Электронная библиотека » Абдужаббор Обидов » » онлайн чтение - страница 9


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:20


Автор книги: Абдужаббор Обидов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ИККИНЧИ ҚИСМ

14. ХОТИНБОЗ КОТИБ

Вафоев туманга келган йилиёқ, биринчи таништирувнинг ўзида бир жувонни кўз остига олган эди. Бир-икки уринишда амаллади. Шу билан хотинларга суяги йўқлигини бу ерда ҳам намойиш қилишни бошлади.

Нурхол савдо бўлимида кичик лавозимдаги ходим эди. Эри оддий колхозчи, бироқ уқувсизлиги, бироз дангасалигидан, ўзига топширилган ишни вақтида бажара олмай гап эшитгани эшитган. Ёш жувон Вафоев ҳомийлигида бўлим бошлиғи даражасига етди. Бир йилдан ортиқ уларнинг ишқий саргузаштлари ғийбатга асос бўлди-да, кейин ҳеч ким индамай қўйди. Орадан неча йиллар ўтди. Тахминан шунча вақтдан бери, аввал ҳарбийга яроқсиз деб топилган Нурхолнинг эри, ҳарбийга хизматга чақирилдию, Узоқ Шарқ тарафдаги полкга жўнатилди. Қайтиб келса, уни милицияга жойлаб қўйиш мўлжалланганди. Вафоев ваъдасининг устидан чиқди. Фақат уни милицияга эмас, Олмалиқ шаҳар ўт ўчирувчилар командасига киритиб қўйди. Бир сутка ишлайди, уч кун дам. Эри хурсанд, лекин унинг хизмат кунларида Нурхол унга керак. Хонасида анча пайтгача олиб қолиш имкони туғилганидан Назруллони ҳам кўнгли тўқ. Сих ҳам куймади, кабоб ҳам.

Аммо, Назрулло Оллоқулович, унақа бир аёлга боғланиб қоладиган тоифадан эмас. Хотини Сара, Тошкентдаги қайсидир илмий текшириш институтида ишлайди. Шунинг учун улар ҳозирча алоҳида яшашади. Хотини болалари билан Тошкентда, улар иккита: қиз ва ўғил. Кенжаси пойтахтдаги махсус куни узайтирилган мактабда ўқийди. Каттаси қиз. Бу йил институтга кирган.

Қалдирғоч боғча мудирлигидан тумандаги ишига ўтганига кўп бўлмади. Ўшандан бери уни тўрга тушириш тарадуддида кўп вақт сарфлади. Нима ишлар қилмади. Қаерга боради, кимлар билан учрашади, дугоналарининг касби, иш жойи ва бошқа маълумотлар йиғди. Аммо отасининг обрў, эътибори бор. Сўзи туманда ҳисобга олинишини билгани учун қулай пайт кутиб, ошкора хушомад ёки учрашув таклифлари қилишдан ўзини мажбуран қайтариб юрди. Таътилдан сўнг, қорайган, силлиқ танасига ял-ял ёндириб хон атлас куйлак кийиб, ишда пайдо бўлиши, туман раёсати йиғилишида қатнашиши, барча мажлис аҳлининг хаёлини олди. Янга хушомаду мақтовлар ичида қолди. Ҳатто биринчи, унинг таътилни мазмунли ўтказганини маъқуллаб, яхши ишлайдиган одам яхши дам олишни ана, Қалдирғочдан ўргансин, деб мажлисни очди.

Ўша мажлисдаёқ Вафоев Қалдирғочга бир-икки тикилиб, ундаги ўзгаришларни илғаб олди. У аввалги пайтидаги ҳолатидан кўра, шодгунроқ кўринди. Бу ерда бир гап бор, тагига етишим керак, деб бир иш қилди. Курортга бирга борган Гулсина Зингашинани топди. Уни туманга таклиф қилиб ўтирмади, мудирлик қилаётган боғчасига ревизор юбортирди.

Кутилганидек камомад аниқланди. Омбордаги моллар бухгалтерия ҳисоботлари билан мос келмай, растрат деган айблов варақасини ревизор тўлдираётганида, Гулсина жойида ҳал қилиш учун, минг бир муқомини ишга солди. Ўтмади. Пул таклиф қилиб кўрди, олмагач, нега ревизор тихирлик қилаётганининг сабабини суриштирса ҳам наф чиқмади. У миқ этмай қоғозига қўл қўйдириб, ясатилган столига ҳам қия боқмай кетди.

Боғча мудирининг фиғони чиқди, эртага молия бўлимига топширса, унга иш очилиши турган гап. Тергов, суд бошига ортиқча ғалва. Фақат ғалванинг ўзимас. Уч тийин учун турмага тиқишадиган замонда ўттиз сўмли камомад катта жиноят. Қамаб юборишлари тайин. Ревизор билан ўйнашиб бўлмаса.

Боғчаси батартиб, тарбияловчилар маълумотли. Овқатининг сифати ёмонмас, аввалги ошпази билан етти йилча сан-манга бормай ҳеч бир камчиликсиз бирга ишлашди. Хўжалик ажратган домда сиқилиб турарди. Катта томорқалар берилишини эшитиб, у оиласи билан Мирзачўлга – янги ўзлаштирилаётган ерларга кўчиб кетди. Хўжалик директори эса боғчага, эски ошпази ўрнига ўз қариндошини тиқиштирди. Гуля йўқ дейолмади. Директор янги. Мана оқибат. Арзимаган икки ойда боғча кухнясини талон-торож қилипти. Гўштни жиғилдонига урган, колбаса, пишлоқдан ҳам етишмовчилик. Энди янги ошпаз ҳам, раҳбар сифатида ўзи ҳам баробар жавоб беришади. Бироқ унинг қамалишидан менга нима манфаат? Ўзимни жонимни асрашим керак деб, бошини ушлаганча, Зинганшина ўйга толганди.

Унинг кабинети оройишта. Деворда катталарнинг расмлари. Турмуш тарзини яхшилашга, меҳнатга даъват қилувчи плакатлар осилган. Стол усти саранжом. Атрофида қатор стуллар. Бўлим мудири хонасида бўлак, ортиқча нарсалар йўқ. Тувакда гуллар бор. Катта-кичик туваклар. Олтита. Ҳар доим сув қуйилган, сарғайган ёки қариган барглари кесиларди. Лекин, ҳозир, ойна олдига қўйилган бир жуфт герань ўсган тувакка қараб у ўйлар, сувсиз, қақраб ётгани эса кўзига кўринмасди.

Қайси танишларимни ишга солсам бўларкан деб, қрим-татор танишларини кўз олдига бирма-бир келтирар, уларнинг кўпи оддий деҳқончилик билан шуғулланади. Фойдаси тегмайди деб ўйлай, ўйлай ёдига Қалдирғоч келди. Дарров эсимга келмаганини қара, дурочка, деб ўзини койиган бўлди. Ва бошқаларнинг тамадди қилиб олинг, деб ҳай-ҳайлашларига қарамай, боғчани тарк этиб идорага югурди. Телефон қилди. Туман ижроия қўмитаси қабулхонасидан Мансуровани чақириб берсангиз деди.

Котиба ҳозиржавоблик қилди.

– Қалдирғоч Бориевна муҳим иш билан шаҳарга кетганлар, кечроқ қайтадилар. – Гуля бўшашиб трубкани қўйди.

Қалдирғочни ишга солмасам бўлмайди. У яқин дугонам, менга йўқ демас. Жуда бўлмаса уйига бориб, кутиб ўтираман деган қарорга келди. Аввал директорга кириб бор заҳрини сочди, у ишга янги келганини рўкач қилиб, ўзини четга олди, лекин харажатлари бўлса қараб турмайман, деб бўладиган гапни гапирди.

Туманда барча соҳа бўлимлари ижроия қўмитасининг уч қаватли биносида жойлашган. Қабулхона иккинчи қават чап тарафида бўлса, ўнг томонда Қалдирғочни бошқараётган бўлимга: мактаб, мактабгача таълим, ижтимоий соҳа учун учта хона ажратилган. Шулардан биттаси алоҳида ўзига берилган. Қалдирғоч хонаси эшигини тортиб, унинг ёпиқлигини англаган Гулсина бўшашиб турган эди, коридорнинг нариги томонидан тикилиб келаётган Вафоев уни дарров таниди. Бу Зингашина. Ўз оёғи билан келибди. Яхши. Унинг миясида бир фикр етилди.

– Мансурова шаҳарда.

Гулсина ўгирилиб Вафоевни таниди. Салом берди.

– Ваалайкум Ассалом! Келинг тарбиячи, не хизмат?

– Дугонамни кўриб кетай дегандим.

– Ҳа, Қалдирғоч дугонангми!

– Ҳа.

– Курортга бирга борган сенми?

– Қалдирғоч айтдими?

Вафоев ён-верига аланглаб қараб олди ва кескин гапирди:

– Айтди. Қани мен билан юр-чи! Бир маълумот керак.

Гулсина йўқ деб бўлмаслигини англаб, ҳайрон эргашди.

Хонада Назрулло бу аёлга яхшилаб қараб чиқаркан, унга ревизиядан хабардорлигини билдириб қўймасликка ҳаракат қилиб ўйга толди ва умумий гапларга урғу бериб гап бошлади: соғ танда соғлом ақл, яхши дам меҳнатга ҳамдам. Таътилни зерикарли ўтказмай, денгизга борганингиз маъқул. Хўш, Қалдирғоч билан қандай турдинглар? – деди сўзи охирида.

– Қора денгиз миллионлаб одамлар учун чўмилиш, ҳордиқ чиқариш, кўнгил ёзиш маскани. Ҳамма қандай дам олган бўлса биз ҳам улардан қолишга ҳаракат қилмадик?

– Бу рост. Қорайиб, сулув тортиб кепсанлар, дуруст.

– Раҳмат.

– Қалдирғоч у ерда не ишлар билан машғул бўлди? Шу ҳақда айтиб бер.

– Нимага сизни қизиқтиряпти?

– Керак.

Гулсина Вафоев ўз ваколати доирасида ҳар турли саволлар бериши ва кадрларнинг ички ишлари, ҳаётига ҳам аралашиши одат тусига кирганидан ҳайиқиброқ жавоб берди.

– Дам олди.

– Йўқ, сен тўлиқроқ айт, яширмай.

Гулсина сир бой бергиси келмай гапирди.

– Денгизда чўмилди, сузди, кун давомида сув бўйида лежакларда чўзилиб қорайди. Кечалари кинога тушди. Бирга рақс майдонига бордик, соҳил бўйлаб айландик.

– Бир ўзими?

– Нега, иккаламиз?

– Биринчи кунлари балки шундайдир, кейин эса сен хонада тунамагансан. Мени лақиллатма?

Гулсина зийрак тортди. Бу аблаҳ кўп нарсадан хабардор, шекилли.

– Нимага индамайсан?

Гулсина илжайди.

– Назрулло оға, қўйсангизчи, бева, икки болани ўстираётган жувонни қийнаб. Эрим бўлмаса, ўйнаб-куладиган даврим?

– Бундай гапириш уят.

– Нима қилай, бу ерда ҳеч ким, ҳатто сиз менга назар солмасангиз?

– Зингашина, ақлингни йиғ! Сенга жавоб.

Гулсина ўрнидан туриб, бир-икки қадам қўйганди, унинг миясига урди. Қалдирғочга, сен билан Вафоев қизиқяпти деб айтиб қўйса, режаси чиппакка чиқиши мумкин.

– Тўхтачи, сени молия текширибди-ку? Шундайми?

– Ҳа. Ревизор келиб кетди.

– Ҳаммаси жойида эканми?

– Йўқ, камомад чиқди. Назрулло оға, ёрдам беринг.

Шундай деб бора солиб Вафоевнинг бўйнига осилиб олди.

– Ў, ўтир, шошмасангчи! Нари бор.

Гулсина, синаб кўриш учун бу тадбирни қўллаганди, шошмай тур дейишидан, бу хотинбозни қўлга олиш осон кечаркан, деган фикр калласига келди. Жиғига тегмай турай деб стулга виқор билан ўтириб, оёқларини чалкаштириб олди.

– Курортда бир-иккитасини бошини айлантиргандирсен?

– Уч-тўртта денг! Сизни хотинингиз бўлмасам. Намунча тергадингиз? Эрим ичавериб эсидан айрилган пиёниста эди. Пахта тозалаш заводида хирмон тепасидан йиқилиб ўлган. Ё бир умр аза очиб ўтирайми?

– Ким аза оч деяпти?

– Бўлмаса ёрдам беринг! Анаву ревизияни тўхтаттиринг.

– Эсингни ебсан. Китобга тушган ишинг?

– Унда не қилай? Чўрингиз бўлайми? Йўқ деманг!

Гулсина ўрнидан туриб яна яқинлашди.

– Яхши, яхши, яқинлашма. Ҳозир бир нима ўйлаб кўрамиз.

– Бу бошқа гап. Сизни ўзим шундоқ хурсанд қилайки. Эшикни қулфлаб қўяйми?

Назрулло «буни ҳам биларкан, мендан ҳам ўткиру, бир балога йўлиқтирмаса бўлгани», деб ўйлади.

– Энди соат уч. Биринчи чақириб қолади. Мени йўқлаб, аҳоли келиши кутилади. Маҳаллий депутатлар билан соат тўртда учрашувим бор.

– Соат еттигача кутайми ёки саккиз маъқулдир, Нурхолни қабул қилгандек…

– Бас! Қаердан олдинг бу гапларни.

– Жаҳлингиз чиқмасин. Фақат бу фисқи-фасодни бутун туман билади. Эҳтиёт бўлинг! Эри бор. Қариндошлари қасд қилишмасин!

Гулсина уни мот қилиш учун турли усулларни қўллашда давом этарди.

Бу сўзи Назруллони ўйлатиб қўйди. Чиндан ҳам Нурхолнинг бирор қариндоши, ори учун унга ташланиб қолса, кўпчилик орасида обрўсига путур етиши мумкин. Ёки панада пойлаб тутиб олиб урса-чи! Нурхолни ўз ҳолига қўйса дуруст, йўқса сўнгги пайт, таннозлиги ошиб, инжиқланади. Совғалар сўрайди. Кўзи оч. Ҳар қандай ҳузурнинг ҳам чегараси бор.

– Нима демоқчисан? − деди у қалин қошини кўтариб.

– Мен учун қайғурадиган меҳрибоним йўқ, менга паноҳ бўлсангиз яхшимасми? Истаган пайтингизга ярайман.

– Уялишни ҳам билмас экансан.

– Ёмонми?

– Билмасам, ортиқча ноз – кети эътироз. Маъшуқанинг дадили менга маъқул.

– У ҳолда, тафтишни ўзингиз тинчитарсиз?

– Яхши. Фақат сен Қалдирғоч ҳақида, уни дам олишда оёқ ташлаши қандай бўлди, сўйлаб бергин-да?

– Тўғри бориб, тўғри келди. Аммо мен ҳақимда буни айтса бўлмас, етарлими? – Ҳо-ҳолаб кулди Гулсина.

– Мендан яширма, дугонанг бир юз саксон градусга ўзгариб келган. Чеҳрасига кулгу ёзилиб, кўнгли ёришган. Бу маишат, айш ишига ўхшайдур. Менинг кўзим кўр эмас.

– Оға, қўйинг шу гапларни. Ўзимизни ўйлайлик.

– Мен барибир бошқалардан Мансурова ҳақида билиб оламан.

– Эй, хотин киши, эридан нари кетса, оиласидан озгина дам олса, шу ҳолга тушади. Чеҳраси ёришиб, дунё кўрганичун шодлиги ошади. Қалдирғочга тамға османг, билмай туриб.

– Сен у тарафми ё мен тарафми?

– Сиз тараф, оға.

Шундай деганча, ўрнидан шартта турган Гулсина Назрулло бир нима дегунча, унинг бошини кўксига босганди, иккинчи оғзини очолмай қолди…

15. ҚАТАҒОН ҚИЛИНГАН ҚИЗ ТАҚДИРИ

Қалдирғочни кўнгли тинч эмасди. Анча вақт бир нарсасини йўқотгандек, ич-ичдан сиқилиб юрди ва таътили тугаб, ишига тушгач, жамоага аралашиб, астойдил меҳнатга зўр бериб бироз ўзига келди. Бироқ ўйчанлиги йўқолмади. У курортдаги воқеаларни унутиб юборишига ўзидаги ишонч тобора озайиб бораётганини ҳис қилар. Бунинг учун у ҳатто телефон номерини умуман Қуддусга бермаган, йўқса қўнғироқ қилавериб, шу мўртгина дўстликдан ҳам бебаҳра қоласан. Балки ўзим чора топарман. Сир ошкор бўлмаса, ёки гап-сўз чиқмаса, кейинги йил ўзим олдинга келаман, деб ваъда берганди.

Вақтнинг ўтиши эса қийин кечарди. Мактабда биринчи қўнғироқ чалинишидан бир ҳафта ўтмасидан пахта кампанияси бошланди. Биринчидан тўртинчи синфгача болалардан ташқари қолган синфдагилар барчаси далага ёппасига чиқарилди.

Ўша кунларнинг бирида котиба қиз югуриб кирди.

– Нима гап? − деди Қалдирғоч ҳовлиқиб кирган қизга.

Ташқарида бир киши русчани бузиб, сўраб кўринг, мени қабул қилишармикан деди. Турқи бошқачароқ, нотаниш, илгари кўрмаганман, ўшанга шошилганим.

Қалдирғоч, ўзини йўқотмай, бир зум пауза қилди-да, икки оёғи билан кириб келдими, демак, одам, қабул қилишга мажбурмиз, киришига рухсат деди.

Қуддус кирди.

Қалдирғоч ўша бўлса керак деб дилидан ўтказиб, у билан учрашишига ўзини тайёрлаган бўлса-да, барибир, йигит киргач ўзини бир оз йўқотди. Яхши кийинган, баланд бўйли, бироз маъюсроқ чеҳра билан йигит унга қараб қолганди. Улар бирпас сукутда туриб қолишгач, Қуддус у томон тўғри келаётган эди, Қалдирғоч ўнг қўлини тепага кўтариб, тўхтанг деган ишора қилиб, стулга ўтиришга таклиф қилди.

Котиба чойнакда чой олиб кирганда улар миқ этмай бир-бирига тикилиб ўтирганига гувоҳ бўлди. Қалдирғоч дарров бошини пастга туширди, қиз чой қуйиб уларга узатди, сўнг чиқаётганида ҳам, янга бир алфозда қимирламай ўтирарди.

Ҳечам ўзгармабди, бунчалик қадрли бўлмаса дийдор онлари, елкасига бошимни қўйиб, миннатдорчилик билдиргим келаяпти, менга кўрсатган илтифотлари, ҳимоя қилгани учун. Суянишга арзирли халоскоримга. Дўст, дўстим дейману, лекин менда унга нисбатан бошқа туйғулар бор шекилли, исён қиляпти? Ўйлашни ўзи уят! Бу ерларда гап-сўз тез тарқалади. Ҳатто Гуля: «Ақлингни йиғ. Ҳиссиётга берилиб, номингни булғама. Ҳеч қачон бу ерда, ҳатто шаҳарда ҳам дўстинг Қуддус билан учрашма», деган.

Қуддус унинг кўнглидан ўтаётган фикрларни уққандек, олдига конверт қўйди.

Янга бу нима деб сўради астагина.

– Менинг тарихим.

– Ҳимм.

– Ҳа. Мен эртага кун бўйи, “Тошкент” меҳмонхонасида бўламан. Хонам номери уч юз тўрт.

– Яхши.

– Боролмасангиз хафа бўлмайман… Энг асосийси, сизни кўрдим. Ўша ҳусн, ўша латофат…

Қалдирғоч имо-ишора қилиб, уни сўзлашдан маҳрум қилди-да, жўртага сал овозини қўйиб, расмий оҳангда сўз қотди.

– Яхши эслатдингиз. Ўзи, эртага шаҳарга боришим керак эди. Сизга рухсат, − деб бошини силкиб аста жилмайди.

Қалдирғоч шошилинч Гуляни тезда топишни котибага буюрганида, ўзини бироз босиб олиб, ўта жиддий ҳолатда хатдаги қоғозлар билан танишишга ўтди.

Боя, у бир сўз демай, миннатдор нигоҳини Қуддусга қаратди. Ва тусидаги ҳижрон азобини кўрди. Севги уни адо қилибди деб ўйлади, чунки қўлларини конвертга чўзса, улар титраётганди.

Кузатгани у ўрнидан тура олди, холос ва узоқ термулиб қолди. Қуддус вазиятни мураккаблаштирмаслик учун кўзларини зўрға туширди ва албатта боринг, йўқса… деганча кетди.

Анчадан кейин ўзига келган Қалдирғоч қараса, стулда ўтириб шошиб-пишиб чой ҳўплаётган экан. У шошиб конвертни очди. Ундан ўн варақча ёзув чиқди. Хат ёзув машинкасида босилган экан, ўқиш осон бўлди. Қалдирғоч қизиқиши биринчи жумлалардан бошланди. Менинг онам, деган сарлавҳа остида Қуддус ўз ойиси ҳақида маълумот берганди.

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида, сал мол-холи мавжуд одамни бор оиласи билан қулоқ қилишлик большевиклар сиёсатининг энг аянчли ва даҳшатли тадбири эди. Ўзбекистондан Украинага, украинларнинг сал тўкислари Узоқ Шарққа жўнатилган. Украинадаги ташлаб кетилган хуторларга, улардаги лойдан, кесакдан қурилган, томи ўрмондан юлиб келтирилган қалин ўтлар билан қопланган уйларга кўчириб келинганлар Ўзбекистоннинг турли вилояти ёки шаҳарларига тегишли эди. Улар ичида аралаш халқ вакиллари: бой, ўрта ҳол, эшон, домла, ҳаттоки икки-уч тилни билган илғор интеллигенция вакиллари, фақатгина тўкис хонадонда туғилганликлари айби билан қатағон қилинганди. Мазкур ерларда, фақат бу жойларда эмас, бутун Иттифоқда, қулоқ қилинганларга душманга қарагандек муомала қилинар, дала ажратилиб кунгабоқар эктиришар, хутордан ташқарида юриш комендант соатидан кейин хавфли ҳисобланарди. Бекордан-бекорга турмага тиқиб юборишлари оддий ҳол. Экилган кунгабоқардан режа топшириғидан ортгани оилага иш ҳақи ҳисобига берилар. Кўпинча, пули билан тўланар, давлат сотиб оладиган нархи, албатта бозорникидан анча арзон бўлиб, арзимаган иш ҳақи қўлга тегарди. Одам нимага кўникмайди. Кўчиб келганлар, бир-бирларини таниб, ўзаро меҳрибон яшашга ҳаракат қилишарди. Бу масканда, Одесса округи Равина қишлоғида ҳам маҳаллий большевиклар қутуриб, ички душманлардан тозалашни бошлаб юборишди. Тинчгина яшашга 1939 йил қирон келди. Тошкентлик оиланинг боши – катта ўғил йигирма тўртга кирган ё кирмаган Мираъзамни ва унинг икки ёш фарқли укаси Мирғанини қатағон қилинган таниқли шоир, журналист билан узоқ қариндошлиги учун олиб кетишди. Яна иккала ўғил саводли – биттаси уч, иккинчиси икки тилни мукаммал билишгани бошларига бало бўлди. Шу тиллар ичида немис тили борлиги, Олмон билан уруш бўлиши кутилаётган ўша пайтларда, ҳаддан ташқари кўрилган кескин чора эди. Қиш-қировли кунлар. Бу кўргиликни кўтара олмай волидалари Саидахон тезда оламдан ўтади. Еб-ичишга нарса топилмай, кийим-кечак ҳам йиллаб янгиланмайдиган замон учун бу катта кўргилик. Хутордаги ўзбеклар ўзлигини сақлаб, майитни исломий қилиб ерга топширдилар, фақат эндигина ўн тўртга кирган Махсумани тақдири ҳаммани ўйлатиб қўяди.

Онасидан табибчилик сирларини ўрганган Махсума мактабда яхши ўқиб, рус тилини мукаммал ўрганган ва етти синфни битириб, билимини ошириши лозим деб топилди. Бироқ маблағ масаласи хуторда қийин. Пул топиш муаммо эди. Мактаб ўқитувчиси Ҳамзат Чачемба: «Сен қиз албатта тиббиётда ўқишинг керак, бу ерларда унақа масканлар йўқ», деб қайғургани-қайғурган эди. У хуторга – бош Арслонтўрага, Махсумани унга беришларини, қиз қилиб асраб олмоқчилигини айтиб мурожаат қилади. Махсума ҳозирча Арслонтўра хонадонида яшаб турарди. Хотини: «Ўзи тўртта боламиз бўлса, сағир ҳақини Оллоҳ ҳам қисиб, бу йил ҳосил кам, уни қандоқ боқаман. Бир йилдан бери бу даҳмаза менга ортиқча, бегона бўлса ҳам меҳрибон одам экан, биздан кўра унинг нафи кўпроқ тегса, ажабмас. Оталик қиламан деяпти. Изн беринг», деб кўндирди. Розилик тегди.

Ҳамзат миннатдорчилик билдириб, мен ҳам худодан қўрқаман. Ишонинг, ҳали бу қизингиз яхши касб эгаси бўлиб, йўлини топиб кетади, деб хурсанд уни бошлаб чиқиб кетди. Махсума ўқиш завқидан тошиб, етти пушти бегона одам билан, бир бўғчага йиғилган бор кийим-кечакларини қўлда кўтарганча умид билан борарди.

Ҳамзат сўзининг устидан чиқиб, ўғли Расул иккаловини Одессадаги тиббиёт курсларига жойлаб, ётоқхонасини ҳам амаллаб ундирди. Бирданига уч яқин кишисидан ажраб қолган Махсумага осон бўлмади. Йиғлади, чуқур қайғу, ғамгусорликдан узоқ мотам тутиб юрди. Лекин ўқишни, тиббиёт амалиётини ташлаб қўймади. Барибир, ўқув курсларини Одессада тугатиш уларга насиб қилмади. Уруш бошланиб, бу шаҳар ҳам немислар қўлига ўтиши маълум бўлганда, ўқишларини Тбилисига кўчиришди. 1942 йили тиббиёт ўқув курсларини битиришганида, Махсума ўн саккизга кирган эди, уларни икки қўллаб тиббиёт институтига ўқишга қабул этишди. Фақат Махсумани анкетасига етим, ота-онасиз ўсган, деб ёзиб қўйилганди. Буни катта Чачемба маслаҳат бериб, зўрға бўлғуси келинини кўндирди. Бу олий ўқув йилида ўқишларининг иккинчи йили уларнинг тўйи бўлди. Расулнинг онаси Элия жуда илтимос қилиб қўймади. У билан Махсума ўртасида қуйидагича суҳбат бўлиб ўтганди.

– Ўғлим сени жуда яхши кўради, Мария.

– Биламан, − деди Махсума, секингина бошини тушириб.

Уни бу уйда ва Тбилисида Мария деб аташарди.

Махсума бурни текис, оғзи бежирим, ўрта бўй, қорамағиз, кўзга тушадиган қиз бўлиб етилиб, бутунлай рус тилида сўзлашишни мукаммал эгаллаганди. Бу уйда ота ўрнида қабул қилган Ҳамзатни, унинг аёли, онадек меҳрибончилик кўрсатган Элияни сўзини икки қила олмасди. Расулга келса у баланд бўйли, ёноқларигача тук босган йигит эди ва ўз кўринишидан Мария олдида уялиб, гарчи икки ёшча катта бўлса-да, унга севгисини изҳор қилмаган.

Элия бу ҳақда уни суҳбатга чорлади.

– Расул сўраяпти, унга турмушга чиқасанми?

– Вой, − деб, ўзини нариги хонага урди Махсума.

Тушлик вақтида бу воқеани сўзлаб берган Элияни елкасидан Ҳамзат силаб, «Илтимос, уни шоширма, у фанга, билимга ташна қиз. Жуда истеъдодли, ўғлимиздан ҳам ўткир. Уни бездириб қўймаслигимиз лозим», деди.

Орадан бир йил ўтиб, бир уй, хонадонда яшаб, нонушта, кечки овқат, гоҳо тушликда ҳам бирга тамадди қилган Мария Расулга, бу индамас, камгап, лекин шумлик-қувликни билмайдиган йигитга ўрганди. Бу дамни узоқ кутган ота-онаси, айниқса ойиси қутқуси билан, ўқув курсларида талашиб-тортишиб, нуқул қизнинг фикри ҳақлигини тан олиб келган, ундан кўра баъзи нарсаларга кейинроқ ақли етишига кўниккан ўғил ўзи Махсумага оғиз солди.

Тбилиси марказидаги кинотеатрда гуржи режиссери суратга олган мамлюклар ҳақидаги фильмни кўриш чоғида, Расул қизнинг қўлларини ушлаб олди. Экранда кўзи, лекин энди нима бўлади, деган хаёл бошидан ўтаётган қиз, кейинги воқеалар қизиқ туюлиб, индамай қолганди.

Пичирлаган, лекин бироз дўрилдоқ овоз келди.

– Мария, тўй қилсак нима дейсан?

Қиз кулгидан зўрға ўзини ушлаб, қанақа тўй, деб йигитни мулзам қилди. Лекин хафа бўлмасин деб қўлларини силаб қўйди-да, фильмга бор нигоҳини қайта қаратди.

Уйга қайтгунча йигит бу мавзуда ортиқ оғиз жуфтламай, уларга кечки чой тайёрлаётган ойисига бу ҳақда ёрилди. Элия бошини сарак-сарак қилиб, «Ўғлим, бунча содда бўлмасанг, аввал муҳаббатинг билан қалбини исит, розилик айтишга тайёрла», деб уқтирди.

Сўнгра ойлаб давом этган ўқишга суҳбат қуриб боришлар, бирга қайтишлар, бир аудиторияда билим олиш, маданий-оқартув жойларига ташриф буюришлар натижа бера бошлади. Йигит ҳам билиб-билиб, бурро гапирадиган ошиққа айланиб борди.

Мария қолиб, ойиси Элия ундаги ошиқона ўзгаришларни кўриб, ҳаққоний баҳолаб, керак бўлса тўғрилаб турди.

Шаҳарда боғ, чаман кўп. Тўп-тўп гуллар ўсган масканлар қанча. Чачембалар ижарага туришгани боис, ҳовли, томорқалари бу ерда эмас. Пицунданинг тепасидаги тоғларда. Лекин у ерда пул топиш амримаҳол. Яна ўғил, қизлари ўқишни битказиб олишгунча ёнларида қўллаб-қувватлашлари керак. Бир ёқда уруш энг қизғин паллага кирди.

Мария дарс қиладиган столида, кичик вазада гул пайдо бўлганда, бу Элия ойимнинг иши деб ўйлаганди. Бу ҳол бир неча бора такрорланавергач, тушунди: Расул. Лекин у йигитни севадими-йўқми, англаши қийин кечарди. Бирга дарс қилишса, йигитнинг ўтли қарашларига дош беролмай, алоҳида машқ қилишни сўраган ҳам ўзи бўлди. Институтга борганда, қизлар тўдасининг ичига ўзини уриб, унинг кўзига иложи борича камроқ кўринишни, ёлғиз қолишганда, «Мария жуда очилиб кетибсан, қошларингни қара қалинлигини, кўз қоралиги тоғдаги оҳуникидек чиройли, юриш-туришингда ажиб жозиба ва ғурур бор, бунчалар ёқимтой бўларкан-да ўзбек қизлари», деган сўзларидан қизариб-бўзаради. Бу узоқ давом этиши мумкин эмасди. Иккаласини ҳам ўқиш даражаси пасайди. Буни сезган ота-онаси, улардан сўрамаёқ замонавий тарзда, ортиқча меҳмонларсиз тўйни тезда икки-уч кун ичида ўтказиб юборишди.

Ҳис-туйғуларини эркин намоён эта оладиган ёшлар, эҳтиросларини бир ўзанга солиб, ўқишларига яна зўр беришди ва муҳаббат деган “касалликнинг” оғриқ ва оқибатларидан мосуво бўлишди.

Орадан бир йил ўтибгина Қуддус дунёга келди. Элия болани танаффусга, институт фойесига олиб бориб турар, Мария уни эмизиб, сўнг болани ва қайнанасини ўпганча дарсига югурарди.

Бола бир ёшга кирганда Махсума бир гап топиб келди-ки, барча ваҳ деб юборди.

– Мени санитар поездига ёзишди. Икки кундан кейин урушга кетаман.

– Ҳамзат, ўзинг тушунтир. Қуддусга ким қарайди. Расулчи? Ундан сўраш хаёлингга келмадими?

Элия ҳайрон ва хафа бўлганча, бошини дераза томон бурди. Отаси ҳам “қизи”дан бу ўзбошимчаликни кутмаганди. Тбилисидаги уч хоналик коммунал квартирада бу тун ҳеч ким ухламади. Ҳатто уларнинг ҳолатини сезгандек, Қуддус ҳам йиғламаса-да димоғида нимадир деб ўз норозилигини намойиш қилиб, кўзи очиқ анча вақт ётди.

– Тушунинглар, фронтда ўзимни кўрсатмасам, халқ душманини қизи деган тамғадан ҳеч қачон халос бўлмайман, бир умр ўзим ва болам ҳам бу камситишдан бош кўтара олмай юрамиз.

– Кимга керак бунақа фидойилик. Нима, фронтда қаҳрамонлик қилишинг керакми?

Элия ҳайрон сўрарди.

Отаси қизи ҳақлигини ва донолигини ҳамда ўз сўзидан қайтмаслигини билиб, уни бағрига босиб, «Майли, фақат ўзингни эҳтиёт қилишга, уруш, отишма бўлаётган майдонларга қизиққонлик билан кирмайман, деб сўз бер», деди.

Онаси ўғлига: «Расул, сен нега индамайсан? Бирор сўз айтмайсанми? Эртага хотининг кетадиган бўлса, қандоқ яшайсан? Бу айрилиқдан кўнглим нотинч», деб йиғлашга тушди.

Аввал тўртовлон, энди бешовлон бир-бирларига жуда ўрганиб қолишган ва бундай тинч, осуда кунлар доимо, узлуксиздек туюларди, айниқса Элияга. У ёлғиз фарзандига бор иқболини тиккан, чунки ундан кейинги икки фарзанди қаҳатчилик йилларида нобуд бўлишганди. Махсума шарқ паризодаларидек хонадонларига кирган кунданоқ бу уйга нафосат ва назокат, роҳат-фароғат олиб келди. Қизлари каби, уларнинг тартиб-қоидаларига, хотиржам ва собит ёндошган, кўп одатларини жойига қўйиб, ўзига хос шарқ турмуш тарзи элементларини бу уйга киритиб бойитган, бу асранди қизи-келинисиз оиласини энди у тўлиқ деб тасаввур эта олмасди.

Расул кўзидан ёшлари томди.

– Ойи мени кечиринг, Махсумага кўз-қулоқ бўлиб тураман, ёнида бўлмасам, шу ҳам ҳаётми?

– Ҳали сен ҳам кетасанми? Ҳамзат, нега индамайсан? Сенинг хабаринг борми бу гапдан.

Эри бошини силкиб қўйди. Ўғли унга аввалроқ, «Агар Махсума аҳдидан қайтмаса, ота, мен уни ёлғиз юбора олмайман, уни жондан ортиқ севаман. Севган одамим билан жаҳаннамга кириш лозим бўлса, бирга кираман», деганди.

– Эҳ, ўғлим. Шундоқ бахтинг бор деб суюниб юрардим. Энди кетсанглар, бу иқбол бутун кўринмаяпти?

– Яхши ният қилинг ота!

– Қайси ота ёмон ният қилган ўғлим. Бу ҳаётда қийналиб, сарсон-саргардонликда ўсган кичкинагина келинимга бошқа синовларинг йўқми, Аллоҳим. Нима, азоб чекиш учун бу дунёга келганми? Мурувватинг, саховатингни кўрсат, болаларим эсон-омон келсин. Сендан на бойлик, на ҳашам сўрамайман. Уларни соғ-саломат бағримга қайтар! Эй, қодир Худо!

Улар чиқиб кетган кунларига ўттиз кун ўтганда омонлик хати келди. Эр-хотин кўзда ёш билан хушхабарлик варақасини шошиб очишди, мазмуни билан танишишгач, тан-сиҳатлик, бағри бутунлик учун Худога таъзим бажо қилдилар.

Бу оила худога ишонар, бекитиғча тавалло, тоат-ибодат қилиш, болаларига ва яқинларга саодат тилаш одатий ҳол эди. Хатлар узлуксиз келиб турар, Элия неварасига қараш билан машғул, Ҳамзат икки баробар кўп дарс ўтса-да, бир ўқитувчи учун мояна олар, аммо уч киши учун забор ундирганди ва оилани бир амаллаб боқарди.

Қонли уруш якунланиши яқинлашган сари болаларини эсон-омон кўриш умиди кучайиб, Элияни юраги дупиллаб урар. Совет қўшини Олмонияга кирганига неча кунлар бўлса-да, ҳамон ғалаба эълон қилинмас, у эридан ҳафталаб эмас, кунлар ҳисобидан, миллионлаб одамлар ёстиғини қуритган уруш тугашига неча кун қолди, деб сўрагани сўраган эди.

Расул Мариядан бир қадам ҳам нарида бўлмади. Унинг қаттиқ талаби ва эр-хотинлигини ҳисобга олиб, санитар поездига юборилди. Оддий ҳамшираликдан хизматни бошлаган Расул тезроқ врачлик амалиётини бошлаб юборди, чунки врачлар етишмас, ярадорлар кўп эди. Кейинроқ врачликка ўтказилган Мария эса тезда оғизга тушди. Беморлар унинг қўли енгил дейишарди. Ёзда асосий касаллар ўқ еган, бомба портлаши жароҳати бўлса, қиш, изғирин кунлари совуқ урган беморлар ҳам кўп учрарди. Гангрена бошланган бўлса, фақат ампутация. Бир стаканча ароқ ёки спирт ичирганча, оғзига таёқ тишлатиб, оддий қўл арра билан додлатиб кесиларди…

Марияга ошиқ бўлиб қолганлар қанча эди. Ўзи бемор қўли гул шифокорни, у аёл бўлса албатта яхши кўриб қолишади. Унинг юмшоқ гапириши ва кулиб туриб, яхши кайфият улашиб юриши, операцияларда ўзини ўта жиддий тутиши ва асбобларни бехато ишлатиб, хирургик мураккаб амаллар кетма-кетлигини аъло даражада бажаришини санитар вагондаги кўп йиллик тажрибали врачлар ҳам тан олишарди. Ёш бўла туриб, уларнинг маҳоратини жуда тез қабул қилиши, бир кўргандаёқ операциянинг ипидан-игнасигача эсида сақлаши, унга ярим йил ўтмай энг мураккаб операцияларни бир ўзи бажаришига топширадиган бўлишди. Расул буни хоҳламаганди, чунки масъулияти катта, лекин хотинининг тиришқоқлигини қўлламаса бўлмас, тезроқ халқ душмани деган тавқи лаънатни олиб ташлаш ҳаракати эканлигини яхши тушунарди. Озгина вақт ўтди.

1945 йилнинг баҳор ойларидан яна жанглар қизғин тус олди. Вагонга қонга беланган армия генералини олиб келишди. Умидсиз, деди бош врач Делман. Ҳаракатда операция қилиб бўлмайди, жуда нозик томирларини тиклаш зарур. Кўзим ўтмайди, қўлим қалтироқ бўлса, балки Махсума эплар. Хоҳласа фақат угина уддалайди.

− Қалтис иш, бир нима бўлса, ҳеч ким бошингни силамайди. Рози бўлма, Маринушка! – деб, Серафима Егоровна исмли бошқа шифокор уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлди.

Махсума эрига қаради. Расул унга яқинлаб, елкасидан қучиб, кўнглинг буюрганини қил, деди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации