Текст книги "Тахмина"
Автор книги: Солих Каххор
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 34 страниц)
Бироқ Акмал ўтиришга кўнмади.
Бир вақтлар Мумтозни у ашулалари орқали ғойибона ҳурмат қилар, шундай катта ҳофиз ўзига қариндош эканлигидан фахрланиб, у билан учрашиш орзусида ҳам юрарди. Кейинроқ онаси Тахминани олиб келиб унга топширганини, шундай бообрў, кап-катта одам ўз оиласи ва фарзандларидан воз кечиб, унга уйланганини эшитгандан буён Акмал уни ёмон кўриб қолган. Бироқ начора, дарду аламлари ичида тош қотиб турипти. Мумтознинг кибру ҳавоси, ҳозир уни худди ёш боладек билиб, Тахминанинг олдида кифтидан силкитиши, боз устига, «Биз билан ўтир, майли» дейиши Акмалнинг яна ғашига тегди. Шу боис ҳам у шунчаки, Алим ака томон ишора қилиб, «Биз ўзимиз…» деганича кескин ортига бурилди. Тахмина уни тушунди, Акмал учун ичида эзилиб қўйди. Мумтоз эса ширин кайфият оғушида ўзаро нималарнидир берилиб гапиришаётган меҳмонлар суҳбатига яна қўшилиб кетди.
Маълум бўлишича, худди ҳали Тахмина ўйлаганидек, Қутбиддин Тошкентга юк машиналарида ўн беш комплект мебель гарнитури ортиб жўнатиб, кейин ўзи самолётда учган экан.
– Юклар эрта-индин Тошкентга кириб келади, – деди Қутбиддин Мумтозга.–Ўнтасини савдо омборига, бештасини бу ерга олиб келиб туширасиз. Мен ўзим ажратиб бераман. Шундан тўрттаси сизларга, биттаси Давлатбердига. Қолган гапларни кейин гаплашамиз…
Қутбиддин Давлатбердини Тошкентга нима учун чақиргани энди маълум бўлди. Лекин Олмаотадан узоқ масофага битта гарнитурни юклаб олиб кетишининг ўзи фалон пул. Афтидан, бу мебель жудаям қимматбаҳо бўлиши керак. Ёки уни Қутбиддин бекорга бермоқчи ёки бўлмаса, Давлатберди бу гарнитурга қўшиб, Тошкентдан яна бошқа нарсалар ҳам юклайди.
Меҳмон Тахмина хоним росаям қувонса керак, деган хаёлда унга ўғринча назар ташлаб қўйди. Буни тушуниб турган Тахмина хушнуд қиёфада унга миннатдорчилик изҳор қилди.
– Сиз чиндан ҳам олижаноб экансиз,–деди у яна қўшимча қилиб.–Биз ҳам ўз ўрнида, сиздан қарздор бўлиб қолмаслик ҳаракатини қиламиз.
Мумтоз уни маъқуллаб, «Правильно, маладес!»– деб қўйди кайф билан чайқалиб.
Аслида ҳозир Тахминанинг хаёлини банд этиб, унинг қалбида ширин-ширин ҳиссиётлар уйғотаётган, руҳига руҳ қўшиб турган нарса ҳашаматли уй ҳам, хорижий мебеллар ҳам эмасди. Унинг фикрида, кўз ўнгида энди кўпроқ Акмал гавдаланиб турипти. У Мумтоздан, меҳмонлардан пинҳона Акмал томонга тез-тез қараб қўярди. Суйган кишиси энди ўз ёнида эканлигидан қувончи ичига сиғмай боряпти.
Тахмина бирров «Акмалнинг онаси»дан ҳол сўраб қўйиш, кейин ошхонага ўтиб, агар норин тайёр бўлган бўлса, Сожида билан бирга сузиб келтириш ниятида меҳмонлардан узр сўраб, ўрнидан турди.
Шундан кейин ҳаммалари учун кутилмаган яна бир воқеа рўй берди.
Тахмина эндигина куйдир-пиширлардан бўшаб, яна пардоз-андозини ўнглаб олган Сожидани меҳмонлар билан таништириш учун улар қошига олиб келувдики, Давлатберди сапчиб ўрнидан туриб кетди. У Сожидага тикилганча тош қотиб турар, уни кўриб Сожида ҳам ҳайратда эди.
– Давлат?!
– Сожида… Мен сени бу ерда учратаман, деб ўйламовдим.
– Мен тошкентликман, Давлат. Сен ўзинг нима қилиб юрибсан бу ерларда?
– Сени излаб келдим. Ишонасанми?..
– Йўқ…
Сожида билан Давлатберди ўртасидаги алоқанинг аччиқ бир тарихи бор эди.
* * *
Сожида Тошкент мактаб-интернатларидан бирида ўсиб-улғайди. Болалик чоғлари фақат отаси аҳён-аҳёнда келиб ундан хабар олиб турарди. Кейинчалик нима бўлди-ю, ота ҳам дом-дараксиз кетди. Энди ундан ҳам умидини узиб, батамом етимликни гарданига олган қиз ўрта мактабни тугаллаётган кунлари бир қозоқ йигит хотини билан иккита боласини етаклаганича уни сўроқлаб келди. Сожидани топиб: «Мен ўгай аканг бўламан. Раҳматли дадамизнинг васиятига кўра сени излаб келдим. Сен биз билан Олмаотага кетишинг керак», деб қолди. Меҳру оқибатга ташна етим қиз узоқ ўйлаб турмади. Ўгай аканинг этагидан маҳкам тутиб, у билан бирга жўнаб кетди.
У ерда ўгай ака Сожидани қайси бир савдо базасида мудирлик қилувчи Давлатберди исмли дўстига пулламоқчи бўлди. Тўғри, Давлатберди ҳали уйланмаган лочин йигит эди ва хушрўйгина Сожидага астойдил кўнгил бериб қолди. Лекин тошкентлик Сожида бу ерга ўргана олмади, буёққа жўнавориб чакки қилганини тушунди-да, бир кечадаёқ ўгай аканинг уйини тарк этди.
Тошкентга қайтишда ҳарбий хизматдан қайтаётган Ғуломжон исмли фарғоналик бир йигитга кўнгил қўйиб, у билан Фарғонага бориб қолди. Йигитнинг ота-онаси яхши кишилар экан. Ёлғиз ўғлининг хоҳишистагига қарши боришмади ва тез кунлардаёқ тўй-томоша қилишиб, уларни уйлаб қўйишди.
Бироқ тақдир яна Сожидага кулиб боқмади. Тўйдан кейиноқ қайнота машинада аварияга учраб ҳалок бўлди. Ундан кейин, армиядалиги вақтида аллақандай махфий қисмда хизмат қилиб юриб заҳарланган Ғуломжонда ҳам оқ қон касаллиги хуруж қилиб чиқди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмаёқ у ҳам ҳаёт билан видолашди.
Қўлида бир яшар қизчаси билан қолган Сожида энди бу даргоҳда бошқа яшолмади. «Шумқадам» келин билан энди бошқаларнинг ҳам унчалик иши бўлмай қолган эди. Ниҳоят у бир куни аччиқ қисматнинг дарду аламларидан адойи тамом бўлган кекса ва афтодаҳол қайнона билан орани очиқ қилиб қўя қолди.
«Мен бу ерларда бошқа яшолмайман. Олмаотага, акамникига кетаман!» – деди. Онаизор хўп йиғлади. Ғуломжонидан қолган биттаю битта ёдгорлик – жажжи неварасидан ҳам энди жудо бўлаётгани учун қақшаб қолаверди…
Олмаотада ўгай ака уни совуқ қарши олди. «Мени гапимга кирмадинг. Ўша юртларга кетиб қолиб, мана, орттириб келганинг шу бўлди», деди. Кунларнинг бирида Сожида билан акаси ўртасида Давлатбердидан гап очилиб қолди. Шунда акаси Давлатбердининг икки марта уйлангани, лекин ҳануз бахтини тополмаганини айтди. Ўша куниёқ Сожида унга телефон қилди. Гап орасида ўзининг «боши очиқ»лигини қистириб ҳам ўтди. Шундан кейин улар икки-уч марта учрашишди, бир бор Сожида ҳатто Давлатбердиникида тунаб ҳам қолди.
Орадан яна бироз вақт ўтиб, ўгай ака масалани очиқ қилиб қўйди: – Бутун давлатим, кўшку айвонларим Сожидага мунтазир. Лекин бир ўзи келсин, деяпти Давлатберди. Энди буёғи ўзингга ҳавола…
Сожида ўшанда… бир умр юрагига ўчмас доғ ва армон бўлиб қолган қабиҳ ишга қадам босди. У ўз тинчи ва фароғати, ҳавойи нафси йўлида қўлидаги бир яшар жигарпорасидан воз кечишга журъат этди, гўдагини фарзандсиз бир хонадонга тортиқ қилиб юборди…
У Давлатберди билан энди ғам-ташвишсиз яшай бошлади. Бироқ ҳар бир иш учун ажрим муқаррар экан. Давлатберди кунларнинг бирида уйга ёшгина бир санамни етаклаб келди-да, Сожидага:
– Мендан хафа бўлма. Мен энди ўз тенгимни топдим, – деди.–Бу уйдан нимаики керак бўлса олгин-да, бизни тинч қўй.
Сожида ана шундай қилиб, яна тошкентлик бўлиб қолган эди.
* * *
Давлатберди «жаноб Мумтозбекнинг дўсти ва меҳмони» эканлиги, унинг Тошкентга ташрифи ўзи учун манфаатли бўлиб чиқиш эҳтимоли ҳам борлигидан Сожида ортиқча гаплардан ўзини тийди. Унга кўра, Давлатберди ҳам ўтирганларга Сожида билан боғлиқ ўз кечмишларидан оғиз очмади. Улар шунчаки бир вақтлар Олмаотада турмуш қуриб, бир йилча бирга яшашгани ва «характерлари тўғри келмай» ажрашиб кетишганини маълум қилишди, холос.
– Бу учрашув жаноб Давлатберди учун ҳам, Сожида хоним учун ҳам фақат шодлик келтиришига ишонаман,– деди Қутбиддин ўзича яйраб.–Келинглар, икковлари учун омад тилаб, қадаҳ кўтарайлик!
Ўтирганлар унинг таклифига бажонидил қўшилишди.
Ўз юртида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш қонун йўли билан ман этилгани ва Қутбиддинга ўхшашлар аҳён-аҳёндагина оз-моздан хуфиёна нўш этиб туриши, бу ерда ҳозир у ўзини анча «қўйиб юборгани» учун меҳмоннинг бошқалардан кўра кайфи баландроқ эди. У ҳар гал қадаҳ кўтарганда шайх Саъдийдан, Мирзо Бедил ва Умар Хайёмдан байтлар, рубоийлар келтирар, инсон умри боқий эмаслиги учун ҳам у «омонат тўрт кунлик ҳаёт»ни иложи борича кайфу сафода ўтказиши лозим, деган гапга зўр берарди.
Давлатберди ҳам Умар Хайёмдан рубоийлар ёд биларкан. Сожида билан учрашганидан ўзини янаям хурсанд қилиб кўрсатиб, энди у ҳам Қутбиддинга шерик бўлди:
Кафтида лаълин май, ёнида санам,
Чаманда ўлтирса бахт бўлиб ҳамдам,
Май ичиб, фалакдан ҳеч емаса ғам,
Ишрат майи кайфин сургай шул одам.
Меҳмоннавозлик қизғин борар эди. Сожида сузиб келган норинни роса мақташди. Қутбиддин бу таомни биринчи марта ейиши экан, бағоят маъқул тушганидан Сожидага ҳазил аралаш: «Агар рози бўлсангиз, биздаям сизга норинхона очиб бераман», деб қўйди.
Акмал пешма-пеш пишириб, энди Алим ака орқали узатиб турган думба-жигар ва «етимча қовурғали» кабобларнинг ҳам анча вақт кети узилмай турди. Кейин Акмал онасининг ҳужрасига ўтиб кетди. Тахмина унинг ортидан ички бир хўрсиниш билан қараб қолди.
Мумтознинг ҳам энди кайфи анча баланд эди. Эркаклар турли хил мавзудаги қизғин гап-сўз ҳамда баҳслардан, шеърхонликлардан чарчашиб, энди ашула тинглашни истаб қолишди. Бироқ Алим ака магнитофон келтириб қўйиб берган ўзбекча ашулалар меҳмонлар кўнглига унчалик ўтирмагани сезилгач, Мумтоз қўлига тор олиб, уч-тўртта тожикча ва битта қозоқча ашула айтиб берди. Мумтознинг ҳофизлик ҳунаридан бехабар меҳмонлар бундан лол қолишиб, унга ҳамду санолар билдиришди.
– Худодод одам экансиз, бунчалар ёқимли овозни умримда биринчи бор эшитишим! – деди Қутбиддин ҳаяжон билан. Кейин у хиёл паришон ҳолда ўтирган Тахминага юзланди: – Бу инчунин сизнинг ҳам бахтингиз, Тахмина хоним!
Тахмина унга ясама табассум билан «маъқул» маъносида бош қимирлатиб қўйди. Шундан кейин кутилмаганда Мумтоз кўпдан бери тор давраларда куйлаб келувчи «Тахмина» номли ашуласини бошлаб юборди:
Тахмина, Тахмина, жону дилимсан,
Муҳаббат боғида танҳо гулимсан.
Рухсоринг ўтида куйган қулингман,
Бахтимни ёритган оташ нуримсан.
Тахмина, Тахмина…
Мумтознинг ана шу ашуласидаги «Тахмина» сўзлари ўрнида бундан йигирма йилларча бурун «Хуршида» исми бўлганлиги ҳозир уни ўз ҳужрасида эшитиб турган Сурайёгагина маълум эди, холос…
Бир вақт Мумтоз қандайдир фикрга бориб: «Меҳмонлар энди дам олишсин, биз «дом»га қайтамиз», деб қолди. Тахмина нима учун бу кеча бу ерда қолишмаганига ичида таажжубланди, лекин кайфи баланд Мумтознинг хоҳишига жавобан индамай қўя қолди.
Яна Акмални кўриш мақсадида Мумтозга: «Биз Сурайё холадан бирров ҳол сўраб, жўнашга тайёр бўлиб турамиз», деган баҳонани қилиб, Сожида билан биргаликда ўринларидан қўзғалишди.
Аёллар меҳмонлар билан хайр-хўшлашиб, уларга хайрли тун тилашди. Ширакайф Қутбиддин ўрнидан туриб келиб, яна Тахминанинг қўлидан ўпди.
– Мен эртага сизнинг дўконингизга ташриф буюрмоқчиман…
– Бош устига, жаноб. Биз сизга мунтазир бўламиз, – такаллуф билдирди Тахмина.
Аёллардан холи қолишгач, Мумтоз Қутбиддинга оҳиста деди:
– Бассейн хонага стол тузаб қўйилган. Алим бизни ташлаб қайтиб келади.
Қутбиддин ҳам, Давлатберди ҳам уни аввалига тушунишолмади. Мумтоз энди фикрини очиқ-равшанроқ маълум қилди:
– Агар маъқул топсаларинг, иккита соҳибжамол жўнатаман.
Бу таклифни эшитиб ширакайф меҳмонларнинг юзлари ёришиб кетди.
Шундан кейин Мумтоз пешайвон стулига илиғлиқ телефондан қаергадир қўнғироқ қилди.
– Сенмисан, Чаман? Танимадингми? Ҳа, ўзимман.Бирон соатлар ичида Алим боради. Иккита кассета жўнат, янгироғидан бўлсин, унчалик ейилмаганидан…
Кейин гўшакни жойига илиб: «Иш битди. Яхши дам олинглар. Эрталаб барвақт етиб келаман», деди.
Эртасига Мумтоз тонг ғира-ширасидаёқ етиб келди. Чаман жўнатган қизларни бу ердан маҳалла-кўй ғимирламай туриб гумдон қилиш лозим эди.
Ҳовли жимжит эди. Кеча келтирган кучуклари яқинда ботаника боғидан ўзи атайин кўчиртириб келиб эккан уч-тўрт туп антиқа гулини букиб-синдириб ўйноқлашаётганини кўриб, хуноби ошди. Шу тоб Сурайё кўзига ташланганида борми, уни боплаб таъзирини бериб қўйган бўларди. Гулларга ҳушёр бўл, деб тайинлаган эди-я! Мумтоз Сурайёнинг ёпиқ турган эшигига хўмрайиб боқиб қўйди-да, Алимга: «Йўқот анавиларни!» – деди. Кейин меҳмонхона томон қадам ташловдики, ичкаридан чиройли спорт костюмида Қутбиддин чиқиб қолди. – Ассалому алайкум. Яхши дам олдиларингми?
– Дам олганда қандай! – Қутбиддин бош бармоғини тик қилиб кўрсатди. – Окей!
Шу пайт ичкарида тунда уларни олиб келган «Мерседес»ни кўришиб, аллақачон бу ердан қуён бўлишга тайёр турган иккита қиз биринкетин чиқиб қолишди.
Чиқиб келишаркан, уларга нигоҳи тушган Мумтоз даҳшат ичида қотиб қолди. Қаршисида… ичкилик ва уйқусизликдан, ишратдан қовоқлари шишиб, кўзлари қизарган, юзлари ҳали очилмай туриб сўлган ғунчадек афтодаҳол Гуландом турарди…
VIII
Тахминанинг ўй-хаёли Қўрғонда эди. Телефон қилса, қўнғироққа ҳеч ким жавоб бермайди. На Сурайё, на Акмал. Мумтоз каллайи саҳарлаб «Меҳмонларни ҳалироқ олдингизга олиб ўтарман», деб чиқиб кетганича ҳануз бедарак. Соат мана, ўн бирдан ўтяпти. Ўзи ўтиб келай деса, келди-кетдидан бўшамаяпти. Душанба кунлари шунақа, ҳаммага иш етиб ортади.
«Тахмина» тижорат-восита дўкони аҳолидан қимматбаҳо заргарлик буюмларини олиб-сотиш билан шуғулланади. Айниқса, ҳозир ноёб тошлардан ишланган зеб-зийнат ашёларига тўлиб-тошиб бормоқда эди. Бу ерда солиқ назоратидан пинҳона тарзда «қўлдан-қўлга» ўтказиб берилаётганлари бундан мустасно.
«Тахмина»да шунингдек, хориждан нақд пулга сотиб олиб келинаётган ва унчалик қиммат бўлмаган тақинчоқлар, соатлар, ҳадялар, дегандай бежирим заргарлик буюмларининг ҳам жуда кўп турлари савдога қўйилган. Шу боис бу ерда харидорлар ҳамиша гавжум, олди-сотди ишлари қайнаб турарди. Тахмина савдо-сотиқ фаолиятига бош-қош, холос. У энди ўз ишига анча пухта ва тижорат йўлларини дурустгина ўзлаштириб олган бўлишига қарамай, ҳисоб-китоб ишларини асосан Мумтознинг ўзи олиб келиб қўйган ишончли одами ва қадрдони (у ҳақда бошқа гаплар ҳам қулоққа чалинган, лекин Тахмина бунга эътибор бермаган) Наталья ҳалоллик ва жонкуярлик билан олиб боради. Савдодан тушаётган пулнинг даромад қисминигина қабул қилиб олиш, ходимларни рағбатлантириш, солиқчилар ва бошқа назорат ходимлари билан муомала юритиш, харид ва савдо масалаларида фирмалар, хусусий шахслар билан мулоқот ишларигина Тахминанинг зиммасида.
Шундай қилиб, мана уч йилдирки, вақт Тахминанинг фойдаси учун ишлаб турипти. Бойлигига бойлик, шуҳратига шуҳрат келиб қўшиляпти. Худо берган беназир гўзаллик, ёшлик ва давлатмандлик қанотлари уни тобора юксакроқ чўққиларга, қамрови кенгроқ ҳудудларга олиб чиқмоқда. У баъзан атрофга ана шу юксак чўққилардан, олис ҳудудлардан туриб қараб қолганда, «ўз бахти»дан беҳад қувониб кетади. Қалби ғурур ва фараҳ билан яшнайди. Лекин баъзан ўзи танҳо қолиб, Мумтоз билан биргаликдаги оилавий ҳаёти, у билан эр-хотинлик муносабатлари хаёлини олиб қочса, юраги орқасига тортиб кетгудай бўлади: «мен энди ёши бир жойга бориб қолаётган мана шу эркак билан яшаб ўтиравераманми? Охири нима билан тугайди?» Тахминанинг ҳам ҳар қандай аёлга хос, қалбининг туб-тубида яшириниб ётган ўз орзулари бор. У ҳам фарзанд туққиси, бошқа аёллар каби оналик бахтига эга бўлгиси келади. Бироқ бу фарзандлар кексалик остонасига қадам босган Мумтоздан бўлиши керакми? Унинг болалари айни вояга етганида ота тирик бўладимийўқми? Шунга ўхшаш бир-бирига уланиб кетувчи саволлар гирдобига кириб қолгудай бўлса, кўзига ҳеч нима кўринмай қолади. На бу ҳашаматли даргоҳлар-у, на бу мол-дунё, на бу ҳаловат ва шуҳрат оғушидаги ҳаёт. У кўпинча кўча-кўйларда жажжи-жажжи болаларини етаклашиб юрган, бири-бирига худди узукка кўз қўйгандек муносиб ёш-ёш эр-хотинларни кўрганда юраги эзилиб кетади.
Мана, ҳозиргина ҳам худди шундай бўлди. Наталья унинг қабулига ёшгина эр-хотинни бошлаб кирди. Улар беш ёшлар чамасидаги қўғирчоқдек чиройли ўғилчаларини етаклаб олишганди.
– Тахмина хоним, булар билан бир масалани ечолмай қолдик. – Наталья шундай дея стол устига каттагина, қўнғиз шаклли аёллар тилла узугини қўйди. – Тозаси ўн икки грамм, олти грамм нуқра. Эллик мингга баҳоланди, лекин…
Тахмина уни тушунди ва «чиқиб кетавер» ишорасини қилиб ўрнидан турди. Эр-хотин билан қисқача саломлашиб, уларни ўтиришга таклиф қиларкан, кутилмаган бир ҳолга кўзи тушиб қолди. Болача қоп-қора кўзларини катта-катта очиб, унга ҳайрон тикилиб турарди.
Тахмина беихтиёр унинг олдига чўнқайиб, болачанинг пешонасидан меҳр билан ўпди. Эҳтимолки, бу унинг ўз ҳаётида биринчи марта бола ўпиши бўлса…
– Вой, мунчаям ширинсан. Отинг нима?
– Акмал…
– Акмал? – у энди ўзини тутолмади, болачани астойдил қучиб ўпди. Ўпди-ю, унга ҳайрон қараб туришган эр-хотиндан хижолат тортди. Дарров ўзини қўлга олди. Унга ҳануз тикилиб турган болачадан кулиб туриб сўради: – Номинг ҳам чиройли экан… Вой, менга намунча тикилиб қолдинг? Ё яхши кўриб қолдингми?
Бундай чиройли «ая»га ҳамон ҳайрат билан боқиб турган бола шунда барчалари учун кутилмаган жавобни қилди:
– Ҳа…
Ҳаммалари қийқириб кулиб юборишди.
– Вой, яхши кўрганингдан айланай! – Тахмина уни беихтиёр яна қучоқлаб ўпди. Кейин ёнгинадаги шкафдан икки дона шоколад олиб, унга узатди: – Мана, яхши кўрганинг учун, Акмал…
Тахмина шу бола туфайли эр-хотиннинг битмаган ишини битириб жўнатди. Уларга нақд пул лозим бўлиб, Наталья белгиланган суммани узук сотилгандан кейин оласизлар, деб турган экан. У сейфдан эллик минг сўм чиқариб, стол устига қўйди.
– Бу узук раҳматли ойимдан қолган ёдгорлик эди, – деди жувон. – Қийналиб қолганимиздан ноилож олиб келувдик.
– Узук менда туради. Уни сотмаймиз. Қачон пул топганингизда қайтариб олиб кетишингиз мумкин.
Эр-хотин миннатдорчилик билдириб чиқиб кетишаркан, Тахмина у билан энди ширин жилмайиб хайрлашган бола ортидан ҳавас билан қараб қолди…
Мумтоз Тахминани жону дилдан яхши кўриши, уни чиндан ҳам еру кўкка ишонмай яшаётгани, у ўзининг бундан кейинги ҳаётини, тақдирини у билан боғлагани аниқ. Шунинг учун ҳам унга атаб қаср қурдирди, у энди Тахминадан фарзанд кўриб, бундан кейинги орзу-ҳавасларини у билан бирга кўрмоқчи. Тахмина ҳозир жиддийроқ даволанса, оналик бахтини топишига ишонади, бироқ юқоридаги аччиқ мушоҳадалар уни асоратда тутиб турар эди.
Мана энди сира кутилмаганда, хаёлидан анча кўтарилиб, унут бўлаёзган Акмал ва у билан боғлиқ аллақандай сеҳрли туйғулар унинг фикру хаёлини янада банд этиб турипти.
Бу пайтда назардан сал четроқда, Мумтоз ширкатининг яширин ҳолда спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи цехи жойлашган, атрофи баланд қўрғонли бир ҳовлида ота-бола– Мумтоз билан Гуландом ўртасида жиддий гап борарди.
Мумтознинг қаҳру ғазабдан юз-кўзлари қизариб кетган, хонанинг бир четида курсига қапишиб, титраб-типирчилаб ўтирипти. Гуландом ўртадаги стол ёнида, отасига орқа ўгириб олган. Йиғидан қовоқлари шишиб кетган. Ўқтин-ўқтин хўрсинади. Худди жунжиккандай, елкалари қалтирайди.
– Сен мени шарманда қилдинг. Мени ўлдирдинг. Лаънат сенга! – Мен қайдан билай… Шопирингизни танимасам, уйингизни кўрмаган бўлсам…
– Яна гапиради-я! Ўз ифлослигини, ўз фоҳишалигини менга, ўз отасига тан олиб гапиради-я! – Мумтоз ўрнидан сапчиб туриб кетади. – Мен сени ўз қўлларим билан бўғиб ўлдираман!
Гуландом ҳам у билан баравар ўрнидан туриб, отасига энди ғазаб ва нафрат билан тикилади:
– Ўлдирсангиз ўлдираверинг, мен ўлимдан қўрқмайман! Лекин сиз бизга отангман, дейишга ҳаққингиз йўқ. Сиз бизни уялмасдан, ор-номус қилмасдан, бир… ни деб ташлаб чиқиб кетган одамсиз-да. Энди биз билан ишингиз бўлмасин. Биз қаерда яшасак яшайверамиз, нима иш қилсак қилаверамиз! Мени ҳатто паспортимда фамилиям ҳам бошқа!
Шунда Мумтоз қизи томон отилиши, уни чиндан ҳам бўғиб ўлдириб қўйиши ҳеч гап эмасди. Лекин шу лаҳза кўз олдига «лип» этиб Тахмина келди, миясига «Оқибатини ўйла!» деган фикр чақмоқдек урилди. Ғазабдан тишлари, муштлари қирсиллаб кетди, бор овозда ташқари томон қичқирди:
– Ким бор?!
Ичкарига бир йигит кирди.
– Хизмат, хўжайин?
Мумтоз ўзини босиб олишга уринди, лекин аламли овоз билан буюрди:
– Манави беҳаёни ҳозироқ эриникига олиб бориб ташланглар. Иккинчи марта мен буни Тошкентда кўрмайин!
– Бормайман. Ўша ҳезалак билан яшамайман, – Гуландом ҳам гапни чўрт кесди. – Тошкентда қоламан. Бу ер ҳамманики!
Мумтоз энди нима қиларини билмай қолганди. Қизининг ҳозирги гапидан, демак, эрига кўнгли йўқ, ўшанчун чиқиб кетган, деган фикр ҳам ўтди хаёлидан. Ахийри ён босишга мажбур бўлди:
– Тошкентда қоладиган бўлсанг, шартим шу: ўзим то бошқа одам топиб турмушга чиқармагунимча, мана шу ҳовлида қоласан. Кўчага чиқмайсан. – Мумтоз шундан кейин ҳалиги йигитга юзланди. – Буни шу ерда ишлатасан. Бошқалар қатори ишлаб ҳақ олсин. Яхши бўлса ошини, ёмон бўлса бошини ейди. Агар кўчага чиққанини эшитгудек бўлсам, сен калланг билан жавоб берасан.
Кимсан – жаноб Мумтозбекдек катта хўжайиннинг гулдек қизи, боз устига қўлдан дон еб ўрганган Гуландомдек ёш нозаниннинг жилови унга тутқазиб қўйилганидан қувониб, барзанги йигитнинг боши осмонда эди. У ўз ҳаяжонини босолмади:
– Хўп бўлади, хўжайин! Айтганингиздай қиламан. Ҳозироқ хоним учун алоҳида хона ажратамиз.
Нечукки, Гуландом яна ўз жойига ўтирганича жим турарди. Мумтоз ёпиғлиқ қозонни ёпиғлиғича қолдириб, шиддат билан чиқиб кетди.
… Дераза ёнида гавжум кўча томонга тикилиб хаёл суриб турган Тахмина қўққисдан жиринглаган телефон қўнғироғидан ўзига келди. Шошиб бориб гўшакни кўтарди.
– Тахмина опа, сизмисиз? Мен Зилоламан.
Тахмина, хайрият, деб юборди.
– Нима қилиб ўтирибсизлар? Эрталабдан бери қўнғироқ қиламан, ҳеч ким жавоб бермайди. – У Зилолага гап бермаёқ саволларни қаторлаштириб ташлади.
– Сурайёни ўғли Акмал… Ўша ердами?
– Ҳа, шу ердалар. Ҳозир новвойхонага чиқиб кетдилар.
– Сурайё-чи?
– Сурайё холани бугун кечаси билан хуружи тутиб чиқди. Ярим тунда «Тез ёрдам» чақириб, поликлиникага олиб кетувдик. Реанимацияга ётқизишди. Акмал акам иккаламиз кечаси билан ухламай юриб чиқдик. Зилоланинг охирги гапи беихтиёр Тахминанинг суяк-суягидан ўтиб кетди.
– Мен сендан Акмал билан юриб чиққанингни сўраётганим йўқ. Менга Сурайёдан гапир!
Қиз бирдан ҳовридан тушиб қолди. Энди пастроқ овозда жавоб қилди:
– Сурайё хола эрталаб ўзларига келдилар. Лекин аҳволлари ҳамон жиддий. Ўқтин-ўқтин нафаслари қисиляпти. Касалхонага ётишга кўнмадилар. Уйга олиб кетинглар, деб йиғладилар. Дўхтирлар ҳам ноилож тилхат олиб жавоб беришди.
– Бўпти. Мен ўзим ўтиб бораман. Сен нима қилиб ўтирибсан у ерда, ишингга бормадингми?
– Акмал акам: «Аямга укол-пукол қилиб туришга одам керак», деб ишхонамдан бугунга жавоб олиб бердилар.
Тахмина телефон гўшагини жойига тарақлатиб қўйди: «Бир кечадаёқ бунчалик қаймоқлашиб қолишган бўлса, демак, Зилол ҳам чакки эмас!» Тахмина аччиқ ютиниб қўйди. Начора, Акмал ҳали уйланмаган йигит. Танлаш ҳуқуқи унинг ихтиёрида. Тахмина энди Акмал учун ким бўпти? Йўқ, у тезроқ етиб бориши, Сурайёни баҳона қилиб бориши, Акмал билан дурустроқ гаплашиб олиши ва ўз ўрнида Зилолага «Қадамингни ўйлаб бос», деган мазмунда ишора қилиб қўйиши керак.
У шоша-пиша ташқарига отланмоқчи эдики, кутилмаганда Наталья кириб меҳмон ташриф буюрганини айтиб қолди. Тахмина дарҳол ўзини йиғиштириб олди. Юрагига аллақандай ғулғула солиб турган туйғуларга жилов берди, ўзини мутлақо беташвиш ва хушнуд қиёфага олиб, аллақачон ичкарига кириб келган Қутбиддинга пешвоз юрди. – Марҳамат, Қутбиддин жаноблари!
– Сизни кўришдан бахтиёрман, Тахмина хоним, – меҳмон ўз одатича тавозе билан келиб, унинг қўлидан ўпди. – Бугун тушимга кирибсиз. Сиз билан биргаликда гулшанларни оралаб юрибмиз…
Тахмина серсавлат, сертакаллуф меҳмоннинг бу тушига одоб юзасидан бирон муносабат билдириши лозимлигини ҳис этди.
– Бундан ғоят мамнунман,– деди у меҳмон билан юзма-юз оромкурсиларга жойлашишаркан. – Бизда яхши эркакларнинг туши ҳамиша ўнгидан келади, деган гап бор…
Бундан Қутбиддин янаям қувониб кетди:
– Яхши эркаклигимни сиздек ҳусну малоҳат маликаси эътироф этганидан бошим осмонда!
Тахмина унга яна бир табассум ҳадя этиб қўйди.
Кейин ўртадаги столча устида турган шоколадли конфетлар қутичасини очди. Иккита қадаҳга оз-моздан коньяк қуяркан, беозоргина сўради:
– Нечук бир ўзингиз?
– Ҳа, шундай бўлиб қолди. Давлатберди Сожиданикида, ҳозир ўша ердан келяпман. Жаноб Мумтозбек зарур бир иш юзасидан эрталаб барвақт қаергадир жўнаб кетди. «Мерседес»ни бизга қолдирган, «Тахмина хонимнинг олдига ўтинглар, соат бирда «Зарафшон» ресторанига олиб борсин, мен ўша ерда кутиб оламан», деб тайинлаганлар. «Қўрғонга ўтиб келиш зарур бўлиб турганда буёғи энди дардисар бўлди», хаёлдан кечирди Тахмина. Лекин сир бой бермади, юзидаги хушнуд қиёфани сақлаганча меҳмонга жавоб қилди:
– Сизни зериктириб қўймасам, деб қўрқаман…
– Ундай деманг, Тахмина хоним. Сиз билан бирга бўлишдан улуғроқ саодат йўқ.
Тахмина қадаҳлардан бирини меҳмонга тутқазиб, иккинчисини ўзи олди.
– У ҳолда, сизнинг вақтичоғлигингиз учун, Қутбиддин жаноблари. Шундан кейин улар яна ярим соатларча қизғин гурунглашиб ўтиришди. Меҳмон Тахминанинг савдо-сотиқ ишлари билан қизиқди. Харидорларни кўпроқ нималар жалб этиши-ю, бир кунлик умумий савдо қанча эканлиги, ўзбек сўмининг қадру қиммати ва бу ердаги валюта бозорига оид маълумотларни суриштирди. Сўнгра, агар Тахмина хоним хўп десалар, мен бу ерга бир-икки контейнер миллий заргарлик буюмларидан жўнатишим мумкин, деди.
– Хўп яхши бўларди, лекин заргарлик буюмлари бозори ҳамма жойда ҳам чаққон эмаслиги ўзингизга маълум,–жавоб берди Тахмина.–Шунинг учун ҳам мен бир-икки контейнерлик қимматбаҳо юк учун катта миқдордаги маблағни банд қилиб туролмайман-ку…
Қутбиддин уни дарҳол тушунди, ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлди: – Мен сиз билан насия тариқасида иш кўришим мумкин. Иншооллоҳ, узилишиб кетармиз… – у шундай дея бир дам тин олди, кейин қандайдир мушоҳадага бориб, яна қўшимча қилди: – Сизлар фақат, бу ерда бизнинг мебель бозоримизни кенгайтириб берсаларинг бас.
– Буёғига гап йўқ. Лекин менинг дўконимга келадиган товарлар масаласини дўстингиз Мумтозбек билан маслаҳатлашмоқ лозим.
– Бисёр хуб, бисёр хуб, – Қутбиддин Тахмина билан музокарада бундан ортиқ гап ололмаслигини тушуниб, бу масалага чек қўйди.
Бироқ меҳмоннинг бу ерга кириб келишидан асосий мақсади бошқа эди. Ҳусну малоҳат маликаси «дам олиш ва даволаниш» учун бориш тўғрисидаги ваъдасини унутгани йўқмикан? У ноилож ана шунга шама тариқасида яна илова қилди:
– Дарвоқе, ўз ваъдангизга мувофиқ биз томонга бафуржа борганингизда, биздаги заргарлик буюмларининг минг бир хил туридан ўзим ажратиб бераман…
Тахмина унинг ниятини тушунди. Эски шайтонлик одатини қилиб Қутбиддиннинг юрагига яна чўғ ташлаб қўйди:
– Ундай бўлса, қанот чиқариб учиб борганим бўлсин…
Қутбиддиннинг юраги гумириб кетди. Буни сезган Тахмина ичида кулиб қўйди: «Мен нима хаёлда-ю, бу нима хаёлда…»
Унинг кўз ўнгида Акмал жонланиб турарди. Нима қилиб ўтириптийкин? Ҳойнаҳой нонвойхонадан иссиқ нон келтирган бўлса, Зилола билан чой ичишиб ўтиргандир. Ҳа, у энди Зилолага жавоб бермайди, ёнимда ўтиринг, дейди. Сурайё ҳам шуни хоҳлайди.
У Қўрғонга телефон қилмоқчи бўлди. Олдин Натальяни чақириб, меҳмонга «Ўзбек миллий заргарлиги» альбомини олиб келиб кўрсат, деди. Наталья «хўп» дея ортига буриларкан, Қутбиддин унинг чиройли оёқларига зимдан суқланиб қўйганини сезиб, Тахмина ичида кулиб қўйди. Кейин ундан узр сўраб, телефон номерини терди.
Кутилмаганда қўнғироққа яна Зилола жавоб берди. Бундан Тахмина бўлганича бўлди, бироқ Қутбиддиннинг олдида ўзини вазмин тутишга уринди.
– Зилол, сен ҳалиям ўша ердамисан?
Соддадил қиз унга янаям ўхшатиб жавоб берди:
– Ҳа, шу ердаман, Акмал акам қўймаяптилар. Ўн беш минутдан кейин яна укол қилиш керак экан…
– Менга айт-чи, ҳозир нима қилиб ўтирибсизлар?
– Нима қилиб ўтирардик, Сурайё холам ухлаяптилар. Акмал акам иккаламиз уёқ-буёқдан гаплашиб ўтирибмиз.
Тахминанинг кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Яна жаҳл билан гўшакни жойига тарақлатиб қўйди.
Қўйди-ю, бир нафас ўтиб қайтадан номер терди. Яна Зилола!
– Тахмина опа, телефон узилиб қолдими, дейман…
– Менга Акмални чақир!
Гўшакни Акмал олди.
– Алло…
– Бормисан, Акмал? Яхшиям ёнингда Зилол бор экан, бўлмаса тополмасмидим…
– Хабаринг бордир, аямнинг мазалари йўқ.
Тахмина энди ўзини вазминроқ олди.
– Ҳа. Ўтиб борай десам қўлим бўшамаяпти. Икки хаёлим сенда… – У шундай деди-ю, кейин шошиб қўшиб қўйди: – Мениям аянгдан кўнглим хижил.
– Хавотир олма. Зилолахон укол қилиб турипти.
Тахмина энди нима дейишини билолмай қолди.
Аччиқ ютиниб олди-да, «Бўпти, кечроқ кўришамиз», дея гўшакни жойига қўйишга мажбур бўлди.
…Ҳақиқатан ҳам соат роппа-роса бирда Мумтознинг ўзи ҳаммаларини «Зарафшон» ресторанида кутиб олди. Тулкидек айёр, унчамунча нарсани сиртига чиқармайдиган эрининг бугун кўнглида аллақандай ғашлик пинҳонлигини унинг овозидан ва хатти-ҳаракатларидан Тахминанинг ўзи ҳис этди. Лекин бу ҳам сир бой бермади, ундан ҳеч нимани сўраб ўтирмади.
Тушликка ўтиришганда Тахмина Сожидадан ҳазиломуз гина қилган бўлди:
– Хўжайин меҳмонларни менинг ихтиёримга қўйиб кетган эканлар. Лекин сен мендан рухсат сўрамай, уларни уйингга олиб қочиб кетибсан. Сожиданинг ўрнига Давлатберди жавоб қайтарди:
– Унчалик эмас, хоним. Сизни ишдан қолдирмайлик, деган фикрда ўзимиз Алим акадан бизни Сожиданикига олиб бориб қўйинг, деб илтимос қилдик.
Сожида гапнинг буёғи қаёққа бориб тақаларкин, дегандай жилмайганча индамай ўтирарди. Тахмина сўзида давом этди:
– Шунинг учун ҳам ўзларинг уйда танҳо қолиб, бечора Қутбиддин жанобларини менинг олдимга жўнатибсизлар-да!
Бу қочиримдан ҳаммалари ҳузур қилиб кулиб олишди.
Сожида бироз хижолат тортгандай бўлди, Тахминадан ўпкалаб қўйди. – Сендан ҳозир бирон киши шуни сўраётган эдими?
Давлатберди орага аниқлик киритиб қўя қолди:
– Сўрашмаган ҳолдаям, биз ўзимиз айтиб қўйсак ёмон бўлмас. Азиз дўстларимиз мен билан Сожида ўртасидаги эр-хотинлик муносабатлари қайтадан тиклангани учун қадаҳ кўтарадилар, деган умиддаман.
Ўтирганлар бундан хурсанд бўлишиб, «Табриклаймиз»! –дея қадаҳларни қўлларига олишаркан, Сожида Давлатбердининг таклифига тузатиш киритди:
– Ҳеч кимнинг оиласи бузилмасин. Мен Давлатбердига «Қачон Тошкентга келсанг, эшигим сен учун очиқ», деб қўйдим, холос. Так что, бу қадаҳни фақат дўстлик муносабатлари учунгина ичамиз!
Давлатберди билан Сожида ўртасида қайта пайдо бўлган муносабатлар қандайлигидан қатъи назар, улар бир-бирлари билан бу қадар осон тил топишганидан Мумтоз ҳам, Тахмина ҳам ичларида ажабланиб қўйишди. Улар ҳам тасодифий бу яқинлашув замирида, энг аввало, меҳмонларнинг жуда катта манфаатлари ва ўз ўрнида, Сожида учун ҳам анча фойдали бир иш ётганидан хабарсиз эдилар. Бугун эрта тонгда Мумтоз меҳмонларга «Жуда зарур иш чиқиб қолди. Мен ҳозироқ машинани қайтариб юбораман. Сизлар айланиб туринглар. Соат бирда «Зарафшон»да кўришамиз», дея ўша иккита қизни миндириб чиқиб кетгач, Қўрғонда ёлғиз қолишган Қутбиддин билан Давлатберди ўртасида хуфиёна бир маслаҳат бўлиб ўтди.
Уларнинг икковини ҳам жўнатилган юкнинг Тошкентга эсономон кириб келиши ва мебель гарнитурлари орасидан Давлатберди учун мўлжалланган махсус комплектни Олмаотага хамирдан қил суғургандек силлиққина ошириб юбориш муаммоси ташвишга солиб турарди.
Ҳамма гап шунда эди. Бу операция амалга ошган тақдирда, қўлга келиб тушадиган даромад олдида Қутбиддиннинг Мумтозга жўнатган ҳамма гарнитурларининг пули денгиздан томчидек бўлиб қолар эди. Чунки бу мебель ичига жойлаштирилган катта миқдордаги қорадорини шимоли-шарқий ҳудудларда муносиб баҳолашади…