Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 31 (всего у книги 34 страниц)
− Уни ҳам, буни ҳам.
− Кейин гаплашамиз. Мени тинч қўйинг.
− Ҳо, нималар деяпсан. Шу аёл ёқмаса, сенга ким керак. Ё ёшроғини хоҳлаяпсанми?
Шу пайт катта ёшли тиббиёт ҳимшираси кириб, сиз опа, боринг, бемор дам олиши зарур, йўқса врачни чақираман, отбозор қилиб юбординглар, деди. Бири кетиб, бири келади. Ахтамов, сиз ўрнингиздан турмай ётинг, укол вақти бўлди. Бир дақиқадан кейин яна кираман, опа бора қолинг.
Опаси Оловиддинга қараганди, у мен ҳеч нима ҳал қилмайман, ҳамшира ҳақ дегандек, елкасини қисди. Опаси у-буни йиғиштириб кетаркан, Оловиддин «анаву қоғоз қутидаги тандирдан болаларга олиб кетинг» деди. Опаси шу ҳолига камсуқум, кўзи очмас. Йўғ-эй, ўзинг ерсан, ёки қизларга берарсан, деди. Шунда укаси зўрлаб, целофан пакетга тандир гўштдан солиб, опасининг қўлига тутди. У эса, бу таом бояги меҳмонлар марҳаматими, яхши, яхши! Аммо бу аёлни қўлдан чиқарма, деб жаврарди.
Кичкина қизи ҳар куни хабар олади. Ўқишдан чиқиб уйга боради. Ҳовлида пишиб ётган олмадан теради, хусайни узумдан каттагина бир бош узиб, отасига лойиқ суюқ овқат қилиб келади.
Отасининг олдида ўтириб, овқатини еб олмагунча миқ этмайди. Яхши гаплардан сўзлаб кўнглини кўтариб ўтиради. Ўзи характери шунақа. Гина-қудурат, бировнинг ҳасадини қилиш одати йўқ. Ҳар нарсага яхшилик кўзи билан қарашга ўрганган. Иккала опасидан ҳам фарқли. Кўриниши ҳам бошқача, баланд бўйли. Келишган. Доим ўзига қараб юради ва бу хислати билан Зулхуморни ҳам қочиради. Ўшанга Зулхумор Эъзозани яқинига йўлатмайди. Қочиримли гаплар билан чўқиб олгани-олган. Эъзоза бунга жавобан алоқани узиб қўя қолди.
51. ОТА ВА ЎҒИЛ ТОПИШУВИ
Бир куни қизиқ воқеа юз берди.
Эъзоза касалхонанинг зинапояларидан кўтарилиб, иккинчи қаватга кираверишдаги фойеда нотаниш йигит тўхтатиб, ўттиз учинчи палата қаердалигини сўради. Қиз уни бекорга тўхтатмаганини сезди. Боя сал олдинроқ, касалхона ҳовлисида унга тикила-тикила ундан ўзиб кетган йигит эди. Фақат у палатада отаси ётибди, қиз ҳайрон бўлди.
− У ерда сизга ким керак?
− Оловиддин Ахтамов.
Отамнинг танишлари шекилли, овози юмшоқ экан, балки заводдандир деб ўйлаганча, юринг кўрсатаман деганча, йўл бошлади.
Ўттиз учинчи палатага етгунча йигирма қадамча бор.
Қиз шахдам юришга ҳаракат қилса-да, елкасидан йигит назарини ҳис қилиб, оёғи қийшайиб кетарди. У бир амаллаб етиб борганда, ичида худога шукр деб қўйди.
Саломлашиб киришди.
Оловиддин ҳайрон бўлганча ҳар иккисига қараркан, келинглар, келинглар деб, ҳузурига шошиб, қучиб олган қизини елкасига қўлини қўйиб, юзидан ўпди.
Йигит уларни кўришиб олишини кузатиб қимирламай қотганди.
Сўнгра, Эъзоза отасининг бағридан чиқиб, четлаб, кўз қирини йигитга ташлади.
Йигит отасига яқинлаб:
− Тузукмисиз, дадажон, − деди.
Унинг овози ўктам, салобатли янграганиданми ёки бировнинг унинг адасини дадажон дейишиданми, Эъзоза ҳайрон қотди.
− Раҳмат, раҳмат. Хуш келибсан, ўғлим.
Сал олдинроқ, Қалдирғоч қўнғироқ қилиб, Равшаннинг боришини айтганди, шунинг учун, Оловиддин ҳовриқиб кетмади. Янада аввалроқ, ойиси ўғлига отасининг суратларини кўрсатган, ўшанга у ҳам отасини дарров таниди.
Оловиддин қўлини чўзганди, йигит энгайиб уни кўзларига сурди.
Қизнинг лол қолиши янада авжланди.
Бир зумми, кўпроқми сукутдан сўнг, отаси секин сўзлади:
− Қизим. Таниш, сенинг аканг Равшан.
Эъзоза, шунда яйраб кетди. Шодланиб хурсанд ҳайқирди:
− Шундоқ гўзал хулқли йигит ─ акамми?
Равшан, бу каломдан ҳузурланиб, раҳмат деганча илжайди. Унга айниқса, қизнинг қанақа акам? Қаердан бу гап пайдо бўлди, ада? деб сўроқларга тутмагани, ёки бурнини жийириб тескари қараб олмагани хуш келганди. Қизнинг ботиний гўзаллиги учун хурсанд: у билан тил топишиб кетиш осон бўлса керак, деди Равшан ўз-ўзига.
Сўнг бирга ўтиришиб, беғараз суҳбат бошлаб юборишди. Чиндан ҳам, Эъзозанинг бир гапириб ўнг кулиши ҳар қандай одамнинг дилини очиб юбораркан, худонинг қудрати, анаву қариндошлари Зулхумор ичимдагини топ эди, деган ўйга чўмди йигит.
Касалхонадан чиқишига яқин қолганда, Оловиддинни кўргани Илғор келди. У ёқдан-бу ёқдан гапириб-сўзлашиб ўтирди. Шифо, процедуралар, малҳамларнинг фойдаси сезиляптими, деб қизиқди. Бўлади, тузукман деган жавобдан, бошини силкиб қўйди. Яна бир-иккита латифа айтиб, кайфиятни кўтарди. Унинг бундай тирмашишини Оловиддин сезиб, бирорта янги гап айтмоқчидир, деб ҳушёр тортди. Илғор, ниҳоят келиш мақсадини англатгандек, сўзлади:
− Ўтган гапларга эътибор бермай, яхшиси шундай деганларни оғзини ёпиш учун, биз бир аҳд-паймонга келишиб қўйдик, − деди.
− Қанақа аҳд-паймон экан?
− Сизлардан элчи бўлиб, биз томонга ким боради? − деб сўради.
− Қанақа элчи? Нимага?
− Бўлмаса шундоқ юра берасизми?
Оловиддин совчилик тўғрисида гап кетаётганини англаб, лаб-лунжини зўрға йиғиштириб жиддийлашиб сўради:
− Ўғлим қарши бўлмасмикан?
− Бу, аввало ундан чиққан фикр-ку! Тоға, ойим билан дадамни бошини қовуштириб қўйинг, деган ахир у-ку.
− Шунақами?
Оловиддин бор фикри-ўйини муштига қисганча яна савол берди.
− Ўғлим мен билан бирга туришга ҳам розими?
Бу саволни Илғор кутмаганди. У бошини қашиб жавоб қилди:
− Бу тўғрисида фикрини сўрамабман. Лекин у жон дейди, бирга бўлишса ҳар иккисига хизмат қилардим, оёқларигача ювиб, туфлиларигача кийгазардим, –деб менга бир неча марта айтган.
− Ўғлим ойиси билан менинг уйимга кўчиб ўтишга розилик билдирса, у ҳолда менга ҳам бу режангиз маъқул.
Оловиддин ичида жон деб турган бўлса-да, сир бой бермасликни ўхшатарди. Бу гал ҳам шундай қилди.
− Тушунарли.
Шундек деб Илғор ўйга ботганча чиқди.
Оловиддин истиқболли кунлар келаётганини сезгандек, дилдан қувнаб, коридор томонга бир қадам ташлаганди, пошналарини дўқиллатиб келаётган Эъзоза бўйнига осилди.
− Адажон, мен келдим.
− Ҳимм.
− Ада у куни Равшан акам уйгача олиб бориб қўйдилар.
− Яхши.
− Машиналари янги экан. Ранги сипо − кўк.
− Майли.
− Сиз тўғрингизда кўп нарса сўрадилар
− Масалан?
− Қўшмай, чатмай борини айтдим. Тўғри қилибманми?
− Ҳа.
− Нима, боксдан мақомингиз борми?
− Мастерликка номзодман.
− Ўшангача биларканлар.
− Яхши.
− Эртага менга кинога боришга ҳамроҳ бўлгин, деб сўрадилар. Борсам бўладими?
− Нега бўлмас экан? Аканг-ку.
− Улардака тарбия кўрган йигитни учратмагандим. Адажон, чиндан ўғлингизми? Ёки…
− Чиндан ўғлим.
− Эсиз…
Шундай деб, Эъзоза ҳо-ҳолаб нари кетди. Оловиддин ўйга чўмди. Гапи ўзига ҳам нашъа қилиб, қизи ҳамон куларкан, отасининг хаёлини эски хотиралар чулғаб олди. Ва шу ондаёқ бошига ярқ этиб бир фикр келди, лекин у буни дил тубига яширганча, қизи узатган чойни ҳўплашга тушди.
Равшан Эъзозага боғланиб қолди. Шаҳарда бошқа яқиним йўқ деб, ёнидан бир қадам нари кеткизмай, отасини олдига бир вақтга боришга маслаҳатлашиб, қайтишда бирга келадиган бўлишди. Кеч қайтишаётганида Равшан уни машина туртиб юбормасин, ёки баланд пошнали туфлисида тез юриб, қоқилиб кетмасин деб, қўлидан ушлаб олиши бошида эриш туюлганди, кейинчалик Эъзоза ўзи акасини қўлтиғидан қўлини ўтказиб оладиган бўлди.
Равшан машина ҳайдамай, узоқроқ синглиси билан юришга хоҳиши ортиб бориши бекорга эмасди. У бир уйда дадаси, шундек синглиси билан жон-жон деб туришни истаётганди.
Бир куни Эъзоза касалхонада қилинаётган тиббий муолажаларни суриштиргани ҳамшира олдига чиққанида Равшан айнан шу гапни айтди:
− Ада, ич-ичимни қизитаётган орзу-истагимни тоғамга айтдим. Ота-онам бирга бўлишса, улар қошида яшаш энг катта бахт-ку.
Оловиддин ўғлини бағрига босиб, баракалла, раҳмат ўғлим, дедию, кўзидан ёш думалади.
Равшан бу ҳолни кўриб, дарров дадасини суяб олди.
− Сизга қанча қилсам кам.
Оловиддин ўғлини қаттиқроқ қучган, кўзларидан сизаётган томчилар тўхтамас, лекин у шод эди.
− Худога шукур. Шундай кунларни кўрарканман, − деди хўрсиниб, ўзидан тикроқ ўғлининг энкайиб, унинг елкасига қўйган бошини силаб.
− Дада, ойимни ҳам олиб келасиз-а, − деди Равшан, худди ота-бола топишиб, онаси бир четда қолиб кетадигандек.
Оловиддин: ҳа деди-ю, бошқа гапга урғу берди.
− Ўғлим, майда-чуйда гаплар кўпчиб, ишингга, хизматингга таъсир этмайдими? Ғийбат, уйдирмалардан қўрқмайсанми?
− Иш, мансаб деб отамдан кечсам, ўртоқларим нима дейди? Эл-юртчи? Ич-ичимдан сизни қандай қилиб рози қилишни ўйлаганим ўйлаган.
Оловиддин бу жавобдан хурсанд, Эъзоза синглинг билан яқин бўлиб қолдингми, деб ҳаяжонини яшириб, сўзни бурди.
− Синглимми? У менинг жони-дилим.
− Баракалла. Менинг борим шу қизим. Бу синглинг бошқача ўзи. Бўлак сингилларингни, яқинларни кейинроқ биларсан, − деб беихтиёр қўлларини ўғли томон чўзди.
Шундан кейин ота-бола қучоқ очиб туришганида, кириб келган Эъзоза, мамнун жилмайиб деди:
− Ўнгимми ё тушимми? Ада, менга ҳам меҳрингиз қолсин.
Оловиддин касалхонадан чиқиб ишга тушиб кетдию, уни кўриб кетадиганларни оёғи узилди. Ҳатто катта қизлари энди телефонда сўзлашиб, ҳол-аҳвол сўрашга ўтиб олишди. Яхшиям кичик қизи бор. Уй иши ҳам, супириш, сидириш, овқат қилиш, отасига қараш битта ўзининг бўйнида. Ўқишидан қолиб кетса, кечалари билан дарс қилишга шошилади.
Топишган ўғли Равшан ҳам кун ора хабар олади. Отасини бозорга туширмай рўзғор қилади. Кам-кўстини синглисидан сўраб, музлаткични тўлдириб қўяди. Гўшт, пишлоқми, сарёғ, қаймоқ уйдан узилмайди.
Хуршида опаси буни сезибди. Ўн кунлар ўтиб келганда, Қалдирғочни ҳам шу уйда учратдию, масалани кўндалангига қўйди.
– Ўғлингиз кунда шунда. Худога шукр. Ўзингиз ҳам қадрдонингиздан хабар олиб турибсиз. Энди, қачон тўй қиламиз? Ё одамларга яна гап-сўз бўлишни хоҳлаяпсизми?
− Қанақа тўй?
− Оловиддин укам билан битишувни.
– Вой, вой бу кишини қаранглар.
− Ёки сиз қаршимисиз?
− Албатта.
− Нега унақа дейсиз? Равшан бошқа гапни айтиб юрибти-ку!
− Ўзим яхши юрган бўлсам. Бу машмаша менга нега керак?
− Ёлғизлик фақат Эгамга. Оповси, йўқ деманг!
− Ўғлимни уйлантириш масаласи турганда, бу гапни нима кераги бор. Кейин менга шу ёшимда, қайта гўшангага киришим, ҳечам қизиқмас…
Хуршида ўйлаб қолди: «Ҳали бу ош пишмаган. Кимни ўртага солсам экан. Яхшиси укам ўзи гаплашиб кўрсин».
Қалдирғоч ўғлининг истагига қарши чиқолмаслигини англаб, розидек, фақат Оловиддин астойдил ёпишмаётганига ҳайронлиги учун, иккиланиш ҳолатида. Йўқса, ўғли отасини тан олди. Бирга туришга рози. Яна нима керак? Балки касалхонага тушиб, умуман уйланишга қизиқиши йўқолиб, жимликка ўрганиб қолгандир. Ёлғизлик гоҳо энг ақлли хотинни ҳам уйга сиғдирмай қўяди, деган фикрни ўқиганди. Шунгами, кўнглида гумонлар кезарди.
Йўқ, хайрлашаётганларида Хуршида опа, бу шубҳаларни тарқатиб, дангал гап айтди: келаётган дам олиш кунида уйда бўлинг, синглим билан меҳмон бўлиб сизникига бориб, бор масалани узил-кесил ҳал қиламиз, деди.
52. КЎКИШКЎЛДАГИ ҲОВЛИ
Кўкишкўл тоғ ён бағрида. Хушманзара қишлоқ. Кўм-кўк яйловлару серсув ўтлоқлари мўл. Шундоқ қишлоқ ўртасидан шарқираб каттагина ариқ оқади. У аслида сой каби эрта баҳорларда тўлиб туради. Ёзда суви тортилиб, тошли ўзанидан одамлар бемалол кечиб ўтадиган кенг жойларига ишора қилиб катта ариқ деб юритишади. Қалдирғочнинг буви-бувалари ва ундан аввалги авлод-аждодлари яшаган маскан. Бари савдогар ўтишган. Билъакс отаси Борийни ҳам бу касб обрў-эътиборли қилди. Туман марказидаги катта дўконда умрининг охиригача қирқ йилдан ошиқ мудир бўлди. Уларни ҳамма танир, ҳурматини жойига қўйишар. Умрида сўкишни, ғазабланишни билмаган, қўл остидагиларни сенсираб ишлатмаган, юмшоқ табиатли, бирор нарса сўраб борганни ҳожатини чиқармай қайтармаган, ҳеч дилини оғритмаган инсон эди. Ҳурмат тахтасида савдо аълочиси деб, унинг номи ўттиз йилдан ошиқ осилиб турди. Қазо қилгач, бу савдо гўшаси раҳбарлиги катта қизи Таманнога ўтди. Буни халқ ўзи сўраб, тепага хат ёзган, деган гаплар бор, аммо Таманно ҳам бу ўринга муносиб эди. Отасининг қўлида узоқ вақт ишлаб, савдонинг барча муомала сирларини ёд қилиб олган, бироз таннозлигини айтмаса, замонавий аёл раҳбар лавозимига мос номзод. Яна, Борий акани ҳурмати, хотираси одамлар қалбида қолган, шунинг учун қизларини баъзи бир эркаликларини кўтаришлари турган гап. Чиройли аёлларнинг бир айби, доимо ардоқ ва севилишни исташади. Таманно ҳусни Қалдирғочдан кам эмас. У шуни билар ва бу сифатидан кўпроқ фойдаланиб қолишни хоҳлаб, ҳамкорлари, юқори ташкилотлар ходимлари, ҳатто республика тугул, Иттифоқ марказидан: Москва, Ленинград шаҳарларидан тўғридан-тўғри мол ундиришда ҳусн-малоҳатини ишга солади, деган гаплар ҳам йўқ эмасди. Унинг хизмат сафарларига қатнашларидан безор бўлган эри ажрашишни талаб қилди.
Таманно ёш, кўркам бўлганидан бу ҳолат уни унча ташвишлантирмади. Фақат, судда эрига ажрамаслигини билдириб, ажримни важ-сабабларини йўққа чиқаришга ҳаракат қилди. Ишим ўзи шунақа, хизмат сафарисиз, ҳамкорлар билан ишламай, меҳнаткашларни талабларини қондириш, чет эл мол-товарлари билан сийлашни амалга ошириш мумкинмас. Ҳар ерда ҳам бола йиғламаса, онаси сут бермайди, қабилида иш кўрилади, деган сўзи инобатга олинмади. Натижада, пахта заводида тарозибон эрига совхоздан берилган квартирани қолдириб, ўзи ота-онасининг ҳовлисига қайтишга мажбур бўлди. Отаси ўшанда бир иш қилди. Томорқаси катталигидан ҳар бир боласига ўн икки сотихдан бўлиб, ўзлари турадиган қисмини катта қизига васият қилди. Бу ҳовлида, эски иморат қолиб, Таманно ўзига ва икки боласига қўшимча жой солдирди. Ўртадаги ўн икки сотих ер Илғорга ва четдаги ҳовли Қалдирғочга берилди. Илғор уйини ўзи қуриб олган бўлса, Борий ака кичик қизи ҳовлисида учта катта кичик хона, узун ромли айвон, томорқа хўжалигининг қўшимча иморатларини солдириб берди. Ҳовлисига турли янги мевали дарахтлар эктирди. Эскидан қолганларга тегмади.
Катта тут бор. У ошхонага яқин ерда, сояси ромли айвонни ҳам тўсиб туради. Остидаги супачада ёзда ҳамма жон сақлайди. Таги ғир-ғир шамол, салқин. Ҳовлининг пастида улкан ёнғоқ экилганига юз йиллар бўлгандир. Унинг остида ҳам супача бор. Бироқ, уйдагилар унга қўнишга чўчишади. Ҳовлини чопгани, ўт-ўланини юлгани, боғ-роғга қараган корандага жой солинади. Уларнинг салқинда чой-пой ичадиган ери. Тагида бироз чўзилиб, ухлаб, оғзи қийшайиб қолганлари ҳам бўлди. Онаси кестиринг адаси, ёнғоқни хосияти йўқ деб неча бор гапирса ҳам, адаси кўнмасди. Қоплаб ёнғоқ қиладиган дарахтни кесарканманми? Уволи урсинми? Яна ота-буваларимдан ёдгорлик, дерди.
Ёнғоқ билан бир қаторда, оралари етти қадамлар келадиган ерда ўрик ўсади. У ҳам кўп йилли. Тепасида туршак соладиган хили. Борий ака уни мевасини айниқса қадрлайди. Сувга ивитиб қўйиб, ҳар куни истеъмол қилишдан эринмасди. Ўшангами, қабзият нима, бир умр билмади. Босими кўтарилмай, бир хил вазн, ортиқча ёғ босмаган танасини кўтариб юрди. Балки унинг овқатларини сарасини ҳам керакликча танаввул қилиши, бўкиб емаслиги сабабдир. Бу хислати Илғорда ҳам бор ва лекин кўпроқ Қалдирғочга ўтган.
Ота-оналари, бу қизларини барибир бошқача кўришар. Бирор тансиқ нарсами, кийим-кечакними биринчи бўлиб унга илинишарди. У болаларининг энг тадбиркори эмасди, ҳусни-камолатда опасидан ортиқ жойи йўқ, аммо лирик табиат ва гўзал хулқлилигини онаси кўп такрорларди. Отаси бу қизим бу дунёнинг неъмати эмас, илоҳий, худди ҳурларнинг ўзи, деб яқинларига дили ёрилганда, бир мақтаниб қўярди.
Бироқ турмушга бериб, фарзанди бўлавермагач, қизларининг аҳволига баравар ота-онаси узоқ вақт қайғуришди. Аммо, уни қайтариб келишни хаёлларига ҳам келтиришмади. Ҳомиладор бўлганда ҳамма қатор қувонган отасига бор сирни онаси билдирганда, Борий ака чуқур ўйга ботиб, бўлар иш бўлибди, одамлар етимхонадан бола олишади. Ёпиқлик қозон ёпиғлик қолсин, қудаларингни табриклаб қўй, фарзанд туғилсин, той етаклаб борамиз.
− Той етаклайдиган тўйга ҳали бор. Унгача бешик тўйи турибди.
− Униси ҳам буниси ҳам бўлади. Олло, қизимизни сийлаб, кўз ёшларини канда қилибди. Севинч, қувонч ато этади-ку, халққа ош бермаймизми! Ҳали шундоқ тўй-ҳашам қилиб берайки, хизмат кўрсатган ҳофизларни Тошканддан олдираман.
– Илоё, ниятингизга етинг.
Чиндан ҳам бешик тўйи йигирма-ўттиз хотин билан кичкинароқ ўтказилди. Ортиқча ҳашамни қўйинг, деган туман раҳбари, ўзи тез орада кадрлар танлашда жиддий хатога йўл қўйиб ишдан кетди. Ўзи билан олиб келган мутахассиси молия ҳисобларида камомадга йўл қўйиб, қўлга тушиб, қамалди. Ва ўзи билан раҳбарни ҳам тортиб кетишига сал қолдию, йўқ, мансаб супачаларига кўтарган ҳомийлари яна ёрдамга келишди, уни ишдан безарар бўшатиб, узоқ бир чўл зонасидаги совхозга вақтинча агроном қилиб жўнатишди.
Базм тўйини эса Борий ака катта қилиб берди.
Миндибаев, маҳаллий кадрлардан, эй, тўйни билганча ўтказинг. Сиз кўпчиликни ошини егансиз, туман тугул вилоят билади, таниш-билишлар ҳам бисёрдир, Борий ака, деди. Равшаннинг ўғил тўйи, шунинг учун тумандаги энг ном чиқаргани бўлди. Ҳовлининг камида йигирма сотих ерига жой қилиниб, то тонггача базмни номи чиққан ҳофизлар қизитди. Текинга келдик, тўйингизда, биттагина қўшиқ айтишга навбат тегса, дўппимизни осмонга отамиз, деганлари қанча эди. Ичида халқ усталарию, номи тилларда юрган отарчилари ҳам кам эмасди. Дастурхон ясатганлар, Борий акани камсуқумлигини билиб, четга суриб, сизнинг жойингиз меҳмон кутиш деб эшик олдидаги супачага ўтказиб қўйишди. Таманно буларга бош бўлиб, конъяк, ароқлардан тортиб, виски, ликёрларгача, қизил, қора икралар, дудланган хориж балиқлари, товуқ, қазилар билан, ананас, апельсинларгача бисёр қилдиртирди.
Ўшандагина, камтарингина Қалдирғочнинг қайнанаси бу ҳашамларни кўриб, эси оғиб қолишига озгина қолди. Қудасининг уйига қадам ранжида қилаётган казо-казоларни кўриб, ўғлини дамо-дам чақириб қайнатангни олдида тур. Керакли инсонлар билан танишиб, уларнинг турқи-тароватини эслаб қол. Баъзилари кўчани одами, улар ҳам керак бўлади, деб тайинлашни қўймасди. Мана шу уйга бугун Тошканддан меҳмонлар келаркан.
Хуршида, синглиси Зоҳида ва Оловиддин заводдаги бош инженернинг хизмат машинасига жойлашишди. Бу раҳбар Оловиддинни заводга келганидан билади. Бир илтимосинг тушибди, ўзимни машинамда бориб келардик, узр, қизимнинг туғилган куни. Шоферимга путевка ёзиб бераман, ўзинг ҳам борасанми? – деб сўради.
– Билмасам.
Уйда маслаҳат билан, Оловиддин ҳам ҳамроҳ бўладиган, ўша ернинг ўзида тўй кунини белгилашни келишишди.
Меҳмонлар тушга яқин, уч-тўрт тоғора, совға-салом, келин сепи деб турли материаллар, патир нонлар билан кириб келишганида пешин бўлганди. Декабрнинг бошлари. Кунлар салқин, лекин совуқ эмасди. Майдонларда пахтанинг қуруқ чўплари қолган. Бий дала жигарранг тусда. Тўйтепадан ўтиб, дала четларидаги ариқларда сув мўллиги билинди. Туябўғиз омборида сув бироз тошиб, йўлларда кетма-кет халқоблар ҳосил қилган, машина ўтишини мушкиллаштирарди. Шофер уларни айланиб ўтишда секинлаб, баъзи жойда тезлаб, пешин вақтида Кўкишкўлга кириб келди.
Илғор дейилса, ҳамма таниркан, дарров прокурорни уйини кўрсатишди. Ёғочдан қилинган дарвозалари очиқ, яхши таъмирдан чиққан бир қаватли, болохонаси бор ҳовли олдида шофер машинани тўхтатди ҳамки, эшикдан мезбонлар кўринди.
− Келинглар, марҳамат, − деган овоз билан Оловиддин танимайдиган кишилар қарши олишди.
Оловиддин шошмай машинадан тушаркан, опалари обрўларини билиб, жойларидан қимирламасдилар.
Саломлашиб, хуш келибсиз, хушвақт бўлинг! Чарчамадингларми, йўқ, раҳмат деб эркаклар сўрашгунларича, Таманно пайдо бўлса, Хуршида, ана келин кутволгани чиқди, деб унга кўрсатди.
– Вой ёши каттага ўхшайдими? – деб, Зоҳида ҳайрон ажабланди.
– Билмасам. Кел тушиб сўрашайлик, хафа бўлишмасин, яна, − деб Хуршида қўлини елка олиб саломлашишга узатди.
− Эсонмисиз, омонмисиз. Яхшимисиз, Қалдирғоч!
Шундай деб Хуршида мезбон аёлни бағрига тортганда, у ҳуркиброқ, мен Таманноман, Қалдирғочнинг опаси, деди нотаниш, лекин икки томчидек Қалдирғочга ўхшаш аёл.
– Ҳа-я, Қалдирғоч, ичкарида уялганидан бизнинг олдимизга чиқмагандир-да! Эсим қурсин, − деди Хуршида пешонасига секингина уриб.
Кетма-кет қуюқ-суюқдан кейин Хуршида, едик-ичдик, худога шукр, қорин тўйди ғам кетди, деб енгил кулди. Атрофдагилар ҳам жилмайиб қўйишди. Хуршида гапида давом этиб, энди маслаҳатни пиширсак деб, мезбонларга қаради. Таманно, ёнидаги келини, укасининг рафиқаси ила кўз уриштириб олди-да, нима гап экан, опа, қулоғимиз сизда, деб, ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқдек тутди.
− Хабарингиз борми, йўқми, биз қулчиликка келдик?
− Шунақами? Қадамларингизга ҳасанот.
– Ташаккур!
– Хуш кўрдик, айланайлар.
– Хушвақт бўлинглар, ўргилай.
– Ҳа-я, − деб Таманно атрофга кўз қирини ташлаб олиб, озгина сукутдан сўнг давом этди. − Айбга буюрмайсизлар. Кимга қулчиликка келдинглар?
− Қалдирғочга, айланай. Кимга бўларди. Ё бошқа келин бўладиган биров ҳам борми бу хонадонда?
− Бор. Бу ҳовлида иккита қиз бор. Менда ва укам Илғорда, − деб кулди Таманно.
Меҳмонлар бу гапга истиҳола қилиб, секингина жилмайиб қўйдилар. Зоҳида кулди:
– Тегирмон навбати билан. Барча ниятига етсин!
– Раҳмат. Бўлмаса, мен Қалдирғочни ҳам чақирай. Бу ёқда куёв тўра ҳам келибди. Ҳамма гапни бугун пишитиб олганимиз дуруст, шекилли, − деб Таманно ўрнидан турди.
Кийим лозими атласдан, бошида чиройли гулдор рўмол, Қалдирғоч кўринганда, Зоҳида оғзи ванг очилиб, беихтиёр кўп яшанг деб юборди. Бу тилакка ийибми ё ҳазил қилибми Қалдирғоч рўмолини юзига ташлаб, меҳмонларга эгилиб салом қилиб ўртани қизитди.
– Ана келин ҳам тайёр, укамиз Оловиддинга турмушга чиқасизми ё йўқми, деб сўраб ўтиришимизга ҳам ҳожат қолмади, − деб Хуршида кулди.
Бошқалар ҳам қўшилиб кулишаркан, янга уларни хурсанд бўлишидан қувнаса-да, фақат тишини оқини кўрсатиб жилмаярди. Аммо уларни кулгиларини кесиб, Илғорни хотини бошқа гап қилди.
– Ҳо, эскичада, янгичада ҳам имо-ишорада розилик бериш ҳисобга ўтмайди, сўзларини олмагунча туфлигингиз пошналари ейилиб кетмаса, исмимни бошқа қўяман. Бизнинг кеннайи осонликча таслим бўлмайди.
Яна кулги кўтарилди.
Шу пайт эшикдан томоқ қириб Илғор кўринди.
− Меҳмонлар, яхши ўтирибсизларми? Боя саломлашган эдик-а?
– Ҳа, сўрашганмиз, − деди чувиллаб опа-сингил меҳмонлар.
– Бўлмаса, нима қиламиз? Бир қарорга келиб бўлгандирсизлар.
– Биз Қалдирғочдан сўрашга улгурмадик, − деди Зоҳида.
– Сўрашга ҳожат бор эканми, хижолат қилиб. Тўғрими опа?
Қалдирғоч бошини силкиди.
– Бу розилик аломати. Қолганини ана ЗАГСда суриштиришади. Келишдикми?
– Нега шошасан, Қалдирғоч ҳеч нима демаган бўлса, бош силкигани ҳеч нарсани англатмайди, – деб Таманно синглисига қаради.
Янга яна индамади ва дастурхон попугини ўйнаб ўтираверди.
Бу ҳолдан хуноб бўлган Илғор, нима қилсам экан, дегандек даврага секин кўз ташлади.
– Укамни бу ёққа чақиринг. Усиз савдо пишмайди, − деб Хуршида гап қистирди. – Бизлар кичкина одаммизми? Тўй қачон? Қалин, сут пули дегандек. Очиқчасига олди-бердини ҳам гаплашиб олайлик.
− Қанақа олди-берди? Бизларга ҳеч нима керакмас, на қалин пули, на бошқаси. Тўғрими Илғор? − деди Таманно, овозини кўтариб.
Илғор ҳа, деб боши билан тасдиқлади.
− Майли-да, − деб Хуршида ортиқча гапириб юборганини сезди. – Барибир тўй ўтказамиз. Халққа ош берилар. Бутун бошли икки одам қовуштирилдию, тўй-ҳашамсиз бўладими?
Илғор шунда ўрнидан азот туриб, индамай чиқиб кетди-да, бирпас ўтмай, Оловиддинни бошлаб кирди. Бир оёғида оқсоқланиб, дидсизроқ кийиниб, қаддини сал букиб, қадам ташлаб кирган бўлғуси куёвга Таманно ажабланиб қаради-да, сўнг синглисига имлади. Унинг кўнгли тўлмаганини сезган Қалдирғоч ичи увишди ва тезда нигоҳини четга буриб олди.
Оловиддин кирган заҳоти, атрофдагиларга зимдан бир қараб олди. Сўнгра Қалдирғочга, унинг кийимларига нигоҳи тушиб, кўзлари порлаб кетди. Ҳув, ўшанда вақтинчалик никоҳ ўқитганида ҳам шунга ўхшаш либосда эди, деб ўйлади ва янгага қошини учирди. Бу қилиғидан янганинг энсаси қотди.
Кўпчилик бўлиб, асосан хотинлар гапириб, бир тўхтамга келишлари чўзилиб кетди. Шунда Оловиддин ўз сўзини айтди. Фақат гап билан эмас. У ўрнидан туриб, янгага юзланди. Юринг, сиз билан бафуржа маслаҳатлашиб олай, хонангизга бошланг, деди.
Вой, деганча Қалдирғоч мулзам қотганди, Оловиддин тепасига келиб, қўлидан ушлаб, айвон охири томон судради. Илғор тили танглайига ёпишган, бир опасига, меҳмон аёлларга кўз тикиб ҳайрон, бошқалар ҳам ўзига келгунча, янгани хонасига улар кетма-кет киришди.
Бу ҳолдан гирён қолган жамоа на кулишини, на бирор қаттиқ сўз айтишни ўзига эп кўрмай, ўзаро пичирлашишга тушди. Озгина вақт жимлик – на овоз, на сас эшитилди. Кейин чинни вазами, гулдонни ерга тушиб синган каби товуш келди.
Хотинлар ваҳ деб юборди.
Яна бироз вақт ўтдию, рўмоли бошидан тушиб, елкасининг бир четига илинган, сочлари ҳурпайиб, томоқ, бўйни яққол кўринадиган даражада куйлаги сурилган Қалдирғоч: булар ўзи шунақа ёмонлар. Мени бу ишга аралаштирманглар, деб югурлаб айвондан чиқди. Хуршидага бу ҳолат нашъа қилиб, бу укамнинг иши, у нималарни ўйлаб топмайди, деб фикридан ўтказиб пиқиллаб кулди:
– Оловиддин ўзи ёшлигидан шўх. Қариса ҳам қуйилмади, қуйилмади-да.
– Қалдирғочга ҳам бир нима бўлганми? Хорижий аёллардан андоза олади. Ғирт замонавийни қилиғи, тавба, юр деб бошласа, кираверадими, − деб Таманно нолиб гапираётганди, опам неча йилдан бери ёлғиз бўлсалар, ўзлари билиб ҳал қиладилар, индаманг дегандек, Илғор кўзини қисди.
Меҳмонлар еб-ичиб, кулишиб анчагача ўтиришди, аммо кетар чоғида Қалдирғоч ҳунар кўрсатди. У кеннайисига, кириб айтинг, мен эрга тегиш ниятим йўқ, деди.
Бу гапни эшитиб ҳамма ҳанг-манг бўлиб қолди. Сабабини сўраб кирган Илғор тугул опаси Таманнога янга дилини очмади. Келини унинг ёни бўлиб, гапни қисқа қилди:
− Бу ўзларининг ҳаётлари. Энди, нима? Ўғлим шуни хоҳлаяпти деб, биринчи бор келган совчини олдига тушиб кетсинларми? Йўқ дедиларми, демак, йўқ!
Меҳмонлар сувга тушган бўлка нондек мулзам кетишди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.