Электронная библиотека » Абдужаббор Обидов » » онлайн чтение - страница 21


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:20


Автор книги: Абдужаббор Обидов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 21 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
32. ЯНГИ ЖОЙ, ЯНГИ ДЎСТЛАР

Ўн бирга қолмай, улар бир вақтлар жуда таниқли бўлган, эл-юртга жуда кўп хизмат кўрсатган олимнинг шаҳар четидаги дачасида эдилар, унинг ёши тўқсонга бориб қолган, ҳамон тетик, лекин жуда камгап чол эди. Унга қараш учун алоҳида ходима ёлланган экан. Ёзги ошхонага яқин жойда, катта иккита арча оралиғида қатор енгил йиғма стуллар ва катта стол терилган.

Бурхон кабобни ўзим пишираман деб ваъда бергани учун, уларнинг вақтлидан-вақтли келиш сабаби топилди. Истасангиз, ўрмонни айланинг, ёки кўлга борасизларми, деб онаси Никитага қараркан, кўз қирини у олиб келган танишларига ташлади. Юмшоқ сўзли, дид билан кийинган, нозик табиатлиги шундоқ билиниб турган аёлни тергайдиган айби йўқлигидан, яна, одамни бор ҳаракатини қўллаб-қувватлашга ўхшаш қарашлари меҳмонларга маъқул келди.

Қалдирғоч, «Нима қиламиз? Балки овқат-повқат қилишга ёрдамимиз зарурдир», дегандек дугонасига қаради. Инна эса, ниятим кўнгил очишмас, яқин кишим олдида бўлиш дегандек, балки Бурхонга ёрдам керакдир, деди. Йўқ, йўқ, сизлар бориб айланиб келинглар, соат биргача бўшсизлар. Уйда ходима бор, ўша дастёрлик қилади.

Хорхинанинг бу сўзини икки қилмай, йўлга тушишга мажбур бўлишди. Уларга Никита бош бўлди.

Ўрмонни ичкарисига бироз юришгач, Москва-реканинг сўл ирмоғи оқиб ўтадиган сув бўйига чиқишди. Эсиз, қармоқларни олволсак бўларкан, деди Инна, сув бўйида қармоқ ташлаб ўтирган ўнгга яқин балиқ тутувчиларни кўриб. Улар ҳам бу томонга навбатманавбат қараб қўйишаркан, нигоҳлари аёлларга баҳо беришда тўхтарди. Никита қизиқди: Балиқ тутиляптими? Ҳеч қайсиси аввалига индамади. Сотиладигани йўқми? – қайта савол берди Никита.

Сал шўхроғи улар томон ўгирилиб гап қотди: «Сенга қанақа балиқ керак, ўзинг зўридан, лаққасидан илинтирибсану!» – деб Қалдирғочни кўрсатди.

Атрофдагилар баралла кулиб юборишди ва қўлини ниқталаб кўрсатган янгага қарашар, у эса хижолатдан қизариб қорайганди. Бу ҳолатдан чиқариш учун, кетайлик, кулгига қолгунча, деб Инна шоширди. Орқасидан бояги мазахловчи: «Қорача русалкангга бир челак балиқ бераман! Қўл ташлайлик», деб қолди. Никита, жича бўлса ҳам жаҳли чиқмай, кулганча тураркан, унинг бу феъли қайтангга янгага ёқди. Ҳазил-ҳузулни тушунган, одамларга қувонч бахшида онларда, инсон ўзлигини йўқотмай, оддий гапларга бағри кенглик қилиши лозимлиги қанчалик зарур. Гоҳида, оддий ҳазилни, оримга тегдига чиқариб жанжалга айлантирадиган баъзи миллатдошларига қойил қолмасди. Никита эса кулгуни кулгу билан енгди. Олам гулистон. Нима, Қалдирғочни лаққа балиққа ўхшатишса ёмонми? Бу навбатдаги таққослаш, унинг қоматини, тусини қочиримли баҳолаш, холос.

Нарироқ юриб, одамлар чўмилаётган, кенгроқ ҳавзага чиқишди. Бу ерда лежаклар, кийим алмаштирадиган махсус қурилмалар кўринмас, одамлар қумга, ўт устига ким бўз, ким енгил адёл ташлаб, чўзилиб офтобда тобланар, кимдир карта, шахмат-шашка суриб дам олиб ўтирарди. Никита орқасидаги рюкзакни олиб, ерга қўйди ва кенг материал чиқарди.

Аёллар чўмилиш кийимини илиб келишгунча, кичик дастурхон ёзилиб, термос, пишлоқ, нон ва бошқа майда-чуйда ёйди. Сув совуқроқ экан. Қалдирғоч чўққайиб, сувга қўлини тиқиб билди. Аммо, шерикларидан қолмаслик учун сакради. Танлаган жойлари чуқур, ўшангами бемалол калла ташлаганди. Бироқ, узоқ вақт сувда қолмай тез чиқди ва қирғоқдаги қизиб турган қумга ўзини отди. Москва ҳавоси унчалик иссиқмаслигидан, эти жунжикканини ҳис қилиб, Қалдирғоч ҳозир Гулсина маза қилиб дим ҳавода терлаб, дамодам сувга ўзини отаётгандир, деган ўйда юзларини қуёшга буриб ағанаганди, тепасига келиб қолган жуфтликдаги малла соч жувон, уни гапга солди.

− Чиройли қорайибсиз.

– Раҳмат!

– Шу ерда загар олдингизми?

– Йўқ Кавказда.

– Мен ҳам эримга шуни айтиб келаётгандим. Бу ерда бунақа қорайиш қийин.

– Хўп, мендан нима хоҳлайсан? − деб эри гапга аралашди.

– Сочига эртагаёқ кетаман.

– Ўзинг биласан.

– Мен ҳам шоколад рангли бўлгим келяпти, – шундай деб аёл узоқлашаркан, эрининг жавоби эшитилди:

– Сенга барибир офтоб юқмайди. Теринг ўзи шунақа! Нега ўкинасан?

– Нега хафа бўлмай, бошқалар хамелеондек ранг ўзгартиради, менга шу марҳамат ҳам йўқ.

Қалдирғоч бу жуфтга яна бир нигоҳ ташлаб ўйлаб қолди, мен сал офтобга қорайиб кетишимдан сиқилсам, бу аёл рангининг жуда оқлигидан ҳасратда.

Кўлнинг улар танлаган, дачага яқин тарафдан қарама-қарши, Лыткарино шаҳарчаси томонида катта пляж бўлиб, у ерда одамлар бижиллаб ётганини чамаларкан, тинчгина жой топишганидан яна бир бор фикрини тасдиғи учун атрофга кўз ташлади. Ана улар сув ёқалаб келган йўлнинг бир ёғи қуюқ ўрмон, бир чақиримча юргачгина дачалар бошланиб, уларнинг четидагиси академик Носовга, Никитанинг она тарафидан бувасига тегишли дала ҳовли.

Сувдан шошганча чиқиб, чопқиллаб унинг ёнига ўзини кетма-кет ташлаган Инна ва Никита: «Бунча яхши, қум қизиб турган экан», деб яйрашди.

Никита унга бир нигоҳ ташлаб қўйдию, сўнг бошини тирсагига қўйиб, кўзини юмган кўйи, миқ этмай ястаниб олди. Инна эса, чўмилиш яхши-а, деганча унинг ёнига чўзилди.

Сув ҳавзасининг улар келган ўнг томон текислик бўлса, чап тарафлари ўзгача рельефда эди. Нариги тараф юқорилаб, йигирма қадамчадан кейин, сув қирғоғида тикка баландлик бўлиб, ундан битта-яримта калла ташларди. Улар сакрашини бирпас томоша қилган Қалдирғоч бехосдан:

– Сакрашлари чиройли, зўр-а?! Уларга қўшилишни истамайсизларми? – деди.

Иккаласи у кўрсатган тепаликка қараб, индамай қолишди.

Инна, дарров: «Бу қалтис ишга қўл урмайман. Яна менинг отдек юрагим йўқ. Авф этасизлар», деди.

– Ҳалиям бу бир гап-да. Бизда этигини ечмай сувга кирма деган гап бор, − деб ўз сўзини айтди Қалдирғоч.

– Бу нима дегани?

– Билмаган, яхши синашта бўлмаган жойда шошилма, ўйлаб иш қил.

– Шарқ маталлари жуда сермазмун, сендек дугона орттирганим катта бахт. Ишон, Гуру?!

Қалдирғоч жавоб тарзида кулиб, бошини силкиди ва негадир сўл тарафига жойлашган Никитага кўз ташлади.

Йигит уларнинг бор сўзини эшитган, ҳозир бир иккиланиш ичида эди.

Қалдирғочнинг чақириғи унга бундан неча йил аввалги худди шунга ўхшаш ҳолатни эслатди. Ўшанда дили хуфтон бўлганди. Хуфтон бўлгани майли…

Ёзги дам олишлардан бири эди. Бирга ўқиган синфдошлар: қиз-йигитлар ичида хотини − Оля ҳам бор, уларнинг дала ҳовлисида йиғилишиб, шу ерга чўмилишга келганларидаги воқеа сабаб оиласи бузилди.

Дала ҳовлида бошланган зиёфат, маишат бу ерда, соҳилда ҳам давом этди. Сувга чиқиб тушган сари, ҳушёр тортдилар, яна шаробга қўл уриларди. Ўшанда хотинининг инжиқлиги қўзғалиб, ким тепаликдан сакрайди, деб гап чуватди. Никита буни шунчаки ҳазил гап деб, эътибор бермади.

– Наҳотки хоним сўзини икки қилмайдиган бирорта ҳақиқий мард бўлмаса?

У сўзини ҳаммага ўтказиб келадиган, ноз-истиғнони қурол қилиб олган, ўзига қараб юргани учун пардоз-андози жойида, кийимлари охирги мода талабига мос тахт, кўз тушганни юрагини жиз эттира оладиганлар тоифасидаги жонон эди. У аёл эмас, жаҳаннамнинг ўзи, Никитага ҳеч қачон бўйин бермаган, истаган пайтида дам олишгами, сафарларга бемаслаҳат кетиб қоладиган, фақат ўзим дейдиган, унинг сўзини икки қилиб кўришсин-чи, жаҳон урушини бошлаб юборарди.

– Борис, нега миқ этмайсан?

Борис у тугул қиролича сўзини илғай олмайдиган даражада маст эди.

– Мени тинч қўй, жодугар!

Барча ҳо-ҳолаб юборди. Олянинг мактабдаги лақаби эслатилганди. Қиз жаҳли чиқиб: «Сендан ўзи бошқа гапни кутмагандим», деган жавобига яна кулгу кўтарилди.

– Саша!

Саша сариқ сочли йигит, юзида норозиликни ифодалаб, «Оля, бошқа сафар, ишонасанми, ўша чўққига эмаклаб боришга ҳам оёғимда куч йўқ», деди.

Никита хотинига юзланди.

– Қўй, Оля! Бир балони бошлайсан ҳозир. Тинчгина дам оляпмиз.

Оля кўпчилик олдида эрига бир нима дейишга ботинмадию, лекин унга ёвқараш қилди.

– Рухсат бер! Мен ўзимга ўзим жавоб берсам.

У шундай деб бошқа синфдошларини кўзларкан, жамоанинг энг қобили, у нима сўраса, бир зумда муҳайё қиладиган, подъездда тўғрима-тўғри ўсган қўшниси Димага қаради. Диманинг думалоқлиги ва паст бўйи унга ҳеч ёқмаган, аммо, авваллари у Никитага эрга чиқишидан аввал югурдак мақомидаги дўсти эди. Гул инъом этиш, яхши фильмга олиб бориш, машҳур хонандага чипта топиб келиш каби топшириқларни у жон деб бажарар ва эвазига қиз бир зумга лабини тутиб берарди. Фақат шу. Муҳаббатнинг бошқа ҳосилалари насиб қилмаса-да, у ҳамон Оляга гумашта. Фақат у тепаликдан сакрай олиши ё олмаслиги қизиқмас, асосийси, унинг айтгани бажарилади.

– Дима, олдимга кел.

Дима дик этиб унинг қошига ўтди.

– Сакрайсанми?

– Сен нима десанг шу.

Оля: мана ҳақиқий шунқор, деди ва ҳамма уларга тикилганини инобатга олиб, кўз-кўз қилибми, Диманинг лабларидан шошиб ўпди. Сўнг, оғзи ланг очилиб қолган гумаштасини қўлидан судраганча, ҳансираб: юр азизим, буларга ҳақиқий ошиқлик қудратини кўрсатиб қўй, деди.

Барча Диманинг Оляга азалдан ошиқлигини билар, ўшанга: «Ҳа, муҳаббатингни исботла! Никитага ўхшаганларга дарс бер. Улар қадрига етсин май тўла ишқни», деб бақириб-чақиришди, бир-иккиталари уларга эргашишди.

Никитани бошқа синфдош қиз қўлидан ушлаб қолди: сен аралашма, Оля пиширган ошини ўзи есин. Тепаларига борма, у барибир севгингни одил баҳоламайди.

Диманинг бўйни қайилиб, сувда бир-икки шалопладию, чўка бошлади. Кўпчилик бўлиб соҳилга олиб чиқишдиям унинг жони узилди.

– Нега калла ташлайди, оёқда тушмайдими, аҳмоқ?

Бу Олянинг сўнгги ҳайҳоти эди. Диманинг кўзи бир очилдию, сўнг бутунлай юмилди. У умуман бундай тепаликдан сакраб ўрганмаган, оёқда тушса соғ қоларди, аммо кўпчилик орасида унга алоҳида илтижо билан Олянинг мурожаатини оқлашим, оқлаганда ҳам жуда қойиллатишим керак, деган ўйда калла ташладию, кейин қўрқиб кетди, сувга кирар-кирмасидан бўйнини вақтлироқ букиб, балога қолди. Сувга қаттиқ урилишидан ўша ери қайрилди. Ҳаво бўғзида бўғилар ҳолатга ўтди. Хайр, Оля, мен сени бир умр севгандим, деган ўй хаёлидан ўтиб, уни кўзлари қидириб топгунча, жони узилмай турди. Сўнг нигоҳи тушди, қизнинг чеҳрасидаги норозилик ва овозидаги хунук ўхшатишни эшитиб, сўнгги дамдаги умиди ҳам сароб эканлигини англаб, кўзини юмишни маъқул кўрди.

Олянинг инжиқликлари аввалдан кўпчиликка маъқул эмасди. Ундан бор синфдошлар юз ўгирди. Никита-ку умуман гаплашмай, ҳатто судда, ажримда ҳам бир оғиз унга сўз айтмади. Оля зада бўлган қушдек, қанотларини ичига олганча, пилдираб кўздан йўқолди. Аввалги калласини ғоз тутиб юрадиган, ҳаммага такаббурлик билан қарайдиган гўзал бедавога айлангандек, ҳеч ким унга парво қилмади ва изсиз сувга чўккан тошдек йўқолди. Бор гап шу.

Никитанинг кўзига шу дамда Иннага ўхшаш, бировга оғирлиги тушмайдиган, хархашасиз аёллар маъбудадек туюлди. Улар эрларини кўнглига қараб иш кўришади. Бекордан-бекорга тергамайди, маслаҳат солсанг қулоқ тутиб эшитади, шошмасдан ақли етганча фикрини билдиради, адашсанг ҳамдардлик қилади, таъна, дашномларга кўнмайди. Авантюралар бошлаб, эрини тинчини бузмайди. Гўзалларда эса – яхши кўрган эрларни, ёрларини доим измида олиб юриш мақсад. Никита бу этапдан ўтди. Бундай хотин қандайлиги баҳосини кўрди. У шундай ўйда аввал Иннага қаради, аммо нигоҳи унда узоқ тўхташни истамай, негадир бошқаси томон бошини ўгиришга мажбур қилди. Ўзи хоҳламаган ҳолда, бу ҳаракати амалга ошди ва шу ондаёқ нигоҳлари суратдек қотди. Танишининг юз тузилиши ниҳоятда бежирим, бурни қирра, кичик оғзи ҳам мўъжаз. Унга тикилаётганларини англаган янга чўмилиш кийимларини у ёқ-бу ёғини тортиб, ҳаммаси жойида-ку, нечук бу нигоҳ деб қайрилганди, баданига эмас, юзи томон боқиб турган йигит қарашига дуч келди. Шунда йигит беихтиёр сўз айтди.

– Мен тепаликдан сакрашга тайёрман.

Қалдирғоч ҳайрон: қани Инна нима деркин, деб дугонасига қаради ва унинг юзида таажжубми, ҳайратми кўрди. Аммо у индамади.

Қалдирғоч овозини кўтариб гапирди.

– Ҳечам кераги йўқ. Мен шунчаки айтдим.

– Мен эса жиддий айтаяпман, − деди йигит.

Никита шаҳди баландлаб кетгани аёлларга эриш туюлди.

– Ўзи яхши дам оляпмиз. Қўйинг!

Қалдирғоч бу гапни энди синаш учун айтди. Йигит гап талаффузидан уни имтиҳон қилаётганларини англагандек жавоб қилди.

– Орқага қайтиш йўқ!

Қалдирғоч, ич-ичидан унинг сўзи ерда қолмагани учун аллақандай ғалати аҳволга тушди. Бир томондан, ифтихор туйса-да, сир бой бермай, қарор чиқаришни дугонасига қўйиб берди.

– Сен ҳам бир нима дегин, Инна!

Инна ўзига хос эҳтиёткорлик ва дадилмаслигини намоён қилиб, бидиллаб берди.

– Никита, бас қилинг! Йўқса биз ҳозироқ шаҳарга қайтиб кетамиз.

– Яхши, каллага сакрамайман, бўлдими?

Йигит ўрнидан турганча уларга қарамай, тепаликка йўл олди. Бир зум ҳанг-манг бўлган аёллар қарашса, у лафзидан қайтмайдиган. Унинг ортидан югуришди.

Тепалик сувгача беш метрча келарди. Бундай жойдан сакралса, сув туби камида уч метрча бўлиши зарур. Иннанинг иддаолари, қўлидан тортиб четга суришлари фойда бермай, Никита тепалик четида пастга бир-икки бор қараб, қоматини тўғрилаб, ёнга бошини буриб, янганинг ундовчи нигоҳини изларди. Қалдирғоч унинг нима истаётганини фаҳмласа-да, далда беришга ошиқмас, миясида бошқа ўй айланарди. Шу тушуниксиз ҳолатда, йигитни аёл товушида биров чақирди. Бу холаси экан. У ўгирилганини билади, кимдир сувга ўзини отди.

− Ой, Калдиргач!

Иннанинг овозидан, ҳамма назарини сувга қаратди ва шу онда, икки қўлини ёнига ёпиштириб, сочлари бошида бироз ҳилпираган, оёқлари, сўнг танаси тик сувга кираётган Қалдирғочни кўриб жимиб қолишди. Бир, икки зумча ўтибми, у сув юзига қалқиб чиқиши билан, дугонаси яна ваҳма билан бақирди:

− Ҳаммаси жойидами, Гуру?

Қалдирғоч бош бармоғини тепага қўтариб яхши ишорасини қилиб, қурбақа усулда сузиб бораркан, холаси :

– Чиройли сузаяпти. Ким у? − деб жиянига сўз қотди ва қўшиб қўйди: − опам айтган танишингми?

– Ҳа, бу ўша.

– Истараси иссиқ экан. Альберт, сиз қандай фикрдасиз.

– Барча мулаткалар каби жасур ва шижоатли.

– Альберт, сиз жуда ҳассоссиз. Кетдик Никита ёки сен ҳам сакрамоқчимисан?

Никита бошини силкиб, ўзини сувга отди.

33. ДАВРА БАҲО БЕРАДИ

Икки қаватли уйнинг юқори қаватида иккита, биринчи қаватида бир хона меҳмонхона ўрнида ва ҳовлига қараган икки томони ром билан тўсилган айвон. Иккинчи қаватдаги хоналарнинг ҳам деразалари тўртала тарафга қараган. Уй ичидан иккинчи қаватга ёғочдан ясалган зиналар билан чиқилади. Ўзи бу уйларнинг асосий қисми ёғочдан, қарағай, арча ҳиди доимо хоналарда анқийди. Ёзга мўлжаллаб қурилган бу лойиҳа асосидаги дала уйлар катта амалдор, мавқели, унвонли ёки давлат, халқ олдида узоқ йиллар хизмат кўрсатганлар учун текин ажратиларди. Ҳовлининг кўча томони темир чивиқлар бир-бирларини кесган нуқтаси кавшарлаб ясалган тўсиқ – темир панжаралар билан ўралган, қўшнилар ўртасида эса, бир метрдан сал зиёд баландликдаги ёғоч тўсиқлар терилган. Дала ҳовлининг қуёш кўпроқ тушадиган ўнг тарафига, қиш совуғига чидамли иккита антоновка навли олма, бир дона олча, қўшни девори бўйлаб смородина экилган эди. Олма ҳали кўм-кўк, олча эса ҳосили яқинда йиғиб олинганидан дарак бериб, юқори шохларида битта-яримта учрарди. Никита сентябрь охирида смородина терилади деб, дала ҳовли билан таништириш маросимини тугаллади. Қалдирғоч раҳмат айтиб, дугонасини қошига юрди. Ортидан йигит эргашди. Боя, Инна: мен сизга қарашаман, майлими? – деб Бурхоннинг ёнида қолган. Бу илтимосига бу гал йигит ҳам йўқ демай, Иннанинг киришимли эканлиги ва ишдан қочмаслигини маъқуллаганди. Қалдирғоч яқинлашса, улар ора-чора бир-бирига гап ташлаб, баробар тер тўкишар, Инна пиёз тўғрар, Бурхон кабобларни қўрга қўйиб, чалароқ пишириб, устма-уст терарди.

− Вой-бўй бу чаққонларни? Бизларга хизмат қолмадими?

Бурхон Қалдирғочнинг соф ўзбек тилидаги бу қочирим гапидан мамнун қараб, сизларнинг жойингиз бугун тўрда, марҳамат, стол атрофидан жой олинглар, деб кулди.

Зиёфат бошланди. Қўй ва мол гўштидан тайёрланган қийма ва жаз кабоблар кетма-кет тортилиб, оқ мускат бутилкалари мос равишда очиларди.

− Жуда мазали, бундай кабобни Кавказда ҳам топмайсан, − деб Бурхон шаънига тасанно айтганча, меҳмонлар тамадди қилиб, мусалласни тиш орасидан ўтказиб сунардилар.

Тўйиб тамадди қилингач, бироз меъдага дам бериш муддати келганда, меҳмонлар стол суянчиғига бемалол ястаниб, ҳар ким ёнидаги қўшниси билан пичирлашишга ўтди. Фақат Хорхина бир ўзи, уларга галма-гал қўр ташлаб мамнун ўтирар, Инна Бурхоннинг тирсагига суяниб олган, уни ҳеч кимга бермайман дегандек, бошини у томонга эгганча нималардир дер, танлагани бошини силкиб унинг гапини маъқулларди. Қалдирғоч хаёли ўзидамас, қайнанаси саҳарлаб қўнғироқ қилганини, эртага яна қидириб қолишини, қачон бу тутуриқсиз пойлаб юришлардан қутуларканман, ана опам билганича яшайди. Адам унга индамай қўйган, деб ўйларди. Тўрга ўтказиб қўйилган, шу ерлик эр-хотин қўшни ҳам ўзаро пичирлашиб ўтиришаркан, Лилия куй чалиб берсин, деб туриб олишди. Бошқалар ҳам таклифни маъқуллаб чувиллашишди.

− О, скрипкада куйми? Эшитайлик, сен нима дейсан, Калдиргач?

Қалдирғоч дугонасининг унга тўсатдан қилган мурожаатидан, елкасини қисиб, мен кўпчилик фикрига қўшиламан, деб қўя қолди.

Лилия скрипкасини чиқариб Листдан, Бетховендан оғирроқ куйлар чалганди, қўшнилар Шопендан эшитайлик энди, деб туриб олишди. «Шопен худди Капри ороллари ҳавосига ўхшаш ёқимли», деган эди машҳур ёзувчилардан бири, деб бу танловни маъқуллади Евдокия Платоновна. Шунда Қалдирғоч бу камтарин олиманинг ҳам дунёқараши анча кенглигини фаҳмлади. Ҳавода учган ел каби, пардек енгил куй таралиб, одамнинг ич-ичига сирғалиб киргандек, эпкин шабададек бутун вужудга ёйилиб, роҳат бахшида этаркан, Қалдирғоч, хаёлан мусиқа оҳанглари таралиши поёнига етмаслигини истаса-да, у якунига етди ва барчага манзур бўлди. Қарсаклар чалиниб узилмасидан Альберт Жузеппе Вердининг “Аида” операсидан бир арияни ҳиргойи қилишга тушди. Чапак бўлди. У яна айтди. Яна чапак. Шунда меҳмонлар ҳам бир нима куйлаб беришар, деб Лилия Қалдирғочга қаради. Қалдирғоч Бурхонга юзини бурди. Бу унинг мени хижолатдан чиқаринг, дегани эди.

− Бурхон шундоқ ҳам кўп ашула айтиб берган. Сиздан эшитсак яхши бўларди.

Лилия уни қўймади. Ҳеч бўлмаса бирор куплет бўлса ҳам айтинг. Қўшиқ – бу қалб қўри. Ичдан чиқувчи нидо. Хонишига қараб одамларга ҳатто баҳо берилади. Тил куйласа баҳри дил яйраб, еттинчи осмонда учгандек енгиллик сезади инсон. Қалдирғоч, сиз унда жўр бўласиз, деб Бурхондан тасдиқ олгач, “Дарёдан оқиб келоди, шода-шода марварид” деб бошланувчи халқ қўшиғини айтишга қарор қилди. Нигоҳини тикишга нуқта изларкан, арча дарахти шохига илинган ғилофидан жой олган скрипка нишон бўлди.

 
Дарёдан оқиб келоди,
Шода-шода марварид.
Рўпарамда ўлтироди,
Қоши қаро барно йигит.
 

Унинг овози паст, бўғилганроқ эрса-да, аммо дардли, таъсирчан эди. Авжига чиққан жойлари у ўзини қўйиб юбордию, барибир овози ортиқча кўтарилмасди:

 
Қоши қаро барно йигит,
Ҳаргиз ололмайсан мени.
Кокилим қимматбаҳо,
Ташлаб кетолмайсан мени.
 

Овози хуш ёқаётганини англатиб, ҳаққоний баҳо берган Бурхон “ҳай, дўст”, деб бақириб қўйди. Атрофдагилар бу ҳайқириққа нисбатан нима дейишларини билмай, европа қоидасига амал қилганча, гап, бир сўз, товуш қўшмай вужудлари қулоққа айланиб эшитишда давом этишди. Қалдирғоч кўзларини энди скрипка нишонидан узиб, ҳовли четидаги олма дарахтининг кўм-кўк меваларига қаратди.

 
Боғдаги барра пиёздек,
Қошларингдан айланай.
Янги чиққан майсадек,
Киприкларингдан ўргилай.
Тикилиб турган кийикдек
Бўйларингдан айланай.
Оппоқ-оппоқ марвариддек
Тишларингдан айланай.
 

У охирги бўғинларни бироз чўзиб, қўшиқни тугатди. Даврадагилар ҳайратини яшира олмай, бири олиб, бири қўйиб чиройли комплементлар айтишди.

Альберт мутахассис сифатида сўради:

− Жуда таъсирчан қўшиқ экан. Нима ҳақида?

Қалдирғоч имо қилганди, Бурхон бу халқ қўшиғининг мазмунини келтириб, қошни барра пиёзга, киприкларни янги чиққан майсага ўхшатилишини таржимада айтганида баробар ҳамма кулишиб, халқнинг донолигини ва топқирлигини қаранг, деб мамнун бўлишди.

Тўрдагилар алоҳида суҳбатга тортишди.

− Бу қўшиқ қайси тилда айтилди?

− Ўзбекча.

− Шунақа ширали, мусиқалими тилингиз, бирор инструментсиз ҳам киши онгига етиб бораркан.

− Ташаккур, − деб Қалдирғоч бошқа гап айтмади.

− Овозингиз ҳам таъсирчан экан.

Қалдирғоч уни гапга солаётган тўрдаги катта ёшли аёлга яна бир бор ташаккур айтсам, бошқача тушунмасин деб, қарши саволга ўтди.

− Сиз куй-қўшиқни жуда ёқтирсангиз керак-а?

− Ҳа. Албатта.

− У ҳолда рус романсларидан хиргойи қилиб турсангиз керак.

− Хиргойи қилиш гапми. Маданият уйига қатнашиб, халқ ижодий уюшмаси таркибида Россиянинг ҳеч қайси чеккаси қолмаган. Сиздек ёшим бўлганда, ёки беш йил аввал томоғимни операция қилишмаса, бирорта шўх романсдан жон деб куйлаб ҳам берардим. Афсуски, хоҳишим бор, лек иложсизман.

У шундай деб ёнига ўгирилганди, семизгина эри елкасига қўлини ташлаб, хафа бўлма қимматгинам, деб кўнглини кўтарди.

Қалдирғоч: афсусдаман, деб даврага секин кўз ташлаганди, унинг нигоҳини тутиб олган шўх Лилия жиянининг овоз кўтармай суст ўтиришини алқаламай, уни гапга солди:

− Сен нега таниш аёлингга дурустроқ комплемент қилмайсан? Қара қандай овози бор экан. Ёки сувга сакрашда сендан ўзиб кетганига хафамисан?

Даврадагилар енгилгина кулишаркан, Никита дув қизармадию, лекин кутилмаган бу қочирим гапга тайёрмаслигидан ўзини йўқотиб қўйди.

Хорхина ажабланиб сўради:

− Нима, улар сузиш мусобақаси қилишибдими?

Лилия бўлган воқеани айтиб бергач, опаси: ия, шунақами, деб қўйдию, ўғлига зимдан кўз ташлади. У ўғлидан бундай жасурликни кутган бўлса-да, бундай хавфли авантюрага қўшилганига чўчиди. Лекин кейинги зумда ўғлининг кўзини қисиб ҳаммаси жойида деган ишорасини уқиб, тинчланди.

Тўрдаги жуфтликнинг аёли яна суҳбатга жон киритди.

− Тепалик баландлиги тўрт метрча келади.

Эри уни тўғрилади.

− Баҳорда сув кўпида уч, ҳозир тўрт, куз ойларида сув қочганда беш метрча.

− Ҳа-я, тўрт метрдан тайёргарликсиз сакрашга юрак керак. Ё сиз сузиш тўгаракларига борганмисиз? –деганча, тўрдаги аёл суҳбатни давом эттириб, Қалдирғочга мурожаат қилди.

− Йўқ! Мактабимизда ва туманда ҳам бундай тўгарак бўлмаган.

− У ҳолда дарёми, сув ҳавзасими уйингизга яқиндир.

− Қизлик уйимиздан юз қадам нарида кўл бор. Топдингиз!

− Бирор кимса ўргатганми сакрашга?

Лилия жўшиб, гап қўшди.

− Сакраганда ҳам, профессионалларга хос, бир чизиқ бўйлаб, текисланган бор танаси билан сувга кириш. Бу жуда ажиб манзара.

Инна ҳам ўз фикрини киритиб, даврани қизиқтирди.

− Фараз қилинг, чўмилиш кийимидаги бор бичими модель даражасидаги аёл ва унинг подъюмда юриш эмас, трамплиндан сакраш ҳолатини. Чиндан ҳам, катта таассурот қолдирадиган эпизод.

Давра бир зум тиниб, туси қорачароқ бўлса, нимаси ўзига тортади дегандек, Қалдирғочга кўз тикарди.

Альберт ҳам чеккада қолмай, хоним, сузишга ўргатган устозларингиз ҳақида айтиб беринг, мен ҳам бояги томошани кўриб, тўғриси ҳайратландим ва испан аёлларига хос довюраклигингизга қойил қолиб ўтирибман, деди.

Лилия яна кулгу кўтарди.

− Альберт, биринчи муҳаббатинг − испан раққосаси Изабеллани ўла ўлгунингча унута олмас экансан, нега ажрашдинг?

− Ажрашишни мен хоҳлабманми? Шундоқ аёлни-я? Дилимни вайрон, ўзимни абгор қилиб, у бевафо ташлаб кетди.

Альбертни овози ҳасратли эди. Даврага маҳзунлик қўнди.

Қалдирғоч секин ўз ҳақида сўзини бошлаганди, улар бошини кўтариб унга тикилиб қолишди.

− Кўлда чўмиладиганлар ичида энг кичиги укам бўлса-да, бошқалар билан баробар, кўл четидаги чинордан сувга сакрашни ундан талаб этишар, эплай олмаса, ёки қўрқса мазах қилишарди. Бир-икки марта мазахга қолган укам йиғлаб келди. Кейинги сафар мен қўшилиб бордим. Чинорнинг эгилган шохидан сакраш лозим. Майда шохчалари текис қирқиб, катта шохдан бир-икки қадамча юрилса бўлгани, остида кўл сувининг энг чўнқир жойи. Туби анча пастда эди. Оёқ тубига етиб бормасди ҳисоб.

Тўрдаги аёл қизиқиб саволга тутди.

− Баландмиди чинор?

− Ўлчаб кўрмаганмиз. Чунки анча ёш эдим.

− Қанчалик ёш эдингиз?

− Ўн бир.

− Бола экансиз? Шўх, ўктам ёшдаги қизча. Биринчи гал сакрашга қўрққан бўлсангиз керак?

− Қўрқмадим. Чунки, аввалроқ пастки шохлардан сакраб, машқ қилиб юрардим.

− Сузиш-чи? Аввалдан билармидингиз?

− Ҳаммангизга керак бўлиб қолади деб, ойим йўқ дейишига қарамай, беш ёшимда адам ўргатган.

− Қизларим кейин ҳамма чўмиладиган бассейнларда очиқ-сочиқ кўринишмасин деган мақсадда, онангиз қаршилик қилгандир-да? Бу Ўрта Осиёда кенг тарқалган чеклов. − деб тўрдаги аёл атрофга бир назар ташлаб, давом этди. – Евдокия мана сен айт, ўша ерларда яшадинг, уларнинг кўп қадрияту одатларини кўрдинг, ўргандинг, баъзиларини оқласанг, баъзиларини қоралайсан тўғрими?

Қалдирғоч индамай қолди. Сўнг унга ҳамма қараб нимадир дейишини кутишаётганини англаб мажбуран сўзлади.

− У чекловлар бизлар учун қайси замонда қолиб кетган. Ҳозир онамиз умуман ўзгарган, ҳаётга бошқача кўз билан қарайдилар.

Даврадагилар бош ирғаб қўйишди ва ҳеч ким бу гапга эътироз айтмади.

Лилия яна эски гапга қайтди.

– Нега энди, Никита қолиб, сиз аввал сакрадингиз? Бирор сабаб борми?

– Билмасам.

Қалдирғоч елкасини қисиб жилмайди.

– Рост. Қалдирғоч, сенинг сакрашинг тўғрисида гап ҳам йўқ эди, ўшанга жуда кутилмаган иш бўлди сенинг сувга отилишинг. Мен қўрқиб кетдим, − деди Инна.

Қалдирғоч ҳамон жилмайишда давом этиб, бир сўз демасди.

– Бунақа одамларни ҳайратга туширадиган одатларинг яна кўпми? Бирор нарса дегин.

Инна уни сўзлашга ундарди.

– Мен қўрқдим, тўғриси. Мабодо, Никита ноқулай тушсами? Ёки умуман сакрамаган, машқини олмаган бўлса-чи, деган ўй мени, сўнгги зумларда ваҳмига солди. Бирор ножўя воқеага сабабчи бўлиб қолмай, ишқилиб, деб ўйладим, − жавоб қилди Қалдирғоч сокин ўй сурганча.

Евдокия синглиси билан кўз уриштириб олди.

– Ўғлимни ўйлаганингиз яхши. Лекин у шунчалик ҳимоясиз, журъатсизмас, кўрганингиздек у ҳам ҳали кўп қаҳрамонликлар қила олади.

– Ойи, керакмас! Бунақа баландпарвоз гапларни қўйинг! − деди ўғли унга норози қараб.

– Нега унақа дейсан? Сенинг ёшингда таваккал қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Менимча, сенинг руҳингга қандайдир кўтаринкилик кирган, энди тақдир унга чиройли бир муҳаббат тақдим этса, қанотларинг янада ёзилиб, бундан ҳам юксак парвозлар, дадилликлар кўрсатишга қодир бўлади, − деб Лилия ҳам жиянига кулиб қаради.

Альберт ҳам жиддий гап айтди.

– Дунёда муҳаббатдан қудратли қўр топилмайди. Фақат вақтида бу қўрни сезиш, ҳурматлаш, қулоқ тутиш ва измига изн беришни ҳам билиш зарур, йўқса қалб дард, висолга етмаганлик армони билан тўлиб, бу азоб қайғу билан дилозорлик пайдо қилади.

Тўрдаги аёл уни қўллаб-қувватлади.

– Гапларингиз ҳақ. Бу қўр, ишқ туфайли, умримиз шунчалик тотув ва меҳрда ўтдики, ҳатто етишмовчиликлар, қийинчиликлар ҳам, ширин сўз бўлса, ёнингдаги тиргагингнинг далда берувчи бир қараши билан сезилмас, сезилса-да унчалик таъсирсиз экан, − деб эрига ўгирилди, у эса унинг елкасига қўлини ташлаб, ёноғидан ўпиб қўйди.

Четдан қараган кишига бу манзара чиройли туюлар, ўртада меҳр-муҳаббат қанчалик қадрли бўлишини тасдиқлаб турарди.

Қалдирғоч секин гап бошлагандагина даврадагилар нигоҳини тўрдаги катта ёшдаги жуфтликдан олиб, унга тикишди.

– Жек Лондоннинг бир асари бор. Уни кўпчилик ўқиган. Мен русчада “Под палубным тентом” деб аталган ҳикоясини назарда тутяпман.

Тўрдаги аёл эри энди биринчи марта суҳбатга қўшилди.

– Мен бу ҳикояни бир неча марта ўқиб чиққанман. Қайси сифати сизга қизиқ? Ёки аёл кишига берилган баҳодан норозимисиз?

– Йўқ, албатта! Лекин мен аёллигимга бориб, феминистик нуқтаи назардан, уни сийпалашим, оқлашим мумкин. Шунинг учун сизнинг фикрингизни аввал эшитсак.

Тўрдаги эркак хотинига қараганди, аёли гапиравер дегандек, унинг қўлини силади. Шундан сўнг, у юзи лўппилигидан қисилган кўзларини чақчайтиб, эҳтиросга берилиб сўзлади.

– Омманинг фикри ҳар доим ҳам адолатли бўлавермайди, аммо бу мисс ўзи қийматини уч пул қилди. Албатта, аламли, лекин қайғуга олиб келган инжиқлик, фариштадек қизнинг бор ижобий хислатларини: ўзини тутиши, гўзаллигини, чиройли танасию, сувга алламбало сакрашларими, сув остида икки дақиқадан ҳам ортиқ нафас олмай тура олиш қобилиятлари, нозик рақс тушиши, қўшиқларни айтиб қойил қолдирганлари бари йўққа чиқарилди.

– Аёл кишига бир зумда обрўдан ажралиш, эътибордан қолишдек катта бахтсизлик йўқ, − деди Лилия фикрини билдириб. – Қалдирғоч, бу асарни бекорга эсламагандирсиз? Ё бояги кўлдаги воқеага боғлиқ жойи борми?

– Боғлиқ жойи, мен туфайли бирор вазият юз берса, гап-сўзларга қолиб кетишдан қўрқдим.

– Шундайми?

– Ҳа.

– Сиз чўчишингизга ҳеч бир сабаб бўлмасди.

– Ким билади.

– Никита ўзи қарор қилган бўлса, ҳеч ким уни мажбур қилмаган. Фақат сизни бир оғиз сўзингиз учун бу ишга қўл ургани қизиқ, − деди Лилия ўртада кулгу ҳосил қилиб.

Даврадагилар Никитани ораларидаги икки ёш жувондан бирига, осиёликка маҳлиёлигини фаҳмлаган бўлса-да, ҳеч ким яққол равишда бу ишқ савдоси тўғрисида сўзлашга жазм этиб, андишасизлик қилмасди.

Шунга ўхшаш гаплар ўртада айланаркан, Бурхон Иннадан шивирлаб сўради.

– Жек Лондоннинг бу ҳикоясини ўқимаган эканман. Ноқулай аҳволга тушдим. Илтимос, қисқача тафсилотини айтиб беринг.

– Яхши. Бўлмаса эшитинг. Фақат, шошилинчда, ҳаммасини керагича аниқ айтолмаслигим мумкин.

– Ҳечқиси йўқ.

– Пароходда отасини олдига кетаётган мисс, иккита хизматчи ва онаси ҳамроҳлигида, кемадаги бор эркакларни бир қанча хислатлари билан ўзига қаратиб келади. Унга илтифот қилиш, бир оғиз ташаккур эшитиш учун, ёш бўйдоқлардан тортиб, ёшини яшаб, ёнидагилар энди эътибор бермай қўйганлар ҳам унинг қошида, циркда икки оёққа турадиган кучукчадек тикланишади

– У шунчалик чиройлими?

– Ҳа, лекин унинг ҳусни чўмилганда киядиган оддий кийимда, пардоз-андозсиз ҳам кўзни қамаштиргани бир, у боя айтилгандек, моҳирона рақсга тушиб, қўшиқларни қиёмига келтириб айта олгани, сузишнинг инглиз услуби кролда ҳаммадан ўзиб кетиши, калла ташлаб сув тубидан танга теришда рекордни қирқ еттига етказгани, ҳатто йигитларнинг энг зўрлари шунча кўп танга олиб чиқмагани, бошларини виқор билан тутиб, оқсуякларга хос гапириш манераси – барча-барчаси бир бўлиб, унга эрлар сажда қилишади. Энг жиддий ниятлар билан унинг қўлини сўраш умидида юрганлар сони ҳам ошиб боради. У фақат унга энг яхши илтифот кўрсатиб, жон-дили билан севиб қолган, баланд бўйли, келишган, инглиз тарбиясини суяк-суягигача сингдириб олган Том Деннитсон деган йигитга кўнгил қўйгандек, ёқтиргандек унга ишва, нозлар билан кўпроқ мурожаат қилади. Кемада у борган бурчак бирпасда гавжум, суҳбатлар қизғин, илтифотли тус олади. Атрофини доим эрлар жон деб қуршаб олишади.

– Скарлетт типидаги аёл экан, тушунарли, − деб Бурхон гап қўшди, тезроқ гапнинг индаллосини айтишга Иннани шошириб.

Оч қўнғир сочли аёл ҳам унинг мақсадини уқди шекилли, тарифу баённи мухтасар қилиб, ҳикоядаги асосий мазмунга зўр берди.

– Баъзи портларда, кема тўхтаб турган чоғлари кўп бўлади. Чунки юк туширилади, ортилади. Ўшанда йўловчиларга кеманинг энг четидаги сунъий сув ҳавзасида чўмилиб, офтобда ястаниб вақтини ўтказишса, кимдир соҳилга чиқиб, шаҳар айлангани кетади. Коломбо кўрфазига киришганда, соҳилдаги қояларда қушлар қўнгандек, қатор тузем болалари жойлашиб олганлиги, улар кемадаги бойваччалар сувга отган кумуш тангаларни илиб олиш учун денгизга ўзларини отишарди. Кемадагилар айниқса ўн икки-ўн уч ёшдаги болани қалдирғочдек сувга шўнғишига маҳлиё бўлиб, улар ҳам томошабинлар сафини кенгайтиришади. Қирғоқда фақат уларнинг кемалари қолгач, бу тузем болалари энди уларнинг кўнглини овлашга ўтишади. Танга ташлашади, болалар сувга отилади, яна ташлашса, бошқа гуруҳи сакрайди. Ҳамма уларни кўриб, бир зум мисс кўнглидан нима ўтаётганини фаҳмламай қўйишади. Бор эътибор уларга ўтиб кетганидан унинг ичига ғулғула тушдими-йўқми ҳеч ким билмасди. Бир вақт болалар акула деб, қирғоққа битта қолмай чиқиб олишади. Йиллар давомида, олдиндан бу хавфни сезиш қобилияти уларда ривожланган, яна бир-бирига сигнал бериш, мажбурият, бурч даражасига кўтарилган.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации