Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 31

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 31 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XV

Ўктамбек Нью-Йоркдан учиб кетаётганини Тошкентга билдирмади. Аввало, самолёт тунги соат тўртларда бориб қўнаркан, уйдагиларни безовта қилгиси келмади. Лозим топса, Пошшохон отин аммасиникига кириб қўя қолар, уйлари шундоққина аэропортнинг биқинида. У ердан тонг ёришиши биланоқ бирров Тахминаникига кириб чиқишга имкон топади…

Дарвоқе, суюкли жиянининг Тахмина билан алоқаларидан отин амма хабар топганмикин? Буниси эҳтимолдан узоқроқ. Негаки, дадаси ҳам, ойиси ҳам ҳозирча ёпиғлиқ қозонни ёпиғлигича қолдиришни мақбул тутиб туришипти.

Тўғри, отин амма бу хонадоннинг энг қадрдони, жонкуяри, маслаҳатчиси. Усиз иш битказишмайди. Бироқ бу гал, Тахминанинг исмини оғизга олиши биланоқ лабига учуқ тошаётган ҳожи ота ўз чекига тушган «томуғ»ни пинҳона жон-жаҳди билан кемириб юрипти. Шундай бўлгач, ойиси ҳам бу ўринда оғзига толқон олиб ўтириши аниқ гап-да.

Майли, ким нима деса-десин, ота-онаси қандай йўлни маъқул топсалар–ўзларига, лекин Ўктамбек барибир Тахминадан воз кечмайди. Ҳар қандай зиддиятларга қўл силтаб бўлса-да, уни ўз никоҳига олади!..

– Океандан ўтволганимиз учун юз граммдан минералка!

Хаёллар оғушида дим чўкиб келаётган Ўктамбек бирдан ҳушёр тортиб, қўлида патнис билан табассум қилиб турган стюардессага, у ёқдан жўнаётганларида ўзини Лайло деб таништирган оловдеккина ўзбек қизга саросимали боқди:

– Э-ҳа, раҳмат, – деди у сув тўлдирилган қадаҳлардан бирини оларкан, – айни муддао бўлди, чанқаб турувдим.

– Истасангиз, жуфтлаб юборинг. Ё муздеккина шарбат келтирайми? – Йўқ, шуниси яхши. Дарвоқе…

Эндигина унинг ён қўшниси – бутун учиш давомида хурракни ванг қўйиб келаётган мешқорин кишига сув тутаётган қиз «ялт» этиб Ўктамбекка боқди:

– Хизмат, акажон?

– Менга биронта журнал берсангиз.

– Хўп бўлади. Ўзбекча ўқийсизми?

– Ҳа. Инглизча бўлсаям майли.

Уч қадаҳ сувни бирин-кетин лўқиллатиб бўшатгач, яна пинакка кетган мешқорин кўзини очмаёқ минғирлади:

– Одамлар мунчаям бедор бўлишмаса. Мизғиб олишга қўйишмайди… Йигит билан қиз нигоҳларда кулиб қўйишди.

Лайло унга «Лайф» журналининг янги сонини келтириб берди. Ундаги ранго-ранг фотолавҳалар орасида ажиб воқеа баён қилинипти: қадди ачинарли даражада букик, бир қўлида ҳасса, иккинчи қўлидан бир бола уни етаклаб бораётган ғоят кекса одамнинг сурати. Расм остидаги хабарда ёзилишича, Техас штатида яшовчи Томас Грин деган туғма кўр киши юз ёшга тўлипти. Бутун умри давомида уни бир неча авлод вакиллари етаклаб ўтишган экан.

Фоторепортёрнинг: «Сиз планетамиздаги кўрлар ичида энг узоқ умр кўрган одамсиз. Бундан ўзингизни бахтли ҳисоблайсизми?» – деган саволига жавобан Томас шундай жавоб берипти:

– Мени бутун инсоният тарихидаги энг бадбахт одам сифатида Гиннес китобига киритсалар, шу билангина ўзимни бахтли ҳисоблардим. Буни ўқиб, Ўктамбек беихтиёр америкалик янги таниши, техаслик жамиятшунос олим Эдвин Бристонни эслади. Мустамлакачилик ва мустақиллик мавзусида гап борган суҳбатларида Эдвин айтган бир мулоҳаза ёдига тушди:

– Қорни тўқлик, усти бутлик, тўкин-сочин ва тинч-омон яшаб ўтиш бахт, деган маънони билдирмайди. Чинакам бахт инсоннинг шахс эркинлигида, холислигида, ташқи муҳит зуғумларидан озодлигидир. Сен бу ёруғ дунё ташвишларидан, қувончларидан ўзингча фикр билдиролмасанг ва сен билан ҳисоблашмасалар, сени кўр одамни етаклагандек етаклаб, бошқариб борсалар, бундай ҳаётнинг кимга кераги бор?

Ўктамбек ўзидан уч-тўрт ёшгагина каттароқ, бироқ аллақачон бутун Америка ва ундан ташқарида ҳам эътибор қозонган бу йигит билан анжуман меҳмонлари учун ажратилган меҳмонхонада танишиб қолди. Ўктамбекнинг яқинда мустақилликка эришган Ўзбекистондан эканлиги, инглиз тилида бемалол сўзлаша олиши ва албатта, ҳуқуқшунослиги ҳамда демократик жамиятда шахс эркинлиги мавзусига жиддий қизиқиши Эдвиннинг диққатини жалб этганди.

Икковининг бир хонада ётиб-туришлари уларга Америка ва Ўзбекистон турмуш тарзи ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш, демократик жамиятнинг туб моҳияти ва унда шахс эркинлигининг ўрни ҳақида ўзаро мулоҳазалар юритиш имконини берди.

– Мустақиллик калити қўлингизга текканидан бағоят хурсандмиз,деди Эдвин шундай суҳбатлардан бирида.– Истиқлолнинг боғи эрамига етиб олгунча, масалан, бизнинг Қўшма Штатлар учун эҳ-ҳе, қанчалар заҳматли йўлни босиб ўтишга тўғри келди. Мустақиллик жамият ва шахс ҳаётининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий дегандек барча қирраларида ўз аксини топиши зарур. Шу ўринда, эътиборингиз учун, яна бир нарсани қайд этмоқчиман. Қаердаки, старт юксак энтузиазм билан бошланган ва уни бошқариб бориш оқилона, донишмандлик билан йўлга қўйилган бўлса, кўзланган мақсадга албатта эришилади. Мустақил Ўзбекистонда бутун жаҳон ана шу дадилликни кузатиб турибди. Шуниси қувонарли ва таҳсинга лойиқ, деб ҳисоблайман. – Эътирофингиз учун раҳмат, мистер Бристон, – унга жавобан деди Ўктамбек.– Энг муҳими, сиз айтган калит ўз қўлимизда.

– Қани айтинг-чи, механизмни тўла ишга тушириб боришда, аввало, нимага эътибор бериш лозим, деб ҳисоблайсиз?

– Албатта, қонунлар устуворлигига.

– Окей, қонунлар устуворлигига! Қаердаки қонунлар яхши ишлаб турса, у ерда амалий натижаларга эришилади. Сизнинг юртингиздан чиққан алломалар цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшганларидан хабардорман. Шахсан мен ўзим Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг «Ал-Ҳидоя»сини инглиз тилида бир неча бор мутолаа қилиб, ундан жуда катта сабоқ олганман.

– Даврга хос фикрлай оладиган, ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом авлодни бунёдга келтиришда энг муҳим омил нимада, деб ҳисоблайсиз? Эдвин бир дам фикрга толди. Кейин Ўктамбекнинг елкасига қўлини қўйиб, деди:

– Энг аввало, дўстим, мутеликдан, қулликдан фориғ, мустақил фикр юритадиган, журъатли ва қатъиятли оналаргина соғлом авлодни тарбиялай оладилар.

Ўктамбек Эдвинни Тошкентга меҳмонга таклиф қилди. Шунда америкалик сира кутилмаганда ундан сўраб қолди:

– Уйланганмисиз?

– Йўқ. Лекин яқин орада бу воқеа рўй бериши мумкин.

– Мен ўзбек тўйини кўриш орзусидаман. Ана ўшанда қўнғироқ қилсангиз бас, зудлик билан етиб бораман.

– Келишдик, – деди Ўктамбек қувонч билан.

Икки дўст қайноқ хотиралар нашидасида самимий хайрлашдилар.

* * *

…Пошшохон отинбувини шаҳарда кўпчилик билади, у ҳақда кўпчилик таъриф келтиради. Сиз, азиз ўқувчимизга ҳам қиссамизнинг иккинчи фаслида уни «донишманд ва башоратчи аёл», дея уқдириб ўтганимиз ёдингиздадир. Чеҳрасидан нур ва тафаккур чечаклари ёғилиб турувчи, бағоят ёқимтой ва хушсуврат, оқила ва зукко, сухандон бу мўътабар аёл Иброҳим ҳожининг ота-онадан мерос қолган яккаю ягона кўз қароғидир.

Ҳожи уни еру кўкка ишонмайди, ардоқлайди, ўзининг баркамол ёши ва салоҳиятига боқмай, арзанда синглисининг ўгитларига қулоқ тутади, уларга амал қилади. Отинбуви ҳам ўз ўрнида табаррук акаси ва фаришта янглиғ янгаси Шаҳодат бонуга астойдил оқибатли бўлиб, уларнинг иззат-икроми учун ҳамиша жон тикиб келади.

Субҳидам чоғи сира кутилмаганда Ўктамбекнинг кириб келиши бомдод жойнамозини эндигина тахлаган Пошшохон отинбувини беҳад қувонтириб юборди. Ўз фарзандидек уни оғушига олиб, юз-кўзларидан меҳр билан ўпди, сафардан эсон-омон қайтгани учун шукроналар келтирди.

Шундан сўнг уни ўтирғизиб, удумга кўра дастурхон ёзишдан олдин йигитнинг бошидан исириқ айлантирди.

– Илоҳо кўз тегмасин, балолардан ўзи асрасин, – фотиҳа қилди отинбуви. – Хуш келибсан, бўтам.

Ўктамбек шу кунларда аммаси мабодо уларникига ўтган бўлса, ўзи билан Тахминага боғлиқ бирон-бир янгилик борми-йўқми, билмоқ умидида сўради:

– Бизникида нима гаплар, амма?

– Ҳаммаси жойида, қоқиндиқ. Кечагина ўтувдим. Бир яхши ўтиришибди. Дарвоқе…

Йигит сергак тортди. Пошшохон айтмоқчи бўлган гапи нозикроқ эканлиги боис, фикрларини бир нафас йиғиб олиб, кейин илова қилди: – Энди эшитибман. Яхши кўрганинг бор экан?..

Ўктамбек хижолатдан хиёл қизарганча, нигоҳини ерга қадади.

– Ҳа, амма. Лекин…

Пошшохон жияни нима демоқчилигини тушунди. Ўзи ҳам андак хомуш тортиб, босиқлик билан сўз қотди:

– Буни умр савдоси дейдилар, бўтам. Сен отангдан ҳам, онангдан ҳам хафа бўлишга асти ҳаққинг йўқ. Уйланадиган сенсан, албатта. Улар фақат болам ўз муносибини топиб, ували-жували бўлиб кетсин, деб жон куйдирадилар, холос. Мен ҳаммасини эшитдим, билдим. Тахминанг, ойингни таърифлашича, сулув, оқила, хушфеъл, ҳаётнинг иссиқсовуқларини бошидан кечирган ёш жувон экан. Гап бу ерда фақат…

– Гапирманг, амма, – алам билан унинг сўзини бўлди Ўктамбек. – Нима демоқчи эканингизни мен уйдагилардан эшитиб бўлганман. Ортиқча насиҳатга тоқатим йўқ.

– Ўпкангни қўлтиқлама. Ўзингни тутгин-да, гапларимга қулоқ сол, – энди жиддийроқ оҳангга кўчди амма. – Мен ҳозир сенга томдан тараша тушгандай қилиб, Тахминанг кўпни кўрган, сен эса ҳали уйланмаган йигитсан, у билан никоҳдан ўтишинг тарози босмайди, демоқчи эмасман. Албатта, ҳар киши суйган ошини ичади. Лекин кўнглингга ўтирган ўша ош аслида ҳалолми-йўқми, бу таом сенинг қонингга сингиб, умрингга, ҳаётингга барокот киритадими-йўқми, бу томонини ҳам ўйлаб иш тутсанг, ёмон бўлмас. Ёшликнинг бедови бетизгин бўлади, уни ўз вақтида жиловлаб олмасанг, боши берк кўчаларга кириб қолишинг ҳеч гапмас, бўтам.

Ўктамбек озгина шошқалоқлик қилиб, аммасига кескинроқ гапириб қўйганидан ичида мулзамлик тортди. Ўзини қўлга олиб, қани, гап қаергача бораркан, деган фикрда уни энди жимгина тинглай бошлади. – Мана, сен ақли солим, билимли, кўп нарсадан хабардор йигитсан. Қани айт-чи, нима учун авлод-аждодларимиз ўғил уйлаш, қиз чиқаришда насл-насабни суриштириб келишган? Билиб қўй, азалий бу удум оилада тотувлик ва покликни таъминлаш, янги авлод қонининг тозалигини асраб қолиш мақсадидан келиб чиққан. Авлодингни қони тоза бўлса, миллатингни қони тоза бўлади, тоза қонли миллатнинг эса иймони бутун, шуури баланд, умри боқий кечади.

Отин амманинг салмоқли фикрлашидан ичида завқланиб ўтирган Ўктамбек энди ундан ажабланиб сўради:

– Бироқ бу гапларга мен суйган Тахминанинг нима алоқаси бор?

– Алоқаси шуки, сени отанг анойи одамлардан эмас. Яккаю ягона ўғлини уйлантиришда нега энди келин бўлмишнинг наслнасабини суриштиришга ҳаққи йўқ экан?

– Дадамлар фақат насл-насабни деб оёқ тираб турганлари йўқ. У кишини менинг туйғуларим, менинг муҳаббатим эмас, кўпроқ ўз обрў-эътибори, мавқеи қизиқтиради.

Пошшохон истеҳзоли жилмайиб қўйди.

– Ҳалиям болалигинг бор, бўтам. Ахир ота-онанинг, оиланинг обрўэътибори, мавқеи аввало ким учун зарур? Фарзандлар учун эмасми? – Эҳтимол. Лекин мен осмондан тушганим йўқ. Тахмина эса ердан чиқмаган. Барчамиз оддий одамлармиз. Биз бир-биримизга кўнгил боғладикми, бас. Мен ўз аҳдимдан қайтмайман.

Отин амма бир дам хаёлга толди. Кеча акасиникида бўлиб ўтган мунозара чоғи, у аслида Ўктамбекнинг фойдасига анча жон куйдирган. – Биз ожиз ва осий бандалармиз, ҳожим, – деди у акасига. – Ҳукми мутлақ танҳо Оллоҳнинг ўзигагина дахлдор. Оллоҳки фарзандингиз кўнглини шул ожизаи ғариб билан яшнатибдими, бас, бу иродага қарши ортиқча уринишлар фойдасиз ва инчунин, гуноҳ амаллардур.

Пошшохондан бундай мулоҳазани кутмаган Иброҳим ҳожи ҳайратдан лол қолди.

– Нималар деяпсиз, отин? Барча нарсани Оллоҳга боғлаб, биз катталар қўл қовуштириб тураверсак, фарзандларимиз ўз ройишларига кўра иш тутаверсалар, охир-оқибат нималар рўй беришини тасаввур этасизми? Ахир, болаларимизни покдомон ва иймонли, ота-она измига итоаткор қилиб камолга еткуришни Оллоҳ бизга ҳам фарз, ҳам суннат қилиб белгилаб қўйипти-ку!?

– Унчалик эмас, ҳожим,–бўш келмади сингил,–ота-онага ҳурмат, деган аъмолни «мутелик» маъноси билан чалкаштирмайлик. Қуръони каримда ҳам, Ҳадиси нурномаларда ҳам ота-онага, ёши улуғларга ва инчунин муқаддас удумларимизга ҳурмат бажо келтириш қайтақайта уқтирилгани рост. Яна шунисиям борки, фарзандларингизга зуғум ўтказманглар, улар онгига ўз ақидаларингизни сингдиришга уринманглар, дейилган.

Иброҳим ҳожи шу чоғ арзанда синглисининг зукколигига ва сухандонлиги учун ичида тан берсаям, бироқ «узангида» қолаверди: – Бу мутлақо бошқа ҳақиқатдурки, фикрингизни маъқуллайман, отин. Бироқ гап ҳозир батамом бошқа йўриқда– йигит кишининг шаъни устида бораётир. Ёшларимиз, майли, ўзларича фикрлаб, ўзларича хулоса чиқарсинлар. Замона зайлига боқиб яшасинлар. Лекин орият деган нарсани қўлдан бой бериб қўймасинлар. Биз, катталар, ҳеч бўлмаганда бунинг учун улар олдида масъулдирмиз.

Ҳалидан бери ака-сингилнинг мунозарасига аралашмай, уларни бетоқат тинглаб ўлтирган Шаҳодат бону ниҳоят гапга қўшилди:

– Ҳожим, Ўктамбекдек фарзандингизни ориятсизга чиқарманг… Иброҳим ҳожи сохта томоқ қириб қўйди.

– Бону, мен ўғлимизни ана шу исноддан асраб қолмоқчиман, холос.

– Ундай деманг, дадаси,–ўпкаланди Шаҳодат бону.– Орият деган нарса эр йигитдан жон билан бирга чиқади.

Шаҳодат бонунинг кўнгли учун бор дунёни бериб юборишга тайёр Иброҳим ҳожи ниҳоят «узангидан» пастга тушди. Хастадил хотинининг мунис кўзларига омонат қўнган обидийдадан юрак-бағри эзилиб кетди:

– Эҳ, нодон ўғил…

… Ҳозир, Пошшохон кеча эр-хотин ўртасида бўлиб ўтган ана шу гапларни эслаб, қаршисида бўғилиб ўтирган Ўктамбекка энди мулойим боқди:

– Бўпти, бўпти. Қовоғингни оч, бўтам, осмон узилиб ерга тушганича йўқ.

Ўктамбек аламли минғирлади:

– Осмон узилиб тушгунча кутиб туриш керакми, амма?

Пошшохон жиянига ўйчан боқиб қолди.

* * *

Акмал болакай ойисининг вафотидан сўнг анча ичикиб, рангрўйи тортилиб қолди. Дадаси Анвар билан шундай қилиб юз кўришмади, «ада» деган сўзни бошқа оғзига олмади. Ёпишгани Тахмина бўлиб қолди. У ишдан қайтди, дегунча бўлмай уйда байрам бўлиб кетади. Тахмина ҳам энди у билангина овунар, қувонар, у билангина чарчоқлари ёзилиб, кўнглидаги рутубатлар юки бирмунча енгиллашгандек ҳис этарди ўзини. Кеча Акмал ҳовлидаги болалар билан ўйнаб юриб, терлаб турганда музқаймоқ еб қўйган эканми, иситмалаб қолди. Дуся кампир зудлик билан Тахминани ишдан чақириб олди. Дўхтирнинг дори-дармонидан кейин ҳам ҳарорати ҳадеганда тушавермагач, хавотири ошди. Тахмина билан баб-баравар потирлаб қолган Ҳаёт машинада ғизиллаб бориб уйдан онасини олиб келди.

Қумри ая ўзи билан ток барги олиб келган экан, уни бир оз ивитиб, боланинг қорнию кураклари остига ёйиб боғлади.

– Худо хоҳласа ҳаял ўтмай ўзига келиб қолади,–деди у ва энди камзулининг ички чўнтагидан уч-тўртта қаламчалар чиқарди.– Булар марвартак тутники. Ҳозироқ қайнатиб, димлаб қўямиз. Оз-оздан чой ўрнида ичкизиб турсангиз, ангинанинг олдини олади.

– Зап ҳунарларинг бор-да, ойи,–ғурурланиб қўйди Ҳаёт.– Дадам раҳматли сени бекорга яхши кўрмаган.

– Энди яхши кўрмай қўя қолсин,–Қумри аянинг қувлиги тутди.–Яхши кўриш навбати сиз ёшларга…

Тахмина хиёл жилмайиб қўйди. Кейин аянинг бу қочиримини жавобсиз қолдиришни эп кўрмай, ундан сўради:

– Яхши кўриш учун ҳам ҳунар керак, дейишади. Шу тўғрими, хола? – Ҳақ гап, бону. Худойим онг ато этган бандаси борки, ҳаммасиям ўз вақтида озми-кўпми кимнидир ёқтиради, кимгадир кўнгил қўяди. Бири пинҳона, бири ошкора. Лекин яхши кўриш, ёқтириш деганлари бу ҳали нўхатдеккина чўғ, холос. Ана шу чўғ қачонки аланга олиб, гулханга айланса, бунисини…– она бу гаплардан лол қотиб турган Ҳаётга юзланди,– нима деймиз, ўғлим?

– Муҳаббат!– беихтиёр ҳеч иккиланмай жавоб қайтарди йигит. – Баракалла. Лекин гулханни ёқишга ёқиб қўйиб, кейин нима қиларини билмай, бошини елкасига чўктириб юрувчилар ҳам бўлади. Хонадонига файз, беҳаловат юрагига бироз таскин бахш этган ана шу соддадил, одамижон Қумри аяга Тахминанинг ҳурмати янаям ошди. Беихтиёр Шаҳодат бонуни ҳам кўз олдига келтирди: «Қандайин ажойиб оналар бор дунёда…»

Акмал кечга бориб ўрнидан бош кўтарди. Иситмаси совуган, марвартак «чой»дан кейин эса кўнгли овқат ҳам тусаб қолди. Онасини уйига обориб қўйиб, яна қайтиб келган Ҳаёт билан бир дам чуғурлашиб, кейин мультик томоша қилишди. Хуллас, вақт алламаҳал бўлиб қолди. Болани жойига ётқизиб ухлатиб, шундан кейингина кўнгли тинчиган Ҳаёт кетишга чоғланди.

– Мен борсам… Барвақтроқ келарман.

– Эҳтиёт бўл. Ташқарида қуюқ туман.

– Ё…

– Нима «ё»? – телевизордан кўз узмай бепарво сўради Тахмина. Ҳаёт бир дам нимадандир ийманиб, кейин хавотирроқ оҳангда деди: – Шу ерда қолаверсамми…

Тахмина жавоб беришга шошмади. Орадан бир-икки дақиқа ўтибгина, кейин Ҳаётга юзланди:

– Ростданам қолгинг келяптими?

– Ҳа.

– Менга барибир. Эртага онангга нима дейсан?

– Мени каллам ўз елкамда. Иккинчидан… онам сени жудаям яхши кўрадилар.

– Ўзинг-чи? – жўрттага сўради Тахмина.

Кутилмаган бу савол олдида Ҳаёт довдираб қолди. Нима деб жавоб беришини билолмай, бир дам каловланиб турди-да, кейин тили калимага келди: – Сени… яхши кўрмай бўлармиди.

Тахмина гапга чечан, ҳозиржавоб ва дангал йигитнинг ҳозир ўз қаршисида «шумшайиб» қолганидан ичида кулиб қўйди. Шу билан бирга, унинг жавобини маъқул топди. «Сени яхши кўраман», «Севаман» деган сўзлардан юраги қанчалар безиллаб қолган…

– Ётсанг ётавер. Ана диван. Мен ҳозир Акмалимнинг ёнига кириб кетаман.

Йигит енгил тортди. Курсига энди жойлашиброқ ўтирди.

– Бирон жуфт янгисидан айтиб берайми?

– Йўқ, ошна. Ҳозир юрагимга сиғмайди, – Тахмина шундай дея вазмин ўрнидан турди.

– Тўхта. Сендан бир нимани сўрамоқчиман.

Тахмина унга саволомуз боқди. Ҳаёт гулгун чеҳраси анча хомуш тортган, ҳорғин қиёфадаги ёш хонимга энди дадилроқ боқиб, илова қилди: – Кейинги пайтлар анча ўзгариб қолдинг. Агар сир тутмасанг, айт, қандай ташвишинг бор?

Тахмина аста унинг ёнига келиб, бироз Ҳаётга ўйчан тикилиб турди-да, кейин:

 
Марғилонда ўт ёқсам,
Наманганда тутуни.
Бу дунёда бормикан
 
 
Юрак-бағри бутуни?.. –
 

дея ўз ётоқхонаси томон йўл оларкан, илова қилди:

– Хайрли тун, ошна.

Ана шу кечани Ҳаёт ўз ўрнида, Тахмина ўз ўрнида бедор ўтказишди. Ҳаёт ҳаммасини кўриб, билиб турипти. Тахминанинг руҳиятида жиддий ўзгаришлар кечаётгани аниқ. Кечагина кулгилари жарангли, нигоҳлари ўткир ва оловли, чеҳраси ойдек балқиб, юриш-туришларидан жўшқинлик уфуриб турган ёш хоним, назарида, кун сайин хира тортиб бораётгандек эди. Унинг Ўктамбек билан ўртасидаги муносабатлардан, бекнинг аҳён-аҳёнда бу соҳибжамол хонадонига ташриф буюриб туришидан хабари бор. Бироқ уларни боғлаб турган ришталар пишиқ-пухта бўлса, борингки, бир-бирларини астойдил севсалар, нега энди атрофда гап-сўзни кўпайтирмай, тезроқ уйланиб қўя қолишмайди? Ёинки фурсат етилмаганми? Тахминанинг-ку ҳеч кими йўқ, хулосани ўзи чиқаради, лекин йигит томон балки мужмаллик қилаётгандир? Ҳаёт Тахминани Ўктамбекларнинг хонадонига олиб бориб келди. Айниқса, ўшандан бери ёш хонимнинг хаёли паришон, ниманидир ўзича эзилиб, ўзини ўзи еб битиряпти. Кечагина ишхонада икковлари ёлғиз қолишиб, Ҳаёт ундан: «Нега тафтинг суст кўринади?»–деб сўраганида, Тахмина унга жавобан: «Мен бу дунёга сиғмай кетяпман», деб қўя қолди. Бошқа гапирмади. Афтидан, энди унинг учун ҳаётидаги ҳамма нарса – эртанги кун билан боғлиқ орзу-ўйларидан тортиб ишхонасию уйи ҳам, боласи Акмалчаю Ҳаётнинг латифалари ҳам, ҳатто Кинг-Конг билан тузган хуфиёна битими ҳам, барчаси гўё ўз моҳиятини, қимматини йўқотиб бораётгандек эди.

Тахмина ҳақидаги узунқулоқ гаплардан англашича, у бир вақтлар зўравонлик ва макру ҳийлалар қурбони бўлган, ўз шаъни ва қадру қимматидан маҳрум этилган. Ниҳоят, поклик ва эзгулик дунёсидан ўз ўрнини топиб, эндиликда инсонийлик бурчи, шаъни ва шукуҳларини англаб етган, орият ва диёнат бўстони бўйлаб турган бир пайтда, кимлардир уни ҳануз менсимаётгандек, таҳқирлаб, хўрлаётгандек эди. Ҳаётнинг тасаввурида Тахмина мутлақо ўхшаши йўқ, беназир бир гулдир. Яратган уни атайин сулувликнинг, гўзалликнинг рамзи тарзида яратиб, бандаларига: «Буни кўриб қўйинглар, ундан баҳра олинглар, уни авайланглар, парвариш қилинглар, кўпайтиринглар», дея тайинлагандек. Бироқ бу ноёб, бегуноҳ ғунча иймонсиз, баднафс ва бадкирдор кимсалар қўлида эзғиланган, топталган, хўрланган.

Ҳаётнинг одамларга қарата жар солгиси келади: «Ҳов азизлар, биродарлар, бир нафас тўхтанг, бир дам менга қулоқ тутинг! Орамизда хиёнатга, жиноятга, қабоҳатга қўл ураётган, иймону диёнатдан юз ўгириб, ўз нафси кўйида эзгулик ва нафосат гулшанини топтаётган, ноҳақликларни, ёвузликларни ва яна бошқа турли хил балоларни келтириб чиқараётган, гулдайин турмушимизга, шаънимизга, муқаддас қадриятларимизга иснод келтираётганлар кимлар? Улар биримизнинг фарзандимиз, яна биримизга ота ёки она, ака ёхуд сингил, яна бошқамизнинг энг яқин биродаримиз эмасми?! Ахир ҳар биримиз ўзимизга яқин ўша шум ниятнинг ёқасидан маҳкам тутиб, уни ўз вақтида ошкор ва огоҳ этсак, иймон, поклик йўлига етакласак, бу олам гулистон бўлиб кетмасмиди? Қанчадан-қанча кўчагардон қизларимиз, аёлларимиз ўз шаънларини қадрлаган, эркакларимиз, йигитларимиз мағрур бош кўтариб юрадиган, қанчадан-қанча етимесир, ночор ва аламзада болаларимиз бахтиёрликда камол топишаётган бўлмасмиди?!»

Ҳаёт Тахминани тушунади, унинг дил изтиробларини ҳам, кўнглига жо бўлган эзгулик куртакларини ҳам билади, ҳис этади.

Унга ишонади. Уни қўллаб-қувватлайди, ҳимоя қилади. Бу гул ҳар тонг субҳидам шабнамлари билан чайқалиб, бор жамолини намоён этмоғи, яшамоғи, ҳаётидан барқарор ўрнини, нуфузини топмоғи лозим. Бу тун Тахминани бедор этган азиятлар заҳри яна ўша, бир неча кундан буён мажруҳ дили изтиробларини қайтадан қўзғатаётган, руҳан эзаётган, уни яна алланечук мавҳумлик, бўшлиқ чоҳига етаклаётган бахтиқаролик тамойилларидан эди. Унинг кўз олдида, хаёлида фақат «Нега?», «Нега?», «Нега?» деган савол кўндаланг турарди. Бу ёруғ оламга инсон бўлиб келибдики, фақат хўрлик билан яшаб ўтаётгани, исталганча мол-дунё топгани билан қадр-қиммат тополмаётгани, уни ҳаётга чорлаб, боғлаб турган яккаю ягона умид риштаси – Ўктамбекка бўлган муҳаббати ҳам аччиқ интиҳосини кутаётгани беҳад алам қиларди.

Йўқ! Йўқ! Тахмина тақдирга тан бермайди! Ҳар қандай таънаю маломатлар қошида бўйин эгмайди! У ўзининг бир вақтлар бой берилган инсонийлик шаъни, ғурурини пойдор этади ва уни асраб қолади. У яшайди, мағрур яшаб қолади. Ҳаётида илк бор уни тушунган, Инсон сифатида қадрлаган, ўз меҳр оғушига тортган Шаҳодат бонудек она олдида қарздор бўлиб қолмайди. У ўзининг Ўктамбекка бўлган муҳаббатини қурбон қилиб бўлса-да, ҳаётидаги, бисотидаги ягона бойлиги ва жони бўлмиш Умид билан озиқланиб, уриб турган юрагини чок-чок этиб, бор вужудини бедодлик қони билан бўяб ташласа-да, ана шу мўътабар онанинг, ана шу соддадил, бегуноҳ, дунёдаги энг суюкли кишиси – Ўктамбегининг бахтини кўрмоқдан таскин топиб, яшаб ўтади…

Эрта тонгда телефоннинг устма-уст жиринглашидан Ҳаёт даст оёққа турди. Тахмина ичкарида ётипти. Мажбур бўлиб гўшакни ўзи кўтарди:

– Эшитаман.

Қўнғироқ қилувчи бир нафас жим туриб, кейин сўради:

– Кечирасиз. Мен Тахмина хонимникига тушдимми?

– Ҳа, худди шундай.

– Узр. Мен ким билан гаплашяпман? Хоним қаердалар?

– Тахмина хоним дам оляптилар. Кейинроқ қўнғироқ қилинг, – Ҳаёт шундай дея гўшакни ўз ўрнига қўйди.

Ҳаял ўтмай, яна қўнғироқ бўлди. Ҳаёт энди гўшакни кўтариб, Тахмина ётган хона эшиги ёнига келди.

– Тахмина, сени сўрашяпти…

Қўнғироқ қилаётган Ўктамбек эди! Тахмина титраб кетди. Гўшакни икки қўллаб маҳкам тутганича, беҳол ўтириб қолди.

– Тахмина! Бу сизмисиз, нега индамаяпсиз?

– Ҳа, мен… қаердасиз?

– Мен келдим. Аэропортдан, отин аммамникидан қўнғироқ қиляпман. Нега жимсиз, сизга нима бўлди? Тинчликми? Трубкани эркак киши олди, ким ўзи у? – саволларни ёғдириб ташлади Ўктамбек ва жавоб ҳам кутмай, илова қилди: – Мен ҳозироқ етиб бораман! Сизни соғинганман!

– Тўхтанг… – Уй бекасининг кўзларига ёш қуйилди. – Мен ҳозир… Зарур ишим бор. Ҳаёт билан уйдан чиқиб кетяпман. Кейин кўришамиз…

Тахмина шундай дея алоқани узаркан, ҳўнграб йиғлаб юборди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации