282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Абдужаббор Обидов » » онлайн чтение - страница 24

Читать книгу "Икки жаҳон оворалари"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:20


Текущая страница: 24 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

− Нега кийимларимни ечдинг, девона. Аҳмоққина!

Қуддуснинг айби… Унинг қусуқ теккан куйлакларини ечиб, янгани душ остига тиқибди. Ўзига келиб уйғонган янга, эгнида янги либослар, ювилган куйлагини ванна қуритгичида кўриб ҳангу манг бўлибди.

Қуддуснинг бу қилиғидан ҳарорати мингга чиқиб, диванда ухлаб ётганида унинг тепасига бориб, уйғотиб ҳайдади.

− Шундоқ қилсам дуруст бўлади дегандим.

− Яхши бўлар деб ўйлаганмиш! Хотининг бўлмасам, сен учун бегонаман, тентак! Кўзларингга энди қандоқ қарайман!

− Кечиринг! Куюнчаклигим панд берди.

− Шу воқеалардан кейин сени кўргим келмаяпти. Кет, илтимос…

У Қуддус шартта туриб кетишини кутди, қараса уни қимирлатиш қийин, кўзни шамғалат қилиб, қуриган кийимларини кийиб, сутранг кичик сумкачасини қўлтиғига тиқди. Баланд пошна учли туфлисини топиб, оёғига илди, зинага чиқиб, кўча эшикни юзига ёпдиям, Қуддус уйғонмади. У самолётда ҳам ухламай, бу ёқда бу югур-югурлардан қаттиқ чарчаганидан кўзи юмилиб, очолмай ётарди.

Гиляровский кўчасидан Зеленодольскаядаги меҳмонхонага таксичи ўн сўм сўради. Қалдирғоч индамай бош силкиди-да, орқа ўриндиққа чўкдию кўзи юмилибди. Қулоғига: спящая красавица, приехали, деган сўзларни кекса ҳайдовчи бир-икки бор этиб, секин елкасидан туртганда уйғонди. Пулини бериб, раҳмат деганча, меҳмонхона эшигини қоқди. Мазмунан швейцар кираверишдаги диванда мудраб ётарди, шекилли, бирмунча вақтдан кейин эшикни очди-да, «Соат тўрт. Соғ одамлар аллақачон ухлаяпти», деб пичинг билан уни киргазди. Лифтда у тўртинчи қаватга кўтарилди. Қават навбатчиси, калитни узатиб: тўйда шунча кўп ўтирдингларми, сизга ҳавасим келаяпти, деб калитни узатаркан, унинг аҳволини кўриб, ичида, бу офатижон аслида қаерлардадир сандироқлаб келаётган бўлса керак, деган ўйда тикилиб кузатди. Қалдирғоч, эшик қулфига зўрға калитни туширди. У ҳамон ширакайф аҳволда эди, ичкарига кира солиб, бор кийимларини шкафга ирғитди-да, тунги куйлагини пала-партиш кийганча ўзини тўшакка ташлаб, чойшабга ўраниб олди. У беш дақиқа ўтмасдан қотиб уйқуга кетди, аммо узоқ ухлай олмади. Кўнгли беҳузур уйғонди. Ўрнидан туриб, чайқалиб бораркан, музлаткични очди. Ҳўл мева, сур гўшт, лимонад, газли сув ва бошқалар бор эдию, қатиқ топилмади. Навбатчидан сўраб кўрсинми? Юзи чидамади.

Саҳарлаб Никита қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўради. Тун билан кутдим, қаерга кетиб қолдингиз, хонангизга нечанчи марта сим қоқдим, деди. Кайфиятингиз яхшими?

− Яхши, фақат кўнглим беҳузур, − деди у.

Бир зумдаёқ етиб келган дўсти унга кефир тутаркан: бизникига ҳозироқ кетамиз, бир-икки кун парҳез лозим, йўқса касалхонага ётсин, лекин ўзим қараганим дуруст, деб ойим тайинлади.

Қалдирғоч «ҳечам керакмас, ўзи ўтиб кетади. Бу биринчи мартамас», деб важ келтирди. Аммо, кетма-кет Инна ҳаллослаб пайдо бўлди-да, аҳволини кўриб, мен ҳам хабар олиб тураман, юр, Евдокия Платоновна қўймаяпти, уларникига борамиз, тур деб, Никита иккаласи икки тарафдан зўрға уни кўндиришди.

Биринчи куни фақат қайнатилган гурунч, юмшоқ овқатлар: пюре, бироз бўтқа еб парҳез қилганига иккинчи куни у анча ўзига келди.

Эртаси кунини Иннага бахшида қилди.

Иккаласи аёлларга тегишли гапларга берилиб, Инна янги ёридан сўзлаб, унинг ишга кетганини, лекин тезроқ уйга кириб келишига кўзлари нигорон эканлигини, унга жуда ўрганиб қолгани, худди авваллари бошқа ер шарида яшагану, ёнидаги одамлар ўзидан узоқ сайёраликдек туюларди, энди барча-барчаси мен каби оддий, мўъжаз табиатнинг фарзандлари меҳрли, меҳрибон ва азиз кўринади. Нима учун шундай Гуру? – деб сўрабди.

− Янги турмуш қургандаги дастлабки туйғулар туфайлидир, − деб суҳбатга унча қўшилгиси келмай, янги танишлари меҳмонхонасидаги диванда ёнбошлаб, чарчоқдан зўрға кўзини очаётган Қалдирғоч жавоб қилди.

− Гап оила қуриб бирга яшашда ёки ҳис, туйғудан ҳам кўра, сени кўпроқ тушунишларида, ҳурмат-иззат кўрсатишларида ва инсоний меҳр ва саховатда экан. Тўғрими, Гуру?

Қалдирғочни эсноқ тутди. Оғзини қўли билан паналаб гап қўшди:

− Балки, тўғридир!

Улар ҳар иккиси ҳам аёл қувончининг асосий кафолати муҳаббат дамларига ошнолигидан мамнун эди.

− Балки, енгил таомлардан тамадди қилиб олармиз. Сўнг бирор соат ухлаб оларсан, − деди дугонаси унинг кўзлари юмилиб кетаётганлигини англаб.

Бу таклифни янга индамай қабул қилди.

39. ЎЗИНГНИКИДАН ЎТАДИГАН МЕҲРИБОНЛАР

Шомдан кейинги пайт эди.

Унинг ҳолатини кўриб, сал кўнгли тўлган Евдокия Платоновна, «Тузалиб қолдинг, рангингга ранг кирди, лекин кўп қадаҳ сунишингга сабаб нима?» – деб гапга солди.

− Ҳимм.

Қалдирғоч индамай бошини эгди.

− Қара, спортчилардек қоматинг бор. Уни хароб қилиб, шундай гўзалликдан тезроқ айрилгинг келяптими!

У Никитани нариги хонага ҳайдаб, янгани жиддий суҳбатга тортганди.

− Эшитдим, боланг битта экан. Иннага айтибсан. Бошқа туғсанг бўлмайдими. Соппа-соғ. Тўрт мучанг бут. Балки қиз туғарсан. Бир умр қиз кўришни хоҳлаган эдим. Парвардигор ўғил берди. Қиз болали уйларга ҳавасим келади.

− Ҳимм.

− Нега индамайсан. Балки мен билан гаплашгинг келмаётгандир.

− Билмасам.

− Ким этади сени ҳар қандай эркакни ҳам юраги дов бермайдиган тепаликдан сувга сакраган дадил жувон деб. Ўзингни қўлга ол ва муаммоларни якка ўзинг ечишни бил. Ёшинг ўттиздан ошган бўлса.

− Ўттиз икки.

− Ўттиз икки жуда яхши ёш. Демак, ҳали ҳаммаси олдинда. Нега туққинг келмаяпти?

− Қаердан олдингиз бу гапни?

− Ёки пленкаларни ювиш, тувакларни тозалашни ёқтирмайсанми?

− Жон деб ювган бўлардим, парвардигор яна фарзанд берса.

− Нима, эринг истамаяптими? У ҳолда, қулоқ солиб ўтирма унга.

− Эрим қарши эмас, лекин унда айб бор-да.

− Ростданми? Эшитмаган эканман. Сенинг оилангни бутунлай мукаммал деб билардим.

Евдокия Платоновна ҳайратланиб унга қараб қолди.

− Шунақа дегин!

− Ҳимм.

− Э-ҳей, бечора! Қарасам сенинг дардинг ичингда экан. Ичкиликка ружу қўйганингча бор. Лекин бу оғир аҳволдан қутилишнинг тўғри йўлимас.

Шундай деб, мезбон аёл нариги хонага чиқиб, кимгадир телефон қилди ва уни тезда келишга кўндирди.

− Менга қулоқ бер. Ҳозир дўхтир-психолог келади, ўша билан суҳбатга кирасан.

Хорхина янганинг буришаётган юзини кўриб, қўшиб қўйди:

− Йўқ дема, неча йиллик тажрибаси бор. Унча-мунча одамлар илтимос қилса-да вақт топа олмайди. Графиги доимо тиғиз. Сенга қандай яшаш кераклигини уқтириб қўйсин, бўлмаса жамиятда ўрнингни топсанг-да, чиройли аёл мақомида ўзингни тақдим этишда бир оз оқсаяпсан.

− Евдокия Платоновна, шу нарса менга керак деб ўйласангиз хато қиласиз.

Бирор соатлар ичида кириб келган психолог, ўзига яхши қараган, қомати тўлароқ бўлса-да, эгнида ўзига ярашган кийим кийган ўрта яшар аёл эди.

Уларнинг суҳбати меҳмонхонада кечиб, узоқ давом этди.

Қалдирғоч ёшлиги ўтган жойлар, иши, оиласи, ота-онаси, дунёқарашлари, яшаш тарзлари, ён-атрофини ўраган дўст, дугоналари ҳақида тўлиқ гапириб, ичини бўшатиб олди.

− Евдокия Платоновна тўғри айтибди, сизнинг муаммоларингиз оилангиз ичида. Эрингизни ёқтирмай қўйганингизга қанча бўлди?

Янга психологни даб-дурустдан берган бундай тик сўроғига жавоб беролмай ўйлаб қолди.

− Мен эримни яхши кўрмас эканманми?

− Йўқ!

− Ахир.

− Унга суяниб қолган бўлсангиз, эҳтимол.

− Шунақами?

− Кўпгина шарқ оилаларига хос одат.

− Нима, бу ёмонми?

− Бу ҳолда яшаш тарзингиз қизиқроқ бўлиши, овуниб юришингиз учун кўпроқ бола кўриш мақсадга мувофиқ.

− Бу қийин масала. Эрим касал.

− У ҳолда депрессия ҳолатидан чиқишингиз мушкул экан.

− Депрессия. Мен ҳам беморманми?

− Ҳа, бу беморлик ҳолати ҳисоб. Эркинроқ, хурсандроқ яшашингиз учун сизга фарзанд керак.

− Битта фарзандми?

− Иложи бўлса, иккита, учта.

− Ўғлим бор, олти ёшдан ошган.

− Унга меҳрингиз камроқ экан! Нега!

Қалдирғоч дўхтирга лол бўлганча тикилиб қолди: қандай қилиб ичимдагини сезди, деб ўйлаб.

− Ҳайрон бўлманг! Эрингизни айби бўлса. Болангиз характери ёки туси сизга ўхшамагани учун унчалик меҳрингиз йўқлигини айтишим мумкин.

− Ўғлим бошқа никоҳ билан туғилган, аммо у ўта тўполончи, шўх, ёмон қилиқлари кўп, − деб юборишдан ўзини сақлаган янга: − ҳа, чиндан уни ортиқча бағримга ҳам босгим келмайди, менга ўхшаш тарафлари кам, − деб қўя қолди.

− Сиз ўзингизга ўхшаган қиз туғиб олинг. Ўшанда муаммоларингиз қисман камаяди.

− Қаердан оламан ўша чақалоқни?

− Эрингизни бу ёққа чақиринг. Яхши дўхтирлар бор. Шифолаш курсидан ўтса етарли. Ҳеч бўлмаса сунъий амаллар танланар. Фақат бу муолажалар бироз чиқимли.

− Тушунаман. Эрим майли, қайнанам бунга кўнармикин?

− Қурумсоқми? Пулда муаммо борми?

− Гап унда эмас. Тошкент дўхтирлари шифолай олмаган, бошқа ёқларда афсун ишлатилса керак, деган фикрда у.

− Сиз қаттиқроқ туринг, йўқса ажрашаман, бошқа эр қиламан денг.

− Барибир у уйдан ўз хоҳишим билан кетолмайман. Шундоқ бўлгач, ёлғон гапиришга не ҳожат!

− Бошқа иложи йўқ. Шантажсиз иш битмайди.

У мезбонни чақирди.

− Евдокия Платоновна, ўзингиз ҳам тушунтириб қўярсиз, катта амалдор билан сеансим бор, шошмасам бўлмайди.

У кетди.

Қалдирғоч бир оз ўйланиб қолди. Эртага Тошкентга қайтмоқчи эди, негадир уйига қуруқ – натижасиз қайтгиси келмай қолди. Шунча янги гап, доктор тавсияларидан кейин бирортасига амал қилиш зарурлиги кўнглида уйғонди, туртки берди. Психолог таклифи бошида ғужғон урар, ойимга телефон қилсамми, ёки Гулягами. Уларининг фикрларини билсам бўларди, деганча ўйга чўмди. Аммо шу тобда, уй соҳибаси: бошқаларни аралаштириб гапни кўпайтирма, эрингни чақир, етиб келсин. Сирни бошқаларга очмай тур. Кейин айтасан, деди.

Янгага бу маслаҳат маъқул келиб, эрига қўнғироқ қилиб, эртагаёқ етиб келишини талаб қилди. Акобир осонгина кўниб, саҳардаёқ Москвада эди. Сафар харажатларига Илғор ёрдам бериб, авиабилет олишни ҳам бир зумда ҳал қилиб берибди. Бу укам роса учар-да, деб ўйлади янга.

Хусусий ҳолда хизмат кўрсатаётган олий тоифали врач Беркутова ёш бўлишига қарамай тиббиёт фанлари доктори, «Менга Надежда деб мурожаат қила қолинглар. Осиёлик пациентларим бўлишидан хурсандман. Бувам Тошкентнинг Қиёт маҳалласида яшаган эканлар. Сизларга фойдам тегса, ўша ерларга таклиф этиш ёдингиздан чиқмасин», деб кулди. У анча очиқ чеҳра шифокор экан. У Акобирнинг анкетасига қараб, Қалдирғочни бошқа кабинетига судраб, сўради: Эрингизни эси сал кирди-чиқдимасми?

− Қаердан билдингиз.

− Ҳа, қоғозларда бу ҳақда битилган. Миясидан яқинда лат ебди. Уни яхшиси, аввал онкологик касалхонада шифолатиб олсак-чи?

− Онкологик касалхонага ҳам ётқизиш ниятим йўқ эмас. Фақат у ерга аввалроқ навбатга туриш зарур экан.

− Тўғри. Бироз кутиш керак.

− Ёки сиз бу масалада ҳам ёрдам бера оласизми?

− Ҳимм.

Беркутова бироз муғомбирона янгага кўз ташлади.

− Йўқ деманг! Хизматларингиз қадрланади.

− Сиздек гўзал аёлнинг илтимосини рад этсам бўлмас, − деб Беркутова илжайди. Бу унинг розилигидан аломат.

− Ташаккур.

− У ҳолда ҳаммаси ойдиндек равшан. Ваъдалашган масала ҳам кун тартибидан олинмайди. Шундекми?

У худди ўзига гапиргандек, ўзбекчалаб: барча умидим сизлардан. Аввал марказга, кейин касалхонага эримни жойлайман. Муҳими фарзанд бино бўлса, деди ва Беркутовани ҳайрон ундан жавоб кутаётганини англаб, русчалаб: албатта, олинмайди, деди.

Акобир шифолаш курсини бошлаши учун лицензияси бор бир кичик марказга ётқизилди.

Беркутова курс охирида олинган таҳлил қоғозларига кўз қирини ташлаб, ўйлаб қолди-да, сўнг бир зум ўтмаёқ унга Қалдирғочни таништирган психологга қўнғироқ қилиб узоқ маслаҳатлашди.

Бу вақтда Қалдирғоч ва Акобир таксида шаҳар четидаги онкологик касалхонага кетаётган эди.

Абрам Наумович, истеъдодли шифокорлардан, ўз ишини устаси, унинг ҳузурига кириш учун аввалдан таниш-билишни ишга солиш, кимдир орқали қўнғироқ қилдириш лозим бўлар экан. Беркутова, улар билан хайрлашар экан, Гуру, илтимос, бошқаларга бизнинг шифоларимизни реклама қилманг, барибир уларга вақт тополмаймиз, сиздек марҳаматли гўзалдан таниш орттириш хурсандчилигига эрингизни даволашга кўндим.

− Ташаккур. Бу эса хизматларингиз ҳисобига.

Беркутова узатилган пулни дарров олмай, сўз қўшди.

− Ҳаётда гап фақат пулда эмас, яхши муносабатлар, бир-бирини қўллаб юриш ва ҳаёт кемтикларини тўлдиришда дўстона кўмак жуда муҳим.

− Менга бу гапингиз ёқди. Ишончим комил, биз ҳали кўп учрашамиз.

Қалдирғоч, ҳечам қўймай, пул солинган конвертни дўхтир қўлига тутди.

Беркутова, халатини ён чўнтагига конвертни тиқар экан: ўзингиз биласиз, Абрам Наумович билан гаплашиб қўйганман, ҳозироқ боришларингиз мумкин, деди.

Тажрибали мутахассис алоҳида хона ажратишга ваъда бермади, бутун Иттифоқ бўйича келадиган беморлар кўп, лекин энг яхши вариант, тинчроғи, икки кишилик хонадан койка ундириб, Акобирни бирпасда жойлади. Сизлар кетаверинглар, анкетадаги ёзувларни ўрганай, кейин таҳлил, муолажаларини бошлаб юбораман, кўнглингиз тўқ бўлсин, деб улар билан қуюқ хайрлашди.

Қайтишда, Қалдирғоч қаттиқ чарчаган эканми, такси машинаси ўриндиғига чўкиши билан мудрай бошлади.

Беш-олти кунлик муолажалардан кейин эрини кўргани борган Қалдирғочга Абрам Наумович: «Сиз кетмоқчи бўлсангиз, Тошкентга учаверинг, яна бироз, тахминан, йигирма кунлик муолажа, процедураларни олсин, кейин натижаси маълум бўлади, кўнгилни кенг қилинг, ажабмас шифосини берса», деб аввал бир оз умид берди. Янга энди чеҳраси очилиб, ташаккур изҳор қила бошлаганди, қўлидан тутиб, сўзини бўлди.

− Фақат, сиз шошиб кетманг! Ўзингиз биласиз, йўқотилган хотира тикланмайди. Бош қовоғида негатив ўзгаришлар йўқ эмас, бор. Фақат улар зарарлими, ёнига, атрофига тез тарқаб кетмайдими? Хавотирим ўшандан. Фаоллашиб кетмаслигини олдини олиш зарур экан.

Қалдирғоч: Эрим умри қисқаряптими? Ўлиб қолмайдими? деган сўроғига, бу шифокорнинг усталик билан: ҳамма нарса парвардигор қўлида, деган жавобидан эрига ачиниб қараб қўйди-да касалхонани тарк этишга шошилди. Унинг бўғзига ёш қуйилиб келарди.

Қалдирғоч ўша куни Домодедовадан Тошкентга учди. Мен билан аэропортга бирга чиқманг. Ўзим кетаман, деган сўзларини инобатга олмай, кечки рейсдаги самолётга дўстлари кузатиб қолишди.

Инна: «тақинчоқлар учун раҳмат! Қарздор қилиб қўйдинг», деди. Қалдирғоч: «Нималар деяпсан! Сизларни тўйларингиз баҳонасида бу ёққа келгандим, шунча кўп воқеалар бўлдики, бир умр эсимда қолса керак, жонгинам Инна», деб дугонасини бағрига босаркан, эрининг аҳволи унча яхши эмаслигини ҳали ҳеч кимга овоза қилмаганим тўғри бўлди, шекилли, деган ўйда уларга сир бермай, илжайишга ҳаракат қилиб боқарди.

40. ИШ БИЛАН ЧАЛҒИГАН ЯХШИ

Учиш давомида уни безовта қилмасликларини оқ кофта, кўк юбка, бошига кубанка шаклидаги кепка кийган сал тўлароқ, лекин ёш, қошлари қалингина стюардессадан илтимос қилиб, белига хавфсизлик камарини таққанча уйқуга кетган Қалдирғочни, биқинига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” деб ёзилган, Ил-62 самолёти Тошкент осмони устида қўниш учун пасаяётганда уйғотишди.

Эсон-омон етиб келгани шукронасини айтиб, кутиш хонасида багажини пойларкан, шошилмасди. Ташқарида ҳеч бир яқинлари келмаган. Ўзи ҳам кутиб олинглар, деб қўнғироқ қилиш, жигарларини овора қилишни ўзига эп кўрмади. Кейин уларнинг оилаларида, четга, хорижга чиқиш Тошкентга бориб келиш билан баробар саналади. Адаси, опаси йилига неча марталаб Россияни марказий шаҳарларида хизмат сафарида. Чурқ этишмайди. Қалдирғоч Тошкентдан Бўкагача таксида етиб олса бўларди, аммо бундай пайтлари ёлғиз ўзи кетишга чўчиди. Шаҳар ичида таксида юриш бехавотир, бироқ четроққа аёл боши билан боришга жазм эта олмади. Яхшиси, Машҳура опасиникига боради. Кеча телефон қилса, келавер, сўраб ўтирасанми, деб қистаган. Қуруқ бормай деб, яхши чой, бир коробка шоколад сотиб олган. Бу опаси аэропортга яқин, Пединститутнинг ортидаги кўчалардан бирида, ҳовлида яшайди.

Машҳура бир қоп ёнғоқ, уни бағрига босиб кўришаркан, бунча рангинг тоза. Очилиб кетибсан, олиб келган шоколад қутичасини эса ҳозироқ очамиз. Чойинг ҳам асл ҳинд чойи экан. Қани тўрга ўт, деб ишком остига қўйилган кравотга бошлади. Оёғини чўзиб, атлас гулли Тошкент пиёласида чойни ҳўпларкан, Қалдирғочни жисмига сокинлик кирдию, кўнглига ваҳма тушди. Бир неча кун ердан узилиб қолган оёғи уни яна оддий турмушга, кундалик югур-югурларга солиши хаёлини эгаллади, ўшанга опасининг саволларига жавоби, бир турда: «яхши, бир нави» бўлди.

− Кимнинг тўйи эди? Яқинда танишганман дейсанми?

− Бир йилча бўлди. Ўқиган интеллигентлар, лекин оддий ва самимийликда уларга ҳеч ким етмайди.

− Мен ҳамми?

− Сиз бошқача тоифа одамсиз? Беғараз, очиқ…

− Ҳам дангалчиман, − деб шарақлаб кулиб олган Машҳура, уни кутилмаган сўроққа тутди. − Қани жавоб берчи, Москвага анаву хира дўстинг келмадими?

Гап ким ҳақида кетаётганини англаса-да ёлғонлади.

− Нималар деяверасиз эрли жувонга! Акобир акани касалхонага ётқазиб келаяпман.

− Ростданми? Онкологическийгами. Яхши қилибсан. Ундан умид борми ўзи?

− Номаълум.

− Эринг ўлиб қолса-я? Унда, мендек…

− Опа, бундай гапларни қўйинг. Одам ишни соғинди. Қандай топшириқлар бор. Қалдирғоч дилга хиралик туширадиган мавзуни ўзгартириб, Машҳура опасининг кўзларига маҳзун қаради.

Машҳура опа улар мактаб болаларининг дам олиш мавсумига Ангрен, Олмалиқ атрофидаги лагерлар тайёргарлигини текширишга бирга боришлари ҳақида гапирди. Бир оз ўтиб, бошқармага бирга жўнашди. Тушгача у ерда бўлган Қалдирғочни Бўкага ташлаб келишни опа ҳайдовчисига тайинлаб, янгани бағрига босаркан, доимо мана шундай очилиб юр, деди.

Уйга келганда ҳам ўзини сипо тутиб, қайнанасига, ўғлига олган совғаларни ёйиб, уларнинг кўнглини хушнуд қиламан деб ўйлаганди, лекин бундай бўлмади. Ўғли бўйнига осилиб, онасининг икки бетидан чўлпиллатиб ўпганча, қўлига теккан совға: машина ўйинчоғини кўтариб нариги хонага югурди. Эй, болам, мурватини – калитини ол. Бурсанг юради, дейишига қарамай, орқасига қайтмади. Барибир қулоқсиз-да. Ҳеч бир тарбияни тан олмайди, деганча янга қайнанасига қаради. Кампир совуққина сўради:

− Акобирни ёлғиз ўзини ташлаб кела бердингизми?

− Ойи, ишга чиқишим керак. Ишончли дўхтирларга қолдирдим, ўзлари билетигача ҳал қилиб, жўнатиб юборишни бўйинларига олишди.

− Ўша бединларга ишониб ўлибманми. Улар ғирт аферист бўлишса керак?

Қалдирғоч: умрида уйдан бир қадам ҳам ташқарига чиқмаган одамнинг гапи. Уларнинг билимлари қанчалик ўткирлигини билсангиз эди, деган хаёлда индамай қўя қолди.

Эри Московдан келгунча қайнанаси совуққина сўрашиб, ортиқча савол-жавобга тутмасдию, уни ўтирган-турганини кузатиб, ҳар ҳаракати, гап-сўзи, имо-ишорасига эътибор бериб безор қилди. Йигирма кун деганда Акобир келди. Бироз эт босган, бетлари оқарган. Онаси аллада азиз, тўрвада майиз қабилида ўғлидан кўз узмай, қай ерга ўтирса, тагига кўрпача солар, олган муолажаларини ипидан-игнасигача суриштириб, дўхтир, ҳамширалар яхши қарашдими, битта ўзинг қолиб кетмадингми? Ош-овқатларинг етарли бўлдими? деб гапиришга ундарди. Умумий сўрашишлардан кейин, асосий масалага урғу бериб, анаву болага ёрдам бераман деган дўхтир нима деди, хотининг доим ёнингда юрдими? Улар ишончли одамларми? – деган саволларга ўтганда, ўғли айниб қолди.

− Эй, ойи, ошингиз қачон пишади? Гуручни солинг, ҳозир Қалдирғоч келади, − деб ўрнидан туриб, молларга қарашга чоғланди.

Хуфтонда, ой нури хира ёритаётган ҳовлида анча вақт янга айланиб, унинг чегарасига, тўлиб оқаётган сойга яқинлаб, туриб қолди. Боши оғир, руҳи ҳадикда. Эрим ҳали нима гапларни топиб келди, деган ўйдан гирён. Осилган мажнунтол шохини тортиб ўйга ботганди.

− Нима қилсам экан! Ёрилиб кетай деяпман.

Шу пайт, унинг хаёлий сукунатини бузиб, таклиф эшитилди.

− Чўмилмаймизми?

Янга эрининг овозидан чўчиб, ортига қаради. Унинг қўлида янганинг халати, катта сочиқ бор эди. Бу яхшилаб кўришишларига айни муддао шарти эканлигини Қалдирғоч тушунди, индамай бош эгди ва «аввал сиз» деди. Эри сувга ўзини отди. Қулоч ёзиб, озгина сузгач: сув муздек эмас. Илиқ. Тушаверинг, деди.

Қалдирғоч қандай тушаман, деган ўйда иккиланиб турарди.

Акобирнинг норози овози келди.

− Ҳа, курортларда бемалол чўмилган, мендан уяляпсизми?

Шу бир оғиз гапдан, янганинг кўнгли вайрон бўлди. Чўмилган бўлсам, ҳамма қатори кийимда эдим, кейин кўпчилик ичида беғараз қарашлар одамни ноқулай аҳволга солмайди. Мақсад: дам олиш, офтобдан керакли нурларни баданга сингдириш, сиҳат-саломатликни танга бахшида этиш. Шуни ҳам фарқламаса. Аммо, у бу ҳақиқатни эслатиши бефойда эканлигини англаб, бироз дағалроқ, қўрсроқ бўлиб қолган эрига кўзини лўқ этиб тикди-да, шартта сийнапўшини ечди. Уни мажнунтол шохига илганча, сувга шошилмай юрди. Эри уни биринчи марта кўраётгандек, бақрайиб қолганини сезгани сайин, ҳаракатлари сусайиб, андишаси қўзғарди. Ниҳоят у сувга тушиб, бир-икки шўнғиб олди ва сўнг қурбақа усулида сузишга бошлади. Бироқ, эри ўзини борлигини билдириб қўйгиси келгандек, жўрттага сувни шалоплатиб ёнидан ўтди.

Қалдирғоч катта сочиққа ўраниб артинаркан, ниҳоят ўзини уйдалиги, жонажон ҳовлисида, баҳорда лойқаланиб, ҳозир анча тиниб қолган сойида ҳузур қилганини англади ва ҳеч қачон ўзга юртларнинг кенг уммонли денгизлари бор масканлари ҳам бунчалик меҳрини қозона олмаслигини фаҳмлаб, мажнунтолларнинг баргларини бирма-бир узиб сувга отгиси келди. Халатини кийганини билади, кучли қўллар ўзига тортди. Бағрига босди. Янга бунга ҳам кўникаман, бу ҳовлидаги фароғатим шунга боғлиқ деб ўйлаб, кенг елкаларга истамайроқ бошини аста қўйди. Қалдирғоч, кейинги ҳаётида мавқе ҳам жуда зарур бўлишини ҳис қилиб, ўзини ишга урганди. Уни жойидан топиб бўлмас, лагерь, дам олиш уйини, вилоятга тегишли санаторийларнинг шароитини ўрганиш, таҳлил қилиш, дам олувчиларнинг фикрини сўраш билан кунни кеч қиларди. Узоқроқ жойларга бориб қолсагина ўша ерда тунаб қолар, бошқа ҳолларда уйига шошарди. Энг қизиғи, ичкиликни оғзига олмай қўйди, ҳатто, нозик одамларнинг қистови ҳам инобатсиз қолади. Анча жиддийлашиб, юриш-туришига салобат қўр ташлаган, ота-онасига ташрифи ҳам камайиб, борганида ҳам салом-алик, ҳолаҳвол сўрашдан нарига ўтмас, нолиш, уйидаги муҳит: қайнанаси ёки эридан ҳасрат қилиш у ёқда турсин, бир оғиз ёмонламасди. Дугонаси Гулсинани ўзи кўргани келмаса, уни ҳам эсламайди. Ишхонада ҳам фақат ишдан гаплашади. Биринчининг олдига чақиришса керакли рақамлар, фактларни қисқача баён қилиб ҳисоботга ажратилган вақт доирасидан чиқиб кетмас, туман мактабларида ўқиётган болалар, болалар боғчаси контингентининг йилдан-йилга ошаётгани, умуман туман аҳолиси кўпаяётгани статистикаси билан қизиқиб, ҳисоботларига қўшади. Тиббий ёрдам кўрсатаётган касалхоналарда хизмат кўрсатиш кўнгилдагидек эмаслиги, малакали кадрлар, медикаментлар етишмаслиги ҳақида бонг уради. Миндибаев навбатдаги мажлисдан кейин уни қолдириб, гапга солди.

− Қалдирғоч, сен ўзгарип кетибсан-ғўй!

− Йўғ-эй!

− Ҳадеб муаммоларни санайсен.

− Ҳимм.

− Уларни битказиш сенинг-де вазифан-ғўй.

− Менинг.

− Шуйтиб, ўйлаб кўр. Жахшими?

− Хўп бўлади.

Қалдирғоч Машҳура опасидан ҳам гап эшитди.

− Текширгани борган жойларингдан қоғоз топиб келаверма.

− Камчиликлар чиндан мавжуд. Бор фактни битганман.

− Биламиз. Лекин ноғора қоқиш ярамайди.

− Унда нима қилай?

− Актини қилиб, жойида уларга танбеҳ бергину, ҳайфсан эълон қил. Лекин тумандан ташқарига чиқарма. Сифатсиз овқат, гигиена бузилаётган бўлса, меҳнат дафтарчасига ёзиш шарти билан ҳайфсан. Кўрибсанки, олам гулистон. Лекин ишдан олишга ҳеч қачон шошма.

− Ҳимм.

− Тушунарлими?

− Сиз айтгандек қиламан.

Икки-уч ойлик шиддат билан ишлагани ортиқча эканлиги, ҳеч кимга ёқмай биров маъқулламаслигини англаган янга яна ўша эски, меланхолик Қалдирғоч Бориевнага айланди қўйди ва кун ора Қуддусни қўнғироғини кутиш билан вақтини ўтказадиган эрка, таннозроқ хонимча мақомига ўтиб олиб, иши бўйича бўлак ортиқча заҳмат чекмай қўйди.

− Ҳадеб севдим-куйдимдан сўз очаверманг, илтимос. Кўришганимизда айтарсиз. Телефон бошқаларга ҳам эшитилади, − деб Қуддусни огоҳлантириб қўйганидан, ўзи ҳам анча жиддий суҳбат қурар, лирикаси кўпайиб кетса суҳбатдоши билан хайрлашишга шошарди. Аммо, икки кундан ортиқ вақт ўтиб халқаро линиядан телефони чалинмаса, юрагига ҳадик тушарди. Мени эсдан чиқардими, деган ўй, балки севмай қўйгандир, деган хаёл қийнарди. Кайфияти тушиб кетиб, ишхонада очилмай юрган чеҳраси уйига кириб келганда ҳам намоён бўлар, шунда кампир: келин, бугун чарчабсиз-а, деб кутиб олар, ҳа, бугун иш кўп бўлди, деб у ёлғонларди. Минг бор узр сўраб, қўнғироқ келганда, у яна яшнаб кетар. Унинг нафасини эшитишни ўзидан юзига қувонч ёйилар, лунжини йиғиб ололмай жилмаярди.

Бу орада қўнғироқлар бирданига узилди қўйди. Қуддус ҳафта ўтиб, узр, ишим кўпайиб кетди деб бир-икки қўнғироқ қилдию, сўнг, узоққа кетяпман, чет элга ишлагани, телефон қила олмасам узр деб, у билан ҳорғин хайрлашди. Қалдирғоч, бу гаплар важ эканини, қанақа чет эл, хорижга чиқиш осон эканми, бу тўқима, баҳона, холос, деб хафанамо ўйлаб юрдию, лекин тезда чеҳрасига жилва ёйилди. Энди, ишхонада ўзимни кўрсатишга вақтим кўпаяди, миям ортиқча хаёлдан озод бўлади, бу севгининг ноз-фироқлари қурсин, деб ўйлади.

* * *

− Одамларнинг гап-сўзига эътибор берма. Яхши кўрсанг, олиб қоч. Шу ерларда юрсин Қалдирғочинг! Унинг қанотларини бойлаб қўямиз, қайтиб узоқларга учолмайди.

− Қандай қилиб?

Элия Қуддуснинг бу саволига жавоб бериш ўрнига, томорқаларидан юқорироқда ўсаётган улкан, камида юз йиллик ёнғоқ келбатига ишора қилди.

Қуддус бувисининг қиёсидан: ёнғоқни унча-мунча шамол жойидан қўзғата олмайди. Чунки палак ёзиб, туб отиб, илдизлари чуқурлаб кетган, деган маънини англаб, ўйлаб қолди.

− Билмасам.

− Хонанг деворига ёпиштирилган суратлар айтиб турибди. У фикрли аёл. Бекоргамас дўстлиги ва қатъий ишонч билан айтаманки, сенга кўнгли бор.

Эркалаб ўстирган неварасини бор сир-синоатидан хабардор бувиси унинг муҳаббатини айб этмас, эрли жувонни севиб қолганини биринчи бор эшитганда койиганди, аммо унинг шарқлик эканини, туриш манзилини билгач, лабини тишлаб, индамай қўйди. Кейинчалик, икки йилдан бери бу гўзал фироқида жизғинакдек ёнаётган неварасига, у сени кўксингдан итармайди, мана кўрасан, ҳаракатингни қил, йўқса йиғиштир бу оҳ-воҳларингни, деганди.

Элия қулоғи оғир бўлиб қолган Ҳамзатга бу гапларни айтиб ўтирмай, катта дарахт соясида ястаниб чой ичиб ўтираркан, хаёли неварасида, бугун уларни кўргани келиши ва эртагаёқ дам олиш уйига кетиши керак. Ҳар ҳолда шундоқ ваъда бўлганди.

Қуддус етиб келдиям, буваси билан тезда қучоқлашиб кўришгач, бувисининг оёғига энгашиб, тиззаларига бошини қўйди.

Элия тушунди. Айтганидек бўлибди, шекилли. Қуддуснинг кўзларидан сезди. У ажин босган юзларини иршайтириб, мунчоқдек кўзлари ялтираркан, ичидан: Қуддус, ўзингни қийнаб, ғам-ташвиш чекма, муҳаббат шунақа, гоҳида бепардаликни истайди, деган ўй ўтди. Ҳамзат, уларни нимадандир хурсандчилигини фаҳмласа-да, сир бой бермай, катта, улуғвор одамларга хос табиатини намоён этиб, ҳеч нима сезмагандек, миқ этмас ва яхши навли сигаретни оғзида тутунини бурқсиратиб чекишда давом этаркан, вақти келиб хотини барини айтиб беришига ишончи комил эди.

Эртаси эрталабданоқ Қуддус нонушта ҳам қилмай ишига жўнади. Кўк жигулисида, тош босилган, илон изи, қинғир-қийшиқ йўллардан катта йўлга тушиб олгунча кузатиб, қараб қолишган бува-бувиси, сўнг ҳар бири ўз ишига уринди. Қария Ҳамзат, сўл қўлида бир тутам ивитилган буғдой поялари, бошқа қўлида токқайчи ушлаганча, хом ток қилишга шошилганча ўзини узумзорга урди.

Элия кампир дастурхонни йиғиб, идиш-товоқларни ювгач, ўзини ичкарига олди. Негадир, йўлакнинг ўнг тарафидаги ўз хоналари қолиб, тўғридаги меҳмонхона орқали ўтиладиган Қуддус хонасига кирди.

Хона нисбатан саришта. Ортиқча сочилиб ётган кийимлар йўқ. Фақат, дастрўмолларни танлаган шекилли, бир нечтаси столда ёйилган. У шкаф жавонини очиб, дастрўмолларга жой излаб, қўлини тиққанди, муқоваси қаттиқ дафтарга қўли урилди. Аввал ўқийдиган китоби бўлса керак деб фаҳмлаб, очса, неварасининг ёзишмалари экан. Ундан нигоҳини уза олмай, тик турганча, бироз кўз югуртирдию, кейин юмшоқ диван кравотга чўкиб росмана ўқишга тутинди. Дафтарда қуйидаги ёзувлар бор эди.


6/07/76 сана

Ошхонада икки дам олувчи шарқлик, Ўзбекистондан ташриф буюрган аёллар билан танишдим. Ўттиз ёш атрофида. Бири оч сариғи, дадилроғи тез танишишга ишқибозлардан экан, менга унча қизиқ туюлмади. Лекин иккинчиси: қорачадан келган, қош-кўзи қора, жуда жиддий. Бирам кўҳликки, ўзи ҳам бунақалигини билмаса керак.

P.S. Улар туфайли Света тўполон кўтарди.


30/07/77 сана

Қалдирғоч умрим мазмунига айланди. Юрсам ҳам, турсам ҳам хаёлимда. Бегона аёл туфайли картабозлар ичига кирдим. Улар билан жиқиллашдим, калтак едим ҳам. Нима бўпти, бу биринчи мартамас. Асосийси, у таъқибдан озод бўлди. Қани тирноқларини учини тегизиб кўришсин-чи!

P.S. Кузатишда йиғлаб, кўзимдан томган ёшларни бировга айтиш уят. Йигит кишига ярашмайди, деб кулишлари мумкин.


15/10/77 сана

У мени севмайди, шекилли. Лекин дўстим деб қўлини берди. Оилали аёлни севиб қолганим учун ўзимдан нафратланяпманми ёки йўқми? Тўғриси, менда жавоб йўқ. Ноилож, бу ҳам тақдирнинг иши, синови, шекилли, худди хотинимдан ажралиш қисматимда борлиги каби. Бор пулимни бергандим, Света ажримга қўл қўйди. Иккала фарзандимни ҳам ўзининг шаҳрига олиб кетди. Энди ҳаётни қайтадан бошлашим керак. Бувим ҳам ҳар гал овулга борсам шундан гапирадилар.

P.S. Қалдирғоч, сен ҳақингда уларга айтишга мажбур бўлдим, мени кечир, лекин бувим шарқлик эканлигингдан қанчалик хурсанд бўлиб кетганларини кўрсанг эди.


19/10/77 сана

Тошкентдан кечагина келдим. Қалдирғоч менинг ота-онам тўғрисидаги воқеаларни ўқиб, онам Махсуманинг ўзларидан эканлигини, унинг чидам ва саботга йўғрилган малакаси ва шифокорлик уқувидан ҳайратга тушгани, жуда ҳам қойил қолганимдан чакагим осилиб қолди, деди жиддий. Шундек миллатдошининг ўғли эканлигим учун дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга сўз бериб, «қайсидир хислатларингиз бизнинг одатларимиз билан уйқаш. Ҳайрон бўлгандим, сабаби топилди», деб суюнди.


13/07/78 сана

Қалдирғоч ҳечам хаёлимдан чиқмаса нима қилай. Беш-олти кундан бери дийдорига энди тўйдим деб юргандим, шуни ҳам Худо кўп кўрди. Туғилган кунимнинг эртасига, саҳарлаб қайдандир пайдо бўлган эри жанжал кўтарди. Ҳеч гап йўқ, шунча ғавғо. Лекин барибир ундан кечмайман. У менинг ҳаётим мазмунига айланди.

Бу гаплардан сўнг, Қалдирғочга битиб, поезд вагони ичида қўлига тутган хатлари ҳам дафтарда қайд этилганди.

Элия бу хатларни ўқиб кўзларига ёш келди. Неварасининг муҳаббатни шунчалик чуқур ҳислар билан талқин қилишга қодирлигидан ҳаттоки жуда суюнди.

Дафтардаги ёзувлар сўнггиси, кечагида невараси битган ёзувга навбат келганда, янада қизиқиши ошди. Аммо, бу ёзув унча узун эмас, қисқа экан.


7/06/79 сана

Қалдирғоч! Бошқа ҳеч қайси аёлни, энди ҳеч қачон сева олмаслигим аниқ. Мени бу дунёнинг оддий ва жўнлигидан айириб, ҳаёли, андишали оламнинг чуқур сирлари билан баҳраманд этганинг, кўнгилни бебош, хира ва пароканда кўчаларидан, ёруғ, нурафшон бахтга элтувчи йўлларга ошно этганинг, севиш учун қалб қўри, оташ, чўғ зарурлигини англатиб, мудроқ ҳисларимни уйғотганинг учун бир умрга миннатдорман. Ҳаётда мени ҳам севишган, дейишим энди ҳақиқат.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации