Электронная библиотека » Абдужаббор Обидов » » онлайн чтение - страница 10


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:20


Автор книги: Абдужаббор Обидов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
16. СЎНГГИ ОПЕРАЦИЯ

Операция икки соатдан ортиқ ўтди ва генерал соғ қолди. Ҳамма хурсанд эди. Иссиқдан бўғриққан, ҳаво олиш учун Махсума тамбурга чиқди. У тоза баҳор ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олганча, атрофга кўз ташлаб, меҳнатининг роҳатини туйиб, севинарди. Катта операцияни эплаганини қара. Ҳали ҳам ўзи-ўзига ишонмай, лаби беихтиёр табассум билан қопланди. Хаёлан қаерлардадир учардию, у томонга шошилаётган эрини кейин кўрди. Осмонда душман самолёти, поездни ўққа тутиш учун пастлаб учиб келар, чизиллаб отилган ўқлар унга тегиши мумкин эмасди, лекин бахтсиз тасодиф эҳтимоллиги доимо бор. Ўқлар қўшни вагонга қопланган темирдан бурчак остида қайтиш ҳосил қилиб, қорнига ва юрагига бир вақтда қадалдию, у аҳ деганча, чўкалаб ағдарилди. Ерга тушмасидан, етиб келган Расул, нима бўлди, хавфсизми, Мария деди, аммо кўкрагидан оқаётган қонни кўриб, дод бериб бақирди: Махсума! Махсума, открой глаза. Любовь моя!

Унинг бақиришига етиб келган тиббий ходимлар, ҳамширалар, Расулнинг осмонга қараб ўкириши, тиззасига бош қўйиб, ўлиб ётган доктор Марияни қучоқлаб олганини гувоҳи бўлишди.

Икки соатлар ўтиб, генерал ўзига келгач, уни операция қилиб жонини асраб қолинганлиги, бу вазифани бажарган ўзбек қизи эканлигини эшитди, ҳайрон бўлди, аммо унинг ногоҳ ўлимидан бохабар, таги-зотини ёзиб олиши, бирор ёрдам кўрсатиш керак бўлса, барини бажаришни ёрдамчиси полковникка топширди. Полковник тезда тўртта мусурмон аскарини топтириб, қоида бўйича кўмишга изн берди. Аскарлардан каттароғи ҳамшираларга одат бўйича майитни ювиш лозимлигини уқтирди. Икки ҳамшира Махсумани алоҳида вагонда ювдилар.

– Унинг қоматини қара, Маша, худди қиз боланинг ўзи-я, бу уруш кимга керак! − деганча ҳамширалардан бири кир совунни совиб қолган баданга сураркан, кўзларидан милтиллаб ёш оқарди.

− Менга бир оғиз бақирмапти. Қўлида ишладим, ҳар бир топшириғини илтимос билан етказарди.

– Юз терисидаги доғларни кетказиш учун турли ўтли дамламалар бериб, хуснбузарларимдан фориғ қилган эди, шунақаям дилбар аёл бўладими, эрининг бўкиришини кўр, ўзини бир нима қилиб қўяди мана кўрасан, − дерди иккинчиси.

Сўнгра, жанозани ташкил этаётган аскар, ўртаси чуқур, узун замбил ясатиб, майитни унга ётқизтирди ва гўргача қўлда олиб бориш лозимлигини уқтирганда, соғ, носоғ, ярадорми, қўлда ҳассаси борми, бари тобутсимон замбилга ёпишдилар ва елкама-елка узатиб, бари кўзидан ёшини артар, «такая несправедливость, ей жить и жить, да она еще такая молодая», дейишарди.

Сўнг митинг бўлди. Бош врач Делман, умримда бундай истеъдодли ёш врачни, аёлни кўрмаганман. Булар ҳаммаси Авиценнанинг қанчалик улуғлиги ва унинг генлари ҳозирги шарқда, Ўзбекистонда тарқалганидан дарак. Махсума Солиевани сиз қадрдонлар ҳам эслаб туринглар. Сизларни у севарди, меҳр билан ҳар бирингизни шифолади…

Делман бошқа гапира олмай четга чиқди.

Серафима Егоровна: − ишонмайсизлару аввалига унинг тиришқоқлиги ҳасадимни қўзғаб, қаёққа шошилади, бу операцияларни бунчалик тез ўрганиб бўлмаса, ҳамширалигини қилиб юрсачи, деган фикрда, баъзи нарсаларни сўраса жеркиб берардим. Унинг хафа бўлмаслик ва оғир гапни ҳам кўтара олиши, меҳнатсеварлиги ва ҳеч қачон юзингга оғир ботадиган қилиб сўзламаслигига қойил қолгандим. Ҳақиқий шарқ тарбияси шунақа бўларкан-да, фикрини юмшоқ сўзлаб ҳам етказиш унга хос эди. Қўллари ишга чиппа-чип ёпишар, унинг операция қилишини кўрганмисиз? Бу аслида энг нозик санъат намунаси эди. Эвоҳ, фалак, нега бу туғма талант соҳибини бизлардан айириб олдинг. У шу қобилияти билан профессор бўларди. Номи чиққан машҳур шифокор бўларди. Аёллиги ва орасталигини айтмасам ҳам бўлар, агар қўриқчиси Расул ғафлатда қолса, ёки тинчлик замони бўлса эди, аллақачон обқочиб кетишарди, − деди. − Махсума, бу унинг ҳақиқий исми. Тупроғинг пардек енгил бўлсин. Бил, доимо сен бизнинг қалбимизда қоласан.

Полковник ҳам сўзлаб, ўз миннатдорчилигини билдирар экан, бевақт қазо бўлган қўли гул шифокор шарафига осмонга ўқ отишга буюрди. Қирқта милтиқдан бараварига ўқ узиб видолашув билан митинг ёпилди.

Қуръон тиловат қилишга ҳам рухсат берилганди, катта аскар қироатини келтириб ўқиркан, ҳамма ерга ўтириб эшитди. Сўнгра старшина ҳеч бир эътирозсиз берган беш газ оқ матога ўраб, майит лаҳадга қўйилди. Лаҳад оғзига хом ғишт ўрнига пишиғи терилиб, сўнг тупроқ тортилди. Полковник бу қабрнинг координатларини блокнотига кўчириб қўяркан, миллати ўзбек, тошкентлик, исми Махсума, Миранвар қизи, Солиева деб фамилияси ва 1924–1945йил деб ёзиб, уни медалга тавсия этамиз, деб ваъда берди.

− Нима у медаль? Бир парча темир. Бутун бошли одам, жондан азиз хотинимни қайтариб берадиган мард борми? Махсума, сенсиз қандай яшайман, жоним, − деб Расул, бутун йиғилганлар олдида баралла йиғлашга тушди. Уни ҳамма тушунар, бошини эгиб миқ этмай туришар. Ҳамширалар, аёллар баробар йиғлар. Эрлар ичида кўзидан ёш силқиганлар қанча эди.

Неча кунгача кўпчилик уни эслаб хўрсиниб, бир-бирларига тасалли беришди.

Ўша кунларда ҳам Расулни қўли операцияга бормай, минг хаёл билан тамбурга чиқиб, узоқ чекиб, олисларга кўзини тикканча вақт ўтказадиган бўлди.

– Чиндан ҳам унга шунчалик боғланиб қолган экансан, у билан қачон танишгандинг, ўзинг? − деб сўради Серафима Егоровна, Расулни бу аҳволдан чиқариш, чалғитиш учун гапга соларкан.

– Сизга нима? − деди у нари кетиб.

Бошқа куни, «Берлин эрта-индин олинади, сўнг ҳаммамиз уйга кетамиз, Расул қишлоғингга борсам вино билан меҳмон қиласанми?» – бу гал уни суҳбатга тортиб, сал бўлса-да андуҳини ёзиш учун Делман гапга солганди. Расул уни устози ўрнида кўради. Ўшанга қўрслик қилмади.

– Адам вино қилмай қўйган, лекин бувам катта хумларга узум солишни ҳеч қачон унутмайди. Албатта келинг, сизни меҳмон қилмасам, ким деган одам бўламан. Ўз устозини унутиш мумкинми? Сиз Марияга ҳам йўл-йўриқ кўрсатган эдингиз. Эсиз! Мария, нега умринг бевақт сўлди? Сенсиз менга яшаш қизиқми? Яқинда олдинга бораман!

Делман уни уришиб берди: ақлингни еб қўйибсан. Ота-онангни умридан беш кун олдин гўрга тиқмоқчимисан. Мария ғами, яна сеники қўшилса, нима бўлади? Фарзандингга ким қарайди? Шуни ҳеч ўйлаб кўрдингми?

Расул кечалари ухламай, Мариясиз ғамгусорликдан фориқ бўлолмаслигини англаб, кечаси, унинг қабрини излаб кетди. Санитар поезд темир йўлнинг охирги шахобчасига бориб тақалган, Махсума қабридан ўн чақиримча йўлда туриб қолганди. У чидай олмади. Қабрни излаб топади ва зиёрат қилиб келади. Расул қабр манзилини адаштириб, бошқа йўлга киргани учун немислар эгаллаган позицияга бориб қолди ва узоқдан отилган ўқ ўпкасини тешиб ўтди. Маҳаллий аҳоли кийимига қараб, уни советлигини англагач, эрталаб у томонга бориб топширишади. Расул тани яримта, ярадор ҳолатда уйига қайтди. Уйдагилар уни уввос солиб, йиғлаб кутиб олишади. Мариянинг ўлими ҳақида маълумот сал олдинроқ келган эди. Расул шу кундан бошлаб ичиш билан андуғини ҳайдашга ўтди, на отасининг «ўзингни қўлга ол, сен эркаксан», деган насиҳатига, на ойисининг «жон болам, ҳаёт бу – барчамиз омонатмиз, Мария бўлмаса, нима қиласан? Болангга бошқа она керак» деган тасаллиларига қулоқ осмади ва уч йилгина тешик ўпка билан яшади.

Улар тоғдаги жойларига чиқиб, яшаш учун кўчишганди. Тоғ ҳавоси ҳам ёрдам бермади. Расулни қариндошлари ётган қабристонга кўмишди. Бу ерда улар кўпчилик. Нақ ўн тўртинчи асрдан бошлаб хилхоналари бор.

17. МАХСУМА ЙЎҚ, МАРИЯ БОР

Қишлоқ оқсоқоли Ҳамзат қайтиб келган куниёқ уларни зиёрат қилиб кирди, неварасининг онасини суриштириб, кимлигини билгач, бошини сарак-сарак қилди. Қўй шу гапни, бизда қон қўшилганларни унча ҳурмат қилишмайди, деди.

– Сен билмайсан, у қанчалар доно ва ақлли эди.

– Ишонаман.

– Йигирма бир ёшида умидсиз дейилган беморни операция қилиш. У етукли шифокор бўлиб етишганди.

– Ҳамзат, илтимос…

– Аёллик фасоҳатию назокатини айтмайсанми?

– Қўй, кўнглимни бузма!

– Жуда ҳам кам аёлларга хос ички гўзалликдан лол эдим. Уни севгисидан ўғлим жунун, девона эди. Бир оғиз сўзи, йўталиши билан олдига швейцардек югуриб бориб дик турарди.

– Эҳ, муҳаббат бунчалар ҳукмдорсан.

– Кулсами ё ўйинга тушса, кўзинг узилмай қоларди.

– Ичамизми, Ҳамзат?

– Қуй.

Бир чилпит винони бўшатишди. Болаликдан бир қишлоқда ўсган қадрдонлар эди-да, улар.

– Ҳамзат, нима Элиядан ҳам устунлиги бормиди келинингни?

– Бундай савол бериш ноўрин. Чунки, Элия билан орамиз йиллар давомида барқарорликка эришган бўлса, Мария офтобдек пайдо бўлдию дарров ўз нурлари билан ҳаммамизни ўзига ром этди. Тушунарлими?

– Нега тушунарли бўлмасин. Қуёш бу қуёш!

– Яна ичамизми?

– Ҳа, қуёш учун.

Яна озгина вақт ўтди.

Улар қўшиқ айтишга тушишди. “Тоғлар боши доим қор” сўзлари билан бошланадиган қадимий қўшиқ эди.

Атрофга қоронғулик чўмган. Тепада милтиллаб юлдузлар порлайди. Ташқарида тоғ ён бағридаги узумзор ястаниб ётибди, улар шунчалик узун туюладики, чеки йўқдек. Оёқ остида тош аралаш тупроқ. Бу заминда фақат улар ўса олади. Ёнғоқ ҳам бор, лекин улар узумзорларни тўсиб қўяди, деган фикрда уларга унча эътибор йўқ. Ҳаво салқинроқ.

Айвонда Элия пайдо бўлди.

– Бирор егулик пишириб берайми? – деб сўради.

– Ҳожати йўқ, винодан яхши тамадди бор эканми? Сен Элия, яхшиси ўтир, гапимизга қўшил.

Элия эрига қараганди, у майли, дегандек қўли билан имлади. У Ҳамзатнинг ёнига чўкди.

– Боланинг онаси қаерлик?

Тўсатдан сўралган саволга иккаласи бир овоздан шу ерлик деб жавоб қилишди.

– Йўғ-эй! Отангдан бошқа гап эшитгандим.

– Қанақа гап?

– Келининг шарқлик экан. Томирида турк қони. Бу жуда қизиқ.

– Ахир.

– Гапимни бўлмай тур. Тарих шоҳидлик беришича, ўнинчи-ўн биринчи асрда сўлжиқлардан ҳимояланиш учун гуржи қироли Давид қирқ минг қипчоқни иттифоқликка таклиф этган. Улуғ дашт уларнинг юрти ҳисобланиб, ўзлари оқ, юзлари текис, узунчоқ, қирра бурун, зариф ва кучлилиги, жанговор ва қўрқмаслиги, ақлли, тадбирли, уюшқоқ халқлилигини кўп муаррихлар таъкидлаган. Қипчоқларни жойлардаги қавмлар билан бирлашиб кетиш ҳолатлари орқали бошқа довюрак халқлар вужудга келди. Уларнинг бир оёғи Венгрияда қўним топган бўлса, бўлак қисми Днепрдан ўтиб Анатолни эгаллаб, Турк давлатини – Усмонийлар империясини ташкил этувчиларнинг асосчилари ҳисобланади. Тўғримасми?

– Тўғридир. Сен ҳам мендан кам билмайдиган тарих ўқитувчиси бўлсанг. Мен яхши ўқиганим Мисрда мамлюк давлатини қурган Ал-Умарий, қўшин таркибини асосан қипчоқлар ташкил этиб, уларни қаҳрамон, бўйлари узун, юзлари хушсурат, ўзлари вафодор ва жасоратли ҳамда турк ирқининг манаман деганларидан эканлигини сўйлайди.

– Шу мағрур халқ учун шароб ичайлик, Ҳамзат йўқ дема.

– Жон деб ичганим бўлсин, зеро, қаҳрамонлик ва жасорат олдида Шота Руставели ҳам бош эгиб, “Йўлбарс терисини ёпинган қаҳрамон”ни бекорга ёзмаган.

– Лекин келининг роса дилбар бўлган эканми? Эшитгандим, хушсурат ва ниҳоятда назокатли.

– Мозийдан турк қизига уйланиш кўпларнинг орзуси бўлган. Шундай бахт ўғлимга насиб қилганди. Оллоҳ кўп кўрди. Эсиз!

Элия бу сўзларни айтиб, йиғлашга тушди.

– Қўй хотин, кўз ёш қилма. Бўлмаса менинг ҳам Низомий Ганжавийдек келин ва ўғлим доғида азобим қўзғайди.

– Ҳа, “Фарҳод ва Ширин” достонини хотини – қипчоқ гўзали Офоққа бағишлаган. Низомий Офоқни вақтли ўлиб кетишидан шунчалик қайғуга ботадики, бир умр уни куйлаб ўтган ва бор меҳрини ёдгор қолган ўғлига бағишлаган.

– Умуман, кавказ халқи бирор сўзни сўзламай, баъзи халқларга ўхшаб ичсам бўлди қабилида йиғилишмайди. Ичидаги гапини, ривоят, латифами, айниқса аждодлари тарихини айтишга мойил, – Ҳамзат ҳам ундан қолишмай, гап қўшди.

– Қирол Давид Қорахон ўғли Атрок билан иттифоқ тузганда бундан кам бахтга мушарраф бўлмади. Унинг қизига уйланиш ўша даврда ҳар бир шоҳга шараф саналиб, Қумондахт (қипчоқ қизи) унвонини олган қиролича гўзаллиги билан гуржи элида машҳур бўлган.

Наиб қўлини силтади.

– Фақат у даврлар ўтиб кетди. Ҳозир барча ўз-ўзидан пайдо бўлган-у ёки худди осмондан оёғини узатиб шу ҳолича тушгандек, тарихни эслагиси келмайди.

– Қўявер Наиб. Сен билан биз дунёга кенг кўз билан қарашга одатланганмиз. Балки буюк Давид ва унинг аёли Қумондахтни ёд олармиз, – деб қадаҳ кўтарди.

– Албатта. Келинингни ҳам. Исми нима эди?

– Махсума!

– Махсума дегин. – Наиб сўнгра, гап қўшди. − Бола гувоҳномасида онасининг исмини шу ҳолича ёзамизми?

– Ҳа, шу ҳолича, − деди Элия. – Келинимнинг исми ҳам гўзал эди – Махсума. Эй, қодир худо, нега бевақт жонини олдинг! Энди жаннатларда юришни унга ато эт!

– Эртага бола катта бўлса, кўпчиликка бу томони ёқмайди. Биласан-а, Элия, бизда бошқа миллатлар билан қоришиб кетишликни унча хушлашмайди.

– Нега энди, − деб эътироз қилди Элия. – Ана Михаил, москваликка уйланиб келган.

– Бўлса бордир! Лекин уни ҳеч ким, бу жойларда яхши қабул қилмади. Сенга шу керакми?

Ҳамзат уларнинг суҳбатини бузди:

– Нима қил дейсан, Наиб?

Наиб кўрсаткич бармоғини оғзига тутиб, тисс деганча ён-атрофга қараб олди-да, давом этди.

– Кавказча исм қўямиз. Худонинг ўзи кечирсин!

У боши ва икки елкасига қўлини қўйиб чўқинди.

Эр-хотин пичирлашиб, узоқ маслаҳатлашишди ва охири рози бўлишди.

Элия йиғлаб олди: − Кечир, Махсума! Бошқа иложимиз йўқ. Буни ўғлинг учун, унинг келажагини ўйлаб қилаётирмиз.

Шундай қилиб, Қуддуснинг онаси деган қаторга, туғилганлик гувоҳномасида Мария Анзор Цулая деб ёзиб қўйилди. Кейинчалик қишлоқ аҳли тугул невараларидан ҳам халқ душманини қизидан туғилган деган гап тарқамаслиги учун онасининг ҳақиқий исми-шарифи яширилди. Аммо, унинг ҳақиқий исми, ҳаёти ва оилага келтирган қувончлари ҳеч қачон на Ҳамзат, на Элия хотирасидан ўчмади. Қуддус туғилганида Тбилисидан олинган асл метрика эса Элия сандиғининг ич-ичкарисига яширилди. Чунки бу ҳужжатда онаси деган графада Махсуманинг исми-шарифи ўзбек тилида тўлиқ кўрсатилган эди.

Фронт ортидаги Махсуманинг қаҳрамонликлари инобатга олиниб, полковник тайёрлаган, унинг қўлидан шифо топган генерал қўл қўйиб, юқорига юборилган рўйхатда Махсуманинг исми шарифи Солиева М.А. деб кўрсатилган эди. Аммо тепадагилар халқ душманининг қизи эканлигини билиб, уни мукофотга тақдим этиш учун энг юқорига мурожаат этишга чўчишди. Жонини жабборга бериб хизмат қилган Махсума қадрсиз унутилди. Ўша замонлар шунақа замон эди.

Қуддус бувиси Элияга Қалдирғоч ҳақида кўзлари ёниб баён қилиши баробарида, шарқлик, ўзбек гўзали эканлигини, унга муҳаббати алангаланиб, эс-ҳушини йўқотганини, бирор кун ёки дам йўққи уни эсламасам, деб кўнглини ёзди. Дардини ортиқ сақлаб юриш оғирлик қилганди. Буваси ва бувиси бу янгиликни шодон қабул қилишди ва иккаласи худди ёш боладек осмонга сакрашди. Наҳотки, яна шарқ билан боғлансак, бу саксондан ошган буванг учун энг катта мукофот болам деб, неварасини пешонасидан ўпди Ҳамзат. Қуддус ҳайрон бўлиб бувасига қараб қолди.

Катта ёнғоқ дарахтининг тагига қоқилган супачага неварасини ўтқазиб, онасининг келиб чиқиши жойи, миллати ва исмини секин-аста, тиббиёт курсларида отаси Расул билан бирга ўқиган дамларидан, украин хуторига қатағон қилиниб, қандай оч-наҳор яшаганларидан бошлаб, унинг барча қариндошлари ўлиб кетиб, етим қолган Махсумани асраб олганларича бўлган воқеаларни сўзлаб берди.Атрофда ғир-ғир шамол эсар. Ҳаво бирам гаштли, намхуш эсардики, бувасини элитди. У айтар сўзларини набирасига етказган заҳоти уйқуга кетди. Қуддус эса, ҳарбийдаги ота-онасини жон куйдириб тиниб-тинчимай қилган ҳаракатларини биларди, лекин ҳозир эшитганлари бари тушда нозил бўлгандек, бу янги хабарлардан эси оғиб, у ҳам беихтиёр ёнбошлаб қотди.

Ўзини йўқотиб, буваси билан ўтган бор гапни у ҳазм қилишига бир неча кун ўтди. Узун симларга тортилган, баъзилари бироз бўйидан баланд келадиган узумзор тагини анча жойгача чопиқ қилиб борар ва иш орасида эшитганларини тафаккуридан ўтказар, атрофга кўз ташлаб, тепада унда-бунда кўринган арча, оралиғида ёнғоқ дарахтларига кўзи тушарди. Тез-тез ёғиб турадиган ёмғир, бирпасда ўтиб лалми ерларга экилган полиз экинларини суғоргандек, унинг устига ҳам сув сепиб ўтарди мисол. Кийимлари ҳўл бўлар, аммо бирпасда қурирди.

Унга томирида шарқ қони оқётгани ҳам ҳавасли, ҳам масъулиятли туюлди. Шу давргача яшаб, ўзини атеистлигини намоён қилиб, бува-бувиларини тоат-ибодатларига бефарқроқ қараб келганидан уялди. Бу ҳолат Қалдирғочга уни яқинлаштиришидан хурсанд эди. Шу билан бирга, биринчи навбатда уйнинг тўрига отаси ва онасининг расмини катталаштириб қўйиши зарурлигини ҳис этди. Тушлик чоғида бу ҳақда бувисига айтди. Элия бувиси эшитиб йиғлашга тушди. Ичкаридан уч-тўртта расм кўтариб чиқди.

– Онангни қизлигидаги расмлари. Шарқ либосларида муҳрланган, қара.

Ойиси камалакка ўхшаш чипор, ўзига ярашган кўкрак бурма кўйлакда эди. Ёш пайти, озғин.

– Бу кўйлак атлас деган матодан. Шу кўйлагини Мария яхши кўрарди.

– Буви, шу расмдан кўпайтираман. Қалдирғочга ҳам юборганим бўлсин!

– Майли, Қуддус. Ўзинг биласан! Бошқа расмларни ҳам қара.

Набираси бошқаларини ҳам томоша қиларкан, туш вақти ҳам ўтди ва у хаёлга чўмганча, индамай ўрнидан туриб, кетмонга ўхшаш ерни чопиб юмшатадиган асбобни қўлига олди. Унинг миясида мунис ва ораста, чаққон ва ҳаракатчан, тиришқоқ ва ғайратли, гўзал хулқли ва билимдон онасининг образи сайқалланганди.

18. РЕЖАЛАРНИ БУЗГАН МУХБИР

Қалдирғоч, бу узундан-узун бир оила қисматини англатувчи воқеани кўзда ёшлари билан ўқиб чиққач, анчагача ўзига келолмай ўтирди. Кўз ўнгида иродаси мустаҳкам Махсумадек юртдоши борлиги кўксида ғурур, келажагига ишонч бахшида қилди. Уларнинг Расул билан бўлган севгисини ҳеч бир китобда, ҳаётда учратмаганини ҳис қилиб, ўзининг ўзбек аёли эканлигидан кўксида ифтихор туйди.

Орадан бир соатча вақт ўтиб, ҳамон Гулядан дарак йўқ эди.

Бекорга Қуддусга тақдир уни боғлаб қўймаганини таъкидлаб, курортда дўст орттирганини оқлашга сабаб топгандек, бу ўқиган воқеаларини хаёлида бир неча бор айлантирди…

Гулсина кирди. Оҳиста у билан қучоқлашиб кўришган Қалдирғоч қулоғига «Қуддус мени излаб келибди», деди.

Бу гапдан дугонаси ҳайрон бўлмади, ўзини йўқотмади, шунақами, қанақа романтика деб дугонасини қаттиқроқ қучди: табриклайман. Қандай соз! Қанча йўл босиб келса-я. Чиндан жигаридан урибсан-да, демак. У қаерда ҳозир?

– Пойтахтда.

– Тошкентдами?

– “Тошкент” меҳмонхонасида.

– Олдига борасанми? У бу ёққа келмагани маъқул.

– Хонамга кириб, сўрашиб, манзилини айтиб, индамай чиқиб кетди.

– Қучоқ очиб кўришгандирсизлар?

– Гуля? Ақлинг жойидами?

– Нимаси уят? Ахир, севимлининг қучоғи асалдан тотли, деган матал бор-ку!

– Гапириб қол! Забон ўзингники.

– Учрашувга таклиф қилгандир! Борасанми?

– Билмасам. Нима маслаҳат берасан деб чақиртиргандим.

– Маслаҳат олмоқчимисан?! Яхши. Эртага қариндошимникида, у Навоий кўчасида туради, туғилган кун. Мен билан бирга борасан, у ердан бир қадам, киши билмас кўздан ғойиб бўласан.

– Гуля, қанақа туғилган кун. Кейин, сенинг қариндошларинг мени қўйворишмайди.

– Яхши кўришса нима қилай? Яна сени даврамизни гули деб билишади. Ёмонми?

– Ким ёмон деяпти. Манавуни ўқиб кўр.

Гулсина қоғозларни беихтиёр қўлига оларкан:

− Қиссами? Кейин ўқирман, – деб пайсалга солмоқчи эди, Қалдирғоч:

− Ҳозироқ ўқиб чиқ, мен кутиб тураман. Яна кофе дамлаб бераман.

– Кофедан қайтиш йўқ! Кўндирдинг, − деди у. Ўқишга тушдию, ажабланиб, бир ҳайратга тушиб, бир қизиқиб, бир ўйчан қоғозга битилган воқеаларни ўқиркан, орасида Қалдирғоч узатган чашкадаги кофени индамай нўшиб юборганини ҳам сезмай қолди.

– Мама у него узбечка?! Вот это судьба, − деб унга тикилиб қолди.

– Инсон тақдири қанчалик ҳайратли ва чигал бўлиши мумкин экан-а! Мен ҳам ҳайрон қолдим, Гуля. Сен қандай фикрдасан!

– Оҳ, Қалдирғоч, сенинг умринг йўлида учраган баҳодир ҳамюртимиз ҳисобку. Қуддусни албатта кўргани боришинг шарт. У-ки шундай узоқдан учиб келибди. Сен ҳам марҳаматингни аяма.

– Фақат ўзинг ҳечам Қуддус билан бизнинг ўлкада учрашма дердинг.

– Айтгандим. Энди вазият ўзгарди. Кейин у дўст холос-ку! Ё нотўғрими?

– Эзилиб кетибди. Бирам ғарибки. Одам ачиниб кетди.

– Мана шунда, биз аёлларни кўнгил бўшлигимиз.

– Йўқ!.. Одамийлик нуқтаи назаридан бу фикрим. У мени катта тўда ичидан бир ўзи қўрқмай олиб чиққан.

– У ҳолда миннатдорчилик юзасидан, саховат қил! Бағрингга бос.

– Жиғимга тегма, Гуля.

– Ниманг кетарди. Қарзларни эса, барибир, бир кун қайтариш керак!

– Ҳа, ҳа, ҳа, Гуля. Сен мени ким биландир алмаштириб юбормадингми?

– Истамасанг мен борайми, сенинг ўрнингга…

Қалдирғочга дугонасининг бу уятсиз ҳазили ёқмай, лабини бужмайтириб:

– Нима? − деди.

Дугонасининг жаҳли чиққанини Гулсина сурларча менсимай:

– Розимисан? – деб сўради безрайиб кулганча.

Янга билан бу оҳангда гаплашиш ҳеч бир қуюшқонга сиғмасди. Ўшанга у тескари ўгирилиб кўча тарафдаги дераза олдига бориб, унда-мунда ўтаётган машиналарга қараб, сукутга ботди. Бир неча дақиқа шу ҳолатда турди-да, Гулсина яна нимадир демоқчи бўлганди, қўлларини силкиб, кет дегандек ишора қилди.

Дугонаси энди хатосини тушунди ва индамай уни кечиришларини истаб, бир неча марта ортига ўгирила-ўгирила чиқди.

Акобир хотинини шаҳарга вақтли кетиши тўғрисидаги хабарни унча хушламай қабул қилди. Вилоят маориф бошқармаси ва педагогика институтини биттагина кўча ажратиб туради. Узоқмас.

– Иш тўққиздан бошланади. Ўша вақтга боришим керак экан. Вақтли борсам, эртароқ қайтишга ҳаракат қиламан.

Кампир ичида, бу келиним янги ишга ўтиб Тошкандга кўп борадиган бўлиб кетди. Ишқилиб яхшиликка бўлсин! Мажлисми, йиғилишми, қурултойми битта қўймай таклиф этишади. Унчалик гапдон бўлмаса, унинг кўрки керак, бошлиқларга. Шундай замонавий, ўзига қараган аёл кадрларимиз бор, деган мақтанишга у зарур. Аблаҳлар, нима пайида юришгани маълум. Балиқ бошидан сасийди. Биттаси анаву Вафоев бўлгач, улардан яхшилик кутиш бекор. Менга нима? Ана бошида эри бор. Ўзлари ҳал қилишсин!

Соат тўққиздан ошганда, гарчи Қалдирғоч сипо кийинган ҳолда Вилоят маориф бошқармаси биносининг зинасидан кўтарилётган бўлса-да, Илғор унинг ҳар бир қадам ташлаганида саллоланиб бораётган келишган сумбатига назар соларкан, дўқиллаб овоз чиқараётган туфлисининг товушига қулоқ тутиб, улар туфайли кўзи тушган тўғри, силлиқ оёқларига укаларча хўжайинлик қилиш – қизғаниши билан бир-икки бора қараб қўйди-да, машинасини шаҳар маркази томонга солди. Акобир шофери билан ўзи раҳбарлик қилаётган совхознинг узоқ участкасига тонг отмасданоқ жўнаган, Қалдирғоч, таксида шаҳарга етиб оларман деса, укаси қўнғироқ қилиб қолди. Мазмунан Акобир илтимос қилган шекилли, Илғор Тошкентга кетаётганини айтиб, уни олиб келиб қўйди. Аммо, унинг бирданига Тошкентга бориши эркакларга қизиқ туйилиб, ўзаро тил бириктиришиб, уни кузатиб бориш укасига топширилганидан Қалдирғоч бехабар эди.

– Қайтишда олиб кетаман, нечада келай, − деди Илғор.

Қалдирғоч унинг меҳрибончилигининг асл сабабини тушунмади, аммо, ҳар доим «эрингизни машинаси бор, мени тинч қўйинг, ўзимни ишларим бошимдан ошиб ётибди» дейдиган укасини шафелиги шубҳа уйғотиб, ўзига эҳтиёт бўлиб муомала қилди.

– Ўзинг биласан, тушлардан кейин хабар ол. Мен сени шу ерда кутаман.

– Яхши. Соат учда келаман.

Қалдирғоч ўйлаб қолди. Сўнг: Ҳа. Бироз ўзгариш бўлса, мен вахтерга хат қолдираман, деди.

– Қанақа ўзгариш, − деб Илғор ҳайрон боқди.

Укасининг ўта тартиблилигидан ҳамма безор. Қалдирғочнинг ичидан шу гап ўтди. У айёрона кулиб, мабодо мени қайси хонадан қидиришинг учун, ёки мажлисда бўлиб қолсам, ёки ўзингни ишинг чиқиб қолиши мумкин-ку!

Илғор кўнди. У мантиқан фикр юргазиб ўрганиб қолган. Хато қилиш унинг касбида мумкин эмас. Шу фикрларни бошидан ўтказиб, у машинасига газ берди.

Қалдирғоч иккинчи қаватга кўтарилиб, еттинчи хонани қоралаб бораркан, қабулхона эшигидан энди ўтганди, ортидан рус тилида савол эшитилди:

– Сиз бу ерда нима қилаяпсиз?

Қалдирғоч, ҳайрон ўгирилди. Жавоб берайми ё йўқми деб, узун бўйли, озғин, оч жигарранг тусли, эгнига оддийроқ кийим кийган ўриснамо кишига қараб қолди. Унга бақрайиб қараб турган киши, бироз жилмайиб, кўзини узмасди. Қалдирғоч уни таниган эди, аммо бошини буриб, йўлида давом этмоқчи эди, у киши ортидан юрди.

– Мен катта газетанинг корреспонденти Зинат Сайкинман. Балки эшитгандирсиз?

– Сўзлари ҳам ўша, шошиб турган бўлсам, энди нима қилдим, деб Қалдирғоч тўхтади. Ва сокин жилмайиб, корреспондентга: ишларим кўп, кечирасиз, деди, мени тинч қўйинг деган оҳангда.

Шу пайт йўлакка бошқарма бошлиғи, ёнида муовини, ходимлар инспектори чиқишди.

Қалдирғоч чиройли калом билан салом берди.

Бошлиқ саломига алик олиб: − Ҳа, бизнинг илғор ходимимиз? Нима қилиб юрибсиз? Ишлар яхшими?

– Яхши! Бизлар подписка масаласини етмиш фоизга чиқардик, Абдували Набиевич, − деб бошлиққа юзланди.

– Бизнинг ёш кадр. Қалдирғоч Мансурова! Доим биринчилардан.

Шундай деб, корреспондентга қарашидан, маълумотни унга айтгани маълум бўлди.

– Жуда зўр. У ҳолда, келинг, шу гўзал кадрингиз тўғрисида материал тайёрлаймиз, − деди Сайкин кўзи ўйнаб.

– Яхши фикр. Бироқ у жиддий ишни энди бошлаяпти.

– Шунчалик ёшми?

– Ўттиздан сал ошган, − деди бошлиқ муовини, далда бериш учун Қалдирғочга кўзини қисиб.

– Нима, фақат пенсионерларни ёзиш керакми? Ёш, тадбирли, чиройли ўзбек қизи бутун Иттифоққа танилади. Бу пародокс-ку! Мақтовга арзийдиган мақола бўлади.

Бундай пайтда гап қўшмай туриш лозимлигини, ўзлари сўрашмаса, индамаслик энг яхши жавоб эканлигини билган Қалдирғоч миқ этмасди.

Бошлиқ: «У ҳолда, бу ёш кадримиз сенинг ихтиёрингда, Машҳура Болтаевна ҳам кўмак беради», деб муовинига ва ходимлар инспекторига бошқа вазифалар ҳам тайинлаб, корреспондентни оч қолдирманглар, узр Зинат, албатта кечки пайт учрашамиз, деб вазирликка шошиб кетди.

Қалдирғоч, мен қиламан ўттиз, эгам қилади тўз-тўз дегани шу бўлса керак деб, муовин опасига ёпишди.

– Машҳура опа, мени бошқа режаларим ҳам бор эди, энди нима бўлади?..

Машҳура Болтаевна Қалдирғочни яхши кўради. Ўзи танлаган кадр. Туман маориф бўлимига унинг тавсияси билан раҳбар этиб тайинланди. У сиёсатга аралашмайди. Аёллигини билиб юради. Туман ҳокимиятидаги мажлисда аввалги маориф раҳбари урушда қатнашиб, ногирон бўлиб қайтган Жуманов соғлиғим кўтармаяпти деб ўз аризасига кўра ишдан кетганди. Аслида унинг принципиаллигидан кўпчилик хурсанду, озчилик хафа эди. Бу озчилик тепага бориб тақаларди. Тўғри сўзлиги: болалар меҳнатидан фойдаланиб пахта териш кимга керак. Ўқишдан қолиб кетаётган болаларимиз чала-савод, билимда шаҳардаги тенгқурларидан анча орқада. Пахта яккаҳокимлиги бошимизга бало бўлди. Ҳатто колхозчи томорқасига пахта эксин деб буйруқ берилса, бу вақтинчалик тадбир десак, йилдан-йилга давом этадиган одатга айланди, каби сўзлар унга тегишли эди…

– Ҳа, нима гап! Руҳинг тушиб кетди, − деди Машҳура опа уни елкасига қоққанча.

Муовиннинг хонасида улар алоҳида қолишган. Бир зум аввал ходимлар инспектори Сайкинни баъзи бир маълумотлар билан таништириш учун ўз бўлмасига бошлаган эди.

– Корреспондент ўз йўлига, бошқа ишим бор. Бир одамга учрашишим керак.

– Кутиб туради у одаминг. Сайкинни вақти доим зиқ.

– Иложи йўқ! Кутиб туриш қатда. Узоқдан келган.

– Ким бўлади сенга? Намунча унга талпинмасанг!

– Айтишим шартми! Аёл кишини ўзига яраша сири бўлиши мумкинмасми?

– Эшитмаганмисан бир гапни?

– Қанақа гап?

– Аёл киши уч одам билан эҳтиёт бўлиб гаплашиши керак.

– Топишмоқми? Кўнглимга сиғмайди ҳозир!

– Ўша маслаҳатда: «Бошлиққа ҳамма нарсани айтиш зарур, эрга ўзингни бироз кўрсату, бор гапни айтмагин зинҳор, хушторингга борингни кўрсату, бироз айтсанг бўлади», дейилади.

Машҳура опа ҳо-ҳолаб кулиб: хўш қалай, деб Қалдирғочни туртди. Янга унга қўшилиб жилмайди.

– Оғиздан-оғизга ўтадиган маталларда ҳам ҳақиқат бор! Тушунарли, Сизга айтсам айта қолай.

– Хўш?!

– У менинг дўстим, узоқдан – Кавказдан келган.

– Орангизда, ҳалиги…

– Ҳеч нарса йўқ!

– Ғойибона ошиқ бўлиб қолган! Шундайми?

– Билмасам. Дўстмиз, холос.

– Сен-чи?

– Қўйсангиз-чи? Худди мени билмагандек сўроқ қиласиз.

– Унинг муносабати, сўзлари, қарашларига сен ҳам бефарқмассан, тўғрими?

– Нималар деяпсиз?

– Бу муҳаббат! Миянг айниб қолмасидан ундан кеч!

– Қанақа муҳаббат?! Бўлмаган гап. Ундан кўра бирор баҳона, важ топишга ёрдам беринг!

Машҳура опа ўрнидан турди. У Қалдирғочдан ўн ёш катта. Хона бўйлаб юра бошлади. Бошидан бундай савдолар ўтмаганми? Ўтган! Шўх ҳаётни бошидан кечирмадими? Ҳа, энди буни ҳаёт дерлар. Ҳозир, мана эрсиз. Бошқармада нақд тунгача қолиб кетади. Юмуш кўп. Ёки туманларга борганда, танишлари ҳовлиларида ёки меҳмонхонада қанча умри ўтади. Шўх базмлар, ўйин-кулгулар жони-дили. Томошалар, концертлардан қолмайди. Ёнида албатта кимидир бўлади. Ёлғизликни хушламайди. Бир томони назорат қиладиган одам йўқ. Қалдирғочни эри бор. Оиласи тайин. Учрашаман деб юрак ютиб келганини қара, деб ўйлади. Бироз хаёл сургач, у аниқ-тиниқ сўради:

– Яхши! Феминистик ғояларга унчалик содиқмасману, аммо бу гал сени қўллаб-қувватлаган ҳолда, аёллик ҳамдардлигим жиҳатларини намоён этганим бўлсин. Айтчи: мендан сенга қандай ёрдам керак?

– Илтимосим битта. Корреспондент билан учрашувни бекор қилсангиз!

– Бекор қилиш! – сўлиш билан гапирди муовин.

– Бу осонмас! У Иттифоқ миқёсидаги мухбир. Мен унга бир нима дея олмайман. Яна биринчининг топшириғи бу.

– Сиздан бошқа жавоб кутгандим.

Машҳура опа яқин келиб Қалдирғочни елкасидан қучиб бошқа гап айтди:

– Балки, бошқа кун учрашишга ўзинг кўндирарсан…

– Ахир.

– Гўзал ва латофатли бўлсанг. Йўқса бу хислатлар нега керак?

Қалдирғоч илжайди.

– Яхши, уриниб кўраман.

– Бу бошқа гап! Аммо, у икки кундан кейин хорижга кетиши зарур! Шуни билиб қўй! Уринсанг урин. Лекин тезроқ дўстингни бир ёқли қилиб, жавобини бериб юбор, бошқа сени излаб келмасин!

– Хўп.

Лекин бу сўзидан кейин, Қалдирғоч, “бу жуда чигал масала, ечимини топиш қийин”, деб айтгиси келгандек, бошини сарак-сарак қилди.

– Ўзингни қийнайверма ҳар томонини ўйлайвериб. Дарёга бормагин дегандим ахир, бордингми тўфонга ўзингни топшир, деган экан бир шарқ алломаси.

– Яхши ўхшатиш экан! Ишқ дарёга қиёсланибди.

– Мумтоз адабиётни, Шайх Саъдийни биз ҳам ўқиб турамиз, оповси.

Шундоқ деб, Машҳура Болтаевна Қалдирғочни бағрига босди.

– Бирам дўндиқ жувонсанки, эркак киши бўлганимда ҳеч кимга бериб қўймасдим, − деб ҳо-ҳолади.

– Бошим қотган. Билмасам, бундек мубҳамликдан ойдинлик созроқ, шекилли!

Шу пайт ходимлар инспектори Сайкинни бошлаб кирдию, улар индамай қолишди.

Қуддус нонушта қилиб чиққанини ҳисобга олмаса, хонадан ҳеч қаерга жилмай, ваъдалашганини кутар. Орасида, ташқарига, ўтган-кетганга қараб вақт ўтказар. Дераза ойнасидан Навоий театри майдони кафтдек кўринарди. Хиёбондаги фавворалардан кечаю кундузи тинимсиз сув отилиб тураркан. Ҳаво бироз иссиқ ва қуруқ экан. У авваллари Тошкентга келмаган эди. Буваси бор овулдошларини сўраб-суриштириб, бир танишининг манзилини топди. У ер қимирлаган йили шаҳарни бунёд этишда қатнашиб, Чилонзордаги Донецк уйлари қурувчиларидан бўлган славянкага уйланиб, Тошкентда қолиб кетган экан. Танишининг аҳволини кўриб, Қуддус у билан учрашганига пушаймон бўлди. Эр-хотин ичавериб, пиёнисталикни касб қилиб олишган, шекилли. Хиралигини айтмайсизми? Яна ичамиз, Қуддус, сен сахий экансан, ҳақиқий кавказлилигингга ишондим, менинг эрим эса, пулсиз, қашшоқ, кимлигини ҳам унутган. Славянканинг қочиримлари бўғзига келди. Ўзи ҳам сувдек ичаркан. Эр-хотинни уришиб, баробар сўкинишлари-чи. Ажратиб қўйиш ҳам бефойда. Анча пул бериб, зўрға улардан қочди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации