Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 16 (всего у книги 34 страниц)
Унинг бу вазифани санъат даражасига кўтариб бажаришидан Қалдирғоч ҳайрон қолди ва дугонасига шипшиди: бу дўстинг сўзамол экан-ку, матал ва ҳазил-ҳузул гапларни ўрнига қўйиб, сўз беришини қара. Сенинг таърифингни ҳам роса келтирди. Тоғда ўсадиган мотор ўтига ўхшайди Гулсина дедими? Бу ҳар қандай даврани қиздиришингга ишорами?
Гулсина саволга кулганча жавоб қилди-да, дугонасини қучди:
– Гуру, бугун жуда ҳам бахтиёрман. Дўстлар, қадрдонлар. Мени биладиган, ҳурмат қиладиган, меҳрини аямайдиганлар йиғилган. Биринчи навбатда сен.
– Бунақа манзиратлар нега керак?
– Ҳа, совғанг учун катта раҳмат. Зумрад кўзли зираклар, жуда ажойиб! Қаердан топдинг?
− Қўйсангчи! Арзимайди, Гуля.
Шовқин-сурон, баланд мусиқа ўйнаб, улар ҳеч нимани эшитишмасди ҳисоб. Шу пайт улар тепасида эски танишлари: Артур ва Эрик пайдо бўлишди. Мазмунан улар бу рестораннинг доимий мижозлари эди.
− Гуля ва Қалдирғочга саломлар!
Артур бақириб ҳаммани эътиборини ўзига қаратгани қўпол туюлиб, ҳеч кимга унинг бу қилиғи ёқмади. Қалдирғоч ҳузур-ҳаловати бузилгани учун ўзининг норозилигини билдириб, саломлашишни ҳам истамай четга қаради.
Йигитлар анча маст ва кетишни ўйламас, биринчи гал жиддий кўринган Эрик бу сафар ҳам ўзини ушлаб, бирор сўз айтмас, иккинчиси эса тинмай валдирарди.
− Қалдирғоч, гўзалим, юзингни бурма! Бунчалик чиройли бўлмасанг!
– Ҳимм.
– Бир қултум сувдек, одамни ютворгиси келади.
Шунда Қалдирғоч индамаганини кўриб, дугонасига гап ташлади.
– Гуля, даврангизга эски қадрдонларингни таклиф этмайсанми?
– Артур, илтимос, бора қол. Бу сафар қариндошларим билан ўзимиз ўтирмоқчимиз!
– Йўқ, биз сизни яхши кўрамиз. Шундоқ экан, бизни ҳайдашинг ноинсофлик. Тўғрими, Эрик?
Ҳеч ким овозини кўтаришни истамас ва бу хурсандчилик кечасини бузишни ўйламас, Эрик оёғида зўрға турар, Артурни барча сўзига бошини ликиллатиб тасдиқ этарди. Қалдирғоч уларга илтимослар, юмшоқ гап таъсир этмаслигига ақли етиб, гап қўшмас, фойдасизлигини тушунар, бошқалар ҳам шу фикрда эдилар. Шу пайт Илдар ўрнидан туриб, кескинроқ сўз айтди:
– Ноинсофлик, бу сизнинг шилқимлигингиз. Яхшиликча бу ердан кетинглар!
Улар бири олиб, бири қўйиб гапирди.
– Ким шилқим? Сўзингга жавоб берасанми?
– Гаплашгинг келаяптими? Тилингни суғуриб олмай.
Илдар уларнинг шалақилигидан безор, беихтиёр деди.
– Ташқарига чиқайлик!
– Юр, зўр. Бир кўрайлик нимага қодир экансан!
Улар залдан чиқишди. Қалдирғоч ёнида ўтирган Гулсинага қаради. У бироз титраб, фужердаги винони ҳўпларди.
Озгина вақт ўтди.
Қалдирғоч дугонасини туртди.
– Гуля, бор ундан хабар олмайсанми?
− Йўқ, керакмас. Агар муҳаббатимга сазовор бўлгиси келса, мени ҳимоя қилишга ўргансин, − деди Гулсина, бироз қаҳрли тусда пичирлаб.
Қозондан келган амакиси ўзининг яхши тилакларини билдириб, энди тостини тугатаётганида, Илдар кирди. Унинг юзи шилиниб, лабининг бир чети қонаган эди. Ҳамма унга тикилиб қолишди. Гулсина ҳеч нима бўлмагандек тек ўтираркан, зимдан Қалдирғочга нигоҳини ташлади. Дугонаси бу қарашда мамнунлик шуури борлигини англади ва нимагадир ўзининг ҳаётда шундай яқин, таянган кишиси ёнида йўқлигидан юраги увишди…
Бир куни: Тошкентда Мила Тараклаич концерт беряпти, борайлик деб эшикни очар-очмай Гулсина сўз қотди ва қаршисида турган дугонасини чўлпиллатиб ёноғидан ўпди.
− Майли.
Қалдирғоч ходими тайёрлаган ҳисоботга кўз ташлашни давом эттириб, ундан нигоҳини узмай жавоб берди.
− Эртага борамизми?
− Эрта-индин бутунлай бандман.
− У ҳолда бўш кунинг қайси?
− Фақат дам олиш куни.
Гулсина, стаканга газланган сув қуйиб ичаркан, бошини бўлмайди дегандек силкитиб, шанбада охирги кун концерти, эсиз хабарсиз қолибман, бу йил ўн кундан ошмади гастроли, деб дугонасининг ёнидаги стулга бемалол ўтириб олди.
− Филармония биносидами концерт.
− Юбилейнийда?
− Янги, муҳташам саройдами?
− Хоккейга мўлжалланган муз саройида дегин.
− Ёзда хоккей ўйналмайди. Сарой бўш турмасин учун, концерт қўйиладими?
− Концерт ҳам оддий артистлар учун эмас. Хорижда ном чиқарган: Карел Гот, Бисер Киров ва бошқалар ора-чора келса, Тараклаич эса ҳар йили бир келиб кетади.
− Ҳимм.
− Сабаби ҳам топилди. Хабаринг борми?
− Йўқ. Кимдир катталардан, унинг қўшиқларини ёқтирарканми?
− Бошқа важи бор.
− Айта қол. Ҳозир ўйлаб кўришга вақтим йўқ. Кўряпсан, ишлаб ўтирибман.
− Бир пайт ўзида тўртта вазифа бажарадиган Цезарга ўхшайсан-а? Жуда ақлли бўлиб кетдинг-а? − деб дугонаси кулганди, янга беихтиёр унга қўшилди.
− Заҳарханда гапингни қўй!
− Ҳа, Тараклаич бу ерда ёш йигит топиб олган дейишади. Тошкентлик бўлса-да, бир вақтлар ота-онаси ўша ёқдан келиб қолганмиш.
− Ростданми?
− Жуда жиддий муносабатлар. Турли совғалар олиб келади. Гастролини ҳар йили такрорланиш сабаби ҳам шундан экан.
Қалдирғоч Гулсинани бу хабарини эшитиб, анграйиб қолганча, у номи чиққан артистка учун хурсанд, секингина гапирди:
− Жуда қизиқ ва алламбало. Ана сенга романтика. Бошқа давлатга хизмат юзасидан келса, гастрол дастури билан банд, вақт тиғиз, ҳар кеча концерт ва севгига имкон топганини қара.
− Ҳавасинг келяптими?
− Нега келмасин? Мен ҳар бир аёл, агар у ҳақиқий бахтини топса қувониб, қўллаб-қувватлашга тайёрман.
− Сенинг мададингга зор бўлмаса керак, у омади чопган аёл. Яна чиройли ва аппетитни қўзитадиган дўмбоқ, ёноқлари табиий рангдан қизил, бўялмаган.
− Ҳимм.
− Менга ўхшаш рангсиз, ҳусни қайтган жувонмас.
− Қўйсангчи, дугонажон, камтаринлик қилма. Қайга борма қадамингда танишайлик деганлар топилади.
Қалдирғоч уни кўнглини кўтариб айтган сўзига, Гулсина аввал раҳмат дедию, кейин қўшиб қўйди. − Нақд тоғнинг лочинини қўлга ўргатдинг-а?! Сен ҳам бўш келмадинг, Гуру.
Бу гапдан кейин ҳо-ҳолаётган дугонаси кулгусига беихтиёр Қалдирғоч қўшилиб, ширин жилмайиб қўйди.
Шундай суҳбатларда ўзини йўқотмай, истаган мавзуда ўзи сўзини айтишга ўргана бориб, у анча дадил, бироз шартакироқ феълли бўлиб бораётганини сезса-да, ўзини бозорга солиш, ортиқча зеб-зийнат, кийим-кечакларга ружу қўйишдан ҳамон йироқ. Гарчи, четдан қараган кишига у, фарзанд кўрмасидан аввалги янгадан асар қолмагандек туюларди.
УЧИНЧИ ҚИСМ
26. ФИРҚАГА ХОТИН БЎЛАСАН
Дўст мамлакатдан келган меҳмонлари билан Самарқанд, Бухорога бориб келишида бир воқеа айниқса ёдидан чиқмайди. Ёз ойлари эди. Уларга ажратилган, ўн икки кишига мўлжалланган “Тойото” русумли автомашинани кондиционерини ёқиб йўлга тушишди. Машинада ўзига бино қўйган, сўзини ҳар ерда ўтказиб келишга ўрганиб қолган делегация раҳбари Сиротка уни ёнига ўтқазиб олиб, бутун сафар давомида роса безор қилди. Африкалик меҳмонлар олдида ҳам сурбетларча қўлини чўзиб елкасига ташлаб олар, қўлтиғидан ҳуда-беҳуда тутиб, ёнида юришини тайинларди.
Сиротка Петр Акимович марказда турли катта лавозимларда, ҳатто Псковда фирқа қўмитасини бошқарган, сувга чўкмайдиган, ўтда ёнмайдиган эски кадрлардан. Бу фамилия унга коммунада катта бўлган етим отасидан қолган. Кўчада турли шпаналар билан бирга тутиб келинган беш ёшли етим болага Аким Сиротка исм-шарифини беғамгина мураббияси берган дейишади. У ҳақиқий сталинчи ёшлардан бўлиб етишди. Тепадагиларни кўрсатма, буйруқларини ишлаб-чиқаришда, кўча-куйда ким таҳлил қилса, ё бирор бир фикр билдирса, дарров ГПУга бориб чақади. Унинг жонбозлиги шундан иборат эди. Акимни биринчилардан фронтга жўнатишди: «сотқинларни бил, иккиланувчи командирларни аниқла, орқага чекинишга ундайдиганларни отиб ташла», деб топшириқ олди. У ўз фаолиятини шижоат билан бошлаб, тўртта сотқин аниқлади. Командирни буйруғи билан олд позициядан ортдаги позицияга ўтаётган огномёт кўтарган солдатни қўрқоқ билиб, “қаёққа чекиняпсан. Ортимизда Москва”, деганча отиб ташлашга улгурганди. Яхши бу қотилликни ҳеч ким кўрмади. Аммо, жангларни бирида кўкрагидан ўқ еб ярадор бўлди, ўлишига кўзи етиб судралиб бораркан, ўлиб ётган ефрейтор қўлидан қизил байроқни олиб, зўрға бир бора кўтариб ҳилпиратдию, жони чиқди. Уни топишганда, қўлида қизил байроқни бор эди. Полк командири у ҳақида, яхши фикрда бўлмаса-да, тақдирлаш учун фамилиясини рўйхатга қўшди. Отасининг урушда қаҳрамонларча жон бергани кейинчалик ўғли Петрни фирқа ва хўжалик ишларида кўтарилишида қўл келди. Уни шу сабабдан доимо қўллашар, хато қилганида, отасининг хизматлари тилга олинарди, яна у етимдан чиққан, фамилияси айтиб турибди, деб айбларидан ўтишар, қаерга борса унга исми, шарифи қўл келиб, бир томчи қонидан ўтайлик деб, унинг баъзи камчиликлари хас-пўшланарди. У баланд бўйли, эти қадди бўйича бир хил тарқалган, тўлароқ бўлишига қарамай, ядро улоқтирувчи спортчи каби мутаносиб кўринарди. Айш-маишатга муккасидан кетгани, тўхтамай ичиб, ишни ташлаб қўядиган одатлари учун биринчи даражали вазифаларга қўйилмасди. Псковдан кетганига ҳам шу сабаб эди. Фирқанинг энг катталаригача уни шахсан билишар. Зиёфатли, саёҳатли жойлар бўлса, уни ҳам гоҳида делегация таркибига қўшишни тайинлашарди. Борган жойларида: томоқ ейиш ёки майхўрликда ҳазилга мусобақа уюштириб вақт ўтар, ўшанда Сиротка доим ғолиб бўларди. Овлоқ дам олиш уйлари ёки марказдан анча нарига кетишганда, кўздан йироқда маишат қилишса ҳам у қатордан қолмасди. Бир хил ишчан, касаба, фирқа аъзолари ойлаб, йиллаб, ҳатто умри давомида бунақа жамоавий кўнгилхушликларга чақирилмаса-да, Петр Сиротка унутилиши мумкинмасди.
Сиротка, «катта мажлислар, учрашувларда одамларни кўзини қувонтириш учун чиройли аёл фаоллар керак», деган юқори ташкилотларнинг оғзаки кўрсатмасига амал қилади. Ўша тепадаги баъзи бировлар қатнашган давраларни бу фаоллар ҳам яйратар, ҳам сайратарди. Кўпинча, сопни ўзидан чиқариб, яқин атрофдаги фирқа, касабада фаол аъзоси бўлган аёллар, чиройли актриса, ҳофизаю раққосалар ҳам даврага қўшилар. Шунда ҳам ҳусни-таровати кўзга ташланадиган, қозонда баравар қайнайдиган, катталарнинг измига қулоқ тутадиган ва энг асосийси, оғзига маҳками. Барча маишатга кирган аёл ўзига бор айбни ағдаришлари мумкинлигини сезади.
Охирги йиллари бу ўлкадаги фаол бўламан, юқорига чиқаман дейдиганлар қисмати унинг қўлида. У марказий, ғарбий, шарқий ўлкалар, Кавказдан кўра жанубий жойларда ишлашни маъқул кўради. Одамлари яхши, бетга чопармас. Аёллари андишали, шаллақи, шармандаси ҳатто, бўйнига пичоқ тирасанг ҳам хиёнат қилганини бировга айтмайди…
Худога шукр деб, Қалдирғоч диванда чўзилди. Бирпас мудраб ҳам олди шекилли, телефон жиринглади. У шойи халатини шилдиратиб, ўрнидан қўзғалиб трубкани шошмай кўтарди.
Нотаниш кимса, ўзини таништирмай сўради:
– Сен Қалдирғоч Мансуровамисан?
Қалдирғоч бегона одам уни сансирашидан кўра унинг қалин, бўғиқ ва қандайдир зуғумли овози кўпроқ таъсир қилиб, бошидан капалаги учди:
– Ҳа, мен.
– Нега меҳмонни хафа қилдинг?
– Ким экан меҳмон?
– Петр Акимович.
– Ҳа, уми. Хонамга зўрликда кирмоқчи…
– Сени ишни биладиган, вилоят даражасига кўтариладиган кадр деб биламиз.
– Раҳмат, ишонч учун.
– Қанақа ишонч? Оддий бир муомалада оқсасанг.
– Ахир…
– Сени нима қилсак экан. Балки совхозинг, боғчангга қайтиб, бир умр боғча опалик қилгинг келаётгандир.
– Сизлар шуни лозим топсангиз.
– Тақдиринг қандай бўлиши сенга фарқсиз. Шундайми?
– Бошқа илож бўлмаса.
– Демак, бизларга илтимосинг, бошқа гапинг йўқ.
– Ҳимм.
Қалдирғоч бирор нарса дейишга тили ожиз эди.
– У ҳолда бизнинг сенга гапимиз бор, яхшилаб эшитиб ол боғчапа. Отанг, неча йилдан бери магазинга директор. Нима, бирор айби, хатоси йўқ, деб ўйлайсанми?
– Сиз кимсиз? – деди чўчигансимон Мансурова.
– Сўзимни бўлма. Растратни эса топиш осон. Отангни қамалишини хоҳламассан.
– Кимсизлар?
– Юраги чатоқ бўлса. Зонада ўтиришни ўзи бўлмайди.
– Асло, бундай деманг, илтимос.
− Ёки опанг Таманнони чет эл валютаси билан ушлаб олиш қийинмас. Валюта учун эса, бошини силашмайди. Воркута ёки Магадан нақд.
− Нима гап ўзи? Не истайсиз мендан?
− Бу бошқа гап. Йўқса, уканг исми нима эди…
− Уни тинч қўйинглар! Хўп, дедимку!
− Сенга маслаҳатим. Бу баланд тонда гаплашма.
− Яхши.
− Ўзингни босиб ол.
− Хўп.
− Яхшилаб эшит, сенга лавозим зарур бўлмаса, отангга тинчлик керакдир. Қариганда Кўкишкўл қишлоғидаги ҳовлисида хотиржам чойини ичишини истайсанми?
Қалдирғоч, бир зум ўйлаб қолди. Булар ҳамма нарсадан, ҳатто қаерда туришимизни билишяпти. Энди нима қилдим? Қайси каззоблар қўлига тушиб қолдим. У жавоб қилди.
− Ҳа, албатта. Отам соғ бўлсалар бас.
− Бўлмаса ҳозир меҳмон кирса тихирлик қилмайсан, келишдикми? У ёғини эшит…
Бу ҳолдаги суҳбатдан, адасини эслатишганини ўзида, Қалдирғоч, шок ҳолатига тушган, ҳозиргача ўзига келолмай, телефоннинг у тарафдаги трубкасидан айтилаётган сўзларни такрорларди.
− Мен марказдан келган меҳмонга нисбатан ўта қўполлик қилдим. Ҳозироқ кечирим сўрашга тайёрман. Хонамга киритиб, чой билан сийлайман, кейин ўзим тортиқ бўламан.
Охирги сўзга келганда, унинг ўз-ўзини миясида ҳимоялаш рефлекси ишлаб кетиб, тескари жавоб қилди: йўқ, йўқ, ҳеч қачон.
У ёқдан яна овоз келди. Яна бир марта келишувни бузсанг, отангни турмада кўрасан. Передача ташиб чарчайсан.
Сўнг жимлик чўкди.
− Алло, алло, – деб ҳовлиқди Қалдирғоч, у ўзини тамоман йўқотган, бу ўйинми, чиндан тазйиқми? Нима қилдим энди, деб минг ўйга чўмиб, сўнг, ўзи яна алло, деди.
Ниҳоят у тарафдан овоз келди.
− Эшитяпсанми?
− Ҳа, – деди Қалдирғоч иродаси букилиб бўшашганча.
− У ҳолда, иззатли меҳмонга бу кеча жория бўласан, – деб алоқа узилди.
Трубкага у ҳам нимадир ғулдиради. Сўнг карахт ҳолда, эшикни очди. Ҳеч ким йўқ эди.
Қалдирғоч, бирпас анқайиб турди-да, нариги хонага ўзини урди. Кравотга ётиб ғужанак бўлиб олганча бошини ёстиққа қўйди. У қандайдир ёмонлик, тажовуз тарадудини ҳис қилар, аммо кўзларида ёш йўқ эди. Турқи совуқ, ўзи ҳам тўла, семиз, ҳайбатли, бўйи нақд икки метрга яқин махлуқ ташрифини кута-кута уйқуга кетди. Бояги, телефондаги суҳбат орқали етказилган қўрқитиш, чўчитишлар таъсири билиниб, уйқуси ҳам беҳаловат эди. Бир вақт, ҳали тонг отишига бор эди. Телефон яна жиринглади.
Югурлаб, уйқусираб трубкани олди.
– Алло.
– Алло, – деди бояги бўғиқ овоз. – Меҳмонинг шу ердами?
Шу пайт Сиротка эшикни қаттиқ очиб кирди ва сўради:
– Ким билан гаплашяпсан? Мени шу ердалигимни айтиб қўй, – деди.
Сиротка кириш хонасида у ёқ-бу ёққа қараркан, Қалдирғоч кийган ипак халатнинг ниҳоятда бежиримлиги ва ярашганидан, расмий кийимидан бу вазиятдаги либоси уни хонадон бекаси мақомига яқинлаштирганини маъқуллади. Ва энг асосийси, бу жонон унга бўйсиниши кераклигидан шошилмаслик ва бу ҳукмронлик лаззатини чўзгиси келарди. У аста юриб чап тарафдаги диванга чўкди. Қалдирғочни хонани ўртасига, чироқ остига келишга буюрди.
У келди.
– Кийимингни еч.
Халат елкадан сирғалиб тушди.
Сиротка анчагина муддат қараб қолди.
– Бу қад музейдаги экспонатга ўхшайдими: гўзал аёлнинг тирик ҳайкали. Қўл узатишга ҳам одам ийманади. Ахир музейда ҳам экспонатларга қўл теккизманг, деб ёзиб қўйилади-ку. Тўғрими? Қани берироқ келчи. Аммо сен марказдан келганларга бўйсинмаслик, улар хоҳишига қаршилик кўрсатиш доктринасига ҳамон содиқ қолмоқчи бўлсанг, сени ақлингни киритиб қўйишга мажбурман.
– Хўш, нима қилсам экан, сени.
Қалдирғоч индамасди. У кўзларига бор ғазабини тўплаб, унга тикилди.
– Сендан илтимос, бунақа қарама. Нигоҳларинг юрагимни тешиб юборгудек. Яхшиси тескари ўгирил.
Қалдирғоч ярим ўгирилиб, унга ижирғанча қараб, полдан халатини кўтариб, нариги уйга шошди.
– Ия. Қаёққа кетяпсан. Тўхта, ҳой, – деганча, жаҳлда турган Сиротка бир қадам қўйганини билади, гандираклаб кетди. Қалдирғоч югуриб елкасига тиралди, у юрагини ушлаб ўзидан кетганди.
“Тез ёрдам” келганда, у полда қўлларини ёзиб ётар, эгнида узун чўнтакли импорт халати бор эди.
Қалдирғоч ичидан қиринди ўтди: яхшиям хонамга кийимда кирибди бу шумшук, деб ўйлади.
Ҳеч ким бу эрка меҳмон аёл кишининг хонасида нима қилаётган экан, деган савол бермади, ҳамма унинг соғлиғи устида бош қотириш билан банд бўлди. Бир ҳафтага бормай уни Самарқанддаги катталар касалхонасидан 1-Республика стационарига, Тошкентга кўчиришди. Бу орада Мансурова ўзи бош бўлиб, африкалик меҳмонларни Бухорода бир кун ва Хивада икки кун айлантириб, Тошкентдан Москвага кузатиб қўйди.
Унинг руҳи оғир, ўзи ҳазин эди. Ҳамон ўша тунда шок ҳолатига туширган суҳбат таъсири тарқамаган.
– Тушлик қилайлик, – деб Гуля ўзи келиб қолди.
Идора ошхонасида сифатли овқат тайёрлашади.
Қалдирғоч иштаҳасиз тамадди қилди. Гуля сезибди. Компот ичиб бўлишдиям, дугонаси уни боғга судради. Энг охирги ўтиргичга чўкишдиям Гуля уни тоширди:
– Бошингга ташвиш тушдими? Роса сиқиляпсан? Айт. Тезроқ дилингни ёз.
Қалдирғоч, ноз қилмай, яширмай-тоширмай бор воқеаларни айтиб берди.
Гуля ўйлаб қолди.
– Ҳа, у аблаҳни биламан. Тўғриси эшитганман. Мушугини биров пишт дея оламайдиган, эркалардан. Димоғи ис билиб, сени топганини қара. Қаердан унинг рўйхатига тушибсан. Шуниси менга қизиқ.
– Ўзим ҳам ҳайронман. Бошқармадагилар ҳам бехабар. Машҳура опа «ўлай агар, сенинг ўрнингга мени ёзиб қўймайдими. Салобатлиларни ёнида юришни яхши кўраман», деб ҳо-ҳолайди.
– Лекин сен нега бунчалик қўрқдинг? Сенга қарши уларда ҳеч бир ашёвий далил бўлмаса?
– Бирорта гап ҳам йўқ. Адамни ўйлаб, азбаройи худо, шунчалик қўрқдимки, ёт деса ётиб, тур деса туришга тайёр эдим.
– Билмасам, лекин Борий ака ўзини ҳимоя қила оларлар. Сенинг нозик томонинг, жуда ҳиссиётга берилувчисан.
Қалдирғоч, бўлганим шу, деди елкасини қисиб.
– Менимча Илғорга бу воқеани айтишинг шарт. Ҳалигача …
– Ҳозиргача ҳеч ким билмайди. Ҳатто эрим ҳам.
– Уни аралаштирма, ойисига айтиб қўяди. У ҳолда, карьеранг йўли ёпилади. Кампир, «бугундан бошлаб, ишдан бўшайсиз, болага қарайсиз. Ўшанда сизнинг ҳам, менинг ҳам қулоғим тинч бўлади», дейди. Унинг фикрини олдиндан биламан.
– Яхши, бугуноқ укам билан сирлашаман.
Қалдирғоч, Илғорга иложи борича қисқа ва пардага ўраб, бўлган воқеани билдирди. Бир-икки кун ўтказиб, опа, шошиб кетманг. Одамни бошидан нималар ўтмайди. Аёл кадрларга, айниқса перефериядагиларга нисбатан муносабат ўзингизга маълум. Ўзингизга пухта бўлинг. Мен: уйда ўтиринг деб, адамга қарши чиқолмайман. Шунинг учун мана бу аппаратни олинг. У овоз ёзувчи қурилма. Зарур ҳолда фойдаланасиз. Миттигина, сумкангизга солиб юрса бўлади, импортний. Уйдагиларга бу ҳақда гапирманг. Бошқаларга ҳам. Ҳозирча шу. Яна бу мавзуга қайтамиз, мен яхшилаб ўйлаб олай.
Қалдирғоч барибир яна бир қанча кун кўнгли хира юрди. Унга қандайдир янгилик, хабар эшитадигандек туюлар, Сироткага нима бўлдийкан, деб ўзи қизиқмади. Ишхонада кўришишганда барча унга ғалати қарар, тезда сўрашиб нари кетишарди. Мазмунан бу ерда ҳам гап тарқалган, шекилли, деб у дугонаси Норбибини топди. Кофе дамлаб суҳбатини олди.
Норбиби уни тинчлантириб гапирди:
– Сен шошиб кетма. Яхши, яхши, айтаман. Аслида ҳеч нарсага арзийдиган фисқи-фасод гап йўқ. Фақат, “Тез ёрдам” келганда Сироткани сенинг хонангда инфаркт ҳолда топишгани тўғрисида ҳамма чулдираяпти, холос. Бор қизиқишлари шунда.
Қалдирғоч у менга ёпишмоқчи, тажовуз қилмоқчи, эҳ, дугонажон билмайсан-да, ичимдан қиринди ўтиб, шунчалик ўзимни йўқотдимки, демоқчи бўлдию, охирги зумда тилини тийди.
Озгина вақтдан кейин, Қалдирғоч, ҳамон ўйчан ўтирган чоғи, телефон қўнғироғи бўлди. Трубкани кўтарса Машҳура опаси. Салом-аликдан сўнг у: «эртага соат ўн бирларга бошқармага кел. Зарур топшириқ бор», деб трубкани қўйди. Қалдирғоч ҳайрон қолди. Бу опаси ўзи: хайр, ишим кўп демагунча, суҳбатни узгиси келмасди. Шу хаёллар билан уйида юрди. Нима гап экан яна, деган ўйда уйқуси ҳам нотинч ўтди. Эрталаб у янги, лекин сипо, тўқ сиёҳранг костюм-юбкасини кийиб, эри билан йўлга тушди. Туман марказида эса идора машинасига ўтиб олди.
Бошқармага етиб борганда, ҳайдовчига шу атрофда бўлинг, деб ичкарига кириб кетди.
Машҳура Болтаевна ҳангомалашиб кутиб олди. Хафа бўлма, кеча раҳбар ўзи шунақа жиддий тарзда: Мансуровага етказинг, тез келсин, Сиротка сўраяпти, деганига ҳайрон бўлибман.
Аммо, бошқармада: нега Мансуровани сўради, деб қанча тахминлар қилиб, ҳамма таҳликали аҳволда эди. Бугун билдик, аслида у сенга ташаккурини айтмоқчи экан. Бор, борақол. Биринчи стационарга, биласан-а. Горький метросидан ўтиб, иккинчи бекат ўнгга. У ердан эса…
– Сўраб оларман.
– Ҳо-ҳо-ҳа. Майли, қайтишда кирарсан. Кутаман.
– Яхши. Кўрамиз.
Қалдирғоч стационарни ҳам, у ётган палатани ҳам топди. Фақат хонасининг эшигига келганда ҳайиқиб тўхтаб қолди. Ўзимни қандай тутишим керак. У ахир менинг обрўйим, шаънимни букди, оримга таҳдид қилди. Сал бўлмаса…
– Сиз ким бўласиз. Ёзиб олишим керак.
Қалдирғоч ўгирилди. Оқ халат илган ўрта ёшли тўлагина рус аёли гапирган эди.
– Мансуроваман, Қалдирғоч.
– Шошманг секинроқ айтинг, – деб қўлидаги қалингина иш дафтарига унинг иш жойи, мансаби, исми-шарифини тўлиқ ёзиб қўйди.
– Энди марҳамат киринг, –деб тақиллатиб эшикни очди, бошини суқиб сўради, – Мансурова кирсинми? – Ичкаридан «ҳа, кирсин», деган жавобни эшитгач, уни елкасидан суриб ичкарига йўллади.
Қалдирғоч туриб қолди.
Сиротка унга қараб тураркан, бирор вақт ўйлаб қолди. Кейин, қўли билан ичкарига кириб стулга ўтиришга ишора қилди.
– Салом. Мен ҳали яхши тузалмадим, лекин битта саволга жавоб олай деб сени чақиртиргандим.
– Марҳамат. Эшитаман, – деди Қалдирғоч сиқилиб қимтинганча.
– Гап отанг ёки бирор оила аъзоларинга тегишли эмас, шунинг учун бемалол ўтир, яхшими.
– Хўп.
– Африкага бориб келасанми, деб сўрамоқчийдим.
– Африкага, не сабабдан.
– Биз кўп давлатлар: Осиёда Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкасида қатор мамлакатлар, Куба, Африкада Мозамбик ва бошқалар билан жуда яқин дўстлик алоқасидамиз. Иқтисодий ёрдам, туризм, маданият соҳасида қаттиқ боғланилган. Ҳар йили бу давлатларга қанчалаб одамларимиз тажриба алмашиш, қурувчилик ишлари, маданият ва санъат вакиллари, дўстлик алоқаларини мус таҳкамлаш баҳонасида боради. Шу сабабдан сени Мозамбикка ёзиб қўйганман.
– Ахир…
– Мозамбикда томоша қиладиган нарсалар йўқ деб ўйласанг хато қиласан. Биздан борганларга қўриқхоналарини сайр қилдиришади: кабриолет типидаги усти очиқ Жип машиналарида, ёнингда ҳамроҳ-овчи, тирик табиат бўйлаб саёҳат ва бор ҳайвонларни кўрасан. Зўр-а!
– Ҳимм.
– Рози бўлавер. Мен бир неча марта бўлдим. Жуда маза. Ҳар ҳолда, Европадаги энг ҳашамдор вилла ёки ресторанда соатлаб овқат еб, май ичиб ўтиргандан юз чандон зўр. Машина олдига тушиб қочишга югурган жирафалар, бошингда тинимсиз айланаётган бургутлар, пешин чоғида акациялар тагидаги салқинда қатор чўзилиб мудраётган шерлар, шербаччалар. Ов ҳам қилиш мумкин. Сен милтиқда отишни биласанми?
– Йўқ.
– Осон, ўзим ўргатиб қўяман. Чунки мен ҳам боришим зарур. Рўйхатга киритилганман. Африка жону дилим. Об-ҳавоси доим бирдек илиқ-иссиқ. Ўзбекистондаги жазирама даражасигача иссиқ кўтарилмайди. Айниқса, Мозамбикда ёқимли илиқ-миллиқ ҳаво. Битта майка, шортик кийиб партия топшириғини бажариб келамиз. Қойилми? Буни дўст давлат аҳолиси билан яқин алоқа ўрнатиш дейилади. Ҳисобот ҳам жўн тузилади. Тўғри, орасида турли учрашувлар, мажлис, суҳбатлар бўлиб туради. Хўш, маъқулми? Ўзимга сал келиб олай. Боришни аниқ санаси ҳақида сенга хабар юбораман.
– Ҳимм.
Қалдирғоч фикр билдириш бефойдалигини англар, мен аҳмоқ бошқа хаёлда келибман, деган ўйда боши эгик ўтирарди.
– Бир гал ўзим айлангани чиқиб кетибман. Тагимда жип машинаси, милтиқ шундоқ ёнимдаги ўриндиқда. Ана юрдим, мана юрдим. Битта оҳу боласини пойлаб отдим. Нақд юрагига ўқим тегибди. Орқа ўриндиққа ташлаб олдим. Ўзи қўриқхонада ов қилиш тақиқланган. Бизга, Иттифоқ одамига, қудратли давлат вакилига улар рухсат беришади. Лекин дуч келган фуқароимизга эмас, бизга ўхшаш сайланганларга марҳамат. Тушунарлими? Шундек экан, мен билан борсанг, бемалол сен ҳам ов қиласан. Битта дарахт тагидан ўтишимда, йўлга сув тошган экан, орқа ғилдирак лойга ботди. Вағиллатиб газ бераман, баллон ўз ўқида айланади, машина жойидан жилмайди. Ниҳоят, миямга фикр келиб, тош қидириб нарироққа юрганимни биламан, бир нарса тап этди. Ўгирилсам, гепард (қоплон). Мазмунан дарахтда бўлган. Ўлжамга кўз тикиб турибди. Қўлларимни силкитиб ҳайдадим ва машинага югургандим, у ўзини менга отди. Елкамга панжаси билан урса, бир умбалоқ ошиб йиқилдим. Ўрнимдан туришга улгурмай, у иржайиб менга яна ташланмоқчи эди, чинқириқ овоз билан югурлаб келаётган Намукуга кўзи тушдию қоплон нарироққа қочди. Югуриб бориб, милтиқни қўлга олай десам, билакни кўтара олмаяпман. Чап елкам оғриб, қон силқирди.
– Бир ўлимдан қопсиз, – деди Қалдирғоч беихтиёр.
– Ҳа. Намуку қўриқхона ходими эди. Тупроқ босиб оёқ яланг югурганида машинамга етиб олади, ҳисоб. Чунки саванналар йўллари текисмас, баланд-пастлик, соатига ўттиз километрдан ортиқ боса олмайсан киши. Ҳар ҳолда, жуда чаққон ва нозик Европа аёлларига насиб қилмайдиган шакл-шамойилини кўрсанг, ҳақиқий чумоли қадди дейсан. Ҳусндан, рангдан сиқдим, ҳеч бўлмаса бошқа қисмини ғайритабиий қилай деб, биров белини бир сиқим қилиб яратиши керак бўлган бўлса, ўша сифат бу аёлга берилган. Елкамни жойига солиб қўйиб, гиёҳли малҳамлар билан даволади. Ҳар куни уч маҳал хонамга кирарди. Йиғма баракдаги олтита хонадан бирини меҳмонга деб аталганини менга беришган. Ходимлар кун бўйи қўриқхонада тентираган, фақат ошпаз хотин шу ерда ўтирса, Намуку диспетчерликда радио, телефонда ва бошқа воситалар билан алоқага чиқиб, ишчилар билан боғланиб турарди. Қўриқхона ходимлари ёнида боғланувчи аппарат бўлиб, у доим ёқиқ туриши шарт, йўқса, бирор ҳайвон ҳужум қилиб қолса, ёки бошқа бир ёрдам учун боғланиш мумкин. Мана ДАН ходимларида шунақа алоқа тури бор-ку. Менинг машинам лойга тиқилиб қолганда, унга яқин дарахт устидаги қоплонни ириллаши диспетчер хонасидаги қурилмага эшитилиб, хона бўйлаб акс этган. Намуку шу заҳоти дурбин орқали дарахтдаги қоплонни аниқлаб, югурган экан. Буни бирга яшай бошлаганимизда айтиб берди. Қиз ҳам туғиб олди мендан. Уларга Иттифоқ одамидан бола кўриш мансаб.
– Чарчаб қолдингиз, балки сизга дам олиш зарурдир, – деб Қалдирғоч, суҳбатни узмоқчи бўлди. Нима учун шунча гапни менга айтаяпти? Нима, чиндан Мозамбикка боришим, унинг топишгани билан танишиб келишим керакми? Шу шумшукнинг ҳам ичида шунча гапи борлигини қара.
Сиротка индамай қолди. Унга жавоб бермай, қўли билан ўтира тур дегандек имо қилди.
– Сен чиндан мен йиқилаётганимда ушлаб қолдингми? Бу қандоқ бўлди.
Қалдирғоч мақтанмай, бирор ёлғон қўшмай борини айтди. Зилдек оғир экансиз, узоқ ушлаб туролмай, бир амаллаб чўккаладиму, секин полга ётқиздим. Тиззам бироз шилинди, холос, деди.
– Яхши, фойданг тегибди. Ёвузлик қилмоқчи бўлганга яхшилик билан жавоб берибсан. Бу фалсафанг тўғрими? Ҳа, бу асил социалистик қараш.
Қалдирғоч, бу шарқона аҳли-одобга киради, демоқчи эди, демади.
– Менда ҳам қолиб кетмайди. Шоҳлар айтадигандек, сен ҳам тила тилагингни, дўхтирлар айтишича, сен ушлаб қолмасанг, бошим билан полга тушишим, унда нариги дунёга кетишим муқаррар экан. Чунки қон томирларинг ёрилиб кетарди, дейишди.
Қалдирғоч ўйлаб қолди.
У, мени тинч қўйинг, дейишга тили айланмас, бундай дейишга Сироткадан ҳамон чўчирди.
– Ҳа, сени барибир унутмайман. Керак бўлиб қоласан – бу бир, иккинчиси – ғанимларингдан ҳимоя қилишим лозим. Бу энди қарзни қайтариш ҳисобига ўтади.
Қалдирғоч, биринчи марта суҳбат давомида жонланиб сўради:
– Сенинг душманларинг бор дедингизми?
Сиротка буёғига ортиқча ўйланмай дадил гапира бошлади:
– Бор. Лекин аввал Вафоев тўғрисида сўрамоқчи эдим. Уни танийсанми?
Қалдирғоч бир зум ҳам ўйламай, деди:
– Ҳа, Туманда иккинчи бўлган одамми?
– У сени таниркан.
– Табиий, бир идорада ишлаган бўлсак.
– Нега у отангни ёмон кўради?
– Билмасам. Ўзи ҳеч нарса демадими?
Сиротка сабабини билса-да, индамади.
– Яхши, бора қол. Бўлар иш бўлди. Буёғига ҳеч ким қўлининг учини ҳам сенга теккиза олмайди. Мен тайинлаб қўяман, – деди Сиротка.
Бу фитнани бошлаган, Қалдирғочни бадном қилмоқни сўраган ўша товламачи. Операцияни охирига етказиш учун номери аниқланмайдиган телефондан, ўзининг содиқ одами орқали қўнғироқ қилдирган ҳам у. Лекин, Петр Акимовичнинг баъзи топшириқ, буйруқларини пинҳона бажариб, турли ўйин-кулги, дам олишларини Вафоев ташкил қилиб беради. ҳозир уни сотиш Сироткага ҳечам керакмас. Қалдирғочга воқеани учини чиқаргани, айб мендамас, хафа бўлма. Ўз ичларингда Вафоевга ўхшаш душманларинг бор бўлиши мумкин, улардан эҳтиёт зарур, деб шипшиб қўйгани, ўз айбини бўйнидан соқит қилиш учун. Энди Қалдирғоч ундан эмас, бошқалардан гумондор бўлиб юради.
Илғор: «бу Вафоевни иши экан-да, бошини янчмагунча, чақаман дейдию газанда. Сиротка аҳдидан қайтмайди. Аҳмоқ одатлари кўп бўлса-да, бир сўзли, деб тарърифлашди. Бўлган ишларни эса кўнглингизга олманг, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, – деди қувватлаб.
Озгина вақтдан кейин Қалдирғоч ўзига келиб, юзига табассум ва ичига хотиржамлик қайтди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.