Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 25 (всего у книги 34 страниц)
Элия, невараси учун шод ёшларини тўкиб: раҳмат, келинимнинг элатдоши, гўзал хулқли неварам асираси, деб, Махсума билан боғлиқ ширин хотиралар гирдобида, креслога чўкканча анча ўйланиб ўтирди. Ичи нурланиб, кўзларига ёш келди.
41. КУТИЛМАГАН УЧРАШУВ
Ўша йили Оловиддинни фирқа, меҳнат, жамоат ходимларининг фаоллари йиғилишига юборишди. Шаҳардаги энг катта саройда ўтган форумда қатнашди. Сал кечроқ киргани учун орқадаги жойлар банд бўлиб, илгаридаги ўринларнинг бирига навбатчи бошлаб борди ва бўш жой кўрсатди. Хаёли тезроқ жойлашиб олишда бўлганидан, ён-атрофга ортиқча эътибор бермай, учта одамдан кейинги айтилган ўринга ўтирди ва трибунадан ваъз қилаётган фаолга нигоҳларини қаратди. Лекин, озгина вақт ўтмаёқ чап ёнидаги кимса унга тикилиб турганини ҳис қилди. Шунда ҳам қайрилишни истамай, чуқур нафас олиб, кўксини ҳавога тўлдираркан, аёл кишининг салом, деган овозидан ўгирилди.
Бу янга эди. Назокатли ўша қарашлари, виқорли туси сақланиб қолипти. Сочларини чиройли ўриб, қўнқайтирган. Эгнида тўқ рангли ўзига ярашган костюм-юбка. Қад-қомати ўзгармаган, бир оз ҳаттоки озган, шекилли. Ўша қалдирғоч қанотидек қош. Унинг остида кўзлари чўғдек ёниб порлаб турарди.
Йиғилишдан кейин улар Тошкент меҳмонхонасининг тепасида жойлашган ресторанда шошмай узоқ суҳбатлашиб ўтиришаркан: никоҳ кунлари, ундан олдинги воқеалар ҳақида на униси, на буниси бир сўз айтмасди. Кейинги ҳаёт тарзлари, ишлари, мансаб-мартабалари, турмушдаги баъзи муаммолари ҳақида сўз борди. Қалдирғоч шаҳардаги бир туман маориф бўлимида малакасини оширишда экан, у ерда танишган дугонаси бу йиғилишга бошлаб кела берибди. Йиғилиш залида бошлиғи ёнига чақирган дугонаси ноилож узрини айтиб, уни ёлғиз қолдирибди. Аммо, яхши келибман, сизни учратарканман, деб янга суюнди. Оловиддин ўзини ҳеч нима билмаганга олиб, фарзандлар борми, улар нечта, деб сўради.
Қалдирғоч унга ажабланиб қараб, унинг қўлига қўлини қўйиб, битта ўғил, деди.
− Ўғил денг. Яхши-ку!
Янга унга узоқ қараб қолди: билади. Ҳамма сирдан хабардор. Ўзим мақтаниб заводдаги хизматдошига айтган бўлсам. Ўсмоқчилаяпти. Мени ўғлим яхши ўсяптими деб сўрашга ботинмай, сиқувга оляпти.
− У сизнинг ҳам фарзандингиз, – деди.
− Ўғил меникими?
Оловиддин ўзини ажабланган кўрсатиб, янгага жиддий нигоҳини тикди: болага яхши қараяпсизларми?
− Ҳеч кимдан ками йўқ. Егани олдинда, емагани кетида.
− Гап фақат еб-ичишдами? Қишлоқ жойда ўқишдан қолиб кетмаяптими?
Қалдирғоч кулди:
− Бир вақтлар институтда ўқинг, деб тайинлагандим, энди ўқиш кераклигини сиз қайтаряпсизми? Ўзгаришлар катта-ку?
Янга Оловиддин юриш-туришига, кийинишига эътибор қилди. Нисбатан ораста, ҳамма қатори сипо костюм-шим кийиб олган. Оёғида чет элнинг туфлиси.
− Мен ўғлимни кўрсам дегандим.
Бу гапдан янга шошиб қолди.
− Равшан ҳали сиз билан учрашишга тайёр эмас. Илтимос, унинг фикр-ўйларини чалғитмай туринг. Майлими?
Янга Оловиддиннинг қўлларига қўлини босиб, ийдиришни кўзлади. Улар иссиққина эди. Йигит унинг юзига боқиб, ҳамон жозибали деб, қандайдир ўйга ботди.
Бу вақтда улар таомлардан музқаймоққа ўтишганди. Бироз жим қолишди. Шунда қўшни столдан уларни кузатиб ўтирган эркаклардан бири келиб, Қалдирғочни танцага таклиф этди. Янга, тезроқ жавоб бериб юборинг, дегандек Оловиддинга қаради.
Оловиддин, бизнинг гапимиз ҳали тугамади, деб эътироз билдирганди: «Бундай жойда гап нимаси, рақсга тушиш лозим», деди тепакал жойидан қимирламай. Оловиддинга унинг безбетлиги ёқмай, жаҳли чиқди. Бу аҳволни кўриб, Қалдирғоч унинг қўлларини маҳкам ушлаб олди. Йўқса у ўрнидан туриб жанжаллашиб кетиши, чиройли ўтиришлари бузилиб, ғалвага аралашиб қолишлари мумкин эди. Қалдирғоч сурлиги аниқ кимсага қараб жиддий тарзда сўзлади: «Менинг танцага хушим йўқ, илтимос, мени кечирсангиз», деб бошини чайқади. Тепакал ноилож кетди.
Янга Оловиддинни қўлини ушлаб олганча қўйиб юбормас, илтимос, тинчланинг деганча, силаб-сийпаларди.
Бир вақт, яхшиси юринг, театр майдонида айланамиз, деб янга ўрнидан турди. Пулни қачон тўлагани ёдида йўқ, Оловиддин Қалдирғочнинг ортидан индамай борар, чунки бояги дилхираликни асорати тез тарқамаганди.
Театр атрофида бир-икки бор у бошидан бу бошига юришди ҳам Оловиддин чеҳраси очилмай ўйга чўмганди. Янга унинг ўйчанлигидан ҳадикка тушиб, яна бир бор илтимосини қайтарди:
− Равшанни қайнанам жуда яхши кўради. Сиз уни сўраб бормайман деб сўз беринг! Хўпми?
Тушунарли, нима учун мени Қалдирғоч бу ерларга судрагани маълум бўлди. Мен галварс эса, бошқа ўйда эдим. Ё, Оллоҳ, нега мени ишқда толесиз қилиб яратдинг. Уни севиб келган эканман, ҳозир бу дардим янгитдан қўзғолди. Кампирга берган сўзим учун қошига бора олмайман, холос. Йигит сўзи битта бўлади. Яна лафзсизлик ёмон. Аммо, учрашувга ўзи чорлаган экан, лафзни бузган мен саналмасам керак, деб фикрлади. Ҳар ҳолда бу ўй-фикр унга маъқул келиб, унинг асл ниятини амалга оширишга далда берди, ўшанга у ультиматум қўйди.
− Васлингизни унута олмаяпман.
Янга унинг муддаосини тушунди. Хафа бўлди, аммо, жаҳли чиққанини билинтирмасликка ҳаракат қилди. Юзи қизариниб, бошини қуйи тушириб, шивирлади: сизга бўлган ҳурматим ўғлим туфайли. Мени қийнаманг. Соғ экансиз, хурсандман. Қизлар ҳам ўғиллар ўрнини боса олади. Мана кўрасиз. Яна улар биттамас, учта экан. Ҳеч қачон, ҳечам, ҳатто бировга бошқа ерда ўғлим бор деб айта кўрманг. Бир-бирига суяниб қолган ота-ўғил ҳурмати, бу гапларни ошкор этманг, илтимос. Ўшанда сизга бўлган муносабатим қадрини йўқотмайди, қиймати пасаймай қолади.
Оловиддин беихтиёр янгани ўзига тортиб: номерингизда гаплашамиз, деди. Қалдирғоч унга анграйиб қараркан, Оловиддиннинг ҳирс тўла нигоҳига чидай олмай, кўзини туширди. Унинг сўзидан қайтмаслигини англаб ўйлаб қолди.
Яширинча никоҳдан туғилган фарзанд овозасидан шарманда бўлиши, обрўйи тушиши мумкин. Маориф тизимида айниқса, бундай фактлар кўпчиликка эриш туюлиши турган гап. Бу сирни яшириш унга қимматга тушади, шекилли. Яна хиралик қилсачи?!
Ҳали номерда Оловиддин нима ҳунар кўрсатади, деган ўйда навбатчидан калитини олаётганида, унинг қизиқиб қарашларига эътибор ҳам бермай, минг бир ўйга ботганча қадам ташларкан, баланд пошнали туфлиси паркет полда текис дўқилларди.
Номерга киришлари билан Оловиддин ҳе йўқ, бе йўқ байт ўқиди:
Қачонлардан бери армон васлингиз,
Дудоқ тутинг бир бўсага қора кўз.
Дил парокандалигида ўқилган шеър янгани қайтага сергаклантирди.
− Нима қилмоқчисиз, қўйинг!
− Бир-бирига ёққан икки кимса дийдоридан ширин нарса бор эканми? Ёки менга бўлган қизиқишингиз совидими? – шундай деб, Оловиддин янгани ўзига тортди.
Қалдирғоч: «Ўзингиз биласиз! Сизга нисбатан ҳечам қизиқишим бўлмаган», деди пичирлаб ва Оловиддиннинг жаҳли чиқиб кетмадими деб, бошини кўтариб унга тикилди.
Оловиддин, дераза тарафга бориб, кўчага, Навоий театрига киришдаги фаввораларга қараб олди-да:
− Сизга тегинмаслик авваллари ҳам мушкул эди. Ўғлимни сўраб боришимни истамасангиз, раъйимга юринг, − деб ичкарига кўрсатди.
Унинг қарчиғай қарашидек тусига нигоҳи тушган Қалдирғоч, ночорлигини англади. Муросани ўйлаб мубҳам қотди, йигит тамоман ўзгариб, қайсар, ишкалчига ўхшаб қолибди, деб ўйлади.
Қалдирғоч эрига вафодор, агар ўзи шуни хоҳласа, ҳеч ким, ҳаттоки манаман деган эркаклар ҳам уни чув тушира олишмаган, қўлини ушлашга зор. Қанча катта жойларни ваъда қилиб, ёрдамларини таклиф этишади. Барига бепарво янга, бу ҳашарчи йигит олдида ҳозир чорасиз, мазлумадек ҳақ-ҳуқуқсиз сезди ўзини. Доимо йигит истаги амалда. Одамга таъсир қиладигани, унга қаршилик қилишга ўзида на куч, на мадор топилмайди. Нима учун бундай? Ўзи ҳам тушунмайди. Нега ҳам уни учратди. Залда ўзини кўрмаганга олиб, бошқа қаторга ўтиб кетмади. Хурсандчилигини етказиб суюнчи оларман деган ўйда билдирган хабари эвазига бадал тўлаш унга алам қиларди.
− Аёл кишини раъйига қарамаслик маданиятсизлик, буни яхши тушунарсиз! − деди Қалдирғоч аччиғи чиқиб.
− Тушунаман! Аммо…, − деб кўзлари сирли ёниб кулди Оловиддин.
− Нега куласиз?
− Нега кулмай, ўта маданиятдан бола туғилмайди, − деди йигит кўзларини чақчайтириб.
Қалдирғоч тушунди, агар йигит ўшанда кўнгилчанлик қилганда, босим ўтказмаганда, ҳозир ўғли Равшан бўлмасди. Аммо, у сир бермади.
− У вақтда ёш эдик. Ёшлик тошқин сойга қиёс. Қирғоқни бузгани бузган.
− Мен, − дедию, сўнг дудуқланиб, − Сиз, биз ҳали ёшмиз, − деб сўзини тузатди йигит.
− Бўлса, бордир, − деб янга, Оловиддинга биттагина муқом қилди: анчадан бери хабар олмайсиз? Сизнинг ўлдим-қўйдим деганларингиз фақат оғизда экан-да!
Шу гапни ўзига йигит тамом бўлди. Бир талай гаплар билан муҳаббатини қайтадан иншо қилишга ўтди.
− Сизни ортиқча безовта қилмай. Ноқулайликлар туғилмасин, деган ўйда эдим. Йўқса ўғлимни сўраб борсам ҳам бўларди. Тўғрими?
Қалдирғоч ўйлаб қараса, бу ҳолатда Оловиддин билан муҳобарага кирса, гиналар қайнаб, сўзлар урчийдиган, ўшанга у гапнинг индаллосини айтиб қўя қолди:
− Яхши. Лекин мен сизга қайта ўрганишим лозим. Балки ўшанда ишқ-муҳаббатдан сўз очсангиз ўринли бўлар. Бу галча, уйингизга боринг. Мен бугун чарчадим, − деди янга.
Шу гапдан кейин ҳам Оловиддин индамай чиқиб кетишни ўйламасди. Фарзандини мукофотига ҳали кўп вақт шафелик кўрсатиши лозимлигини янга англади. Ва бу галдаги марҳамати сўздан иборат бўлганлигига узр сўраб, унга кейинчалик маҳбубалик қилиш учун хуфиёна тез-тез учрашиб туришга ваъда бериб, Оловиддинни алдаб-авраб зўрға хонасидан чиқарди.
Ёзнинг охирларида Қалдирғоч хонасига қўнғироқ бўлди. Котиба қиз чиққан шекилли, қайта-қайта чалингач, трубкани ўзи кўтарса, Никита. Хурсанд бўлганча ҳар тўғрида бир шингил дегандек сўзлашишди. Баъзи воқеалар, футбол, дача, Бурхон ва Иннанинг тўй маросими эсланди. Сўнг, янга ойисини сўраганди, ойим ёнимда, улар ҳам сен билан гаплашмоқчи, деди Никита. Кейин, у томондан Хорхинанинг овози келди.
− Ўзинг яхши юрибсанми? Девона эринг қийнамаяптими?
Таниқли профессорнинг биринчи саволидаёқ, бугун уларнинг суҳбатлари бошқачароқ кечишини янга англади.
Қалдирғоч, эҳтиёткорлик билан аста жавоб беришга ўтди:
− Нима десам экан? Сабрдаман.
− Шундай қил. Шошма, ортиқча куюнчакликдан доим йироқ бўл. Эрингга ҳадеб суйканма.
− Худди шунга мен мустардек тергайсиз! Ўзи қўймаса, нима қилай? Бирам хира, бирам аҳмоқ бўлган. Мен билан ҳисоблашмайди.
− Эҳтиёт шарт! Ўз уйингга бориб яшаб тур унда. Йўқса, бундай эси оғганлар раъйингга қараб ўтирмайди.
− Яхши маслаҳат! Ойим йўқ демаслар, эртагаёқ кўчганим бўлсин!
− Ҳа, қанча узоқ қолсанг, шунча яхши.
− Раҳмат! Телефон қилиб туринглар.
− Хайр!
Қалдирғоч кетма-кет ойиси билан гаплашиб, ўзининг хавотирини етказганди, ойиси кўна қолди.
− Четдан туриб бегоналар айтган бўлса, ўзингга қара. Бу эркаклар кўп нарсани фарқига бормайди. Яна бу куёвнинг чиндан мияси пўла. Бугуноқ етиб кел.
Қалдирғоч, эртаси эрталаб, кечаси билан жомадонга кийимларини тахлаб қўйган, яна бир-икки бўҳчани ҳайдовчисига кўтартириб, машинага жойлаганда, қайнанаси индамай турар, чунки қудаси кеча телефон қилиб, бор воқеалар ҳақида огоҳлантирган бўлса, ҳозир эрталабдан етиб келиб, олиб кетишга бош-қош эди. Кампирни оғзини очирмай: «Хўп дедим-ку, қуда. Болаларимизга яхши бўладиган томонини ўйламасак, нима қилиб юрибмиз. Бирор ҳафта турсин, эрининг томи кетганми ё анаву дориларни ичавериб жини қўзиганми, шунақаям бўладими, азбаройи худо. Ҳадеб ёпишса, қўймаса хотин чидайдими. Куёв сал ўзини босиб олиб тузалсин, хавотирли муддати ўтсин, у ёғи бир гап бўлар», деб чаккак урди.
Нарироқда юрган ҳайдовчини тезлаб шоширди. Машинага улар Равшанни ҳам ўтқизиб олишганда, машина бир қўзғалиб тўхтадида, Қалдирғоч: «Ойи, Равшанни ўзим мактабига элтиб тураман, у ҳам мен билан ойимникида қолади», деди.
− Ҳечам кераги йўқ.
− Машинам бу ёққа қатнаши чап.
− Қўшниларда машина топилар.
− Кир-чири бор. Очин-тўқин қолади. Йўқ деманг!
− Ҳимм.
− Майлими ойи?
Кампир Акобирга қаради.
− Сен нимага индамайсан!
Акобир ҳозир йўқ десам, хотиним кейин умуман келмай, аразласачи, деган хаёлга бориб: ўғлим ойиси олдида юргани дуруст, деди.
Кампир бир нима деганча, янга: раҳмат, хайр, кўришгунча, деб ҳайдовчига имлаганди, у тезликни босди.
Машина кўчани бурқситиб, кўздан йўқолди.
Яна бир-икки ой ўтиб Инна у билан суҳбатда мақтаб гапирди:
− Жуда романтиксан-да! Хаёлларинг осмонда учиб юради.
− Балки шунақадир. Йўқса яшашдан мақсад нима? Яхшиликни ўйлаш ва умид билан яшаш.
− Бу умумбашарий фикрлар, аёллар ҳақида хусусан нима деган бўлардинг, Калдиргач.
− Севиб, севилишга изн бермасак. Ардоқли ёр мақомига эриша олмасак. Суюмли фарзандлар туғилмаса. Аёл ўзини йўқдек ҳис қилади. Шуни билмоқчимисан, Инна.
− Қанчалик фикрларинг кенг-а? Юз чандон гапларинг ҳақ. Аммо, менда янгиликлар йўқ.
− Ҳечқиси йўқ! Сизлар ҳали ёшсизлар, − деб кулди янга.
− Чиндан. Унча вақт ўтмади. Кейин Бурхон ҳимояга чиқай деяпти. Аввал номзодлигини ёқлаб олсин.
− Тўғри қарор қилибсизлар.
− Бироқ, мен барибир шошиб кетяпман.
− Инна?
− Ҳа, айтгандек, Никита уйлансам, хотиним ўрнида фақат Қалдирғочни кўряпман, албатта, у бир кун жинни эридан ажрашади-ку, деб ойисини қўймасмиш.
− Оббо, энди буниси бормиди?
− Ойиси, хўп, яхши, лекин эрини ҳам олиб келиб ўтирасанми? – деб қарши савол бериб мот қилибди.
− Ҳазил-мутойибага аралашиб қолганимдан хурсандман. Хайр, − деб трубкани секин жойига қўяркан, ўйга чўмди: ишқилиб туғиладиган фарзандим ўзимга ўхшасин-да.
Куз ҳам келди. Қалдирғочдан дарак бўлмади. Оловиддин жиғи-бийрон. Янгани аҳдига вафо қилади деб ўйласа-да… Аёл киши вазиятдан чиқиш учун нелар демайди, ёки энг тотли дамларни ваъда қилиши ва уни бажармаслиги айб саналмай, унинг макри, ҳийласи қаторига ўтишини Оловиддин билмасмиди, биларди. Шуниси алам қилди. Худди ёш боладек, кўча кўрган йигитни лақиллатишди-я. У буни шундай қўймайди. Аламига бир иш қилади. Ҳашарчилар ҳолидан хабар олишни маъмуриятдан сўраб, пахта штабига фамилиясини ёздирган Оловиддин таниш манзилларига йўл олган тўрт кишилик таркибга киритилди.
Далада ҳам бемалол юриши учун ишхона уларга газик автомашинасини ажратди.
Орадан икки-уч кун ўтди.
Пешинда тушлик қилиб ўтирган Оловиддин, хирмонга яқин ерда тўхтаган жигули машинасидан тушган кампирни кўриб, юраги шиғиллаб кетди. Ҳозир бир нима бўлишини сезди.
Кампир, ҳорманглар ҳашарчилар деб сўрашиб, бошлиқларинг ким, деб сўради. Четроқда ўтирган Тўхтахон Қаршибоевна сергакланди. Завод фирқа каттасига пахта штаби раҳбарлиги топширилган эди. У ўрнидан турди. Кампир четга ўтишга имо қилганди, қошига юриб, нарироққача, машина олдига бирга боришди. Кампир бир нима деди шекилли, раҳбар машина кабинасига энгашиб, ким биландир бошини силкиб сўрашди.
Раҳбар машинада ўтирган Қалдирғоч билан саломлашганди.
Кампир раҳбарга битта муҳим гап айтди:
− Ишкал, жанжал бўлмасдан Оловиддин деган одамни заводга, Тошкентга ҳозироқ қайтариб юборинг, деди. У келинимни кўриб ошиқ бўлиб қолибди, бир-икки марта РайОНОга борибди. Келиним кичик вазифадамас, мудир бўлса. Гап-сўзга қўйиб нима қилмоқчи? Ўғлим жаҳлда пичоқлаб ташлайман, деб келмоқчи эди, раҳбари хотин киши экан, аёллар орини ҳимоя қила олади, андишани билади, деб ўзим келдим.
Тўхтахон кўзлари ғазабда ёниб, аччиқланиб қараса, Оловиддин ҳашарчиларни бошлаб пахта майдонига кириб кетибди. Мен бугуноқ бу масалани ҳал қиламан, керак бўлса, мажлисга олиб чиқаман деганди, кампир гап чувалаб кетади, деб уни шаштидан қайтарди.
Раҳбар ўша куниёқ Оловиддинни койиди. Ҳа хотинбоз, заводда ўрганиб қолган экансиз-да, ҳар ердан келган енгилтакларга осилиб, билиб қўйинг, қишлоқни аёли орли бўлади. Яна чиройли, мартабалисини кўз остига олганини қара бу хомтамани.
− Битта гап сўраганга шунчами?
− Икки марта борибсиз. Котиба кўрибди. Учрашувга чиқмасанг, уйинггача бораман, деб шантаж қилибсиз.
− Номига гапиргандим.
− Партмажлисга олиб чиқардим, улар унамади. Иккинчи гал кўзингизга қараб юринг. Ҳозироқ нарсаларингизни йиғиштириб, жўнанг бу ердан. Пахтазорда менга гап-сўз кўпайтириб, кўрсаткичларимни тушириб юборасиз. Эртага заводга ишга чиқасиз, мен телефон қилиб қўяман.
Тўхтахон Қаршибоевна яқинда, вақтинчалик шарти билан завод фирқа секретари қилиб сайланган, якка ўзи фарзанд ўстираётган жабрдийда аёллардан ҳисобланар, эркакларни ёмон кўриб, сал ҳазил-ҳузул қилганни беодоб ёки хотинбоз санарди. Кампирни ишга солиб, янга кутилмаган юришда мени мот қилди, деб ўйлаганча Оловиддин ўша куниёқ индамай уйига қайтганди.
Ўша-ўша у янгани яна анчагача кўрмади.
42. НАИБ ОҚСОҚОЛ НЕ ДЕЙДИ
Куз ойлари битаётган паллалар эди, бир ниманинг исини сезгандек, оқсоқол кириб келди. Қўлида чилпит, елкасида тўрва халта.
− Кел, Наиб! Нима хурсандчилик!
− Келиним қиз туғибди. Ўшанга ном қўйиб бер деб, маслаҳатга чиқдим, − деди у сўрашиб олгач.
Уни самимий табриклашаркан, Элия столга таклиф этди.
− Чақалоқли уйни чилласи бўлади. Бу ёққа чиқиб тўғри қилибсиз. Тўрга ўтинг, оқсоқол.
− Сен Элия менга эътибор берма. Шу винони ичаману кетаман. Ҳеч нима керакмас. Бари ўзим билан.
Оқсоқол столга винони қўйиб, тўрвани тутди.
− Пишлоқ, сур гўшт, арпа нони бор. Чиройли қилиб ликобчаларга кесиб қўярсан, Элия.
Ярим соат ўтмай, улар еб-ичишга ўтиб, қизалоқни соғлиғига тостлар, ота-онаси, тинчимас бувасига узоқ умр тилашарди.
Бу чилпитдаги оқ вино ичиб бўлингач, Ҳамзат тайёрлаган винога ўтишди. У баҳслашиб, қаттиқ овозда нималарнидир тушунтираётган пайтда, бир кичик уйқуни уриб олган Элия улар тепасига борди.
− Ўтир Элия! Неварамга ном топа олмаяпмиз! Фикрингни айт.
− Мен айтайми? − деб Элия оқсоқолга қаради.
− Кампирим ўлиб кетди. Бўлмаса, дайдиб юрмасдим.
Хотини қазо этиб, уч йилдан бери оқсоқол шунақа бемавруд дуч келган одамнинг уйига борадиган одат чиқарган. Лекин кўпчилик нохуш қабул қилишини билгани учун, бу уйга оёғи тортгани тортган, чунки Ҳамзат ёки Элия бирор марта ҳам унга огоҳлантириб келсанг бўлмайдими, деб танбеҳ беришмайди.
Элия гап жиловини бурди.
− Қизалоқ роса чиройлидир?
− Бе-эй! Мен кўрибманми?
− Шунақами?
− Нима исм қўйсам экан! Келинингни исмини бер десам, Ҳамзат қизғаняпти! Ўғлинг танбалроқ, ундан қандоқ қизалоқ ҳали туғилган дейди. Шу ҳам гапми, Элия? Неча йиллик қадрдон бўлсак.
Оқсоқол пешонасини столнинг четига тираб олди.
Ҳамзат қанча ичса ҳам маст бўлмайдиган, винони сувдан кўп ичиши мумкин. Ўшангами, сўзини йўқотмай, яна гап қўшди.
− Махсума битта бўлган. Бошқа унақаси туғилмайди.
Элия ярқ этиб эрига қаради. Келинимни чиндан яхши кўрган, жуда ҳурмат қилган экан, ўша бирга тўртовлон, сўнг Қуддус билан бешовлон, очин-тўқин яшасак-да, меҳр-муҳаббатга тўла, қувноқ ва шодон дамлар эди, ўшанинг нашъаси тутяпти, деб ўйлади.
− Ҳа, Мария. Тенгсиз эди.
− Махсума бўлсин. Йўқ деманглар!
− Бу исмни тушунишмайди. Қадрига етадиган замонмас. Буларга инқилобчиларнинг номлари: Роза, Аврора, Жанна д’Арк кабилар керак, − деди Ҳамзат.
− Демак йўқ. Шундайми?
Олдидаги сополли қадаҳга чилпитдан вино қуйиб, бўлмаса келининг Махсума ва ўғлинг Расул хотираси учун туриб ичайлик, деб оқсоқол тиккаланди ва ичишга бошлади. Ҳамзат у қадаҳдаги винони тўлиқ сипқоргунча пойлаб, сўнг у ҳам қўлидаги қадаҳни сипқоришга тутинди.
− Ажойиб дўстимсан-да, Наиб! Яхши одамсан.
− Эй, қўй, мақтама!
− Мақташга арзийсан! Қанча сирни яшириб келдинг!
− Бировни гапини сақлай олмасанг эркаклик қоладими?
− Бир марта ҳам оғиз очмадинг!
− Ҳимм.
Элия гап қўшди.
− Ҳамзат! Азизим, сен нима дейсан? Наибни сийлаш навбати келмадими?
− Келган. Истаса тоғдаги еримни бир қисмини бераман!
− Нималар деяпсан? Кўп ичиб алжираб қолдингми? − деб оқсоқол унга бақрайиб қолди ва дўқ урди. − Бизда ерни ва отни ҳеч кимга бериб бўлмайди, дейилади.
Ҳамзат иржайди.
− Хотин қолиб кетди.
− Ҳа, хотинни ҳам, агар у яхши бўлса!
Элия яқинлаб, Ҳамзатни бўйнидан силади ва унга ўгирилган эрига кўз қисди. У тушунди ва энди оғиз очмоқчи эди, оқсоқол бошини кўтариб шошиб гапирди.
− Бўлмаса Мария бўлсин! Майлими? Йўқ деманглар.
Икки қария бир-бириларига қараб олгач, Элия бўйнини қисди.
− Мария деб биздан сўрамасдан ҳам ном беришинг мумкин! Авлиё Мария исми ҳамма учун ҳам бирдек.
− Барибир, сизларнинг келинингизга ўхшаган олийжаноб дўхтирлигини кўрсин халқ. Назокати ва малоҳатидан гапирсин эл.
У ҳолда ўзинг биласан, дейишди қариялар.
− Бу мавзу ёпилди. Хурсанд қилдинглар! Бўлмаса, бошқа гап бор.
Ҳали-бери оқсоқол туришни ўйламаётанини сезиб, Ҳамзат уни суҳбатини қўллашга мажбур бўлди.
− Қанақа савол?
− Қуддус ҳали ҳам дам олиш уйида ошхонада ишлаяптими?
− Ҳа, − деб жавоб қилишди улар, ҳайрон.
− У ишини қўйиб, виночилик билан шуғулланса бўлмайдими?
− Ночорликдан бувам ерларининг катта қисмини отам сотиб юборган, унча катта майдон қолмаган бўлса, кейин бу қир ўзимдан ҳам ортмайди.
− Сен сўзимни охиригача эшит!
− Мендан кўп вино етказармиди Қуддус. Шу ердан-а? Ўйламай гапираверасан.
− Эй, Қуддус бошқа ерда боғдорчилик қилади, бўлдими?
− Нима? Қаерда?
− Бошқа ерда, агар у уйланса?
Суҳбатнинг шу палласида Элия аралашди.
− Ҳамзат, илтимос. Оқсоқолни сўзини бўлма. Сиз эса, тушунтириброқ гапиринг!
Оқсоқол ойдин тунда нур сочиб, ёруғи ерга хира етиб келаётган оймўмага қараб қолди. Намхушроқ, бироқ одамнинг кайфини тез учирадиган ҳаво. Ғир-ғир шамол эсарди. Осмонда ой, юлдузлар билан тўла кеча эди. Бошқалар ҳам беихтиёр кўкка нигоҳ тикишди.
− Нега самога қарайсан? Гапир, − деди Ҳамзат қизиққон.
− Чунки бизнинг осмонимиз шундай ой, юлдуз жилоси билан, еримиз узум, ток шароби билан қадрли.
− Тўғри. Яна ичамизми?
− Шошмай тур! Қуддусни тоққа қайтариш зарур.
− Ҳимм.
− Уни уйлантириб қўйсанг, тўрва-халтани бўйнига илсанг, бир қадам ҳам уйидан жилмай қўяди.
− Шундек режа ҳам йўқ эмас.
− Қиз ҳам тайёр. Кўндирсанглар бўлгани.
− Кимни?
− Кимни бўларди? Неварангизни.
Элия гап қўшди.
− Қуддус, ўзим ёқтирган қизга уйланаман деб унамайди.
− Унинг кўнглини оғритиш, ёлғизгина неварамиз бўлса, яхши бўлмас. Ўзинг ўйлаб кўр, Наиб.
− Йўқ! Сизлар гапнинг индаллосини эшитинглар! – деб эр-хотин қарияларнинг сўзини босиб тушди Наиб.
Аслида қишлоқ оқсоқоллигини унинг ўғли бажарса-да, кўпчилик, шу жумладан бу уйда ҳамон уни оқсоқол деб чақиришни канда қилишмасди.
− Айта қол, одамни эзиб юбординг! Келин бўлмиш кимнинг қизи?
− Осман шаробпурушни.
− Чинданми?
− Ҳа.
− Улар минг йиллардан бери виночилик билан шуғулланишади, шекилли.
− Ундан ҳам кўп.
− Вино далалари тоғнинг нариги тарафидаги овулдан тепадами?
− Худди ўша макон. Унинг ерларида ўнталаб коранда ишлайди.
− Тўғри! Осман батононинг номи улуғ. Ерлари эса мўл.
− Бир ўзи етказадиган шаробни овулнинг ярми ҳам тайёрлай олмайди. Рислинг, Алиготе ва Ркацетели навли узумлар омухтасидан турли оқ винолар: Псоу ярим ширин ва Анакопия ярим нордон ишлаб чиқади. Қизил мускати ҳам кўп мукофотлар олган бўларди, лекин унга йўл беришмайди. Хусусий виночилик давлатга зарармиш. Гапни қара.
− Қўявер. Фикри тор одамлар тепада ўтирибди. Нима ҳам дердинг! Ҳаёт шу экан. Биз меҳнатдан бўшамаймиз. Йил ўн икки ой санаторийдан оёғини узмайдиганлар бор.
− Бунақа дангасалар сероб. Хўш, Қуддусни нима қиламиз? Уйлантирамизми?
Элия бошини чайқади.
− Унга мол-дунё керакмас. Ортиқча дунё бу ташвиш, дейди у.
− Тўғри айтибди. Аммо, у келин бўлмиш неварангизни таниркан. Қуддусда кўнгли бормиш.
− Ана холос, − деди Ҳамзат.
− Ростданми? – деб сўради, ҳайрон бўлганча Элия.
− Рост. Осман шаробфурушни икки қизи ва бир ўғли бор. Ўғли тоғларда қолиб кетишни истамайман деб, ҳарбий флотга ёзилганди. Сузишни яхши билар, сув остида, нафас олмай беш минутгача тура оларди.
− Беш минут деб ошириб юбординг! Бунақасини ҳали эшитмагандим, − деди Ҳамзат.
− Ўша ўғли Камчаткада, Ўқув машғулотлари вақтида сувга тушиб кетган, тунда уни топа олишмаган, ёки яхши қидиришмаган, музлаб қолган танасини эртаси денгиз қирғоққа чиқариб ташлабди. Осман шаробфуруш роса қайғурди. Алами зўридан қўли ишга бормай, бор ерини бошқариш, узумчиликдан май тайёрлашгача бўлган бор жараёнларни бошқаришни катта куёвига мажбуран топширди. У майхўр чиқиб қолди. Ҳисоб-китобга, тўртта одамни бошини йиғиб ишлатишга қурби етмас экан, Осман шаробфурушни хонавайрон қилишига озгина қолди. Шунда кичик қизи ёрдамга келиб, иши яна ўнгланиб кетди. Шу қизига неварангни сўраяпти.
Ҳамзат кулди.
− Чиндан қудачилик қилмоқчими? Сенга нима деди Осман шаробфуруш?
− Бу томонларини мендан сўрама. Бир жойда бўкиб ичган бўлсак, ичибмиз-да. Кейин ҳасратлашдик. Тўғриси, у дийдиёсини қилди. Мендан кейин ўғлим йўқ. Аммо, бизнинг аждодлар виночилигини ким олиб бориши маълум. Бу ишни Самира қизим эплайди. Турмушдан қайтган. Эри Новгородда катта клиникада дўхтир. Кечалари билан қолиб операция қиларкан. Клиникада навбатчилиги кўпидан, ҳаттоки ўз ётоқхонаси бормиш. Хуллас, у ерда яшаш қизи Самирага ёқмабди. Эри ишончни йўқотган, шекилли. Кейин куёви кавказлик бўлса ҳам заррача боғдорчиликни тушунмай, қизиқмасмиш. Шу тарафи ҳам Осман шаробфурушга ёқмаган. Икки йилгина турмуш қуришиб, фарзандлари йўқ экан, осонгина ажрашибди. Энг ачинарлиси, қизим яқинда ўттизга киради. Кимга ўтади ундан кейин бу рўзғор, мол-мулк – шу муаммо. Қизимга Ҳамзатнинг невараси ёқади, биламан. Спортчи, кучли, меҳнаткаш, саботли, унча-мунча ишдан қочмайди, деб гапирди. Ўшанга сен совчилик қил деб, бир яшик виносидан берди. Бу ишни уддаласам катта совғалар ҳам кутяпти.
− Қизиқ, неварам эшитса нима деркин? Кечагина шу ерда эди, − деганча Элия эрига қараб, индаманг дегандек ишора қилди.
Оқсоқол бирпас кутиб турди. Қараса кутган жавобини ололмайди. Шунда у ҳужумга ўтди.
− Нимага бунақа худписандлик. Ё бир аёл устида Қуддусни пичоқлаб юборишларини истайсизми?
Ҳамзат кўзлари ярқ этиб очилиб кетди.
− Ким кимни пичоқлар экан. Қуддус кимга ёмонлик қилибди?
− Ҳеч кимга ёмонлик қилмаган? − деб Элия суҳбатни юмшатмоқчи эди, оқсоқол сачраб кетди.
− Эрли аёлни кечаси хонасига олиб кирса, бу ёмонлик қилмаганими?
Ҳамзат юрагини ушлаб қолди.
− Элия, шу ростми?
Элия эрининг қошига бориб, бошига чап қўлини қўйиб, оқсоқолга шаҳд гапирди:
− Хонасига зўрлаб олиб кирмагандир. Аёл йўқ деса, уни танкага ҳам жойидан бир қадам судраб жилдира олмайди.
− Бу гап ҳам тўғри. Ҳамзат, сен юрагингга олма. Эркакчиликда бошдан нималар ўтмайди. Яна, бекорга ҳам ишлайдиган жойини дам олиш уйи деб аталмайди, − деб ҳингиллади оқсоқол.
− Таклифингни ўйлаб кўрамиз, чиндан Қуддусни уйлантириб қўймасак бўлмас экан, − деди Ҳамзат, уни кузата туриб, Элияни нигоҳидаги бу гапини қўллаб-қувватлашни туйганча.
Улар бу гапнинг маломатини ўйламаганлари учун қаттиқ афсусда эдилар.
− Вой, ўлмасам Ҳамзат. Неварамиз бировнинг хотинини тутқун сақласа-я, нима деган одам бўлдик.
− Бу гапга анча вақт бўлибди, эшитмаганимизни қара.
− Одамлар индамаслиги мумкин, лекин қизини бераётганида юзингга солади. Биттаси қайтарса, бўлди бошқалар ҳам қизини лойиқ кўрмайди, бечора неварамга.
− Унда Қуддусни кўндир. Тайёр келин бор экан, − деди Ҳамзат шаҳд билан.
− Шундоқ қилмасак, бошқа илож ҳам йўқ: оила, турмуш биринчи, кўнгил, муҳаббат кейинги масала, − деб Элия суҳбатга якун ясади.
Бир ой ўтмай Қуддусни уйлантириб қўйишди. Жуда катта тўй бўлди. Осман батоно ўз тарафида ундан ҳам улуғворроқ базм берди. У қизининг истаги бажарилаётганидан шод, Наибга битта от совға қилди. Устига черкезка ташлади. Хурсандчилик ҳар икки қишлоқда узоқ давом этди. Тўйга етиб келмаганлар учун ташқарида алоҳида ясатилган столда чилпитларда вино, сур гўшт, товуқ, пишлоқ, кўкатлар доимо мунтазир ўн кунлаб турди.
Самира баланд бўйли, бақувват, суяклари қалин, оқ-сариқдан келган, сочлари жигарранг, қошлари қораю кўзи кўк, қарашлари юмшоқ, муштипар аёлдек ўйчан. Энг маъқули, у Қуддусни сўзидан чиқмайдиган, гап қайтармайдиган, камгап, маъқул эдиким, Света гап талаша бериб жонини олиб қўйган Қуддус учун топилма, хазинадек бабаҳо кўринди. Ва маълум паллагача у Қалдирғочни унутди. Қанча замонгача у севганини ёдидан чиқарганини белгилаш учун эса вақт ҳакам эди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.