Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 28 (всего у книги 34 страниц)
45. ХОТИНИ ЎҒИЛ ТУҒГАНДИ
Қишлоқ нуфузлиларидан бирининг уйидаги бир меҳмондорчилик охирида, оқсоқол уни ёнига чақирди.
− Буванг зўр одам эди.
− Ҳимм.
− Дўстим, энг яқин ошнам, сирдошим бўлган Ҳамзат учун ичамиз.
− Яхши.
− Отанг Расул тўғри сўз, бироз қўрсроқ, лекин онангни жуда яхши кўрарди – шарқлик Махсумани. У келин эса, кўпчиликка дарров маъқул бўладиган, киришимли эди. Қандай марҳаматли одамларнинг фарзандисан. Шуни биласанми?
− Раҳмат, яхши баҳоларингиз учун.
− Қўявер, миннатдорчиликни. Сенга бошқа гап бор.
− Эшитаман.
− Хотинингга кўнглинг йўқми?
− Наиб оқсоқол, бундай савол бизда берилмайди. Ёшингизни ҳурмати…
− Бўлмаса нега икки-уч йилдан бери ойлаб йўқ бўлиб кетасан.
− Ҳимм.
− Думингни ушлатмайсан.
− Ким айтди бу гапларни. Мен унинг жағини…
− Ўғил туғдириб қўй-да, кейин маишатингни суриб юравер.
− Майда-чуйда гапни қўйинг!
− Ёқмадими? Заҳматини хотининг тортиб, роҳатини бошқа биров кўрсинми?
− Наиб оға, сизга нима бўлди? Неларни валдираяпсиз? Қанақа маишат?
− Бувингни дилини оғритма. Эс-ҳушингни йиғиб, бор эътиборингни ўз оилангга қарат. Меҳр кўрсат.
− Мен нима қилаяпман бўлмаса?
− Ўғил туғилмагунча, бир қадам ҳам оёғингни уйингдан узма. Саёқ юриб обрўйинг тўкилмасин.
− Ҳимм.
− Бизлар ҳам йигитликда ўйин-кулгудан бўшамаганмиз. Бироқ, қизи отасига айтган, шекилли, шахсан Осман шаробфуруш сендан норозилигини етказиб қўйишимни сўради. Бу гап буванг ва бувингга ҳам айтилади…
Қанчадир вақт ўтди. Ниҳоят бу оилада ўғил туғилиб, ноёб исм қўйиб, катта тўй қилишди. Бутун қишлоқ йиғилган ўтиришда, қайнатаси яна бир ўғил тез орада кўришса, нур устига нур бўлади, деб қилган ниятига ёпишиб олган хотини уни ҳеч ёққа юбормай қўйди.
Озгинадан кейин, Борий акани қазоси сабаб Кўкишкўлга бирров бориб келганини айтмаса, у уйдан ташқарига бир қадам ҳам чиқмайдиган одамовига айланганди. Яна ёлғиз қолган бувисига таянчиқ эканлиги, унинг кўнглига қараб, маслаҳатига қулоқ тутиши лозимлигини ҳис қиларди.
− Бева аёлни безовта қилаверма, жиддий ниятинг йўқ эрса. Каттагина оиланг бор. Бу ёқда фарзандларинг кўп, энди уларни ўйлаш вазифанг, онанг элатдошини эса унут. Зеро, бахтини ўзи яратишига имкон бер! Ёшликдаги ҳислар бебош бўлади, уларни қайта эслама. У вақт ўтди-кетди. Орқага қайрилиб қараб яшаш хосиятсиз.
− Буви, мени ўз ҳолимга қўйинг. Сизларнинг сўзларингиз билан уйландим. Шунча йил йўриғингиздан чиқмадим, ҳисоб. Энди, кўнглимга эгалик қиласизми?
− Ахир…
− Буви, мени севгимдан Яратганни ўзигина жонимни олиб, ажратиши мумкин.
− Онанг ҳақи, Қуддус…
− Уларни ўртага қўйманг. Кўнгилга қулоқ тутмасалар, бу уйга келин бўлиб тушишга ойимда асос бўлганми. Мусулмон фарзанди…
− Бу ердагилар ҳам мусулмон. Асосийси, улар: ойинг, аданг бир-бирларини жуда севишган, ҳурмат қилишган.
− Тўғрику-я…
− Сўзини охиригача айтмасдан, циркдаги икки оёққа туришга ўргатилган ҳайвондек, Расул ўғлим асраб олган тарбияли қиз – онанг қошига югурарди. Бирам Махсумани яхши кўрар эди-ки, ё Оллоҳ, шундоқ муҳаббатни одам боласига раво кўрасанми? Таҳсину олқишларим сенга. Фақат уларни жуда тез ажрим қилганинг нимаси, ҳалигача тушуна олмайман! Эвоҳ, бу бедодлик, бераҳмликни энг сўнгги нуқтаси эмасми? Икки ошиқнинг дийдорини, висолини, умрини шунчалик оз қиласанми?
Элия кўз ёш тўкишга ўтди ва унинг елкасига қўл ташлаб, ён бағрига инганда неварасини пешонасини силаб, уни қўллаб гапирди.
− Майли, майли Қуддус. Балки сен ҳақдирсан. Муҳаббатга ҳеч ким, ҳеч нима қарши чиқолмаса керак, − деди бўшашиб.
− Бу бари менинг қайғуим, бахтим ва эртанги кунга боғлаб турган умид, орзуларим.
− Яхши. Гўзаллиги шунчалик бўлгач, оҳанрабоси ундан ҳам ўткирдир-да, йўқса унча-мунчага бошингни бунча узоқ вақт айлантириб ўзига боғлаб олмасди.
− Ҳа, ундан кўз юмиб, кечиб бўлмайдиган оҳанрабоси, жилваси меҳроб каби.
− Вой, болам-эй. Майли, бора қол. Сени шодон кўриб турсам, бас.
Бу мавзудаги суҳбатларининг сўнггиси эканлигини у вақтда Қуддус билмасди.
Бувисига қулоқ тутиб, оз вақт, суянчиқ ўрнида хотинига орқа қилиб юрдию, тез орада, кўнгли тўлмаётганини англади. Уни суюклиси томон ҳамон нимадир тортар, аммо Қалдирғоч тепа тўнини тескари кийиб, гоҳида юмшаб, гоҳида кирпига ўхшаб ҳурпаяр, ўғлим катта бўлиб қолди, бўйи бўйим билан тенг. Андишадан ўлиб бўлдим, ҳадеб телефон қилаверманг, дейди.
Қуддусни ҳам ўз ташвишлари етарли. Катталари икки қиз, қолган иккита кичиги ўғил. Кўпчиликни ҳай-ҳайи билан тўйлар қилди. Ўғил неваралар кутган қайнатаси, ҳар гал кўришганда елкасига уриб, хурсандлигини билдириб, ана узум майдонларига ҳам ворис туғилди. Кўнглинг жойида бўлсин куёв, болаларинг рисқли-насибали. Қачон десанг, ўшанда вино заводини ҳам номларингга ўтказиб бераман, деб айтади.
Самирани қовоғи дам олиш кунлари бироз очилганини айтмаса, бошқа пайт бир ишдан бошқасига югургани югурганидан доимо жиддий. Қуддусга ҳам ортиқча орқа қилмай, ҳосилдан хабар олган, касаначилар ишларига бош, баҳордан то кузгача, узум териб олингунча, тиним билмайди. Ҳисоб-китоблар ҳам унинг қўлида. Хирмон йиғиб келингандан, оёқ товонида босилиб, жилдираб оққан шарбатни хумга оқиб тушиш жараёнигача тепасида туради.
Ҳар йили аҳвол шу. Қуддус давлат ишидан ортмайди ҳисоб. Санаторий ошхонасини бировга топшириб бўлмайди. Унда умуман ишдан қуруқ қолади. Эр санаторийда, хотин далада, боғда умри ўтиб, мана ўн йилдан ортиқ бирга яшаб қўйишди ҳам. Ортиқча бақириқ-чақириқсиз, бола-бақра катта бўлиб, кўзга кўриниб қолган дамлар келганди.
Бир куни Қуддусни Светани дугонаси топиб, қўлига хат тутқазиб кетди. Яна пул сўраб мурожаат қилгандир деб, хатни очса, катта қизини тўйига таклифнома чиқди.
Бувиси: «Қўй борма болам. Шунча вақт кўришмай, нима деб борасан», деди. Хотини ҳам бу маслаҳатни жон деб маъқуллади. Қуддус, ўз навбатида бу тўйга унча ошиқмас, чунки ора-чора қизи қўнғироқ қилиб турмаса, алоқалар узилган. Йўқ ҳисобида эди. Қизини, охирги марта, дам олишга келганда кўргани. Уни ўзига мустақил ўсгани майли, шўхроқлиги, кўнгилхушликка маҳталлиги, дўст-душман олдида анча эркин юриши ғашини келтириб, қаттиқроқ танбеҳ бергачгина, қизи сал ўзини йиғиштирганди. “Зинҳор ва зинҳор сиз хизмат қилаётган дам олиш уйига қайтиб келмайман”, деди қизи кетиш олдидан, димоқ-фироқ қилиб ва совуққина хайрлашганига бир йил ўтибди. Ўшандан бери телефон ҳам қилмасди. Мана, кеча эса, хонасида қўнғироқ бўлди. Гўшакни кўтарса, қизи. Салом-аликдан кейин, тўйимга таклифнома олгандирсиз, албатта келинг. Ҳа, икки минг сўмча зарур, ёнингизга бу пулни солиб олинг, адажон. Сизни индинга эрталаб кутамиз. Хайр, деб гўшакни қўйди.
Қуддус энди ҳам бормаса, жанжал чиқиши, қизи қаттиқ хафа бўлишини англаб, айтилган пулдан икки баробарча кўпроғи билан Таймирга учди. Бувиси аҳ-аҳлаганча, хотини қовоғи осиқ, норози кузатишди. Ёз ойлари самолёт ўз вақтида етиб борди.
Тўй Қуддус чамалаган тарзда ўтмай, бутунлай бошқача, ҳеч бир қолипга сиғмайдиган расм-русумлар инобатга олинмаган, бир тўда оломон йиғилиб, ичиб, чекиб, тўхтовсиз таом ейиш ва ўйин тушиш, бақириқ-чақириқли жўн базм кечаси бўлди. Анча вақт ўтиб, тўй якунланишига яқин қолганда эса, ёнма-ён ўтирган икки столдаги йигитлар тўполон бошлаб, ростмана муштлашишга ўтди. Кўпчилик бўлиб уларни бироз тинчлантирилса, яна жанжал, ур-сур қайта тикланарди. Бу ҳол бир неча марта қайтарилгач, Қуддус хаёлидан негадир тезроқ тўйни тугатиш зарурлиги ўтди. У шошиб ўрнидан турмоқчи эди, уни Света тўхтатди. Бу ердаги тўйлар шунақа. Сен аралашма. Истасанг, агар юрагинг дов бермаса, меҳмонхонага жўна, деди ёнидаги барзанги йигитга суянганча. Ўзидан камида ўн ёш кичик бу барзанги на рус, на қалмиққа ўхшамаган тусда. Света лўндасига бу менга эр, яқиним ўрнида таниш, деди.
− Кейинроқ.
Шундай деб Қуддус ташқарига йўл олди.
Тўй анча вақтдан кейин, уруш-суришдан чарчаган оломон тарқагач, тамом ҳам бўлди, Қуддус қайтиб тўй ўтаётган залга қайтмади. Уни саҳарлаб шаҳар четидаги жарликдан топишди.
Бўйнига урилган зарбдан жони ўша дамдаёқ узилганини терговчилар тасдиқлашди. Унинг бу шаҳарда на душманлари, на дўстлари бор эди, хотини ва қизларидан бўлак таниши йўқ эди ҳисоб. Лекин улар бу ўлимга ортиқча додлаб йиғлашмади. Жиноятчилар албатта топилади, деган ваъдани эса милиция капитани кўпчилик олдида айтди.
Осмон шаробфуруш бу нохуш хабарни эшитиши билан одамлари ҳамроҳлигида тезда етиб келиб, алғов-далғовлар, тинтувларга қўшилишиб, қотилни уч соатга ҳам бормай топишди. У Светанинг янги барзанги эри бўлиб чиқди.
Ташқарида гап талашиб қолганини важ қилиб, кутилмаганда бўйнига пичоқ санчиб юборганини, ёнида яна шериги уни чалғитиб турганини тан олди.
Қуддус Пицунда тепасидаги тоғ ён бағридаги буваси ётган хилхонага қўйилди. Одам тумонат йиғилган. Спорт усталари, тренерлар. Донгдор курашчилар. Қанча таниш, нотаниш. Унинг ҳурматини ўрнига қўйганлар шунчалик кўп эди-ки, саноғи йўқдек…
Самира дод деб бағрини қабрга босганча узоқ вақт ётиб олган, ота сўзи, зўри билан ўрнидан туриб унга эргашди. Шунда ҳам орқасига, қабрга бир неча марта қарай-қарай, кўзларидан дувиллаб ёшлар тўкканча: энди менинг умрим тугаб, бахтим барбод бўлди, деб айюҳаннос соларди.
Йигирма кун ўтмай Элия буви ҳам қазо қилди. У неварасининг қайғусини кўтара олмай, кўзини абадийга юмиш чоғида «Алвидо ҳаёт! Салом ўлим. Менинг Ҳамзатим, Расул ўғлим, Махсума келиним, навқироним севимли неварам, ўғлимдан ҳам яқин Қуддус билан учрашувга кетяпман, менга ортиқча мотам тутманг», деб пичирлади. Уни жимгина, ортиқча ҳашамсиз кўмиш овулдагиларга иснод деб оқсоқол ва бошқалар туриб олди. Бу ёқда Осмон шаробфуруш дабдаба, ҳашамли таъзия бошида эди. Одамлар анча пайтгача бир оилага келган кетма-кет бу таъзиялардан қайғуда эканликларини билдириб, бир-бирларидан кўнгил сўраган, бошини сарак-сарак қилиб, эсиз, шундоқ шунқор, дили очиқ, полвондек йигит эди деса, биров роса тадбирли, доно кампирдан айрилдик, деб нолиб қўйишарди.
Макон эса ўз ўқи атрофида айланишини тўхтатишни ўйламасди.
* * *
Орадан бир-икки ойлар ўтиб, Пицундага, қалбан яқини яшаган уйига, қайғуларингизга шерикман деб Қалдирғоч кирганда, Самира сал ҳурпайиб кутиб олди. Сайкин ҳамроҳлигида келганини ҳурмати уйига киритди. Аввалига, эрини хотирлаб уйларига аёл киши келишини ҳазм қила олмади. Тушунишни ҳам истамасди. Қуддус билан танишлиги, дўстлиги самимийлиги ва беғараз бўлганини Сайкин унга бир неча бора таъкидлагач, бироз чеҳраси ёришди ва столни безашга тушди. Қалдирғочга уй-жойларни таништираётган катта қиз катта бобом ва бувам яшаган хона деб четки уйга бошлади. Деворларга кийик шохи, эски милтиқ, дурбин, дубулға сифат бош кийими осилган хонада ҳалигача ҳеч ким турмас экан. Деворда уларнинг расмидан ташқари, Махсума ва Расулнинг елкама-елка тираб тушган сурати ҳамда сал нарида Қуддусни ҳаваскор рассом чизган черкезча кийган портрети турарди. Қалдирғоч унга нигоҳи тушиши билан кўзларига ёш қуйила бошлади. Ва беихтиёр елкасини эгди ва шу куйи бир неча дақиқа қолди. Тилига калима келтириб дуода: тангрим уни жонини жаннатдан қил. Ҳеч кутмаган пайтимда тиргагимдан айирдинг. Жуда бўлмаса руҳан боғланганимга ҳам қўймадинг. Бу не кароматинг, эгам. Бу айрилиққа қандай чидайман. Шу пайт катта қизи унинг қўлига дафтар тутди:
− Ойим кўрмасин.
− Бу нима?
− Отамни кундаликлари.
− Сен қаердан олдинг?
− Бувим ўлимлари олдидан, сизга беришимни тайинлаган эдилар.
− Раҳмат сенга. Менга катта бир эсдалик бўлади, − деб қизни бағрига босди Қалдирғоч.
Жавобан қиз йиғлаб: мен адамни яхши кўрардим. Отда югурсалар, худди қиру адир қўзғалгандек, қуюқ чанг атрофни кўмган, бир бақирсалар, тоғу тошда узоқ вақт акс-садо келар, бир елкаларида мен ва кичик укам, бошқасида синглим ва бошқа укам сойгача кўтариб олардилар, сойга отиб, чўмилтириб келардилар. Эвоҳ, адажон, сизга қатдан кўз тегди-я.
− Ҳимм.
Қалдирғочнинг кўзларидан ёш думалади.
Қизча давом этди: Бир куни уйимиз бўғоти остига қалдирғоч ин қурди. Бирам севиндик. Бувам, энг хосиятли қуш. Уни ҳайдаманглар, тош-пош отманглар! Хўпми? Кейин, тагига келиб, унга тикилаверманг. Безовта бўлади, деб тайинладилар. Улар бир жуфт. Эрта тонгдан чиғиллагани чиғиллаган. Ойим, болаларни уйқусини бузадиган бўлди, деб койинса, адам унга зардали бир қараса етарли. Ўшанда билдим, қалдирғочни адам жуда яхши кўрар эканлар. Оддий қушку, намунча бунга боғланиб қолганлар деб ўйламабман, бир куни бувим билан ойим бироз гап тортишганда, англадим бу сир мазмунини. Ойим: эрим Қалдирғоч деган аёлни дегани учун бу қушга дон ҳам сочмайман деб узиб олсалар, бувим: бу қуш рисқини Оллоҳни ўзи еган, одам қўлидан бирор нарса чўқимайди, мағрур ва гўзал қуш, дедилар. Келиб-келиб бизни уйга ин қурадими, бу кичик оғзида ташиган лойдан шундоқ катта уя ясаганини қаранг. Эрим ишдан келди, кўзини улардан узмайди, деб нолиса, бувим: қўяверинг, уйга боғлаб қўйганига қайтага хурсанд бўлсангизчи, деб севинарди. Ўшанда сиз ҳақингизда билгандим, қошларингиз ўша қушча қанотидек экан, мен эсдаликларни ўқиб чиқмадим, ишонинг. Мана омонатингиз деб, у ёлғон сўзлаганим кўзларимдан аён бўлиб қолмасин деганча уларни пастга тушириб яширди. Қалдирғоч қизчани гапларида алдоғи борлиги яққол билинса-да, сир бой бермай, унинг ёноғидан астойдил ўпиб, бағрига босганча қотди ва шу ондаёқ худди Қуддус билан учрашгандек, ажиб ҳолатга тушиб, йиғлаб юборди. Кўзларидан шашқатор ёш оқар, қизча эса уни юпатиб, «опажон қўйинг! Адамни чиндан севаркансиз! Улардака ада дунёда йўқ эди. Мени унутмайсизми? Адамни севган опа», деб кўзлари мўлтирарди.
Кейин мозорига, қабри устига бориб, Чачемба авлодлари ётган хилхона устида тиловот қилиб, кўнглини ёзди. Анча ўтириб марҳум дўсти билан хайрлашди, лекин бир умр қалбимда яшайсиз, деб оҳиста нидо қилди. Хайрлашишда Самира, келиб туринг, йўқ бўлиб кетманг, деди. Қалдирғоч жавобан «бизларни уйга ҳам ташриф қилсангиз бошим кўкка етади. Болалар ҳам боришсин, алоқаларимизни жипслашишига мен ҳам тарафдорман. Йўқса, бизлардан ёруғ дунёда нима қолади?» – деганча қучоқ очиб турган аёлни бағрига отилди. Сўнг, увлаб йиғлашди. Ташқарига чиққан битта-яримта қўшни, улар аҳволига қараб, бош эгганча ҳамдардлик қилишарди.
Аэропортда бармоқларини қаттиқ қисганча Сайкин деди: «Қалдирғоч, ўзингизга қаранг. Ортиқча сиқилманг. Шундоқ дўстдан арзимаган сабаб-ла ажраб қолиш, албатта одам ишонгиси келмайдиган ҳодиса. Лекин нима қиламиз. Буни ҳаёт дейдилар, у эса гоҳо, шунақа шафқатсиз! Юзингизга заррача ғубор қўнмасин. Хўпми. Мен сизни дейман дўст сифатида, яна…» Шунда Қалдирғочни нимагадир хўрлиги келиб, астойдил йиғлаб, мухбирга ёпишди.
− Сиз ҳам ўзингизни асраб юринг. Илтимос. Одам одамга ғанимат экан.
− Биринчи навбатда дўстга денг, − деб уни Зинат қаттиқ қучди-да анчагача бағридан чиқармади. Қалдирғоч ҳам талпиниб, ўзидан нарига дўстини туртишни истамай, худди энди ундан ҳам айрилиб қолиши мумкиндек бош, қулоқ, юзларини тимирскилаб сийпаб қўяркан, кўнгли юмшаб, меҳри жўшди-да лабини тутди. Тамаки ҳиди ичига сингишига беэътибор, дудоғини узмай, қанчадир вақт бўйнига осилиб, бошини елкасидан олмади.
Сўнг самолётга чиқиб ўрнашиб олгач, Тошкентга томон бир ўзи учганида, Қуддус эсдалик дафтарини ўқишга тушдию, ҳар ёзувидан қалби ларзаланиб: жоним, азиз дўстим, Қуддусим нима қилиб қўйдинг. Энди мен қандай яшайман, деб ҳиқиллашга ўтди. Хўрсиниб-хўрсиниб йиғларкан, ёнидаги қизиққанларни жумбоқли назарларига нишон бўлар, лекин ҳеч нарсага эътибор бермай, фиғон кўтарарди.
46. КАМПИР ВАСИЯТИ
Равшан нима хоҳласа муҳайё қилишса-да, у тантиқ ёки эрка ўсмади. Дарсига қизиққан, уй вазифаларини вақтида бажариб, бўш қолган пайтлари мусиқадан машқ олиб, натижада фортепьянода дурустгина куй таратишни ўрганганди. Қишлоқ кўп миллатли. Унинг фортепьянода чалишини эшитиш учун қўшни йигит-қизлар, синфдошлари, мактабдошлари келиб тўпланишар эди. Кейин мусиқа эшитиш ўйин-кулгу, рақсга тушиш ва қўшиқлар айтиш билан тугалланарди. Бу одатда бирор байрам, Равшанни туғилган куни, ёки янги йил атрофида юз берарди. Ҳар ҳолда ўн-ўн беш чоғли дўстлари йиғиладиган бундай ўтиришлар онда-сонда бўлса-да, жуда мароқли кечарди. Йигитларнинг кўпи унга ҳавас қилишса, қизларнинг бари унга ошиқ эдилар ҳисоб. Айниқса, қўшни қиз Равшанни жонидан ортиқ кўрарди.
Равшан ўн олтига кирганда йиғилишган йигит-қиз дўстлари йигирматадан ҳам ошиқ келди. Табриклар, истаклар, дил сўзлари айтилди. Орасида тамадди қилиниб, шарбатлар ичилдими, зиёфатга қўйилган ноёб балиқ икралари, кетма-кет келтирилаётган кабоблар ейилди. Сўнг ўйин, рақсга тушиш навбати келди. Ўшанда қўшни қизни доғда қолдириб, синфдош қиз уни танцага таклиф этиб, жавоб ҳам эшитмай қучоғига кириб олди. У жуда яқиндан тушдими ёки вужуди қайноқ эканми, Равшанга бу тафт сирли туюлди. Узоқ чалинган сокин мусиқа остида танца тушган Равшанни пешонасигача қизиб кетиб, қизни қўйиб юборишни ўйламасди.
Шунинг учун танца тугаса-да, қизни қучоғидан чиқармай қотганди. Синфдоши бундан фойдаланиб уни коридор бўйлаб судраб кетаётганда, ҳамон у нима бўлаётганини англамасди. Қизнинг лаблари жуда яқинига келиб шивирлади: мени ўп.
Равшаннинг ҳавасларини шу шўх қиз қўзитиб, ўзиники қилиб олганини, уни ўз измига солганини тез орада эшитиб қолган она бу танловни маъқулламади. Йўлини кесди. Умуман муҳаббат тўғрисида ўйлаш вақтли деб, бор ақлу кучини билимга қаратишини сўради. Равшанга онасидан кўра бувисининг гапи кўпроқ таъсир қилди.
− Менинг неварам ақлли десам, бировга тан маҳрам бўладиган қизлар билан қучоқлашиб танца тушаркан. Ўзинг ўйлаб кўр, сен ўйланаман деган қизинг дуч келган йигит бағрида рақс қилиб, кейин сенга тегса яхшими?
− Эскичасиз-да буви! Замондан орқада қолишим керакми? Рақс жаҳон маданияти кўзгуси ҳисобланади.
− Ҳимм. Ҳа, жуда бўлмаса ҳозирча ўқишингни ўқи демоқчи эдим. Бу гапимга ҳам кўнмайсанми? − деди кампир жаҳл билан.
Шу-шу Равшан анча вақтгача танца тушиш тугул, қизларнинг қўлини ушламайдиган бўлди. Сўнгра эса яна йиллар ўтиб, бу насиҳатли гаплар моҳияти янада залварлиликни касб этди.
Бунинг орасида Равшан Тошкент юридик институтига ўқишга кирди. Биринчи курсини тугатмаёқ, Қавғо ойининг биринчи кунида бувисининг жони узилди.
Равшан барчадан кўра бувисини яхши кўраркан, бир йилгача ўзига келолмай юрди. Худди ўзининг ҳаёти тугагандек, мазмунини йўқотгандек эди. Ҳар ҳолда, энг яқин кишисини инсон йўқотса, телбадек, ақли тойгандек куйга тушаркан. Буни невара бўлиб яхши англади.
Кампир жони узилишидан бир ҳафта бурун Қалдирғочни чақириб олди, алоҳида васият қиламан деб бошқаларни ташқарига чиқарди. Кўзларидан милтиллаб оқаётган ёшларини сириб, келинини қўлини кўзига босди.
Келинининг: Вой, ойижон, нима қилаяпсиз? Қўйинг, хижолат қилаяпсиз, − деганига қарамай қўлини маҳкам тутиб тураркан, шивирлади:
− Келин бўлиб тушиб, қизимга айландингиз. Жигаримдан яқин, ҳаммадан аъло, тан-жоним баробарига ўтдингиз. Ота-онангизга раҳмат ёғдирдингиз. Мингдан-минг розиман. Нариги дунёда ҳам кўришиш илоё насиб қилсин!
− Ойи, ҳали ўлмайсиз! − деб, сўнгра сўзини давом эттириб: нафасингизни иссиқ қилинг, дейиш, катта ёшли одамга худди писандадек оғир ботади, деб ўйлаган Қалдирғоч, шошиб: − Унақа деманг, унда Равшанга ким қарайди ойи, − деди.
Кампир гапирманг дегандек қўлини аста силкиди.
− Фақат битта гапимни айтиб олай, эрта-индин сўздан қолсам, армонга ўтади.
Келини сергакланди. Унга ойиси, яқинлари, қайнананг бир йилдан бери ётиб қолди. Киприкда омонат қўнган гард каби жони таҳликада, ҳушёр тургин, сўнгги сўзларини эшитиб ол, дейишганди. Кампир умрида уддалаган хийла, тузоқлари ўнгидан келгани ва улар оилани тўкис қилганини ичида ўйлар экан, гулгун ёниб ўтирган келинига узоқ қараб қолди.
− Келин, туғсангиз ҳам ўзингизни олдирмадингиз.
− Қизиқсиз-а! Қаёқдаги гапларни топасиз, − деди жавобан Қалдирғоч.
Лекин у қайнанасидан бошқа гап кутганди.
− Ҳамон ён атроф, туман тугул, қайга борсангиз ўғрисиям, тўғрисиям бир оғиз сўзингизга маҳтал эмиш. Йўлдан уришни режалаштирган қанча бўлгандир.
− Ойи-эй! У пайтлар қачон эди. Бу гапларни қўйинг, ёшим қирқдан ўтди.
− Шунинг учун айтаман. Мендан кейин, дарҳол турмушга чиқинг. Мен розилик бераман. Акобир, болам бевақт ўлиб…
Кампир йиғлашга, келини овутишга тушди.
− Ойижон илтимос йиғламанг. Менга чиндан қийин, зўрға чидаб келаман, шундоқ ширин турмушдан ажраганим, қанотим қирқилгани.
− Бу гапни аввалроқ, ўшандаёқ айтганман. Эрга чиқинг, ҳали ёшсиз, деб. Ё нотўғрими?
− Тўғри. Лекин, Акобир акамдан кўрган иззатни бошқаси жойига қўярмиди?
Кампир жилмайишга уринди. Бироз сукут сақлаб, тамшана-тамшана кутилмаган гапни айтиб юборди.
− Ўшанда анаву ҳашарчига никоҳлашни ўзим режа қилгандим.
− Вой, ойи…
− Бошқача йўл тутилса, нафсиз эди.
− Қўйинг ойи, ўзизни қийнаманг.
− Ёшликда одам ғўр бўлади. Ғурури осмон. Аслида эса фарзанд оила кўрки.
− Ҳа, тўғри.
− Фарзандсиз оила суви қуриган ариқдек қадрсиз. Йўқ, у ёмғир ёққанда оқиши, тўлиши мумкин. Бироқ ёмғирли кунлардан кўра жазирамаси сероб бўлса-чи? Қуриб, қақшагай.
Қалдирғоч бош экканча, яна ҳа деб қўйди.
− Фарзанд кўринглар деб шу ҳийлани ишлатдим. Мажбур бўлдим. Мени ёмон номда эслаб юрманг, болам!
− Ҳимм!
− Сизларни бирга қўшни жувон кўрмаган. Бу гапни ҳам ўзим ўйлаб чиққанман десамчи.
Қалдирғоч талмовсираб қолди. У умри давомида шу саволга жавоб излаб келарди. Баъзи бир фаразлари ҳам бор. Ўшани баён этишни лозим кўрмай, ўзини билмаганга солиб юрди. У ойисига қараб жавоб қилди.
− Билмасам.
− Шуни билиб, коса тагида нимкоса борлигини англамадингизми?
− Сезгандим.
− Қайдан биласиз? Қўшнидан сўрадингизми?
− Нега сўрарканман. Ўзимни сиримни очиб.
− Бўлмаса Акобир айтдими?
− Улар оғзи пишиқ эдилар.
− Унда борини сўзланг-чи, фаросатли келиним.
− Шунча йил гап қочганда ҳам қўшни хотин бир маломатли, ёки менинг шаънимни булғайдиган гап қилмади. Билъакс.
− Билъакс. Хўш?
− У ҳеч гапдан хабарсиз ва айвонда мен билан бегона йигитни кўрмаган, илло хотин кишига бундоқ сирни ичида сақлаб юриш ўта мушкулдир.
− Баракалло!
− Лекин у пайтда шунчалик ўсал аҳволга тушган эдимки, шарманда бўлишдан роса қўрққандим.
− У бундай манзарани кўрган, фақат сиз билан Акобир деб фаҳмлаган экан. Шунинг учун эрталаб саломлашганда: сиз сўрагандек хабар олдим. Ҳаммаёқ тинчлик. Ўғлингиз кеч келди шекилли, узоқдан кўрдим, хира-шира эди. Келинингиз билан айвонда ухлаб қолишибди, деган ҳисоботидан сездим.
Кампир тишсиз оғзини очиб, жилмайган куйи сўзини давом этди:
− Акобир билан бахтингиз тўкис бўлиши учун, менинг тинчим, оила саодати учун тўқидим бу машмашани. Оллоҳ кечирсин. Ҳа, у кунлар тушдек ўтди. Анаву бетайин билан никоҳдаги машмашалар: яхши кўриш ҳам шунқа бўлмай қурисин, адо бўлсин. Бировнинг хотини бир кечага деб никоҳланган, талоқ қилмайман, йўқ деб хўжайинчиликни қаранг. Такаббурлик ва камситишлар. Кечалари бостириб келишлари-чи? Зўравон…У кунларни ҳам кўрдингиз. Кейинчалик ҳам, шаънингиз булғайдиган бирор бир гап эшитмадим, хиёнат тугул, ўйлар ҳам хаёлингизга келмаган бўлса керак.
Янганинг ичини шу пайт нимадир кемирар, тилига бошидан ўтган бир воқеани айта олмай қийналаркан, амаллаб тилини буриб, бошқа гапни сўзлаб, кўзини яширди.
− Ҳа, ойижон. Сиздек пишиқ-пухта қайнанам бўлмаса, менга бу сабр-тоқат, оила бахти ва қувончи қайда эди!
Қайнанаси бу ҳолатни англади, қачондир келиннинг кўнгли суст кетгандир, бундай ҳусн билан ўзини сақлаб юриш қийин, деган ўйда юрарди, ҳозир ҳам аниқ жавоб олмади. Бу гумон гумонлигича қолгани дуруст, шекилли. Бўлмаса, Қалдирғоч Иттифоқда номи чиққан санаторий, дам олиш уйларига, ўзига ўхшаган ўктам дугоналари билан ҳар йили бориб келарди. Айниқса бир гал, Гулсина Зингашина билан Кавказ тарафга бирга дам олишга бориб келгани кампирнинг ҳеч эсидан чиқмайди.
Доимо ўзига қараб, ораста, сочларини силлиқ тараб юрадиган келини бир аҳволда августнинг охирида йигирма тўрт кунлик дам олишдан уйига ҳорғин кириб келди.
Саломини ҳам насия қилиб, иккинчи марта мени ёлғиз юбормасин ўғлингиз, деди.
Келинининг кўзларида аламми, ғазабними фаҳмлаб, кампир уни қарши саволга тутмай, бағрига босиб, боши, елкаларини силаб кўришди.
− Ҳидларингиз бирам яхши. Ўзимни кўркам келинимдан ўргилай. Яхши дам олдингизми? Қоматларингизга кўз тегмасин ишқилиб, − деди.
Келини йиғлаб юборди.
− Кўз тегди, ойи. Биттаси мени роса таъқиб қилди.
− Дардингизни тўкиб солинг. Уялманг! Нима қилди у махлуқ. Одам боласими ўзи? − деб саволга тутиб, ҳар бир гапини суғуриб оларди кампир.
− Ғайридинмас, аммо ўз ҳолимга қўймади, роса қўрқдим. Ё раб!
Шундай дедию, у баралла йиғлашга тушди. Акобир даладан бери келмайдиган, ёзнинг энг иш қизиган паллалари эди.
Ёлғиз иккиси дардлашарди.
Кампир келинини елкаларидан қоқиб-қоқиб қўйди: Сизга ёпишган ножинсдан ўзи асрасин парвардигор. Бундай эркакни юзини тескари қилсин! Акобирни доим иши кўп. Не қилсин бечора,− деди кампир келинидан ҳар қандай ҳолда ҳам айрилишни истамаслигини сездириб. У суҳбат мавзусини бурди.
− Йиғламанг, ҳали ҳеч гап йўқ экан-ку! Ўзим айланай келинимдан, унутинг у дилхираликларни. Бировга чурқ этманг бу ҳақда. Қаддингизни кўтаринг. Ким этади сизни Борий индамасни қизи, − деб далда берганди ўшанда қайнанаси.
Ўз хонасига кирган Қалдирғоч зўраки жилмайиб, Гулянинг ҳийласи қўл келди: маккор қайнанам, нечук уйдирмамни қораламади. Аслида бу арзи-додим ҳам йўқ гап, дугонам маслаҳатига биноан, синаш учун ролга кирдим, тўполон чиқарса, ҳазиллашгандим ойи, демоқчи эдим, холос. Демакки, қайнанамни сергаклиги сусайибди. Оила ташқарисидаги ҳаётим унга қизиқмасми! Ё чиндан ўз ҳушёрлигини йўқотдиларми? Фарзанд туғиб бердим, бўлдими?
Қайнанаси кейин ҳам бу мавзуни ҳеч кўтармади. Умри давомида бирор марта бўлса ҳам, дам олишлардан келганда ҳам ортиқча сўраб-суриштиришлар қилмай, янгани саволларга тутмади.
Ҳозир, бу суҳбатда ҳам қайнанаси бунақа воқеаларни эслатмади. Келинининг ўзгарганидан, тегма нозик ва таннозликни ошкора намоён этишидан у ҳар ерда ўзини тутишни йиллар давомида кўп ажиб томонларидан хабар топгани, уни сайқаллаштириб борганини англар, тубдан ўзгарганини, оддий ҳиссиётли жувондан, пурвиқор, ғурурли, бироқ ноз-карашмага ортиқча урғу бермайдиган, аммо тегма нозик табиатли, ҳар нарсани ёқтиравермайдиган, сўзларни ҳам танлаб гапирадиган, пухта келинга айланганини билади. Кампир уни тезда тушуниши, ортиқча хархаша қилмаслиги учун, кеч келганлари важларини ниқоблаш учун курортдан келган дамдаги тўқимасида ва кейин ҳам майда ёлғонларга қўл ураётганини сезар, аммо чурқ этмасди. Ўғли кейинчалик соғлиғини йўқотиб Қалдирғочга эътиборини сусайтиргани, кампирни улар ишига, айниқса келини юриш-туришини ортиқча чўққиламай, ўзини гунг ва сўқирга солиб юришга мажбур ҳам қилганди. Аммо Қалдирғоч ўшанда ҳам ўзгармади, туманда обрўсини туширмади. Ҳар ҳолда ташқаридан кўрган одам шундоқ ўйларди…
− Бора қолинг, чарчадим. Отангизга раҳмат, − деди кампир шипга қараб.
Янга хонадан чиқаркан енгил тортди. Ўлими олдидан баъзи саргузаштларимни қайнанам билмагани маъқул. Одамнинг яширган бирорта сири бўлмаса, гап чувалаб, дунё остин-устун бўлиб кетиши ҳеч гапмас, деб ўйлади у ўзича.
Уч-тўрт кун ўтди.
Кампир энди набирасини чақириб, «Сенга учта насиҳатим бор: қулоқ тутиб умринг охиригача бажарасанми?» – деб сўради.
− Ҳа, албатта, – деди набираси.
– Бўлмаса эшит, – деб кампир санаб кетди.
− Отанг йўқ, онангни ҳечам хафа қилма. Бизларни эса, ҳеч қачон унутма.
− Нималар деяпсиз буви. Сиз ҳеч қачон ўлмайсиз.
Кампир кўзи намланиб гапини давом эттирди.
− Иккинчиси, ойим розилик берган қизга уйланаман, деб ваъда бер.
− Ваъда бераман.
− Учинчиси, ҳалол яшайман, тўғрилик ва одиллик маслаҳатчим бўлади деб айт, чунки сен нозик бир ишни бошини тутяпсан.
− Айтганингиздек қиламан.
− У ҳолда мен сени худога топширдим. Бахтингни берсин. Ғам кўрма. Осмонинг ёруғ, чароғон, бағринг бутун, топганинг хайрли бўлсин, деб кампир набирасини ўпиб дуо қилганди.
Кампирни мозорини обод қилиб қўйишди. Мармар тахтачаларга исмлари ёздирилди. Эри билан қайнанаси хилхонаси бир. Атрофига гуллар экилиб, тез-тез қабристонни зиёрат қилиш одат тусига айланган Қалдирғоч ҳаддан зиёд эзилар, ўғли Равшан ҳам кам ғам чекмасди.
Қалдирғоч эридан кейин қайнанасига суяниб қолган экан, ўзини батамом йўқотиб, узоқ муддат мотам тутса-да қайғуси тарқамай, ўзига келолмасди. Барча маъракаларини рисоладагидек ўтказган, ўзини анча олдириб, ойиси, опаси, адлияда иш топиб олган укаси далда бериб туришса-да, у энди фақат боласи билан бу дунёда яккаш қолгандек, пана-панада ўксиб-ўксиб йиғларди.
Укаси шундай кунларининг бирида, опасини кўнглини кўтариб, поччам ҳалокати уни бошқа фалокатдан асради. Йўқса ҳаммаёқни пахта иши деб минглаб оилаларнинг бошлари, бригадирлар, агрономлар, ҳисобчилар, совхоз, колхоз директорлари, пахта завод директорларидан тортиб туман, вилоят ва ундан катталарни қама-қама қилишяпти. Ўшанга илиниб қолсалар, уйни талон-торож қилиб, сизни ҳам тинч қўйишмасди. Оллоҳ билгандек жонини осон олди, деганида, гапинг қурсин, поччанг тўғри одам бўлган, деб аччиқланганди янга. Бироқ кейинги воқеалар, ҳодисаларни кўриб, бу четдан келган Гдлян ва Ивановлар роса ҳаддидан ошгани, ўрмонга ўт кетса қуруқ-ҳўл баробар ёнади қабилида, ҳақ одамларни ҳам ноҳақ қийнаб, азоблагач, нечтаси жонидан тўйиб, ўзини осиб юборганларини эшитиб, укасининг гапи тўғрилигига имон келтирди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.