Электронная библиотека » Абдужаббор Обидов » » онлайн чтение - страница 32


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:20


Автор книги: Абдужаббор Обидов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 32 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
53. ОНАСИГА БЕРГАН ВАЪДАСИ

Мезбонлардан ҳеч ким Қалдирғочни сўроққа тутишга жазм эта олмаскан, Илғор яқиндаги синфдош дўстиникига бир товоқ овқат солиб чиқиб кетди. Таманно ҳовлининг ўз тарафига ўтиб, хонасидан чиқмай параболик телевидениясидан қизиқроқ кўрсатув кўриш-ла банд, онаси савдони пиширмаган қизини койимади, қўявер, ҳали катта амалдорлардан совчилар келар, деб гап бошлаганди…

− Ойи, нега эр керак ўзи. Бир ўзим яшаб ўрганиб қолган бўлсам.

− Ҳа, ҳар йили таътил баҳона анавунинг билан учрашардинг, у ҳам ўлганига неча йилдан ошди. Аммо, ҳалигача унута олмаяпсанми?

− Ойи, бу гапни қаердан олдингиз. Қизиқсиз-а?

− Она юрагини алдаб бўлмайди. У ҳамма нарсани сезади. Тушундингми?

− Шубҳаларингиз ноўрин. Менга ўғлимдан бошқа ҳеч ким зарурмас. Уни бахтини кўрсам етарли.

Янга сир бой бергиси келмасди.

Аммо бир неча кундан кейин онасининг мазаси қочиб қолганини эшитиб, учиб борганда барча мавҳумликка чек қўйилди. Қизига илҳақ ётган онаси: айт қизим, неварамни отасига тегасанми?

− Ойи, ҳозир зарурми?

− Айтасанми, йўқми? Мени адо қилдинг!

− Уни унута олмаяпман.

− Қуддусними? Шунчалик эс-хушдан айрилиб, дод деб юришингга арзирмиди?

У беҳол ётган онасининг тепасига энгашиб, қулоғига шивирлади: арзирди, ойи.

− У савил қолгур, ўлиб кетган бўлса, тирикларни ўйламайсанми, ақли оқсоқ қиз.

− Савил қолгур деманг, ойи!

Қалдирғочни кўзига милтиллаб ёш қуйилди.

− Яхши. Яхши. Лекин битта ўзинг яшашинг менга маъқул эмас.

− Нима қил дейсиз ойи!

− Шу Оловиддинга тегасан. Оёғи оқсоқ бўлса, сен туфайли.

− Нега мен туфайли?

− Йигит боши билан не ғавғоларга бош урди. Мард экан. Бир оғиз сўз чиқармай, дардини ичига ютиб, қорасини кўрсатмагани камми? Ҳаммасига сен сабаб. Олдида қийшанглаб юргансан?

− Ойи, сизга нима бўлди. Қаёқдаги гапларни топиб гапирасиз. Қийшанглаб юриш. Шунақаманми? Қўйинг-эй! Ўз қизингизни тушунмасангиз! Мен бировнинг бошини айлантиришни хоҳларканманми? Ўз хаёлим, ўз оламимда тинчгина яшасам бўлди.

− Бўлмаса, бу дўстларинг эшикдан ҳайдасанг, тешикдан пайдо бўлиши бежизми? Шуларни ҳам бир нима қилгансан-ки, оёқлари уйимиздан аримайди.

− Ойи-эй! Эзмароқ бўлиб қолмадингизми? Мен севги деб борлиқни унутиб, бошимни йўқотмасам, ишқ деб бировлар қучоғига ўзимни отмасам, шўх, некбин ҳислар уммонига шўнғимасам, бирортасига алдамчи сўз бермасам, ваъдалашмасам, ёки ишва, ноз-истиғнони қурол қилмасам.

− Сен қурмагурни жилванг кучли. Опанг совуқроқ, тўнгроқ гаплашади. Соатлаб суҳбатлашиб ўтиришга сабри етмайди. Бесабр. Сен эса бошқачасан. Опангга тамом тескари. Ҳамдамингни кўнглини оғритмай, шоширмай бор сўзини айтишга қўйиб берасан.

− Ҳимм.

− Сени туққанимдан қанчалик хурсанд бўлгандим, ўзинг билмайсан.

− Ойи, ростданми? Айтиб беринг.

Қадрия она қизига қараб бош силкиб, ҳикоясини бошлади:

− Мен ўйлаб қоламан, нега Таманно бунақа тез, ўжарроқ, ҳеч кимга сўзини бергиси келмайди деб, сабабини топгандайман. Тўйдан кейин аданг билан кичкина амакингга қолган ҳовлида кўпчилик турганмиз, сен буни билмайсан. Қайн-бўйни ичида, югур-югур ишлар кўп, ҳовли, томорқа, қўй-сигир дегандек ҳаммасига улгуриш керак, уруш вақти, аданг дўконидан ортмайди. Чопа-чопада туғилди-да Таманно, ўшанга шунақа беҳаловатроқ дейман. Тўғрими? Билмадим дейсанми? Сени топиб олган гапинг шу. Ҳа. Майли, буёғини эшит. Уруш тугаб, эркин савдо-сотиқ яна ўз йўлига туша бошлади. Адангни ҳам касби-корига барака бериб, пули кўпайиб, шу катта ҳовлини яхши пулга сотиб олди. Янги уй-жойлар битиб, бу ёққа кўчиб чиққанимиз ёдимда. Ўзингнинг алоҳида ҳовлингда одам бошқача ухларкан. Роса мириқибман. Лекин вақтли, саҳарлаб уйғондим. Май ойлари. Пастдаги оқ тутимизда, ўша вақтда ҳам бор эди, қушлар чуғурлайди. Орасида чумчуқ бўлса керак, чунонам чирқиллайдики, қулоқни қоматга келтирай дейди. Яқинлаб борсам, қушлар кўтарилиб, ҳар ёққа тарқади. Чумчуқни ҳам товуши чиқмай, ўзи қўшни тарафдаги деворга қўнган.

Шу пайт кир осишга деб, тут ва ёнғоқ ўртасига тортган арқон ипга қалдирғочлар қўнди. Улар иккита. Нозик, кичкина қушлар. Қанотлари узун. Қаеридадир жозибадорлиги бор. Мафтун қараб қолибман. Авваллари ҳам кўрардим, лекин бунақа яқиндан, жуда тикилиб қарамаган эканман, шекилли. Узоқ томоша қилдим. Ортдан товушлар келди. Аданг: Ҳа, Қадрия, деганини билади, қалдирғочлар шув этиб учганча кўздан йўқолди. Қалдирғоч бизнинг ҳовлимизга кепти, дедим.

− Қалдирғочми, у худо хохласа, уйимизга рисқ-насиба, барака ва тўкислик олиб келади, деди аданг. Сўнг, қиз туғилса, балки Қалдирғоч қўярмиз исмини, деб мени келиб суяди. Яхши, дедим мен. Кейин, озгина ўтмай сен туғилдинг. Ўша мени ошуфта қилган қушлар ўрнини ҳовлимизда сен эгарладинг. Бир умр бизларни меҳримизни қозониб, уйимизни тўлдириб, тўкислик ва қувонч бахшида этиб келдинг. Аданг доим, бу қизинг қайга борса раҳмат ва мақтов олади, чунки у жуда жозибали ва қадами енгил, деб мақтарди.

Қалдирғоч ойисини суяб йиғлаб олди.

− Адамни яхши кўрардим, ойи. Бир марта ҳам сўзларини қайтармасдим, лекин нега бахтим омонат: эрим бунақа чиқди, устига вақтли ўлиб кетти, болам ҳам насияга сотиб олинди.

Ойиси қараса, қизи нолишга ўтади. Шундек суҳбатни бузади. Дилига сиёҳ солади. Гапни мухтасар қилишга ўтди.

− Менга бир нима бўлмасидан, ўғлингни отасига тегаман деб сўз бер. Худо олдида, банда гувоҳлигида ойимга ваъда бераманки, деб бошлагин.

– Ойи.

– Нозланма.

– Уни унута олмаяпман.

– Эй, ўша сени ақлингни ўғирлаганни. Ундан кўра биратўла олиб қочмайдими, шунақа зўр бўлса.

– Вой, вой. Ойи. Шу гапларни сиз айтяпсизми?

– Ҳа, мен. Аҳмоққина қизим, у кунлар ўтди. Неча йиллардан бери ёлғизсан. На эринг бор, на бошқаси.

– Ҳимм.

– Қайта турмушга чиқсанг бўлмайдими? Ёки сенга оғиз солганлар топилмайдими?

– Топилмайди, чунки менда хоҳиш Қуддус билан бирга кўмилган.

Бу гапга онаси уни койимади, чиндан уни сўраб келаётганлар бор. Ўзининг ёшига тенг, ҳатто ёшлари қанча. Аммо, у ишга тўғри бориб, тўғри келади. Сумбатини бузмай, ёлғиз, мағрур юргани юрган. Ҳеч кимни яқинига йўлатмайди. Ойиси шу хаёллар домида, бирпас жим қотди-да, сўнг ҳийлага қўл урди. Кўксини ушлаб Қалдирғочга норози қаради.

– Юрагим ёмон бўлаяпти. Тезроқ бир нима дегин. Йўқса…

Қалдирғоч ойисининг ҳолатидан қўрқиб, боши узра сочиқни елпий бошлади.

– Гапир. Жон қизим…

Унинг овози ялингансимон чиқди.

– Хўп. Ойи. Сиз нима десангиз, мен рози, − деди қизи шошиб.

– Шундоқ бўлсин қизим. Энди эса бор, мен бироз дам олай, − деди ойиси.

Қалдирғоч, онасини ёлғиз қолиши истагини ҳурмат қилиб, индамай хонадан чиқаркан, ойим уришмадилар, демак, саргузаштларимни қораламайдилар, оҳ арзандам, меҳрибон қарчиғайим, нега вақтлидан-вақтли ўлиб кетасан, куним кимларга қолди, барибир Оловиддин билан бир ёстиққа бош қўйишни ҳазм қила олмаслигимни наҳот ҳеч ким тушунмаса, деб ўйлади.

У Қуддуснинг жондан ортиқ кўриш завқини улашган дамларини унутишни, хаёлидан ўчиришни эплай олмаган, бағрига оташ солиб эркалаганларининг ҳузури ва маҳобати кўз олдидан худди Қалдирғоч билан бундай содир бўлмаган воқеадек, шу дамда ўтдию, аммо, натижаси ўлароқ муҳаббат доим эслашга лойиқ, деган ўй, унга атаб битилган ўтли мисраларни, хатларини ёдига солгач, кўксини қайта ёндирди ва оҳиста ҳовлига чиқаркан: «Ҳа, Қалдирғоч опа, тузукмисиз, ё ойимга бир нима бўлдими?» – деб келини қарши олганида, хаёли узилди.

– Ҳеч гап йўқ, мен ўзим, деб янга уни тинчлантираркан, ширин хаёлдан чалғигани учун кайфияти бузилди ва ҳовлининг энг пастига ўтиб кетди. Четдаги катта ёнғоқ остидаги супачага қўниб, нега ойим дўстимни эслаб қолдилар, деб ўйга чўкди.

Кечки пайт бир машина бўлиб келган тошкентлик меҳмонларни бувиси ётган жойида қабул қилди. Набираси олдин катталар: отаси, Хуршида амма, кейин Эъзозани таништирди.

Бувиси: яхши, яхши, баракалла, соғ-саломат бўлинглар, деб дуо қилди ва Қалдирғочни ўзи қолишини сўраб, бошқаларга жавоб берди.

Улар чиқар-чиқмас шошиб гапирди:

− Бу қиз ким? Равшанни яхши кўрганими?

− Оловиддин акани қизи!

− Эсиз, набирамга мос экан.

− Ойи? Нималар деяпсиз? Қизиқсиз-а!

− Асраб олганими? Отасига ўҳшамайди.

− Йўғ-эй!

− Бодом қовоқли экан! Отасида қовоғ йўқ.

− Балки онасида бўлгандир.

− Балки. Айтдим қўйдим-да. Шундоқ қиз, қўлдан чиқса…

− Ҳимм.

− Илғор, Таманнолар қани?

− Хизмат сафарида. Келиб қолишади.

− Даданг тушимга кирибди. Мени чақирдилар.

− Вой, унақа гапларни қўйинг. Охирги пайтлар қайнанам ҳам шундай ваҳималарни кўп қайтарар эдилар.

− Мендан хавотир олма. Ўладиган аҳмоқ йўқ. Неварамнинг тўйини кўрмасам бўларканми?

− Равшанними? Албатта бош бўласиз. – Орага бир оз сукут тушди.

Онаси Қалдирғоч сўзларига аҳамият бермай, бошқа гапни айтди.

− Болалигимда шунақа шўх-олов эдимки, болаларни уриб бурнини қонатардим. Анча ёшгача кўча атамани саналардим. Отангга қанақа қилиб тегиб қолганимни айтсам ишонмайсан. Доим озода, ўқимишли юргани нариги кўча болаларининг ғашини келтирганми, ундан пул сўрайдиган одат чиқаришган. Йўқ деса калтак ейди. Ҳар доим ёнида пул олиб юрган. Бир гал эса, уйларига гадой келиб қолса, шошилинчда онаси биринчи дуч келган кийимдан пул олиб бериб юборган экан. Буни сезмаган адангни яна кўчада тўхтатиб пул сўрашган, чўнтагини кавласа пул йўқ. У мулзам елкасини сиққан. Аҳмоқлар энди бир-икки мушт туширганлари устига бориб қолган эканман. Урушқоқ, безориларни роса таъзирини бериб, дадангни қутқардим, кейин дўстлашдик. Бир-биримизга ўргандик. Шундай юраверасизми, қачон совчи юборасиз, деб ундаган ҳам ўзим. Икки синф юқори бўлса-да, аданг бўйи мендан паст эди. Кейинчалик ҳам шундай қолди. Сенлар, яхши, баландроқсизлар. Худога шукур.

− Ҳимм.

− Ўғлингни умри сендек дарбадарликда ўтмасин! Қаттиқроқ тур!

− Хўп, ойижон! Сиз айтгандек қиламан.

− Уф…Чарчадим… бирпасда-я… Ҳайронман, тилим айланмай… Қалдирғоч қатдасан?

− Шу ерда. Ёнизда.

− Нега адангни эсладим. Қизим, болаларим мен рози…

− Ойи, ойи-жон…

Онаси унинг сўзини эшитар-эшитмай, қўлини кўтариб бир нима демоқчи бўлдию, пуф этиб жони узилди. Қўл шалоплаб тушди. Янга, аввалига чўчиб, сўнг ўзига келиб, онасини устига ўзини ташлади. Дод деб бақирди. Қоқишоқ бармоқларни лабига босиб йиғлашга тушганида, барча югуриб қолди.

Қалдирғоч отасининг ўлимини оғир қабул қилган эди, бу қайғуни ҳам бошидан катта мусибатда ўтказди.

Йигирмасига дўстлари йиғилди. Улар кўп экан. Москвадан бор яқин танишлари келишибди. Онасининг йигирма маросимидан кейин улар бир-икки кун қолишди.

Ҳамма-ҳамма билан, янга Оловиддинга эрга тегишга шошилмаслигим керак, деган ўйда муқим, уларнинг таъзияларини эътибор билан тинглар, ташаккурини билдириб, эркаклар билан қўл олишиб, аёллар билан бағрига бош қўйиб, елкага қоқиб кўришар, эгнига кийиб олган тўқ ҳаворанг куйлаги ва шу рангга яқин рўмолида у оддий муслима тусида эди.

Аммо у хайрлашув дамларида, Тошкентдаги бошқармасидан, адасининг, бошқаларнинг узоқ-яқиндан келганлар, москваликлар бари кетиб, уйлари ҳувиллагани сари, бўшашиб борди. Охирида дўстлари билан хайрлаша туриб, чидолмади, йиғлаб, ҳеч қачон ҳеч қайси вазиятда, кўпчилик орасида, менинг юртимда, ҳеч кимга сиримни билдирмаслигим лозим, деб талаб қилиб келган аҳдни ўзи бузиб, бу поймонага қарши иш қилди.

− Азизим! Нега унақа қилдингиз. Мен тамом бўлдим. Қуддус, сизга айтар гапим бўғзимда, − деб ўзини йўқотди.

Ичкаридаги уйга ётқизилган Қалдирғочни тезда етиб келган шифокор текшириб, юрак хуружи деб диагноз қўйди. Тинчлантирадиган укол қилиб уйқуга солди. Ҳозирча дам олсин, тинчлик ва сокинликни сақланглар. Эртага туман шифохонасига кўчирамиз, деган қарорга кўпчилик келишди.

54. ХАЁЛДА ҲАМ ҲАЁТ КЕЧАДИ

Палатада навбат билан туну кун одам бўлди. Кўпроқ ўғлидан қайтди.

Эртаси эрталаб, янга уйқудан уйғонгач, анча ўзига келган бўлса-да, тепасида хавотирда кўзлари жовдираб турган ўғлига бир нима демади, хаёлидан ўтган воқеаларни эслаб яна мудрашга тушди…

Акобирдан кейин кўпчилик таниш эркаклар, келишиб олгандек унинг бевалигида бир чўқиб қолишга анча уриниб кўришди. Асосий вақтини ўғлига бахшида этиш Қалдирғочнинг ягона мақсадига айланганини кўпчилик ҳазм қила олмас, бу ёқда Московга бориб ишлаб келишини ҳам унчалик маъқулламаган кампир доим унинг ҳаракатларини кўздан қочирмасди. Узоқроқ шаҳардаги мажлиси чўзилса, котибасига қўнғироқ қилиб, уни қидириб топишни, хавотир олганини етказишни сўрарди. Сал кечикиб келса, эшитадиганини эшитарди.

− Ойи, ишим шунақа! Бунча суриштираверманг, ўзи чарчаб келдим.

Кампир, келини боласини унутиб қўйиб, айш-ишратда юрган бўлсачи, деб чўчир, бевани куни қурсин, ўтган-кетганида харидор тайин, деган матални у яхши биларди. Шундай бўлса ҳам вилоят бошқармаси уни доимо бирор бир комиссия, делегация ёки текширув, назорат гуруҳларига ёзиб қўйишни кўпайтирган, нега унақа деса, бошингизда хўжайинингиз йўқ, бўлмаса бу ишларни ким бажаради, деган важ келтиришарди. Машҳура Болтаевна ҳам бир нима дейишга ожиз. Бу ишлар тепасида раҳбарни ўзи турибди, Қалдирғоч, индамай юр! Янгиси келса, яна изига тушиб кетар, деб кўнглини кўтарарди.

Узоқ вилоятлардан бирига, текширувга Машҳура опаси билан бирга бир ҳафтага борганларида, бор маълумотларни йиғиб, ҳисобот тайёрлаб ўтиришганда раҳбарнинг ўзи келиб қолди. Салом-аликдан сўнг, улар тайёрлаган ҳисобот билан танишар экан: бу вилоятни кўрсаткичлари доим паст бўлиб келган, хаспўслаш керак эмасди. Ўзим бу туманни икки йил олдин текширганимда энг ёмон ҳолатда эди, шунча ўзгариш бўлибдими, деб Машҳура Болтаевнага қаради. Ёки ўзлари берган рақамларми булар? Туман узоқроқ бўлгани учун борилмаганди. Роса гап эшитган, иккинчи мунақа қилсангиз, ишдан ҳайдайман деган дўқлар билан Болтаевна ҳозироқ олис ҳудудга жўнатилди. Қалдирғоч ҳам отланаётган эди, раҳбар бошқа гап айтди: Сиз менга бу ерда кераксиз. Бу ерни бошқармасига борамиз, ҳамроҳ бўласиз.

Ҳақиқий текширув қанақа бўлишини ўшанда Қалдирғоч яна бир бор англаб етди. Камчиликлар жуда кўп аниқланди. Бир ходимни ўзи икки-уч жойдан маош олишими, бир кадрга очилган бир нечта меҳнат дафтарчаси, асоссиз равишда белгиланган мукофотлар, судланганларни жойлаштириш мумкин бўлмаган лавозимлар. Саноғи йўқдек эди хатоларни. Номерда наҳот шу папкадаги бор қоғозлар ҳисоботга киритилса, деган ўйда раҳбарига кўз тикиб ўтирган Қалдирғочни ваҳма босиб, секин сўради.

− Нортой Суярович, бу ердагиларни кайфияти ёмон. Балки, тундаёқ жўнаб қолганимиз дурустмасми?

− Тўғри ўйлабсиз! Манаву далолатномаларга имзо чекинг, аввал.

Қалдирғоч ёзилган қоғозларни ўқиб қўлини қўйганча яна озгина вақт ўтди. Нортой ҳужжатларин барини йиғиб, папкасига солиб қўйди.

− Булар қоғоз эмас, ҳар бири бомба, портласа қанча одам ишдан кетади.

− Шу билан қутилишса майли эди.

− Бўйнида жинояти турибди. Қамалади.

У қўлларини ишқаб хонада юраркан, Қалдирғоч секин гапирди.

− Чарчадик-а, дам оламизми? Сиз ўз хонангизга…

− Ҳозир чиқаман, фақат ишни талаб даражасида якунлаганимиз хурсандчилигига шаробдан сунамиз.

− Мени ичади деб ким айтди.

− Нима, ҳеч ичмаганмисиз?

− Неча йиллар аввал …

− Йўқ деманг. Бошлиқ сўзини қайтариш яхшимас.

− Илтимос, қуйманг. Ичмайман.

Нортой аввалига бир-икки қадаҳни ўзи отиб, газагига тузлаган бодрингни тишлади, лекин ундан кўзини узмай ўтирди.

Озмунча вақт ўтмади, янга мудрай бошлаганди, илкис Нортой унинг ёнига тиқилиб, оғзига қадаҳни тутиб, ичасиз деб зўрлашга бошлади. У бурчакка қисилиб ўтириб қолганидан чорасиз эди. Ортидан дераза чегаралаган, бир ёғида шкаф, олдиларида стол, чап томондан раҳбари буни билгандек уни сиқувга олди.

− Нега тихирлик қиласиз. Жонидан, қачондан бери шу дамларни кутаман.

− Йўқ, дедимми, йўқ!

− Ичмайсизми, бўлмаса, бир зумгина рўйхуш беринг, кейин рухсат…

Ўпич ҳам ололмай, жаҳли чиққан раҳбари уни кравотга судраб, кийимларини ечишга бошлаганда, Қалдирғоч бақириш-чақиришдан фикри йироқ, энди нима қилдим, деган ўйда чора излар, куйлак этагидан ушлаган қўлга ёпишиб олганди.

Бир вақт унинг важоҳати қўзғаб, тамоман тўшакка босиб қимирлатмай қўйди. Ёшлигидан далада катта кетмон урган бу қўлларга ожизани қаршилигини синдириш чўт эмасди. Ана тиззаси узра сурилиб келаётган панжалар энсиз ички кийимига етиб борди, чинқириш бефойда. Мезбонлар бари, ўзи шундоқ ҳам бирга келипти, демак, бекоргамас, деган ўйда кун бўйи унга манзират қилишди. Имо-ишорада уни тикилиб кузатишди.

− Мен сиз билан «культурный» бўламан.

Гап-сўзга бало борми, шизофреник, деб ўйлади Қалдирғоч.

− Йўқса, анаву котиба Варькани биғиллатиб, балога қолдим.

− Нима?

− Бунча қўполсиз, ваҳший десами?

Янганинг миясига бу гап қаттиқ урилди. Ёмон таъсир қилди. Латтачайнардек гап урчитиб юрсая, ҳали. У қандай қилиб Нортойни туртиб, қандай қилиб ўрнидан туриб кетганини билмас, раҳбари нохос полга учиб тушганди…

Ленинградда ёз ойлари туну кун бир хил ҳаво. Битта куйлак кийиб мавсумни ўтказадиган палла. Таътилда музейларни томоша қиламиз, сен билан юриш завқли, одамни ҳавасини келтирадиган даражада оптимизмга бой аёлсан, деб Инна қўймагач, хўп деганди.

Ёлғиз ўзлари айланишди. Эрмитажга саҳар тўртдан навбат олиб, пешиндан кейин киришди. Экспонатлар кўплигидан уч-тўртта зални зўрға томоша қилишга улгуришди.

− Гуру, дўстингни таклиф этайлик, − деди Инна бир неча кун ўтгач.

− Нега энди? Мен билан зерикяпсанми?

− Ўзинг бунча қаҳрли бўлмасанг. Бечора ошиқни қийнашдан нима маъно?

− Қўй, Инна. Ёшлигим ўтди. Ундан менга ҳеч нарса керакмас.

− Муҳаббати ҳамми?

− У хаёлимда. Тунларимга ёғду, уйқуларимга хотиржамлик беради. Ёнимда бўлса дарёдек тошиб, денгиздек ҳайқиргим келади?

− Шунинг учун уни таклиф этганман.

− Қачон? Нимага? Ким рухсат берди сенга?

− Бугун ё эртага кўришасан!

− Нега унақа қилдинг, Инна?

− Мен эса Москвага боришим керак. Бурхон буйруқ қилди.

− Тушунарли, сенга эр керак, дугона иккинчи ўринда.

− Ҳа, ахир соҳиби жаҳонларга қулоқ тутмасак, дунё остин-устун бўлиб кетар.

− Бу гапингга қўшиламан.

Дийдор онлари яқинлигидан унинг хаёли қочганди. Эртага оғир кун бўлса керак, бировни кутиш, бошқасини кузатиш дамлари доимо ҳаяжонли ва масъулиятли деб ўйлади…

Қалдирғоч уни шу атрофдалигига инониб, эзмаланиб ўғлини саволга тутарди.

− Ойи, кимни сўраяпсиз?

− Илғор тоғам шифокорлар кетида юрибтилар. Адам йўлакдалар, чақираверайми?

− Йўқ, ҳозирмас.

− Ҳамма меҳмонларни кузатиб қўйдингларми?

− Ҳа.

Қалдирғоч маъюс жилмайиб, кўзларини юмди.

Уни яна хаёл обқоча бошлаганди…

Ним қоронғуда кўзлар нописанд, ҳеч нарса кўрмасин экан, толиққанида юмилиб бир очилса, бас. Ёки ошиқ жуссасининг улуғворлигига ҳайиқиброқ нигоҳ ташлаб қўйишгина мумкин, деб уқтиргандек биров, беихтиёр у тарафга қарашдан сафарбарликда на бир афсус, на бир надоматсиз ҳолат уни чулғаган. Бир вақт қадди кўз илғамас дириллади ва кеча давомида жононаси раъйини ҳурмат қилган жўмард йигит нечук титрангани фаҳмига етди…

Қомати узра юзган панжалар, гавдасини бетоқат қилаётган қуюқ туклар, қанча замон нозланиб, охир васфни англаган ниятнинг орзумандалиги, бари бир бўлиб Қалдирғоч бўғзига ҳаприқиб ҳаво тиқилди. Кўзларини юмган кўйи, ёлвориб: ойижон, густоҳ қизингизни кечиринг! деган истиғфорда сўлиш олиб, йиғи қуйилди… Уни овутиш учун кимдир қора сочларини майин силар, ёноқларидан чўчиб ўпиб, тинчланинг жоним дейишидан сумбати типирчилаб ўзининг мавжудлигини бошқа вужуд остида англатибми, ё эҳтирос бўхронида қўзғолгани борасида ҳаприқаётган қадди неча йиллаб мудраган ва ҳозирги дамда туғёнланган ҳислар ҳақини даъво қиларди, гўё…

Одамзот ўзи бошқача мавжудот, ҳеч бир нарсада қаноат билмаса… Ё оллоҳ, энди нима бўлади у.

− Қўйворгин! Бўғиб қўясан…

Қуддус унинг сўзларига парво қилмас, қучоғидан бўшатмас, Қалдирғоч энди сизлашга ўтиб, майин товушда ялинди.

− Раҳмингиз келсин!

− Ҳимм.

Висол дамларига андармонлигидан маъшуқини қулоғига гап кирмаётганини сезса-да, сўзи ўтмаганига жаҳли чиқиб, у исён қилар: мана бўлмаса, деб шапатилаб елкалари, юзларига урардию, бу шапатилар кучсиз, озорсизлиги англаниб қолгани сайин, қўллари бўшашиб йигит бўйнига арғамчи солиб чирмашар, соқол босган юзни силаб, нафас қайтгунча дудоғини шимишларга тутар, сўнгра, аста шивирлаб: менинг ягона муҳаббатим. Шунақа лузум бўласан-ми?! Ташаккур сенга илоҳий ҳис тақдим этган ишқ пўртанаси. Яратганнинг марҳамати, бу дамлар унутилмас то ўлгунимча. Сизни хаёлингиз қайда? Бир нима демайсизми, ҳабибим?

У дўстини эркалаб чақирганда, шундай мурожаат қилишга ўтганди.

− Нима учун одам еб-ичади. Нега зарур таом, дастурхон? Сув ўрнига лабинг кавсар сувини сўрсам, кўнгил маҳтал озуқ вужудингда жам. Ботинларим сўрагани оразингизда бари муяссар, рухсорингизга ғулув солиб, талашгай гуллар, ифорини ўхшатолмай сизнинг бўйингизга. Ранглар базми билан у зор маҳлиё этмиш: ёқут дудоғ, марварид тишлар. Сочларингиз-ла қош тусида айнийликда кўзлар ҳам қора. Бир қарашда қалбим этгани пора, каммиди ёр улар яна ёғду сочгандек, бир порласа нурига дош беролмай абгор, тик қарамоқ мушкуллиги туфайли бошим кўксингиз аро тентирагани тентираган, ҳусни тенгсиз Калдиргачим менинг.

Севги шу бўлса керак. Ошиғингни ҳар қилиғи ёқса, уяту тортиниш сезилмаса, ҳар бир амали ижобийга йўғрилса ҳақиқий муҳаббат бўлмай бу, унда нима? Бунчалик эркин мушоҳада қилаётгани ва ўзини ортиқча хижолатсиз тутаётганига ҳайрон, Қалдирғоч ошиғи қулоғига бир гап айтмоқ учун устига эгилганди, Қуддус хаёлидан: «Ўнта сўзга битта жавоб берадиган Самира қайдаю, бор вужудидан қандайдир қувват, иссиқлик инаётган ханум қатда», деган ўй ўтдию, завқи қайта тошди. Янганинг сўзи бўғзида қолар. Майли, бу ишқ изтироблари, фироқи ва ҳижронлари, ниҳоят висолга ўз ўрнини бўшатди, шундоқ тотли ҳиссиёт, эҳтирослар гулханида ёнмоқдан бутун борлиқни унутмоқ мумкин экан-а, бахтимга путур етмасин, кўз тегишидан қўрқаман, деган сўзни ҳозир айтишим шартмас-ку, деган ўй хаёлидан ўтардию, юзига, димоғига урилаётган нафасни сезмай уйқуга кетарди.

Қалдирғоч, баробар қувнаб-ўйнаса-да, ўрнидан туришда дарров эгнига у-бу нарса ташлаб, ёки ўраниб олишни унутмас, кибор аёллиги ўзини акс эттирар, жўнмас, орияти кучли, ҳаётда топталмаган ҳамияти тўғри йўл кўрсатарди.

Улар учрашувини Инна ташкил қилганини ўзи кейин бўйнига олди.

− Сиз кет деса, кетаверасизми? Қанақа ошиқсиз, ўзи. Сиздака андишали йигитни кўрмаган эканман. Қалдирғоч фақат сизни дейди. Эри ўлиб, айниқса анча ёлғизланиб қолди. Хабар олишга, кўнглини кўтаришга ҳам ярамайсизми?

− Ишларим кўп. Муҳаббат эса фақат қайғу келтиради.

− Ноябрь байрамлари кетма-кет уч кун дам олиш куни. Ўшанда ҳам вақт топа олмайсизми?

− Шундоқ ҳам унутишим қийин кечяпти. Сўнг яна фироқи қайта такрорланиб, азобга қўяди. Юмушлар бир баҳона.

− Сиз унутишни ўйламанг, севгини ўзингиздан бездирманг. Одамлар бир умр биринчи муҳаббати ёди билан яшайди. Оила ўз йўлига.

− Шундоқ ҳам хотиржамлигим йўқ. Ёдимни қитиқлаб, хаёлимни доим ўғирлагани камдек, тушларимга ҳам кириб чиқишидан қаёққа бош олиб кетишимни билмайман.

− Хўш, келасизми?

– Ҳимм.

Дўстлари билан кечки таомга фақат уч соатча вақт топилди. Яқинроқ ресторанда москвалик уч яқин танишлари қуршовида енгил овқат еб ва салқин ичимликлар ичиб эркин ўтиришди. Шодон чеҳраларини комплементлар билан алқаш салом ўрнига ишлатилган эпитет бўлди.

Сўнгра, сукут орага тушгач, Қалдирғоч Бурхондан диссертация ҳимояси қачон, деб сўради.

Унинг ўрнига Инна гап суқди.

− Ҳали ишларимиз кўп.

− Унчалик кўп эмас, ёзиш қолди, − деб Бурхон аниқлик киритди.

− Ҳа, шундай, − деганча хотини эри фикрини тасдиқлаб, қўлларини силади.

Янга уларнинг бу муомалаларидан турмушлари тинч, осойишта экан, деган фикрга келди.

Никита Қалдирғочга сурилиб қулоғига бир нималарни узоқроқ сўзладию, охирида унинг шарақлаб кулгани, ресторанга ёйилиб, ҳамма улар ўтирган столга кўз ташлаб қўйди. Янгани бунчалик очилиб, чиройли кулиши борлигини ҳатто бу столдагилар ҳам билишмаскан. Инна ҳаммани ҳайратини ифодалаб: «Гуру, бунчалик антиқа кулишингга сабаб нима?» деб сўради.

− Айтмайман.

− Айт! Айта қол.

− Йўқ дедимми, йўқ.

Энг қизиғи, баъзида Қалдирғоч шундай қайсарликка йўл тутса-да, ҳеч ким ундан хафа бўлмасди. Ҳозир ҳам шундай.

Инна сўзини инкор қилишгани аламига Қуддусни мукаммал савол билан қийнашга ўтди.

− Қуддус, агар «Пахтакор» билан сизнинг командангиз ўйнаса, сиз ким томонга ишқибозлик қилган бўлардингиз?

− Динамога. Ўз командамга.

− Қалдирғоч «Пахтакор»ни дейди. У ҳолда сиздан ҳақиқий ошиқ чиқмас экан-да?!

Қалдирғоч миқ этмай Қуддусни кузатаркан, Гулянинг бир гапи эсига келди. «Агар мени деса ҳимоялаш, турли шунга ўхшаш ҳужумларни бартараф қилишни ўргансин». У хаёлидан ўтган бу гапларни нигоҳи билан ошиғига узатишни ўйларди.

Бошқалар жим. Жавобни кутишарди.

Шу пайт қизиқ воқеа бўлди.

− Рақсга тушайлик.

Улар тепасига иккита давангир йигит келиб қолганини ва улардан бири қўлини янгага чўзиб мурожаат қилганини сезмай қолишди.

Қуддус ўтирган жойида жавоб қилди: хонимлар банд.

− Сен эмас, хонимлар жавоб берсин. Айниқса, манаву латофатли кулгу эгасининг сўзига мунтазирман.

Ресторанда жанжал чиқса, дарров ишхонага милициядан хат келиши билан тугашини, бу эса обрўсига соя солишини Қалдирғоч билмасмиди, биларди, лекин негадир, эркаклар солишишса баҳоси ошадигандек, уларни муштлашишига шу дамда у хайрихоҳ эди. Бу фикр Гулсинага тегишли. Ҳозир у қаерда экан. Соғиниб кетдим. Қизиқ-қизиқ қилиқлари бор эди, дугонамни, Қозон тарафга кўчдию, худди сувга чўккан тошдек дарак йўқ. Эрим қаттиққўл, аммо яхши лавозимда, деганди охирги суҳбатларида. Ўшанга ҳам беш-олти ой бўлди, шекилли.

Бева танишларингни йиғиштир деганмиш. Қалдирғочга бу гап қаттиқ тегди. Ўшанга ўзи қўнғироқ қилмаса, биринчи бўлиб номерини термаяпти.

Никита аввал ўрнидан туриб кетди. Сўнг, ўзини босганча Қуддус. Унинг қоматини кўргач, йигитлар бироз жимишдию, барибир Қалдирғочни дегани сўзидан қайтмаслигини намоён қилди:

− Шу ҳурилиқо билан рақсга тушмай, ҳеч қаёққа кетмайман.

Қуддус, ҳамияти қўзғаб, шу сўзни айтган йигитни билагидан тутиб, шартта кўтариб олганди, официантлар югуриб келишди. Улар орага кириб, йигитларни ташқарига судрашди. Қалдирғоч катта томошадан қуруқ қолгандек кайфияти тушиб, буёғига унча очилмай ўтирди.

Бор нарсага эътибори йўқолиб, маъюсланиб қолди. У висолга тўйганини англамаган, англашни истамаганидан, ҳатто, Қуддусни бошқа севмайдигандек унга қизиқиши йўқолган бепарво ҳолатда эди.

Шунинг учун, у тунги самолётда учиб кетаётганида, Қалдирғоч беҳол, ҳис-туйғулардан ҳориб толиққани сезилиб, дарров кўзлари уйқуга юмилганди.

Унинг бу йигитга қизиқиши ҳақида оила аъзоларининг ҳам ўзига хос фикри бор эди.

Бир куни, Қалдирғоч, навбатдаги ёзги таътилда Юрмалага тайёргарлик кўриб юрса, суянган тоғи, ҳеч замон уни фикрлари, ўйлари ва юриш-туришига салбий баҳо бермаган онажониси, уни бехосдан силтади.

− Ўғлинг мактабни битирай деганда, бунақа ликиллашларингни йиғиштир.

− Бу нима деганингиз, ойи?

Қалдирғоч, димоғида куйлаётган куйи узилиб, онасига ҳайрон қаради. Четга мунғайиб нигоҳ тиккан, онасининг бироз нурсиз афт-ангорини кўрди. Кўзлари бир нуқтада қотган. Жуда хафа ёки астойдил норози бўлгандаги ҳолати. Унга таниш.

− Ойи, мен ҳам аёлман. Умидларим қор остида шунча йил қолган, мусибатлар қаддини буккан. Офтоб нурида музлар эригач, бўй кўрсатадиган бойчечакдек, йўқса иқболим қисқа бўлсинми?

− Қисқа эмиш! Неча йилдан бери аҳвол шу. Отанг раҳматли, яхши, бу миянг айланиб қолганидан бехабар, жон бердилар.

− Бу ҳаётда ўзим бирор нарсани ҳал қилолмасам. Отамга келсак, уларнинг ажримимга қаршиликлари панд берди. Йўқса, балки тақдирим умуман бошқача бўлармиди.

− Ота-она юртидан йироқда яшаш сенгамас, қизим.

− Эвоҳ, нега менинг бахтим яримта. Сарсон-саргардонлик қисматимга шерик. Мен ҳам ҳамма қатори бир нимага маҳталман, ёки ҳаётимга янгилик киритсам, ўйнаб-кулиб, дилимни ёзиб яшашга ҳаққим йўқми?

− Боши очиқлигида ҳам мен қарорингни қўлламаган эдим, лекин, бироз яйрасин, ҳаётдан қизим сиқилган деб, бу саргузаштларингга кўзларимни юмгандим, энди кичкина бўлмадинг.

− Ҳимм.

− Эсиз, битта қизалоқ ҳам туғиб олмадинг? Шунча ҳи-ҳилаб юришларинг самарасиз.

− Нималар деяпсиз, ойи? У менинг дўстим, холос.

− Эркак кишидан дўстга бало борми? Ким ишонарди гапингга.

− Бўлмаса…

Қалдирғоч онасини тушунди. Хаёлга чўмди. Қандай, қандай қилиб. Наҳотки? Бағрига киришим… Сезилибдими? Юриш-туришимдан билганмикинлар? Қизиқ-ку? Эҳ, ойи, энди айтасизми, бола ҳақида. Энди кеч. Афсус. Аввалроқ қаерда эдингиз, туғиб олгин, натижаси бўлсин ўйнаганларингни, демайсизми?

Бу орада Қуддус рихлатга йўл олдию, Қалдирғоч: шу кичик бахтни ҳам Оллоҳ менга кўп кўрди, деб айюҳаннос солиб, ойисини бағрига ўзини ташлади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации