Электронная библиотека » Абдужаббор Обидов » » онлайн чтение - страница 29


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:20


Автор книги: Абдужаббор Обидов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 29 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ОЛТИНЧИ ҚИСМ

47. ЁЛҒИЗ ҚОЛГАН ОЛОВИДДИН

Оловиддин оиласига йигирманчи асрнинг охирги ўн йили оғир келди. Энди қирқ ёшдан ўтган Оловиддинга кўз тегди. Уйида учта қизи кетма-кет ўсиб, каттаси ўн еттига, ўртанчаси ўн олтига, кичиги ундан икки ёшга фарқ пайти эди.

Нима кўп, ўзбекни тўйи мўл. У вақтларда битта тўй учун қариндош-уруғ ҳафталаб вақт сарфларди. Худди шундай сабаб билан қўлидаги пилорама устаси Оловиддиндан: “Синглимни уйида тўй. Икки кун жавоб бермасангиз бўлмайди”, деб жавоб сўради. Бошлиқ бундай пайтда йўқ дейиши ўзбекчиликка тўғри келмаса, рухсат бердию, ўрнига одам топа олмади. Мажбур бўлиб, эртаси дурадгорлик электр арраси тепасига ўзи турди. Эрталаб шу уста куёви бераётган ошга жамоа билан бориб келишди. Ҳовлиси ишхонага яқин. Бир бекатдан ортиқ пиёда юрса етарли. Ҳафсала билан станокни ёқди. У ёқ-бу ёғига бирпас қараб, мотор айланишидан келаётган товушга қулоқ тутди. Шиғиллаган товуш бироз узун-юлуқ эшитилди. Мойсираган, шу катта уста бўлса ҳам, бироз беҳафсала, ёғлаб туришга эринади. Металлар ишқаланишидан келаётган овоз унга ёқмади, аммо станокни ўчиришни нимагадир хоҳламади. Раҳбарликда дурадгорликни соғинибди. Ўшангами, ичи ҳаприқиб, тезроқ тахта тилишга шошилди. Арра ўққа маҳкамлаб, гайкаларини бурадию, битта шайба ортиқча кўринди. Унга эътибор бермай, ременьни тортиб кўрди, нисбатан таранг тортилган. Энди иш бошласа бўлади. Тахтани суриб келиб, станокка тиқди. Арра уни гарбил қисмини тўғри чизиқ бўйлаб ажратиб чақара бошлади. Ёмонмас, қўлим чиқмабди. Эски касбимни индамай бажариб юрсам ҳам бўларкан, оч қолмас эканман, деб қўйди ўзига-ўзи. Кейин у бошқа тахтага ўтиб, четларидаги қийшиқ қисмини кесди. Учинчи, тўртинчи тахта. Яна биттасини текислаб олса, ўлчам бўйича қирқишга ўтади. Хаёлидан шу фикр ўтган оннинг ўзида, четидан ушлаган тахта, катта куч остида, қўлини силтаб отилиб чиқди-да, чап биқинига яқин ерига урилиб, уни учириб юборди.

Тос суяк етим қовурға остидан умуртқадан кўчган. Қора талоқ эзилиб, бир парча эт суякдан ажралиб қолганди. Уни одам бўлади, деганлар оз эди. Жонига шифокорлар оро кирди. Фалокат соппа-соғ одамни рамақижонга айлантириб, бир йил давомида суяклар темир болтлар орқали бирлаштириб қўйилган, тиббий комиссия уни ҳар қандай жисмоний ишга лаёқатсиз, деб биринчи гуруҳ ногиронликка чиқарди. Бошида хабар олиб турган ишдаги ҳамкасблар, жамоатчилик, яқин қариндош-уруғ берадиган кўмагини бериб, кейинчалик кам кўринадиган бўлди. Бор ташвиш, оилани боқиш хотинининг гарданига тушди. Қутбиниса бу қийинчиликлар вақтинчалик деб қўлни қовуштириб ўтирадиганлар хилидан эмас. Оловиддин бир йил давомида оёғини буколмай юрганида, бирор ишга ярамай, боқимандадек сиқилганда билди. Унга ногиронлик нафақаси тайинланган, бу пул нима бўлади, ойликни ярмига ҳам бормайди, ишлаб турса битта-яримта қўшимча, ведомостьга ёзилмайдиган пуллар ҳам бўлиб турарди.

Олти ойдан сўнг хотини янги гап топиб келди.

− Адаси, заводда иш камайди. Қисқартириш. Мен ҳам шу қаторда. Сигир-бузоқ билан рўзғор юритиш мумкин, лекин қизларни орзу-ҳаваси нима бўлади?

Қараса хотинини кўзи ўйнаб турибди, ўзига саволни йўллади.

− Нима қил дейсан? Таклифинг борми?

− Пул ишлаб келгани Америкага бормоқчиман.

− Польшага тошбақа олиб бориб, бир нимали бўлдингми?

− Ҳадеб шу озгина пулга тушганимни юзимга сола берасизми? Бир гал ўхшамаса, бу гал ўхшар.

− Яна қўлингни бурнингга тиқиб шўппайиб келсанг-чи! Менда пул йўқ!

− Таниш-билишлардан минг топиб берсангиз, бас.

− Берадиганлар бериб бўлган! Менда имкон йўқ. Нега тушунмайсан?

− Эй, қизларни тўйини фақат мен ўйлашим керакми! Топиб берасиз, тамом вассалом.

Оловиддин бир амаллаб айтган пулни йиғиб, хотинига берди, иккитадан тўртта қазини елкадан осиб, тирсаги томон бойлаб, кенг куйлак ичига яширганча Қутбиниса шу кетганча анчагина йўқ бўлди. Ҳар олти ойда бир келиб, ОВИРдан муҳр урдириб, яна Майамига жўнарди. Биринчи гал келганида, қўшнилар чиқиб гапга солишди, ҳаёт қанақа, меҳнати оғирмасми, оч қолиб, ўзингизни сириб юрмадингизми? Қийналмай пул топяпсизми, ойига қанчага айланади, деган саволларга кўмишди. У ўзининг ҳаётидан хурсанд, қўлига пул тегиб, ўзгариб кетганини сезишди. Қутбиниса мақтаниб икки ярим мингдан оширдим, деганди, кўпни кўрган, икки уй наридаги қўшни хотин, соатига саккиз доллардан ортиқ бермаса, ўн соатда саккиз юз, бир ойда икки минг юздан ортиқ топилмайди, алдаманг! – деб кўзларига олайиб қаради. Қутбинисани дами ичига тушиб кетди, шунда: ҳа-я адашибман, деб қутилди мулзам бўлганча.

Шу гапдан кейин, баъзи бировлар унинг қанақа қилиб пул топаётганини гумонлаб, унинг анча хипчалашиб қолган, паст бўйли миқти қоматига қараб, ҳимм деб қўйишди. Ўз сирини ўзи очишига сал қолган Қутбиниса кейинги келишларида, ортиқча қўни-қўшнига учрамай, кўрса ҳам узоқ гаплашмасдан қочадиган бўлди. Кўзини ердан олмай тез сўрашар эдию, ўзини ҳовлисига урарди.

Уйга барака кириб, унинг юбориб турган пулига сигирлар сонини ошириб, иккита буқача ҳам ҳовли четида пайдо бўлгани учун Оловиддин хотинини тергашни хаёлига келтирмас, ўзининг шўх яшаш тарзига қисматнинг бу жавоби деган ўй тез-тез хаёлига келар, опасининг ёки қариндошларининг «хотинингни оёқ олиши бошқача» деган сўзларини охиригача эшитмай оғизларига урар, ўз ҳолимга қўйинглар, мен ўзим нима дарддаману, буларнинг майда-чуйда гапларига қара. Ҳасад-иғвога бало борми, деб бақириб берарди.

Сўнг икки йилда иккита катта қизини узатишди. Хотини катта фарзанди тўйида ўзи бош-қош бўлган бўлса, ўртанчасида қатнашмади. Лекин пул келиши узилмади. Қизларини номига у доллар жўнатади. Алам қиладигани эрига ҳеч бўлмаса янги дўппи сотиб олинг демайди. Пулни қаерга ишлатдингиз, қараб сарфланг. Молларни яхши парваришланг. Ҳовлини таъмирласангиз, палончи устани чақириб келинг, харажати камроқ, инсофли, деб гап уқтиради. Хотин кишини пулига кунинг қолса, деганча, Оловиддиннинг ичидан қиринди ўтади. Наилож! Ўзи мол-ҳолга қараш, битта-яримтани ора-чора қўйини сўйишга, қассобчилик ҳақига боғланиб қолган. Ҳужжат билан ишласа, нафақадан айрилади. Элликка кирмай, ногирон бўлиб ўтирибди. Чап оёғини судраб босади.

Иккала қизи ҳамширалик ўқишини битириб-битирмай ишчи-хизматчи касбидаги оддий оилалардан келган совчиларга ортиқча суриштирмай таваккалига хўп деди. Адашмапти, куёвлари меҳнатдан қочмайдиган йигитлар экан, оилаларини эплаб кетишди. Бундан ортиқ Оловиддинга яна нима керак. Бу ёғига битта қизи қолди, ўшандан қутилса бўлгани.

Энг кичик қизи тиришқоқ чиқди. Ўрта мактабни битирган йили ўқишга кира олмади. Чунки ўша йилнинг ёзида онасидан ажрим қоғози келиб, отасининг қайғуси қаттиқ таъсир қилди. Қўлига китоб олиш ҳолатида эмасди, имтиҳон топшириб йиғган баллари билан мандат комиссиясидан ўта олмади. Кейинги йил қаттиқ тайёргарлик кўриб, астойдил ҳаракат қилиши натижада кўринди. Болалар дўхтири мутахассислигига ўқишга кирди. Қабул ҳайъати унинг ўтганлигини эълон қилган куни, отасининг бағрига ўзини отиб тўйиб йиғлади: ойим бу кунларни кўрмадилар. Армоним шу.

48. IS THIS A QUTBI?

Қутбинисанинг кейинги пайтда оиласига пул юбориши камайганидан, иши яхши юришмаётгандир, деб уйдагилар ўзларича тўн бичишди. Аслида, эса унга пул топишни ўзи эмасди. Бошида роса қийналди. Болаларга энага бўлиб ёлланай деса тил билмаслиги тўсиқ, у олий маълумотсиз, бироқ, бу ерга борган дипломлилар ҳам барибир қора иш қилишга мажбур. Гастербайтерлар бутун дунёдан Америкага келишини ўша ерда кўрди. Минглаб, миллионлаб йигитлар иш сўраб юрибди. Ҳеч қандай юмуш, ҳатто кир, идиш-товоқ ювиш, маркетларни полини, кўчани тозалашни ҳеч биридан ирганишмайди. Шундоқ бўлгач, улар турганда ўттиз бешдан ошган аёлга иш топилармиди. Миллий таомларга ўзини урай деса, арзони фастфуд, бутун Америка ейдиган маҳсул. Яхши ошхона, кафега кириш учун тиббий карта ва бир қанча текширувлардан ўтиши керак экан, ўзимизда берилган ошпазлик ҳужжатларига америкалик иш берувчилар унчалик ишонч билдиришмайди, очиб ўқишни ҳам раво кўришмайди. Охирги нажоти, кундалик иш. Ўхшаб қолса, эллик-олтмиш доллар топади. Баъзан кўпроқ. Турар жойлари ётоқхона сифат, ўн киши икки қатор полда думалаб ётиб-турадиган хона, кунига беш доллар. Арзон, лекин барчаларига санузел, душ битта.

Ҳафтанинг беш кунида иш топилса, икки кун албатта талаб бўлмайди. Кўчада туриб куни ўтади. Йиғишдан ташқари, еб-ичиш керак. Бунақада қачон қизларини узатади. Унинг бор зикри-хаёли шунда. Ишламаган кунлари андуҳга юраги тўлиб дод деб юборгиси келади. Шундан-шунга келиб, ҳаракатсиз ўтириш. Ҳечам унинг тушунчасига тўғри келмайди. Бунақа кунлари, баъзан сал кўзга яқинларни овлагани маҳаллий сурбетлар келишади. Пул бериш қайда. Алдаш ва ёлғон ваъдалар билан ёки дўқ-пўписада машинага босадилару, номаълум томонга олиб кетишади. Қорни тўйганига хурсанд жон деб борадиганлар қанча. Улар биринчилардан бўлиб туришади, ёпишиб олишади. Шу исқирт бетамизлар ҳам танлаш ҳуқуқига эга-я, деб ўйларди шундай пайтларда Қутбиниса, чунки ёпирилган аёлларнинг ярмидан кўпини ҳайдаб солишиб, четдагиларга назар солиб имлашарди. Бир гал унга ҳам имлашди, ширин каломлар айтишди, оёқлари улар томонга босган ҳам эди, ҳамхонаси Витольда билагидан тортди:

− Бора кўрма, баракдан бадтар ошиёни.

− Сен…

− Ҳа, мен биламан. Адашиб қолганимда…

− Ким билади. Бормоқчи эмасдим. Оёқларим қулоқ солмай бошлади.

− Емаклари бир нави. Лекин улар кўпи наркоман.

− Вой!

− Шунчалик қийноққа солишлари мумкинки! Айниқса сени.

− Нега мени?

− Улар учун янги материалсан.

− Аблаҳлар!

− Сўнгра сенга ўхшаш миниатюр аёлларни яхши кўришади.

− Витольда, унда мени ҳимоя қил.

Қутбиниса бу гапини бекорга айтмаганди, чунки улар томон икки барзанги келаркан, оқроғи ҳабашга уни кўрсатиб, кўксига ниқталаб, у меники дегандек, имо қиларди.

Афсуски, Витольданинг кучи етмади, унинг қорнига қораси бир тепканди, ўтириб қолди ва улар Қутбинисани икки қўлтиғидан олганларича машинага босиб йўқолдилар. Бошқа зўравонлар ҳам ўзларига маъқулларини олиб жўнадилар.

Бугун у туз татимагани учун таомлардан чўқилашга ўтди. Энг қизиғи, унга бу ерда ҳеч ким тегишмас, гап отмас, ҳирс тўла кўзларини тикмас. Биров шарбат, бошқаси пиво ичиб, орасида трубкани хўриллатиб, бангилик қилишарди. Қандайдир мусиқа ўйнар, хира, чироғи паст волтли лампочкалар ёқилган, йигирма чоғли эркак ва аёллар. Ярим яланғоч жувонларнинг қийшанглаган овозлари, йигитларининг тўнг товушдаги кулгилари, беўхшов ҳаракатларини, бир-бирига қапишиб тушаётган рақсларини айтмаса, ҳеч қандай хавф йўқдек эди. Сўнгра, бир зумгагина барак жимиб қолди. Башанг кийинган, бироз қорин солган тепакал пайдо бўлди. У арабгами, лотин америкаликками ўхшаб кетар, бўйи паст, кўримсизроқ эди. Атрофга қараб чиқиб, нигоҳи Қутбинисада тўхтади. Аммо узоқ тикилмади, чунки унга эътибор беришмаганини сезиб, индамай чиқиб кетди.

Яна мусиқа, кайф-сафо давом этди. Официант унинг олдига бокалда кола қўйиб кетди. Чанқаган экан, сипқоришга бошлади ва бирор вақт ўтмай чайқала бошлаганди, бояги икки йигит қайдандир пайдо бўлишиб, уни узун коридор бўйлаб судраб кетишди.

Уйғонганида бир ўзи чўзилиб ётганини англади. Икки кишилик тўшак, ҳеч ким унга тегмаган шекилли, кийимлари ечилмаган. Ўрнидан туриб юз-қўлини ювиб, ташқарига чиқай деса эшик ёпиқ. Ҳайрон бўлди. Эшикка қарама-қарши томонда дераза. Югуриб бориб очса, шундоқ сув кўриниб турган манзарани кўрди. Фақат бу сув, дарёми, денгизми, кўлми завқини жича бўлса ҳам тоширмади. Билъакс, сув юзасида турли хас-чўп, кераксиз маҳсулотлар қолдиғи, баклашкалар, целлофанлар сузиб юрар. Нигоҳини бу хунук манзарадан узиб, хонага йўналтирди. Стол устида нонушта қўйилган, фақат менга аталганми ёки йўқми, деган ўйда қўл чўзишни билмасди.

Қаердандир рус тилида овоз келди.

− Марҳамат еб ўтиринг!

Ўгирилиб қаради ва кичкина карнайга кўзи тушди.

− Мен қаердаман?

− Меҳмонда.

− Меҳмондорчилик шартмас. Мен ишлашга боришим керак.

− Тамадди қилмасангиз, кетмайсиз.

− Мендан нима истайсиз?

− Енг! Алоқа тамом.

− Бу ким? Жавоб беринг. Мен барибир емайман.

У қорни оч бўлса-да ейишни истамади. Яна хушимдан айирсачи, деган ўй бошида ғужғон урарди.

Бирор соатлар ўтди, у очлик эълон қилганча, тўшакка чўзилди. Хаёлидан нималар ўтмасин эртанги куни бошқача бўлишига дилда иқрори ошиб, шу вақтгача зўрлик қилишмади, демак, кимгадир керакман, фақат менда нима гаплари бор бўлиши мумкин, деган ўйдан қутула олмасди. Бир вақт эшик шақиллаб очилди ва кеча барда кўрган паст бўйли тепакал кўринди. Кийимлари башанг.

− Салям.

− Салом.

− Мени Муҳаймин деб чақиришади. Америкага келганингизга кўп бўлмадими?

− Бир ойча.

Муҳаймин рус тилида яхши сўзлашаркан.

− Рус тилини билишимга сабаб Москвада беш йил ўқиганман. Сизга ажабланарли эмасми?

− Ҳечам. Яхшиси айтинг, нега мени тутқун қилишди.

− Қанақа асирлик, ҳозироқ жавоб беришади. Сизни муслима деб айтишди.

− Ҳа, мен Тошкентданман.

− Жуда соз, исмингиз Қутбиниса эканми?

− Пулдан ҳам қолиб кетдим.

− Бир кунга неча пул топасиз?

− Ҳар хил.

− Юз долларми?

− Камроқ.

− Мен ўша пулни сизга бераман. Фақат бемалол ўтиринг. Бирга тамадди қиламиз, майлими?

Муҳаймин Қутбинисанинг ҳаётига шундоқ кириб келди. Унга иш топиб туришга ваъда берди. Айтилган пул юз доллар билан кун охирида сийлади. Ўн кунча доимо иш бўлиб турди ва бир ойдан ошганда биринчи марта катта қизини сўраб келган нотаниш одам, онанг Қутбинисадан деб беш юз доллар топширди. Уйларида байрам.

− Ада, бу пул мебелга, қолгани кам-кўстга.

Қизи айтмаса ҳам Оловиддин буни биларди, лекин унинг оғзига урмади. Пулларни қўлида тутиб, кўзидан милтиллаб ёш чиқди.

Сўнгра иш топиш қийинлашди. Унинг номини чақириб ишга олиб кетадиган ҳабаш иш берувчи Хьюз ҳам кўринмай қолди. Кечки пайт уни хомуш ўтирганини фаҳмлаган Витольда битта гап айтди.

− Нега кайфиятинг йўқ?

− Қўшиқ айтиб, ўйинга тушадиган ҳолатдамасман. Иш бўлмаса, даромаддан бебаҳралик. Бу кичик шаҳарчага бекор келибман.

− Ҳимм.

− Нью-Йоркда қолсам бўларкан.

− Нью-Йорк ўлчамсиз чўзиладиган маконмиди?

− Ҳар ҳолда иш кутиб ўтирмасдим. Камроқ тўлашса-да, гувернаткаликка талаб катта.

− Инглиз тилини умуман билмасанг, русча сўзлашувинг ҳам етарли даражада эмас.

− Биламан. Ўшанга бошим қотган.

− У ҳолда нима қиласан, иссиқ жойингни совутиб. Сабр қилганинг дуруст.

− Ҳимм.

Шу пайт эшикда кўринган нотаниш гастербайтер украин аёли: Қутбиниса-а-а! Кто? Тебя просят, деди. Қутбиниса ўрнидан туриб, эшикка йўл олди. Унга Витольда эргашди. Ташқарида Муҳаймин ҳассасига суянганча уни кутарди.

Улар бир зум гаплашишди ва Қутбиниса ортига қайтди.

− Нима гап? − деб сўради Витольда унинг бесаранжом юзига қараб.

Қутбиниса зўрға жавоб қилди.

− Мен билан юр! Иш бўлса уйда топилади, деяпти.

− Яхши-ку! Қанча пул тўларкин?

− Сўрамадим.

− Икки минг берса жон деб рози бўл!

− Билмасам.

− Ҳеч иккиланма. Бахт қуши бошингга қўнибди.

− Менимча, унинг ниятлари бошқа.

Қутбиниса: иссиқ-совуғимиздан хабар олиб турамиз. Рўзғор ишлари бўйнингда. Бирга тургач, ходимага эҳтиёж қолмайди, тўғрими? деган Муҳаймин сўзларини дугонамга етказайми-йўқми, деган ўйда эди, суҳбатни бу мавзуга Витольдани ўзи бурди.

− Балки у сени жориясига айлантирмоқчидир. Ў бир гаплашган марҳаматли соҳиб шуми?

− Ҳа.

− Нима бўлибди?! Рози бўлавер. Фоҳишалик қилишдан кўра яхши вариант. Қизларим учун, уларнинг орзу-ҳавасли тўйлари учун, қандай иш бўлса ҳам бажарардим, деган сўзларингни ё ёдингга солиб қўяйми.

− Эсимдан чиққани йўқ. Аммо гапириш осон, бажариш мушкул, бетим чидамайди..

− Ҳечқиси йўқ. Ҳали кўникиб кетиб, ҳатто менга раҳмат айтасан.

− Нимага кўникаман?

− Икки эрликка-да. Шундан осони борми?

− Витольда, бемаъни гапни қўй.

− Нега аҳмоқ гап бўлсин! Эркагу аёлни Худо бир тобда яратган. Нега энди шарқда эрлар тўрттагача уйланадию, аёллар бу ишни бажарса уят саналиши керак.

− Витольда, ақлинг жойидами?

− Жойида. Уч марта эрга тегиб кўрган тажрибамга таяниб айтаман. Бор, ҳозироқ. Йўқса бу соҳибдан қуруқ қолсанг, у жаҳл қилиб бошқасини илакиштириб кетса, тирсагингни тишлаганинг қолади. Сўнг, хунобинг ошиб яна бир-икки кун иш топилмаса, ижара ҳақини тўлаш учун панелга бирга чиқишга тўғри келади.

− Шўрим қурсин! Шу кунларга етиб келдимми?

− Яна, билиб қўй! Бундан буён Муҳаймин бекорга иш топиб бермайди. Тушундингми?

Яна бир неча кун иш топилмади. Бир соат, ярим соатликни назарда тутмаса, топган пуллари ижара ҳақига етса, овқат пули осилиб қолди. Витольда унга писанда қилиб: «Нима деган эдим. Намунча ўзингни асрамасанг, хароб бўлиб яшагандан, яна беш-ўн йилдан кейин ҳеч кимга керакмас бўлиб қоладиган жисмингни пуллаб, сийратингга зеб бериб юрганинг соз эди, бечора Кутби», деб жиғига тегарди.

Бир куни Хьюз кўринди. Бешта аёл керак, беш дона. Машина олдига тўпланганлар ўттизтадан кўп, ҳамма ёпирилиб олган. Аммо у уларга назар-писанд қилмай, бир чеккада ўтирган Қутбинисани излар, Витольда дугонасини қўлидан ушлаб олди-да: қайрилма, ҳозир ўзи келади. Уни Муҳаймин юборган. Бу гал ҳам йўқ десанг, мен сендек дугонадан воз кечаман деб, қулоғига шипширди.

Хьюзнинг овози келди: Қутби, Қутби.

Витольда ҳамон уни ушлаб турар: шошма, ҳали шошма, дерди.

Ниҳоят тепаларига келган Хьюз бақирди:

− Is this a Qutbi?

Қутбиниса ва Витольда иккиси шодон бош ирғашди. Хьюз бир нима деб сўкканча иккисини машинага тиқди.

Муҳайминни ҳовузли, икки қаватли, пастда ошхона, меҳмонхона, санузеллар, юқорида учта хонадан иборат, ҳовлили ихчамгина уйи бор экан. Ошпазлик, ходималик ва бошқа ишлар бўйнига ўтди. Шанба-якшанбада неваралари, ўғли-қизи келиб тураркан. Ош-овқатлар кўпинча ташқаридан буюртирилиб, бу томонидан Қутбинисага ортиқча муаммо туғилмасди. Аммо, болалар тўс-тўполонидан икки кун ичида ҳаммаёқ ёйилиб, тўзиб кетади. Уйни йиғиштириш, нарсаларни жой-жойига қўйиш, кир-чир ювиш билан Қутбиниса бир неча кун банд бўлади. Кейин икки-уч кун нисбатан юмуш камроқ кунларда умри ўтади. Ўшанда, Муҳаймин уни судраб бирор жойга олиб боради. У отчопарга бориш, Мадан номли қора рангдаги араб отига пул тикиб қиморга киришиб кетади. Бутун пойга давомида, Қутбинисанинг билагидан қисганча бир сакраб ўрнидан туриб кетади, бир оёғида депсийди. Орасида алу-лу-лулаб бақиради.

Пул тиккан оти пойгада ютиб қолса, ўша куни ўзига байрам уюштиради. Болаларига қўнғироқ қилиб ҳузурини баҳамлашади. Вискидан стаканга қуйиб, ҳовлиси бўйлаб айланаркан, ҳўплаб ичади. Бассейнга ирғиб, узоқ сузади, офтобда ястаниб кўзини юмиб мизғийди. Қутбинисага камида юз рақами туширилган битта қоғоз, чўтал мазмунида албатта тегади. Сўнгра яқин шарқданлиги, қадимий Миср вакиллиги, шоиртабиатлиги хуруж қилиб араб тилида қасидаларни ёддан ўқийди. Қутбиниса худди тиловат эшитгандек боши эгилиб, қадди саловатга қўшилгандек қимирлайди. Меҳри ийиб кўзига ёш қалқиб, бағри-дили юмшаб, дилпорасига изн беради.

Муҳайминни, бошқа шаҳарларда ҳам танишлари кўп. Қутбинисани ўша жойларга бирга олиб боради. Жиддий жойларда, бўлажак қайлиғим, ёрим деб эълон қилади ва унинг эътирозларини инобатга олмай, бир куни ажрим қоғози қўлингизга тегса, мен эрликка мунтазирман, деб ичини роса қиздиради.

Бу алдамчи ҳаётга, унинг сунъийга ўхшаган, бировнинг умрини яшаётган мавҳум сифатларига, қадами ердан узилган маишату роҳатларига, кам ҳаракат билан кўп пул топиш қисматига Қутбиниса ўрганди. Витольда айтгандек, бошқа ёрга кўникди, қабул қилди, ҳатто ўзини бемалол тутиб, эркин аёлларга хос соҳибига ёқадиган баъзи ишваларни қўллашни касб қилди, гоҳида баданига ёпишиб турадиган куйлагу, ўзига ярашган калта шортларда соҳиби қошида пайдо бўлишлик одатларини қонига сингдирди, шу билан бирга унинг кўзларига қараб мақсадини, фикрини уқадиган ҳушёр шарқлик аёллигини ҳам намоён қилиб, Муҳайминнинг эркалашлари, талтайтириб мукофотлар, пул, совғалар беришига сазоворлиги ошиб борди. Ўзидан йигирма тўрт яшар ёш аёлнинг муҳаббати, меҳри соҳибини роса ийдириши мумкин эдию, фақат унинг бор пуллари назорати аллақачон кичик ўғлининг қўлида экан. Ойлик харажати чегаралаб қўйилгани панд бериб, Қутбиниса иштаҳасини қондира олмасди, гарчи у унчалик катта пул керакмас, ойига икки минг атрофида пул топсам етарли, деб режалаштирган бирламчи мақсадига аллақачон етиб, беш юз доллар кўпроқ пул қўлига тушса-да, аёллик очкўзлиги қўзғиган. Аммо, бундай пулдан ҳам айрилиб қолма, мечкайлик қилма, деб Витольда бир-икки марта танбеҳ бергач, ўзига келиб, ортиқча Муҳайминдан пул талаб қилмасликка қарор қилган бўлса-да, пулни кўрса бу аҳдидан тезда қайтар, энди пойгада ютуқ чиқса ярмини берасан қабилида, соҳибига тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилиб, нозу фироқларини оширар, ишва-макрларни ишга соларди. Уни шу ҳолатда кўрган одам аввалги содда деҳқон қизидан асар ҳам қолмабди, деган фикрга бориши турган гап эди.

Бироқ, соғин сигир ҳам доимо бир маромда сут бериши қийин экан. Бир куни Муҳаймин ётиб қолди. Аҳволини кўрган шифокор зудлик билан касалхонага боришни тавсия қилди. Шифокор билан пешма-пеш етиб келган ўғли унинг маслаҳатини маъқуллаб, касалхонага ётқизди, аммо олдига Қутбиниса киришини ман қилиб қўйди. Лекин отасининг уйидан ҳайдатмади. Муҳаймин, касалхонадан бир тарафи: чап оёқ-қўли яхши ишламайдиган ҳолатда уйига келтирилди. Ўшандан бери неча йил ўтди, Муҳаймин тирик. Қутбиниса унинг ёнида. Тиргаги, суянчиғи, ҳамфикри, ҳамдарди, ҳамтўшаги. Бир неча йил аввал Оловиддинга ажрим қоғози юбориб, ажрашди ҳам. Соҳиби билан никоҳини расмийлаштириб, Штатнинг фуқаролигини олган дейишади. У аҳдига содиқ. Қийин кунларида пул билан таъминлаган соҳибидан воз кечишни номардлик билган бир сўзли аёл. Муҳайминнинг фарзандлари ҳам унинг бу хислатига тан беришди ва ўртанча қизини кўчиб боришига тўсиқ бўлишмади. Ҳозир машина тузатадиган куёви, қизи икки боласи билан ёнида.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации