Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 33 (всего у книги 34 страниц)
55. ШУ КЕРАКМИДИ?
Тез кунда, кўпчилик бўлиб, ҳовлига сиққанча меҳмон кутиб тўй қилишга Қалдирғочни кўндиришди. Бундай қарор қилишига сабаб, онасига берган ваъдаси бўлди. Бу ёқда барча: укаси, опаси, бошқа яқинлари унинг Оловиддин никоҳига кириши, Равшан учун ҳам қулай, йўқса бир оёғи Тошкентда, бошқаси Кўкишкўлда, ўртада қанча сарсон-саргардончилик, деб қўйишмади. Ўғли, мен ҳам бошқалардек ота-онам қошида яшагим келади, ойи, деди.
Янгиариқда тўйни тоғаси бош бўлиб Равшан қилиб берди деса лоф бўлмасди. Отасининг аҳволини билиб, уни ортиқча уринтирмай, бутун бозорни қилган, қўй сўйдирган, ошпаз, нонвой билан гаплашган ўзи. Ҳофизлар аммасини гарданига тушди.
Ҳовли тўла одам, маҳалла-кўй, ўртоқлари Оловиддинни кетма-кет табриклаб, роса тост айтишди. Баъзилар ичкилик ичиб, баъзилар ҳофизларнинг хонишидан маст бўлиб, офарин, яшавор, деганлар саноқсиз эди. Ўртага тушган раққоса даврани айланиб ўйнаркан, қистирилган пуллардан қўллари тўлиб, бўғзидан очилган куйлак остига тиқилганлари ҳам анча эди. Тўй базми анча вақтгача давом этиб, уйигача боролмай думалаб қолганлар ҳам етарлича эди, чунки заводда орттирган ўртоқларига етказиш қийин.
Қалдирғоч тарафидан Илғор ва яна бир неча жигарларини айтмаса, асосан қариндош аёллар ва ўзига яқин дугоналари келишди. Ишхонасини таклиф қилмади. Кўкишкўлдаги ҳовлисида, туманда неча йиллик қадрдонлари, ишхонаси, опаси, укасининг танишларини чақириб, икки кун аввал катта тўйни у ерда ўтказишган эди. У тўй бу тўйдан ҳам ҳашамли. Бутун қишлоқ аҳли йиғилди, ҳисоб.
Оловиддинни ўрта қизи Америкадан кела олмади, лекин табриклашни унутмади. Яна, Ҳадияни айтмаса, бошқа бор қариндошлари қатнашди.
Янгиариқ маҳалласидаги янги уйига Қалдирғоч ўрганиб қолди. Фақат ишини Тошкентга кўчириш сал қийин кечди. У РайОНО мудирлигидан, шаҳар касаба уюшмасига ўтди. Тагига машина беришмаган бўлса ҳам, у қулай, ҳурматли жойга ўрнашди. Буни ҳатто тумандаги катталар ҳам тан олишди. Эри бу ёқда цех бошлиғи. Ўқиган одам. Завод ҳурмат тахтасида расми осилган.
Янга иккинчи умрини кечаётгандек куйда эди. Рўзғор бут, ундан ташвиш йўқ. Шу вақтгача қозон-товоқ, супириб-сидириш кичик қиздан ортмас экан. Ҳеч бўлмаса, ўзларининг хоналари ва эрига қарашни ўз зиммасига олди. Сўнг, ноинсофлик бўлмасин, ўқиётган қизга жабр деб, кун ора навбати билан овқат пиширишни бўйнига олди.
Меҳмонхонадан ташқари, катталарга ётоқхона ўз йўлига, ёшларнинг ҳар бирига алоҳида хоналар етарли эди. Равшаннинг хонаси сал таъмир талаб, аммо шу қайта битишув сабаб, деворнинг гулқоғозлари алмаштирилиб, дераза-эшикларга бўёқ тортилди.
Эъзоза эркин тутишлари йўқолиб, озода, ниҳоятда ўзига, кийинишига, гап-сўзларига эътиборли янги онаси олдида, ҳайиқиб гаплашади. Равшан акасининг ҳазилларига ўйлаб жавоб беради. Аммо, бирор юмуш буюрса, югуриб бажаради. Чой ёки кофе дамлаб беришми, галстук, куйлагини дазмоллашми, бирпасда, сўзсиз қилади.
Оловиддин, Қутбиниса билан ажралишдан сўнг, тушкунликка тушганидан, кунига йўлда ёки шундоқ кўча бошидаги дўкондан озгина қуйдириб, ичиб турарди. Бу одатига икки йиллардан ошди. Энди, Қалдирғочга уйланиб, эшикдан чақириб келадиган ҳамшишаларини қайтаравериб, сўкиш эшитишгача борди. Уйланиб одамгарчиликдан чиқди, эркак киши ҳам шунақа бўладими, хотинини пинжига кириб олганини қара, деган таъналар орттирди.
Чидади. Индамади.
Натижада ўзи билмаган ҳолда, ўзгара борди. Ичмасдан ҳам шодон яшаш мумкинлигини, ғам-ташвишсиз турмуш борлигини билди. Заводда ишласа-да, мойсиз, доғсиз кийимларда юриш даврига қайтди. Дам олиш кунлари Равшан Эъзозани прокатда пайдо бўлган янги киногами, айлангани хиёбонгами судраб кетганда, иккаласи бир-бирига қараб, ёшликларини эслаб кулишиб, ҳангомалашиб қолишади.
Оловиддин қандай ошиқ бўлиб қолганини юз марталаб қайталаса ҳам, ҳар гал Қалдирғоч сўзини бўлмай эшитади. Шўхликларидан сўзласа, қизаради, бўзаради, ёноқлари ол рангга киради. Қалдирғочнинг ўша пайтдаги гўзаллиги, тусини тавсифлаганда, кўзлари ёлқинланиб, ишваланиб ўйнайди. Оловиддиннинг тоқати-тоқ, қўллари аста чўзилади. Аммо, эрининг юзига ёлғондакам шапати урган янга, ҳали ҳам ёмонсиз-а, деганча нари суриларкан, атрофга олазарак боқиб қўяди.
Ёки бошқа сафар на униси, на буниси кампирними, Акобирними ёмон ном билан эслашмайди, уларнинг қанчалик кенг фикрли эканлигини қайтага ёдлаб, мақташади. Ҳеч гап қолмаганда эса, ҳовлидаги ёғоч супачада оёқ чўзиб ўтиришаркан, Оловиддин Қалдирғочга тикилиб қолади. Кўзларингиз, қошларингиз ҳамон қалдирғочни эслатади. Биринчи кўрганимда шу сифатларингизни аниқлагандим, туғилганингизда ким исм берган деб сўрайди. Жавобан янга, раҳматли отам исмимни қўйган, деб бошини секин қуйи туширади.
Кунлар шундай хушнуд ўтиб бораркан, инсон доимо ўз тақдири пешонадан қоча олмайди, деган гап ҳақлиги тасдиқланиб, иғво, ҳасад, майда гап-сўзлар йитилди.
Уларнинг қариндош-уруғ, қўни-қўшни орасида ҳурматга сазоворликлари ошиб борарди. Буларни барча кузатиб фаҳмларди, шу жумладан Ҳадия ҳам. У хато иш қилиб қўйганидан, йигитнинг ниҳоятда яхши томонлари кўплигини эшитиб, опа-синглисини, жигарларининг маслаҳатини қулоққа илдими, бир куни муборак бўлсин баҳонасида келганида битта гап айтиб қолди.
− Сизларнинг муносабатларингиз ҳамма ерда гап. Элликка кириб ҳам муҳаббатини йўқотмаган ошиқлар, деб яхши маънода кулишяпти.
Қалдирғоч индамай, бошини эгди.
Оловиддин сир бой бермай, ҳа, деб қўя қолди.
Ҳадия асосий мақсадга ўтиб, сўз ташлади:
− Ўшанда бир қизишиб кетибман. Мени кечир. Аҳмоқлигим туфайли. Ёшлар ишига тўғоноқ бўлдим.
− Айтилган гап, отилган ўқ, − деди Оловиддин.
− Ҳа, энди бир оғиз гап учун қариндошчиликдан воз кечиш керакми? Адам сенга ота ўрнида эди, тўғрими?
− Тўғри.
− Ўшаларнинг ҳурмати йўқми?
− Бор. Нега йўқ бўлади. Бирор ёрдам керакми, марҳамат мен тайёрман.
Ҳадия Оловиддинни юмшатдим хаёл қилиб бошқа мавзуга ўтди.
− Ёрдам зарурмас, ҳозир. Лекин бошқа гап бор.
Ҳадия шундай деб, ён-атрофга бошқа биров йўқми, деб қараб олганча, бўзлади:
− Қизим ҳамон Равшан акасини дейди.
Бу гап эр-хотинга ёқмади.
Улар миқ этмай ўтиришаркан, Ҳадия яна ҳужумга ўтди.
− Никоҳи бузилган деган сўз қиз болага иснод. Эртага бошқа тарафдан совчилар келсин дейлик, улар сўрашса нима дейман. Ёки қўшнилардан бўлган-бўлмаган гапни қўндириб, бекорга тўйи қолдирилмаган деса, бас, ўзинглар тушунасизлар, барча айб бизага қўйилади. Айланай келин, сиз хотин кишисиз, сал ён беринг. Мени ўрнимга ўзингизни қўйиб кўринг.
Равшан келса, унинг фикрини ҳам билиб, кейин жавоб айтилар деса ҳам, Ҳадия бир Оловиддинга, бир Қалдирғочга гап бермай бидирлашга тушиб кетди.
Энди у адасининг Оловиддинни одам қилгани, ишга солгани, устачиликка ўргатганими, ишга қизиқиши йўқолиб ичкиликка ружу қўйганда ўзлари бош бўлиб уйлантириб қўйганидан сўзларди.
Анча вақт ўтди ҳамки, у тинчимасди. Кетишни-ку ўйламасди. Ҳали Равшан келмаган, Эъзоза улардан хабар олиб чойни янгилаб тураркан, кўча эшигидан кўзини узмасди. У катта аммасига қўнғироқ қилиб чақирган. Бу аммаси Ҳадия опага бас келмаса, бошқасининг сўзи ўтмайди. Эъзоза: амма тезроқ келинг, Ҳадия опа бузилган тўйни баҳона қилиб, эски машмаша гапларни бошладилар. Адам яқинда тузалиб чиққан бўлсалар, яна Қалдирғоч опа олдида жуда ноқулай бўляпти, деганди.
Хуршида амма ниҳоят кўринганда, Эъзоза югурлаб бориб сўрашди. Орқасига ўгирилиб, Хуршида опага кўзи тушган Ҳадияни овози пусайиб ўчди.
− Ҳа, гапиравер, бетсиз. Касалхонага бормай, энди тузалганда яна бир йиқитай, − деб келдингми.
Хуршиданинг овози таҳдидли чиқди.
− Вой ўртоқ, нега унақа дейсан. Оловиддинни табриклашга келгандим. Ўтириб қолдим. Майли, мана сен келдинг, мен бора қолай.
Ҳуршида Оловиддинни елкасига қоқиб сўрашди: «тузукмисан? Кайфиятинг яхшими? Нега уришган одамларни уйингга киритдинг?» − деди.
Ҳадия ўзини эшитмаганга олди.
Хуршида энди Қалдирғоч билан қучоқлашиб кўришаркан, эсонмисиз, омонмисиз дейиш ўрнига: тинчгина ўтиргандим, амма ғалвага бошимни қўшиб қўйдилар деманг. Буни турмуш дерлар. Индамасангиз, ғаламислар кўп, бахтли кунингизни кўролмайдиганлар сероб, лекин сизни яккалаб қўймайман. Илоҳо омин. Ҳасад қилганлар паст бўлсин, ер билан яксон бўлсин. Хуршида опа қўлини дуодан олиб, тоғамни руҳларини чирқиратиб, жигарларга кун бермайсан, табриклагани келдим, деганингга ким ишонарди. Тўғрисини айт, ташрифдан муддаоинг нима? – деб Ҳадияга қаради.
− Ҳе йўқ, бе йўқ, намунча зуғум қиласиз? Арпангизни хом ўрдимми? − деб энди Ҳадия ҳужумга ўтди.
− Бошқа гапни қўй. Тўйдан умидвор бўлиб келгансан. Опанг айтди. Тўйни сўраб-суриштирмай бузиб қўйганига Ҳадия ўзини қўйишга жой топа олмаяпти деб. Шундоқми?
− Ҳа, мен адашдим. Кечиринглар.
− Кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Равшанга бошқа жойга бориб пишитиб қўйганмиз, сен энди бу куёвдан умидингни узавер.
− Худога шукур. Бошида ота-онаси бор, уларнинг сўзини эшитмагунча кетмайман.
− Марҳамат. Оловиддин гувоҳ. Айт укам, Равшанни бошқа танлагани бор дегин.
Оловиддин беихтиёр бошини ликиллатди.
− Ана. Эшитдинг. Энди сенга жавоб. Укам чарчади. Яқинда, ўзи сен туфайли касалхонага ётиб чиқди. Бор. Бора қол.
Ҳадия боши қотганча, дуони омонат қилиб ўрнидан турди ва эшикка йўналди.
− Ҳа, иккинчи бу уйга бу масалада келма. Эшитсам, ўзингга ёмон бўлади.
− Ҳа, нима яна?
− Қизингни эрга чиқишини хоҳласанг, жим юр. Тушундингми?
Ҳадия мулзам, бошини ликиллатишга ҳам ҳоли йўқ кетди.
56. АММА ОШКОР ЭТГАН СИР
Озгина вақт ўтмай, салом бериб, Равшан кириб келди.
Аммаси, бўйларингга қоқиндиқ, деб алоҳида, қуюқ сўрашди.
Ювиниб, кийимларини алмаштириб чиққанди, Эъзоза унинг олдига косада қайноқ шўрва қўйди. Дамлаб, ўраб қўйилган пахта гулли чойнакдан кўк чой қуйиб узатди. Равшан: раҳмат, эркатой сингилчам, деди.
Ҳамма бир-бирларига маънодор қараб қўйишди.
Эъзозага бу гап ёқиб, қизариниб, ўрнидан туриб, ўз хонасига шошди. Кўзгуга ўзини солиб, дурраларини тўғрилаб қўйди, қўлларини ёноғига босди, ол ранги озайган бўлса-да, юзлари ҳамон ловуллар, кўзларини ҳам ўт қоплаганди. Боқишларидан хурсандлиги билинар, завқи тошибми, димоғида куй айланарди. Нега шунақа? Доим Равшан акаси бир нима деб мақтаса, олқишласа пуф этиб ёнган гулхандек, алангаланади. Бор вужуди зириллаб, бетоқат полопондек нимагадир талпинади.
Бошқалар ўзаро пичирлаб, ора-чора Равшаннинг тамадди қилишини кузатиб ўтиришди.
Сўнгра, Эъзоза хонасидан чиқиб келиб, коса, ортиқча нарсаларни йиғиб, ошхонага ўтди. Мазмунан у косага урилаётган қошиқ товуши тинишидан, Равшан акасининг овқатланиш муддатини англар ёки соатга қараб биларди.
Оловиддин суҳбатни давом эттирди:
− Опа, бояги гапингизни тушунмадим. Равшанга кимни топдингиз?
Равшан қизиқиб аммасига қаради. Қалдирғоч индамай ўтираверди.
− Ҳа, айтдим қўйдим-да. Бўлмаса у муттаҳам Ҳадиядан қутилиш қийин.
Оловиддин бошқа жавоб кутганди, кавлаштириб ўтирмай, ўғлига иш буюрди.
− Ўғлим, бориб тарвузни чиройли сўйиб кел. Эъзозага ёрдаминг тегади.
− Хўп, ада, − деб Равшан ошхона тарафга йўл олди.
Ўғлини адажон деб мурожаатини Оловиддин унча истамай, оддийроқ ада деб чақира бер дегандан бери у шундай қилади.
У ошхонага кираркан: Эъзозахон, тузукми, чарчамадими? деб, синглисига учинчи шахсга мурожаат қилгандек гапирди. Синглиси унинг шундай сўзлашиш манерасига кўниккан. Ҳатто, ҳар доим, бу гаплардан баҳри-дили очилиб кетади. Лекин бугун у бошқача.
Эъзоза ҳорғин жавоб берди:
− Тўғрисини айтсам, чарчадим.
− Биламан, сизга қийин.
− Аммо мен ишдан ҳоримадим.
− Бўлмаса, нимага бу ғамгинлик ва юздаги ҳориш аломати.
− Айтайми? Аччиқланмайсизми?
− Аччиқланадиган гапми?
− Бўлмасамчи! Аввалги қайнанангиз ташриф қилдилар.
− Зулхуморнинг онаси?
− Ҳа, ўша, бозорчи сифат қариндошимиз.
− Кейинчи? Томоша кўрсатдими?
− Сизни қайта куёв қилиш дийдиёсини бир неча марта, турли шаклда изҳор қилиб, қулоқни чарчатди.
− Сизга қийин бўлипти, сингилжон. Бу айбимни қандоқ ювсам бўлади.
Деворлари кафель, деразалари катта, ёруғ ошхонада Равшан тарвузни чиройли қилиб сўйиб, лаганга терар, Эъзозага бу гапларни йўллаб, бошини столдан узмасди.
− Бу осон. Зулхуморга уйланмайман деб сўз беринг.
Равшан ҳайрон синглисига қараб қолди.
− Ҳалиям унга уйланмоқчи эмасман. Фикримизни бир жойдан чиққанини қаранг. Фақат, сиз уни ёмон кўрасизми?
− Билмасам. Ўз манфаати йўлида мақсадига эришиш йўлида, дўстини, яқин кишисини ҳам сотиб кетади ёки бадном қилишдан тоймайди.
− Шунақами? Даҳшат-ку! Сиз қаердан биласиз?
− Биламан. Бир вақтлар энг яқин дугонам бўлган. Сирларимни билиб олиб, сўнг дўстлашган синфдошимни менга қарши қилиб қўйган.
− Йўғ-эй?
− Ҳимм.
− У кейин Зулхуморга насиб қилдими?
− Йигит ота-оналари оддий. Зулхуморга бу севги керакмасди. У ҳар иккимиз устимиздан кулиш учун бу ҳаракатни амалга оширди.
− Яъни.
− Йигитга, менинг ҳис-туйғуларим ҳақида айтиб, Эъзоза сени севмайди. Шунчаки лақиллатиш учун гаплашиб юрибди, деган. Аслида Зулхуморга, «У йигит − яхши дўст, севиш ёки севмаслигим номаълум, ҳис-туйғуларим ҳали менда уйғонмаган, шекилли», дегандим.
− Тушунарли. Кейинчалик у йигитга нима бўлди?
− Ҳеч нима. Нариги кўчада туради. Саломлашиб турамиз?
− Севгичи?
− Равшан ака?
− Айта қолинг.
− Унга нисбатан туғилмади. Дўстлик ҳам тамом бўлган. Қониқдингизми жавобимдан.
Шундай деб, Эъзоза ташқарига қараб қолди. Равшан қўлидаги ширани ювиб, сочиққа артаркан, Эъзозани таклиф қилди: сингилчам, юрингчи, тарвуз егани, бошланг, деди.
Қиз индамади. Йигит ҳайрон яқинлаб уни ўзига ўгирганди, қизнинг кўзларидан оқаётган ёшларга кўзи тушди.
− Нима бўлди, сингилжон? − деди.
− Ўзим, − деб ундан нари сурилди.
Равшан алланечук бўлиб кетди.
Оловиддин ўғли узоқлашгач, хўш опа, энди гумонларингизни айтингчи, деди.
Хуршида у ёқ-бу ёққа аланглаб, сўзлади.
− Равшан Эъзозага кўнгил қўйган.
− Вой, нима деяпсиз, аммаси, − деб Қалдирғоч оғзи очилганча қолди.
− Жияним ҳам уни яхши кўриб қолган, шекилли, боя йиғлаб чақиртирди.
− Ростданми? Нима деб чақирди?
− Амма, тез келинг. Ҳадия опа қизини Равшан акамга яна тиқиштиряпти деди. Мен ўшанга учиб келдим. Жиянимни раъйини қайтармадим.
− Ака-сингил севгиси, вой, уят!
Шундай деб, Қалдирғоч ваҳмага тушди. Кўзлари катта очилиб кетганча эрига қаради, у эса пинагини бузмай, миқ этмасди.
− Китобларда ёзилган, кинода бор битишув ҳаётда мумкинмас эканми? − деб сўзини давом эттирди амма.
− Қанақа китоб, қайси кинони айтаяпсиз? − деди Қалдирғоч зардаси қайнаб.
− “Меҳробдан чаён”– чи! Анвар асраб олинган ўғилми? Солиҳ маҳдум ўз қизини бермайдими?
− Бермоқчи бўлади.
− У ҳолда асраб олинган қизни ўғилга унаштирса, қайси қоидага зид.
Қалдирғоч зийрак тортди.
− Кимни айтаяпсиз?
− Кимни, кимни? Эъзозани!
− Нима, у сизнинг қизингизмасми? − деб эрига қаради.
Оловиддин бошини ликиллатиб, йўқ, деган имони тасдиқлаб: «Қайнисинглим ногоҳон қазоси етиб, божам ўз қизалоғидан воз кечганда, биз уни асраб олган эдик. Ўша қизалоқ шу − энг кичик қизим». Равшан ва Эъзоза киришдию, суҳбат ногоҳон узилди. Бирининг қўлида лаганда тарвуз, бошқаси намланган қўл сочиқлар ушлаганди.
Хуршида кўзини қисиб Эъзозага имларкан, Қалдирғоч тушундим дегандек бош силкиди ва ҳайратини яширишга уринди.
Умринисада кам учрайдиган анемиянинг бир тури мавжуд эди. Шунинг учун Оловиддиннинг қайнсинглиси анемиядан кейин оққон касаллигига чалиниб узоқ яшамади. Наслга ҳам бу касаллик ўтиши мумкин, деб санаган қайнана, ўғлини қизалоқдан воз кечишга мажбур этганди. Қутбиниса Оловиддинга маслаҳат солиб, Эъзозани ўзларига қиз қилиб олишди.
Бу гаплар тафсилотини кеча эшитган Қалдирғоч: шундоқ қизни ўстириб, болаларимиз бағримизда бўлсин деб ўйлаган экансиз-да, деб алоҳида бир меҳр билан эрига қараб қўйди. Оловиддин ширин хаёл суриб, ўз қизларидан ҳам суюмли бўлиб қолган кенжа қизининг бахти-камолини фикрларкан, чап биқини тарафдан иссиқ инаётган туюлдию, ўйларига чек қўйди. Ҳар доим шунақа. Қалдирғочни сал тафти келса бас, қони суйилиб, ўзини йўқотади. Шундай ёр насиб қилганидан Оллоҳга ҳамду санолар ўқиб, шукронасига хотини томон қўлини чўзади. У эса, қўйинг-эй, деб нари сурилгани сурилган. Бўлмаса, ўрнимдан туриб кетаман, деб уфлаб қўяди. Оловиддинни жуфти ўрнида қабул қилишга раъйи йўқ. Энди нима бўлади. Ўзи ҳам билмайди.
Ота-она фарзандлари хусусида бир тўхтамга келишгач, ёшлар аҳдини фаҳмлаш фикрига қарама-қарши томондан тоға ва амма банд бўлишди.
Олой бозори атрофида тоғасининг квартираси бор. Мебеллари, телевизор, музлаткич, совуткич ва бошқа анжомлар бисёр. Охирги талаб даражасида таъмирланган.
Равшан тоғасини нега йўқлаганини англамай, кириб келганида, Илғор унинг иши, юриш-туришлари ҳақида узоқ суриштирди, сўнг аниқ саволларга ўтди:
− Равшан, сени ота-онанг уйлантиришмоқчи, бирор кўз остингга олиб қўйганинг бўлса айт.
− Бундай қиз йўқ.
− Ростини айт, тортинма, сенинг ёшингда қизлар билан танишиб синаш керак. Битта-яримта кўз остингга олганинг бордир. Қанча жойларга текширувлар билан борасан.
− Йўқ дедим-ку, тоға.
− Ҳа, ойинг айтувдия, бу Равшан ишга қаттиқ ёпишиб олган. Бошини қоғоздан кўтармайди. Ҳужжат титкани титкан. Бундоқ ёнида оқаётган ҳаётни илғамайди деб. Тўғри экан-да, бу гап!
− Хўп, тўғри бўлса, айби борми?
− Бўлмаса онанг совчиликка юрмоқчи. У қиз қанақа бўлиши керак. Ўқиганми, ўқимаганми? Бўйи паст, баланд бўлсинми? Шундан сўзла.
− Билмасам.
− Кўзи кўк бўлсинми? Ёки қорами? Сочи-чи?
− Ҳимм.
− Нега индамайсан? Бирорта қизга қиёслаб гапир. Кимга ўхшасин.
Равшан елкасини қисди.
− Тушунарли, аввалги танлаганинг Зулхумордака бўлсинми?
− Ҳечамда. Керакмас.
− Бўлмаса, бошлиғингни котибасидек сербўёқ қизлар ёқар.
− Нималар деяпсиз тоға?
− Йўқса, ким сенга маъқул келади?
− Ҳимм.
− Яна индамайди. Бўлди топдим. Ҳа, йўқ, у сенга тўғри келмаса керак.
− Кимни айтаяпсиз?
− Балки, Эъзоза…
Равшан индамай бошини тушириб, калласини қимирлатиб қўйди. Тоғаси, балки Эъзозадан сўраб кўрармиз дидингни, демоқчи эди. Йигит лаққа тушиб унга кўнглини очиб қўйди. Тоғаси хурсанд, уни дилини англади.
− У ҳолда, Эъзозага уйлантириб қўйсакчи?
Равшан эътироз қилди:
− Нималар деяпсиз тоға? У менга сингил.
− Тушунмадинг, айнан Эъзозага ўхшаган қиз топамиз демоқчи эдим.
− Унақа бошқа қизни қайдан излайсиз?
− Энг қийини шу. Дунёда бири-бирига ўхшаган олтита одамни топиш мумкин, деган гап бор. Лекин улар кўриниши билан ўхшаш бўлади, холос.
− Тоға, мен ҳали-вери уйланмайман. Эъзоза турмушга чиқсин, кейин бу масалага қайтамиз.
− Нима учун бундай деяпсан? Эъзозани эрки ўз қўлида, сеники ўз қўлингда.
− Бу менинг сўнгги қарорим.
− Ойингга шундоқ деб қўяман, яхши.
Равшаннинг фикри аниқ бўлди.
Хуршида опа Эъзозани бошқача усулда суҳбатга чорлади.
− Равшанга келин қидиришяпти. Унга қанақа қизлар ёқишини билмайсанми?
− Намунча шошилинч. Ўзи биттасидан зўрға қутилганларида…
− Бўлмаса сен ҳақингда гаплашайлик.
− Мен ҳақимда. Нимани гаплашамиз?
− Илтимос, энсанг қотмасин. Сенга совчи келибди.
− Амма?
− Кимдан деб сўрамайсанми?
− Йўқ. Сўрамайман. Менга қизиқ эмас.
− Аданг турмушга чиқишингни истайди.
− Кимга, ахир. Адам, ё розилик берибдиларми?
− Йўғ-эй. Фикрингни билишмоқчи. Сен, шошиб кетма, адангни айблашга.
− Ҳимм.
− У йигит, сени таниркан, − деб жиянининг рўмолини тўғрилаган бўлди аммаси.
− Ҳимм.
Қиз рўйхушлик бермасди.
Аммасининг сабри етмай, лўндасини айтиб қўя қолди.
− Агар Равшан акангга ўхшаган йигитдан совчи келса, майлими?
− Амма қармоқ ташлаб, сиримни билиб олмоқчимисиз, ҳечам айтмайман.
− Айтма, ўз ёғингда қоврилиб юравер. Куйиб жизғинакка айланасан.
− Ажаб бўпти, − деб қиз ёлғондакам лабини чўчайтирди.
Бир неча кундан кейин, ишдан қайтган Равшан ҳовлидаги кравотда, ойиси ва адасини кўриб, саломлашгач, Эъзозани сўради, уларнинг билмадик, деган эътиборсиз жавобларига ҳайрон бўлиб ўз хонасига кирди. Уларнинг унга қанақадир бошқача тикилганлари хаёлидан ўтди. Кийимларини алмаштиришдан аввал, бу ерда бир гап бор, деб ўйга чўмганча қотди. Сўнг у ёқ-бу ёққа аланглади. Ҳамма нарса жойида. Ҳатто дераза пардасигача ўзгармаган. Доимгидек ярим очиқ. Кравоти ихчам йиғилган. Устига ўша таниш кўкиш чойшаб тортилган. Шкаф, стол, стул қимирлатилмаган. Ҳа, стол устида қандайдир расмлар сочилиб ётарди. Бу унинг эътиборини тортди. Расмларни қўлига олиб томоша қилишга тушди. Эъзозанинг қизлик, болаликдаги расмлари. Қизиқ, бу суратларни ким киритди экан. Мазмунан Эъзозанинг энг сара расмлари шекилли. Бир-биридан чиройли тушибди. Чеҳрасидаги самимийлиги мужассам бу суратлар уни ҳаяжонга солиб, юзига нур югуртирди. Кўзлари катта хазина, ноёб топилма топгандек ҳайратда очилиб, қорачиғлари кенгайиб кетганлигини ўзи ҳис қилмас. Аммо расмлардан нигоҳини узишни ўйламай узоқ қотиб турди. Бир расмда Эъзоза сал бошини қийшайтириб, елкаси билинар-билинмас очиқ, чунки сочилган сочлари уни қоплаган. Нигоҳини четга қадаб, бошқасида сириброқ кийган блузкасидан қомати, кўкси яққолроқ кўзга ташланади. Сочини орқасига йиғиб олган. Юзи чўзилиб қолгандек туюлса-да, ўзига роса ярашибди. Тусидаги хотиржамлик, унинг саботли ва чидамлилигидан дарак бериб турарди.
Шундоқ расмларни тез кўриб чиқиш мумкинми? Албатта йўқ. Ўшанга Равшан ўз хонасида анча вақт қолди. Кутилмаган тасодифдан эса тамоман лол. Нуқул Эъзозанинг расмлари. Кетма-кет қўлидан ўтказаркан, улар орасида нотаниш икки аёлнинг сурати. Уни қўлига олиб кўрди. Ўрта яшар жувонлар, оддий кийимда. Оқ-қора расмда уларнинг кимлигини фаҳмлай олмади. Ҳеч нарсага тушунмай расмни орқасига ўгирди. У ёқда, хат кўринишидаги ёзув диққатини ўзига тортди. Равшан, қандай ёзув экан? деб, беихтиёр ўқиди. Хат қуйидаги мазмунда эди: Қутбиниса, илтимос, Эъзозани ўзинг асраб ол. Оловиддин ака мард инсон, йўқ демайди. Менинг эримга ўхшаган, мамараим, онасининг сўзидан чиқмайдиган эмас. Қоғозни қораласам ўчиб кетади деб, иккаламиз тушган расмга ёздим. Қадрдон синглинг Умриниса.
Сўнг сана кўрсатилганди. Шунга ҳам йигирма йилдан ошибди.
Бу аёллардан бири Умриниса, у эса Эъзозанинг онаси эканлиги ниҳоят, Равшанга бориб етди. Демак, Эъзоза асраб олинган эканда! Кимдир Эъзозани дейишингга монелик йўқлигини билдириб, расмларни жўрттага столига ташлаган. Бу адасини иши бўлса керак. У шодон қичқириб юборди-да, хона бўйлаб сакрашга тушди. Равшан шунда сакрабмас, учгандек ҳисдан, ҳаяжони бўғзига келди, ҳовлиқиб ҳовлига отилди. Яқинлаб, пичирлади: Эъзоза қани?
Онаси елкасини қисди: Билмайман, қаерларда юрибди. Бирор кино-пинога кетгандир, деди бепарво.
Кравотда адаси кўринмади.
Равшан ўзини йўқотиб овозини кўтариб сўради.
− Ойи, Эъзоза сизга кеч келаман деб айтганмиди?
− Йўқ.
− Бўлмаса нимага бундай бемаҳалда бир ўзи юришига майли дедингиз.
− Мен кўрмай қолибман, кейин у ўқишидан қайтмади. Балки аммасиникига киргандир.
− Ана қаранг, гумон билан сўзлаяпсиз.
− Балки, аданг рухсат бергандир.
− Улар қаердалар?
− Чойхонага чиқиб кетдилар, шекилли.
− Ойи, охирги вақтда менга бироз бепарво бўлиб қолмадингизми?
− Нима қилай, аввал уйимизда бир эркак эди. Энди эса иккита.
− Ойи!?
− Ҳа, сенинг устингда ҳам икки аёл машғуллигини унутма. Ё, Эъзоза яхши қарамаяптими?
− Нолишга ҳаққим йўқ. Барибир менга бошқа нарса етишмаётгандекман.
− Нима экан ўша нарса?
− Билмасам.
− Балки меҳрдир, муҳаббат…
Равшаннинг кўзлари ёниб кетди.
− Балки эмас, нақд ўша туйғуда гап, ойи. Уни мен Эъзозадан топсам дегандим.
− Ҳимм.
− Унга меҳр қўйгандим. Адашмабман. У менинг синглим эмас экан-а?
− Ростданми?
Қалдирғоч индамай ўғлига қараркан, Оловиддин ўргатгандек, сир бой бермай, ичида кулиб, унга мулойим тикиларди.
− Билиб туриб билмаганга олишингизни қаранг.
Равшан аччиқлангандек четга қараганди, Қалдирғоч чидаб тура олмади.
− Гапир, гапир болам. Энди бахтинг ўз қўлингда, − деди.
− Ойи бу масалани ким ҳал қилади.
− Бу масалани ечими сенинг қўлингда. Ҳаракатингни қил!
− Сизчи, адамчи?
− Биз ҳар қандай қарорингизга хайрихоҳмиз.
− У ҳолда Эъзозани назорати менинг измимда бўлади. Энди шунақа кеч қолиб юрмайди,− деди чуқур хўрсиниб.
Қалдирғоч ўғлидан бошқа гапни кутганди. У эса ҳали ҳам ёш бола. Ҳашарчи йигит шу ёшида бошқа ишларни ҳам, муҳаббатни ҳам эплаганди, деб ўйлади.
Лекин бошқача гапирди:
− Ҳо, ҳали уйланмай туриб зуғумми?
− Ойи, сиз қўллайсизми қароримни. Эъзоза…
− Эъзоза асраб олинганини болалигидан биларкан-у, лекин бу сирни ҳеч кимга айтмаган. Бу гап бугун қўзғалгач, кўнглини ёриш учун севган аммасиникига йўл олди.
− Хуршида аммамникигами?
− Ҳа.
Шу пайт чойхонадан қайтган Оловиддин: чой борми? деб кирди.
Қалдирғоч ўғли билан суҳбатини мухтасар қилиб, қўлига чойнакни кўтариб, ошхонага йўл олди. Кета туриб, ўғлига отаси томонга имлади. Бу унинг: аданг билан бу масалада гапни пишитиб ол, дегани эди.
Эъзозани кўнглини олиш қийин кечарди.
Равшан доимо хизматда. Кеч келади. Охирги пайтлар унга юклатилган ишлар кўпайиб қолди. Ҳар бир вазифани сидқидилдан бажаришга ўргангани ва билими етарлилиги учун, бошқа ҳамкасблари ҳам унинг олдига маслаҳатга кириб туришади. Адлия ишида шошиб бўлмайди. Чунки ҳар бир иш замирида қанчалар инсон тақдирлари ётади. Холисанлилло, одил ҳукм қарор топтириш учун ҳужжатларни тайёрлашда асосли далилларга ёндошиш муҳим. Йўқса, эътирозми, танбеҳми эшитиб қолиш ҳеч гапмас, бутунлай бу соҳада ишламаслик шарти билан бўшатилиши ҳам мумкин.
Йигит бундай бандлигидан, Эъзозага фақат кечки тушлик ёки эрталабки нонушта пайтида бир-икки оғиз сўзлашишга вақт топарди. Кейин бу салом, яхши боринг, ҳорманг, бор бўлинг қабилидаги сўзларга айланиб қолганди. Эъзоза сир очилгандан бери ўзини Равшандан олиб қочадиган, мабодо сўзлашишга тўғри келганда ёки салом берганда аввалги қувноқлиги йитиб, калласини пастга тушириб, пичирлаб гапиришга ўтиб олганди. Улар муҳаббатнинг сирли сукут аро севиш палласига кирган ва ишқ иқрорини на униси, на буниси билдиришга шошилмас, бу ҳол қиз бола учун табиий ҳисобланса, Равшан учун айбли камчилик саналишини у тушунар, лекин юраги дов берибми, ёки ишқ забонига қулф солиб қўйганмиди, бу ҳақда бир сўз айта олмай гаранг эди.
Бунинг натижаси эса, қиз амалиётини ўтиш учун, 5-республика болалар касалхонасига борганда билиниб қолди. Малакасини чет элда ўтаб келган бўлим мудири Акром Ғиёсов қизнинг назокати ва ҳар бир ишга чин дилдан ёндошишини бир кўришдаёқ фаҳмлаб, унга ёпишди қўйди.
Ғиёсов аждодлари билан табиб, шифокор бўлиб ўтган сулола вакили бўлиб, Акромни отаси профессор, буваси машҳур академик, тўқсон ёшдан ошган, неварасининг уйланишига илҳақ инсон эди. Акром аввалига беш-олти амалиётга келганлар ичидан уни ҳамроҳликка танлаб, касалларни кўришга ёнида олиб юрди. Қиз зийраклик қилиб, касалликларнинг айрим белгиларини ва шифокорнинг шифо усулларини ўзига белгилаб боришини кўриб, мудир уни шоширмас, ёзиб олишига имкон берарди. Кейинчалик, озгина вақт ўтмай бирга тушликка чорлайдиган бўлди. Хонасида бир ёши улуғ шифокор ва доимий ҳамшираси бўларди. Бироқ, энг ёши бўлса ҳам Эъзозага иш буюришмас, ҳамшира идиш-товоқларни ёйган, йиғиштирган, чой қуйиш ҳам унга юклатилган экан.
Бироқ Акром, хонада бундай чой ичишларни унчалик ёқтирмас, бир-икки галдан сўнг Эъзозани яқин атрофдаги янги очилган миллий таомлар кафесига судради. Йўқ дейишига қўймади. Йигирма кунга ҳам бормай у Эъзозага тамоман мафтун бўлгани билинди ва натижаси қизга ҳам айтмай уйларига совчи юборди.
Ҳовлида ёлғиз пайтида келган совчиларга адалари билади, деб жавоб бериб қутилган Қалдирғоч, улар кетишгач ичига ваҳма тушди. Оловиддин келгач, омонат дуодан кейин, ичи тошиб бор гапни эрига етказди ва Эъзозани бегоналарга бериб юборасизми, деб илтижоли кўзларини тикди.
Оловиддин индамай ўйга чўмди. Эртаси қизиқ воқеа бўлди.
Равшан ишга материал йиғиш учун, узоқроқ объектга кун бўйи ишлаш учун юборилганди. Вазифалари осон ҳал бўлиб, керакли ҳужжатларни чарм папкасига солиб, уйга вақтли қайтди. Шаҳар транспортидан бекатда тушди. Ўша ердаги дўкондан нон, пишлоқ ва бошқа майда-чуйда харид қилди. Катта кўчадан ўнгга қайрилди. Учтача ҳовлидан ўтди. Яна бир нечасини босиб ўтса ўн тўртинчи номерли уйларига етади. Қўлидаги юклари оғирмас, енгил қадам ташлаб борарди. Шу пайт Нексия машинаси уни қувиб ўтиб, эшиклари олдида тўхтади ва ундан номига пардоз қилган, ўзига ярашган ораста кийинган бир қиз туша солиб, юрайми-юрмайми деб қадам ташлаганча уйларига кираркан на ортга, на атрофга қаради. Бу ўз ҳолатидан мамнун қиз Эъзоза эди. Равшан орқага қайрилиб, олдидан ўтаётган яп-янги, оппоқ рангдаги машина ҳайдовчисига қаради. Қирра бурун, оппоқ юзли, қўй кўзли, жингалак сочли кўркам йигит. У анчагача, машина кўздан йўқолгунга қадар, ўгирилганча қотди.
Эртасига, яна кетма-кет бир неча кун шу ҳол такрорланди. Равшан ишдан бошқа кунлари кеч келса-да, ҳар ҳолда Эъзозани бундай кузатиб қўйишлар юз берган, бермаганини кўрмаган бўлса-да, хаёлидан шу ҳол қайта-қайта ўтарди.
У ўша биринчи куниёқ ким сизни кузатиб келди, деб эшикдан кирмасиданоқ савол берганини Эъзоза яхши ҳазм қила олмай, шартта жавоб қилди: амалиёт раҳбари. Сўнгра унга: нега сўраяпсиз? Ўзингиз бўшашиб юрсангиз, мен нима қилай? Бу ҳаракат қилишингиз учун ундов, дегандек сокин қараб дилини вайрон айлади. Равшанга қизнинг бундай жавоби ёмон таъсир этди, аммо у: сизни яхши кўраман, ўшанга сўраяпман, менинг рухсатимсиз бегона машиналарга ўтирманг, ёки ундан-да қаттиқроқ тарзда, жамоат транспортида юр, менинг бардошимни синама, деса бўладику! Шунга тили бормади. Йигитлик сиёғи етмади. Кимга ўхшади, ўзи ҳайрон. Акобир дадасини тарбияси тортдими, нима бало?
Янаям қиз: нима ишингиз бор? Бу менинг шахсий ҳаётим, деса, ер ёрилса, ерга кириб кетармиди.
Ўша жавобдан кейин у синглисини бу каби сўроққа тутмайдиган, ниҳоятда камгапга айлана борди.
Равшан чекина бошлаганини кўриб, Эъзозанинг ҳафсаласи пир бўлди. Чунки энди Акром бутунлай ҳужумга ўтиб, энди эрталаблари ҳам келиб, уни машинада амалиёт объектига олиб кетадиган бўлди. Бу ҳолни ҳамма сезибди. Адаси, ойиси ҳам. Ҳатто аммаси Хуршидага бу гап етибди. Бу ҳолдан хабардор бўлиши билан, югурлаб келдию, Эъзозага осилди.
− Нима, қиз бола бошингга ортиқча ғавғо орттириб олмоқчимисан? Ҳали ҳеч гап йўқ бўлса? Бировни машинасига чиқишингга нима бор? – деб дўқ уриб, бу тамошани тўхтатмоқчи бўлди. − Яхши вақтида эшитиб қолдим. Патир ушатилмаган, фотиҳа бўлмаган, отанг ҳайрон, Қалдирғоч ойинг хафа, бу нима қилиқ. Равшан аканг-ку…
− Уларни гапирманг! – деб юзига сапчиди Эъзоза.
− Бир гап бўлдими? Кирпидек найзанг ҳурпайган, − деб, Хуршида аммаси секин қизни ўзига қаратиб, кўзига тикилди.
Қиз кўзини олиб қочиб, ерга қараркан, ҳамон шаҳдам гапирарди.
− Меровланиб юра берсинлар!
− Сен изн бермасанг! Йўл кўрсатмасанг! Нима қилсин бечора?
− Менга нима? Ана ошиқларим кўзимни очирмай, совға-салом тутиб, қадамимга гуллар тўшаб, йўқ дейишимга қўйишмаяпти. Умуман эса хаёлимни ўғирлаб бўлишди, ё ишонмайсизми?
− Сен қизни бошинг айланиб қолибди. Бирпасда нима бўлди сенга?
− Акром акани айтаяпман. Таъқиб қилиб, кўнглимга ин қуриб олди. Калламни бир қисми ҳозир у билан банд.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.