Текст книги "Тахмина"
Автор книги: Солих Каххор
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 29 (всего у книги 34 страниц)
ХIII
Шаҳодат бону ҳаяжонда эди. Бугун эрталаб Тахмина унга қўнғироқ қилиб, агар маъқул топсангиз, соат ўн бирларда ҳузурингизда бўлишим мумкин, деди.
– Вой, сиз келаман дейсиз-у, мен йўқ дермидим, қизим. Неча кундирки, йўлингизга мунтазирман, – дея жавоб қилди Шаҳодат бону хушнудлик билан.
Бу пайт Иброҳим ҳожи дастурхондан эндигина туриб, кўча томон йўл олиш тараддудида эди. У хотинининг ким билан гаплашганини сезди. Шундай бўлса-да, турган жойида бир дам тўхтаб, ўз одатига кўра хилоф иш тутди:
– Ким экан у, онаси?
– Ўғлимиз айтган… Тахмина бону қўнғироқ қилдилар. Соат ўн бирларда ўтаман, дейишди.
Ҳожи тунов кун бу ташрифга ниҳоят розилик билдирганига қарамай, барибир ичида ижирғаниб қўйди. Бироқ хотинининг кўнглига боқиб ва унинг Тахмина билан учрашуви шояд яхшиликка буюрар, деган умидда ўз хижиллигини сездирмади.
– Яхши…– деб қўйди у юзаки мамнунлик оҳангида ва дастурхон йиғиштираётган жория холага буюрди: – Ҳамма нарса бинойидек бўлсин.
Шаҳодат хола эрига яна нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин унга боққанича ўйланиб қолди.
– Нима қилайин, бону, ишимга кетаверайми? – унинг кўнглидагини сезгандек сўради эр.
– Яхши бориб келинг, ҳожим, – хиёл паришонҳол жавоб қилди уй бекаси. – Мен… ҳув ҳалироқ бирров уйга бош суқиб, меҳмонга ақалли «хуш келибсиз», деб қўярмикинсиз, демоқчийдим, холос.
Иброҳим ҳожи хотинининг ёнига қайтиб омонатгина қўнди ва унинг бошидаги араби дуррани тўғрилаб қўйгандек бўлди-да, кейин бонунинг мунаввар чеҳрасига, яшнаб турган кўзларига меҳр билан боқди:
– Хоҳишингиз, бекам. Лекин янглишмасам, меҳмонингиз соат ўн бирларда ўтаман, деб мени уйда бўлмаслигимни атайин ҳисобга олгани аниқ. Демак, у мендан ийманади. Иккинчидан… Мен учун Тахминани бирров кўриб қўйишга асло ҳожат йўқдир. Биз ахир, уни келин қилиб олмоқ ниятида эмасмиз-ку.
Шаҳодат бону эрининг бу мулоҳазасидан беихтиёр хомуш тортди. Бироқ бу ҳолни у сиртига юқтирмасликка уриниб, вазмин сўз қотди:
– Биз Тахмина бонуни келин қилиб оламизми-йўқми, буёғи ҳали Оллоҳнинг ўзигагина аён. Лекин гап ҳозир даргоҳингизга ўғлимиз Ўктамбек суйган қизнинг меҳмонликка ташрифи устида боряпти.
Иброҳим ҳожи ўзининг Тахминага нисбатан кибр ва хусумат оҳангидаги гапи нозиктаъб хотинининг дилига оғирроқ ботганини дарҳол сезди. Шаҳодат бонунинг айниқса, «даргоҳимизга» эмас, «даргоҳингизга» дейишиданоқ «териси юпқа» ҳожи етарлича мулзам тортиб бўлди.
– Сиз ҳақсиз, бекам…– дейишдан ўзга чора йўқ эди ҳожи учун. У ўтирган жойидан аста қўзғаларкан, илова қилди:– Мен имкон қадар эртароқ қайтишга уриниб кўраман…
Бону эрига розилик маъносида аста бош ирғаб қўйди.
Шундай қилиб, ҳожи ишига чиқиб кетди. Жория хола у ёқ-бу ёқларни қайта супуриб-сидириб, ундан сўнг Шаҳодат бонунинг кийимларини алмаштиришга кўмаклашди.
…Тахмина ваъда қилинган соатда етиб келди. Ҳовли эшигидан кириб жория хола ҳамроҳлигида равоқ зинапояларидан малоҳат тўкиб юқорига кўтариларкан, уни кузатиб турган Шаҳодат бону лаб тишлаб қўйди:
– Ё раб, шунчалар чевармисан?
Ҳа. Инсон наслининг бу қадар бежирим, бу қадар кўҳли ва малоҳатли бўлишини у энди кўриши эди. Шу тоб унинг тасаввурида бу қизнинг қиёфасини бирон даҳо мусаввир бор иқтидорини ишга солиб чизган-да, кейин шу сувратга жон ато этиб қўйилгандек туюлди. Дунёда том маъноси билан чиройлилар кам эмас. Бироқ, ҳар бир қиз, ҳар бир аёл ҳам Оллоҳ марҳамати билан ўзида жо этилган ҳуснни, гўзалликни етарлича намоён этолмайди, уни муносиб қадрлай олмайди. Ўз йўлида буюк неъмат ҳисобланган бу бойлигини кўплар шафқатсиз исроф этиб, ундан бевақт маҳрум бўладилар ёхуд ўзлари билиб-билмаган ҳолда унинг шавқу нашидаларидан, файзу кароматларидан бебаҳра яшаб ўтаверадилар.
Тахмина ўзига беназир ҳусн насиб этганини яхши билади. Бу бойлигини у асраб-авайлайди, қадрлайди, у билан ғурурланиб яшайди. Бироқ ҳар қанча ҳусну чирой ҳам бошқалар томонидан эътироф этилиб, қадрланган тақдирдагина мавқе нишонига эга бўлади. Олқишу таҳсинлар, иззату икромлар, алоҳида эътибор ва ҳарорат гул танасига югурган шарбатдай унинг малоҳати ва тароватини сақлаб, яна ошириб бориши ҳам табиий ҳол экан. Тахмина ортда қолган умр сўқмоқларида не-не хўрликлар ва ёввойи кечмишларга дуч келганига қарамай, барибир ўзини сақлаб қололди. Кейинги қатор йиллар ичида эса, бу ғаройиб хилқат янада тўлишиб, очилиб, яшнаб, чиндан ҳам кўзларни куйдирувчи оловли жозиба касб этганди.
Тахмина равоқда устки кийимни ечиб, янаям ловуллаб-яшнаб, Шаҳодат бону томон худди эски қадрдонлардек чароғон чеҳрада яқинлашди.
– Ассалому алайкум, хоним.
Равоқ деразасига тиркалган катнинг бир томонида парқув болишларига суяб қўйилган, фаришталардек бўлиб ўтирган мунаввар чеҳрали Шаҳодат бону соҳибжамол ёш хонимга ҳаяжон билан қучоқ очди:
– Ваалайкум ассалом, қизим. Қани, берироқ келинг. Мен сиз билан дурустроқ кўришиб олайин. Илоҳо, кўз тегмасин.
Тахмина ҳечам ийманмай, мўътабар онани қучоқлаб, унинг иссиқ ва жаннати бўй таратиб турган кўксига бош қўяркан, «Илоҳо кўз тегмасин», деган сўзлари шу тоб ўз онасини, ўз онаси Хуршиданинг бир вақтлар: «Илоҳо, ёмон кўзлардан ўзинг асра», деган илтижосини эслатди. Кўзларида беихтиёр ёш ҳалқалагандай бўлди.
– Қани, дурустроқ ўтиринг, болам, – Шаҳодат бону унга ўз ёнидан жой кўрсатди. – Хайрият, йўлингизга интиқ эдим. Мана, сизни кўрмоқ ҳам насиб этди.
Тахмина сезиларли хижолат тафтида рўмолчасини юз-кўзларига майин-майин босиб қўяркан, қаршисида унга мулойим боқиб турган, илтифотли хонимга жавобан бир дам нима дейишини билолмай қолди. – Мен… менам сизни кўрмоққа муштоқ эдим, хоним,–деди ниҳоят ўзини қўлга олиб.– Қулай фурсатни кутиб, вақтни чўздим чоғи…
Аслида, Тахмина Шаҳодат бонунинг хастадил ва ногиронлиги, унинг шахсан ўзи қўнғироқ қилиб уйига таклиф этганлиги ва боз устига, Ўктамбекнинг ҳам қистовларини ҳисобга олиб, ниҳоят бу даргоҳга ташриф буюришга розилик бериб қўювди. Розилик беришга берди-ю, кейин ўзича пушаймон еди. Хўш, мен у ерга нима деб бораман? Мени кўриб қўйинглар, ёқаманми-йўқми, дейиш учунми? Ёки бўлмаса, марҳамат қидирибми? Ёинки, мен ўғлингизга тегмайман, хотиржам бўлинглар, деб қўйиш учунми? Шундай мулоҳазалар Тахминани қийнашига қарамай, юрак амрига қарши юрмакнинг иложи йўқ экан. Севги деган нарса инсонни ҳамиша олдинга чорларкан, умид ва ишонч манзиллари сари етакларкан…
– Муҳими, ўз сўзингиз устидан чиқдингиз. Хуш келибсиз.– Шаҳодат бону эътиборли меҳмонга меҳрибонлик кўрсатаркан, унинг кўзларидан ҳозиргина қалқиб ўтган бир лаҳзалик ёшни назаридан қочирмади. «Меҳрга муштоқ кўринади, – хаёлдан ўтказди у. – Кўзига ёш келдими, демак, дийдаси қаттиқ эмас».
Таомилга кўра, қисқагина ҳол-аҳвол сўрашдилар. Шаҳодат бону ундан ишлари қандай бораётгани, шаҳарнинг қаерида яшаши ва шунга ўхшаш умумий нарсаларни сўраган бўлди, холос. Қолган гаплар суҳбатимиз асносида маълум бўлиб қолар, деган мулоҳазага борди. Тахмина ҳам Шаҳодат бонудан унинг кайфияти (соғлиғини сўрашга ботинолмади), «уй ичлари» билан қандай ўтиришганини сўраб қўйишдан нарига ўтолмади. У ҳадикда эди: «Ўғли билан яқин алоқада бўлган, яккаю ёлғиз Ўктамбегининг бахтига зомин бўлиб турган қиздан: «Сен асли кимсан, насл-насабинг ким, кимларинг бор?» – деб сўраб қолмасмикин? Бу саволларни беришга қаршисида ўтирган ана шу аёлнинг, онанинг ҳаққи бор-ку, ахир! Бироқ бу аёл анчайин одамохун ва андишали кўринади. Шаҳодат бонунинг вужудидан, юз-кўзларидан самимият, меҳру мурувват ёлқинлари аксланиб турипти.
Не ажабки, ана шу ёлқинлар пойида табиатан сергак, ўжар ва мағрур, ҳадеганда унча-мунча сеҳр ришталарига ўралашиб қолмайдиган Тахмина ногоҳ ўзини мудроқ ва ожиз, гўё кўчадан ҳориб-чарчаб қайтиб, бир дамлик ором домига чўкаётган ўйинқароқ боладек бемажол ҳис эта бошлади.
Тахминани шу тоб сезиларли даражада эсанкиратиб, унинг хаёлини пароканда қила бошлаган, ўзида аллақандай ўнғайсизлик, хижолат ва ийманиш ҳиссини туғдираётган яна бир нарса – Шаҳодат бону қиёфасидаги кутилмаган салобат ҳамда мунавварликдан, мўътабар ва зукко Онанинг ажабтовур мунислиги ва меҳрибонлигидан эди.
Тахмина ўз ҳаётида ҳеч қачон бунчалар хушсуврат, бунчалар ботамкин ва бамаъни, ширинсўз ва мулойим аёлга дуч келмаган. Оналар шунчаям чиройли, шунчаям улуғ бўладиларми?! Нега мен буни ўз онамда кўрмаганман? Менинг ҳам онам чиройли бўлган. Бироқ унинг ҳусни, ўзи ёш бўлса-да, нега ана шу кекса ва бемор онанинг ҳусничалик ёниб турмаган? Бу аёл умримда кўрмаган мунчалар гўзалликни қаердан олдийкин…
– Ўктамбегимиз кечаси алламаҳалда Америкадан тилпон қилди, – гапни асосий мавзуга кўчирди уй бекаси. – Қизиқ. Узоқ йўлни босиб борган одамсан, ётиб дамингни олиб, эрталаб бемалол қўнғироқ қилсанг бўлмасмиди, дебман. Боласи тушмагур кулиб-кулиб, ойижон, бу ерда аллақачон тонг отган, дейди. Қаричилик, хаёлимдан кўтарилипти, деб ўзим ҳам ўз устимдан кулволдим.
Шаҳодат бонунинг «Ўктамбек» эмас, «Ўктамбегимиз» дейишида жон борлигини ва бу билан атайин: «Унга сенинг ҳам ҳаққинг бор», деган маънога ишора қилиш орқали Тахминанинг алланечук паришонлиги ва безовталигига хотима бериш ва унинг кайфиятини кўтармоқчи эканлиги ўз-ўзидан маълум эди.
Тахмина уй бекасининг бу гапга яна ниманидир илова қилиш нияти борлигини ҳис этиб, жим ўтира қолди.
– Ўктамбек, бугун-эрта Тахмина бону бизникига ўтиб қолади, яхшилаб танишиб олинглар деб ҳам қўйди…
Тахмина ҳам гапни гапга улаб, «Бек акамлар менгаям қўнғироқ қилдилар» демоқчи бўлди-ю, лекин дарҳол ўзини тутди: «Буниси одобдан эмас». Бироқ Шаҳодат бонунинг гапларига муносабат билдириб қўйиш лозимлигидан, энди ўзини эркинроқ тутиб деди:
– Мен сиздан… бунчалик илтифотлар кутмагандим, хоним…
– Аксинча, мендайин бир нотавон бандасининг қошига ташриф буюриб, ўзингиз жуда катта илтифот кўрсатдингиз. Сизга минг раҳмат, асал қизим.
Шу пайт жория хола олдиндан тузаб қўйилган мўъжазгина дастурхонга чой келтирди. Эндигина пиёлага қуйиб қайтармоқчи бўлганда, Тахмина «Мен ўзим» дегандай, уни қўлидан тутиб тўхтатди. Хизматкор аёл уй бекасига қараб қўювдики, у «маъқул» маъносида хиёл ишора берди ва: «Яхши, корандачиликни билмаскан», деган фикрни кечирди.
Тахмина чойни ҳафсала билан қайтарди. Кейин иккита пиёлага оз-оздан қуйиб, бирини Шаҳодат бонуга узатди.
– Марҳамат, хоним.
– Баракалла, қизим, ўзингиз ҳам ичинг. Анави ширинликлар ҳам кўз кўрдига қўйилмаган, тотиниб ўтиринг.
Шаҳодат бону ёш хонимнинг дид билан кийинишига эътибор бериб қўйди. Унинг ўзига қуйиб қўйгандек чиройли либосидан тортиб унчалик кўзга ташланмайдиган меъёрдаги бежирим, бироқ қимматбаҳо тақинчоқларига ҳавас билан разм солиб ўтди: «Табиатида ҳавойилик йўқ, дидиям чакки эмас. Фаросатли, камтар кўринади», хаёлдан кечирдиу. – Дарвоқе, кечагина қўшнимиз бир гап топиб келди, – мулоқотга жон киргизди Шаҳодатбону. – Қудаси яшайдиган аллақайси маҳаллада бир ғариб ва касалманд жувон оламдан ўтипти. Эри номардлик қилиб ташлаб кетган экан…
Тахмина гап ким ҳақида бораётганини сезди. Бироқ ўзини ҳеч нимадан хабарсиздек тутиб, уй бекасининг дилбар жамоли ва овозига маҳлиё ҳолда ўтираверди.
– Ана шу бечорага Тахмина бону ғамхўрлик кўрсатиб келаркан, энди эса унинг дафн харажатларини кўтариб, ҳатто етим қолган норасидасини ўз тарбиясига олипти, деган гап юриптимиш шаҳарда. Шу тўғрими, бону?
Тахмина аллақайси маҳаллада бўлиб ўтган воқеа аллақачон шаҳарга ёйилганидан ичида ажабланиб қўйди, албатта.
– Ҳа… –деди у уй бекасига жавобан. – Лекин дафн харажатларини маҳалланинг ўзи кўтарди. Мендан… оз-моз олишди, холос. Ўғилчаси Акмалжон меникида яшаяпти. Мен бу оила билан илгаридан таниш эдим, хоним.
– Ҳарҳолда олижаноб иш тутибсиз. Айниқса, етим асраганнинг савобига нима етсин. Аллоҳ етим боланинг бошини силаган бандам билан жаннатда бирга бўламан, деган,– Шаҳодат бону шундай дея қўлидаги чойдан бир ҳўплаб, пиёлани олдига қўйди-да, кейин вазминлик билан сўзида давом этди: – Қизим, айбга буюрмайсиз. Турмушингизда фарзанд бўлмаган экан, мана энди шу боланинг шарофати билан, худо хоҳласа, ували-жували бўлиб кетишингизга имоним комил.
Тахмина сергак тортди. Бир кўнгли қалб жароҳатларида оғриқ қўзғовчи бундайин гапларга изн бермаслик учун суҳбат ипини тезроқ узиб, бу хонадонни тарк этмоққа ҳам чоғланди. Бироқ Шаҳодат бонудаги самимият руҳи уни тутиб қолди. Бу аёлнинг менда хусумати йўқ, у мен билан чин кўнгилдан, фақат яхши ниятларда гаплашиб ўтирипти, деган фикр ҳам кечди хаёлидан.
– Раҳмат, хоним… – дея у бир дам сукутга толди. «Турмушингизда фарзанд бўлмаган экан…» деган гапга аниқлик киритиб қўйиш ниятида илова қилди: – Аслида… ёши катта бир одам билан тақдирим боғланиб қолганидан фарзанд топиш ниятида бўлмаганман. Ёшлигимда кечган бир бахтиқаролик асоратидан даволанишни ҳамон пайсалга солиб юрибман. Лекин бу борада кўнглим равшан, сиз айтмоқчи, увалижували бўлиб кетишга худодан умидим катта.
– Илоҳо, ниятингизга етинг, болам. Худойим ўзи суйган бандасининг чекига жуда кўп синовларни соларкан-да, кейин охирида унинг ҳаётини барокотларга тўлдириб ташларкан. Бунга ишонинг.
– Албатта, хоним,–Тахмина шу тоб Шаҳодат бону билан бугунги танишув вужудига аллақандай илиқлик бахш этиб, руҳиятига қанот боғлагандек, шикаста қалбида ҳаётга умид ва ишонч туйғуларини уйғотиб, жўштириб юборгандек ҳис этди ўзини.–Худойим дийдорингизга беҳуда еткурмади чоғи. Шояд бу башоратингиз рўёбга чиқиб кетса, хоним.
«Чакки эмас. Уқуви баланд. Гапларида мағз бор. Бундай қизлар адолатли иш тутадилар. Оила ва рўзғорни тўғри бошқариб кетадилар», кўнгилдан ўтказди Шаҳодат бону.
Айни чоғда уй бекасининг ҳам, Тахминанинг ҳам ўй-хаёлини: «Бугунги учрашувдан ният не эди?» – деган савол тарк этмай турарди. Тахмина бу мўътабар хонимнинг қанчалар софдил, кўнгилчан, мулойим ва андишали эканлигидан қатъи назар, барибир Иброҳим ҳожининг фикру хулосасидан сўз очиб, «Сиз яхшисиз, лекин ўғлимизни тинч қўйинг», деган мулоҳазани бағоят пардали қилиб бўлса-да, ўртага қўйиши аниқ, деб ҳисобларди. Албатта, юқорида айтганимиздек, Тахмина бу даргоҳга ҳиммат қидириб келгани йўқ, унинг ҳар қандай саволга жавоби тайин… Шаҳодат бону эса ёнгинасида ўтирган мана шу паризод бойвуччанинг аслида покдил, хушфеъл ва ориятли, бироқ руҳан эзилган, яхшилик ва ёруғликка, меҳру муҳаббатга, ширин муомалага муҳтож бир ожиза эканлигини ҳис этиб турганидан кўнглидагини қай йўсинда очишни билолмас, унинг мажруҳ дилига озор етказиб қўйишдан ҳадикда эди. Ана шу андишалар боис Шаҳодат бону даромадни узоқроқдан олди: – Одамлар, одатда «фарзанд, фарзанд» дейишади-ю, бироқ бу неъматнинг қадри ва масъулиятини кўпинча тушуниб етмайдилар. Аввало, ҳеч бир бандаси Аллоҳнинг бу марҳаматидан бебаҳра қолмасин, бироқ туғиш ва кўпайиш жамики жонзотларга хос нарса. Фақат инсон ўз фарзандининг тақдири ва бахти олдида масъулдир.
Тахмина уй бекасининг муддаога ғоят эҳтиёткорлик ва устамонлик билан кираётганини ҳис этди. Ҳозир гап бориб, албатта, Ўктамбекка қадалади…
– Мана, биз ҳам озми-кўпми иккита фарзанднинг камолини кўрдик,–сўзида давом этди Шаҳодат бону. – Ўзига беадад шукр. Қизимизни ўқитиб-тарбиялаб, турмушга узатдик. Тушган жойидан, топган бахтидан кўнглимиз тўқ. Энди ҳамма гап Ўктамбегимиз устида турипти. Буям, мана, ақли солим бўлиб чиқди. Ўқишни тугаллаб, ишниям бошлаб олди. Буёғи…
Уй бекаси «буёғи»га шошмади. Пиёлани бўшатиб, Тахминага узатаркан, унга яна илтифот кўрсатиб қўйди:
– Дастурхонга қарашиб ўтиринг, болам. Сиз бугун менинг энг қадрли меҳмонимсиз…
Тахмина бу илтифот азбаройи кўнгил овлаш учун эмас, балки уй бекасининг чиндан ҳам самимийлиги ва кўнгли беғуборлигидан аксланганини, Шаҳодат бону уни шак-шубҳасиз руҳан тушуниб, англаб ва ўз ўрнида қадру қиммат кўрсатишни лозим топганлигидан ҳам ўртадаги тугунни бугун у узил-кесил ечиб юборолмаслигига кўзи етди. Демак, уй бекасига, уй бекасига эмас, балки олдида ўтирган мана шу эзгулик маликасига, қалби офтобдек қайноқ ва чароғон онага оз-моз бўлса-да, кўмаклашиб юбормоқ керак, деган қарорга келди.
– Хоним… Энди Ўктамбек акамларни ҳам уйли-жойли қилиб олсангизлар, ундан уёғига ҳар қандай масъулияту ташвишлардан халос топасизлар…
Ўртага бир дамлик ноқулай сукунат чўкди. Шаҳодат бону нигоҳини Тахминадан олиб қочди. Беихтиёр дераза оша ташқарига, ҳовли саҳнидаги фаввора кокилларидан яшнаб турган чаманзорга бироз тикилиб турди-да, кейин ботамкин оҳангда Тахминага сўз қотди:
– Одамзод энди армоним қолмади, ташвишларим қолмади, деган куни – ўлгани. У жисмонан яшаса-да, орзу-ҳавассиз, ташвишсиз, умидсиз ўтган умр умр эмас, қизим. Мана, кўриб турибсиз, не аҳволдалигимни. Олти йилдирки, оёқсизман. Болаларимнинг камолини, бахтини кўрсам, дейман. Эҳтимол, шу умид, шу ниятлар мени ўлимдан асраб турган бўлса.
Тахмина Шаҳодат бонунинг кўзлари намланганини сезиб, ичида хўрсиниб қўйди. «Бир кам дунё деганлари шу экан-да,– кўнглидан ўтказди у.– Бу аёлга осон тутиб бўлмайди. Уни тушуниш керак…»
– Сиз ҳали узо-оқ йиллар яшайсиз, хоним,– унга энди тасалли бермоқчи бўлди Тахмина.– Чунки, ўлим фақат ожиз, иродасиз одамлар билан озиқланаркан. Буни манга бир вақтлар тушимда аён бўлган бир авлиё ота айтганлар.
– Мен ўлимдан қўрқмайман. Энди бу ёғига биттаю битта ўғилгинамнинг жуфти ҳалолини, улардан бўлажак ширинтойлар жамолини кўрсам бўлгани.
Гап улови боз Ўктамбек томон йўл олганидан Тахминанинг юраги бир лаҳза беором уриб ўтди. «Ҳаммаси тушунарли, бекнинг менга уйланиши булар учун жуда катта бахтиқаролик кўринади. Тахминадан бошқага уйланмайман, деган бўлса, энди буларга кўнгилдаги орзулари ҳали-бери ушалмайдиган бўлиб туюляпти».
– Ниятингизга етинг, хоним. Тўйлар қилиб, меҳмонликка чорласангиз, хизматингизда бўлайин.
Шаҳодат бону енгил тортгандай бўлди:
– Албатта. Бу дунё фақат яхшилар билан обод. Ёруғлик кунлардаям, қоронғулик кунлардаям ҳар банданинг қанотида фақат яхшилар турсин,– Шаҳодат бону шу ерга келганда бир дам тин олиб, кейин илова қилди:– Зинҳор-базинҳор кўнглингизга олманг, қизим. Мен энди гапни очиқроқ айтишга мажбурман. Ўктамбегимизга бирон жойдан келинга бўлайлик, десак, розилик бермай келаётувди. Энди билсак, кўнгли сизда экан…
Тахмина ўзини қўлга олишга, сув бетига ниҳоят қалқиб чиққан муддаога босиқлик билан муносиб жавоб бермоқчи бўлди:
– Хоним, сиз асло хижолат чекманг. Ҳаммаси жойида бўлади. Мен бу ҳақда ҳожи отага ҳам, бек акамларга ҳам айтиб қўйганман. Тўғри, биз… бир-биримизни яхши кўрамиз. Лекин менда ўғлингизга турмушга чиқиш нияти йўқ. Кўнгилларинг тўқ бўлсин.
– Ундай деманг, қизим. Шундай ниятингиз бўлгандаям мен буни қораламайман. Сиз менга чинданам ёқиб қолдингиз. Юрагимга чўғ бўлиб кирдингиз. Гап ҳозир фақат…
– Ҳа, гап фақат биз бир-биримизга муносиб эмаслигимизда. Шундайми, хоним?
– Мен бундай демоқчи эмасман, қизим. Икковингиз бир-бирингизга жудаям моссиз. Лекин…
Шаҳодат бону ўз фикрини қандай қилиб бўлса-да, ётиғи ва мулойимлик билан тушунтиришга уринди.
– Гап бу ерда… ким нимани кўриб улгургани ёки улгурмагани устида боряпти, холос.
Тахмина аччиқ ютиниб қўйди. Бироқ ўзининг аламли ҳолатини уй бекасига сездирмасликка ҳаракат қилди.
–Мен буни тушунаман, хоним,–вазминлик билан оҳиста гап бошлади у.–Лекин сизларни фақат шугина эмас, балки менинг ёввойи ўтмишим, насл-насабимнинг урвоқлиги, аниқроғи, етимлигим ҳам чўчитиб турипти. Мабодо мени келинликка олган тақдирларингда, оғзига кучи етмайдиганлар орасида обрў-эътиборларингга путур етишидан қўрқасизлар. Лекин, менинг гуноҳим нимада, хоним? Ўғлингизни севиб қолганимдами? Севиб қолган бўлсам, бу менинг шахсий эрким, инсоний ҳуқуқим эмасми? Менинг ўз амримга бўйсунмаган қалбимни сизлар ўз ҳукмларингга бўйсундира олмайсизларку? Ёки бўлмаса, ҳамма айб ўғлингиз мени севиб қолганидами? Лекин мен унга ақл ўргатаётганим йўқ-ку? Олсанг ҳам оласан, олмасанг ҳам оласан, деб бўйнига осилиб олганим йўқ-ку? Шундай экан, мени бу ерга чорлашдан, гарданимга беҳуда таъна тошларини осишдан, мени руҳан эзишдан муддао не, хоним?
Шаҳодат бону саросималик билан ёнгинасида ўтирган Тахмина томон қўл чўзди. Унинг ёш тўла шаҳло кўзларини, бетларини, сочларини ўзининг ҳам кўзларида жиққа ёш билан майин-майин силади.
– Мени кечиринг, қизим. Кўнглингизга озор етган бўлса, минг бор тавба қилдим, болам…–У энди Тахминанинг бошини кўксига тортди.– Бешафқат тақдирлар қурсин, бешафқат удумлар қурсин… Ҳаётнинг бевош ва ҳавойи кўчаларида, аччиқ ва ситамли изғиринларида суяги қотган, ёлғонлар ва ноҳақликлар, зўравонлик ва худбинликлар оғусини симиравериб, аламзада бўлиб қолган, ҳар қандайин хўрлик олдида муросасиз, андишасиз ва шафқатсиз ўжар ва қатъиятли Тахмина ҳеч қачон ҳозиргидек аҳволга тушмаган эди. Ўкинч, деб аталмиш алам ситамини у ўз умрида бугунчалик чуқур туймаганди. Гўё ортда қолган ҳаётнинг барча аччиқ кечмишлари эндигина бир бутун дардга айланиб, ҳалокатли хуружга кирган-у, у энди ноҳақ ўлим ёхуд яна бир аянчли бахтиқароликдан ўзини асраб қолмоқ ниятида кўмак ва паноҳ, адолат, инсоний меҳр ва ҳарорат қидираётган ночор кимсадек эди.
Тахмина бир дам она кўксидан бош кўтаролмади.
Шаҳодат бонунинг қайноқ қалб ҳарорати унинг кўз ёшларини артиб, ўксик дилига таскин бахш этаётгандек эди. Она гўё эндигина йиғидан юпаниб, бағрида тўлиқиб, хўрсиниб тин олаётган боласининг бошини силаётгандек, Шаҳодат бону ҳам Тахминани ўзидан бўшатмай, ўкинч билан сўзида давом этди:
– Оллоҳ ожиза қулини ҳеч вақт ноумидликка солмасин. Мен сизга фақат яхшилик тилайман, қизим. Худойим бахтингизни берсин. Сизни бу ерга чорлашдан мақсадим, бўйнингизга маломат тошларини илиб чиқиш эмас. Балки болагинам кўнгил қўйган қизни бир кўриб, суҳбатини олсам, бирон-бир хулоса чиқарсам, ўзимнинг ҳам увишган юрагимга бир дам ҳарорат берсам, деган ниятда эдим, холос. Қани энди, оёқларим бут бўлганда, сизни асло уринтирмай, хижолатга қўймай, ўзим қанот чиқариб, ҳузурингизга кириб борган бўлмасмидим.
Тахмина ўзини ўнглаб олди. Шаҳодат бонуга нисбатан бироз дағаллик қилиб қўйганини ҳис этди ва хижолатомуз оҳангда: «Мени кечиринг, хоним. Табиатим ўзи шунақа, қўполроқман. Рост гапни андиша қилиб ўтирмай, дарровоқ бетга айтиб қўя қоламан…» – деди.
Шаҳодат бону Тахминанинг аслида ҳақ эканлигини, «Гап бу ерда ким нимани кўриб улгургани ёки улгурмагани устида боряпти», дея унинг жароҳатига туз сепиб қўйганини тушуниб турарди.
– Бу яхши хислат, қизим. Андиша ҳаммага ҳам ярашади,– деди у мулойимлик билан.–Мен сизга ҳозиргина… Гап бу ерда ким нимани кўриб улгургани ёки улгурмагани устида боряпти, деб қўйиб, ўзим хижолатда қолдим. Лекин аслида, мен бу билан сизни асло камситмоқчи эмасман. Шунчаки, сизни рўзғор кўрган, Ўктамбек эса ҳали уйланмаган йигит, деган андишага ишора қилган бўлдим, холос. Мен тушунаман, жуда яхши тушунаман, ўртада чинакам муҳаббат бўлса, бу йўлда ҳеч нима ғов бўлолмайди. Орадаги ҳар қандай муаммони фақат ўзларинг ёки бўлмаса биронталаринг адолат билан иш тутиб, ҳал этишларинг мумкин, холос.
– Худди шундай, хоним,– босиқлик билан гап қўшди Тахмина.–Муаммо бор, деб ҳисоблаган чоғингизда ҳам хотиржам бўлинг, ҳаммаси сиз умид қилган тарзда ҳал бўлади…
Тахмина шундан сўнг ўрнидан туришга уй бекасидан изн сўради. Бироқ Шаҳодат бону меҳмоннинг сезиларли даражада хомуш тортган гулгун чеҳрасига эътибор бериб, унинг кўнглини овламоқ ниятида яна бир дам ўтиришини илтимос қилди.
– Раҳмат, хоним. Насиб этса, яна учрашиб қолармиз.
– Сиздан умидим катта,–бугунги мулоқотга хулоса ясамоқчи бўлди Шаҳодат бону.–Ҳали айтганимдек, менга жудаям ёқиб қолдингиз. Оллоҳ Ўктамбек икковларингни тақдири насиб этган бўлса, бошқа начора… Мен бунга сираям ачинмайман. Аксинча, бизга фарзанд бўлиб қолишингиздан хурсанд бўламан, бунга ишонинг.
Тахмина Шаҳодат бонунинг кўзларига боқолмади. Бу аёл шу тоб унинг назарида дунёдаги жамики аёлларнинг аёли, дунёдаги жамики оналарнинг онаси, барчага баб-баравар меҳр улашувчи бир фаришта бўлиб туюлди. Бу аёлнинг, бу онанинг хоҳиш-иродасига қарши бориш–гуноҳи азим. Инсон фарзанди ўз онасига нисбатан ҳеч қачон хиёнат йўлини тутмайди. Ахир Шаҳодат бону Тахминани умрида биринчи бор кўриб тургани ва унинг кимлигидан хабардор бўла туриб, уни ўз меҳр оғушига тортди. Яккаю ёлғиз ўғлининг бахтидан кўра, Тахминадек кимсасиз ва бахтиқаро қизнинг бахтини, манфаатларини устун қўймоқда. Унинг инсоний ҳуқуқлари ва тақдирини деб ўз ҳаётини ҳовучлаб, асраб турган орзую умидларини поймол этмоқда!
Тахмина эндигина ўзи кашф этган ана шу мўътабар аёлнинг кўксига яна отилгиси, унинг бағрида умри бўйи тортган зардобу уқубатлари, изтироблари учун тўлиб-тошиб йиғлаб, кўнглини бўшатгиси, уни ўз фарзандидек пешонасини силагани учун унинг юз-кўзларидан тўйиб-тўйиб ўпиб олишга чоғланди-ю, бироқ бунга ботинолмади.
Тахмина равоқ зинапояларидан пастга томон шошилинч тушиб бораркан, ўтирган жойда уни алланечук меҳр ва ачиниш ҳисси билан кузатаётган Шаҳодат бону ичида: «Илоҳо бахтингни берсин…» – деб қўйди.