Текст книги "Тахмина"
Автор книги: Солих Каххор
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 15 (всего у книги 34 страниц)
X
Юк Тошкентга етиб келди. Контейнерлар ортилган хорижий автокарвонни ҳовлига ҳайдашди. Қутбиддин айниқса, пайтавасига қурт тушган одамдек бесаранжом, питиллаб уёққа югуради, питиллаб буёққа югуради. Ҳайдовчи ҳамшаҳарлари билан нималарнидир ўзаро чуғурлашишади, машиналар атрофида гирдикапалак бўлади. Давлатберди эса хомуш, устма-уст сигарет тутатиб, у ёқ-бу ёққа юриб турипти.
Юк келтирганлар орасида биттаси чала-чулпа ўзбекча гаплаша оларкан. Қутбиддин автосафга сардорлик қилиб келган ана шу ҳайдовчини Мумтозга рўпара қилди. Унинг оти Беҳбуд экан. Атиги шапалоқдек келган бетини қоп-қора соқол қоплаган. Икки энли пешонаси билан қийшиқроқ унган қирғий бурни бўлмаса, сизга одам боқиб турганини тасаввур қилиш қийин.
Мумтоз унинг қуюқ жун қоплаган косовдек ингичка қўлларига ҳам зимдан ажабланиб боқиб, «Қийналмай етиб келдингларми?» – деб сўради.
– Ташаккур, жаноб ташаккур, – қуллуқ қилди Беҳбуд.– Тамом қийин бўлган юк. Ўзбакистон сарҳадда бир киши ошно бўлди. Ба Тошканд манга ҳамроҳ келди. Яхши одам. Жаноб Мумтозбекни ман танийди, деди.
Мумтоз Беҳбуднинг бу гапларига эътибор бермади. Ахир уни танимайдиган одам борми? Кимдир Мумтозбекни танийман, деса деб қўйипти-да. Шу баҳонада мана, юк ўз манзилига адашмай кириб келди.
Фақат уларнинг оғзига қараб турган Қутбиддин бир нарсага ажабланиб қолди: Беҳбуд нима учун ҳали ўзига нотаниш бўлган Мумтозга ўзбекчалаб намунча узоқ гапириб юборди? Шу боис у Беҳбуддан форсийда сўради:
– Ту ба жаноб чи гуфти?
Беҳбуд унга ўз тилларида Мумтозга айтган гапларини такрорлаган эдики, Қутбиддиннинг ранги оқаринқиради.
Мумтоз уларнинг нималар ҳақида чуғиллашаётганини англолмай қолди. Унинг ҳайрон турганини кўрган Қутбиддиннинг ўзи гап нимадалигини дурустроқ тушунтирганда, Мумтоз янаям ажабланди: – Юкингиз қонуний бўлгач, бегона кишилардан хавфсирашга ўрин борми?
Қутбиддин Мумтознинг кўнглига шубҳа солиб қўймаслик ниятида гапни дарҳол ўнглади:
– Ҳозир йўллар нотинчлиги ўзингизга маълум. Шу боис мен буларга сафарда ҳеч қачон бегонани машинага олманглар, деб тайинлайман.
Беҳбуд уни тушуниб, ўзини оқламоқчи бўлди.
Қутбиддин энди унга қўл силтаб, Мумтоздан сўради:
– Юклар шу ерга тушириладими?
– Олдин божхона бошқармасига ўтиб келишим керак. Менга ҳужжатларни беринглар.
– У ердан бирон кишини олиб келарсиз? – бетоқатлик билан яна сўради Қутбиддин.
– Худди шундай. Муҳрларни божхона ходими ечиб бериши керакку, – хотиржам жавоб берди Мумтоз. – Лекин мен ишни бир йўла ҳал қилиб келсам керак.
– Омад сизга, жаноб Мумтозбек, – енгил тортди Қутбиддин. – Дарвоқе, сиз билан Давлатберди учун белгиланган гарнитурлар Беҳбуднинг машинасида. Биз бу юкни ҳовлингизга олиб бориб қўяверсак-чи?
– Бироз сабр қиламиз, жаноб Қутбиддин. – Мумтоз энди ҳов нарироқда Давлатберди билан гаплашиб турган қозоқ башара бир йигитни ёнига чақирди. – Дўлан, ҳайдовчиларни меҳмонхонага олиб кир. То кетишгунча уч маҳал овқатлари канда бўлмасин…
– Хўп бўлади, хўжайин.
Мумтоз шундан кейин Қутбиддинга: «Сизлар ҳовлига ўтиб дам олиб туринглар» дея, ўзи божхона бошқармасига жўнаб кетди.
…Қабулхона одамлар билан гавжум, ҳамманинг кўзи тўрдаги «Бошлиқ ўринбосари Омонтой Самантоев» деган ёзуви бор қора чармли эшикка мунтазир.
Мумтоз ҳеч кимга эътибор бермади. Тўғри бориб, ниманидир чоп этиш билан овора котиба қиздан сўради:
– Хўжайин ўзларидами?
Қиз машинкадан бош кўтариб, олдида тик турган Мумтоз ҳофизни кўриб, ўзини йўқотиб қўяёзди. Даст ўрнидан турди:
– Вой, келинг, Мумтоз ака…
Қабулхонадаги бошқа кишилар орасида ҳам ўзаро шивир-шивир бўлиб қолди.
– Хайрият, таниркансиз… Лекин мен сизни, назаримда, биринчи кўришим, шундайми?
– Ҳа, бу ерга яқинда ишга келдим… – уялибгина жавоб берди қиз. – Кейин «Мен ҳозир!» – дея шошиб ичкарига кириб кетди. Мумтоз унинг майдатароқ атлас кўйлак ичида тўлғаниб бораётган дуркун жуссасига суқланиб қўйди: «Яхши нарса экан…»
Бир зумда қиз қайтиб чиқиб, Мумтозга: «Сизни кутяптилар», деди. Тақир боши ойнадай ярқираб турган қориндор Самантоев ичкарига Мумтоз кириши биланоқ, олдида ўтирган хушрўйгина дўндиқ жувонга жавоб берди:
– Бўпти, Гуласал. Ўшатта кўришамиз.
Жувон ўрнидан туриб, эшик томон йўл оларкан, Мумтозни кўриб, унга маънодор салом бериб ўтди.
Мумтоз билан Омонтой кўп йиллик қадрдон. Бир вақтлар, бундан йигирма йилларча бурун Омонтой созанда эди. Мумтозга доирачилик ҳам қилган. Кейин Московга ўқишга кетди. Ўқишни битириб қайтгач, мана, кўтарилиб-кўтарилиб ҳозирги даражага етди.
Иккови қучоқлашиб кўришишди.
– Кўринмайсан? Телефон ҳам қилмайсан?
– Меҳмонларим бор.
– Яна юк келдими?
– Мебель… Керак бўлса ол.
– Уйда ҳаммаёқ тиқилиб кетган. Ҳатто хотин билан ётишга жой йўқ.
– Хотинни хипчасидан топ. Телевизорни тагидаям ётиб кетаверасан. – Сени билганинг билган. Хипчаси ва ёшроғи яхши экан.
– Қўлингда пулинг бўлса, чангалда шўрва.
– Ўша жонвор етишмаяпти.
– Ёлғон гапирма.
– Рост. Ўндан тўққизи хомталаш…
– Ўзимдан қолма.
– Раҳмат, сендан хурсандман.
– Мен ҳам. Шанба куни кут. Бир жойга олиб ўтаман.
– Зўрроғидан…
– Гап йўқ.
– Қани, буёққа ол қоғозларингни. Юкинг қаерда?
– Фабрикада.
– Ичида хавфлиси йўқми?
– Одам жўнатсанг, билиб қайтар.
– Мен ўз одамларимдан кўра сенга кўпроқ ишонаман.
Самантоев котиба қиздан кимнидир чақиртирди.
– Котибанг ёмон эмас.
– Одам бўлмадинг-бўлмадинг-да…
– Ҳозирча сен бўла тур, Омон.
Шу пайт ичкарига пак-пакана, кўзлари уккиникидай жавдираб турган, кифтида «тарвузи» бор бир одам кирди. Бели калталигидан, худди кундадай бошдан-оёқ бараварига эгилиб қўйди.
– Хизмат хўжайин?
– Бу кишини унутганинг йўқми?
– Жаноб Мумтозбекни унутиб ўлибманми?
– Маладес, кеша. Худди ўтган сафаргидек, сенга ярим соат муҳлат. Манави ҳужжатларни хамирдан қил суғургандек қилиб тўғрилаб бер. Соққаси ўзи билан.
– Есть!
…Мумтоз божхонадан тўғри фабрикага ўтди. Ишчи йигитларга юкни туширишни буюрди. Беҳбудга эса, сен машинангни кечроқ, сал қоронғи тушгач бизникига ҳайдайсан, шопирим Алим хабарини беради, деб тайинлади. Беҳбуд аллақачон қорахондан тортиб олган шекилли, иккала кўзиям ёниб турибди.
– Хуп, хужаюн, хуб,–тиржайди у қўлини кўксига қўйиб.– Сизни хонангизга боришга ман хурсанд бўлади.
Мумтоз Беҳбуднинг қоқсуяк кифтига «яхши» деган маънода кафт қоқиб қўйди. Кейин ўз меҳмонларидан хабар олиш учун ҳовли томон кетди.
…Гарнитурлар етиб келганидан хабар топган Сожида ҳам аллақачон шу ерда, Қутбиддину Давлатберди учовлари ҳовуз ўртасидаги равоқда қизғин гурунглашиб ўтиришарди. Тахмина кўринмайди, Мумтоз унга телефонда юк келганини ўша заҳотиёқ айтган. Бироқ Қутбиддин ваъда қилган мебелларни бир йилдан бери орзиқиб кутаётган Тахмина негадир бугунга келиб бу нарсага ўзини парвосиз қилиб кўрсатяпти. Ҳали телефондаям, «Келса келипти-да, ҳозироқ ўқдай учиб борайми?»– деди. Мумтоз индамай қўя қолди. Тахминанинг кайфияти жойида эмаслигини ўзининг кеча тунда Қутбиддин билан бирга «бир ошнасиникида» қолиб кетганидан, деб тушунди.
Мумтоз равоқдагиларга узоқдан «ҳозир» деган ишорани қилиб, сўл томондаги эшиги очиқ турган ҳужра томон бурилди. Эҳтимол, Тахмина Сурайёнинг қошидадир? Хўжайиннинг бу ғариб кулбага кутилмаганда «ҳол сўраб» кириб келиши Сурайёни беҳад қувонтириб юборди.
Беҳол ётган аёл ўрнидан бош кўтариб ўтирди, ўзини унга бардамроқ қилиб кўрсатишга уринди. Бир четда ишдан чиқиб қолган эски дазмолни кавлаштириб ўтирган Акмал ҳам одоб юзасидан ўрнидан турди, Мумтоз билан қўл бериб кўришди.
– Яна мазанг қочибди-да, Сурайё? – Мумтоз бемор аёлнинг ҳазин қиёфасига ачиниш билан боқди.
– Ҳа, илгари куни кечаси тутиб қолди. Хайрият, ўтиб кетгандек ҳозир.
– Ўтиб кетгани рост бўлсин,–Мумтоз қаршисида негадир безовтароқ ўтирган Акмалга назар ташлаб қўйди.–Мана, ўғлинг ҳам келиб қолипти. Буёғига ўлимни ўйлама. Сен ҳам мундай, одамлар қатори орзу-ҳавас кўр.
– Кошки эди, бек,– Сурайёнинг кўзларига дарров ёш келди.–Лекин менинг орзу-ҳавас кўришдан кўрмаслигим аниқроқ бўлиб турипти…
Сурайё бу гапи билан орзу-ҳавас кўришга энди фурсат йўқ, демоқчи эмас. Мумтоз кириб келишидан бироз олдинроқ она-бола ўртасида бу борада узил-кесил гап бўлиб ўтди. Акмал унга ниҳоят ўз дилидагини очишга мажбур бўлгач, Сурайёнинг шусиз ҳам нурсиз-умидсиз кўзларига узоқ-узоқлардан ғира-шира илашиб турган орзу-ҳавас кошонаси худди саробдек бирданига ғойиб бўлди-қолди. У энди умрининг қолган улушини ҳам хўрлик ва ғарибликда ўтказишига ақли етиб қолганди.
Тўғри, Акмал онасининг касали яна хуруж қилиб қолишидан чўчиб, ўзини аввалига вазмин-босиқ тутди. «Сиз олдин соғайиб, оёққа турволинг. Уйланиш масаласини ўшанда маслаҳатлашамиз», деди. Лекин Сурайё: «Мени оёққа турғизадиган нарса бир оғиз гапинг. Хўп де. Зилолани олиб бераман», деди. Бу гапга Акмалнинг ғаши келди.
– Ая, мен эндигина бўйи етган йигит эмасманки, «Агар хўп десанг, фалончини олиб бераман», десангиз. Иккинчидан, мен сизни топишим биланоқ аям мени биронтага уйлаб қўярмикин, деган ниятда излаб келганим йўқ.
Сурайё ўғлининг бу гапидан аччиқ ютиниб олди.
– Мени билмайди, дейсанми. Сени дарду аламларинг Тахминада… – Билсангиз, дарду аламларимни янгилаб нима қиласиз?
– Чунки бу бефойда уриниш, болам. Уни энди тинч қўй. Бахтига зомин бўлма.
– Бахтига? Тахминанинг ҳозирги ҳаёти бадбахтлик эмасми?
Сурайё ўғлининг саволини жавобсиз қолдирди. Бахт нима-ю, бадбахтлик нима, Акмал ҳали бунинг фарқига етиб боролмаган, деган фикрда қолди.
– Мен Тахминани йўлдан урмоқчи эмасман. Буёғига хотиржам бўлинг, ая,– сўзида давом этди Акмал. – Лекин мен бу ерда қололмайман. Кетишим керак.
Шундан кейин Сурайё тақдирга тан бергандек бўлди.
– Бунчалик экан, майли, – деди у йиғи аралаш.
– Қаерда бўлсанг, омон бўлгин, болам. Мен сендан… – Сурайё шу чоғ «берган сутим учун розиман» демоқчи эди, бироқ ягона фарзандини гўдаклигида бирон марта ҳам эмизмагани эсига тушди. – Мен сендан мингдан-минг розиман. Сен ҳам мендан рози бўл. Гўримда тинч ётайин…
Акмал онасини оғир аҳволга солиб қўйганини сезиб, унга шошапиша таскин бермоқчи бўлди:
– Розилик тилашишга шошмайлик, ая. Мен сизни бу аҳволда ташлаб кетмайман.
– Ким билади, дейсан. Ҳали узоқ ётаманми…
– Барибир. Ташлаб кетмайман. Вақтинча шу атрофда ишлаб тураман.
– Ишламасанг ҳам… бу даргоҳда ҳеч ким оч қолмас.
– Нималар деяпсиз, ая?! Мен бу даргоҳнинг текин нонидан ҳазар қиламан.
– Ундай дема, болам,–кеча Тахмина Сурайёга бир даста пул ташлаб кетган, Акмалга ўз пулингиздай қилиб беринг, уст-бошини янгилаб олсин, деб тайинлаган эди.–Мен ҳам бу ерда қоқ ўтирганим йўқдир. Қолаверса, ўртада Тахмина бор. У ҳам ўз фарзандим-ку, ахир…
«Тахминани шу кўйларга солган унинг ўз онаси Хуршида билан сен эмасмидинг?–кўнглидан ўтказди Акмал.–Яна ўз фарзанди эмиш…» Бироқ бу гапни ичига ютди.
– Гап бундай ая. Мен на Мумтознинг, на Тахминанинг, на сизнинг, ҳеч кимнинг нонига, меҳру эҳсонига муҳтож эмасман. Шуни билиб қўйинг. Бошқалар ҳам билиб қўйишсин. Мени бу ерга… юпун кириб келганим учун ҳеч ким ачинмасин ҳам. Бизга қанча пул лозим бўлса, мен ўзим топиб оламан.
– Мен бунга ишонаман, болам. Аввало, сени ўзингни кириб келишинг биз учун катта давлат, – Сурайё шундай дея, бир лаҳза тин олдида, кейин ўғлининг кўнглини кўтариб қўйиш ниятида, қўшимча қилди: – Ўзинг билиб турибсан, сени кўриб, Тахминанинг ҳам боши осмонда…
Акмал ўзи билан Тахмина ўртасидаги бундан кейинги муносабатларга онасининг аралашувини мутлақо истамаслигидан, гапни бошқа ёққа бурди:
– Кўнглимда яна бир ният туғилган…
Сурайё ўғлига ҳайрон боқди.
– Мен Зилолага… Ёрдам бермоқчиман.
– Зилолага?!
– Ҳа. Уларни ифлос Мумтозингиз чангалидан қутқазмоқчиман. – Ундай дема, болам. Мумтозга жигарсан.
– Мумтоз жигар эмас. У бир қонхўр махлуқ. Лекин сиз хавотирланманг. Мен уни ўлдирмоқчи эмасман. Олдин биз ўша беш минг долларни топамиз. Кейин бу пулни мен ўзим унинг оғзига тиқаман.
– Бас…–Акмал ўша беш минг долларни топиб, Мумтоз билан юзмаюз бўлганда, у Зилолалар оиласи учунгина эмас, энг аввало, Тахмина учун ундан ўч олишини сезган Сурайё ҳолсизланиб, кўзларини юмди. Авзойи бузилган Акмал эса нима қиларини билмай, Мумтоз кириб келишидан олдинроқ ўша бузуқ дазмол билан ўзини овунтириб турган жойи эди.
… Мумтоз Сурайёнинг афт-ангорига, хийла чўкиб қолган кўзларига зимдан разм солди ва тугаб бўпти, деган фикрга бориб, унинг кўнглини кўтариб қўймоқчи бўлди:
– Бу гапларни қўй, Сурайё. Ундан кўра ўғлингга келин суриштир. Зўридан топ, онаси ўпмаганидан… – у энди Акмалга боқди. – Тўғрими, жиян?
Нохуш кайфиятдан юраги сиқилиб, бетлари қизариб турган Акмал индамади. Аста ўрнидан туриб, бурни остида «узр» дегандай бўлдида, ташқарига чиқиб кетди.
Мумтознинг жаҳли қўзғамасин учун Сурайё ўғлининг бу қилиғини дарҳол андавалаб қўйди:
– Ўлгундай уятчан… Кўнглингизга олмайсиз, бек.
– Ўлгундай уятчан эмас, ўлгундай дангаса кўринади ўғлинг. Айтиб қўй, лўлининг эркагидай уйда чўзилиб ётмасин. Ишласин. Қўлида бирон ҳунари борми?
– Шопир. Катта мошин ҳайдаркан.
– Яхши. Узоққа қатнайдиган юк машиналаримиз бор. Эртага олдимга ўтсин.
– Илоҳо барака топинг, бек. Унга энди ўзингиз оталик қиласиз… Сурайё ўғлининг бу ерда узоқ қолмаслигини, яна айниқса, Мумтоз билан у ҳеч қачон муроса қилолмаслигини яхши билса-да, бу гапни жўрттага, хўжайиннинг кўнгли учунгина айтди. Мумтоз эса аксинча, Сурайёнинг бу гапидан рўпарасида мурдадек музлаб ўтирган ана шу «кампир» бир вақтлар ўзининг ўйнаши бўлганлиги эсига тушиб, таъби хира тортди. «Тезроқ ўлмадики, қутилмадим» – кўнглидан ўтказди у.
Ҳужрани тарк этаркан, Сурайёнинг хаёлида йўқ гапдан оғиз очди: – Кучукларга кўз-қулоқ бўлгин, девдим. Гулларимни пайҳон қилишипти.
Сурайё индамади. Унинг ҳозир ортиқча гап-сўзга мажоли етмас эди.
Мумтоз равоқдагиларга божхона билан боғлиқ ишлар ҳал бўлгани, ҳозир фабрикада юклар туширилаётгани, Беҳбудники эса, бу ерга ҳали кечроқ келтирилиши ҳақида гапириб турувдики, кутилмаганда Тахмина ҳам келиб қолди. У одатдагидек, чиройли кийимларда ловуллаб турарди. Меҳмонлар ёнига очиқ чеҳра, хушкайфият билан яқинлашди. Мумтоз унга дарҳол тилёғламалик қилди:
– Яхшимисиз, жоним? Мен сизни бир кечадаёқ соғиниб қолдим. Тахмина Мумтознинг ёнидаги бўш стулга ўтираркан, унинг уйқусизлик ва айшу ишратдан қизарган кўзларига, пуфак туккан қовоқлари ва тириш тортган рангсиз юзига истеҳзоли боқиб қўйди: – Мени соғинишга вақт топганингиздан хурсандман, бегим.
Мумтоз ер остида илон қимирласа сезадиган ва бундай пайтлар «ичимдан топ» қабилида иш тутувчи Тахмина билан гапни бу оҳангда давом эттиришга юраги дов бермади. Мавзуни дарров бошқа ёққа бурди:
– Мана, жоним, сиз кутган мебеллар ниҳоят етиб келди. Усталар тайинланган. Шу бугуннинг ўзидаёқ, кечаси билан хоналар тўла жиҳозланади. Эртадан бошлаб кўчавериш мумкин. Башарият маликасининг бетон уйда яшашига энди ҳожат йўқ!
– Раҳмат, мени жуда қувонтирдингиз, – Тахминага Мумтознинг меҳмонлар олдида келтирган баландпарвоз ибораси ёқиб тушди. Аммо «башарият маликаси»ни бетон уйдан меҳмоннинг мебели халос этди, деган маъно келиб чиқмасин учун, илова қилиб қўйди:
– Аллақачон бу ерга кўчиб ўтишимиз мумкин эди. Лекин ҳар бир нарсага насиб қўшилганда етасан, деб бежиз айтишмас экан.
Қутбиддин ҳам ўз ўрнида нишонга битта ўқ отди:
– Мен сизнинг қувончларингизга шерик бўлаётганимдан беҳад хурсандман, Тахмина хоним.
– Бу қувончларда сизнинг улушингиз борлигидан биз ҳам хурсандмиз, жаноб.–Тахмина унинг охурига ҳам похол ташлаб қўйди. Шундан кейин гап асосий мавзуга кўчди. Қутбиддин Давлатберди билан биргаликда эртага Олмаотага учиб кетишини, у ерда ҳам тижорат масалаларига боғлиқ ишлари борлигини маълум қилди. Ўзаро келишувга кўра, Мумтоз шу ҳафта ичида мебель келтирган машиналарда мол айирбошлаш йўли билан арматура, электр лампочкалари, чинни ва сопол сервислар жўнатадиган бўлди. Гарнитурлар совға деб кўрсатилган ва расмийлаштирилган ҳужжатни Қутбиддин тантанали равишда Тахминага топшириб, бу гал энди у шиппаки қарсаклар остида унинг икки бетидан дадилроқ ўпиб олди.
– Яқин кунларда ҳовли тўйи ўтказсак, иштирок этарсизлар, деган умиддамиз, – деди Тахмина Қутбиддин билан Давлатбердига.
– Агар таклиф қилсаларинг, дунёнинг нарига бурчагида бўлсак ҳам етиб келамиз, – дейишди меҳмонлар мамнунлик билан.
– Шахсан мен энди фақат Тошканд хаёли билан яшайман,илова қилди Қутбиддин.
Тахмина ҳам унинг кўнгли учун яна илтифот билдирди:
– Биз сиздай дўстимиз борлигидан фахрланиб юрамиз.
Гап Олмаота учун мўлжалланган гарнитурга келганда Қутбиддин Мумтозга қуйидагиларни уқтирди:
– Бу гарнитур аслида бизнинг фирмамиз ишлаб чиқараётган мебелларни Олмаотада реклама қилиш учун жўнатилаётганини тушунгандирсиз. Лекин шунга қарамай, Давлатберди бу мебелни гўё Тошкандан, яъни сиздан сотиб олиб кетяпти, деб ҳисоблаймиз.
«Наврўз» деб аталувчи бу мебель комплекти алоҳида буюртма асосида, қимматбаҳо хомашёдан тайёрлангани учун ҳам, унинг нархи бошқаларига қараганда икки баравар қимматроқ. Ўрта ҳисобда икки ярим минг Амриқо доллари…
– Мен бу пулни ажратиб қўйганман, – деди Давлатберди ва уни ички чўнтагидан чиқариб, стол устига қўйди.
Шу пайт, кутилмаганда, Тахмина уларнинг шаштини қайтарди:
– Тўхтанглар. Агар муҳтарам Давлатберди хафа бўлмасалар, «Наврўз» гарнитурини биз сотиб оламиз. Икки ярим эмас, уч минг долларга, – у шундай дея, энди Мумтозга юзланди: – Сиз нима дейсиз, бегим?
– Гап йўқ. Сиз нима билан хурсанд бўлсангиз, мен хизматга шайман, – унга якдиллик билдирди Мумтоз.
Қутбиддин билан Давлатбердини, ҳатто Сожидани ҳам кутилмаган бу таклиф эсанкиратиб қўйган эди.
Шунда Қутбиддин усталик қилиб қолди:
– Тахмина хоним, янглишманг. Мен «Наврўз»ни Мумтозбек жанобларининг савдо дўконлари учун келтирилган мебелларга солиштиряпман. Лекин сиз учун атайлаб тайёрланган гарнитурларнинг баҳоси йўқ…
– Ундай бўлса, Давлатбердидан узр сўрайман.
– Ҳечқиси йўқ. Мен учун Қутбиддин Салоҳий жанобларининг фирмаси ишлаб чиқараётган мебелларнинг барчаси ҳам қадрли, – ўзини жўрттага бефарқ қилиб кўрсатмоқчи бўлди Давлатберди. – «Наврўз»ни эса олиб бориб сотиб, фойдасини оладиган Сожида…
– Сожида?! – ҳайрон бўлди Тахмина…
– Ҳа. Оз-моз пул ишлаб олмоқчиман, – жавоб берди Сожида.
– Яхши, яхши. Девор ичкарига йиқиладиган бўпти,– орага қўшилди Мумтоз ва Давлатбердига юзланди. – Пулингизни чўнтагингизга солиб қўйинг. Эртага магазин кассасига тўлайсиз.
– Шундайку-я, лекин, агар иложи бўлса, юкни шу бугун кечасиёқ жўнатсам, дейман.
– Бугун? Беҳбуднинг ўзи олиб кетадими?
– Йўқ, Беҳбуднинг маршрути Тошкандгача, – саволга Қутбиддин жавоб қайтарди. – У мана шу ернинг ўзидан орқага қайтиши керак. – Ундай бўлса, транспорт топишга улгурасизми? – Мумтоз яна Давлатбердидан сўради.
– Ҳамма гап ана шунда. Биз сизнинг ёрдамингизга муҳтожмиз. – Шундай экан, бу гапни ҳалироқ айтганларингда яхши бўлур эди, – Мумтоз соатига қараб қўйди.
– Бўпти. Машина муаммо эмас. Лекин дурустроқ ҳайдовчи лозим. Дарвоқе… Шундай ҳайдовчи ҳам бор. Фақат, у билан ўзингиз келишиб оласиз. Майли, машина ва ёнилғи менинг ҳисобимдан.
– Келишдик, – мамнун бўлди Давлатберди. – Ким экан у ҳайдовчи, уни қачон кўрсам бўлади?
– Ҳайдовчи шу ерда. Ўзимизнинг инимиз Акмал.
– Акмал?! – ўз ҳаяжонини яширолмай сўради Тахмина.
– Ҳа, Сурайёнинг ўғли Акмал. – Мумтоз шундай дея ёнига Алим акани чақириб, унга стол устидаги пулни олиб тутқазди: – Ўнинчи дўконга бориб, мана шу пулга чек урдириб кел. Усмонга айт, эртага унинг дўконига тушадиган мебель гарнитурларидан бирининг пули бу. Олмаоталик меҳмон сотиб олди. Икки энли испаравка ҳам ёзиб берсин.
– Тўғрироғи, мебелни мен эмас, Сожида сотиб олди,– шошиброқ уни тузатди Давлатберди.
– Биз учун бунинг аҳамияти бўлмаса-да, майли, шундай деб қўя қолайлик,–рози бўлди Мумтоз ва яна Алим акага юзланди:–Тезроқ бор, дўкон беркилиб қолмасин. Дарвоқе, дўкондан қайтатуриб, гаражга ўт.
Шорайимга айт, янги юк машиналаридан бирига Олмаотага бориб келиш учун ҳужжат тайёрласин. Кейин ҳов ҳалироқ шуёққа ўзи ҳайдаб келсин. Йўл варақасига ҳозирча ҳайдовчининг фамилиясини ёзмай турсин…
– Хўп.
XI
Дадаси Мумтоз билан аэропортда тасодифан учрашиб қолиб, ундан ундирган пулига Санжар анчагина ғавғолар орттириб олди.
Аввалига, уни ҳув нарида ютоқиб кутиб туришган иккита бетайин улфати билан ошхонага киришиб, яна арақхўрлик қилишди. Орада нимагаям жанжал қўзғалиб, шундан кейин ҳушёрхонага тушишди. Яхшиямки, милиса мактабдош ўртоғи бўлиб чиқди, шерикларини олиб қолиб, алламаҳалда Санжарга жавоб берди. Соқчи машина уни метро бекатигача олиб бориб қўйди. Кейин у ернинг тагидан кетдими, устидан кетдими, қандай қилиб қўшмачи Чаманнинг уйига бориб қолганини эслолмайди. Бироқ ёдида, Чаман бир аҳволда бемаҳал кириб келган Санжарни энсаси қотиброқ қарши олди:
– Бирон марта соғ келганингни кўрмадим.
– Молчи. Бу ерга… соғ одам келмайди.
– Тўғри айтасан, – Чаман у билан ортиқча пачакилашиб ўтиришни эп кўрмади. – Қани, ёрил.
– Юрагим гумиряпти.
– Белинг бақувватми, опанг қоқиндиқ?
– Борига бозор, – Санжар чўнтагидан бир чангал ғижимланган пул чиқариб, унинг оёғи остига ташлади.
Чаман Санжарни ортидан эргаштириб, ичкари томон йўл оларкан, ишвалироқ оҳангда деди:
– Ухлаб қолмагин, тағин…
– Пули тўланган, – чайқалиб бораётган Санжар аёлнинг гапига қўл силтади. – Буёғи мани ишим.
Чаман бир дам тўхтаб, унга ўгирилди:
– Маниям унутма, деяпман…
Санжар бу хонадонга бот-бот келиб туради. Чаман билан алоқалари яхши. «Жаноб Мумтозбекнинг яккаю ягона, дайди ва дарвеш ўғли»дан ҳарам бекаси ўз меҳрибончилигини дариғ тутмайди. Санжарни пули борида шилади, пули йўғида насияга иш тутиб, уни қарздор ҳам қилиб туради. Бир кун келиб, тўпланиб қолган қарзларни, ҳатто, ўз хоҳиши билан ўчириб ҳам ташлайверади. Ахир Санжар ёши довон ошиб қўйганлигига қарамай, ҳануз жуссасидаи «суви қочмаган» Чаман билан ҳам аҳён-аҳёнда дон олишиб туради-да.
Бундан ташқари, Санжар ва унинг кўчабезори жўралари қўшмачилик орқасидан икки марта ўтириб чиққан бўлишига қарамай, ҳамон хуфиёна фаолият юритаётган Чаманга дурустгина чойчақа ёхуд бадалсиз айш-ишратлар эвазига балогардонлик вазифасини ҳам ўтаб туришади. Бедарвоза ҳарам бекаси ва бу ерга келиб-кетувчи суюқоёқ қизларни айрим рақобатчилардан, зўравонлардан, тасодифий жанжалкашлардан ҳимоя қилишади.
– Сен незакўнни бўлсангам, ўзимникисан, – ғўлдиради Санжар. – Сеники қочиб кетмас.
– Бўпти, бас қил, – жеркинди Чаман. – Менга деса, чўкиб кет. Бу тун Санжар «ҳарам» бекасини гарчанд ноумид қолдирган бўлса-да, ҳар қалай унинг шу ерда тунаб қолганлиги, айниқса эрталаб, Чаманга жудаям асқотди.
Гап шундаки, кеча кечаси Мумтозникига жўнатилган иккита қиздан Хумор деганлари танҳо ўзи қайтиб келди. Унинг ойтовоқ бетига беаёв чапланган бўёқлар кўз ёшдан олабайроқ бўлиб кетган, пуштиранг вилюр юбкасининг ортида каттароқ ўлчамдаги эркаклар туфлисининг нам тортган сарғиш тупроқдан нақшланган изи…
Хуморнинг алам билан босган чўзиқ қўнғироғига жавобан ҳовли эшигини ўша, бу тун Санжарга қовуштирилган ўрис қиз очди. Нон шаҳрига омад излаб яқинда Красноярскдан келган дўмбоққина бу қиз билан дугоналашиб қолганига қарамай, Хумор унинг бетига қараб ҳам қўймади. Шиддат билан деразалари очиқ турган айвонга кириб борди. Тўрдаги сўрида чалқанча ётиб олиб, қизлардан иккитасига лўмбиллаган гавдасини обдон уқалатаётган Чаманнинг қаршисида тўхтади. «Ёғлиқ жойнинг ётоғидан» чиқиб келган Хуморнинг аҳволига кўзи тушиб, бека дарҳол ҳаловатли машғулотни тўхтаттирди. Қизларни ёнидан чиқарвориб, рўпарасида ёш боладек пиқиллаб йиғлаб турган Хуморни ётган жойидаёқ сўроқ қила кетди:
– Нима бўлди?
– Нима бўларди, уришди.
– Уришди?! Ким урди?
– Ким бўларди, ўша… Мумтоз деганингиз. Орқамга тепди.
– Орқамга тепди?! Нега тепаркан?
– Нега тепарди, Гуландомни ундан айириб олмоқчийдим.
– Гуландомни?! Уни нега айириб олмоқчийдинг?
– Нега бўларди, дадаси уни машинада қаёққаям олиб қочиб кетаётувди.
– Дадаси?! Ким экан дадаси?
– Ким бўларди, ўша Мумтозингиз-да.
– Нима-нима? Гуландом Мумтознинг қизи эканми?!
Чаман ўз ўрнидан даст бош кўтарди.
– Ҳа, Гуландом Мумтознинг қизи экан.
Беканинг рангидан қон қочди. Э худо, бу кўргулик қаердан кела қолди? Наҳот?!
«Хуморнинг гапи чиндан ҳам рост чиққудек бўлса, демак… Мумтознинг Санжардан бўлак яна дарбадар қизи ҳам бор экан-да! Шу вақтгача лоақал Санжардан эшитмаганини қара-я, – юрагига ваҳима тушди. – Жувонмарг қиз қаттанам меникига келиб қолди. Ҳа, худой олгур Тиллақош чўталчи эргаштириб келди уларни. Аҳмоқ бўлмасам, таг-тугини ағдармаёқ иккита «чуррак» учун нақд беш минг сўмни қуртдек санаб берармидим!»
Чаман энди қаршисида ҳамон қаққайиб турган Хуморга эътибор ҳам бермай, асабий ҳолда иягини чимдилаганча ўй суриб қолди.
Тўхта, Гуландом чиндан ҳам унинг қизи бўлса, нечун бу кеча бирон-бир жанжалсиз ўтди? Наҳотки Мумтоз ўз қизини эрталабга келиб таниган бўлса?
Чаман яна Хуморга боқди:
– Кечаси кимнинг қўлтиғида эдинглар?
– Кимди бўларди, меҳмонларни қўлтиғида.
– Мумтознинг ўзи қаерда эди?
– Қаерда бўларди, йўқ эди. Саҳар келди.
– Кечаси ўтирганларингда, бу уй кимники эканлиги билан қизиқмадингларми?
– Қизиқишга вақт бормиди?
Чаман яна ўйга ботди: «Энди буёғи нима бўлади? Мумтоз бу ишим учун мени омон қўймайди. Жўрттага қилгансан, дейди. Ғанимларимга сотилгансан, бирон нарса эвазига мени шарманда қилмоқчисан, дейди.
Ёки эҳтимол, ёпиғли қозон ёпиғлигича қолар, Мумтоз бу воқеанинг овоза бўлишидан ҳайиқиши мумкиндир?
Бироқ барибир, у ими-жимида иш тутиб, Чаманнинг карвонсаройига ўт қўйдириб юбориши ҳеч гапмас. Бўлар иш бўлди. Энди, ҳарҳолда, тасодифий бахтсизликка қарши бирон чора ўйлаб қўйиш лозим».
Ногоҳ унинг хаёлига ичкари хоналардан бирида кўмилиб ётган Санжар тушди. Ҳали буёғи ҳам бор. Бу воқеадан хабар топса, у қандай иш тутаркин?
Наҳотки Санжар ҳам Гуландом учун Чамандан ўч олса? Йўқ, Санжар билан иш осон кўчади. Осон кўчадигина эмас, у билан Санжарнинг ўзи гаплашиб қўяди!
Ҳарам бекаси ниҳоят бир фикрга келиб, ўз мушоҳадаларига чек қўйди-да, ҳовли бетида уймалашиб юрган ҳалиги ўрис қизга қичқирди: – Марина, где твой мужик?
– Спит как убитый, – жавоб қайтарди қиз. – Поднять что ли его, Чаман апа?
Чаман шу тоб аллақайси фикрга бориб, унга «қўявер» маъносида қўл силтади. Кейин Хуморга юзланди:
– Бор, бет-қўлингни юв. Битта тепки билан бирон жойинг камайиб қолмагандир. Гап энди мундай, жонингдан умидинг бўлса, бугундан бошлаб Мумтозниям, Гуландомниям, борган жойингниям унутасан. Булар ҳаммаси тушингга кирган, тушундингми?
Хумор унга бир дам ҳайрон боқиб қолди-да, кейин «хўп» маъносида бош қимирлатди. Яна бир хўрсиниб қўйиб, ичкари томон йўл оларкан, Чаман уни тўхтатди:
– Шошма. Взносни чўзиб кет.
Хумор қўлтиғига қистириб олган сумкачасини истар-истамас очиб, ундан қадоқланган бир боғлам пул чиқарди. Кейин уни таваккалига тенг иккига ажратди-да, бир бўлагини Чаманга узатди.
– Вой, қозоқ пули-ку?!
– Ҳа. Ҳаммаси бўлиб бизди пулимизга икки минг бўларкан.
– Яхши, яхши, – чеҳраси ёришган Чаман пулни ёстиқ остига қистирди. – Маладес. Бор, энди дамингни ол.
Чаман Санжарнинг ўрнидан туришига озгина қовурдоқ тайёрлаттирди. Иккови учун дастурхон ёздириб, унга бир шиша ароғу икки банка пиво ҳам қўйдирди.
Худди кутганидек, кечаги «юк»лардан кўзлари қонталаш бўлиб, қовоқлари халта тортган, боши тарс ёрилгудек бўлиб турган Санжар кутилмаган бу мулозаматни кўриб, бир зумдаёқ ёришиб кетди.
– Ей богу, ўғил боласан, Чаман! – у иккала кафтини ишқалаганча шошиб келиб, пивони банкаси биланоқ кўтарди.– Ваҳ, ваҳ, ёниб кетишимга оз қолди-я!
Санжарнинг нафақат тўзғин афту ангори, устидаги кийим-кечаги ҳам бир аҳволда эканлигини, унинг шу тобдаги ёввойи ва aянчли хулқ-атворини жимгина, беписанд кузатиб турган Чаман бирдан сергак тортиб, ясама мулойимлик билан беозор танбеҳ берган бўлди: – Аввал бет-қўлингни ювиб келсанг бўлармиди.
– Молчи. Бизаникини паришталар ювиб кетади, – Санжар дастурхон четига қўполгина жойлашди-да, энди арақ шишасини тиши билан очиб, пиёлага симсим қуяркан, яна хушомад қилди:
– Сен чинданам хотинни хўрозисан, Чаман.
Уй бекаси индамади. У кўнглидаги тугунни қай тариқа ечиб олиш йўлини қидирарди.
Санжар Чаманга мутлақо бепарво ҳолда пиёлани очкўзлик билан бўшатиб, кетидан пиво тортди-да, яна қўшимча қилди:
– Любой заданиянг бўлса, айтавер. Қийвораман.
Чаман ҳамон жим. Энди унинг ўзи пешонасининг бир чеккасини уқалаб қолган Санжарга арақ қуйиб узатди:
– Ма, жуфтлаб қўй.
Санжар беихтиёр пиёла томон чўзиларкан, кўнгил учун «ўзингчи?» – деб қўйди.
– Мени қўятур, – Чаман унга товоқдан бир луқма гўшт олиб узатди.
– Сен олдин башкангни созлаб ол.
– Тўғри айтасан, лўқиллаши қолмаяпти.
– Лўқиллаган бошдан умид. Демак, ичида нимадир бор экан. Худо ғовак бошлардан асрасин.
Бу гап Санжарга ёқиб тушди. «Во!» деди у бир қўлини кўтариб. Кейин навбатдаги пиёлани бўшатиб, «Бунисини сени соғлиғинг учун ичдим», деб қўйди.
– Маладес. Сени шунинг учун ҳам яхши кўраман, – Чаман энди мақсадга кўчиш учун фурсат етганини англади. Ўртадаги товоққа яқинроқ сурилиб, қовурдоқдан тотина бошлаган Санжарни бир дам кузатиб ўтирди-да, кейин ётиғи билан гап бошлади:
– Гуландом деган синглинг ҳам бор эканми?
Санжар «Гуландом» сўзини эшитган замон оғзидагини базўр ютиб олди.
– Нима эди?! – ҳайрат билан сўради у.
– Илгари эшитмаган эканман… – чайналди Чаман.
Кейин ҳар эҳтимолга қарши гапни узоқроқдан бошлади:– Ўзингга ўхшаган чиройли, хушқомат экан. Овозиям, кулишлариям қўнғироқдек… Чаманки синглисидан гап очдими, демак, ўртада қандайдир нохушлик борлигини юраги сезган Санжарнинг жаҳли қўзғади:
– Похол солмай гапир! Қаерда кўрдинг уни?!
Чаман бир зум жимиб қолди-да, кейин ёрилишга мажбур бўлди: – Уч-тўрт кун бурун Хумор деган қизминан бизникига келишувди. Худо ҳаққи, сени синглинг эканлигини мен бугун билиб қолдим…
Санжар гап қаерга бориб қадалаётганини шу заҳотиёқ тушуниб етди. У энди Чаманнинг ҳойнаҳой бўлиб ўтган қандайдир нохуш воқеани батафсил сўзлаб беришини истамади. Шу боис шошиброқ гапни чўрт кесди:
– Қани у?!
Чаман бир дам каловланиб қолди. Санжарга асосий гапни қандай қилиб тушунтиришни билолмасди. У фикрини йиғиб олиш ниятида дастурхондаги шишани қўлига олди. Пиёлага шошмасдан тўлдириб арақ қуяркан, Санжар тоқатсизланиб яна сўради:
– Қани у деяпман?!
Чаман энди ўзини қўлга олволиб, хотиржам гап бошлади:
– Кеча кечқурун, сен келишингдан уч-тўрт соат бурун даданг телефон қилувди. Иккита меҳмоним бор, қизлардан жўнат, деди. – Чаман арақ тўла пиёлани Санжарнинг олдига қўйди.– Мен жинни атайин қилгандек, Гуландом билан Хуморни жўнатибман.
Санжарнинг юзига қон кўпчиди.
– Кейин?
– Кейин… Қизлар ётиб қолишди.
– Нималар деяпсан? Анови ўз қизини танимаптими?!
Чаман энди қизларни Мумтознинг шопири олиб кетганини, Мумтоз уларни бугун саҳар чоғи, меҳмонлардан хабар олгани борганда кўргани-ю, кейин Гуландомни олиб қаёққадир жўнаб қолганини айтиб берди.
– Хуморни йўлда тушириб қолдирипти, – илова қилди у. – Гуландомни олиб қоламан деса, орқасига тепиб ҳайдапти!