Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Қутбиддин айни пайтда Марказий Осиёнинг айрим республикаларида ҳукм суриб турган ижтимоий-иқтисодий тартибсизликлардан, айниқса, янги оёққа турган ҳудудий божхоналар хизмати ҳали мукаммал эмаслиги, боз устига, текширув пунктларида порахўрлик ҳоллари учраб туришидан яхши хабардор эди. Анчадан бери ҳамкорлик қилиб келаётган бу икки ҳамтовоқ ана шу вазиятни қайтадан ва чуқурроқ таҳлил қилиб олишиб, кейин юқоридаги режани пишитишганди. Назорат пунктларида ўз одамларига эга бўлган Қутбиддин: «Менинг йигитларим юкни Ўзбекистонгача олиб бориб беришларига кафолат бор. Туркман ошналар ёрдамида Тошкентга йўл очилиб қолишига ишонаман. Гап фақат Тошкентдан уёғига боғлиқ», деди. Давлатберди ўз ўрнида «Тошкентдан уёғи»ни ўз зиммасига олишини айтди.

Шунга кўра, бу юк Қутбиддиннинг Тошкентга яқин орада жўнатилган мебель гарнитурлари қаторидаги комплектга жойлаштириладиган ва Давлатберди Тошкентга келиб, ўзи учун қўшиб юборилган гарнитурни Мумтоздан олиб кетадиган бўлди. Амалга оширилаётган операциядан Мумтоз мутлақо бехабар бўлиши лозим. Мабодо, худо кўрсатмасин, Олмаота йўлида бирон гап чиқиб қолгудек бўлса, Давлатберди Тошкентда бу мебель гарнитурини яхши кўриб қолиб сотиб олганини айтади ва дўкон кассасининг чекини кўрсатади.

Бугун эрталаб иккала меҳмон ўртасидаги хуфиёна маслаҳат ана шу хусусда эди. Шунда Давлатберди хаёлига бир фикр келиб қолганини айтди: «Сожидани учратганим кўп яхши бўлди. Уни йўлга сололсам, мебелимни ўзи Олмаотага олиб бориб беради. Ҳарҳолда аёл киши, ҳайдовчининг ёнига ўтқазиб қўйсак, иш кўнгилдагидек кўчади. Юк машинасини эса Мумтоздан, унинг абжирроқ ҳайдовчиларидан бирини оламиз».

Шундай қилиб, улар Алим ака қайтиб келгач: «Бизни Сожиданикига олиб бор», дейишди.

Давлатберди Сожидага: «Ўтган гапларни эсламайлик. Бундан кейин сен менинг Тошкентдаги суюкли хотиним бўласан. Энди узоғи билан бир ойда бир марта кўришиб турамиз. Сен учун нимаики лозим бўлса, мен ўзим таъминлаб тураман», деди. Стол устига беш-олти юз доллар пул ташлади: «Бу ҳали бошланиши…» Кутилмаган таклиф Сожидани гўё осмондан чалпак ёғилиб қолгандек қувонтириб юборди. Шунинг учун ҳам Давлатбердининг гап орасида: «Мен энди сени оз-моз бизнес ишларига ҳам ўргатаман. Олмаотага қатнаб турасан. Масалан, эрта-индин келаётган мебеллардан бир комплектини олиб бераман. Машинада Олмаотага икки-уч кун ичидаёқ ташлаб келиб, яна анча пул ишлаб оласан», деган гапига осонгина рози бўла қолди. Ҳозир Қутбиддиннинг ҳам, Давлатбердию Сожиданинг ҳам кайфиятлари хуш эди. Фақат Тахмина билан Мумтоз ўзларини ҳарчанд кечагидек бамайлихотир ва хушчақчақ тутишга уринаётган бўлишсада, ҳозир ҳар бирининг хаёлидан бошқа ўйлар ҳам кечиб турарди. Тахминанинг кўз олдида ҳамон Акмал… У ҳозир нима қилиб ўтирипти? Тахмина ҳақида ўйлаяптимикин? Ёки хаёлида фақат бемор онаси-ю, ёнида уймалашиб турган Зилоламикин? Йўқ, Сурайёнинг оғир ётганлигини айтиб, тезроқ етиб бориш керак.

Мумтоз эса, ўз хаёлидан қувиб чиқармоққа қанчалик уринмасин, барибир, бир кун ичидаёқ юз берган икки нохуш воқеа – Санжар ва Гуландом билан бўлиб ўтган тўқнашувлар ич-этини кемириб турар эди. Икковиям унинг бошига битган бало бўлишди-ю. Бири ўғри, нашаванд, алкаш, қиморбоз. Энди унга гап уқтиришнинг, уни одам қилишнинг иложи йўқ. Ҳисобдан чиқиб кетган. Икки куннинг бирида Мумтознинг олдини тўсиб чиқиб, ундан пул талаб қилаверади. Буниси камлик қилганидек, турган-ўтирган жойида «Мен фалончининг ўғлиман» деб, унинг обрўйига путур етказаверади. Шу боис ҳам Мумтоз энди жиддийроқ чора қўллашга мажбур бўлди. Ҳалигина ўзига тобе муштумзўр йигитларга: «Санжарни зудлик билан топиб, бундан кейин кўзимга кўринмайдиган қилиб қўйинглар», деб топшириқ берди. Шояд шу билан тинчиб кетса. Иккинчи бедаво дард Гуландом бўлиб турипти. Буниси орттириб бераётган шармандалик юки янаям оғирроқ. Кимсан, фалончининг қизи қўшмачи Чаманнинг фармойишидаги фоҳиша! Мумтозни кўролмайдиган, унга адовати, ҳасади борлар камми бу шаҳарда. Гуландом унинг қизи эканлигини эшитсалар борми, уни атайин Мумтоз устидан мазза қилиб кулмоқ учун ҳам хомталаш қилиб ташлашади.

Бас, етар, бу икки балодан тезроқ халос топмоқ керак. Тошкентда ё Мумтоз туради ёки улар.

Тушликдан сўнг Тахмина «Сурайёдан хабар оладиган», Мумтоз билан Сожида меҳмонларни шаҳар айлантирадиган бўлишди. Мумтоз ҳаммаларига: «Кечки пайт яна Қўрғонда тўпланамиз»,– деди. Унинг бу таклифидан айниқса, меҳмон ўз қувончини яширолмади:

«Бу оқшом ҳам худди кечагидек ўтадиган бўлса, мен Тошкентда қолиб кетаман чоғи».

Мумтоз яна бир марта пичоқсиз бўғизланди.

IX

Сурайё тушдан кейин соат учларда ўзига келиб, аста кўз очди. Ҳолсиз, жонсиз. Ажал калхати уни яна бир марта нариги дунёга олиб бориб, жаҳаннам азобларини кўрсатиб келди. Эй худо, сенинг олдингдаги гуноҳларим шунчалар оғирмиди?

Кейинги икки йил у ўз кечмишларини, ўз қилмишларини нечанеча марталаб қайта эслашга, Оллоҳ уни қайси гуноҳлари учун эрта куннинг ёруғидаёқ бу қадар даҳшатли азобларига дучор этаётганини англаб етишга уринган. Бир вақтлар ўз жуфти ҳалолига қилган хиёнатлари, ундан кейин фаҳшликлар, узундан-узоқ зино йўллари… Бу орада у қанчадан-қанча эркагу аёллар ўртасида қўшмачилик қилмади, қанчадан-қанча оилаларнинг бузилишига, қанчадан-қанча бегуноҳ болаларнинг аччиқ кўз ёшларига, уларнинг ўз оталаридан, оналаридан тирик етим қолишларига сабабчи бўлмади, дейсиз.

Яқинда Сурайё Пошшохон деган бағоят билимдон, покдомон, руҳоний, табиб ва таъбирчи аёл ҳақида эшитиб қолиб, унинг ҳузурига борди. Пошшохон Сурайёнинг юзига бир қарашдаёқ хулоса чиқариб қўя қолди: – Касалингиз оғир. Бўғзингизни чангаллаб олган. Бу азоблар сизда кимгадир қилган оғир хиёнатингиздан кейин бошланган. Тавбатазаррудан бошқа чорангиз йўқ…

Ўша-ўша нафас қисилди дегунча бўлмай, Сурайёнинг кўз олдига Тахмина келаверади. Ҳа, у ана шу бахтиқаро гумроҳга кечириб бўлмайдиган хиёнат қилди.

Уни алдади, дугонаси Хуршиданинг арвоҳини чирқиратиб, Тахминани онаси билан ётиб турган киши никоҳига олиб келиб қўшди! Ҳа, отинбуви Пошшохон тўғри таъбир чиқарди, энди тавба-тазаррудан ўзга чора йўқ. Бироқ тавба билангина иш битармикин? Бу гуноҳи азим учун у қаттиқ жазоланиши муқаррар. Шундай экан, у Тахминага бу сирни очиши, ундан кечирим сўраши, юрагини энди тошдек қотиб турган оғир юкдан оз-моз енгилламоғи лозим. Бироқ қачон? Қандай қилиб? Бунинг учун журъат ҳам, фурсат ҳам тополмай азобда эди.

Сурайё кўзларини хиёл очди-ю, эркин нафас олаётганини туюб, ташқаридан тушиб турган ёруғликни, олдида ўтиришган Акмал билан Зилолани кўриб, рангига сал қон югургандек бўлди. Бемажол шивирлади. – Хайрият…

– Ҳаммаси ўтиб кетди, ая. Энди яхши бўлиб қоласиз, – Акмал ҳам енгил тортиб, Сурайёнинг совуқ тердан намиққан пешонасини, бетларини дока билан артиб қўйди.

– Бир қултум илиқ чой берайми, холажон? – сўради Зилола.

Сурайё «ҳа» маъносида аста бош қимирлатди. Акмал тезда онаси томон сурилиб, уни оз-моз суяб турғазди, Зилола ҳам аста унга томон эгилиб, Сурайёнинг оғзига чой тутаркан, беихтиёр йигит билан қизнинг бошлари бир-бирига тегар даражада яқинлашиб қолди.

– Зилол!

Акмал ҳам, Зилола ҳам, ҳатто Сурайё ҳам эшик остонасида уларга қараб турган Тахминага ҳайрон боқиб қолишди.

– Сен мени олдимни тўсма, чойни ўзим ичкизаман,–илова қилди Тахмина.–Сен оёқ томонга ўтиб ўтир, укол қилиб турганинг ҳам етар. Тахмина энди Зилоланинг ўрнини эгаллади. Сурайёга чойни ичқизиб, у билан кисқача ҳол-аҳвол сўрашган бўлди. Кейин ҳамон унга ҳайрон боқиб турган Акмалга юзланди:

– Кўзларинг қизариб кетибди.

– Кечаси ухлаганим йўқ.

– Зилол айтди, тонггача оёқда туриб чиқибсизлар. Ишқилиб, кечаси совқотиб қолмадингларми?

Акмал тушуниб турипти. Тахмина уни Зилоладан рашк қиляпти. Шу чоғ бироз қувлиги тутди, жўрттага оловга яна мой сепиб қўймоқчи бўлди:

– Йўқ, унчалик эмас. Бир-биримизни пинжимизга кириб, бетўхтов юриб чиқдик.

«Бир-бирининг пинжига кириш нима-ю, одамни одамдан рашк қилиш нима?»–бу нарсалардан ҳали бехабар соддадил Зилола «катталарнинг гапига» аҳамият бермай, Сурайёнинг оёқларини уқалаш билан овора эди. Бироқ унинг жим ўтириши Тахминада «Чиндан ҳам шундай бўлипти-да», деган фикрни уйғотди ва унда энди бу қизга нисбатан адоват ҳисси пайдо бўлиб қолди.

– Афсус, билганимда битта каравот жўнатворардим,–деди Тахмина заҳархандалик билан.

Акмал ҳазилнинг таги зил бўлиб чиқишини ва бундан энг аввало бегуноҳ Зилола жабр кўриши мумкинлигини сезиб, гап уловини Тахминанинг кўнгил кўчалари томон буриб юборди:

– Агар каравотни ўзинг олиб келганингда, синглимиз Зилолага жавоб бериб юборган бўлардик.

Йигитнинг юрагидан чиққан бу эътироф қовоқдаги булутларни бир дамдаёқ тилка-пора қилиб ташлади. Балқиб кетган Тахмина ёқимтойлик билан Зилолага иш буюрди:

– Биронта қайноқроқ чой дамлаб келсанг-чи, Зилол.

– Хўп бўлади, Тахмина опа, – қиз ўрнидан сапчиб туриб, ташқарига чиқиб кетди.

Сурайё сезиб турипти, Тахминанинг ҳамон Акмалда кўнгли бор. Бироқ бу хомхаёл, ҳавойи бир орзу. Худо кўрсатмасин, Мумтоз буни сезиб қолса борми, эндигина қўлга кириб турган нуридийдаси бу ердан ҳам қувғин бўлади. Шу боис у ўзини улар ўртасида бўлиб ўтган ҳозирги қочириқларга эътибор бермаганга солди. Беҳол бўлишига қарамай, орага қўшилишни ва гап мавзуини ўзгартириб қўйишни лозим топди:

– Тахмина, яхшиям сенинг борлигинг. Бу ёқда бунчалик дарду ситамлар бор экан, сен бўлмаганингда қаерларда қолиб кетардим. – Ундай дема, Сурайё, – Тахмина уни ҳам сенсираб, ўз оти билан аташга ўрганган эди. – Олдингда мана, тоғдай ўғлинг ўтирипти… Сурайё ўзининг ўринсиз гапи билан Акмалнинг ҳамиятига билмасдан тегиб қўйганини англади-да, дарҳол яна қўшимча қилди:

– Мен Акмалжонимни илинжида ўлолмадим. Уни кутиб яшадим… – Биз энди бир-биримизни йўқотмаймиз… – илова қилди Тахмина. Акмал сукут сақлаб ўтирарди. У афтидан, онасининг ҳам, Тахминанинг ҳам гапларини мушоҳада элагидан ўтказиб, буёғига қандай иш тутиш йўлини қидирарди.

– Одамнинг қорни меш эмас, бир бурда нон билан ҳам қониқса бўлади, – деди у ниҳоят вазминлик билан. – Бироқ хом сут эмган бандаси керагидан кўра каттароқ нон тишлайман деб, баъзан ўз умрига, ўз бахтига зомин ҳам бўларкан.

Бу билан у, ўғли яхши кўрган қизни Тошкентга олиб келиб, азбаройи нафс йўлида Мумтоздек ёши катта одамнинг қўлтиғига тиқиб қўйган онасига ҳам, Мумтознинг мол-дунёсига учиб, ёш умрини хазон қилаётган Тахминага ҳам бирров беозор дашном бериб ўтмоқчи бўлди. Албатта, буларга асли аччиқроқ гап лозим эди, лекин у Сурайёнинг хасталиги-ю, Тахминанинг шусиз ҳам жароҳатли дилига ҳозир наштар уриш мардликдан эмаслигини ҳисобга олди.

Акмал гап бошлаганда унга ажабланиб тикилиб турган Сурайёнинг ҳам, Тахминанинг ҳам кўзлари беихтиёр ерга қадалди.

– Кейин, ёлғон ҳам гапирмаслик керак. Бу жуда оғир гуноҳ… – яна қўшиб қўйди Акмал.

Сурайёнинг кўзларига ёш қуйилди. Тахмина ўзини босолмади. Акмал ўз даъватига муносиб жавоб олиши керак эди.

– Гапинг тўғри, Акмал. Қорин бир бурда нон билан тўяди. Лекин бу ҳали бахт дегани эмас. Мен ҳам буни кейинроқ тушундим. Бахтни бир умр қидириш керак экан. Бир умр курашиш керак экан. Бунга фақат журъатли, шижоатли кишиларгина чидайди…

Шу пайт ичкарига Зилола кириб келди. Қўлидаги чой билан бир ликобча конфетни хонтахта устига келтириб қўйди. Ўтирганлар олдида ийманиброқ чойни қайтарди-ю, кейин чойнак устини сочиқ билан ёпиб узр сўради: – Мен энди уйга кирсам…

– Майли, борақол, – жавоб берди Тахмина. – Ҳалироқ хабар оларсан. Меҳмонларга бугун ҳам у-бу тайёрлаш керак.

– Хўп бўлади, Тахмина опа, – Зилола шундай дея, энди Сурайёга юзланди:– Холажон, яхши ором олинг. Кечроқ яна укол қилиб қўяман. – Раҳмат. Худо бахтингни берсин…

Зилола чиқиб кетгач, ўртага бир дам сукунат чўкди.

Ҳар ким ўз хаёли билан банд эди. Сурайё билан Тахминани кўпроқ ташвишлантираётган нарса Акмалнинг кайфияти кўнгилдагидек эмаслигида эди. У қаердан келяпти, бундан буёғи қандай иш тутмоқчи, бошида қандай ўй-хаёллар ётипти–булар ҳақида ёрилишга шошмаяпти. Ичида бир дунё дарду алам бордек тош қотиб юрипти. Фақат меҳмонликда ўтирган одамдай омонат туюлади, жилмайишлари ҳам, ҳазил-ҳузуллари ҳам табиий эмас. У афтидан Сурайёни ҳам, Тахминани ҳам, бу ердаги ўзаро муносабатларни ҳам ўрганяпти, ўзини булардан юқорироқ тутиб турипти. Акмалга Тахминанинг охирги гапи таъсир қилди. Ич-ичидан эзилди. Ҳа, у ҳақ. Менда журъат, шижоат етишмайди. Шу боис дарду аламларимни бир умр ичимга солиб ўтаман.

– Тахмина… Худо ҳар кимни ҳар хил қилиб яратиб қўйипти, – Акмал ҳарҳолда бўйин эгиб, жим қолаверишни лозим топмади. У энди Тахминанинг ҳам жароҳатига қаттиқ туз сепиб, бу билан унга қарс ҳамиша икки қўлдан чиқади, деган ҳақиқатни ишора қилиб қўймоқчи бўлди: – Бахтни кимдир журъат ва шижоат билан, кимдир зару олтинлари билан қўлга киритади. Яна одамлар борки, икковидан ҳам бенасиб. Буларда соф муҳаббат ва садоқат туйғусидан бўлак ҳеч вақо йўқ. Бироқ бу қуруқ туйғунинг ўзи на худога, на ўша бахт қушига хуш келаркан…

Тахмина жимиб қолди. У Акмални тушунди. Унга ачинди. Муҳаббат, садоқат… Бу чиройли сўзлар айтишгагина осон. Лекин сен бу туйғуни кейинроқ ҳис этган бўлсанг, менда нима гуноҳ. Агар ўшанда сен орқага чекинмаганингда, ўқишни баҳона қилиб қочвормаганингда, мен ҳам жим ўтирмаган бўлардим…

Майли, ҳозир энг муҳими, агар сўзларинг рост бўлса, Тахминани унутмаганлигингда, уни ҳануз севишинг ва шу боис ҳам ундан гинакудурат қилаётганингда!

Бироқ тақдир йўлини энди ўзгартириб бўлармикин?

Мен сени севаман, бироқ сен энди ўз тақдирингни мен билан боғлашга шаймисан? Ўтган ишларга қўл силтай оласанми? Ёки яна журъатсизлик қилиб, ёки бўлмаса: «Мен энди сенинг тенгинг эмасман»,– дея яна хайр-хўшлашиб, жўнаб қоласанми?

– Акмал… Журъату шижоат сен айтган туйғунинг иккала қанотидир. Парвозинг ишга тушса, бахт қуши елкангда бўлади. Уни ҳеч қандай зару олтинлар ушлаб қололмайди.

Ёш боши билан ёши катталар ҳаётини кўриб улгурган Тахминанинг бу маънодор гаплари Акмалнинг кўкрагига енгил ва ёқимли шабада бўлиб урилди.

Сурайё ҳамон сукутда, кўзлари юмуқ, ёшларнинг ўзаро гап-сўзи атрофида мушоҳада юритиб ётипти. У энди ўзининг чорасиз хасталиги билан бир қаторда, ўғли Акмал билан яна бир таянган одами Тахмина учун бу қадар беқадрлиги, улар ўз ёнларида Сурайё борми-йўқми, соғми-бетобми, бунга мутлақо бепарво ҳолда масалани ҳал қилишаётганидан чуқур ўкинчда эди. Демак, буларни тўхтатиб бўлмайди, демак, олдинда яна кутилмаган ғаму ташвишлар…

Эй худо, омонатингни тезроқ олсанг бўлмайдими! Бадбахт бошимга яна қандай кўргуликларни солмоқчисан!?

Сурайё касали яна хуруж қилиб қолишидан қўрқиб, ўзини босишга уринди. Лекин кўзларидан қуйилиб келаётган шашқатор ёшни тўхтатолмас эди. Шу боис ҳам бир амаллаб Акмал билан Тахминага орқа ўгириб олди. Худди шу пайт Зилолаларникида тўс-тўполон эди. Бугун томорқасидан чиққан бир пақир қулупнайни бозорга олиб кетган Мирзамат уйга ўлар ҳолда маст қайтди. Ёқавайрон, аламзада, кўзи тўла қон. На пулдан дарак бор, на тоғорадан.

Зилоланинг кичик жуссали, нимжонгина, буйрак оғриғидан йилўн икки ой белини жун рўмол билан боғлаб юрадиган онаси Зебинисо бундай пайтлар оғир-босиқ бўларди. Ҳар қанча зардоб бўлса ичига ютар, эрининг «отдан тушиши»ни кутарди. Бу гал у сабр палласига тош босолмади. Чунки бугун уйда егулик учун ҳеч вақо йўқ, устигаустак, ҳам бозор учун, ҳам хамир учун иш бериб турган биттаю битта тоғорадан ҳам ажралишди.

Мирзаматнинг айқаш-уйқаш гапларига кўра, у пулни тушириб қўйганмиш, тоғора эса аллақайси Эшматми, Тошматми деган шиша кўзли винофурушнинг уч оёқли шалақ столи тагида қолиб кетганмиш.

Зебинисо пешайвон зинапоясига ўтириб олиб аччиқ-аччиқ йиғлади. Ҳовлининг бирдан-бир соябони кекса шотут тагидаги катда оёғини осилтириб, сўррайиб ўтирган Мирзамат аввалига хотинининг йиғисига эътибор бермади. Зебинисо: «Болаларнинг ризқини қийиб арақ ичгандан кўра заҳар ичган яхшимасмиди?»– дегачгина портлаб кетди. Отилиб бориб, хотинини тепмоқчи бўлди, лекин шунда иккинчи оёғи чалкашиб кетиб, ўзи орқасига гупиллаб йиқилди. Бир амаллаб ўрнидан турдида, энди ёнгинасидаги ўчоқ бошида турган пақир борми, чойнагу пиёла борми, ҳаммасини эшик томонга ота бошлади. Ҳовли эшиги эса Мумтознинг дарвозаси билан рўбару эканлигидан хабарингиз бор, албатта. Мирзамат бугун бозорда Мумтоз билан учрашиб қолмаганда, эҳтимол ичмаган, қулупнайнинг пулига нонмиди, гўшту ёғмиди олиб келган ва тоғора ҳам ўз жойида турган бўларди.

Мирзамат қулупнайни эндигина сотиб бўлиб, пулини санаб турувдики, қаршисида авзойи хирароқ Мумтоз пайдо бўлди:

– Пулни чўғи баланд-ку, қўшни?

Мирзамат уни кўриб хижолат чекди, шоша-пиша қўлини кўксига қўйиб салом берди, нима учундир ўзи билмаган ҳолда оғзидан: «Бизга бирон хизмат йўқми, хўжайин?» – деган гап ҳам чиққандек бўлди. Мумтоз шундан кейин ёнида иккита пакет қўлтиқлаб турган Алим акага буюрди:

– Сен чиқавер. Қўлингдагини қизил машинадаги болага бер, тезроқ «Зарафшон»га етказсин.

– Хўп.

Мирзамат тузоққа илинган қушдек юраги пўкиллаб турарди. Ҳозир Мумтоз унга доллардан гап очади!

Шундай бўлди, Алим ака кетиши биланоқ, у гап билан Мирзаматнинг ёқасидан тутди:

– Мен сизга ҳайронман, қўшни. Шунча қарзи бор одам қандай қилиб хотиржам юрибсиз?

– Нима қилай, бек. Осмон узоқ, ер қаттиқ экан. Ўйлаб ўйимга етолмаяпман.

– Сиз ўй ўйлаб, ўйингизга етгунингизча қарзингиз уммон бўлади. Ипни тезроқ узиш керак.

– Яшаб турган уйимдан бошқа сотгулигим йўқ. Агар уни сотсам бола-чақам билан кўчада қоламан. Худо хайрингизни берсин, бек… Мумтоз қаршисида кўзлари мўлтираб, аянчли боқиб турган ана шу ночор одамга беписанд кўз югуртириб олди-да, кейин:

– Билмадим, билмадим,–деди.–Уйингизни сотасизми, ё… қизингизни сотасизми, иложини қилинг. Сизга яна бир ҳафта муддат. Дарвоқе, харидор лозим бўлиб қолса, ўзимга учрайсиз. Ёрдамлашиб юбораман.

У орқасига шарт бурилиб кетаркан, Мирзамат турган жойида музлаб қолди. Уйингни ё қизингни… Мумтознинг шу гапи қулоғи остида яна такрорланиб, энди унинг тутуни кўкка чиқиб кетди. Кўз олди қоронғилашди, юраги сиқилди, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Тоғорани пештахта устидан олдими-йўқми ё ҳали айтганидек, борган жойида қолиб кетдими, буёғини аниқ эслолмайди.

Яхшиямки, Зилола кўча эшигини очиб кирганида, Мирзамат кўзга кўринган, қўлга илинган нарсаларни аллақачон отиб бўлганди. У энди зинапоя устида ҳамон қунишиб, муштдек бўлиб, юм-юм йиғлаб ўтирган хотинига қўлини пахса қилиб дағдаға қиларди:

– Сен мени ичганимни таъна қилдинг-а! Яна бир марта шундай деб кўр-чи, онангни Учқўрғондан кўрсатиб қўяман! Мени болаларим оч-яланғоч қолишгани йўқ. Қолишмайдиям! Ҳеч қачон!

Аҳволни кўриб ҳанг-манг бўлиб турган Зилола ўқдай отилиб бориб онасини қучоқлаб олди.

– Вой, ойижон, нима бўлди сизга?! – Кейин у дадасининг аҳволига, ер билан битта бўлиб ётган идишларга назар ташлаб, ўзиям йиғлаб юборди. – Нималар қиляпсиз, дада?!

Зебинисо қизининг оғушида ёш боладек пиқиллаб йиғлаб: «Даданг эсдан оғиб қопти», деди. Яхшиям Мирзамат унинг нима деганини англамади, энди Зилолага жаврай кетди:

– Сен опангга мундоқ уқтириб қўй! Кўпам жиғимга тегавермасин. Сенларни бир умр ўзим боқиб келдимми, буёғига ҳам ўзим боқиб оламан.

Зилола онасининг юз-кўзларини силаб-сийпалаб, суяб ўрнидан турғазди-да, ичкари томон етаклади:

– Юринг ойи, уйга кирамиз. Хафа бўлманг. Ҳозир тинчиб қоладилар. – Боқиб олар эмиш, – яна пиқиллади Зебинисо.

– Ҳаммаёқни соб қилди. Охиргиси шу тоғора эди…

Мирзамат «тоғора» сўзини эшитиб қолиб, яна ўкирди:

– Ҳе, ўша тоғарангга!.. Мен сенга унақа тоғорадан эртага юзтасини опкеб бераман!

Зилола онасини ичкарига қўйиб чиқди. Энди ўша турган жойида ҳамон чайқалиб турган дадасининг қўлтиғидан олиб, уни кат томонга судради.

– Юринг, ада, озгина ором олинг…

Мирзамат беихтиёр қизига бўйсунди. Унинг ёрдамида туфлисини ечиб, ўзини кат четидаги тўшакка ташларкан, қизига минғилларди: – Қарзимни узаман… Узолмасам ё Мумтоз кетади, ё мен! Уйини сотадиган даюс йўқ!

Шу тоб Зилоланинг вужудидан муздек бир нарса югуриб ўтгандек бўлди…

Мумтознинг қўл остида ҳунармандчилик фабрикаси, аллақандай яширин ишлаб чиқариш цехлари, бир қанча савдо, тижорат-восита дўконлари борлиги ва улардан тушаётган даромад анча йирик бўлишига қарамай, у судхўрлик фаолиятини ҳам кенгайтириб юборгани ва бу йўл билан ҳам катта фойда топаётгани Тахминага аён, албатта. Бироқ эрининг ишлари билан ҳам, оқиб келаётган бойлик билан ҳам у унчалик қизиқмайди. Мумтоз ўз пулларини, қимматбаҳо нарсаларини қаерда асрайди, нималарга харжлайди – буниси билан иши йўқ. Тахминанинг ўзи топаётган пул ва албатта, Мумтознинг ўзи ҳафтада бир марта унинг қўлига тутқазиб турадиган даста-даста долларларнинг ўзи ҳар қанча орзу-ҳавас учун етарли эди.

Мумтоз шунчалиги билан кўча-куйда қўли қаттиқ, беҳудага пул сарфламайдиган одам. Манфаат топадиган жойигагина аямай сочади. Бошқа ишбилармон сармоядорларга ўхшаб аллақандай хайрия, ҳомийлик деган ишларга ҳам қўшилиб кетавермайди. Ҳатто олдидан гадой чиқиб қолса, «худо берсин» деб ўтиб кетаверадиган одатиям бор. Шундай экан, у ўзидан қарздор кишига раҳм-шафқат қилармиди. Мумтоз билан ён қўшни Мирзамат кулол ўртасидаги олди-бердидан, кулолнинг иши юришмай инқирозга учрагани-ю, Мумтоздан олган қарзи беш минг долларга етиб қолганидан Тахминанинг хабари бор. Бу ҳақда Мумтознинг ўзи ҳам, Сурайё ҳам гапирган.

Фақат Зилоланинг дарди ичида. Тахминани ҳар учратганида унга нимадир демоқчи бўлади-ю, лекин қиздаги ҳаё ва андиша кучлилик қилиб, индамай қолаверади. Зилола гарчи унга ёрилмаса ҳам, ундан кўмак сўрамаса ҳам Тахмина бу оилага зимдан ачинар ва бир йўлини қилиб, эрини уларга нисбатан инсоф ва шафқатга кўндириш пайида эди. Кеча Мумтознинг ўзи Зилолани ёрдамга чақиртиргани ва кечки пайт меҳмонлар шу ердалигида қизнинг енг шимариб хизмат қилиб юрганига кўзи тушиб, «Зилолангиз чакки эмас. Сурайёга айтинг, убу нарсалардан бериб турсин. Бечораларнинг аҳволи оғир…» – деганидан фойдаланиб: «Шуларга бир эриб кетсангиз бўлармиди, бегим», деб қўйди. Мумтоз ширакайф бўлишига қарамай, Тахминанинг нимага шама қилаётганини дарров тушунди ва қисқа қилиб, «Мен эриганга эрийман» деб жавоб берди. Лекин бу билан нимани назарда тутганлигини Тахмина англаб улгурмай, меҳмонлардан бири орага суқилди-да, фикр чалалигича қолиб кетаверди.

Зилоланинг ўз оти билан зилоллиги, хушфеъл ва соддадиллиги, абжир-чайирлиги, чаққонлиги ва меҳнаткашлиги, яна айниқса, уни ҳар кўрганида оғзидан бол томиб «опа-чи опа» қилишидан Тахмина бу қизни ёқтиради. Фақат кечадан бери Акмални ундан қизғаниб, рашк қилиб юргани беҳуда эканлигини англагач эса, унинг Зилолага бўлган меҳри ва ишончи бугун янаям ошди.

Шу боис ҳозир хаёлига келган бир фикрдан ўзи қувониб кетди. Шошиб ошхонага ўтди-да, кеча сўйилган қўйнинг битта сонини, тўрт-беш килоча думба-ёғ, беш-олтита патир, яна мева-чевалардан бир дастурхон қилиб тугди-да, Акмални чақириб, Зилоланикига ташлаб чиқишини илтимос қилди.

Акмал сўзсиз итоаткорлик билдириб, дастурхонни кўтариб чиқиб кетди. Лекин бу орада ярим соатча вақт ўтиб қолди. Бундан ажабланган Тахмина энди ўзи унинг ортидан кирмоқчи бўлиб турувдики, ногоҳ Мумтоз телефонга чақириб қолди.

Меҳмонлар бугун келолмайдиган бўлишипти. «Давлатбердини Сожида уйига олиб кетипти, жаноб Қутбиддин билан мен шаҳар чеккасида яшайдиган бир ўртоғимникига кетяпман. Ўша ерда ётиб қоламиз», деди. Кейин Тахминадан: «Бугун сиз ўша ерда қоларсиз?»–деб сўради. Тахмина унга жавобан жўрттага: «Сиз бўлмасангиз, мен бу ерда танҳо ётишдан қўрқаман», деди. Унинг бу жавоби Мумтозга маъқул тушди: «Бўпти, жоним, домга ўтаверинг», деб қўйди.

Тахмина яхши билади, Мумтоз билан Қутбиддинни шаҳар чеккасидаги бир ўртоғиникида бу кеча нималар кутиб турганини… Бугун келиб, Қутбиддин билан Давлатберди кечаги тунни ўзлари ўтказишмаганини ҳам сезиб қолди. Бассейндан яқинда пайдо бўлган фаранги атирнинг ҳиди келиб турипти.

Демак, Мумтознинг бугун уйдан бунчалик барвақт чиқиб кетгани ҳам шундан. У буюртма билан тунда келтирилган қизларни эртароқ гумдон қилиши лозим бўлган. Сурайё билан Акмал ўз ҳужраларида, бундай ҳолларда ҳатто деразадан мўралаб қўйиш мумкин эмас. Бунинг оқибати хунук бўлишини Сурайё яхши билади. Дарвоза очилдими, демак, Мумтоз келди. Уни ўзидан бошқа ҳеч ким очмайди, очолмайди.

Лекин Тахмина эрининг бу қилиқларига мутлақо аҳамият бермайди. Ўзини ҳеч нимани кўрмаганга, билмаганга, сезмаганга олиб юради. Унга фақат Мумтоз уни тинч қўйса бўлгани, билган номаъқулчилигини қилиб юравермайдими.

– Намунча? Зилола минан гапларинг қуюқлашиб кетдими, дейман? – сўради у қаршисида пайдо бўлган Акмалдан.

Акмалнинг хаёлида шу тоб қўшни ҳовлида юз берган воқеалар, Мирзамат кулолнинг аҳволи-ю, Зебинисо ая билан Зилоланинг зор қақшаб ўтиришгани чарх уриб турарди. Шу боис ҳам у бирмунча диққинафас, авзойи тундроқ эди.

– Бўпти, бўпти, ҳазиллашдим, – деди Тахмина кулимсираб.–Кўпам қовоғингни уйма, қишдан ўзи зўрға чиқволдик…

Тахминанинг очилиб-сочилиб, ҳатто кўзларининг учқунланиб туришидан Акмалнинг рутубатли қалби ёришгандек бўлди. У энди Тахминанинг товланиб-тўлқинланиб, кўпириб турган жуссасига еб қўйгудек тикилди. Тахмина муддаолар риштаси уланиб турганини ҳис этиб, беихтиёр Акмал томон қадам ташлади. Келиб, унинг қўлидан тутди:

– Юр…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации