Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 34 (всего у книги 34 страниц)
− Ақлингни йиғ, эй қиз!
− Унинг саховату марҳаматлари ва асосийси, қиз боланинг дилини топиб гаплашишу, кузатиб қўйишлари менга эриш туюлиб, ёқтириб қолдим, − деди қиз. Аммо унинг овозида алам борлиги сезилиб турарди.
− Сен ўзи хаёлпараст эдинг. Равшан билан хиёбонларга борганларинг ёдингдан чиқдими? Ўйлаб иш қил, эсингни йиғ.
− Билмадим. Мен ўзимни шамолларга топширган баргдек, япроқдекман. Нима бўлса бўлар? – деди Эъзоза ўзини бепарво тутиб.
− Вой аҳмоққина қиз. Вой, тентак! – шундай дея амма Эъзозани бағрига босиб, сочларини силаркан: − Сени жин чалган, эртагаёқ домлага бориб, ўқитиб юбориш керак, − деди.
Хуршида бошида шундан бошқа ғалва ҳам кам эмасди.
Равшан тўнини тескари кийиб олган, аммаси билан ҳам аввалдака очилиб, сочилиб гаплашмайди. Эъзозани қўлга олишга-ку на қурби, на меҳри етмай ҳайрон. Қандай ўзини тутиши лозим, қачон гапириши, нимадан сўзлаши, худди мактабга, биринчи синфга илк марта борган бола каби, ўзига ёрга қилинадиган муносабат тарзида муомала қилишларини талаб этаётган Эъзоза қошида талмовсираб қолганини амма аллақачон англаган. Унга қандай ёрдам берсам экан деса, қиз жияни ундан ошиб тушаяпти. Қизиқ-да! Фақат уй-ўқиш манзили бўйича тўрт йил қатнаган қиз, манзилини амалиёт объектига – республика болалар касалхонасига қадам ранжида қилдию, тез кунда оддий, самимий муносабатларга кўниккан қиздан ноз, назокат, виқорни қурол қилиб олган гўзалга айланди.
Ошиқларини сийлашлари, қўлда кўтариб юргудек эътиборлари ўз ишини қилди. Фавқулодда қизлик ғурури исён қилиб, Равшанни шу ҳолини менсимасликка ўтди.
Ана масала қаерда? Оловиддин Қалдирғочга қараса, у эса эридан бирор тадбир чиқишига илҳақ кўз ташлайди. Ўртада амма бижиллаб туради. Сизларга нима дегандим, иссиғида, ҳали кўпни кўрмай, ўқиши битиши билан жуфтлаш лозим эди, деб жаврагани жавраган.
Бой, ўзига тўкис оила, хусусий клиникалари бор, аждодлари билан табиб, шифокор оиладан иккинчи марта совчи келганини эшитиб, Қалдирғочга қараб, аммаси бадтар ёнган юрагини куйдиради:
− Энди нима қиламиз? Сиз Эъзозага она ўрнидасиз. Фикрингизни айтинг!
Қалдирғоч бу саволга тайёр эмас. Бошини эгиб, билмасам деди.
− Демак, қизни четга узатишга розисиз?
− Қарши бўлсам, биров менга қулоқ солармиди, бечора ўғлим, − деб кўзига ёш олди.
− Бўлмаса, бўшашмай, ҳалиям отни қамчилаш лозим эди, − деб амма, чойни хўриллатиб ичишга тушди.
Озгина вақт ўтди.
Амма ўйчан, Оловиддин бошини қашиб ўтирар, ҳеч ким чурқ этмас, орасида янга пиқиллаб қўярди.
− Ёшлар ўзи қаерда?
Амма сукунатни бузиб, гап бошлади.
− Ўз хоналарида. Ё чақирайми? − деб, янга нимадандир умидвор жавоб берди.
– Ҳозир бир иш қиламиз, деб амма улар томонга сурилиб, режасини пичирлаб айтди. Барчанинг юзида енгил жилмайиш пайдо бўлди.
− Хўш, яхши фикрми?
− Опа, сизни билганингиз билган. Фақат, савдони ўзингиз пишитасиз, − деди Оловиддин.
− Хўп. Ҳозироқ боплайман.
Амма ўғил жиянини чақирди. У хонасидан бироз хаёллаб, чиқди. Рўпарўсига борган аммаси, уни четга олиб тушунтирди. Равшан, нуқул “Вой, амма қўйинг, менга керакмас” дер, “Аданг ваъда қилиб қўйган, сўзи ерда қолмасин”, деб аммаси зўрларкан, у адасига мурожаат қилди: шу тўғрими? Адаси жиддий қиёфага кириб, ҳа дегандек бош силкиди.
Равшан истар-истамай хонасига кириб, кўча кийимида пайдо бўлди. Зўрға қадам босаркан, аммаси тезлатди: шалпилламай бор. Тез-тез юр. Қиз кутиб қолади.
У кетди.
Бироз ўтмай, амма Эъзозани телефонга чақириб, аданг ва ойингга маъқул кўрган совчилар томонидан бир йигит билан учрашувга чиқмасанг бўлмайди-чи, бўлмайди, деб бир неча бор қайтарди. Сўнгра, ҳа қаерга дейсанми, ярим соатлардан кейин Ўрдага бор. Ҳа, шундоқ кўприк устида учрашамиз. Тушунарлими?
Кейин, амма у томондан келаётган овозни ортиқча эшитмаёқ, яна сайраб кетди. Ким сенга алламбало кийимларда бор деяпти. Ё ёққинг келаяптими? Йўқ, дейсанми? Шундоқ бўлгач, ўша кўча кийиминг сипогина, етарли. Ҳа, ҳа. Тўғри айтасан. Золушкани ҳам қалби учун севишган, ҳусни учунмас. Бўлди, гапни кўпайтирма. Акром аканг эшитса хафа бўлади. Сен уйдагилар сўзи билан чиқдим. Ноилож эдим, дейсан. Қўйиб берса бир бижиллашга тушасан-ки. Тақинчоқларингни олволайми? Майли, майли, сен айтгандек қиламан. Яхши, кўришгунча, кеч қолмай бор.
Амма, тўрдагиларга қараб кўзини қисди. Иш битди. Мен ҳам тура қолай. Вақтлироқ бориб бошини ўзим қовуштирмасам, амма отимни бошқа қўяман.
Қалдирғоч хайрлашиб, эшикда қолган бўлса, Оловиддин кузатгани чиқди. Машинага солиб, опасининг қўлига пул қистирди.
Ўрда бўйида ногоҳон бир-бирларига кўзи тушган ёшлар аммалари найрангидан доғда қолишганини англаб, жаҳллари қўзғалди.
Атрофда ҳеч ким йўқ, аммалари ҳам улардан узоқлашишга улгурган, улар индамай боришар, Эъзоза шунда ҳам Акром акаси уларни кузатиб тургандек, икки қадамча олдинроқ борар, Равшан қўли унга тегиб кетмаслигини эҳтиётини қилиб, ора-чора ортига қараб қўярди.
– Эъзоза, мен сени ҳеч кимга, ҳеч қачон бермайман. Буни у қулоғинг ва бу қулоғинг билан эшитиб ол.
Қиз Равшандан шундай гапни кутарди.
Йигит эса каловланиб керакли сўзларни топа олмасди.
Озгина вақт ўтди.
Ниҳоят Равшан, димоғида минғирлаб муҳаббатини жуда оддий изҳорини бошлаганди, Эъзоза жаҳл билан нари сурилди. Ёнларидан ўтаётган бўш такси машинасини кўриб қўлини кўтарди. Машина “ғийқ” этиб тўхтади. Эъзоза шартта орқа эшикни очди, ўтириб олди ва орқасига ҳам қарамай “ҳайданг”, деди.
Ҳайдовчи бир зумгина ланг қотдию, сўнг сўраб ўтирмаёқ тўғрига машинасини сурди.
Равшанни сўзлари бўғзида қолди.
Бу вақт ромли айвонда Хуршида опа Қалдирғочга қараб гап уқтирарди:
− Ҳаётда итоаткор ва бировнинг маслаҳатига вақтида юриш қанчалик фойдали-а. Мана менга қулоқ тутиб бу уйга ўзингиз, ўғлингиз келганди, ҳар иккалангизни ҳам бахтингиз кулди. Сизга қанот эр, ўғлингизга гулдек қиз насиб.
Қалдирғоч, эса кемтик тақдирли янгадан тўкис аёлга айлангани, ўғлининг камолини, яқинда тўйини кўриш насиб қилишидан масрур, буларга сабаб қаршисида, тўрда ўтирган ўша ҳашарчи оддий йигит эканлигини англаб, унга ора-чора кўз қирини ташларкан, хаёлига бевақт ўлиб кетган дўсти келиб, кўзида йиғи ёшлари мўлтилларди.
Улар ҳали Эъзозанинг тўнини терс кийганидан бехабар эдилар.
Тамом
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.