Электронная библиотека » Абдужаббор Обидов » » онлайн чтение - страница 11


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:20


Автор книги: Абдужаббор Обидов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Хаёлига келган шу каби нохушликларни тезроқ эсдан чиқариш учун нигоҳини Марказий универмагга кириб кетаётган одамларни томоша қилишга бурди. Кўпчилик дўконга шошиб киради, чиқишда бемалол, ҳовлиқмай кимдир харид билан, баъзилар қуруқ қўл билан. Замонавий кийинган, чиройли одамлар кўп экан, деб ўйлади. Аёллар, сочларини тепага ўраб, прическа қилиб олишибди. Тбилисида ҳам шу урф кирган. Фақат маҳаллий аёлларда атлас матоси кенг тарқалганми-йўқми, деб алоҳида кузатув ўтказди. Бу мато кўзни ёндирар даражада қизларга ҳусн бераркан, бекорга онам ҳам атлас киймаган. У шунга ўхшаш ўйларга чўмганди.

Соат ўн бир бўлмаганди. У энди яна тўғрига, фавворалар тарафга кўз ташлай бошлади. Фаввора олдидаги ўтиргичларда одамлар кўп. Айниқса, болаларини олиб келган аёллар сероб. Болалар шўхлик қилиб бир-бирларини қувган, қичқирган, сувга қўлини узатиб, ҳовузга тушиб кетай дейди. Оналари ҳай-ҳайлаб қўяди. Расмга тушганлар ҳам анча экан. Ана узоқдан келган оқ соқолли бобой, галстук таққан талаба йигит билан, набираси бўлса керак, фотога тушяпти. Нарироқда, театр зиналарининг энг тепасида чиройли аёлни баланд бўйли ўрис расмга туширяпти. Бу жувон узбечка, шекилли. Гулдор енгил куйлакда. Ўзига жуда ярашган. Қомати ҳам… Фақат у Қалдирғочга ўхшайдими? Худди ўзи. И-я! Ёнидаги ким бўлди. Қуддус Қалдирғочни таниганди.

Сайкин: “Сизни Тошкент рамзи ҳисобланадиган Навоий театри қошида расмга оламан”, деганда Қалдирғоч ҳурсанд бўлганча рози бўлди. У ерда, бирор баҳонада Сайкин билан хайрлашиб, дўстимни топарман, меҳмонхонага бир қадамча қоларкан, деб ўйлади.

Аввалига Қуддус ўзини йўқотди. Бирор ҳаракатсиз, у томондан нигоҳини узмай, уларни кузатди. Бир-икки марта расмга олгач, йигит уни билагидан ушлаб, универмаг томонга тортди. Қалдирғоч хоҳламай бир нима дер, жойидан қимирламасди. Қуддус ўқдек йўлакка отилди. Аммо, эшик дастасини ушлагач эса, хона кийимида эканлиги эсига келиб, эҳ, деганча, қайтадан дераза томон бориб, ташқарига кўз ташлади. Қалдирғоч, ҳамроҳига қўшилишиб, универмаг томон борарди. У бор кучини йиғди-да, бақиришга оғиз жуфтлади-ю, сўнгги дамда пусайди. Қизни уятга қўйишидан ҳайиқди ва кийинишга бошлади.

Қуддус Марказий универмагга кирганида, қаёққа боришини билмай ҳайрон, ҳафсаласи пир бўлди. Уч тарафга ҳам эшик борлиги уни хафа қилди. Қалдирғочни қаердан қидиришини чамалаш ҳам ғўр ишдек туюлди. Фақат учинчи қават аёллар зали деган ёзув уни қувонтириб, эскалатор қолиб, зина орқали ўша қаватга шошди, Қалдирғочни излашга бошлади. Харидорлар кўплигидан бирпасда бутун зални кўриб чиқиш имкони йўқ эди. Ўнг тарафдан ҳар бир бўлмага кўз ташларкан, Қалдирғочга ўхшаган аёлни учратмади. Ҳеч бўлмаса, қоматими, туришларими, юришими айнан жувон бормикин? Қанча вақт ўтди билмади, Қалдирғочдек сумбатлисини кўрмади. Аслида гўзал, чиройлилар етарлича эди, бироқ унинг нигоҳи фақат бир аёлни изларди. Натижасиз излашдан умиди пуч, иккинчи қаватга, бир неча дақиқадан сўнг биринчи қаватга тушдию, зал бўйлаб, бор бўлмаларга кўз ташлаб, Қалдирғоч бу жойларга кирмаган, йўқса ҳеч бўлмаса унинг ажабтовур иси бу ерларга ўтириб қоларди, деган хулосага келди. Ўзи кирган эшикдан умидсиз қайтиб, чуқур нафас олганча атрофга аланглади. Натижасиз. Қаерда қолдийкин? У яна ва яна театр майдонига, бинога кириш зиналарига, фавворалар ёнига, ўтиргичдаги одамларга қараб чиқди. Тўғрисига, ўнгга, сўлга қарардию, меҳмонхонага кириш фойеси томонга қарамас ёки хаёлига у ерга ҳам нигоҳ ташлаб қўйиш лозимлигига идроки панд берарди. У асабийлаша бошлади. Тинчгина хонамдан кузатсам ҳам бўларди, деб ўйлади. Яхшиси, жойимда кутаман. Дилдан истаса, албатта келар деган ўйда, ниҳоят, меҳмонхона томон қадам ташлади…

Зинат универмагдан бирор сувенир танлашиб юборарсиз деб қўймагач, Қалдирғоч унга ҳамроҳ бўлганди. Қуддус учинчи қаватга чиқишга шошилдию, биринчи қаватдаги совғалар бўлимини кўздан кечириш ёдига келмаганди.

Меҳмонхонанинг учинчи қаватига кўтарилишди. Навбатчи, ҳамма эшитсин қабилида, шанғилларди: бу тўртинчи хонадаги девона кавказлик эшигини қулфламай қаерга югурди. Ҳайронман. Нарсаси йўқолса, биз ҳам жавоб берамиз, деганча хонасини қулфларди.

Қалдирғоч қизиқиб: ким ўзи у? – деб сўради.

Навбатчи унга, ёнидаги сариқ сочга сирли қаради-да, секин жавоб қилди: грузинми, абхазми, яна билмадим. Кўп ичаркан, хонасидан чиқмай роса симирган бўлса, белая горячкаси қўзғаб, кўчага югургандир-да. Кечаги навбатчи айтди, ғирт пияниста, кечаси оёғида зўрға келганмиш.

Қалдирғоч индамади. Ичида: Бу Қуддусмикан? У бунчалик ичмасди шекилли, деб ўйлади. Зинат хонасига таклиф қилди. Қалдирғоч оёғи босмай, кирайми ё йўқми, деган ўйда туриб қолди.

– Келдингизми, энди киринг-да! − деди Сайкин, қандайдир қатъийлик билан.

Навбатчи уларни кузатиб турганидан хижолат чеккан Қалдирғоч иккиланарди:

– Фойеда гаплаша қолайлик, мана бу ерда. Ана креслолар ҳам тахт.

– Коридор ўтди-кетди жой. Суҳбат қуриш сокинликни ёқтиради. Яна менинг хонам люкс.

Қалдирғоч қизғиш чарм тортилган диванга чўкиб, меҳмонларни кутиш хонасининг шинамлигига баҳо бергунча, Зинат бошқа хонада жомадонини шақиллатиб очди, сўнг бир оз тимирскилаб битта расмни топди-да, бу хонага шошди.

− Манаву расмга қаранг, − деди шошиб чиққан мухбир, унинг қўлига сурат тутиб.

− Ия, бу ким?

Қалдирғоч қўлидаги суратда ўзига икки томчидек ўхшаган жувонни кўриб, ҳайратланаётган эди.

− Буми? Сизнинг эгизагингиз!

Шундоқ деб Сайкин унга жуда яқин келди.

− Ким? Ким? Эгизагим, ҳазиллашманг! − деб Қалдирғоч ўгирилганини билади, қизнинг чап чакагини остига Зинат чап қўлининг кўрсаткич ва ўрта бармоғини кескин равишда босди. Ўнг қўли шу пайтнинг ўзида нозик белга чўзилди. Қиз, бу ҳаракат хушдан айириш учун қилинганини сезмай ҳам қолди.

Анчагина вақт ўтди. Қуддус хонада ўтириб сиқилди. Бор атрофга шунча вақт кўз тикди, кутган фариштаси худди осмонга чиқиб кетгандек еру кўкда йўқ. У чекиш учун сигарета чиқарди. Гугурт ёқди. Бирпас ўйлаб қолди. Оғзида сигарет. Ёнаётган гугуртни унга яқинлаштириш ёдидамас. Ниҳоят қўли куйганини ҳис қилиб, гугуртни силтаб балконнинг бетон полига ташлади. Сигаретни ҳам тутамлаб, урнага улоқтириб ташқарига интилди. Биринчи қаватдан бошлаб, ҳар бир қаватдаги навбатчисидан гўзал Қалдирғоч таърифини келтириб малла соч, озғин киши билан кўрган-кўрмаганини сўраб чиқишга бошлади. Уларни ҳатто хонама-хона излагани учун яна ярим соатча вақт ўтиб учинчи қаватга етиб келди. Қуддус нафасини ростлаб олганча, навбатчи аёлга мурожаат қилди.

– Малла соч киши ва гўзал жувонни кўрмадингизми?

– Сиз ким бўласиз?

– Айтинг! Қани улар?

– Ҳимм.

– Агар ўша жувонга бир нима бўлса, ўзингизга муаммо орттириб оласиз?

– Қўрқитма пияниста. Уч юз учда. Ўзим ҳам ҳайронман.

– Нимага?

– Жувон кирмайман деб турганди.

– Хўш?

– Пастга чақиришганди, қайтиб чиқсам, иккаласи даф бўлибди.

– У ёқ-бу ёққа кетишгандир-да!

– Ундоқ бўлса, зинада кўрардим. Кейин калитни топширмаган.

– Шуни вақтлироқ айтмайсизми?

– У аёл ким Сизга, намунча куюнасиз?

– Тақиллатиб, эшикни очдирсангиз!

– Тинчини бузишга ҳақим йўқ. Жиноятчи бўлмаса, журналист! Обрўли жойда ишлармиш!

– У ҳолда балкондан ўтиб хонасига тушаман! Ёнидаги хонани калити борми?

– Ақлингизни еб қўйибсиз! Балконлар бир-бирига яқинмас. Бир нима бўлса, жавоб беришим керак! Ҳозироқ бу аҳдингиздан қайтинг, йўқса милиция чақираман!

Қуддус ёнидан гувоҳнома чиқарди. Ички ишлар идорасига тегишли, лейтенант Чачемба номига берилган ҳужжатни кўриб навбатчи қўлини пешонасига олиб бориб, бошидан шундоқ демайсизми деб, мухбирнинг хонасига бошлади.

Учинчи хона эшигини тақиллатиб сўради.

− Меҳмонингиз кетдими?

Ичкаридан столними, стулними ғийқиллагани эшитилиб, кейин Сайкин жавоб қилди.

− Йўқ! У шу ерда.

− Илтимос эшикни очинг. Зарур гап бор.

Сайкин қулфни шарақлатиб, эшикни ланг очди.

Навбатчи, ёнида Қуддус индамай ичкарига бир-икки қадам қўйиб киришди.

Диванда Қалдирғоч чўзилган, кўзи юмуқ эди.

Навбатчи қизиқувчанлигига жавоб топганди. Номи чиққан мухбир экан, уни ортиқча гапга солсам бўлмас, деб ортга қайтди. Фақат туппа-тузук аёл бегона хонасига кириб чўзилгани унинг ориятини қитиқлади, овозини кўтармай, пичирлаб: Бу кунингдан… танноз, деганча хонани тарк этди.

Қуддус, аввалига нима бўлганини тушунмади. Сайкин кўзи ярим юмуқ Қалдирғоч тепасида эгилиб бир иш қилган. У бошини диван ёнбошига ташлаб олиб чиройли чўзилган, ҳар нафас олганда сумбати сал дириллашини айтмаса, Итальян рассомлари мўйқаламга олган машҳур картиналардаги каби гўзаллар бўй-бастига мос, фақат у расмлардаги кўп аёллар дўмбоғу, Қалдирғоч хипчароқ, нозикроқ, лекин бироз қорачароқ, табиий рангга яқинроқ эди. Йўқса, у машҳур рассомлар чизган аёл суратлардаги оқлик даражаси Сайкинга ниҳоятда нотабиийдек туюлади. Табиий гўзаллик эса, барибир бошқа нарса, деб билади у. Қуддус атрофга аланглаб мольбертни, унга қистирилган полотнода акварель билан Сайкин хаёлидаги образига мувофиқлаштириб чизган Қалдирғочнинг суратига кўзи тушди. Шу кичик вақт ичида, гарчи оқ-қора бўёқ ила қоғозда акс этган ёш, тароватли аёл тасвири ажабтовур сирли, ҳис-туйғуга бой, фариштадек ботини илоҳийлаштирилган тусда чизилгани сезилди. Қуддус ҳайрати ва ҳаяжонини боса олмай, ҳайронлиги тошиб, бу девона даҳо олдида бошини эгганча миқ этмай туриб қолди. Унинг кўзига бу мухбир бироз тентакроқ аксланди. Қизга у хуруж қилмабди. Ўзини музейга кирган томошабин деб билган, шекилли. Фақат сурат ўрнига сийратни, жисмни томоша этиш завқидаги кимса образига кириб, одамни гаранг қилгани ортиқча эди…

* * *

Озгина вақт ўтиб, улар ресторанда тўпланишди.

Боя, Машҳура опаси билан суҳбатда, унинг бир фикри Қалдирғочга маъқул келган эди.

− Расмий кийимда учрашувга борасанми? Қизиқ-ку? Гардеробингдан бирорта тузугини кий. Шаҳарда юрганда, сени оддий дам олувчи деб билишсин. Маъқулми?

Гап шундаки, бу опасининг хонасидаги гардеробида, Қалдирғочнинг турли вазиятларга мўлжаллаб олиб қўйилган кийим-либослари, пойафзалигача сақланарди.

Қалдирғоч бу маслаҳатни жон деб қабул қилди. Чунки, унинг: «идора талабидаги қора ёки сипо рангдаги костюм-юбкада доимо юриш, аёл кишини, кўпинча эзворади, худди эркинг камситилгандек», деб ўйлаган дамлари кўп бўларди.

Ҳозир, Машҳура опаси билан танлаган либоси эгнида. У ёзги белбурма, пастки кенг бичимдаги куйлагига катта-катта сиёҳранг гуллар туширилган бўлиб, матонинг таги оч яшил, енги, этагининг ҳошиялари тўқ ҳаворангда. Енгил, юмшоқ материалдан тикилган бу либоси ҳаво ўтказиб танасини яйратгани ёқар, бироқ шамол бир оз қўзғалса, ҳалпиллаб баданига ёпишиб кўксини бўрттирганча, қоматини кўз-кўз қиларди. Шунда, Қалдирғоч хижолатда уларни тортиб тўғрилар, лекин шамол қайсарлик билан яна куйлагини этига қапиштириб қўярди. Лекин унинг кўнгли барибир чоғ эди. Нега шодланмасин, бир ёнда Сайкин, бошқасида Қуддус, ресторан таомларидан шошилмай тотиб, ҳар турли мавзуда енгил суҳбат қуриб ўтиришибди.

Лангетни пичоқда кесиб, вилка билан кесилган бўлакчаларни оғзига солиб, уни кўп марта чайнашга тўғри келарди. Шунинг учунми қийма кабоб буюрилган. Столда салат, турли ичимликлар:

лимонаддан тортиб қизил виногача бор. Ҳаво иссиқроқ, лекин бироз шамол борлигидан, меҳмонхона томига жойлашган ресторанда одам лоҳасликни сезмас, бироқ вазият чалкашиб кетганидан, бошида, Қалдирғоч игнанинг устида ўтиргандек, тезроқ уйга жўнашим керак, йўқса бу мухбир гапни кўпайтириб, сиримизни исини олиб бировга ошкор қилиб қўйсачи, деган ҳадикда эди. Қуддус эса бошқа ўйда: Қалдирғоч атрофида айланаётган мухбир, асл мақсади мақола ёзишмас, ошиқ бўлиб қолган, одамнинг хаёлига келмайдиган саргузаштларни бошлайдиган ғалати, девонасифат шекилли, уни ҳолатини кузатса, Қалдирғочдан бир зумга ҳам нигоҳини узмасди. Официант барчага вино қуйиб нари кетди.

Зинат: «танишганимиз учун», деди. «Бу сўзга янги учрашганлар доимо амал қилади. Бошқа юртларда қанақа, лекин бу бизда одат. Келинглар традицияни бузмайлик», деб даврадагиларга қараб, қўлидаги фужерини кўтарди. «Кейинги қадаҳни жозибадор Қалдиргач учун ичамиз».

Қуддус, унинг гапларига қўшилганини билдириб, бақирмади, чақирмади, ҳатто бир оғиз қўллайдиган сўз ҳам айтмай, винони сипқораркан, кўз қири билан янгани кузатар, унинг Зинат тостига муносиб илжайиб қарагани эътиборига тушганидан, жини қўзиди. Қалдирғоч буни сезди. Қўли билан уни туртиб, бунақа зардали бўлманг! Бемалол ўтиринг. Даврада норози ўтирганингиз билиняпти демоқчи бўлдию, индамади.

Озгина вақт ўтди. Аммо суҳбат унча қизимади. Табиий. Нотанишларнинг биринчи марта йиғилиши, тўпланиши кўпинча шундай кечади. Қуддус мухбирни «қани нима деркин, Қалдирғочга ортиқча хушомадлар қилмасмикан», деган ўйда пойласа, Зинат иложи борича ўзида яхши таассурот қолдириш учун ўзини жуда маданий тутар, таомларни ҳам шошмай, есаммикан ё емасаммикан деган ҳаракатлар билан, ора-чора чўқилаб қўярди.

У Қалдирғочга қараб, ёзни қаерда ўтказдингиз деб сўраши билан енгил темада ўзаро сўзлашув бошланиб кетди.

– Кавказда, Гаграда дам олдим.

– О, Гаградами? У ерда дам олиш уйлари кўп. Қайси бирида?

– “Қора денгиз”да.

Қалдирғоч самимий гаплашишга ўтса-да бошини қуйи тушурганча, даврадагиларга ортиқча тикилмасди.

– Биламан у ерларни. Денгизга энг яқин биринчи корпусида беш йиллар аввал бўлганман.

– Қизиқ, бизнинг ҳам ўша корпусда эди жойимиз.

– Сулачи ҳам бор эди у вақтлар.

– Ким у Сулачи?

– Сулачими? Менинг ҳаётим мазмуни. Дунёдаги энг гўзал аёл.

Бу гап орига тегиб ғашини қўзғаса-да, бундай пайтларда баъзи таннозлар «наҳотки мендан ҳам чиройли бўлса», деб ўзини бозорга соладиган ноз-ишваларини Қалдирғоч қўлламади. Бунга Сайкин ҳайрон бўлди-да, қайтага ўзи сўзини тўғрилади:

– Сиз ҳам энг гўзал деб билган аёлларим қаторидасиз?

– Раҳмат, бу комплементингиз учун. Аммо, у аёл Сиз учун жуда қадрли бўлган шекилли.

– Топдингиз, фаросатингизга балли!

Шундай деб, Сайкин чап қўлини кескин пастга туширганди, фужер тагида қолган шароб полга тўкилди. Официант югуриб келди. Энди оғзини жуфтлаганди, Зинат унга асабий қараб, «Артиб олиш сизларнинг вазифангиз. Хўрандалар кўнгли нозик бўлади, тез бўл», деди.

Официант ичкарига йўқолиб, хизматчи ходимни бошлаб чиқди ҳам, Зинат оғзини очмас, у чуқур ўйга чўмганди. Қалдирғоч бошини кўтариб, атрофга қараркан, бошқа столдагилар уларга назар солиб қўйишаётганини сезди. Қуддус, бепарво кўринса-да, ҳамон унга кўз тикиб турган экан. Унга кўзи тушиши билан, энгашиб пичирлади: Қалдирғоч, сизни соғинганман. Зарурми, шу девонанинг иқтибослари, яхшиси, балки йўқолиб қолармиз, деди.

Қалдирғоч: агар ўзим истасам ҳам, бундай қилолмаслигимни, у билан қўл ушлашиб сайрга боролмаслигимни қандай қилиб Қуддусга тушунтирсам экан. Мабодо, Сайкинни ёлғизлатсам, эрта қолиб бугуннинг ўзида, бир соат ҳам ўтмаёқ раҳбарим туманга бонг уради, бутун бошли ҳокимиятдан тортиб ўз жамоам, уйдагилар: қайнанам, Акобир акагача бундан хабар топиб, мени излашга тушишади, деб ўйлади. Шунинг учун Қуддусга қараб, бошини ликиллатди. Бу унинг: “азизим, сабр қилинг” ёки “иложим йўқ”, деганими, Қуддус англай олмади.

19. ЗИНАТ ҲИКОЯСИ

Сайкин уларнинг пичирлашга ўтганини кўриб, Қалдирғоч эътиборини яна ўзига қаратиб олиш учун унга юзланди:

– Сулачи Сизга ўхшарди!

– Шунақами?

– Боя расмини кўрсатдиму. У ўша!

– Вой, рост! − деб Қалдирғоч ҳаяжонга тушди. – У чиндан ҳам ниҳоятда бежирим экан! Ҳатто, кўзлари қандайдир сирли туюлди. У ҳақда айтиб бермайсизми?

Шу пайт Қуддус йўталиб қўйди.

Қалдирғоч бу йўталнинг маъносини тушунди: менга вақт ажратмай, нега бошқалар суҳбатига кирасиз, дегани эди. Унинг тарбияси ўтиришни шартта бузишга мойил эмас, яна мухбирни андармон қолдириш мумкинмас. Аммо, Сайкиндан қандоқ қутилиш мумкин? Баҳона, важ ўйлаб топарман деб ўйлаганди. Мухбир ўта фаросатли, шу билан жуда қизиқ суҳбатдошга ўхшайди. Энг ёмони, у одамга елимдек ёпишиб оларкан. Энди нима қилсам экан? У воқеаларни тезлатиш учун, унга мурожаат қилди.

– Савол-жавобларингизни қачон бошламоқчисиз? Йўқса очеркингиз битмай қолади, деб қўрқаман.

– Суҳбат жараёнини, мана кўриб турибсиз, аллақачон бошланган. Бошқармадан ҳам маълумот беришадиган бўлишди. Сиз билан учрашганимиздан то шу дамгача айтилган ҳар бир гап-сўз инобатга олиниб, очерк ёзиб бориляпти. У мана бу еримда шаклланяпти, − деб, бошига ниқтади.

– Қанақа очерк? Балки, мени ҳам ўзаро сирларингиздан воқиф қиларсизлар! – деб Қуддус суҳбатга қўшилди.

– Ҳеч қандай сир йўқ. Иш жойимдан топшириқ бўлди. Сайкинга бир-икки кун вақт ажратишим зарур. У мен ҳақимда бош газетамизда мақола босиб чиқарар эмиш, − деди Қалдирғоч ортиқча бу мақолага қизиқмаётганини билдириб.

– Мақоламас очерк. Сиз қарши эмасмисиз, жаноб Чачемба?

– Нега қарши бўлай, лекин Сиз номақбул, ишончсиз одамга ўхшайсиз?

– Ростданми? Қаердан олдингиз бу гапни?

– Бояги тентакликни унча-мунча одам қилмайди?

– Бўлса бордир. Аммо, барча янгилик, ихтиро, ижод намуналарини тентаклар ва девоналар яратади, романтикадан узоқроқ прагматиклар эса уларни бошқаради. Билиб қўйинг, батано! – деб Сайкин қўлига бокалини олиб, тубида қолган винони симиришга тушди.

Бу гапга ҳеч ким эътироз билдирмади. Орага сукунат тушди. Энди туришса ҳам бўларди. Бироқ мухбир хиралик қилиб, яхши ўтирибмиз, бироз яна гурунглашайлик, деб саркашликка ўтиб олганди. Суҳбат давомида Қуддуснинг камгаплиги, жиддийлиги ноқулайлик туғдиргани учун, Қалдирғоч ҳам, гап нима ҳақида кетса ҳам, унча очилиб ўтирмасликни, ортиқча гап қўшмасликни ўзига касб қилди. Сайкинга барибир эди, у ичган сари очилиб, на кайфи ошар, на гапини йўқотар, фикрлар мантиқи бузиларди. У, ҳаттоки, Қуддусни гапга солмасам, шундоқ ширин даврани бузади, деб ўйладими, унга юзини бурди.

– Спорт мастери унвонини олганингга кўп бўлганми?

– Ким айтди мени курашчи деб.

– Курашчилигингни билмасдим, бироқ бу мушаклар билан спортчи бўлсанг керак, деб тахмин қилдим, холос.

– Шунақами! Авлиёмисиз, нима бало?

– Ҳечамда! Ҳар кимни кўравериб, одамни кўзи пишиб кетаркан.

– Бояги номерда кўрсатган ҳунарингизга фақат девонасиз деб ўйлагандим.

– Қанақа ҳунар! – деб сўраганча, Қалдирғоч қизаринди. Унга ухлаб қолган ҳолатини навбатчи етказиб: манаву мухбирдан эҳтиёт бўлинг, у Сизни диванга тўшаб, расмингизни чизибди. Сизга бирор зиён етказмадими? – деб ваҳима қилган, кавказли эса бостириб кириб, жонбозлик кўрсатди. У Сизга ким? – деганди.

Қалдирғоч кулиб енгди: қўйинг, бундай гапларни. Ундай тентаклик қиладиган одаммас у. Ваҳимага ҳожат йўқ!

Ичидан эса роса зил кетиб, сал бўлмаса номинг чиқаркан, шарманда деб, кўксига туфлаб қўйганди…

Сайкин: яхшиси хориждаги, Хитой, Тибет ва Кашмирда ўтган йилларимдаги воқеалардан айтайми? – деб сўради.

– Саволдан қочманг-да, − деб ўсмоқчилади Қуддус.

– Йўқ, йўқ, бу жуда қизиқ. Майли сўзлаб беринг.

Қалдирғоч шундай деб, бир оз тиккаландию, дўсти томонга чеҳрангизни очинг, дегандек кўз ташлади. Қуддус хуноблигини яширмай, индамай бош силкиди.

Шу пайт, официант, мухбирнинг имо-ишораси билан қизил вино келтириб, ҳар учала фужерга яримталатиб қуйди.

− Етмишинчи йилларда Биринчи хориж сафаримиз − Монголияга бориб қолдик. Ёнимда хотиним Аврора. У ҳам мухбир эди. Биз халқаро журналистикани Москвада, битта институтда, курсдош мақомида, бирга битирганмиз. У Якутиялик. Мен Татаристондан.

– Лирикасини қўйинг, − деб Қуддус гап қўшганди, Қалдирғоч қизиқ қараш қилиб:

– Илтимос, Қуддус, сўзларини бўлманг, − деди.

Чачемба унинг исмини айтишларининг ўзига хурсанд, худди ҳарбийдек жавоб қилди: хўп бўлади!

Сайкин давом этди.

– Лекин хотинимни жасади ўша ерларда қолиб кетади деб ҳечам ўйламагандим.

– Йўғ-эй?! − деб афсус чекканча сўлиш берди Қалдирғоч.

Сайкин шундоқ дегандек, бошини силкиди-да сўзида давом этди:

− Ўзи жуда ҳаракатчан, тиниб-тинчимас жувон эди. Бир ўзи чўлу биёбон кезишдан ҳам тоймасди. Отда чопишда унча-мунча эркакни орқада қолдириб кетар. Айниқса Монголия даштларида жайрон қувиб ов қилганимиз ёдимдан чиқмайди. У ерда ишимиз кам. Ора-чора, давлат чегараларини қўриқлашда ёрдам берган Иттифоқ қўшинлари, ёки қурилиш, тиббиётда, университетларда дарс берадиган ҳамюртлар ҳаётидан очеркми, мақолами ёзардик. Бу материалларни мен тайёрласам, у расм олиш билан шуғулланарди. Беш йил ўтди, «Аврора, бола туғиб бер» деб сўрадим. У «ҳозирмас», деб жавоб берар ва ўйин-кулгудан бўшамасди, киногами, танцагами бориш кейинчалик унга одатий ҳол бўлиб қолди. Маҳаллий аҳоли, сариқ сочли, оппоқ жувонларга роса ишқибозлигидан, уни қўлга олишга кўп уринишар. Лекин Иттифоқ одамига тажовуз қилишга ҳеч ким журъат эта олмас. Шуни билганим учун, мен бамайлихотир очерк, мақола ёзиб юраверибман, Аврора ҳақида янги гаплар айланиб қолди. Иккинчи секретарнинг Бахтар деган ўғли ресторанга кўп таклиф этаркан, менга билинтирмай очиқчасига у билан учрашадиган бўлди. Аччиғим чиқди. Эркакман. Ғурурим топгалганини унга билдириб, тушунтириш беришини қатъий талаб қилдим. Қўрқиб кетди. Кўзларини четга буриб, кечир, бу менинг истагиммас, махсус бўлим талаби. Иложи борича, Бахтарнинг ёнида юриб, ичидаги бор маълумотларни суғуриб олишим ва ўша бўлимга етказиб туришим ватанпарварлик бурчим эканлигини англатиб, баъзи бир қоғозларга қўл қўйдиришди. Энди, мен у йигит билан учрашиб, раъйига юришга мажбур эканман, деди. Ишонмадим. Шубҳа-гумон ичимни кемириб, алданган эр мақомида қолишдан кўра яхшиси тинчгина ажрашайлик дедим. Аврора миқ этмади. Эртасига ўзимни элчихонага чақиришди. Никоҳни бузиш ҳозирча мақсадга мувофиқ эмас, хотинингизни ортиқча таъқиб қилаверманг, у бажараётган топшириқ сиз қилаётган ишдан муҳимроқ, деб уқтиришди. Бунақа жойларда эрлик-хотинлик тушунчалари нисбий экан. Сен партия нинг солдатисан деган баҳо энг қадрли ҳисобланади. Сиз ўзингизча қарор чиқаришингиз баъзан йўқ бўлиб кетиш билан баробар. Энг даҳшатлиси ҳам шу. Бугун борсиз, аммо қарши чиқсангиз, улар қарорларига кўнмасангиз, эртага ҳатто мавжуд бўлганингиз, туғилган, мактабга борган, институтда ўқиган ва ундан кейинги давр ҳақида ҳеч қандай маълумот қолмаслиги мумкин.

Ўша вақтларга ҳам неча йиллар бўлиб кетди. Монголия зўрға ривожланаётган, қишлоқ хўжаликка суянган кичкинагина, лекин тинч юрт эди. Шунинг учун у ҳақда ёзсанг, ёзмасанг ҳам бўлаверади, деб ўйлашарди элчихонадагилар. Кейин эса, бизни Хитойга ўтказишди. Биз ҳамон қоғозда Аврора билан эр-хотинлигимизча қолдик. Аслида энди у мен билан ҳеч бир маслаҳатлашмай, иш режасини ўзи ёки керакли жойдагилар топшириғида тузарди.

Биринчи котиб раҳбарлик даври эди.

Икки давлат ўртасида сал сўз қочган, чегарада ҳарбий тўқнашувлар арафаси. Халқаро алоқалар бузилган пайтлар: хунвэйбинлар чиқишлари, Иттифоққа қарши иғволар уюштиришлар оддий ҳол эди. Талабалар ҳам ўз юртини сўзда улуғлашни мақсад билиб ғалаён, исёнлар кўтаргани кўтарган эди. Одам кўчага чиқиб эркин юришга қўрқади. Биздан борганларга очиқчасига хужум қилинмаса-да, ёмон кўришларини, айниқса, ёшлар кўзларида аниқ англаш мумкин эди. Аврора, бир куни, ўзи билганича кўчага отланди, борма, дедим. “Хунвэйбинлар митинги бўлармиш. Расмга олиш, уларни гапга солиш лозим. Бирорта материал тайёрламасак, фаолроқ ишланглар”, деб Москвадан қўйишмаяпти, “ҳа, сенинг ҳам боришинг зарур. Ўз қулоғинг билан эшитасан”, деб бирга судради. Аврорага яқинда капитан унвони берилган, унга йўқ деб бўлмас, унинг олдида мен оддий фуқародан чиққан мухбир эдим, холос. Аммо, ўша вақтда, мусофирчилик азобларини бирга тортаётган хотинимни кечириб, унга қаттиқ боғланиб қолганим рост эди.

Митинг бошидан бақириқ, чақириқ, Иттифоққа қаратилган ошкора душманлик руҳида ўтиб борарди. Бизлар бир чеккада эшитардик. Мен қулоғимга кирган сўзларни блокнотимга қисқа матнда ёзиб қўярдим. Аврора фотоаппаратини шилқиллатиб, олдинги қаторга ўтиб кетди, мен турган жойимда қола берибман. Минбардан гапираётган фаолни кўпчилик гапларини маъқуллаб, қўлларини тепага силтаб кўтариб, тўпланганлар бир овоздан: “Мао! Мао!”, деб қичқиради. Микрофондан «Йўқолсин капитализм!» деган овоз келди. Яна авом уни қувватлаб ҳайқирди. «Йўқолсин унинг малайлари! Сотқинларга ўлим!» Бу сўзни эшитсам-да, унинг оқибатини аввалига тушунмабман. Бу бизга қаратилган гап экан. Минбарни расмга олаётганлар, микрофон тутиб турганлар орасида Би-Би-Си, Европа, ўзларидаги газеталарнинг мухбирлари, яна бошқалар орасида Аврора ҳам бор эди. Улар устига бирдан оломон қўзғалиб ташланса бўладими? Буни фақат сўз ўйини деб билган мухбирлар қочишга тушишди, кўпчилик улгурди. Бироқ, Аврора ваҳшийларга нишон бўлди. Унинг кийимларини тортиб, йиртиб, тепкилаб ташлашибди. Элчихона вакили менга осилиб судралгани, (унинг оёғига кимдир тепганми ё урганмиди, эсимда йўқ,) бошқа кўчага чиқиб олганимиз, у ерда автомашинага минганча элчихона ҳудудига кириб бекинганимиз эсимда. Аврора келмади. Шунча мухбирлар ичида у ва Ғарбий Германиялик мухбир ўлгани хабари етиб келди. Тепадаги раҳбарлар узр сўрашди. Авом уни сариқ сочлилиги ҳисобидан АҚШ ёки Британия мухбири деб ўйлаганмиш, деган важ келтиришди. Бундан кимга фойда. Аврора йўқ. Доимо қувноқ, серғайрат, ҳамма ерда ҳозиру нозир. У узлатга кетдию, юрагимни ғамбодалик чулғади. Хитойда ишлагим келмай қолди. Ўзим ҳам чарчабман. Руҳимни тиклаб олиш учун бошқа жойга кўчиришларини сўрадим.

Сайкин шу жойга келганда, танаффус, деди-да, қўлига фужерни олиб винони сипқоришга ўтди. Қани сизлар ҳам олинглар-чи, йўқса давом этмайман, деб аввал Қуддусга, сўнг Қалдирғочга тикилиб қолди.

Қуддус винони тиши орасидан ўтказиб бўлдиям, Сайкин ҳамон Қалдирғочдан кўзини узмай, рафторидан бирор чизги, белги излагандек ўтирар, янга эса бу ҳолатга аҳамиятсиз, айтилган воқеаларни мушоҳада қилар экан, ўз ўйларига берилиб, дунёқараши кенг одамлардан бир умрлик дўстлар орттиришим зарур, деган хаёлга асирланганди.

Яна бирмунча вақт ўтдию, ниҳоят, Сайкин сўзини давом этди:

– Ўз хоҳишим билан мени Тибетга юборишди.

“Бироз, асабингни даволаб оларсан. Бу ерда халқ жуда эскича яшайди. Тинчлик ва хотиржамлик уларнинг асосий шиори”, деб кузатишди.

− Аврорага аза очдимми ё йўқми? Бу ҳақда Сизга қизиқми? − деб Сайкин, ҳикоясини узиб, Қалдирғочга қаради.

− Ҳа, албатта, − деди Қалдирғоч, ортиқча ўйламаёқ.

− Мотам тутдим. Ўша студентлик йилларимни эсладим. Ётоқхонада, иккинчи курсдаёқ топишиб олгандик, чунки мен ундан етти ёш катта эдим. Ёшликдан майда ҳисларга тобим йўқ. Кейин, битта кўриб, янгидан танишиб дарров муҳаббат изҳор қиладиганларнинг ҳеч бирини ҳурмат қилмаганман. Оҳ-воҳ қиладиган даврим меҳнат қилиш, пул топишга сарфланган. Шу қийинчиликларни бошимдан ўтказганимдан кейин топган ёрим. Қарийб ўн йилдан ортиқ бирга бўлган ҳамроҳим, ёрим, ёлғизликни бирга баҳам кўрувчи яқиним эди. Нега қайғу чекмай?! Уч-тўрт ой ўзимга кела олмай юрдим. Лекин вазифамни унутмадим. Тибетни ўргандим. Фақат тепаликда, тоғда, совуқда яшаб жон сақлайдиган қўтосларни, бу ҳўкизларни мулойим феълига монанд одамлари билан аралашиб, уларнинг турмуш тарзига кўникдим. Бор сут ва унинг маҳсулотлари, эт ҳам шу ҳайвонники. Гоҳида эчки гўштига оғзинг тегиб қолса катта байрам. Халқи очун-юпун турса-да, куни ўтганига хурсанд. Ҳўл мевалар анқонинг уруғи. Бор! Йўқ эмас! Ё Кашмирдан, ёки Хитойдан келтирилади. Бизга, менга ўхшаган бой давлатли муҳожирларга яшаш қийинмас. Сотиб олишга пулимиз етарли. Хитойда нотинчликлар бўлганда, Тибетни ҳам ўзига қўшиб олиш ғояси катта урушлар бошлаб юборилишига сабаб бўлаёзди.

– Эй, сиёсатни қўйинг, бошқа гапингиз бўлмаса, бизга рухсат, − деди Қуддус мухбир сўзини бўлиб.

У беҳаловатроқ, нотинч ўтирар, висолдан маҳрум бўлган ошиқдек бесабрликдан ичига ғулғула тушганди.

– Яхши. У ҳолда…, – деганча негадир Сайкин стулини суриб, туриб кетди. − Қолган воқеаларни кейинроқ сўзлаб берарман.

Озгинаям вақт ўтмай, у соатига қараб, Қалдирғочга юзланди: − Юринг, Қалдирғоч, туманингизга борамиз. Менга у ерда сўраб-суриштирадиган ҳужжатлар керак.

Шу бепарво гаплари билан у Чачембани суриб қўйишни ўзига мақсад қилгани билиниб қолди.

Бу ниятни ҳамма тушунди. Қалдирғоч ҳам. Лекин у ноилож. Нима ҳам қила оларди. Яхши, деб у ҳам жимгина ўрнидан қўзғалди.

Қуддус: нимадир дейишни истаса-да, қўлини калласига қўйганча, ночорлигини англатиб, унга тикилганча қотди. Қуддуснинг забун ҳолатини кузатиб турган Зинат ўлганнинг устига тепкан қилиб:

− Қалдирғоч, Сизни боя расмингизни чизиб олишга улгурмадим. Энди афсус чекяпман, шунчалик тенгсиз чиройга жуда яқин эдим, − деб энгашганча унинг қўлларига лабини босди.

– Ҳаддингиздан ошманг, дайди мухбир! Тентакман, ҳар нарсани алжирашим мумкин деб ўйлаяпсизми? – ёлғондакам жаҳл қилди Қуддус.

Сўнг, улар, тик турганча, гурунглашиб ҳазиллашарканлар, ҳар иккаласи давраларидаги гўзалнинг ҳар бир қараши, имо-ишорасига маҳтал, ҳушёр туриб унга кўз ташлаб қўярди. Қалдирғоч, эса, бир дақиқача ўйга чўмди: у бугун кетаркан, хайрлашиш онлари келди. Шу ернинг ўзида унга оқ йўл тилаб қолишим яхшимасдир, деган фикрда Сайкинга қаради:

– Зинат Муадович, йўлга тушадиган бўлсак, хонадан бирор нарса олмайсизми?

Сайкиннинг фаросати дарров миясига урди: “улар хайрлашиш олдидан ёлғиз қолгуси бордир”. Шунинг учун у ҳушёрлигини намоён қилиб, гапни кўпайтирмади: “яхши эслатдингиз.Хонада ишларим кўп. Сизни эса, узоғи билан ўн беш дақиқадан кейин фойеда кутаман, маъқулми?” – деди. Дўстим, сизга эса хайр, кўришмасак, деб у Қуддуснинг қўлини сиқиб, ўз хонасига шошди.

Хайрлашиш дамлари доим ҳадик-ҳаяжонда, бир оз ҳовлиқиш, андишага кўмилган тортиниш, кейинги дийдорларни кутиш умиди, амалга ошмаган орзу-армон тўла соғинч ва изтироб туйғулари билан уйғунлашган бўлади.

Қуддуснинг хонасига кузатиб кирганда, у яна янганинг оёқларига, пойига бош қўйиб топинди. Тиззаларидан қучди. Қалдирғоч, унинг сочларини бир зумгина силаб-сийпалади-да, дилга туккан сўзини ичидан суғургандек айтди: “Булар энди ортиқча, керакмас, Қуддус, тур ўрнингдан. Менга муҳаббатинг эмас, дўстлигинг зарур. Аслида, барча аёллар кабиман, кўриб турибсан, улардан фарқим кам. На фаришта, на паримас. Оддийгинаман. Бошқа бировни де, илтимос, уни севиб қолишингга имоним комил. Мени суйганинг каби, балки ундан-да кучлироқ севишга қодирсан. Буни мен сездим, ҳис қилдим. Иложи борича қанча тез топсанг, шунча соз. Унга уйлан, мен сенинг на ёринг, на севимлигинг бўлолмайман. Тушун. Мен оилалиман. Хайр!”

У шундай деб хонадан ўқдек отилиб чиқди, Қуддус эса чўкка тушган, кўзларида ёш силқирди.

Тушдан сал ўтганда бошқарманинг хизмат машинаси Қўйлиқдан чиқиб, Бўкага томон йўл олганда, орқа кабинада Қалдирғочни гапга солиб, элликдан ошган бўлса-да, ортиқча эт битмаган, миқти қоматли, баланд бўйли Зинат кетарди.

– Ҳаётда Платон муҳаббатидан давомийроқ туйғулар йўқ. Маънавийлик тамом моддийликка алмаштирилса, ҳаётга қизиқиш йўқолади. Хаёл, хаёл ва фақат хаёлгина энг юқори ноталарда, севги рапсодиясини чалиб бера олди. Дунёни бошқача кўз билан кўришга ўргатади. Оёғингиз остидаги чумоли ҳаракатига, тинимсиз заҳматига шерик бўлиш бу ҳаёт қонуни эканлигини англатади. Капалакнинг қисқа умри инсон учун эмас. Енгилтаклик аёлни безамайди. Севишганларни бездириб, жазманларини кафангадо қилади. Зеро, энг олий туйғуларгина одамларга берилган бўлсаю, уни бебилиска пулни сарфлагандек, ўнгга-чапга тарқатиш гуноҳ. Айниқса, ҳусну жамолини Эгам алламбало қилиб яратган аёлларга бу ўгитларга амал қилиш қийин. Шундаймасми?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации