Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 17 (всего у книги 34 страниц)
ТЎРТИНЧИ ҚИСМ
27. ЁВВОЙИ АЁЛ
Бу сафарги дам олишларида Кавказнинг саёҳатга бой жойларини томоша қилишдан бошлашди. Гулсина ўзининг бой тажрибасидан келиб чиқиб, бир Сочига, бир Сухумига, уларнинг атрофларидаги зиёратгоҳ жойларга бошларди. Яхшигина гид ҳам топилди. У питерлик Демчир деган археолог олим, биринчи куниёқ Гулсина атрофида ўралашиб қолди. Шундай тароватли ҳамроҳларига билимини намойиш қилишдан хурсанд, Кавказга оид қизиқ-қизиқ воқеаларни ҳам айтишдан чарчамас, уларни зериктирмасди. Айниқса, унинг Кавказда яшаган ёввойи одам ҳақидаги ҳикояси ажабтовур экан. Уларнинг ҳайрат билан, бир ишониб, бир ишонмасларига жавобан: таъкидлашим керак-ки, у ёввойи одам авлодлари бўлиши керак, истасангиз у яшаган овулга олиб бораман, деб қўймади.
− Абхазиянинг Сухумига яқин Заадан тоғидаги ўрмонда ёввойи одам яшаган. Уни тутиш учун Ачба исмли князь бел боғлайди. Бунинг учун кўринадиган жойга эски-туски кийимларни осиб қўйишади. Уни тутишга жазм қилганларидан бехабар мавжудот, бу матоҳлар нималигини билиш учун яқин келиб, уларни бирма-бир томоша қилаётганда, икки тарафидан ташланган князь одамлари ёввойини ушлаб олишади. Қўлга тушган ёввойи одам синчиклаб кўрилганда, у аёл зотига тегишлилиги аниқланади.
Гуля: «Аёл эканми у ёввойи? Наҳотки?» – деди ҳайрон.
− Энг қизиғи шунда-да!
− Тиллашишчи, қандай у билан сўзлашишган?
Демчур бошини қашиб давом этди.
− Ҳеч бир сўзни тушунмаган. Ҳа, энди ёввойи бўлгандан кейин, жун ҳар ерини яна босган.
− Эшитяпсанми Гуру? Тананг силлиқ бўлмай юнгли бўлса? Кийим ҳам керакмас, роса томошага қолардинг, − деди ҳингиллаб Гулсина.
Қалдирғоч қаттиқ аччиқланди. Ва дугонасидан ўзининг феълига сингиб бораётган бетчопарликни намоён қилиб, гапни унга буриб юборди-да, соф ўзбек тилида узиб олди.
− Мени тинч қўйгин, бунақа бемаза ҳазилларинг жонимга тегди. Жуда хоҳласанг, тавия, бадбашара маймунга ўхшагинг келса, ана ўзингга шу пўстакни ёпиштир.
− Жон дердим, бошқалардан фарқли, ёввойи бўлсам, қанийди. Йўқса, жўн ва бир хил типдаги аёлларни кўра бериб, улардан бири ўзим эканлиги, одамни ўлгудек зериктиради, − деди Гуля рус тилида, ҳамма эшитсин деб.
Демчур хонимлар кўнглини кўтаришга шошилди.
− Сизлар шарқнинг энг гўзал аёлларисиз. Бошингизни баланд кўтариб, шундоқ ҳам куйдириб, ёндириб кўпларни доғда қолдириб юрганингизни билмайсиз-да.
Қалдирғочга сирли қараб олган Гуля, ҳамроҳига юзланди.
− Мақтовлар учун раҳмат! Энди суҳбатингизни давом эттирсангиз бўлади, чиройлилигимизни эшитиб, бошимиз осмонга етди. Йўқса, билмас эдик, − деб қийшанглади.
Демчур бошини индамай эгди.
− Албатта. Қаерга келган эдик. Ҳа-я. Абхазиянинг тоғ ён бағри ўрмонлари ҳам авваллари жуда қуюқ бўлган. Аҳолиси эса ҳозирчалик зич эмас. Ҳайвон ови учун мавжуд чор-атроф табиий қўриқхона вазифасини ўтаган. Тустовуқ, какликлар ўз йўлига, тулки, бўридан тортиб кийикгача овланган. Зана ўша ҳайвонлар яшаган масканда юрганини овчилар кўп бора кўришган.
− Аёлнинг исми Занами? Маҳаллий аҳоли кейинчалик бу исмни тўқигандир-да?!
− Ҳа, абхазлар берган ном бўлса керак. Кафтига қадар қора-қўнғир тусли жунга кўмилган бу аёлнинг сочи қалин, паҳмоғи нақд қоши устидан бошланиб елкасига тушган. Ҳатто юзларида ҳам соч бўлиб, улар узунлиги баданидагидан калта. Танаси спортчиникига ўхшаш мушакдор, бўйи икки метр атрофида, баданининг ранги тўқ кулранг, ёноқлари ва даҳани туртиб чиққан. Кўзлари горилланикига ўхшаш қизил тусда бўлган дейишади.
− Бўлмаган гапдир. Мана мен саҳролик ёввойи аёл ҳақида ўқиганман. У авваллари, минг йиллар ва ундан олдин бўлган. Одам боласи − аёлларга ўхшаш бу вужуд саҳроларда кўп учрайдиган, қуруқ жарликлар ёнбағридаги ғорликларда яшашган. Улар танаси буғдойранг, кўзлари катта, чақноқ ва кўк деб таърифланарди. Ҳар ҳолда қизил эмас, − деб, Гулсина тарихий маълумотдан хабардор эканлигини англатди.
Демчур хурсанд бўлиб кетди.
− О, Гуля. Сизни фақат гўзал десам, билимингиз ҳам кам эмас экан. Бу нарсани қаерда ўқигансиз?
– Ўқиганман-да? Нима, нотўғри айтдимми?
– Тўғри айтдингиз. Жуда тўғри. Уларни алвасти − нас-нос деган таърифи ҳам бор. Юзлари мисранг, сийналари буғдойи рангда, улар орасида, қорнида, қўлларида жун ўсган. Ҳатто юзида, лаб устида туклари бор. Ингичка болдирлари қалин, лекин калта қора тук билан қопланган. Бўйи паст, елкасида ўрилмаган қалин соч. Ана шу тусда ҳам у қадимий Элладанинг овчи маъбудаси сингари алламбало кўринишга эга деб мен ҳам қайдадир мутолаа қилгандим.
Гулсина қизиқ гапирди.
− Ўхшатишларингиз зўр-ку! Демчур, бизга ҳам қолдиринг таърифларингиздан. Ёки барча мақтов ва ҳамду сано мозийдаги ёввойи аёлларга бахшидами?
− Нега энди?! Сизларга атаб қўйган комплементларим шунчалик мўлки, аммо, аввал манаву гапни ҳам эшитинг. Зананинг югуриш тезлиги отга баробар экан.
− Йўғ-э?! Саҳролик аёлчи? У қандай югурган? Тўрт оёқдамасми?
− У югурганда оёқларини калта ташлаб, майда қадамда судралиб юргандек пилдираб сурилган. Лекин шунчалик тез ҳаракатланганки, кўз очиб юмгунча кўздан йўқолиши ҳеч гап бўлмаган…
Улар яна бироз юриб, арча, дуб дарахтларга бой тоғ ёнбағридаги нисбатан текисликдаги аксари икки қаватли уйлар билан банд майдонга чиқишганди.
− Ҳа, мана етиб келдик. Зана яшаган, Сухумидан етмиш километр узоқликдаги қишлоқ мана шу. Ўша пайтда князь Эдже Генаб ерлари, Мокви деган жой. Ёввойи аёлни шу князь одам қилган, чунки ёввойи аёлнинг феъли асов бўлганидан тутиб олган боён уни бошқа князга, у эса Генабега тортиқ этган. Бу князь вертикал терилган ходалардан қўтон ясаттириб, унинг ичида анча вақтгача ёввойини сақлаган. Фақат учинчи йилга келиб, у одамларга ўрганиб, қишлоқ бўйлаб бошқалар қатори эркин, шовқин солмай юришга ўрганганмиш. Кийимсиз бўлганини ҳисобга олмаса, ҳеч қандай фавқулодда воқеа деб ҳисобланмаган.
Гуля яна ажабланди.
− Аёл кишига яланг кўринишини ўзи бўларканми? Энг юзсизлар ҳам бундай қила олмайди, тўғрими Гуру?
Демчур давом этди.
− Одамлар орасида неча йиллар яшаб, гапиришга барибир у ўргана олмаган, кулиш нима эканлигини билмаган, жуда хурсанд бўлганда темир жарангидака, аламида бўғиқ товуш чиқарган, аммо қариганда ҳам бирорта тиши тушмай, танаси ўзгармай, ҳеч қайси ери осилмаган. Туққан боласини боқиш ўрнига дарёга олиб бориб чўктирса эмизиш керак бўлармиди? Кейин сафар туққан болаларини доялар ундан узоқлаштиришган.
− Насл ҳам қолдирганми, бу ёввойи? Эшитдингми Гуру. Ҳайвонсифат бўлса-да, жазманлари бўлганмиш бу жунли тавияни.
Қалдирғоч ўзини эшитмаганга олиб, юзини четга буриб, бу суҳбатга унча хайрихоҳмаслигини англатарди.
Яна бироз юрмай бир уй олдида тўхташди.
Чунки сал олдинроқ кетаётган Қалдирғоч назари ёғочдан қурилган эски икки қаватли уйга тушганча уни томоша қиларкан, қўли билан иморатга ниқталаб, − шу уйга киргим келаяпти, дейишдан тортиниб, бу уй ажойиб, бежирим экан, анча олдин қурилган, шекилли, − деди.
Гуля профессорга қаради. Демчур унинг илтимосини сўзсиз тушуниб, елкасини қисди-да ўша уйга яқинлаб, эшигини қоқди. Ичкаридан ҳозир деган овоз келди.
Эшик очилди ва ўрта бўйли катта ёшдаги мўйлов қўйган абхаз кўринди. Салом-аликдан кейин Демчур мақсадга ўтди.
− Бу уй қурилганига кўп бўлганми? Бизни қизиқтириб қўйди.
− Бир минг тўққиз юз учинчи йилда қурилган.
− Ў-ҳў! Етмиш йилдан ошибди-ку? Ҳаммаси ёғочданми?
− Ёғочдан. Пойдевори, ертўла атрофлари тош. Хоналарнинг полидан тортиб томигача арча ишлатилган.
− Қишда иссиқ, ёзда салқин бўлса керак.
− Худди шундек. Сиз қайдан биласиз?
− Питер яқинидаги ўрмонларда қуриладиган уйлар ҳам арчадан. Менинг ҳам дала ҳовлим бувамдан қолган. Уйлари шунақа, ёғочли. Қалин-қалин харилар ишлатилган.
− Балки уйга кирарсизлар, ханумлар чарчагандир. Хоналарни кўрсатаман. Юринглар, − деб мезбон ичкарига бошлади.
Кириш хонасини ҳисобга олмаса тўртта хона. Энг катта меҳмонхона эни тўрт, бўйи саккиз қадам келади. Деразалари кичик, лекин уйлар бари ёруғ эди. Полга қоқилган тахталар қалинлигидан, ҳеч қаери қилт этмай, мустаҳкам.
Гулсина сакраб кўриб, танца тушадиган залга ўхшайди, деб катта хонани кўрсатди. “Ёмғир мавсумларидаги зиёфатларда раққос ва раққосаларга бу жой ажратиб берилади. Бор ҳунарларини кўрсатиб, осмонга сакраган раққос ҳам бу полларни теша олмаган”, деб кулди кекса абхаз.
Хоналарни айланиб бўлишгач, мезбон бирпас суҳбат қуришга таклиф этди. Қўярда-қўймай дастурхон атрофига ўтказиб, неварасига чой тайёрлашни буюрди. Невараси озғин, хипчагина, ўн беш ёшлар атрофидаги қиз чаққон ҳаракатлар билан столга пишлоқ, сур гўшт, вино, биқинга тиркаб кесадиган катта нон, қанд-қурс ва чой дамлаб қўйди-да нариги хонага чиқди. Ким-кимлигини билдириб танишишгач, нима мақсадда бу ерларга келиб қолишганининг сабабини билган абхаз бошини қашиб, «Сиз сўраган Занани эшитганман. Унинг чўпондан туғилган ўғли Хвит қишлоқдан тоққа кўтариладиган йўл ёқасида чиндан яшаган. Раиса деган бир қиз кўрган. Бу қизни олимлар, тадқиқотчилар бир неча бор келиб роса текширишган ва уларни қайси ирққа тегишли эканлиги тўғрисида турлича фикр айтишган, лекин бир тўхтамга келишмаган, деди. Энди дастурхонга қаранглар ва менга юртингиз гўзаллиги ва ундаги халқ одатлари ҳақида гапириб беринглар». – Шундай деб абхаз бокалларга вино қуяркан, ўрнидан туриб, деворга осилган, юза қисми металл билан ўраб, майда занжир ўтказилган ҳўкиз шохини олди ва профессор шу идишдан ичади, деб эълон қилди.
Зиёфат озчилик бўлишса ҳам, кўтаринки руҳда ўтаркан, бир пайт эшик ғийқ этиб очилди ва “Арчи, меҳмонларингни бизга ҳам таништирасанми?” – деб хонага кекса ва ёш кирди. Улар кавказликка хос кийинган, эгнида майда-чуйда чўнтакли камзул, оёқларида учли этик эди.
− Булар раққослар. Эллик йилдан бери халқ ижоди рақс ансамбли қатнашчилари.
− Ия, уларни сиз таклиф этдингизми?! Зўр-ку!
Гулсина ёш абхазга тикилиб қараб қолди. У қомати келишган, жуда хушбичим, мўйлови ўзига ярашган, бурни лочинникига ўхшаш туртиб чиққани ўзига ярашганди. У Қалдирғочни туртди.
− Битта конъякдан баҳс қиламизми? Шу йигитчани бирпасда ўзимга оғдираман.
− Ақлинг жойидами, Гуля! Профессор сен учун ҳамма нарсага тайёр. Кўнглини вайрон қилма!
Гулсина кўзини қисиб қўйди. Бу унинг «майли, сен айтганча бўлсин», дегани эди.
− Мен неварам орқали чақиртирдим. Бизнинг санъатдан бир баҳраманд бўлинглар. Ҳозир дўмбирачи келсин. Унгача қани ота-бола ёнимизга ўтиринг, − деб уй эгаси гап қўшди.
Улар кулишиб ўтирганча:
− шундай ханумларга хизмат қилиш бизга бахт. Фақат раққоса топилмади. Балки неварангни ўйнатармиз, − деди кекса раққос.
– Ёшларни ўйнайдиган замони, нега ҳам йўқ дейин. Фатма, менга қара.
Фатма, бояги нозик қизча кўринди.
− Бор кийиниб чиқ. Бир ҳунарингни кўрсат меҳмонларга, − деди уй эгаси.
− Хўп, − деди қизча ҳеч қандай хархашасиз.
Дўмбирачи, қувноқ, семизгина, лўппи, калласи думалоқ йигит экан, бошини ликиллатиб барчага салом берди-да, оғзида хиргойи қилганча лезгинкани бошлаб юборди.
Фатма чир айланганча ўртага тушди. Оппоқ куйлакда худди кўлда доира ясаб чирпирак ҳосил қилган ўрдакдек муқом қилса, миллий кийимдаги ёш йигит ундан ўтар даражада тиришиб, оёқнинг бош бармоғига тиралиб раққоса атрофида юзарди. Қарсаклар остида рақсни тамом қилишдиям, йигит айланиб сакраб, бир тиззага, бир чордона қурган вазиятда полга дўпиллаб тушар, ҳеч нима бўлмагандек яна бармоққа тиралиб ўрнидан туриб кетарди. У бу машқларни бир неча бора бажарди. Яна чапак. Ёшлар нариги хонага ўтиб кетишди, дўмбирачи қолди. У суқ кўзларини ҳар икки аёлдан олмай, вино ичар, катта луқмаларни тишлаб ютаркан, ҳеч бир уят, тортиниш сезмасди.
Бу ҳолдан меҳмон аёллар, айниқса Қалдирғоч изза бўлаётганини сезган уй эгаси, абхаз тилида бир нима деди. Дўмбирачи оғзидаги луқмасини ортиқча чайнамай ютди-да, ёшлар ортидан бошқа уйга шошди.
− Айбга буюрмайсизлар. Бефаҳмлар ҳар жойда топилади.
Ҳеч ким гап қўшмай, индамасликни маъқул кўрди.
Кекса раққосни гапга тутишганди, у бутун дунёда гастролларда қатнашганини, концертларда кўпинча ўзбек фольклор гуруҳлари билан бирга қатнашганини завқ билан айтиб берди. Улар билан шунчалик учрашув вақтлари мўл бўлганидан, “Андижон полкасини” ўрганиб олгани, бироқ лазги рақсини машқ қилишга уқуви етмаганини айтди.
− Шуям муаммоми? Ана Қалдирғоч бир галнинг ўзида ўргатиб қўяди.
− Гуля, одамни хижолат қилма. Ўзинг туш!
− Ўзингни кўпчилик олдида йўқотма деб неча марта қайтариш керак. Сен ўйнайсан, гап битта!
− Мусиқасиз бўларканми? – деб Қалдирғоч сўнгги важни келтирганди, дугонаси бунга ҳам жавоб топди.
− Сумкамда кассета бор! Хавотир олма.
Кекса абхаз уйида “Весна” магнитофони ҳар бир ўзини ҳурмат қилган кавказликни биринчи навбатдаги зарур буюмлари каби экан. Демчур, боя Қалдирғоч ўйнайди, деган гапнинг ўзидан ўрнидан шитобда туриб, шошилиб магнитофонни ёқди. Кассетани тиқиб, овоз, куй таратадиган кнопкасини босди. Лазгининг қувноқ ва шўх мусиқаси чалина бошлади. Янга бироз танасига ёпишган оч кўк кофта, бари кенг, почаси тор сарғиш шим кийиб олганидан, «қанақа кўринармиканман рақс муқомларида», деган истиҳолада қўлларини ёзиб, куй оҳангига қўшилди. Нариги хонадан тапир-тупур қилганча ёшлар, дўмбирачи чиқиб, диққат ва ҳаяжон билан кўрувчилар сафига қўшилди.
Лазгини бир одам ўйнаши қийинроқ, ҳамроҳ, жуфт бўлгани маъқул, ўшангами, янганинг имосига Гулсина, рақс ўрталарида кўна қолиб қўшилди. Энди лазгининг энг авжига чиққан, шўх, тез муқомларини иккаласи бажариб, томошабинларни шошириб қўйишди. Икки кекса абхаз рақс санъатидан бохабармасми, кўзлари ўйнаб, беихтиёр қошларини учириб қўйишар, қўллари кўтарилиб ўзлари ҳам рақсга отилиб қўшилгудек ҳолатга келишганди. Ёшларку аллақачон, хонанинг нарироғида уларга қиёс ҳаракатлар қилиб, ўхшатишга ҳаракат қилишар, Валъдемар дўмбирачининг қарашларидаги ҳирсни аниқлаб, ғаши келганча лабларини тишлаб олганди. Рақс тугаб ниҳоясига етди. Чапаклар чалинди.
Фатма Қалдирғочга «ўйинда янада жозибали бўлиб кетаркансиз», деб бўйнига осилди. Йигит тиззасига чўкиб, бошини эгиб турарди. Сўнгра зиёфат яна давом этди. Винолар ичилди. Уй эгаси ва кекса раққос ашула бошлаб юборишди. Кавказда хорал деб аталувчи, мусиқа жўрлигисиз айтиладиган хонишлар. Бири пасайганда бошқаси улаб, тўлдириб чўзади. Тостлар гапирилди. Кекса раққос:
– Санъат боши қаердан бошланганини билмайману, мен шарқ мусиқасини ҳурмат қиламан. У ниҳоятда халқчил. Оддий меҳнаткаш ишлаб турганида ҳам, отда кетаётганида ҳам айтиши мумкин. Дам олишда, ҳатто овқат пишириш жараёнида ҳам куйлайди, деганди, уй эгаси:
– Бизнинг қўшиқларчи, оммавийлиги ундан кам эмас, деб эътироз киритди.
Аёллар улар суҳбатига аралашишмади, ҳатто ҳар бир гапга гап қўшиб туриш лозим, деб фикрлайдиган Гулсина ҳам жим қотди. Демчур оғзидан таноби қочиб, ҳар икки аёлни, бирини олиб, бирини қўйиб мақташга тушди. Рақс санъатида нозик ҳаракатлар, муқом қилишлар баробарида кўргувчини нигоҳини ўзига тортадигани жисм аъзолари ҳам ҳаракатларда бўлади. Қадимдан бошлаб одамлар раққосага маҳлиёликни унинг қад-қомати ва рақс уйғунлигидаги қилпиллашларига қараб баҳолаган, «Қалдирғоч, бу борада сизга тенг келадигани йўқ экан», – деб унга ён босаётгани билиниб қолди.
Шунда янга Гуляни туртди:
− Демчур оғмачи экан-ку?
− Қўявер, биринчи мартамас, бошқа давраларда ҳам мен қолиб ўзга аёлларга хушомад қилишга ўтади. Лекин барибир чизган чизиғимдан нарига чиқмайди. Олдимга туш десам бас! − деди Гулсина беэътибор.
− Шунақами? У ҳолда мени катта хижолатдан қутқардинг, − деб илжайди Қалдирғоч.
Қалдирғоч, саҳарлаб, чанқаб уйғонди. Қоқилиб-суқилиб ўрнидан тураркан, столга яқинлаб графиндан стаканга сув қуйиб мириқиб ичди. Бироз ўзига келди. Аҳамият берса, қишлоқдамас, курортдаги хонасида бир ўзи. Гулсина йўқ. Ким уни олиб келган, ким хонасига қўйиб кетибди, билмайди. Ойнага кўз ташлаб, боши бироз хумлиги, сочлари паҳмоқ, кўз ости силқиган. Уларни, юзини, ёноқларини, лабини бирма-бир ушлаб кўрди. Ҳаммаси жойида. Фақат кўнгли беҳузурроқ. Ўшанга қорнини ушлаб кўрмоқчи бўлди. Қўлини тушириб гангиб қолди. Эгнида кийим йўқ, ҳисоб. Ҳайрон бўлди. Кийимлари қани? Ким уни бу ҳолга солди. Ҳа-я? Ҳамроҳлари икки қўлтиғидан олишиб, хонага киритиб юборишганча ўзлари гумдон бўлишди. Атрофга аланглади. Кираверишдаги диван устида устки кийимлари сочилиб ётибди. Ҳатто, сийнабанди кўринмайди. Уни қай ерга улоқтирди экан! Эгнида энсизгина матоҳ. Аммо бу ҳолатидан у заррача андишаланмади. Фақат, хаёли нохуш фикрдан қалқди. Ҳаётга қизиқиши сўнгандек, у романтик аёлдан прагматик жононга айланиб қолмаяпманми, деб ўйлади. Аммо, у кўнгил хижилини ёзмоқ учун майхўрликка ружу қўйишидан нохуш ишкалликлар келиб чиқиши мумкинлигини билмас, ёки билишни истамас, бу ҳол қачонгача давом этиши мумкинлигига истиғфорсиз, шўх, эркин ҳаёт оқими уни қаёққа бошлаб кетаётганига бефарқ бир жононга айланганди.
28. ЭР ДЕГАН ҲУШЁР БЎЛСИН ЭКАН
Аёлни ўзига оғдириб олиш мушкулми ё осон? Бу саволнинг жавоби жумбоқ. У циркдаги жонзотмас, тезда дрессировкалаш мумкин бўлса. Барча тирик мавжудотлар сарвари одам. Одамнинг узун сочлиси аёл. Уни ожиза деб билишади. Лекин у кучли. Хаёлан қудратли. Эҳтироси чексиз, муҳаббати ададсиз, сарҳадларни бир ҳатлашда ўтиб кетади. Ҳудудий чегара тортиш ёки қўрғонда сақлаш бефойда. У на ирқ танлайди, на миллат. У севги чўрисига камдан-кам айланади, кўпроқ маликасидир. Бу кўпроқ ҳақиқатга яқин. Қуддус шуни билар, ҳис қиларкан, зуғум, мажбурийлик ёки таҳдид билан эгалик қилиш унга ёт. Ихтиёрийлик, эркинлик чин муҳаббат, ошиқий лаҳзаларга тож кийдириб, уни безайдиган лаъл. Ошиқ йигит тахассубига хос…
Кураш Кавказда қадрли. Спортнинг миллий тури. Кўп халқларда аслида кураш бор. Ҳақиқий кавказлик винони, курашни ва аёлни жуда ҳурмат қилиб қўяди. Татами спортчи учун ҳам курашадиган, ҳам дам оладиган, ҳам чўзиладиган энг суйган жой. Қуддус яхши спортчи, кураш бўйича республика чемпиони бўлган. Ўзимас, бу даражага етиш. Оёғи ердан узилмаслигини хоҳлайди, чунки у полда думалаб-сумалаб катта бўлган. Машҳурликка етган тоғли қишлоқ фарзанди. Аммо ўта ориятли, аёлларни қадрини ҳимоячиси, ўзи уларнинг измисиз битта ортиқча қадам қўймайди…
Қалдирғочни ўз блокига олиб боришни иложи бўлмади. Сармастликдан, бир ёқда ўйинга тушиб чарчоқ босдими, оёқлари қовушмай, бир қадам ҳам боса олмай қолди. Бу кечадаги туғилган кун зиёфатида у ҳам барча қатори ўйин-кулгу, хурсандчиликка қўшилгани, бир оз шароб сунгани унинг бошқа қирраларини очиб юборди. Бир вақт, рақс учун ажратилган майдонда, сокин мусиқага кўпчилик жуфт бўлиб тушаётган паллада, у бир ўзи ҳеч кимни таклифини қабул қилмай, дунё халқлар рақсларига хос бўлган, бирининг нозик, бошқасининг шўх, учинчисидан ўктам элементларини бажариб, яна бу муқомларга ўзидан янги ҳаракатлар қўшиб, рақс экибаносини яратганди. Аввалига у давра тўридаги оркестр қошида аста жилва қилишни бошлади. Қўлларини тепага кўтариб, кейин боши узра чамбарак қилиб, бошини орқага ташлаб, бир-икки айланди. Сўнг гавдасини бор қисмига урғу берганча ликиллаб, сўнг талваса даражасидаги ўралиш, қийшайиб зикр қилишга ўхшаш ҳаракатларга ўтди. Ёнбошларига урғу бериб титратгани баробарида, танаси илондек тўлғониб ғайриоддий муқомлар столларда ўтирган меҳмонларни аста-секин унга эътибор беришга, бир-бирларини туртиб у томонга кўз тикишга мажбур қилди. Оркестр кўпчиликнинг нигоҳини ўзига қаратган жононни рақсини тезлатиш учунми, унинг шўх жилваларига мувофиқ келадиган бошқа шўхроқ мусиқага ўтиб, оҳанглар жарангини оширди. Бунга жавобан Қалдирғоч қўлларини ёнга ёзиб, бошини бироз орқага ташлабон давра бўйлаб илдамлар, орасида тўхтаб жазавага тушгандек бор вужудини қилпанглатарди. Баъзи одамлар ўрнидан туриб кетган куйи чапак чалишар, олқиш айтилган хитоблар янграр, худди улар ҳайқириғига жавобан, бошқа аъзолари, қўл, оёқларидан кўра кўкси мўлроқ селкиллаши, ҳатто катта ёшлардагиларнинг мудроқ ҳисларини уйғотиб, сирли, эҳтиросли назар ҳосил қилганди. Атрофдагилар шўх кулгу, қизиқиш билан баралла ҳайқиришга ўтди. Бир ўктам, овози дўриллаган кавказлик ҳатто: «Баракалла, мана буни ҳиссиётли аёл дейдилар, ғалаён қил, тўлқиндек жўш ур, бепоён уммон, сенга қоя топилгай мендек», деб бақирганда Қуддус унга зардали қараганди тинчиди…
Даврадаги эрларнинг маънодор боқишлари Қуддусга етиб борса-да, у, Қалдирғочни даврадан олиб чиқиб кетишга журъат тополмас, хафа қилиб қўйишдан чўчир, аёллар пичирлаб, барчани нигоҳини ўзига қаратган ханумга нисбатан баъзиларни ҳаваси келиб: қилиқлари ўзига ярашяпти ёки менга ҳам шундек эҳтиросни берсайди тангрим деса, бошқалари ғайирликда, Қуддусга эшитиладиган тарзда: «Ўзини бозорга солишини қара макиённи ёки патларини кўтариб, шох ташлаб жойида гир айланадиган тустовуққа қиёс, байтулмон», деб гап ташлаб қўярдилар.
Бир вақт Гулсина оро кириб, дугонасининг ёнига туриб олди. Қалдирғоч уни кўриб, Гулсина, о, менинг дугонам, деб елкаларига қўлини ташлаб, суянаркан, рақсини одош қилди. Одамлар бўшашиб жойларига чўкди.
Аммо ҳамон нигоҳлари ўртада, Қалдирғочга тикилган. У эса ҳолсиз танасини дугонасига суяб, бошини елкасидан олмасди. Шу пайт вальс мусиқаси янгради. Гуля имладими, Қуддус, беихтиёр уларга яқинлаб, янганинг белига қўл юбориб, давра бўйлаб айлантириш баробарида залнинг четига тортди. Шуни кутгандек, Қалдирғоч оёқларим оғрияпти деб нолиганди, Қуддус ҳушёрлик билан уни фойега бошлади. Қизил рангдаги баланд пошнали туфлисининг нафи, оёқлари чиндан толиққанди.
Озгина вақт ўтмай фойедаги диван суянчиғига бошини қўйиб ухлаб қолганига кўзи тушган Қуддуснинг миллатдош меҳмонлари: «ўзимиздан экан, шўхлик қилса оламни бузади, тинчида пашшадан ҳам беозор», деб кулишди. Қуддус боши қотган, нима қилишга ҳайрон эди. Гулсина яқинлаб, ундан хонасини калитини сўради.
Шод-хуррамлик, шўх давра, ўйин-кулги ҳаммага ёқишини Қуддус биларди. Лекин жуда масъума кўринган танлаганини қилиқлари, стриптизга яқин ўйноқи рақси, ўзини эркин, тантиқ тутишлари эриш туюлиб, Қуддус ўйчан аҳволга тушди. Уни кираверишдаги диванга, кўча кийимига тегмай, ётқизишди. Гулсина туфлисини ечаркан, «қойил дугонажон, бугун ҳаммани лол қолдирдинг. Тасанно сенга», деди. Бироқ бу гаплари Қалдирғочга етиб бормас, у энди қотиб ухлашга навбат берганди. Ташқарига чиқиб, залга қайтаётганида Қуддус калитни қўлига олиб, сўради.
− Калдиргач яхшими. Соғлиғи…
− Винодан кўпроқ тотиган, у эса аста оёқдан олади, мияни ҳам… Ўлай агар, бунақа ичкиликни кўтара олмаслигини билмасдим, − деб Гулсина ўзини оқлади.
− Ҳечқиси йўқ! Парвога арзимайди.
− Ҳимм.
− Яхши, вақтида ёнига бордингиз. Йўқса…
− Дугонамга қойил қолгандирсиз.
− Ҳеч кутмагандим, бундай раққосалигини. Ҳайронман нима дейишга.
− Нима ёки Раданинг ўйинини қайтаргани сизга ёқмадими?
− Рада дейсизми. У ким? – деди Қуддус.
Унинг хаёли ўзида эмас, Қалдирғочнинг бу қилиғини тезда ҳазм қилишга унча тайёр эмаслиги сезилиб турарди.
− Лотянунинг лўлилар ҳақидаги фильми-чи! Радани айтаяпман. Светлана Тома ўйнаган.
− Ҳимм.
− Баъзи жойлари айниқса қизиқ, сийнасини селкиллатиб ўйнаш саҳнаси бор. Эсингизга тушдими?
Нега бунақа батафсиллик. Бу кинони бутун Иттифоқ кўрган. Дам олиш уйида одамлар вестерн кўргандек, гала-гала бўлиб томоша залига киришарди. Ёш пайти ўзи ҳам бир неча марта танишлари билан ўша жойи келганда энтикиб ўтиришган. Лўли аёлларининг кўксини қимирлатиб рақс тушиши одат, таомил. Нима қипти. Раданинг қаватма-қават кийган куйлакларини ечиш лавҳаси чўзиб кўрсатилган, сўнг бу саҳнада кўкрак ила муқом қилиш, яланғоч ҳолатда намоён қилинганида, томоша залида доимо қий-чув, хурсандчилик, кулгу бўлиб кетарди. Дўстларининг ҳислари тошиб бақириб-чақиришгани, мусаллас тортиб думалаб ҳам қолишгани ёдида, ўзи нечтасини судраб уйига олиб кетган. Ҳа, энди ҳақиқий йигит, бемалол кўрадиган фильм. Нима бўпти! Шу билан дугонаси нима демоқчи? Кўриб қўй, мен ундан кўра ўзимни ушлаб юришни қойиллатаман демоқчими? Юзида заррача ҳам қизиллик йўқ. Совуқ аёл! Қалдирғоч қандоқки! Унинг тукига ҳам арзимайди минг тиришса ҳам.
Қуддус аста жавоб қилди.
− Ўтиб кетади.
− Лекин, кайф қилиши ҳам зарарсиз, тўғрими ёки сизга даврадаги қилиқлари, рақси ёқмадими?
У дугонаси учун узр сўрабми ёки камситиш учунми яна рақс сўзини қистирди.
Қуддус бу иддаонинг мағзига эътибор бермай, «мен танлаган аёл худди шундай бўлиши керак», дегандек унга маъноли қараб, бу илмоқли гапга эътиборсиз, дуч келган биринчи столга ўтириб, жиянини чақирди: Амиран, винодан борми?
Амиран уни эшитиб бошини силкиб, бор дегандек, ишора қилдию, лекин олдига югуриб келмади. Ўз иши билан овора, меҳмонлардан хабар оларди.
Яна бир соатдан кейин ҳамма тарқаб бўлди. Энг қизиғи, Гулсина Қуддусга зиёфат учун ташаккур билдирганча, «Қалдирғоч сизга омонат, мен тунги клубга бирров бориб келаман», деганча ундан узоқлашди.
Охирги меҳмонини кузатиб, Қуддус ўрнидан туриб, территорияни айланиб келаман деб залдан чиқиш тарафга йўл олди. Эшикни очиб, кўздан йўқолгунча кутиб турган ходима гап отди: хўжайинни бояги сархуш қилиқлари ширин жувон жигаридан урганми? − деб гап ташлади.
− Шунақа бўлса керак, – жавоб қайтарди таниш официантка.
− Худонинг қудрати, жуда чиройли бўлмаса-да, ўзига тортадиган нимасидир бор. Яна хушбичим, келишган.
− Бир нави, шекилли, − деди иккинчиси мақтовни унча хушламай.
Икки официантка бири олиб бири қўйиб, Қуддус ва Қалдирғоч муносабатларига тўн бичиб, орасида зални йиғиштириб, идиш-товоқларни ювиб, залнинг остидаги, биринчи қаватдаги хоналарига йўл олишганда алламаҳал бўлган, Амиран сал олдинроқ кўринмай қолганди.
Лекин Қалдирғоч диванда қовушмади. Уйида катта кароват. Гоҳида, шунақа махмур пайтлари, беҳаловат ётади. Уйқусини тайини бўлмай, тўшакни у томонидан бу томонига ағнагани ағнаган. Акобирни ҳам тинч қўймай: уни тепиб чиқиши мумкин, ёки қулочкашлаб қўлини елкасига ташлайди, жаҳд билан бўйнига ёпишади, ё устини очиб ташлайверадими, хуллас, эрталабгача эрининг ҳам уйқусини ҳаром қилади.
Бу кеча ҳаракати чекланиб, қисилди. Диванга сиғмади. Навбатдаги ағнашида, бир ёғи осилиб, ўзи ҳам диван четидан сирғалиб полосга ўтириб қолди.
Гулсинага инсоф берганми, бир вақт хабар олгани келди, хонага кирса шу аҳвол. Навбатчини чақириб ўтирмади. Қўллари беихтиёр унга чўзилди. Янга, нима учун кўтариб олишганини англамай, ҳамон қотиб ухлар, дугонаси уни бошқа хонадаги каравотга ётқизиши билан, беҳаловатлиги яна намоён, аввал ёнбошига, сўнг юзтубан ўгирилиб чўзилди. Қурбақадек бир оёғи тиззасини қайириб олди. Қўлларини ёстиқ устига ёзиб кўрди, бир боши остига тиқди, четдан кузатиб турган одамга, бу ҳаракатлар кичкина бола хархашасига ўхшаса-да, қандайдир озорсиз қилиқлар касб этарди. Ҳар ҳолда дугонаси шундай ўйлади. У бирпас қараб тураркан, унинг елкаларига ёйилган сочларини қуюқлигини энди кўраётгандек тикилди. Улар шунчалик кўп эдики, остида қолган юза кўринмас, то белигача танасини қоплаганди, ҳисоб. Биров бу дугонаси Қалдирғоч эканлигини айтмаса, чалқанча ётишидан англаш қийин. Фақат, ингичка текис оёқларига узвий уланиб сал туртиб чиққан ёнбошлари, пуштиранг куйлаклари остидан билиниб, уни сотиб қўяркан. Нима қилсам экан: ечинтирайми ёки уйқуси бузиладими, либосларида ётаверсинми? – деб Гулсина ўйлаганча, бошини қашиб бир зум турдию, сўнг, уйқу хумори тутиб, нариги хонага чиқиб, диванга чўзилди…
Вино чанқатмасди шекилли, нега сув ичкиси келяпти. Бироз вақт ўтди.
Қалдирғочнинг эсига ойисига берган ваъдаси негадир келмасди. Ўнинчи синфни битирув кечасида шунга яқин воқеа бўлган. Қалдирғочни мактаб орқасидаги томорқанинг лаборатория хонасидан, саҳарга яқин ойиси ва укаси топишди. Қиз ўзи билан нима бўлганини ҳеч эслай олмади. Ҳатто, ким уни буёққа судрагани номаълум. Ойиси қўрқиб кетиб, хуши бошидан учган. Унга жиддий тажовуз қилинмагани маълум бўлгач, ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолмай, гап-сўз бўлди. Бировлар: рус забонлар синфида бирга ўқиган йигитларни иши деса, уларнинг ўрусидан тортиб немисигача, курдидан қозоққача, қрим татардан ўзбеккача Қалдирғочни яхши кўришар, жуда иззатини жойига қўйишарди. Аммо, қиз уларнинг ишқи, оҳ-воҳини эшитгиси келмагани, рад қилишлари жонларига тегиб, балки ақлини киргазиб қўйишни мақсад қилишган бўлсачи, деб фикр қиларди. Бошқалари ўзбек тилида дарс олиб бориладиган параллел синфдаги мактабнинг энг ёмон, урушқоқ, сўзи ўткир, иккита чапани сифатларини гумон қилишди. Аммо, адаси Москвадан келган замони бу шов-шувларни тинчитди. Хотинини койиди: «Қизингни обрўсини ўйламадингми? Бўлмаган ишга гап қўзғашни нима кераги бор. Қалдирғоч ёш. Унга ўткир ичимликлар ичишни ким қўйибти? Бундай ҳолатлар олдини олиш сенинг вазифангмасми?» – деганди. Қалдирғочга эса, узоқ насиҳат қилмади, фақат: «Қизим, шодлигу шўхликларни қариндош-уруғлар даврасида, яқин ишончли танишлар ичида қилса ярашади. Ўқишларга кирсанг, катта шаҳарлар домига олиб, яхши йўлга бошлаб, ёмон йўллардан қайтарадиган хўп ақлли одамларга дуч келасан. Ўшангача сабр қил. Ҳозир эса бор кучингни институтга тайёрланишга бағишла», дегани эсидан чиқмайди. Ойиси эса, сал жаҳлда: бу савилни қайта ичма қизим, сен кўтара олмас экансан деса, Қалдирғоч: хўп, ойи, деб ваъда берганди. Бу берган сўзини унутиб қўйганига эса қанча бўлди. Сармастлик жозибаси некбинликка йўл ─ саробдан дарак эканлигини ҳали у ҳис қилмасди.
− Сув беринг!
У чилпарчин ҳолатда, юзтубан тўшакка михланиб ётар, бурчакда ёқиқ қолган торшер ёруғи, яланғоч елкаларидан тортиб, туққач эт олдириб тортилган гавдасининг бел қисмидан то болдирларигача тушаркан, махмур аёлни ҳолатини айблаётгандек бу нур ортиқча жилваланмасди.
− Биров борми? − деди Қалдирғоч сўлиш билан.
Кейин бошини кўтариб, столдаги Боржоми суви ва стаканга кўзи тушди. Қўлини чўзиб бутилкани излаб топди, стаканга жилдиратиб қуйиб, зўрға бошини кўтарган янга бир-икки ҳўпламоқчи эди, сув оқиб тўшакка чаккилади.
Қанчадир муддат ўтди.
Тиниқиб уйғонди. У аввал кўзини секин очиб атрофга кўз ташлади. Эндигина тонг отяпти. Ҳали хира-шира. Деразадан денгиз қорайиб кўринади. Тоғдаги уккам-дуккам дарахтлар рангини ажратиш қийин. Хона нимхуш, димоққа салқинроқ ҳаво уриладиган палла. Шипнинг оқлиги сутрангга кирган. Деворлардаги лимон тусдаги обойлар. Сўнг бир-икки керишди. Яна кўзларини юмгиси келди. Лекин, кейинги дақиқадаёқ, у кўзларини катта очишга мажбур бўлди. Чунки нариги хонаданми, йўлакданми, ғўнғиллаган товушлар келарди. Қулоқ солса, эҳтиёт бўл, бу билан ҳазиллашма, деган таниш овозни фаҳмладию, эгнига бирор нарса ташлаб олиш учун атрофга аланглади. Илгакдан қўли тутамланган биринчи кийимни эгнига илиб, пала-партиш тугмаларини қадаб, яланг оёқ у ёққа шошди.
Нариги хонада Акобир қўлидаги пичоқни силкитиб, жаҳд билан Қуддусга ташланар, у ўзини бир ўнгга, бир сўлга олиб ҳимояланар, лекин, пичоқ унинг чап биқинига тегиб, яралашга улгурганди.
Қуддус туни билан йўлакдаги диванда чўзилиб чиқди. Тонгга яқин уни Гулсина уйғотиб, мен ўз хонамга борай, уйқуга тўймадим, деб кетди.
Қуддус йўлакда узоқ вақт сигарет тутатиб ўтирди. Яхши хаёллар орзусида, керакли ишни қилаётган посбондек хушнуд кайфиятда эди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.