. Мен унга бугун-эрта Тошкентдан жўнаб кетишим лозимлигини, биз яна, худо хоҳласа, яхши кунларда албатта учрашишимиз мумкинлигини айтишга ботинолмадим. Унинг ўзи ҳам Тошкентда яна қанча вақт бўлишимни сўролмади.

Учрашув вақтимиз ҳам тугаб борар эди. Йўлакда осма соатнинг бемажол уёқдан-буёққа бир маромда бориб келаётган, шоп мўйловли, семизлигидан эгнидаги кийими таранг тортилиб турган кекса старшина очиқ турган эшикдан биз томонга икки марта маъноли йўталиб ўтди. Биз ўрнимиздан вазмин қўзғалдик.

– Собир ака, эсингизда бўлса… ўтган сафар учрашганимизда, менинг бир таклифимни рад этувдингиз. Энди, йўқ, деманг, – Тахмина менга яқинлашиб, иккала қўлини кўксимга қўйганича, кўзларимга мўлтираб боқди…

– Қўрғонда Назокат деган бир дугонам бор. Ўшеттаги фабрикада тикувчи бўлиб ишлайди. Дадаси Нодир ака, мўйнадўз. Ўшаларникида менинг машинам турипти, «Эсперо». Мен шу бугуноқ бир одам орқали уларга хабар етказаман. Машинани сизга беришади. Миниб кетинг… – Яна нима гапинг бор?.. – вазминлик билан сўрадим ундан.

– Акмалнинг Тошкентда эканлигидан хабарингиз борми?

– Хабарим бор.

– У Олмаотага кетган, бугун-эрта келиб қолади. Уни топиб айтинг… Зилола билан… – лабларини тишлаб олар даражада қимтиб гапираётган Тахмина бошқа чидолмайди, кўксимга бошини қўйганча яна йиғлаб юборди.

– Мени уйимга, мулкимга эгалик қилишсин…

Тахминани шу аҳволда қолдириб хайрлашиш ҳам, унинг ҳозирги илтижолари ҳам мен учун ғоят оғир эди…

Энди мен ҳам ўзимни тутолмадим. Кўзларим жиққа ёшга тўлди: – Тахмина, жигарим, ўзингни тут. Бу гапларни қўй. Машинанг ҳам, уйинг ҳам, давлатинг ҳам ўзингга насиб этсин. Мана кўрасан, сени тез орада қўйиб юборишади.–Томоғимга тиқилган аччиқ бир нарсадан нафасим бўғилиб, юзимни Тахминадан ўгирган бўлдим. Кўзларимдан қуйилиб келаётган ёшни қандай қилиб тўхтатишни билмадим. У иккала қўли билан бетларимни мулойимгина тутиб, нигоҳимни яна ўзига қаратди. Ўзининг ҳам кўз ёшлари дув-дув бўлиб тургани ҳолда, Тахмина ўзим тутқазган дастрўмол билан энди менинг юзкўзларимни арта бошлади:

– Собир ака, кўз ёшларингизни яширинг. Эркаклар йиғламайди. Йиғини бизга чиқарган. Бахтиқаро аёллар учун…

Учинчи фасл
ТАҚДИР ЎЙИНЛАРИ

I

Ёш аёл қаршисида кутилмаган ҳол: остонада чинордек серсавлат ва виқорли Иброҳим ҳожи турарди! Буёғи қандоқ бўлди, ўғлини кутаётувдим, отаси…

Тахмина ҳожининг салобати олдида бир лаҳза каловланиб қолди. Бир қўли эшик дастагида, иккинчиси билан ҳарир нимпўши ёқаларини жуфтлаброқ олди. Бироқ шунгача бўлган ўша бир лаҳзанинг ўзиёқ Иброҳим ҳожи учун етарли бўлди. Тахминанинг сийнабандсиз дуркун кўкраклари шундоққина аён бўлиб турганига кўзи тушиб, у ҳам беихтиёр саросимада қолганди. Ё, алҳазар!

Ҳожи хижолатли нигоҳини қаерга жойлашни билолмай, оҳиста томоқ қириб олган бўлди-да, ётиғи билан:

– Узр, минг узр, – деди. – Таомилга кўра, олдинроқ телефонда рухсатингизни сўраб, кейин келишим лозим эди. Бироқ шу атрофларга йўлим тушиб қолганидан, бирров кириб қўя қолай, дебман. Бостириб келганим учун маъзур тутасиз.

Тақводор ҳожи шу тоб «маъзур тутасиз» сўзига «қизим» ёхуд «бону»ни ҳам қўшиб қўймоқчи бўлди-ю, лекин бунга ғурури йўл бермади.

– Ҳечқиси йўқ, марҳамат… – Тахмина ҳожининг олдига тушиб, уни ичкарига бошлади.

Шайтони лаъин барибир ўз ишини қилди: Тахминанинг ҳусну жамоли, ажабтовур келишган қадди-қомати-ю, саллона юришлари шу тоб ҳожининг юрагини беихтиёр гупиртириб ўтди. Ўтди-ю, шу лаҳзадаёқ ўғли Ўктамбек кўз олдига келиб, «Ўзинг кечир, Оллоҳим», – деб қўйди ичида.

Тахмина ҳожига жой кўрсатиб, ўзи ичкари хонадан эгнини бутлаб чиқди-да, кутилмаган меҳмон қаршисидаги оромкурсига оҳиста чўкди. Ҳожи фотиҳага қўл очди:

– Илоҳо, ўзи балолардан ҳамиша паноҳида асрасин. Ёшларга инсоф-у, қариларга иймон бергил. Омин, оллоҳу Акбар!

Шу дам ногоҳ ёш хонимнинг кўз олдидан бир вақтлар Фарғонада, кечаси инсофу иймондан гап сотиб, тонг саҳарда у ётган хонага оқ иштонда бостириб кириб, кейин Тахминани устига миндириб олганча «от» бўлиб йўрғалаган, охири расвои олам бўлган ўша бетавфиқ чол «лип» этиб ўтди-да, ўзини кулгидан базўр тўхтатиб қолди. Лекин синчков ҳожи Тахминанинг юзини яшнатиб ўтган ҳолни шу лаҳзадаёқ илғаб олди: «Ёшларга инсоф бергил, деганимга ичида кулди бу иймонсиз. Энди муддаони пайсалга солмай, бу наҳсхонадан тезроқ чиқиб кетиш лозим», деган хулосага келди. Бироқ гапни нимадан бошлашни чўтлолмай, бир дам имиллаб қолувдики, Тахминанинг ўзи унга кўмаклашиб юборди. – Хуш кўрдик, ҳожи ота. Нечук мени йўқлаб қолибсиз, кўзларимга ишонмаяпман…

Иброҳим ҳожи қайси бир андишага бориб, гапни узоқроқдан олди: – Бунинг ажабланадиган жойи йўқ, Тахмина бону. Тоғ тоғ билан учрашмаса ҳам одам одам билан учрашаркан. Мен ҳам бир кун келиб чекингизга тушган нохуш воқеалардан сўнг сизнинг мулоқотингизга мушарраф бўларман, деб асло ўйламагандим. Мана, не ажабки, бугун сиз билан иккинчи бор учрашиш насиб этиб турибди. Албатта, олдингисини мабодо унутмаган бўлсангиз…

– Унутганим йўқ, ҳожи ота, – Тахмина унинг қайси бир йили ресторанда берган зиёфатини эслатмоқчи бўлганини тушунди. Бироқ ҳожининг: «чекингизга тушган кўп нохуш воқеалар», дегани юрагига оғирроқ ботиб, у ҳам атайлаб уни бир «чақиб» олмоқчи бўлди: – Ўғлингиз Ўктамбек билан худди ўша ўтиришда танишувдик…

Бу гап Иброҳим ҳожининг бошига гурзидек бўлиб тушди. Тахмина унга: «Бу ерга не муддаода келганингни тушуниб турибман. Мени гўл ҳисоблама. Сен шохида юрсанг, мен баргида юраман», дегандай бўлди. Ҳожининг дарди қайта қўзғалиб, юзида сезиларли ўзгариш зоҳир бўлди. Кўзлари хиёл қисилиб, бароқ қошлари бир-бирига тортилгандек эди. Лекин сир бой бермади, дастлабки мулозамат оҳангида сўзини давом эттирди:

– Боракалло, бону, боракалло. Мен ҳозир сиз билан айнан ўша танишувнинг бугунги оқибатлари хусусида фикрлашиб олмоқчийдим. Шу чоққача беписанд ўтирган Тахминани: «Ўша танишувнинг бугунги оқибатлари» деган гап анча сергак торттирди. Юрагига нимадир санчилиб ўтди. Истиҳолали қиёфаси билан бироз илиқлик уйғотиб турган ҳожи шу дамдаёқ унинг наздида музга айланиб қолди. «Ҳа, бу одам яхши ният билан ташриф буюрмаган бу ерга, – кўнглидан ўтказди Тахмина.– Менинг жароҳатларимга туз сепмаган, менга ақл ўргатмаган сен қолувдинг ўзи…»

Зукко меҳмон ҳам уй бекаси кайфиятидаги ўзгаришни дарҳол илғади ва «бугунги оқибатлари» деган сўзни ноўрин ишлатиб, мўлжалдаги ишни қарийб бузиб қўяёзганини тушуниб қолди. Шошапиша ўзини ўнглаб олган бўлди:

– Фақат, кўнглингизга оғир олманг, қизим… Мен ҳузурингизга… мутлақо яхши ният билан кириб келганман.

Ҳожининг энди «қизим» сўзини ишлатишидан, унинг кўнглида саросимали аллақандай ҳадик кечганини Тахмина ҳам сезди. «Қани, шамол қаёққа қараб эсаркин», дея ўзини вазминроқ тутишга ундаб, гап уловини удумга бурди:

– Хўп десангиз, бир пиёла чой қуйиб берсам…

– Э, йўқ, асло овора бўлманг, – ҳожи энди енгил тортгандай бўлди. – Чойни, иншоллоҳ, бафуржа ўтириш насиб этганда ичармиз. Орага бир дам жимлик чўкди. Тахмина унга ўз фикрларини йиғиб олмоққа имкон бериш ниятида аста ўрнидан турди-да, бориб ним очиқ дераза пардаларини икки томон тугал суриб юборди. Хона ичи анча равшан тортди.

– Қулоғим сизда, ҳожи ота, – деди у яна ўз жойига келиб ўтираркан. – Ўғлингиз Ўктамбек билан танишувим оқибатлари тўғрисида эшитиш мен учун жудаям қизиқарли…

Иброҳим ҳожи ёш хоним Тахминанинг ер остида илон қимирласа сеза оладиган, бунчалар зийрак ва мушоҳадакор бўлиб чиқишини кутмаган эди. «Зуваласи пишиқ, анча пишиқ,– кўнглидан ўтказди у.–Бу аёл билан ҳисоблашиб гаплашишга тўғри келади…»

– Нима десамикин… Фақат, кўнглингизга олманг. Мени тўғри тушунинг,– вазмин сўз бошлади ҳожи.– Маълумингизким, мен ўша… сиз билган Ўктамбекнинг отасиман. У менинг яккаю ягона ўғлим бўлади. Биз уни, тўшакда михланиб ётган онаси иккимиз не-не орзуумидлар билан камолга еткурдик. Энди бугунга келиб, уни уйлайлик, ҳовлимиз келин кўрсин, невараларга тўлсин, деб турган пайтимизда… Тахмина тушуниб турипти: Сен фоҳиша, безурёд, давлатмандлар қўлида қўғирчоқ бўлиб келган бир бетайин аёл, ўғлимни тинч қўй, демоқчи! Майли, гапириб ол, бундайин хўрликларга энди дуч келишим эмас…

– Уйланишдан сўз очсак, ўзини минг нағмага солади. Ахир, мана, ўқишни ҳам тугатди, ишга ҳам жойлашиб олди, яна нимани кутайлик? Тенгқурлари аллақачон уйли-жойли, бола-чақали бўлишди. Боз устига, нокамтарликда айбламанг-у, кимсан, бутун Тошканд танийдиган Иброҳим ҳожи бўлсам! Айтишмайдими ахир, ҳожи ота бошқаларга ақл ўргатади-ю, ўзи биргина ўғлини йўлга сололмаяпти, деб?! Бир ёқда онаси омонат ётган бўлса…

Ҳожининг чайналиши Тахминанинг зардасини қўзғади.

– Тўхтанг, ҳожи ота, – чўрт кесди уни. – Шаф-шаф, демай, шафтоли деб қўя қолсангиз-чи? Асли мендан нима истайсиз ўзи?

Иброҳим ҳожи озроқ сукутга чўмди. Бу «танноз ва чўрткесар»га ўз ниятини қандай қилиб тушунтирса бўларкин? Гап нимадалигини яхши англаб туриб, ўзини жўрттага гўлликка соляпти, маккора. Наилож, имкон қадар вазминлик даркор. Ишни хамирдан қил суғургандек қилиб ҳал этмоқ лозим…

– Муддао шулки, сиз унга… – ҳожи яна қийналди. – Нима десамикин… Яқин бир дўсти сифатидами, насиҳат қилиб қўйсангиз. Ота-онангни қийнама, биронта муносибингни топиб уйлангин, десангиз…

Тахминанинг сабр косаси тўлди. Айниқса, «бирон муносибингни топиб», деган сўзлар унинг суяк-суякларигача зирқиратиб юборди. У энди юрагини эзғилаётган дарддан тезроқ халос топмоқ ниятида масала чигилини ўзи ечиб қўя қолди:

– Кўп қийналманг, ҳожи ота. Муддаонгизни англаб турибман. Бироқ, афсуски, мен ҳали одамларга насиҳат қиладиган ёшга етганимча йўқ. Бу бир. Иккинчидан, сиздек мўътабар отанинг раъйига боқмаган ўғил бегонанинг насиҳатига қулоқ солармиди?

Тахмина шундай дея ўрнидан турди. Яна дераза томон юрди. Кўзларига беихтиёр қуйилиб келган ёшни ҳожига кўрсатмаслик учун шундай қилди. Суҳбатдошига орқа ўгирган ҳолда сўзини давом эттирди: – Энди барибир. Касални яширган билан иситмаси ошкор қилади. Ҳа, биз бир-биримизни… яхши кўрамиз. Лекин хотирингиз жам бўлсин, мен ҳеч қачон унга турмушга чиқиш умидида бўлган эмасман. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Ўғлингизни ўз раъйингизга кўндиринг, унга муносиб қайлиқ топинг, тўй қилинг. Сиз агар орзуингизга етсангиз, эҳтимол…, ўша тўйга ўзим тўйбошилик қиларман.

Ҳожининг иккала елкасидан тоғ ағдарилди: «Э, хайрият. Муаммо ҳал бўлди ҳисоб! Энди, яна бир асосий нарса…» Иброҳим ҳожи шуни кўнгилдан ўтказганча, навбатдаги гап учун оғиз жуфтловдики, уни асл мақсадга энди кўчишини англаб турган Тахмина илова қилди: – Фақат мендан… бошқа ҳеч нимани илтимос қила кўрманг.

– Ақлингизга тасанно, Тахмина бону! Зукко одамнинг садағаси кетсанг арзийди, – ўз ҳаяжонини яшира олмади ҳожи. – Сиздан яна битта, фақат биттагина илтимосим қолганлигини тушуниб турганингиз мени ҳайратга солди…

Тахмина энди Иброҳим ҳожини олдига қайтиб келиб ўтирмади. Хона бурчагидаги телевизор ёнбошида турган курсига оҳиста қўндида, кейин қўлларини кўкраги узра чалиштирганча, бесаранжом ўтирган ҳожининг қиёфасига ўйчан боқиб, ўша ердан изтиробли товушда:

– Қулоғим сизда… – деб қўйди.

Иброҳим ҳожи гап мавридига мезон қидириб, ўнг қўли билан ихчам тарошланган мош-гуруч соқолини беозор титкилаганча, вазмин сўз қотди.

– Ўзингиздан қолар гап йўқ, Тахмина бону. Ночор вазият инсонни кўпроқ ўз манфаатини кўзлаб иш тутишга мажбур қилиб қўяркан. Бундай ҳолларда билиб-билмай, бегуноҳ дилларга озор етказиб қўйиш ҳеч гапмас, албатта. Мен шунисидан қўрқаман, иймонимга путур етмасин, дейман. Бироқ бизнинг оиламиз бошига тушган аламли жумбоқни қай йўл билан бўлмасин ечмоқ зиммамда турибди. Сиз буни тўғри тушунишингиз лозим. Мен айтмоқчи бўлаётган таклифдан зинҳор дилингиз оғримасин…

– Сиз мени Тошкентдан кўчириб юбормоқчимисиз? – уни чўрт кесди Тахмина, энди бирмунча дағалроқ оҳангда.

Иброҳим ҳожи ўз фикрига ойдинлик киритишга шошди:

– Унчалик эмас, Тахмина бону. Иккинчидан, сизни бу ердан кўчириб юбориш ваколати йўқ менда. Мабодо зўравонлик йўли биланми, деган хаёлга боргудек бўлсангиз, бу борада хотирингиз жам бўлсин, камина бутун умрини эзгуликка бағишлаган одамман.

– Ҳожи ота, ўзингизни танитишга не ҳожат? – гапни бўлди уй бекаси. – Мен сизни яхши биламан ва ҳурмат қиламан. Энди гап ҳозир сиз айтаётган зўравонликка тақалгудек бўлса, бу ўринда асло қўрқадиган жойим йўқ. Менинг зувалам зўравонликлар заҳри билан омухта бўлиб кетган. Яхшиси, гапнинг индаллосини айтинг-да қўйинг. Иброҳим ҳожи бу ёш аёл сулувликда қанчалик мукаммал бўлса, унинг фикру мушоҳадаси ва ҳаётга, одамларга нисбатан муносабатида ҳам шу қадар теранлик ва чўрткесарлик борлигига чуқур ишонч ҳосил қилди. Демак, андишага изн беришнинг ҳожати йўқ, муддаога дадил кўчмоқ мумкин.

– Тўғри, бу шаҳарда бошингизга тушган савдоларни унутмоқ учун Тошкандан кўчиб кетмоқ истагингиз бўлса, мен сизга ҳар қандай ёрдамимни аямайман. Хоҳлаган шаҳрингизда худди шу ердагидек шароитни яратиб беришим мумкин. Ҳеч бир бадалсиз, албатта…

Тахмина ҳожининг ташрифидан айнан кутган ҳол сув бетига қалқиб чиққанидан лаб тишлаб ўтирарди. «Хоҳлаган шаҳрингизда худди шу ердагидек шароитни… Ҳеч бир бадалсиз…»– бу сўзлар унинг қулоғи остида қайта-қайта акс-садо бергандек бўлди. «Қанчалар безбетлик, қанчалар пасткашлик! Э худо, қачонгача одамлар аёл қалбини бунчалик топтайдилар?! Қачонгача аллақандай «илиқ шароитларни», «бадалсиз хизматларни», молу дунёни аёллик шаънидан, ғуруридан, муҳаббатидан устун қўядилар?! Қачонгача бу ҳўл балолар менга соядек эргашади? Менинг энг сўнгги умидларим, нурли чироқларим пойига қачонгача болта урадилар?!

Не-не туҳматлар балосидан худо асраб, эндигина рўшноликка чиққан Акмалимни-ку бир ҳафтадаёқ бошига етишди. Бу ёруғ дунёга келиб топган жиндеккина нажот оловимни ҳам сўндирдилар, жиндеккина орттирган тотли хотираларим шарбатига оғу солдилар. Энди-чи? Энг сўнгги, яккаю ягона кўз қорачиғимни ҳам юлиб олмоқчилар. Мени севадиган, менинг ўйларим, ташвишларим билан яшайдиган бирдан-бир дўстим, дардкашимдан, таянчимдан ҳам жудо қилмоқчилар!»

Иброҳим ҳожи уй бекасининг юзида зоҳир бўлган жиддий ўзгаришдан саросимага тушди. Апил-тапил гап оҳангини пастлатмоқчи бўлди:

– Албатта, кўнглингизда мабодо шундай истак бўлса, демоқчиман. – Кўнглимда шундай истак бўлмаса-чи? – ўсмоқчилаб сўради Тахмина.

– Нима десамикин… Аввало, Ўктамбек билан ўрталарингда бўлиб ўтган муносабатларни бундан кейин эсламай қўя қоламиз, майли, – гапни яна узоқроқдан олди ҳожи. – Ва албатта, тўйбошилик ваколатини бажонидил сизнинг зиммангизда қолдираман. Фақат, ягона илтимосим шуки, ҳеч бўлмаса биз Ўктамбекка қайлиқ топиб, тўй тадорикини кўриб бўлгунимизча сиз Тошканддан сал четроқда тура турсангиз…

Тахмина беихтиёр ўрнидан турди. Ҳалигина ҳожига: «Биз Ўктамбек икковимиз бир-биримизни севамиз», – деган сўзларига пушаймон эди. Иброҳим ҳожидек ақли солим, фузало, тақводор инсоннинг булар ўртасидаги оловли туйғуларга нисбатан бунчалик совуқ муносабати ва боз устига, Тахминани менсимаган ҳолда, уни Тошкентдан чиқиб кетишга ундаётгани жудаям аламли эди, албатта. Демак, бу одам билан гаплашиб ўтиришга ортиқча ҳожат йўқ.

– Ҳожи ота, сиздан бир-икки жиҳатни эътиборга олиб қўйишингизни истардим, – деди у сезиларли қалтироқ овозда.– Аввало, «бадалсиз кўмак» кўрсатиш таклифингиз хусусида. Ҳайронман, наҳотки сиз мени кўчада қолган бир нотавон аёл, деб ҳисоблаётган бўлсангиз?! Худога шукрки, аҳволим сиз ўйлаганчалик эмас, давлатим ўзим учун етиб ортарлидир. Қолаверса, молу дунё ҳали ҳеч кимга вафо қилмаган. Ҳали ҳеч ким уни бу дунёдан ўзи билан бирга орқалаб кетмаган. Буниси мендан кўра кўпроқ сизга аёндир, шундай эмасми?

Иброҳим ҳожи чиндан ҳам ўзини беписанд баҳолаб турган шу ёш аёл олдида энди мағлуб бўла бошлаганини ҳис этишдан чўчиб қолди. У Тахминанинг гапларини пешма-пеш фикр ғалвиридан ўтказиш ва унга ўз ўрнида керакли жавоб қайтариб, бу мулоқотдан ғолиб чиқиб кетиш йўлларини қидириб, саросимага туша бошлади.

– Фикрингизга қўшиламан, Тахмина бону, – шошилиброқ жавоб қайтарди ҳожи.– Чиндан ҳам молу дунёни ҳеч ким ўзи билан бирга нариги дунёга кўтариб кетмайди. Бироқ, ҳозир гап бу тўғрида бораётгани йўқ…

– Кечирасиз, гап айнан шу хусусга боғлиқ бўлиб турипти,– сўзида давом этди Тахмина. – Сиз ўз молу дунёнгиздан кибрланиб, менга ўзингизча аллақандай марҳаматлар кўрсатмоқчисиз. Шу йўл билан шахсий ҳаётимга, инсонийлик шаънимга, ғуруримга дахл қиляпсиз. Мени хўрлаяпсиз, ҳақорат қиляпсиз!

– Ё раб, ноҳақ маломатлардан ўзинг асра! – ёқа ушлади ҳожи. – Бундай фикрлар менинг хаёлимда ҳам йўқ, Тахмина бону.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации