Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 15 (всего у книги 34 страниц)
24. БОРИЙ АКАНИНГ СЎЗИ
Борий ака Миндибаевни ҳовлисига таклиф қилди.
Шанба куни. Кечки пайт эди.
Куз, хазонрезги тугаб, қиш кириш тараддуди. Боғлардаги дарахтларда барглар олачалпоқ тўкилган. Ишкомлардан узумлар туширилиб, занги хашак остига олинган.Баъзи жойларига тупроқ босилган. Ҳовли бир текис чопиб, ер шишиб ётибди. У эгаси каби сокинликни яхши кўришини намоён қилиб, сукутда Ўроз Миндибаевни қабул қилди.
Ромли айвонда Борий ака иссиққина чой қуйиб узатганда, Ўроз хижолат, чойнакни ўзимга беринг оқсоқол, деди. Чойдан ташқари, шароб таклиф қилиниб, меҳмон истиҳола қилаётганини сезган мезбон ўғлига имлаганди, у ичкаридан ароғ кўтариб чиқди. Кичкина пиёлаларга меҳмонга кўпроқ, отасига камроқ қуйиб узатди. Сўнг бир оз тамадди қилишгач, Борий ака имладими, Илғор Миндибаевни суҳбатга тортди.
− Вафоев таги билан кетдими, партия сафидан чиқарилди, деб эшитдик.
Меҳмон Борий акага қаради ва у ҳам жавобга илҳақлигини англаб, сўз қайтарди.
− Ўзи у шунақа одам экан. Охирги ишлаган жойи, Сурхонда, вилоят мавқеидаги хизматда ҳам фосиқлигини кўрсатган. Эшитганмисизлар?
– Йўқ.
– Михайловская деган рус тили ўқитувчисини мактабдан ўз олдига чақиравериб, ўтган-кетганида йўлини тўсади, оиласини бузилишига олиб келади. Аёл эри ташлаб кетгани, ажрашгани аламидан жаҳл билан Московга хат ёзади. Текширишда Вафоевни хатти-ҳаракатлари шилқимлик, хиралик деб топилиб, ахлоқ нормаларини бузган деб ҳайфсан берилган. Шундан кейин у бизга келиб қолди.
– Бу ерда ҳам аҳмоқликлари камаймади, тўғрими?
– Икки йиллар ичида, ўғлингни институтга киришига ижобий характеристика бераман деб Алия Сабитовани ҳамтўшак қилади. Отасини Тошкентдаги касалхонада кўзини шифолатгани учун бир қирғиз жувонни, шоли экиш учун ортиқча ер ажратиб Олга Ханни қўймаган ва яна бошқа фактлар ҳам бор.
– Ниёзқул батракни невараси ҳам бу рўйхатдами, – деб гапга қўшилди Илғор.
– Унику, эрининг соддалигидан фойдаланиб ошкора айш-ишратга тортган.
– Эшитганимиз бор.
– Қалдирғочга келсак, у жондан азиз синглимдек. Доимо назоратим остида. Котиба қиз овулдош. Қабулхонадаги бор гапни менга етказиб туради. Ким унинг олдига кирди-чиқди. Қайсинисига тазйиқ, зуғум қилур.
– Тузук.
– Вафоев Қалдирғочни хонасида қамаб олди, деб етказган ҳам ўша.
– Шунақами, каттасига қарздормиз, − деб Борий ака чўнтагига қўлини тиқиб, қоғоз қутича чиқарди. − Олинг!
– Эй, оқсоқол, қўйсангиз-чи! Мен нима қаҳрамонлик қилибманми?
– Бир дилхираликлардан қутқаздингиз. Хўп денг!
– Қандай бўларкин? – ҳамон тихирлик қиларди биринчи.
– Олинг Ўке! Бир-биримизга ишимиз тушсин ва шунда ёрдам қўлимизни аямайлик, − деб гапга қўшилди Илғор.
Борий акани ёлғиз ўғли, яқинда қўшни туман прокуратурасида иш бошлаганидан хурсанд, энди у ҳар бир ишни Илғор билан маслаҳатлашади. Миндибаевни меҳмонга чақириш фикри ҳам уники.
Қозоқлар Ўрозни Ўке деб қисқартириб айтишади. Бу мурожаат ҳозир Миндибаевга ёқиб, у қутичани қўлига олди.
– Ия, тиллами? – деб сўради уни очиб.
– Ҳа, ҳеч бўлмаса қизингиз сепига ярар.
– Ҳа-я!
Миндибаев «жуда одамни кўнглини олишга уста бу хонадон», деб ўйлар чоғида қовурилган барра гўшт келди.
Мақтаб-мақтаб Ўке гўштни хушлаб ейишга ўтди. Гўштни ҳурмат қилмайдиган дашт фарзанди бўлармиди. Кейин бунақа пишириш ҳар кимни қўлидан келмаса. Борий ака суҳбатга қалов ташлади.
− Қалдирғочни хўжаликка қайтарамизми?
– Бу гап неси? − деди Миндибаев ҳайрон.
– У ер-бу ерларда бир ўзи юрса, эрини иши бошқа. Доим назоратга олиш мушкул. Ҳимоя қилишнинг ҳам ўзига яраша малоллиги бор.
Боқий ака бу гапни бекорга айтмади, у қизини анча эркинликка ружу қўйганини англаб, фикран ўсганини сезган ҳолда, шундоқ юриши кўркини оширганини қувватласа-да, кўнглида қандайдир хижиллик бор эди.
– Ҳечам кераги йўқ! Кейин шохини синдирсак, мажруҳ бўлиб қолади, − деди биринчи.
– Хўжаликда хотин-қизлар қўмитаси раисими, мактаб директорими? Нима, тортиб кетмайдими?
– Тортади. Тортганда қандоқ! Қалдирғочни вилоятга кўтарамиз. Ортга қайтариш йўқ. У туманимиз кўрки ва фахри. Буни билиб туриб мени синашга айтасиз-а, оқсоқол.
Боқий ака ўғлига имлади.
− Илғор эшитдингми? Ўроз аканг опанг ҳақида ифтихор-ла сўйлади. Сен эса уни уйда ўтказиб қўйиш керак дейсан. Бу унинг ҳаёти. Аёл зотидан бўлса-да, мустақил инсон у. Бошқа ҳеч қачон унинг ҳаётига аралашаман, йўлидан қайтараман, деб овора бўлма ва бу ҳақда менга ваъда бер.
– Хўп ада. Сиз айтгандек бўлсин, уларнинг шахсий ҳаётига ўзлари илтимос қилмаса, аралашмайман.
– Тўғри-да, Қалдирғоч современная женьшина бўлса, яна ул красавица, эркинлик зарур, ўз жўлини топсин! Иш, хизмат сафарлари, симпозиум, қурултойларга – ҳар ерга боради. Не бўпти? Шунга искович итдек кетидан пойлаш жеракми?
Миндибаев сал жаҳл билан сўйлаганди, буни Боқий ака сезиб, суҳбат мазмунини буриб юборди.
− Яхши гаплар учун ташаккур. Акобир куёвим қалай? Далани тушунадими?
− Акобирми? − деб сўлиш олди Миндибаев. Сўнг Илғорга ўшшайди: – қўйсангши. Сотиб олган чиқаровми? Ё ақчанг чарчамишми?
Илғор тўлдириброқ қуймоқчи эди. Ўроз ака яна ўдағайлади:
─ Билиб қўйсанши. Биринчи қуйишингма?
Сўнг, у қадаҳ сипқориб, газагига оддийгина помидор тишлаб сўзини давом этди.
─ Тушунганда қандоқ. У ҳақиқий агроном. Ишчан. Уни бошқа ерга ўтказамиз.
– Қаерга?
– Айтмасим керак, оқсоқол.
Борий ака, индамай қолганди, Илғор суҳбатга қўшилди.
– Биздан яширин сирингиз борми?
– Давлат ишидаман, тушунинг. Ошкор этиш бўлмасин, дейилган.
– Тўғри, лекин, гап куёвимиз ҳақида. Биз билишимиз ва ҳар бир янгиликка тайёр туришимиз лозим.
– Яхши, у “Юксалиш”га раҳбар бўлади.
– Ия, зўрку!− деб юборди ота-бола хурсанд.
– У ердаги раисчи.
– Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлим бошлиғига ўтади. “Юксалиш” бизнинг ном чиқарган, республикага донғи кетган хўжалик. Унга бош бўламан деб югурганлар қанча. Кўпи пул илинжида, ёки тезроқ меҳнат қаҳрамонини олсам дейдиганлар хароб қилиб қўйишлари мумкин. Бироқ булар ичида Хуруллаев дегани бор, қаттиққўл, эплаши мумкину, қамалиб чиққан. Ўшал менга ёпишиб олган. Уйимга нимта қўй кўтариб кепти-ғўй…
Боқий ака Илғорга мийиғида кулиб, тушундингми дегандек қараб қўйди. Ўғли бу ишора маънисини илғаб гап қўшди.
− Ҳаётда бир адашгандир-да! Ўшани тайинлайверинг, тўғри келса.
− Бўлмайди. Бирор катта: «Раисинг ўтириб чиққан эрса, нега тайинладинг. Кўзинг қаерда?» – деб айтиши мумкин.
− Унда нима қиласиз?
− Акобирдан бошқаси пичоққа илинмайди.Бироқ у юпун бола. Қийналиб қолмасмикин?
− Қийналмайди. Мана бизлар бор. Суюнчиси топилади, − деди Илғор отасига кўз ташлаб олгач.
Миндибаев кесилган қовундан кичик бўлакчани оғзига солиб, бир зум ўйлаб қолди ва ниҳоят, Борий акага юзланди.
− Йўли бу оқсоқол. Патта пули. Харажатига тикилганлар ўзлари қўяди, ўзлари керак бўлса ҳимояга олади. Ўзингиз биласиз.
Борий ака бош билан тасдиқ ҳаракатини қилди ва ўғлига қуй деб имлади.
Илғор рюмкаларни янгилади ва бу янгилик учун ичайлик деди.
Конъякни отиб устидан яхна гўштдан гаштак қилган Илғор адасига мурожаат қилди.
– Уйидан ўттиз километрча келаркан. Жуда узоқ-ку!
– Йигирма олти. Кейин бу ижроия қўмита қарори қабул бўлди ҳисоб. Бажариш ҳам мажбурий, ҳам ихтиёрий.
– Сен ҳукуматсен, биз қаршимас. Кўнглингни тўқ қил, Ўроз! Суюнчиси амалга ўтирган куниёқ етказилади. Ҳозир эса, яна бир рюмкадан опташлайлик, − деди Борий ака.
− Оқсоқол мундай одамсиз-да! – деб Миндибаев чап қўлининг бош бармоғини юқорига кўтарди. – Болалар бахтига кўп омон бўлингиз!
Орага бир оз жимлик чўкди. Ҳар ким ўз хаёли билан банд. Сукутни биринчи Миндибаев бузди.
– Уни қил суғургандек вазиятдан осон чиқиб кетганини қаранг. Яхши ишга жойлашиб олибди ҳам.
– Кимни айтасиз? − деб сўради Илғор.
– Кимни бўларди, тоғ олди қишлоқлик Вафоевни-да. Оиласининг келгусини, болаларининг карьераларини ўйлаган бу муттаҳамни хотинига қойил қолиш керак. Эрининг хотинбозлигини ҳам айбламайди, жанжал қилиб, ажрашишни ҳам талаб қилмайди, бу нима, бағрикенгликми ёки узоқни кўзлашми? − деб Борий акага нигоҳини бурди Ўроз.
– Ҳар иккиси. Ҳаётда ҳиссиётмас, ақлга таяниб иш кўриш улар дастури.
– Шуни айтаман-да! Ақлли аёл ярим бахт, чиройли аёлмас, тўғрими Илғор? – дея ҳазиллашди диванга ярим ёнбошлаб олган, меҳмондорчиликдан кўнгли тўлган Миндибаев, сўнг бошқа гапни қўзғади:
− Ҳайронман.
− Нимага? – оғзини очиртирмай сўз қўшди Илғор.
Сўзларини бўлганига эътибор қилмай, Ўроз давом этди.
– Туманимиз кўп миллатли. Замонавий дунёқарашга эга, битта-яримта билан ошкора юришни айб ҳисобламайдиган, эрсиз боласини катта қилаётган оилалар қанча. Ўшалар қолиб, именно Қалдирғочга хуруж қилиш аҳмоқликдан бошқа нарса эмас. Мен бу биё-биёни ақлли деб билардим.
– У ўта ақлли. Тўғри фикрлабсиз.
– У ҳолда, мантиқ қани?
– Мантиқ мени беобрў қилишга уринишда!
– Нима?
– Эшитганингиз. Ё бошидан айтиб берайми?
– Ҳа, тушунтириб берсангиз, биз ғофилларга.
– Ғофилмас, бехабарман денг.
– Ҳимм.
– Яхши. Унда чордона қуриб олинг. Иккинчингиз макрларининг биридан огоҳ бўласиз.
Борий ака сўзини бошлади.
− Вафоев ишга тушган кунларидан бирида олдига чақирди. Катта раҳбарлардан бири деган улуғлиги бор. Тезда унга учрадим. Узоқ ҳол-аҳвол сўради. Жавоб бериб ўтирдим. Кейин у мақсадига ўтиб, йигирма уч ёшли, қўлида савдо техникуми битирувчиси деган ҳужжати бор жиянини ишга олишимни сўради.
Штат жадвали тўла эканлигини айтганимни биламан, ўзингизга, ўттиз йилдан бери қариндошларингизга иш жойи топилса, биз шўринг қурғур мусофирлар додимизни кимга айтайлик, деб даъво қилди.
Бошқа иложим йўқлигини англаб, ўз қариндошимни бўшатиб, у дала сувчиликка ўтиб кетди, бўшаган ўринга жиянини олдим. Озгина ўтмаёқ дўконни хонавайрон қилишга озгина қолди. Бирам олғир, олчоқ эканки, дўконда барака йўқолди. Мол-товар ўз-ўзидан камайиб қоларди.
− Оббо ярамас-эй!
Шундай деб Мундибаев тиккаланиб ўтирди. Борий ака томоқ қириб давом этди.
− Сўрасам билмадимдан нарига ўтмайди. Учрашиб қолганда Вафоевга етказдим. У менга бақириб кетди.
− Тоғли одам ўғриликни билмайди. Эски кадрлар уни сиқиштириш учун жўрттага бундай ҳийлаларни ишлатаётгандир. Савдо ходимини тўғриси бўларканми? Айёрлар. Ўғри асли аввалги ходимингиздир, туппа-тузук одамни қўлидан ушламай гумон қилиб келибсиз, уят Борий ака! Эплай олмай, айбни бошқаларга тўнкаш осон. Иккинчи сафар шундай муаммо чиқса, дўконни топширасиз, − деди.
Мен ўғриликни бўйнига қўйиш учун ҳийла қўллашга мажбур бўлдим. Пойтахтда милицияда ишлайдиган қадрдон танишларим бор, маслаҳат беришди.
− Қизиқ-ку! Нима ҳийла ишлатдингиз?
Миндибаев бўйнини чўзиб, қўли совиб қолган чойни ичишни ё ичмасликни билмас, бор эътибори оқсоқолда эди.
– Ҳийла усуллари кўп эди, аммо энг биринчи соддасининг ўзида жиянининг чиндан ўғрилиги аниқланди.
− Ҳа, пойлоқчи қўйганмидингиз!
− Пойлоқчи, қоровуллар бор. Биттамас, ҳатто тўртта. Аммо улардан биттаси ғафлат босиб ухлаб қоларкан.
− Иш вақтида-я? Қандоқ ухлайди, ишдан ҳайдаш керак уни.
− Ҳамма гап Вафоев жиянида. У яқин атрофда истиқомат қиларди. Кечаси будкага келиб, қоровулга: «Зерикмаяпсизми, ўзимга шерик излаб юрибман, сифатли мусаллас бор», – деб қоровулга бир-икки марта таклиф этса, кўнгли бўш биттаси қармоғига илинади, бироз у ёқ-бу ёқдан, уруғ-аймоғини, келиб чиқиши, бугунги ҳаётидаги зиддиятлар ва ҳоказолардан суҳбат қуради, дилини ўрганади, хушини оладиган дори қўшилган винодан ичиртиради. У ухлаб қолади. Вафоев жиянини ишга олганимдан бери тўрт гал бу воқеа содир бўлди. Жиян ичкарига кириб, инсофсизлик билан каттароқ бирор нарса – костюм-шимми, макентош ёки қимматбаҳо конфетни коробкаси билан ўмарган. Икки соатда ўзига келган қоровул қараса, калитлари бўйнида, ит вовулламаяпти, бемалол яна мудрашга тушган.
− Яхши, лекин у ичкарига кирганини қандай бўйнига қўйдинглар.
− Осон. Эшикдан бошлаб ун сепилган эди. Из унда аниқ қоларкан.
Вафоев ялиниб-ёлвориб, қариндошим қамалса у қолиб бор тўқмоқ менинг бошимга тушади, деб илтимослар қилиб, иккинчи қариндошларимни ишга жойлаштиришни ўйламаганим бўлсин. Ўзимга ўхшаган тарбияли деб ўйлабман, деб роса эланди.
− Тарбияли эмиш, ўзинг муттаҳам, қариндошинг ким бўларди, нишхўрт − деди, жаҳли чиқиб Миндибаев.
− Менимча, ўшандан бери у мен билан ичида курашиб келган ва қандайдир вақт ўтишини кутиб, имконият излаган. Қизимни бадном қилиш орқали менинг уруғим обрўсини пастга уриб, ўшандаги мағлублик аламини олмоқчи бўлди.
− Яхшиямки, ниятига етмади. Энди руслар айтганидек, тирсагини тишлаётгандир.
− Ҳали-вери у тинчимайди. Ўзини эслатиб бош кўтариши муқаррар.
− Бахил, ичи қора, болалиги қийин ўтганлар доимо исён, жанжални ёқтиришади, дейди машҳурлар, ҳаммасига тайёр турайлик бўлмаса. Илғор қуй, − деди Ўроз ака, суҳбат якунига етиб қолганини англаб.
25. ДУГОНАЛАР ЯЙРАШДИ
Вафоев йўқолиши билан туманда аёлларга, туппа-тузук мансабдаги ходималарга тазйиқ, таъқиблар йўқолиб, гап-сўзлар ҳам ўз-ўзидан тинчиди. Кимдир у кетиб, туман аёлларига эркинлик тегди, қашқирдан қутилишди, бемалол кўча-кўйда, биқиниб-сиқиниб юрмайдиган бўлишди, деб гап чиқарди. Фақат Нурхолга қийин. Унга ишдан кетгин деб ҳеч ким айтмаса-да, у обрўси борида, «Ишни яхши эплай олмаяпман, бўлимни топшираман, оддий ишга ўтказинг», деб биринчининг олдига кирди. Раҳбар унинг қарорини маъқуллаб, жахши ўйлабсен. Обрў борида этакни ёп, дейди ўзбеклар, тўғри сўз бу, деб ўз хоҳишига кўра унинг мансабини пасайтирди. Нурҳол савдо бўлимига инспектор бўлиб қолди.
Гулсинани ҳеч ким айбламади. Уни жабр кўрганлардан санаб, туман катталари ва ижроияда ишлайдиганлар орасида қайтанга мартабаси ошди. Борий аканинг уйида эса қадрли меҳмонга айланиб, Қалдирғочнинг энг яқин дугонаси, деган обрўга эришди. У исталган пайтида бу хонадонга борса, Қалдирғочнинг қариндошлари самимий эътибор билан уни кутиб олишарди, аммо Қалдирғочни қайнанаси, кўпни кўрган кампир, бу дугонасидан хавфсираб гаплашар, келинини турли йўлга бошлаб, кўзини очиб қўяди, деган хаёл бошидан кечарди.
Кампир ва Гулсина орасида келишмовчилик Акобирни туғилган кунини нишонлаётган ноябрь ойида юз берганди. Опалари ва Илғор оиласи билан ташриф буюриб, хўжалик маъмуриятидан ҳам меҳмонлар келиши кутилганди. Гулсина вақтлироқ келиб, бўйнига фартук осиб, Қалдирғочга қарашиб, куйдириб-суйдириб бир-иккита овқат, турли салатлар тайёрлашди. Ўзи кўтариб келган тортни кесиб столга жойлаштиришни кейинга қолдиришди. Дастурхон тўкис, кабоб пишириш қолди. Уни устида қўшни ҳаракатда. Қўра қўйган. Ўтинни чўғлаб, кўмир бостирди. Патнисда сихланган кабоблар, ортганлари устига дока ташлаб қўйилган тоғорада эди.
Гулсина ўз ҳазиллари ва дадил гаплари билан бу қўшнининг ақлини шошириб қўярди.
– Меҳмонларни кутиб олайлик, кабобдан яхшилаб пишириб берасиз, бир қўлингизни кўраман.
– Бўлди. Биз тайёр Гулсинахон, − дерди уни чирмандасига ҳали ўйнамаган қўшни.
Ёки югур-югур орасида яна пайдо бўлиб, самовар ҳам ўчиб қолмасин, энг яқин дугонамнинг уйида байрам. Камчилик бўлиши мумкинмас, – дерди.
– Гулсинахон, бизни уялтиряпсиз? Битта чойни эплай олмасак, нима қилиб юрибмиз.
Кампир бир четда қолиб, бу икки дугонанинг столга вилка, пичоқ, қошиқ, сочиқларни чиройли буклаб қўйишлари, фужер, рюмкаларни жойлаштиришларигача унга маслаҳат қилишлари сал кўнглини ранжитди: «Ҳа, энди келиним ўзи она хотин бўлиб қолибди», деган гап ичидан ўтди.
Ҳамма нарса тахт, меҳмонлар келишига озгина вақт қолганда икки дугона келин ётоқхонасига кириб анча вақт йўқ бўлиб кетишдию, сўнг иккаласи ҳам пардозни жойига келтирган ҳолда пайдо бўлишди.
Кампирга булар эриш туюлди. Майли, ёшлар янада ёш кўринишни истайди, деган фикрда яхшилаб эътибор берса, келини бу дугонаси ўлгур билан бир хил сарафан сифат енгсиз, тиззадан келадиган оч кўк кўйлак кийиб олибди.
Зиёфат давомида хизмат қиладиган жиянлар, ёшлар топилди. Шунинг учун икки дугона ўзини ҳусни-тароватини намоён қилиб ёнма-ён ўтиришар ва барчанинг назари уларда эди, гарчи туғилган кун эгаси Акобирни табриклаб қўйишса-да, Қалдирғочни ҳам албатта тилга олиб қўшиб қутлашар, бахт тилаб, очилиб кетганини, кийимлари ўзига ярашганини ва ҳусни бундан-да зиёда бўлишини қўшиб айтишарди. Опаси ҳатто, «Қалдирғоч, яхши дугона топибсан. Мен сендан хурсандман, йўқса доим хаёл билан юрардинг. Ҳаётда яшаш саодати учун аёл курашиши керак, бўш келма», деб қўйди. Ҳамма шод-хуррам. Туман маъмуриятидан келганлар даврасидан вакил қутлади. Катталар тўй-пўйда борармиз ёки сизнинг туғилган кунингизда, биз учун алоҳида жой қиламан деб қийналиб қоласизлар, деб ўша ернинг ўзида узрини айтишганди.
Шаҳардан таклиф эътилган санъаткор қўшиқ, лапарлар айтишни бошлаганда, ҳовлида қипиқ солинган саҳнада, ўйин-кулгу давом этаркан, ўзбек рақсларини ижросида ҳам дугоналарга тенг келадигани бўлмади. Айниқса, Гулсинанинг шунчалик муқом қилиб, айланишларидан қарсаклар чалиниб турди. Ҳамма қойил қолганча уни қутларкан, Қалдирғоч ҳам эҳтиросини яшира олмай, уни чўлпиллатиб икки ёноғидан ўпди.
Кампир бу саҳналарни кўриб турар, келини дугонасига қанчалик боғланиб қолганини идрокига солиб, ич-ичдан бир нимани сезди. Мазмунан, энди Қалдирғоч унинг изми билан иш қилмаслигини тушунди.
Шунинг учун, у Гулсинани узоқлаштиришни ўйлар, аммо буни яққол билдириб қўйса, келини ундан қаттиқ хафа бўлиши мумкинлигига ақли етарди.
Гулсина ҳам кампир қовоқ осиб олиши, унча ёқтирмаслигини англаб, уларникига бормай қўйган. Соғиниб кетса тўғри ишхонасига йўқлаб келади. У ўзини шунчалик дилкаш, беғубор тутадики, Қалдирғоч ундан ажралгиси келмайди.
Улар бир гал кечки пайт Тошкентнинг инқилоб хиёбонидаги ёзги кафеда суҳбатлашиб, музқаймоқ еб ўтиришарди. Гулсина ҳазил-ҳузул билан бошидан ўтган воқеалардан бирини айтиб, Қалдирғочнинг бағри-дилини очиб юборган, у Қора денгизга борган чоғлари тамом эркинликни туйиб, ўзини озодликка чиққан жориядек тутган каби қарашлари самимий, ўзига тортадиган сирли эди.
Шунинг учун бу столдаги ширин суҳбат ва жозибали жувонлар таровати кўпчилик диққатини ўзига тортди.
Тепаларига келган йигитларни Гулсина кўриб, баҳолаб, сўнг столга таклиф этганда, Қалдирғоч бир қур нигоҳини ташлаб улгурди, холос. Ўзларини Артур ва Эрик деб таништирганлар жуда гапдон экан. Бирини гапини бири илиб, ҳар бир мавзуда тўхтамасдилар. Орасида Гулсинанинг гап суқиб қўйишини айтмаса, Артур айниқса тинмади. янга фақат эшитиб ўтирди. Бир вақт, Гуля айтганидек, гапиргинг келмаса, ўзингни сипо қилиб ўтирсанг, ҳуда-беҳудага кула бермасанг бўлгани, жазманлар ўзи асалга ёпишган аридек ёнингда изғий беради, деганидек, ҳар иккиси унга хушомад қилишдан чарчамади. Қалдирғочни рақсга тушишга кўндира олмай, Гулсинага галма-гал осилдилар. Ўшанда қайси бири янга атрофида қолса, уни қўлга олиш учун роса уринди. Учрашайлик, сиз менга ёқиб қолдингиз ёки сизни қайдан топса бўлади, деб сўрайвериб тинкасини қуритарди. Айниқса, гапириш манераси Қуддусга ўхшаш Эрик ундан нигоҳини узмай, самимий таклиф киритди.
– Яқинда янги йил, уни кутиб олиш учун Москвага, Юрмалага ёки истаган жойингизга борамиз. Нима дейсиз?
Қалдирғоч бўлмайди дегандек, бошини ликиллатиб, кулди.
– Сиз паспортингизни берсангиз бас, билет кетидан югуриш, меҳмонхона бронларини ўзим бажараман.
− Қалдирғоч ёрига содиқ. Уни йўлдан ураман деб овора бўлманглар, − гапга қўшилди Гулсина, мана мен тайёрман, янги йил ахир ажойиб кун.
− Сиз шарқликларни гоҳида тушунмайман. Тайёр ўйин-кулги, қизиқарли шодумонлик саёҳати наҳот оҳанрабодек ўзига тортмаса, − деб оғзини тўлатиб сўзларди Артур.
− Мени тортади, лекин бир ўзим боролмайман. Дугонамни эса кўнгли банд. Хаёллари узоқ Кавказда.
– Кавказдами? Қизиқку? Қаерда?
Гулсина энди оғиз жуфтлаганди, Қалдирғоч гапирма дегандек имо қилди. Буни сезган Артур тиқилинч қилди.
− Кимлигини айтмагунларича ўрнимдан қимирламайман.
У тиззасига тиралиб ўтирганча икки қўлини осмонга чўзиб, ёлворгандек алфозда эди. Ресторандаги ўттиз чоғлидан кўпроқ мижоз уларга кўз ташлаб, нима бўляпти, муҳаббат изҳорими, деган ўйда елка қисишарди.
− Қалдирғоч ҳеч қачон айтмайди. Овора бўласизлар − деб, Гулсина шундай дугонаси борлиги учун ғурури қўзғаб, чуқур ҳиссиётдан кўзларидан ёш думалади…
Бошқа гал Гулсина, ўз қисматидан нолиганча, хафа бўлиб роса йиғларди. Қалдирғоч уни бағрига босиб, «кўз ёш тўкма, илтимос, Гуля, сендака азиз яқиним йўқ мени. Кўнглимни вайрон қилма, қўлимдан қандай ёрдам келса сўра. Сен бахтингни топсанг бўлгани. Нега у профессор қўнғироқ қилмайди? Сендек аёлни қадрига етмайди-я? Эркаклар бунча ҳам оми бўлмаса, ўзгалардан кўра сенинг дилкашлигингни наҳот сезишмаса! Ё раб! Дугонамни бахтини бер!» – деб илтижо қиларди.
− Айб ўзимда. Бунчалар кўнгли бўш бўлмасам. Сал-пал севаман дейиши билан, қўл ушлашиб юргунча, сенчалик ғуруримни сақлашни билсам эди. Кўзга яхши кўринган кавалерга ҳам бўштоблик қилмасликни ўргат менга, Гуру.
– Ўзингни бос. Гуля, ҳали оёғинг остига ўзларини ташлайдиганлар топилади.
− Менгами, билмасам. Балки буқаламундек теримни ташлаб, бошқа тусга кирарман. Ана, анаву муттаҳамни доғда қолдирдим-ку. Шундай ярамас одамга лутф кўрсатармидим. Ахир у қабиҳлик тимсоли эди. Бағри чиркин. Тўғрими Гуру? Эшитяпсанми?
− Қўй эслама ортиқ, ёмонлик кучлари ниҳоят мағлуб. Нечук ўтган кундан сўз очдинг абгор, яхшилаб чўмилу, фориғ эт жисмингни бор бадбинликдан. Эртага эрталаб чиққан қуёшда тобланиб, ҳалок қил кўз кўрмас турли хилқатни. Ёпишган бўлсами узиб бадандан.
– Ёқмаган одам-ла мажбурлик тушса, Гуру бир сирни айтай, келтиргум кўз ўнгимга, хаёлан, Аполлондек асл қоматни. Кейин бефарқлик ичра кўнгил риштаси ортиқча заҳмат чекмас эмиш, айтчи ростмикин бу хаёл.
– Ҳимм.
– Гарчи суд бўлди. Айбдор бош ошпаз. Менга ҳам қўйилди совуққонлик айб. Фақат, бир ўзим, “мать одиночка”, бола ўстирганим сабаб, суд залидан амнистия қилиндим, дарров. Топташга қўймадим ўзни ноҳисга…
Қиш қаттиқроқ келиб, дарахтлар аллақачон уйқуда, шир-яланғоч жигаррангроқ туси билан йўл четлари, боғларда кўринса, далалар оппоқ қорлар билан қопланган, узун оқ чойшаблар остида қолгандек кўринади чўзилиб. Уй-жойларда, томларга йиғилган қорлар қалин, биров кураган, бировлар эса ҳафсала қилмасди. Офтобдан эриганча томчилаган қор сувларидан сумалаклар осилган. Баъзилари қалинлашиб, сарғайиб кетганидан, неча кунлар давомида офтоб унча кучли нур сочмагани сабаб, қорнинг юқори қисми эрийдию, шом, кечга яқин оққан сув қаватма-қават сумалак ҳосил қилганидан дарак беради.
Кампир қиш ҳавосини унча ёқтирмайди. Совуқдан безор. Ромли айвондаги танчага оёғини тиққанча саҳардан бери ўтирибди. Молга қаради. Сут соғди. Чой қуйиб ичиб олди. Самовар жиғиллаб турибди. Ҳозир бошқалар ҳам туришар.
Қалдирғоч мансабга кўтарилгандан бери вақти кам. Мол-ҳолга қарамайди. Ўзи битта қорамол сигирни эрмак учун қолдиришди. Кампир зорини қилиб, ўзим қарайман деб туриб олди. Йўқса, хотинини раъйига қараб, ўғли қариндошларига бериб юбормоқчи эди.
Ўғлига ҳам осонмас. Раис бўлди.
Азонлаб чиқиб кетади, кеч ўндан кейин кириб келади. Иши кўп. Илғор хўжаликни ҳам ўзига яраша ташвишлари бор экан. Бир чеккадан айтиб берса, одам ишонмайди. Қаттиқ турмаса, далани пайҳон қилган сигирни сўйдириб юбормаса, қишлоқ аҳли қонунни менсимайди. Яхши гапни тушунмайди.
Ҳовли тўла қор. Яхши келини ғайрат қилиб, йўлакларни очиб қўйди. Бўлмаса уят. Уйда эркак йўқдек, ана бостирмалар босиб қолай деб, қор тагида. Кўрган нима дейди?
Бугун, Бердиқулни сўрайчи, зора чиқса. Кўздек қўшни, ўғли туғилгани шодиёнасига, Акобир уни фермага мудир қилиб қўйдию, дангасаликка юз тутди. Бўлмаса, мол-ҳолни тагига қараган, фермада ном чиқарган ишчи эди. Вақти-вақти билан бир оғиз айтса бўлди, уларнинг молхоналарини ҳам тозалаб берарди. Энди димоғи шишиб, ит қутирса эгасини танимайди дегандек, қимирлагиси келмайди.
Бир вақт ётоқхона эшиги шақ-шуқ очилиб, келини, мен ҳозир ойи деганча, ювингани ҳовлига чиқди. Кетидан: ҳай, болам эгнингизга кийинг, деб кампир жавраганча қолди.
Эгнида анаву дугонаси билан Тошкентда сотиб олган қалин ҳаворанг халат, Қалдирғоч салом бериб, чой дамлайми ойижон, деди.
– Чойнакда чойи бор. Самоварни кулини очинг, кўмири бозиллаб, сал жиғилласин.
Келини айтганини қилиб, самовар яна бир бор қайнагунча Равшан ҳам ювиниб қаторга қўшилди. Бир-икки қошиқ қаймоқ, яхна гўшт ва пишлоқдан бир бўлак келинининг рациони. Ортиқча нарса емайди. Гоҳида эрталаб ёпган битта бутун нонни чой билан хушлайди. Ойи, нондан яхши озуқа одамга йўқ, деб кулади.
Кампир гап қистирди: олинг келин – ким кўҳлик, семиз кўҳлик.
− Ойи-эй, қўйинг эски маталларни, ҳозирги тушунчалар бошқача, курортларга борсангиз, кўрардингиз, ҳамма ўзига қараган. Ортиқча вазнини йўқотиш илинжида парҳез қилганлар қанча.
− Айтим қўйдим-да,− деди кампир истар-истамай.
Эшикда машина тўхтагани эшитилди.
− Қамбарали ҳам келди, − деди кампир ўзига ўзи. Сўнг келинига кўз ташлаб олиб, унга айтсаммикан, – деди.
Қалдирғоч чойнак-пиёлаларни йиғиштирган куйи бепарво сўради:
− Нимани айтмоқчисиз, ўзи?
− Бостирмани қорини кураб берсин! Йўқса, босиб қолади.
− Ҳа, уми.
Қалдирғоч, индамай хонасига кириб кетди. У ўғлига ҳам бир оғиз гапирмади. Унинг ўрнига кампир набирасини шоширди: бор кийиниб ол, боқчага боргач тўполон қилиб юрма. Шўхликни йиғиштир. Ҳамма сендан безор. Қанақа бола бу набирангиз деб кўз очирмаяптилар. Хўпми? Набираси хўп дегандек бошини тушириб, силкиди. Дафтар, ручкаларинг эсингдан чиқмасин. Ҳа, папкангга манаву туршак, ёнғоқларни солиб ол.
Равшан чиндан шўх чиққанди. Акобирга ҳечам ўхшамаган. Ёшлигида ўғлим қўйни оғзидан чўп олмасди, буниси нақ аждарҳо оғзидаги оловни ушлашга тайёр. Ёпирай, бола отасига тортганини қара. Ана кутилган фарзанд, ана арзанда ўғилнинг аҳволи. Келин: «Бу менинг ўғлим, лекин ойижон, сизнинг истагингиз билан бунёд бўлган зурёд, энди қандай тарбия берсангиз ҳам менинг ишим йўқ», деганча қўлини қўлтиғига урган. Ана масала қаерда. Лекин ўғли Равшанни онасидан кўра яхши кўради. Вақт топди бор меҳрини беради. Бирга копток тепиш керак бўлса, копток тепади, сузишга ўргатди, отда йилдиришни машқ қилдирди. Битта овга олиб боргани йўқ. Кампир ҳали вақтли деб унамай, йўл бермади. Авваллари келини қорни ҳам кураб қўйишни ор санамай, бирпасда бажариб чарчамасди ҳам.
Кампир ўз-ўзига жавради:
– Йўқ, бўлмайди. Келиб-келиб унга айтаманми? Ўғлим тенги келади. Хотини эшитса, эримни хизматкордек ишлатишибди, деб хафа бўлади.
Қамбарали янганинг узоқ қариндошларидан. Ҳайдовчиликдан бошқа иш қўлидан келмайди. Борий акани илтимоси билан тумандаги автохўжалик раҳбари ишга олган. Эрталаб Қалдирғочни олиб кетиш унинг бўйнида. Бекоргамас. Пул берилади. Борий ака автохўжаликка пул ўтказса, Қалдирғоч Қамбаралига ойлик маошидан ташқари пул қўшади.
У дарвозадан чиқишида кампир илмоқ ташлади.
– Бу уйдаги ишларни фақат мен ўйлашим керакми? Қорни ким курайди, келин?
– Яхши, ойи, вақтли келсам, бир амалларман.
Кампир дуода кузатди.
Тушдан кейин, Қалдирғоч Гулсинани ва бир бегона кишини бошлаб келганда кампир индамай қолди.
Тушликни бирга қилайлик деб ҳузурига кирган Гулсинани бағрига босган Қалдирғоч, суюниб гапирди.
− Қаерларда йўқ бўлиб кетдинг, қанча вақт кўришмадик?
– Бир ҳафтадан ошди, холос. Чиндан соғиндингми?
– Нега соғинмай, менга сенинг дугоналигинг ва…
– Қуддуснинг дўстлиги азиз демоқчисан. Тўғрими? – кулди Гулсина, дугонасини елкасига у ҳам бошини қўйиб.
– Ҳа, − деди Қалдирғоч, ҳамон дугонасига суянганча.
У, аллақачонлар, бахтиёрлигини намоён этишдан тортинмай қўйганди. Фақат ота-онаси бир куни огоҳ бўлиб ҳайратланишларини, ишонмасликларини кўз олдига келтирса-да, унинг қандайдир ҳислардан кўзи юмуқ, қалби шикаста эди. Ва ташқи дунёдан узилгандек ҳалигача сархуш юрарди.
– Қозондан қариндошларим келишган, ўшалар билан бир-икки кун ўралишиб қолдим.
– Зўр-ку! Қозонда қариндошларинг борми?
– Бор. Уларни кўришинг, ҳатто танишишинг мумкин.
– Ростданми?
– Индинга Тошкентда туғилган кунимни нишонламоқчиман. Ёнимда туриб берасанми?
– Албатта.
– Сендек дугонам борлигини уларга кўрсатгим келаяпти, Гуру. Тасаввур ҳам қила олмайсан. Бу қандай бахт мен учун.
Тушлик вақтида Қалдирғоч қайнанасига берган ваъдасини эслатганди, шу ҳам муаммоми? Мен ҳозир, деб кўздан йўқолган Гулсина, пахта заводи ишчиси, эрининг ўртоғи Илдарни бошлаб келди ва кетдикми дугона, кампиринг жағини тиндирайлик, деди.
Илдар тепадан ирғитаётган қори бостирма четидан икки қадамча нарига келиб тушса-да, учқунлари тўзиб, йўлакни қоплаб бормасин деб икки дугона бирида кичикроқ курак, иккинчисида супурги ва ҳокандоз, кетма-кет супириб, тозалашарди. Кампир овқатга уннаб кетди.
Кун қайтиб, зах сезила бошлади. Аммо ҳеч ким ишни тўхтатмасди. Кичик курак ушлаган Гулсина йўлакка тушиб қолган қорларни астойдил куч билан сурар, ўзининг чайирлигини кўрсатиб, кампирни ҳавасини қўзғар, у ичида бало экан, дерди. Қалдирғоч эса унга ачиниб, чарчадинг, куракни менга бера қол, деб сўрарди.
Бир пайт тепадан улоқтирилган анчагина қор Гулсина бошига тегиб, у қор уюми устига шўнғиди. Боши ва елкаси юмшоқ қорга кирди. Қалдирғоч дугонасига ёрдам беришга шошилди. Тепадан қизиқиб қараб турган Илдар, кулиш-кулмаслигини билмай кутдида, Гулсина бошини чиқариб олиши билан ҳо-ҳолашни бошлади. Қалдирғоч дугонасини юз-кўзларидаги қорларни қўллари билан секин сураркан, ҳеч нима қилмадими? Қизиқ, ёш боланинг ўзи, нега кулади? деб сўрарди. Дугонаси индамади. Лекин, хап саними? Ҳали кўрасан дегандек, қўлларини муштини йигитга кўрсатди, лекин у илжайиб турарди.
Уларнинг бу ўйини англаган янга дугонасини ичкарига судраб:
– Шу қилмишига, бу ерларни ҳам ўзи курайди. Юр Гуля, уйга кирамиз. Совқотиб кетдинг, − деди.
– Майли, ичимга ҳам қор тушди. Бошлай қол.
Айвонга киришларида Гуля Илдарга бақирди:
– Ҳовлиларни ҳам аккуратно тозалаб қўй.
– Ия, сизларчи?
– Мени ногирон қилдинг-ку. Яна нима хоҳлайсан, − деди ясама дўқ қилиб.
– Яхши, яхши. Сен дамингни ол. Ҳаммаси айтганингдек бўлади, − деди йигит, унга ичкарига кириб кетгунча тикилиб.
Қалдирғоч берган кийимларини ечиб, ўзининг кўча кийимини кийиб олган Гулсина, танча атрофига ўтириши билан «бунча яхши, иссиқ экан», деди.
– Иссиқ. Қор ёмон тушмадими, бу бетамизни қилиғини қара.
– Илдарми? Бу унинг ҳазили.
– Ҳазил шунақа бўладими?
– Яхши кўргандан кейин тегишади-да. Унга эътибор қилишларига ишора бу.
– Гулсина! Тузукроқ гапир. Ҳали у, сен. Уни бетамиз деб атадим, узр. Кимсизлар ўзи?
– Уми? Менга уйланаман деб икки йилдан бери орқамдан юрган хушторим.
– Шунақами?
– Ҳа.
– Болаларинг биладими?
– Майли, ойи, Илдар амаки бизникига дадам борида ҳам кўп келарди. Биз билан яхши гаплашадилар, деб кўнишган.
– Сен-чи?
– Менга оддий электрик керакми ёки йўқми, билмайман. Шунинг учун шошмаслигим зарур.
– Шунақа дегин…
Зарафшон ресторанида мижозлар сероб, улар жуфт-жуфт ёки тўп-тўп бўлиб ўтиришаркан, улар ичида кўча деразасига яқин катта стол атрофидан ўн икки чоғлиқ одам жой олган. Тўрда Гулсина, арзимаган олти ой ичида энг қадрдон дугонасига айланган Қалдирғочни ўнг ёнига, чап ёнига Илдарни олган. Қолганлари Тошкент вилояти ва шаҳарда истиқомат қиладиган қадрдонлари ва танишлар, Қозондан ташриф буюрган амакиси ва кеннайиси. Ўртани олиб бориш ва тамадалик қилиш Илдарга топширилган.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.