Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 26 (всего у книги 34 страниц)
43. МУОЛАЖАЛАР НАФИ БОРМИ?
Москвадаги муолажалари фойда бериб, бўйида бўлган Қалдирғочни ҳомиласи уч ойга бормай тушганидан сўнг, у умидлари узилиб, қўлини қўлтиғига урди. Йиғлаб, сиғтаб юрганида, ойиси ҳам кўнглини кўтариб: «қўй, шу эси кирди-чиқди эрдан бола кўриб нима наф кўрардинг. Яна мияси айнаган туғилса, бир умр азобда ўтардинг», деди.
Бошқалар ҳам шунга яқин гап қилиб, ишхонада, дугоналари, яқин кишилари ҳамдардлик қилишгач, янганинг яна чеҳрасига кулгу, табассум қайтгандек бўлди.
Акобирни бир йил ўтиб яна Москвага, касалхонага ётқазиб келишни Илғор осонгина уддалади. Қалдирғоч, қуюқ салом-аликдан сўнг, «Эримга укам ҳамроҳлик қилади. Таътилда эмас экансиз, ўзлиги қидириб топишади. Сизга олдиндан яна бир бор раҳмат! Тошкентга келинг, меҳмон бўлиб кетасиз!» – деган сўзларига дўхтир ҳозиржавоблик билан, мени аёлим ёлғиз юбормайди, деб кулди. Марҳамат, хотинингиз ҳам келса, ундан-да соз, деб янга таклифини такрорлади.
− У ҳолда, балки қизим билан августларда бориб қолармиз.
− Бош устига, − деди янга самимий оҳангда.
Аммо Абрам Наумович августда бу меҳмондорчилик саёҳатидан бош тортишига тўғри келди. Чунки у Акобирни узоқ текшириб, бир ойча муолажалари натижаси ҳам яхши эмаслигига иқрор бўлган, бу пациентини умри узоқ эмаслигини аниқлаганди. Буни у Қалдирғочга қанақа қилиб айтади. Билиб туриб яна меҳмонга борсинми? Одамлар нима дейди? У ўз иззат-нафсини, ориятини биладиганлардан. Акобирни ўзларингда ҳам дўхтирларга кўрсатинглар, муолажаларини у ерда ҳам давом эттирсин, сиз эса, сиқилманг, нима бўлса бари Эгам қўлида деб, Акобирни жўнатиб юборгач, кетма-кет қўнғироқ қилди.
Қалдирғоч лабини тишлаганча қолди.
Бир йили Оловиддинни ишхона яхши тақдирлади. Цехда бешикаст иш ташкил қилгани, юқори кўрсаткичлари учун Сочидаги «Ўзбекистон» санаторийсига путевка ажратилди. Фақат битта камчилиги, бу путевка оилавий эмас, битта ўзига экан. Якка ўзи учмоқчи эмас эди, аммо уйдагилар, қариндош-уруғ қўймади. Бор, бориб келавер, қачон яна имконият бўлади, деб туриб олишди. Қутбиниса ҳам ноилож кўнди: «майли, бориб келинг, қизларингизга совға-салом, мандарин олиш эсингиздан чиқмасин», деб кузатди.
Тошкентдан Сочига самолёт уч соатдан сал зиёдроқ вақт учди. Сўнг аэропортдан дам олиш уйига яқин ергача троллейбус, худди такси машинасидек елдек етиб бораркан. Унга еттинчи қаватдан икки кишилик хона ажратилди. Бу хонада ҳамма шароит мавжуд шериги сибирлик эди. Ёши ўзи билан тенг, металлургия комбинатида ишлайдиган бу йигит жуда вазмин ва босиқ, баланд бўйли қоматига нисбатан камгаплиги унга ярашмагандек туюларди.
Кечасию кундузи ҳарорат ўзгармаслиги Сочи атрофига хос. Мўътадил ҳаво. Сув илиқ. Шунинг учун, Оловиддиннинг асосий вақти, ўзидан бир калла баланд шериги билан сув бўйида, пляжда ўтади. Уч-тўрт кун шундай тарзда ўтди. Шериги жуда шўнғишга уста экан, трамплиндан чиқиб сакраб, кўпчиликни қойил қолдирди. Бу воқеа бир-икки марта қайтарилганди, дарров мухлисалари ҳам пайдо бўлди. Сал рўйхушлик берганди. Ивановлик ёш аёл унга чиппа ёпишиб олди. Натижада, Пашани изми ўзидан кетди. Унинг вақтини энди бу аёл белгилаб боради.
Оловиддин хонасига қайтганда, кўпинча уларни бирга учратадиган бўлди. Ўшанда у ёлғизланганини англади. Лекин бу узоқ давом этмади. Танишиш, ҳол-аҳвол сўраш, гап сотиш энг яхши дам олиш ҳисобланади. Буни ҳамма қувватлайди. Ўшангами ҳамсуҳбатлари етарлича бўлди. Эски одатини эслаб танцага борса, ўйинга тушадиганлар, вақтини хуш ўтказадиганлар кам эмасди. Аммо унинг кўнглини юртдошлари кўпроқ кўтаришди. Бу санаторийда улар анча-мунча эди. Олисда ўз ўлкадошларингни кўриш фароғат касб этади.
Бухоро темир йўлларида масъул лавозимда ишлайдиган Нуфуз аками, жиззахлик чўлқувар Мардонқулми уларнинг ва бошқаларнинг ҳаёти, турмуш ташвишлари тўғрисида кўп суҳбатда бўлди. Энг маъқул бўлгани Нуфуз ака таги проводникликдан чиққанда, карта ўйнашни ёқтираркан, ҳар куни кечки овқатдан кейин бирпас карта чийлаб туришди.
Олмалиқ тоғ-кон комбинатида ишлайдиган Мухтор акани оила си билан кетишига оз муддат қолганда яқиндан суҳбатлашиш уни эски ширин хотираларига қайта ошно этди. Шу кунгача фақат салом-алик қилиб туришган, қаттиқ меҳнатдан тажанг ва ўжар одамга ўхшаган Мухтор ака комбинат электр станциясида навбатчи диспетчерлар бошлиғи бўлиб ишласа, аёли Ақиқа опа РайОНО мудирининг муовини экан.
Ақиқа опанинг айтишича, путевка РайОНО мудирига берилаётганда, у узрли сабабини айтиб, халқ таълими аълочи методисти Ақиқа опани Сочига юборишни ўзи туман каттасидан сўраганини ифтихор билан гапирди.
− Ҳа, раҳбаринг ҳам меҳрибон, ҳам хулқли, − деб эри тасдиқлади.
− Исми ҳам чиройли – Қалдирғоч Бориевна, − деди аёли.
Улар қуюқ дарахтзор ичидаги скамейкада ўтириб суҳбатлашишарди.
Ўша ҳашарга борганларида оддийгина, хаёлпараст кўринган келин туман маорифига раҳбар бўлиптими, деган ўйда Оловиддиннинг юраги гупиллаб уриб кетди. У янгани эслаганди. Бошқа Қалдирғочни бутун республикада ҳам топа олмайсан. Бундай исм жуда ноёб ва кам. Яна тумани ҳам тўғри келяпти. Оловиддин беихтиёр савол берди:
− Эри Акобир, кампир қайнанаси бор. Учовлон туришадими?
− Нега энди, ўғиллари бор. Сиз уларни қайдан танийсиз?
Оловиддин тилидан тутилганди.
Энди, йўқ танимайман, деса ярашмасди, пахта теримига ҳашарга чиққанда уйларида турганмиз, деди секингина.
− Кўпчиликми?
− Шаҳардаги компрессор заводидан. Уч-тўрт киши.
− Яхши одамлар, тўғрими?
− Шундоқ бўлса керак. Биз нима, даладан бўшамаган бўлсак, салом-аликдан нарига ўтмаган одам, бир нима дейиш қийин, − деб ёлғонлади Оловиддин.
− Иккаласи ҳам ўта маданиятли, оддий, жуда халқпарвар инсонлар, − деди Ақиқа опа.
− Эри камгап, лекин бироз қўрс. Хотинига мосмас, − деб аёлининг гапини бўлди Мухтор ака.
− Нега энди? − деганча, Ақиқа опа эрига қарши сўзлади. − Бир-бирига мос. Тўғри, Қалдирғоч Бориевна ниҳоятда дилбар аёл. Тили ширин, малоҳатли. Ўшангами, вилоятга кўтарилиб кетади, деган гап ҳам чиққан.
− Шундай хислатлари билан кўтарилади-да? Унга тенглашишга унча-мунча аёлга йўл бўлсин.
− Сиз уларни қайдан биласиз. Иш жойингиз Олмалиқда бўлса? − деб Оловиддин Мухтор аканинг ичини қизитди.
− Нега билмай, аввал битта қишлоқда, кейин битта совхозда турсак. Акобир кўз ўнгимда ўсган бола. Отаси урушда ногирон бўлиб келганди. Она ва болалари ўзиям етти йил қарашди. Икки оёқсиз ногиронни шунча вақт парваришлашни ўзи бўлмайди. Булар миқ этмади. Отаси рози кетди. Бола роса дуо олган.
− Билмас эканман. Роса қийналган оила экан.
− Секинроқ айтасизми? Сўнг институтда ўқиди. Агрономликни битирди. Оддийгина, юпунгина оила эди. Дўкон мудирини қизига уйланиб, Акобирни иши юришди. Фариштали чиқди бу хотини.
− Қайнатасини ёрдами теккан. Сўзи у ёқ-бу ёққа ўтади, дейишади. Совхоз директорлигига тайинланишида ҳам қўли бор, шекилли, дадаси, − деди Ақиқа опа.
− Бўлмасамчи? Нақд совхозни ютиб юбораман дейдиганларни тумшуғидан раҳбарликни илиб кетди-ку. Бекорга эмас, − деб тасдиқлади Мухтор ака.
− Фарзандлари кўпми? − охирги сўзни Оловиддин бўғилибми, чўзилибми айтганди, Ақиқа опа ҳайрон қараганча:
− Битта, − деб қўя қолди.
− Бир ўғилни иши қийин. Эр-хотин еру кўкка ишонмасмиш, ундан кўра сонини кўпайтирмайдими. Ўнта бўлса, ўрни бошқа. Тўғрими? − деб Мухтор ака Оловиддинга қаради.
− Ҳар бир оиланинг ўз қараши бор. Ўзлари билишади, − деб минғирлади Оловиддин ичида ўғли иззатда эканлигидан кўнгли тўлиб.
Акобирни энди Тошкентдаги онкологическийга жойлаган Илғор, ундан тез-тез хабар олиб турар, ҳар гал келганида, сир бой бермай, яхши, дуруст бўлиб қолди, деб кампирни тинчлантирарди.
Шу тахлитда Акобирнинг умри яна бир неча йилга чўзилдию, бироқ у доимо бошдаги гематомалар оқибати – азобда яшади.
Қишлоқ дўхтири битта ўтиришда кўпроқ майдан урганидан алжираб, Акобирни ўлими яқинлигини гуллаб қўйдию, бу гап атрофга тез тарқади. Шу кундан бошлаб, кампирнинг фиғони фалакка чиқиб, аламини кимдан олишни билмай, келинига ёпиша бошлади. Айтмаган гапи, гумон-шубҳаларини янганинг қалбини ўртаб, сабри-чидами етмай қўйди.
– Даволатдим деганларингиз ёлғон, шунча пуллар қай ерга кетди. У малъунлар бари товламачи, қўлидан бир иш келмайди. Ўмаришни билади. Сиз Акобирни бошқа сабаб билан касалини тезлатиш учун Московга олиб боргансиз, тўғрими? Бирортасини топиб олгандирсиз, ҳали?
* * *
Кампир тўполонини бас қилмай, янгани сиқувга олавергач, ораларидан гап-сўз қочиб, у ойисиникига кетиб қолди.
Бир ойга бормай, Акобир касалхонада вафот этди. Ўша паллада қайнана-келин бир муддат ярашдилар. Борий акани қўли узунлиги, яна Қалдирғочни ҳурмати жанозага жуда кўп одам келди. Маросимлари ҳам ҳовли тўла одам билан ўтди. Йигирмаси, қирқи ҳам.
Ўғилсиз қолиб, қайғусига чидолмаган кампир келинига қаттиқ гапиришини йиғиштирмади. Кўзимга ёмон кўриниб кетяпсиз, анаву дугонангиз билан уйимнинг фариштасини учириб юбордингиз. Тинчлик, ҳаловат йўқолди. Шуларнинг касри Акобирга урди. Энди ўғлим йўқ. Сизни боғлаб турадиган ип узилди. Бироқ, Равшан шу уйда қолади. Истасангиз ойингизникига кўчинг. Ўзингиз биласиз! Бу гапдан илтимосдан кўра буйруқ, изн кўпроқлигини ойиси ҳам тушунибди. Адаси билан маслаҳатлашиб, қайнанасини ҳолатини инобатга олиб, учинчи синфга борадиган ўғлини бувисига қолдириб, Қалдирғоч ўз ҳовлиларига қайтди. Аммо, қайнанаси буни кутмаган эканми, кетганидан кейин ҳам аламлари ёзилмай, келинини қўшниларга ёмонлашга улгурди, бу гаплар чуваб тепага ҳам бориб етди. Ўшанга, нопок аёл раҳбар ишда ишлаши мумкинми, ана қайнанаси ҳам бекорга ҳайдамаган, унинг феъли, юриш-туриши тўғрисида шубҳалари бормиш, деб баъзи бир ғаламислар бу масалани парткомда кўтариб чиқишгач, биринчи ҳам бошини ушлаганча, қайнанаси билан борди-келдига боргани баҳона унга оғзаки ҳайфсан эълон қилди, ҳеч қандай фактлар йўқ, қуруқ гапга ўхшайди, бемалол ишлаб юравер, деди ва ҳаммани олдида бошқа изза қилмади. Уни бўҳтон, гап-сўзлар билан ишдан ҳайдаб бўлмаслигини юристлар таъкидлагач, ғанимлар мақсадига етолмай тирсагини тишлашди.
Биринчи: индамай юр, пок аёлсан, сен ҳақлигингга ишончим комил, отангни ҳурмати бор, ҳеч ким сенга ҳеч нима қила олмайди, бирор ечим топилар, танишларни ҳам ишга солдим, деди.
Бу орада Москвадан қўнғироқ бўлиб турарди. Унинг эсидан чиқса-да, ҳафтасига бир ёки икки марта Хорхиналар уйидан қўнғироқ бўларди. Узоқ суҳбатлашишади. Айниқса, эрини ўлимида уни айблашларидан ғазабланган профессор хоним: Москвага кўчиб ўта қол. Қаерда тураман дейсанми? Бизникида, мен профессор бўлганим учун қўшимча хонамиз бор. Энди эринг йўқ. Устингдан туҳмат қилибди душманларинг. Шу қилганларига росмана европача яшайсан. Бир аламлари қўзисин. Нималар деяпсиз, бундай бемақсад яшаш менинг стихиям эмас, дейсанми? Майли, унда, ҳеч бўлмаса, иғволари босилгунча, улардан четроқда юрасан. Бўшашма. Тезроқ жавобини айт.
Янга «ташаккур, мен ўйлаб кўраман» деди.
Никита эса ҳовлиқиб: Олимпиададан кейин Москва жуда кўркамлашган. Роса айлантирган бўлардим. Сиз севган футболни Лужникида кўрардик. Хаёлпарастсан дейсизми? Ўша заҳар-заққум одамлар ичида яшаб нима топдингиз! Бировларнинг номларини булғаб завқ оладиганлардан нарироқ бўлардингиз, ҳаётингизни замонавий аснода яшашга қурардингиз. Яна ўзингиз биласиз!
Инна билан охирги пайт оз гаплашади.
Гулсина ҳам дугонаси тўғрисида кўтарилган гап-сўзларни эшитгандан бери камроқ кўринади. Ўзидан чўчийди.
Вақт эса шитобда ўтиб борарди. Бир куни отаси уни маслаҳатга тортиб, «Қизим, ке, ишингни ўзинг топшир, масала вилоят даражасига кўтарилмай, этакни ёпамиз, сенга бошқа иш топилар. Керак бўлса, оддийроқ иш бўлсин, вақтинг кўп бўлади. Яхшими, шунинг учун сен сиқилма, менга бир оз вақт керак», деди. Қалдирғоч отаси айтганидек қилди. Ўз ихтиёри билан ариза ёзиб келди, Миндибаев яхши, яхши, сен таътилга чиқиш тўғрисида ҳам ариза ёз-да ходимлар бўлимига топшир. Сени ишдан бўшатиш миямга келмаган, билиб қўй ва Борий акага ҳам етказ. Жуда бўлмаса таътилга чиқасан. Шу гапларга ҳам бир неча кун бўлди, барибир янга сиқила бошлаганди. Жанжал қайта кўтарилишини ўйлаб, ўз кабинетида хомуш ўтираркан, Равшанни меҳр билан яхши кўрганмидим ё йўқми, деган ўйда эди. Эрининг ҳаёти қисқалигига у айбдор эмаску? Бирор марта ўлимини на хаёлда, на рўёда истаган бўлса ҳам алам қилмасди.
Шу пайт шаҳарлараро телефон қўнғироғи бўлди. Хорхина экан. У билан сўзлашувида профессор хоним унга битта гап айтиб, қизиқтириб қўйди.
− Сени ишдан бўшатишса, сўнг бу системага киришинг қийин, тўғрими?
− Ҳа.
− Маслаҳатим, битта курсдошим касаба ишлар йўналишида ўсган, сени етакчи мутахассис лавозимига ишга олмоқчи. Бу ерларда бир муддат ишлаб яшашга нима дейсан?
− Ҳимм.
− Бу мансаб ҳатто москваликлар учун яхши лавозим ҳисобланади. Барча илмий ходимлар, институт ишчилари сендан путевка сўраб келишади. Кавказ: Адлер, Евпатория, Кисловодск, Сочи, Пицундалар ўз йўлига, ҳаттоки Варна, Карлови Варидан ташқари, капиталистик давлатларга ҳам туристик дам олиш путевкалар тарқатиладиган жой.
− Раҳмат. Лекин мен учун шунча қайғуришингиз шартми?
− Шунақа гапирсанг хафа бўламиз! Хўш розимисан?
− Ота-онам билан маслаҳатлашишим зарур.
Борий ака қошини кериб ўйлар, ойиси шаҳдам сўзларди:
− Катта қизингиз шаҳарма-шаҳар юришдан бўшамайди. Энди Қалдирғоч ҳам кетса, бағрим ҳувиллайди. Бирор савдо дўконига буни ҳам тиқиб қўйинг, ундан кўра.
Илғор бошини силкиб:
− Қалдирғоч опам савдога ярамайди. Хаёлпараст.
Борий ака секин кўзини юмиб, унинг гапини маъқуллаб, қўшди:
− Майли Москвага юборамиз. Танишлар бор. Потапович қадрдон. Ўзи ҳам уддабуронлик қилиб битта-яримта ишончли одамлар билан ўртоқлашибди.
− Таниш ўз йўлига, ишда қоқилиб қолса-чи? − деб ойиси ваҳма қилди.
− Қоқилмайди. Тилни яхши билади. Муомалали. Дипломатик кўринишга эга. Яна нима керак? Тўғрими қизим.
Қалдирғоч отасига суйканди:
− Раҳмат ишончингиз учун. Сизларни уялтириб қўймайман.
− Битта профессор аёл уйида тураман, дейди қизингиз. Аммо, унинг ўттиздан ошган бўйдоқ ўғли бор экан.
− Ўзбекчиликка тўғри келмайди, меҳмонхонада туринг опа, йўқса ижарага уй топиб бериш керак, − деди Илғор ойисининг гапини кесиб. – Борий ака Қалдирғочга қаради:
− Пул етарли, ижарага квартира топа қол.
− Бир ўзим зерикиб қолмай дегандим, ада?
− Бу муаммомас. Асосийси хоҳиш бор. Хоҳиш, истак бўлса барча тўсиқлар чекинади, − деб гапни хотималашга ўтди Борий ака.
− Аҳмоқ қудам тилим бор деб одамни шунча овора қилди. Миянг чиригур.
− Қўявер, онаси. Бўлар иш бўлди. Қайтанга Қалдирғочга озодлик тегди. Йўли очилди, мен шунга хурсандман. Қизларим бағрига шамол тегиб, бахтини ўзи топсин. Истиқболи гулласин, уни кўриб бизлар қувонайлик.
Қалдирғоч: бунчалар яхшисиз. Аммо мен тентакни сиз билмаган сирлари бор, дегандек адасига қараб анграйди.
− Ундай жойларни тепадан қўнғироқсиз топиш қийин. Ишончлими ишқилиб ваъдалари. Яна ишсиз қолиб кетсачи? − деди Илғор ишонқирамай, яна иш жойи ҳақидаги мавзуга қайтиб.
− Ишсиз қолса, бир-икки ой Москвада туриб, ҳаво алмаштириб келади. Ҳечқиси йўқ. Оқ йўл қизим.
Шундай деб, Борий ака фотиҳага қўл очганди, бошқалар ҳам қўшилишди.
Эртаси бу хабарни эшитган Миндибаев: жахши, ўзинг жўлини топибсен. Унгача бир гап бўлур. Оқ жўл, деб ёноғидан ўпди.
Ижарага квартира ўша Хорхиналар турадиган ҳудуддан, битта квартал, бир уй, ҳаттоки улар подъездидан топилди. Бу уй бошидан олимлар, ижодкорларга берилгани учун, бир қават тепадаги икки хонали квартира узоқ вақт экспедицияда умри ўтадиган геологга тегишли бўлиб, калити тўғридаги қўшнида, Евдокия Платоновна билан қадрдон қўшни аёлда экан, у жон деб хонани унга очиб берди. Ижара пули унга ҳам тегишидан ташқари, Евдокия топган жувон ─ Қалдирғоч унга ёққанди.
Биринчи кунлари, бир ўзи яшашга ўрганмаган Қалдирғочга ёлғизлик ютиб юборадигандек туюлди. Лекин одамзот нималарга ўрганмайди. Кўникмайди.
Бегим кунлари у Зеленодольская кўчасидан икки юз метр оралиқдаги “Рязань проспекти” станциясига тушиб, метрода йигирма дақиқаларда марказга, у ерда бошқа йўналишга ўтиб, “Университетская” станциясидан чиқиб, трамвайда Вавилов бекатигача борарди. Бу ерда Вавилов кўчаси қирқ иккинчи уйнинг учинчи қаватида касаба уюшмасининг илмий ходимлар учун дам олиш уйи, санаторияларга путевкаларни берадиган филиали унинг иш жойига айланди. Қабулхона билан қўшиб ҳисобласа, бешта хонада жами ўн битта ходим ишлар экан.
Ўзи ўтирадиган хонанинг тўридаги қарама-қарши столда икки ёши улуғ аёллар пенсияга чиқиш арафасида. Ҳатто, ташқи кўриниши, одми кийиниб юриши, аста гапириши, унчалик ҳо-ҳоламай, мийиғида кулиб қўйишларигача уйқаш.
Қалдирғочни жамоа ўта маданиятли қабул қилишди. Бирор бир ортиқча сўз, писанда ёки камситиш оҳанги сезилмайдиган даражада самимий гаплашишди. Кераксиз савол-жавобга тутишмайди. Баъзи бир бетамиз юртдошлар бўлганда эди: Оилада нечтасизлар? Эрингиз борми? Йўқми? Нега ўлган? Болангиз нечта? Нимага Москвага келиб қолдингиз? Нега жавоб бергингиз келмайди? Шунчалик сирми? Вой-бўй! деган саволларга кўмилишини, ноқулай аҳволга тушишини англарди, бу ерда эса ўзгача дунёқараш. Бир жойда ишлаб, ҳамкасбинг оиласи ҳақида бир умр бирор гап билмаслигинг мумкин.
Йўқ, улар ҳам суҳбат қуришади. Фақат бу гаплар об-ҳаво, қишга ёпиладиган мураббо, компотлар, тузламалар, икралар ҳақида кетади. Қалдирғоч, бундай ишларга йўқроқ, чунки ҳар йил ойиси бериб юборарди. Шуни бир кун бирга тушлик қилаётганларида айтганида ҳайрон бўлишмади, лекин унинг қоматига қараб: ўзини ортиқча уринтирмасликни биларкан бу осиёлик, деб ўйлашди улар.
Кираверишдаги чап тарафдаги иш жойи Қалдирғочга, қарама-қарши томондагиси ўттиз бешларга кирган, оҳори тўкилган костюм-шим кийган, сочлари тўкилиб, пешанаси ярқираб қолган, доимо ўй-фикрдаги кўримсиз йигит − Андрюшага тегишли. У ишга ўта берилган, вазифаси кўп – ҳар бир дам олиш уйи, санатория бўйича ажратилган путевкаларни рўйхатга киритиб, картотека олиб бориш, ҳисобот тайёрлаш.
Қалдирғочга эса: путевканинг бор ҳужжатлари бадастур бўлса, уни чиройли ёзувда тўлдириш, расмийлаштириш ва бошлиққа қўл қўйдириш, муҳр босдириш ва қайд қилиш каби, аввал шу ишларни бажарган, ҳозирда марказий аппаратга кўтарилган ходима вазифаси юклатилди.
Хонадаги хайрихоҳлик ва сокинлик, ишга тўғри ёндошиш руҳи унга маъқул келиб, жамоага тез қўшилди. Шошилмай, ўрта меъёрда бажариладиган ишлар суръати унинг феълига мос, қабулхонага қанча вақт керак бўлса шунча кутиш учун кирар, тажрибали, катта ёшдаги котиба аёлга бир-икки оғиз сўз айтишга улгурмай, уни доимо навбатсиз ўтказиб юборарди.
Неча йил ишлаб келаётганлар ҳам индамай қолишар, йўлини тўсган ёки ортидан хафалигини намоён қилган топилмасди, чунки унинг ташрифидан сўнг раҳбар юмшаб, бошқаларни ҳам жилма йиб, яхши кайфиятда қабул қилиши тўғрисидаги гап-сўз тезда жамоага етиб борганди.
Раҳбар қўл қўяётган путевкада ёзилган фамилияни паспортдагиси билан солиштиришни унутмас ва шу икки ой ичида Мансурова бир ҳарфга янглишмаганини мажлисда айтиб мақтади. “Худди аввалги ходима ҳар бир ёзувида хато қилардию, четдан келган мутахассис бу камчиликларга барҳам берди, шундайми”, деди кимдир. Илмоқли гап эшитган бошлиқ, ўгирилиб қаради. Андрюша. Фидойи ходим. Ўшанга индамасликни маъқул кўрди. Мансурова ўрнидаги аввалги ходимани Андрюша яхши кўрарди. Гарчи бу ходима унинг устида кўп интрижкалар қилган, эрка, тантиқлигини намоён қилиб, йигитни бошини беш йил давомида роса айлантирган. Бор пулини ўзига сарфлашга Андрюшани мажбурлаб, кафангадоликка олиб борган бўлса-да, йигит тур деса турган, ёт деса ётган.
Бу ҳақда хонадаги аёллар, мажлис тугагач, бирга тушликка чиқишганда Қалдирғочга айтиб беришди.
Орадан бирмунча вақт ўтиб, янги йил арафасида таътил берилганидан фойдаланиб, у Тошкентга учди.
Аэропортда уни кутиб олгани чиққан укасини кўрган Қалдирғоч унга талпиниб йиғлаб юборди: жондан азиз укажоним. Соғиниб кетдим ҳаммангизни. Бирам соғиндимки.
Сўнг, Илғор опаси кўтариб келган совғаларни орқа ўриндиққа жойлаб, Кўкишкўлга машинасини тезлатиб ҳайдаб кетди. Ҳолаҳвол сўраб олишгач, Илғор унга бир гап айтди: қайнанаси тавба қилиб, уч-тўрт бор йиғлаб келибди. Равшанга яхши қарай олмаётганини, онаси уни ҳам Москвага олиб кетсин, ёки уйга қайтсин, ёлғиз бир ўзимни ҳовли ютиб юборяпти. Ҳеч бўлмаса, эрга қайта теккунча мен билан турсин, дебди.
Янга қайнанасини оҳу зоринимас, ўғлининг тақдирини ўйлаб рози бўлишга шошилганди, укаси уни оғзига урди.
− Опа, қадрингизни билинг! Керакмас уй-жойлари. Ана, совхозда бригадир бўлиб ишлаётган жияни бор. Ўша қарасин! Қийналганда оҳ-воҳ қилишни билади. Ундан кўра бошқаларни сарсон қилиш қанақалигини англаб олсин, Қалдирғоч ўғлини бағрига босиб анча турди. Эгнидан совуқ ўтди ҳам ҳовлида қаққайиб қолганди, ойиси уришди.
− Ақлингни йиғ! Уйга кириб дийдиёингни қилмайсанми? Совуқ ўтиб кетди, бояқишдан.
Равшан шўхлиги кетиб, анча қуйилиб, соғинганини намоён этиб, онасининг кўзига қараб турар, бирор иш буюрмасдан ўрнидан сакраб турарди. Унинг чаққонлигини фаҳмлаб, худди дадангни ўзисан болам, деб қўйди янга ва кўзига ёш келди.
Вазиятни тўғри баҳолаган биринчи уни шу ерларда олиб қолишга эришди.
Шахсан ўзи кампир билан гаплашиб, унинг тавбасига таянганига иқрор бўлгач, Қалдирғочни ўз ўрнига тиклади.
Янга уни ишдан бўшатишларини сўраб бошлиғига телефон қилиб, шароит ўзгарганини, боласи билан катта шаҳарларга бориб яшаши мушкуллигини билдирди.
− Афсус, афсус шундоқ кадрдан айрилиш, эндигина асосий ишга ўтказмоқчи эдим.
− Ишончингиз учун катта раҳмат! Ҳали кўп учрашамиз деган умиддаман.
− Албатта! Бирорта юмушингиз ёки турпоездкалар бўлса, бемалол мурожаат қилаверинг! Ўзингиз ишлаган жой.
− Сиз ҳам Ўзбекистонга келганингизда, бизнинг уйни четлаб ўтманг!
− Келишдик.
Турмуш ва иш ўз йўлига қайтадан тушиб кетди.
Москвадан почта орқали меҳнат дафтарчаси билан бирга мақтов қоғози ва ёрлиқлар ҳам юборилган экан, бу биринчига дастак бўлиб, лозим топилган ерда: «Ана бизнинг кадрлар шундай катта шаҳарларда ҳам ўзини кўрсатиб, ташаккурномалар олиб келаяпти», деб ҳисоботларда, жўяли жойларда сўзига қўшиб гапирадиган бўлди.
Аммо кампир билан ўтган аччиқ-қуруқ гаплар, ғам-андуҳли, иғволи таъналар ўз ишини қилиб бўлишга улгурганидан, бу уй муҳити янгани эзарди. Боласи учун, ота-онасининг маслаҳати билан келинлик уйга қайтиб бекор қилмадимми? деб анча вақт сиқилиб юрдию, кейин ўзини ишга уриб, уйга келишга шошилмай, кечроқ келиб, қайнанасини камроқ кўришга, иложи борича ҳеч бир суҳбат қурмасликка ҳаракат қилиб, бу ташвишлардан қутилди.
Бола тарбияси икки уй ўртасида тақсимланиб, бегим кунлари Равшанга қараш қайнанаси бўйнида. Дам олиш кунлари Равшан вақтини нариги ҳовлида ўтказиб, ўшанда кампирга озодлик тегиб, юрадиган жойларига йўрғаларди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.