Текст книги "Тахмина"
Автор книги: Солих Каххор
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 28 (всего у книги 34 страниц)
XI
Истамнинг кўнгли ғаш эди: Тошкентда бирон-бир кутилмаган нохушлик рўй бермасмикин? «Оқ талқон» ва «махфий юк» масалаларида кўнгил ҳозирча тўқ, Кинг-Конг уларни сотмайди, у ишончли шерик. Бироқ Малланинг изидан тушишгани сезилиб турипти. Уни хорижга ўзи билан иш юритувчи сифатида бирга олиб кетгани яхши бўлди, лекин энди бу ёғи қандоқ бўларкин?
У сафарда бу ҳақда ўйламаган ва бунга вақти ҳам бўлмаганди.
Самолёт Тошкент аэропортига қўнмоқ учун пастлай бошларкан, одамларнинг юраги шувуллаб, ҳар ким ўз ўй-хаёли билан банд бўлиб қолган чоғда ҳам Истамни бу ҳадик тарк этмади. Бордию перронда уларни орган ходимлари кутиб турган бўлса-чи? Ишқилиб, шўрва катта қозонда қайнаб кетмаса бўлгани…
У чап ёнида қайиш белбоғини қорин устидан қаттиқ тортиб олиб, кўзларини чирт юмиб ўтирган Маллани тирсаги билан туртди:
– Кўзингни очсанг-чи?
– Бошим айланяпти, хўжайин.
– Ҳе, бошингга…
Малла кўзларини хиёл очиб, Истамга қиё боқиб қўйди.
– Тинчликми шеф?
– Сен билан пастда гаплашаман.
Малла йиллар давомида Истамнинг табиатига омухта бўлиб кетган. Унинг унча-мунча дағдағасига эътибор бермайди, ҳатто баъзан нима учун сўкаётганини суриштириб ҳам ўтирмайди. Ичида: «Сен яхши, сендан ит яхши», қабилида иш тутиб, ўз билганидан қолмай кетаверади. Шу боис ҳам Истамнинг ишончини қозониб олиб, неча йиллардирки «егани олдида, емагани кетида».
– Тўғри қиласиз, бой ота. Пастда гаплашганингиз яхши,– деди Малла унга жавобан, кўзларини қайта юмиб оларкан.
Уларни аэропортда Тошкентда қолган тансоқчиларидан бири кутиб олди. Истам атрофга зимдан олазарак назар ташлаб қўйди. Тинчликка ўхшайди…
Учовлон машинада икки бекатча йўл юришгач, ортда ўтирган Истам ҳайдовчи йигитга буюрди:
– Бирор овлоқроқ муюлишга кириб тўхтат.
Машина бир жойга бориб тўхтагач, Истам қўлидаги нақшинкор ҳассасининг учини олдинда ҳамон уйқусираб бораётган Малланинг елкасига қўйди:
– Сен шу ерда тушиб қоласан…
Малла орқасига кескин ўгирилиб, унга саволомуз боқди.
– Шу бугуноқ Фарғонага қайт. Мени уйда кут… – Истам шундай дея чўнтагидан тўрт-бешта юз долларлик чиқариб унинг қўлига тутди. – Қолган гапларни ўша ёқда гаплашамиз.
Бундай пайтлар Истамнинг буйруғи муҳокама қилинмайди, сўзсиз бажарилади. Шу боис ҳам Малла хўжайиннинг нечун бирданига бундай қарорга келиб қолганини сўраб турмади, итоаткорлик билан машинадан тушиб қолаверди.
Бироқ Истам ўзи мутлақо билмаган ҳолда, тақдир тақозоси билан Маллани қўшқўллаб уни «ов»лаб чиққанлар ихтиёрига топшириб қўйганидан ва шу билан энди ўзининг кўп йиллик «салтанати» тагига ҳам сув кетганидан бехабар эди…
* * *
Бойўғли қаердандир телефон қилди, «Малла қўлимизга тушди» деганда, Кинг-Конг аввалига ишонқирамай турди. Чунки бу йигитнинг кўпроқ ичиб қўйган тақдирда гапга дўппи кийдириб юборадиган одати борлигини билади. Эҳтимол, Бойўғли «тушди эмас», «тушди ҳисоб» демоқчидир. Шу боис ҳам унга бўлган воқеани гапириб бер, деди.
– Сигнал тўғри чиқди. Бугун айтилган вақтда келишди. Кутиб олувчи бор эди. Изма-из юрдик. Бир жойга борганда тўхташиб, Маллани тушириб қолдиришди. Унга яқинлашиб, машинамга чиқариб олдик. Мен билан тунов куни ўртоқ бўлиб олгани учун бемалол чиқиб ўтирди. Фақат…
– Нима фақат?
– Бошига тушган бир муштдаёқ ўзидан кетган. Ҳалиям ўзига келгани йўқ.
– Ким урди?
– Медведь.
Кинг-Конг бир дам бошини қашиб қолди-да, кейин яна сўради: – Қаердасизлар?
– Омборхонада.
– Бошига урмаслик керак эди. Мияси айнигудек бўлса, жазодан қутулиб қолади. Шунга фаҳмларинг етмадими?! Дарҳол ўзига келтиринглар. Устунга боғлаб қўйиб гапиртиринглар. Қон чиқмас жойларини мўлжалга олларинг.
– Айбини бўйнига олса бўлдими?..
– Йўқ! Ҳаммасини айтиб берсин. Овозини ёзиб қўйларинг. Бизнинг вазифамиз гуноҳини аниқлаб олиш билан тугамайди. Қилмишига яраша жазосини ҳам бериш. Шунга келишилган.
– У ҳолда…
– Йўқ, ҳозирча нафас олиб турсин.
Кинг-Конг энди бу ёғига қандай иш тутиш лозимлиги устида бош қотириб қолди. Шундай қилиб, бугун Малла тилга киради… Акмал ким томонидан ва нима мақсадда ўлдирилгани аниқ бўлади. Хўш, ундан кейин-чи? Топшириқ «қонга – қон, жонга – жон» йўсинида берилган. Табиийки, қотилликни биргина Малланинг ўзи амалга оширмаган. Демак, неча киши қатнашган бўлса, ҳаммасини даф этиш керакми? Тўхта, бунисидан мен ҳеч нима ютмайман, аксинча, ўзимни барбод қилиб қўйишим мумкин. Аввал ўйлаганимдек, йўлини қилиб органга оширилса, ана ўшанда мен омон қолиб, қотиллар ўз жазосини топиб кетаверади. Лекин мен қандай қилиб орган билан боғлана олишим мумкин? Бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон. Барибир чеккасига мениям илаштириб кетишлари ҳеч гапмас.
У ўйлай-ўйлай шундай қарорга келди: бугун у Малла билан «кўнгилдагидек гаплашилгач», Марказ топшириғини расман бажарган бўлади, албатта. Лекин уни органга топшириш вазифасини бевосита Тахминанинг ўзига юкласак-чи? Тахминанинг мавқеи катта, унинг маъмурий идораларда танишлари кўп. Тахмина аралашдими бу ишга, тамом, Кинг-Конг бир четда қолаверади.
Ана шу хаёлда у Тахмина билан телефонда боғланиб, «Биттасини қопқонга туширдик. Бугун у билан ўзимиз гаплашиб оламиз», деди. Тахмина бир дам жимиб қолди. Кутилмаган бу хабар Тахминани эсанкиратиб қўйди. Нуқул: «Наҳот?!», «Наҳот?!», дерди у.
– Худди шундай, хоним. Айби бўйнига қўйилгач, уни яхшиси, органга топширган маъқул, деб ҳисоблайман. Ҳозир ўзбошимчалик қиладиган замон эмас. Иккинчидан, қонуннинг ўзи қотилларни сиз хумордан чиқар даражада жазолаб беради…
– Яхши, Бойтўра жаноблари. Фикрингизга қўшиламан,–деди у ниҳоят.–Мен учун энг муҳими, ҳақиқатнинг юзага чиқиши! Акмалнинг қотиллари ўз жазоларини тортганини кўрсам, аламим совурмикин, дейман. – Буниси аниқ, хоним.
– Демак, гап бундай: Йигитларингизга тайинланг, ўлдириб-ла қўйишмасин. Буёғини керакли жойга ўзим етқизаман. Албатта, сизга гап тегмайдиган қилиб…
– Мени тўғри тушунганингиз учун раҳмат, хоним.
Кинг-Конг гўшакни жойига қўйиб, эндигина сигарет тутатмоқчи бўлиб турувдики, кутилмаганда эшик ланг очилиб, ичкарига бир қучоқ гул кўтарганча соқов аёл кириб келди. У тошдек қотиб қолган хўжайинга бир-икки оғиз нимадир «деган» бўлди-да, кейин унга орқа ўтирганча тўғри бориб гулдондаги гулларни янгисига алмаштира бошлади. Миясига қон қуюлар даражада титраб-қақшаб, Кинг-Конг яна бор овоз билан қичқирди:
– Шову-ул!!!
Бу қичқириқдан ўтакаси ёрилай деб Шовул ва унинг кетидан Любаша чопиб киришди ичкарига.
– Мен қачон қутуламан бу аёлдан?! Қачо-он?! Ким уни менга гул алмаштирадиган қилиб тайинлади, ки-им?!
Аввалги бир даста гулни кўксига маҳкам босиб олган соқов аёл хўжайиннинг важоҳати ва қилиғини кўриб: «Бу одам жинни бўпти», деган маънода битта бармоғини пешонасининг чаккасига эзғилаб қўйди-да, ўзини ташқарига урди. Кинг-Конг уни қувиб чиқди, лекин подъезд зинапоясида турган кимнингдир пақирига қоқилиб кетиб, пастга оёғи осмондан бўлиб йиқилиб тушди.
Айниқса, ёнгинадаги қумлоқ майдончада ўйнашаётган болалар учун бу завқли томоша унчалик узоққа чўзилмади. Кинг-Конгни Шовул билан Любаша икки қўлтиғидан тутишганча ичкарига олиб кириб кетишди. Маълумки, ҳаёт тасодифларга бой. Кинг-Конг учун сира кутилмаган жиддий тасодиф–ўша куни кечки пайт, у Малла сақланаётган омборхонадан эндигина қайтиб келиб, Любаша қуйиб берган бир пиёла коньякни симириб турганда рўй берди.
Телефон жиринглаб қолди:
– «Олтин соққа» фирмасими? – эркак кишининг овози эшитилди. – Ҳа, шундай. Фирма бошлиғи Бойтўра Жонтўраев эшитади.
– Жуда яхши. Ички ишлар бошқармасидан қўнғироқ қиляпмиз. Коррупцияга қарши кураш бўлимидан. Еттинчи кабинетга бирров келиб кетсангиз. Навбатчи капитан Каримовман.
– Қачон?.. – ранги оқариб сўради Кинг-Конг.
– Қачон бўларди, ҳозир-да. Ярим соатдан сўнг сизни дарвоза олдида кутиб олишади.
– Ахир… ҳозир кеч бўлмадими?
– Биз кечаю кундуз ишлаймиз. Гапни кўпайтирманг. Ёки машина жўнатиб, олдириб келайми?
– Йўқ, йўқ. Ҳозироқ етиб бораман, – Кинг-Конг шундай дея гўшакни жойига қўйди-да, бир дам бошини ушлаганча ўтириб қолди. Кейин шоша-пиша Тахминага қўнғироқ қилиб, уни воқеадан хабардор қилди: «Нега чақиришяпти, билолмаяпман», деди.
… Ногоҳ Кинг-Конгнинг кўз олдида Малла билан боғлиқ бугунги тафсилотлар жонланди. Хабар топишдимикин? У ҳолда, агар Маллани менинг даргоҳимдан олиб кетадиган бўлишса, «умумий дело»га барибир бизни ҳам тиркашади. Озгинагина кавла-кавла биланоқ кўпгина ишлар очилиб кетиши эҳтимолдан узоқ эмас. Албатта, Тахминанинг: «Сизга гап тегмайдиган қилиб…», деган жойи бор. Бироқ у Кинг-Конгнинг Малла масаласидан бўлак «чечак очиб» қўйиши мумкин бўлган қанчадан-қанча «пучак»лари учун кафолат беролмайди-ку? Боз устига, Маллани бу ёқда бир халта гўштга айлантириб қўйган бўлишса. Ижрочилар уни сираям қийнаб ўтирмай, пўстагини шундоққина қоқиб қўя қолишибди. Лекин қон чиққан жойи йўқ, нимаики бўлган бўлса бариси ичида… Узоққа бормаслиги аниқ. Зўрға нафас оляпти, овози ўчган…
Устунга тортилган Малла ўзи томон яқинлашиб келаётган важоҳатли Кинг-Конгни кўриб, базўр ингради: – Урманг…
– Уриш ҳам гапми…–Кинг-Конг Малланинг иягидан тутиб, унинг шилқиллаб турган бошини бироз кўтарди-да, хира парда тортиб қолган қонталаш кўзларига ғазабнок тикилди: –Мен сени бурдабурда қилиб ғажиб ташлайман. Қани айт-чи, Акмални ўлдиришга ким топшириқ берувди?!
– Айтдим-ку… Истам…
– Нима учун, биласанми?
– Тахмина…
Кинг-Конг унинг чоти аралаш бир тепувдики, Малла аянчли инграганча, кейин «тинчиб» қолди. Шундан сўнг хўжайин йигитларига Маллани устундан ечиб, уёқ-буёғини тартибга келтириб қўйишни ва овқат-повқат беришни, бироқ назоратни қаттиқ тутиб туришни буюриб, ортига қайтувди. Тахмина нечукдир хотиржам оҳангда уни тинчлантирган бўлди: – Асло ташвиш тортманг, Бойтўра жаноблари. Бемалол бораверинг… Кинг-Конг уни тушунди, тасалли топди. Бамайлихотир плашию шляпасини кийиб, ташқарига индамай йўл оларкан, бугун уникига бирга кетиши лозим бўлган Любаша ҳайрон бўлиб сўради:
– Қаёққа? Мен-чи?
Кинг-Конг қизга ярим ўгирилиб, ночор жавоб қайтарди:
– Бугун сени хурсанд қилолмайман. Уйингга бор, капалагим.
Кинг-Конг Тахминанинг гапидан таскин топгани билан, ичида барибир таҳлика бор эди. «Қайси масалада? Қайтиб чиқиб келармикинман?» Бу саволлар унинг миясида чарх уриб турарди. Аслида эса, гап бошқа ёқда эди. Бугун Кинг-Конг йигитлари қўлга олишган Малла улар учун фақат Акмалнинг қотилларидан бири сифатида гумондор ҳисобланса, қидирув ходимлари учун биргина бу эмас, балки наркобизнес ва четдан қурол-яроғ импорти бўйича йирик ишни очишда калит вазифасини бажариши мумкин бўлган шахс ҳисобланарди. Шу боис, Истам ва Кинг-Конг гуруҳларини қўлга олиш бўйича ишлаб чиқилган операцияга бугунги маълумотлар асосида айрим ўзгаришлар киритилди. Махсус гуруҳ энди бевосита Кинг-Конг ва Малланинг ёрдамида иш кўрадиган бўлганди…
Еттинчи кабинетда майор ва иккита капитан бўлиб, улардан бири биз билган Аваз Ҳожиболаев эди. Кейинроқ фуқаро кийимида яна бир киши – ўзимизга таниш Маҳмуд Имонович кириб ўтирди. Лекин у суҳбатнинг охиригача гапга аралашмади.
Майор, деганимиз қадди расо ва савағичдек озғин киши бўлиб, сигаретни деярли бир-бирига улаб чекаркан, ўзини Мироқил Мирзаев, деб таништирди. Олдин «Олтин соққа» фирмаси ҳаётидан ул-бул нарсаларни хотиржам суриштирган бўлди-да, кейин асосий гапга ўтди: – Сен ҳақингда жуда кўп нарсаларни биламиз, Бойтўра. Бахтингга замонлар ўзгариб, кўп нарса қор тагида қолиб кетди. Лекин сен ношукр бандасан. Наркобизнес, валюта ва фаҳш бозори… Тўғри, катта занжирнинг битта ҳалқасисан, ажралиб чиқолмайсан.
– Кечирасиз, менга қўйилаётган айбларингиз асоссиз, деб ҳисоблайман, – унинг сўзларини бўлди Кинг-Конг.
– Биз ҳеч қачон асоссиз гапирмаймиз, – қўшимча қилди майор ва олдидаги микрофонга деди: – Кассеталарни келтиринг!
Шу чоғ ичкарига… Кинг-Конг тошдай қотиб қолди: катта лейтенант формасида, сочларини бошқача турмаклаб, зеб-оройишини ўрнига қўйган, чиройликкина бўлиб олган ўша… ҳа, ўша жувон, гулдондаги гулларни алмаштиравериб Кинг-Конгни хуноб қилган «соқов аёл» кириб келди! У анграйиб қолган Кинг-Конгдан сўради:
– Танидингми, хўжайин?..
Ўтирганларнинг барчаси ҳам ўзларича мийиқларида кулиб қўйишди. – Дилшода, кассеталардан биронтасини, агар Кинг-Конг истаса, ҳаммасини қўйиб беринг, – деди майор унга бурчакда турган магнитофонга ишора қилиб.
Дилшода кассеталардан бирини жонлантирди. Унда Кинг-Конг билан Истам ўртасида «оқ талқон» ҳақида гап борар эди.
– Порошок бор, эллик пачка…
– Маъқул, оламиз…
– Ўтган сафаргидан қолган ўттиз минг «кўкатни» ҳам олиб қайтмоқчиман…
– Гап йўқ…
– Бас, жуда яхши ишлабсан…–деди Кинг-Конг Дилшодага заҳархандалик билан.
Дилшода майорга боқувдики, у қўли билан «тўхтат» ишорасини қилди ва Кинг-Конгга қараб сўзида давом этди:
– Бизга «Тошкентга келтиришлари лозим бўлган юк» ҳақида ҳам, Малланинг қўлга олинганлиги ҳақида ҳам барча нарсалар маълум.
Кинг-Конг бошини чангаллаб қолди. Умр бўйи жиноят оламининг учига чиққан устакорлари билан бирга яшаб, бирга иш олиб борган одамнинг келиб-келиб Тошкентнинг оддий бир милиция ходимаси қўлига, аёл кишининг тузоғига тушиб ўтиргани унга жудаям алам қилди. Демак, қарибман, миям суюла бошлапти, кўнглидан ўтказди у.
– Бироқ шуларга қарамай, сен қурол-яроғ масаласида Истамга айтган гапинг эътиборга лойиқ, деб ҳисоблаймиз,–майор Мирзаев Кинг-Конгга яқин келиб, унинг қаршисига ўтирди.–Аввало, шуни билиб қўйки, сенинг устингдан жиноий иш қўзғаш учун бизда ҳамма асослар етарлидир. Ҳеч бўлмаганда, шу кунларда Истам билан ўртангизда амалга ошажак олди-сотти чоғидаги ашёвий далиллар асосида… Лекин биз сени янги жиноятдан асраб қоляпмиз, эскиларига кўз юмяпмиз. Шу одам энди бу ёғига тинчгина яшасин, деган мақсадда сени огоҳлантириб қўймоқчи бўляпмиз…
Кинг-Конг ичида енгил тортиб, сохта томоқ қириб қўйди.
– Раҳмат. Бундан кейин айтганингиз бўлади…
Майор Мирзаев шундан сўнг бир дам тин олиб, шерикларига зимдан бирма-бир нигоҳ ташлаб чиқди. Уларнинг маъқул ишорасини олгач, бир четда буйруқ кутиб турган Дилшодага «чиқиб кетавер» ишорасини қилди-да, кейин яна Кинг-Конгга юзланди:
– Бундан кейин бизнинг айтганимиз бўладиган бўлса, у ҳолда қулоқ сол. Бугундан бошлаб биз билан… ҳамкорлик қиласан.
– Ҳамкорлик?–кутилмаган бу таклифдан ажабланиб сўради Кинг-Конг.
– Ҳа, ҳамкорлик. Хўш, маъқулми? Ёки…
Кинг-Конг таклифни қабул қилишга ноилож рози бўлди ва «Мен… нима иш қилишим керак?» – деб сўради.
– Сен шошма, – майор Мирзаев шундай дея шерикларига боқди. – Ана энди сизлар тушунтиринглар…
Капитанлардан Жалилов дегани ўзи ўтирган стулни Кинг-Конгга яқинроқ суриб, сўз қотди:
–Ўзингга маълум, Истам бугун хориждан қайтиб келди. У эртаиндин албатта сен билан боғланади. Порошокни ундан сотиб оласан. Биз сенларни безовта қилмаймиз, фақат суратга оламиз.
– Ўзимнинг пулимга сотиб оламанми?
–Пулидан чўчима. Ўзимиз берамиз. Сотиб олгач, ашёвий далилни бизга топширасан.
– Яхши…
– Омадинг бор экан, Кинг-Конг,–гапга қўшилди Авазбек қовоқ уюб,–аслида, Истамга қўшиб сениям додингни бериб қўйиш керак эди ўзи…
Бир четда уларни диққат билан кузатиб ўтирган Маҳмуд Имонович, афтидан, ўз шогирдига «ўзингни бос» маъносида аста йўталиб қўйди. Кинг-Конг ёш капитанга зимдан назар ташлаб олди. «Дағал экан. Тошкентликка ўхшамайди», кўнглидан ўтказди у.
– Бу, бир. Иккинчи вазифа шуки, Истам билан мулоқотда: «Мен яна ўйлаб кўрдим. Махфий юкни қабул қилишга розиман, фақат мен истаганча ҳақ тўлайсан», дейсан,–сўзида давом этди капитан Жалилов.–Шундай қилгинки, Истамда ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмасин. У назарда тутаётган қурол-яроққа Тошкентгача йўл очиб берамиз…
– Бу масалада ким билан маслаҳатлашиб иш тутиш керак бўлади?сўради Кинг-Конг.
– Мен билан,–деди майор Мироқил Мирзаев.– Ўртада алоқачимиз бор. Яъни, Дилшода яна ўз фаррошлигига қайтади. Сен ҳеч нимани кўрмагансан, эшитмагансан, бу ерга келмагансан…
– Мен бу аёл билан бошқа кўришишни истамайман, – ғудранди Кинг-Конг. Ўтирганлар беихтиёр бир-бирларига маъноли боқишиб, зимдан кулиб қўйишди.
– Оз-моз сабр қиласан,–майор шундай дея сигарет тутатди, ўз сигаретидан Кинг-Конгни ҳам чектирди.
– Мен энди кетаверсам майлими?– ниҳоят енгил нафас олиб сўради Кинг-Конг.
– Ҳа, сенга рухсат. Фақат, капитан Ҳожиболаев ва яна иккита йигитларимиз ортингдан боришади. Маллани уларга топширасан… Кинг-Конгни ташқарига кузатиб қўйиш нечундир Дилшодага буюрилди. Улар бетон йўлакдан олдинма-кетин жимгина юриб боришаркан, Кинг-Конг оҳиста сўради:
– Қайси мактабда ўқигансан?
– Мелисаликками?
– Йўқ. Макру найрангларга.
Дилшода бир неча одим индамай бориб, кейин жавоб қайтарди: – Макру найранглар сенларда бўлади, Кинг-Конг. Бизники атиги хизматчилик. Сенлар шохида юрганда, бизлар баргида юришга мажбурмиз.
XII
– Сиз мени танимаяпсиз, Тахмина хоним…
Компьютерда нима биландир машғул Тахмина ўтирган жойида ярим ўгирилиб, «Мен яқин кишилари бўламан», дея Натальяни лақиллатиб кириб келган нотаниш ёш эркакка энди синчковроқ назар ташлади. Қаердадир кўргандек, лекин эслолмади.
– Кечирасиз, фол очиб ўтиришга фурсатим йўқ,–деди у яна машғулотида давом этиб.– Ўзингизни танитинг, менда нима ишингиз бор? – Мен… ҳозир сиз билан бирга яшаётган Акмалнинг дадаси бўламан. Анварман.
Тахмина ишини тўхтатиб, ўтирган курсисини ўзидан анча нарида қаққайиб турган Анвар томон бурди. Шу тоб хаёлида Анвар эмас, беморхона палатасида ўлим билан курашаётган чорасиз ва муштипар Дилдора-ю, унинг кўксига бош қўйиб қон қақшаётган Акмал пайдо бўлди.
… Ўша куни эрта тонгда қўнғироқ қилишди унга, Тахмина эндигина уйғониб, ёнида ширин ухлаб ётган Акмалга меҳр билан боқиб ётувди. – Навбатчи дўхтирман, хоним. Сиз билан хола гаплашадилар…
Тахминанинг кўнгли алланечук сесканиб, баданига совуқлик югургандек бўлди. Ишқилиб тинчлик бўлсин…
Меҳри хола телефонни олишга олди-ю, лекин «хоним…» деганича бошқа гапиролмай қолди. Ғира-шира йиғи эшитилди.
– Тинчликми, хола? Гапиринг. Дилдора қалай?
– Бўлмади…
– Қачон?
– Бомдод чоғи.
– Нега хабар бермадингиз?
– Безовта қилгим келмади…
Тахмина боланинг устини дурустроқ ёпиб қўйиб, кейин апилтапил ювиниб-кийинди. Дуся кампирни чақириб чиқиб: «Мен бир жойга кетяпман. Акмал тўйиб ухлайверсин, кейин нонуштасини қилдириб, ўзим келгунча уни овунтириб тургин», деб тайинлади.
Бош дўхтирдан тортиб оддий ҳамшираларгача Тахмина хоним олдида Дилдоранинг ўлими учун гўё мулзамлик чекаётгандек уни хомуш кутиб олдилар.
– Иложи бўлмади, хоним… – деди шифокор унинг қаршисида бош эгиб. – Таъзиямизни қабул этинг.
Тахмина унга жавобан ҳеч нима деёлмади. Кўзларидан тўхтовсиз ёш қуюлиб, Меҳри хола билан биргаликда ташқарига чиқишди. Олдинда Ҳаётнинг машинаси, унинг ортида «Тиббий тез ёрдам» Акмалларнинг ҳувиллаб ётган уйлари томон йўл олишди.
Ўзбекнинг маҳалласи… Тўй ёхуд ўлим бор жойга ҳамма йиғилади. Етти ёшдан етмишгача. Ундайи ҳам, бундайи ҳам. Маърака эгаси билан кечагина ҳатто жиққамушт бўлган одам ҳам бош эгиб кириб келади унинг хонадонига. Бундай кунларда гина-кудуратлар унутилади, кўнгилларда меҳру шафқат, оқибат ва мурувват чечаклари уйғонади. Ўзбекчалик танти ва соддадил, кўнгилчан ва мурувватлиси кам бўлса керак дунёда. Тўйга келса – тўй ўзиники, азага келса – азадор билан бирга туриб йиғлашади, бирга туриб ғам тортишади.
Тахмина ўз ҳаётида биринчи бор дафн маросимини ўтказиши эди. Ҳали беморхонадан қайта туриб, йўлда Меҳри холадан сўради: – Хола, бошим қотиб қолди. Энди нима қиламиз?
– Маҳалла-кўй бор, хоним. Ҳеч кимнинг ўлиги кўчада қолган эмас. – Акмални-чи? Унга қандай қилиб айтаман?
– Уни менга олиб келинг. Ўзим кўниктираман.
Гапга Ҳаёт аралашди:
– Ҳозирча билдирмай қўяверсак-чи?
– Йўқ, у билиши керак, – деди Меҳри хола. – У ойисининг ўлигини кўрмаса, умр бўйи кўнгли совимайди, армонда ўтади…
Шу пайт Тахмина учун кутилмаган бир ҳол рўй берди: Меҳри хола чўнтагидан тўрт букланган бир қоғоз чиқариб, унга узатди.
– Бу сизга, хоним. Дилдора қолдириб кетди…
Тахмина қоғозни очиб кўрса, унда Дилдоранинг ўз ўғли Акмал тақдирини унга ихтиёрий равишда топширганлиги ёзилган ва нотариал идора томонидан тасдиқланган эди.
Тахмина ҳайратдан шамдек қотиб қолди.
– Қачон улгурдиларинг бунга, хола?
– Кеча. Дилдоранинг илтижоси билан битди бу иш. Нотариус вакили ўзи келиб кетди балнисага.
Тахмина ҳозир бу мавзуга изн бермади. Ҳужжатни кўзларида ёш билан сумкачасига солиб қўйди.
Маҳалланинг саркор оқсоқоли Муҳсин ота деган киши экан. Тахмина унга дафн маросими учун, деб пул берса астиям кўнмай туриб олди.
– Раҳматли Дилдорахон маҳалламизнинг қизи эди, – деди у. – Биз уни фарзандимиздек иззат-ҳурматини жойига қўйиб охирги манзилга узатамиз…
Шунда Меҳри хола ўртага тушиб, Тахминанинг ёнини олди:
– Гапингиз тўғри, оқсоқол. Лекин синглиси ўрнида иш тутяпти. Унинг кўнглидан чиқарганини олмаслик инсофдан эмас.
Шундан кейингина Муҳсин ота худойи учун битта қўйга, деб ҳалиги пулдан кераклисини ажратиб олди-да, сўнг маҳалла оқсоқоллари билан биргаликда Тахминани дуо қилди:
– Илоҳо, бахтингизни берсин, қизим. Умрингизга, давлатингизга, обрўйингизга барака ато этсин. Кўнглингизда нимаики орзу-ниятлар бўлса, ўзи унга етказсин. Омин, Оллоҳу акбар!
Яна бир оқсоқол фотиҳага қўл очиб, илова қилди:
– Хайру эҳсонингизни Оллоҳ ўз даргоҳида қабул этсин. Ўтиб кетган энг яқинларингизни худойим ўз марҳаматидан дариғ тутмай, охиратларини обод этсин!
Чоллар юзларига яна фотиҳа тортишди.
Тахмина умрида биринчи марта эл олдида, нуроний оқсоқоллардан дуо олиши эмасми, ўзини ҳаяжондан тута олмади. Кўзларидаги ғамандуҳ ёшлари энди севинч ёшлари билан уланиб кетди. Дастрўмоли билан юз-кўзларини артганча, мотам табиатини сақлаб турмоқ учун ўзини четроққа олди. Меҳри хола ва маҳалла саркори Муҳсин ота айтганларидек, ўша куни Дилдоранинг дафн марсимини маҳалла аҳли кам-кўстсиз, рисоладагидек қилиб ўтказди. Фақат, Акмал анча иш кўрсатди. Тахминанинг ўзи бориб уни уйдан олиб келди. Йўл-йўлакай Акмал «аяча»нинг кўзлари йиғидан қизариб кетганини, ҳозир ҳам ёш оқиб турганини кўриб, ҳайрон бўлди:
– Аяча, нега йиғлаяпсиз? Сизни ким хафа қилди?
– Мени ҳеч ким хафа қилгани йўқ, болам, – жавоб қилди Тахмина ўзини босиб олишга уриниб. – Ойинг… оғир бетоб бўлиб қолгани учун йиғлаяпман.
– Аяча, йиғламанг. Ойим яхши бўлиб қоладилар.
Бироқ бола уйлари олдида жам бўлишган одамларни кўриб, ичкаридан хотин-халажнинг йиғисини эшитганда, юрагини ваҳима босиб, ранглари оқаринқиради, машинадан отилиб тушди.
– Ойи! Ойи-и-и!!! Ойижо-о-он!!!
Уни ҳеч ким тутиб қололмади. Акмал одамларни ёриб ўтиб, уй ичкарисига ўқдай отилиб кирди. Каравотда гулларга кўмилиб «ухлаб» ётган ойисининг юзига юзини қўйиб, кўксига бошларини уриб фарёд қилди:
– Ойижон! Мени ташлаб кетманг! Кўзингизни очинг, ойижон! Мен қўрқиб кетяпман, уйғонинг, ойижон!
Боланинг доду фарёдини, унинг бўғизланган қўзичоқдек типирчилашини, ўзини ерга кўтариб уришини кўриб, йиғламаган одам қолмади. Акмални марҳумадан Меҳри хола бир амаллаб ажратди. Болага дўппи, чопонча кийдиришиб, белига белбоғ боғлаб қўйишди. Шундай қилиб, умри етимликда ўтган, танҳоликда кўз юмган Дилдорани бу ёруғ оламда қолдирган яккаю ягона вориси, олти яшар Акмал одамларнинг олдига тушиб олиб қабргача уни ўзи кузатди. Кўпчиликка қўшилиб, онасининг қабрига тупроқ суришди, Қуръон тиловатларида кўз ёшлари ювиб турган юзларига фотиҳа тортди…
– Келиб яхши қилибсиз. Биз сизни анчадан бери кутамиз,– деди Тахмина босиқлик билан ва кўзларини унинг ўткир нигоҳидан олиб қочаётган Анварга ўтириш учун жой ишора қилди.
Анвар курсилардан бирига ўнғайсизроқ жойлашаркан, Тахмина энди ана шу хушбичим ва хушсурат ёш эркакнинг бирмунча хароброқ уст-бошига назар солиб чиқди. Хатти-ҳаракати ҳам, овози ҳам, одамга боқишиям суст. Мусофирликдаги ҳаёт унинг илигини қуритганга ўхшайди. – Бугун Меҳри холадан эшитиб…– чайналди Анвар.– Раҳмат сизга. Кўп ғамхўрликлар кўрсатибсиз.
Тахмина шу аснода яна Дилдорани эслаб, юраги увишди.
– Меҳри холадан хотинингиз Дилдора не аҳволда дунёдан кўз юмганини ҳам эшитдингизми?
– Начора? Бу касали кўпдан бери бор эди.
– Демак, сиз… буни олдиндан билиб туриб, Россияга жуфтакни ростлаб қолган экансиз-да? Бунинг устига, уйдаги бор бисотни сотиб, буларни қарзга ботириб, шундайми?
– Сиз бехабарсиз, Тахмина хоним. Мен тижорат қилиш мақсадида, оиламни яхшироқ боқайин, деган ниятда шундай қилганман. Лекин ишим юришмади…
– Ёлғон. У ердаги аёл билан икки-уч йилдан бери алоқадасиз. Ўлганнинг устига тепгандек, Дилдорага ажралиш хати ёзиб, уни батамом йиқитдингиз.
Анвар Тахминанинг нафратли таъналарига не андишада дош бериб туришни афзал билгани ва сўзи ўткир, «қўли узун» бу ёш хоним қаршисида муроса ипини қўлдан чиқариб юбормаслик ниятида ўтирганлиги сезилиб турарди.
– Сиз бир ғариб, бечора ёш аёлнинг умрига зомин бўлдингиз,сўзида давом этди Тахмина. – Фариштадек бегуноҳ боланинг отаонадан етим қолишига сабабчи бўлдингиз.
– Мен ҳали ўлганим йўқ, хоним…
Тахмина индамай ўрнидан турди. Телефон аппаратининг қайси бир ипини бурчакдаги стол устида турган овоз кучайтиргичга улаб қўйди-да, кейин қаергадир қўнғироқ қилди.
– Акмалжон, яхшимисан, қўзичоғим?
– Ҳа, аяча. Бабушкам билан мультик кўрвомиза,– кучайтиргичда боланинг товуши янгради.– Сиз қачон келасиз, аяча?
– Мен ҳалироқ бораман,–деди Тахмина ва бир дам фикр юритиб олиб, кейин илова қилди: –Акмалжон, сенда бир гапим бор. Яхшилаб қулоқ сол…
– Майли, аяча.
– Аданг эсингда борми?
– Адам? Ҳа. Российга кетиб қолган. Ўшатта хотини бор.
– Ўша аданг кепти. Сени сўраяпти.
Акмал бир муддат жимиб қолди. Кейин хастароқ товушда жавоб берди:
– Ойим манга: «Аданг биз учун ўлган», деганла. «У одам тирилиб келсаям, сен унга кўринма», деганла…
– Эҳтимол, сен аданг билан бир кўришиб қўярсан? Агар хўп десанг, ҳозироқ Ҳаёт тоғангни жўнатаман.
– Йўқ, аяча. Мен ойимлани гапини икки қилмийман.
– Бўпти, дамингни олавер, – шундай дея Тахмина гўшакни жойига қўйди ва Анварга боқди: – Энди бу ёғига нима дейсиз?
Анвар рўмолча чиқариб, намиққан кўзларини артиб олган бўлди. – Бола барибир бола-да. Ким нима деса тўтиқушдек такрорлайверади,– деди у ғудраниб.– Мен уни барибир ўзим билан олиб кетаман. Уйимизни, қолган-қутган бисотимизни сотаман.
– Акмал сиз билан кетмайди. У шу ерда яшайди. Уни қонун ҳимоя қилади. Уйингиз ва қолган-қутган бисотингизни эса, Акмалжоннинг номига қонуний расмийлаштириб қўйдим. У вояга етгунча маҳалла кенгаши назоратида туради.
Анвар ўрнидан туриб, Тахминага ҳайрон боқиб қолди.
–Нималар деяпсиз, хоним?
– Эшитганингизни.
– Бўпти. Кечдим ўша нарсалардан. Лекин боламни барибир олиб кетаман!– У шундай дея чўнтагидан битта юз долларлик чиқарди.–Манави ҳов бир вақт гаровга узук қўйиб олган пулимиз ҳисобидан. Менга ўша узукни қайтарсангиз.
– Узук ҳам Акмалжоннинг номига хатланиб, нотариусда тасдиқлатиб қўйилган.
Анварнинг энди ҳафсаласи пир бўлиб, қўлидаги долларни чангалида ғижимлаганча ён чўнтагига солди.
– Фарзанд маники. Уни тортиб олишга ҳаққингиз йўқ, хоним.
– Акмалнинг тақдирини менга ўз қўли билан топширганлиги тўғрисида хотинингиз Дилдоранинг тасдиқланган расмий хати бор менда. Лекин шунга қарамай, мен ўғлингизни тортиб олмоқчи эмасман. Гап уни Россияга олиб кетиш-кетмаслигингиз устида боряптики, бу масалани давлат ҳал қилади.
– Мен буни сўраб ўтирмайман. Уни туғдирган – мен!
Орага сукут чўкди. Тахмина бу одам билан ортиқча пачаклашиб ўтириш фойдасиз эканлигини англаб, энди унга: «Менинг вақтимни олманг», демоқчи бўлиб турувдики, ногоҳ хаёлидан бошқа фикр кечди. Тўхта, бу одамнинг ўғлига бўлган муҳаббатини бир синаб кўрсамчи?
– Сиз мабодо болани ўғирлаб кетишни назарда тутаётган бўлсангиз, чучварани хом санабсиз. Мен билан ҳазиллаша кўрманг. Оқибати сиз учун жуда хунук чиқишини олдиндан огоҳлантириб қўяй.
Анвар бу хоним билан ўчакишиш яхшиликка олиб келмаслигини ҳис этганлиги учун ҳам ундан баландроқ келишга журъат этмади.
– Мени шахсан сизга ҳеч қандай адоватим йўқ, хоним. Аксинча, сиздан миннатдор бўлиб келдим олдингизга. Гап ҳозир менинг пуштикамаримдан бўлган ўз фарзандим тақдири устида боряпти.
– Майли. Ким бўлишингиздан қатъи назар, Акмалнинг отаси эканлигингиз ҳурмати, мени сизга бошқа бир таклифим бор…– Тахмина ниҳоят юмшаган бўлди, Анварга қайта «ўтиринг» ишорасини қилди. – Лекин гап икковимизнинг ўртамизда қолсин…
Анвар бунга розилик билдиргандай, яна ўз жойига ўтирди.
– Биринчидан, болани Россияга барибир олиб кетолмайсиз. Бунга ҳали айтганимдек, қонун йўл қўймайди. Қолаверса, ўртада мен турибман…–Тахмина ўз курсисига бемалол жойлашиб олиб, салмоқ билан гап бошлади.–Иккинчидан, сизнинг томирингизда оз-мозгина ўзбек қони оқиб турган бўлса, тушунишингиз керак. Акмал ўз она юртида ўсиши, она тилида ўқиши керак. Унга бу ерда ғамхўрлик қиладиган одам ҳам керак. Шундай экан, нима қиласиз уни имкониятлардан маҳрум этиб?
Учинчидан, майли, Акмалнинг фамилияси ўз ҳолича қолаверсин. Бир кунмас-бир кун кексайиб, мукчайиб, юрт тупроғи тортиб қайтган чоғингизда у сизга тиргак бўлишини ҳам ҳисобга олинг. Келинг, яхшиси, Акмални менга қолдиринг. Мен уни ўстириб тарбиялай, уйлантирай. Бот-бот келиб, уни кўриб кетишингиз ҳам мумкин. Фақат, бизга халақит берманг…
Тахминанинг гапларига бош эгиб, хаёл суриб ўтирган Анвар ногоҳ: «Бўпти. Мен розиман…» – деди. Кейин иягини қашиганча, яна ниманидир айтмоққа қийналиб турувдики, Тахминанинг ўзи унга ёрдамлашиб юборди: – Мен сизни тушуниб турибман. Сизга ҳозир Акмалдан кўра кўпроқ пул зарур бўлиб турипти. Шундайми?..
Анвар унинг топқирлигига тан берди. Лекин: «Ҳа, шундай», деёлмади. Ўз ниятини бошқачароқ тушунтирмоқчи бўлди:
– Сизга ишонаман, хоним. Майли, Акмал қолсин. Мен бошқа халақит бермайман, деб тилхат ёзишга розиман. Энди, пул масаласига келсак, сиз тўғри топдингиз. Фақат… менга жуда катта пул керак.
– Истаганингизни оласиз…–Тахмина шундай дея, стол устига бир варақ тоза қоғоз билан ручка олиб қўйди.