Текст книги "Тахмина"
Автор книги: Солих Каххор
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 21 (всего у книги 34 страниц)
III
Мумтоздан кейинги вақтлар Тахмина учун янаям азоблироқ кечмоқда эди. Инсон учун ўз ёғига ўзи қовурилиб яшашдан ҳам оғирроқ, аччиқроқ, ситамлироқ азоб йўқ экан. Бутун умрини фақат ўз ҳузур-ҳаловати учун тиккан ва бу йўлда не-не қабиҳликлардан тоймаган, бир пайтлар «мистер Дони» қўлида аёвсиз эзғиланган ва хўрланган қонталаш юракни яна бир карра кабоб ўтига тутган Мумтоз ит қавмида ўлдикетди. Тўғри, у жисмонан интиҳо топди, аслида-чи? Тахминанинг назарида Мумтоз ҳамон тирик, у ҳеч қачон ўлмайди. Фақат Тахмина билан биргагина ер қаърига сингиб кетиши мумкин.
У пайтлар анча ёш эканми, Дони етказган жароҳатларни енгилроқ «ҳазм» қилганди. Бироқ Мумтоз унинг бошига ҳал қилувчи гурзи бўлиб тушди. Ана, у Тахминанинг қаршисида иршайиб, тиржайиб турибди! Девоналарча қаҳ-қаҳ уриб кулади. «Мен ўз ўлимимдан ачинмайман! Чунки мен беназир гўзаллик устидан ғолиб келиб яшадим, тўпори ёшлик ғунчалари кўксидан истаганча бол сўриб ўтдим! Билиб қўй, эркак зоти учун бу дунёдан олиб кетадиган бирдан-бир неъмат шунинг ўзидир. Сен мени ҳар гал эслаб қақшаганингда, кимнингдир ишқида узоқ тунларни бедор ўтказиб тўлғонганингда, суюкли одаминг билан висол онлари етишган энг бахтиёр чоғларингда ҳам, барибир, мен бир лаҳзага кўз олдингдан «лип» этиб ўтаман. Менга шунинг ўзи кифоядир. Мен сенларнинг қарғишларингда бўлса-да, яна узоқ йиллар яшаб қолавераман!» – деяётгандай эди.
Тахмина уни ўша фожиали тунда ўз қўли билан бўғизлаб ўлдирганда, эҳтимол, бунчалик алам қилмаган ва жизғанак кўкси оз-моз малҳам топгандек, ундан кейинги умри ҳар қанча азоб-уқубатларга дуч келган тақдирда ҳам, ҳарҳолда разолат устидан ғолиблик ҳисси билан яшаб ўтган бўларди. Лекин у бунга улгурмади, улоқ Санжарнинг қўлида кетди…
Кейинги пайтлар, айниқса, Тахминанинг уйига ҳам, ишхонасига ҳам «ҳол-аҳвол» сўраб тасодифан ташриф буюрувчи ёхуд қўнғироқ қилувчилар сони тобора кўпайиб бормоқда эди. Улар, асосан, марҳум Мумтоз даврасидаги ишратпараст амалдорлар, соҳибжамол Тахминанинг висолига етиш орзусида кўпдан бери гирдикапалак бўлиб юрган таниш-нотаниш бойваччалардан иборат эди. «Мумтоз» сўзини талаффуз этиш биланоқ ёш хонимнинг ғазабини қўзғаб қўйиш мумкинлигини яхши билганлари ҳолда, улар бу номни асло тилга олмасдан, фақат «самимий» руҳда ўзларини унга дўст сифатида изҳор этишар ва ҳар қандай хизматга шай эканликларини айтишиб, Тахминани кўнгилочар ўтиришларга кетма-кет таклиф қилишар эди. Бироқ ёш хоним бу илтифотлар замирида нималар ётганини яхши тушунар ва одоб юзасидан сохта миннатдорчилик билдириб, барча таклифларни орқага суриб қўя қоларди.
Маълумки, Мумтоз билан боғлиқ кечган даврида ҳам Тахмина ўз умрини кўпинча танҳоликда ўтказар, Мумтоз уйда бўладими-йўқми, бунисига мутлақо бепарво эди. Аксинча, у пайтлардаги танҳоликнинг асло юки йўқ ва ўзи билан ўзи бўлиб ўтказувчи вақтларининг аллақандай тотли нашъаси, энг ширин орзу-ўйлар билан пайванд дилда қулф урувчи малоҳат сурурлари бўларди. Энди-чи? Эндиги ёлғизликнинг ҳар бир онида, ҳар бир одимида батамом топталган, беаёв хўрланган гулдек умри учун изтиробнинг заҳарли нишлари қонталаш юрагига, бемажол товонларига мих бўлиб қоқилади. Бир вақтлар ўз ҳаётини қурбон қилиб бўлса-да, Донидан шафқатсиз ўч олиб тинган ойиси Хуршидачалик бўлолмаганлиги, Мумтознинг Тахмина устидан ҳам «мағрур кулиб турганлиги» ва боз устига, ана шу касофат кошонасида юрагининг қуввати бўлмиш шўрлик Акмалнинг сирли тарзда нобуд бўлиши жудаям алам қиларди.
Илгарилари заргарлик дўконидаги олди-сотди ишларини, асосан, Натальяга ташлаб қўйиб, ўзи эркин яшаб ўрганган Тахмина энди кўпроқ вақтини ишхонасида ўтказади. Вужудини ёндириб, кемириб келаётган ситамли аламлардан, изтироб тўлғоқларидан ўзини бироз бўлса-да чалғитишга ҳаракат қилади. Кеч кириб борган сайин эса яна уйига, ёлғизлик комига, уйқусиз ва дардкаш тун қўйнига қайтишни ўйлаб таҳликага тушади. Тўғри, Зилола «тез ёрдам»даги навбатчиликдан ҳоли кунлари уникига тез-тез келиб туради, кўпинча Тахминаникида тунаб ҳам қолади. Икковлари бирга ўтказган кечалар ҳарҳолда оғриқсиз ва сокин, баъзида хушвақт кечади. Зилола ҳали ёш бўлишига қарамай, уни овутиш, совутиш, ўтган ишлар изтиробидан уни чалғитишга, ўртадаги гап мавзуларини Тахминанинг хаёлида йўқ қизиқ-қизиқ тафсилотларга буриб, уни кулдиришга ҳаракат қилади. Қизи тушмагурнинг кечаги ўйлаб топган ҳангомасини қаранг: иш вақти тугаган бўлса-да, Тахмина дўкон ёпилишини пайсалга солиб, қабулхонасидаги оромкурсисида кўзларини юмганча хаёл суриб ўтирарди. Ногоҳ телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарса, Зилола! «Тахмина опа, сизникидаман. Ҳали умрингизда емаган таом тайёрлаб қўйдим. Хоразмдан бир раққоса хонимни олиб келдим. Дунёдаги жамики ўйинларни биларкан. Мусиқа бўлмаган жойда ҳатто тракторнинг овозигаям ўйнаб кетавераркан. Тезда етиб келинг!» – деб қолди. Руҳи енгил тортган Тахмина уйига қушдай учиб борди. Зилола билан гўё анча вақтдан бери кўришмагандай, уни бағрига босиб, ўпишиб-ўпишиб кўришди. «Яхшиям сен бор экансан, Зилол. Сени кўрсам, ҳамма ташвишларим тутдай тўкилиб кетади!» – дея у билан қўлтиқлашиб ичкарига ўтишди.
– Айтмоқчи, меҳмонинг қани? – сўради Тахмина.
– Сиз, опа, бамайлихотир кийимларингизни алмаштириб, дастурхонга марҳамат қилинг. Раққоса аямиз бир зумга ташқарига чиқиб кетдилар, ҳозир кириб келадилар.
Кейин маълум бўлишича, «хоразмлик раққоса хоним» рўпарада яшовчи қўшниси Дуся кампир экан. Зилола тушмагур унга вино ичириб қўйиб, кейин атлас кўйлак-лозим кийдирипти, бошига қирқкокил улама соч қўндирипти, юз-кўзларига пардоз бериб, бинойидек нозанин қилиб қўйибди. Ширакайф кампир қиқир-қиқир кулганича, ўзини юз мақомга солиб, «Омон ёр»-у, «Танавор»ларга роса ўйнаб берди. «Сен ажабланма, Тахминочка. Мен ёшлигимда раққоса бўлганман. Тамарахоним, Ҳалима хоним, Мукаррама хонимлар билан бирга катта Фарғона канали қурувчиларига концерт бериб, Йўлдош отанинг совринини олганман! Манави атлас кийимлар-у, улама сочларни сандиғимда асраб келаман», – дея Тахминани ҳайратга солди. Учовлон шу кеч алламаҳалгача яйраб ўтиришди, Тахминанинг бошидаги рутубатлар булути анча тарқалгандек бўлди.
Бу хонадон, айниқса, Ўктамбек ташрифи билан жудаям чароғон бўлиб кетади. Фақат ҳордиқ кунлари, кундузи, икки-уч соатгагина… Суюкли кишиси билан кечадиган ана шу соатларни Тахмина ҳафта давомида орзиқиб кутади. Кейин байрам бўлиб кетади. Ёш хоним унинг оғушида ҳамма-ҳамма нарсани унутади, унутишга ҳаракат қилади. Икковлари муҳаббат сели билан қоришган висол дамларида ўзларини дунёдаги энг бахтли инсонлардек ҳис этишади. Кейинроқ эса… гап айланиб бориб, ўртадаги муҳаббатнинг қисмати не кечишига бориб тақалганида, орага юракларни увуштирувчи аллақандай совуқ бир хомушлик чўкиб қолади. Тахмина Ўктамбекнинг кўзларига интиқлик билан боқади, ундан ниманидир кутади. Бироқ йигит ўша «ниманидир» журъат билан айтолмайди, бундай ҳолларда ожиз ва ночор бандалардек кўзларини гуноҳкорона ерга қадайди, холос.
Мана, ҳозир ҳам Тахмина Ўктамбек билан ўзи ўртасидаги муҳаббат савдолари устида ўй суриб ўтираркан, бу гал нечундир одатдагидек эҳтиросли ҳаяжонларга, ширин-ширин орзу-ниятлари мақомига тушолмади. Аксинча, кўнглининг бир чеккасида қачонлардан буён тош қотиб келаётган бир қора тугун ўрнидан қўзғалгандек ва кўксига аччиқ зардоб селини югуртиргандек туюлди.
Биз бир-биримизни севамиз… Биз бир-биримизсиз яшай олмаймиз… Шундай экан, нега энди мен Иброҳим ҳожига: «Хотирингиз жам бўлсин. Мен ҳеч қачон ўғлингизга хотин бўлиш ниятини қилган эмасман. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади», – дедим? Ўктамбек мени севсин-у, лекин у ота-онасининг раъйи билан бошқага уйланиб яшайверсин. Мен уни севайин-у, лекин бошқага турмушга чиқиб кетиб яшайверай. У ўз хотини билан, мен ўз эрим билан умр кечира туриб, аслида у бировнинг хотини билан, мен эса бировнинг эри билан хаёлан яшаб ўтарканмиз. Шунақаси ҳам бўладими? Бўлган тақдирда ҳам бир дунё армон билан ўтасан. Ундай ҳаётнинг нима қизиғи бор…
Тахмина ана шулар ҳақида фикрларкан, Ўктамбек билан ўзи ўртасидаги муҳаббат ришталари ҳали пишиб қиёмига етмаганини илк бор ҳис этди. Бир вақтлар Акмал билан кечган муносабатлари ҳам шу боис аросатда қолиб кетганлигини чуқурроқ англаб етди. Энди нима қилиши керак, қандай йўл тутиши керак? Ўктамбек қачонгача икки ўт орасида қовурилиб юраверади? Қачонгача мен одамлар кўз олдида бетайинлик иснодини кўтариб юравераман?..
Ёнгинасидаги магнитофондан Тахминанинг жуда суйиб, ёзув тасмасини доимо ёнида олиб юрувчи фарғоналик эстрада юлдузи Лоланинг ашуласи эҳтиросли оҳангларда юракдаги ҳасратларни кўпиртириб янграйди:
Мен сени севаман деганинг билан,
Муҳаббат ғунчаси очилиб қолмас.
Вафодан сўз очиб, елганинг билан,
Ишқ гулин ифори сочилиб қолмас.
Севгининг риштаси юракка пайванд,
Оллоҳдан нур олган тилакка пайванд.
Ёр ишқи кўйида жон нисор этиб,
Заҳматга дош берган билакка пайванд.
Сен мени узмоққа, шошилма йигит,
Чўққилар устида ёнган Лоламан.
Севгимни қозониш насиб этмаса,
Қалбингда тош қотган мангу ноламан.
Ўша куни Иброҳим ҳожидан сўнг Тахминага эргашиб, Ўктамбек жимгина ичкарига кирди. Отаси бу ерга нима мақсадда ташриф буюрганини тушуниб турган бўлса-да, Тахмина билан ўрталарида вазиятни кескинлаштирувчи бирон-бир гап-сўз ўтмадимикин, маҳбубамнинг дилига озор етиб қолмадимикин, деган ҳадикда юраги така-пука эди. Бироқ: «Нима гап ўзи?»– деб сўролмади, бир дам каловланиб қолди-да, кейин базўр: «Ҳаммаси яхши бўлади…», – дея олди, холос.
Тахмина уни тушуниб турарди. Ўктамбек бу ўринда нима ҳам қила олсин? Нима ҳам дея олсин? Тақводор отанинг ҳақли талаблари олдида бош эгишдан бошқа чораси бормикан? Демак… Қандай даҳшат! Биз ҳали сароб дарёсида чўмилиб юрибмиз… Мени олдинда яна дўзах азоблари кутиб турибди…
Ана шу ситамли хулоса чиғириғига тушиб қолган Тахмина ҳолсизланиб, йиқилишдан чўчиб, саросима билан ўзини йигитнинг оғушига ташлади. Ўктамбек унинг қўнғироқ қуюқ сочларини, титрабқақшаб турган елкаларини асабийланиб сийпаларкан, томоғига аччиқ бир алам тиқилди, кўзларига ғилт-ғилт ёш келди.
– Хафа қилдимми?..
Тахмина унинг кўксидан бош кўтармади. Чамаси энди кўз ёшларидан фориғ бўлиш, ўзини бироз қўлга олиш мақсадида яна бир дам жим турди-да, кейин Ўктамбекдан беозор бўшалиб: «Йўқ…» – деб қўя қолди, холос. Улар ўша куни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ вақтни бирга ўтказишди. Бироқ иккаласи ҳам на Иброҳим ҳожининг бу ерга ташрифидан, на бу ерда бўлиб ўтган мулоқотдан, на ўзларининг ишқий муносабатлари қисматидан бошқа «чурқ» этиб оғиз очишмади. Бир-бирига ташна ва интиқ икки куюк дил висол дамларини бу ёруғ олам ташвишларидан батамом холис эҳтирослар оғушида ўтказди.
Фақат хайрлашув чоғидагина Тахмина минг бир азоб билан бўлсада, омонат гапни ўз эгасига топширишга мажбур бўлди:
– Дадангиз менга… Сиз Ўктамбекнинг яқин кишиси сифатида насиҳат қилинг, бирон муносибини топиб уйлансин, деб тайинлаб кетдилар. Хафа бўлманг, бу омонат гап.
Ўктамбек кутилмаган бу гапдан аввалига титраб кетди. Бир зум кўзларини юмганича ўйланиб қолди-да, кейин нечундир ҳазилона оҳангда жавоб қилди:
– Омонат гап ўз номи билан омонат…
Тахмина ана шу ўй-хаёллар оғушида руҳан эзилиб ўтираркан, ногоҳ қаршисида пайдо бўлган ҳайдовчи йигит Ҳаёт унинг фикрини бузди: – Мен келдим…
Тахмина хиёл бошини кўтариб, унга бир зум тикилиб қолди-да, кейин тўсатдан чеҳраси очилиб, кулимсираб сўради:
– Янгисидан борми?
– Бор. Онаси ўпмаганидан.
– Қани айт. Аввал берироқ кел, ошна, ёнимга ўтир.
Йигит Тахминанинг ёнгинасидаги курсига келиб қўнаркан, унинг ҳам кўзлари яшнаб, руҳиятида аллақандай сурурли чўғ ёлқинланиб турганидан ёш хонимнинг кўнгли янаям ёришиб кетди.
– Турмуш қуришганига қирқ йил тўлган эр-хотин ўзларининг олтин тўйларини ўтказишяпти, – берилиб гап бошлади Ҳаёт, – шунда эр хотинидан сўраяпти:
– Фариштагинам Сара, бугун фақат рост гапирадиган ва кечирадиган кунимиз. Қирқ йиллик турмушимиз давомида менга хиёнат қилган жойинг борми?
– Ҳа, уч марта.
– Хўш, биринчи сафар қачон?
– Эсингдадир, сенга бир вақтлар банкдан ҳеч ким кредит беришни истамаганди. Ўшандан кейин… банк бошлиғи имзо чекиб, қўлингга шахсан ўзи чек ёзиб берувди…
– Раҳмат, азизам. Иккинчи сафар-чи?
– Бир вақтлар оғир бетоб бўлиб қолганингда, сени операция қилишга ҳеч ким кўнмовди. Шундан кейин… бош врачнинг шахсан ўзи қўлига жарроҳлик тиғини олувди…
– Раҳмат. Сен мени ўлимдан сақлаб қолган экансан. Учинчи сафар-чи?
– Эсингдами,– дермиш хотин,– ўзимизнинг округдан депутатликка номзодингни қўйганингда, қирқ тўққизта овоз етмай қолувди…
Тахминанинг жарангли кулгисидан гўё анчадан бери тоза ҳаво кўрмай бўғилиб турган хона ичи бирдан кенгайиб, ёришиб, яшнаб кетгандай бўлди. Ҳаёт ҳам бундан беҳад қувониб, Тахминага шодон боқиб турарди. – Яна, Ҳаёт. Яна битта!
– Ҳозирча шу. Ҳали яна топиб келаман.
Ёши ўттизларга бориб-бормаган, хушсурат, полвон келбатли, гапгаям, ишгаям анча абжир бу йигитни Тахминага худонинг ўзи етказди. Фақат марҳум Мумтознинг ҳайдовчиси бунга сабабчи бўлди.
…Бундан икки ойлар бурун Тахминанинг ҳузурига хўжайини ўлимидан кейин жим бўлиб кетган Алим ака кириб келди. Ёши бир жойга бориб қолган, табиатан «оғир тош», итоаткор, кўзлари одамга мунгли боқиб турувчи, софдил ва садоқатли бу инсонни ёш бека ҳамиша ҳурмат қилиб келарди.
Тахмина уни яхши қарши олди, ҳол-аҳвол сўради. «Ишдан қолиб, мабодо зерикаётган бўлсангиз, эртагаёқ ўзимга келинг, менга шофёр керак», деди. Лекин Алим ака ниманидир айтишдан ийманиб, бир дам сукут қилиб олди-да, кейин базўр ёрилди:
– Ман Тошкандан кетвопман…
– Қаерга? Билсам майлими?
– Она юртим Қримга. Бу ерда эллик йил яшадим, бас…
– Тамоман кўчибми?
– Болалар қолишвотти. Кўнишмади. Энг каттаси Қримда. Ўшаникига… кампирим билан. Қариб қолдик. Ўша ёқда ўлсак, дейман… – Тушунарли. Начора…
– Хўжайиннинг «Мерседес»и манда турипти. Болалари келишди, бермадим. Машина мани номимда. Уни сизга илиндим. Олиб қолинг, хоним.
Тахмина Алим аканинг бу илтифотидан эмас, балки шундай олийжаноб ва покдил яқин кишиси билан бир умрга хайрлашишга тўғри келаётганидан ўкинди.
– Алим ота, машинани бермай яхши қилибсиз, – деди у беихтиёр кўзлари ёшланиб, – лекин менга унинг кераги йўқ. Сиз уни сотиб кетинг. Чол-кампир икковларингга ҳали пул жудаям асқотади…
Алим ака бу таклифга ҳарчанд қаршилик кўрсатса-да, Тахмина ўз сўзида туриб олди. Ниҳоят у ёш бекага миннатдорчилик билдириб, илова қилди:
– Агар хонимга ҳайдовчи керак бўлса… Бир қўшним бор. Камбағал йигит, лекин тилло. Автобус ҳайдар эди, энди иш йўқ....
Тахмина унга жавобан: «Агар сиз уни менга муносиб деб билсангиз, майли келсин»,–деди. Шундай қилиб, унинг ҳаётига… Ҳаёт кириб келди. Юқорида айтганимиздек, Ҳаёт анча хушчақчақ, соддадил бўлишига қарамай, мағрур ва фаросатли, ғурурли, мабодо нафсониятига бироз тегиб қўйгудек бўлсангиз, унча-мунчага кечириб қўядиганлар тоифасидан эмас эди. Бундайларни, одатда, яхшиларга ва яхшиликларга арзанда, ёмонларга ва ёмонликларга кушанда, дейишади.
Ҳаёт тез орада Тахмина учун машина ҳайдовчиси эмас, балки уни ҳар хил бало-қазолардан қўриқловчи, ташвишу қувончларда елкадош, содиқ дўстига айланди. Бироқ шундай бўлса-да, ҳамма нарса ўз меъёридан чиқмас, улар ўзаро муносабатларда бирбирларининг иззат-нафсига тегиб кетмасликка ҳаракат қилишарди.
Яна бир қизиқ жиҳати шунда эдики, улар бир-бирларини биринчи кунданоқ сенсирай бошладилар. Тахминанинг ҳузурига келиб, ишга қабул қилинган пайтидаёқ Ҳаёт унга: «Битта шартим бор», деб қолди. – Бу ерда шартни мен қўярдим,–ажабланди Тахмина.–Қани, гапир.
– Умримда аёл зотини сизламаганман. Ҳатто онамниям сенлайман. Тахмина бир дам ўй суриб қолди: «Ғалати йигит-ку… Лекин дангал, тўғрисўз кўринади. Хушомадгўйдан худо ўзи асрасин».
– Бўпти, сен ҳам ўзимдан экансан. Мен ҳам эркакларни сизлашдан безорман. Оиланг борми?
– Йўқ, менга ҳеч ким тегмайди.
– Нега? – ҳайратланиб сўради Тахмина. – Нима, бирон касалпасалинг борми?
Ҳаёт томоқ қириб, сохта йўталиб олди.
– Йўқ, отдекман.
– Отдек бўлсанг, нега ҳеч ким тегмас экан?
– Нима десамикин… Аёллар ожизлик меваларидир. Мен ана шу ожиза бандаларга ялинишни, хушомад қилишни ёқтирмайдиган бўлиб туғилганман.
– Унда… нега исмингни Ҳаёт қўйишган? – нишонга урди Тахмина. – Ҳаёт фақат кучлилар билан барқарор…
Тахмина бир дам ўйланиб қолди: «Чакки эмас. Бу йигитдан кўп нарса топса бўлади…»
– Анча доно кўринасан-у, лекин оддий нарсага ақлинг етмапти. Оила қуриш – кимгадир ялиниб яшаш эмас.
– Барибир. Кимнингдир олдида тиз чўкасан, унга сиғинасан, қўлини сўраб, ялиниб-ёлворасан.
– Сен ҳеч кимга ялиниб-ёлворма. Биттасини билагидан маҳкам тутгин-да, уйингга олиб кетавер. Билмасанг,билиб қўй: аёллар ҳамиша дангал ва зўр эркаклар олдида бош эгадилар, – Тахминага йигитнинг ажабтовур табиати анча хуш келди ва шу пайт кутилмаганда эски қувлиги тутиб қолди:
– Мабодо… Мен тегсам оласанми?
Ҳаёт унинг ҳазиллашаётганини сезиб турган бўлса-да, жўрттага жиддий қиёфада жавоб қайтарди:
– Йўқ… Сен жудаям чиройли экансан. Чиройлидан яхши хотин чиқмайди.
– Ия, нега чиқмас экан?
– Чиройлилар кўпники… Ҳеч бўлмаганда, чиройлидан кўплар умидвор…
Тахмина ўз ҳазилининг таги бунчалик зил чиқишини кутмаган эди. У ич-ичидан эзилди, бироқ буни юзига чиқармади. Ҳарҳолда, йигитни ҳам ўз ўрнида бир эзиб қўйиш ниятида сохта жилмайиб деди:
– Чиройлилар кўчада қолган эмас…
Албатта, фаросатли йигит гарчи ҳазил тариқасида айтилган бўлсада, ўз гапининг ўринсиз чиққанлиги ва чиндан ҳам гўзал хонимнинг дилига озор етказиб қўйганини сезиб қолиб, гуноҳини дарҳол андавалади:
– Тўғри айтасан, сендақалар жудаям кам. Биздақалар дунёни бургадек босиб кетган!
Икковиям бараварига кулиб юборишди. Тахмина билан Ҳаёт не ажабки, шундай қилиб камдан-кам учрайдиган ҳол– бир кўришдаёқ қадрдонлардек иноқлашиб олишганди.
…Ҳаётнинг латифасидан кейин кўнгли енгил тортган Тахмина унга миннатдор боқиб қўйди-да, кейин уни ичкарига чақиришдан кўзлаган мақсадига кўчди:
– Сожидадан хат олдим. Яқин орада қутилиб чиқишига умид бормиш. Республика Бош прокурорига арзнома ёзган экан, жавоб олипти. Ишини қайтадан кўриб чиқишармиш.
– Хайрият, – унинг сўзини бўлди Ҳаёт. Ўтган ой Тахмина билан биргаликда Даштиёр деган жойдаги аёллар қамоқҳонасига бориб келиб, ўшандан бери ноҳақ қамалиб кетган Сожидага ачиниб юрган йигит чиндан ҳам қувонди.– Барибир ҳақиқат юзага чиқади!
– Энди гап бундай: Сожиданинг саломатлиги чатоқроқ, – гапида давом этди Тахмина ва стол устида турган бир варақ қоғозни олиб Ҳаётга узатди: – Мана шу кўрсатилган емишлик ва дори-дармонларни тайёрлаб қўй. Шанба куни Даштиёрга ташлаб келасан. Сени ўзинг билган капитан Равшанбек Сотволдиев кутиб олади. Мен унга қўнғироқ қилиб қўяман.
Ҳаёт қоғозга бирров кўз югуртириб оларкан: «Хўп бўлади хоним. Фақат шанба куни эмас…», деди.
– Нега энди? – ажабланди Тахмина.
– Шанба куни… зиёфат бермоқчиман. Ўзинг ҳам ўтарсан ахир? Ногоҳ Тахмина кечагина Ҳаётнинг ўзи унга: «Фалон куни тадбирим бор, бизникига борасан», деганини эслади. Бу тадбир унинг туғилган куни муносабати билан белгиланган эди.
– Эсим қурсин… – ёш хонимнинг юзи бўғриқди. – Гап йўқ. Бу ташвишдан холисан. Даштиёрга бошқани жўнатаман.
Шундан сўнг Ҳаёт: «Мен чиқаверайми?» – деган маънода ўрнидан қўзғалган бўлувди ҳамки, Тахмина: «Шошма», деди. Йигитнинг юзига нечукдир бир дам ўйчан боқиб туриб, вазмин сўз қотди:
– Сен дўстимсан, Ҳаёт. Мени тўғри тушунасан. Сендан бир нимани сўрайман, айбга буюрма.
Йигит Тахминага ажабланиб боқди:
– Қулоғим сенда…
Ёш хоним яна бир дам хаёлга толди-да, муддаога кўчди:
– Умрингда… бу ёруғ дунёга сиғмай қолган пайтларинг бўлганми, Ҳаёт?
Йигит ўтирган курсисига чўкиброқ қолди. Кутилмаган савол уни бир қадар ҳайратга солганди.
– Тушунмадим… Тинчликми ўзи?
– Мен сендан саволимга жавоб кутяпман.
Ҳозиргина жўшиб турган Ҳаётнинг хушнуд чеҳрасига хомушлик соя солди.
– Нима десамикин… Шундай ҳол ҳаётимда бир марта рўй берган… Орага бир дам жимлик чўкди.
– Истасанг, айтиб бер. Истамасанг, айтмай қўявер, – Тахминанинг асл муддаоси, инсон мутлақ ночор аҳволга тушиб, ёруғ дунёга сиғмай қолар пайтлари нима қилиши керак, деган саволга жавоб олишдангина иборат эди. Шу боисдан ҳам ҳозир Ҳаётнинг бошидан кечирган энг оғир дамларини яна бир карра хотирлашга қайтаришни истамасди. Бироқ йигит «ҳаётида бир марта рўй берган» ўша воқеани айтиб беришга жазм этди:
– Мени… ўн тўққиз ёшимда қўшни қишлоқлик Муниса исмли қизга унаштиришди.
Тахмина учун Ҳаётнинг «уйланган» бўлиб чиқиши янгилик эканлигидан, у йигитга ҳайрат билан тикилиб қолди.
– Чиройли, одобли, босиқ-вазмин келин чиқди, – сўзида давом этди Ҳаёт. – Тўйгача шундоқ бир юз кўришиб, бир-биримизнинг кўнглимизга қўл солиб улгурмаган бўлсак-да, аҳил, иноқлик билан яшаб кетдик. Фақат… Мунисанинг табиатидаги айрим хислатлар мени ажаблантирар, бундан ҳатто баъзан юрагимда аллақандай шубҳа уйғониб турарди. Негаки, анча камгап, паришонхотирлиги устига сал нарсага кўзидан дувиллаб ёш оқаверарди унинг. Ҳа, Мунисанинг пинҳона хўрсиниб қўйишларини, ҳовлимиздаги гулзор четида узоқ-узоқ ўйга толиб ўтиришларини неча-неча марта кўрганман. Лекин мен буларнинг ҳаммасини оддий ҳолга йўйиб: «Ёш нарса, уйимизга кўникиши қийин кечяпти», деб юраверибман. Бироқ, орадан уч ой вақт ўтиб, бир куни… Муниса мендан жавобини беришимни сўраб қолди. Аллақаерда яшовчи, икки кўзи ҳам ожиз бир муғанний йигитни яхши кўрар экан. «Мени кечиринг, усиз яшолмийман. Мен энди ота-онамникига эмас, тўғри ўшаникига бораман», деди. Жаҳл устида жавобини бердим. Бор бисотимизни машинага юклаб, айтган жойига жўнатиб юбордим. Шундай қилиб, Мунисани қўйишга қўйиб юбордим-у, аммо… аёл кишидан топганим бу иснодга, ҳақоратга, вафосизликка чидолмай, ёруғ дунёга сиғмай қолдим. Аслида ҳамма алам шунда эдики, мен уни чиндан ҳам севиб қолган эканман. Мунисасиз ҳаёт қоронғи бўлиб кўринаверди. Изтироблардан қон қақшаб тоғу тошларга чиқиб кетганман ўшанда. Ўлим тўшагига яқинлашиб қолганимда, бир дарвиш мўйсафидга дуч келганман. У менинг дарду ҳасратларимни тинглаб, шундай деган эди:
– Ким учундир, нима учундир ёруғ дунёдан безиш дўзахи одамнинг иши, болам. Кўнглингга қил сиғмай қолган пайтларда ақлингни пешла. Барча нохушликларни хотирангдан ўчиришга ўрган. Ҳар қандай қалб жароҳатини фақат вақт деган нарса даволайди. Вақтга ихлос қўйгин, сабру бардошли бўлган инсон, албатта бахту иқболга эришади… – Мени кечир, дўстим,– шу чоғ унинг сўзларини бўлди Тахмина.–Унут бўлган жароҳатингни янгилаб қўйганимдан афсусдаман.
– Ундай дема. Сўраганинг яхши бўлди. Мен ўзи сезиб юрибман. Анчадан бери нимадандир руҳан азобдасан. Юрагингга қўл солишга ботинолмайман…
– Майли, айтганинг бўлсин, – гапга нуқта қўйди Тахмина.–Вақтга умид боғлаймиз.